ФАТҲПУР, БҲИРА МАъНАВИЙ ЗИЛЗИЛА
Секри тепалиги устига қизил тошдан муҳташам қилиб қурилаётган янги пойтахт ўн йилнинг нари-берисида узоқлардан кўзга ташланадиган улкан қалъа тусини олди. Қалъа атрофига сипоҳилар, дўкондорлар, косиб-у ҳунарманд ва бошқа турли хил касб эгалари минг-минглаб уй-жойлар қурдилар. Боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар, кўча ва хиёбонлар кўпайди. Секридан Аграгача бўлган ўттиз беш миллик йўлнинг икки чети кела-келгунча серодам манзилларга, раста ва дўконларга тўлиб кетди.
Дастлабки йилларда расмий доиралар Секридаги янги пойтахтни Фатҳобод деб атаган бўлсалар ҳам, лекин уни қурган оддий одамлар «Фаҳтпур», яъни «Ғалаба шаҳри» деган қисқа номга тезроқ ўргандилар. Бора-бора кўпчилик аҳоли ҳам, давлат арбоблари ҳам Фатҳпур дейдиган бўлдилар. Янги пойтахт бутун мамлакатга шу ном билан танилди.
Ҳамида бегим учун Фатҳпурнинг жанубида катта боғ ҳовли қурилди. Бу йил эллик олти ёшга қадам қўйган Ҳамида бегимнинг ҳозир олтита невараси бор. Уларнинг каттаси Салим тўққизга кирди, Мурод саккиз яшар. Булар иккови оталари билан ҳарбий юришларга ва узоқ сафарларга бирга кетадиган бўлган. Акбар мутъа никоҳи билан уйланган кейинги хотинларидан Шамшод биби унга яна бир ўғил туғиб берди. Гужарат юриши пайтида туғилган ва ҳозир олти ёшга кирган бу учинчи ўғилга Дониёл деб от қўйдилар. Отаси унга ҳам алоҳида кўшк солиб берган, бек атка ва мураббийлар тайин этган. Ўғил невараларидан ташқари, Ҳамида бегимнинг
246


шаҳзода хоним, шукринисо бегим, Ором бону деган учта жажжи қиз невараси ҳам бор. Уларнинг ҳар қайсиси билан ҳафтада бир кун бирга бўлса ҳам баҳри дили очилиб, вақтнинг қандай ўтганини сезмайди.
Сарой аҳли-ку, Ҳамида бегимнинг номини тоқ айтмайди, афсонавий Биби Марямга қиёслаб «Марями Макон» деб улуғлайди.
Лекин йигирма йилдан бери беваликда ўтаётган умр ҳам унга ўз тиканларини санчиб туради. Кундузи билинмайдиган ёлғизлик кечаси тўшакда ўзини кўрсатади. Эллик ёшнинг нари- берисида аёлларда бўладиган ўзгаришлар уни кўп диққинафас қилади, гоҳо юраги тапир-тупур уриб, баданини совуқ тер босади-ю, оёқлари, аксинча, чўғдай қизиб кетади. Сал нарсадан хавотири ошиб, дилини ваҳм босадиган пайтлар кўп бўлади.
Унинг энг кўп хавотирликлари — мудом ўзини ўтга-сувга урадиган Акбар туфайли. Бегим ҳатто ўғлини ҳаддан ортиқ мақтаб, кўкка кўтаришларидан ҳам чўчийди, чунки шуҳратдан маст бўлган Акбар ражпутча қиличбозлик қилмоқчи бўлиб, ўзини ўзи ўлдиришига сал қолганини бегим одамлардан эшитган.
Гужаратдан сўнг шарқдаги Бихарга юриш қилинди. Акбар икки юздан ортиқ дарё кемаси қурдирган эди. Асосий қўшин қирғоқ бўйлаб кетди-ю, Акбарнинг ўзи энг яқин мулозимлари, онаси ва хотин-болалари билан бир ой кемаларда сузиб борди.
Жамна ва Ганга бўйлаб қилинган бу дарё сафарини Ҳамида бегим умрининг энг масъуд хотиралари каби қайта-қайта эслаб юради. У келинлари ва неваралари билан тушган кема саҳнида тупроқ солиб ўстирилган жажжи гулзор бор эди. Қафасларда болалар яхши кўрадиган қушлар ҳам дарё бўйлаб сузиб борарди. Икки юз кема улкан бир карвонга айланиб, беш-олти мил масофага маржондай тизилган эди. Душман чегараси ҳали узоқ, ҳар икки қирғоқда ҳам ўз одамлари, кўкаламзор қир-адирлар ва обиҳаётга тўйган экинзорлар.
