ИФЛОС БИР МОЗИЙ
Имомнинг таъби жуда сустланди. Шом ва хуфтан асноларида ҳам ҳеч ким билан сўзлашмади. Сафар бўзчининг “Бухоройи шарифда неча йил ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага имом бўлдингиз. Худой бермаса шундай бўлади, тақсир” деган сўзи заҳарли ханжар каби унинг юрагида янгидан-янги жароҳат очар эди.
Дарҳақиқат, Сафарнинг бу сўзи имомнинг эски жароҳатини мудҳиш тузлаб ташлади. Бу жароҳат шу кунгача ичдангина фасодланиб юрған бўлса, бу кун Сафар бўзчи каби бир “бемаъни” бу ярани раҳмсиз суратда ёриб юборди. Самад бўқоқ ва Шукур сўфи каби бемазалар олдида имомнинг ўбрўсини тўкди. Бу бир ёқдан. Иккинчи тарафдан Сафарнинг “ул бўлса, мадраса кўрмасдан мирзоларнинг мирзоси бўлмоқчи...” жумласи яна дард устига чипқон. Яъни имомнинг ҳасад ўти тўрт томондан пуфланди, гўё ул икки олов ўртасида қолғандек бўлди.
Анварнинг бош муншийликка ярамайдирғанлиғини, илмсиз, фазлсизлигини нега бунча исбот қилишға тиришди? Сафар бўзчи каби бир “аблаҳ” билан баҳслашиб, ўзига нега бунча хафалик орттирди? Гарчи, Анварга холис қиймат бермакчи бўлғанида ҳам буни Сафар каби илмсиз, нодон бир кишига тушундирмоқ учун қандай ҳожат бор эди? Бунинг сабабини сўзлашдан илгари имом афандининг ўткан тарихиға бир оз кўз ташлаб олишға мажбурмиз. Чунки бусиз ўқуғучимизни таъмин қилиш мумкин эмасдир.
Ҳозирғи имомимиз – мулла Абдураҳмон мундан йигирма йиллар муқаддам, қисқағина, аҳамиятсизғина “Раҳмон” исми билан аталар эди. Абдураҳмоннинг отаси уламо наслидан, аммо бу шараф нима сабаб биландир, унинг отасиға насиб бўлмаған, бироқ Абдураҳмоннинг амаклари ота касбини ушлаб таҳсил кўрган жойлари Бухорода катта мударрислардан саналар эдилар. Абдураҳмон ёш бола экан, отаси ўлиб, онаси ва ота томонлари тарбиясида қолди. Ўн беш ёшларғача Солиҳ махдум мактабида савод ўқуғач, мударрис амакларидан Бухорои шарифка келиб таҳсил қилишға даъват хати олди. Хатда Абдураҳмоннинг бобо касблари уламолиқ эканини, шунинг учун бошқа касбларга уриниб умрини зоеъ қилиш абаслиги1, ўз тарбияларида таҳсил кўриш лузуми сўзланар эди. Бу даъват Абдураҳмоннинг онасиға ва бошқа яқинлариға жуда маъқул тушиб, уни Бухороға жўнатиш қарориға келдилар. Абдураҳмон ҳам истиқболдағи мударрис, муфтилик ширин хаёллари ичида Бухороға сафар қилди.
Катта амак Бухоронинг “Хўжа Порсо” мадрасасининг мударриси бўлиб, Абдураҳмон шу кишининг тарбиясига келган эди. Абдураҳмон силлиққина бола, мадраса муллабаччалари албатта шундай силлиқ болаға ўч... Шунга биноан домла мударрис гарчи мадрасадан ҳужра бериш мумкин бўлса ҳам мазкур ишончсизлиқ мажбуриятида Абдураҳмонни ўз меҳмонхонасиға жойлаштирди. Шу ҳолда Абдураҳмон таҳсил бошлади.
Домла мударрис “замона бузуқлиғини” назарга олғани учун Абдураҳмонни ҳалиги тўғрисида жуда қаттиғ назорат қилар эди. Бироқ, домлаларнинг бундай бузуқлиққа қарши бора олишлари мумкинми эди? Уларнинг ўзлари шу “маҳрам” балосиға гирифтор, яъни бузуқлиққа манбаъ бўла туриб ҳам яна “замона бузуқлиғи”дан шикоят қилишлари ўша вақтлардағи “мадраса мантиқи”ға ҳеч бир баҳссиз сиға олур эдиким, бу тўғрида менга осила кўрмангиз. Кишининг боласини бузиш ҳар бир салласи муаззам, илми “фавқалодда”, ўзи “варасатул- анбиё”2 саналған зотлар назарида ва виждонида маъфу, аммо ўз ўғлиға бошқалар ўшандоғ
1 Бефойда
2 Пайғамбарлар авлоди
36


ҳайвонликни қиладирған бўлса: “Замона бузуқ, эҳтиёт шарт!”
