АМИР УМАРХОННИНГ КАНИЗИ
АМИР УМАРХОННИНГ КАНИЗИ
Солиҳ махдум 1230-1290-нчи ҳижрий йилларда “Ҳўқанди фирдавсмонанд”да яшаған бир муаллим ва имом, ўз замонасининг истилоси билан айтканда “мактабдор домла”дир. Солиҳ махдум синфи жиҳатдан уламо оиласига мансуб бўлиб, бобоси Олимхон ва Умархон даврларида муфтилик, қозилиқ мансабларида хизмат қилған, отаси эрса Қўқоннинг Мадали (Муҳаммадали) хон мадрасасида неча йиллар мударрис бўлгандир. Қисқаси махдумнинг ота- боболари хонлар қошида мумтоз ва халқ назарида “шарафлик ва муҳтарам” мавқиъни ушлаб келганлар. Бироқ бу мумтоз силсила бизнинг махдумгача етиб келалмай, Мамадалихоннинг қатли билан бирга кесилган, бунинг можароси эрса қуйидағичадир:
Туркистон хонлиғи тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизлардан бирига муҳаббат қўядир. Каниз ёш бўлғанлиғи ва балоғатка етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутадир. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига еталмай вафот қиладир, бояғи каниз қиз балоғатка эришадир ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшулиб отанинг боласи бўлған Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қиладир. Ўз саройида ўскан бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам бироқ... тарихнинг бизга хабар беришига қарағанда Мадалихон шу қизнинг дардида неча йиллар ёнадир. Чунки уламолар бу гўзални Мадалига она мақомида ҳисоблаб, нима учундир хоннинг орзусиға кўндаланг келадилар:
“Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаған бўлсалар ҳам ва лекин балоғатка эришкач олармад деб ният қилғанлар. Бинобарин бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир!” дейдирлар.
Мадалихон бу фатводан кейин дардини ичига ютишға мажбур бўлиб, аммо иккинчи тарафдан ўзининг орзусиға қарши борған уламони секин-секин “илмий” ишлардан олиб улар ўрниға янгиларини қўя бошлайдир. Ўз орзусиға замин ҳозирлағач, бир неча йилни ўтказиб, яна уламоға шу тўғрида фатво сўраб мурожаат қиладир. Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валийи неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдирлар-да:
“Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаръийдир1. Отангиз марҳум – никоҳланаман деб айткан бўлсалар ҳам никоҳландим, деб айтмаганлар. Бас, амиралмўминин мазкурани худ нафслари2 ақди шаръий3 қилсалар жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб” деб фатвономани “бинни муфти марҳум”, “бинни мударрис марҳум, “бинни Ҳўқандий марҳум” – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир...
Кимларнинг воситаси биландир мазкура гўзал канизнинг таърифи Бухоро амири – амир Баҳодир – (Ботур) хонға етиб ул ҳам илгаридан ҳалиги канизга ғойибона ошиқ бўлған эди.
1 Ҳурматга лойиқ дин алломаларининг назарича, асосий эътибор шариат қонунларига қаратилиши керак. 2 Ўз нафслари
3 Шаръий никоҳ
3
Аммо қайси йўл билан бўлса ҳам канизни кўлға киргизиш фикрида бош оғритиб, нос чакиб юрган Баҳодирхон қулоғиға бу хабари жонсўз етиб думоғидан дуд чиқадир ва дарҳол Бухоронинг забардаст уламо, муфти, аълам, ҳоказо ва ало-ҳозалқиёс пешволарини ўз ҳузурига чорлаб, дарғазаб воқиъани сўзлайдир ва улардан дарҳол бир “фатвойи баҳайбат”ни талаб қилғанида уламойи киром ҳам дарон ботаҳорат-бетаҳорат, масалани эшитар-ешитмас фатво ёзадиларким:
“Бир жамоа мўминларга амир бўлған зотнинг вазифаси шаръийси шулдурким, исломда устивор турғай, аҳкоми исломни камокон1 ижро қилғай. Ҳар бир амириким аркони исломдан заррача юз ўгурса ул кимарса жамоаи ислом устига амир эмас шарирдир2. Наузанбиллаҳким Фарғона ва Туркистон мамлакатининг алҳол3 амири бўлған Муҳаммадалихон волидининг манкуҳаси4, яъни волидаи айни ва ризўисини5 ўз ақдиға олибдир, наузанбиллаҳи, наузанбиллаҳи. Оят ва аҳодиси шарифа ва ба чаҳори мазҳаб ва ба назди мужтаҳидини киром ва уламои зул-эҳтиром муттафақун алайҳи кофирдир. Казолика6 ўшандоғ муртаднинг қатли аввало дигар ислом амирларига ва баъд аз барча мўминларга фарзи айндир!”
