МАХДУМНИНГ ТАҲДИДИ
Анвар ўртаға дастурхон ёзиб, икки лаган манти чиқариб қўйди, уч киши қамти ўлтуриб, манти тановул қилишдилар. Таом асноси Шаҳидбек секин-секин мақсадға ёндашиб келди.
— Халқ оғзида дув-дув гап, — деди манти чайнаб, — гўё сиз марҳум сармунший ўрниға насб1 қилинар эмишсиз, деб... Бу ҳақиқат гапми ёки овозами, ясхҳи пайқолмади. Бу сўзнинг ҳақиқатини ҳозир ўзи сиздан эшитамиз-ку ва лекин сизга хайрихоҳ бўлған тақсирим ва мендек кишиларни бу шойиъа2 бениҳоят хурсанд қилди, хррр... Дарҳақиқат, бу мартабага ниҳоятда лаёқатингиз бор эканини ўрда арбобларидан ҳам эшитамиз...
Шаҳидбек сўзни шу жойға келтириб махдумга қаради. Махдум соқолидағи хамир ушоғини олиб, меҳмонни лаганга тарғиб қилди.
— Кеча ва ўткан кунларда, — деди махдум лагандан олған мантисини қўлида ушлаган кўйи, — бу шойиъаларға мен ҳам ишонмағандек эди. Аммо бу кунги довруқ мени ҳам тажжубка қўйди. Воқиъан Анвар сармуншийликка мансуб қилинса не ғаройиблиғи бор? Алҳамдулиллоҳ, фазли кофий, ақли солим, истеъдод бўлса боз инчинин...
Анвар қўли лаганда экан, кулимсиб қўйди. Шаҳидбек кеч ҳарорати ва манти иссиқлиғи таъсирида яна ўбдан терлаган эди. Рўймоли билан манглай ва бўйин терларини артар экан, Анварга қаради:
— Хўш, мирзо Анвар?
— Шундай гаплар бор, — деди Анвар, махдумга кўз қирини юбориб, — аммо бу гаплар менинг хоҳишим ва рағбатим хорижида бўлмоқда. Шунинг учун бу шойиъаларға аҳамият беришка арзимайдир.
Шаҳидбек махдум билан кўз урушдириб олди.
— Яъни суз сармуншийликни хоҳламайсиз? – деб сўради.
— Албатта.
— Сабаб?
— Сабаби шулки, — деди Анвар, — мен бунингдек масъул, айниқса, тантаналик
вазифаларга ҳаваскор эмасман.
— Албатта, шундай-ку, — деди Шаҳидбек, — аммо киши, алалхусус сизга ўхшаш йигитлар
ҳамиша бир ўрунда ўлтуриб қолмайдирлар. Тажриба, истеъдодлари ўскан сайин, юқорироқ мартабаларга мина борадирлар. Шунингдек сизни ҳам юқори мартабага кўтармакчига ўхшайдирларким, хррр... буни сизнинг ҳаваскорлиғингиз эмас, фазлингиз тақозо қилиб, бунда сиз асосан ҳар қанча қарши бўлсангиз ҳам, хррр... лаёқатингиз яна сизни бу хизматни қабул қилишка мажбур этадир.
— Кишилар муболаға қилғандек менда истеъдод йўқ, — деди Анвар, ерга қараған ҳолда. – Ундан кейин ўрдаға кечагина борған менга ўхшаш ёшларнинг “бош мирзо бўламанъ деб умидланишлари айни бир кулгидир. Яъни, демакчиманки, бу вазифа тамаъида ўн, йигирма ва балки ўттуз йиллаб кўзини тўрт қилиб келган муншийлар, муфти ва шоирлар бор. Уларнинг ёнида менга ўхшаш бир ёш тажрибасизнинг ҳам тамаъланиши кулги эмасми? Айниқса,
1 Тайинлаш
2 Тарқалган хабар
18


ўрдадағи урфи-одатларни ва тажрибаларни ўз кўзидан ва бошидан кечириб турған кишилар томонидан бу шойиъани дуруст деб ишонилишига тажжуб қиламан...
Шаҳидбек қўлини артар экан кулди:
— Шу ишончсизлиғингизнинг ўзи ҳам бир болалиқ.
— Болалиқ, болалиқ, — деб қўйди махдум.
Манти тановул қилиниб битди. Махдум лаганлар тегини ичиб-ялади. Фотиҳадан сўнг лаган
ва дастурхонларни ичкарига элтмакчи бўлған Анварни Шаҳидбек тўхтатди:
— Лаганларни қўйиб туринг-чи, мирзо, илгари ҳалиги масалани ешайлик.
Анвар қўлидағи дастурхон ва лаганни суфа лабига қўйиб ўлтурди.махдум гулдурос билан
кекириб, устидан “алҳамдулиллоҳ” ҳам деб олди.
— Хўш, мирзо Анвар?
— Гап бояғича, бек ака, — деди Анвар, — бу масала аҳамият беришка арзимайдир. Шаҳидбек махдумга қаради. Махдум Анварни жеркти:
— Арзийдирми, йўқми, ахир, сўзга қулоқ бер-да, Анвар болам.
— Хўб, марҳамат қилсинлар.
— Эшитишимизга қарағанда, — деди қўлини ўйнатиб Шаҳидбек, — жанобға манзур
қилинғанлар орасида сизнинг номзадингиз бор экан.
Анвар кулимсиди:
— Бор деб эшитдим.
— Ўрдадағи ишончлик кишиларнинг сўзларига қарағанда, ёрлиғ сизнинг отингизға бўлар
эмиш.
