ЛАХЎР, КОБУЛ ДЎСТДАН КЎП ДУШМАН
Ҳиндикуш тоғларидан тушиб келаётган Кобул дарёси тор тангилардан ўтиб, жанубга шошилади. Ҳимолай тоғларидан бошланадиган Ҳинд дарёси шарқдан Панжоб текислигига отилиб тушади-да, Пешоварнинг кунботиш томонида Кобул дарёси билан қўшилиб, айқашиб кетади.
Акбардан тўрт ёш кичик бўлган иниси Муҳаммад Ҳаким милодий 1581-йилда мана шу дар- ёлардан ўтиб, Панжобга йигирма беш минг қўшин билан бостириб кирди. Бу ерда уни Акбарнинг ислоҳотларидан норози бўлган шайхлар ва уларнинг қавмлари қучоқ очиб кутиб олдилар. Муҳаммад Ҳаким Лахўрни йўлакай ишғол қилиш умидида эди. Масжидларда шовқин- сурон кўтариб, Акбарни динсизликда айблаб юрган имомлар Муҳаммад Ҳакимни аллақачон подшо эълон қилиб, номини хутбага қўшиб ўқитмоқда эдилар.
Лекин Панжоб аҳолисининг кўпчилиги бу диний исёнга қўшилмай сукут сақлаб туради. Чунки Панжобда ҳам мусулмонлардан кўра ғайридинлар кўп, улар жизя солиғининг бекор қилинганидан мамнун, Акбарнинг барча имон-у эътиқодларни тенглаштиришга интилаётгани кўпчиликка манзур.
Рави дарёсининг баланд қирғоғида турган ва сўнгги ўн йил ичида деворлари қайтадан мустаҳкамлатилган Лахўр қалъасини Ман Синх бошлиқ қўриқчи аскарлар ичкаридан маҳкам бекитиб олдилар.
Бу орада Акбар қирқ беш минг отлиқ қўшин, беш минг фил, ўн минг пиёда аскар билан Деҳли ва Панипатдан ўтиб, Панжобга яқинлаша бошлади.
Қўшин сафида унинг ўғиллари Салим ва Мурод билан бирга фаранги тили муаллими Антони Монсеррате ҳам ўз халфаси Алберт Перейро ҳамроҳлигида келмоқда. Рудолф Аквавивани
272


Акбар Фатҳпурда қолдирди — бу падренинг насора динини ҳаддан ортиқ эҳтирос билан мақташлари унга хуш келмади.
Алберт Перейро эса Салимга гоҳи-гоҳида португал ҳарбий кемаларининг суратларини чизиб кўрсатади ва уни амирал баҳр бўлишга қизиқтиради. Алберт бу ишларни атайлаб шаҳзоданинг атрофидаги одамларнинг кўзи олдида қилади. Чунки у кетига махсус пойлоқчи қўйилганини, Перейро ва Монсерратенинг нималар қилаётганини Акбарга етказиб турувчи хуфиялар борлигини билади.
Акбарнинг асл мақсади ҳам фарангиларнинг қуввайи баҳрияларига оид тажрибаларини ўғилларига ўргатиш бўлганлиги учун Алберт Перейронинг Салим билан денгиз ва кема мавзуларида узоқ-узоқ суҳбатлашишларига йўл бериб қўйган.
Монсеррате эса шаҳзодаларга тил ўргатишдан вақт орттирганда чодирда ўлтириб эсдаликлар ёзиб боради. У ҳали ҳеч бир фаранги умрида кўрмаган жойларни кўраётгани, Акбардай улуғ саркарданинг ҳарбий юришига иштирок этаётгани учун ўз толейидан мамнун. Монсеррате Европа учун ҳали бутунлай номаълум бўлган бу ердаги ҳаёт тарзини ва Акбар шахсига оид ўз таассуротларини ёзиб бормоқда. Португалияда ўша даврларда эсдаликларни «Комментария», яъни «Изоҳлар» — деган сарлавҳа билан ёзиш одат бўлган эди. Монсеррате ҳам ўз эсдалик дафтарини шу ном билан атади. Акбар падреларни ҳар ҳафтада бир марта қабул қилиб, узоқ- узоқ суҳбатлашган эди. Монсеррате Акбарнинг қалби ҳис-туйғуларга бойлигини суҳбат пайтида кўзларидан ҳам сезди. Акбарнинг кўзлари унга денгиз тўлқинларининг қуёш нурларида жилваланишини эслатган пайтлари бўлди. Бу кўзларда денгизнинг теранлиги ҳам, бағри кенглиги ҳам, тўфон пайтида даҳшатли кучга айланиб кетиши ҳам акс этаётгандай туюларди. Монсеррате фақат бир нарсани афсус билан қаламга олдики, Акбар ҳазрати исонинг умуман отаси бўлмаганига, Биби Марям осмондаги илоҳий руҳдан ҳомиладор бўлганига ҳеч ишонмади. Монсерратенинг бутун эътиқоди эса муқаддас учлик — ота, ўғил ва илоҳий руҳ бирлигига асосланган. Чўқинганда бошга ва икки елкага уч бармоқни теккизиб олиш ҳам шу учликни тан олишдан келиб чиқади. Бироқ Аквавива ва Монсеррателарнинг ойлар давомида католик динини жон-жаҳдлари билан тарғиб қилишларига қарамай, Акбар бу учликни «афсона» деб атади ва тан олмади.
— Отасиз фарзанд бўлиши мумкин эмас! — деб туриб олди.
— Ахир биз келтирган китобни кўзга суртиб, ўпиб қабул қилдингиз-ку, ҳазрати олийлари! — деди Аквавива илтижо билан. — Энди муқаддас учликни ҳам тан олиб бир марта чўқина қолсангиз биз муродга етган бўлардик.
— Китоб — жаҳолат тунини қувғувчи чироқдир,— деди Акбар. — Шунинг учун мен уни нондек эъзозлаб кўзга сурдим. Етти иқлимдан келган ҳақиқат изловчилар билан ибодатхонада йиллар давомида суҳбатлашдим. Ҳақиқат турли элларда турфа либослар кийиб, бўлиниб-бўлиниб яшамоқда экани менга энди аён бўлди. Мен унинг бўлакларини бир қалбда бирлаштирмоқ учун «сулҳи кулл» сиёсатини амалга оширмоқдамен. Чўқиниш эса ҳақиқатнинг фақат бир бўлагини тан олиш, яъни сулҳи куллдан чекиниш бўлгай!