Дарвоқиъ “холисона” бу фатвога амир Баҳодирхон “бетарафона” қиймат бериб, “дин йўлида холис бир жиҳоди акбар” деб жамиъи қўшунлари билан Фарғона устига юриш қиладир. Амири Баҳодирнинг бу “холисона” жиҳоди Туркистон хонлиғи томонидан қандай муқоваматларга7 учради ва икки тарафдан қанча бошлар кесилди, албатта бу тўғрида бизнинг ишимиз йўқдир. Фақат бу можародан бизга кераклик нуқта шундаким, натижада Мадалихон шикаст топди, ҳам амири Баҳодирхон томонидан қатл қилинди. Мадалихонға фатво ёзиб берган Қўқон уламоларидан бир нечалари ҳад урулдилар8 ва бир нечалари қочиб қутулдилар. Амири Баҳодирхон бўлса Фарғона ҳукуматига ўз кишисини қўйди, фатҳу нусрат билан канизни олиб Бухороға қайтди.
Мақсадға келсак Мадалихонға фатво ёзиб беришда иштирок қилған ва Баҳодир томонидан ҳаc урулған уламоларнинг бири шу бизнинг Солиҳ махдумнинг отаси эди. Ҳад урулғандан сўнг кўб яшолмади, ўлди ва шунинг билан бу оиланинг бурунғи имтиёз ва шарафи ҳам битди. Чунки мундан сўнг Туркистон тахтига ўлтурган хонларнинг ҳаммалари деярлик Бухоро амирининг ҳимоясида каби эдилар. Ва Мадалихоннинг фатвосига иштирок қилған уламолар ҳамиша эътиборсиз, мардуд бўлиб9 қолдилар.
3. МАХДУМНИНГ УЙЛАНИШИ ВА МАКТАБДОРЛИҒИ
Солиҳ махдум отасининг вафотида йигирма ёшлиқ талаба эди. Отаси марҳум бўлғандан сўнг ўзидан бир неча ёш каттароқ оғаси Марғилонға имом бўлиб оиласи билан кўчиб кетди. Солиҳ махдум онаси ва ўн олти ёшлиқ Наъима исмлик синглиси билан Қўқонда қўлди. Бирар жойдан келим бўлмағанлиқдан бу оила кўб тангликка тушиб охирда Солиҳ махдум таҳсилни тарк этишка, қорин тўйдирарлиқ бир касб излашка мажбур бўлди.
Албатта Солиҳ махдум оғирроқ касбни ухда қилолмас, иморатка бўлса соқоли чиқмағанлиқдан яролмас эди. Кўб озор чекиб ниҳоят қориндош-уруғ ва маҳалла кишиларининг кенгашлари билан ўз уйига мактаб очди, маҳалладан беш-ўнта бола йиғди ва енг шимариб
1 Бекаму кўст
2 Шарир - зараркунанда
3 Ҳозирги
4 Никоҳли хотин
5 Ўз ва эмизган онасини олибдир... (муал.) 6 Шунинг учун
7 Қаршилик
8 Ҳуқуқсизлантириш
9 Ҳайдалмоқ
4
мактабдорлиққа бошлади.
Бир неча йил мактаб ривожга минмади, яъни болалар ўн беш-йигирматадан нариға ўтмай,
“панжшанбалик” аранг ит азоби рўзғорға етиб турар эди. Махдум ва оиласининг шундан бошқа даромад манбаълари бўлмағани учун ҳар ҳолда, яна шунга қаноат қилмоққа мажбур эдилар.
Ўғул йигирмага, қиз ўн бешка етдими – оналарнинг дарди келин ва куяв савдоси бўлиб қоладир. Шунга ўхшаш махдумнинг онаси Моҳлар ойимнинг касали гўё “дард устига чипқон” эди: махдумнинг ёши йигирмадан ошти, Наъима ҳам ўн саккизга тўлди, яъни келин ҳам керак, куяв ҳам. Наъима тўғрисидан ташвиш йўқ, ҳусн, одоб, юмиш, ҳаммасидан кўнгил тўқ, бек бўлмаса – бекзода, мударрис бўлмаса – мукаррир1.
