БИР ЎРДАЛИҚ
Махдумнинг ҳавлиси уч қабат эди. Кўчадан биринчи қабатда меҳмонхона, мактабхона ва машқхона эди. Иккинчи қабатда мураббаъ, ярим таноб чамаси боқча, бунда шафтолу, олма, анжир каби мевалик дарахтлар ва бир неча кекса сўри токлар қулп уриб ўсқан эдилар. Махдумнинг болалар кучидан яхши фойдаланғани учун бўлса керак, боқчанинг ҳар бир қариши бўш қолмаған, унда ҳар турлук кўкатлардан бор эди. Ўртадағи сўрининг ости бир ярим газ кўтарилиб ишланган суфа, суфанинг уч тарафига ёз гуллари экилган, райҳон ва бошқа чечаклар атрофка ўз атриётларини онгқитиб ётар эдилар. Биринчи қабатдан киргач боқчанинг суфасига ҳамда ичкарига юруладирган йўлкалар бор эди.
Ҳозир мезон ойининг иккинчи ҳафталари, боқчанинг мевалари етилинқираған, айниқса сўридаги қора ҳусайни узумлардан гўё боллар томиб ётар эди. Йўлкаларга сув сепилган, суфага гилам солинмаса ҳам гуллик кийиз тўшалиб, уч тарафига кўрпачалар ёзилған эди.
Махдум этни уйга бериб чиқғандан кейин икки соат чамаси ҳуснихатдаги болалар билан шуғулланди, орадан “абжад” сўзини дуруст ёзиб чиқарған бир боланинг қўлини боғлаб уйига юборди. Бола уйидан “қўл ешар” олиб келгандан сўнг ҳаммага жавоб бериб бу кунги вазифасини тамомлади.
Махдум машқхонадан чиқиб ичкари киришга адим узған ҳолатда дарбозадан сипоҳи кийимда бир киши кирди ва махдумга табассум билан салом бериб яқинға юриб келди. Ўрданинг девонхона хизматчилари кийимида бўлған бу кишини махдум ўз умрида биринчи мартаба кўрар эди. Жавоб саломдан кейин сизланиб меҳмонни меҳмонхонаға бошлади. Меҳмон ҳам такаллуфланмай домланинг орқасидан меҳмонхонаға кирди, ўлтуришдилар, сўнг фотиҳа ўқулди. Ўрдалиқ табассум ичида махдумга қарағандан сўнг йиғиштириниб олди.
— Хато қилмасам жаноблари мирзо Анварнинг устозлари бўлсалар керак? — Фақир...
— Уй ичлари билан хўб саломатмилар?
— Алҳамдулиллоҳ.
Махдумга кутулмаган равишда меҳрибон муомала қилғучи бу ўрдалиқ қирқ ёшлар чамасида, узун бўйлиқ, қора узун соқоллиқ, симоби салласининг пешини туширған қорача туслик бир йигит эди.
— Каминалари ҳам, — деди ўрдалиқ, — мирзо Анвар билан бирга девонхонада ишлайман. Балки қулоқлариға чатилған бўлса керак, исмим Султонали мирзо...
— Хўб, хўб, — деди кулиб махдум, — Анвардан эшитканим бор эди, жанобларининг тавсифларини эшитканман. Начук худо ёрлақади? Фақирхонаға ташрифлари билан бисёр хушнуд бўлдим.
— Адабсизлик бўлса ҳам, — деди мирзо Султонали, — муборакхоналариға бостириб келдим. Бунга ҳам буродарим мирзо Анварнинг муҳаббати мажбур қилди.
Султоналининг бу кейинги сўзи мақсадни бир даража домлаға онглата ёзди. Кайфланиш, ҳузурланиш махдумнинг юзида ўрунлашқан эди. Кўзини қисинқираб Султоналига қаради.
— Хўб, хўб, — деди махдум, — мулла Муҳаммад Ражаб марҳумнинг ўрниға бош мунший таъйин қилиндими, қўлим тегиб бу тўғрида Анвар билан сўзлашолмадим?
— Ҳозир таъйин қилинғунча йўқ, эрта-индин таъйин қилинар, деб турамиз.
— Кўб яхши, номзадлар бордир?