Акбарнинг бу гаплари диндор Монсерратега шаккоклик ва даҳрийлик бўлиб кўринди, эсдаликларида уни лотинча «атеист!» деган сўз билан уришиб, қоралаб ҳам қўйди. Монсеррате дафтарининг саҳифаларини Акбарга оид таассуротлари билан тўлдириб борар экан, ёзаётган эсдаликлари европалик ватандошлари учун кутилмаган бир янгилик бўлишини ўйлаб, ҳаяжонли орзулар қилади.
Антони бу янги оламни Ғарбда биринчи бўлиб кашф этса, унинг номи тарихда қолмайдими? У ўзининг «Изоҳлар»ини китоб қилиб чиқарса, фақат Португалияда эмас, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам одамлар қизиқиб ўқишлари мумкин-ку. Португалия қироли ҳам Антонини ўз саройига чақириб, суҳбатлар қилиши турган гап.*
Монсеррате ўз юртининг энг машҳур одамларидан бирига айланишини хаёлига келтирганда юраги илҳом билан уриб, қалами дафтар устида шаҳдам ҳаракатланади.
273


Акбар қўшинида уни «кофир» деб суймайдиганлар ҳам оз эмас. Лекин шаҳзодаларга ва уларнинг ихтиёридаги минглаб бек-у навкарларга фаранги меҳмонларни тун-у кун қўриқлаб юриш топширилган. Ҳарбий юриш пайтида тил бўйича машғулот ўтказиш ҳам осон эмас. Бироқ қароргоҳда узоқроқ тўхтаб қолсалар, Монсеррате уларга икки-уч соат тил ўргатади. Бу ишга Мурод кўпроқ қунт қилади. Шаҳзода Салимни эса Алберт Перейронинг саргузашт ҳикоялари ва «антиқа» суратлари кўпроқ қизиқтиради.
Алберт бу суратларни кўрсатиш баҳонасида гоҳо Салим билан унинг хос чодирида ёлғиз қолади ва сўнгги янгликларни билиб олишга интилади. Чунки Акбар қўшинидаги одат бўйича, ҳарбий юриш пайтида тўнғич шаҳзода ўз бек-у аъёнлари билан подшо яқинида боради, қароргоҳ танланганда ҳам Салимга Акбар турган чодирларнинг яқинроғидан ўрин берилади. Шунинг учун отасига келиб турган янги хабарларни Салим бошқалардан олдинроқ эшитади. Шарқдаги исённи бостиришга юборилган Тодар Малнинг чопари бугун қандай янги гап олиб келганини ҳам Алберт Салимдан эшитди. Жаунпур ва Биҳарда шайхлар исёнига қўшилган афғон сипоҳилар хазинадан бериладиган моянанинг озлигидан норози бўлиб юрган эканлар. Тодар Мал дарҳол уларнинг мояналарини бир ярим баробар ошириш ҳақида подшонинг номидан фармон чиқартиради. Акбар бу фармонни тасдиқлайди. Шундан сўнг шарқдаги кўпчилик сипоҳилар Муҳаммад Яздий бошлиқ бўлган хурофотчилар ғалаёнига қатнашмай қўядилар. Яккаланиб қолган хурофотчилар Тодар Малнинг қўшинига туриш беролмай таслим бўлади. Қозикалон Муҳаммад Яздий ва унинг салафлари бўлган ўндан ортиқ руҳоний қўлга олинади. Тодар Мал уларни кемаларга солиб, сув йўли билан Акбар ҳузурига афв сўрашга юборган экан, Гангада қандайдир фалокат юз беради-ю, кемадаги Муҳаммад Яздий билан унинг салафлари ғарқ бўлиб ўладилар...
Eртаси куни кечки пайт Перейро яна Салимнинг хос чодирига кирди-ю:
— Амирзодам, Гангада юз берган фалокатни мен бошқалардан ҳам эшитдим, — деди.
— Кема ағдарилган эканми? Қозикалон нечун ғарқ бўлибдилар?
— Тодар Мал ўзи уларнинг бўйинларига тош боғлатиб Гангага чўктирган эмиш. У ҳақда ҳазрат отангиздан Тодар Малга махфий ишора бўлган экан.
— Сизга ким айтди?
Перейро овозини пасайтириб деди:
— Кимлигини айтсам... ҳазрат отангиз жазога буюришлари мумкин...
— Отамга билдирмагаймиз. Гап шу ерда қолгай... Чодирда иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку! — Чопар менга таниш эди. Секрида фаранги совғалар берган эдим. «Ўз кўзим билан кўрдим!» деб айтди.
— Об-бо шўрлик Яздий!..
Муҳаммад Яздий илгари Агранинг таниқли уламолари орасида юрганда Салим уни бир неча марта кўрган, ваъзларини ҳам эшитган эди. Энди Яздийнинг оппоқ соқоли Ганга тубидаги лойқаларга ботиб ётганини кўз олдига келтирганда ёш ўсмирнинг юраги бир сесканди. Наҳотки отаси шу қадар бешафқат бўлса?!
— Ҳали бу фақат бошланиши, — деб давом этди Алберт. — Эрта-индин бундан даҳшатлироқ ҳалокатнинг гувоҳи бўлурсиз, амирзодам.
— Яна не ҳалокат?
— Мирдевон Шомансур деган бормиди?
