2. ХОН ҚИЗИҒА ЛОЙИҚ БИР ЙИГИТ
2. ХОН ҚИЗИҒА ЛОЙИҚ БИР ЙИГИТ
Отабек ўзи билан кўришган мундаки икки ёт кишини танимаганлиқдан бир-икки қайта уларни кўз остидан кечирди. Буни пайқаған Зиё шоҳичи Отабекка танитди:
— Амакиларингизни сиз танимағандирсиз албатта, — деди. — Бу киши отангизнинг яқин дўстларидан Мирзакарим қутидор. Бу зот Андижон савдоғарларидан Акрам ҳожи.
Мирзакарим исмлик қирқ беш-елли ёшлар чамасида қора қош, қора кўз, кўркам юз, яхшиғина кийинган бир киши бўлиб, Акрам ҳожи элли беш ёшлар орасидағи бир кекса эди. Отабек қайтадан Мирзакарим қутидорни кўздан кечирди.
— Ота қадрдонлари билан танишдирғанингиз учун раҳмат, амак, — деди ва Акрам ҳожи билан Мирзакарим акага тавозуъланди. — Отам сизлардек яқин дўстларига салом айтишни менга амонат топширған эдилар.
— Раҳмат, соғ бўлсинлар.
Мажлис Зиё шоҳичининг уйида Отабекнинг меҳ-мондорчилиғи учун йиғилған, юқорида исмлари ўткан зотлардан бошқа Ҳомид, Раҳмат ҳам Ҳасанали бор эдилар. Танишдиришдан сўнг Отабек билан қутидорнинг кўзлари бир-бирларига тез-тез учраша бошладилар. Қутидор ниманидир Отабекдан сўрамоққа оғзини жўплаб турса ҳам Акрам ҳожи билан Зиё шоҳичининг алланарса тўғрисидағи гаплари кети узилмай давом этар эди. Уларнинг кўзи учунчи тўқнашишида қутидор кулимсираб қўйиб сўради:
— Мени эслай оласизми, бек?
Отабек диққат ва эътибор билан қутидорни кузатиб жавоб берди: — Йўқ, амак.
5
— Неча ёшға бордингиз?
— Йигирма тўрт ёшға...
Қутидор ўзича нима тўғрисидадир ҳисоб юритди-да:
— Воқиъан сиз мени эслай олмассиз, — деди. — Мен Тошкандда қутидорлик қилған
вақтимда сиз тахминан беш-олти ёшлиқ бола эдингиз... Гўёки, мен Тошкандда кечагина турғандек ва кечагина сизнинг ҳавлингизда меҳмон бўлғандекман... Аммо, ҳақиқатда, орадан ўн беш-йигирма йил ўтиб, сиз ҳам катта йигит бўлгансиз, умр — отилған ўқ эмиш.
— Сиз бизнинг ҳавлида бўлганмисиз?
— Кўб марталаб меҳмон бўлдим, — деди қутидор,— ул вақтда бобонгиз ҳам ҳаётда эдилар. Бу иккисининг сўзларига қулоқ солиб четда ўлтурган Ҳасанали ҳам гапга аралашди:
— Амакингиз бизнинг ҳавлиға келиб турадиган вақтларида сиз ёш бола эдингиз, бек, —
деди. — Амакингиз сизни саройларга ҳам олиб тушар эдилар.
Отабек уялув аралаш кулимсираб қутидорға қаради:
— Таассуфки, эслай олмайман, — деди. Қутидор тағин нимадир айтмоқчи бўлған эди, Акрам
ҳожи унга йўл бермади.
— Ҳожи акамиз бу кунда қандай иш билан маш-ғуллар?
Отабек:
— Тошканд беги ёнида мушовир сифати билан турадилар.
— Азизбек бу кунда ҳам Тошкандга ҳокимдир?
— Шундоғ.
— Сотқи бек кетсин, Азиз бачча денг, — деди Ҳомид ва Акрам ҳожига қараб кулди. —
Яқиндағина Мусулмон чўлоқнинг базими шу Азиз бачча билан қизир эди, — деди, улуғ бир нарса кашф этгандек мағрур, мажлиска қараб чиқди. Ҳомиднинг заруратсиз айб текшириши мажлиска ётроқ туйилган бўлса керак бир-бирларига қарашиб олдилар. Бу ўринсиз текшириш мажлисни бир оз сукутга юборди-да, сўнгра Акрам ҳожи саволида давом этти:
— Ҳокимингиз жуда золим эмиш, бу тўғри сўзми?
— Тўғри сўз, — деди бек. — Азизбек зулмидан аҳоли жуда тўйған.
Отабекнинг бу жавобидан ёлғиз Акрам ҳожигина эмас балки, мажлиснинг бошқа аъзолари
ҳам ажабландилар.
Отасининг валинеъмати бўлған бир бекнинг зулмини иқрор этиш ҳақиқатан ҳам таажжубка
лойиқ эди. Азизбекнинг Туркистон хонлиғининг энг золим ва мустабид саналған бекларининг бири ва унинг ўз қа-рамоғида бўлған Тошканд аҳолисига қилған зулмлари Фарғонага достон, аммо Акрам ҳожининг бу саволи Азизбекнинг энг яқини бўлған бир кишининг ўғлини синаб кўришлик учун эди. Бу синаш натижаси Акрам ҳожининг таажжубини орттирди ва бунинг сиррини билишка қи-зиқсинди:
— Отангиз Азизбекнинг мушовири экан, — деди Акрам ҳожи, — нима учун уни бир оз бўлса ҳам йўлға солмайдир?
