ҲАЁТ ШАМЪИ
Неча йиллар Анварнинг кўнглини машғул эткан бир муаммо ниҳоят орзуға мувофиқ ҳал қилинғандек, яъни шубҳа ичида қизарған муҳаббат ғунчаси висол хабари билан очилаёзғандев ва қуруқ томоша билан кечкан унинг ой, йиллари бу кун Раъно гулини искаш башоратига ноил бўлғандек эди. Дарҳақиқат, бунча йиллардан бери махдумнинг эшигида қолиши, опаси Нодиранинг: “Мен сени онамнинг уйига чароғчи бўларсан, деб сўйинган эдим. Ўз истиқболинг учун қайғирмай, бир кишини семиртириб юришинг ақлли йигитнинг иши эмас, Анвар” каби таъналарига бўйин эгиши ва ҳатто шу уйдан силжимаслик фикрида ўзи тиламаган вазифаларга ҳам уриниши яна шу башоратни олиш учун эмасмиди?
Истиқбол сўзини ҳар ким ҳар турлик тушунадир. Анвар ўз истиқболини ёлғиз муҳаббат орқалиқ кўрар эди. Ота-онанинг чароғини ёқиш учун аввало ўзига бир шамъи ҳаёт топмоқчи ва ўзи шамъсиз туриб ота-онаға чароғ ёқишни асло тасаввур қилолмас, яъни истиқбол Анварнинг фарди ҳаётида1 ёлғиз муҳаббат эди.
Йигитлар ўз истиқболлари қайғусида янги бино, янги рўзғор тузийдирлар ва ҳатто дунёда
1 Шахсий ҳаёт
52


хаёлий ҳам бўлмаған рафиқалари учун кийим тикдирадирлар... Анвар эрса аввало Раъно каби бир рафиқаға эга бўлмоқчи ва шу воситада бошқа масалаларга қарамоқчи эди.
Анвар Султонали мирзога бояғи ваъдани бериб, бу хабар билан юраги шопиринған ҳолда уйга келди. Меҳмонхонада ўзини кутиб ўлтурганлар билан нари-бери ишни битириб, ичкари кирди. Унинг бу кириши ҳар кундагидек киши билмас, тасодуфий эмас, Раънони кўришдан бошқа яна маълум бир маънони Раънодан ўқуш учун эди.
Раъно айвоннинг устунига суяниб китор ўқур, Нигор ойим ўчоқ бошида овқат пишириш билан машғул эди. Раъно ўзига қараб келгучи Анварга ер остидан кулимсиб олғач, бир оз кўриниб турған оёқ учларини сариғ атлас кўйлаги билан яширди, атлас кўйлакни яхшиғина туртиб турған сирлик кўкраги устига ён ўрим сочларини олиб ташлади. Анвар яқинлашғач, секингина китобдан кўзини олиб, “ҳорманг” деди, яна китобка юз ўгирди. Анвар келди ва унинг қўлидағи китобка қаради.
— Умар Хайём, — деди ва Раънонинг қаршисиға, ҳавлига оёғ солинтириб ўлтурди. – Қани, ўқу-чи эшитайлик.
Раъно китобни секингина ёпиб, Анвага узатди:
— Сиз ўқунг, мен эшитай.
— Ўзинг ўқи, бахилсан-да.
— Мен тўғри ўқий олмасам, тунови кунгидек куласиз... — Жўрттага хато ўқуб, ўзинг кулдирдинг... Ўқи, Раъно. Раъно китобни ерга қўйди:
— Мен ўқиб зерикдим...
— Маним учун ўқиб бер, деяпман.
Раъно йўлакка ишорат қилди:
— Дадам келиб қолади.
— Қаёқдан бу қадар уятчан бўлиб қолдинг?
Раъно табассум билан жавоб берди ва унда бир оз қизариниш белгиси бор эди. Анвар бу
ҳолдан бир нарса сезгандек, сўзни бошқаға бурди:
— Кун иссиқми, терлабсан, Раъно?
Раъно бурни устидаги билинар-билинмас марварид резаларини рўймоли билан артди.
— Терлашим иссиқдан эмас, — деди кулимсираб Раъно, — бошқа нарсадан...
— Нимадан, қани?
Раъно бир оз эски кулавич ва мунаққидлик ҳолатига кирди:
— Сиз беклашканингиздан бери... сизни кўрсам уяладирған бўлиб қолибман. Терлашим ҳам
сиздан уялғанимға...
— Кесатуқ ҳунаринг эсингдан чиқдими, деб турған эдим. Ҳар начук ёдингда экан. Тағин,
хўш?
— Хон жанобнинг муншийлар муншийси бўлған бир йигитнинг салобати борлиғини ким
инкор этсин. Албатта, бу тўғрида канизингизга ҳақ берарсиз деб ўйлайман.
— Хўб, ҳақ бердик, — деди кулиб Анвар ва ўрнидан турди. – Башарти, канизимиз
уялмасалар, бизнинг ҳам бир амримиз бор: амр қилсақ уялмасмикинлар?
— Амрингизга маҳжуби инқиёд1 этишка канизингиз ҳозир.
— Канизларнинг ўз хўжалари билан ўлтуриб муомала қилишлари мумкинми? Амрга инқиёд
этишдан илгари шу тўғрида жавоб берсангиз...
Раъно ирғиб ўрнидан турди, гўё канизлардек, икки қўли ёнида ва боши кўксида афу сўради: — Инсон муштақ ас нисёнаст2... Канизи бетамиз ҳамиша афу атоға лойиқдир, чунки
1 Яширинча бўйсуниш
2 Фаромушхотирлик айрим пайтларда инсон учун хос хусусиятдир
53


зархарид1 хўжасиға содиқдир.
Анвар, очиқ ва ўюн-кулгини бир дақиқа ҳам қўйиб туролмаған парининг санъаткор шу
вазиятига кулимсираган кўйи анча қараб турди, ҳам ўзининг хўжалиқ рўлини бузмай:
— Мен суфада бўламан, фурсат топиб ёнимға чиқ, сенга айтадирған махфуй бир сўзим бор,
— деди.
