МАХДУМНИНГ БАХТИ
Шу кундан бошлаб Анварнинг ҳаётида янги саҳифа очиладир. Яъни махдум Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли бўлмағаниға ўкуна бошлайдир. Дарҳақиқат, унинг ўкунишига арсийдирган чигил масалалар ҳам туғиладирким, масалан: Анвар ўрда хизматига кириб қолса, ойиға беш тилло, ўн тилло нақдина даромад қилиб турса, бу маблағлар...
Шундай истиқболдағи бу “маблағлар” масаласи махдумнинг ичини ари бўлиб талайдир. “Ўн ёшдан бери ўқутиб, едириб, кийдириб келаман; албатта, даромад маним ҳаққим бўлур”, деб ўйласа ҳам, бу ҳукмидан ўзи унча рози бўлинқирамайдир. Ҳар ҳолда масала чигил...
Моҳлар ойимнинг Раънони Анварга бериш тўғрисидағи “аҳамиятсиз” сўзлари ўша вақтларда махдумнинг энсасини қотирған бўлса, ҳозир шу ҳақда чинлаб ўйладиғина эмас, балки “ҳалигидек Анварнинг бахти очилиб кетса, нима маломати бор. Ятимлик айб эмас, инсон учун фазлу камол лозим, кулиб турған бахт ҳожат, наслу насабнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Раънонинг ҳуснига ҳар ким ҳам таҳсин қилур: Анвар албатта йўқ демас... Бу борада мол ва жонни бир қилишдан бошқа маслаҳат йўқ” деган қарорға дафъатан келиб қолди. Мундан бирар ойлар илгари Нигор ойимға: “Анвар балоғатға етаёзди. Сен билан Раънога шаръан номаҳрам, ундан қочишларинг лозим”, деган бўлса ҳам, бу буйруқ ҳозирғача амалга ошмаған эди ва бундан кейин ҳам амалга ошмайдирған бўлди. Зеро, махдумнинг фикрича Анварга оғир туюлиш эҳтимоли бор эди...
Анвар Муҳаммад Ражаб пойгачи тарафидан белгиланган бир муфтида ҳисоб, иншо (таҳрир) қоидаларини ўргана бошлади. Махдум ҳам жон отиб араб ва форсийдан таълимни кучайтирди. Анвар бир йил ичида ҳисобни ўрганди. Ва бошқа дарсларида ҳам яхши муваффақият қозонди, ҳам шу кўкламдан эътиборан ҳар кун ўрдаға бориб, Муҳаммад Ражаб мунший қўл остидағи мирзолар ёнида дафтардорлиқ, номанавислик усулларини тажриба қила бошлади. Бир йил чамаси маошсиз тажриба кўрди. Шунда ҳам ҳафта сайин Муҳаммад Ражаббек ўз киссасидан уч- тўрт танга чой пули бериб турар эди. Анвар шу арзимаган уч-тўрт тангани ҳам махдумнинг қўлиға келтириб берар ва ҳафта сайин ўзига устозининг умидини каттароқ боғлатиб борар эди.
Анвар бир йиллик тажрибада ўрдадағи дафтардорлиқ, форсийча ва туркча номанавислик2 ҳунарларини тамоман деярлик ўрганиб тажрибалик мирзолар қаториға кирди. Сармуншийнинг оғзидан чиққан маънони тартибка солиб нома, ёрлиғ ва бошқача бир тазкирани таҳрир қила олар, мирзолар жумлани ғалат ифода қилиб, сармуншийдан аксар танбеҳ эшитканларида, Анвар бундай танбеҳка жуда сийрак учрар эди.
Иккинчи йилдан бошлаб етти тилло моҳона3 билан маошлиқ мирзолар қаториға ўтди.
1 Бутун диққат билан
2 Дафтар ва номалар ҳар икки тилда юритилар эди (муал.) 3 Ойлик
27


Моҳонадан ташқари солиқлардан ҳам дархонлиқ1 қоғози олди. Солиқлардан дарҳонлиқ махдумдинг рўзғориға катта енгиллик эди. Чунки сўнгғи йилларда хонлиқ томонидан халқ устига тушкан ва тушиб турған солиқлар беҳад ва тўлаб бўлмаслиқ эдиким, бу ҳақда келаси бобларимизда сўз бўлур. Шу хурсандлик баробарида биринчи ойнинг етти тиллоси яхлит ҳолда махдумнинг қўлиға тегиши гўё тўй устига тўй эди. Домланинг етти тиллони олғандағи ҳолини тасвир қилиш, албатта қийиндир; кўзлари ғилайлашқан, афтида қизиқ ўзгариш кўрилиб, оғзининг танопи узоқ саёҳатни ихтиёр қилған – “ҳабба... ҳосилинг дуруст, Анвар болам, лекин пулга эҳтиёт бўл, бўтам!” деган эди. Етти тиллонинг қўлдан чиқиш хабари Нигор ойимнинг қулоғиға етишкач, Анвардан ранжиди: “Ҳамма пулингни домлангға чакки берибсан, Анвар; уст- бошингни, кўрпа ёстиғингни, ортиб қолса Раъно укангнинг устини тузатишинг керак эди. Домланг туфлаб тугишдан бошқани кошки билса!” – деди.