— Кечирингиз, амак, — деб Отабек кулимсиради,— сиз отамнинг мушовирлиғини бошқачароқ онгла-ғанға ўхшадингиз... Бизнинг бекларга ҳукм вақтида ҳам мушовир бўлмоқ имконсиз нарсадир. Отам Азизбекнинг мушовири ва яқин мусоҳиби саналса ҳам ва лекин бу жузъий ишлардагинадир, бунинг учун сизга бир мисол келтирай, бу иш шу яқин оралардағина бўлди: Тошканддаги жумъалик гап мажлисларидан бирида бир киши Азизбекни махтар ва бу махтовға қарши иккинчиси «нега мунчалик махтайсан, Азизбекнинг асли бир бачча-да» дер. Уларнинг бу музокараларини четда эшитиб турган хуфиялардан бири бу сўзни Азизбекнинг қулоғига етказур. Эртасига Азизбек мазкур икки кишини ўз ҳузурига олдириб махтовчиға улуғ мансаб ато қилар ва иккинчисини ўлимга буюрар... Бу ҳукм мажлисида ҳозир турган отам маҳкумнинг гуноҳини сўраганида Азизбек жаллодга бақирар: «Тезроқ олиб чиқ!» Отам тағин қуллиқ қилғанида жаллодға буюрар: «Қўлинг-дағини бўшатиб, ўрнига ҳожини олиб чиқ!» — Мана кўрдингизми, отамнинг қадру қийматини.
6
— Бўлмаса аҳоли хонға шикоятнома ёзмайдирми?
— Нечанчи шикоятномани сўрайсиз, — деди Отабек, — Азизбекдан зулм, жафо кўрганлар билан биргаликда энди ўнинчи шикоятномамизни юборғандир-миз... Лекин хоннинг йўлбошчиси бўлған кишининг ўзи зулмда Азизбекдан бир неча зина баланд ўринни ишғол эткучи кимса бўлса, биз қандоғ қилайлиқ. Аммо шуниси ҳам борки, шу кейинги вақтларда Азизбек Қўқоннинг ёрлиғ ва фармонларини илтифотсиз қолдира бошлади. «Итоатдан бош тортмасин...» деган мулоҳазада ёзған шикоятларимиздан марказнинг кўз юмиши ҳам эҳтимолдир. Ҳар ҳолда Тошканд аҳолиси Азизбек истибдодидан ортиқ тўйинди, кимдан кўмак сўрашға ҳам билмайдир.
Юсуфбек ҳожининг қандай одам экани айниқса Акрам ҳожига онглашилиб, бу тўғрида ортиқ баҳс қилинмади ва сўз бошқа хусусларга ўтди.
Зиёфат самимият билан чақирилғанлиқдан дастурхон қадрлик меҳмонга махсус турланган эди. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг ҳар замон меҳмонларни дастурхонга қисташлари бошқаларнинг иштаҳаларини очишға сабаб бўлса ҳам, аммо бизнинг Отабекка сира ҳам асар қилмас, хаёлланиб ўлтирар эди. Ул нима тўғрида хаёл суриб, қайси тўғрида ўйлар эди — буни би-лиш қийин бўлса ҳам, бироқ унинг ҳозирги баъзи ҳаракатлари диққатни жалб этарлик эдилар: хаёл сурар экан, унинг кўзлари ихтиёрсиз каби қаршисидаги қутидорға қарайдирлар, қутидорнинг кўзи ўзига тушди дегунча кўзини ундан олиб дастурхондаги кўнгли тиламаган нарсаларга урина бошлайдир... Отабекнинг бу ҳолини мажлисдагилар сезмасалар-да, аммо Ҳомид уни таъқиб эткандек эди.
— Савдо билан қандай шаҳарларга бордингиз, бек?— деб қутидор сўради.
— Ўзимизнинг шаҳарлардан кўпини кўрдим, — деди бек, — ўрис шаҳардан Шамайга ҳам бордим.
— Ҳа, ҳа, сиз Шамайга ҳам бордингизми? — деб Зиё шоҳичи ажабланди.
— Ўткан йил борғон эдим, — деди бек, — боришим ноқулай бир вақтга тўғри келиб кўб машаққатлар чекдим.
— Чин савдогар сиз эмишсиз, — деди қутидор, — биз шу ёшқа келиб ҳали ўзимизнинг каттароқ шаҳарлари-мизни ҳам кўралмадик; сиз ўриснинг Шамайигача борғансиз.
— Юрган дарё, ўлтурган бўрё эмиш, — деди Акрам ҳожи.
Ўрис шаҳарларига бориб савдо қилғучилар Туркистонда жуда оз ҳисобда бўлиб, чет элларни кўрган Отабек мажлиска тансиқланди. Ўрислар тўғрисида аллақандай хаёлий ривоятлар эшитиб юрган қутидор ва Зиё шоҳичилар-нинг Отабекдан ҳақиқий ҳолни билгилари келиб, ундан Шамайда кўриб, кечирганларини сўрадилар. Отабек Шамай хотиротини сўзлаб берди. Ўрисларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётларини эшиткучиларни тонгға қолдириб, ортиқ тафсилоти билан айтиб чиқғач:
— Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғи-мизни кўриб; бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, — деди бек, — лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим... Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиғ ёзиб ўриснинг идора тартибини дастуриламал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам... аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлағанларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: “Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?” деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам, сўнгғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда «ҳайя алалфалаҳ» хитобини ким эшитар эди.
7
Мажлис Отабекнинг Шамай таассуротини мароқ билан эшиткан, шу кунгача ҳеч кимдан эшитилмаган унинг фикрларига ажабланган эди. Истиқбол қайғуси тушига ҳам кирмаган бу Туркистон оталари Отабекнинг даруни дилдан чиқариб айткан гапларидан ҳиссасиз қолмадилар:
— Амири Умархондек одил пошшо бўлса, — деди қутидор, — биз ҳам ўрисдан ошиб кетар эдик.
Зиё шоҳичи:
— Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хўйимиз-дан.
Акрам ҳожи:
— Тўғри.
Ҳомид ҳам бошқалардан қолишмас учун: «Худо кофирнинг дунёсини берган» деб қўйди.
