ўша пайтда Исломшоҳ саройининг диний пешвоси эдилар. Бизни «даҳрий» деб фатво бердилар, Исломшоҳ Аълойини ҳалок қилди... Менинг жоним қаттиқ экан, ёшим ҳам ёшроқ эди, мана, ҳалигача тирикмен. Ансорий жаноблари ҳамон ўша эски хурофот отидан тушмаётганлари мени таажжубга солмоқда. Биз бу ерга диний низоларни бартараф этмоқ учун йиғилганмиз. Яна эски адоватларни қўзғатгандан кўра қайси элда қандай руҳий бойлик, қандай маънавий фазилат бўлса, шуни бир жойга йиғайлик. Энг яхши удумлар-у анъаналарни барчамиз қабул қилайлик. Ана унда «сулҳу кулл»* деган олий мақсадга тезроқ етгаймиз. Барча халқлар, имон- у эътиқодлари турлича бўлса ҳам, руҳан бир-бирлари билан баробар, тенг деб эълон қилинмоғи лозим!
Ансорийнинг бўйнига гўё яширин бир сиртмоқ ташлангандай бўлди. Шайх Муборак билан Абдулла Ниёзий Акбарнинг пинжига кириб олишибди. Энди улар ўз душманларидан қасд олишлари аниқ. Ансорий бўйнидаги сиртмоқнинг тобора сиқилиб келаётганини сезиб турибди. Жон сақлаш учун у энди Акбарни кўкларга кўтариб мақташга тайёр эди.
— Тақсир, — деб у аввал Абдулла Ниёзийга юзланди: — Исломшоҳ зулмидан биз ҳам жабр кўрганмиз, унинг тазйиқи остида хато ишлар қилганмиз, бунинг узрини Фирдавсошиён Ҳумоюн ҳазратларига айтганимизда, узримизни қабул қилган эдилар. Энди ўтган ишга салавот!.. Биз бугун бошқа бир даврда яшамоқдамиз. Тарихга Жалолиддин Акбар номи билан кираётган бу давр чиндан оламшумул аҳамият кашф этмоқда. Муқаддас китобларда каромат қилинмишки, минг йилда бир улуғ сиймо пайдо бўлиб, дунёни адолатсизликдан поклагай. Мен аминменки, ана шу улуғ сиймо ҳозир бизнинг даврамизда ўлтирибдирлар. Ахир тошҳовузни олтин тангага тўлатиб, ўз онифларига шоҳона тўлов қилиб тарқатганлари камдан кам бўладиган саховат эмасми? Ёки мана бу ибодатхонада ҳазратимни бошқа дин вакиллари ҳам энг одил маънавий пешво деб улуғлаётганлари ноёб ҳодиса эмасми? Шунинг ҳаммасини хулоса қилиб фақир айтмоқчименки, насоралар масиҳо деб атайдиган, биз маҳдий деб улуғлайдиган олий сиймо сиздирсиз, ҳазратим!
Ансорий ўрнидан туриб, Акбарга икки букилиб таъзим қилди:
— Илоҳо маҳдийларча улуғ адолат ўрнатиш сизга насиб бўлсин! — деди-да, гўё ҳеч ким айтолмаган энг зўр гапни ўзи айтгандай мамнуният билан илжайиб қўйди. Шундан кейин шайх Абдунаби ҳам Акбарни энг адолатли пешво деб мақташга мажбур бўлди.
Шайх Муборакка шу керак эди. У пайтдан фойдаланди-ю, Акбарни энг олий фақиҳ ва барча диний низоларни ҳал қилувчи мужтаҳид деб фатво чиқариш ҳақида таклиф киритди.
Ансорий билан шайх Абдунаби ўз тилларидан тутилганларини шунда сездилар. Агар Акбар олий мужтаҳид бўлса, шайхулислом ҳам, сардлар судури ҳам керак бўлмай қолади!
Шуни жон-дили билан истаб юрган Абулфазл фатвони олдиндан ёздириб, тайёрлаб қўйган эди, унга биринчи бўлиб шайх Муборак имзо чекди. Шайх Абдулла Ниёзий ҳам дарҳол қўл қўйиб берди. Шундан кейин Абулфазл фатвони шайх Абдунабининг олдига олиб борди. Насоралар ва браҳманлар «нима бўларкин?» деб жим қараб туришибди. Акбар кўзини ерга тикканича қимир этмайди. Аммо унинг сукути шайх Абдунабига овини пойлаётган йўлбарснинг сукутини эслатди. «Йўқ!» деб кўринг-чи! Ҳозиргина Акбарни «енг адолатли ҳакам!» деб мақтаганлари риёкорлик, қуруқ тилёғламалик бўлиб чиқади. Шайх Абдунаби оғир бир хўрсинди-ю, фатвога имзо чекди. Навбат Ансорийга келганда унинг қўлидаги қалам дир-дир титрай бошлади. Бу қандай кўргилик? Ўз қўли билан ўзига гўр қазигандай иш қилса-я... Қалтираган қўли қоғозни тирнаб, ҳарфларни чалкаштириб юборди, лекин бари бир қоғоз юзида унинг имзоси пайдо бўлди. Тамом!.. Шайх Ансорий уйига келиб бир кун касал бўлиб ётди. Эртаси куни ичини ёндираётган аламни қоғозга тушириб, кўнглини бўшатгиси келди-ю, Патнадаги сирдош дўсти мулла Танвирга махфий мактуб ёзди. Мактубда «Бутун ислом тарихи Акбарга қарши!», «Подшо мужтаҳид бўла олмайди». «Мени имзо чекишга мажбур қилдилар!», «Биласиз, гоҳо қароқчилар билан ҳам вақтинча, муроса қилингай» деган гаплар ёзилган эди.
Мулла Танвир кейинги пайтда Акбарга ихлос қўя бошлаганидан Ансорий мутлақо бехабар эди.