Махдум етти тилло “нақдина”ни олиб қанча шодланған бўлса, ўшанчалик ташвишка ҳам тушди. Унинг фикрича, замона ёном, бузуқилар бениҳоят; мумкинки, Анварни ўзидан айнатиб оғзи ошқа етканда, бошини тошқа тегдирсалар... Раънони Анварга никоҳлаб бошини боғлаб қўяйми, деб ўйлади. Бироқ, Раъно ҳали ўн бир ёшда эди. Иккинчи кун Анвар ишдан қайтиб келгач, махдум уни боқчаға олиб кирди. Боқчадан кунгай ҳам кўкрак бир ўрунни кўрсатди:
— Ана шу ерга сенга атаб бир уй, бир айвон, ошхона ва ахтахонаси билан иморат солсам дейман... Ҳабба, Анвар? – деб сўради. Анвар кулди:
— Иморатка элли тиллодан кам пул етмайдир. Маним бўлса бир тийин пулим йўқ. Бўладирғани ҳам фотиҳа бергунингизча албатта сизники ва ойимларники, — деди.
— Ҳабба... ҳимматингга! – деб юборди махдум, — албатта-ку шундай ва лекин ўша ниятларингдан кейин бояғидек алоҳида пул йиғсанг дейман-да... Албатта, бу гап уч-тўрт йилсиз эмас-да.
Шу вақт Раъно нарида бола кўтариб турар эди. Махдум Раънони ўз ёниға чақириб, унга ҳам ҳалиги ўрунни кўрсатти:
— Ҳабба... мана шу ерга Анвар акангга уй солиб берамиз, Раъно. Бу сенга қалай ўхшайдир, қизим?
Раъно отасининг сўзига тушунмади:
— Анвар акамнинг ётадирған меҳмонҳонаси бор-ку, — деди.
— Хе-хе-хе, боласан қизим, боласан, — деб кулди махдум, — Анвар аканг токай
меҳмонхонада ётади дейсан. Ахир бир кун уйланади, бамисоли сен бўлсанг эрга тегасан... Ахир уй керак-да, қизим.
Бу сўздан Анвар қизариб кетди. Раъно Анварга қараб олди ва дадасига аччиғ қилған каби бурулиб ичкарига жўнади. Махдум Анварга усталиқ билан бир маънони онглатиб, таъминот берганидек, бузуқиларнинг васвасасига қарши дам ҳам солған эди... Бу дам солиш Анварга ҳам таъсирсиз қолмади. Шу кунгача Раънонинг ёш, маъсум ҳуснига умидсиз қарайдирған бўлса, бундан кейин унга умид ва истиқболнинг ширин хаёллари билан термуладирған бўлди.
Махдум ўзининг чеккан ташвишида ҳақли бўлиб чиқди. Анварнинг теварагида “холис” маслаҳатгўлар ҳам кўринишиб қолдилар. Айниқса бу “холис”лардан бири поччаси эди. Поччаси етти тилло дарагини эшитиб энтикди. Эрининг тазйиқи остида Нодира ҳам кенгашка турди.
— Поччанг, бизнинг ҳавлиға келиб турсин, ўзим уйлантириб қўяман, дейди.
Анвар бошқаларнинг кенгашига қулоқ солмағанидек, опасининг сўзига ҳам илтифот қилмади. Махдум жавоб бермагунча бу уйдан кетмаслигини билдириб, фақат поччасиға ёрдам бериб туриш ваъдаси билан опасини тинчитди.
Анвар иккинчи ой маошидан уч тиллони ўзида қолдириб, уйга кийим-кечак олиш учун изн сўраған эди, махдум “шу иш чаккида, болам. Хайр, бундан сўнг шу номаъқулчилик бўлмасин!”
1 Озод этиш
28


деб аранг кўнди. Анвар Нигор ойим, Раъно ва ўзига кийимликлар сотиб олди. Нигор ойим шолпар, Раъно атлас кийдилар.
Нигор ойим Анварнинг пинжига кириб олиб, ўз йўлиға сола бошлади. Маошининг ҳаммасини махдумга бермасликка, шунга ўхшаш кам-кўстларга ҳам яратиб туришға ундар эди. Анварнинг андишасини рад қилиб: “Ҳар қанча берсанг ҳам дадаси ола берадир. Лекин берганингни сен билан бизга миси ҳам юқмас. Шундай бўлғандан кейин, ишни ўйлаб қилиш керак”, дер эди. Чунки Нигор ойим эрининг Анварга қаттиғ ботина олмаслиғини сезар эди. Шундай бўлса ҳам Анвар етти-саккиз ойғача топқанини махдумга бериб, дуосини олиб турди. Лекин махдум шунчалик даромад билан ҳам эски табиъатини бир зарра ўзгартмас, ҳамон эски тос, эски ҳаммом: ҳар кун суюқ ош, худо ёрлақаған кун озодлиқнинг палови, шунда ҳам Анвар кеч келиб совиған ошни ер, уйда иссиғ нон ёпилмас, ҳамиша панжшанба кун йиғилған нон суви қочиб, тарақлаб келаси панжшанбағача кафолатни ўз устига олар эди. Бора-бора Анвар ҳам бу ҳолдан сиқилиб, Нигор ойимнинг кенгашича иш қилмоққа мажбур бўлди. Олтин бериб қуруқ дуо ва миннатдорчилик олишдан, дуосиз еб-ичишни аъло кўрди. Уйга гўшт ва бошқа масаллиғ олиб бериб, хоҳлаған таомини буюриб турди; ўзи яхши кийинганидек, Нигор ойим, Раъноларни ҳам яхши кийинтирди. Нодирда опасиға, жиянларига кийимлар олиб берди; икки тиллони Марғилонда оғриб ётқан Моҳлар ойимға совға-салом қилиб юборди.