— Манимча, ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқидан бўлса керак, — деди Отабек,
— аммо биз-нинг кундан-кунга орқаға кетишимизга ўз ора низўимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман, бошқа хил айтканда Зиё амакининг фикрлари қисман тўғри. Орамизда бу қўрқунч ҳолатка баҳаққи тушунадирған яхши одамлар йўқ, билъакс бузғучи ва низўчи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадилар. Бу кунги қора чопон ва қипчоқ низўларини сизга бир тимсол ўрнида кўрсатайин: ўйлаб кўрилсин, бу низўлардан бизга қанчалик фойда ва қипчоқ оғайниларға нима манфаат ҳосил бўлмоқ-да?— Фақат бундан фойдаланғучилар икки халқ орасиға адоват уруғини сочиб юрғучи бир неча эъвогар бошлуқларғинадир. Масалан, Мусулмонқулни ким холис одам, деб ўйлайдир? — Унинг юрт учун қон тўкишдан бошқа нимага фойдаси тегди? Мусулмонқул ўз ғарази йўлида орада йўқ низоларни қўзғаб, куяви Шералихонни ўлдирди, гуноҳсиз Муродхонни шаҳид этди, қўй каби ёввош Тошканд ҳокими Салимсоқбекни ўлдириб, ўрнига Азизбекдек золимни белгулади ва ўзини мингбоши деб эълон қилиб, ақлсиз бир гўдакни (Худоёрни) хон кўтариб эл елкасига минди. Тузук, агар Мусулмонқул бу ишларни бир яхши мақсадни кузатиб қилғанда, золимларни ўртадан кўтариб, юртка осойиш берганда, унга ким нима дея олур эди? Ҳолбуки, Тошканд тарихида мисли кўрилмаган Азизбек каби ваҳ-шийни фақат шу Мусулмонқул қўлидан олди. Башарти, Мусулмонқул чин инсон бўлса, инсондан ваҳший туғилганини ҳеч ким эшиткан чиқмас. Модомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғунчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни улар ким бўлсалар ҳам иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши холис одамларни ўтқузиш нажотимизнинг ягона йўлидир.
Отабек мажлиска тамоман янги ва эшитилмаган фикрларни сўзлаб кетди, улар бекнинг оғзиға анқайишиб қолган эдилар. Дарҳақиқат, ўз ора битмас низўларнинг асли маншаъини ул яхши онглаб таҳлил қилар ва дуруст қиймат берар эди. Унинг шу йўсун мулоҳаза ва фикрлари мажлиска чувалған ипнинг учини топиб бергандек бўлиб, лафзан бўлмаса ҳам маънан уларнинг таҳсин ва олқишларини олди.
Отабек хуфтон намози учун таҳорат олишға меҳмонхонадан чиқған эди, унинг кетича:
— Отанинг боласи-да, — деб Зиё шоҳичи меҳмон-ларга қараб қўйди.
— Умри узоқ бўлсин, — деди Акрам ҳожи, — йигитларимиз ичида энг ақллиғи экан... Агарда
хон кўтариш маним қўлимда бўлса эди, хон қилиб Отабекни кўтарар эдим... Ўзи ўқуғанми?
Бу махтовлар билан терисига сиғмай кеткан Ҳасанали жавоб берди:
— Тошканд Бекларбеги мадрасасининг пешқадам муллабаччаларидан эди, лекин уч йилча
бўлди, хўжамиз мадрасадан олиб савдо ишига қўйдилар.
— Худо ҳар нарсадан ҳам берган йигит экан, — деди қутидор.
Аҳли мажлис Отабекни кўкларга кўтариб махтар эди, лекин Ҳомид бу махташларға иштирок
этмас ва нимадандир ғижинғандек кўринар эди. Шу орада қутидорнинг «уйланганми?» деб Ҳасаналидан сўраши Ҳо-мидга яна бошқача ҳолат берди. Ҳасаналининг сўра-ғучиға бекнинг
8
қиз ёқдирмаслиғини сабаб кўрсатиб, шу кунгача уйланмай келганлигини тафсили билан ҳикоя қилиб беришидан сўнг ул тоқатсизланғандек бўлди:
— Балки бегингизнинг тамаълари хон қизидадир, — деди истеҳзо билан Ҳомид, — бундоғ йигитлар уйланганларида ҳам киши қизини умр бўйи азоб ичида ўтказадирлар...
Сабабига тушуниш қийин бўлған бу истеҳзога қар-ши Ҳасанали сукут қилмади:
— Мен унинг хон қизини олиш мақсади борлиғини билмайман, — деди кулимсираб, — бироқ ул хон қизини олса арзимайдирган йигит эмас... ҳатто зархарид қули бўлғаним ҳолда менга ҳам қаттиғ сўз айтишдан сақ-ланған бир йигит ўз никоҳида бўлған озод бир қизға албатта заҳмат бермас, деб ўйлайман. Баъзи хотин урадирган ва хотин устига хотин олиб, хотинлариға зулм қиладирған ҳайвонсифат кишилардан бўлиб кетиши менимча эҳтимолдан жуда узоқдир, иним мулла Ҳомид...
Ҳасанали ўткан фаслда Ҳомиднинг ўз оғзидан хотинлариға қарши қамчи ишлатканини эшиткан эди. Шунга биноан унинг бу охирғи жумласи Ҳомидни ерга қаратиб, лом дейишка мажол бермай қўйди. Зиё шоҳичи қайниси Ҳомидга «Тузлатилдингми»? дегандек қилиб қаради ва Ҳасаналидан афу сўради:
— Кечирасиз, ота, — бизнинг Ҳомидбой шунақа қўланса гаплар учун яратилған одам. Қутидор ҳам Ҳасаналининг кўнглини кўтариб тушди:
— Гапингиз тўғри, ота, — деди, — Отабек хон қизиға лойиқ бир йигит экан.
Баҳслашиш учун Ҳомидга йўл қолмаған эди. Бир турлик илжайиб ер тегидан Ҳасаналига кўз
ташлади.
