АДРАС ТЎН ВА ИССИҒ НОН "ФОЖИЪАСИ"
Ёрлиғ олишнинг иккинчи соатларида бутун шаҳарга бу хабар тарқалиб кетди. Ўрда
43
жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб:
— Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган эшитсин: Вақтики ажал паймонаси тўлди,
Мунший мулла Муҳаммад Ражаббек ўлди! Фазл боғида очилған бир гул,
Яъни гул шохиға қўнған булбул. Ба номи мулла мирзо Анвар,
Камолиға мусалламдир1 аксар. Ҳузури муборакдан олиб ёрлиғ,
Майдони қаламкашликда қилур сухандонлиғ. Ҳар кимсанингким бахти кулса,
Шоҳига жону дил ила хизмат қилса. Лутфи шоҳонага сазовор бўлғай,
Атрофи зару зевар ила тўлғай!..
манзумаси билан жар солиб юрар эди.
Кечаги хабарларга кулги ва мазох тариқасида қараған шаҳар уламо ва ашрофлари бу кунги ҳақиқат олдида ҳар замон ёқа ушлаб: “Тавба, бу қандай бемазалик? Бир беному нишонга бунча илтифот!” дер эдилар. Шаҳарнинг аксарият қисми бўлған камбағал-косиблар бу масала устида бир хилдароқ фикр қилиб “ким бўлса ҳам ўзи инсофлик бўлсин, нима дединг-а, Мамарайим?” каби содда жумла билан ўз орзуларининг нимада эканини гавдалантирар, аммо Анварга иши тушиб, унинг шафқатини кўрган Сафар бўзчи кабилар бу хабардан жуда ҳам хурсанд: “Қилмишидан топти бу йигит, бўғани жуда маъқул” деб, янги мирзобошининг таърифини қилар эдилар.
Махдум бу хабарни илгаридан кутиб турған бўлса ҳам яна шошиб қолди. Сўйинчига келган йигитни тўхтатиб қўйиб, дарҳол икки болани меҳмонхонани супуриб жой солишқа буюрди ва бошқа болаларни ёппа озод қўйиб юборди. Алпанғ-талпанғ ичкарига кириб, ўқуғучи қизлар ичида Нигор ойимни ўз ёниға чақирди:
— Ҳай, — деди, — Анварингдан киши келди, сандиғингни оч-чи!
Нигор ойим махдумнинг шошиб айткан бу сўзига тушунмади.
— Анвардан нима учун киши келади, сандиқни нега очай?
— Хай, аҳмақсан, — деди махдум энтикиб, — Анвар ёрлиғ олған, сўйинчига йигит келди;
сандиқни очиб, шунга бир нарса бериб юборайлиқ, дейман, тез бўл!
Нигор ойим ҳам шошилинқиради, уйга кириб, сандиқнинг калидини тополмай тўрт томонни
излар, махдум даҳлиздан туриб уни койир эди. Калид топила бермагач, махдумнинг тоқати тугади, чиқиб қизлар ичидан Раънони чақирди.
— Топдим, топдим! – деди Нигор ойим.
Махдум уйга қайтиб кирди. Нигор ойим сандиқни очиб сўради:
— Қандай тўндан олай?
— Бўздан ол, бўздан.
Шу вақт Раъно ҳам уйга кирди. Махдум қизиға қараб кулди:
— Бахтинг-да, қизим, — деди, — Анвар аканг сармунший бўлибдир. Раъно кулимсираб четка қаради:
1 Тан бермоқ
44


— Мени нега чақирған эдингиз?
— Сандиқнинг калидини биласанми, деб чақирған эдим, калид топилди.
Нигор ойим бир бўз тўнни олиб, эрига кўрсатти:
— Шуниси бўладими?
— Ҳа бўлади, ташла.
— Ўрдадан келган кишига шу тўнни бериб бўлармикин?
Раъно ҳам бўз тўнга эътироз қилди:
— Бериб бўлмайди, уят.
Махдум ўйланиб қолди:
— Бўлмаса, — деди иккиланиб, — жўнроқ адрасдан ол-чи, — Нигор ойим бир адрас тўн
олиб махдумнинг қўлиға берди. Махдум тўнни ёруққа солиб кўрди:
— Йўқ, адрас ҳайф, Раъно, — деди тўнни тахиға солиб, — ҳалиги бўзни беравур.
— Бўз тўн бергандан, бермаган яхши, — деди аччиғланиб Раъно, — арзимаган нарса учун
Анвар акамни уялтирасизми?
Раънонинг ёниға Нигор ойим ҳам қўшулди:
— Киши уялғулиқ бўлмасин, Раъно.