— Бор деди Султонали, — бир неча номзадлар ҳазрати хонға манзур қилинғанлар,
11


жумладан шоир Мадҳий, мулла Шаҳодат муфти ва бошқа яна бир нечалар. Масмуъингиз1 бўлса керак, гарчи ўзи ризолиқ бермаса ҳам бир неча мирзолар шогирдингиз мирзо Анварнинг ҳам номзадини холис ариза билан жанобга манзур қилған эдик. Умид Худодан, ёрлиғ мирзо Анварга қойим2 бўлур, деб турамиз.
Махдум соқолини тутамлаб шипка қаради. Гўё Султоналининг кейинги икки жумласига қайси йўсун муқобала қилишдан ожиз эди.
— Бир неча яхшиларнинг Анварга бўлған ҳусни таважжуҳларини3 эшиткан эдим, — деди махдум миннатдор оҳангда, — аммо фақирға шуниси мушкилроқ кўринадирким, башарти Анвар бош муншийлик вазифасига ёрлиғ олғундек бўлса, бу лавозимотни адо қила олурми, каминанинг назаримда бош муншийлик алахусус ул жанобнинг ҳузурларида беҳад улуғ ва мушкил кўринадир?
Султонали енгилча кулиб қўйди:
— Бош муншийлик лавозимоти борасидаги фикрингиз дарҳақиқат тўғри, — деди, — аммо мирзо Анварнинг уҳда қила олиши муҳаққақдир. Зеро, Анварнинг бу борадаги истеъдоди жанобларидан кўра каминага маълумдир, бу тўғридан хотиржамъ бўлсинлар.
— Дарвоқиъ, Анварга кўб меҳнатим сингган, — деди махдум маҳтанғансумон, — бир қариш ёшидан бошлаб каминанинг таълимида ўсти, ўз қўлимда тарбия топқан неча юз, балки минглаб шогирдларим ичида кўб таважжуҳим шу болаға бўлди. Ушбу сабабдан ҳам мунчалик мустаъид4 бўлған бўлса ажаб эмас, деб ўйлайман... Ва лекин ҳолоғи5 сўзим шунинг учундирким, фазли ва истеъдоди кофий6 бўлса ҳам ёшлиқ, кам тажрибалик қилмасмукин, деб мулоҳаза қилурман.
— Бўстони маърифат ва гулшани ҳақиқат, — деди Султонали, — Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн ёшларида дарсгўлик қилиб ва ҳоказо кутуби мутабаррака таълифотиға ҳам ибтидо қилған эканларким7, бу каромат жанобларидан пўшида эмасдир. Бас, индалъуқало8 ёшлиқнинг ҳеч бир нуқс ва аҳамияти йўқ, аммо фазлу заковат лозимдир. Масалан, каминангиз таҳсилда “Ақоид”ғача бордим ва қарийб ўн йилдан бери мирзолиқ қилурман. Ўз ҳунаримда яхши тажриба ҳам орттирдим, шунинг бирла бирга нафсиламрни иқрор этишка мажбурманким шогирдингиз мирзо Анвардан кўб даража қуйидаман: таҳрирда9, тақрир10 ва фароиз11да Анварингизнинг ёрдамиға муҳтожман. Ҳолбуки ёшим ундан баробар катта, мен ўқуған дарсларни эҳтимол Анвар ўқумаған... Анварнинг заковатига ёлғиз мен эмас марҳум мунший мулла Муҳаммад Ражабнинг ўзи ҳам таҳсин қилар, ажойиб ўғлон деб қўяр эди. Меним мирзо Анварни бу ўрунға саъи қилишим бўлса бир ғараз юзасидан эмас, холисонадир. Агар ғаразға ҳисобланса, масалан: “Бирарта ноаҳлнинг қўл остида ишлагандан, аҳлининг жағида тишланган маъқул” сўзига биноандир. Лекин мирзо Анвар нима учундир биз бир неча мирзоларнинг раъйимизга қарши тушиб, биздан ранжиб юрийдир. Ҳатто жанобға бир ариза киргизиб, меним номзадим янглиш кўрсатилибдир, мен бу вазифани уҳда қилолмайман, деб узр баён қилмоқчи эмиш. Унинг бу йўсун иноди нима учун, билалмадик... фақир, оғайнилар тарафидан гарчи адабсизлик бўлса ҳам ҳузурларига илтимос учун келдим. Аввало мирзо Анварга оталиқлари, соният устозлиқлари бор. Сиз жаноб тарғиб қилсангиз ва кенгаш берсангиз қабул қилар, деб ўйладиқ.
