КАСҲМИР, ЛАХЎР, АГРА СЎНГГИ ҚАДАМЛАР
Бир-бирига туташиб кетган ўнг иккита зилол кўлнинг ойнадай тиниқ сатҳида қорли Ҳимолай тоғлари, арчазор ва қарағайзор ёнбағирлар, қирғоқ яқинидаги мирзатераклар, чинорлар, санобар дарахтлари беҳад кўпайиб акс этади. Анвойи гулшодалар билан безатилган кемалар карвони Дал* кўлидан Гулор ва Дегин кўлига сузиб ўтар экан, улар қўзғатган тўлқинлар қирғоқ яқинида очилиб турган минглаб нилуфарларни шўх-шўх тебратиб қўяди. Кеманинг пастки қисмида Акбар даврининг энг машҳур созандаси Тансен бошлиқ машшоқлар Кашмир табиатининг кўркига мос тушадиган гўзал ва нафис куйлар чалиб бормоқдалар. Кеманинг шийпонга ўхшаш болохонаси толорида Акбар, унинг онаси Ҳамида бону ва аммаси Гулбадан бегим юмшоқ зарбоф курсиларда ўлтириб, атрофни томоша қилмоқдалар. Орқадаги кемалардан бирида Жодҳа Бай невараси Хисрав ва надималари билан сузиб келмоқда. Салима бегим ҳам келинли, неварали бўлган. Шаҳзода Мурод Азиз кўканинг қизига уйланиб, ўғил кўрди, отини Рустам қўйдилар. Учинчи кемада Салима бегим Рустамни қўлидан етаклаб, Кашмир тоғларини кўрсатмоқда.
— Ана у — Забарван тоғи.
— У-чи? — деб беш яшар Рустам иккинчи томондаги тоғни кўрсатади.
— Хари Парват тоғи, — деб тушунтирди Салима бегим, — бу тоғнинг устидаги қалъани ҳазрат бобонгиз қурдирмишлар.
— Ана у недир? — деб бола қирғоқдаги боғни кўрсатади.
— Бу — Насимбоғ. Ичида фавворалари бор. Уни ҳам ҳазрат бобонгиз бино қилдирганлар. Кашмирнинг кўлларида юзлаб катта-кичик кемалар сузиб юрибди. Улардан ҳам кўпроқ кемалар
301


қирғоқларда лангар ташлаб турибди. Кўл суви осойишта, ҳаво илиқ ва майин. Йил бўйи кемаларда истиқомат қиладиган кашмирликлар бор. Тоғдаги ўрмонзорларда эса кемасозлик учун яхши ёғоч берадиган дарахтлар ўсади. Акбар Кашмир кемасозларига буюртмалар бериб беш юздан ортиқ кема қурдирди. Унинг бу тадбири кашмирликлар учун айниқса бу йилги табиий офатлардан кейин жуда қўл келди.
Ҳозир қуёш чарақлаб турган илиқ ва қуруқ сунбула ойида баҳордаги қалин қорларни кўз олдига келтириш қийин. Кашмирда бодом яхши бўлади. Бу ернинг боғлари бутун Ҳиндистонни бодом билан таъминлайди. Кашмир ҳатто қўшни мамлакатларга ҳам бодом чиқариб сотади. Лекин бу йил наврўз кунларида Кашмир бодомзорлари оқ-қизғиш бодом гулларига бурканган пайтда икки кеча-ю кундуз тинимсиз лайлакқор ёғди. Қорнинг қалинлиги одамнинг белидан баланд эди. Йўллар бекилиб қолди. Қийғос гуллаган бодомларнинг шохларини қалин қор ўз залвори билан қарс-қарс синдириб ташлади. Юз минглаб бодом дарахтларини икки кунда шундай пийпалаб, гуллаган шохларини битталаб синдириб чиқишга ҳеч қандай ёвуз дев ёки алвасти ҳам улгурмаган бўларди. Ҳамма бодом гулларини совуқ уриб, синган шохлари пастга осилиб қолди. Бодом ҳосилидан шу тарзда маҳрум бўлган кашмирликларнинг тирикчилик тебратиши қийинлашди, очарчилк бошланди.
Савдо карвонлари бу ерга гуруч, буғдой ва бошқа егулик нарсаларни кўпроқ ташиб келтиргани сари бозорларда нарх-наво пасайиб борди. Аммо табиий офатга учраган кўпчилик кашмирликларда бозордан дон олиш учун пул йўқ эди. Аҳоли меҳнат қилиб пул топиши учун ҳам Акбар Хари Парват тоғи устидаги қалъани ва кўлларда сузиб юрган юзлаб кемаларни қурдирди. Кашмирда сув кўп. Кўллардан ташқари Желам дарёси ҳам сувга тўлиб оқади. Бунинг устига қор-ёмғир сувлари қўшилса, боғлар ва экинзорларни сув босади. Бу офатдан сақланиш учун Акбар катта ариқлар қаздирди. Фақат бу ариқлар экин суғоришга эмас, аксинча, далалардаги ортиқча сувни қочиришга хизмат қила бошлади.
Шу тарзда кашмирликларнинг очарчилик ва қаҳатчилик балоларидан қутулиши анча осонлашди. Акбар бу ерда ҳам қурилиш ва ободончилик ишларини йўлга қўйгани учун Кашмирда унинг ҳайрихоҳлари кўпайиб бормоқда. Акбар уни шу бугун оила аъзолари билан қирғоққа келиб, кемаларга чиқаётганда ўзи, онаси ва аммасининг пойи қадамига нафис гул барглари сочган кашмирликларнинг илиқ муомаларидан сезди.
Ҳозир кўл сатҳидан кўринаётган улуғвор манзаралар завқи кемадагиларнинг кайфиятини янада баланд кўтарди. Табиатан жуда таъсирчан бўлган Гулбадан бегим шавқ-завқини ичига сиғдиролмай хитоб қилди:
— Ҳазрати Акбаржон, айланай сиздан, кекса аммангизни Адандаги жаҳаннам азобидан қутқариб, жаннатдай гўзал Кашмирга олиб келдингиз-а! Тоғ довонларидан гўё кафтингизда олиб ўтгандай бўлдингиз!