262


Исён ҳиди келаётган мактуб мулла Танвир орқали айланиб келиб, Акбарнинг қўлига тушди. Кеч куз оқшомида Акбар Ансорийни девони хосга чақиртириб келиб тикка турғизиб қўйди. Абулфазл мулла Танвирдан қайтиб келган мактубни Ансорийга овоз чиқариб ўқиб берди. Ансорий мактубдан тониб қутула олмаслигини сезди-ю, оёқда туролмай тиз чўкди:
— Мени авф этинг! Жаҳл устида ёзган эдим, ақлсизлик қилганмен!.. Қирқ йиллик хизматларим ҳаққи, мени бир марта кечиринг!
Акбар ғазаб билан деди:
— Қирқ йиллик хизматлар эмас, риёкорликлар, хоинликлар! Байрамхоннинг ўлимида ҳам иштирокингиз борлигини сезганмен! Адҳамхон билан Моҳим энаганинг бошига етган ҳам сизсиз! Деҳлидаги Пўлат васвасни ишга солиб, менга ўқ оттирганларнинг илҳомчиси ҳам сиз бўлгансиз!
— Йўқ, йўқ, тангри ҳаққи, мен бу суиқасддан бехабармен! Аҳмоқ бўлиб, Танвирга шу мактубни ёзганим рост!
— Ибодатхонада мени маҳдий деб мақтаб, мактубда «даҳрий!» деб қарғаган одам ҳар қандай разолатга қодир эмасми?
— Риёкорлик қилдим, рост. Бу гуноҳим учун, майли ҳажга борай! Маккатуллога бориб, покланиб келай!
Кекса одам Акбарнинг оёғига йиқилиб илтимос қилгандан кейин, Акбар унинг ҳажга кетишига рухсат берди. Ансорий ҳаждан кейин Гужаратга қайтди ва ўша ерда вафот этди. У ўз бобосининг мақбарасига яшириб юрган икки сандиқ олтин давлат ихтиёрига олинди ва наврўз байрамида мискин-бечораларга улашилди.
_______________
* Д ҳ о т и — кенг иштон.
* П а д р э — ота. Руҳонийлар унвони. * Ҳар томонлама сулҳ, тинчлик.
***
Саройда ҳар чоршанба оқшоми ораста базмлар ва шеърий мажлислар бўлар эди. Акбар мамлакатнинг энг соҳибистеъдод шоир-у санъаткорларини ўз атрофига йиғишга интиларди. Машҳур хонанда Тансен, мусаввир Хўжа Абдусамад, маликушшуаро Ғазалий, унинг тарбияси билан юксак пояларга кўтарилиб бораётган ва ҳозир «Хамса» ёзаётган Файзи Фаёзий, ҳам форсий, ҳам ҳиндий тилларда гўзал шеърлар битган, ажойиб қўшиқлар ҳам айтадиган хушчақчақ рожа Бирбал, шеърий истеъдоди отаси Байрамхонникидан қолишмайдиган Абдураҳимхон — буларнинг ҳаммасини Акбар маънавият гавҳарлари деб атар эди. Унинг саройида «нўҳратан» — яъни «тўққиз гавҳар» деган ибора машҳур бўлган, фан, адабиёт ва санъатнинг тўққизта энг ёруғ юлдузлари орасидан Абулфазл ҳам ўрин олган эди. Кекса Ғазалий вафот этганда тўққиз гавҳарнинг саккизтаси қолди, лекин «нўҳратан» ибораси ҳамон истеъмолда эди.
Акбар бир кун сарой ташқарисида деворга оҳак билан расм чизаётган ялангоёқ ҳинд йигитчасини кўриб қолди. Йигитчанинг қўлида мўжизаси бордай, панжасининг уч-тўрт ҳаракати билан деворда жонли суратлар пайдо бўларди. Ўзи ҳам сурат чизишни яхши кўрадиган Акбар йигитчанинг ёнида тўхтаб:
— Отинг недур? — деб сўради.
— Дасванта.
— Нечун деворга сурат чизмоқдасен, Дасванта?
— Қоғоз-қаламим йўқ.
Акбар суриштириб билса, Дасванта — камбағал бир юк ташувчи ҳаммолнинг ўғли экан,
263


«Рамаяна» ва «Маҳабхорат» достонларинниг жуда кўп жойларини ёд биларкан, чизган суратлари ҳам шу достонларнинг қаҳрамонлари ҳақида экан. Акбарнинг ўзи ҳам бу достонларни яхши кўрарди. У Дасвантани сарой рассомларининг сардори Хўжа Абдусамаднинг олдига бошлаб келди:
— Зеҳни ўткир. Бир тарбиялаб кўринг, мавлоно. Дасванта Акбар кутгандан ҳам истеъдодлироқ бўлиб чиқди. Унинг «Маҳабхорат» воқеаларига чизган суратлари Акбарга энг машҳур рассомларникидан ҳам кучлироқ завқ берди. Шундан кейинги чоршанба оқшомида бўлган санъаткорлар мажлисида йигирма икки ёшли Дасванта энг етук маънавият гавҳарлари — нўҳратан қаторига қўшилди. Акбарнинг бу ҳақдаги фармонини Абулфазл санъат аҳлига эълон қилар экан:
— Гавҳарларимиз яна тўққизта бўлди! — деб мамнуният билдирди.
Шу куни куй ва қўшиқлар орасида мушоира ҳам бўлди-ю, ёши юздан ошган шоир Қосим коҳий ўзининг «Филнома» деган шеърини ўқиб берди.
Акбар филни яхши кўриши, филбонлик ҳам қилгани кўпчиликка маълум эди. Коҳий ўзини узоқ умр кўрадиган филларга ўхшатган. Акбарни эса шу филларнинг суюкли маҳаватига қиёс қилган эди:
Хок бир сар мекунам чун фил ҳар жой мерасам, Гар набинам бар сари худ филбони хийшро. Дидаам то ишқи ман афзун шавад он филбон Медавонад бар сарам филдомони ҳийшро*.