Шу йўсун домла мударрис буродарзодасини яхши эҳтиёт билан, ҳатто шомдан кейин
дарбозага қулф солиб тарбия қилар, мадрасадаги оти ёмонға йиртилган хоҳ ёш, хоҳ кекса умуман, талабалар мажлисига яқинлашдирмас эди.
Киши аввало моххов ёки пес бўлмасин: бўлдими, бетдан бўлмаса – елкадан, қўлдан сув очмаса – оёқсан, ҳар ҳолда оқаберадир. Шунга ўхшаш жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига1 шу касал сироят2 қилмай қолмайдир. Домла мударрис буродарзодасини мадраса муллабаччаларидан ҳар қанча эҳтиёт қилса ҳам, яна амният3 остида эмас эди. Мадрасадан ташқарида ҳам Абдураҳмонни кўз остиға олғучи “муллабаччалар” йўқ эмас эдилар, масала четларнинг кўз олайтиришиға етканда, табиъий, домла мударриснинг қўлидан ҳеч иш келмай қолди.
Домла назоратни эскича давом этдириб, хотиржамъ юрғанда бир неча жувонбоз савдогарлар Абдураҳмон билан алоқа қилиб қўйған эдилар. Домла мударрис эрта-кеч Абдураҳмонни кўз ўнгидан юбормас, хуфтандан кейин дарбозага қулф солар, Абдураҳмонни меҳмонхонада ётқузиб, сўнгра ўзи ичкарига ухлағали кирар; зиёфатка бориладирған бўлса, ўзи билан бирга олиб юрар эди. Яна шу ҳолда Абдураҳмонни қандай қилиб буза олсинлар? Тассуф, бузған эдилар. Баччабозлиққа махсус ҳунар ва найранглар ижод қилған омилкор савдогарлардан бир нечаси “Абдураҳмонча”ни йўлдан оздирған эдилар.
Домла мударрис хотиржамъ ичкарига ухлағали киргандан кейин меҳмонхонанинг кўча томон даричасига кичкина бир кесак тиқ этиб тегар, гўё ешиниб ётқан Абдураҳмонча бу ишорадан сўнг туриб кийинар ва секингина даричани очар эшик очилған кўчадан бир ўрим арқон тўп этиб меҳмонхонаға ташланар эди. Абдураҳмонча арқоннинг бир учини меҳмонхонанинг дарчасига боғлаб, иккинчи учига ўзи осилиб кўчага тушар, арқонни бўй етарлик қилиб яширғач, нарида кутиб ўлтурган “одам ўғриси” билан бирга базм ўрниға жўнар эди. У ерда бўлса беш-ўн “ошиқлар” Абдураҳмончани келиши он билиттифоқ “Бухоро амирлиги”га кўтариб, амру фармониға итоат қилурлар:
“Мулла Абдураҳмонжон, жаноби олий, гарам, аз сарашон гардам, балонгни олай!4” каби мадҳу саноларга “Абдураҳмонча” ҳар бир ишни ўз тилагича юритар: май учун соқий бўлар, заифона кўйлак, лозим ва бошиға кокил кийиб ўн олти ёшар қиз суратига кирар; чойға лабини тегизиб “табаррук” қилар; дутор, танбурга йўрғалаб ўюнчи бўлар; бошидағи кокил билан “ошиқлар”ни раҳмсиз чамчилаб ситамгар ва золимга айланар, энг охирда... Қисқаси бу бобдаги бор чорамиз учун ҳам ярарлиқ ҳолға келган ёки келтирилган эди.
Уч йилгача шу йўсун “ошиқлар” кўнглини овлаб келиб, бир кун сир очилиб қолди. Домла мударрис бу номуска чидалмай Абдураҳмонни ўз уйидан қувлади. Абдураҳмон тавба қилиб, домла мударрисдан лоақал мадрасада туришни сўради. Восита-васоит билан изн ҳосил қилиб, мадрасада истиқомат қила бошлади. Энди ишрат навбати мадраса жигар сўхталарига5... Икки йил чамаси мадраса афроди6 орасида чандир каби саккиз тарафдан тишланиб юрғандан кейин соқол-мурти чиқиб ҳусн сармояси заволга юз тутди ва кундан-кун “бозор касодланиб” харидор озайди. Абдураҳмон уч йил бўйи савдогарлар орасида “ахлоқ тузаткан” бўлса, яна икки йил мадрасада туриб тузалган ахлоқни “камолотка” эришдирди. Шунинг учун анвўи эркаликка, неча хил мукайифотка, ранг-баранг “иззат, ҳурматка” ўрганган кўнгли бу харидорсизлик балосиға туз сепкан ярадек ачир эди. Кўбни кўрган бу кичик бош баъзи уят найрангларга ҳам уриниб кўрар, масалан “вақтсиз чиққан” соқол-муртларини мўйчинак билан териб, ҳар кун ўн
1 Кимса
2 Таъсир
3 Тинчлик
4 Айланай, бошингча жоним фидо, дардингни олай 5 Ошиқи беқарор
6 Шахслар
37


қайта ойнага қарар, янги харидор топиш мақсадида кун сайин бозор-раста, кўй-гузарлар сайрига чиқар эди...
