ўшаларники бўлиб кетар экан! Мен бу аччиқ ҳақиқатни энди билмоқдамен. Қайси бир гуноҳимни айтайки, Салим ҳаммасини кўпайтириб, шишириб, ўзимга қарши зарбага айлантирмоқда! «Eкканингни ўрасен!» деганлари рост экан! Шахсий ҳаётда қандай гуноҳлар эккан бўлсам, энди ўғлим орқали шуларнинг ёмон оқибатларини ўрмоқдамен. Марями Замон! Менга қўшилиб сиз ҳам қилмаган гуноҳларингизнинг азобини тортмоқдасиз! Бу не кўргилик-ки, руҳим гуноҳларга тўлган танамдан безор бўлди! Шунинг учун бу беш кунлик дунёдан тезроқ кетгим келмоқда!
Рани Жодҳа Бай Акбарнинг бағрида юм-юм йиғлар:
— Суянган тоғимизсиз, бизга раҳм қилинг! — дерди. — Ҳали ҳам менга ижозат беринг. Бориб Салимни бошлаб келай!..
— Салимга рожа Рам Дасни элчи қилиб юбордим. Жавобини билайлик... Кейин!..
Акбар Дакандан қайтиши керак бўлган Абулфазлни ҳам кутмоқда эди. Ора узоқ, отда қирқ кунлик йўл, Абулфазлнинг ҳаяллашини Акбар шундан деб билар, унинг ўлдирилганини хаёлига ҳам келтирмас эди.
Лекин зилдай оғир ҳислар вужудини босиб ётар, руҳи тушкун, бўлажак мақбара режаси хаёлидан нари кетмасди.
Уйқусиз тунда ўзи қўйиладиган мақбаранинг хомаки режасини чизди-ю, эртаси куни бош меъморни маслаҳатга чақирди.
— Мавлоно, ўлим ҳақ. Эс борида этакни ёпмоқчимен. Замонлар ўзгарди. Бу обида ота- боболаримизга қўйилган мақбаралардан бошқачароқ бўлмоғи керак.
Нозиктаъб меъмор тирик одам билан унинг бўлажак қабри ҳақида гаплашишдан аввал жуда тортинди. Лекин Акбар ўз мақбарасининг баланд пештоқлари Самарқанд обидалари каби ранг- баранг бўлиши кераклигини, фақат кошинлар ўрнига рангли тошлар тарашланиб, қандай гулчин қилинишини айтгани сари, меъморни унинг ғоясидаги янгилик ўзига тортди-ю, ўнғайсизлиги тарқаб кетди.
Деҳлидаги Ҳумоюн мақбарасининг миноралари йўқ эди. Акбар ўз мақбарасининг тўрт томонига оқ мармардан тўртта баланд минора ясашни буюрди. Ҳумоюн мақбараси қурилганда Акбарга ҳаёт ҳозиргидан бехатарроқ туюлар эди. Шунинг учун Деҳлидаги обиданинг атрофи очиқ, унга бирваракай ўнлаб одамлар кириб чиқиши мумкин. Аммо янги маслак эълон қилингандан бери Акбарнинг ғоявий душманлари кўпайиб кетди, ҳатто тўнғич ўғли ўшалар томонга ўтди. Ўзи тириклигида шунчалик хуруж қилаётган ғанимлар Акбар оламдан кўз юмса, қабрини бузишдан ҳам тоймайди. Мақбарани ҳимоя қилиш осон бўлсин учун сағанага кириладиган узун мармар йўлакни фақат икки киши ўта оладиган торликда режалаштирди. У бешинчи қаватга қўйиладиган қабр тоши ёнига бисотида бор камёб Лаъл ва гавҳарларни сангфарш қилиб ўрнатиш ниятида эди. Бу нодир жавоҳирларни қўриқлаш* осон бўлиши учун юқориги ошиёнга чиқадиган тош зиналар тарҳини ҳам фақат битта одам сиғадиган даражада тор қилиб чиздирди.
Акбар ўзига мақбара қурдирмоқчи эканини эшитган Ҳамида бону ўғлининг хилватхонасига кирди-ю, унинг сағана тарҳини чизиб ўлтирганини кўриб даҳшатга келди:
— Сизга не бўлди, шоҳ ўғлим? Ҳали мен, онангиз, тирик юрибмен. Тангримга шукур, етмиш тўққизга кирдим. Сиз аввал менинг ёшимга боринг... Марями Замонга васиятнома сўзлар айтибсиз, эшитганидан бери йиғлайдир!.. Менинг ҳам дилимда ғулғула!..
— Бу ўткинчи дунёга ҳеч ким устун бўлолмас экан, онажон. Вазиятни кўриб турибсиз. Тарҳ чизишга бошқа бўш вақтим бўлгайми, йўқми, билмаймен!
Бу мақбара Акбарнинг сўнгги меъморлик асари бўлишини унинг дили сезиб турарди.
— Ниятни яхши қилинг, болам. Ахир саксон, тўқсонга борганлар йўқми? Неварангиз Хисрав ўн бешга кирди. Эндиги йил уйлантиргаймиз. Азиз кўканинг кичик қизига меҳри бор экан. Унаштириб қўяйлик. Хуррамжон ҳам ўн бирга кирди. Тўйлар қилинг, сиз ҳам менга ўхшаб эвара, чевара кўринг!
315


Баданидан эти қочиб, муштдеккина бўлиб қолган Ҳамида бегимнинг руҳи ҳали ҳам тетик, ҳассага суянмасдан гавдасини тик тутиб юрибди. Онаси неваралардан, тўйдан гапириб, ахири, Акбарнинг хаёлини оғир ўйлардан четга тортди.
Бирга туғилиб ўсган содиқ тенгдоши Азиз кўка билан қуда бўлиш Акбарга ҳам ёқимли туюлди. Дакан юришида икки йил бобосининг ёнида бўлиб, унга жуда ёқиб қолган Хисрав ва Хуррам отасидан кўра Акбарга кўпроқ ён босар эдилар. Хисравни Азиз кўканинг тўртинчи хотинидан туғилган кичик қизига унаштирган кунлари зиёфат пайтида Қиличхон Андижоний:
— Жаноби хони аъзам, — деб Азиз кўкага тегишди, — ҳазратим невара уйлантирмоқчилар. Сиз, тенгдошлари бўлатуриб, ҳали ҳам қиз чиқариб юрибсиз?