Бу ўзгариш махдумни довдиратиб қўйди ва қўрқа-писа “бу ой харожатлабсизми, болам?” деб сўраған эди, “кам-кўстларни тузатиб олдиқ” деган жавобни берди. Иккинчи ойда, кўрпа- ёстиқларни тузатиб, махдумнинг кўзи тўрт бўла бергач, икки тиллолиқ “холис” дуо ҳам олиб қўйди. Лекин махдум бу ҳолдан анча шошқан эди. Бирар шайтон йўлдан оздирдими, деб астағфируллоҳ ўқур эди. Анварнинг эскича очиқ юз билан муомала қилиб фақат “нақдина” важҳидангина дам бўлиб қолиши, топқанини “бемаза” овқатларға, кийим-кечак ва бошқа “беҳуда молояъни1”ларга сарф қилиши махдумни кўб тангликка солған эди.
Бўтам Анвар, — деди бир кун махдум, — дунё деган кўб ноёб нарса; кишининг бир куни бўлса йиғлаб-сихтаб ўтиб кета берадир, илло, зар қадрига етиш керак... менда бўлса ўзингда турғандек гап, болам.
Бундай “муассир” насиҳатлар ҳам Анварга кор қилмади. Чунки Нигор ойим ва Раънолар билан бу тўғрида қатъий битишиб қўйған эди. Шу билан бирга махдумнинг ойлиқ вазифасини икки тиллодан ҳам камайтирмади. Инсон ҳар нарсага қобил... бора-бора махдум шунга ҳам қаноат қиладирған бўлиб, ҳисоб-китобни эсидан чиқарди. Бироқ, ой сайин икки тиллони олғанда “қолғани” тўғрисида бир оз юраги ачишиб қўяр эди.
16. ХОННИНГ ИЛТИФОТИ
Девонда расмий мирзо бўлишнинг учинчи йилида Анвар жуда катта эътибор қозонған эди. Айниқса, туркий таҳрирда мирзоларнинг ҳар бирисидан устун: чиройлик услуби, осон таркиб2 ва ифодаси бор эди. Буни мирзолардан бошлаб сарой шоирлари, сарой муфтилари, бош мунший Муҳаммад Ражаббек, ҳатто хоннинг ўзи ҳам эътироф қилар эдилар.
Худоёр муҳр босиш асноси ёзилған ёрлиғ ва номаларни ўқутиб эшитар, муншийларнинг эшитилмаган араб ва форс сўзлари орқалиқ тўқуған ярим туркий жумлаларига аксар вақт тушунмас: “Эналаринг арапқа текканми?” деб мирзо, муфтиларни койир эди3. Аммо, Анварнинг
1 Қийматсиз нарса 2 Жумла тузиш
3 Худоёр қипчоқлар ичида ўскани учун тили ўзбекчадир. Эналаринг сўзидаги "нг" ҳарфини "нғ" равишида қалин сўзлайдир. Бу кунги фарғона ўзбекларида ҳам (айниқса қишлоқиларда) юмшоқ "нг" ўрнида қалин "нғ" ишлатиш кўб эшитиладир. Ҳозирги ислоҳ қилинған ҳарфимизда бу қалин "нг" нинг махсус шакли йўқдир. Ёзғанда (н-ғ) ҳарфларидан бир товуш ясалса ҳам бироқ ўқуғанда ҳар ким буни ўз махражидан чиқаролмас, янглиш ўқур. Бу қалин "нг" ўзбекча бир неча сўздагина ишлатилмай кўб (эллилаб) сўзда истеъмол қилинғани учун манимча алоҳида бир шакл қабул қилиш эҳтиёжи ҳис
29


ёзған ҳар бир жумласини мусиқий каби роҳатланиб, тушуниб тинглар ва “шу бала бариларинғдан ҳам ўқуғанрақ чиқар!” деб, бошқа мирзоларнинг юрагига ўт ёқар эди.
Муҳаммад Ражаб мунший кейинги кунларда муҳим тазкиралар таҳририни Анварга топширадирған бўлди. Ўзи бирар жойға кетадиган бўлса, девон идорасини Анвар қарамоғиға қолдирар, ҳар бир тўғрида ҳам бошқалардан кўра Анварга ишонар эди. Зеро, Анвар ҳар бир ишни тўғри ва холис адо қилар, вазифасидан ташқари ишларга киришмас, оладирған маошидан ортиқча тамаъга тушмас эди. Бу ўрунда Анварнинг бир хусусиятини атайноқ ёзиб ўтишка бурчлимиз: ўрус истибдод идораси ёнидағи мусулмон қозихоналари ва улардаги мирзоларни ҳар ким хотирлайдир. Ўша мирзоларнинг унар-унмаска “қалам учи” сўрашлари, кичкина ишни улуғлатиб мазана1 чиқариш ҳаракатлари ҳам бизга маълумдир.