— “Бўлди” билан “бўлар эмиш” орасида катта фарқ бор.
— Хўб, — деди ўзини елпиб Шаҳидбек, — биз бу иккисини бир ёққа қўяйлиқ-да, икки
орадан “башарти бўлса” феълини олайлиқ, хе-хе-хе... Башарти ёрлиғ сизнинг исмингизга бўлиб қолса, сиз шунда нима қиласиз?
Анвар кулиб махдумга кўз қирини ташлади.
— Сиз бу “башарти бўлса”ға ҳам ишонманг, бек ака.
Махдум хўмрайиб Анварга қараб қўйди. Шаҳидбек яна сўради:
— Ахир, шу эҳтимолга қарши жавоб беринг-да, хррр.
— Мен истеъфо ва узр аризаси берар эдим...
— Ҳамоқат1! – деди махдум ва тескари қараб олди.
Шаҳидбек таассуф қилған каби бошини чайқади:
— Бу сўзингиз билан бояғи гапингизга қарши бордингиз. Боя “мендан бошқа бўладирғанлар
ҳам бор, мен бу ишка умидланмасам ҳам бўладир”, дегандек қилған эдингиз, ҳозир эрса бошқа нарсани айтасиз, хррр.
— Куфрони неъмат, нон тепкулик, — деди махдум. Анвар яна кулимсиди, аммо жиддий тус олған эди:
— Хайр, кишилар ўйлағандек, меним мирзобошилиққа истеъдод ва лаёқатим ҳам бўлсин, агар ёрлиғ берсалар, бу вазифани қабул ҳам қилайин, — деди, — аммо анови – йигирма-ўттуз йилдан бери шу мансабнинг қайғусида келган кишилар тинч ётадир, деб ўйлайсизми, ҳар замон оёғимдан чалмайдирлар, деб ишонасизми? Мана шу андишада тубан ва аҳамиятсиз бўлса ҳам, ҳозирғи хизматимни аъло кўраман ва шу мулоҳаза билан тақсирим айтканларидек, куфрони неъмат қилмоқчи бўламан.
Шаҳидбек махдумга қаради, махдум Анварга қарши чиқди:
— Сен ўз ишингни билиб қилсанг, вазифангда сустлик кўрсатмасанг, — деди, — сенга бутун олам душман бўлғанда ҳам бир мўйингни хам қилолмас. Чунки ҳақ ҳамиша ғолибдир,
1 амоат—аҳмоқли.
19


ҳақсизлик эрса мағлуб. Туҳмат ва бўҳтон хавфида маъракадан1 юз ўгуриш – йигитларнинг иши бўлмас. Чунончи, ушбунинг мисоли туркийда ҳам бор: “Чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмаган” деб қўрқоқ кишиларни масхара қиладирлар. Шунга ўхшаш сен ҳам чумчуқдан қўрқиб, тариқ экмагучилар хилидан бўлсанг... мен янглишиб юрған эканман-да, болам!
— Ҳақиқат... — деб кулди Анвар ва бир оз ўйланиб тўхталди. – Ҳақнинг ҳақсизлиққа ғолиб келганини оғизда эшитсам ҳам, шу чоққача амалда кўралмадим, — деди, — масалан, мендан ҳам ўзингизга равшанроқдирким, мирзолардан Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжонларнинг бошиға қандай фалокатларни солмадилар, ҳолбуки ҳақиқатда улар хон ўйлағанча хиёнатчи кишилар эмас, фақат бу учавининг ёмонлиқлари бир неча адоватлиқ мирзоларнин тўқума туҳмат ва бўҳтонлари эди2. Айниқса ўзим бир неча йилдан бери ўрдада ишлаб, шунингдек ўз ора фисқу фасодларни ҳар кун учратмакдаман ва шунинг учун булғанч бир муҳитда мундай ташландиқ вазифани ўз устимга олишдан хазар қиламан.
— Сенинг мисолинг, — деди махдум, — нодираи воқиъадир... Агар шундай ҳодисаларни ўйлаб турсанг, ўрдада эмас, ҳатто кўчада ҳам юришинг маҳолдир. Бахтинг бунчалик кулган экан, жабонат3 билан давлат қушини қўлдан учуриш куфрони неъмат, болам!
— Ҳа, тақсир, — деди Шаҳидбек, — айни ҳикмат сўзлайсиз... Укам мирзо Анвар, бахт деган нарса йигитка бутун умрда фақат бир мартаба қарайдир, хррр, агар шунда маҳкам тутиб қолсангиз, хўб, бўлмаса ҳамиша отнинг кейинги оёғисиз-да.
— Тилак ва ташвиқотларингиз холисона бўлғани учун ташаккур айтаман, — деди Анвар, — яна шу ҳолда мени маъзур кўрасиз...
Махдум яна қишишди, ўнг кўзини қисиб, бир ёқлама Анварга қаради. Чунки ул жуда аччиғи чиққан кезларда кишига шу хилда қарар эди.
— Мен ким, Анвар?
— Сиз... Сиз устозим...
— Бас, устозингнинг, — деди махдум, — шу кунгача қайси таълимидан зарар ва қайси
кенгашидан зоеғлиғ тортдинг?
— Нафдан бошқа ҳеч. Лекин ўз умримда бир густохлик4 қилмоқчиман.
Махдум яна аччиғланиб, бир-икки тамшанди:
— Бошқа нарсага густоҳлик қилсанг қил, илло ҳозирғи инодинг айни ҳамоқат! – деди
қўлини пахсалаб, — агар мен сенга устоз ва ота бўлсам, бу ишка қулоқ қоқма, илло ўзинг бил, тузукми?!