— Ўшанда тортган азобларингизнинг роҳатини ҳам кўринг дедим-да! Ахир сиз бобурийлар хонадонининг энг ёши улуғ валинеъмати бўлиб қолдингиз.
— Рост-а, Ҳамида бегим, ёшим етмишдан ошди. Аданда етти ой ҳибсда ётганимда нуқул хотиралар билан жон сақладим. Жаннатмакон отам, раҳматли оғам, Ҳумоюн... уларнинг бошларига тушган кулфатлар... Бирга кўрган яхши кунларимиз... Ҳаммасини илк бор асирлик кунларимда қоғозга туширган эдим.
— Сизда ҳам ҳазрат бобомиздаги адиблик истеъдоди борлигини мен ўша ёзувларингиздан билдим, — деди Акбар. — Тарихнинг не-не улуғ воқеалари соҳибқалам муаррихлар томонидан ёзиб қолдирилмагани учун бутунлай унутилиб кетмишдир. истеъдод нури билан йўғрилган, қалб ҳарорати билан илитилган тарихий воқеаларгина авлодлар хотирасида абадий яшаб қолур экан. Шунинг учун мен ҳатто Шерхон тарихини ҳам Аҳмад Сарангони номли соҳибқалам афғон муаррихига инъомлар бериб махсус ёздирдим. Аҳмад Сарангони Шерхон аскарлари сафида хизмат қилган экан, унинг ботирлигини роса мақтабдир. Майли, Шерхоннинг катта тажрибаси-ю бошдан кечирган ҳодисалари ҳам авлодларга сабоқ бўлсин. Ҳақиқат зарралари
302


бизнинг рақибларимиз илкида бўлса, уларни ўша жойдан ҳам топиб, эъзозлаб, умуминсоний бир маънавият хазинасига қўшмоқ — бизнинг бурчимиздир.
— Бу бурчни фақат мард, донишманд сиймоларгина шунчалик теран ҳис қилурлар! — деди Гулбадан бегим Акбарга. — Сиз мени ҳам шу бурчга хизмат қилдирганингиздан бошим кўкка етмишдир. Мана, ҳозир Кашмирнинг афсонавий гўзалликларидан завқ олиб, ўзимни бахтиёр сезмоқдамен!
Кашмирга келишдан олдин Гулбадан бегим Акбарнинг илтимосига кўра «Ҳумоюннома» китобини ёзиб тугатган эди. Ҳумоюн даврининг барча аччиқ-чучукларини бирга бошдан кечирган Ҳамида бону ҳам Гулбаданга ўзи яхши билган воқеаларни айтиб бериб, китобнинг мукаммал чиқишига кўмаклашган эди. Акбарга Бобур бобосининг ўлмас хотираларидай самимий ва ҳаққоний туюлган бу китобда фақат аёлларгина айтиб бера оладиган шундай нозик ва гўзал нуқталар бор эдики, уларни ўқиган одам Гулбадан бегимнинг нафис дидига ҳам, адиблик истеъдодига ҳам тан бермай туролмас эди. Акбар аммасини шундай китоб ёзгани учун астойдил бир қувонтиргиси келиб Кашмирга атайлаб олиб келган эди.
— Аммажон, сиз Кашмирдан қанчалик завқлансангиз, мен сиз ёзган китобдан шунчалик завқ олдим!
Акбарнинг бу баҳосини эшитганда Гулбадан бегимнинг кўзларига қувонч ёшлари қуюлиб келди.
— Илоҳим узоқ умр кўринг, Акбаржон! Кашмирнинг бодомзорлари, анорзорлари, тутзорлари, мирзатераклари худди Фарғона водийсини эслатар эмиш. Мен ўзим-ку, Фарғона водийсини кўрганим йўқ, лекин Қиличхон Андижоний Кашмирга келгандан бери туғилган жойларини қўмсаб юраги эзилиб юрибдир.
Ҳамида бону оғир тин олди-ю:
— Менинг раҳматли отам ҳам Тошкент-у Самарқандни қайта кўролмай армон билан ўтиб кетдилар, — деди.
Бу гаплар таъсирида Акбарнинг хаёли тоғлар оша Сирдарё ва Амударё бўйларига томон учди. Кашмир орқали Қашқарга, ундан Ўш орқали Андижон-у Фарғонага олиб борадиган тоғ йўлларининг харитасини шу бугун кечаси синчиклаб кўриб чиққани эсига тушди. Ҳимолай ва Помир тоғларининг оралиқларидан ўтадиган бу йўл Кобул ва Термиз орқали борадиган йўлдан бир неча баробар яқин. Деҳлида Пўлат васвас отган камони шошийнинг ўқи, бу жароҳатининг аччиқ оғриғи уни Турондаги ғанимларидан ўч олишга ундайди. Аммо икки орада Акбар учун Ҳимолай тоғларидан ҳам улканроқ монеликлар бор.
Мовароуннаҳрда ҳамон Абдуллахон ҳукмронлик қилмоқда. Абдуллахон учун энг хатарли рақиб — Акбар бўлганлиги сабабли, у ўзининг энг сара қўшинларини Кобул ва Кашмир билан чегарадош бўлган жанубий ўлкаларда сақламоқда. Акбар отасининг Балхда шайбонийзодалардан қандай енгилганини унутолмайди, улар билан беллашиш учун аввал Ҳиндистондаги ички парокандаликни тугатиб, барча кучларни бир туғ остига йиғишни ўйлайди. У мана шу мақсадда Кашмирни ҳам марказий давлатга қўшиб олди. Абдураҳим хони хонон Синд ва Белужистонга қўшин тортиб кетди.
Қанийди, Акбарнинг ўз ўғли Салим ҳам Абдураҳим каби садоқатли, қобил фарзанд бўлса-ю, отасининг оғирини енгил қилса! Салимнинг ташвиши озлик қилгандай, кейинги ўғли Мурод ҳам ичкиликбозликка ўрганиб, умрини базмларда ўтказмоқда. Акбар уни пойтахтдаги улфат бекларидан узоқроқ тутиш учун жанубдаги Малвага ҳоким қилиб жўнатди. Учинчи ўғли Дониёл ҳозир Қандаҳорда. Ёши ўн саккизга кириб, у ҳам кўп ичадиган бўлган. Наҳотки уч ўғилдан бирортасига Акбардаги ирода ўтмаган бўлса? Бу жавобсиз савол ҳатто ҳозир Кашмир кўлларида сузиб юрган энг масъуд дамларида ҳам унинг дилига соя ташлаб турибди.