Шу қозихона мирзолари, баайни ҳикоямизнинг мавзуъи бўлған Худоёр саройи муншийларининг кичкина нусхалари эдилар. Хонға ёзиладирған арзи-додлар сарой мирзоларидан ташқарида таҳрир қилинған бўлса, аксар вақт ишка ошмас эди. Яъни четда ёзилған ариза қабул қилинса ҳам ариза эгаси қалам учини бегона қилғани учун аризани хонға ва сармуншийга кўрсатмай, йиртиб ташлар эдилар. Ариза эгаси натижа сўраса, “аризангизни саводсиз киши ёзған экан; жаноб илтифотсиз қолдирдилар” деб саводлиқ кишидан бошқа ариза ёздириб беришка маслаҳат кўрсатар эдилар. Ариза бергучи иккинчи мартаба ҳаражатланиб, сарой мирзоларининг ўзларидан ёздиришға мажбур бўлар эди. Мундан бошқа, бир-бирлари устидан хонға шикоят қилиш, ўз аро битмас адоват ҳам давом этиб, аксар бир-бирларининг тегига сув ҳам қуйиб турар эдилар. Яна аксарият мирзолар хоннинг хуфиялик хизматини ҳам адо қилиб, шахсий адоват ёки хонға яхши кўруниш учун фуқародан нечаларнинг гуноҳсиз қониға чўмилиб, мудҳиш фожиъаларға ҳам сабабчи бўлар эдилар. Шунинг учун халқ айниқса, камбағаллар сарой мирзолариға нафрат билар қарар, улар ёниға яқинлашишдан қўрқар, иложсизликдан икки букулиб салом берар эдилар.
Лекин Анвар таъмани, шайтанатни, адоватни айниқса, хуфияликни билмас, девонда ўзига топширилған вазифанигина адо қилар, алахусус мазлумлар додномасини хонға эшитдиришка ва яхши натижалантиришка тиришар эди. Ул ўзининг шу тўғрилиғи соясида ҳамиша анови мирзоларнинг ишига билоқасд2 халал бериб, чиришни3 бузуб турар, ҳам шу ва бошқача сабаблардан уларнинг адоватига яхшиғина ҳадаф4 ҳам бўлған эди. Бироқ, Анварнинг ҳомийси – Муҳаммад Ражаббек катта эътибор ва нуфузга молик, ҳам хонға инобатлик, шунинг учун мирзолар Анварга қаршиҳеч нарса қилолмас эдилар. Мирзолар орасида Анварга тиш-тирноғи билан қарши бўлған Шаҳодат муфти каби кекса мирзолар яшағанларидек унинг истеъдод ва закосига холис мафтун бўлған Султонали каби мирзолар ҳам бор эдилар.
Шу йўсун тажриба йилидан ташқари беш сана саройда ишлаб келар эдиким, мундан ўн беш кунлар муқаддам сармунший Муҳаммад Ражаб пойгачи бир ҳафтагина оғриб, вафот этди. Анвар ўзига самимий меҳрибон бўлған бир кишидан айрилди. Неча йиллардан бери Муҳаммад Ражаббекнинг ўлумини ёки бошқача бир фалокатини кутиб, ундан сўнг бош муншийликка ўзини чоғлаб юрған Шаҳодат муфти хизмат билан қишлоққа чиқиб кетканлиги учун, муваққат равишда бош муншийлик вазифасини Анвар адо қила бошлади. Ва шу бир неча кун ичида Анварнинг бош мунший бўлиш шойиъаси юриб қолдиким, ҳозирга бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш қийиндир. Чунки бу мансабга интилгучи казо ва казолар, шоир ва фузалолар кўбдир.
1 Ширинкома
2 Билоасд — қасдсиз, ният қилмай. 3 Чириш — битаётган ишни бузиш. 4 адаф — нишон.
этиладир. Масалан машҳурлари: занғ, панғ, ланғ, даранғ, қаланғи-қасанғи, данғ, тўнғуз, шанғи, тўнғилламоқ, тўнғ, тўнғуч ва анғиз, тинғ бошқалар... Эски "нинг" "нг" равишида ислоҳ қилинган. Бу йўғон "нғ" ҳам "г" ҳарфининг устига уч нуқта қўюлиб ёзилсамикин... (муал.)
30


17. АНВАРНИНГ АНДИШАСИ
Анвар Шаҳидбек билан махдумнинг сўзларига қарши мажҳул бир азиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишларини кутиб турғандек ички эшикдан Раъно кўринди. Ҳар замон титраб, учиб кетишка ҳозир турған бошидағи сариғ атлас парчасини (рўймолни) бир қўли билан босиб ушлага эди. Анвар Раънони шу ҳолда кўриб, суфа ёнидағи очилған гуллар устида тўхтади. Раъно келар экан, ўпкалик кўз билан Анварга кулимсиб қарар эди. Келиб суфа лабида турған бўш лаганларга тақилди.
— Бу кунги меҳмондорчилиғимиздан рози бўлған ўхшайсиз, Анвар ака, — деди қайрилиб Раъно.
— Жуда рози бўлдим, — деди Анвар ва Раънонинг ёниға келди, — айниқса, сенинг қўлинг билан тугилган мантилардан жуда мамнун бўлдим, Раъно.