Анвар индамади, чунки махдум кейинги жумла билан маълум бир таҳдидгача бориб еткан эди.
— Қизишманг, қизишманг, — деди Шаҳидбек, — мирзо Анвар сиз ўйлаған йигитлардан эмас. Албатта, мирзо Анвар айткандек, хррр... ўрдада ўшандай гаплар ҳам йўқ эмас ва лекин мен азмойишчи5 бўлсам, хррр, шуни айтиб қўяйки, ўрдадағи каттадан-кичик мирзо Анварга
1 Маърака — жанг майдони.
2 Бир вақт Худоёр, "одил подшоҳ" бўлмоқ ниятида мазкур уч мирзони махфий равишда вилоятларга жўнатиб, уларга: "Золим бекларим, порахўр қози ва бошқа амалдорларим бўлса, менга билиб берингиз, мен уларнинг жазоларини бераман", деб буюрадир. Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжон — бу учави вилоят, туманларда неча вақт махфий кезиб, бек, қози, умуман, мансабдорларни текшириб чиқадирлар. Уларнинг тўғри баҳо беришлари натижасида маъмурлардан қарийб тўқсон фоизи золим ва порахўр кўрсатиладирлар. Хон бу ҳолға ҳайрон бўлиб, ўрдадан бир неча кишиларга сирни очадир. Бу кишилар бояғи уч мирзонинг рақибларидан бўлиб, хонға иғво қиладирларким: "Мирзолар ўзларига пора бергучиларни яхши кўрсатиб, бермагучиларни ёмон кўрсатадирлар. Йўқса, сизнинг овони адолатингизда шунчалик ёмонлар бўладими? Бу кўрнамаклар нафс сўзига кириб, жанобингизнинг аксар содиқ қулларингизни сиздан юз ўгуришларига ва салтанатингизга раҳна солишға сабабчи бўлмасинлар", деб. "Одил подшоҳ" бу иғвоға лаққа учиб мазкур уч мирзонинг қулоқ-бурунларини кесиб, ўзларини ўрдадан ҳайдашка ва улар кўрсаткан ўн фоиз яхши кишиларни ҳам ишдан олишға буюрадир. Анвар эса юқорида шу воқиъаға ишорат қилмоқдадир.
3 Жабонат — юраксизлик, қўрқоқлик. 4 Беандишалик
5 Мушоҳадагўй
20


ҳурмат билан қарайдир. Чумолини оғритмаған кишига ким ҳам адоват қилсин-хррр...
— Ҳабба! – деди махдум, — энди нима қолди; орада гўдаклик хавфидан бошқа ҳеч гап йўқ... Ойиға қирқ тилло вазифа, анвои ҳадяи шоҳона, яна – элдан кўриладирган обрў, ҳурмат,
ҳай, ҳай, ҳай...
Махдумнинг кейинги жумласи Анварни кулимситди. Кучланиб жиддиятини сақлаған ҳолда: — Ҳозирча мени бош мунший қилиб ёрлиғ берганлари йўқ, — деди, — шунинг учун бу
тўғрида сўзлашиш манга қолса ҳали эртароқ кўринадир.
— Мен ҳам буни билиб турибман, болам Анвар – деди махдум. – Башарти бу мартабани
худойи таъоло сенга насиб қилса, ҳалигидек болалиқ ақлинг билан нобуд қилиб қўймағил, деб сўзлайман. Эшитишима қарағанда, жанобға бир ариза ёзиб, узр баён қилмоқчи эмишсан...
— Ким айтди?
— Ким айтканини қўябер, аммо бояғи ҳаракатларинг бу кори баддан ҳам қайтмаслиғингға бизни ишонтирадир. Дарҳақиқат, ушбу хабар тўғрими?
— Сизга арз қилған киши балки билиб сўзлагандир... Башарти сиз бу фикримни маъқул топмасангиз... албатта мажбурман.
— Ҳабба, — деди махдум тамом очилған қиёфатда, — гўдаклик лозим эмас, жабонат кўб мазмум1 суфат, “Осилсанг ҳам баланд дорға осил” мақоли кўб пурҳикмат сўз.
Махдум шу гапни айтиш ораси қонеъ2 ва мағрур Шаҳидбекка қараб олди. Чунки ул бу мағруриятка икки жиҳатдан ҳақли эди; “башарти сиз маъқул кўрмасангиз...” деб Анвар ўз ризолиғини махдумнинг ёлғиз шахси билан билдирди, ҳам шу жумла билан устозидан бошқаларнинг ўз раъйига қарши бора олмаслиқларини онглатди.
Яхшиғина тушурилган манти ва одатдан ташқари энтикиб, ҳаллослаб кўб сўзлаш натижасида Шаҳидбек чарчаб, ёстиққа суяниб қолған эди. Шунинг учун ул икки орадағи онглашишни ёнбошлаған кўйи табрик этди:
— Балли, мирзо, балли, гап шундай бўлсин, хррр...
Бир-икки пиёла чой ичишкандан сўнг, махдум билан Шаҳидбек фотиҳа ўқуб, шом намозиға қўзғалишдилар. Анвар Шаҳидбекни ўрта эшиккача кузатиб борди. Шаҳидбек Анвар билан хайрлашар экан:
— Иншооллоҳ ёрлиғ оларсиз, деб ўйлайман... Бир неча закотчилар тўғрисида сиз билан кенгашадирган гаплар ҳам бор. Ўз фарзандимиздек йигитсиз, сизнинг мирзобоши таъйинланишингиз бизга айни муддао, — деди.