Аммо махдум масаласи бир оз мушкилроқ эди: топиш, тутиш маълум, отасидан қолғани фақат ички-ташқи ҳавли, мундан бошқа ҳеч гап. Бас, Моҳлар ойим ўз тириклигида махдумнинг “бошини икки” қилмаса, ўзидан сўнг унинг уйлана олиши амримаҳол. Шуни кўзда тутиб Моҳлар ойим махдумнинг уйланишига мазкура Наъимани восита қилмоқчи бўлди. Яъни Наъимани узатиб эвазига узатилган жойдан келин олмоқчи эди. Қарши қуда бўлмоқ учун қизлиқ ва ўғуллик ҳавлини учратиш ва бунинг устига “наслу насабда текислик”, олинадирған келиннинг силлиқина бўлиши – ана шундай мушкилотлар орқасида икки йил чамаси Наъиманинг умри сарғайиб ўтди. Юрт эмасми, дегандек юртчиликда юрак оғриғиға даво топилмай қолмас. Шунга ўхшаш Моҳлар ойимнинг яраси ҳам ниҳоят учунчи йилда давосини топди:
Хон ўрдасининг мутаваффо2 мирзоларидан биттасининг мадрасада ўқуб юрған ўғли бор эди ва уйида чақич чайнаб ўлтурган ўн олти ёшлиқ қизчаси ҳам бор эди. Бу оила Моҳлар ойимнинг таклифини маъалмамнуният қабул этди. Чунки “ўхшатмай учратмас” дегандек нариги тараф ҳам Моҳлар ойимнинг биттаси эди. Совчилар Наъимани ёқтириб Моҳлар ойимнинг таклифини қабул қилиб кетдилар. Моҳлар ойим марҳум мирзонинг уйига қиз кўргали бориб ул ҳам “қизи жажжигина экан” деб келди. Куявлар кўрулиб улар ҳам зарарсиз топилдилар. Шарту шароит сўзлашилди: икки орада қалин-палин деган гаплар йўқ, ҳар ким ўз улушига тушкан ош-сувини қиладир, келинни ўраб-чирмаб оладир, вассалом.
“Ҳай этти, ҳуй этти, икки коски тўй этти” деганларидек ҳар икки тўй ҳам бир ҳафта ичида ўтти, Наъимахоним уёққа кетиб, Нигорхоним буёққа келди. Шундай қилиб Солиҳ махдум хотинлиқ бўлди.
Солиҳ махдумнинг мактаб иши ҳам учунчи йилдан бошлаб бир оз жонланған, болалар ҳам ўттуз-қирққа еткан эдилар.
Солиҳ махдум ўттуз ёшларға борғанда мактабдорлиғи ҳам яхшиғина шуҳрат топадир, шогирдлар сони бир юзга етадир. Меҳмонхона торлиқ қилғанлиқдан мактаб учун махсус бино ёпадир, имло, иншо ва ҳуснихат машқи учун алоҳида хона айирадир. Махдум ёлғин шунинг билангина қаноатланмай хотини Нигорхонимни ҳам ишка соладир, яъни унинг саводини тузатиб “отин биби” қиладир. Икки-уч гузарнинг қизлари Нигорхонимнинг сабоғиға йиғиладирлар. Қисқаси, махдум мактабдорлиқда яхши шуҳрат қозонғанидек, уй-рўзғорини, юриш-туриш, кийим-солим ва бошқа тарафларини ҳам тузатиб оладир.
Қирқ ёшларида маҳаллага имом бўладир ва мактабини яна ҳам кенгайтириб шу даҳанинг ҳар бир табақаси ичида “устоз мулла Солиҳ махдум” бўлиб таниладир. Масалан, ўзида савод чиқарған косиб, савдогар, муллабачча (мадраса талабаси) ва шунингдек янги бўғимларға устозлик унвонини оладир. Ҳатто кейинги вақтларда унинг шогирдларидан хон ўрдасигача бориб кирганлари бордирким, махдумнинг бу муваффақиятини бошқа бобларимизда ўқурсиз.
4. МАХДУМНИНГ БАЪЗИ ХИСЛАТЛАРИ
1 Ассистент
2 Вафот этган
5
Юқоридан ўқуғучиға бир даража онглашилған бўлса керакки, яқин йигирма йиллардан бери махдумнинг махдумнинг келими шаҳар ёки қишлоқ сўраб турған бир бекча бўласа-да, ундан қуйироқ, ҳар ҳолда шаҳар мадрасасида дарстўлик қилиб, вақфни ўз қабзиға1 олған бир мударриснинг тушимидан албатта кўб. Келимнинг шу йўсун яхши бўлишиға қарамасдан унинг табиъатида ҳарчанд тиришилса ҳам махтаб бўлмайдирған хусусиятлар бор: хасисликка ўхшаған ҳолат, тамаъгирлик каби одат, ичқоралиқ сингари ҳаракат ва амсоли...
Ёш чоғида отаси ўлиб, қаттиғчилиқда ўсди, унинг баъзи ярашмаған ҳаракатлари балки ўша қаттиғчилиқнинг руҳка сингиб қолған ёмон таъсиридир. Ҳар ҳолда бизнинг мундаги вазифамиз махдумни таҳлил қилиш эмас, балки унинг шахсига хиёнат ва бўҳтон қилишдан сақланиб, яъни ортдирмай ва камитмай ўқуғучиға бутун тақдим эта билишдир.
Ойни этак билан яшириб бўлмайдир. Махдумнинг хасисликка ўхшаш ҳолатлари албатта бор эди. Махдум топиб-тутмаған йилларда бу ишни йўқлиқдан қиладир, десак-да кейинги вақтларда ҳам шу одатини тарк этмагани учун табиъаида бир мунча хасислик бор экан, деймиз.