— Ҳайф-да, ҳайф, — деди махдум, адрас тўнни салмоғлаб кўриб, бояғи шошилиш ҳолати
ҳозир йўқ, аммо юзида ачиниш вазияти бор эди. – Увол-да, увол, қизим, ипаги жуда қуюқ экан. — Ипаги қуюқ бўлса, ҳеч нарса қилмас, — деди асабийланиб Раъно. – Кишининг иззати-
нафси ундан ҳам қуюқ.
— Хайр, хайр, — деди махдум, адрас тўн билан видўлашқандек. – Сен Раъно, сочларингни
ювиб сал одамшаванда бўлиб юрсанг бўлмайдими, қизим?
Махдум шу сўзни айтиб чиқди. Раъно махдумнинг орқасидан нима учундир кулиб юборди.
Нигор ойим югуриб эрининг орқасидан чиқди:
— Ҳай, Раъно! – деди ҳавлида кетиб борған махдумга, — нонларимизнинг суви қочқан,
хамир қилишға вақт оз, бозордан иссиғ нон олдирасизми?
Бу гап махдумга адрас тўннинг алами устидан туз сепкан таъсирини берди.
Ҳавли ўртасида бош қашиниб қолди ва кўзини қисиб, хотиниға қаради:
— Жуда қаттиғми? – деб сўради.
— Жуда қаттиғ, ҳатто ушатишка ҳам қўлнинг кучи етмас.
Жавоб яна фалокатлироқ эди. “Хўб, нон олдираман” дейишка ҳам махдумнинг мажоли
қолмаған ҳолда бошини қуйи солиб, жавобсиз ташқариға жўнади. Меҳмонхона саҳнида кутиб ўлтурган йигитка ўз қўли билан адрас тўнни кийдирди. Йигит дарбозадан чиққунча ҳам махдумнинг кўзи “хайф кеткан” адрас тўнда, ҳатто ундан Анварнинг келаётқан хабарини сўрашни ҳам унуткан эди. Ҳавли супурғучи бола сув сепмай чангитиб юборғани учун уни “аблаҳ, кучук!” деб койиди. Меҳмонхонада кўрпача ёзиб турған боланинг ёниға келиб, кўмаклашди ва боланинг уқувсизлиғидан ранжиб, буни ҳам бирмунча ачитиб олди.
— Сен чопиб гузарга чиқ, — деди болаға, жой солиниб бўлғандан кейин. – Катта толнинг тегида Совур новвойнинг дўкони бор. “Махдум домлаға йигирма дона нон керак экан. Нархи қанчадан?” деб даррав сўраб кел. “Махдум домлаға” дегин, “арзон қилиб айтар эмишсиз, пули нақд эмиш” дегин... “Янги мирзабошининг ўрдадан меҳмонлари келар экан” дегин... Югур!
Болани нарх билишка жўнатиб, ҳавлига чиқди. Ҳавлидаги бола сувни кўб сепиб, ерни лой қилиб юборған эди, яна койиди ва дарбоза олди – кўчага ҳам сув септириб, ичкари кирди.
— Қизларни озод қўйибсан, яхши, — деди махдум Нигор ойимға. – Биз-ку шу хабарни кутиб турған эдик. Шундай бўлғандан кейин, нон-понингни тўғрилаб турмайсанми; ун бўлса-ку бор, аблаҳ, қани менга уч-тўртта нонингдан олиб кўрсат-чи.
Раъно онасининг сўзи билан қутидан беш-олти дона нон олиб дадасининг қўлиға берди. Дарҳақиқат, бир-бирига ўхшамаған нонлар тарашадек қотиб қолған эдилар. Махдун уруниб
45


кўриб, биттасини ҳам синдиришға кучи етмади. Раъно, юзини четка ўгуриб, кулиб турар эди. Махдум урина-урина ниҳоят ўзи ҳам кулди.
— Зор қолғуринг жуда ҳам қотипти-да, кун ҳам иссиқ-да, Раъно?
Бу сўздан Раъно баттарроқ кулиб юборди. Нигор ойим ҳам кулимсиди:
— Ахир, ўзингиз кечагина мен хамир қилай десам койидингиз, — деди Нигор ойим. – Биз-
ку майли, куни бўйи ишлаб келган Анварга жабр. Шунчалик рўзғор қилиб, лоақал юмшоғроқ нон едирмасак... Киши жуда уялади.
— Мен иссиқ нонга бола юбордим, — деди махдум қаттиғ нонларни Раънога бериб. – Анварга жабр бўладир, деб ўйласанг мундан кейин ўзига лойиқ, оз-оз нон ёпиб тур. Сен билан мен бўлсақ қаттиғ нонни ҳам ея берамиз: жаззаси чойға бўктириш-да.
Махдум айтмаса ҳам Нигор ойим Анвар билан Раънога яширинча юмшоқ нон ёпиб берар, фақат бу кун ўша нондан бир-иккита қолған эди. Махдум энди нон сотиб олишни бўйниға олиб, ташқариға чиқди. Нарх билиб келган болаға йигирма пул бериб, орқаси куймаганини олиш шарти билан нонға юборди.