— Ёвда бўлса, тезаги тегар эмиш. Анвар ўз болангиз-да.
Анвар уларнинг сўзига қарши мажҳул бир вазият сақлаған ҳолда бош қимирлатиб суфага қайтди.
12. БАХМАЛБОФДА ФАҚИР БИР ОИЛА
Анвар 1267-нчи ҳижрия миёналарида Қўқоннинг Бахмалбоф маҳалласида3 фақир бир оилада дуёға келди. Оналар туққан болаларини сизга “тилаб-тилаб олған фалоним” деб, оталар “худой берган ўғулча” деб тақдим этадирлар. Аммо бизнинг Анвар бўлса онасининг “тилаб-тилаб олғани” эмас ва отаси ҳам уни “ўғулчаға” ҳисобламаған эди. Отасининг касби бўёқчилиқ, ҳамиша ярим белидан нил сувига чўмилиб ётқан бир камбағал ва бир қарич, икки қарич болалардан бештасига дада эди. Шу беш боланинг ёниға иззатсиз, ҳурматсиз олтинчи “меҳмон” бўлиб, бизнинг Анвар қўшилди. Яъни Анвар тилаб олинған бола эмас, дадаси билан онасининг тилакларига қарши, фақат уларнинг бахтсизлик ва қашшоқлиқлариға хизмат қилғучи бўлиб
1 Айб, ёмон
2 Рози
3 Духоба тўқуйдурғонлар маҳалласи (муал.)
21


туғилди. Бола тилаб олинса, сўйинч-қувонч, новорачи-сурнайчи ва шунга ўхшаш чўзма-чалпак, ис-чароғ маросимлари нуқсонсиз ижро этиладир. Аммо Анварнинг дунёға келиши мундай маросим, тантаналар ва орзу-ҳаваслар билан бус-бутун алоқасиз эди. Масалан, онаси ўз ёниға доя чақириб такаллуфланмади, тўнғуч қизи Нодиранинг кўмагида туғди; болаларини қўни- қўшниға сўйинчи учун чиқармади. Чунки қўшниларнинг “қайси ҳолинға туғдинг?” ёки “ўзи ўлгур ит мижозми?” деб таъна қилишларидан чўчиди.
Шу ҳолда етти-саккиз кунлаб Анварнинг дунёға “ташрифи” сир бўлиб кечти. Анвар оҳорлиқ янги йўргак кўрмаганидек, оғаларидан бирининг эски бешигига тўққузинчи кун беланди эмас, тиқилди.
Анварнинг “чилласи чароғ кўрмаган” бўлса ҳеч боки йўқдир, бироқ йигирма кунлаб бешикда исмсиз ётиши қизиқдир, чунки янги “қадрлик меҳмон”га от қўйиш на отасининг эсига ва на онасининг хотириға келган эди. Орадан йигирма кун ўтса-ку, болаға исм қўймасалар, деб ота-онани айблаш оғир. Балки Салим бўёқчининг тирикликдан қўли бўшамағандир. Аворбибининг бўлса олти боланинг хархашасидан қулоғи тинчимай мияси суюлгандир, ҳар ҳолда бу “қадрлик” боланинг оти муҳтарам маҳалла имоми тарафидан қўйилмағанидек, ота-она томонларидан ҳам насиб бўлмади. Исм қўйиш вазифасини йигирма иккинчи кунларда ўн икки ёшлиқ Нодира адо қилди.
Нодира ўз яқинларидағи махдумлардан бирининг боласини яхши кийими, айниқса, ёқимлиқ эшитилган “Анвар” исмига суқланиб, ҳавасланиб юрар эди. Ўйлаб-нетиб турмади-да, янги чақалоқ укасининг отини ҳам “Анвар” деб атади ва вешикда чалқанча ётиб, нурсиз қора кўзлари билан дадасининг фақир ҳаётиға “рамз қўйған” бу чақалоқнинг теварагидан айланиб, “Анваржон, Анваржон!” деб хитоб қила бошлади. Шуни ҳам айтиб қўйиш керакки, Анварнинг дунёға келишини бирдан-бир табрик этиб сўйинган шу Нодира эди. Сўнгроқ яна унга оналиқ мартабасида бўлиб келгучи яна шу Нодирадир.
Шу йўсун Салим бўёқчининг мавридсиз лайлаклари ичида бемаҳал ғуррак бўлиб Анвар ҳам яшай бошлади. Болалари кўпайган сайин Салим аканинг иши ҳам кейинга кетканидек, кундан- кун эҳтиёждан-еҳтиёжға ўтиб борар эди. Анвар уч ёшқа кирганда, беш йиллардан бери Салим акага ёпишиб олған бобосир касали унинг ёқасидан олиб йиқитишға муваффақ бўлди. Яъни Салим ака қонсираб, дармонсизланиб ётиб қолди. Муолажага пул керак, мундан ҳам илгари оиланинг умумий касали бўлған озиққа ҳам шу нарса керак. Салим бўёқчи сармоясидаги нил, туз ва шунга ўхшаш дастмояларни сотиб муолажа қилдирған бўлди. Дард анча улғайған эди. Бу чиқимлар фойда ўрниға зарар келтирдилар. Дўкон дастгоҳини сотиб рўзғор қилди. Булар ҳам биткандан кейин бу оиланинг оғир кунлари бошланди. Очлиқ, яланғочлиқ, айниқса касал боқиш.