Салим қирқ ёшлардаги серғайрат, ҳушмуомала, истараси иссиқ молия вазири Шомансурни кўз олдига келтирди. Асли камбағал бир оиладан чиққан Шомансурни Акбар тарбиялаб юксак мартабалар берган эди. Унинг ҳисоб-китобни яхши билишини, молия бобида истеъдоди тенгсизлигини кўп одам мақтар эди. Ҳатто Тодар Мал ҳам ҳисоб-китоб ишида унга бас келолмай қолгани учун Акбар мирдевонликни Шомансурга берган эди. Бундан Тодар Малнинг тарафдорлари норози бўлиб юрар эдилар. Салим Шомансурнинг ҳибсга олинганини кеча эшитган эди. Йўлда келаётганларида гўё унинг жосуслиги маълум бўлган эмиш. Шомансур
274


Муҳаммад Ҳаким билан махфий алоқа ўрнатган эмиш. Унинг Муҳаммад Ҳакимга ёзган мактуби Панжобдаги жангларда ҳалок бўлган кобуллик амир Шодмоннинг киссасидан топилган эмиш. Биров бу гапга ишонса, биров: «Тодар Малнинг тарафдорлари мирдевонлик лавозимини Шомансурдан тортиб олиш учун шу туҳматни ўйлаб топишган», дейишарди.
Ҳозир Перейро ҳам шаҳзода Салимга шивирлаб:
— Амирзодам, Шомансурни қатл эттирмоқчи эмишлар! — деди. — Ахир сиз адолатни яхши кўрурсиз! Хатни Шомансурнинг душманлари ёзиб, ўлган амирнинг чўнтагига солиб қўйган бўлишлари мумкин эмасми?
— Ким солиб қўйиши мумкин? — деб сўради Салим.
Алберт Перейро Салим билан Абулфазлнинг ораси яхши эмаслигини, шаҳзода доим подшога яқин юрадиган бош вазирдан отасини қизғанишини аллақачон сезган эди. Энди уларнинг орасидаги дарз кетган жойга пона ургиси келиб пичирлади:
— Шомансурни, айниқса Абулфазл ёмон кўрар экан. Отангиз Шомансурнинг истеъдодига қойил бўлиб, бош вазир қилиш фикрига ҳам борган экан-да.
Абулфазл тилга олингач, Салимда Шомансурни туҳматдан қутқариш истаги уйғонди. Алберт бу истакни усталик билан Акбар томон йўналтирди.
Орадан яна бир кун ўтгач, кечқурун тўхтаганларида Салим отасининг ҳузурига киришга рухсат олди. У боргоҳда энди Шомансур ҳақида сўз очмоқчи бўлганда Абулфазл келди-ю, кирланган ва эзғиланган бир мактубни олиб кириб, Акбарга таъзим билан тутди:
— Ҳазратим, хоиннинг бу мактуби илми сиёҳ усули билан ўқилди.
— Шомансурнинг ўзи ёзган эканми?
— Дастхат ўзиники. Фақат сир сақлаш учун ҳарфларни хийла ўзгартириб ёзган. Кўрнамак, тузингизни ичиб юриб, яна сизни сурбетларча ёмонлабдир.
— Қани, ўқинг-чи, — деди Акбар ва ўғли Салимга «ешитиб қўй!» дегандек қилиб қаради. Абулфазл Шомансурнинг мактубидан бир-икки жойини таъкид билан ўқиди:
— «Подшомиз Абулфазл ва Тодар Мал таъсирида диндан чиқиб беимон кофир бўлди. Энди бизнинг пуштипаноҳимиз ўзингизсиз, амирзодам! Панжобни олган заҳотингиз пойтахтдаги ихлосмандларингиз ҳам бош кўтаргусидир. Илоҳим пок мусулмончиликни даҳрий оғангиз тажовузидан асраб қолиш, сиз, Муҳаммад Ҳаким ҳазратларига насиб бўлсин!»
Акбар ўғли Салимга қараб:
— Ғаддор муҳитнинг туҳматини кўрдингизми? — деди. — Бадмаст иним тун-у кун май ичиб, қусуғига қоришиб ётса ҳам, мендан покроқ мусулмон эмиш! У фақат отамнинг ташқи суратини мерос олган... Улфат беклари уни ичириб маст қилган ҳолда бизга қарши ғазотга кўндирган. Мен уч йилдан берли майни оғзимга олганим йўқ, фақат дорувор гиёҳ-лар-у мева шарбатларидан тайёрланган «обиҳаёт» номли ичимлик ичиб юрибмен. Беш вақт намоз ўқурмен, рўза тутамен. Жониворларнинг уволига қолмаслик учун овни ман этганмен. Илкимдан келган барча савоб ишларни қилсам-у Шомансур менинг хизматимда юриб, бунинг ҳаммасини унутса? Билиб туриб қанчалик хиёнат қилган одам қай даражада ғаламис!..
— Ҳазрат отажон, — деди Салим, — балки бу мактубни Шомансур ёзмагандир? Эҳтимол, бошқалар ёзиб... ўлган амирнинг киссасига яшириқча солиб қўйгандир?
Акбар ялт этиб ўғлига қаради:
— Ажабо! Сенга бу шубҳани ким ўргатди?
—Ўзим... ўзимнинг хаёлимга келди. Ахир... Шерхон шундай ҳийлаларни кўп ишлатган, деб бизга ўзингиз сўзлаб берган эдингиз-ку.
Акбар ўғлининг чигал, мураккаб нарсаларга ақли етадиган бўлиб қолганидан сергакланиб, Абулфазлга савол назари билан тикилди:
— Мавлоно, Шомансур айбини бўйнига олдими?
— Қийноққа солинганда бўйнига олган эди. Кейин яна тонди. Аммо дастхат уники эканлиги аниқ.
275


Абулфазлга сўзсиз ишонадиган Акбар:
— Дастхат энг ишонарли далилдир, — деди-да, ўғли Салимга юзланди: — Сен Шомансурга ачинмоқдамисен?
— Гангада ғарқ этилган мўйсафид Яздийга ҳам... раҳмим келди.
— Раҳмдил бўлмоқ яхши, аммо ғанимларим муродларига етсалар, мени не кўйларга солишларини ўйладингми? Бутун мамлакатда менга қарши исён кўтарган жоҳиллар ғолиб чиқсалар, мени кофирдан олиб, даҳрийга солиб, ўн жонимдан бирини ҳам тирик қўймагайлар- ку!
Акбар белидаги камарига олмос сопли ханжарини қистириб олган. Салим уни кўпдан бери бугунгидек қатъиятли ва шиддаткор қиёфада кўрмаган эди.