— Сал кечикканмиз-да, жаноби Қиличхон. Бўлмаса бизда ҳам олти ўғил, олти қиз, элликдан ортиқ невара бор. Ҳинд аёли жуда болажон бўлишини қирқдан ошганда билиб қолдик. Кенжа қизимиз ҳинд хотинимиздан туғилган.
— Биринчи аёлингиз эронлик эди-ку.
— Ҳа, эронлик хотиннинг тили жуда ширин, суҳбатлашиб роҳат қилурмен. Мовароуннаҳрлик хотиним ҳамманинг бошини қовуштириб, ҳукмрон бека бўлиб турадир. Ундан ўзим ҳам ҳайиқурмен!
Бу гапга Акбар ҳам кулиб юборди. Ёр-дўстлар даврасидаги ҳазил-мутойибадан, неваралари Хисрав ва Хуррамнинг беғубор, маъсум меҳридан Акбар энди сал яйраб, аввалги ғамларни хаёлидан узоқлаштира бошлаган кунларда яна бир мусибатли хабар Асадбек қиёфасига кириб эшилк тақиллатиб келди. Абулфазлнинг ўлимини Акбарга қандай айтишни билмай қолдилар. Шунда саройнинг Ҳожи Жаҳон деган энг нуроний мўйсафиди елкасига кўк фўта ташлаб, унинг ҳузурига ғамгин юз билан кирди.
— Сизга қувват берсин, ҳазратим! — деб бошлаган сўзидан ва кўк фўтадан яна бирон бахтсизлик бўлганлигини Акбар сезди. Юраги «шиғ» этиб:
— Не бўлди, мавлоно?.. — деб сўради.
— Жаноби Абулфазл... Худо раҳмати...
— Абулфазл?! Қачон? Ким айтди?!
Асадбекни Акбар ҳузурига чақирдилар. Абулфазлнинг ўлган жойида фақат танаси қолганини, бошини кесиб Оллоҳободга олиб кетганларини эшитганда Акбарнинг баданидан «лоп!» этиб олов чиқиб кетгандай бўлди:
— Ў, номардлар! — деб қичқириб юборди. — Салимга тахт керак бўлса, мени ўлдирсин эди! Абулфазлда не айб?! Ў, номардлар!..
Ўттиз йил давомида ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бирга татиган дўсти, ҳамма алғов- далғовларни бирга бошдан кечирган сафдоши энди йўқ! Акбар суянган устуни қулаган уйдай ларзага тушиб ўкириб йиғлади:
— Тилаб олган ўғлим!.. Ўзимдан чиққан бало!.. Бунга қайдан даво излайин!..
Асафхон бошлиқ уч минг сараланган навкарлар Серонж томонларга бориб, ўрмонни тит-пит қилиб, Бир Синхни излашди, аммо топишолмади. Уни Салим Оллоҳобод томонларда яшириб юрибди! деган махфий ахборот келди.
— Ўғил билан жанг қилиш тақдиримда бор экан! — деди Акбар саркардаларни машваратга йиғиб. — Икки юзта ҳарбий кема тайёр қилинсин. Оллоҳободга ҳам сув йўлидан, ҳам қуруқликдан ҳамла қилурмиз. Мингта фил, ўттиз минг отлиқ аскар икки ой ичида тахт бўлсин! Салимнинг ҳарбий кучлари бундан ҳам ортиқ эди. Акбарга қарши кўп марта исён кўтарган Жаунпур, Бихар ва бошқа шарқий вилоятлар ҳозир Салимни подшо деб тан олган, олиқ- солиқдан тушадиган олтин-кумушларни унинг Оллоҳободдаги хазинасига келтириб тўкишар, юзлаб филлар, от-уловлар ва бошқа совғаларини ҳам Салимга пешкаш қилишар эди. Шаҳзода ҳозир бойиб кетган, аскарларининг сони ҳам қирқ мингдан ошган, шунинг учун отасидан тап тортмас эди.
Ота-бола бундай катта кучларни майдонга чиқариб уруш қилса оқибати қанчалик ёмон бўлиши
316


оналарни даҳшатга келтирди. Ҳамида бону бетоб бўлиб ётиб қолди. Акбар онасини кўргани борса, Салима бегим билан Марями Замон—Жодҳа Бай қайноналарининг тўшаги ёнида ўлтирган эканлар.
— Онажон, сизга не бўлди?
— Уйқу йўқ. Оёқ-қўлдан дармон кетди. Туролмай қолдим.
— Ҳаким Мисри дармонга киритадиган даволар қилсин. Яхши бўлиб кетгайсиз.
— Шоҳ ўғлим, менга Ҳаким Мисри эмас, фақат сиз шифо бермоғингиз мумкин.
— Мен? Айтинг, қани...
— Шунча йил умр кўрганим аввало худодан бўлса, сониян сизнинг яхши фарзанд чиққанингиздандир. Лекин энди Оллоҳободга қўшин тортмоқчи эмишсиз. Шуни эшитгандан бери дилим безовта, вужудим вайрон. Ахир ўйланг: ота-бола урушида ғолиб бўлгайми? Қайси томон енгилса ҳам бизга бахтсизлик келтирмагайми? Самарқанддаги Улуғбекнинг ўз ўғли Абдуллатиф билан урушгани не оқибатга олиб келганини бир эсланг!
— Ахир бу нобакор ўғил муомалага кўнмаса не қилай, онажон? Яхшиликча ҳузуримга қайтсин, айби бўлмаса исбот қилсин, деб рожа Рам Дасни Оллоҳободга элчи қилиб юбордим. Рад жавоби олиб келди. Қирқ йил жон чекиб ягона давлат туздим, неварангиз уни иккига бўлиб парчаламоқда!.. Бегуноҳ Алломийни қасддан ўлдиртирса, қотилни яшириб юрса!.. Йўқ, мен унга жазо бермагунча тинчиёлмаймен!..