Шу қиш айниқса қаттиғ келган эди. Совуқдан сақланиш учун уларнинг ҳозирликлари йўқ. Ўпкасига совуқ тегдириб Салим аканинг тўртинчи боласи ўлди. Кўкламга чиқар-чиқмас Салим бўёқчининг ўзи ҳам дунё билан видўлашди. Бунинг устига Анвар, яна икки оғасиға қизамиқ тошиб бир бола мунда ҳам ўлиб берди. Шу йўсун олти ой ичида Анорбиби эридан ва икки боласидан айрилиб, тўрт гўдак орасида тирик бева бўлиб қолди. Нодиранинг бўйи чўзилиб қолған, ҳар начук бир жойини топиб кетар, аммо учта ёш боланинг иши қийин эди. Эридан болаларнинг тарбиясига ярарлиқ ҳеч гап қолмаған, бир-иккита хум, уч-тўртта мўнди ва шунга ўхшаш резров, бошқа бир бало ҳам йўқ. Анорбиби меҳнат билан яхшаб, етти-саккизни туғиб, ёши ҳам қирқларға бориб, тусига ажин кириб, кексаймаса ҳам қаримсиқ бўлиб қолған, шунинг учун бирартага тегиб олиши тўғрисида ўйлаш ҳам беҳуда.
Анорбибига ўхшаш тул хотинларнинг қиладирган ишлари ҳар кимга ҳам маълум: маҳаллада дастурхончилик, бойлар эшигича оқсочлиқ, ҳунармандроқ бўлса – кинначилик ва ҳоказо. Анорбиби шу ҳунарларнинг ҳаммасига ҳам қобилият эълон қилиб, болаларини боқиш фикрига тушди. Ба ву орада қизи Нодирани бир бўзчи боласиға узатиб, юкини ҳам бир оз енгиллатди.
22


13. ТАНИЙСАНМИ ШУ ЖАЖЖИ ҚИЗНИ?
Фалакми кажрафтор, турмушми бемаза, ҳар ҳолда Анварларнинг толеъи яна пастлик қилди. Бир кун Анорбиби биравникида юмуш қила туриб тўсиндан оғриб қолди, бир соатнинг ичида тилидан ҳам айрилди. Занбилга солиб ўз уйига келтириб ташладилар. Болаларнинг фиғони фалакка чиқди. Куяви табибга югурди. Натижада юрак фалажига йўлиққани маълум бўлиб, шу кун кечаси ҳатто уч гўдаги тўғрисида бир оғиз васият қилолмай вафот этди. Мозорға элтдилар. Тобут олдида икки оғаси билан олти ёшлиқ Анвар ҳам йиғлаб борди.
Ўн бир ёшлиқ Темур, тўққиз ёшлиқ Қобил ва Анварларни тарбия қилиш оғирлиғи Нодиранинг устига тушди. Марҳума онасининг ёдгорлари бўлған бу уч болани бегоналар қўлида хор қилиб қўйишни Нодира истамаса ҳам, эрининг фақирлиғи бунга монеъ эди. Таъзия кунлари ўткандан кейин ўғуллиққа деб сўрағанларға икки болани бериб юборди ва Анварни ўзи билан олиб, онасининг қақир-қуқурларини бир аравага ортиб эрининг уйига келди.
Нодира онаси ўрнига Анварнинг бошини силади, ювиб-таради ва Анварнинг истиқболи учун қайғирди. Отаси ва ўз эрининг касбларига яхши баҳо бермагани учун Анварни бошқа киши қилмоқ фикрига тушти. Уни ўқутмоқчи, ҳатто мадрасаларга юбормоқчи ва шу йўсун муллалиқ даражасига еткузиб, отасининг уйига чароғчи қилмоқчи эди. Анварни ўзлари турған маҳалладан бир гузар нари бўлған Солиҳ махдумнинг мактабига берди. Анвар “тахта”дан ўқуш бошлади, зеҳнининг тиниқлиғидан бўлса керак, ўн бир ёшида саводи чиқаёзди. Бироқ ўқишда қанча бахтли бўлса, пешанада ўшанча бахтсиз эди. Шундоғки, Нодира икки болалиқ бўлған эди. Эри: “Укангга едириб-кийдирайми ёки ўз болаларингними? Укангни кишига шогирд бериб юбор”, деб Нодирани қисташға турди. Бечора Нодира оғир ҳолда Анварни кишига шогирд бериб, ўқушини зоеъ қилишға кўзи қиймайдир, эрига муқобала учун ҳеч бир мантиқ тополмайдир. Чунки эрининг ҳоли ўзига маълум. Шу йўсун яна бир йил ўтиб, Анвар тўғрисида эри билан аччиғ-тизиқ бўлған бир кун паранжисини ёпиниб кўчага чиқди ва тўғри Солиҳ махдумнинг уйига борди. Шу вақтларда Солиҳ махдумнинг онаги Марғилонға кетмаган эди.
Нодира Моҳлар ойимға йиғлаб ҳасрат қилди. Ҳамма саргузаштларини бирма-бир сўзлади. Шу бола учун эридан чеккан изоларини чизиб:
— Улуғ даргоҳларингизга шу ятим боланинг умри зоеъ бўлмасмикин, ўқуши жуванмарг қилинмасмикин, деб келдим. Бир парча нонларингизни аямай, ятим бошини силасаларингиз, деб келдим, — деди.
“Қуш тилини қуш биладир” деганларидек, Нодиранинг самимий арзи бандачилиги Моҳлар ойим билан Нигор келиннинг юкларини эзди ва шу онда Моҳлар ойим мактабхонадаги болалар ичидан Анварни чақиртириб олди. Анвар келишкан, дўндиқ бола эди.
