ФАТҲПУР
ЕЧИБ БЎЛМАЙДИГАН ТУГУНЛАР
Ўн ой давом этган Кобул юриши Акбарни жуда толиқтирган эди. У пойтахтдаги оромгоҳлар, сокин кутубхона ва тасвирхоналарни* соғинган эди. Кобулдан қайтгач, Фатҳпурда муқим яшаб, чала қолган кўп ишларини ниҳоясига етказди. Илгари қад кўтарган муҳташам бинолар ёнига Панж Маҳал деб аталадиган беш қаватли қаср, қизлар учун қурилган янги мактаб, мармар ҳовуз ўртасидаги гўзал шоҳсупа, ҳовли юзида ҳар бир катагига одам сиғадиган улкан сатранж майдони ва Акбарнинг меъморлик истеъдодини кўрсатадиган бошқа ўнлаб обидалар қўшилди. Фатҳпур-Секри қуриб битирилган пайтда уни келиб кўрган инглиз сайёҳи Ралф Фитчнинг ёзишича, Акбарнинг янги пойтахти ўша даврдаги Лондондан икки баробар улканроқ бўлган. Шундай улуғвор шаҳарни яхлит бир санъат асарига ўхшатиб кашф этган ва ўнг беш-йигирма йил ичида қурдирган меъморни узоқ юртлардан келган одамлар бир кўриб кетишга интилар эдилар.
Қиличхон Андижоний «дарбор» деб аталадиган қабул кунида Акбарнинг ҳузурига оқ юзли, қўнғир соч, барваста бир сайёҳни бошлаб кирди. Ўсиқ соқолига оқ оралаган бу одам — москвалик тужжор Матвей Калитиннинг ўғли Аким эди. Қиличхон уни бундан қирқ йил бурун Эроннинг Мозандаронида, Ҳазар денгизи бўйига кемада сизиб келган пайтда кўрган эди. Ўшанда Ҳумоюн Матвейнинг Московиядан Аграга совға қилиб олиб борган самур пўстини ва қарчиғайига жавобан ёқут инъом қилгани Қиличхоннинг ёдида бор эди. Энг муҳими, Аким Мат- веевич Адан орқали ўтиб келаётганда Гулбадан бегимнинг тақдиридан хабар топган ва сўнгги янгиликларни эшитиб келган эди.
Қиличхон бунинг ҳаммасини айтганда Акбар узоқ юртдан келган меҳмонга қизиқиб пешвоз чиқди. Аким Матвеевич бошидан картузини олиб, унга таъзим қилди-да:
— Газрати алийлари! — деб сўз бошлади. У туркий тилни Қозонда ўрганган ва булғор татарларини эслатадиган талаффуз билан сўзлар эди: — Сизнинг буюк қудратингизга турк султони ҳам тан бермишдир. Юборган элчингизни бик яхши қабул қилган. Адан ҳокимига қарши аскар юбориб, Гулбадан бегимни асирликдан бушатувға мажбур итган. Мен Аданға келганда барча эл-улус шул тўғрида сўзлаб юрурлар экан. Бегимнинг улуғ оғалари мирзо Ҳумоюнни мен Ҳазар бўйинда кўрганим ёдимға тушди. Буюк падарингиз менинг отамға зўр бир ёқут берган эди. Раҳматли отам ул ёқутни менга мерос қилиб қолдирған. Мен ҳалигача бу ёқутни қалбим ёнида асраб юрурмен.
Аким Матвеевич қўйнига қўл солиб, юмалоқ чарм ҳамёнчани олди-да, ичини очди. Тўқ қизил ёқут Акбарнинг кўзига чўғдай ялтираб кўринди. Унинг ўзи ҳам отаси ёзиб берган тўрт сатр шеърий тилакни ҳалигача тумор қилиб кийими ичидан осиб юрар эди. Кўкрагининг чап томонини пайпаслаб, туморчанинг салқин ипаги баданига текканини ҳис қилганда олис юртлардан ҳам аммасининг, ҳам отасининг хабарини олиб келган Аким Калитин кўзига жуда иссиқ кўринди.
— Хушхабар келтирганингиз учун сизга ташаккур, жаноби Аким. Аданда Гулбадан бегимнинг одамларидан кимни кўрдингиз?
— Аҳмад Бухорийни кўрдим. У билан ҳам қирқ йил бурун Ҳазар денгизи бўйида танишган эдик. Аҳмад Бухорий кексайиб, мўйсафид бўлиб қолибдир.
— Мен уни аммамга қўшиб юборган эдим. Ҳозир аҳволлари нечук экан? Саломатликларини
284


сўрадингизми?
— Турк султони Адан ҳокимига фармон бериб, бегимни хушҳаво бир кўшкка ўтказибдирлар. Соғлиқлари яхши экан. Фақат «Тезров» деган кемалари етти ой қаровсиз ётгани учун ичидаги нарсаларини талаб, баъзи жойларини бузган эканлар. Ҳозир сиз юборган одамлар Аҳмад Бухорий бошчилигида кемани тузатмоқдалар. Бир ойларда тузатиб, Ҳиндистон томонга йўл олмоқчилар.
— Хайрият! — деди Акбар енгил бир сўлиш олиб.
Аким Матвеевич орқага ўгирилиб қаради. Унинг хизматкор йигити оқ ипак матога ўралган катта бир китобни икки қўллаб тутиб турар эди.
— Газрати олийлари! Сиз барча халқларнинг китобларига эҳтиром кўрсатганингизни биз ҳам эшитдик. Улуғ бобонгиз Бобуршоҳ бошлаган нек ишларни сиз давом эттираётганингиздан беҳад шодмиз. Бобур бобонгиз мамлакатларимиз тарихида биринчи бўлиб Москвага элчи юборгани икки томон учун ҳам жуда хайрли иш бўлмишдир. Бобонгизнинг элчиси уч йил Россиянинг Муром шаҳри яқинида истиқомат этган эди. Мен ҳам муромликмен. Бизнинг яқинимизда сўнгги қирқ йил ичида Бабурин деган қишлоқ пайдо бўлди. Бабурин деган номлар ҳам бор. Халқ орасида ривоят тарқалганки, ҳинд шоҳи Бобурнинг авлодлари Муром атрофларига келиб яшаган*.