Ошдан кейин бошлаб Ҳомид, сўнгра бошқа меҳ-монлар тарқалишдилар. Отабек билан
қутидорнинг йўллари бир бўлғанлиқдан биргалашиб кетдилар. Қутидор ҳавлисига қайрилар экан, бек билан хайрлашди:
— Албатта, бириси кун бизникига марҳамат қиласиз, тузикми?
— Хўб, амак.
— Бизники мана шу бурчакдаги эшик... Қайтаға бу кун бизникида қолсангиз бўлмасми-а?
— Раҳмат... Хайр, саломат бўлингиз.
Улар тўхтаб сўзлашқан ўринларидан хайрлашиб узоқ-лашғач, шундаги бир бурчакдан
чопониға бурканган бир киши чиқиб, ҳалигилар келган томонға қараб юрди...
3. БEК ОШИҚ
Сарой тинч уйқуда, тун ярим. Ҳасанали ҳужранинг узун бурама қулуфини очиб ичкарига шамъ ёқди ва бекнинг тўшагини ёзиб унинг кириб ётишини кутиб турди. Аммо Отабек нима учундир тез кира бермади. Ҳужра эшигини очилғанидан, шамъ ёқилиб, ўрин ёзил-ғанидан гўё хабарсиз каби устунға суялғанча қотиб турар эди.
— Ўрнингизни ёздим, бек.
Отабек бу сўз билан ҳужрага кирди ва бориб тўшаги ёниға ўлтурди. Ҳасанали бекнинг ешиниб ётишини кутиб турар, чунки уни ётқузиб ёқилған шамъни ўзи билан нариги ҳужрага олиб чиқмоқчи эди. Бироқ Отабек тўшаги ёниға ўлтурдида, яна ўйлаб қолди... Отабек бир неча кунлардан бери Ҳасаналининг кўзига бошқача кўринар эди.
Ҳасанали Отабекда шу кунгача кўрилмаган қизиқ бир ҳолатка беш-олти кундан бери ажабсиниб юрар эди. Ҳасаналини ажабсиндирган ҳолат ҳам бекнинг шунинг сингари хаёл ичида барчани унутиб қўйиши ва бошқа ишларга эътибор ва парвосизлиги эди.
Ҳасанали бекнинг ҳозирғи ипидан-нинасигача бўл-ған қизиқ ҳолини узоқ кузатиб турди. Лекин Отабек хаёл суришдан зерикмаса ҳам Ҳасанали кузатишидан зерикди.
— Менда юмушингиз йўқми?
9
Отабек бу гапни онгламади шекиллик, Ҳасаналининг юзига кўтарилиб қаради-да, яна кўзини бир нуқтаға тикиб қолди. Бу ҳолатдан Ҳасаналининг андишаси ортиб, бекнинг бунчалик ангравланишиға қандай маъно беришини ҳам билмас эди. Отабек шу ҳолда тағин қанчағачадир ўлтурди, ниҳоят уйқудан уйғонған кишидек сўчиб ўзини кузаткучига қаради:
— Чиқиб ётмайсизми?
— Менда юмушингиз йўқми?
— Нима юмушим бўлсин, шамъни ҳам олиб кетинг.
Ҳасанали шамъни олиб, ўз ҳужрасига чиқди. Унинг ҳужраси Отабекнинг билан бир қаторда
бўлиб, газмол, пояфзал ва шунинг сингари моллар ила тўлған ва Отабекдан бошқа, алоҳида ҳужрада туриши ҳам шу молларни сақлаб ётиш учун эди. Ҳасанали ўрнини ёзар экан «тавба» деб қўйди.
Юқорида сўзланғанидек, Отабекдаги бу ҳолатни бирор ҳафталардан бери пайқаса ҳам ҳозиргидек андишага тушмаган ва бунчалик диққат этмаган эди. Хўжа-зодасидаги бу ҳолат уни ҳар турлик мулоҳазаларга олиб кета бошлади. Тўшаги устига ўлтуриб, оқ соқолини ўнг қўли билан тутамлаб ўйлар эди: савдо тўғрисида бирор хато қилдими, Зиё шоҳичиникида таомдан тузукроқ то-тинмади, бирор оғриғи бормикан... Мусофирчилиқда оғриса... Аммо бу мулоҳазаларининг биттасига ҳам ўзи қаноатланмади. Зеро савдо тўғрилари ундан яширин эмас, оғриғанда ҳам албатта шикоят эшитар эди.
Ўйлаб-ўйлаб бир нарсага ҳам ақли еталмагач, ўрнидан туриб тоқчада ёниб турган шамъни ўчирди. Ҳужра орқа-ўнгни ажратиб бўлмаслиқ қоронғиланди. Қо-ронғида туртиниб ҳужра эшигига келди-да, авайлаб ғижирлатмай эшикни очди ва секингина ташқариға бош чи-қариб саройни кузатди. Киши йўқлиққа қаноат ҳосил этиб, маҳсичан оёғини оҳиста қўйиб Отабек ҳужрасининг ёнида тўхтади, саройни яна қараб чиқди. Сарой қоп-қоронғи, тинч уйқуда, аммо бу тинчликни сарой от-хонасидаги отларнинг карт-курт хашак чайнашлари ва атрофдаги хўрозларнинг қичқиришлариғина бузар эдилар. Ҳасанали секингина дарича остиға ётиб ҳужра ичига қулоқ солди. Ҳужра ичи тинч эди. Орадан уч-тўрт дақиқа фурсат ўтиб ҳужрадан шип эткан товуш эшитмади. Тағин бир неча дақиқа қулоқ узмай туриб, сўнгра ўрнидан қўзғалмоқчи бўлған эди, ичкаридан «уффф» деган ихраш эшитди. Ҳасаналининг қулоқлари тиккайиб ўрнидан турди, кўзи олаланған эди.