Ташқи кўринишдан аммаси Гулбадан бегим ҳозир ўзини жуда қувноқ сезаётганга ўхшайди. Лекин унинг дилида ҳам армонлари кўп.
— Онам Самарқандда, отам Андижонда туғилиб ўсган бўлса-ю, мен ҳанузгача уларнинг юртини
303


бориб кўролмасам-а? — дейди.
Наҳотки Акбар ҳам Андижон-у Самарқандларни кўрмай ўтиб кетса? Унинг Ҳиндистонда қилган нек ишларини Мовароуннаҳрдан келган хайрихоҳ одамлар кўрганда, «қани шу ободончилиг-у ислоҳотлар бизда ҳам амалга оширилса!» деб армон қилишади. Бухорода ҳали ҳам қул бозорлари гавжум эканини, даштий султонлар мусулмон эронликларни «рофизий, шиа» деб, бўйнидан боғлаб, ҳатто бурнини тешиб чилвир ўтказиб, қул бозорига ҳайдаб келиб сотишларини куйиниб айтиб берадилар. Шайбонийзодалар давлатида жуда эътиборли бўлган Қўшқулоқбий, Булдуриқбий, Чўлтанби, Бўзахўр Султон деган беклар Самарқанд-у Тошкентдай қадимий маданият марказларига хўжайин бўлиб олиб, илм-у маърифатни оёқости қилаёт- ганлари Акбарга ҳам оғир бир кўргиликдай туюлади. «Мовароуннаҳрни бу даштий жоҳиллардан қутқаринг!» деб келувчиларга, «ҳали фурсат етилган эмас, сабр қилмоқ керак», деб жавоб беради.
Лекин сабр қила-қила Акбар ҳам элликдан ошди. Наҳотки Самарқанддаги Амир Темур мақбарасини, Шоҳизиндани, Фарғона боғларини, Тошкетнинг Бўзсувини бирор марта бориб кўриш унга насиб қилмаган бўлса?
Бу савол негадир ҳозир Кашмирдаги мирзатераклар ва чинорзорларни кўрган пайтда юракни эзувчи бир мунг билан кўнгилдан ўтмоқда эди. Шу топда у Мовароуннаҳрга бемалол бориб келаётган элчилар ва савдо карвонларини ҳавас билан эслар эди. Бобур даврида бошланган алоқалар ҳанузгача узилгани йўқ, йигирма йил давомида Абдуллахондан Акбар саройига уч марта элчилар келиб кетди. Акбар ҳам Бухорога уч қайта элчилар юборди, Абдуллахоннинг совғаларига яраша қимматбаҳо инъомлар жўнатди.
Бундан мақсад фақат муроса қилиш эмас, балки бир-бирларининг аҳволидан яхшироқ хабардор бўлиш ва қулай пайт келганда ёнбошга олиб, ерга кўтариб уриш ҳам эди. Савдо карвонлари билан Мовароуннаҳрга ҳар йили бориб келаётган хуфиялар янги-янги гаплар топиб келишмоқда. Акбарнинг Ҳиндистонда диний тўнтариш ясагани Бухородаги жўйбар шайхларининг сочини тикка қилиб юборибди. Улар Акбарни шиалардан ҳам баттар кофир деб эълон қилишиб, унинг номини тилга олдирмай қўйишибди, Абдуллахонни эса мусулмон оламининг имони пок, исломга содиқ тождори деб улуғлашибди.
Хўжа Ислом номли дин пешвоси энг мутаасиб шайхларни Бухорога йиғиб, уларнинг номидан Акбарга қарши ғазабли фатволар чиқараётган бўлсалар ҳам, Абдуллахон ҳанузгача Ҳиндистон билан алоқани узган эмас. У ҳамон Акбарга элчилар юбориб, мактублар ёзиб турибди. Чунки агар хон Акбар билан алоқани узса, бундан Эрон подшоси шоҳ Аббос фойдаланади. Акбар давлатининг қудрати маълум, агар уни Эрон ўз томонига оғдириб олса, Абдуллахон иккита зўр рақиб қаршисида яккаланиб қолади. Абдуллахон Акбар олиб бораётган янгича сиёсатни қанчалик ёмон кўрмасин, унинг элчиларини зўр тантана билан қабул қилди. Акбар Бухородаги жўйбар шайхларининг таҳдидли фатволари устидан кулган каби, ўзининг энг яқин маслакдошларини — Ҳаким Ҳумом ва Садри Жаҳонларни Абдуллахон саройига элчи қилиб юборди. Қани хон янги имон-у эътиқод вакилларига бирон ёмонлик қилиб кўрсин-чи! Ёки жўйбар шайхлари уларни «кофир» деб тошбўрон қилдирсин-чи! Йўқ, улар Акбарнинг беш-олти йилдан бери бутун кучларини шимолий вилоятфларга йиғаётганидан хабардор. Ҳозир ёши олтмишдан ошиб, анча касалманд бўлиб қолган Абдуллахон Акбарнинг енгилмас саркарда деб шуҳрат қозонгани бежиз эмаслигини билади ва у билан урушишга юраги бетламайди. Шунинг учун Абдуллахон ўзининг мафкуравий душманлари бўлган Акбар элчиларига катта зиёфатлар берди, сафарларга бирга олиб чиқди, зарбоф тўнлар ва чопқир отлар инъом қилиб, иззат- икром билан жўнатди.