Улуғ адиб бўлган бобонгизнинг ҳурмати учун биз сизга Россиядан китоб совға қилиб келтирдик.
Аким Матвеевич китобни хизматкор йигитдан олди-да, Акбарга тутди. Акбар китобнинг устидаги оқ ипак пардани кўтариб муқовасига қаради. Четлари зарҳал қилинган қалин чарм муқова устида нотаниш олтин ёзув кўринди.
— Бу — лотин хатими? — сўради Акбар.
— Йўқ, бу — рус хатидир. Бундан беш юз йил муқаддам Кирилл билан Мефодий номли улуғ ватандошларимиз шу алифбони кашф қилмишлар.
Беш асрдан бери ўз алифбосида иш олиб борадиган халқнинг китоби Акбарга энди жуда қизиқарли кўринди:
— Бу китобнинг номи недур?
—«Апостол». Исо пайғамбарнинг энг ишонган ўн икки ёр-дўсти, халифаси бўлган. Шулар бизда апостол деб эъзозланур. Сизлардаги чорёрлар каби.
— Ундоқ бўлса, бу табаррук китоб экан! — деб, Акбар совғани эъзозлаб кўзига сурди.
У китобни варақлаётганда ҳар бобнинг бош ҳарфларига махсус расмлар ишланганини кўрди, бироқ матнлар қўлда кўчирилганга ўхшамаслигини сезиб таажжубланди. Шунда Аким Матвеевич ўзи келтирган китобнинг босмахонада қандай чоп этилганини айтиб берди.
Китоб чоп этиш ҳали шарқ мамлакатларига етиб келмаган, Акбар бунинг нималигини билмас эди. Аким Матвеевич унга Иван Фёдоров деган кишининг Москвада биринчи бўлиб милодий 1563-йилда очган босмахонаси бир марта терилгандан сўнг китобни зудликда ўнлаб нусха босиб чиқариши мумкинлиги Акбарга жуда катта янгилик бўлиб туюлди.
— Аммо бизда ҳам янгиликдан жони чиқадиган руҳонийлар бор, — деди Аким Матвеевич. — Иван Фёдоров Москвада биттагина китобни чоп этишга улгурди. Кейин руҳонийлар уни даҳрий «антихрист» деб айбладилар. Фёдоровнинг босмахонаси ёғоч уйга ўрнатилган экан. Жоҳиллар бу уйга ўт қўйиб, ҳаммасини куйдириб юборадилар. Иван Фёдоров Москвадан қочиб, чет бир вилоятга боради.
— Подшоларингиз ким?
— Подшомиз Иван Грозний Қозон, Астрахан хонликларини забт этиш билан банд эди. Кейинчалик унинг рухсати билан Фёдоровнинг босмахонасида кўпроқ диний китоблар чоп этиладиган бўлди.
Акбар Иван Грознийнинг Қозон ва Астрахан хонликларини қандай забт этганини Аграга келиб кетган Эрон элчисидан эшитган эди.
285


— Жаноб Аким, биз ҳам бегуноҳ фаришталар эмасмиз, шафқатсиз урушлар қилиб, беҳуда қонлар тўккан пайтларимиз бўлган. Лекин ҳозир шундай хулосага келдикким, қилич билан одамларнинг дилини яралаб эришилган ғалаба бебақо экан. Ундан кўра одамларнинг қалбига яхшилик билан йўл топиб эришилган ғалабанинг умри узоқ бўлгай.
— Сиз менинг дилимдаги гапни айтдингиз, ҳазрати олийлари. Қонни қон билан ювиб бўлмагай. Тождорлар қилган шафқатсизликлар учун халқлар айбдор эмас. Қозонда менинг дўстларим бор. Россиянинг виждонли кишилари Иван Грознийнинг аёвсиз ишларини афсусланиб тилга олурлар. Чунки у жаҳл устида ҳатто ўзининг катта ўғлини темир ҳасса билан уриб ўлдириб қўйган. Лекин унинг тарихга кирган яхши ишлари ҳам бор: тарқоқ ўлкаларни Москва атрофига бирлаштириб, улкан давлат тузди. Яна бир нек иши — Москвада, биз Кремл деб айтадиган улуғ қизил қалъа ёнида Қозон фатҳига бағишланган муҳташам бир обида — собор қурдирди. Орқада турган хизматкор йигит Аким Матвеевичнинг ишораси билан чўзинчоқ ёғоч сандиқчани олиб келди. Ўрол тоғларининг ранг-баранг тошлари билан зеб берилган бу сандиқча ичида рангдор суратлар бор эди. Акбар Москвада Кремлнинг кунгирадор қизил деворларини, қуббаларига яхлит олтин қопланган баланд қўнғироқхоналарини шу суратларда кўрди. У Қозон соборининг тасвири чизилган расмни қўлга олиб қараётганда:
— эътибор беринг, ҳазрати олийлари, — деди Аким Матвеевич. — Рус меъморлари Қозоннинг ўзига хос қиёфасини бу обидада эҳтиром билан ифодалашга интилганлар. Собор тепасидаги баъзи қуббаларнинг тарам-тарамлари менга муслим салласининг ўрамларини эслатур.
— Гапингиз асосли, жаноб Калитин, мен ҳам бу обидада миллий адоват эмас, аксинча, турли имон-у эътиқодларга ҳурмат ифодасини кўрмоқдамен. Эл-улуслар орасидаги ўзаро эҳтиром ўчоқда сақланадиган чўғ каби ҳамиша бордир. Фозил кишилар шу чўғни кул орасидан излаб топиб, унинг ёрдамида катта гулханлар ёқмоғи мумкин. Биз ҳозир Одам Ато фарзандларини ана шундай маънавий гулхан атрофига тўплаш ҳаракатидамиз.
— Биз ҳам шу гулхан ёруғини узоқдан кўриб келдик!
