САБОҚДОШЛАР
САБОҚДОШЛАР
(Кундаликнинг биринчи саҳифаси)
Қорабайирни етаклаб келаётган йигит мадрасага яқинлашиб тўхтади. Елкасидаги беқасам
тўнни қўлига олди-да, ҳайрат билан бинога тикилиб қолди. Тўрт гумбазли, тўрт минорали, икки
қаватли иморат унинг ҳушини олган эди. У мўъжизага дуч келгандай киприк қоқмасди:
мадрасанинг пештоқи гумбаз билан, мовий гумбаз эса осмон билан пайваста, йигитнинг
назарида мадраса гумбази самони ушлаб тургандай, бино вазнидан эса гўё Ернинг умуртқаси
қирсиллаб кетаётгандай эди. Девордаги нақшлар мағрибга бош қўйган қуёшнинг ожиз нурида
кўзни олгудай товланарди...
Йигит мадрасадан чиқиб келган узун чопонли, катта оқ салла ўраган басавлат кишига
яқинлашди. Салом берди. Киши мулойимгина, қироат билан алик олгач, сўрашга жазм этди:
— Тақсир, айбга буюрмайдилар, мен толиби илмлардан бирини истаб келиб эдим.
— Кимни?
— Мулла Абдулваҳобни.
— Абдулваҳобними?! — Кишининг қоши сал чимирилди. Йигитга бошдан-оёқ разм солди. Бу
ўзгаришни йигит сезди. — У кимингиз, акангизми?
— Акам эмас, сабоқдошмиз. Падари бузургворларининг дуоларини етказмоқчи эдим.
— Шундай денг... — киши яна бир оз жим қолди.— Абдулваҳобни бу ердан топа олмайсиз.
— Сабаб?
— Дўстингиз сабоқ олмоқ ўрнига кўрнамаклик қилди. Шаккоклиги учун жазога лойиқ эди.
Лекин давлатпаноҳнинг марҳамати насиб этиб, Худо бир асради. Илм олиш истаги йўқ экан,
мадрасадан юз ўгирди.
— Уйга кетдими?
— Уни ҳозир балки хонақоҳдан топарсиз.
— Манави ерданми?
— Йўқ, у бу ерга келмайди. Шаҳристон этагидаги хонақоҳни қаранг.
От бурнини кериб пишқирди. Йигит унинг бўйнига эркалаб шапати уриб қўйди-да, орқасига
қайтди. Аср намозига ҳали вақт бор, шу боис у аввал карвонсаройга қўниб, кейин намоз пайти
масжидга чиқишни ихтиёр қилди. У Самарқандга йўл олганида Абдулваҳобга суянган эди.
Мусофирлик тузини энди тотаётган йигит учун шаҳристонда таниш кишисининг борлиги анча
далда бўларди.
Абдулваҳобларнинг ери уларникига туташ, лекин уч-тўрт баробар катта эди. Қишлоқнинг
аксар аҳли Абдулваҳобларнинг ерида ишлар эди. Андижон йўлидаги адирда ҳам, Ўш
теварагидаги тоғларда ҳам шуларнинг чорваси ўтларди. Йигит Абулваҳоб билан бир мактабда
таҳсил олган эди. Абдулваҳобнинг хотири заифроқ, уқуви айтарли баланд эмасди. Мадрасага
бориш истаги бўлмаса-да, отасининг пўписасидан қўрқиб, ризолик берди. Беш йил муқаддам
ота-бола Самарқандга йўл олишди. Бойбува оғзи қулоғида хурсанд бўлиб қишлоғига қайтди.
Энди унинг ўғли ҳақида гап кетса «мулла Абдулваҳоб» деб тилга олинадиган бўлган эди.
Мадрасага кирганидан бери Абдулваҳоб қишлоғига бирров бўлса-да, келиб-кетмади.
Бойбуванинг ўзи икки марта Самарқандга бориб келди.
12
Мана шу қўшни йигит таҳсилдан юз ўгирибди. Унинг йўлдан озгани мусофир умидига соя
солса ҳам, у ҳамқишлоғи билан учрашиш истагидан воз кечмади. Бир томондан, қишлоқдан
олиб келган омонатни топширмоғи лозим бўлса, иккинчи томондан, уни қаландарлик
жандасида кўрмоқчи эди.