Анварнинг “танишсизлиқ ва уйсизлиқ” фикрининг аксича фотиҳахонлар ҳам кўриниб қолдилар, иккинчи, учунчи дуркум фотиҳахонлар келгандан сўнг, махдум Анвар олдиға киши юбориб, уни чақиртириб келишка мажбур бўлди.
Шу кун кечкача шаҳарнинг ҳамма табақаларидан ҳам фотиҳахонлар келиб турдилар. Ҳатто Анварнинг нодонлиғидан кулиб ёқа ушлаган уламолар, бой ва ашрофлар муборакбодчиларнинг аксариятини ташкил этар эдилар. Чунки бу кейинги табақа замонасозлиқ, мувосо1 ва тадбир орқасида яшағучидирлар. Анвар ўзини табрик қилғучи уламо ва ашрофлар юзидан очиқ равишда риё, шайтанат ва тамаъ ўқур, камбағаллардан содда самимият кўрар эди.
23. КИТОБ СЎЗИ
Асрдан бироз илгарироқ эди. Махдум дарбоза ёнида муборакбодчи мударрислардан бирини икки букланиб таъзим қилған ҳолда узатар эди. Ҳазрати мударрис хайрлашқан жойида яна тўхтаб томоқ қириб олди.
— Ҳай, мулла Солиҳ, яна бир гапни саҳв қилибман, — деди ҳазрати мударрис. Солиҳ махдум югуриб ҳазратнинг ёниға келди. – Мирзога айтишни эп кўрмадим; масалан, ривоят ва ҳоказо масалаларга ҳожат тушса, биздан бегона қилмасин... Жанобингиз ҳам шуни таъйинлаб қўясиз.
— Хўб, тақсир, хўб.
— Фаромуш қилмассиз, албатта?
— Хотиржамъ тақсир.
Махдум уламо, амалдор ва ғайрилардан шунинг каби сипоришларни тўрт-беш соатдан бери
қабул қила-қила жуда мияси суюлған эди. Ҳозирғи илтимосни ҳам ўшалар қаторида бўйниға олиб, ҳазрат мударрисни жўнатди.
Нари-бери бўз салласини бошиға чулғаб, сарпойчан кафшини шап-шуб босиб, дарбозадан ичкарига кириб бормоқда бўлған Сафар бўзчини махдум тўхтатди:
— Хўш, хўш, ука, — деди Сафар бўзчиға. – Йўл бўлсин сизга?
Чунки махдум муборакбодчи камбағаллар уёқда турсин, ҳатто уламо ва бойлардан ҳам ҳозир зериккан эди. Бу зерикишка иккинчи мартаба нон олдиришнинг ҳам алоқаси бор эди. Сафар бўзчи остона ёнидан махдумга қийшайиб қаради:
— Лаббай, тақсир? – деди. — Йўл бўлсин сизга?
1 Муроса қилиш
46


— Мирзо Анвар иминга худо мартаба ато қилған эмиш деб эшитдим, — деди Сафар бўзчи, — пиримни зиёрат қилай, деб келяппан...
— Келганингиз маъқул, илло ўзи ҳозир жуда чарчаб қолған-да, четдан дуо қилиб турсангиз ҳам кифоя, ука.
Сафар бўзчи бошини қашиб, яна махдумнинг афтига қараб қўйди: — Зиёрат қилиб чиқа бераман, тақсир. Бошқа гап йўқ, тақсир. Махдум Сафар бўзчининг илгарисига ўтди:
— Майлику, ука, ранжитасиз-да.
— Садағаси кетай мирзонинг, — деди Сафар бўзчи махдумнинг қаториға бориб, — барака топқурнинг ўзи ранжийдирган йигит эмас, хоксор-да, тақсир, кўрсангиз биларсиз-ку, мен минан жуда қадрдон-да, тақсир.
Махдум асабийлашиброқ Сафар бўзчининг бетига қаради. Сафар бўзч ҳам махдумга бир оз тикилиб турғач, илжайди.
— Кўрсангиз биларсиз, мен минан жуда қадрдон-да, тақсир, — деди яна ва махдумга илтифот қилмай, ичкарига юрий берди. Бир неча мартаба келиб Анварнинг меҳмонхонасиға ўрганиб қолған, шунга биноан бу тўғрида махдумнинг ёрдамиға муҳтож ҳам эмас эди.
Анвар меҳмонхонада Шаҳидбек ва яна бир саркарданамо била сўзлашиб ўлтурар эди. Сафар бўзчини даҳлизда кўриб ўрнидан турди. Иккиси неча йиллик қадрдонлар каби самимий кўришдилар. Сафар бўзчи кўзида ёши билан Анварни табрик қилди. Анвар унга ўз ёнидан жой кўрсатиб ўлтуришдилар. Сафар бўзчининг фотиҳасига анови икки бек аранг қўл кўтариб қўйдилар.