— Қадамингиз қутлуғ бўлсин! Подшоларингизда Ҳиндистондай узоқ мамлакатларга элчи юборишга ҳозирча имкон бўлмаса... майли. Лекин элчилар ишини яхши китоблар-у сиз каби жасур сайёҳлар ҳам қилмоғи мумкин.
Акбар китобдорни чақиртирди ва «Бобурнома»нинг янги кўчирилган бир нусхасини олиб келишни буюрди. У Аким Матвеевичга берар экан:
— Сиз бизни Московиядан йўқлаб келганингизнинг ўзи катта бир қадрдонликдир, жаноб Аким! — деди. — Ҳазрат бобомиз мамлакатларимиз орасида шундай қадрдонлик бўлишини истаб элчи юборган эканлар. Руслар қадршунос эл эканки, бобомизнинг бу хайрли ишини унутмасдан, номини ўз одамларига қўйибдирлар, қишлоқларини Бабурино деб атабдирлар. Бу — таҳсинга сазовор фазилатдир. Сиз туркий тилни билар экансиз. Шунинг учун «Бобурнома»нинг асл туркийча нусхасини сизга инъом этдик!
Аким Матвеевич зарҳал муқовали китобни олиб, эъзозлаб кўзига сурди-ю:
— Мен бу китобнинг шуҳратини бутун мамла-катимизга ёйгаймен, — деди. — Ватандошимиз Афанасий Никитин юз йил бурун биз учун Ҳиндистонни очган эди. Унинг «Уч денгиздан нарига саёҳат» номли китобида бизнинг Ҳиндистонга бўлган беғараз қизиқишимиз, самимий эҳтиромимиз ифода этилмишдир. Биз баъзи фарангиларга ўхшаб, Ҳиндистон атрофидаги денгизларга хўжайинлик қилмагаймиз, оролларни босиб олмоқчи эмасмиз, фақат холис ният билан ҳамкорлик қилишни истаймиз.
— Сиз фаранги тилларини ҳам билсангиз керак?
— Ҳа, билурмен. Денгиздан португал кемасида ўтиб келдим. Шунда уларнинг ўзаро гапларидан тушундимки, Аданда ҳазрат аммангизни сизга қарши қўзғатмоқчи бўлган кучлар орасида португаллар ҳам бор экан. Улар зимдан ёмонлик қилишда беҳад катта тажриба орттирмишлар. Беғараз ҳайрихоҳингиз сифатида айтиб ўтмоқчимен. Улар сизни ўз динларига ўтказиб, кейин бутун Ҳиндистонни мустамлака қилиш орзусидалар.
286


Акбар истеҳзоли кулди:
— Ушалмайдиган орзу! Мен барча имон-у эътиқодларни баробар кўрганим учун падреларга пойтахтдан жой бердим.
— Албатта, португаллар орасида адолатпарвар, ҳалол одамлар ҳам бор. Лекин мен уларнинг шафқатсиз қулфурушларини ҳам кўрдим. Улар Оврупонинг қул бозорларига бечора қора танлиларни Африкадан кемаларга босиб бориб, олтинга сотмоқдалар. Сиз Ҳиндистонда қул бозорларини беркиттириб олижаноб иш қилибсиз. Қулларни озод этибсиз. Аммо фарангилар янги кашф этилган Америка қитъасида ҳам қул бозорлари очмишлар, ҳабашистонлик юз минглаб қора танлиларни кемаларда Америкага элтиб, қул қилиб сотибдирлар. Шу йўл билан беҳисоб кўп бойлик орттирибдирлар.
— Инсонфурушлик билан орттирилган бойлик — дунёдаги энг ҳаром бойликдир! — деди Акбар нафрат билан.— Мен билурмен, биз бўш келсак, ҳиндларни ҳам «қора танли» дейишиб, кемаларга босиб кетиб, қул қилиб сотишга тайёр фарангилар бор. Аммо биз тирик эканмиз, улар бу шум ниятларига етолмагайлар!
Гап орасида Акбар меҳмонга савол берди:
— Биздан не тилагингиз бор, меҳмон?
Аким Матвеевич бир ўйланиб олди. Жизя ва тамға солиқларининг бекор қилингани, барча насораларнинг ҳуқуқлари муслимларники билан тенглаштирилгани Аким Матвеевич каби ажнабий сайёҳларга жуда катта енгиллик бермоқда эди. Калитин ўзи учун ҳеч нарса сўрамоқчи эмас, фақат шу ерда учратган бир ватандошининг мушкулотини осон қилгиси келар эди. Парамон деган киши ёшлигида Волга дарёси бўйларида Қрим хонлари билан бўлган жангда яраланиб, асир тушгандан сўнг уни қул қилиб сотган эканлар. Фалакнинг гардиши билан Ҳиндистонга келган бу одам ўзига ўхшаган насора аёлга уйланиб, иккита фарзанд кўрган экан. Касби иморатсоз уста. Акбарнинг янги пойтахтини қуришга ўн етти йил меҳнати сингган. Лекин ҳали ҳам она тилини унутмаган экан. Аким Калитин у билан русча гаплашганда кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. «Бирга олиб кетинглар, биродарлар, қолган умримни Ватанимда ўтказай!» — деб ялинди. Аммо саркори унга жавоб бермади. Чунки ўғли ҳам ганчкор уста экан. «Бундай катта усталарга ҳазратим ўзлари жавоб бермасалар, менинг ҳаққим йўқ!» — деб туриб олди.
Акбар бу гапни эшитиб, Қиличхонга юзланди ва гап қайси уста ҳақида бораётганини сўради.
— Уста Пармон бўлса керак, — деди Қиличхон,— ўзи ҳозир ташқарида қабулингизни кутиб турган эди.
Акбар Миритузукка уста Пармонни чақиришни буюрди. Ҳиндистон офтобида юзлари қорайиб кетган эллик ёшлардаги кўккўзли миқти одам эшикдан таъзим қилиб кирди:
— Менинг асли отим Парамон, ҳазрати олийлари! Ўзим Волга бўйларида ўсганмен. Мени қул қилиб сотган эдилар, сизга раҳмат, биздан «қул» деган иснодни олиб ташладингиз. Менинг орзуйим — ватанга қайтиш эди. Ахир бизни ватандан зўравонлик билан жудо қилган эдилар! Ижозат берсангиз, оилам, ўғлим билан энди Россияга кетсам...