Марями Замон Акбар қаршисида чўкка тушиб, қўлларини кўксига қўйди:
— Ҳазратим, ёмон одамлар ораларингизга нифоқ солмишдир! Салим Абулфазлни ўлдиртирганига мен ишонмаймен! Салим бундай қилиши ақлимга сиғмайдир! Мана, Салима бегим ҳам айтсинлар!
Муроднинг ўлимидан сўнг сочлари оппоқ оқариб, нуроний кампирга айланиб қолган Салима бегим Акбарга юзланди:
— Мен ёлғиз ўғлимдан жудо бўлдим. Бошимга оғир кун тушганда Марями Замон туғушган синглимдай ёнимда турди. Шаҳзода Салим ҳам «мен сизга ўғил эмасменми?» — деб неча марта дилимга таскин берди. Раҳматли катта момомиз Моҳим бегим ўгайлик балосидан мудом баланд турар эканлар. Ҳиндол мирзони ўз ўғилларидай тарбия қилган эканлар. Ҳазрат онангиз ҳам бизни ўша улуғ момодан ибрат олиб, иноқ бўлишга ўргатдилар. Мен ҳам шаҳзода Салимга меҳр қўйганмен, шеър ўргатганмен, уни ўз ўғлимдан зиёд парвариш қилганмен!
— Бу рост! — деди Марями Замон. — Шайх Бобо* ҳам бегимни мендан зиёд ҳурмат қилур.
— Шунинг учун, — деб Салима бегим Акбарга қараб давом этди, — агар ваколат берсангиз, мен Оллоҳободга элчиликка борай. Аминменки, Абулфазлнинг ўлимида шаҳзода Салимнинг иштироки йўқ. Ота-болани уруштиришдан манфаатдор бўлган қора кучларнинг туҳмати бу! Акбарнинг ўзи ҳам бунинг туҳмат бўлишини жуда истарди, ўшанда унинг бир алами икки бўлмасди.
Ўғли ўйланиб қолганини кўрган Ҳамида бегим Салимага ён боса бошлади:
— Бир вақтлар раҳматли Хонзода бегим Аградан Лахўрга элчи бўлиб бориб, оға-ини урушини бартараф қилган эди. Салима ҳам ҳозир ўша доно кайвонининг ёшида. Ўзи ҳам йил сайин Хонзода бегимга ўхшаб бормоқда. Кечиримли бўлинг, шоҳ ўғлим. Бобур бобонгиз — «улуғлар кўтаримлик бўлғай» деб бежиз айтмаганлар!
Оллоҳобод Жамна билан Ганга қуйиладиган жойда, Аградан отда салкам бир ойлик йўл. Салима бегим шаҳзодани ўгай кўрмай, шундай узоқ сафарни ва мушкул элчиликни зиммасига олмоқчи экани Акбарга катта бир фидойилик бўлиб кўринди. Онасининг беморлиги-ю Марями Замоннинг дардларига ҳам даво шу эканини Акбар сезди. У Салима бегимга уч юз кишилик қўриқчи аскар ва бошқа ҳамма керакли нарсаларни бериб Оллоҳободга жўнатди.
Орадан уч ойлар ўтди, савр ойи кириб, ҳинд иссиқлари авжига чиқа бошлаган кунларда Оллоҳободдан хушхабар келди. Катта амир-у саркардалар бориб кўндиролмаган шаҳзодани Салима бегим Аграга отаси билан ярашишга кўндириб, олиб келмоқда эди. Келини даҳшатли
317


уруш хавфини бартараф қилганидан суюнган Ҳамида бегимнинг беморлиги ҳам эсидан чиқиб кетди. У келини ва надималарини ёнига олиб, Аградан маҳофада пешвоз чиқди-да, Салима бегимни шаҳардан ўн мил нарида кутиб олди.
Шаҳзода Салим отасига атаб саккиз юзта фил, бир карвон туяга юк бўладиган олтин ва турли совғалар олиб келди. Ўғлининг бош эгиб таъзим қилганидан ва катта совғалар келтирганидан кўнгли ийиган Акбар уни бағрига босиб кўришди. Лаъл ва гавҳар қадалган қимматбаҳо саллаларидан бирини Салимнинг бошига кийдирди. Ярашишнинг охири тўйга уланиб кетди — Салимнинг тўнғич ўғли Хисравни Азиз кўканинг қизига уйлантирдилар.
Ота-бола урушининг олдини олган оналар ва бошқа хайрихоҳлар, Абулфазлнинг ўлимида фақат Бир Синх айбдор, деб Акбарни ишонтирган бўлсалар ҳам, лекин дилининг бир четида тошдай тугун ҳамон ечилмай турар эди. Акбар тасвирхонага Салим билан бирга кирган куни унга Абулфазлнинг суратини кўрсатди. Икки қўлида иккита китобни ушлаб турган Абулфазлнинг кўзлари тўла нур, лаблари қатида неклик, у ҳамон тирикдек ва ҳозир гапириб юборадигандек кўринди.
Шу пайтда унинг қонли салласига ўралган кесик калласи, қилич теккан пешонаси Салимнинг кўзига қайта кўриниб кетди. Суратдаги Абулфазл қоғоз юзидан туриб келиб, шаҳзоданинг ёқасидан оладигандек ва уни Акбарга тутиб берадигандек туюлди. Салимнинг ранги ердай ўнгиб:
— Йўқ, йўқ, Бир Синх ўзи қилган бу ишни! — деб юборди.
— Ундоқ бўлса... нечун Бир Синхни Оллоҳободда яшириб юрган эмишсиз?
— Бир Синх Меварга қочиб кетмишдир! Кўрган одамлар айтди: тоғларда сизга қарши исён кўтарган Амар Синх уни ўз паноҳига олмишдир.
— Лекин сизнинг Бир Синх билан тил бириктирганингиз ҳақидаги овозалар ҳали ҳам босилгани йўқ. Агар бу чиндан туҳмат бўлса, фош қилмоғингиз керак. Неча минг қўшин керак бўлса берай, Мевардаги исёнчиларга қўшилган Бир Синхни тутиб келинг.