Маълумдирким, дўндиқчалар аввало оқчаси кўб, бел оғриғи кўрмаган бойларға насиб бўлурлар. Улар зерикиб ташлағач, ўрта ҳол “ташна”лар домиға тушарлар. Соқол-мурти чиқиб давангиликдан1 хабар келгач, уcунчи табақа, яъни бўйи йўғон, ғўлабурлар истифодасига кечарлар. Шунга ўхшаш бизнинг Абдураҳмон ҳам мўйчинак ушлаган даврида шу учунчи табақа – чойхонанишин, тавкаргир2 ва бобойи банглар орасидан ўзига замин топди. Унинг бу учунчи давридаги аҳволини ёзишға қалам маъзурдир. Шу йўсун бу кейинги табақа орасида ҳам уч йил чамаси иш кўргач, ажойиб бир дунёдийда, мисли озшалоқ, ҳамма шароитлари билан мадрасалик бир безори ва чапан ҳолда баччалик даври билан видўлашди. Чунки, башара нонға чумоли ёпишқандек соқол-мурт билан тўлиб, мўйчинакка сўз берарлик бўлмади.
20. ХУШЁРЛИҚ
Ҳозир Абдураҳмон ўзининг яқин мозийсида усти ширнига беланган от тезакдан бошқа бир нарса кўрмаганидек, истиқболида ҳам эпақалиқ бир ҳол тасаввур қилолмас эди. Бир неча ойлар ниҳоятда руҳсиз, кайфсиз ва дарсига ҳам ҳавсаласиз давом этиб юрди. Гўё бу кунларда бениҳоят ичкулукдан сўнг бош оғриғи даврини кечирар эди. Шу йўсун кўб вақт руҳий хасталиқ кечириб кутилмаганда жонланиб кетди. Яъни “Ақоид”нинг шарҳига яхши тушуниш учун беш бармоғини оғзиға тиққандек енг шимарди.
Юқоридағи руҳ тушиш даврида ул мозийсидағи каби эркалик, амру фармон ва шуҳрат учун қайғирган, кўб бош оғритиб эндиги шуҳратни мўйчинак истеъмоли билан эмас, балки ақоид, шарҳ ва ҳавоший3 воситасида топмоқчи бўлған, яъни фарди ғоясиға4 диний олимлиқ либосини кийдириш фикрига келган эди. Беш йил “ғоя” учун қаттиғ берилиб, рутубатлик ҳужрада захлаб, саломатлиги учун умр бўйи аримайдирған ориғлиқ, рангсизлик ортдириб йигирма саккиз ёшида “хатми кутуб” қилишға муваффақ бўлди. Беш йиллиқ ўзгаришдан сўнг домла мударрис Абдураҳмоннинг эски гуноҳларини кечирган эди. Ўз ёнидан бир мунча сарф этиб, Абдураҳмон учун хатм тўйи қилиб берди.
Мулла Абдураҳмон Қўқон сафарига ҳозирланар эди. Кўнгли Қўқонда ўзини кутиб турған уламолиқ шуҳратига; муфтилик, қози ва аъламлик мансабига ошиқинар эди. Унинг фикрича, Қўқондағи қариндош-уруғлар ҳам ёш олимнинг истиқболиға ҳозирлик кўргандек эдилар.
Шу йўсун ошиқлар ёр васлига ошиққандек мулла Абдураҳмон ҳам ўз шаҳрига елиб-югуриб етди. Ул ўйлағанча истиқболға бутун Қўқон кўчиб чиқмаса ҳам, қариндош-уруғдан уч-тўрт киши, маҳалла кексаларидан иккита савобталаб чол дарбоза ёнида кутиб олдилар. Бу соддача истиқбол қилиниш Абдураҳмоннинг Бухорода туриб қилған ширин хаёлиға биринчи зарба эди. Уйига бориб тушти. Бир неча кунгача фотиҳахонлиқ, ҳордиқ чиқариш маросимлари давом этди. Лекин бундан ҳам қаноатлана олмади, билъакс, жини отланди. Чунки зиёрат қилғучиларнинг аксариси мертуқ-сертуқ қавму қариндошлар, узоқ-яқин кўз таниш мадраса талабалари ва бир неча маҳалла имомлари бўлиб, ул куткан асосий моялар5, яъни мударрис, пешволар, муфти- уламолар ва бекбекзодалар, бообрў ашроф ва боёнлар зиёратчилар орасида ақалли кўз оғриғи учун ҳам кўринмадилар. Бу иккинчи зарба эди.