Раъно канизлар каби бош букиб “ҳозирман” ишорасини берди ва табассумга мойил жоду
кўзлари билан Анварга оҳиста бош кўтариб қаради... Анвар ўзини завқ ҳам кулгидан тўхтатолмаған ҳолда ташқариға бурулиб жўнад. Ўчоқ бошида машғул Нигор ойим ҳам қизининг кейинги ҳаракатидан кулиб, Анварга қаради. Лекин, Раъно билан Анварнинг доимий шунингдек ўюнлариға тушуниб қолғани учун бу тўғрида гап айлантирмади:
— Ошим пишиб қолди, Анвар, — деди ўчоқ бошидан кулимсиб, суфада бўласизми?
— Бўламан.
— Отангиз аср намозидан чиқиб, бир жойға бориб келаман, дега эдилар. Сизнинг
ошингизни сузуб чиқара берайми? — Майли.
— Ташқарида болалар кўринса айтиб юборингиз-чи!
— Хўб.
Анвар махдумнинг қаёққа бориб келишини ўйлаған ҳолда ташқариға чиқди.
Шомдан бир оз эртароқ эди. Енгилча бир шамол суфа атрофидаги гулларни эринибкина
қимирлатар ва бу қимирлатишдан райҳонларнинг ўткур иси ўқтин-ўқтин димоғқа келиб уринарди. Ўн икки-ўн уч кунлик ой кўкнинг шарқи-жануби қисмидан туссизгина бўлиб кўтарилиб келмакда, қуёш ботқан сайин унинг чеҳраси ҳар замон очилиб бормоқда эди. Шаҳар подаси қайтиб, теваракдан сигир ва бузоқларнинг ма-а-а-му-у-у-лари, қўзичоқ ва қўйларнинг ба-а-а-бу-у-у-лари эшитилиб турар эди.
Анвар суфада ўрда юмишларидан баъзисини таҳрир қилиш билан машғул экан, ичкаридан Раъно чиқиб келд. Гўё Анвар Раънонинг келишидан хабарсизча ўз ишига қаттиғ берилган эди. Раъно оҳистағина Анварнинг ёниға келиб, суфага суянди, икки қўли билан иягини кўтариб, оралиқдан Анварнинг таҳририга қаради. Анвар ҳам мулойимғини кулимсиб Раънога кўз қирини ташлаб олғач, гўё илтифотсиз яна қаламини қоралаб, қоғоз устига бир-икки калима ёзди. Аммо учунчи калимага ўтканда қалами қўлида ўйланиб қолди ва бояғидек ёнидағиға кулимсиб қаради. Раънонинг ҳам кўзи унга тўқнашиб бир оз бир-бирларига кулимсираган ҳолда тикилишдилар...
— Нега тўхтадингиз, ёза беринг.
— Сенинг қилған ишинг доим шундай, Раъно.
— Масалан?
— Масалан... Ҳамиша иш чоғида келиб, фикрни бўласан.
— Мен ораға сўз аралаштирдимми?.. Ёза беринг, мен шундай қараб тураман. Анвар Раънога ўнгланиб ўлтурди:
— Фойдаси йўқ, энди фикрни ўғирладинг.
— Мен фикр ўғриси эмасман... Қани ёзинг.
Анвар қўлидағи ёзилған қоғозни қўйиб, иккинчи оқ қоғоз олди:
— Энди бошқа нарса ёзаман?
— Майли ёзинг.
— Сен ҳам жавоб ёзасан, хўбми?
— Хўб.
— Тунови кундагидек жавоб тополмасанг нима қилай?
1 Қул
54


— Раъно суфага оёғ солинтириб ўлтуриб олди.
— Юзимга бир шапалоқ уринг, лекин сажъ қофияси осон бўлиш шарти билан.
— Маъқул, — деб кулди Анвар ва Раънога қараған ҳолда ўйланди. Бу ўйланишдан Раъно
қошларини чимириб эътироз этди:
— Кўб ўйламанг.
Анвар жавоб бериш ўрниға қаламини қоралаб ёзди:
Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси, Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг “Раъно”си.
Анварнинг қаламидан қоғозга тушиб борған сўзларни таъқиб эткан Раъно, қоғоздан кўзини олиб қизарди ва бош чайқаб тескарига қаради.
— Қани жавоб, Раъно?
Раъно шу кўйи бир оз Анварга қарамай турди ва қайрилиб унинг қўлидан қалам-қоғозни олди-да:
— Уят қилмайсизми? – деб сўради.
— Маним ёзғанимни сен уят қилмасанг, мен ҳам сенинг ёзғанингни уят қилмайман. Лекин шарт шуку, маним икки йўлимға айни жавоб бўлсин.
Раъно яна бир оз ўйланиб, Анвардан яширинча ёзди:
Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин,
Не бахт, Раъно харидоринг талаб аҳлининг “Мирзо”си.
Раъно ёзувни Анварнинг олдиға ташлаб, қизарған ва кулимсираган ҳолатда чопиб гуллар ёниға кетди. Анвар жавобни ўқуб завқланди:
— Офарин, Раъно, лекин биравнинг устидан ортиқчароқ муболаға қилибсан.
Раъно гуллар ёнидан Анварга жиддий қаради:
— Сиз ҳам муболаға қилған эдингиз.
— Маники муболаға эмас, — деди Анвар, — масалан, сен ҳозир гуллар ёнидасан, ҳам
чиндан-да, гулларнинг раъносисан... Мана, мен яна ёза бошладим; жавобға ҳозирлан, Раъно. Раъно югуриб Анварнинг ёниға келди ва унинг қаламидан томған сўзларни ўқуб борди:
Ҳамиша хавфда кўнглим бу муҳаббат интихосидин, Мени ҳам этмаса мажнун дебон Раънонинг савдоси.
Раъно кейинги мисраъни ўқуб ўйланиб қолди. Анвар ҳозирги Раънонинг ўйчан кўзига анчагина тикилиб турғач, кулимсиди:
— Жавоби қийин келдими, Раъно?