— Аммо биз сиздек яхши устоларни қайдин топурмиз?
— Ҳазрати олийлари, йигирма йилда тўққизта шогирд етиштирдим, ҳеч бири иморатсозликда мендан қолишмагай!
Акбар Абулфазлни чақиртирди:
— Жаноб вазир, фармон битинг: уста Пармоннинг оиласи билан бирга ватанига қайтиб кетишига рухсат берилсин. Янги пойтахтни қуришда ўғли билан қилган кўп йиллик меҳнати учун унинг ватанига етиб боргунича кетадиган йўл харажатлари хазинадан тўлансин.
— Бош устига, ҳазратим! — деб Абулфазл бу фармонни дарҳол бажариш учун орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Уста Парамоннинг қувончи ичига сиғмай, ёнидаги Аким Матвеевични қучоқлаб ўпа бошлади... Ўша кунлари Антони Монсеррате ва Рудолф Аквавива Гоага қайтиб кетиш ҳаракатида юрган
287


эди. Акбар Аким Калитин ва уста Парамонни падрелар билан бир карвонга қўшиб жўнатди. Гоа оролида Калитинлар Португалия кемасига тушиб Европага йўл олдилар*.
Падрелар эса оролда қолишди.
______________
* Т а с в и р х о н а — мусаввирлар даргоҳи.
* Аслида бу — Бобур юборган элчининг халқ хотирасида ўзгарган ва бойиган ҳолда сақланиб қолганлигини кўрсатувчи ривоятдир. Бабуринский хутор, Бабурино деган жойлар ва Бабурин деган исмлар улуғ рус ёзувчиси И. С. Тургенев яшаган даврда ҳам бўлган. Шу сабабли И. С. Тургенев ўзининг «Пунин ва Бабурин» деган повестида Парамон Семёнович Бабуриннинг ҳинд шоҳи Бобурдан келиб чиққанлиги ҳақидаги ривоятдан фойдаланади.
Рус совет олимаси Г. Ф. Благова эса Бабурино деган қишлоқларнинг Муром ва Киржач атрофларида 1960-йилларда ҳам бўлганлигидан гувоҳлик беради. * Фатҳпур-Секрида асоратдан қутқарилган бир рус оиласи Португалия миссионерлари ҳамроҳлигида Ҳиндистондан жўнаб кетганини инглиз олими В. Смит «Акбар» номли китобида қайд этган.
***
Акбар ҳам, ўғиллари ҳам католик динига ўтмаганлиги Гоадаги португал маъмурларини жуда кўнгилсизлантирди. Улар Монсеррате ва Аквавиванинг Акбар давлатида олиб борган уч йиллик ишларини «муваффақиятсиз миссия», деб баҳоладилар. Фақат падрелар келтирган ҳарбий маълумотлар фойдали деб топилди. Айниқса, Алберт Перейронинг Алибек деган туркийча ном билан шаҳзода Салим мулозимлари орасига ишга олинганлиги ва Фатҳпурда қолганлиги Гоа ҳокимини мамнун қилди. Чунки Акбар саройида Алберт Перейродай тадбиркор хуфиянинг иш олиб бориши португаллар учун жуда зарур эди. Гоа ҳокими Перейро билан алоқа боғлаш учун савдогар қиёфасидаги махсус одамни Гоадан Фатҳпурга жўнатар экан:
— Сенёр Албертга айтинг, қайтиб келганда биз уни генерал унвонига тақдим этмоқчимиз, — деб ваъда берди. Кемасозликка оид эски китоблардан унга кўпроқ олиб бориб беринг. Акбар билан унинг ўғлига бизнинг тажрибамизни истеъмолдан қолган эски кемалар асосида ўргатсин. Афғон юсуфзайлари билан алоқани узмасин. Алберт уларнинг қўзғолончи пирлари — равшанийларни билади. Кобул юришига борганда Пешоварда улар билан танишган. Равшанийлар Ҳайбар довони этагида Акбарга қарши исён кўтарганлар. Аммо равшанийларнинг пешвоси шайх Жалолиддинни Акбар Фатҳпурда ҳибсда сақламоқда эмиш. Равшанийлар бу шайхни ҳибсдан бўшатиш ҳаракатида эмишлар. Сиз Фатҳпурга борган заҳотингиз равшанийлар пири шайх Жалолиддинни ҳибсдан қочирмоқнинг йўлини изланг. Бу пир қочиб чиқса, равшанийлар исёни янада авжланиб, Ҳайбар довони бекилиб қолгай. Бизга худди шу керак! Акбарнинг кучлари шимолий чегаралар ташвишидан бўшамасин!
Гоа ҳокимининг бу фикри Рудолф Аквавиванинг кўнглидаги гап эди:
— Сиз мутлақо ҳақсиз, сенёр витсе-қирол! — деди Аквавива. — Биз уч йил Акбар саройида юриб шунга амин бўлдикки, ҳозир бутун Шарқни ларзага солаётган тўртта энг зўр давлат туркий сулолалар қўлидадир. Кичик Осиёда турк султонлари, Эронда буюк шоҳ Аббос номи билан улуғланаётган озарбайжонлик Сафавий, Туронда Абдуллахон Шайбоний. Хайриятки, бу тўрт давлат бирлаша олмайдир, акс ҳолда, биз уларга бас келадиган куч топа олмас эдик. Аммо туркий подшолар орасида биз учун энг хатарлиси — Акбардир. Нариги учаласи шиа сунний низолари туфайли бир-бирига ашаддий душман. Аммо Акбар ҳар учала туркий сулола билан муроса йўлини топиб, борди-келди қилиб турибдир. Ҳатто турк султони Мурод Акбарнинг ҳурмати учун Аданда асира бўлиб қолган Гулбадан бегимни қутқаришга ёрдам берибдир.
— Бу бегим Фатҳпурга қайтиб боргани ростми?