— Ғанимларим мамлакат ичидагина эмас, ташқарида ҳам бизга қарши қанча хуружлар қилаётганидан хабаринг борми? — сўради у Салимдан. — Мавлоно Абулфазл, шаҳзодага Адандан келган мактубни кўрсатинг!
Абулфазл Аданда ғанимлар асоратига тушиб қолган Гулбадан бегимнинг мактубини Салимга берди. Мактубни ўқиган сари шаҳзоданинг изтироби оша борди.
«Дунёда ягона нажоткорим бўлган ҳазрати Акбаржон! — деб ёзган эди Гулбадан бегим. — Ёшим олтмиш бирга кирганда бундай қора кунлар бошимга тушар деб ҳеч ўйламаган эдим. Бобурийлар хонадонининг энг кекса кайвониси мен бўлганим учун Арабистонга бориб, оғам Комрон мирзонинг қабрларини зиёрат қилмоқчи эдим. Ҳазрат отамнинг табиатларидаги сайёҳлик иштиёқидан озгинаси менга ҳам ўтган экан, денгизда сузиш, кўрмаган юртларимни кўриш орзусида йўлга чиқдим. У пайтларда ҳали исёнлар бошланмаган эди. Сиз бизга «Тезров» деган яхши денгиз кемангизни берган эдингиз. Араб денгизидан эсон-омон сузиб ўтганимиздан сўнг эшитдикки, Ҳиндистонда сизга қарши исёнлар бошланибди. Сиздан зарба еб қочган бир талай аламзада шайх-у имомлар Аданга паноҳ истаб келган эканлар. Улар жоҳилларни бизга қарши қўзғотдилар. Адан ҳокими гўё бизни ташқи тажовузлардан ҳимоя қилмоқчи бўлгандек, кўримсиз бир бинога киритиб, атрофимизга соқчилар қўйдирди. «Тезров» кемамизни ҳам аллақаёққа олиб кетиб, кўрфаз бурчагига яшириб ташладилар. Кунлар, ҳафталар ўтди. Биз ҳибсга тушганимизни сезиб, ҳокимдан дарҳол бўшатишларини талаб қилдик. Шунда Адан ҳокими бизнинг ҳузуримизга шайхулисломини юбориб, даҳшатли гапларни айттирди. Гўё сиз кофир бўлган эмишсиз, биз шунинг учун сиздан воз кечмоғимиз керак эмиш. Муҳаммад Ҳакимни Ҳиндистон тахтига энг муносиб тождор деб шайхулисломга кафолат бермоғимиз керак эмиш! Улуғ Бобурнинг фарзандлари орасида тирик қолгани биргина менман! Наҳотки олтмишдан ошганимда шундай хиёнат йўлига кирсам?! Хоин бўлиб яшагандан кўра, сизга, отамнинг руҳига содиқ туриб жон беришни афзал деб билурмен. Шайхулисломга буни рўйирост айтдим.
Мен-ку, ёшимни яшаганмен. Сиз ёнимга қўшган қўриқчи йигитларга, ёш канизларимга раҳмим келур. Ҳазрати Акбаржон, охирги нафасим қолгунча мен сизга садоқат сақлагаймен. Иложини топсангиз, бизни бу ёвуз одамларнинг асоратидан қутқаринг! Мактубни йиғлаб ёзган аммангиз Гулбадан бегим».
Мактуб Салимга қаттиқ таъсир қилганини Акбар унинг ялтираб кетган кўзларидан пайқади.
— Ғанимларимизнинг ноинсофлигини кўрдингми?— деди. — Кобулдаги майпараст инимни менга қарши қўзғатганлари оз экан! Энди ҳажга кетган аммамни ҳам душманимга айлантирмоқчи эканлар! Аммо бизнинг тарафдорларимиз ҳам оз эмас. Адандан бу мактубни бизга Қиличхон Андижоний етказиб келди. Қиличхонни турк кемачилари денгиздан ўтказиб қўйибди. Улар Сейди Али Раисни яхши билар эканлар. Биз Деҳлида Сейди Алининг ҳурматини жойига қўйиб жўнатганимиздан Турк подшоси мамнун экан... Ёдингда борми биз Сурат бандаридан улкан бир турк замбарагини аробаларга ортиб Фатҳпур Сикрига келтирган эдик.
— Сулаймоний замбарагими?
— Ҳа, кейин биз бу замбаракни энг катта дарё кемасига ўрнатдик, Банголада Довудхон билан
276


жанг қилганимизда бу замбарак бизга зафар келтирган энг зўр қуроллардан бири бўлди. Ҳозирги Туркия подшоси Султон Мурод отаси Сулаймон Қонуний номидаги бу замбаракни биз қутқариб олганимиздан хабардор эканлар. Биз энди турк кемачиларига қўшиб Қиличхон Андижонийни катта совғалар билан элчи қилиб юбормоқдамиз. Аммамиз Гулбадан бегим асира бўлиб турган Адан шаҳри турк султонининг таъсир доирасига кирар экан. Иншооллоҳ, бизнинг Туркияга борадиган элчимиз ёлғиз қайтмагай. Садоқатда тенгсиз аммамиз Гулбадан бегимни асоратдан қутқармагунча тинчимагаймиз!
Отасининг бугунги шиддаткорлигига бунақа сабаблар ҳам борлигини энди билган Салим:
— Ҳазрат аммам қайтсалар, мен пешвоз чиқиб кутиб олгаймен! — деди.
— Тангрим сени шу ниятингга етказсин, ўғлим! Душманлар бизга ҳатто узоқ Аданда шунчалик шафқатсиз муомала қилмоқда экан, биз нечун уларни аямоғимиз керак? Ҳаёт-мамот курашида юмшоқлик қилиб бўлмагай!
Акбар Абулфазлга юзланди:
— Барча ички-ташқи ғанимларга сабоқ бўлмоғи учун хоин Шомансур баланд бобул дарахтига осиб ўлдирилсин! Токи бизнинг яхшилигимизга ёмонлик билан жавоб берган кўрнамаклар буни узоқ-узоқлардан кўрсин! Барча қўшин Шомансур осилган дарахтнинг олдидан олиб ўтилсин! Eртаси куни эрталаб дамома деган катта нақоралар таҳдидли йўғон товуш билан гум-гум қила бошлади. Жаллодлар баланд бобул дарахтига дорнинг сиртмоғини боғладилар. Қўли боғлоқлик Шомансурни сиртмоқ тагига олиб келганларида у жон аччиғи билан қичқирди:
— Мен хоин эмасмен! Туҳмат қилганларни бегуноҳ қоним тутсин!