Отаси Абулфазлни унутолмаслигини, унинг руҳи ва хотираси ҳамиша ораларига ихтилоф солишини Салим жуда оғриниб ҳис қилди. Отаси учун Салим Оллоҳободдан келиб узр сўрагани етарли эмас эканми? Энди яна Мевар тоғларига қўшин тортиб бориб, Абулфазлнинг қотилини тутиб келиши қолганмиди? Лекин у дилидан ўтган бу норозиликни отасидан яширди. Тил учида:
— Фармонингиз бош устига! — деб таъзим қилди: — Фақат ижозат берсангиз, аввал бир Оллоҳободга борсам. Асосий кучларим ўша ёқда қолган. Ҳаммасини йиғиб келсам-у кейин Меварга қўшин тортсам...
Акбар бунга ижозат берди. Салим Оллоҳободга бориб олгандан кейин Мевар юришидан бош тортди. Ҳозир унинг ўз саройи ва катта қўшини бор эди. Кимки Акбар билан чиқишолмаса Оллоҳободга бориб Салимдан паноҳ топарди. Орадан кўп ўтмай Салимнинг тарафдорлари Оллоҳободдаги масжиди жомеда хутбадан Акбарнинг номини олиб ташладилар.
Шайх Рукниддин Салимнинг номини хутбага қўшиб ўқигани оғиздан оғизга ўтиб, Акбарнинг қулоғига ҳам етиб келди.
______________
* Кейинчалик Акбар қабри ёнидаги бу нодир жавоҳирларни инглиз мустамлакачилари пичоқ билан кўчириб олиб кетадилар. * Ш а й х Б о б о — шаҳзода Салимнинг уйда айтиладиган номи.
***
Ота ва ўғил низоси кун сайин улканлашиб, гўё баланд бир тоғга айланиб кетди.
Акбарнинг жизяни бекор қилгани, турли эътиқодларни баробарлаштиргани, қирқ йил давомида жорий этган бошқа ислоҳотлари жуда кўп диндор-у амалдорларни аввалги имтиёзларидан
318


маҳрум этган эди. Уларнинг назарида, Акбарнинг янгича сиёсати тоғнинг кунгай томони каби жазирама, нам турмайдиган, ўрмон ўсмайдиган сувсиз чағат бўлиб кўринарди. Мулла- имомларнинг эски имтиёзларини тиклаётган Салим эса гўё тоғнинг ёмғир кўп ёғадиган кўкаламзор, серсув терскай томони бўлиб туюларди. Шунинг учун улар Салим томонга ёпирилиб ўтиб борар эдилар. Тарафдорлари кун сайин кўпайиб кетаётганидан дадилланган салим ўз номига олтин тангалар зарб эттиришга тушди. Бу тангалардан дини илоҳийнинг тимсоли бўлган «Аллоҳу Акбар» иборасини олдириб ташлади. Унинг ўрнига Акбардан олдинги даврда олтин тангаларга зарб этиладиган калимаи шаҳодатни қайта ёздирди. Савдогарлар билан бирга бутун мамлакатга тарқаётган бу тангалар эски мусулмонободни қўмсаб юрган Акбарнинг ғанимларини жонлантириб юборди. Агар қўйиб берилса, Оллоҳободдаги жунбиш Панжоб-у Гужаратга, Кобул-у Сингда ҳам тарқаши муқаррар эди.
Акбар бу фалокатнинг олдини олиш учун бултур тўхтатилган Оллоҳобод юришини қайта бошлашга мажбур бўлди. Банголадан қайтган Ман Синх ва Дакандан чақирилган Абдураҳим хони хонон қирқ минг отлиқ аскар, беш минг филни қуруқликдан шарққа томон бошлаб кетдилар. Акбарнинг ўзи Жамнада саф тортиб турган икки юз ҳарбий кема билан борадиган бўлди. Одатга биноан, узоқ юришга кетишдан олдин онасидан оқ фотиҳа олиш учун Ҳамида бегим турадиган кўшкка йўл олди.
Салима бегимнинг элчилиги ота-бола урушини фақат бир йилгина орқага сурганини, орадаги ихтилофнинг илдизлари жуда чуқур эканини, Акбар Оллоҳобод исёнини бартараф қилмай туролмаслигини энди онаси ва хотинлари ҳам тушуниб қолишган, уни қайтаришга кучлари етмас, фақат куйиниб йиғлашар эди. Ҳамида бегим яна хасталаниб қолган, Акбар кирганда орқасига ёстиқ қўйиб, деворга мажолсиз суяниб ўлтирар эди. У ўғлини кўпроқ ёнида тутиб тургиси келиб, узоқ хотираларга берилди, Жамна бўйларида қандай чавгон ўйнагани, Тар саҳросида қанча вақт саргардон бўлгани, Қазвин-у Кобул, Бҳира-ю Кашмир — ҳаммасини тўхтаб-тўхтаб, бирма-бир эслаб чиқди.
— Шоҳ ўғлим, бобурийлар хонадонидан энг кексаси — фақат мен қолдим, — деди. — гулбадан бегим бултур яраш-яраш бўлган фараҳли кунларда оламдан ўтганига ҳозир менинг ҳавасим келур... Саксонга кирганда умримнинг энг тахир даври бошлангай, деб ҳеч ўйламаган эдим, Болажоним!..
Ҳамида бегим кўз ёшини оқ дока рўмолининг учи билан секин артиб қўйди.
— Насиб қилса, бу тахир кунлар ҳам ўтгай, онажон! Яна фараҳли дамларга етгаймиз...
— Акбаржон, бутун умр мен сизга омад тиладим, мағлубиятингизни кўрмайин, дедим! Илоҳим, ота-бола икковларинг ҳам кетимда қолинглар, доғларингни кўргилик қилмасин! Шу гал кўнглим жуда безовта!..
Акбар онаси билан қучоқлашиб хайрлашар экан:
— Кўп хавотир бўлманг, ҳали яна кўришгаймиз!— деди.
У туғилгандан бери бор бўлган онаси ҳеч қачон ўлмайдигандек, абадий собит турадигандек туюларди. Лекин Акбар кемага тушиб, Оллоҳобод томонга икки кун сузар-сузмас шум хабар уни қувиб етди. Қуруқлик йўлдан шошилиб келган чопар Акбарга Салима бегимнинг мактубини тутқазди:
«Ҳазрат онамлар изтироб чека-чека беҳол бўлиб йиқилдилар. Охирги айтган сўзлари Сизнинг номингиз бўлди. Кечадан бери тилдан қолдилар. Фақат кўзлари очиқ, атрофга термулиб сизни излайдилар. Ҳазратим, жон беролмай қийналаётган улуғ онангиз ҳурмати, тезроқ етиб келинг.