— Қаламни беринг, — деди Раъно ўпкалаган қиёфатда қўл узатиб, — ўйлағали ҳам фурсат бермайсиз.
Ёзди:
Муҳаббат жомидин нўш айлаган1 аҳли зако бўлмиш, Фунуни тибда мажнундир кишининг куйса сафроси.
— Енгдинг, раъно, енгдинг, — деди Анвар, — лекин кейинги мисраъда бир хато қилдинг... — Масалан?
— Тибнинг айтишича, сафро эмас, қон куйса, киши жинни бўладир...
1 Ичмоқ
55


— Қоннинг бузулишиға аввало сафронинг куйиши керак, сафро куймай туриб қон бузулмайдир... Хўш, яна ёзасизми ёки енгилдингизми?
— Енгилдим...
— Енгилган бўлсангиз, ютуғимни беринг.
Анвар юзини тутиб берди. Раъно бўшқина унинг юзига уриб қўйди.
— Агар шу гал ҳам енгсам, — деди Анвар ачиниб, — мен сени уруб ўлтурмас эдим...
— Нима қилар эдингиз?
— Энди фойдаси йўқ.
— Айтинг-да, агар менга ҳам маъқул бўлса, урғаним ҳисоб эмас, бўшқина урдим-ку.
— Лекин сен уни қилолмайсан...
— Нега қилолмайман, қани айтинг-чи.
— Қилолмайсан... — деб кулди ва бир оз айтишка кучланиб турди. – Мен... мен сенинг
юзингга қўлим билан эмас, оғзим билан урар эдим...
Раъно қизариб ерга қаради. Юзга оғиз билан уришни ул ўз умрида биринч мартаба
эшитканлиги учун қизаришқа ва ерга қарашға ҳақли ҳам эди. Ўзининг ёзған муҳаббатка оид шеърлари ва Анварга берган ҳалигидек жавоблари билан чин бир маҳбуба ва маъшуқа бўлиб кўринса ҳам, лекин кейинги гапларга ҳануз ошна эмас ва юзга оғиз билан уришлардан тамом бегона эди. Бу гап Анварнинг ҳам биринчи жасорати бўлиб, иккиси-да шу “янгилик”нинг ўнгғайсизлиғида қолдилар.
Гумбази нилигун қандилида1 шамъи кофурий2лар ёқила бошлаған эди. Ой ҳам бир оз нурланиб, турмушка янги қадам босқан бу икки ёшнинн ҳозирги ҳолларидан кулимсигандек кўринар эди. Бояғидан бир мунча кучаятушкан шамол гулни гулга қувиштириб, гўё бу икки ёшға: “Сиз ҳам ман шу гуллар каби қовишинг” дегандек бўлар эди. Ўнгғайсизлиқда қолған Раъно хижолат аралаш Анварга кулимсиб бош кўтарди.
— Мен сизнинг “амрингизга” мувофиқ чиқған эдим.
— Амримга мувофиқми? – деди Анвар ва Раънонинг кўзига тўғри қараб илжайди: — Шомдан кейин.
— Нима шомдан кейин?
— “Амримга” мувофиқ чиқишинг.
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир мумкин эмас.
Раъно ўпка билан Анварга қаради ва туриб ичкарига жўнади.
26. НЕГА ЕРГА ҚАРАЙСАН, РАЪНО?
Кучлик шамол кўтарилиб, боқчадаги ҳар нарсани тўрт тарафка бука бошлади. Кўча чанглари кўкка кўтарилиб, ой ва юлдузлар нурини хирароқ бир ҳолға қўйдилар. Чигирткалар чириллаши, кеча ҳашаротларининг нағмаси кучлик шамол товши билан кесилди. Суфа устидаги сўри ҳар замон тўрт томонға чайқалиб, ўз остида ўлтурғучиларнинг бетларини гоҳ кўрсатиб, гоҳ яшириб, улар билан ўйнашқандек теваракка ҳусайни ғужумларини бир-икки бора узиб ташлади.
Анвар ўзидан нарироққа тушкан бир шингил узумни олиб еди ва бир-икки ғужумни ҳамроҳига узатти:
— Ма, Раъно...
— Мен емайман.
— Мен ҳам сенга егин демайман.
1 Осмон
2 Юлдуз
56


Раъно ўз ёнидағИ ғужумларни йиғиб, Анварга берди.
— Мана узум есангиз... Менда нима юмушингиз бор?
— Баракалла... Тўкилган узумларни йиғиб бер-чи менга.
Раъно яна бир нечта ғужумларни териб узатти.
— Қани, юмишингиз?
— Сенда нима юмишим бўлсин, Раъно. Ҳар кунги ўзинг билган гап... сўзлашиб
ўлтурармиз; узум тўкулса, менга териб берарсан, деб чақирған эдим.
— Дадам ҳуфтандан қайтиб қолади. Гапингиз бўлмаса, мен кетаман.
— Ҳуфтан ҳали ўқулған эмас, азон ҳозир айтилди. Башарти дадамиз ҳуфтанни ўқумай
келиб қолса, бунинг ҳийласи осон: даррав анави гулнинг тегига яширинамиз.
— Башарти дадам бизни қидириб гулнинг тегидан топса, нима қиламиз?
— Нима қилар эдик? Сен уйингга кетасан, мен бўлсам меҳмонхонаға.
— Иккавингиз гулнинг тегида нима қилиб ўлтурга эдингиз, деб сўраса, нима жавоб
берамиз?
— Ўзимиз ўлтурган эдик, деймиз.
— Нима учун, деса-чи?
— Қизингиз ўялғани учун, деймиз.
Раъно кулиб ўрнидан турди ва суфадаги кўзи илғаған ғужумларни териб Анварга берди:
— Хайр, юмишингиз бўлмаса мен кетдим, шамолдан қулоғим битти.
— Гапим бор, гапим, — деди Анвар, — кел, айтаман.
Раъно қайтиб келди.
— Айтинг.
— Ўлтур.
Раъно Анварнинг қаршисиға ўлтурди. Ўлтуриши билан кучлик шамол юриб бошидағИ
рўймолини учурди ва олиб бориб Анварнинг бетига ёпти.