— Ҳа, уни тантана билан кутиб олдилар. Энди турк султони денгиз кемалари қурадиган усталарни ҳам Акбар ҳузурига юбормоқчи эмиш. Турк ҳарбий флоти ҳозир Ўрта ер денгизида ҳукмрон, бизга у ёқларда кун йўқ. Шундай зўр флот Ҳинд уммонида ҳам пайдо бўлса, Гоа билан хайрлашишга тўғри келгай!
— Йўқ, бунга йўл бермаслик керак! — деди Гоа ҳокими ва Фатҳпурга жўнатаётган савдогар-
288


хуфияга уқтирди: — Шайх Жалолиддин тезроқ ҳибсдан қочирилмоғи шарт! Ғайридин Ман Синх Кобулда ўз ражпутлари билан ҳукмрон бўлиб тургани муслим афғонларнинг иззат-нафсига тегмоқда. Биз сув йўли орқали Пешоварга махсус одамлар, қурол-яроғлар юборгаймиз. Ҳинд- муслим низоларини аланга олдирмоғимиз зарур! Шуни Перейрога яхшилаб тушунтиринг! Алберт Перейро Фатҳпурда мана шу кўрсатмалар асосида шайх Жалолиддинни ҳибсдан қочиришга муваффақ бўлган пайтда Гоанинг католик черкови Антони Монсерратени Арабистон ва Туркияга махфий топшириқлар билан жўнатди. Бироқ турк султони Акбардан кўра шафқатсизроқ эди. Монсеррате муслимлар орасида насора динини тарғиб қилганлиги учун Синан деган жойда қамоққа олинди ва етти йил ҳибсда ётди. У қамоқдан қутулиб Гоага қайтганда Рудолф Аквавива аллақачон оламдан ўтган эди.
маълум бўлишича, Рудолф муқаддас мартирлик унвонини оқлаш учун Гоа яқинидаги ҳинд қишлоқларида қатъий ҳаракатлар қилади. У иезуитлар ғояси учун ўзини шаҳид қилишга кўпдан тайёрланиб юрганини, мартирлик унвони шуни тақозо қилишини Монсеррате биларди. Ўттиз уч ёшли Рудолф Селсет қишлоғида бир эски ибодатхонани католик черковига айлантирмоқчи бўлади. Тўртта бақувват португал йигитини ишга солиб, ибодатхонадаги мажусий ҳайкаллар ўрнига салиб ўрнаттираётган пайтда ерли аҳоли бирдан исён кўтаради-ю, Рудолфни ҳам, унинг тўрт йигитини ҳам уриб ўлдиради.
***
Акбарнинг ҳаётини яқиндан кузатиб, у ҳақда махсус асар ёзаётган ҳинд тарихнавислари орасида икки киши аввал тенгқур, дўст, кейин эса бир-бирига ашаддий рақиб бўлиб кетдилар. Буларнинг бири Абулфазл бўлса, иккинчиси — Абдуқодир Бадавний эди. Улар Акбар саройига деярли бир вақтда келишган ва хизматни энг паст поядан — доғ қилинган отларни хатлайдиган битикчиликдан бошлаган эдилар. Кейин Абулфазлнинг омади келиб, вазирлик лавозимига кўтарилди. Бироқ, Абдуқодир Бадавний саройдаги еттита оддий имомлардан бири бўлганича қолди. Лекин у ўзини қалами ўткир, истеъдодли муаррих деб билар, саройда, ҳарбий юришда, ибодатхонада Акбарни зимдан кузатиб, унга боғлиқ энг муҳим воқеаларни дафтарига ёзиб борарди. Бир кун эмас бир кун Акбарнинг назари Бадавнийга ҳам тушиши ва унинг ҳам Абулфазлдай кўтарилиб кетиши эҳтимолга яқин туюларди. Шунинг учун Бадавний «Мунтахабут таворих» (яъни, танланган тарихлар) деб аталган ёзувларининг бош қисмларини Акбарга ихлосманд одам сифатида ёзди: «Ҳазрати олийлари кўп йиллар давомида қарама-қарши фикрларни бир-бирига муқояса қилиб, уларнинг орасидан ҳақиқатни топишга ўргандилар. Ҳазратимнинг янгича эътиқодлари худди тошга ўйилган суратдай узоқ ўйлар, мунозаралар натижасида аста-секин шаклланиб борди. Бу эътиқод бўйича, ақлли одамлар ҳамма миллатлар орасида ҳам бор, уларни йиғиб якдил қилмоқ савобли иш эмасми?»
Бадавний Акбар томонда туриб ўзича бу саволни берган пайтларда ҳали маънавий зилзилалар ва шайхлар исёни бошланмаган эди. Мулла Абдуқодир Ажмирдаги машҳур Муйиниддин Чешти мақбарасининг пешвоси бўлиш умидида эди. Бу мақбарага Акбарнинг ўзи ҳам пиёда зиёратга борар ва катта эҳсонлар қилар эди. Буни кўрган бек-у аъёнлар ва бошқа одамлардан назр-у ниёзлар дарёдай оқиб келарди. Бу ерда пешво бўлишнинг бойлигидан ташқари, катта нуфузи ҳам Бадавнийни ўзига тортарди.
Лекин Фатҳпурдаги ибодатхонада бўлган диний мунозараларда Бадавний бир неча марта Ансорий томонида туриб, шайх Муборак билан мунозара қилди. Бир марта ҳатто қизиққонлик қилиб, шайх Муборакни даҳрийликда айблади. Акбарга унинг шу ишлари ёқмаган экан. Абулфазл отасига ён босиб, Бадавнийни подшога ёмон кўрсатган бўлиши керак. Акбар Ажмирдаги машҳур мақбарага шайх Муборакнинг тарафдори бўлган бошқа бир одамни пешво қилиб тайинлатди. Кейин Ансорийнинг шайхулисломлиги бекор бўлди-ю, унга яқин имомлар ҳам ишсиз қолди. Шу имомлардан бири бўлган Абдуқодир Бадавний сарой кутубхонасига таржимон бўлиб ишга кирди. Рўзғор тебратиш учун ўзи суймайдиган ғайридинларнинг
289


китобларини форсча шеърга солишга мажбур бўлди.