1 Эшитилган 2 Қарор
3 Эътибор
4 Қобилиятли 5 Ҳалиги
6 Етарли
7 Табаррук китоблар ёзишға ҳам бошлаған эканлар 8 Оқиллар наздида
9 Ёзиш
10 Матннинг мазмунини тушунтириш
11 Мерос илми
12


— Ҳабба! — деди махдум хурсандлик билан, — бу тўғрида яхши сўзлашмаған эдик, сўзлашармиз, иншооллоҳ кўнар.
— Саломат бўлингиз тақсир.
Махдум соқолини ушлаб кўзини қисди:
— Боя пешин асносида, — деди, — қавмлар каминадан истифсор1 қилишдиларким,
“ўғлингиз Анвар мунший таъйинланар эмиш, ушбу ахбор тўғрими?” деб... Мазмуни шаҳарга ҳам машҳур бўлған экан-да?
— Балки, — деди кулиб Султонали ва бир оздан кейин оҳиста сир йўсунида қилиб сўзлади, — ўрда ичида бир нечаларимиз устоз мулла Муҳаммад Ниёз домлаға2 ва ҳарамдан Оғача ойимға3 Анвар тўғрисида илтимос қилишдиқ. Шунинг учун мирзо Анварнинг бош мунший таъйин қилинишиға шубҳа қилмаймиз. Фақат уни кўндирилса бас.
— Ва лекин, — деди махдум ниҳоятда очилған қиёфатда, — бу тадбирларингиз беандоза маъқул бўлибдир, яъни масалан, жанобға домла шоғовул ва малика хонимларни восита қилишларингиз...
— Биз ҳам шундай ўйлаймиз. Энди умид худодан, натижа ҳам орзумизча бўлғай.
— Иншооллоҳ.
— Демак, мирзо Анварни кўндириш вазифаси одобсизлиқ бўлса ҳам сизга қолди-да, тақсир?
— деб Султонали такрор сўради.
— Хотиржамъ, — деди, махдум қаноат билан, — албатта ноинсофни кўндирсамиз керак. Шундан сўнг Султонали ўзининг бу ерга келганини Анварга билдирмасликни таъкидлаб
ўрнидан турди. Махдумнинг азтаҳидил “моҳазаримиз4 бор эди” деб қисташиға қарши узр айтиб хайрлашди. Махдум аксар ўз уйига келгучи кишиларга қилмайдирған фавқулодда бир такаллуф билан уни дарбозағача узатиб чиқди.
9. ЎПКА ВА ҲАЗИЛ
Истиқболнинг ширин хаёллариға кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. Таҳоратда тартибни риоя қилиш шуннат, аммо махдум тарки суннат қилмоқда. Ҳатто ўқуладирған дуоларни ҳам ўрунсиз ишлатмакда эди. Махдум шу йўсун бетартиб таҳоратланиб ичкарига кирди. Нигор ойим ошхонада мантиларни қасқонға териб қозонға уяр, Раъно бўлса айвонда кичкина укалари орасида ўлтурар эди.
Дадаси йўлакдан кўриниш билан Раъно Масъудни кўтариб турди. Ва қозиқдағи салла- чопонни олиб айвон муюшиға келди. Болалар ҳам дадалари олдида адабланишдилар.
— Анвар аканг келмадими, суфа ёлғиз, — деди махдум, чопон, саллани кия-кия, — асрга бориб келгунимча, сен суфага чиқиб тур-чи, Раъно.
— Хўб.
Отаси чиқиб кеткач, Раъно қўлида укаси билан ташқариға йўл солди. Унинг кетидан Маҳмуд ва Мансурлар ҳам чопишдилар.
— Раънапа, Раънапа! — деб Мансур йиғи аралаш ўзидан чопиб ўтмакчи бўлған Маҳмуднинг устидан Раъно опасиға арз қилди. Раъно боқчанинг суфасига ета ёзған эди. Мансурнинг йиғи шовқуни яна ҳам кучайиб рақобат ўти ёниб кеткач, Раъно тўхтаб Маҳмудни койишка мажбур бўлди:
— Маҳмуд, Маҳмуд, эси йўқ Маҳмуд!
Маҳмуд тўхтади, аммо Мансурдан олдинға ўткан эди, Мансур бу мағлубиятка чидалмай
1 Сўрамоқ
2 Худоёрнинг шоғовулбошиси – илмия вазири, «Тарихи Шаҳрухий»нинг муаллифи, шоир (муал.) 3 Худоёрнинг суюкли хотуни (муал.)