— Ха-ха-ха, шамол сиздан ўчимни олди. Қани, гапуринг.
— Анвар рўймолни қисимиға олди.
— Ҳозир гапираман, лекин шартим бор.
— Айтинг шартингизни.
— Аччиғланмайсан.
— Хўб...
— Уялмайсан.
— Раъно масалаға тушунгандек ўйланиб қолди.
— Рўймолимни беринг.
— Рўймолинг учиб кетди... Шартимга кўндингми?
Раъно жавоб бермади. Анвар Раънонинг олачалпоқ кўлага ичида хаёлий бўлиб кўринган
юзига қаради. Унинг ҳаё ичида олийлиқ каст эткан жоду кўзи Анварнинг ҳозирги мақсадиға тушунганликни ифода қилар эди. Бирмунча вақт шу кўйи сўзсиз қолдилар. Шамол дам кўтарилиб, дам босилар эди. Шамол асноси гуллар ҳам келинлар каби ҳар томонға эгилишиб салом беришиб олар эдилар.
Анвар ўзини суфанинг қоронғу қисмиға олди. Раънога айтмакчи бўлған сўзи эҳтимол унинг ўзига ҳам ўнгғайсизлиқ берар эди.
— Туғилғандан сўнг ўсиш, ўскандан сўнг икав-икав бўлиб яшаш бор, — деди Анвар ва бир оз тўхталиб олди. – Жуфтлик ёлғиз кишилар орасидағина эмас, ер юзидаги ҳар бир махлуқда ҳам бор... Масалан, тоғлардағИ оҳулар, ўрмонлардағи тўтилар, чамандаги булбуллар ҳам ёлғиз эмас, жуфай яшайдирлар... Сенингча қандай, мен уни билмайман, аммо жуфтланишнинг, манимча энг муҳим бир шарти борким, ул ҳам икки тарафнинг муҳаббат занжири билан бир- бирларига қаттиғ боғланишларидир... Биз икав ёшлиқдан бирга яшаб келамиз, орамизда махфий
57


сирларимиз йўқ ва бизнинг ўз аро сирларимизга воқиф бўлған чет кишилар ҳам йўқ. Шунга биноан сен билан маним ҳар бир тўғрида ҳам очиқ сўзлашмагимизга ҳеч бир монеълиқ бўлмас, деб ўйлайман... Агар янглишмасам, иккимизнинг бир-биримизга муомалаларимиз самимий ва юракларимиз тепиши ҳамоҳангдир. Ёки янглиш сўзладимми, Раъно?
Раънонинг ерга қараған кўзи секингина Анварга кўтарилиб, яна ерга оғди. Анвар унга бир оз қараб турғач, сўзида давом этти:
— Сен эшитдингми, йўқми, билмадим, улар иккимизни жуфтлашдирмакчи бўлиб, бу кун мендан киши орқалиқ тўй вақтини белгилашни сўратқан эдилар, мен эртага жавоб бермакчи бўлдим... Сени бу ерда тутишим ҳам сен билан кенгашиб, эртага шунинг жавобини уларга айтишдир... Нега ерга қарайсан, Раъно?
Раъно бошини кўтариб кулимсиди ва юзини четка ўгирди...
— Сен уял, уялма, улар бизни жуфтлашдирарлар. Марҳума Моҳларбибининг фотиҳаси ерда қолмас. Агар сен шундай юра берайлик, десанг, мен ҳам уларга сенинг жавобингни айтаман... Гапир, Раъно.
— Юра берайлик, — деди Раъно юзини четка ўгирган ҳолда, — уларга нима оғирлиғи бор? Раънонинг бу сўзи Анварнинг устидаги юкни кўтариб ташлағандек бўлди.
— Иккимиздан бошқаға албатта оғирлиғи йўқ... Лекин, сен айтканча, қачонғача юра
берайлик? Уларга бир муҳлат кўрсатишимиз керак. Раъно. — Қариғунимизча...
— Қариғунимизча, деб муҳлат сўрайми?
— Улгунимизча...
Анвар кулди ва сурулиб Раънонинг ёниға келди. Гўё уни ўзига қаратмоқчи бўлғандек, елкасига қўл юборди...
— Менга қара, тўғри жавоб бер, Раъно.
Раъно қулоғи остиға теккан иссиғлиқдан чўчиб юзини ўнглаган эди, тасодуфан лаби ҳалиги иссиғлиққа учрашди... Иложсиз каби лабини иккинчи ҳароратлик лабдан ажратолмай, бир неча соний кутиб қолди. Кучлик шамол қўзғалған эди. Шамол, гўё кўмаклашкан каби орқадан эсиб, Раънони Анвар томонға майл этдирар эди. Терак орқасида қолған ой ҳам кучлик елнинг кўмагида терак бошидан буларга мўралаб олди. Икки ёшнинг ҳозирги ҳолини яқиндан томоша қилмоқчи бўлған туссиз бир юлдуз кўк саҳнининг ерга яқинроқ қисмиға учиб тушди...
— Жавоб бер, Раъно.
— Бу ҳолда мен жавоб бералмайман...
— Жавоб бермасанг, мен ҳам сени бўшатмайман.
— Дадам келиб қолади...
— Дадангдан бу кун жавоб олдим.
Раъно Анварнинг ияги остиға сўл чаккасини қўйиб четка қаради.
— Сиз хоҳлаған вақтда бўлсин.
— Менга қолса эртага...
— Майли...
Анвар ияги остидағи мулойимлашқан қизнинг юзидан ўпти ва унинг тўзғиған сочларини
тўғрилаб, ҳаётбахш кокилларнинг муаттар бўйини узоқ ҳидлади.
— Чин сўзла, мен сенинг раъйинг билан уларга жавоб айтмакчиман, Раъно.
— Кўкламга...
— Чинингми?
— Чиним.