— Закотчидан тинчмисиз? – деб Анвар кулди.
— Худойға шукур, давлатингизда, мирзам.
— Бозорлар яхшими?
— Бир навъи... ҳарчи тириклик тебраниб туради, ука.
Сафар бўзчининг бояғи ҳаракатидан аччиғланиб ташқарида қолған махдумнинг кимни ҳам
бўлса ичкарига таклиф қилған товши эшитилди. Сафар билан Анварнинг сўзлари бўлинишка мажбур бўлди.
Мулла Абдураҳмон Анвар билан ёнма-ён ўлтурғучи “дўсти” Сафар бўзчини меҳмонхонанинг даҳлизига киришидаёқ кўриб қолди ва сариқ туси бўзариб кеткан ҳолда ичкарига қадам узди. Сафар бўзчининг ҳурмати учун лоақал қимир этмаган беклар ҳам мулла Абдураҳмоннинг истиқболиға қўзғалишдилар. Махдум мулла Абдураҳмон билан Анварни бир- бирларига танишдирди.
— Балки хотирларсиз, мирзо Анвар, — деди махдум, — сиз маним қўлимға келган йилларингизда мулла Абдураҳмон акангиз ҳам бизнинг мактабда ўқур эдилар.
— Хотиримда. Хўб саломатмилар, тақсир?
— Алҳамдулиллоҳ, — деди Абдураҳмон ва ер остидан Сафар бўзчиға қараб қўйди, — мартабалари муборак бўлсин.
— Қутлуғ, тақсир, қани, марҳамат қилсинлар.
Ўлтуришдилар, фотиҳадан сўнг яна бир даража аҳвол сўрашилди. Ҳозирги тасодуф жуда қизиқ тушкан эди. Мулла Абдураҳмон бу учрашишдан ниҳоятда ўнгғайсизланған. Анварни табрик этиш учун оғиз очишға қодир эмас ва ҳар замон қаршисидағи “бемаъни”га қараб қўяр эди. Шу ҳолда бир неча фурсат сўзсиз ўлтуришкандан кейин, Анвар кўбчиликни дастурхонға таклиф қилди ва Шаҳидбек мулла Абдураҳмонни сўзга тортди.
— Нима лавозимотдалар, тақсирим?
— Имоматда, — деди Абдураҳим ва ер тегидан Анварга кўз юбориб олди, — Бухородан келганимиздан бери имоматдамиз... Мадрасада ҳам бирмунча мукаррирлигимиз бор...
— Кўб яхши экан; имоматлари қайси маҳаллада?
47


— Бизнинг маҳаллада, — деди сўзга аралашиб Сафар бўзчи, — тақсиримнинг илмлари жуда дарё, ўзлари Бухорода хатим китоб қилғанлар.
Шаҳидбек гўё кўнгил учун яна:
— Кўб яхши экан, — деди.
— Мулла Абдураҳмоннинг илми дарҳақиқат яхши бўлған деб эшитаман, — деди махдум. Сафар бўзчи мулла Абдураҳмоннинг тилагига қарши яна сўзлаб кетди:
— Яхшилиққа келганда – яхши, бироқ тақсиримнинг толеълари бир оз пастлик қилиб
туради. Бўлмаса мударрислик, муфтилик, мирзолик – буларнинг барига ҳам тақсирим етук... Фақат толеъ паст-да, бек бобо. Мана энди мирзам оталиқ қилиб, ўрдадан бирар иш топиб берсалар, тақсиримға ҳам офтоб тегса ажаб эмас. Ўзлари ҳам бир ҳафтадан бери мирзамнинг ҳақлариға дуода эдилар... а, тақсир, шундай эмасми?
Мулла Абдураҳмон Сафар бўзчининг қаршисида ҳозир ҳар бир ризолатка ҳам бўйин эгар эди. Манглайидағи терини артиб бесаранжом аҳли мажлиска қараб чиқди ва ғулдиранғансумон:
— Шундай, — деб юборди.
Махдум Сафар бўзчини мулла Абдураҳмон тарафидан воситачилик учун жўрттага келган, деб ўйлади.
— Мулла Абдураҳмон ўзимизники, — деди махдум, — албатта мирзо Анвар қўлидан келган ёрдамини аямас.
— Албатта, мунший тариқасида ўрдага олинса ҳам бўлади, — деди утта1 бек.