Кўйлак-иштоннинг аксар етти-саккиз жойидан ямоғи бўладир. Етти қишдан бери гуппи – чопон янгилагани маълум эмас, фақат қиш келиб кеткан сайин алак гуппининг енги ўзгарибкина турадир ва астари йил сайин янгидан-янги ямоқлар билан бойийдир, шу гуппи бутун умрида биргина мартаба ва шунда ҳам махдумдан берухсат аммо, Нигор ойимнинг зўри билан тоғораға тушиб чўмилди. Бу кунда бўлса тўрт йил бурунғи ғусли, етти йиллик туси, турлик-турлик ямоғи билан саккизинчи қиш махдум поччасиға содиқона хизмат қилиш учун бўғжома ичида ўзига куч йиғиб ётадир. Маҳалла кишилари махдумнинг бу чопониға “молтопар” деб исм берганлар, гуппи кийилиб чиқилған кун махдумга сездирмай “молтопар савдодан қайтибти... ҳали бақувват, иш қилиб ямоққа чарчамасанг яна ўн йиллингми, Мамарайим!” деб кулишадирлар.
Қисқаси: беш-олти қайта бошлатилиб қўнжи бир қаричға келган айбаки2 махси, чарми уст- устига уюлиб ердан уч эллик чамаси кўтарилган икки чорак вазнлик кафш, ёши маҳалла кишиларининг кўбларига маълум бўлмаған, ҳарчанд эҳтиён қилинса ҳам неча жойидан попилтириғи осилған оқ-бўз салла маҳалла кишиларининг эрмакларидандир. Булардан бошқа ҳайит кунлари ва тўйлардагина кийилардирган банорас тўни, совуқ қаттиғроқ бўлғанда ичидан киядирган адрас гупписи ҳам бор. Маҳалла кишилари банорас тўнни “зарурат” деб атаған бўлсалар ҳам, адрас гуппига ҳали ном қўйғунча йўқлар, чунки бунинг дунёға келганига фақат тўрт-беш йилгина бўлғандир.
Кези келганда махдумнинг ёзлик кийимларини ҳам бир сидра айтиб кетайлик: йўллуқ, қизил қалами бўздан яхтак, оқ бўздан жиҳак ёқалиқ кенг кўйлак (чунки тор бўлса йиртиладир) ва лозим (яъни иштон) ҳамда сарпойчан кийишка енгилча сағри3 кафш, аммо салла қишин, ёзин битта.
5. ОИЛА ВА КИШИЛАР БИЛАН МУОМАЛА
Махдум оиласини ҳам кийим-кечак важидан ўзи каби тутар эди. Кийим-кечакдагина эмас, ҳатто озиқ-овқат тўғриларида ҳам унинг анчагина келишимсиз қилиқлариға йўлиқилар эди. Масалан, бир ой тўлмасдан кир ювишға рухсат бермас, агар Нигор ойимнинг бир ойсиз кир ювғанини кўриб қолса – “кийимни тоғорада чурутасан!” деб ғовға солар эди. Икки ҳафтасиз паловни кўрмаслар (озодлиқ ошлари албатта мундан мустасно), кўб овқатлари убра, туппи, мастаба, қўғурма шўрба бўлар эди.
1 Тутам, чангал
2 Мол терисидан ишланган сифати паст чарм
3 От терисининг дум томонидан тайёрланган чарм
6
Нигор ойимнинг қозони йўқча, елча гўштни фақат палов шарофати билангина кўрар эди. Лекин махдум баъзи нарсалар билан ошхонани яхшиғина мўлиқдирар, масалан: шалғам, қовоқ, лавлаги. Бу тўғрида хотини ҳарчанд рад қилса ҳам қоплаб шалғам, йигирма-ўттузлаб қовоқ харид қилишини қўймас – “шалғам – Биби Фотимаи Зуҳранинг дуолари баракати, қовоқ бўлса ҳазрати Юнуснинг мўжизалари” деб баҳоси арзон ва лекин хосияти кўб бўлған бу маблағлар билан ошхонани тўлдира берар эди. Ҳар ҳафта бир-икки мартаба қовоқ сомса ёпдирмай қолмас, аммо – “ёғни кам сол, қовоқнинг таъмини бузадир!” деб таъкидлашни ҳам унутмас эди. Уйда нон ёпилмағанидек бозордан ҳам сотиб олинмас, чунки, панжшанбалик нон етиб, ортиб ётар, ҳатто баъзи вақтларда бозорға ҳам чиқар эди.