Раъно лаганлардан қўлини олиб, тирсаги билан суфага суянди:
— Маним қўлим билан тугилган мантиларни қаёқдан билдингиз?
— Қаёқдан билдингиз? – деб Анвар кулди, қўлида бир дона қашқар гули бор эди, —
айниқса, сенинг қўлинг нимага теккан бўлса, мен ўшани даррав сезаман. — Мен туккан мантилар қандай экан?
— Танимайди дейсанми?
— Танимайсиз.
— Чоклари диққат билан чимтилган, тўрт бурчаги иккига қовиштирилған, дўндиқ... танимайди, деб ўйлайсанми? Мен нуқул сен туккан мантиларни танлаб едим...
— Мазалиқ эканми?
— Мазалиқ нима деган сўз, — деди Анвар, — мана шу қашқарнинг қизил гули ёдингдами, биз бу гулни келтириб ўтқузған йилимиз пушти ранглик бўлиб очилған эди. Икки йил ўтмай қизил туска кирди. Биласанми бу нимадан?
Раъно Анварнинг жиддий қилиб берган бу саволига тушунмади:
— Офтоб қизартирғандир.
— Янглишасан, Раъно, — деди Анвар, — мен бу гулнинг қизариш сиррини ҳам биламан,
бунинг қизаришиға ҳам сен сабаб, сенинг қип-қизил лабинг...
— Ҳазилни қўйинг, — деди шу гулдек қизарған Раъно, — Шаҳид семиз нима учун келган
экан, сизни мирзабоши қилмоқчилар шекиллик?
— Бу гапни қўй, Раъно, ишонмасанг ойнаға қара, сенинг лабинг билан шу қизил гул ранги
орасида фарқ борми, мана қара?..
Анвар томонидан лабига тегизилган гулда Раъно ўзини олиб қочди:
— Ҳазил ўлсин... Сизни мирзабоши қилмоқчиларми?
— Мени ҳар бало қилмоқчилар... Лекин бўлмаған сўз.
— Нега бўлмаған сўз, шаҳарга овоза бўлған эмиш-ку?
Анвар орқаси билан сакраб суфа лабига оёқ солинтириб ўлтурди. Раъно бояғидча унинг
ёнида суфага суянди.
— Овоза ҳақиқат эмасдир.
— Шамол бўлмаса, теракнинг боши қимирламас эмиш. Балки сизни мирзабоши таъйин
қилурлар.
— Мени мирзабоши, таъйин қилсалар яхшими, Раъно?
— Яхшими, ёмонми, мен қайдан билай?
— Ёмон, Раъно.
— Нега ёмон?
— Ифлос иш. Агар бошқа касб топсам, ўрдани бутунлай ташлаб кетар эдим. — Ифлос иш?.. Сизнинг бек поччангиз ҳам шу хизматни қилар эди-ку?
31


— Мен бек почча бўлолмайман, Раъно. Ўрдадағи тўкулиб турған гуноҳсиз қонлар, доим теваракдан эшитилиб турған оҳу зорлар маним юрагимни эзадир, тинчлиғимни оладир. Яна мен мирзобоши бўлиб қолсам бу оҳу зорларнинг, тўкилган маъсум қонларнинг ичида билфеъл1 сузарман. Бу вақт маним азобим бевосита бўлур. Балки бунда иштирок ҳам қиларман. Чунки хонға яхши кўруниш учун кўб ишларни унинг истагича кўрсатиш, зулм пичоғини қайраб бериш, шу мансабда узоқ яшамоғимнинг асос шартидир. Лекин мен бундай виждонсизлик учун яратилмаған ўхшайман. Мадҳу сано, олқиш ва дуо замирига яширинған зулмдан фарёд, ҳақсизликдан дод маънолариға малҳам бўлиш, албатта маним қўлимдан келмас. Чунки “соябони марҳамат” виждон кенгашига қулоқ соғучи “аҳмоқ”лардан эмасдир. Дадангнинг феъли сенга маълум, Раъно. дунёда “манфаат”дан бошқани кўрмайдир. Маним нима учун бу мансабдан қочқанлиғимнинг фарқиға бормай, “куфрони неъмат қиласан, ойиға фалон тилло” деб дафъатан қўрқоқлиғимға ҳукм чиқарадир. Дадангга бояғи узрларни кўрсатиш тошнинг қулоғиға азон айтиш билан бир бўлғани учун сукут қилдим. Агар орада бир киши бўлмаса эди, гарчи, бош мирзолиқ ҳозир бир хаёл эрсада, ўшанда ҳам шу овозаға бўйин сунмас эдим, Раъно.
Раъно Анварнинг кўзига тўғри тикилиб, сўзни тинглади. Унинг тусида Анварга ачиниш вазияти бор эди:
— Яхши ният билан мирзолиқни қабул қилсангиз, — деди, — аҳолидан ёрдам қўлингизни йиғмасангиз, шу ҳолда барча гуноҳ сизнинг бўйнингиздан соқит бўладир, Анвар ака.