— Хўб бўлғай. Мен эртага, тўйимиз кўкламга бўлсин деб жавоб айтаман... Ерлар кўк
гиламлар билан бежалганда, ҳар тарафни бинафша чечаклари босқанда, қушлар уя қайғусини чекканда биз ҳам тўй қилармиз; чимилдиқда бахт созини тинглаб, истиқбол куйини куйлармиз...
58


Шундайми, Раъно? — Шундай...
— Ундан сўнг маним оғушимда шунинг сингари даданг келиб қолишидан қўрқиб, киши қўлиға тушкан қуш боласидек типирчиламассан. Шу ҳуснинг, шу малоҳатинг ва шу латофатинг билан тамом меники бўларсан, шундайми?
Раъно жавоб бермай, Анварнинг оғушидан ўзини қутқариб ўрнидан турди. Суфанинг зинасига бориб кафсиҳни кийди ва Анварнинг қувлашидан қўрқиб, сапчиб ерга тушти...
— Жавоб айтиб кет, Раъно.
— Ҳа, шундай, — деди Раъно, гул ёнида рўймолини тўғрилаб. – Энди сизнинг олдингизга чиқмайман.
— Нега чиқмайсан?
— Негаки жуда ёмон киши бўлибсиз... Мен аямга айтаман.
Анвар кулди.
— Нимани айтасан?
— Ҳаммасини айтаман.
Шу вақт ўрта эшикдан кириб келган махдум уларнинг сўзини бўлди, ичкарига кетиб борған
Раънони тўхтатиб, “Анвар акангга чой бердингми, қизим?” деб сўради. 27. ЗУЛМ ЎЧОҒИ
Худоёрхонға 1283-нчи йилда учунчу мартаба тахтка чиқиш насиб бўлди. Унинг охирға салтанати хонлиқ истибдодининг аччиғ зулм ва таъаддиларининг жонсўз қора саҳифаларини ташкил этадир. 1283-нчи ҳижрийдан 1292-нчигача бўлған саккиз йил, Худоёрнинг эркин нафас олиб, Фарғона устида ўзи тилаганча қамчи ўйнатқан ва зулм тиғини камбағаллар қони билан сарбаст бўяған сўнгғи давридир. Мамлакатни обод қилиш баҳонаси билан 1284-нчи йилда Қўқон косибларини ҳақсиз – муфт1 ишлатиб янги раста, карвон сарой, пахтасарой ва коппонлар бино қилдирди. 1285-нчи йилда Қўқоннинг Урганч мавзеъида машҳур Оқсаройни солдирди, узоқ жойдан ариғ қазитиб келиб, Оқсарой атрофини суғортирди. Иссиғ кунларда салқинлаш, малика хонимлар билан ишрат қуриш учун “Боғи Эрам” ясатди. Онаси Ҳоким ойимнинг васиятига мувофиқ, 1286-нчи йилда “Ҳоким ойим мадрасаси” деб машҳур мадрасани, яна шу йилда Амир Умархон тарафидан асоси қўйилған маълум янги ўрдани ҳам теварагида боғ ва гулзорлари билан ишлатиб битирди2.
1286-87-нчи йилларда “Улуғ наҳр”, “Хон ариғ” деб машҳур ариғни қазитди. 1287-нчи йилда ўз номидаги “Мадрасаи олий”ни ва “Дахмаи шоҳон”ни, 1288-нчи йилда Қўқоннинг эски қаландархонасини бузиб, янгидан таъмир, ҳам ўлган оғаси Султонмуродхон исмига мадраса бино қилдирди. Ва ушбу йил ўғли Ўрмонхоннинг хатнаси учун бир юз йигирма кун ош бериб, тўрт ойлиқ тўй эълон қилди. Шундоғки, ҳар кун икки юз қозон ош дамланар, саккиз юз танур нон ёпилар, икки юзлаб улоқ берилар, мамлакатдан тўйға келгучи аъёнға ҳар кун минглаб тўн кийдирилар эди.
Бу қадар саховат, бунчалик дабдаба, албатта, хазинадаги олтинлар кучи билан бўлғандир, деб баъзиларнинг кўнглига келар. Хонлар ва подшоҳлар хазинасидаги олтинлар манбаъи ҳам фуқаронинг билак кучидир. Лекин Худоёрнинг саховатпешалиги ва маъмуриятпарварлиги меҳнаткашнинг хазинага олтин суратида йиғилған кучидан эмас, бевосита билак кучидан, кўз ёшидан эди. Cунки Муҳаммадалихон давридан бошланған (1240) ўзаро тахт талаши, ўзбек- қипчоқ жанжали ва бошқа тўполонлар хазинани ялаб-юлққан. Худоёр 1283-нчи йил тахтка
1 Текин
2 Эски ўрда Шаҳруҳ хоннинг ўғли Абдукаримхон тарафидан 1145 ҳижрия миёналарида бино қилинған. Худоёрнинг орзулариға жавоб бералмайдирган ҳолға келиб эскирган эди (муал.)
59


ўлтуришида эшиги очиқ – бўш хазинагагина эга бўлған эди.
Бу “маъмурият даври” саналған беш-олти йиллар Фарғона фуқароларининг умҳузн1лари,
қора кунлари бўлған эди. Худоёрнинг Сирдарёдан сув чиқариш можаросини мисол учун олайлиқ.
Хоннинг раъйи сув чиқаришға тўхтади. Хазинанинг бўшлиғини, ўйланған ишнинг ниҳоятда улуғлиғини андиша қилмади. Қаламравидаги барча шаҳар ва қишлоқларға саркорлар, чўғоллар тарқатди. Улар халқдан солиқ йиғишқа, ёрдам тўплашқа буюрилгаън эдилар. Бу ихтиёрий равишдаги ҳозирликдан сўнг, “мамлакатимдаги ҳар бир хонадон битта кетман ва битта мардикор берсин!” деб истисносиз умумий бир фармон ҳам бўлди. Қамчиси кўкда тобланиб, ханжари заҳар сочқан “хон ҳазратнинг буйруғиға” ким қарши бора олсин. Ҳар бир оила, гарчи, рўзғор бошлуғини бўлса ҳам, битта кетман билан хон таъйин қилған жойға йўллай бошлади. Бойлар битта мардикор ёллаб бериш устига от ёки арава ҳам топишқа мажбур эдилар.