Акбар бу тўрт сатрни эшитганда завқ қилиб бир кулиб олди. Филга ўхшаб ёши юздан ошган бу одамда ҳали ҳам болаларча бир маъсумлик бор эди. Унинг фил сингари ўз бошига тупроқ сочишининг сабаби ҳам беҳад чиройли ифода этилганди. Фил ўзи яхши кўрган филбонига қанчалик суяниб қолган бўлса, Коҳий ҳам дил-дилдан Акбарга меҳр қўйганини шеърий нафосатга йўғириб айтмоқда эди. Асли Самарқанд томонларда, Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги Миёнқолда туғилиб ўсган Қосим Коҳий йигитлик пайтида Ҳиротда яшаган, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийларнинг суҳбатида бўлган шоир эди. Ҳозир пойтахтда ундан кекса одам йўқ. Ёши қамарий ҳисоб билан бир юз-у ўн саккизга кирган бу одам бир умр уйланмасдан бўйдоқ ўтмоқда эди. Коҳийнинг сийрак соқоли пахтадай оппоқ, яккам-дуккам қолган жағ тишлари ейилиб, милкига тенглашиб қолган, жуссаси ҳам кичкина. Шу ёшдаги одамдан бундай шеър чиқишини кутмаган одамлар унинг ҳар бир байтига қойил бўлиб, ўтирган жойларида тебраниб қўйишарди:
Ҳамчу фили маст мехоҳам бихурушам ҳар замон Ошкор ато кунам розиниҳони хийшро.
Боз мегўям, ҳадиси ишқ хуштараст,
Беҳки, чун фил нигоҳ дорам забони хийшро*
Шу ёшдаги одамнинг маст филдай жўш-у хуруш қилмоқчи бўлгани, лекин яна филларга хос вазминлик билан тилини тийиб юриши Акбарнинг шеърдан олаётган завқини яна бир даража оширди. У ўзи ҳақидаги ошкора мақтовлар ва мадҳияларни кўп эшитган. Бу ердаги шеърий иффат, камтарлик ва гўзал бир табассум Акбарга ниҳоятда ёққани учун:
— Мавлоно, яна бир ўқисинлар! — деб шеърни иккинчи марта эшитди. Сўнг биронта нуқсони йўқлигини, ҳар бир сўзи гавҳардай хилланганини мақтади ва Абулфазлга юзланди: — Бир юз-у ўн саккиз ёшда шунчалик мукаммал шеър ёзиш — камдан кам учрайдирган мўжизадир. Мавлоно Коҳийнинг пойи қадамлари табаррук. Сарой дарвозасидан то шу ерга келгунларича неча қадам қўйган бўлсалар ҳар бир қадамларига юз рупийдан инъом берилсин! минбаъд
264


саройга ҳар келганларида яна минг рупийдан бериб турилсин!
Мушоира бўлган жойдан сарой дарвозасигача юз қадамдан ортиқ эди. Сарой шоирларидан ҳеч бири ҳали бундай қисқа шеър учун ўн минг рупий мукофот олмаган эдилар. Қосим Коҳий таъзим қилиб, бу инъом учун Акбарга миннатдорчилик билдирар экан, унинг алланарсадан кўнгли тўлмагани сўник кўринган кўзларидан сезилди.
Eртаси куни хазина очилганда Қосим Коҳий келиб ўн минг рупийни олиб кетиши керак эди. Лекин орадан бир ҳафта ўтди ҳамки, кекса шоир саройга қайтиб келмади. Акбар уни касал бўлиб қолмадимикин, деб Абулфазлни хабар олгани юборди. Қосим Коҳий кичкина боғ ҳовлида турар, уй юмушларини қиладиган мош-гуруч соқолли битта хизматкоридан бошқа ҳеч кими йўқ.
Абулфазл унинг токчаларида китоблар турган хонасига кириб, ҳол-аҳвол сўради-ю:
— Нечун ҳанузгача хазинадан мукофотни олмадингиз? — деди.
— Мунча пул менга не керак, жаноб вазир? Меросхўрим бўлмаса!.. Мен у шеърни мукофот учун ёзган эмас эдим.
— Эҳтимол, бошқа тилагингиз бордир? Айтинг, мен аъло ҳазратга етказай.
Қосим Коҳийнинг олд тишлари аллақачон тўкилиб, лаблари ичкарига ботиб кетган, учи хиёл қайрилган узун бурни эгилиб тушиб, лабларига тегай деб қолган.
— Мен ёшимни яшаб бўлганмен, менга мол-дунёдан кўра имон-у эътиқод азизроқ. Навоийдек, Жомийдек улуғ сиймоларни кўрганмен. Улар диний адоватларни қандай йўқотишнинг йўлини излаб, тополмай кетган эдилар. Акбар ҳазратлари турли эътиқодларни тенг кўриб сулҳи кулл эълон қилиш билан ҳанузгача топилмаган янги бир йўлни кашф қилдилар. Мен умримнинг охирида ана шу йўлдан юриб ўтмоқчимен. Агар ҳазратим мени ўзларига содиқ маслакдош деб билсалар, фақир учун энг олий мукофот ана шу бўлғай!
Абулфазлдан бу гапларни эшитган Акбар:
— Мавлоно Коҳийнинг бу жавобидан бошимиз кўкка етганини бориб айтинг, — деди. — Агар истасалар, пайшанба куни яқин маслакдошларимиз даврасига марҳамат қилсинлар!
Боғи Фатҳнинг тиллакори меҳмонхонасига хуфтон кеч йиғиладиган шайх Муборак, рожа Бирбал, Абулфазл, унинг шоир акаси Файзи, Азиз кўка, Абдураҳим хони хононлар қаторига навбатдаги пайшанба куни Қосим Коҳий ҳам келиб қўшилди.
— Мавлоно, — деб Акбар энг аввал унга мурожаат қилди, — сиз ажойиб шеърий муаммолар ёзмишсиз. Бизнинг ўтрумизда* мушкул ҳаётий муаммолар турибдир. Биз сулҳи кулл эълон қилиб бирлаштирмоқчи бўлган турли имон-у эътиқодлар бамисоли мустақил қайиқлардек ҳар бири алоҳида сузиб ўрганмишдир. Мақол борки, икки қайиқнинг бошини тутган одам ғарқ бўлур. Мухолифларимиз бизни ҳам ғарқ қилмоқчилар. Уларнинг назарида биз на муслим, на маъжусий, на оташпараст — бу динларнинг ҳеч бирига тўлиқ дил бермаган, ора йўлда қолган динсизлар эмишмиз.