Анвар ваъда бериб қўйишни эп билмаганликдан, сўзсиз ултурар эди. Мулла Абдураҳмон ҳар замон манглай терини артиб олар эди. Сафар бўзчи тунови кунги адабсизликни тақсиримнинг кўнглидан чиқардим, деб мулла Абдураҳмоннинг кўзини учратишка ва озгина бўлса ҳам тақсиримдан миннатдорчилик олишға тиришар эди. Бир мунча вақт шу кўйи сўзсиз ўлтуришкандан кейин беклар фотиҳа ўқуб қўзғалмоқчи бўлдилар. Сафар бўзчининг яна оғзини очиб юборишдан қўрқиб, ҳатто қимир этмай ўлтурган имом ҳам бекларнинг фотиҳасига қўшулишиб ўрнидан турди. Сафар бўзчи ҳам мирзонинг ҳақига дуо қилиб имомга эргашти. Чунки имом билан биргалашиб кетиш орзуси, шу баҳонада тунови кунги паст-баланд гапларни мулла Абдураҳмоннинг кўнглидан чиқариш нияти бор эди.
Анвар билан хайрлашиб, тўрт киши баробар кўчага чиқдилар. Ўттуз қадам чамаси бирга бориб, Шаҳидбек ўз ҳавлисига бурулди. Яна бир оз борғандан сўнг иккинчи бек ҳам бошқа кўчага кириб кетди. Мулла Абдураҳммон ҳам Сафарбой “дўсти” билан бирга юришни хоҳламади шекиллик тез-тез адим ташлаб ҳамроҳлик алоқасини узмоқчи бўлди. Бунга қарши Сафар ака уч ҳатлаб бир босиб, Абдураҳмоннинг ёнидан чиқди. Бу ҳолдан яна имомнинг феъли айнаб, йўл устида бирдан тўхтади ва Сафарнинг афтига бир турли мушук қараши қилди:
— Нега тўхтадингиз, боравуринг.
Сафар бўзчи Абдураҳмоннинг тўхтағанидан хабарсиз икки-уч адим нарига ўткан эди:
— Биргалашиб борамиз-да, тақсир.
— Мен сиз билан юришни хоҳламайман, жўнанг, жўнанг!
Сафар бўзчи тушунолмай бир оз қараб қолди:
— Нега, тақсир?
— Нега дейди-я, аҳмақ одам...
— Ўзларингизни айтишларингизга қарағанда, мусулмон киши учун кина сақлаш бир
рўймолни ювиб қурутқанча экан, — деди Сафар бўзчи, — бизлар бўлсақ тўрт кундан бери шайтонни апичлаб юруймиз... Шуниси ҳам кифоя-да, тақсир.
— Астағфирулло, — деди имом, — сиз ўша куни маним устимга уч кунлик гап қилдингизми?
1 Анови, нариги
48


— Шайтоннинг ишида, тақсир, — деди Сафар, — ахир, яна маним айтканим бўлди-ку, мен бунга бир нарса деяпманми? Недир, кинани қўяйлиқ деяпман-да.
Мулла Абдураҳмон истиғфор айтиб йўлға тушти. Сафар бўзчи ҳам мулойимғина унинг ёнида қўл қовуштириб жўнади.
— Хўш, кинани ташлаған бўлсангиз, — деди йўлакай имом, — нега боя уларнинг олдида оғзингизға келганини ўтладингиз?
— Яхшилиқдан бошқа ҳеч гап айтмадим. Фақат илмингизни мақтадим.
— Бошқа гап айтмадингизми?
— Нима дедим, ахир? Шунчалик илмлари бўлса ҳам толеълари озғина пастлик қилиб
турадир, дедим. Бу тўғри гап эмасми, тақсир?
— Мен сизга мирзодан хизмат сўраб беринг, деб ваколат берган эмас эдим-ку.
— Ваколат-ку, йўқ... Ахир, токай илмингизни хор қилиб масжидда ётасиз... Ахир, биравни
ука, биравни ака деб сиз ҳам тузукроқ ишка қатишинг-да, тақсир.
— Астағфирулло... Балки менга подшоҳлиқдан ҳам шу имомат яхшидир.
— Бе-е-е, гўрними, тақсир, — деди Сафар бўзчи, — у гапни қўйинг, нафсиламр гап яхши.
Шаҳардаги бирарта мударрис домлани ўшандақа мирзобоши кўтарсалар йўқ дерми?.. Вой-боёв, тақсир, сизга ҳам ўрдадаги бир мирзоликни берса, деб, “сизнинг ҳақингизга тақсирим дуода бўлдилар”, дедим-да. Маним холислигимни шундан ҳам пайқасангиз бўлар эди, ука.
— Астағфирулло, — деди яна имом, — дарҳақиқат, мен уни шундай, деб дуо қилғанмидим... Ёлғоннинг нима кераги бор?