— Домласи мақтайдирған ўзимнинг зеҳнлик болам-ку, — деди Моҳлар ойим Анварни кўриш билан ва Нодирага таскин берди.
— Хўб қизим, хўб, поччаси боқмаса боқмасин, мен ўзим боқаман, ўқутиб катта мулла қиламан.
Анвар поччасининг кейинги кунлардаги дағал муомалари сабабини ўйлаб, хафаланиб юрар эди. Моҳлар ойимнинг ҳалиги сўзи билан масалага тушунди ва ятимона бошини қуйи солди. Бу ҳолдан опаси таъсирланиб, кўзига ёш олди.
— Йиғламанг, жувон, — деди Моҳлар ойим, — йўқлик қурсин – йўқлик. Поччаси камбағал бўлса, унда ҳам гуноҳ йўқ, ҳамма гап тақдири азалдан. Яхши: бу кунданоқ бола сизникига бормайдир, ўз ёнимда ўғлим бўлиб ётадир. Отинг нима, катта йигит?
— Анвар...
— Оҳ, отинг ҳам ўзингга ўхшаш чиройлик экан... Манови дўндиқ қизни танийсанми?
Шу ўртада ўйнаб юрған олти ёшлар чамалиқ Раъно югуриб келиб, Моҳлар ойимнинг
23


бағриға кирди. Анвар ўзидан ҳам дўндиқроқ Раънога қараб кулди: — Раънохон, — деди.
Моҳлар ойим Раънони бағридан чиқариб буюрди:
— Бор, Анвар акангга салом қил!
Раъно келинларча Анварга салом қилди ва жазб қилғандек Анварнинг яқиниға бориб тўхтади.
— Кўриш, Анвар! – деди ойим.
Анвар Раънони бағриға олиб қучоқлади. Шу ҳолда Моҳлар ойим кулимсиди.
— Агар ўлмасам, шу дўндиқ қизимни бериб, Анварни ўзимга куяв қиламан.
Анвар уялиб бағридағини бўшатиб юборди. Хотинлар кулишдилар. Шу йўсун Нодира
Моҳлар ойимдан жуда хурсанд бўлғани ҳолда уйига қайтиб кетди.
Ўз уйида бир нонхўр ортиши махдумга, албатта, ёқмас эди. Бироқ, онасининг раъйини
қайтаришдан ҳам ожиз эди. Шундоғ ҳам бўлса, “томоғи-ку, енгил, кийими оғирроқ. Кийимини опасининг устига қўймабсизда” – деди. Моҳлар ойим: “Кийими бир гап бўлар. Кишилар масжид, мадраса солғанда, бир бир ятим боқсақ, арзимайдими? Сенга оғирлиқ қилса, ўз бисотимдан кийинтирарман, болам” – деди.
Анвар ўн икки ёшида учунчи оилани кўрди. Лекин бу охирғиси Анвар учун ҳар жиҳатдан ҳам қулай бўлди: ўқушини давом этдирар, қорни панжшанбалик нонлар билан тўқ, уст-боши ямоқ бўлса ҳам яланғоч эмас эди. Бу учунчи оилага кўчишда Анварни энг хурсанд қилған нарса мактабдаги болаларнинг озор беришларидан қутилиши ва домланинг асранди ўғли мақомини олиши бўлди. Болалар уни эҳтиром қилмасалар ҳам, унга бурунғича ёмон муомала қилишдан ҳайиқиб қолдилар. Анварга бу уйда ортиқча юмуш ҳам йўқ, чунки ҳар қанча уй хизматлари мактаб болаларидан ортмас, ўқушдан бўшаған вақтини Раънони ўйнатиб кечирар эди.
Ўн уч ёшида мактаб прўғраммасини битириб, ёш бўлса ҳам халфалик, яъни домлаға кўмакчилик қила бошлади. Ба ҳар кун болалар озод бўлғандан кейин махдум унга кофия1дан дарс берар ва “Гулистони Саъдий”дан бир неча банд ўқуб, маъноси билан ёдлатар эди.
Ўн беш ёшида мактабни ёлғиз ўзи идора қилиш даражасига етканидек, яхшиғина форсийхон ва бир даража араб тилига ошно бўлди. Махдум мундан бир неча вақт илгарилар Анварни мадрасага узатиш тўғрисида сўзланиб юрса ҳам, ҳозир бу гапни оғзиға олмай қўйди. Чунки мактаб ишида ялқовланиб Анварга суяниб қолди ва мадраса масаласини унутдириш мақсадида, араб, форс наҳвсарфидан ўзи дарс беришка киришди.
Махдум Анварга шу жиҳат билан иноқ эди. Аммо Моҳлар ойимнинг Анвар билан муомаласи холис ва самимий бўлиб, ул Анварга ўз боласидек меҳрибон ва ҳар вақт: “Кўнглингни бузма, Анвар йигит; кўрасанми шу жажжи қизни? Албатта сенга бердираман!” дер эди. Лекин Моҳлар ойим ваъдасига еталмади. Махдумдан аразлаб Марғилон кетишка мажбур бўлди. Бироқ, кетар чоғида ҳам Анварни унутмади. Нигор келинни ўз ёниға чақириб: “Куявлик учун Анвардан яхшироқ йигитни тополмассиз, Раъноға худойим умр бериб, бўйи етса, албатта Анварга бердиргин” – деди.