— Тўғри, — деди Анвар, — лекин гап бунда эмас, Раъно, мен шундай бўлишини тилар эдим. Бошқалар мен тилаганча қилмайдилар, биноан алайҳи, масъулият маним бўйнимдан соқит бўлди, деб тинчланиш мумкин эмасдир. Сен тамоман бошқача тушунган бир масала, сенинг ҳаракатинг ва истагинг аксича натижаланиб турса, руҳар эзиласан, виждонан азобланасан. Мана, асли мушкилот шу нуқтададир. Йўқса гардандан соқит қилиб қўйиш ҳар нарсадан ҳам қулай вазифа, аммо маънавий мағлубият оғир масала, Раъно.
Раъно Анварнинг мақсадиға тушунди шекиллик, бир неча вақт жим қолди ва қаршисидағи йигитнинг ўйчан юзига бир-икки қараб олди.
— Демак, мирзобошилиқни қабул қилмайсиз? — Агар топширсалар, қабул қиламан.
— Шунчалик мушкилот ичида?
— Чунки отанг буни мендан талаб қиладир. — Отамнинг қандай бийлиги бор?
Маъсум бу саволдан сўнг Анвар энтикиб қўйди ва Раънони бир фурсат кўздан кечириб турди:
— Жуда катта бийлиги бор, — деб яна энтикди.
Раъно қайтиб сўрамади. Гўё ул ҳам бундаги бийликка тушунган эди. Секингина лаганларга қўлини юбориб, Анварга бўштоброқ қаради:
— Чой ичасизми?
— Кейинроқ ичаман.
Раъно лаганларни кўтариб жўнади. Атлас кўйлак ичида тўлқинланиб кўринган унинг латиф
гавдаси алҳол Анварнинг кўз ҳадафи эди.
— Мен хуфтанга чиқмайман, Раъно!
Раъно ярим йўлда тўхтаб, кулимсираган ҳолда Анварга қаради: — Чиқарман! – деди.
1 Амалда
32
18. ЖИЛОВХОНАДА БИР ЖАНЖАЛ


Аср намози учун масжид жиловхонасиға энди уч киши йиғилған эди. Жиловхонанинг тўрида ўлтурган қора тўнлик, ўттуз ёшлар чамасида рангсиз ва ёшлиғига қарамасдан қуюқ соқолини баҳайбат ўстуриб, бир бурдагина юзига от тўрба осқан каби бир киши эди. Унинг ёнида бўз яхтак боғичини осилтириб, хандаландек бўқоғи билан ўнг томоғини зийнатлаган ўрта яшар яна бир “ҳусни Юсуф” кўринар эди. Унинг қаторида ошловдек чозуқ юзлик, оқ бўз кўйлаги ердан тўрт эллик кўтарилиб, бўз салласи гардани аралаш ўралған учунчи нозанин ўлтурар эди.
Булардан биринчи муҳтарам шу масжиднинг ёш имом ва хатиби Абдураҳмон домла жаноблари бўлиб, иккинчиси маҳалланинг ширин сўз ғийбатчиларидан Самад бўқоқ, учунчиси масжиднинг муаззини Шукур сўфи эди. Самад бўқоқ билан Шукур сўфи имом афандининг мулойимона, ҳам битта-битта айни мақомиға чертиб ва қатор териб борған сўзига сомиъ эдилар:
Ўрда ичида шунчалик оқил ва донолар тўлиб ётқан бир фурсатда, таҳсил кўрмаган, нодон бир гўдакка бундай улуғ бир бир вазифа, валлоҳи аълам топширилмас деб ўйлайман. Бу вазифани уҳда қилмоқ учун кўб гап керак. Аввало ақли солим, сониян, таҳсили том лозим, ваҳоланки, сиз айткан йигит ўткан саналар Солиҳ махдумда савод ўқуб, биздан ҳижжа ўрганиб юрар эди. Баҳарҳол бу хабарга ақл бовар қилмайдир...
— Ҳа-а, тақсир, — деди Самад бўқоқ ва Шукур сўфини тирсаги билан туртти, — бу бала киму, ўрдаға мирзабошилиқ ким. Замонанинг зайли минан, бояғидек Мамаражаб мирзабошининг ярдамида ўрдаға киришиб қоған-да... бояғидек оппоққина бўлса Мамаражаб ўз ёниға оған-да...
Имом бўқоқнинг сўзини тинглаган ҳолда, икки кўзини ерга қаратқан эди.
— Юртнинг сўзига қараб айтаяпман-да, — деди Шукур сўфи, енгилга оҳангда, — ҳарчи бир неча кундан бери катта-кичикнинг оғзида шу гап.
— Кўбчиликнинг оғзини тикиб бўлардима, сўфа.
Самад бўқоқнинг бу сўнгғи ғийқиллашида томоғи остидағи йўғон томирлари туртиб чиқди. Имом ҳамон икки кўзи ерда бўлғани ҳолда кичкина бошини қимирлатди:
— Ўрдадан бирар киши масхара учун хабар тарқатқандир.
— Ҳа-а, тақсир.
Шу ҳолда жиловхонаға тўртинчи киши кириб келди. Буниси жиккак, қирқ билан эллийнинг
ораси, елкаси туртиб чиқған Сафар бўзчи исмлик эди. Имомга салом бериб, сўфининг ёниға ўлтурди ва сўзга бир оз қулоқ солғач, тушунар-тушунмас баҳска аралашиб қолди.