Eни олти, бўйи (чуқурлиғи) беш газдан ўн беш газгача қазиладирған ариғнинг узунлиғи ўттуз чақирим ва шу ўттуз чақиримлиқ ариғ қазилиб битканда, Наманган ва Андижон туманларидан икки минг ботмонғача ер суғорилар эди. Шу йўсун ариғ қазила бошланди. Лекин ишчи кўб, озиқ-овқат йўқ эди. Бойлар киши ёллаб қутулғанлар, ўттуз чақиримлиқ ариғ хатига бола чақасини оч ташлаб, кетман кўтариб келган нуқул меҳнаткаш, косиб ва деҳқонлар чизилғанлар эди. Ўз ёнларидан сарф қилиш учун оқчалари, ҳукумат тарафидан бериладирган овқатнинг салмоғи йўқ эди. Иссиғ қуёш остида, гиёҳсиз чўл бағрида кетман одатдагидан кўброқ ем талаб қиладир. Ариғ қазувчиларнинг овқатдан силлалари қуриб, иликлари пучайган, ердан ўн қадоқ тупроқ олиб ирғитишқа эмас, ҳатто кетманнинг ўзини кўтаришка ҳам дармонсиз эдилар. Хон тарафидан улар устига ишбоши қилиб белгиланган саркорлар, очлиқ ялқовлиғини чинга ҳисоблаб, қулоқ эшитмаган сўкишлар билан бечораларни таҳқир этар, сулайиб йиқилмағунча кетманни ташлатмас эдилар. Ҳар ўн беш-йигирма кунда ариғ бошиға келиб турғучи хон, саркорларнинг сиъояти2 билан ҳар бора бир-икки меҳнаткашни қовлиқда, ўзига итоатсизликда айблаб, кўбчилик кўз ўнгида бўғизлатар ва ҳар гал келиб кетишида шунинг сингари мазлумлар қони билан янги “Хон ариғ”ни намлар турар, бу зулмни ўз кўзлари билан кўриб турған бечоралар очлиққа, дармонсизлиққа қарамай жон аччиғида ишка ёпишар эдилар.
Шу йўсун зулм зарби остида ниҳоятда улуғ иш бир йилга ҳам қолмай итмомиға еткан, минг чақиримлар бўйлаб Сирнинг сирлик суви кумуш каби оққан, гиёҳ унмаган чўллар меҳнаткашлар қони бўлса керакким, хоннинг маъмуриятпарварлиги, яъни унинг мадрасалар, тўрт ойлаб тўй бериши хазинада асрлардан бери йиғилиб ётқан олтинларни сарф қилиб эмас, тўғридан-тўғри фуқарони муфт, мажбурий ишлатиш йўли билан эди.
Хоннинг гарчи зулм билан бўлса ҳам солған мадрасаларига, қаздирған ариғалариға таҳсин қилғучи, “золим бўлса ҳам маъмуриятпарвар экан” дегучи баъзи биравлар орамизда топилиб қолур. Шунинг учун хонни “маъмуриятпарвар” қилған омиллар устида тўхталиб ўламиз:
Хон икки мартаба тахтдай ҳайдалиб, анчагина тажриба ортдирған, учунчи мартаба тахтка ўлтуриши маданиятлик ўрус истибдодининг Тошкандин олиб Хўжандга ҳам қўл узатқан саналарга тўғри келган эди. Бу кунги шароит тажрибалик хонни бошқача сиёсат ушлашка мажбур этар эди. Ниҳоятда қаттиғ қўллиқ бўлиш, юқори табақа ҳисобланған уламони, ашрофни ўзига қаратиш лозим ва тахтига аждаҳо каби оғиз очиб келмакда бўлған ўрусларга қарши ўз маданиятини қуриб, жавоб бериши керак эди. Шунинг учун меҳнаткашни раҳмсиз ишлатиб мадрасалар бино қилмоқда, ариғлар чиқармоқда, сарой ва расталар, қаландархона ва ўрдалар ёпмоқда эди. Абдукаримхондан бери ўнлаб хонларға яраб келган ўрдани бўзиб, янги ўрда бино қилиши ўз кайфига қарағанда ҳам ўрусларга жонлилиқ кўрсатиш, ялтирасин шаъну шавкат билан Фарғонани ўз қўлида сақлаб қолиш учун эди.
1 Умумий хафалик 2 Чақимчилик
60


Ўчадирған чароғ ёқин ўчадир, мақоли каби Туркистон хонларида сийрак кўрилган бу
маъмуриятпарварлик бизга қолса шу омиллардан туғилған ва бунда самимий ҳеч нарса йўқ эди. 28. ҲАРАМ
Янги ўрда юқорида ёзғанимиздек, ҳақиқатан шукуҳлик, хушманзара бино қилинған эдиким, унинг ҳозирги харобасидан ҳам кўрса бўлур.
Ўрда қўрғонининг ташқари айланаси (тўрт томони) ажойиб гулзорлар, анвўи мевалик дарахтлар билан зийнатланган. Бу боғни махтаб Худоёрнинг ўз шоири Мулла Ниёз Муҳаммад:
“Ясаб қасре саодат даврида боғи жаҳон оро, Муаттар бўлди гулзоридин олам гунбази хазро1.
Шаҳи волоки берди зеб боғ ичра раёҳиндин, Ўшал кун тутди ер саҳнини бўйи анбари соро2.
Ясарда тарҳини тарроҳ3лар андоғ сакиз гулшан,
Бу гулшан ҳар биридин топдилар юз минг чаман оро.
Ки ҳар ашжор4 асмор5ини таъмида шакар мазмар6, Очарға шаккар оғзин муддаилиққа наҳад оро.
Хиёбон расталардин боғ топди зеби оройиш, Гулистониға бергандек чаман оро гули ҳумро.
Жаҳон боғида ҳарна неъматидир бунда ул мавжуд, Насиб эткай сенга юз йилғача ҳақ эй жаҳондоро...7”
дейдир ва Худоёрға бу боғда юз йиллаб роҳатланмоқ учун дуо қиладир.