14. ЧИН ЎРТОҚ
Анвар ёшлиғида бўшангғина бир бола эди. Ўз тенгги болалар билан оз алоқа қилар, уларга кам аралашар ва ортиқча ўйнаб-кулмас, ҳамиша унинг кўзида бир мунг ётар эди. Бу ҳолат балки оила бахтсизлигидан, ота-она бағрида яйрамағанлиқдан туғилғандир, десак, унинг икки оғаси мундай эмас эдилар. Бир онадан неча хил бола туғиладир, деганларидек, Анварнинг яратилиши оғалариға нусбатан бошқача эди. Махдумнинг уйида тура бошлағач, Анварда бир оз ўзгариш
1 Араб тили грамматикаси
24


кўрилди. Шунда ҳам болалар билан алоқасини эскича юрутиб, фақат Раъно ёнидағина ўйин- кулки боласиға алишинар, Раънони етаклаб боқчаға, кўчадаги катта сув бўйлариға чиқиб ҳамроҳини боқчадағи гулларнинг исми, учин юрған қушларнинг навъи, катта оқар сувлар ва айниқса Раъно каби ёш қизчалар учун бу сувларга йиқилиш хавфи ва шунингдек, бошқа масалалар билан уни танишдирар, кўчада ўлик кўтарганларни кўрса, бирарта боланинг отаси ёки онаси ўлганлигини сўзлаб, бунинг орқасидан: “Меним ҳам онам ўлганда ўшандоқ қилиб кўтарган эдилар... Мен ҳам шу боладек мозорға йиғлаб борған эдим”, деб қўяр эди. Раъно ҳам Анварнинг сўзига диққат билан қулоқ солар ва кўпинча ҳисобсиз саволлар ила уни кўмиб ташлар, лекин Анвар зерикмас, ҳар бир сўроққа жавоб бериб, Раънони қаноатландиришға тиришар эди.
Анвар ёш бўлса ҳам жиддий ва кичкина мияси муҳокамага қобил, бошқа кишилар устига тушкан бахтсизликдан ҳам мутаассур бўлғучи эди.
Бола чоғиданоқ энг яхши кўрган нарсаси гулзор ва ундаги гуллар эди. Махдумнинг оиласига келиб тура бошлағандан сўнг боқчанинг гулзор қисмини ўз идораси остиға олди. Гулларни суғориш, ўтларни юлиб, тозалаш вазифаларини ўзи бажарди. Гуллардан ҳеч кимга уздирмас, бир боланинг узиб олғанини кўрса ўз хафа бўлғанидек, болани ҳам хафа қилар эди. Болаларнинг дараги билан ҳар кимнинг уйида бўлған янги гуллардан кўчат ва уруғ олиб, йилдан-йилга гулзорни бойитди. Ёз кунлари келса, болаларни капалак ва олтин қўнғуз тутиб келишка буюрар; қийнамай, озор бермай заҳасиз капалак тутиб келганларга сабоғини ўқутиб қўйиш билан мукофот берар, капалак ва олтин қўнғузларни гулзорга учуриб юборар, агар улар гулларга қўниб қолсалар, ўзида йўқ сўюнар эди. Шунинг учун аксар ёз кунлари махдумнинг боқчаси оқ, нимранг, олан, зангор, малла, ложувард ва бошқа тус капалакларнинг ялт-юлт учишлари билан алоҳида бир кўринишка кирар, Анварнинг ўқушдан бўшаған кезлари гуллар ичида ва шу капалаклар орасида кечар эди.
Анвар ҳар ким учун ҳам сўйимлик ва хушмуомаласи барчага баробар эди. Аммо, айниқса хуш кўрган кишиларидан биринчиси Раъно ва иккинчиси мактабдаги шогирдлардан сабоқдош шериги Насим исмлик бола эди. Насим билан Анвар жуда яқин дўст, бир-бирини онглағучи сирдош ўртоқ эдилар. Гарчи Насимнинг отаси Қўқоннингғина эмас, бутун хонлиқнинг танилған кишиларидан ва бу икки боланинг синфий айирмалиқлари ер билан кўкча, лекин ёш дўстлар бунинг фарқиға етмаслар, Насим “хоннинг мирзабошисининг ўғлиман”, деб ҳаволанмағанидек, Анвар ҳам “Салим бўёқчининг ятими, Солиҳ махдумнинг асрандисиман” деб андиша қилмас эди. Бу икки бола бир жойда суҳбатка киришсалар, четдаги бир киши Анварни йиртиқ бўз кийимлар ичида ва Насимни шоҳи-адраслар билан ғарқ ҳолда кўриб, албатта “бу гадойбачча билан бекбаччанинг ўзаро нима муносабатлари бор?” деб таажжубланар, лекин дўстлар ҳали бунинг айирмасини идрок қилмаслар эди.
Аксар жумъа кунлари махдумдан изн олиб, Анвар шу ўртоғининг уйига борар, кечкача Насим билан “суҳбатлашиб” қайтиб келар эди. Анвар шу муносабат билан Насимнинг отаси Муҳаммад Ражаб пойгачининг илтифотига ноил ҳам бўлди. Насим ўртоғи Анварнинг ятимлиғини отасиға билдириб, мажбур қилған бўлса керак, бир неча ҳайит мавсумларида Муҳаммад Ражаббек Анварга кийимлар ҳам берди. Бу илтифот икки дўстнинг алоқаларини бир- бирларига яна қаттиғроқ боғлади, айниқса, махдумнинг димоғини чоғ қилди. Зеро, Анварнинг Муҳаммад Ражаб каби бир кишининг ўғли билан дўстлашиши бир камолат бўлғанидек, дўстлиқнинг ҳатто сарполар кийишкача бориб етиши махдумнинг назарида яна айни фазилат эди... Шу сарпо кийиш воқиъасидан сўнг махдум Анварга бошқача қараб қолди ва ичидан “сен одам бўладирған кўринасан”, деб қўйди.