Зиёрат қилишға “қўли тегмаган” баъзилар узр мақомида ўз уйларига “махсус зиёфат” билан чақирарлар, деб кутди. Бахтка қарши, бу умид ҳам бўш чиқди. Бир неча қариндошларнинг
1 Ўсмирлик даври
2 Қиморда ютуқдан чўтал олувчи
3 Ҳошиялар, бирон китобнинг шарҳига берилган шарҳ 4 Аллоҳнинг бирлигини англаш ғояси
5 Аслзода
38


титраб-қахшаб қилған зиёфатлари билан “уйдан уйга ўтиб неъматлар ичида сузиб юриш” хаёли ҳам “бир хаёл” бўлиб қолди. Бу учунчи зарба эди.
Бир ой ўтмай қавму қариндошларнинг-да зиёфатлари ниҳоятига етиб, бева онасининг туппасига қаноат этишка мажбур бўлиб қолди. Бухорода ўйлағанча бирар мадрасанинг мударрислиги ёки бу топилмағанда мукаррирлигигина эмас, ҳатто нариги маҳалланинг имоматини олиш ҳам қийин келди. Ўзидан икки маҳалла нарида бўлған ҳозирғи масжид имоматига таъйин қилмоқчи бўлған эдилар, бунга ҳам мониъ чиқди; мулла Абдураҳмон алҳол суннатни бажо келтирмаган, яъни, уйланмай, тарки суннат қилған кишининг имоматида нуқс бор, дейишиб, маҳалладаги баъзи тақводорлар эътироз қилдилар. Шундан кейин бир неча ёр- дўстлар, тўй чиқимини ўзаро устларига олишиб, уни уйландириш фикрига туштилар. Бухородағи “хаёллар” зеру забар1 бўлған ҳолда, мулла Абдураҳмон уйланиш шарти билан ҳалиги маҳалла имоматига ўтди. Ҳозир шунчалик паст ишка ҳам бўйин эгиш зарурати бор эди...
Мулла Абдураҳмоннинг совчилари ибтадаан2 Солиҳ махдумнинг қизи – Раъно учун бордилар. Чунки Раънонинг ҳусни бу даҳада машҳур, ундан кейин Абдураҳмоннинг ўзи Солиҳ махдумда савод ўқуб юрған фурсатда ёш Раънони кўрган, учунчидан – ёш олим кекса домланинг қизига уйланса яна бир ҳусн бўлар эди. Айниқса, мулла Абдураҳмон ҳануз Раънонинг эрга берилмаганлиги хабарини эшиткач, бу тасодифни истиқболининг хайрлик фоллари сирасига киритди. Раъно бу ўн йил ичида яна етилган бўлса керак, деб тўйни кутмаёқ унинг хаёлий сиймосини қучоқлай бошлади. Мактабдор домлаларға қарағанда ўз илм ва мартабасини аллақанча юқори қўйғанлиқдан, Солиҳ махдумнинг қулоқ қоқмай домод қилишиға ишонар ва бу кунми, эртами, Раънони чиндан оғуш этиш учун ошиқар эди. Лекин тақдир бунда ҳам уни алдади. Совчилар Нигор ойимдан бўлмаған узрни олиб келдилар: “Қизлари ҳали ёш эмиш, энди ўн икки ёшқа кирган эмиш...”
Мулла Абдураҳмон хотинлар сўзига ишонмай Солиҳ махдумнинг ўз олдиға маҳалладан бир- иккита кексани совчи қилиб юборди. Бу совчилар ҳам яна аччиғроқ жавоб билан келдилар. “Солиҳ махдум қизини ўрдада мирзолик қиладирған Анвар исмлик бир йигитка фотиҳа ўқуб қўйған экан. Фотиҳа қилмағанда, албатта сизга берар экан, кўб афсус чекти”.
Бу жавобдан кейин Абдураҳмоннинг дами ичига тушиб, ўз тақдириға лаънат ўқуди. Аммо кўнглида Раънони оладирған Анвар исмлик йигитка қарши бир кек туғилди. Бу жавоб чиндан тўғрими, найранги йўқми, деб ўрдада хизмат қиладирған Анвар отлиқ мирзони сўраштирди. Тўғрилиғини билиш устига ҳатто бу Анварни кимлигини ҳам хотирлади: ўзи Бухороға кетар олдида Солиҳ махдумнинг мактабида ўқуб юрған ўша ятим бола эмиш. Уч-тўрт йиллардан бери ўрдада мирзолиқ қилиб, неча тилло моҳона олар эмиш... Бу сўраштириб билишдан кейин Абдураҳмоннинг ичи яна ёниб кетди; Бухорода хатми кутуб қилиб келган бир “олим”, ақалли бир маҳалла имоматига хархашасиз ўталмасин-да, унинг харом тукига арзимаган бир бесавод ятим ва баднажот исқирт ўрдадан фалон тилло вазифадор бўлсин ва шу туфайлда Раъно каби бир қизни ҳам ўзиники қилсин: бу айниқса киши чидарлик гап эмас эди...