У яна нимадир демоқчи эди, лекин жаллодлар бўйнига тез сиртмоқ солиб, арқоннинг учини тортдилар. Шомансурнинг гавдаси ердан узилиб, ўлим талвасасида бир-икки марта ғужанак бўлиб, қисқариб кўринди. У жон бергандан кейин эса гавдаси чўзилиб, аввалгидан хийла узун кўрина бошлади.
Салимнинг таъсирчан қалби бу ҳодисадан шундай даҳшатга тушдики, у кечалари босинқираб уйғонадиган ва Абулфазлдан ҳам, отасидан ҳам ҳайиқиб ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди.
_________________
* Аммо А. Монсеррате тириклигида эсдаликларини чоп этишга муяссар бўлмади. Чунки католик черкови ундан китоб эмас, миссионерлик ишини талаб қилар эди. Унинг ёзувлари португал маъмурлари томонидан фақат разведка мақсадларида фойдаланилди ва махфий тутилди. Орадан уч юз йил ўтгандан сўнг «Изоҳлар»ни эсдалик тарзида аввал инглиз тилида тўлиқ чоп этдилар. Кейинчалик бошқа тилларда ҳам чиқди-ю, Монсерратега ўзи орзу қилган шуҳрат уч аср кечикиб келди.
***
Муҳаммад Ҳаким ўттиз ёшга кириб, бирорта катта жангда қатнашмаган эди. Акбар унга қарши икки баробар кўп қўшин билан Панжобга кириб келгани, Шомансурни дарахтга осиб ўлдиргани, Гангада эса Яздийнинг сувга ғарқ қилингани Муҳаммад Ҳакимни ваҳимага солди. Кобулдан бирга келган унинг улфат беклари ҳам талвасага тушдилар. Машваратларда:
— Тезроқ Нилобдан ўтиб, Кобулга қайтайлик! — деган таклифлар тушди.
Муҳаммад Ҳаким Лахўр қамалини тўхтатиб, шимолга йўл олди. Бу орада кунлар тўсатдан исиб, тоғларда музлар ва қорлар бирваракай эришга тушди. Ёмғир фасли ҳам одатдагидан уч ҳафта олдин бошланди. Тиниқ пайтида нил қўшиб оқизилгандек кўкимтир кўринадиган ва шунинг учун бир номи Нилоб бўлган Ҳинд дарёси энди кулранг селдай тошиб, улкан тошларни юмалатиб, ваҳима билан ҳайқириб оқар эди. Муҳаммад Ҳаким уч-тўрт кун дарё сувининг пасайишини кутди, аммо оқим пасайиш ўрнига кўтарилиб, кенгайиб бормоқда эди. Ёмғир фасли авжига чиқса, кейин бир-икки ой Панжобда қолиб кетиши, бу орада Акбар етиб келиб, уни тор-мор қилиши муқаррар. Муҳаммад Ҳакимга акаси тошқин дарёдан ҳам қўрқинчлироқ туюлади. Шунинг учун таваккал билан қўшинини телбаланиб оқаётган дарёга бошлаб кирди. Ҳинд дарёсининг аёвсиз тўлқинлари орасида унинг мингдан ортиқ бек-у навкарлари ғарқ бўлиб
277


кетди. Зўр оқим Муҳаммад Ҳакимнинг ўзини ҳам гирдобига тортиб кетаётганда, сувчи йигитлари уни меш ёрдамида зўрға қутқариб қолдилар ва бир амаллаб нариги қирғоққа олиб чиқдилар.
Акбар уни таъқиб этиб Нилоб бўйига етиб келганда иниси аллақачон Кобулга бориб улгурган эди. Эллик мингдан ортиқ аскарни овора қилиб Кобулга бориб юрмаслик учун Акбар дарё бўйида тўхтади-ю, инисига одам юборди, уни шу ерга чақиртирди. Лекин гуноҳи жуда оғир эканини сезган ини ўзи келишдан қўрқди. Ўн уч яшар ўғли Кайқубодни жавоб мактуби билан юборди-ю: «Мен шайтон васвасига берилиб хато қилдим, агар афв этсангиз, қолган умримни Кобулда сизга садоқат сақлаб ўтказгаймен», деган гапларни ёзди. Бу гаплар носамимий экани сезилиб турарди. Муҳаммад Ҳаким ҳозир саратон ойида ёмғирлар авжига чиқиб, дарёлар тошганини, Акбарнинг қўшини ҳали-бери шимолий қирғоққа ўтиб келолмаслигини биларди. Ёмғир фасли тугагунча куз киради. Ҳиндикуш тоғларига қор тушади, Ҳайбар девони ёпилади. Акбарнинг кўпчилик аскарлари совуққа бардош беролмайдиган ҳиндистонлик йигитлар, филлар ҳам қорли йўллардан юролмайди. Акбар шунга қарамай Кобулга совуқда қўшин тортиб келадиган бўлса Муҳаммад Ҳаким уни енгиши осон бўлади.
Инисининг бу маккор режасини пайқаган Акбар:
— Яхшиликча ечиб бўлмайдиган тугунни қилич билан кесмоқдан ўзга илож йўқ! — деди.
Дарё суви асад ойида сал пасайиши билан бутун қўшинини шимолий қирғоққа олиб ўтди. Шаҳзода Салимни тошқин дарёдан ўтказишда Алберт Перейро ўзининг сувда сузишга нақадар усталигини ҳаммага кўрсатди. Унинг зўр денгизчи бўлганига ўша куни Акбар ҳам ишонди. Дарёдан ўтишда падре Монсерратенинг юраги ёмон бўлди, уни энди қорли Ҳайбар довонидан олиб ўтиш хатарли эди. Шунинг учун Акбар Монсерратени Одинапур*да Бобур бобоси бунёд этган Боғи Вафода қолдирди. Алберт Перейро эса Акбардан илтимос қилди:
— Ҳазрати олийлари, ижозат беринг, мен ҳам Кобул юришига иштирок этай. Бўш вақт бўлганда шаҳзодаларга халфа сифатида тил ўргатурмен.