Завжангиз Салима бегим!»
Акбар дарҳол кемадан тушиб отланди-ю. Аграга қайтди. Ўша заҳоти Рани Жодҳа Бай Оллоҳободдаги Салимга мактуб йўллади:
319


«Ҳазрат отангиз, ҳарбий юришни тўхтатиб, Аграга қайтдилар. Мен Сизга берган оқ сутимга рози бўлишимни истасангиз, сиз ҳам улуғ бувингиз билан видолашиш учун тез Аграга келинг. Бу ўткинчи дунёда яхши от қолдиринг, жоним болам! Ёш тўла кўзлар билан йўлингизга нигоронмен.
Онангиз Рани Жодҳа Бай».
Акбар ярим кечада саройга етиб, Ҳамида бегим ётган хонага кирди. Ранги қонсиз, кўзлари юмуқ онасининг ёнида чўккалаб, унинг озғин танасини чойшаб билан бирга қучди-да:
— Онажон! — деб секин чақирди.
Ёлғиз ўғлининг овози Ҳамида бегимни гўё нариги дунёдан қайтариб олиб келгандай бўлди. Кўзини мажолсиз очди-ю, тепасида Акбар турганини кўрди. Шунда хира кўзлари нурга тўлиб бир ёришди, аммо тили гапга келмади. Акбарни тирик кўргани она учун сўнгги тасалли бўлди. Илҳақлик тутиб турган жон энди узилди-ю, очиқ кўзлар тез сўна бошлади.
Оллоҳободдаги Салим ҳам уруш ҳаракатларини тўхтатиб, бувисини дафн қилишга келаётгани атроф вилоятларга маълум бўлди. Ҳатто ўз ўлими билан фалокат урушнинг олдини олган Ҳамида бегимга бутун мамлакат аза тутди. Унинг тобутини Аградан Деҳлигача юз минглаб одамлар кузатиб қўйдилар. Бегимнинг жасади ўзи қурдирган Мирзо Ҳумоюн мақбарасининг ўнг қанотига дафн этилди. Одатга биноан, унинг қабри устига қўйилган мармар тош юзасига тўрт қиррали мўтабар белги тарашланди. Бу белги Ҳамида бонунинг тўрт фарзанд кўрган она эканини билдирар эди.
Оллоҳобод узоқ бўлгани учун, Салим орадан ўн беш кунлар ўтгандан сўнг Деҳлига етиб борди. Ҳиндистон одатига биноан мотамсаро оқ кийим кийиб, бобоси ва бувисининг мақбарасини зиёрат қилди. Сўнг Ҳамида бегимнинг Аграда ўтказилаётган «йигирма»сига йўл олди. Салимнинг қўшинсиз келгани Акбарга яхшилик аломати бўлиб туюлди. «Йигирма»га келганлар тарқагач, у ўғлини хонайи хосига таклиф қилди-ю, қаршисига ўтқазди.
— Хайриятки бу гал дилингизда меҳр-у оқибат ғолиб келибдир, — деди. — Онам раҳматли ўз ўлими билан аввало, сизнинг истиқболингизни қутқарди, амирзода!
Салим кинояли илжайди:
— Ҳазратим, нечун фақат мени?.. Сиз умр бўйи худди афсонавий Рустами достон каби мағлубият кўрмай келмоқдасиз... Агар Рустамнинг шундай халоскор онаси бўлганда, эҳтимол, ўғли Суҳроб ҳам уни енголмаган бўларди!..
Акбар ўғлининг нима демоқчилигини тушунди-ю, овозини таҳдидли пасайтириб сўради:
— Э, ҳали сиз Суҳроб бўлиб мени енгишингизга ишонганмидингиз? Наҳотки сиз билан Суҳробнинг орасида қанчалик катта фарқ борлигини билмайсиз? Суҳроб умр бўйи отасини кўрмай ўсган, уни танимай, билмай ҳалол олишган! Аммо отасининг эркаси бўлиб, кўзининг ёғини еб ўсган шаҳзодалар кўра-била туриб падаркушлик қилганда олти ойдан ортиқ подшо бўлолмаслигини тарих қайта-қайта исбот этган-ку! Энг охирги далил — отасига қарши тажовузлар қилган туронлик Абдумўмин ҳам Абдуллахондан кейин олти ой подшолик қилар- қилмас боши кесилганини эшитганмисиз?
— Эшитганмен, кўп оташин бўлманг, ҳазратим! Отага қарши қилич кўтарган ўғилнинг давлати узоққа бормаслигига мен ҳам энди аминмен.* Шунинг учун, мана, қўшинсиз, қуролсиз, бош эгиб ҳузурингизга келдим.
— Хўш, қани, тилагингиз недур?
— Ҳазрат отажон, мен ҳам ўттиз бешга кирдим. Ўғлим Хисрав фарзанд кўрди, мен энди неварали, сиз чеварали бўлдингиз. Мамлакат жуда улкан бўлиб кетди, уни бошқариш сизга ҳам қийин. Бу борада Шоҳруҳ мирзо билан ўғли Улуғбекнинг тажрибалари бизга мос келмоғи мумкин. Ота Ҳиротда, ўғил Самарқандда бўлгани каби сиз Аграда бош бўлиб турсангиз, фақир
320


Оллоҳободда шарқий вилоятларни идора этсам...
— Демак, сиз Мирзо Улуғбекдек мустақил подшо бўлмоқчисиз! Аммо ёшингиз шунчага кириб, неварали бўлиб, Улуғбек қилган буюк ишларнинг қайси бирини қилдингиз? Расадхона-ю мадрасалар қурдингизми? «Зичи Кўрагоний»дек кашфиётлар қилдингизми? Оллоҳободда сиз ўзингизга сарой қилиб олган қирқ устунлик улуғвор қасрни ҳам биз қурдирганмиз! Сиз тайёрига айёр бўлиб, кайф-у сафо қилиб юрибсиз!