Мулла Абдураҳмон бутун камолатини ишка қўйиб, имомат ва хатибликка шуруъ3 қилди. Ҳар кун қавмлариған амри маъруф, наҳйи анилмункар айтиб, хусусан, ҳар хафта жумъа куни амри маъруфни кенгроқ доирада юритиб, кўбларнинг кўнглини эритишка муваффақ ҳам бўлди. Изҳори фазл ниятида қилинған бу кўз бўяш кўбларнинг диққатини ўзига жалб этиб, ҳатто унинг амри маъруфини тинглаш учун жумъа кунлари чет маҳаллалардан оғиб, кишилар кела бошладилар. Бу муваффақиятдан чатнаёзған мулла Абдураҳмон кучангандан кучанар, айниқса, орада хонға тегишлик ҳукуматдор бекларданкўриниб қолса, жаннат ва жаҳаннам устидаги
1 Остин-устун
2 Дастлаб
3 Ишга киришиш
39


масалани дарҳол хонға итоат, бекларга ҳурмат билан айрибошлаб олар эди. Ҳаммабоп бўлишға қарағанда, айниқса, хонбоп бўлишға тиришар эди. Унинг бу жонбозлиғи бошқа тўғриларда бирар амалий натижага эришмаса ҳам, фақат бир важида ниҳоятда яхши самара берди. Унинг “дарёи фазли”га мафтун бўлған савдогарлардан бири қиз қариндошини бериб ўзига куяв қилди. Яхши оилага куяв бўлғанидек, шаҳардаги бошқа давлатмандлар билан ҳам алоқа бғлади ва уларнинг зиёфатлари воситасида баъзи мадрасаларнинг мударрислари, мукаррирлари билан ҳам танишди, қисқаси, бир оз бурни кўтарилаёзди. Фақат энди ўрдаға яқинлаша олса... Аммо ҳануз бу муяссар эмас-да.
Имомнинг кўнгли Анвар қаршисиға озғина кирлик эканини ўқуғучи юқоридан онглади. Унинг кўнглидаги шу озғина кир Анварнинг кўтарилишига тинчсиз эди.
— Нодон Анвар ўрдадан қувланиш ерида сармуншийлик маснадига минмакчи.
Холис муҳокама кўпинча муҳокама бўлиб қоладир. Аммо ғаразлик фикр аксар сўзлагучини шарманда қиладир. Шунга ўхшаш, мулла Абдураҳмон ҳам муҳокамасига озғина ғараз аралаштириб, Сафар бўзчининг аччиғ ҳақоратиға ҳадаф бўлди.
Шундай, ул Анварга кекли эди. Шунинг билан бирга Анварга қарши амалда бир иш қилиш кучидан ҳам маҳрум эди. Балки сиз “енди Имом афанди уйланиб олибдир, Раънога эҳтиёҳи қолмабдир, бас, шу ҳолда кек сақлашға қандай мантиқ бор?” дерсиз. Бу жуда содда муҳокама. Аслида бу кек Раъно билан бошланған бўлса ҳам, ҳозирда доирани бошқача ушлаган. Масалан дейсизми? Масалан, Сафар бўзчи жуда билиб сўзлади: “Сиз шунча йил Бухорода ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага бир имом бўлдингиз, ул бўлса...”
Битишка маҳкум бўлған кекни мана шу “неча йил Бухорода ўқуб келганлик ёки Бухороға бормаса ҳам кимсан фалоний бўлғанлиқ” сақлаб турар эди. Агар сиз содда бўлсангиз, масалага Сафар бўзчи каби қараб “худой берса шундай” дерсиз, яна гапга тушунмассиз. Абдураҳмон каби кишиларнинг табиъатига тушуниш албатта қийин ва тушунмаган маъқул.