— Тақсирим бўлсангиз ҳам ҳали ёшсиз-да, — деб кулди Сафар. – Башарти ростини сўзлаб “сизнинг мирзобоши бўлишингизни тақсирим кўралмаган эдилар” десам, хурсанд бўлармидингиз, вах-хах-хах, хех-хех-хех... Йўқ, тақсир, ўзингиз ҳам Бухорода ўқуған бўлсангзи керак: китоблар икки жойда ёлғон айтишни маъқул деган эканлар; биттаси – эру хотиннинг орасида, иккинчиси – икки мўминни битириш учун. Буни худо раҳмати домлам ўқуб берар эдилар. Шу гап қулоғимда қолған экан, мен дуруғ1 айткан бўлсам китоб сўзига амал қилдим-да, икки мўминни битиштириш учун сўзладим-да.
Мулла Абдураҳмон яна оғиз очолмади. Чунки Сафар бўзчи “китоб сўзи” билан уни енгиб қўйди. Маҳаллага келиб етдилар. Сафар бўзчи кинани тамоман кўнглидан ювиб ташлаған эди. Шомни мулла Абдураҳмон орқасида ўқуш учун масжидга кирди. Жиловхонадаги намоз кутиб ўлтурган қавмлар ичидан Самад бўқоқ, Шукур сўфилар ҳам кўринар эдилар. Сафарнинг имом билан бирга масжидга киришидан таажжубланган Самад бўқоқ уни туртиб сўради:
— Ярашдингларми?
— Кина деган рўмолни ювиб қуритқунча, — деди Сафар бўзчи, — янги мирзобошининг уйидан домла билан бирга фотиҳа ўқуб келамиз. Ҳали эшитдингми, ўша маним мирзам ёрлиғ опти-я.
Самад бўқоқ индамай четка бурулиб кетди. Шукур сўфи шом намози учун такбир тушура бошлади.
24. ШОИРНИНГ СИРРИ
Ўн беш куннинг ичида махдумнинг меҳмонхонаси расмий бир маҳкамага айланаёзди. Ўрдаға ариза билан мурожаат қиладирған ҳар ким, ҳатто расмий кишилар ҳам аввал маслаҳат сўраш учун Анварнинг ёниға келар эдилар. Кундузлари ўрда девонини бошқариш, эрталаб ва кечқурун ўз уйида хусусий кишиларни қабул қилиш, албатта, Анвар учун оғир эди. Аммо бу оғирлиқ бурундан сармунший бўлған кишининг устидаги қонуний вазифаси ҳисобланиб
1 Ёлғон
49


келганликдан кишиларни уйда қабул қилишға Анвар мажбур эди. Бу хусусда камбағалларнинг берадирган заҳматлари Анварга унча оғир тушмаса ҳам, беклар, уламо ва бойларники аксар чучмал ва машаққатли бўлар эди. Чунки камбағалнинг кенгаш сўраб келиши жуда муҳим ишлар устида, масалан: бир бекнинг қилған зулми устидан шикоят, жуда камбағал бўлғани учун солиқлардан дархонлиқ сўраш ва ҳоказо... Кейингилар эса, масалан: бир мударрис иккинчи мударрис устидан шикоят қилиб, бу тўғрида домла Ниёз Муҳаммад шоғовулбошининг қулоғиға андаккина тинғиллатиб қўйишни сўрар; бир закотчи иккинчи бир закотчининг хиёнатидан “холисона” шикоят қилар, бир савдогар ўзининг жуда фақирлиғидан ҳасратланиб, закотдан озод қилинишини сўрар; агар закотдан қутқазиб юборса, Анварнинг “кўнглини тўлатиш”ка ҳозирлигини ҳам билдирар эди. Анвар бу кейинги илтимосчилардан гоҳ аччиғланиб, гоҳ кулар, ҳар ҳолда бир неча дақиқалиқ ваъдалар билан уларни жўнатқунча эси кетар эди.
Бу сўнгғиларнинг ташрифлари Анварга қанча беҳузурлик берса, масдумга ўшанча мағрурият ва лаззат бағишлар, ҳатто Анвар ўрдада бўлған кезларда ҳам уларни меҳмонхонаға қабул қилиб, Анвар келгунча унга қанча сифоришлар ва аксар сифоришчиларнинг ўзларини тўплаб турар эди. Юқорида Сафар бўзчи билан воқиъ бўлғанидек, махдум ариза ва кенгашка келгучи косиб ва тўни эскилар ила чиқиша олмас, ўлгунча уларни ёмон кўриб, “мирзо бу кун келмайди, сиз билан гаплашишка фурсати йўқ, бемаъни бўлманг” каби гаплар билан камбағалларни эшикдан қайтаришға тиришар эди. Анварнинг бирарта камбағал билан “езилишиб” ўлтурганини кўрса, ичидан аччиғланиб “куллушайъин яржиъу ило аслиҳи... паст ҳамиша пастлигини қиладир... Сут билан кирган – жон билан чиқар, мақоли кўб тўғри сўз” деб ўйлар ва энсаси қотиб, четка қарар эди.