Акбар ўз дилида йиллар давомида ўғлига қарши тўпланиб юрган дард-у аламларни бирваракай тўкиб солди.
— Агар сиз менга тўғаноқ бўлмаганингизда, фарангиларни жанубдаги Гоа-ю Дамандан аллақачон қувиб юборган бўлардим! Улар бизнинг ички низоларимиздан фойдаланиб энди Банголанинг жанубида ҳам пайдо бўлишди. Хугла деган бандарни ўзлариники қилиб олишди. Агар сиз менга ёрдам берганингизда, Турондаги хайрихоҳларимизнинг истиқболи ҳам бошқача бўларди! Биз бу ерда ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолганимиз учун қаёқдаги аштархонийлар Бухоро-ю Самарқанд тахтини аллақачон эгаллаб олдилар. Шунча ёмонлик қилганингиз озмидики, мана бу тангалардан менинг номимни олиб ташлабсиз!
Акбар зарбоф кўрпача тагидан бир сиқим олтин тангани олиб ўғлининг устига сочиб юборди: — Мен эллик йил жон чекиб, амалга оширган нек ишларни наҳотки тилаб олган ўғлим шунчалик ноинсофларча барбод қилса?! Яна бунинг устига Абулфазлдек энг суянган дўстимнинг бошига етса?!
Салим сўнгги гапдан дир-дир титрай бошлади. Акбар унинг гуноҳкорлигини шундан ҳам сезди- да, қаттиқ қарсак чалди. Эшик ортида турган иккита девқомат йигит тез кириб келишди.
— Олинг буни! — деб Акбар йигитларга буюрди: — Ғуслхонага элтиб ҳибс қилинг! Жазосини тортсин!
Танаси латтадай бўшашиб қолган Салимни хизматкорлар икки қўлтиғидан олишди, қасрнинг бир четидаги ғуслхонага олиб бориб, қамаб қўйишди.
Подшоҳ оиласининг чўмиладиган жойи бўлган ғуслхонанинг ичи нам, деразаси йўқ. Деворлари мармардан, оёқ остиларига рангли тошларни чиройли қилиб териб сангфарш қилишган. Дам оладиган хонасига хушбўй атирлар сепилган, гулдор гилам ва кимхоб кўрпачалар тўшалган. Лекин ҳозир ёмғир фасли, бунинг устига ғуслхона ўзи нам, ҳамма нарса зах тортиб қолган. Сочиқларнинг ҳўли қуримаган. Одамлар баданларининг кирларини ювган шу жойда кеча-ю кундуз қамалиб ўлтириш таъби нозик шаҳзода учун чидаб бўлмас қийноққа айланиб кетди. Акбар ичкарига ҳеч кимни, ҳатто оналарни ҳам киритмасликни, сув-нондан бошқа ҳеч нарса бермасликни буюрди. Соқчилар бу буйруқни қаттиқ туриб бажара бошлашди.
Мудом сархил овқатлар ейдиган, ҳар куни кечки пайт хушбўй чоғир ичиб турадиган, икки-уч кунда бир афюн қўшилган маъжун еб, кайф қилишга ўрганган Салим тўққиз кун нон-сув билан зах ғуслхонада ўлтиргач, баданлари тиришиб, ўладиган ҳолатга келди. Эшикларни тақиллатиб дод солди:
— Мен касалмен! Очинг! Чоғир беринг! Бас! Бўшатинг мени! Бўшатинг!
Ўғлини кўришга келган, лекин ичкарига киролмаётган Рани Жодҳа Бай йиғлаб гапирди:
— Мен не қилай, болам? Отангиз қаҳридан тушмаяптилар!
— Мени Муродга ўхшатиб ўлдирмоқчимилар?! Баданим тиришиб қоляпти! Чоғир берсинлар, бир хумордан чиқай! Бўлмаса ўламен!
Марями Замон Акбарнинг олдига борди:
— Шафқат қилинг! Мени ҳам фарзанд доғига гирифтор этманг!
— Қўрқманг, Марями Замон. Чоғир сўраган бўлса ҳали дами баланд. Ётсин ўша жойда! Тавбасига таянсин!
Ўнинчи куни Салим яна эшикни тақиллатиб дод сола бошлади. Гоҳ афюнни кўп еб, остонага бош қўйганича абадий уйқуга кетган биринчи хотини Ман Бай, гоҳ Абулфазлнинг кесилган боши унинг кўзига кўриниб кетарди. Ғуслхонада қандайдир даҳшатли шарпалар уни қувиб
321


юргандай бўларди. У жинниларча бақириб, ҳўнграб йиғлади:
— Бўшатинглар мени! Кўзимга арвоҳлар кўринмоқда! Жинни бўлишимни истайсенларми?! Очинглар!
Бу гал ёпиқ эшикнинг олдига Жодҳа Бай билан бирга Салима бегим ҳам келди.
— Мен бир бор элчи бўлиб орага тушган эдим, болам! — деди Салима бегим. — Саркашлик қилдингиз! Нечун чоғир сўрайсиз? Шафоат сўранг! Бир оғиз «тавба қилдим» денг!
Ҳолдан тойган Салим заиф товуш билан:
— Хўп, онажонлар, менга шафе бўлинглар!.. — деди. — Мени отамнинг олдига олиб борсинлар!.. Афв сўрай!..
Салим ўн кунлик ҳибс давомида уч-тўрт ой касал ётган одамдай рангини олдирган, кўзлари ичига ботган, оёқлари каловланиб зўрға қадам ташлар эди. Икки она икки ёнида, уни отаси олдига олиб бордилар.
— Тавба қилдим! — деди Салим тиз чўкиб.
Акбар дармони кетиб қолган ўғлини қаршисига, оналарни икки ёнига ўтқазди.