4 Таом
13


асабийлашиб, ерга ўлтуриб олди ва дунёни бузуб фарёд қўпорди. Раъно келиб Мансурни турғизди ва кийимига ўлтурган чангларни қоқти:
— Йиғлама, опаси, йиғлама, — деди, — ҳали дадаси Маҳдумни дум-дум! Қараб тур-чи, сен Маҳмуд, отанг келганда айтмасамми?!
Мансур “Раъанпа”сининг ҳимоясидан сўнг унинг етагида суфага қараб юрди. Аммо маҳмуд анча эзилган эди:
— Дадам йима1 қиларди? — деб сўради турған жойидан.
— Келсин-чи, ҳали... Тунови кунги чивиқ эсингдан чиқдими?
Маҳмуд жавоб бералмади. Унинг кўзида аччиғ аралаш қўрқув бор эди. Раъно кичкина укаси
бағрида суфага чиқиб ўлтурди. Мансур “Раънапа”сининг елкасига суяниб, йўл устида серрайиб қолған Маҳмудга ғолибона бир турда истеҳзо қилар эди. Маҳмуд бу ҳолга ортиқ чидаб туролмади. Ўзининг енгилишига сабабчи бўлған Раънодан ўч олмоқ мақсадида:
— Муллатанинг хотини, муллатанинг хотини... эй, эй, эй!
Раъно кулди:
— Қараб тур, қараб тур, сен адабсиз, — деди ва Маҳмудга ҳужум қиладирғандек қўзғалиб
қўйди.
— Билдим, билдим: муллатанинг хотини, муллатанинг хотини! — деди Маҳмуд ва ичкарига
қараб қочти.
Раъно кулимсираб Мансурга қаради:
— Шундайми, мен муллатанинг хоними-а? — деб сўради. Мансур жавоб ўрниға йўлакка
қаради ва сўюнчи ичига сиғмайған ҳолда суфанинг зинасига юругди ва қичқирди:
— Муллата, муллата телли, телли!
Раъно ҳам йўллакка қараб қизариниб кетди ва олдиға тушиб тартибсизланган сочини
орқасиға ташлаб тузатинди. Йўлакда кўринган ёш йигит (“муллата”) суфанинг йўли бўйинча келмакда эди. Қора чивиқ беқасамдан ҳарир тўн кийган мавзун қад Анвар биринчи қарашдаёқ кўзга дўндиқ ва кўркам кўринар эди. Қора сурмалик кўзи Раънода экан, ўзига югуриб келгучи Мансурга йўл устида чўнқайиб қучоғини очти. Мансурнинг юзидан ўпкач кўтариб суфага юрди. Анварни қаршиламоқ учун бўлса керак Раъно ҳам ўрнидан туриб суфанинг зинасига яқинлашди, ва табассу аралаш — “Ҳорманг” деди.
— Соғ бўлинг.
Анвар суфага чиқиб Мансурни ерга қўйди. Кафшини еша-еша Раъно томонға энгашиб, ўзига талпиниб турған Масъуднинг юзидан ўпти ва уни Раънодан олди. Масъуд Анварнинг қўлиға ўткач сапчиб гувранди ва қийқириб товланди. Раъно икки қўлини узатиб “кел менга, кел” деди. Масъуд буралиб Анварнинг бағриға сиқилди. Кулишдилар. Анвар болади ўпиб сўйди. Раъно Масъудни янди: “Сен қараб тур, бижи бола” деди. Анвар болани кўтарганча кўрпасига ўлтурди. Чап тизасига Мансур ёпишди ва унинг ёниға Раъно қўшилди... Шу йўсун икки орада бир мунча вақт Масъудни сўйишдилар: Анвар болани Раъноға бергандан кейин симоби шоҳи салласини олиб ёстиққа ташлади ва рўймоли билан қопқора бўли чиқа бошлаған муртини тузатди. Раъно қаршида тик турар эди.
— Тинчликми?
— Бетинчлик, — деди кулиб Раъно.
— Айни муддао экан бўлмаса... Ҳа, айткандек, — деди Анвар ўлтурган суфасига ишорат
қилиб, — бу кун жой катта солинған?
— Меҳмон келар эмиш.
— Ёлғонинг қурсин, Раъно, — деди Анвар кулимсиб, — қандай меҳмон?