Шундан кейин унинг Акбардан жуда кўнгли қолди. Лекин подшога қарши норозилик билдириш ҳам хатарли. Исён кўтарган шайхларнинг ёстиғи қуригани Бадавнийни эҳтиёт бўлишга ундайди. У кундуз кутубхонада таржима билан шуғулланиб қайтгач, кечаси уйида эшикни ичдан бекитиб, деразага парда тортади ва хира йилтираган шам ёруғида Акбарга қарши дилида тўпланган норозиликларини қоғозга тўка бошлайди. Унинг назарида, Ансорий ноҳақ қувғин қилингандай, Абулфазл эса имонини подшонинг ислоҳотларига қурбон қилиб катта мартабага эришгандай кўринади. «Мен исломга содиқ бўлганим учун ҳанузгача косам оқармай, муҳтожликда юрибмен», дейди у ичида ва Акбарнинг хатоларини фош қилиш билан ўзини Абулфазлдан маънан устун сезади.
Чунки Абулфазл Акбар даври ҳақида расмий китоб ёзаётгани сарой аҳлига маълум. Бу китобда Абулфазл ўз ҳомийсини фақат мақташга мажбур, унинг айбларини фош қилишга журъат этолмаслиги аниқ. Майли, Абулфазл бойлиг-у шон-шуҳрат ичида чўмилиб юрган бўлса ҳам, адолат ва жасорат бобида Абдуқодир Бадавний ўзининг ундан устун эканини исбот қилади. Мана шу ўй унга илҳом беради, кечалари алламаҳалгача жон чекиб асар ёзади.
Аммо чала ухлаб, эртаси куни кутубхонага ишга борганда уни Акбар тўплаган китобларнинг салобати боса бошлайди. Йигирма мингдан ортиқ китобнинг кўпчилиги — қимматбаҳо қўлёзма нусхалар. Алоҳида жавонда турган юнонча ва фарангича китоблар ёнидан москвалик меҳмон келтирган русча китоб ҳам ўрин олган. Форсча, арабча, туркий ва санскрит тилларидаги китобларнинг бир қисми Акбарга ота-боболаридан мерос қолган. Бошқаларини эса унинг ўзи битталаб йиққанини Бадавний билади. Акбарнинг китобга ишқи баландлигини узоқ юртларда туриб эшитган одамлар гоҳо Эрондан, гоҳо Турондан камёб китоблар олиб келадилар. Дарбор кунлари «ҳазратимга нодир китоб кўрсатмоқчимен» деган одамни унинг ҳузурига тезроқ киритадилар. Акбар китобни синчиклаб кўргач, нарх қўйишни холис бир саҳҳофга буюради. Шерозлик Ҳусайн Инжу деган киши Беҳзод қўли билан саккизта сурат чизилган Шарафиддин Яздий асарини олиб келган эди. Акбар уни саҳҳоф белгилаган нарх билан уч минг рупийга сотиб олди. Бадахшондан келган Фарруҳбек деган киши Ҳилолийнинг «Сифотул ошиқон» номли китобини Акбарга бир минг тўққиз юз қирқ беш рупийга сотганини Бадавний кўрган. Фаррухбек шу биргина китобнинг пулига бош-оёқ кийим ва бошқа талай нарсалар олиши мумкин эди, чунки бозорда бир жуфт атлас ўн рупий, бир қоп буғдой етти рупий, битта қўй уч- тўрт рупий турарди*.
Китоблар шунчалик қиммат бўлгани учун Акбар уларни ҳашарот ва сичқонлар теголмайдиган хушбўй сандал ёғочидан ишланган қутичалар ва жавонларда асрайди. Бадавний бу хушбўй қутичалар ёнида ўлтириб ишлашни яхши кўради. Сарой кутубхонасида шоир Файзий бош китобдорлик вазифасини ўтайди. Акбарнинг топшириғи билан Нақибхон деган олим Бадавнийга қўшилиб «Рамаяна»ни таржима қилмоқда. Файзийнинг ўзи «Инжил»ни юнончадан форсчага маснавий шеър шаклида таржима этмоқда. Ҳиндларнинг тўртта муқаддас китобларидан бири саналган «Ахтарваведа»ни санскритдан форсчага ағдариш Хўжа Иброҳим Сирхиндига топширилган.
Акбар ҳафтада бир марта кутубхонага келиб, қалам аҳлини хонайи хосга йиғади-да, энг яхши таржималардан намуналар ўқитади. Улуғ ҳинд достонлари «Рамаяна» ва «Маҳабхорат» гоҳ Фирдавсий «Шоҳнома»сини, гоҳ Навоий «Хамса»сини эслатувчи улуғвор аруз вазнида жаранглар экан, Акбар ўз қаршисида ўлтирган мавлоноларга мароқ билан қараб қўяди. Бу давра «Хамса»даги Чин шаҳзодаси Фарҳод арман маликаси Ширин, юнон файласуфи Арасту, эронлик Шопур, арабистонлик Қайс каби турли халқ вакилларининг Навоий қалбида ва ижодида бир-бирига яқин қадрдонларга айланганини эслатмайдими? Акбар шу саволга жавоб излаб, қаршисида ўлтирган Абулфазлга, рожа Бирбалга, Азиз кўкага, Тодар Малга, Абдураҳим хони хононга, Бадавнийга бир-бир кўз ташлаб чиқди-да:
— Ажаб! — деб сўз бошлади. — Биримизнинг аждодимиз араб, биримизники ҳинд... Биримиз —
290


афғон, биримиз — туркий улусданмиз. Диний адоватлар туфайли «Рамаяна»дай улуғ достон минг йиллардан буён қўшни тилларнниг бирортасига таржима этилмабдир. Ҳолбуки, барчамизга баробар бўлган умум бир тил топиш мумкин экан-ку! Рожа Тодар Малга балли, бутун давлат ишларини форсий тилда олиб боришга Аграни ҳам, Панжобни ҳам, Гужаратни ҳам, Банголани ҳам кўндирди.