Домла Ниёз Муҳаммад айткандек, гулшаннинг уч тарафи хиёбон, расталар ва бунда эртадан-кечкача халқ қайнашиб турар эди. Ўрда боғининг эшигида доим қоровуллар қараб турғанлиқдан, ўрдага алоқаси бўлмаған кишилар боққа киралмаслар, фақат ҳафтада бир кун, хоннинг кўнгил очиш соатларида, баъзи мустасно зотлар учун боғнинг йўли очиқ бўлур эди. Боққа кирилгандан кейин, тўғридан янги ўрданинг дарбозаси, муҳташам музаяқакор тоқ ва равоқлар кўзни қамашдирар, киши гўё ўзини хон ҳузурида, истибдод салобати остида сезар ва мутантан8, ва музайян9 қасрдан руҳ олиш ўрниға, билъакс, бир даҳшат ва хавф ҳис эта бошлар эди. Ўрданинг хиштин, кунгирадор қўрғонлари ости билан жазойири қилич тақинған махсус муҳофиз йигитлар айланиб, бегона кишини қўрғон яқиниға йўлатмаслар, айниқса, ўрданинг юқори қисмидан қўйилған ҳарам дарбозасиға яқинлашиш учун, ҳатто ўрданинг ўз ходимлариға ҳам рухсат йўқ эди. Ҳарам дарбозасидан юрғучилар ёлғиз хоннинг ўғли – шаҳзода, хоннинг хотин қариндошлари, канизлар, доя хотинлар, яна баъзи “махсус” юмишларга хон томонидан белгиланган заифаларгина эдилар. Бу дарбозадан хоннинг ўзи ҳам юрмас, чунки унинг ҳарамига кирадиган йўли ўз маҳкамаси ва шаҳнишин орқалиқ эди.
1 Кўк яшил 2 Тоза, соф 3 Лойиҳачи 4 Дарахтлар 5 Мевалар
6 Замири, ичи
7 Жаҳонни эгалловчи ҳукмдор 8 Тантанавор
9 Зийнатланган
61


1287-нчи йилнинг сунбула ойи, яъни эрта кузнинг кўклам ҳавосига яқин турған салқинча бир куни. Кечки соат бешларда ўрда ичида қайнаб турған ҳаёт бир оз тинчиб тушти, дарбоза ёнларидағи қоровуллар ичкарига киши киритмай қўйдилар. Ўрда хизматчилари, масалан, беклар, мирзолар, ясовуллар ва шулар сингари “сайид”1 ходимлари бирин-сирин чиқиб тарқала бошладилар. Биринчи дарбозанинг икки биқинида турғучи қоровул йигитлар ўрданинг улуғ даражалик бекларини таъзим билан узатар, мансаби қуйироқ ясовуллар билан мутояба қилишиб қолар эдилар. Саркардалардан баъзиси дарбоза ташқарисида хизматчи тарафидан қантарилиб турған отининг ёниға келиб, отни қараб чиқар, яхши боқмағани, ёки тоза супурмағани учун сайис2ни койиб олар ва сўкуниш ораси сайис кўмагида отиға миниб жўнаб кетар эди.
Дарбозабонлар ўрдада зарур юмиши борлиғини сўзлаб, илтижо қилғучи ҳар қандай кишини ҳам ҳозир ичкарига йўлатмаслар ва асабийланиб койиб қайтарарлар эди.
— Бу ўзи қандай одам, қулоғиға ун босқанму! – деб жекириниб турған биринчи дарбозабон узоқдағи кимгадир қараб қолди, кўзи ўша тарафда экан бояғи сўзини такрорлади, — боравурингғ, оғизни очманғ, шери Яздон келганда ҳам ичкари киритмаймуз!
Илтижо қилғучи умидсиз дарбозадан йироқлашди. Унинг кетича дарбоза ёнида банорас паранжилик бир хотин пайдо бўлиб, ичкарига парвосиз кира берди. “Шери Яздон”3ни ҳам киритмайдирган дарбозабонлар хотинни бошдан-оёғ кузатиб, индашмай қараб қола бердилар. Хотин ичкари кириб тўғриға қараб юрди, асл ўрданинг улуғ муҳташам дарбозасиға яқинлашқандан кейин ўнгдаги айри йўлға бурилди.
Хотин ҳарам дарбозасини чоғлаб борар эди. Қўрғон остидағи соқчилар хотинға ёвош-ёвош қараб олиш билан кифояланар ва уни таниғандан парвосизча ўз ёнларидан кечирар эдилар.
Хотин ҳарам дарбозаси ёниға етиб, остонага қадам босқан чоғида бўсағадағи йигит “виш” этдириб қиличини қинидан суғурди.
— Тўхтанғ!
Хотин тўхтади ва йигитка қараб бетидаги чашмбандини қия очти. Йигитнинг жиддияти кулимсирашка мубаддал4 бўлиб, ҳаводаги қиличини қайтариб ғилофиға солди. Хотин юзини очқан кўйи ичкарига юрди. Ўттуз беш ёшларда кўринган бу гўзал хотин ҳарам ходималаридан Гулшанбону эди.
Гулшанбону Худоёрнинг иккинчи даврида ўз хусни билан бир неча мартаба хоннинг илтифотига сазовор бўлған ҳарам канизларидан эди. Худоёр тахтни ташлаб Бухороға қочишға мажбур бўлғандан кейин, оғасини ғайри шаръий ишларда, жумладан, хотинбозлиқда айблаб, тахтка минган Муллахон ўз даъвосиға мувофиқ Худоёр ҳарамидаги юзлаб хотинларни ўз йигитлари орасида хотинлиққа тақсим қилиб юборди. Шу жумладан, Гулшанбону ҳам Маллахон тарафидан Худоёрға қарши урушда қаҳрамонлиқ кўрсаткан бир йигитка инъом қилиниб, шундан бери ўша йигитнинг никоҳида хотин эди. Худоёр учунчи мартаба тахтка мингандан кейин, Гулшан хоннинг ёниға келиб, эски “қадрдонлиқ” номиға ҳарамдан бир хизмат сўрағанида, “марҳаматлик” хон Гулшаннинг арзини ерда қолдирмай, ҳарам ходимларининг жуда озлариға насиб бўладирған улуғ бир мартаба ато қилдиким, биз Гулшанга топширилған вазифанинг нимадан иборатлигин қуйида кўрармиз.