— Тил билан бирга денгизчилик, кемасозликдан ҳам сабоқ беринг.
— Бажонидил, ҳазратим! Агар муносиб кўрсангиз, умрим охиригача сизга-ю шаҳзодаларга хизматда бўлмоқчимен!
Акбар ҳайрон бўлиб сўради:
— Умрингиз охиригача? Демак, Фарангистонга қайтмоқчи эмасмисиз?
— Албатта, туғилган юртим Португалия менга беҳад азиз! Аммо биз томонларда жаҳолат кучли, сал бошқача фикр юритсангиз, гулханга ташлаб ўлдиргайлар. Фаранги қулфурушларнинг ишларидан ҳам безор бўлганмен. Сизнинг даргоҳингизда руҳим яйрамоқда. Бу ерда барча имон-у эътиқодлар баробар. Турли миллат вакиллари якдил. Сулҳи кулл менга беҳад ёқди. Сизга содиқ фуқаро бўлмоқчимен!
Акбар фарангиларнинг хуфия иш олиб боришда қанчалик илгарилаб кетганини ва қанақа янги усуллар кашф қилганини ҳали билмас эди. Алберт ҳатто ўз номини Алибек қилиб ўзгартириб, Акбарга астойдил ихлос қўйганига уни ишонтирди.
— Падрелар бизни ўз динларига ўтказмоқчи эдилар, аксинча бўлди-ку! — деб, Акбар ич-ичидан қувониб қўйди.
Шундан кейин Алибек Салимнинг хос навкарлари қаторида Кобул юришига бирга олиб кетилди.
Жанг-у жадалга кўпроқ қизиқадиган Мурод Ман Синх бошчилигидаги илғор қисмлар билан олдинда борар эди. Муҳаммад Ҳакимнинг аскарлари Кобул бўсағасида Ман Синх ва Муроднинг ўнг минг кишилик отлиқ қўшинлари билан қаттиқ жанг қилиб кўрдилар. Ман Синхнинг ражпут йигитлари ва Муродга саралаб берилган отлиқ жангчилар Муҳаммад Ҳаким аскарларининг қаршилигини енгиб, Кобулга биринчи бўлиб ёриб кирдилар. Орқадан Акбарнинг ўзи яна қирқ минг аскар билан келмоқда эди. Унга бас келолмаслигини сезган Муҳаммад Ҳаким қалъанинг нариги дарвозасидан чиқиб, шимол томондаги тоғларга қараб қочди. Йўлда ундан ажралиб,
278


орқага қайтган синглиси Бахтинисо бегим эри Хўжа Ҳасан Бадахший билан бирга Акбар келиб тушган Ўрта Боққа борди.
«Акбар кофир бўлиб, салла ҳам ўрамай қўйганмиш!» деган овозаларни Бахтинисо бегим ҳам кўп эшитган эди. «Ҳазрат оғам браҳман кийимида пешонасига қизил хол қўйдириб келган бўлсалар, қандоқ кўришгаймиз?» деган изтиробли ўйдан бегимни ғам босмоқда эди.
Лекин уни кўшк айвонида кутиб олган Акбар аввалгидай ипак тўн кийган, бошига симоби салла ўраган эди. Бахтинисо бегим бирдан ўзини унинг оёғи тагига ташлади-ю, йиғлаб гапирди:
— Гумроҳ синглингизни, кечиринг, ҳазрат оғажон! Сизга пешвоз чиқолмадим! Содда бўлмасам, ёмон овозаларга ишонармидим?!
Акбар синглисини елкасидан олиб оёққа турғизди, унинг ёшли кўзларига тикилиб:
— Ҳайрият, сиз ўзингиз келдингиз, — деди. — Лекин инимиз нечун қочиб юрибдир? Муҳаммад Ҳакимда сиздагичалик ҳам журъат йўқми?
— Инингизни улфат беклари қўрқитиб бирга олиб кетди. «Сизни ҳажга юбориб ўлдиргайлар, Комрон мирзодай кўр қилгайлар!» десалар Муҳаммад Ҳаким шунга ишониб қочди!
— Аммо ўша бекларни туттириб тилка-пора қилдирмоғим керак. Инимизнинг кетидан қувғинчи юборсам, ҳаммасини тутиб келгай!
— Ҳазрат оғажон, инингизнинг нияти ёмон, сизга тутқич бермай, Балхдаги шайбонийзодалар томонига ўтиб кетгай. Улардан шундай таклиф билан элчи ҳам келган эди. Тўполон сал босилгунча қувғинчи юбормай туринг, баттар маломатга қолмайлик!
Ўттиз тўрт ёшга кирган Бахтинисо Кобулнинг энг ақлли ва мулоҳазали аёлларидан саналар эди. Катта момолари Моҳим бегимни кўрган кекса одамлар Бахтинисони ўша доно аёлга ўхшатишарди. Оналари Норчучук бегим ўлиб кетгандан бери Кобулни идора этишда майпараст Муҳаммад Ҳакимга мана шу синглиси ёрдам бериб юрганини, бироқ кейинги пайтларда у Бахтинисонинг маслаҳатларига кирмай қўйгани учун шунча фалокатлар юз берганини Акбар хуфиялар ахборотидан ҳам билар эди.
— Бахтинисо, бугундан эътиборан менинг иним ҳам сиз ўзингизсиз! — деди. — Муҳаммад Ҳаким мен учун ўлди. Сиз ҳақсиз, унинг кетидан қувғинчи юборишга ҳам арзимайдир!
Акбар Кобулда узоқ туролмаслигини биларди. Сунбула кириб, атрофдаги тоғларга қор тушган, кечалари совуқ эди. Довонлар бекилмасдан тезроқ жанубга қайтиб кетиши керак эди. Лекин инисининг ўрнига кимни Кобул ҳокими қилиб тайинлаши мумкин? Асосий ишни олиб борадиган амирлар топилади. Аммо подшо оиласидан ким бу ишга муносиб? Акбарнинг ўғиллари ҳали ёш...