Шайх Муборак бу таъна-дашномларни Акбарга айтишга тили бормай истиҳола қилиб юрган эди. Энди уларни Акбарнинг ўзи айтганидан дадилланди-ю, сўзлашга ижозат олди:
— Ҳазратим, сиздек имони мустаҳкам сиймога нисбатан айтилган бу сўзлар ўтакетган туҳматдир! Бу туҳматдан қутулишнинг ягона йўли — сиз кашф этган олий эътиқодни янги таълимот шаклига солиб эълон этмоқдир. Ибодатхонада айтган эдингизки, турли имон-у эътиқодлар тоғ ёнбағирлари каби баланд бир чўққига етганда бирлашурлар. Ана шу маънавий юксакликни сиз асос солган янги маслак деб атасак арзир!
Акбар ўзини янги бир маслакнинг асосчиси қиёфасида тасаввур этди-ю, эти жимирлаб, ўзидан ўзи сесканиб кетди. Кеча онасини кўргани борганда Ҳамида бегим яна хавотирга тушиб айтган гаплар қулоғига қайта эшитилгандай бўлди: «Шайх Муборак сизни «маҳдий» деб ишонтириб, Бҳирада не кўйларга солгани ёдингиздан чиқдими, шоҳ ўғлим?».
— Хотиржам бўлинг, онажон, ўғлингиз у кўчаларга қайтиб кирмагай. Мен ўзимнинг маҳдий ҳам, пайғамбар ҳам эмаслигимга аллақачон имон келтирганмен. Шунинг учун фақат бош
265


фақиҳлик — мужтаҳидлик унвонини қабул қилганмен, холос.
— Акбаржон, Сиз подшолиғ-у саркардалик юкини қийналиб кўтариб юрганингиз озмики, шайх Муборак янги маслакнинг оғирини ҳам сизнинг елкангизга ортмоқчи?
Онасининг куюниб берган бу саволига Акбар ҳали жавоб топа олгани йўқ. У янги маслакнинг оғир юкини елкасига олишга юраги бетламай Қосим Коҳийга юзланди:
— Мавлоно, сиз кўпни кўрган сиймосиз, бизга маслаҳат беринг.
— Фақирдан маслаҳат сўраганингиз учун ташаккур, ҳазратим! Салкам етмиш йил Турон-у, Ху- росон-у, Кобулда яшадим, эллик йилдан бери Синд-у Ҳиндда истиқомат қилмоқдамен. Ақлимни таниганимдан буён мен жаҳонни кезиб, гоҳ адашиб, гоҳ туртиниб, руҳим яйрайдиган маънавий бир манзил изладим. Ниҳоят, ёшим юздан ошганда етиб келган энг олий маънавий манзилим — сиз ҳозир раҳбари бўлган мана шу табаррук давра бўлди. Умр бўйи мени руҳонийлар истибдоди қийнаб келар эди. Сиз шу истибдодни йўқотганингиздан бери руҳим яйрамоқда. Аммо бу истибдоднниг кетидан кун кўрган, бой бўлган, мартаба орттирган улкан бир гуруҳ уламо-ю мулла имомлар бор, улар аламзада бўлиб, қасд олишни ўйлаб юрибдир. Улар учун бидъат-у хурофот — бамисоли борут солинган омбор. Шундай бир тайёрлик кўрмоқ керакки, янги таълимотингиз эълон қилинганда ғанимларингиз унинг учқунлари билан борут омборини портлата олмайдиган бўлсинлар.
— Раҳмат сизга, мавлоно, менинг дилимдаги гапни айтдингиз! — деб Акбар Коҳийнинг фикрини давом эттира бошлади: — Фақат ичкарида эмас, қўшни мамлакатларда ҳам мухолифларимиз бизнинг худодан қайтганлигимиз ҳақида дод-вой кўтармоқдалар. Эрондан сафавийлар, Турондан шайбонийзодалар бизга элчилар юбориб: «Исломдан воз кечганингиз ростми?» деган маънода саволлар бермоқдалар. Биз ҳам уларга элчилар юбориб, «алҳамдулилло муслиммиз» деган мазмунда жавоблар ёздик. Бизга қарши кўтарилган хуружлар ҳали-бери босилмагай. Ви- лоятлардан келаётган махфий ахбротлар вазият ниҳоятда мураккаблигидан далолат бермоқда. Шунинг учун янги таълимотни каттароқ тайёрлик билан қулай бир вазият келганда жорий этайлик. Ҳозирча уни мана шу даврадагилар ўз дилимизга жо қилайлик. Ахир чин ихлос-у эътиқод аввало дилда яшамоғи керак-ку.
— Ҳақ гап! — деди Абулфазл.
Eнди шайх Муборак ҳам Акбарнинг сўнгги фикрига қўшилишга мажбур бўлди.
____________
* Тепамда филбоним ўлтирмаса, мен ҳам шу филга ўхшаб борган жойимда бошимга тупроқ сочиб издан чиқаман. Филбоним бошим устида этагини ҳилпиратиб, мени чоптирса, унга ишқим ортади.
* Таржимаси: Маст филга ўхшаб ҳар замон жўшу хуруш қилгим келур
Яширин розларимни ошкор қилгим келур.
Лекин яна айтаман: ишқнинг пинҳон ҳадиси хушроқдир, Филлар каби тилимни тийиброқ юрганим яхшироқдир.
*Ўтрумиз — қаршимиз,рўпарамиз.
***
Акбар ўз маслакдошларига мукофотлар берган ўша кезларда шайх Абдунаби унинг қаҳрига уч- ради.
Беш қўлини оғзига тиққан бу баднафс шайх вақфлардан тушган ва ҳаж қилувчилар учун ажратилган пулларнинг катта бир қисмини ўз сандиғига солиб олгани аниқланди. Жиноятлари бўйнига қўйилгач, Акбар уни ҳибс қилдирди. Ҳибсхонада ҳам шайх Абдунабининг душманлари бор экан. Садри жаҳон қатл эттирган бегуноҳ одамлардан бирининг ўғли шу ерда қоровул экан. Бошқа қасоскорлар шайхнинг қаерда ётганини шу қоровул орқали биладилар. Бу қасоскорлар орасида масжид олдидаги тахталарни бутхона қурилишига ишлатгани учун қатл эттирилган ва учта ёш хотини «сати» одати бўйича ўзларини ёндириб ўлдирган браҳманнинг қариндошлари ҳам бор эди. Қасоскор оломон ҳалиги қоровул ёрдамида кечаси ҳибсхонага бостириб кирди-да, шайх Абдунабини тошбўрон қилиб ўлдириб кетди.