Махдум шу кунгача Анвар билан Раъноларнинг тўйларини қилишға шошилмасдан келар эди. Аммо бунда бир қанча сабаблар бўлиб, жумладан – Анварнинг Раънога қаттиғ боғланғанини яхши сезганлиги ва шунинг орқасида Анвардан “хотиржамъ”лиги эди. Шошилмаслиқнинг иккинчи, ҳам кучлик сабаби мумкин қадар тўйни узоққа чўзиб, шу воситада Анварни соғиш... чунки тўй қилиниб Раъно Анварга берилса, бу даромаднинг қатъиян кесилиш эҳтимоли бор эди.
Анвар бош муншийлик даражасини олғандан кейин махдум илгариги “сиёсат”ни яна давом этдириш ва этдирмаслик тўғрисиа иккиланиб қолди. Зеро, Анвар ҳозир бутун шаҳарга донғ тортқан, шаҳарнинг уламоси, ашрофи, бек ва бекбаччаси Анварни танийдир; Анварга мазкур олий табақаларнинг ҳар қайсиси ҳам ўз қизини бериб, куяв қилишға тайёр. Бас, шу ҳолда яна махдум эски тадбир билан амал қилса мумкинми?
Махдум ноилож сармунший бўлишни йигирманчи кунларида Нигор ойим билан кенгашиб, мирзо Султоналига мурожаат қилиш мажбуриятида қолди. Токи мирзо Султонали Анварнинг ризолиғини олиб берсин.
Анвар кечқурун ўрдадан қайтишға ҳозирланар эди. Хон аъёнларға рухсат бериб ҳарамга кирган, ўрданинг кундузлик ходимлари тарқалишиб, фақат кеча беклари, хон соқчилари, доимий ходимлар қолған эдилар. Энг кейинга қолиб Анвар билан Султонали мирзо ҳам ўрдадан чиқдилар. Уларнинг орқасидан ўрда дарбозаси ёпилди.
Султонали мирзо Анварнинг ташқи аҳволи билан яхши таниш бўлса ҳам унинг ички сиррига воқиф эмас, чунки Анвар хусусий ҳаёти, айниқса, Раънога алоқасидан ҳеч кимга оғиз очмас эди. Анвар мадум ҳавлисида туришини жойсизлиқдан я ёшлиқдан шунда ўсиб ўргангандан, деб юрған Султонали мирзо бу кун эрталаб ўз уйига келган махдумнинг сўзидан кейин бир оз ҳақиқатка тушунгандек бўлди. Айниқса махдумнинг ҳеч бир муқаддимасиз “Ожизамиз билан Анварнинг тўйларини қилмоқ ниятимиз бор эди. Шу тўғрида жанобингиз мирзо Анвардан тўйға урунишимиз учун бир калима жавоб олиб берсангиз” деб, тўғридан- тўғри фақат тўй вақтини белгилашни сўраши Султонали мирзога яна бошқа сирларни онглатқан эди.
50


Иккиси йўл бўйлаб сўзлашиб борар эдилар:
— Маним сўзимга кирсангиз албатта бир от олингиз, — деди Султонали мирзо, — айниқса, сизга энди пиёда юриш келишмайдир.
Анвар бояғича яна кулди.
— От минишнинг нима ҳожати бор, модомики, тайёр оёғ отимиз бўлғанда...
— Маъқул-ку, мендан сўнг яхши эмас-да.
— Ҳозир яхши эмас экан, — деди Анвар, — мен бу хизматдан тушкандан сўнг пиёда юриш
яхши бўладими?
— Нега тушар экансиз... Кўб йиллар шу вазифада қоласиз.
Анвар кулиб қўйди:
— Лекин, манимча, бир йил ҳам қололмасман... Агар оғам бўлсангиз, худодан сўрангки,
бўйнимға бирар бўҳтон ортилмай, азл қилинайин.
— Бўлмаған васвасаларга тушасиз, Анвар.
— Шаҳодат муфтингнизнинг афтига сира қарайсизми, шоирингизнинг пичингларини
пайқайсизми? Агар шу жониворлар мендан сармуншийликни тинчлик билан олсалар, ўзимни жуда ҳам бахтлик кишилардан санар эдим... Шунчалик зўр харидорлари турған бир замонда бу вазифани менга келиб тўхтағаниға ҳануз ақлим бовар қилмайдир... Бу воқиъа ё мени ўта бахтиёрлиққа ёки фожиъ бир фалокатка олиб борар. Сиз айтканча васвасамга, ёхуд бошқа бир бадбинлигимга биноан кейинги эҳтимол...