Мовароуннаҳрда бир йилдан ортиқ юриб қайтган Акбар элчилари Самарқанд-у Бухорода хон зулмидан безор бўлган одамлар тобора кўпайиб бораётганини, бунинг устига хоннинг катта ўғли Абдумўмин отасининг тахтини тезроқ эгаллаш иштиёқида унга қарши кураш бошлаганини билиб қайтдилар. Абдуллахон Хуросонга Қулбобо кўкалдошни ҳоким қилиб тайинлагани
304


Абдумўминни қаттиқ норози қилибди. Чунки у Ҳиротни ўзига пойтахт қилмоқчи ва мустақил давлат тузмоқчи эди. Шу мақсадда у ҳатто турк подшоси Султон Салимга отасидан бесўроқ элчилар юборган эди. Ўғлининг нияти бузуқлигини сезган Абдуллахон Абдумўминни Ҳиротдан ҳам, Бухородан ҳам узоқроқ тутгиси келиб, Балхга ҳоким қилиб жўнатди. Балх Панжобга яқинроқ эди. Абдумўмин энди Лахўрда турган Акбарга отасидан бемаслаҳат элчилар юборди. Унинг саройидаги ҳуфияларнинг маълумоти Акбарга бу элчидан олдинроқ етиб келди: Абдумўмин ўз элчисига совчилик вазифасини ҳам юклабди, Акбарнинг қизига уйланиш истагини билдирибди ва шу йўл билан ўз отасидан баланд келмоқчи бўлибди.
Босар-тусарини билмай ҳовлиқиб юрган Абдумўмин ўзини Акбарга тенг кўриб элчи юборгани, яна уялмай унинг қизини хотинликка сўрамоқчи бўлгани Акбарнинг қаҳрини келтирди. У Ҳайбар довони этагига элчини кутиб олиш учун махсус одамлар юборди-да:
— Бадбахтни ўша ёқда даф қилинглар, Ҳинд дарёсидан берига ўтмасин! — деб буюрди. Абдумўминнинг совчилик вазифасини ҳам ўташ учун келаётган элчиси серсув Ҳинд дарёсидан ўтаётганда гўё тошқин туфайли ғарқ бўлиб кетди. Абдумўминнинг Акбарга куёв бўлгиси келиб ёзган мактуби ҳам, юборган совғалари ҳам сувга чўкиб ном-нишонсиз йўқолганини Бухорода туриб эшитган Абдуллахон:
— Баттар бўлсин! — деб суюнди.
Шайбонийзодаларнинг ўз ичидан чиқаётган бу ўт аланга олса, Абдуллахон узоққа бормаслиги аниқ. Чунки унинг жигар касали кучайиб, отга минолмайдиган бўлиб қолганини Акбар эшитган. Шу кетишда Абдумўмин отасининг ўлимини тезлаштиради. Лекин Абдумўминнинг ўзига қарши бош кўтарадиган кучлар ҳам кўп. Акбар ана шу кучлар ёрдамида уни енгиши мумкин.
Аммаси Гулбадан бегимнинг Самарқанд-у Фарғонани қўмсаб айтган гаплари таъсирида қўзғалган мураккаб ўйларини у шу фикр билан якунлади-да:
— Аммажон, мана, Кашмирга келдик, омон бўлсак, ҳадемай Самарқанд-у Фарғоналарга ҳам бориб қолгаймиз! — деди.
— Илоҳим муродингизга етинг!
Ҳамида бегим бу гаплардан қувониш ўрнига алланечук сергакланиб қолди.
— Шоҳ ўғлим, Туронга сиз фақат қўшин тортиб, жанг қилиб бормоғингиз мумкин. Шайбонийзодаларнинг беҳисоб кўп қўшини бор эмиш. Ўзлари ўлгундай жангари, қанча одам қирилишини ўйласам, ваҳмим келур!
— Начора! Биз ҳам сайёҳ ёки элчи бўлсак эдик, бирорта карвонга қўшилиб, ота-боболаримиз ватанига тинчгина бориб келар эдик. Лекин шайбонийзодалар бобурийларни Туронга йўлатмайдилар, ҳатто бизнинг тўғримиздаги рост гапдан ҳам қўрқадилар. Мовароуннаҳрдан Ҳиндга келиб кетган одамлар кўзлари билан кўрган қурилишларимиз, тасвирхоналаримиз, янгича сиёсатимиз ҳақида Самарқанд-у Бухорога бориб ҳақиқатни сўзласалар бас, «Диндан қайтган Акбарнинг тарафдори», «хоин», «кофир» дейишиб, жазога буюрурлар.
— Наҳотки шунчаликка боришса? — ҳайрон бўлиб сўради Ҳамида бегим. — Абдуллахон Бухо- рода мадрасалар, карвонсаройлар қурдирган эмиш. Работлар ҳам солдиргани учун эл орасида янги бир нақл пайдо бўлган эмиш. «Абдуллахон бир кеча ётиш учун работ солдирган, сен ҳам беш кунлик дунёда уй-жой қуриб яшаб қол», дер эмишлар.
— Рост, шайбонийзодалар орасида энг истеъдодлиси— Абдуллахондир. Бундай қудратли давлат тузиш ҳар кимнинг ҳам илкидан келмагай. Лекин даштий султонларга хос дағаллик унда ҳам бор экан-да. Бундан анча йил аввал самарқандлик Абдураҳим Мушфиқий деган шоир Аграга биздан паноҳ истаб келди. Шунда менга куйиниб айтиб бердики, «Бобурнома»ни мақтагани учун Абдуллахон уни «сен биздан темурийларни баланд қўймоқчисен» деб ўлимга буюрибдир. Мушфиқий сарой кутубхонасининг китобдори, катта шоир бўлгани учун Абдуллахоннинг вазири Қулбобо кўкалдош орага тушиб, шафоат сўрабдилар. «Мушфиқий сизни темурийлардан баланд қўйиб шеърлар ёзган», дебдир. «Қани ўша шеърлар?» дебди хон. Вазир шеърни ўқиб берибди. «Мен қилич яланғочлаб, от чоптириб борай, Мушфиқий
305


узангимдан ушлаб, ёнимда ўша мақтов шеърларини айтиб чопсин. Агар шу шартни бажаролмаса, бўйнига қилич ургаймен, боши кетгай». Бечора шоир не қилсин? Абдуллахон қилич яланғочлаб отини йўрттирибдир, Мушфиқий унинг узангисидан ушлаб, хонни улуғлайдиган шеърларни айта-айта чопибдир.