— Бек оғриқ, — деди кўнгилдан ва жазмланиб ҳужра эшигига юриб келди. Эшикни очиб Отабек ёниға кирмоқчи эди. Эшикни итаришка борған қўлини қолдириб «балки оғриқ эмасдир» деб тўхталди. Яна кирайми, йўқми, деб иккиланиб турғандан кейин юриб, ўзининг ҳужрасига келди. Аммо Отабек тўғрисидаги ташвиши бояғидан ўн қайта ортқан эди. Ешиниб ухларға ётқан бўлса ҳам бекнинг хусуси уни кўз юмғали қўймади. Бек тўғрисида ҳар турлик хаёлларга бормоқда эди. Юсуфбек ҳожининг «Ўғлим ёш, сен дунёнинг иссиқ-совуғини татиған ва маним ишонган кишимсан. Ўғлимнинг ҳар бир ҳолидан хабар олиб туриш сенинг вази-фангдир», деб таъкидлаши, Отабекнинг онаси — Ўзбек ойимнинг ёшлиқ кўз билан: «Сени худога, Отамни сенга топширдим!» — деб ёлборишлари, зориллашлари унинг қулоқлари остида такрорланғандек бўлар эдилар. Ухлаб кеталмади. Кўйнакчан эгнига чопонини ёпиниб ўрнидан турди, ҳужрадан чиқиб Отабек даричаси остиға яна келиб ўлтурди.
Тун аёз, изғириқ ел тўрт тарафка югуриб жон ачитмакчи бўлар эди. Ҳасанали ярим яланғоч ҳолда жунжайиб дарича остида, изғириқ қучоғида ўлтурар эрди. Ул еган совуғиға илтифот этмас, вужудини изғириққа топшириб, фикрини ҳужра ичига юборған эди. Ҳужра ичига бир мунча қулоқ солиб ўлтургандан кейин, узун тин олиб бошини тирқишдан узди, Отабекнинг пишиллаб ухлаған товшини эшитиб бир даражада тинчланди. Васвасадан ариёзған бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади, нима учундир тағин ҳам совуққа жунжиб ўлтира берди. Орадан яна бир неча дақиқа фурсат ўтиб, Ҳасанали тамом тинчланди, ҳам туриб кетмакчи бўлди ва шу ҳолатда ичкаридан уйқусираш эшитди:
— «Қора кўзлари, камон қошлари...»
10
— А-а-а, — деди Ҳасанали ва қайтадан қулоғини тирқишға олиб борди. Энди унинг бутун борлиғи қулоқ бўлиб айланган, ўзини унутиб барча диққати ҳужра ичига оқған эди. Ўртадан кўб фурсат ўтмади, бояғи уйқусираш яна такрорланди:
— «Ой каби юзлар, кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар... Уфф».
Ҳасанали учун биринчида онглашилмай қолған маънолар бу кейинги гап билан ешилди. Ҳасанали эндиги ўлтуришни ортиқча топиб ўрнидан турди, ҳужрасига кирар экан, бошини чайқаб ўзича сўзланди:
— Бек ошиқ!
Ўрни устига чопонини ёпди-да, кўрпаси ичига кириб ўлтурди ва «чиндан ошиқми?» деган саволни кўнглидан кечирди. Таниш бўлмаған бир шаҳарда кимнинг бўлса ҳам қизиға учрашсин, беш-олти кун ичида бу янглиғ уйқуда ҳам... масалага бу жиҳат билан қараб бекнинг ишқиға ишонгуси келмас эди. Аммо иккинчи томондан қулоғи остида бекнинг ўз оғзидан эшитилган— «кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар...» жумлалари такрорланғандек бўлиб хўжазодасидаги бир неча кунлик ўзгаришка муҳаббатдан бошқа ҳодиса, деб маъно бералмас эди. Бу икки турлик масалаларнинг ўнг-терсини айландириб муҳокама қилди ва ўлчади. Ҳасаналининг ўзи тарозунинг ишонмаслиқ палласида бўлса ҳам — «кулиб боқишлар, чўчиб қочишлар» ҳамон қулоқлари остида такрорланар эдилар. Тун тонг отарға яқинлашған, унинг уйқулиқ мияси ҳеч бир турлик бу муаммони еша билмас эди. Кўб ўйласа ҳам бир қарорға кела олмади. Аммо эртага бекнинг ўзини синаб кўрмакчи бўлиб кўзи уйқуға кетди.
4. МАРҒИЛОН ҲАВОСИ ЁҚМАДИ
Eрталабки чой ҳозирланған. Отабек хомуш ўлтуруб, Ҳасанали эрса унинг ҳолини таъқиб этмакда эди. Орадағи сўзсизлик бир пиёладан чой ичкунча бузилмади. Охирида Ҳасанали Отабекнинг тусига бир неча қайта кўтарилиб қўйди.
— Бир неча кундан бери хомушроқ кўринасизми?
Отабек савол ташлағучиға қараб олди ва тасдиқ ишорасини бериб:
— Билмадим, — деди ва бир оз тўхтаб изоҳ берди. — Хомушлигим сизга ҳам сезилдими,
билмадим... Мар-ғилон ҳавоси мизожимга тўғри келмаганга ўхшайдир...
— Айтканингиздек, — деди Ҳасанали. — Марғилоннинг ҳавоси бузиқ экан, бир-икки кундан
бери маним ҳам аҳволим ўзгариб бошлади. Марғилондан тез жўнамасақ мен ҳам ишдан чиқадирған ўхшайман...
Бу гапдан кейин Ҳасаналининг кўзи бекка тикилган эди, агар тундаги уйқусираш Ҳасаналининг ўйлаған эҳтимолига тўғри келса, ўзининг ҳалиги сўзи Отабекка бир ўзгариш беришида шубҳа қилмас эди.
Отабек боши берк кўчада қолғондек бўлди, жавобға қийналди:
— Кетамиз, — деди бир оз ўйланғандан кейин, — мол баҳолари тўғрисида битиша олмай турамиз — олғучилар арзон сўрайдирлар. Шунинг учун тағин бир неча кун қолишимизға тўғри келармикин. Билмадим...