266


Ансорий ва шайх Абдунаби бошқариб турган уламо-ю, қози-ю мухтасиблар ипи узилган тасбеҳ доналари каби турли томонга тирқираб, саросима ва ғулғула ичида қолдилар. Жизя солиғи олиб бойишга, мажусийларни қул қилиб сотишга имкон берадиган диний истибдод бинолари худди зилзилага учраган эски уйлардай бирма-бир қулаб туша бошлади.
Зилзила пайтида ҳамма ўзини нохуш сезгани каби, шу истибдод орқасидан кун кўриб келган катта гуруҳнинг йиқилиб-суруниб талваса қилишлари кўпчилик сарой аҳлида, ҳатто Акбарнинг норасида ўғилларида ҳам оғир ва мураккаб туйғулар уйғотди.
Eнди ўн бир ёшга кирган шаҳзода Салим ҳаддан ортиқ ўйчан ва камгап бўлиб қолди. Унинг муаллими Фарид Бухорий Акбар ҳузурига кириб арз қилди:
— Ҳазратим, шаҳзоданинг руҳий ҳолатларидан хавотирдамиз. Соатлар давомида ёлғиз ўлтириб ўй сурадилар. Илгари кўп китоб ўқир эдилар. Ҳозир китоб ҳам ўқимай қўйдилар. Эҳтимол, шаҳзодани овга олиб бормоқ зарурдир?
— Мавлоно, биз овни тақиқ этганимиз ёдингизда борми?
— Ёдимда, ҳазратим! Аммо ота-боболарингиз ўсмирликдан от чопиб, ов қилиб ўрганганлар. Қон билан ўтган бу одатни ўғлингиз ҳам тарк этмаганлари маъқулмикин?
— Мен овни тарк этдим-ку. Энди биз чиқарган фармонни ўғлимиз бузса одамлар не дегай! Салим ёлғиз ўлтириб ўй сурса, халақит берманг. Демак, унда фикр-мулоҳаза уйғонган. Ўзи билан ўзи мусоҳаба-ю мурокаба қилсин.
— Хўп, ҳазратим, хўп! — деб, Фарид Бухорий таъзим қилганича чиқиб кетди. Аммо ичида: «Оқибатига ўзингиз жавобгарсиз!» деб қўйди.
Атрофида бўлаётган маънавий зилзилани ва мураккаб зиддиятларни Салимнинг ёш идроки ҳазм қилолмас, отаси эса ўғли билан дилдан суҳбатлашишга ва нима бўлаётганини унга яхшилаб тушунтиришга вақт тополмасди.
— Ҳазратимга мужтаҳидликнинг не кераги бор? — деб мавлоно Фарид оғир уф тортди.
Бир вақтлар у ҳам Акбарга бағишлаб шеърлар ёзган эди. Яхши ғазал ва рубоийлари бўлгани учун мавлоно Фарид соҳибқалам шоир ҳисобланарди. Гужарат юришида қирқ кунлик йўлни Акбар билан тўққиз кунда босиб ўтган ва Музаффар Ҳусайн мирзога қарши урушда бир ўзи тўртта ёв навкарини қилич билан уриб йиқитган довюрак одам ҳам шу Фарид Бухорий эди. Акбар уни «соҳиби сайф ва қалам» деб мақтаб, Фарид Бухорийга мавлонолик унвонини берган ва Салимга тарбиячи муаллим қилиб қўйган эди.
Бироқ мавлоно Фариднинг шайх Муборак билан сози келишмас, Салимга сирдошларча шивирлаб:
— Ҳазратимни шу шайх икки ўғли билан бутунлай ўзлариники қилиб олмоқдалар! — деди. — «Доҳий», «маҳдий», «мужтаҳид» — ҳаммасини шулар ўйлаб чиқармишдир. Катта ўғли Файзи Фаёзий ҳазратим ҳақида достон ёзиб улкан мукофотлар олди. Кичик ўғли Абулфазл энг биринчи вазир. Шайх Муборакнинг ўзи ашаддий душманлари бўлган ансорийларни ҳазратимнинг ёрдамида йўқ қилиб қасд олдилар. Бўлди-да энди!
Бу гаплар таъсирида Салим отасини Шайх Муборак ва Абулфазлдан қизғанадиган бўлиб борар эди.
Салим отасининг дийдорига тўймай ўсаётган бўлса, мавлоно Фарид фарзандга зор эди. У уч марта уйланган, лекин фарзанд кўрмаган, ёши қирқдан ошгандан сўнг тақдирга тан берган. Энди Салимни ўзига фарзанддай яқин олиб, дилида қатланиб ётган оталик меҳрини бутунича унга сарф қилар эди. Ўсмирларда бўладиган ишонувчанлик ва ота меҳрига ташналик туфайли Салим ҳам мавлоно Фариднинг меҳрига дилини очиб берар ва уни ўзининг энг яқин сирдоши деб биларди.
— Амирзодам, энди сиз Абулфазлдан эҳтиёт бўлинг, — дерди. — Ҳазрат отангиз шу вазирнинг маслаҳатига кириб, кофир фарангиларни саройга ишга олмоқчи эмишлар. Падрелар сиз билан шаҳзода Муродга муаллим бўлиб, фаранги тилини ўргатармиш!
Шайх Фарид бу гап билан Салимни чўчитмоқчи эди. Салим бошқа бир оламдан келган,
267


кийимлари ҳам, юриш-туришлари-ю гапиришлари ҳам ўзгача бўлган фарангиларга ўсмирларча бир қизиқиш билан қарар эди. Шайх Фарид ўнта гапирганда битта ҳам жавоб айтмай, ўйчан ва хомуш юрган Салим устозининг сўнгги гапидан алланечук тетикланди:
— Қачон... сабоқ берармиш? — деб сўради.