— Мен қаёқдан билай, қандай меҳмон... фотиҳага кишилар келар эмиш, деб эшитдим.
1 Йима – нима (муал.)
14


— Фотиҳаси қанақа?
— Билмасам қанақа?
Анвар ўйланиб яна кулимсиди:
— Сенинг фотиҳанг бўлмасин?
— Меним қандай фотиҳам бўлсин, мен ҳали тирикман.
— Тескарига бурма, Раъно, балки сени эрга бермакчидирлар?
Раъно қизариб турди-да, яна гапни кулгуликка олди:
— Мени кимга берар эмишлар?
— Сеними? — деди кулиб Анвар, — сендан хондан бошқа ким олсин?
Раъно қўлидағи укасига қараған ҳолда:
— Сиз шунга маслаҳат берсангиз... мен қандоғ қилай, — деди ва Мансурни чақирди, — тур
Мансур, кетамиз.
Раънода аччиғланиш намойиши бор эди. Анвар Раънодаги бу ўзгаришдан ўнгғайсизлиққа
тушди:
— Раъно, — деди. Раъно зинадан тушиб бошлаған ҳолда тўхтади, — чинини сўзла, меҳмон
келиши аниқми?
— Меҳмон келиши аниқ, ҳам келди, — деди Раъно жиддий.
Анвар ажабланди:
— Меҳмон келди?
— Келди.
Анвар теваракка қаранди:
— Қани меҳмон, — деди.
Раъно қўли билан Анварнинг ўзига ишорат қилди:
— Ана меҳмон, — деди.
Анвар кулди:
— Мен меҳмонми?
Раъно жиддий равиш билан:
— Албатта, сиз бизга меҳмонсиз.
Анвар яна кулди. Бироқ унинг бу сўнгғи кулишида кучланиш бор эди:
— Мен сизга меҳмонми?
Раъно кулимсиб ер остидан Анварга қаради ва қўлидағи хархаша қилиб бошлаған болани
овитиш учун тебранди.
— Билмасам...
Раънонинг юзидан бояғи жиддият йўқолғандек эди. Анвар ҳам маънолиқ ҳазилни ташлаб
чин ҳазилга ўтди:
— Меҳмоннинг қорни оч, Раъно, — деди, — албатта қадрлик меҳмон учун тансиқроқ таом
пиширғандирсиз, деб ўйлайман. Бу кунги таомингиз исмини лутфан марҳамат қилсангиз эди.
— Меҳмоннинг вазифаси, — деди Раъно жавобан, — иззати билан ўлтуриш ва олдиға
қўйған нарсани махтаб-махтаб ейишдир...
— Тўғри айтасиз, отин биби, — деди Анвар, — бироқ бу кунги меҳмондорчилиғингиз ҳам
кечагидек убра билан бўлса махтаб-махтаб қўлингизға қайтариб беришим ҳам аниқдир.
Раъно бутун товшини қўйиб кулиб юборди:
— Бу кун қўғурма шўрбаға, — деди Раъно кулги ичида, — қаттиғ нон тўғраб ейсиз, жаз
ўрниға шалғам чайнайсиз.
— Офарин, — деди Анвар, — бу кунги меҳмондорчилиғингиздан қарийб мамнун
бўладирғанға ўхшайман. Агар мумкин бўлса шуни ҳам билсамки, бу кунги шалғам шўрба катта отин бибининг қўлларидан тановул қилинадирми ёки кичик отин бибининг?
— Меҳмон учун бунинг фарқи йўқдир...
15


— Бир оз янглишасиз Раънобону, — деди Анвар, — чунки қўлдан-қўлнинг катта фарқи бор. — Фарқи бўлса... бу кун кичик отин бибининг қўлларидан шалғам шўрба тановул қиласиз. — Бу ҳолда афу этасиз, Раънобону... Башарти кичин отинбибининг қўлларидан тановул
қиладирған бўлсақ шалғам шўрба эмас, бизнинг учун қуш шўрбадир.
Бунга қарши Раъно нимадир айтмоқчи бўлған эди, ташқаридан оёғ товшини сезди, Анварга
бир кулиб қаради-да, Мансурни етаклаб ичкарига чопди.
10. ХАЙРИХОҲ БИР ОДАМ
Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди:
— Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат!
Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган элли ёшлар
чамалиқ семиз бир киши кўринди. Кўк салласи манглайининг усти билан ўралиб, ўсиқ қоши қовоғиға ётқан бу бекнинг белидаги кумуш камари бениҳоят ўсиб тушкан қорнини юқориға кўтариб туриш вазифасини адо қилар эди.
Eшик остида Шаҳидбек билан махдум ораларида онглашилмаслиқ юз берди: — Сиз юринг!
— Сиз юринг!
— Мен рози!
— Адабсизлик бўлади-да, хррр?
Ортиқча такаллуфни Шаҳидбекнинг ўзи қабул қилса ҳам гўшти қабул қилмас эди. Такаллуфланиб ўлтурса борған сайин ўзига беҳузурлик ортар эди. Шунинг учун махдумнинг олдиға тушиб жўнади ва йўл устида "Мирзо Анвар ҳам келган экан, хррр?" деб қўйди.
Анвар уларни қарши олди, суфага чиқдилар. Шаҳидбек Анвар билан энтика-ентика кўрушкач, жой кўрсатилмасданоқ суфанинг тўриға ўлтуриб олди. Чунки зинадан чиқишда анча эзилган, такаллуфгача кутишка тоқати қолмаған эди. Фотиҳадан сўнг ўлтурган ерида уст тўнини ешди, белидан камарини олиб ёниға қўйди, салласини чиқариб ёстиқнинг устига ташлади ва рўймоли билан маглаёдағи терларини артиб ўзини елпиди:
— Хўб саломатмисиз, мирзо, хррр? — Шукур, ўзларидан сўрасақ?
— Алҳамдулиллоҳ.
Сўнгра махдум Анвардан ҳол сўради: — Бир оз кечикдингизми, Анвар?
— Зарурроқ ишлар бор эди.
— Сармунший қазо қилиб, — деди Шаҳидбек, — ҳамма оғирлиқ сизнинг устингизга тушкан бўлса керак, мирзо, хррр?
— Шундай, — деди Анвар, — лекин баъзи вақт вилоятларга ошиғич юбориладирған нома ва фармонлар чиқиб қоладир. Шундай кезларда ҳатто тунаб ишлашка ҳам тўғри келадир.
Шаҳидбек қайта бошдан манглайиға терилиб қолған терларини артди:
— Иложи йўқ, иложи йўқ?
Анвар ер тегидан махдумга кўз қирини ташлағач, ўрнидан туруб тўнини ешди ва зинага
бориб кафшини кия бошлаған эди, махдум буюрди:
— Ичкарига кириб, хабар олинг, таом тайёр бўлған бўлса, олиб чиқсангиз ҳам маъқул. — Хўб.
Анвар ичкарига кетди. Унинг орқасидан кузатиб турған Шаҳидбек махдумга қаради: — Мирзонинг тарбиянгизда келганига кўб бўлған чиқар?
— Қарийб ўн тўрт йил.
— Ўз фарзандларидек бўлиб қолған-да?
16


— Ундан ҳам афзал.
— Ожизалари ҳам етиб қолған бўлса керак?
— Иншооллоҳ.
— Худо ёш берсин, — деди Шаҳидбек, — мирзони ўзларига домод1 қилсалар ҳам бўлар
экан, хррр?
— Ушбу мулоҳазамиз ҳам йўқ эмас, — деди махдум. — Модомики болани ёшлиғидан оз
фарзандимиздек парвариш қилдиқ, эндиликда ўзимизга домод ҳам бўлсин, деб ожизамизми сўратғучи кўб олий насаб хонадорлардан қатъий назар қилиб келамиз?
— Баракалла, — деди Шаҳидбек, — асли инсоф шудир? Иккиланчи, домодлиқ учун насабдан илгари илму адаб, фазлу камол лозимдирким, бу ҳам ўзларидан махфий эмас, хррр?
— Ҳабба, — деди махдум кўзини қисиб, — биз ҳам шу гапларни мулоҳаза қилиб қолдиқ.