Йигит қорабайирни отхонага боғлаб, тепадаги ҳужрага жойлашди. Кейин пастга тушиб,
ҳовуз лабида турган обдастани олди-да, таҳоратга ўтди... Обдастани ўрнига қўя туриб, унга
разм солди. Қорнига чертиб қўйди.
— Ҳа, меҳмон, хуш ёқдими? — деди елкасига сочиқ ташлаган яғриндор киши.
— Миси тоза экан, — деди йигит.
— Ҳа... мендаги молларнинг бари асл. Мисгармисиз, дейман-а?
— Йўқ, заргарман.
Намоз вақти яқинлашгани учун йигит гапни қисқа қилиб кўчага чиқди. Масжидга етгунча
учраган қаландарларга қараб борди. Бироқ, истаган одамини учрата олмади. Масжидда одам
кўп эди. Йигит намозни пойгакроқда ўқиди.
Юзига фотиҳа тортиб, бошқалар қатори ўрнидан тургач, кўзи минор тарафдаги икки
қаландарга тушди. Абдулваҳобни шулардан сўраб билай-чи, деб ўша томонга юрди. Сўрашга
оғиз жуфтлаган ҳам эди-ки, қаландарлардан бири унга пешвоз чиқди:
— Шамсибек!
Йигит ҳайрат билан унга қаради: Абдулваҳоб! Қорайибди, озибди. Ёноқ суяклари туртиб
чиқиб, кўзлари киртайиб қовоқлари салқиб қолибди. Фақат овози ўзгармабди. Юзидаги
кулгичи ҳам сал сезилиб турибди... Кўришишди. Кейин бозорга кираверишдаги чойхонага
боришди. Абдулваҳоб хурсанд эди. Ҳар ҳолда Шамсибек ҳамқишлоғи, ундан ота ерининг иси
келади. Шамсибек эса на хурсанд, на хафа эди. Сабоқдошидан кўз олмай, ундан илгариги
Абдулваҳобни қидирарди. Олти йил олдинги Абдулваҳобдан деярли ҳеч нарса қолмабди.
— Мадрасани тарк этдингизми?
— Мен дин-шариатнинг путурини кетказган дўзахилар даврасидан қайтдим. Охират
андишасини деб, пиримнинг этакларидан тутдим. Бандаларга ҳақдан имон сўраб, ибодат
қилишдан улуғ савоб йўқ!
Шамсибек мийиғида кулиб, чинни пиёладаги кўк чойдан бир ҳўплади. Кейин фонуснинг
нурида ялтираётган ботиқ кўзларга қараб, деди:
Ёраб, лойимни-ку, қорган ўзингсан,
Ўриш-арқоғимни ўрган ўзингсан.
Ёмонманми, яхши, мен қандоқ қилай?
Тақдир манглайини берган ўзингсан.
Абдулваҳобнинг чойнак тутган қўли титраб кетди.
— Астағфируллоҳ! — деди овозини кўтариб. — Тавба қилинг!
Нариги сўрида ўтирганлар уларга қараб қўйишди.
— Тавбага на ҳожат? — деди Шамсибек хотиржам.— Бу сўзларни Умар Ҳайём айтган. Мен
гуноҳ иш қилсак ҳам, савобга қўл урсак ҳам Ҳақ-таолодан демоқчи эдим. Ўзгалар учун
ибодатга берилиб, умрни хазон қилишдан на фойда? Ҳар банда ўз гуноҳи учун ўзи истиғфор
айтмаги дуруст эмасми? Илмдан юз ўгириб, умрни жувонмарг қилмоқ гуноҳ эмасми?
— Тилингизни тийинг! Дўзахиларнинг сўзини айтманг!
— Хўп, сизнингча бу дўзахиларнинг сўзи, йўлингиз эса тарийқат экан, унда аввалги
йўлингиз-чи? Илм олиш сизнингча гуноҳми?
Абдулваҳоб суҳбатдошига ёвқараш қилди-ю, жавоб бермади. Улар жим қолишди. Шамсибек
нариги сўрида гурунглашаётганларга қараб ўтирар, Абдулваҳоб эса қўлидаги тасбеҳга тикилиб
қолганди.