Ҳасаналининг синаши ниҳоятига еткандек бўлди, ҳатто юқоридағи жавобни эшиткан вақтида нима учундир ўзини бир турлик кулгидан аранг тўхтатиб қолған эди. Яна ўртада хомушлик ҳукм суриб, Ҳасанали ишни тузикроқ очиш ва ё шу кўйи қолдириб кетабериш талашида эди. Ҳасанали бекнинг ҳар бир сирига ўзини маҳкам деб ҳисоблағанлиқдан, дарҳақиқат, Отабекка маҳрам бўлишға лойиқ бир меҳрибончилиққа эга бўлғанлиқдан хўжазодаси билан очиқ сўзлашиш фикрига келди. Бир неча дақиқа муқаддима учун режа қуриб ўлтургандан сўнг тилга келди:
— Ўғлим, Отабек.
— Сўзлангиз.
— Айтингиз-чи, мен сизнинг кимингиз?
11
Отабек, Ҳасаналининг мақсадиға тушунолмай маж-ҳул унга назар ташлади:
— Сизми? — деб кулимсиради. — Отам бўлмасангиз ҳам мени оталиқ муҳаббати билан суйган содиқ ва меҳрибон бир кишимсиз — яъни маънавий отам.
— Баракалла, ўғлим, — деди Ҳасанали, — жавобингиз ўз ўйлағанимчадир. Энди сиздан шуни ҳам сўрайин: хўжасиға содиқ бир қул, сизнинг таъбирингизча, маънавий бир падар ўз ўғлиға ёмонлик соғинарми, бу тўғрида жавоб берингиз-чи?
Отабек кутилмаган бу саволдан ажабланди:
— Сўзингизга тушунолмадим, ота, — деди, — шундоғ бўлса ҳам жавоб бераман: бу кунгача сиз ёлғиз менинггина эмас, бизнинг оиламизга оталиқ мавқиъида туриб, яхшилиқдан бошқани соғинмай келасиз.
Ҳасанали тусини бузмади:
— Илгарироқ балки шундоғ бўлғандир, аммо энди, айниқса сиз...
— Айниқса мен... очиб сўзлангиз.
— Айниқса сизнинг менга сақлаған ишончингиз тугалганга ўхшаб, ўзимдан қандоғ камчилик
ўтканига ҳайратдаман.
— Қизиқ гаплар сўзлайсиз, — деди Отабек, таажжуби ортқан эди. — Менга қандоғ ёмонлик
соғиндингиз-ки, сизга ишончим битсин? Васвасаланишнинг ўрни йўқ, мундан сўнг ҳам сизнинг хайрихоҳона кенгашларингизга, ҳам вужудингизга муҳтожман, амонатим, бошқам мундан кейин ҳам она қорнида сақланғандек сизда сақланишиға ишонаман ва бунга сизнинг ҳам амин бўлишингиз керак, ота.
— Лекин... тил билан кўнгил бошқа-бошқадир, ўғ-лим... Отабек бу терс ва қўрс муқобаладан тоқатсизланди:
— Янглишасиз, ота.
— Янглишмайман, билъакс билиб, қаноатланиб сўз-лайман. — Тилим билан кўнглимнинг бошқалиғини исбот қилингиз. Ҳасанали гиналик қиёфада қошларини чимирди ва:
— Мендан яшириб юрган бир сиррингиз бор, — деди.
— Сиздан яширғон бир сиррим бор?
— Бор ўғлим, бор, — деди Ҳасанали, — агар даъвонгиз тўғри бўлса, менга чиндан ўз кишим
деб қарасангиз ўша сирни яширмангиз.
Отабек тўсатдан ўзгариб, бояғи асабийлик ҳолатини йўқотти, шундоғ бўлса ҳам ўзини йиғиб
кулган бўлди:
— Ҳали шунақа сиздан яширин сиррим борми?
— Бор.
— Бўлмаса, марҳамат қилиб кашфингизни сўзлангиз.
Ҳасанали пиёлани оғзига кўтариб, чойни ҳўплади, кашфини очти:
— Марғилонға келган кунлардан бошлаб сизда қизиқ бир ҳолат бор, — деди, — сиз бу
ҳолатни «Марғилон ҳавоси ёқмади» деб таъбир қилсангиз ҳам мен мундан бошқа нарсалар пайқайман...
Отабек ўзига қаттиғ тикилиб турған Ҳасаналидан юзини четка буришка мажбур бўлди. Гўё бу сеҳргар чол ҳамма сиррни бетдан ўқуб олар эди. Ҳасаналини ҳамон ўзига тикилиб турғанини билиб, манглайини қашиған бўлди:
— Хўш, давом этингиз...
— Бу сиррингизни мендан яширмоқчи бўласиз, — деди тамом қаноат билан Ҳасанали, чунки, энди ўз кашфига жуда ишонған эди. — Хайр, яширмоққа ҳам балки ҳаққингиз бордир... аммо шу кўйи сир сақлаш билан бирар натижага етиш мумкинми?
— ...
12
Отабек қип-қизил қизариб гуноҳкорлардек ерга қара-ған эди. Ҳасаналининг юзига падорона тараҳҳум туси кириб, кексаларга махсус оҳангдор бир товуш билан бек-нинг устидаги оғир юкни ола бошлади:
— Айби йўқ, ўғлим, — деди, — муҳаббат жуда оз йигитларга муяссар бўладиған юрак жавҳаридир. Шунинг билан бирга кўб вақтлар кишига зарарлик ҳам бўлиб чиқадир. Шунинг учун куч сарф қилиб бўлса ҳам унитиш, кўб ўйламаслик керакдир.
Бу кейинги гап билан Отабек кўтарилиб Ҳасаналига қаради ва узоқ тин олиб яна ерга боқди. Гўё бунинг ила «унитиш мумкин эмас» деган қатъий сўзни айткан эди. Ораға сўзсизлик кирди. Иккиси ҳам фикрга толған эди. Ҳасаналининг ортиқча берилиб ўйлаған кезда соқолини қайириб тишлайдиган бир одати бўлиб, ҳозир ҳам соқолини ямлаш билан машғул эди. Узоқ ўйлағандан сўнг ишнинг очилмай қолған қисмини ешишни бошқа вақтға қолдирмоқчи бўлди. Чунки Отабек шунинг ўзига ҳам яхшигина қизариниб, бўртинган эди.