Шаҳидбек махдумнинг маҳалла аҳлларидан бўлиб, Худоёрхон закотчиларининг биридир. Мундан илгари Шаҳидбекнинг махдум билан унча яқинлиғи йўқ ва ҳатто ўзған йилларда маҳалла кишиларидан баъзиларини махдумнинг имоматига қарши қўзғатиб юрған эди. Домлар билан дўстлашиш тарихи эрса икки-уч кундан беридир. Чунки шу кунларда Анварнинг сармунший бўлиш эҳтимоли шаҳарнинг катта-кичиклари орасида сўзлашилиб қолди. Шу эҳтимол натижасида махдуннинг дўст ва душманлари ўйлашға мажбур бўлдилар. Жумладан, бизнинг Шаҳидбек махдум билан алоқасини тузатмаган ҳолатда Анвар мунший таъйинланиб қолса, бирар "фожиъа" бўлиш эҳтимоли бор эди. Шаҳидбек фикрича, гўё махдум Анварга: "Фалончибек фалон вақтда менга мундай адоват қилған эди. Энди фурсат келганда сен уни закотчиликдан бекор қил", деб буюрар, Анвар ҳам устозининг сўзини ерда қолдирмай сармунший бўлған кунидаёқ Шаҳидбекни хизматдан бўшатдирар эди?
Шаҳидбек Анварнинг сармунший бўлишини, табиъий, хоҳламас эди. Аммо Анварга қарши бир иш қилиш кучига ҳам молик эмас эди. Гарчи, ҳозирда Анварнинг сармунший белгиланиши бир эҳтимол бўлса ҳам, Шаҳидбек ҳар эҳтимолга қарши чора кўриб қўймоқчи бўлди. Мундан уч-тўрт кун илгари махдумга яқинлашиш андишасида аввало унга иқтидо қилиб намоз ўқуди (илгари махдумнинг орқасида намоз ўқумас эди). Ҳуфтан намозидан кейин ҳалқага кириб махдумнинг тиловатига соеъ бўлди. Иккинчи кун эрталабки намоздан сўнг махдумга салом берди ва ундан аҳвол сўраб: ? "Eшитиб жуда хурсанд бўлдим, ҳар начук сармуншийнинг ўз кишиларимиздан бўлғани яхши; бу тўғрида ўрдалиқ оғайниларға илтимос ҳам қилиб қўйдим" деди. Махдум ўз ишида қанча пишиқ бўлса ҳам, лекин дўст билан душманни ажратолмас, яна тўғриси — неча йиллик адоватларни икки оғиз ширин сўз ёки беш пул манфаат эвазига унутиб юборғучи эди. Бунда ҳам шундай бўлди: "Баччаталоқ адоватни ташлаб шайтонға ҳай берибди. Анварнинг сармунший бўлишиғи сўюбиндир, шайтони зўр бўлса ҳам инсофи чакки эмас", деб Шаҳидбекка дўстона муомала қилди ва Анварнинг иши тўғрисида билганини сўзлади; ҳали аср намозиға чиққанда яна Шаҳидбек билан учрашиб сўзлашди ва Анвар "аҳмоқ"нинг бу ишка норозилиғидан шикоятланди. Шаҳидбек бир оз ўйлағандан кейин: "Мен ўзим мирзо Анвар билан бир сўзлашай бўлмаса?" деди. Чунки башарти Анвар бош мунший бўлиб қолса ва бунда ўзининг ҳам иштироки бўлса албатта? ҳа-дея. Шу мулоҳазада Шаҳидбекнинг кўзи аллақанча жойларни кўриб олди.
— Мирзонинг уйда бўлиш вақтини айтсангиз, ўзим олдиға кирар эдим, — деди.
Анвар "бекор гап, анчайин бўлмағур гап", деб махдумнинг бу тўғридағи саволларига аҳамиятсизгина қилиб жавоб берар ва шунинг учун махдум ҳам бу кунгача масалага ишончсиз қараб келар эди. Алҳол эрса бу гап бутун Қўқон халқи оғзида сўзланиб қолди ва бунинг устига Султонали мирзо махдумнинг жиддий илтимос ҳам қилиб кетди. Шу сабабларга биноан махдумнинг назарида Анварни кўндириш масаласи жиддийлашкан ва Шаҳидбекнинг ҳалиги
1 Куёв
17


сўзидан кейин ўз ёниға кўмакчилар, кенгашчилар олиш лузумини ҳам ҳис эткан эди. Шу мулоҳаза билан Шаҳидбекнинг ҳалиги таклифини маълмамнуният қабул қилди:
— Ҳабба? алҳол Анвар уйга келган бўлса керак; лозим топсангиз мен билан бирга марҳамат қилингиз, — деди.
Шаҳидбек Анвар билан сўзлашкали ва уни кўндиргали келгандек кўринса ҳам аслида ғаразсиз одам эмасдир.