— ўн кун ғуслхона — сизнинг тоғдай гуноҳларингиз ўтрусида зиғирдай кичик бир жазо холос, — деди Салимга. — Ўз оёғингиз билан келганингиз учун сизни аядим, оналарингизнинг юзидан ўта олмадим... Ёмонликнинг жазоси ҳаётдан қайтса ана у ёмон бўлғай! Заҳҳоки Морон деган афсона ёдингиздами? Ёмонликни кўп қилгани учун Заҳҳокнинг икки елкасидан иккита илон ўсиб чиқмишдир. Ана шундай илонлар ҳар қандай подшонинг ҳам елкасида ин қўйишга ишқибоздир. Бу илонларнинг бири золимлик, бири — бидъат-у хурофот. Бири тахтпарастлик, бири— худпарастлик! Мен ўз елкамдан бош кўтармоқчи бўлган бу илонларни йўқ қилдим, деб ўйлаган эдим. Кейин қарасам, бу илонлар сизнинг елкангизга ўрмалаб чиқмоқда. Ахир бу илонлар мудом қурбон талаб қилур! Суюкли ёрингиз Шоҳ бегим, менинг дўстим Абулфазл ана шу илонларнинг қурбони бўлмадими? Шу кетишда бу илонлар ахийри ўзингизнинг ҳам бошингизга етмагайми?!
Сўнгги гаплар ғуслхонада Салимнинг кўзига кўринган даҳшатли шарпаларни ёдига солди-ю, сескантириб юборди:
— Инонинг, ҳазратим, мен энди ўз номимга хутба ҳам ўқитмагаймен, пул ҳам зарб этмагаймен. Елкамдан ўсиб чиқмоқчи бўлган илонларнинг бошини кесгаймен!
— Илоҳим шу ниятингизга етинг, ўғлим! Бу илонлардан ҳали мен ўзим ҳам қутулган эмасмен. Тож-у тахт, мутлақ ҳокимият бор жойда улар ҳамиша бўлур эканлар. Яхши бўлишни истасанг, умр бўйи бу илонлар билан олишиб яшашга мажбур экансен. Лекин дунёда яхши ном қолдиролмасанг, яшашнинг не қизиғи бор? Бобур бобомизнинг туркий сатрлари ёдингиздами? «Бори элга яхшилик қилғилки, бундин яхши йўқ, то дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилик».
— Мен бу ғазални бошданоёқ ёд билурмен!— деди Салим.
— Агар ёд билсангиз энди унга амал қилинг! Ахир авлодлар алмашганда алғов-далғов бўлиши, оталар билан болалар орасида низо чиқиши тарихда кўп учрайдиган ҳодиса. Аммо бизнинг Бобур бобомиз билан отамиз шу фалокатдан юқори турган улуғ сиймолар эди. Улардаги меҳр-у оқибат, авлодларнинг бир-бирига фидойилиги — беҳад ноёб бир гавҳар экан. Энди сиз билан мен шу гавҳарни йўқотиб қўймайлик, ўғлим! Гавҳар ҳаёт уммонига қайтадан тушиб кетса, кейин уни топиб бўлмагай. Ана ундан сўнг менга қилган оқибатсизлигингиз ўғилларингиздан ўн ҳисса кўпайиб қайтгай. Охирида бу иллат уларни падаркушликкача олиб боргай! Зинҳор, минг зинҳор буни унутманг!
Акбарнинг сўнгги сўзлари Салимга васиятдек эшитилди-ю, кўзларини жиққа ёш қилди. Ўғлининг дили юмшаб инсофга келиб турган шу дамда рани Жодха Бай унинг отасига чин ихлосманд, балки маънавий ворис бўлишига умид қилди. Акбардан сўзлашга рухсат олди-ю, Салимга юзланди:
— Шайх Бобо, гавҳар йўқолмасин учун уни олтин узукнинг кўзида асрайдилар. Фарзандлик
322


оқибати гавҳар бўлса, уни ўз бағрида асрайдиган олтин — имон-у эътиқоддир. Жаннатмакон бобонгиз Ҳумоюн ҳазратлари ўз оталарига дилдан маслакдош бўлганлари учун шу қадар оқибат кўргазганлар. Сиз ҳам имон-у эътиқодда ҳазрат отангизнинг содиқ маслакдоши бўлмоғингиз керак!
Бу сўзлар Салимга отаси кашф қилган дини илоҳийни эслатди-ю, бирдан вужудини сергаклантирди.
— Ҳазрат отажон, тепамизда Худо турибдир. Ростини айтай. Олтин ашрафийларга калимайи шаҳодатни қайта зарб эттирганимдан ранжидингиз. Бироқ мен сизни ҳам Аллоҳ таолонинг қаҳридан сақлаш ниятида шундай қилдим. Ахир калимайи шаҳодат «Худо биттадир. Аллоҳдан бошқа илоҳа йўқдир» деган маънони билдирадир-ку. Биз бошқа динлар, бошқа худоларни тан олсак, Аллоҳнинг иродасига қарши борган бўлмаймизми?
— Йўқ! Чунки мен олтин ашрафийларимга «Аллоҳу акбар» иборасини зарб эттирганмен. Дини илоҳий «Аллоҳ улуғдир» деган шу эътиқодга асосланмишдир. Манфаатпараст уламолар-у, золим ҳукмдорлар калимайи шаҳодатни тор маҳаллий маънода талқин қилиб, диний босқинчиликларга йўл очиб бермишлар. Улар «Аллоҳдан бошқа илоҳа йўқ» деган иборани «Бошқа халқларнинг илоҳалари қалбаки, динлари ёлғон, шунинг учун биз ғайридинларни қул қилишга ҳақлимиз, улардан жизя солиғи олиб бойишимиз керак!» деган маънода тушунтириб, баднафс тамагирларни рағбатлантирди. Бундай зўравонликлар ислом оламини бошқа халқларга ёмон кўрсатди, унинг дунёдаги мавқейини пасайтирди.
— Лекин бошқа динлар исломни тан олмаса, биз улар билан нечук иноқлашгаймиз, ҳазрат отажон?