Махдумнинг ўқуғучи болалар билан муомаласи жуда яхши эди. Савоғини билмаган ёки шўхлиқ қилған болаларни ҳар қанча сўкиб, койиса, дўқ уриб, давара қилса ҳам урмас, бу жиҳат билан бутун Қўқон болаларининг муҳаббатларини ўзига жалб эткан эди. Аммо “озодлиқ” масаласида болалардан ҳеч кимни ҳам афу этмас, бой боласиға “озодлиқ” лозим бўлған бўлса албатта ундиришка, камбағал боласидан мумкин қадар узиб олишға ҳаракат қилар; болалар Ҳафтияк, Қуръон, Сўфи Оллоёр ва шунга ўхшаш китоб бошласалар озодлиқ мажбурий, мактабдан маъзун1 бўлғанларнинг зиёфат қилиб махдумга сарупо беришлари қоидада бор бўлса ҳам, лекин аксар болалар бу тўғрида домлани – “ана-мана” билан алдаб кетарлар, сахийроқ оталар бу маросимни адо этиб “устоз”ни рози қилмасалар, аммо кўбчилик махдумни ранжитар эдилар. Панжшанбалик бўлса мактабнинг асос ҳаққи ва булардан бошқа “Қулёға қуймоқ – Аммага бўғирсоқ – Ёсинга юпқа” деган гаплар ҳам бўлар эди. Болалар ҳар йили бир марта “бурё пули” ва ойиға бир неча бор “супурги пули” ҳам тўлаб турар эдилар.
Махдум мумкин қадар болаларни ўз мактабига жалб қилишға тиришар, айниқса бой ва бек болаларини ўз қўлиға олиш учун ҳар бир чорани кўрар эди. Масалан, бой ва аъёндан бирининг ўғли бошқа мактабда ўқуб юрган бўлса уни болалар воситаси билан ўз мактабига чақирар, нима ўқуғанини, нималар билганини сўрар, бола савоғидан яхши жавоб бералмаса “сизда айб йўқ, ўғлим, устозингиз бир оз шундайроқ одам... хўб, хўб; бизнинг мактабларга ҳам келиб юринг! Мен ўзим сизни жуда дўст тутаман-да!” дер эди. Табиъий, боланинг шу кундан бошлаб ўз домласидан кўнгли совур, тез кунда махдумнинг мактабига келиб кирар эди. Баъзи вақт чет мактаб болалари билан шундай муомалани кўчаларда ҳам қилар ва ўғли бўлған бой ва ашрофларга ҳам жуда сертакаллуф, хоксорона салом бериб танимаса ҳам улар билан сўрашар, нечта ўғли борлиғини ва уларнинг ўқуб-ўқумағанлиқларини, ўқушға ихлосларини текшириб, ўзининг таълимида қўлланған енгил усулларини ҳам бир мунча тиқиллатиб ўтар эди. Табиъий, махдумнинг бундай ҳаракатлари кўпинча фойдасиз бўлмас, мактабига янгидан-янги шогирдлар тўпланиб турар эдилар.
Ўз қаторидағи мактабдор домлаларни асло кўралмас, уларга қарши юрагида умрлик кек сақлар эди. Баъзи мажлисларда йўсуни келиб қолса – “ҳа, мулла фалончими, кўб болаларнинг умрини зойиъ қиляпти, деб эшитаман... шогирдларидан бир нечаси шикоят қилишиб менга келишкан эдилар... Қандай қилай, шогирдларим ўзимдан етиб ортсалар ҳам умрлари зойиъ бўлмасин, дедим” дер ва эшиткучиларга сездирмай рақибини чимчилар; кези келди дегунча иккинчи мактабдор тўғрисида шу йўсун замзама сўзлар эди.
Махдум бўйчан, олагўшт, сийрак мўй, оқ тан, истараси иссиғ бир домла эди. Ёши эллидан ошқан, соч ва соқолида бир мунча оқлар кўринар эди. Киши билан сўзлашканда, айниқса, бир нарсадан таажжубланганда сийрак ва лекин тўғри, бақувват ўскан соқолини тутамлаб ўнг кўзини бир оз қисиб қарар, одат қилғандан бўлса керак гап орасида “ҳабба” деган сўзни кўпроқ ишлатар эди. Домланинг бу “ҳабба”си нима маънода қўлланилар, ўзидан бошқа ҳеч ким билмаганидек, ундан бу тўғрида изоҳ ҳам сўрамаған эдилар. Ҳар ҳолда “ҳабба – ҳабҳали” ёки
1 Изн олган
7
“ҳа, баракалла” бўлса керак. Чунки ул бир нарсадан ҳурсанд ва рози бўлғанда аксар “ҳабба” деб юборадир.
Шу ергача бир неча саҳифаларни махдумнинг таърифи билан тўлдирдиқ. Эҳтимолки домланинг ғийбатини ҳам қилдиқ ва қилармиз. Лекин шунисидан хотиржамъмизки, йўқни- йўндирмадиқ, махдумнинг шаънида бор гапларнигина ёздиқ ва ёзармиз. Махдумнинг ҳамма нуқсонини ювиб кетарлик бир жумладан сўнг яна ўз ишимизда бўламиз: — нима бўлғанда ҳам махдум ўз замонасининг энг олдинғи домлаларидан, Қўқон аксариятининг саводхон бўлишлариға сабабчи устозлардан, ҳатто улуғ хизматларга киши етишдириб бергучи нодир муаллимлардан эди.