21. ЁРЛИҒ БЕРИШ МАРОСИМИ
Ёрлиғнинг кимнин исмига ёзилғанлиғини эрталабданоқ ўрдада ҳар ким сезиб қолди. Девонда эски одатича ўз ишини қилиб ўртурғучи Анварнинг ёниға дам-бадам мирзо ва ғайри сарой ходимлари келиб, оҳистағина уни табрик этиб кетар эдилар. Анвар табрикларга илтифотсиз, оддий вазиятда, хонға эшитдирилиши зарур, атроф ҳокимларидан бу кун келган нома ва аризаларнинг муҳимини аҳамиятсизидан ажратиб, худайчига топшириш учун тайёрлар, баъзиларини биринчи хонада олдиға довот-қалам қўйиб дафтар устида ўлтурган мирзо, муфтиларга ҳавола қилар эди.
Сармунший хонасида Анвардан бошқа яна икки номанавис бор эди. Бу иккиси қоғозға михлангандек гап-сўзсиз савағич қаламни қирр-қирр қоғоз устида юритиб турар эдилар. Бу қовоқ-тумшуғи осилиб кетканларнинг биттаси Шаҳодат муфти бўлиб, номзади хонға манзур қилинғанлардан эди. Иккинчиси шоир “Мадҳий”нинг сармунший бўлишини орзу қилған Калоншоҳ отлиғ яна бир пешқадам мирзо эди.
Биринчи хонадаги ўн бешка яқин мирзолар ҳам турлиси турли вазиятда: Султонали мирзоға ўхшағанлар ер остидан ёнидағисиға кулим муомала қилар ва баъзилари Шаҳодат муфти каби тўнини бескари кийиб олған кўринар эди. Анвар ёнидағиларнинг бу ўзгаришларидан сиқилғансумон ҳар бир аризани кўриб чиқиш ораси уларга қараб олар эди. Қаршисидағи иккиси гўё мум тишлаған каби сўзсиз эдилар.
— Бу кундан мени мазох қилиб бошладилар, — деди ниҳоят Анвар, — гўё мен сармунший бўлар эмишман...
Шаҳодат муфти савағич қаламини довотка бир-икки тиқиб олғач, кўзи қоғозда экан, жавоб берди:
40


— Бўлсангиз ажаб эмас...
— Йўқ, — деди Анвар ариза буклаб, — сиз қишлоқда бўлғанингиз сабабдан келгунингизча ишлар тўхтаб қолмасин деб вазифамдан ташқари ишларга уриндим. Эртадан бу вазифани ўзингиз олингиз, тақсир, мен бу мазохларга чидай олмайман.
Шаҳодат муфти қарийб бутун кўкрагини ёпқан баҳайбат мошгуруч соқолни қалам билан таради.
— Мазох бўлмаса керак, — деди билинтирмайдиган энтикиб, — алҳол ёшсиз, муҳафазангиз бутун, зерикиш сизнинг учун айб бўлади... Биз энди бу ишни кўб қилиб зерикканмиз...
— Албатта, — деди муфтининг ёнидағи Калоншоҳ мирзо кўзини қоғоздан олмаған ҳолда, — мазохларга қулоқ солиш керак эмас.
Анвар табрикларни бир қадар ҳақиқатка яқин кўрар эди. Аммо уларга “мазох” деб таъбир қилиши, ўзини маълум ўнгғайсизлиқдан қутқариш ва уларга ҳам енгиллик бериш учун эди. Бироқ Калоншоҳ мирзонинг кейинги сўзи яна уни эзиб, очиқдан-очиқ бўлған бу адоватка қарши қандай муқобала қилишдан ожиз келди. Шу ҳолда биринчи хонанинг даҳлизидан худайчи кўринди ва турған жойидан Анварни чақирди:
— Мирзо Анвар!
Анвар, худайчи учун ажратқан аризаларни қўлиға олиб ўрнидан турди:
— Аризалар тайёр... Ҳузурингизга чиқармоқчи бўлиб турған эдим.
Худайчи бошини чайқади:
— Аризаларни ҳозирча қўйиб турингиз, — деб ерга ишорат қилди, — ўзингиз мен билан
бирга келингиз.
— Қаёққа, тақсир?
— Ҳузури муборакка.
Мирзолар бир-бирларига қарашиб олдилар. Шаҳодат муфти бўзрайиб ҳамроҳига қаради.
Анвар эса қўлида аризалари билан ҳайрат ичида эди. Даҳлизда уни кутиб турған худайчи яна танбеҳ қилди:
— Мен сизга айтаман, Анвар.
Анвар, қўлидағини ўз жойиға қўйиб худайчи орқасидан чиқди. Хон тахтда эди. Ўнг тараф курсида Абдураҳмон офтобачи1 ва сўлда шоир мулла Ниёз домла қўл боғлаб ўлтурар эдилар. Биринчи хонадан Худоёр ҳузурига кирадиган эшикнинг икки ёнида ойболта кўтарган икки жаллод сурат каби қотқанлар, улар қаторида хон улуғлари – аъён ва сарой беклари чизилишиб ўлтурғанлар эди.
Худайчи “ҳузури муборакка” таъзим қилди... — Чақирдинғма? – деди хон.