Кечаси хонайи хосда у Абулфазл билан шу ҳақда маслаҳатлашар экан, яна Бахтинисони кўз олдига келтирди. Фақат уни аёл киши деб писанд қилмасликлари мумкин.
— Бироқ жаннатмакон Бобур бобонгиз Ҳиндистонга кетганларида Кобул ихтиёрини Моҳим бегимга бериб кетганлари тарихдан маълум, — деди Абулфазл. — Бахтинисо бегим ҳам ўша улуғ момоларига ўхшар эмишлар. Мунимхон шундай деди.
— Бахтинисо Муҳаммад Ҳакимдан ўн чандон ақллироқ, — деди Акбар. — Фақат унинг бақувват бир амир муовини бўлмоғи лозим.
Иккови кенгашиб бу ишга Ман Синхни муносиб кўрди. Уни беш минг ражпут йигити билан Кобулда қолдирса, шимолдаги шайбонийзодалар ҳам тажовуз қилолмайди. Мутассиб шайхлар ҳам Ман Синхни йўлдан оздиролмайди. Ман Синх Акбарнинг душманларига бас кела олади. Одамлар уни бекорга «Акбарнинг қиличи» деб атаган эмаслар.
Акбар синглиси Бахтинисо бегимни Муҳаммад Ҳакимнинг ўрнига Кобул ҳукмрони қилиб тайинлагач, Ман Синх шаҳар кутвали ва лашкарбоши бўлди. Сал олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, Акбар Ҳиндистонга қайтиб кетгандан сўнг Муҳаммад Ҳаким тоғлар орасидан синглисига одам юборди, ялиниб-ёлвориб, Кобулга қайтишга рухсат олди. Лекин Ман Синх уни ҳокимият ишларига яқин келтирмади. Амалидан тушиб, ҳамманинг назаридан қолган Муҳаммад Ҳаким аввалгидан баттар майхўрликка берилди. Охирги марта икки кеча-ю икки кундуз
279


сурункасига чоғир ичиб, мастликда жон берди. Бахтинисо бегим бориб кўрганда, унинг жасади кўмирдай қорайиб кетган эди.
____________
* О д и н а п у р — кейинчалик Жалолобод бўлган.
***
Кобулда ўтказилган бир ҳафтанинг Салим учун энг унутилмас куни — Бобур боболарининг мақбарасига борган пайтлари бўлди. Панжобда Салим билан отасининг орасида пайдо бўлган чигаллик ўша куни бир қадар тарқади. Салим отасига Абулфазлдан ҳам яқинроқ бўлишни истарди. Бугун Акбар Абулфазлни пастда қолдириб, фақат ўғиллари билан Гузаргоҳдаги Боғи Бобурга чиқиб келгани, тўнғич ўғилга жуда ёқиб тушди.
— Менинг бу ерларга келмаганимга... йигирма етти йил бўлибдир! — деди Акбар ва охирги марта шу мақбара олдида кўзи кўр амакиси Комрон мирзо билан қандай учрашганини ўғилларига айтиб берди. Ундан олдин Ҳумоюн ўз инилари билан ярашган куни экилган тўртта чинордан иккитагинаси қолибди. Бобур боболарининг ўзи қаздирган ариқ ҳам бекилиб, қуриб ётибди. Боғи Бобур ташландиқ аҳволда, дарахтлар сарғая бошлаган.
— Муҳаммад Ҳакимни арвоҳ ургани бежиз эмаски, шундай азиз жойни қаровсиз қолдирибдир! — деб, Акбар инисидан яна бир койинди.
Салимнинг кўзига мақбара ҳам мунғайиб тургандай кўринди. Қабр устидаги қора мавжлик қизил мармарга чанг ўтирган эди. Акбар мармарнинг чангини секин бармоқларига олди-да, пешонасига сурди. Шу билан бобосининг хотирасини нечоғли муқаддас деб билишини, унинг руҳини қай даражада эъзозлашини ўғилларига кўрсатган бўлди. Аввал Салим, ундан сўнг Мурод ҳам бобокалонларининг қабри устидан чангни бармоқларига олиб, пешоналарига эъзоз билан сурдилар.
Учовлари мақбарани зиёрат қилиб чиққанларидан сўнг, Акбар ўғилларига шимол томондаги тоғларни кўрсатди:
— Ҳазрат бобомиз ўша тоғлар ортидан келганлар. Самарқанд, Андижон, Тошкент. Тенги йўқ жойлар!..
— Сиз Туронга қачон боргансиз, ҳазрат отажон?— деб сўради Мурод.
— Болалигимда... тушимда кўрганменми ёки қонимда борми... боболар юртини қўмсаб яшамоқдамен. Турон ҳалигача шайбонийзодаларнинг тасарруфида. Қани эди, Кобул-у Фатҳпурда қурган обидаларимизни Фарғона-ю Бухорода ҳам қурсак!
— Туронда бизга хайрихоҳ одамлар кўп эмиш-ку!— деди Салим. — Ўшалар «келинг» деб таклиф қилмасларми?
— Таклиф қилувчилар кўп. Самарқандда шоир Абдураҳмон Мушфиқий бизга атаб қасида ёзиб юборганидан хабаринг бор-ку.
Салим бу қасидани ўқиган, унинг икки сатри ёдида қолган эди. Ҳозир шуни эслади:
Саводи Ҳиндро карда аз латофат гулшани ҳазро
Муҳаммад Акбар Ғозий Жалолиддини дунё*.
— Мушфиқийни бу қасидаси учун шайбонийзодалар ўлдириб юборишларига сал қолган. Бечора жанубга қочиб қутулган...
— Шайбонийзодаларнинг ўзларини қувмоқ керак!— деди Мурод қизишиб. — Шундай қудратли лашкаримиз бор, ҳазрат отажон! Туронга қўшин тортиб борсак, тарафдорларингиз қучоқ очиб чиқмагайларми?