6. НИГОРХОНИМ
Нигорхоним бошда эрга ёлчимади. Аввало эрининг фақирлиғи, бойиғандан сўнг бўлса унинг зарбулмасал бўларлиқ хасислиги бечорани кўб йиғлатти. “Хотин кишининг боши уй ичининг оғир тоши” эмиш... Ҳозир ўзи қирқ ёшқа кирган бўлса, йигирма беш йилдан бери шу мумсик эр билан тириклик қилиб келадир. Бу кун ўн етти ёшлиқ Раъно каби қизға, саккиз ёшлиқ Маҳмуд (Раъно билан Маҳмуд орасида икки бола нобуд бўлған), олти ёшлиқ Мансур ва бешикдаги Масъудларга она бўлди.
Нигорхоним Қўқоннинг кўб хотинларига қарағанда сабрлик ва қаноатлик экан. Дунёда ўз ўғлининг хасислигига чидалмаган она бўладими, ҳолбуки махдумнинг онаси – Моҳлар ойим ўғлининг бу қадар ихна1 ва сиқиқлиғиға тоқат қилолмай норозилиқ юзасидан Марғилондағи ўғлининг ёниға кўчиб кетиб ўша ерда вафот этди. Нигорхоним эрса тишни-тишка қўйди, эримдан яйраб-яшнамаған бўлсам қизимдан ва олдимға қўйған ўғулларимдан ёлчирман, деб умидланди. Дарҳақиқат, сабрлик бу хоним ҳозирданоқ шу ўз олдиға қўйған болаларининг бири ва тўнғучи бўлған Раъносининг туфайлидан бир қадар рўшнолиқ кўриб бошлади ва ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ эканига ишонди.
Бир ямоқчи ёки мардикорчи ўз хотинини урадир, сўкадир, тепкилайдир. Бу ҳол уларда аксар фақирлиқ авжиға минган кезларда воқиъ бўладир. Агар ямоқчи кекирарлик даражада томоқни бопта қилса, иши ўнгидан келиб истиқболи бир мунча таъминлангандек бўлса дарҳол вазият ишонмаслиқ равишда ўзгариб кетадир: гап-сўз жойида, хотинни уриш ўрниға орқасини силаш, сўкиш ўрниға ялиниш ва арзи муҳаббат. Хотин ҳам кечаги калтак зарбини унуткан, кина ўрниға садоқат; гўё айтарсизким, Юсуф Зулайҳоларми деб.
Юқори табақа оилаларга кириб қарасақ, мунда тамоман бошқача манзара кўрамиз: қорин тўқ, бирар нарсага эҳтиёж йўқ, истиқбол таъмин ва лекин бояғи фожиъа буларда кучлирак, шунинг каби бу фожиъалар муваққатий ҳам эмас, сабабини топиш ҳам қийин. Яхши, ямоқчи-ку ярамас тузулишка қарши бўлған кекини кўзи тиниб хотинидан олған эди. Аммо кейингиларнинг турмуш шароитлари яхши, ҳамма нарса ўз орзуларича, бас, шу ҳолда уларнинг уй можаролари ва бола-чақани ит каби сиқишлари нимадан?..
Шунга ўхшаш бизнинг махдумнинг ҳам ғояси бирни икки қилиш, бешни ўн қилиш эди. Яхши кечиниш учун турмас, аммо кўпайтириш учун яшар эди. Нигорхонимни урмас ва лекин урғандан беш баттар қилиб сиқар эди. Икки юз тиллодан кўб оқчаси (бу оқчаларни ҳусули2 тўғрисида кейин сўз бўлур) ва саводлик бўлған болалар зиёфатидан кийган икки сандиқча сарпоси бор эди. Олтиндан сарф қилмағанида ҳам лоақал шу кийимлардан на хотинини ва на болаларини фойдалантирар ва на ўзини ихналиқдан қутқарар эди. Буни ҳам қўйиб турайлиқ, Нигор ойим йигирма-ўттуз қизни ўқутиб улардан тушкан “озодлиқ” ва “панжшанбалик” пулларга ҳам эга бўлолмас, ҳар кун деярлик муҳтараб махдум поччаға ҳисобини батамом
1 Сиртқи кўринишига эътибор бермовчи 2 Ҳосил бўлиш
8
топшуриб туришқа мажбур эди. Махдум бунинг эвазига ҳар йил бозорнинг энг дағал бўзидан бир пар кўйлак, лозим олиб берар, янги гуппи билан ёзлиқ мурсакни бўлса Нигор ойим беш- олти йилсиз кўрмас эди.