13
Шамсибек сабоқдошининг сўзларида сунъийлик сезди. Абдулваҳобнинг ёқа ушлаши, калима
келтириши кимларгадир тақлид қилувчи масхарабозни эслатарди. Унинг «охират андишасини
деб, бандаларга имон сўрамоқ учун» қаландарликни касб қилганига шубҳа уйғонди.
Абдулваҳоб табиатан бундай эмасди. У кўпроқ отасига тортганди. Бойбува бир мўъжаз масжид
солдириб, усталарнинг ярим ҳақини бермай, ўзидан кетган пулни ҳам қишлоқ аҳлидан ундириб
олган эди. Абдулваҳоб мактабга келганида қўйнида оқ кулча нон бўлар, болалар бор овоз
билан сабоқни такрорлашга тутинишганида у ўғринча нон тишлаб ўтирарди. Бунинг учун
бошига таёқ келган пайтлар кўп бўларди. У ҳеч маҳал ўртоқларини сийламасди. Аксинча
чақимчилиги учун ҳамма уни ёмон кўрар эди. Кунларнинг бирида отаси бериб юборган
пайшанбалик пулнинг бир тангасини яширганидан хабар топган болалар, ўч олиш қасдида бу
қилмишини дарҳол домлага етказган эдилар. Ҳам домласидан, ҳам отасидан жазо олган
Абдулваҳоб шундан сўнг сабоқдошларини баттар ёмон кўриб қолган эди. Мадрасага кетадиган
йили Шамсибекларнинг қўрғонига ўт тушган, ён қўшни бўла туриб на отаси, на ўзи ҳаттоки
девор ошиб қараб қўйишган эди.
У мана шу каби гуноҳлари эвазига энди тавбага юз ўгирдими?
Наҳотки?
Оқ яктакли киши чойни янгилаб кетгач, Абдулваҳоб Шамсибекка қаради:
— Келишингизнинг боиси нима?
— Давлатпаноҳ йўқлабдилар. Сабаби қоронғу.
— Кўҳакка бормоғингиз лозим экан.
— Сабаб?
— Бу оқшом иблислар билан суҳбат қургани Боғи майдонга йўл солганлар.
— Фикрингизни англамадим?
— Юлдуз санайдилар.
— Кўҳак олисми?
— Йўқ.
— Ҳамроҳ бўла оласизми?
— Майлингиз. Саҳарда йўлга чиқамиз.
Совуққина хайрлашишди.
Тонгда совуққина омонлашишди. Абдулваҳобнинг улови бўлмагани учун иккови ҳам пиёда
кетишди. То шаҳардан чиқишгунича Абдулваҳобга ким битта нон, ким чақа берди. Шамсибек
отини етаклаб сал орқада юрди. Йўлда Абдулваҳоб дини исломнинг хокисор бўлаётгани ҳақида
гапириб борди. Сўз ораларида бенамозларни қарғади. Оби раҳматга яқинлашганда, йўл
четидаги нақшинкор чойхонада тўхташди. Ариқдаги тиниқ сувда ювиниб, толнинг соясидаги
сўрига ўтиришди. Дўпписининг пилтаси кўриниб қолган, сал оқсайдиган пучуқ бола чой-нон
олиб келиб қўйди.
Ариқ лабидаги супада давра қурган мўйсафидларнинг бири қўлига танбур олди. Майин куй
таралди. Дўпписини тиззасига қўйган кўзи юмалоқ киши ликопчани чертиб, куйга жўр бўлди:
Ул киму гўзалларга хандон лаб бермиш,
Дард аҳлига жигар қонин зап бермиш.
Қисматимиз шодлик бўлмаса не ғам,
Шодмиз, чунки ғамни минг-минглаб бермиш...
Хонандага ҳуши кетган Шамсибекнинг хаёлини Абдулваҳоб бўлди:
— Ё Оллоҳ! Мусулмонлар фисқу-фужурга берилиб, охиратни унутишди. Ўзинг кечир, ё
парвардигор, ҳеч ким узлатга чекинишни истамайди... — У яна нималарнидир пичирлади.
Кейин овозини кўтарди: — Арвоҳларнинг қарғишига қоляпмиз... Қиёмат яқин, қиёмат...