— Оҳ, бечора! — деб қўйди Гулбадан бегим.
— Мушфиқийнинг зеҳни ўткир экан, адашмасдан, тўхтамасдан, маррага етгунча ашъор айтибдир. Шу тарзда тирик қолгандан сўнг, Абдуллахондан ихлоси қайтиб, Бухородан бош олиб чиқибди-ю, савдо карвони билан Аграга келибдир.
— Ҳозир ҳам Аградами?
— Йўқ, икки-уч йил тургач, кетишга рухсат сўради. Кейин билсам, бизнинг сарой шоирлари уни хафа қилган эканлар. «Ҳар қанча азоб чексам ҳам, ватанимга қайтай, шоир туғилган юртидан айрилса ердан узилган дарахтдай ижоди сўнар экан» деди. Жавоб бердик, қайтиб кетди.
Акбар сўнгги сўзларни Мушфиқийга алланечук ҳаваси келиб айтди, чунки ўша шоир қайтиб борган Самарқандга у ҳалигача боролмас эди. Бироқ бобокалонларининг мақбараси турган бу шаҳарни шайбонийзодалардан тортиб олиш, Мовароуннаҳрда Улуғбек ва Навоийлар давридаги маънавий кўтарилишларни қайта тиклаш истаклари йил сайин дилида чуқур илдиз отиб борарди. Бу истакларни Ҳиндистоннинг шимолида туриб амалга ошириш қулайроқ бўлгани учун Акбар милодий 1585-йилдан бошлаб пойтахтни Фатҳпурдан Лахўрга кўчирган эди. Пойтахтни Лахўрга кўчиришнинг яна бир сабаби — Фатҳпур-Секри дарёлардан узоқ, унинг ёнидаги кўл эса аҳоли кўпайган сари саёзлашиб, суви шўрроқ бўлиб кетди. Фатҳпур-Секрида аҳолининг сони икки юз-у эллик мингга борди. Бунча одам кўл сувини яна ўттиз-қирқ йилда ичиб тамом қилиб қўйиши ҳам мумкин. Бир чеккаси шуни ҳам ўйлаб, Акбар пойтахтни серсув Лахўрга кўчириб келган эди.
_______________
* Салим Меҳринисо билан отаси ўлгандан кейингина қайта топишди. Салимга эрга чиққан бу аёл тарихда Нуржаҳон номи билан машҳур бўлди. * Д а л — кашмирчада «минг баргли нилуфар» деган маънони билдиради.
***
Ўн беш йилдан бери Лахўр пойтахтга айланиб, Рави дарёси бўйида Самарқанд обидалари каби ранг-баранг кошинлар билан зийнатланган янги қасрлар, мадрасалар пайдо бўлди. Подшо саройи қаерни пойтахт қилса ўша жойда пулдорлар кўпайишини ва савдо қизишини биладиган тужжорлар Лахўрда янги-янги расталар ва бозорлар очдилар.
Жаҳоннинг турли томонларидан йўлга чиққан савдо карвонлари шимолдаги Кобул, ғарбдаги Қандаҳор, жанубдаги Агра ва Деҳли орқали Лахўрга келади. Катта йўллар орасида энг машҳури — Агра, Фатҳпур ва Лахўрни бир-бирига боғлайдиган уч юз мил узунликдаги Шоҳроҳ. Махсус буйруқ билан кенгайтирилган ва атрофи обод қилинган бу йўлдан тўрт-бешта арава қатор юрса ҳам сиғади. Унинг саҳнига силлиқ тошлар ётқизилган, икки томонига бора-боргунча серсоя дарахтлар ўтказилган, ҳар етти-саккиз мил жойда тўхтаб дам олинадиган, овқат ейиладиган ва от алмаштириладиган ёмхона — бекатлар қурилган. Шунча узоқ масофага чўзилган бундай катта йўл ўша даврда жаҳоннинг жуда камдан кам жойида учрашини милодий 1591-йилда Лахўрга келиб кетган инглиз элчиси лорд Эдвард Лаётон ўз хотираларида ёзиб қолдирган.
Акбар шимолий чегаралар ташвиши билан нечоғлиқ банд бўлмасин, португал истилочиларининг жанубдаги ҳаракатларини сергак кузатиб турарди. Сўнгги йилларда Ҳинд уммонида инглизлар португаллар билан аёвсиз жанглар қилмоқда эдилар. Акбар бу икки рақибнинг ўзаро низоларидан фойдаланиш учун инглиз элчиси Эдвард Лаётонни Лахўрда қабул қилди. Муомалага уста бу лорд Англияни фақат ҳинд савдоси қизиқтираётганига
306


Акбарни ишонтирди. У португалларга қарши курашда Акбарга ёрдам бериш шарти билан Ганга дарёсининг уммонга чиқадиган Калкутта номли жойида «Ост-инд» ширкатининг кичик бир шуъбасини очишга рухсат олди. 1600-йилда Англия қироличаси Елизавета бу ширкатни қўллаб- қувватлайдиган махсус қарор чиқарди. Лекин «Ост-инд» ширкати келажакда бутун Ҳиндистонни мустамлакага айлантирадиган машъум кучга айланишини у пайтда Акбар ҳам, Елизаветанинг ўзи ҳам тасаввур этмаган бўлсалар керак...
Аммо уммонлар ортидан сузиб келаётган фаранги кемалар Ҳиндистоннинг жанубий қирғоқларида тобора кўпайиб бораётгани Акбарни безовта қиларди. Фойда кетидан қувган фарангилар уммон бўйидаги Бижапур, Голканда, Аҳмаднагор ва Хандеш деган майда-чуйда мусулмон давлатларини бир-бири билан уруштириб қўйиб, ўзлари уммон қирғоқларида янги- янги қароргоҳлар барпо қилмоқда эдилар. Акбар эса бу султонликларни фарангиларга қарши бирлаштиришга интилар эди. Шу мақсадда ўзининг энг ишонган одамлари бўлмиш Файзий ва Абулфазлларни жанубдаги султонликларга бир эмас, тўрт марта элчи қилиб юборди. Ахийри Хандеш султонлигининг Алихон деган ҳукмдори Акбар давлатига ихтиёрий равишда қўшилди ва унинг аскарларига ўз давлати чегараларини очиб берди.