Нигор ойим қисқа бўлиқ, писта пўчоқ тарғил кўзлик, зарча танлик, юзидаги онда-сонда чечак ўрунлари бўлмағанда ҳусндор бир хотин эди. Ўз болалари билангина эмас ҳатто шогирдлари бўлған қизлар билан ҳам жуда юмшоқ муомала қилар, ортиқча аччиғланған кезларда “бетинг қурсин” деб қошини чимириб олар эди. Эрига ўхшаш “озодлиқ” учун болаларни сиқмас, билъакс “бўшлиғи” учун ўзи махдум томонидан сиқилар эди. Оз ва маънолиқ қилиб сўзлар, хотинлар билан муомаласини бошқа отинбибилардек юқоридан туриб қилмас, соддача суҳбатлашар эди. Хотинлар махдум домланинг баъзи қилиқларидан кулишсалар ҳам Нигор ойимнинг орқасидан ғийбат сўзламаслар, олдида қандай ҳурматласалар кейинидан ҳам ўшанча эҳтиромлаб, унинг махдумдек зиқна кишининг қўлиға қарам бўлғаниға ачиниб “пешана-я айланай, қолу бало” дейишар эдилар.
7. РАЪНО
Исм билан жисм аксар бир-бирисига мувофиқ тушмайдир. Меним ёш вақтим, айниқса, гўзаллик қидирған мағрур чоғларим эди. Оиламиздами, бошқа ердами баҳарҳол хотирамда яхши қолмаған, Лола отлиғ бир қизнинг чеварлиги тўғрисида сўз бўлди. Мажлис аҳли менга яқин, яъни улар олдида ҳусндан баҳс очиш уят бўладирған кишилар эдилар. Шунинг учун менга Лоланинг чеварлигидан кўра муҳимроқ бўлған “ҳусн”и масаласида изоҳот сўрашнинг имкони бўлмади. Лекин Лола исмининг остида бир малакни кўрган – “Лоланинг исмига ўхшаш ҳусни ҳам бор” деб ўйлаған эдим. Шу кундан бошлаб Лолани кўриш ҳажрига тушдим. Бўйи еткан қизларни кўра олиш бу кунларда ҳам амри маҳол бўлғанидек, мундан ўн йиллар илгарида яна мушкилроқ эди. Неча вақт “ҳижрон ўтида ёниб” кўча пойлаб, ниҳоят, Лолани сув олиш учун кўза ушлаб кўчага чиққан ҳолатда учратдим. Бурнидаги булоқисидан бошқа (агар булоқи ҳуснга қўшилса) “Лола”ликка арзийдирган ҳеч гап йўқ эди.
Яқиндағи бир боладан сув олғучининг ким эканини сўраған эдим:
— Лола опам, — деди.
Боланинг талаффузи менга “Мола опам” бўлиб эшитилди. Бир неча кунлар бу қизнинг
отини “Лола” деб қўйғанлари учун аччиғланиб юрдим. Чунки, афу этасиз, ўша кезларда аччиғланишға ҳаққим бор эди...
Аммо Раънонинг исми – жисмига ёхуд ҳуснига жуда мувофиқ тушкан эди. Мен рассом эмасман. Агар менда шу санъат бўлғанда эди, сўз билан билжираб ўлтурмас, шу ўрунда сизга Раънонинг расмини тортиб кўрсатар, қўяр, фақат менга Раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлар эди.
Солиҳ махдум хасис, таъмагир, ҳар ҳолда сажияси эътибори билан уни яхшилар қаториға қўйиб бўлмайдир. Ва лекин табиъат хасис эмас, тикандан гул, аридан бол яратаберадир. Шунга ўхшаш тиканлик ёғочдан хуш ислик, латиф кўрунишлик Раъно яратилған эди.