— Иншоолло, шу йигит мирзабоши бўлар, — деди Сафар бўзчи суҳбатнинг руҳини билмаган ҳолда, — ўзи ажаб зукко йигит, фуқоропарвар бола: бўғани маъқул, а, лаббай, тақсир?
Имом ерга қараған ҳолда бошини қимирлатиб қўйди. Самад бўқоқ хўмрайиб Сафар бўзчиға қаради:
— Э, акиллай берасанда, Сафар, — деди бўқоқ, — биз нима деяпбиз-ку сен нима деяпсан. — Хўш, нима деяпсанлар?
— Овоза гап деяпмиза, мирзабошилиққа катта милла керак деяпмиз-а.
— У милла эмас эканми?
— Милла бўлса ҳам, хашаки миллалардан-да.
— Ашунга қоғанда чалғибсан, Самад, — деди Сафар бўзчи, — хат битишка келганда қўявур, камбағалга қайишқанини кўрсанг, ҳа, бўлди дейсан.
— Занталағинг кимга қайиша қопти?
— Ҳаммага, ҳаммага, — деди Сафар, — мени ўзимга ҳам ёрдам қилди-да, яшағуринг.
— Ҳа-а, хўш?
— Бултур ана шу кезда, — деди Сафар энгашинқираб, — бозорға саккизта бўз олиб тушкан
эдим. Бирарта мушкит иғво қилдими закотчининг томоғи тақилладими, ҳарчи фалакат, қўлтуғимдағи бўзни ёппа олди, қўйди; “отанг яхши, онанг яхши, косибман, савдогар бўлсам
33


уйим куйсин”... Асти қўйса-чи... Бир йиллик закотинг деб кўтарди кетти. Қўлингдан нима келади, Самад. Хафалигим ошиб, уйга қуруқ қайтдим. Майда-чуйда кутиб ўлтурган бола- чақанинг қути учти. Мол кетти – жон кетти, ишка ҳам қўлим бормайди. Энди бўлар иш бўлған десанг юрак ачийди, дастмоя ҳам ғалтакка чиқадиған. Арза-парза биттирсамми дейман. Кўчада унга-бунга кенгаш солсам, арзанг маъқул дейишди. Шу яқинда, ўзи ўрдада турадиған бир арзачи бор эмиш. Кеткан устига кеткан деб дўкон теги яримта бўз бор экан, қўлтуғимға тиқиб олдим. Ана шу тобларда сўроғлаб арзачи мирзоникига борсам, ҳозир ўрдадан келиб, энди тўнини ешиб турған экан. Ёш, навқирон йигит, “салом, алик”, “ҳорма”, “бор бўл”. “Шундай, шундай гап; бир парча арза биттирсам, деб келган эдим”. Ўрдалиққа гап уқдириш қиёматдан кейин, тақсир. Лекин бу йигитда гаврлик1 сиёқи йўқ. Шукур сўфи. Гапка қониб олиб, қулоқ қоқмай “хўб”. Арзанинг бир ерига закотчининг оти тушар экан, неча қайта сўраса ҳам билмадим, ундан кейин афти башарасини уқдириб эдим, тусмоллаб биттасини ёзди, чоғи. “Eнди кета беринг, арзани ўзим топшираман” дейди. Жавобини ҳам икки кундан кейин ўзидан олар эмишман...
— Манави осонлиқни қаранг, тақсир. Дуо қилиб қалам учисига бўзни бердим, олмайди. “Ёпирай, озсиндиёв, қурғур” деб қўрқдим. “Арза ўрунласа яна хизмат қилармиз, мирзабоши”. Яна йўқ, “тоза фалакат бости” деб турсам, “арзага ҳақ олмайман, бўзингни олиб кетавур” – дегани экан. Барака топқурни қаранг, тақсир. А, шундақа одам ҳам бўладими, Самад оға. “Олтин олмасанг, дуо ол” деб қўлимни очтим. Ҳа, энди буни қўявуринг. Эртаси кечқурун гула тўғрилаб ўлтурсам эшикни бирав тақиллатади. “Ҳа, келавуринг”. Дўконхонага бўз қўлтуқлаған бир киши кирди.
— Сафарбой сизми?
— Ҳа, биз.
— Арза берганмидингиз?
— Берган эдим.
— Отангизнинг оти нима?
— Маматбой.
Қўлтуғидағи бўзни олдимға ташлади. Худда кечаги бўзларим; таппа-тақ саккизта.
— Бўзларингизни олдингиз-а?
— Ҳа, олдим.
— Хайр.
— Хўш.
— Бу яхшилиқ арзадан ҳам бурун мирзабошидан бўлди, деб ўйладим. Балаларнинг кенгаши
билан икки бўзни кўтариб шом пайтида мирзанинг уйига бордим. Чақирдим, чиқди. Миннатдорчилик билан икки бўзни узатдим; асти олса-чи. “Яхтакка бўзим бор, кетавуринг”, дейди. “Сотиб, пулини берайми”, десам “пулим ҳам кўб” дейди. Ақалли биттасини ҳам олмади. Яна дуо қилиб бўз билан қайтдим. Фаришта ҳам шунчалик бўлар, деб ўйлаб қолдим, Шукур сўфи! А, шундай йигит мирзабоши бўлмай ким бўлсин, Самадбой! Кўбни дуоси кўл деганлар; ишонмасанглар, ана тақсиримдан сўранглар!