Хандешнинг Бурхонпур шаҳрига Акбар ўзининг йигирма саккиз ёшли ўғли Муродни катта қўшин билан жўнатди. Муродга тажрибали саркарда Абдураҳим хони хонон бош маслаҳатчи қилиб тайинланди. Акбар уларга фарангиларни Малобар қирғоқларидан ва Гоадан қувишни бош вазифа қилиб қўйди. Унинг назарида, Муроднинг фаранги тилини билишлиги бу вазифанинг сўзсиз адо этилишига ёрдам бериши керак эди.
Мурод Бурҳонпурда туриб, фарангилардан бир қанча замбараклар сотиб олди. Аммо бу замбараклар хийла эскирган. Гоада истеъмолдан чиққан, уларни фаранги тўпчиларнинг ёрдамисиз отиб бўлмас эди. Шунинг учун Мурод фаранги тўпчилардан бирини ўз ёнига таклиф қилди. Бу фаранги тўпчи жуда хушмуомала улфат йигит экан, Муроднинг ичкиликни яхши кўришидан фойдаланиб, у билан тонготар базмларда майхўрлик қила бошлади. Акбар ўғлини майхўрликдан эҳтиёт қилишни Абдураҳимга топширган эди. Абдураҳим хони хонон шаҳзоданинг тунги базмларини тўхтатишга, бутун эътиборини Акбар топширган вазифага қаратишга кўп уринди. Аммо шаҳзода унинг гапига эмас, майхўр улфатларининг гапига кўпроқ қулоқ солар эди. Абдураҳим билан шаҳзоданинг орасини ўшалар бузди. Ширакайф Мурод Абдураҳимни: «Сен шиасен, бизга етти ёт бегонасен!» деб ҳақорат ҳам қилди. Яна Абдураҳимнинг устидан шикоят ёзиб, чопар билан Лахўрдаги отасига жўнатди.
Худди ўша кезларда Самарқанддан Акбар учун жуда муҳим бўлган янги хабарлар келмоқда эди. Абдуллахон Қарши атрофларида қишлаётган пайтда Абдумўмин Балхдан отасига қарши яшириқча қўшин тортади. У Амударёдан ўтганда Абдуллахон бундан хабар топади-ю, Самарқандга шоша-пиша чекинади. Жигари ҳилвираб қолган хонга қишки йўлларнинг азоби ёмон таъсир қилади. Абдуллахон Самарқандда 1598-йилнинг ҳут ойида вафот этади. Абдумўмин тўнғич ўғил бўлгани учун дарҳол отасининг тахтини эгаллайди ва биринчи қилган иши — отаси яхши кўрган бек-у аъёнларни аямай қириш бўлди. Шулар орасида Абдуллахон давлатининг энг ақлли ва тадбиркор вазири Қулбобо кўкалдош ҳам «душоха» деб аталадиган даҳшатли исканжага солиниб, минг қийноқлар билан ўлдирилади. Абдумўмин хон оиласининг тахтга даъво қилиши мумкин бўлган вакилларини ҳам бирма-бир қиличдан ўтказади. Абдуллахон авлодидан фақат Пирмуҳаммад кўкнори аллақайси такяда кайф билан ётиб қолган бўлади, уни ўлдиришга юборилган одамлар уйидан тополмайдилар. Кейин Абдумўминга қарши исён кўтарган бийлар ана шу Пирмуҳаммад кўкнорини ўзларига хон кўтариб, майдонга чиқадилар. Ички уруш бошланади.
Акбарнинг Мовароуннаҳрдаги тарафдорлари: «Eнди сизнинг Туронга келишингиз учун фурсат етилди, Абдумўмин билан Пирмуҳаммад кўкнори ҳадемай бир-бирининг бошига етгай!» деган мазмундаги мактублар юбордилар.
Аксига олиб, худди шу кезларда Акбарнинг ўз даргоҳида ҳам бир-биридан оғир мусибатлар юз
307


бера бошлади. Унинг энг ишонган саркардалари Бҳагван Дас ва Тодар Мал орқама-кетин касалга чалиниб вафот этишди. Улардан сўнг шоир Файзи Фаёзий оламдан ўтди. Муроднинг ўғли Рустам тўққизга кирганда бўғма касалидан жон берди. Бу машъум хабар Бурҳонпурда Абдураҳим билан тил топишолмай, нуқул ичиб юрган Муродга маълум бўлди. У иссиқни унутиш учун ҳам май ичар эди. Энди ўғлининг доғида йиғлаб тун-у кун маст бўлиб юрди ва ахийри оқтутқалоқ касалига учраб, ўзи ҳам вафот этди.
Бурҳонпурдан Лахўргача отда бир ярим ойлик йўл. То Акбарга хабар етиб келгунча ҳинд иссиқларида Муроднинг жасадини сақлаб туриш ҳам мумкин бўлмади. Уни ота-она иштирокисиз Бурҳонпурга дафн этган эдилар. Буни эшитган Салима бегим:
— Наҳотки ёлғиз ўғлимнинг жасадини ҳам кўролмасам! — деб дод солиб йиғлади, юзларини тирнаб қонатиб юборди: — Йўқ, мени Муроджоннинг олдига юборинглар! Мен унинг қабрини қучоқлаб видолашай!
Лекин у ёқларда ҳали уруш тугамаган, йўллар хатарли эди.
— Хатарли бўлса майли, ўлсам ўғлимнинг ёнига кўминглар!
Йигирма тўққиз ёшли Мурод Акбарнинг дилидан ҳам катта бир парчасини юлиб олиб кетгандай бўлди. Абдураҳим Бурҳонпурдан келиб фожианинг тафсилотларини айтиб берди. Муроднинг интиҳосиз майхўрликларида унинг яқин улфатига айланган фаранги тўпчининг ҳам хизмати борлигини Акбар сезди. Деҳлида Акбарга суиқасд қилган Пўлат васвас ва унинг уйидан топилган фаранги тўфанг хаёлида қайта гавдаланди. Ўшанда Пакавира Акбарга қарши оттиришга улгурмаган тўфангни энди фаранги тўпчи чоғирга айлантириб, унинг ёрдамида Муродни ҳалок қилган бўлиши мумкин эмасми?