5. КИРОЙИ КУЯВИНГ ШУНДОҒ БЎЛСА!
Пояфзал бозори ва унинг бурчагидаги ҳавли... Ўқуғувчи албатта бу ҳавлининг эгаси билан таниш чиқар. Кўримсиз, чирк босиб қорайған, жуда кўб хизмат қилиб кексайган, очиб-ёпқанда анвўи — турлик доди-фарёд қиладирған, бунда саналған сифатларини бир ерга жамлаб натижа чиқарғанда «шарти кетиб, парти қолған» бир дарбозанинг остонасидан уч-тўрт қадам ичкарига кирилса Бухоро зиндонларидан бирини ҳис этилур ва қоронғу йўлакнинг ниҳоятидаги ёруғлиққа томон ошиқилур. Қоқилиб-суқилиб йўлак зиндонидан қутилинғач бир улуғ ариқ ёқасиға, ўрдадек ҳавлига чиқилур ва роҳат тин олинур. Ҳавлининг кун чиқарида кун ботишиға қаратиб солинған, унча махтарлиқ бўлмаса ҳам аммо замонасининг олдинғи биноларидан ҳисобланған бир айвон билан бир уйга кўз тушадир. Саҳн ва бинолар киши зотидан бўш, шунинг учун бу ҳавли оиланинг ташқариғи қисми — меҳмонхона эканлиги онглашилур. Саҳннинг тун ва кун ботар жиҳатлари кичкина ҳужралар билан ўралған ва бу ҳужраларнинг барча эшиклари ёпиқ ва қулфланған ҳолда бўлиб моллар билан бандлиги ва уй эгасининг давлатлик киши бўлғанлиғи билинур. Ҳавлининг жануб тарафи дўконлар орқаси, аммо катта туп гилос ёғочлари қоплаб ётадирлар.
Eнди биз ташқари ҳавлини қўйиб меҳмонхонанинг ёнидан ичкарига кирамиз. Ичкари ҳавлининг йўлаги ҳам наргисидек усти ва бағри ёпиқ — қоронғу, йўлакнинг ниҳоятига бориб ўнгга юрилса ахтахонага, чапка юрилса биринчи мартаба кирганимиздек улуғ бир ҳавлига чиқармиз. Ҳавлининг тўрт тарафи турлик эҳтиёж бинолари билан ва тўрдаги бинонинг икки биқини катта уйлар билан ўралған бўлиб, шу икки уйнинг орасиға ўлтурган кошинкор ва нақшин чорхари айвон бу ҳавлининг бирин-чи мартаба кўзга чалинадирған ортиқлиқларидандир. Шу чорхари айвоннинг ўрта бир ерида, устига атлас кўрпалар ёпилған танчанинг тўрида деворга суяниб, аврасига қора мовут сирилган совсар пўстин кийиб бир киши ўлту-радир. Бу киши билан иккинчи мартаба танишиб ўлтурмаймиз, чунки, бу одам ўқуғучи билан танишқан — Мирзакарим қутидор. Танчанинг икки биқинида икки хотин: булардан биттаси ичидан атлас кўйнак, устидан одми хон атлас гуппи кийган, бошиға оқ даканани хом ташлаған, ўттуз беш ёшлар чамалиқ гўзал, хуш бичим бир хотин. Юзидан мулойимлик, эрига итоат, тўғрилиқ маънолари томиб турған бу хотин қутидорнинг рафиқаси — Офтоб ойим, иккинчиси етмишлардан ўткан бир кампир. Офтоб ойимнинг онаси — Ойша биби. Ўчоқ бошида қўполғина, қирқ беш ёшлар чамалиқ яна бир хотин чой қайнатиб юрадир. Бу хотин эрса оиланинг чўриси — Тўйбека. Биз булар билан танишишни шу ерда қолдириб айвоннинг чап тарафидаги дарича орқалик уйга кирамиз, ҳам уйнинг тўрига солинған атлас кўрпа, пар ёстиқ қучоғида совуқдан эринибми ва ё бошқа бир сабаб биланми уйғоқ ётқан бир қизни кўрамиз. Унинг қора зулфи пар ёстиқнинг турлик томониға тартибсиз суратда тўзғиб, қуюқ жинггила
13
кипрак остидағи тимқора кўзлари бир нуқтаға тикилган-да, нимадир бир нарсани кўрган каби... қоп-қора камон, ўтиб кеткан нафис, қийиғ қошлари чимирилган-да, нимадир бир нарсадан чўчиган каби... тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи бир оз қизиллиқға айланган-да, кимдандир уялған каби... Шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиъатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилған қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди. Сариқ рупоҳ атлас кўйнакнинг устидан унинг ўртача кўкраги бир оз кўтарилиб турмоқ-да эди. Туриб ўлтургач бошини бир силкитди-да, ижирғаниб қўйди. Силкиниш орқасида унинг юзини тўзғиған соч толалари ўраб олиб жонсўз бир суратка киргизди. Бу қиз суратида кўринган малак қутидорнинг қизи — Кумушбиби эди.
Кумушбиби бир неча кундан бери совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи ва кўз тинишка ўхшаш оғриғлардан шикоят қилиб юрар, шунинг учун онаси «тинч ухласин, ортиқ уринмасин» деб бу кун намозга ҳам уйғотдирмаған эди.
Кумуш, кийиниб уйдан чиқди, Тўйбека томонидан ҳозирланиб берилган иссиғ сув билан юзини ювди. Уйига кириб артиниб, тузатингач айвонга чиқди. Айвондагиларга салом бериб отасининг ёниға келиб ўлтурди.
Қутидор қизини кузатди:
— Тузикмисан, қизим?