Бахтка қарши, бу дўстлиқ алоқаси узоқ давом эталмади. Бир кун орадағи дўстлиқ риштасини ўлим яғмогари келиб узди. Насим ўн беш ёшлар чамасида чечак касали билан оғриди ва ўша кезларда давосиз ҳисобланған бу касалдан ўнглалмай вафот қилди. Муҳаммад Ражаббек ва
25


оиласи учун бу мусибат, албатта, оғир эди. Бироқ, улардан ҳам Анвар учун оғир бир ҳасрат бўлди. Ҳатто, кўз ёшини марҳумнинг ота-онасидан ҳам кўброқ Анвар тўкди десак, муболаға қилмаған бўлурмиз. Уч кун мактаб ва махдумни унутиб, Муҳаммад Ражаббек ҳавлисида туриб қолди. Ҳар оқшом Насимнинг қабри устида бир соатлаб йиғлаб ўлтурди. Бу ёшнинг самимий чин дўстлиғи ва ўртоғиға садоқати ҳар кимни таажжубка қўйди.
Анварнинг биринчи мартаба марҳум дўстига атаб ёзған марсияси мотамлик ота-онани яна бўзлатқан эдиким, биз марсиядан бир неча мисраъини қуйида кўрсатамиз:
Очилмай сўлса ҳар гул ғунчаси пиру жувон йиғлар, Eмас пиру жувон, балки ҳамма аҳли жаҳон йиғлар.
Ажал яғмогари боғи зако ичра узиб занжир, Раҳмсиз эзса маъсум лолаларни, чун хазон йиғлар.
Насимим кетди оламдин мени қайғу аро ташлаб, Кўзимдин оқса хун ҳеч бир ажаб йўқ, чунки қон йиғлар.
Жаҳонда эрди танҳо мен ятимга ҳамнишин, дилдор, Ғарибликнинг диёрида адашкан нотавон йиғлар...
Мулла Муҳаммад Ражаббек пойгачи ўғлининг содиқ дўстига шу кундан эътиборан бошқача қараб қолди. Бир жиҳатдан маъсумият, иккинчидан кўриниб турған истеъдод Муҳаммад Ражаббекни Анварга илтифот этишка мажбур қилди. Гарчи Анварнинг юқоридағи марсияси болалиқ хархашасидан иборат эди эрсада, яна унинг истиқболидан хабар олиш учун яхши мезонлиқ вазифасини ҳам ўтар эди.
Мулла Муҳаммад Ражаббек аввало ўз илтифотини Анварнинг марсиясидан бир байтини Насимнинг қабр тошиға олиш билан бошлади. Сўнгра Анварнинг “дунёда ман ятим ўртоғингға танҳо сирдон ва дилдор (кўнгил кўтаргучи) эдинг. Бу кун мен сендек дўстдан айрилиб, яна ғурбат диёрида нотавон йиғлайман!” деб афсус ва надомат қилишиға қарши, яъни Анварнинг ятимлик ва ғариблигига йўл қолдирмаслиқ учун мулла Муҳаммад Ражаббек ўғлининг содиқ дўстига ўз оталиғини кўрсатмакчи бўлди.
Анвар уч ҳафтагача хатми қуръон кечлари Муҳаммад Ражаббек уйига келиб турар эди. Охирғи хатми қуръон кечи Муҳаммад Ражаббек Анвардан аҳвол сўради:
— Домлангиз саломатми? — Шукур.
— Ўқушингиз яхшими? — Бирмунча.
— Домланинг уйида турасизми? — Тақсир.
— Сиқилмайсизми?
— Йўқ.
— Илми ҳисоб ўқуғанингиз борми?
— Йўқ, тақсир.
— Домлангиз илми ҳисобни билурмикин?
— Билмаслар деб ўйлайман.
— Агар мен бир домла таъйин қилсам, ҳисоб ўқийсизми?
— Устозим рухсат берсалар, албатта ўқийман.
— Хўб... бўлмаса эрта кечка домлангиз шу ерга келиб, менга учрашсин.
— Хўб тақсир.
Eртаси куни махдум келди, Муҳаммад Ражаббек махдум билан сўзлашиб, Анварни ўрда
26


хизматига олиш фикрида бўлғанлиғини, бунинг учун арабча, форсийчадан яна ҳам чуқурроқ маълумот олиши лозимлиғини ва ҳисоб ўрганиши кераклигини айтди. Махдум Муҳаммад Ражаббекнинг Анварга мунчалик марҳамати учун бир оз шошиб қолса ҳам, лекин бу меҳрибончилиқ сабабига яхши тушунганлиги жиҳатдан аввало бекнинг ятимпарварлиги, сўнгра Анварнинг зако ва истеъдодини махтади. Анварни одам қилиш йўлида чеккан ўз машаққатларини ҳам шикоят йўсунида сўзлаб чиқғач, бу кунларда эҳтимоми том1 бирлан Анварга форс ва арабийдан дарс бериб турғанини ва алҳол ҳам Анвар форсийча тазкира ва таҳрирлар ёза олишини баён қилиб, неҳcа хил узрлар ичида ўзининг илми ҳисобдан баҳрасизлигини билдирди, яъни Анварнинг илми ҳисоб ўрганиши учун бошқа муаллим керак бўлур, деди. Муҳаммад Ражаббек бу тўғриға ўзи домла топмоқчи болиб махдумга рухсат берди.