— Сармунши Нақибхон айтди. Эҳтимол, эрта-индин ҳазратим сизни чақириб қоларлар... Кофирдан тил ўрганишга рози бўлурмисиз, амирзодам?
— Фарангилар форсий тилда сўзлармишлар-ку. Гапларини эшитиб кўрай. Ғаройиб саргузаштларни билармишлар.
— Аммо саргузашт айтиш баҳонаси билан, сизни ўз динларига... ўтказиб олсалар-чи?
Салим энди хиёл кулимсиради:
— Сиз менга берган таълимларни дилда маҳкам тутгаймен, мавлоно. Боболар эътиқодига содиқмен!
Фарид Бухорий Салимга туркий тилдан дарс берган, Навоий, Бобур шеърларидан юзлаб сатр ёд олдирган, шулар таъсирида Салимда улуғ боболарига кучли бир эҳтиром пайдо бўлган эди. Айни вақтда, Фарид Бухорий Салимни ҳинд онаси-ю тоғалари таъсиридан ҳам узиб олишга интиларди. Салимнинг тоғалари Ман Синх ва Бҳагван Дас ботир жангчилар бўлса ҳам, Улуғбек, Бобур каби ноёб китоблар ёзган эмаслар. Шунинг учун Салим улардан кўра ота аждодларига ўзини яқинроқ олади ва уларнинг маънавий меросига қалбини кенгроқ очади. Агар Салимни «тоғаларига тортибди» дейишса, иззат-нафсига тегади, чунки бу уни ярим ҳинд, ярим муслим қилиб иккига бўлиб майдалаштирадиган ва яримта-юримта қилиб кўрсатадигандек туюлади. У Фарид Бухорий таъсирида темурий боболарининг удумини отасидан ҳам маҳкамроқ тутишга интилади. Устози ҳам шу боисдан уни ўз фарзандидай астойдил яхши кўради.
— Амирзодам, мен айтган гаплар орамизда қолсин, фаранги муаллим ҳақидаги сирни мендан эшитганингизни ҳазрат отангиз зинҳор билмасинлар.
— Нечун?
— Ахир бу ҳали махфий гап. Сирни ошкор қилганим учун жазо бермоқлари мумкин. Менинг ҳам душманларим кўп. Айниқса, ҳамшаҳрим Аҳмад Бухорий пайт топса, мени ҳам марҳум Ансорийга ўхшатиб йўқ қилгай.
Салим отанинг содиқ шогирди бўлган Аҳмад Бухорий ҳозир шайх Муборак ва Абулфазлнинг энг яқин маслакдошига айланган, Фарид Бухорий ва уларнинг яширин душмани эди. Иккита бухороликнинг ўт билан сувдай келишолмаслиги Салимни ҳам ҳайратга соларди.
Eртаси куни Акбар Салимни ўзининг хонайи хосига чақиртириб, фаранги тилини ўрганиш ҳақида гап очганда, шаҳзода ўз устозининг сирини яшириш учун ҳеч нарсадан хабари йўқдай жим қулоқ солди.
— Ўғлим, сен нуқул китоб мутолаасига берилиб, хомуш юрган эмишсан. Узоқ юртларга боргинг келгайми? Ҳинд уммонида кемаларда сузиб саёҳат қилишни истайсенми?
Салим бирдан жонланиб:
— Истаймен! — деди.
— Мен Гоа оролига кемада сузиб борганим ҳеч эсимдан чиқмайдир. Фарангиларнинг зўр кемалари бор экан. Бизда ҳали бундай қуввайи баҳрия йўқ. Шунинг учун биз босқинчи фарангиларни Ҳиндистон қирғоғидан улоқтириб ташлашга ҳамон ожизмиз. Ёғийдан кучлироқ бўлиш учун унинг ички сирларини билмоқ керак, тажрибасини ўрганмоқ зарур. Фаранги падреларни мен ана шу мақсадда саройимга чақирдим. Калтабин одамлар бизни «Насора динига ўтмоқчи эмиш!» деб бемаза миш-мишлар тарқатиб юрганидан қўрқма. Фарангиларнниг кема қуришдаги тажрибаларини, бутун илм-у маърифатини билмоқ учун уларнинг тилларини ўрганмоғимиз керак. Шу мақсадда ининг Муродни ҳам чақирганмен!
Акбар қарсак чалиб сармуншига буюрди:
— Мурод кирсин!
Икки ўғли ёнма-ён турганда Акбар уларнинг фарқларига хиёл таажжубланиб кўз ташлади.
268


Салим онасидек қорачадан келган, ўн икки ёшида бўйи чўзилиб отасига тенглашиб қолган, елкалари тоғалариникидек кенг, мўйлаби эрта сабза урган. ўн бир яшар Муроднинг соч ва қош мўйлари қизғиш олтинранг, юзи раъно гулидай оқ-сарғиш, кўзлари эса тиниқ зангори рангда. Мурод она томонидан ҳам бобурий бўлгани учун барлосларда кўп учрайдиган қизғиш соч ва зангори кўз унга мерос ўтган эди. Феъли ҳам Салимникидан бошқача — ўй суриб ўтиришни суймайди, симобдай серҳаракат, шўх. Гоҳ чавандозликни, гоҳ қиличбозликни машқ қилади, мерганлиги ҳам бор, сувда сузишга ҳам ишқибоз, Жамнанинг у қирғоғидан бунисига сузиб ўтганини Акбар ўзи кўрган.
Акбар ўғилларини икки ёнига ўтказди-ю, Мурод билан аввал туркий тилда, сўнг форсча ва ҳиндча гаплашиб кўрди. Ўғли ҳиндчани ҳали унча эркин гаплашолмаслигини пайқади-да:
— Ўрганмоғинг керак! — деди. — Ҳиндистон бизнинг ватанимиз. Ҳинд улусининг тилини билмоғинг — ҳам қарз, ҳам фарз. Ҳар бир ўрганган тилинг — сенинг қалб бойлигингдир. Мана, бизга келган фарангилар форсча, ҳиндча бемалол сўзлашурлар. Биз эса уларнинг тилини билмайдирмиз. Ҳолбуки, уларда ҳам китоб кўп, маърифат улкан. Лекин баъзилар: «Насоралар — кофирдир, уларнинг тилларини ўрганиш гуноҳ», дейдир. Сен қандай фикрдасен, Мурод? Муроднинг тарбиячиси, устози шоир Файзий эди. Шаҳзода Файзийдан бани башар ҳақида олган сабоқларига суяниб:
— Насоралар ҳам Одам Атодан тарқаган-ку, — деди.