Ҳикояни эшитиш асноси имомда бир ғижиниш вазияти бор эди. Ҳикоя биткач, заҳарханда билан Самад бўқоққа қаради, дами кесилаёзған бўқоқ бундан руҳланди.
— Ёлғонни ҳам ямламай ютадиған бўлилбсан-да, Сафар, — деди бўқоқ.
Сафар бўзчи тўсиндан ўзариб кетди. Рангиўчинқиради:
— Азбаройи худо, қасамми?
— Иккита бўзни икки қўллаб оборсанг, — деди Самад бўқоқ, — қайси аҳмоқ олмай
қайтарар экан? Ёлғонни сал киши ишонадиған қилиб гапириш керак, Сафар!
1 Оташпарастлик
34


— Азбаройи худо, олмади! — деди Сафар ва асабийлашиб ўрнидан туриб кетди, — шу каъбатуллонинг ичида ўлтуриб ёлғон гапирган одам мусурмон эмас, кишининг қасамиға ошонмаған ҳам етти мазҳабда мўмин эмас!
Сафар аканинг азтахидил аччиғланғанини сезган имом ораға тушти:
— Бундай яхшилиқни ҳар ким ҳам қила оладир, Сафар ака, — деди, — шунинг учун мирзобошининг сизга қилған яхшилиғиға мен ишондим. Аммо бизнинг баҳсимиз унинг бева- бечорага қилған яхшилиғи тўғрисида бўлмай, бу одам ўрдадағи мирзоларға бошлиқ бўла оладирми, яъни ўшандоғ катта ишнинг уҳдасидан чиқадирми, устидадир.
— Баракалла, тақсир, — деди Сафар бўзчи турған еридан, — менга қолса, иншоолло, уҳдасидан чиқади!
Имом Сафар бўзчиға тушуна олмай, бир оз тикилиб турғандан кейин сўради: — Унинг уҳда қилишини сиз қаёқдан биласиз?
— Худой билдирса, биламан-да тақсир?
— Хўш?
— Ахир, кўбчиликнинг дуоси кўл-да, тақсир!
— Кўбчиликнинг дуоси кўл бўлса яхши, — деди имом, — аммо бу хизматка унинг илми кофийми?
— Ковфий, тақсир, ковфий!
— Ахир, сиз кофийлигини қаёқдан биласиз?
— Ахир... ковфий эмаслигини сиз ҳам қаёқдан биласиз, тақсир.
— Кофий эмаслигини мен шундан биламанки, — деди имом аччиғини ичига ютқан ҳолда,
— бундай мансабга минадирган киши Бухоройи шарифда таҳсил кўрмаганда ҳам лоақал Хўқанд мадрасаларида ўқуған бўлиши керак, аммо сизнинг мирзобошингиз саводхонлиқдан бошқани билмайдир.
— Билмаганини сиз қаёқдан биласиз, тақсир?
— Чунки мен уни ўз қўлимда ўқутқанман... бир ятим бола эди.
— Худонинг бериши, тақсир, — деди Сафар, ўйлаб-нетиб турмай, — жанобингиз Бухоройи
шарифда неча йил ўқуб, ниҳояти маҳаллага имом бўлдингиз... Худой бермаса шундай, тақсир. Ул бўлса мадраса кўрмасдан мирзаларнинг мирзаси бўлмоқчи; худой берса шундай, тақсир.
Сафар бўзчининг бу сўзидан имомнинг қонсиз ранги яна қонсизланған, оламинчоқ кўзи алланучка ҳолатка кирган эди.
— Аблаҳ одам экансан! – деди.
— Сиз ҳам аҳмоқ мулла экансиз! – деди Сафар бўзчи.
Имом ғазаби билан ўрнидан туриб Сафар бўзчиға хезланған эди, уни Самад бўқоқ ушлаб
қолди.
— Падар лаънат, адабсиз! – деди Самад, — домлаға шундай сўзни айтасанми-я?
Сафар бўзчи турған ўриндан силжимади:
— Чўзма кекиртагингни, бўқоқ, — деди, қани қўйиб бер-чи тақсирингни, ёқалашсин-чи мен
минан! Андишанинг отини қўрқоқ қўйдингми?
Шукур сўфи ўрнида бақа бўлиб қолған, имом бўлса гўё ҳужум қилмоқчидек Самад бўқоқни
итарар эди. Самад бўқоқ ғийбатдан бошқа ишка ярамағани учун, имомнинг ёрдамиға етиш чамаси йўқ эди.
— Шу адабсизлиғинг билан, — деди Саман насиҳатомуз, — яна домланинг орқасида намоз ўқуйсанми, Сафар, а!
— Ўқумасам қутиламанми сенлардан!
— Ўқумасанг бор, жўна!!!
— Ҳе... — деб сўкинди Сафар бўзчи ва жиловхонадан чиқиб жўнади. Унинг орқасича
“падар лаънат жоҳил” деди имом ва илгариги ўрниға борди. Бир неча вақт учавлари ҳам сўзсиз 35
ўлтурдилар.
— Бир ит-да, тақсир, хафа бўлманг.
Имом жавоб бермади. Яна бир неча киши келиб қўшилғач, Шукур сўфи мезанага чиқиб азон
айтди. Асрни ўқуш учун масжидга кирдилар.