Бандалар маҳшарни эсламай қўйишди... — Абдулваҳоб тасбеҳ ўгириб, Шамсибекка қарамай
гапирарди. — Давлатпаноҳингизга ҳазрат Қусом арвоҳларининг қарғиши тегди.
14
— Ундай деманг!
— Дейман! Ҳар бир султон учун йилда бир марта ҳазратнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам
фарз, ҳам қарз. Давлатпаноҳингиз бу сафар удумни бузди. Ҳазратнинг даҳмаларига бош
қўйишни ўзига эп кўрмади.
— Буни ким айтди?
— Муҳтасибимиз Сайид Ошиқ масжидда ёлғиз ўзлари тиловот қилиб ўтирган эканлар. Арзу
само бирдан қисирлаб кетибди. Шоҳизинда томонда чақмоқ чақибди. Ҳазратнинг қабрлари
устида бир соя қад ростлабди-да, муҳтасибимизга қараб: «Султон Улуғбек зиёрат қилмоқни
лозим топмай, шариатга шак келтирди. Бундан мусулмон аҳлини огоҳ қил. Самарқандликлар бу
гуноҳни қон билан ювмагунларича бошлари кулфатдан чиқмас!» дебди...
— Яна туҳматнинг уясини ковлаяпсанларми?
Нариги сўрида уларга орқа ўгириб ўтирган кишига эътибор беришмаган экан. Маҳобатли бу
сипоҳ Абдулваҳобнинг сўзларини эшитиб, ғазабга келган эди. Қовоғи уюлганидан
пешанасидаги ажинлар йиғилиб, қалин қошлари туташиб кетганди. У Абдулваҳобни елкасидан
тутди:
— Қани, юр-чи, гапларингни шаҳриёр ҳам эшитсинлар!
Абдулваҳоб «ё-ҳу!» деб жазавага тушди. Одамлар: «Қаландарга тегма!» дейишса ҳам,
сипоҳ: «Қаландар бўлса тоат-ибодат қилсин, султоннинг муборак номларини булғамасин!», деб
туртиб-туртиб йўлга солди. «Сен ҳам юр!» дегач, Шамсибек ноилож олдинга тушди.
Сув ёқалаб хийла юқорилашди. Кўҳакнинг этагидаги боғ қўйнида қад ростлаган қасрга етиб
келишгунича сипоҳнинг жағи тинмади. Гапларидан Абдулваҳобни калтаклашга ҳам тайёр эдию, лекин бир андиша уни ушлаб турарди: у «худонинг гадолари»га қўл кўтармоқ айблигини
биларди.
Сипоҳни Боғи майдон дарвозаси олдидагилар тўхтатишмади. Нозик дид билан бино
қилинган боғ оралаб бир оз юрилгач, ажиб иморат қаршисидан чиқдилар. Устунлари тошдан
бўлган ошиённинг тўрт тарафи айвон эди. Улуғ айвон ичида тошдан ишланган бир улуғ тахт
бор эди. Абулваҳобга бу ерлар таниш. У қаршисидаги иморатнинг Чилстун дейилишини, сал
нарида изораси тамом чинни бўлган Чинний қаср борлигини биларди. Шамсибек эса бундан
бехабар. У кеча Улуғбек мадрасасини қандай таажжуб, ҳавас, ифтихор билан кўрган бўлса,
ҳозир ҳам бу ажабтовур иморатга шундай завқ билан тикилиб қолди. Атрофдаги зар тўнли
одамлар кўпам эътиборини тортмади. Сипоҳ уларни боғ ичкарисига олиб ўтиб, бошқа бир
сипоҳга топширди-да, изига қайтди. Пешин намозини шу ерда ўқиб олишди. Намоздан кейин
уларни олиб келган сипоҳ яна пайдо бўлди.
— Қани, ҳалиги гапни шаҳриёрнинг ўзларига айт-чи!
Яна Чилстун қаршисидан чиқишди. Энди бу ер гавжум эди. Айвонда юрт акобирлари, тахтда
эса, самоваш тўн кийиб, ихчам салла ўраган мулойим чеҳрали бир киши ўтирарди. Шамсибек
уни илгари ҳеч кўрмаган бўлса-да, давлатпаноҳ эканини ҳис қилиб, тиз чўкди. Абдулваҳоб сал
эгилиб қуллуқ қилди.