Наҳотки Акбар — Акбар бўлиб, уммон ортидан келган бир неча минг босқинчи фарангини Ҳиндистондан даф қилолмайди? Салима бегим ҳам жанубга талпинарди. Туронга қўшин тортиш режаси кейинга сурилди. Акбар шимол юриши учун тайёрланган қўшинларини энди жануб томонга бурди.
Лекин бутун нажотни ундан кутаётган бухоролик ва самарқандлик тарафдорлари Акбарнинг кетидан яна мактуб йўллаб, Абдумўмин ҳам ўлдирилганини, шайбонийзодалар сулоласи тугаш арафасида эканини хабар қилдилар.
Абдумўмин худди отасига қарши қилич кўтарган темурийзода Абдуллатифга ўхшаб фақат олти ой подшо бўлди. У саратон кунларида Зоминнинг салқин сувлари бўйида дам олгандан кейин, Самарқандга қайтаётган пайтида ўтадиган йўлига душманлари чуқур қазиб, тепасини билинмайдиган қилиб бекитиб қўядилар. Абдумўмин оти билан шу чуқурга тушиб кетгандан кейин уни Пирмуҳаммад кўкнорининг тарафдори бўлган бийлар тутиб олиб ўлдирадилар ва жасадини Бухорога олиб бориб, хон саройи олдидаги жазо майдонига осадилар. Ҳозир хон бўлган гиёҳванд Пирмуҳаммадни одамлар писанд қилмайди. Шайбонийзодаларнинг куни шу заиф кўкнорига қолгани учун бошқа каттадаҳан бийлар янги сулолага асос солиш ҳаракатига тушадилар. Бу бийлар орасида Ҳазар денгизининг шимолидаги Аштархондан чиққан Олтин ўрда қолдиғи сифатида Иван Грозний аскарлари билан жанг қилиб енгилган ва Бухорога қочиб келиб жон сақлаган Мингқишлоқхоннинг авлодлари ҳам бор. Ана шу аштархонийлардан ака- ука Имомқулихон ва Нодир Муҳаммад Самарқандни ишғол қилиб, энди Бухородаги Пирмуҳаммад кўкноридан тахтни тортиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар.
Акбарга бу воқеалар хабарини етказган самарқандлик тарафдорлари: «Тезроқ келиб бобокалонингиз пойтахтини эгалламасангиз, Мовароуннаҳр шайбонийзодалардан ҳам золимроқ ва жоҳилроқ аштархонийлар тасарруфига ўтиб кетгай!» деб нидо қилган эдилар.
Минглаб чақирим жойдан етиб келган бу нидо Акбарнинг аввалги ўй ва истакларини яна қўзғатди. У Аграга борганда Муроднинг йигирмасига келган шаҳзода Салимни бухоролик устози мавлоно Фарид билан бирга ўзининг хонайи хосига чақиртирди. Уларни Абулфазл бошлаб кирди. Тўртовлари юзма-юз ўлтиришди-ю, Акбар Самарққанддан келган сўнгги хабарларни айтиб берди.
308


— Амирзода, бир марта сизни шайбонийзодаларга қарши жангга юбормоқчи бўлганимизда бормаган эдингиз, — деди Акбар Салимга майин кўз ташлаб. — У пайтда чиндан ҳам вазият оғир эди, юсуфзайлар Ҳайбар довонини бекитиб ётган эдилар. Лекин сўнгги йилларда яхши муомала билан юсуфзайларни тинчитдик. Тинчимаган саркашларини Зайниддин кўка Кобулдан келиб тор-мор қилди. Ҳайбар довони энди бехатар, йўл очиқ. Шайбонийзодалар ҳам ўлиб, қи- рилиб, биттагина кўкнориси қолибдир.
Акбар бир тўхтаб олди, ёши ўттизга кирган, елкалари тўлишиб хушмўйлов дуркун йигитга айланган ўғлига мамнун назар ташлаб сўзида давом этди:
— Сиздек паҳлавон бобурийзода наҳотки кўкнорига бас келолмасангиз? — деди. — Наҳотки Олтин Ўрда харобаларидан Бухорога қочиб келган қаёқдаги аштарҳонийлар бобокалонимиз шаҳри Самарқандни забт этса-ю, биз бу ерда лоқайд қараб турсак?
Салим Мовароуннаҳрга отасининг кетишидан умидвор эди, ўзи эса Ҳиндистонда қолишни истарди. Буни очиқ айтишга журъат этолмай гапни айлантирди:
— Ҳазратим, барча сўзларингиз ҳақ. Ўғлингиз фақат Дакан юришини эслатмоқчи. Жанубдаги урушни тугатмасдан туриб шимолга юриш бошлаш... қандоқ бўларкин?
Акбар Фарид Бухорийнинг дилида нима борлигини билгиси келиб:
— Мавлоно, сизнинг фикрингиз қалай? — деди. — Асли бухороликсиз, наҳотки ота- боболарингиз шаҳрига қайтишни истамасангиз?
Фарид Бухорий ота-боланинг бирига ён босса иккинчисидан балога қолиши мумкинлигини сезиб типирчилади:
— Ҳазратим, фақир Деҳлида, туғилиб ўсган бўлса ҳам... Бухорони ҳеч бўлмаса бир марта кўриб ўлсам армоним қолмагай... Фақат... Туронга юриш қииш бобида... Мавлоно Абулфазл фақирдан кўра донороқ вазирдирлар... Аввал шу кишининг фикрини эшитиб, сўнг ўзимнинг камтарона мулоҳазамни айтишга ҳазратимдан ижозат сўраймен.
Акбар Фарид Бухорийнинг қувлигини сезиб, кинояли кулимсиради-да, Абулфазлга сўз берди.