Гулшан дарбозадан ичкари киргандан кейин, паранжи остида босилиб тартибсизланган сочларини тузатди, чанг ўлтурган нилий ранг товор кўйлагининг этакларини қоқти, қўлидағи ёқут ва зумурад кўзлик олтин узукларини тўғрилаб тақти ва шундан сўнг зиналардан юқориға қараб чиқа бошлади. Йигирманчи зинадан кейин узун – ўрданинг эни қадар бир бўлак бошланиб, унинг ўнг-сўлини ўн чоғлиқ бухори чакма эшиклар зийнатлаган эдилар. Бу эшиклар
1 Амир демоқчи
2 Отбоқар
3 Халифа Алига берилган нисбат 4 Алмашинган
62


ҳарамдаги алоҳида ҳавлилар ва улар даромад1ини кўрсатар эдилар.
Гулшан узун йўлакка чиқиб, ўнгдаги биринчи эшикни итарди. Ичкари тарафдан кекса бир
ходима – эшик очар хола кўриниб, Гулшанга салом берди ва “хуш келдилар” деди. Гулшанни ичкари киритиб, эшикни беклади. Бу, ҳарамнинг кичкинагина сув ҳавлиси эди. Ўртадағи мис ҳовузда кўм-кўк сув мавж уриб, бир неча канизлар ҳовуздан сув олмоқда эдилар. Ҳавлининг шимолидаги ходималар турадирған кичкина бир уйдан бошқа мунда бино йўқ, фақат жанубда ҳалигидек бир эшик бор эди. Сув ҳавлисидаги бу ҳовуз ҳарамнинг бутун эҳтиёжини ўтар, уни ҳафтада бир неча мартаба махсус соатларда мешкоблар томонидан тўлдириб турилар эди.
Гулшан паранжисини қўлиға олиб, эшик томонға юрди. Эшик ёниға келиб секин-секин ҳалқани чертти. Эшик ичкаридан очилиб, бунда ҳам эшик очар хола кўринди. Лекин буниси ёшқина бир каниз эди. Гулшандан паранжи, чашмбандни олиб, “хуш келдилар” деди. Бу ҳарамнинг биринчи ҳавлиси эди. Ҳавлининг тўрт томони нақшинкор, ойнабанд, гул чакилган даричалик, ҳаммаси бир хил бичиқда танобий (зол) уйлар, ҳар бир уйга махсус даҳлизлар ва бир-бирига ямашдириб солинған хоналарни шу даҳлизлар бир-биридан ажратиб турар эдилар. У қадар кенг бўлмаған саҳн остиға хиш тўшалган, ҳавли юзида тўрт-бешта қизил шолдан кўйлак ва бошлариға сариғ шолдан рўмол ўраб, оёқлариға бедонадан кафш масхи кийган ёш канизлар сочилған ҳолда вазифалари орқасидан юрар эдилар. Гулшан улар билан оҳиста сўрашди ва канизларнинг биридан ярим товуш ичида сўради:
— Он ҳазратим?
— Шаҳнишиндалар, — деди каниз, товшини четка чиқармаслиққа тиришиб.
Шаҳнишин – хоннинг хос ҳужраси, хон овқанланадирған, ухлайдирған ҳам хотинларни
қабул қиладирған уй бўлиб, сув ҳавлисининг қатори билан то тахт ўрнатилған маҳкамагача қатор уч хона танобий уйлардан иборат эди. Бу уйлар шаҳнишинликка мувофиқ бошқа бинолардан баланд қилиб солинған бинолар орқаси, жануби хос ойимлар – яни хонимлар танобийси, ғарби – қисман танобий ва қисман ошхона ва ҳарам хазинаси биноларини ва бошқа ҳавлиларга чиқиш учун даромадларни ташкил этар эди.
Гулшан, “шаҳнишиндалар” жавобидан сўнг, тараддудлангандек бўлди. Бир оз иккиланиб турғандан кейин; яна бир қайта сочини, рўймолини, кийимини тузатиб олди ва шаҳнишин томонға бурулди.
— Ойихоним чақирадирлар, — деб бир каниз шивирлади.
Гулшан уч-тўрт қадам босқан эди, тўрдаги танобийдан чиқиб келган канизнинг ҳалиги сўзи билан тўхтади ва сўзсиз каниз томонға бурулди. Гулшан кирганда даҳлизнинг тўрида уч нафар каниз санама2 тикиб ўлтурар эдилар. Улар билан саломлашди. Ул саломлашқан аснода ичкари танобийдан олти ёшлар чамалиқ, оқ туслик қора кўзлик кўркамгина бир бола сариғ атлас кўйлагини ҳилпиратиб чиқиб келди.
— Ассалому алайкум... Соғмилар, шаҳзодам, — деди Гулшан кўлини кўкрагига қўйиб, болаға букилинқираған ҳолатда.
Шаҳзода жавобсиз кулимсираб, Гулшанга бир оз қараб турди-да, ичкарига кириб кетди.
Гулшан кафшандозда оёғини ешиб, гиламга чиқди. Даҳлиз ўн бир ёғочлиқ катта мунаққаш уйдан иборат бўлиб, тахмонида атлас ва адрас кўрпа, кўрпачалар уюлған, тоқчалари анвойи хитойи ва қашқар чиннилари, бухоро мис ва кумуш идишлари билан зийнатланган эди. Гулшан кафшини еша бошлағач юқоридағи санама тикувчилар ҳам ўрунларидан турған эдилар, келиб кўришдилар. Улар кўришиб бўлғанда, бояғи каниз ичкаридан чиқди.
— Кирсинлар, — деди Гулшанга.
1 Йўлак 2 Ироқи