— На Шаҳодат муфти ва на шоирнинг қўлидан бир пуллик иш келса мендан домангир бўла берингиз, — деди Султонали, — сизнинг сармунший бўлишингиз ҳар ҳолда бир ҳақиқат эди. Негаки, кўб йиллардан бери хиёнат, иғво билан кун кечириб етти ёшлиқ гўдакнинг ҳам назарида икки пуллик обрўси қолмаған муфтининг сиррини ёлғиз менгина эмас, бутун шаҳар, ҳатто хоннинг ўзи ҳам биладир. Бас, бу жиҳатдан унинг ёрлиғ ололмаслиғи аниқ эди. Домла Бурҳон махдумнинг бўлса, шоғобул домла билан оралари бузуқ; агар хон ёрлиғни унинг исмига буюрғанда ҳам шоғовул домла ёзмас эди. Мундан бошқа домла Бурҳоннинг лоқайдлиги, девонхонани оср-уст қилиши бўладирған савдо... Шоир “Мадҳий”нинг бўлса яна аҳволи маълум; хонни махташ, ўзига ёқмағанни хажв қилиш, хотинбозлиқ, баччабозлиқ билан овора бир бетаъйин. Мундан ташқари, “Мадҳий”нинг ёрлиғ оломалиғига яна бир сабаб бор эдиким, бу сирни ўрдадан фақат биз бир неча кишиларгина билар эдик...
— Хўш?
— Буни сўраманг-да, кулманг.
— Хўш, хўш?
Султонали мирзо кулди ва товшини секинлатиб деди:
— Шоир ҳарамдаги канизларнинг бири билан алоқа боғлаған экан...
— Хўш, ундан сўнг?
— Бу ҳолни сезган иккинчи бир каниз хонни бу алоқадан хабардор қиладир. Хон канизни
ҳарамдан ҳайдаганидек, шоирни ҳам ҳузурига чорлаб, ўбдан оғиз-бўғзиға, ҳатто энасининг ўсма-сурмасигача қолдирмайдир... Шоир аранг тавба қилиб қутиладир.
Анвар кулди:
— Шунинг учун унга ёрлиғ берилмади, дейсиз?
— Албатта. Шоирнинг эси бўлса бўйини бошоққа узатмай, саройдан ҳайдалмаганига ҳам
шукур қилса бўлар эди. Бинобарин, сизнинг хаёлларингиз тамоман ўрунсиз. Яхши, ҳозир кўнмасангиз ҳам пиёда юриб зерикканингиздан кейин от минишка мажбур бўларсиз. Шунинг учун буни қўйиб турайлиқ-да, отдан ҳам зарурроқ масалага ўтайлик, масалан, бошингизни икки қилиш учун, албатта вақт еткандир, деб ўйлайман?
— Қаёқдағи гапларни топасиз, Султонали ака.
— Ҳазили йўқ. Уйланиш сизга ҳам фарз, ҳам қарз. Бунга қолғанда, албатта бир узр
51


кўрсаталмассиз.
Анвар кулимсиб қўйди:
— Уйланишни ҳам бекор бўлишғача тўхтатиб турсақ, дейман.
— Ана гап, — деди Султонали, — балки умр бўйи шу вазифада қолиб кетарсиз. Шу ҳолда
бутун умр хотинсиз юриш, хах-хах...
— Ким бир вазифада умр бўйи қолған бўлсин.
— Қолғанлар кўб. Масалан, Муҳаммад Ражаббек марҳум; Муҳаммадалихон замонидан бери
девон билан олишиб келар эди. Мен сизга жиддий айтаман: шаҳардан кимнинг қизини ёқтирсангиз ҳам биз олиб беришка ҳаракат қиламиз.
— Раҳмат...
— Чиндан сўзлайман, Анвар.
Анвар ярим жиддий Султоналига қаради ва унинг ўзидан жавоб кутканини сезиб:
— Хўб, мен бу тўғрида домла билан кенгашиб, сизга жавоб берайин, — деди.
— Бу кун эрталаб домла бизникига келган эди, — деди Султонали жиддий турда, —
домланинг сўз даромадига қарағанда, сизни ўзига куяв қилиш фикри борға ўхшайди. Сизнинг ризолиғингиз биланми, йўқми, бунисини билалмадим...
Анвар қизаринди. Жавоб бериш ўрниға “натижа?” дегандек қилиб унга савол назари билан қаради.
— Домланинг гапига қарағанда, бошқа тарафлар биткан кўринди, — деди Султонали давом этиб, — фақат ул маним воситамда тўйни бошлаш учун сиздан изн олғали келган экан. Мен бу тўғриға сиздан жавоб олиб бермакчи бўлдим.
Анвар кулди. Аммо бу кулиш унинг бояғи кулгуларидан тамоман бошқа, яъни бахтиёрлиқ кулгуси эди.
— Яхши, — деди Анвар ва ўн қадам чамаси сўзсиз борди. – Яхши, мен эртагача ўйлашиб, сизга жавобини бераман.
— Маъқул, агар бу кун домлаға учрашсам, жавобни эртага оламан деяйми? — Албатта.
— Хайр, худонинг паноҳига, Анвар.
— Хўш, Султонали ака.
Иккиси ажралишдилар.