— Тарих адолатли ҳакам эканини Самарқанддан келган хабарлар яна бир бор тасдиқ этмоқда, — деб секин сўз бошлади Абулфазл. — Шайбонийхон билан унинг ворислари бир аср давомида не-не истеъдодли фузалоларни ватанларидан жудо қилдилар. Мирзо Бобур каби не-не сиймолар ватанларига қайтиш учун шайбонийзодалар билан кўп йил олишдилар, аммо уларни енголмадилар. Лекин алоҳида одамлар қила олмаган ишни вақт, тарих ўзи қилди. Шайбонийзодалар давлати ичдан чириди, таги тешилган, ҳализамон чўкиб кетиши муқаррар бўлган кеманинг аҳволига тушди. Аммо бу кемада жуда кўп бегуноҳ одамлар, соҳибдил, маърифатли фузалолар бор. Улар бир аср давомида Шайбонийхоннинг Турондаги авлодлари билан Мирзо Бобурнинг Ҳиндистондаги авлодлари орасидаги маънавий мусобақани холис кузатиб турдилар. Тарих бугун шу мусобақанинг ғолибини адолатли тарзда аниқлади. Ҳазратим камолга етказган Ҳинд давлати — дунёдаги энг улуғ, энг мустаҳкам давлатларнинг биринчи сафида бормоқдадир. Ҳазратимнинг Турондаги хайрихоҳлари биздаги илм-у маърифатдан, бошқа имкониятлардан баҳраманд бўлишни истайдилар. Жоҳил бийлар зулмидан уларни қутқармоқ — сизнинг олижаноб бурчингиздир, амирзодам! Ҳиндистоннинг имкониятлари чексиз. Агар эллик минг қўшин ҳазратим билан жанубга йўл олса, яна шунча қўшин сиз билан Турон юришига бормоғи мумкин.
— Демак, ҳам шимолга, ҳам жанубга бирваракай қўшин тортгаймизми? — норози бўлиб сўради Салим Абулфазлдан.
Унинг гапига Акбар қатъий жавоб берди:
— Вазият шуни талаб қилмоқда!
Салим отасига гап қайтаролмай жим қолди. Абулфазл мулойимлик билан сўзида давом этди:
— Амирзодам, сиз жаннатмакон бобокалонингиз Бобур ҳазратлари каби хотиралар ёзмоқдасиз. Сизда шунга муносиб истеъдод бор, қаламингиз ўткир. Энди Бобур ҳазратлари каби катта жасоратлар ҳам кўрсатмоғингиз керак. Агар сиз Самарқанд-у Бухорони жоҳиллар зулмидан
309


қутқарсангиз, у ерда ҳам илм-у санъатга кенг йўл очилса, бу нек ишингиз умр китобингизнинг энг ёрқин бобига айланиб, қоғозга тушгай. Ахир «Бобурнома»дек китоб ёзмоқ учун шу китобда қаламга олинган улуғ ишларни қилмоқ ҳам керак-ку!
Бу гаплардан Салимнинг ранги оқариб, лаблари кўкиш тусга кирди. Абулфазл унинг энг оғрийдиган жойига урганини Акбар шундан сезди. Салим отасидан рухсат олгач:
— Жаноби вазири аъзам, — деб Абулфазлга олайиб қаради: — Сиз бизга ваъда қилган эллик минг қўшиннинг ярми ражпутлар бўлғай, шундоқми?
— Тахминан шундоқ.
— Туроннинг буткул аҳолиси мусулмонлар экани маълумингиздир, — деб Салим энди ўзини сал босиб вазминроқ сўзлай бошлади. — Тарихни бир эсланг, жаннатмакон бобокалонимиз қизилбошларни бошлаб борганда нақшбандий шайхлар бутун Туронни уларга қарши қўзғатган эдилар. Қизилбошлар-ку, мусулмонлар эди. Уларни «келгинди шиалар» деб аёвсиз қириб ташлаган туронликлар ғайридин саналган бизнинг ражпутларни аягаймилар? Агар биз ҳам эллик минг қўшин билан жангга кириб, туронликлар қонини ҳиндистонликлар қиличи билан тўксак, тарих буни кечиргаймикан? Авлодлар бизни босқинчиликда айбламасмикин?
Акбарнинг ўзини ҳам худди шу хавф кўп ўйлантирар эди. Онаси Ҳамида бегим ҳам бўлажак қирғинлар оқибатидан қўрқиб, Акбарнинг Мовароуннаҳрга қўшин тортишига эътироз билдирган эди. Акбар онасининг эътирозига қарши айтган сўзларини ҳозир ўғли олдида кескин қилиб такрорлади:
— Қаёқдаги Аштархондан келган Мингқишлоқхоннинг авлодлари туронликларнинг қонини тўкса босқинчилик бўлмас экан-у биз бобокалонимиз пойтахти Самарқанд учун жанг қилсак, босқинчилик бўлар эканми?
— Ҳазратим, — деб Салим отасига майинроқ гапиришга тиришди, — Мингқишлоқхон Аштархондан урилиб-сурилиб кетгани рост, аммо унинг ўғли Ёрматхон Абдуллахоннинг синглиси Зуҳра хонимга уйланган экан. Ҳозир Бухоро тахтига даъво қилаётган Боқимуҳаммад ана ўша Зуҳра хоним туққан Динмуҳаммаднинг ўғиллари экан. Биз Ҳиндистонда туғилиб ўсганимиз каби, улар ҳам Туронда туғилиб ўсган эканлар. Биз ўзимизни ҳиндистонлик деб билганимиз каби, Динмуҳаммаднинг ўғиллари ҳам ўзларини туронлик деб ҳисоблашга ҳақлидирлар...
Салимнинг ҳамма нарсадан хабардор экани ва кўпни кўрган одамлардай мантиқли гапириши отасини ҳимояга ўтишга мажбур қилди.
— Хўш, амирзодам, Бухоро тахтини аштархонийлар олаверсин-у биз жим қараб тураверайликми? Нажотни биздан кутиб, вакиллар юбораётган, мактублар ёзаётган туронлик хайрихоҳларимиз ноумид бўлиб қолаверсинларми?
— Ўғлингизни маъзур тутинг, ҳазратим, — деб Салим ётиғи билан гапирди: — Туронлик тарафдорларимиз яна бир-икки йил кутсалар ҳеч гап бўлмас. Ш