Улуғбек индамади. Унинг ёнидаги хиёл букчайиб қолган оқ соқолли қария сипоҳдан сўради:
— Буларни ҳайдаб келишингнинг боиси нима?
Сипоҳ таъзим қилгандан кейингина сўзлашга журъат этди:
— Тақсир, бу фосид хаёллар шаҳриёрнинг муборак номларини бўҳтонга булғаётган эканлар.
Қаландарга тикилиб турган Улуғбек жилмайиб қўйди:
— Қамариддин, эски танишни яна олиб келибсан-да? — деди. Сипоҳ бир қаландарга, бир
Шамсибекка қаради-ю, шаҳриёрнинг сўзларини англамади.
— Сен илгари Худонинг бу гадосини толиби илм либосида олиб келиб эдинг. Таҳассурким,
муллаваччалик йўлидан буткул қайтиб, либосини энди топибди.
— Қани у нималарни сўзлаётган экан?
— Арвоҳ қон тилаганмиш...
15
Сипоҳ бор гапни айтишга истиҳола қилди. «Султон Улуғбек гумроҳ, даҳрий» деган гапга
тили айланмади. Аммо шаҳриёр гапнинг мазмунини уқди. Шамсибек унинг ғазабланишини,
қаландарни жазога буюришини кутган эди, лекин не ажабки, султон ғазабланиш ўрнига
жилмайди.
— Шугинами? Худонинг телба гадосини беҳуда безовта қилибсан-да, — Улуғбек шундай деб,
қаландарга юзланди. — Хўш, Абдулваҳоб, сен бу кулоҳу жандани қай мақсадда кийиб эдинг?
— Охиратни деб, тоат-ибодатни деб...
— Балли. Вазифанг — бандаларнинг гуноҳини Ҳақдан сўраб, ибодат қилиш. Сен эса фисқу
фужур билан бандсан. Бу ҳолда ибодатинг ўз гуноҳингни ҳам ювишга етмайди-ку?
— Фисқу фужурдан Оллоҳнинг ўзи асрасин. Мен осойишталикни кўзлаб, бандаларни
арвоҳнинг талабидан огоҳ қилаяпман.
— Аввало, раият осойишталигига сен қайғурма. Бу султоннинг юмуши. Сен арвоҳнинг
сўзидан қай ҳолда огоҳ бўла қолдинг? Уни ўзинг кўрдингми?
— Йўқ, пирим кўрганлар.
— Уни фақат пиринг кўрибди-да? Ажаб!.. Арвоҳ яна нима дебди? Ҳа, зиёрат қилмади,
дебдими? Агар шундай бўлса, у ҳам алдабди. Пиринг ҳам алдаган. Сабабки, ул куни Барҳаёт
шоҳ қабрлари ёнида тиловат қилганимга Ҳақ-таолонинг ўзи шоҳид... Энди ўзинг айт, сенга
қандай жазо берай?
Абдулваҳобнинг ўрнига сипоҳ жавоб қилди:
— Ҳазрат шаҳриёр, бу телбанинг ташҳизи хотири учун дарра зарур.
Улуғбек «жим» дегандай ўнг қўлини сал кўтариб қўйиб, Абдулваҳобга тикилди. Абдулваҳоб
шаҳриёрга тик қарашга журъат этди:
— Менинг жоним Оллоҳнинг омонати. Лозим бўлса бул омонатни сизнинг қиличингиз билан
олади.
Улуғбек кулимсираб бош чайқади:
— Йў-ўқ... Қиличим қонсираган эмас. Соҳибқирон бобом шамширини ҳар нарсага ҳам
уравермас эди. Мен ҳам урмайман. Қамариддин, уни кўчага узатиб қўй. Аммо тега кўрма.
Жазосини Тангрининг ўзи бергай.
Шамсибек «Шаҳриёр Абдулваҳобни жазоламаса эди», деган хавотирда турарди. Йўқ, у
дўстига ачинмасди. Аксинча, қаландар жазоланса, султонга қарши янги иғволарнинг бош
кўтаришидан хавфсирарди. Қамариддин Абдулваҳобнинг елкасига аста туртиб, дарвозага олиб
чиқувчи йўлга имлади. Кейин Шамсибекка юзланди.