— Албатта-да! — қувониб хитоб қилди Акбар. — Биз жаҳон миқёсига чиқмоқ учун барча қитъаларнинг илм-у санъатига бағримизни дадил очмоғимиз керак, ўғилларим! Бунинг учун аввало, дунё тилларини ўрганмоғимиз зарур. Падрелар бизга Оврупо деган қитъада қанча мамлакат-у қанча улус борлигини сўзлаб бердилар. Кўпчилигимиз уларни билмаганимиз учун ҳаммасини «фаранги»лар деб юрар эканмиз. Овруподан нарида Америка деган яна бир янги қитъа кашф этилмишдир. Уммон бўйлаб кемада сузганда ўша қитъага олти ойда етиб бормоқ мумкин экан. Фарангилар қилган улуғ жуғрофий кашфиётларни ҳали ҳеч бир мамлакат қилмаган экан. Сўзлаб бераверсалар, «Минг бир кеча» эртакларидан ҳам мароқлидир!
Акбар ўғилларини фаранги тилига шу тарзда қизиқтиргандан сўнг падреларнинг олдига дастлабки машғулотга юборди.
***
Асли каталониялик испан бўлган Антони Монсеррате қирқ беш ёшларда. Миллати италян Рудолф Аквавива эса ҳали ўттизга кирмаган бақувват йигит. Акбар саройида Монсерратени ёши каттароқ бўлгани учун фарангиларнинг бошлиғи деб кўпроқ эҳтиром қилишади. Лекин аслида Аквавива Монсерратега раҳбар қилиб юборилган эди. Чунки Рудолфнинг тоғаси Гоа оролидаги барча черковларнинг пешвоси. Португалия қироли ҳам Ҳиндистон ишларида Аквавивани ўзига содиқроқ деб билади. Иезуитлар сулукатида Рудолф энг имтиёзли ва фидойи гуруҳ ҳисобланадиган мартирлар сафига қабул қилинган. Мартирлар ўз жонларини католик черкови учун қурбон этишга қасамёд қиладилар. Улар иезуитлар орасидаги бўлажак шаҳидлар сифатида юксак обрўга эга бўладилар.
Акбар буни билмаса ҳам, Аквавиванинг ўз динига ҳаддан ортиқ берилган қизиққонроқ руҳоний эканини сезган; «еҳтимол, ёш бўлгани учун ақли унча қуюлмагандир», деб ўйлаган ва мулоҳазакор, босиқ Монсерратени ундан афзал кўриб, муаллимликка таклиф қилган эди. Монсеррате шаҳзодаларга тил ўргатиш учун бораётганда Аквавива унга иезуитлар сулукати номидан кўрсатма берди:
— Сизнинг муқаддас бурчингиз — саратсин* шаҳзодаларини католик динига ўтказмоқдир.
— Акбар барча динларни баробар деб эълон қилганда биз одамларни бир диндан иккинчисига ўтказишимиз не керак падре? Ахир биз, европаликлар, осиёликлардан орқада эмас, олдинда юрмоғимиз зарур эмасми?
269


— Олдинда юрганимиз учун ҳам уларни ўзимизга эргаштирмоғимиз керак, Антони! Мен қиролга ёзган мактубимда «Акбар «Инжил»ни кўзига суриб ўпгани — насора динига мойиллигини кўрсатди», дедим. Агар биз маҳорат билан иш олиб борсак, бу саратсин подшосини ўз динимизга ўтказишимиз аниқ!
Антони Рудолфнинг бу нияти хомхаёл эканини сезиб турарди. Ҳатто жўн бир тухумни ёриб чиққан жўжа ҳам шу тухумнинг қобиғига қайтиб киролмайди-ку. Антонининг тасаввурида улкан бургутга ўхшаб учаётган Акбар қандай қилиб католик динининг қобиғига кирсин!
Монсеррате мустақил фикр юритишни қанчалик яхши кўрмасин, католик черковининг инкивизитсияси ўрнатган шафқатсиз истибдоддан жуда қўрқар эди. Агар Аквавива уни «католик черковига хиёнат қилган даҳрий» деб, инквизитсияни бунга ишонтирса, Антони қайтиб борганда уни ўтга ташлаб ўлдиришлари муқаррар эди. Акбар ўз юртида мана шунақа диний истибдодни ағдариб ташлагани Антонига маънавий камолотдай туюлмоқда эди. Португалия учун бундай маънавий камолот ҳали олдинда эканини* у ич-ичидан сезарди. Шунинг учун Монсеррате ахийри Аквавиванинг талабларига ён беришга мажбур бўлди. Акбарни ва унинг ўғлини католик динига ўтказиш орқали бутун Ҳиндистонни Португалиянинг мулкига айлантириш мақсадида иш олиб боражагини Аквавивага аҳд-паймон тарзида айтди. Шундан кейин Аквавива унга Акбарнинг ҳарбий сирларини қандай билиш кераклиги тўғрисида йўл-йўриқлар кўрсата бошлади.
Монсеррате жосусликдан ҳазар қилар эди:
— Падре, мен ҳарбий одам эмасмен! — деди.
— Бўлмаса Алберт Перейро доим сизнинг ёнингизда юрсин. «Ёрдамчи халфам» деб таништиринг. Домланинг халфаси бўлиши шарт, саратсинларда шундай қоида бор. Перейро бирга юрса, қолган ишни ўзи эплагай.