Рожа Бирбал луқма ташлади:
— Ҳазратим, кўнмаганларни Тодар Мал қандай далил билан кўндирганини эшитганмиз?
— Йўқ. Қани, эшитайлик?
— Тодар Мал уларга сизни ибрат қилиб кўрсатмишдир. «Сен уйингда панжобча сўзлашсанг, подшомиз туркийча сўзлашурлар. Лекин давлат идорасида икки томонга ҳам баробар форсий тилда иш олиб боришга подшо кўнса-ю, сен кўнмасанг, ўзингни ҳазратдан баланд олган бўлмайсенми?» — деган. Қани, бу далилдан ҳайиқмай кўрсин!
Шўх оҳангда айтилган бу гапдан кўпчилик бир кулиб олди. Акбар ҳам кулиб туриб деди:
— Ҳар қалай, кўп тил билмоқ — фозиллик аломатидир. Буни бизнинг тутунган фарзандимиз Абдураҳимнинг шуҳрати ҳам кўрсатиб турибдир. Абдураҳим отаси Байрамхон каби ҳазрат Навоийдан ибрат олиб чиройли туркий шеърлар ёзди. Яна форсчада, арабчада битган шеърлари ҳам машҳур бўлди. Сўнгги йилларда Абдураҳимнинг ҳинд тилида ёзган доҳалари* одамлар орасида мақол янглиғ айтиб юрилганига, мана, биз гувоҳмиз. Турли имон-у эътиқодларни тенг кўришнинг энг яхши самараси шу эмасми?
Акбар тўсатдан Абдуқодир Бадавнийга мурожаат қилди:
— Мавлоно, бир вақтлар сиз «Рамаяна» билан «Маҳабхорат»ни «имонсиз китоблар» деб камситган эдингиз. Энди бу асарларни таржима қилиш давомида фикрингиз ўзгарган бўлса керак? Шундай улуғ достонлар яратган халқнинг имони кучли, руҳи қудратли эканини сезгандирсиз?
Бадавнийнинг ранги қўрқувдан оқарди. Наҳотки Акбар унинг яширин ёзувларидан хабар топган бўлса? Бадавний қўл қовуштириб ўрнидан турди:
— Ҳазратим, фақир нонимни ҳалол қилиб ейиш учун жон-жаҳдим билан таржима қилмоқдамен. «Рамаяна» билан «Маҳабхорат»ни форсийча арузда ёзганим сари бу достонларнинг шеърий қудрати мени сеҳрлаб олаётгани рост. Ҳатто ҳиндларнинг имон-у эътиқоди дилимга йўл топиб келгандек бўлур. Исломга хиёнат қилган каби сесканиб кетурмен!
— Агар барча эътиқодларни баробар билганингизда бундай сесканмас эдингиз. Назаримда, сулҳи кулл ҳали дилингизда қарор топган эмас.
Акбарнинг бу сўзлари Бадавнийга «бегонасен!» дегандек эшитилди:
— Ҳазратим, фақир сулҳи куллни тан олганим учун ҳинд достонларини таржима этмоқдамен- ку! Наҳотки, фақирни ҳамон бегоналар қаторига қўшсангиз?!
— Биз эмас, ўзингиз ўзингизни бегона кўрсатмоқдасиз...
Бадавний яна хавотирга тушди:
— Мени афв этинг, фақир қачон ўзимни бегона кўрсатибмен?..
— Мана ҳозир ҳам... — Акбар даврадагиларни бир-бир кўрсатди. — Ҳеч ким соқол қўйган эмас. Фақат сиз биздан норози шайх-у имомлар каби узун соқол билан юрибсиз!
Чиндан, Акбарнинг ўзи соқол қўйган эмас, фақат мўйлови бор. Абулфазл ҳам, Бирбал ҳам, янги эътиқод тарафдори бўлган бошқа кишилар ҳам илгариги узун соқолларини олдириб ташлаганлар, фақат мўйловларини қолдирганлар. Ҳозир Акбар тарафдорларини шундан ҳам таниб олиш мумкин. Лекин эски мусулмончилик тарафдори бўлганлар соқолни «мўйи муборак» деб улуғлашар, «уни олдирганлар даҳрийлар йўлига киргай!» деб таҳдид қилишарди. Бадавний шу таҳдиддан қўрққани учун оқ оралаган чиройли соқолини ҳалигача олдирмай юрар эди. Бироқ ҳозир Акбар уни бегоналар қаторига қўшгани нариги таҳдиддан хатарлироқ туюлди. Кечалари яширинча ёзаётган асари ва унда Акбарнинг айбини фош этаётгани ёдига тушди. Подшонинг хуфиялари бор. Агар уларга буюрилса, Бадавнийнинг уйини яшириқча тинтиб
291


махфий ёзувларни қўлга туширишлари ҳеч гап эмас. Кейин Бадавнийнинг барча орзу-умидлари пучга чиқади! Ундан кўра Бадавний ҳам Акбарга ўзини содиқ кўрсатиб, соқолини олдириб ташлай қолгани афзал эмасми? Яхши кунлар келганда яна соқол қўйиши мумкин-ку!
Шу фикр билан Бадавний келгуси ҳафта Акбар кутубхонага келадиган пайтгача соқолини олдириб, унинг содиқ тарафдорлари қиёфасига кирди. Акбар кулимсираб:
— Жасорат кўргазибсиз, мавлоно! — деди ва сармунши Нақибхонга буюрди: — Ҳижрий минг йилликка* атаб тайёрланаётган «Тарихи алфа»дан бир бобини ёзиш мавлоно Бадавнийга топширилсин!