«Аҳли мурод» деб аталадиган махсус кемада Тансен бошлиқ хушовоз хонандаларнинг овози янграйди. Тун қоронғисида машъалалар ёруғи дарё мавжларида беҳад кўпайиб кўринади, куйлар ва қўшиқлар афсонавий бир сеҳр билан карвонга қўшилиб оқиб боради.
Икки ҳафта шу тарзда йўл юриб, Оллоҳобод шаҳрига етдилар. Бу ерда Жамна Гангага бориб қуйиладиган ғалати жой бор. Жамна суви қорамтир, Ганга эса оқиш, иккласи қўшилгандан кейин анча жойгача олачалпоқ бўлиб оқади-да, кейин кулранг тусга киради. Қирғоқлар беҳад кенгайиб, дарё аввалгидан беш-олти баробар улканлашиб кетади.
Ҳинд ривоятларида баён қилинишича, Оллоҳободда Ганга ва Жамнага ер остидан учинчи бир дарё— Сарасвати ҳам келиб қўшиларкан.
— Сарасвати аслида покиза бир маъбуда бўлган, — деб ҳикоя қилган эди Жодҳа Бай қайнонасига. — У Ҳимолай деган тангрининг қизи экан, тақдирида Ганга билан қўшилиш бор экан. Сарасвати илгари Гангага етгунча ер юзидан оқиб келаркан. Лекин дунёда нопоклик кўпайиб кетибдир. Сарасвати Гангага пок етиб келиш учун ер тагига тушиб оқибдир. Мана шу Оллоҳободда яна юзага чиқиб, севгилисига қўшилибдир. Шунинг учун бу дарёларнинг қўшилган жойи муқаддас зиёратгоҳ ҳисоблангай.
Чиндан ҳам, икки улуғ дарё қўшилган жойда одам бениҳоя кўп. Айтишларича, улар Ҳиндистон- нинг турли вилоятларидан пиёда келишган, чунки шу муқаддас дарёлар қўшилган жойда бир марта чўмилиб кетсалар, бутун гуноҳларидан покланишларига ишонишади.
— Қанийди шу ривоят рост бўлса! — деб Ҳамида бегим ҳам кеманинг бир четида аёллар учун қилинган парда ичига кириб, Ганга сувига қайта-қайта шўнғиб чиққан эди. Ҳозир буни эсласа дилида энг пок ва ёруғ туйғулар уйғонади.
Лекин Оллоҳободдан нарида яна Ҳамида бегимнинг таҳликалари бошланди. Чунки Акбарга қарши урушмоқчи бўлган афғон саркардаси Довудхоннинг юз минг аскари, беш минг ҳарбий фили бор эди. Афғонлар уни «бугунги Шерхон» деб улуғлар эдилар. Акбар онаси ва хотин- болаларини жанг майдонидан узоқ бўлган Жаунпурга юборди. Ўзи эса Ҳожипурдаги Довуд- хонга мактуб йўллади. «Икковимизнинг икки юз минг аскаримиз урушадиган бўлса беҳад кўп
247


қон тўкилгай, — деб ёзилган эди Акбарнинг Довудхонга юборган мактубида. — Ундан кўра ўзимиз яккама-якка олишганимиз афзал эмасми? Сиз ҳам Ҳиндистонда туғилиб ўсгансиз, фил жангини яхши билурсиз. Мен ҳам битта филга миниб майдонга чиқай, эл-улуснинг кўзи олдида иккаламиз жанг қилайлик. Ким ғолиб чиқса, Бихар-у Бангола ўшаники бўлсин».
Довудхон яккама-якка жанг қилишга журъат этмаганини эшитиб Ҳамида бегим анча енгил тортди. Чунки Акбар Ҳинд уммонида португалларнинг зўр кемаларини кўрганда қувваи баҳриянинг* аҳамияти қанчалик катта эканини сезган, ўзининг икки юз кемадан иборат дарё флотини шундан кейин қурдирган. Ҳали бундай флот Довудхонда йўқ. Бир кун кемада туриб жангни бошқарган Акбар иккинчи куни саман оти Роҳворга миниб, қуруқликдан ҳужум қилаётган жангчилари орасида пайдо бўлди. Жангчилар уни бир-бирларига кўрсатишиб, «ана, ҳазратим жангга кирдилар!», «оқ отда ўтдилар», дея бошлашди. Уни кемада кўрганлар эса, «ҳазратим ҳали ҳам бизнинг орамизда» дейишарди.