Бизнинг ўзбекларда, айниқса Қўқонға махсус бир тус, сариққа мойил бир тус бор. Лекин бу тусни кесдириб сариқ деб бўлмайдир. Чунки биз оғриқ кишининг тусини сариқ деймиз. Зарча, заъфар туслари ҳам бунга дағаллиқ қиладирлар. Таъбиримиз қўпол тушмаса бу гўзал қиз, оч раъно гулининг тусида ёки оқ сариқ тусда яратилған эди. Аъзода ўскан тукларга ҳам ҳалиги туснинг таъсири бўладир. Раънонинг сочи гунгурт-қора, яъни қуёшсиз жойларда қора кўринса ҳам қуёшда бир оз сарғиш бўлиб кўринар эди. Шунга ўхшаш Раънонинг кўзида ҳам бунинг асари кўруладир: мудавварга1 мойилроқ жоду кўзи кишига қаттиқ қарағанда қоралиқдан
1 Тўгарак
9
бошқача яна бир турлук нур сочар эди. Кипраклари остида нафис бир сурма доираси бор эди. Қоши туташ каби кўринса ҳам кўндаланг ётқан икки қилич орасини нафис бир қуюлиб кўтарилиш ажратиб турар эди. Бурни ҳеч бир мунаққидға беришмаслик мутаносиб, ҳар замон уялиш табассумига ҳозир турған нафис иринларининг юқориғи қисмида сезилар-сезилмас туклар кўкарган эди. Юзи чўзиқ ҳам эмас, ой кулча ҳам деб бўлмас, кишига кулиб қарағанда қизил олма остларида иккита замма равишлик шакл ҳосил бўлар, гўё бизга чин раъно гули очилған ҳолатда кўринар эди. Сочлари жуда қуюқ, саноқсиз кокиллар Раънонинг орқа, ўнгини тутиб ётар, қадди узунлиқ билан қисқалиқнинг ўртаси, дўндиқ бармоқларининг жимжилоғида хина гуллари, ҳар ҳолда бу қиз ёлғиз Қўқоннингғина эмас, умуман Фарғонанинг куйларига қўшулиб махталадирған гўзалларидан эди.
Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Маслаки муттақин”, адабиётдан – Навоийнинг барча асарлари, девони Фузулий маъа1 Лайли Мажнун; Амирий, Фазлий ва шулардек чиғатой-ўзбек катта шоирларининг асарлари; форсийдан – Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил, хусни хат, иншо ва бошқалар. Бу кунларда бўлса бир томондан қизларға сабоқ бериб онасиға кўмаклашса, иккинчи тарафдан отасида кофия (араб наҳв ва сарфи) ҳамда Шайхи Саъдийнинг “Гулистон”идан дарс оладир ва шунинг қаторида ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиъа асарларидан алоҳида бир мажмуъа тузиб юрийдир. Баъзан “овлоғроқ жойларда” ўзича манзумалар тўқуса ҳам, бироқ буларнинг иси ўзидан четка чиқмайдир. Агар тўқуған шеър ёки манзумаси ўзига маъқулдек тушса фақат бир кишигагина кўрсатиб оладир. Ва ул киши ҳам бу сирни четка чиқармайдирған ишончлик ўз кишиси.
Қисқаси биз юқорида Раънонинг шеърий бир ҳуснини кўрганимиздек уни фазл ва заковатда ҳам ўткан хон замонлари асрининг нодир учрайдирган якто фозила қизларидан санаймиз ва санашға ҳам ўзимизда мажбурият ҳис этамиз.
Раъно қанча жиддий бўлса ҳам яна унда болалик табиъати бутун кўйи сақланадир: укаларининг ўюниға комил ҳуқуқли бир аъзо тариқасида иштирок этадир, онасининг кўзини чалғитиб ўқуғучи қизлар билан жанжаллашиб оладир, қизлар сабоқларини билмасалар аразлаб, уларни ўқутмай ташлаб кеткан чоғлари, арзимаган гапдан тез мутаассир бўлған кезлари кўб бўладир. Раъно ўзининг мундай ҳаракатларига қарши онасидан яхши-ёмон мукофот олмасаҳам, кўпинча отасидан танбиҳ эшитадир. Койиш эшиткани учунгина эмас уй-рўзғор тўғриларида онасини сиқиб ушлаганидан ва фоҳиш танглигидан2 ранжиб отасини унча хушламайдир. Отасидан аччиғланған кезларда онасиға жиддий қилиб: “Ҳамма айб ўзингизда, отамдан кўра тузукроқ эрни топиб тегсангиз мунчалик қийналишиб юрмас эдик” деб бўғилған Нигор ойимни курдурадир.
Қаттиғ ранжиган бир кун отаси – Солиҳ махдумга бағишлаб қизиқ бир ҳажв ёзған ва “ўз кишисига” кўрсатиб уни кулдурган эдиким, биз кулгулик учун бу ўрунға бир неча мисраъини кўчирамиз:
Ёғлар тўкилса ерга ётиб ялар тақсирим,
Бўлса бозорда пастлик сотиб олар тақсирим. Меним учун бир зирак, Раънобонуға жевак3,
Деса ойим – “Не керак?!” юмма талар тақсирим. “Қулоқ тешиш фазл эмас, пулни топиш ҳазл эмас, Жевак тақиш фарз эмас!” ғавғо солар тақсирим.
1 Билан
2 Ортиқча сиқув
3 Қизларнинг бу кунда истеъмолдан қолган кўкрак зийнати (муал.)
10
Муҳтарам ўқуғучини қаҳрамонларимизнинг бир қисми бирлан танишдиришни шу ерда тўхтатамиз. Уларнинг ички ва ташқи табиъатлари яхши ешилмаған бўлса ҳикоямизнинг давомида яна ҳам очилиб ва кенгайиб борар, деб ортиқча тафсияга киришмадик.