— Исломни тан олмаса, Худони тан олгай-ку. Ахир Худо демаган бирор дин борми? Қочган ҳам Худо дейдир, қувган ҳам! Худо битта, фақат турли қавмлар уни турли номлар билан атайдилар, унга турфа сифатлар берурлар. Бу хилма-хиллик — муқаддас юксакликка олиб борувчи йўлларнинг бир-бирига ўхшамаслигидан далолат берур. Аммо инсон зотининг энг муқаддас туйғулари ахир оқибатда юксак бир ҳақиқат меҳварига йиғилгусидир. Мен бунга имон келтирурмен, чунки барча эллар бир қуёш остида, битта заминда яшамоқдалар. Инсоният улғайган сари имон-у эътиқод йўллари тобора баланд кўтарилиб бормоқда. Мен сизга тоғ ёнбағрларининг бир чўққи устида бирлашиб кетишини аввал ҳам мисол қилиб айтган эдим. Ўшал чўққини сиз ҳам ҳозир тасаввур кўзи билан кўрсангиз бўлур. Қарама-қарши томонлардан тоққа қадам қўйган турли дин вакиллари бир-бирларини кўрмаган-билмаган пайтларда ҳар қанча ёвлашган бўлсалар ҳам, энг баланд илоҳий нуқтага чиққанларида кўзлаган мақсадлари- ю, интилган манзиллари ягона эканига амин бўлурлар. Муқаддас туйғуларимиз олий юксакликда бир-бирига туташганда биз ҳаммамиз одамзоднинг тақдири ҳам, парвардигори ҳам ягона эканига ишонгаймиз. Ўшанда айтурмиз: «дунёда биздан бошқа инсоният йўқдир, ягона парвардигордан бошқа илоҳа йўқдир». «Ло илоҳо иллоллоҳу»ни мана шундай умуминсоний миқёсда тушунсангиз дини илоҳий дилингизга йўл топгай, ўғлим!
Салим бир лаҳза отасининг мантиқ кучига тан бериб, унинг ҳақлигига имон келтиришга чоғланди... Аммо бирдан Фарид Бухорий каби эски мусулмонобод тарафдорлари эсига тушди. Улар минг-минг, ҳаммаси Салимдан нажот кутади, унга умид кўзини тикади. Наҳотки Салим бирдан шунча одамни ноумид қилиб, имон-у эътиқодини ўзгартирса? «Бунинг оқибати ёмон бўлғай» деди унга ички бир овоз.
Салим отаси олдида мажолсиз бош эгди-ю:
— Ҳазратим. Сиз айтган олий юксакликка кўтарилиш бугундан бошлаб менинг эзгу-нийятимга айлангай. Аммо ҳозир ҳибсдан кейинги дармонсизлик туфайлими... дилим алланарсадан хавотир бўлмоқда...
Акбар хотинларига қаради.
— Нелар сизни хавотир қилмоқда, болам? — деб Салима бегим Салимга меҳрибон кўзларини тикди: — Биз сизнинг хавотирингизга ҳам шерикмиз. Дилингиздаги ғуборни ота-она меҳри
323


билан ювсангиз енгил тортгайсиз... Очиқ сўзланг!
— Рост, сизларнинг меҳрингиз менга шифодир... Хавотирим шулки, — деб Салим Фарид Бухорийнинг Кобулда айтган сўзларини эслади: — Дунёда ғайридинлар биздан кўпроқдир. Динлар қўшилса ислом суюлиб, мавқейимиз пасайиб кетмагайми? Биз ғайридинлар уммонида ўзлигимизни қандай сақлагаймиз?
Акбар оғир тин олди-ю, Салима бегимга «жавоб беринг!» дегандек ишора қилди.
— Амирзодам, ҳазрат отангиз дини илоҳийни эълон қилганларига йигирма йилдан ошди. Шундан бери мавқейимиз пасайдими, ёки кўтарилдими?
Салим ўйлаб туриб:
— Кўтарилди, — дейишга мажбур бўлди.
— Чиндан ҳам, сўнгги йигирма йиллик кўтарилиш Ҳиндистон тарихида минг йилда бир учрайдиган улкан ҳодиса бўди, — деди Салима бегим. У тарих китобларини кўп ўқиган, элчилик ҳам қилган. Қалами ўткир шоира бўлганлиги учун Абулфазл вафот этганидан бери ёзув-чизув ишларида, чет эллардан олинадиган баъзи нозик мактубларга жавоб ёзишда Акбарга кўмаклашади. У Акбардан ижозат сўраб, Салимга Англия, Испания, Франсия ва Хитой элчилари олиб келган мактублардан баъзи жойларини айтиб берди: — Қаранг, амирзодам, шарқ-у ғарбнинг шундай обрўли давлатлари ҳазрат отангизни ислом оламининг бугунги энг улуғ подшоси деб тан олмоқдалар. «Сулҳи кулл» сиёсатини катта маънавий жасорат деб атамоқдалар. Отангиз амалга оширган ислоҳотлар ислом оламининг жаҳон миқёсидаги обрўсини оширмоқда, мусулмон давлатлари янги юксалишларга, янгиланишларга қодир эканини кўрсатмоқда. Бундай буюк юксалиш-у янгиланишлар Соҳибқирон Амир Темур давридан буён энди содир бўлмоқда. Энг истеъдодли мусаввирлар ҳазрат отангизни бобокалонингиз Амир Темур суратига ёнма-ён қўйиб тасвир этганларини сиз ҳам кўргансиз. Дунёда ҳозир учта энг қудратли давлат бўлса, бири Ҳиндистондир. Буни шарқда Хитойдан тортиб, ғарбдаги Фарангистонгача барчаси тан олмоқда. Шундай бўлгач, нечун биз ғайридинлар уммонида ўзлигимизни сақлай олмас эканмиз? Аксинча, отангиз барпо этган улуғ давлат бу уммонда ўзлигимизни янада маҳкам сақлашга имкон бермайдими?
Салима бегим шоирона бир эҳтирос билан сўзлаган сари, Рани Жодха Бай унга маҳлиё бўлиб тикилар, унинг назарида Салим ҳозироқ отасининг оёғига тиз чўкиб, Дини илоҳийни қабул қиладигандек бўлар, шундан кейин Акбар уни валиаҳд деб эълон қилса, ҳаммалари мурод мақсадларига етарди. Чунки Салимнинг ҳам энг катта мақсади — валиаҳд бўлиш эди. Бироқ Салим ўз дилига ҳали астойдил ўрнашмаган янги эътиқодни хушомад тарзида носамимий қабул қилишни ўзига ҳам, отасига ҳам муносиб кўрмасди. У икки ўт орасида қолгандек мушкул аҳволга тушди, юзи бўғриқиб, ёноқларида, ҳатто бўйнида тер томчилари йилтиради... Ўғлининг лаблари қақ