— Тақсир, ҳазрат шаҳриёрга арзим бор эди, — деди Шамсибек шошиб.
— Қандай арз?
Шамсибек қўйнидан мўъжаз пойгир чиқарди. Қамариддин шоҳона муҳрни кўриб, уни дарров
Шамсибекнинг қўлидан олди-да, таъзим билан бориб султонга узатди.
— Шамсибек Исмоил хожи ўғлиман, дегин. Нечун барвақтроқ айтмадинг? — деди Улуғбек
мактубга кўз югуртиргач.
Шамсибек жавоб ўрнига таъзим қилди. Чунки воқеа равшан, сабабни айтиш ўринсиз эди.
Улуғбек пойгирни ёнидаги нависандага бериб, яна Шамсибекка қаради:
— Қаландарга ҳамроҳ бўлишингнинг сабаби недур?
— Сабоқдошмиз, шаҳриёрим.
— Ажаб, икки дўстнинг бири давлатимнинг ажниҳ1
ида иғво билан, яна бири фуқарони
алдаш билан машғул, — Улуғбек шундай деб аъёнларига қараб олди. Катта-кичик салла
ўраганлар бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилдилар. Давлатпаноҳ қаршисида таъзим қилиб
турган Шамсибек бошини кўтариб, унга савол назари билан қарашга журъат этди.
— Сен мисни қалбаки олтинга айлантириш илмидан хабардор эмишсан?
1
Qanot.
16
— Хабарим бор, шаҳриёрим. Мисни олтинга айлантиришим рост. Сочдан кумуш олишим ҳам
рост.
— Шу йўл билан фуқаронинг кўзини бўяб, бойлик тўплашинг-чи?
— Агар шул гап чин десангиз, хазинам сизникидан анча мўл бўлмоғи лозим эди. Аммо
устодларим мени фуқарога хиёнат қилмоққа ўргатишмаган. Тавбалари қабул бўлгур бобом ҳар
янги ишга қўл урганимда фотиҳа бериб, шундай дердилар:
То қайғу қўлидан ичмасдан шароб,
Қувониб ичмадим асло майи ноб.
Ҳеч кимнинг тузига нон ботирмайман,
То ўз жигаримдан емайин кабоб.
Улуғбекнинг юзида кулги ўйнади. Бундай пайтда унинг кўзлари яна ҳам меҳрли боқарди. У
соқолини силаб, ёнидаги кишига деди.
— Мавлоно, тахминингиз таҳсинга лойиқ. Йигит сиз айтгандай қобил. Ажниҳимизга чақириб
янглишмабмиз.
Шамсибекнинг ёнида турган Қамариддин уни сал туртиб қўйди. Шамсибек Улуғбекка
яқинлашиб, тиз чўкди. Зангори шоҳига сариқ зар билан безак берилган тўннинг этагини ўпиб,
кўзига суртди. Шу топда устозининг гапини эслади: «Охиратда Худо ёрлақагур соҳибқирон
ҳаёт эканликларида мирзо Улуғбек Қозизодайи Румийнинг илмларини ҳурматлаб, этакларидан
ўпган эканлар. Шунда соҳибқирон жуда ранжиб «шаҳзодаларнинг этак ўпмоқлиги буткул
ножўя. Дунё сенинг оёғингни ўпмоғи лозим», деган эканлар. Шаҳриёр боболарининг
ўгитларини қулоққа олсалар ҳам, илм аҳлига бўлган эътиборларини камайтирмаганлар. Ажаб
эмас, сиз ҳам султоннинг паноҳида униб-ўссангиз...»
Улуғбек Шамсибекнинг елкасидан енгил ушлаб турғизди-да, аъёнлари билан бир-бир
таништирди. Сўнг ҳалигача қўл қовуштириб турган сипоҳнинг ёнига қайтди:
— Қамариддин, меҳмонимнинг адувбанди2 экансан, уни ўзингга топширай. Бир оз ҳордиқ
чиқаргач, оқшомги суҳбатимизга олиб келурсан.
Улар таъзим қилиб, тисланиб чиқишди.