— Йўқ, отажон, бошим ҳамон оғриб турадир.
Қутидор қизининг пешонасини ушлади:
— Эй-ҳа, Кумуш, ҳали иссиғинг бор, — деди. — Ўзингни тежа қизим, ўрнингни қалин қилиб
бурканиб ёт, терласанг ёришарсан, қизим. Тўйбека, Кумушнинг чойини оқлаб бер-чи. Офтоб ойим эрининг сўзини кучлаб тушди:
— Иссиғи бор, юзи ҳам қизариб бўртиб турибдир.
Ўзининг руҳсиз товуши билан Ойша буви ҳам гапка аралашди.
— Нах кечаси билмапсиз, нах мени қўрқитиб энка-тенкамни чиқарди. Иситмаси аралаш алланучка сўзларни айтиб чиқди...
Кумушбиби ялт этиб бувисига қараб қўйди.
— Ўша ҳарорати ғаризаники ҳаммаси, — деди қутидор. — Мен бу кун бирар ҳакимдан сўраб қарайчи... Ол қизим, шу пиёладаги чойингни ич-чи, — деди ва тағин бир қайта қизини кузатди.
Чойни ичиб бўлғандан кейин қутидор фотиҳа ўқуб ўрнидан турди:
— Мен сенга айтиб қўяй, Кумуш, — деди турар экан қутидор Офтоб ойимға, — бу кунга бир меҳмон айткан эдим. Чўрингни чиқариб меҳмонхонани тозалат. Анови янги қоплаған кўрпаларингни бер, танчага ўшани ёпсин. Катта гиламни ҳам чиқар, уйингда меваларинг бор эдими?
— Бор.
— Бор бўлса яхши. Бир оздан сўнг эт олиб киргузарман, варақи пишириб қўйингиз.
Офтоб ойим варақи пиширишдан у кунги меҳмон-нинг унча-мунча киши бўлмағанлиғини
билди.
— Қанақа меҳмон эди?
— Сен танимассан, тошкандлик бир йигит, тағи шу ерда-ги уч-тўртта оғайнилар. Тузикми,
айтканларимни уқдингми?
— Уқдим-уқдим.
Кумушбиби отасининг сўзига илтифот қилмади. Қутидор дўконига жўнағандан кейин Офтоб
ойим Тўйбекани меҳмонхонаға буюрди ва ўзи хамир қилишға ўлтурди. Кумушбиби хомуш эди. Бир нарса тўғрисида ўйлармиди ёки бош оғриғиси кучликмиди, ҳар ҳолда намозшом гул каби ёпиқ эди. Қаршисида ўлтурған бувисининг ўткан-кеткандан қилған ҳикояларига эринибгина қулоқ берар ва кўнглини очиш учун айтилган қизиқ сўзларга илжайиш билан жавобланар эди.
14
Кумушбиби ўзининг бир соатча вақтини шу кўйи кечирди, сўнгра ўрнидан туриб кичкина латиф оёқла-риға отасининг яқиндағина олиб берган қала кавшини кийди ва ошхона юмиши билан қоришиб ётқан онаси-нинг олдиға борди.
Кумушбиби энди ўн еттини қўйиб ўн саккизга қадам босқанлиқдан бўйи ҳам онасиға етаёзған, аммо жуссаси онасиға кўра тўлароқ эди. Онасининг юмишиға бир оз қараб турғанидан кейин ташқариға томон кетди. Айвоннинг бир четидан меҳмонхонада гилам тўшаб уринган Тўйбекага қаранған бўлди-да, айвоннинг ўрта устунига келиб суянди. Энди бояғиға қарағанда бир оз енгиллангансумон, жон олғучи қора кўзлари ҳаракатлана бошлаған, бўғриққан қизил юзлари очилинқираған эдилар. Айвон устунига суянғач, қора қийиғ қошларини чимириб кўча йўлак томонға қаради, бир оз қараб турди-да, айвондан ерга тушиб йўлак томонға, ариқ бўйиға кетди. Сув бир дўконнинг остидан чиқиб, бу ҳавлида уч-тўрт қулоч чамаси очиқ ҳавода оқар ва кўприк-том остиға кетар эди. Кумушбиби ариқ бўйидан бир ўринни кўзлади-да, сакраб нариги юзига ўтди ва чўнқайди. Унинг кўзлари муло-йимғина сув устига оғдилар. Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёвошғина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисиға етканда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳиранинг сиҳрига мусаххар бўлған каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистағина кўприк остиға оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бу ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтурғач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатка келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди... Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишда бу фитна тағи ҳам кучайди...
Нозик оёқлар толдилар шекиллик, садаф каби оқ тишларини бир-икки қайталаб чайди, ариқ бўйини ва унинг сувларини ташлаб кетди.
Бояғиға қарағанда анчагина енгилланиб ичкарига кирди, ҳаракатлари ҳам бир мунча ўзгарган эди. Ойша буви ундаги бу ўзгаришдан сўйинди:
— Енгил тортдингми, қизим?
— Шукур...
— Энди ортиқ уринма қизим, тинч ўлтур.
***
Қиш кунлари бир тутам, «ҳа, дегунча» кеч бўладир. Бу кун ҳам «ҳа дегунча»га ҳам қолмай кеч бўлған, меҳмонларнинг келишканига ярим соатлаб вақт ўткан эди. Қутидор меҳмонларни ихлос ва самимият билан кутар, зиёфат қуюқ-суюқлари билан тўла-тўкис давом этар эди. Тўйбека ичкари билан ташқариға югуриб дастурхон янгилар, чой ташир эди. Хизмат тугалаёзғандан кейин Тўйбека ўзининг совуб қолған ошини емак учун Офтоб ойимлар ёниға ўлтурди.
Сўздан сўз чиқиб Офтоб ойим Тўйбекадан сўради:
— Меҳмонлар қанақа кишилар экан, танидингми?
— Нах сиз ёш меҳмонни кўрмабсиз, дунёға келмабсиз, — деди Тўйбека ўнгу ?