— Тақсир.
— Изн берамиз.
Худайчи қуллуқ қилған кўйи орқаси билан юриб, биринчи хонанинг даҳлизига келди ва даҳлизда кутиб турған Анварни “ҳузури муборак” сари йўлға солди.
Анвар “ҳузури муборак”нинг эшигида тўхтаб, таъзим адо қилди ва унинг ёнидағиларға ҳам ярим таъзим ишорасини берди.
— Ишларинг яхшима, мирза? – деб сўради хон.
— Дуолари баракасида, қиблагоҳ, — деди Анвар.
Хон мулла Ниёз домлаға қаради:
— Бу жигит бизнинг мирзалар орасида ўбдан кўринади, — деди. Домла Ниёз ўрнидан қўзғалиб олди.
— Файзи шоҳаншоҳий.
1 Машҳур офтобачи – Мусулмоқулнинг ўғли (муал.)
41


— Мен бу жигитни мирзабоши қилмақчи бўлдим, — деди хон ва тизаси тегидан бир қоғоз олиб, домла Ниёзға узатти, — уқунғ, домла.
Домла Ниёз ўрнидан туриб, қоғозни олиб ўпди, Абдураҳмон офтобачи ва унга эргашиб биринчи хонадаги аъёнлар баробар ўрунларидан туришдилар.
Домла Ниёз турған кўйи ёрлиғни ўқуди:
“Ба исми субҳонаҳу. Анруллоҳи фаризатун ва амруно вобиж1. Бизким Фарғона мамлакатининг хоқони султон ибни султон, аъни Сайид Худоёрхон сўзимиз: Жулуси солисамизнинг2 учунчи санаси мутобиқи3 1287-нчи ҳижрия моҳи сафарнинг 25-нчиси, ушбу ёрлиғимизни бердик хўқандлик мулла мирзо Анварғаким, мазкур мулла мирзо Анвар бинни Салимбой саръи шариф узра устивор туруб, амримизга инқиёд4 этиб девонбеги унвон дигар садри муншийлик умури5 вазойифаларимизни кама янбағи6 адо қилғай деб. Адойи ҳадама7 асноси биз амири вазифа мутлақалъинон8 дорус-салтананинг ҳаққи шаръийсиға хиёнат қилишдин ижтиноб9, адолатимиз ойинасини даноат10 ғубороти бирлан халалдор айлашдин парҳез, арзи доди фуқаромиз суръати истимоъида11 иҳмол12 ва сустлик кўрсатмай интишори13 адолатимиз кўшишида субҳи шом машғул ва мабзул14, диққат ва эътибори том қилғай деб ва яна мазкур исмига ёрлиғ мактуб бўлмиш итоатига афроди девонхонамиз маъмурлар деб, муҳри шоҳонамиз бирлан ушбу ёрлиғни таъкид ва тақрир15 этдик”.
Домла Ниёз ёрлиғни тугатиб, қоғозни манглайиға кўтарди ва икки қўллаб Худоёрға узатди.
Худоёр ёрлиғни олиб қаршида бош букиб турған Анварга ишорат қилди. Анвар югуриб келиб, ёрлиғни олиб ўпти ва уни салласига санчиб, орқаси билан юриб, илгариги ўрниға бориб тўхтади.
Домла Ниёз Анвар тарафидан дуоға қўл очти.
— Давлати шаҳаншоҳи рўз-барўз афзун, душманови амир-ал-мўминини сарнигун бошад. Оллоҳи таоло сояи зиллаллаҳиро, аз сари раиятон кам накунад16...
Ҳудонавдо, бигардоний балоро, Зи офатҳо, нигаҳ дорий ту моро. Ба ҳаққи ҳарду гисўи Муҳаммад, Забун гардо забардастони моро17.
Дуо асноси айниқса биринчи хонадаги аъённинг йиғи ва риққат оҳанглик “омин, омин” садолари “ҳузури муборак”ни титратди. Дуодан кейин худайчи икки тўн келтириб, кимхобни
1 Аллоҳнинг амри фарздир, бизнинг амримиз вожибдир 2 Тахтга учинчи марта ўтириш
3 Мувофиқ
4 Бўйсуниш
5 Ишлар
6 Талаб даражасида
7 Хизматларни бажариш
8 Ўз-ўзига мустақил
9 Четланиш
10 Пасткашлик
11 Эшитиш
12 Эътиборсизлик
13 Ёйилиш
14 Бағишламоқ
15 Қарор
16 Шаҳаншоҳнинг давлати кун сайин кўпайиб, амирал-мўъмининнинг душманлари йўқ бўлсин. Аллоҳ таоло худо
соясини фуқаро бошидан кам қилмасин.