«Тарихи алфа» — минг йилнинг тарихи деган маънони билдирарди. Шу минг йилдан икки асрлик давр тарихини ёзиш Бадавнийга топширилди ва бу ишга яраша дурустгина маош ҳам белгиланди. Бадавний бундан жуда мамнун бўлди-ю, лекин соқол олдиргани туфайли илгариги маслакдош дўстларидан кўп таъналар, истеҳзолар эшитди. Исломга садоқат сақлаб соқолини олдирмай юрган шайхлар Бадавнийни сотқин ҳисоблаб, ундан ўзларини олиб қочадиган бўлдилар. Бадавний эса ойнага қарагиси келмай қолди. Чунки илгариги бўлиқ соқоли ингичка хунук иягини бекитиб, уни ўзига ҳам чиройли ва салобатли кўрсатарди. Ҳозир ойнага қараса, юзи сичқонникидай фариштасиз туюлиб, таъбини тирриқ қилади. Бунинг устига Бадавний кутубхонада ўлтириб таржима қилаётган ҳинд достонининг ғайридинларга хос таъсири уни даҳрий қилиб қўяётгандай бўлади. У худонинг ғазабидан қўрқади, дилини гуноҳлардан поклаш учун кечқурун уйга қайтганда яхшилаб таҳорат қилади, намоз ўқийди, сўнг Қуръон сураларидан дилимга яқин туюлганларини тоза оқ қоғозга хаттотларча чиройли ҳарфлар билан кўчиришга тушади.
Абдуқодир Бадавний ўзини яна имони бут муслимдек ҳис қила бошлагандан кейингина Акбар ҳақидаги яширин асарини ёзишга ўтади.
Акбарга қарши исён кўтаргани учун Гангага чўктириб юборилган қозикалон Муҳаммад Яздийни Бадавний «шаҳид» деб улуғлайди. Акбар ўзининг ўн тўрт рупийлик олтин ашрафий тангасига калимайи шаҳодатни ёздирмаганини «исломга хиёнат» деб қоралайди. Шайхлар ғалаёни бостирилганда бу ғалаёнга қатнашган имомлар жазодан қўрқиб қочган, ўша кезларда баъзи масжидлар ҳувиллаб, бўшаб қолган, уларнинг айримларини ҳарбий қоровуллар эгаллаган эди. Бадавний шуни назарда тутиб, «Акбар масжидларни қоровулхонага айлантирмоқда, омборхона қилиб қўймоқда», деб куйинади.
Айниқса, Акбарнинг қамарий йил ҳисобидан шамсий ҳисобга ўтиш ҳақида чиқарган фармони Абдуқодир Бадавнийни қаттиқ норози қилади. Муқаддас рамазон ойи наҳотки унутилса? Ражаб, муҳаррам... одамлар болаларига исм қилиб қўядиган бу номлар Бадавнийнинг қулоғига беҳад сеҳрли эшитилади.
Бироқ ой тўлишига қараб ҳисобланадиган қамарий ойлар шамсий ойлардан қисқароқ, шунинг учун ҳар йили ўн-ўн бир кун ортиб қолади. Қамарий ойлар ҳам ўн-ўн бир кундан сурила- сурила, рўза гоҳ қишда, гоҳ ёзда келади. Акбар кузда туғилган бўлса ҳам, қамарий ойлар сурилиб юргани учун ўз туғилган кунини гоҳ баҳорда, гоҳ ёзда нишонлашга мажбур. Йил фаслларининг аниқ ҳисобини олиб иш кўрадиган деҳқонлар, косиблар, бошқа ҳунар эгалари учун ҳам мудом кўчиб юрадиган қамарий ойлар кўп ноқулайликлар келтиради. Шунинг учун халқ орасида азалдан бор бўлган шамсий ҳисоб (ҳар йили аниқ бир вақтда келадиган наврўз, саратон, мезон) кўпроқ истеъмолда бўлади.
Бадавний учун эса шамсий ойлар ҳам, наврўз байрами ҳам оташпарастлик давридан қолган бидъат. У фақат ҳижрий йил ҳисобини муқаддас деб билади. Акбар шу келаётган ҳамал ойидан бошлаб бутун давлат ишларини шамсий ҳисобга ўтказиш ҳақида фармон чиқаргани Бадавнийга «кофирона фармон» бўлиб кўринади.
Кундузлари Акбарнинг шаънига мақтовлар айтиб, «Маҳабхорат» ва «Рамаяна»ни таржима қилиб пул ишлайдиган бу одам кечалари эшик-деразани бекитиб, Акбарнинг худодан қайтганлигини исбот этувчи далилларни қоғоз юзига бирма-бир тизарди ва бисотида бор
292


диний айбларни унга тақарди. Биладики, бу айблар Акбар ҳукмронлигининг илдизига уриладиган болтанинг ишини қилади. Чунки одамлар подшонинг диндан қайтганини билсалар, уни тахтдан туширишга ҳақли бўладилар. Шаҳзода Салим отасининг ислоҳотларига зимдан қарши эканини Бадавний эшитган. У ўз «Мунтахаби таворихини» келажак авлод учун ёзмоқда. Бадавний Акбардан ёш, ҳали унинг даври тугайдиган кунни ҳам кўришига ишонади. Мана шу ишонч унинг қаламига куч, дилига мадад беради.
_____________
* Бу нархлар Абулфазлнинг «Ойини Акбарий»сида келтирилган. *Доҳа — иккисатрлиқисқашеър.
* Ҳижрий минг йиллик милодий 1592-йилда киради.
***
Акбар топшириғи билан худди шу давр ҳақида очиқчасига китоб ёзаётган Абулфазл эса бутунлай бошқа манбалардан руҳий мадад олади. У ўз ватани Ҳиндистонни севади. Бундан ўттиз-қирқ йил олдин ўз-аро урушлар ва миллий низолардан абгор бўлиб заифлашиб қолган Ҳиндистон ҳозир дунёнинг энг қудратли давлатлари сафига кираётганидан қувонади. Акбарни ғарбдаги Англиядан тортиб шарқдаги Хитойгача ўнлаб мамлакатлар тан олиб, элчилар юбормоқда. Бу элчилар: «Ҳозир дунёда иккита энг қудратли ва обрўли мамлакат бўлса, бири Ҳиндистондир!» деб айтганларини Абулфазл ҳар эшитганда ифтихор туйғусидан қалби бир даража ўсади.
Ахир у ёшликдан ўз ватанининг мана шундай юксалишини орзу қилмаганмиди? Отаси билан б