Ўттиз ёшлардаги хушмуомала, чаққон йигит Алберт Перейро Гоадан падрелар билан бирга келган, ҳозир ҳам уларни қўриқлаб юрибди. Бу йигит бир вақтлар Ҳумоюн саройига келган Алваро Пакавиранинг жияни. Унинг асли оти Алберт Пакавира. Лекин Акбар Гоага борганда Алваро Пакавирани суиқасдга қатнашишда айблагани учун унинг жияни бу ерга келишда фамилиясини «Перейро» қилиб ўзгаратириб олди. Аслида Алберт ҳам Пакавиранинг тарбиясини олган, унинг махфий ишларини давом эттириш учун ҳинд ва форс тилларини ўрганган. Қиличбозлик, мерганлик, чавандозлик, сувда сузиш бўйича Гоада унга тенг келадиган йигит кам.
Монсеррате ўзи жосуслик қилгиси келмагани учун Албертни халфа ўрнида шаҳзодаларнинг олдига бирга олиб борди.
Фаранги тили машғулотлари шаҳзода Салимга зерикарли туюлса ҳам, аммо Алберт Перейронинг денгиз саёҳатлари ҳақидаги ҳикоялари унга қизиқарли туюла бошлади. Перейро ўнг олти ёшидан бери денгизда кўп сузган, ер куррасини айланиб чиққан Магелланнинг тарихини яхши билар, Колумб Ҳиндистонга бораман деб адашиб, Американи қандай очганини кулгили тарзда ҳикоя қиларди. Перейронинг денгиз қароқчилари ҳақида айтиб берган қўрқинчли ҳикояларидан эса Салимнинг сочи гўё тикка бўлиб кетарди. Алберт Перейронинг мерганлиги ва чавандозлиги ҳам Салимга ёқиб қолди. Шаҳзода уни «Алибек» деб чақирадиган бўлди. Монсерратенинг сабоқлари тугагандан сўнг Салим Албертни ўзининг хонайи хосига бошлаб кирди. Ҳиндистоннинг иссиқ иқлимида Салим жуда тез балоғатга етгани унинг дўриллаган овозидан ва лаб устида сабза урган майин тукларидан сезилар эди. Хонайи хосда ёлғиз ўлтирганларида Алберт фаранги қизларнинг гўзал баданлари ва ноз-у карашмаларидан сўз очди. Бу мавзу Салимни ғоят қизиқтириб қўйганини сезгач:
— Амирзода, — деди, — агар ҳеч кимга айтмасангиз, битта сурат кўрсатгаймен.
— Сир сақлашга қодирмен! Бу ерда фақат иккимиз. Қани, кўрсатинг.
Алберт қўйнидаги яширин чўнтакдан чарм ичида авайлаб, асралган кафтдай бир рангли сурат
270


олди. Бу суратда ҳозиргина чўмилиб чиққан гўзал бир қизнинг оппоқ сонлари, бўлиқ кўкраклари шундай тасвирланган эдики, Салим суратга тикилиб туриб энтикиб кетди... У Алберт Перейрога бир ҳамён олтин бериб, бу суратни сотиб олди.
Перейро учун энг муҳими — ораларида пайдо бўлган яқинлик эди. У шаҳзодага бундан ҳам ғалатироқ суратлар топиб келишга ваъда берди...
____________
* С а р а т с и н — португалча «мусулмон» дегани.
* Ҳатто Франсияда руҳонийлар истибдоди ва эркин фикрли кишиларни ўтга ташлаб ўлдирувчи инквизитсиянинг шафқатсизликлари Волтер яшаган ХВИИИ асргача давом этгани тарихдан маълум.
***
Фарангистонлик Антони Монсерратенинг саройга ишга олингани ва шаҳзодаларга сабоқ бераётгани атроф вилоятларига: «подшомиз ўғилларини насора динига ўтказмоқчи эмиш!» деган ваҳимали овозалар тарзида тарқалди. Акбар бу овозаларни босиш учун сулҳи кулл нималигини халққа тушунтирувчи махсус мурожаатнома ёздириб, уни барча шаҳар-у қишлоқ- ларда ўқиб эшиттиришни буюрди.
«Биз Ҳиндистондаги барча улусларнинг ички урушсиз, тинч яшашларини истаб, ҳамма томонлама тинчлик — сулҳи кулл сиёсатини амалга оширмоқдамиз, — дейилганди мурожаатда: — Одамларга — тинчлик, салтанатга — хавфсизлик, барча имон-у эътиқодларга — баробар эҳтиром!»
Акбар ўзининг бу шиорига қандай амал қилаётганини кўрсатиш учун ҳар куни эрталаб уфқ ортидан чиқиб келаётган офтобни таъзим билан кутиб оларди. Оташпарастларнинг бу одати тоғлиқ жойларда яшайдиган кўпгина ҳинд қабилаларида ҳам сақланиб қолган эди. Оташпараст туркий эллардан қолган ва Акбарга жуда маъқул тушган яна бир одат — оқшом қоронғи туша бошлаганда чироқларни «ўт оғаси» деб аталадиган оила ёки қабила бошлиғининг ёқиб бериши эди. Акбар оқшом ғира-ширасида саройни ёритадиган биринчи шамни ўзи ёқиб берар эди. Саройда чироқларга қарайдиган махсус хизматкорлар Акбар ёндирган шу митти олов билан улкан саройдаги юзлаб қандиллар шамини бирма-бир ёқиб чиқар эдилар.
Гужаратлик оташпараст Мехержи Акбарга уч попукли чиройли камар тақдим қилган эди. Камардаги уч попук учта фазилат рамзи саналарди: бири — «пиндори хуб», яъни яхши ўй, ният, иккинчиси — «гуфтори хуб», яъни яхши сўз, калом, учинчиси — «кирдори хуб», яъни яхши иш, ахлоқ. Бу уч фазилат гўё бир камарга боғланиб, инсонда бирга юрса, ўй, сўз, иш бир- биридан ажралиб қолмаса, мурод ҳосил бўлиши Акбар интилаётган энг баланд маънавий юксаклик эди. Шунинг учун уч попукли камарни чоршанбайи муродбахш кунларида белига боғлаб юрарди.
Ҳиндлар пешонага қўйиб юрадиган тилак — қизил хол ҳам энг эзгу-ниятлар тимсоли ҳисобланарди. Акбар ҳиндларнинг имон ва эътиқодларини ҳам астойдил ҳурм