17 Эй худо, сен балоларни қайтарғучидирсан, Офатлардан бизни сақлағучидирсан. Муҳаммаднинг икки кокили ҳурматига, Бизга ғолиб келгучиларни забун қил. (муал.)
42


домла Ниёзга ва қора бахмалдан тикилган мирзабошилиқ хилъатини Анврга кийдирди. Кимхобни кийиб олғач, мулла Ниёз “саховатда Хотамитойдан, адолатда Нўширвони одилдан” ортиғроқ ул жанобнинг ҳаққиға яна янги дуо ва санолар тўқуди, гўё “амирал-мўминин”ни кўмди ва ўзи ҳам қайнади. Бундан сўнг маросим итмомига етиб, Анвар секин-секин орқаси билан юриб биринчи хонага ва ундаги аъённинг табрикларига кўмилиб, даҳлизга чиқди.
Анвар девонхона саҳнига етканда ичкаридаги каттадан кичик мирзо, муншийлар янги бошлиқларини муборакбод қилғали ўрунларидан қўзғалдилар. Ҳозир баъзиларининг устида бояғи “онглашилмовчилиқлар” гўё бўлмағандек, ҳатто мулла Шаҳодат муфти ҳам ҳеч нарсани кўрмагандек, ўз умрида биринчи мартаба Анварнинг ҳурматига ўрнидан турди.
— Муборак, муборак! Боракалло, мирзо Анвар! – деди.
Баъзи муншийлардаги ярим соатлиқ бу ўзгаришдан таажжуб қилинмасинким, бунинг сабаби оддий ва очиқдир. Сармунший – демак, агарчи соқоли кўксини тутқан Шаҳодат муфти кабиларнинг бўлса ҳам хўжасидир. Шу соатдан бошлаб уларнинг тақдири шу бир кишининг қўлидадир.
Анвар самимий ва риё аралаш табриклардан анча ўнгғайсизланған эди. Бошидағи ёрлиғни қўлиға олиб, ўз-ўзидан таажжубланганнамо атрофидаги мирзоларға қаради:
— Жанобнинг амирлари билан, — деди Анвар уларга хитобан, — энг оғир ва жавобгарлик бир хизматни ўз устимга олишқа мажбур бўлдим. Бу мажбуриятим ўзимга эътимод қилғанимдан эмас, балки сизнингдек оталарим, оғаларимға такягоҳ деб ишонғанимдандир. Ўйлайманким, бундай мажбуриятда қолған бир укангизни албатта ерга қаратмассизлар ва ундан марҳаматларингни аямассизлар... Мен сизларнинг сояларингизда тарбияландим, менга ўз шогирдларингиздек муомалада бўлиб келдингизлар. Бу кун мен расман сизларга бошлиқ бўлиш мажбуриятида қолған эканман, яна ҳеч аҳамият йўқдир. Мақсад: мундан кейин ҳам менга кечаги Анвар каби такаллуфсиз муомалада бўлишларингиз ва ҳурматлар билан мени ранжитмасликларингиздир. Чунки содда муомала яқинлиқ ва меҳрибонлиқ белгисидир.
— Бу кунгача биз сизни марҳум мулла Муҳаммад Ражаббекнинг шогирди бўлғанлиғингиз учун эҳтиром қилмадиқ, — деди жавобан Султонали мирзо, — балки сизнинг истеъдодингизни ҳурмат қилдиқ. Мундан сўнг ҳам бош мирзолиғингизни эмас, мирзо Анварлиғингизни эҳтиром қилармиз.
Мулла Шаҳодат муфти ер остидан Султоналига хўмрайиб қаради ва нос отиб ўз жойиға бориб ўлтурди.
— Сиз ҳамиша мени муболағангиз билан уялтирасиз, мулла Султонали ака, — деди Анвар. – Агар менга ҳурмат лозим бўлса, муболаға билан эмас, яна такрор айтаман, бир қариндошингиз қаторида такаллуфсиз муомала қилиш билан бўлсин.
Фотиҳадан сўнг ҳар ким ўз ишига ўлтурди. Анвар ҳам бахмал тўнни еша бошлаған эди, ёниға Султонали мирзо келди:
— Анвар, сиз уйга борсангиз яхши эди.
— Нима учун?
— Ёрлиғ олғнингизни хабар қилиш учун шаҳарга ҳозир жарчи чиқар. Уйингизга сизни
муборакбод қилғали кишилар келса...
— Аввало меним уйим йўқ. Ундан кейин мени муборакбод қиладирған танишларим ҳам
йўқ, — деди Анвар қўл силтаб, — бундан хотиржамъ бўлингиз.
— Ёшлиқ қиласиз, Анвар.
Анвар жавоб бериш ўрниға кулимсираб қўйди ва жойиға ўлтуриб, аризалар кўра бошлади.