Акбар оғир уф тортди-ю:
— Туронда ҳозир ғанимларимиз кўпаймишдир, вазият ёмон, — деди. — Биз Ҳиндистонда
280


ўтказган ислоҳотларни шайбонийзодалар Самарқанд-у Фарғона аҳлига бутунлай тескари қилиб етказибдирлар. Улуғбекни ўлдиртирган жоҳиллар Туронда бизга ҳам қарши қилич қайрамоқдалар. Бунинг устига Ҳиндитсонда ғанимларимиз бош кўтарди. Ҳатто Аданда ҳазрат аммамизни ўшалар асир қилмишлар. У кишини қутқармоқ учун ҳам пойтахтга тезроқ қайтмоғимиз керак, ўғилларим!
Шу билан хаёллари жанубга кетди. Акбар ўғилларига жануб томондаги Кобул дарёсини кўрсатди:
— Мана шу Кобул дарёси Ҳинд дарёсига қуйиладиган жойда мен бир ғаройиб ҳикоят эшитганмен. Бобокалонларинг ҳақидаги бу ҳикоятни афғон улуси тўқиганми, ҳинд эли яратганми, аниқ билмаймен. Аммо бу ҳикоят шу икки юртнинг чегарасида пайдо бўлмишдир. Мазмуни шуки, жаннатмакон бобом дарё бўйида ёлғиз ўлтириб, шеър ёзаётган эканлар. Орқадаги ўрмондан бобомнинг хундор душмани ханжарни қўлига олиб, пусиб келмоқда экан. Бобом билан бўлган жангларда бу одамнинг оғаси ўлгани учун қасд олмоқчи экан. Дарё соҳилида уч-тўртта болачалар сувга ёғоч ташлаб, оқизоқ ўйнаб юрган эканлар. Болалардан бири ўйинга берилиб, сувга тушиб кетибдир. Икки дарё қўшилган жойда оқим жуда зўр, ҳалиги бола ғарқ бўлиши муқаррар. Қирғоқда қолган болачалар дод солиб, бобомдан ёрдам сўрабдир. Бобур бобомиз дарёда оқиб кетаётган болачанинг кетидан ўзларини сувга отибдилар. У киши сувда яхши сузар эканлар. Ганганинг у қирғоғидан бунисига неча марта сузиб ўтганларини умр китобларида ёзмишлар. Ўқиганмисенлар? — деб Акбар ўғилларига савол назари билан тикилди.
Китобни кам ўқийдиган ўйинқароқ Мурод нима дейишини билмай ерга қаради.
— Мен ўқиганмен, — деди Салим. — Фақат Ганга эмас, бобомиз йўлларида учраган дарёлар- нинг ҳаммасидан сузиб ўтган эканлар.
— Ана, кўрдингми? — деб Акбар Муродга қаради: — Сен ҳам ўқиб чиқ... Хуллас, жаннатмакон бобом дарёга тушиб кетган ўша болани қутқариб олиб чиқибдилар. Ханжарини яланғочлаб пусиб келган хундор душман қараса, қутқарилган бола — унинг кичик ўғли эмиш. «Ҳали мен боламни қутқарган одамни ўлдирмоқчи эдимми?» — деб ўзидан қаттиқ ранжибдир, ханжарини Бобур бобомизга тутиб дебдир: «Боламни тирик олиб чиқдингиз, энди ёмон ниятим учун шу ханжарни менга уришга ҳақлисиз!» Бобур бобомиз воқеанинг тафсилотини сўраб билганларидан сўнг, ханжарни дарёнинг ўртасига улоқтириб юборибдилар. «Бу тиғ — адоват тимсоли экан, ғарқ бўлсин!» дебдирлар. Болани отасининг илкига тутқазиб айтибдирлар: «Бола — истиқболимиздир, буни бирга асрайлик*.
Акбар ўғилларига бир-бир кўз ташлаб қўшиб қўйди:
— Ким билсин, ўшанда бобомиз дарёдан қутқариб чиққан бола — балки мендирмен, балки Салим ёки Муроддир. Агар бобомиз Аграда менинг отамни ўлим хавфидан қутқариб олмаганда, мен ҳам туғулмас эдим, сенлар ҳам.
— Рост! — деб бош ирғади Мурод.
Салим ўйчан эди. Акбар унга тикилиб туриб давом этди:
— Бобомиз қутқарган ўша истиқболни мен сенларга, сенлар ўз авлодларингга хайф қилмасдан камол топдириб етказиб бермоғимиз керак. Мана шу мақбара турган жой — бизнинг энг улуғ зиёратгоҳимиздир. Бу ерни қаровсиз қолдирсаларинг, Муҳаммад Ҳакимнинг аҳволига тушгайсенлар. Бундай истиқболдан тангрим сизларни асрасин!
Акбар икки ўғлини эргаштириб, пастда уларни кутиб турган Абулфазл ва бошқа бек-у аъёнларнинг олдига тушиб борди. Кобул кутвали Ман Синхга буюрди:
— Маҳарожа, дарҳол бу тоққа юзта коргар олиб келиб, илгариги ариқларни очдиринг. Уч кунда бу ерга сув келсин. Боғ обод-у ораста қилинсин. Кобул атрофидаги суғориладиган ерлардан беш юз жариби Бобур бобомиз мақбараси ихтиёрига берилсин, фармон ёзинг. Шу йилдан эътиборан мақбара ихтиёридаги беш юз жариб ердан тушадиган даромадлар Боғи Бобурни обод-у ораста сақлашга сарф қилинсин. Яна мақбара билан боққа қараб турадиган тўртта
281


одамга давлат хазинасидан доимий маош тўлаб турилсин.
Ўғиллар олдида берилган бу фармойишлар келажакда уларни ҳам ўз бобокалонларидан ибрат олишга ўргатиши керак эди.
Лекин ғалаба тантаналари ичида қийинчилик кўрмай ўсаётган эрка ўғиллар бобокалонларининг ибрат олиб бўлмайдиган одатларига эргашган пайтлари ҳам бўларди. Мурод Кобулни олишда жасорат кўрсатгани учун отасидан мурассаъ ханжар мукофот олди. Шу муносабат билан Боғи Наврўзийда жанговар беклар Муродга чоғир таклиф қилдилар.
— Бобур бобомлар чоғир ичмаганлар-ку! — деб Мурод аввал унамади.