Акбарнинг жиловида гўё Хўжаи Ҳизр юришини, шунинг учун у ҳали бирорта жангда енгилмаганини юзбоши ва мингбошилар ўз қўл остидаги аскарлар қулоғига атайлаб қуяр эдилар. Бу гаплар сафдан сафга ўтиб, кўпчилик орасида тарқагандан кейин, навкарлар Акбарнинг ўзини кўриб қолсалар: «Eнди албатта енггаймиз!» дейишиб, ҳар бири ўнта ёвга бас келадиган шижоат ва жазава билан жанг қилар эди. Акбарнинг ўзидан ҳам кўра номи катта кучга айланганини Довудхон ҳам сезди, у ҳам қуруқликдан, ҳам дарё ичидан қилинган кетма- кет ҳамлаларга бардош беролмади-ю, кечаси қалъани ташлаб, жанубга қараб қочди. Шарқдаги ғалаба учун Акбар Гужаратдагига нисбатан хийла оз вақт ва куч сарфлаганига қарамай уни «назаркарда маҳдий!» деб энтикиб улуғлайдиганлар пайдо бўлди.
Бу меъёрсиз мақтовлар ҳатто Марями Макон — Ҳамида бегимни ҳам ҳовлиқтирар, бегим юриб бораётганда гоҳо оёғи ерга тегиб-тегмаётгандай бўлар, ғайритабиий бир куч уни осмонга учириб чиқиб кетадигандек туюларди. Лекин бу улуғлашлар Акбарнинг бошини қанчалик айлантириб қўйишини, Гужаратдаги мастлик яна такрорланиши мумкинлигини ўйлаганда бегим дарҳол ҳушёр тортар ва ўғлидан хавотир ола бошларди.
Одамлар Акбарни «довюрак, ботир» деб таърифлаганлари сари у ўзини янги-янги хатарлар гирдобига ташлар, ана шуниси бегимни мудом хавотирга соларди.
Овга борганда чита билан кийик тутишга қаноат қилса бўлади-ку. Йўқ, шергир филга миниб, йўлбарс отишга чиқарди. Махсус одамлар йўлбарс яшайдиган ўрмонни ўраб олиб, нақоралар, нафирлар шовқини билан йиртқични жойидан қўзғатади ва ўрмон четидаги ялангликка чиқишга мажбур қилади. Бу ерда фил минган Акбар йўлбарсга рўбарў бўлади. Шергир фил хартуми ва тиши билан йўлбарсни уриб йиқитишга интилади. Бундан ғазаби келган йўлбарс гоҳо ердан туриб филнинг боши устига сакрайди. Агар фил устида тўфангни ўқлаб тайёр турган овчи йўлбарсни сакраган пайтида бошидан отиб йиқитолмаса-ю, фақат ярадор қилса, бу қудратли йиртқич филнинг кўзига панжа уриб, тирноқларини ботиради. Кўздан айрилган фил довдираб қолади. Бу орада йўлбарс яна бир сакраб фил устидаги овчига етиб боради ва уни тилка-пора қилиб ташлайди. Бундай ҳодисаларни Акбарнинг ўзи кўрган. Шунга қарамай, яна беш-олти ой ўтгач, шергир филига минади-ю, йўлбарс овига жўнайди. Хавф-хатар билан олишишга бунча ишқибоз бўлмаса нима қиларкин? Ҳамида бегим ўғлининг чапдаст мерганлиги учун тангрига шукрлар қилади. Кейинги ўн йилда Акбар еттита йўлбарсни отиб йиқитганидан хабардор она:
— Бўлди, энди бас, жониворларга раҳмингиз келсин!— деб ўғлига ялинади.
Акбар «хўп» деб кўнгандай бўлди-ю, кейин ўттиз беш ёшида фил жангига қатнашиб, яна бир фалокатдан зўрға омон қолди. Ҳамида бегим ўз кўзи билан кўрган бу ҳодисани ҳар эслаганда эти бир жунжикади.
Бухородан келган Абдуллахон элчилари фил жангини томоша қилишга ҳавасманд экан. Акбар Жамна бўйидаги ўша кенг майдонда иккита зўр филни маҳаватлари билан бирга уриштиради. Бир вақтлар Байрамхоннинг филини енгган машҳур Фавждорни журъати йўқроқ маҳават
248


минган экан. Ўртадаги тупроқ кўтармадан нарига ўтмай, жуда ланж олишди. Томоша зерикарли бўлаётгани учун Акбар Бухоро элчилари олдида ўнғайсизланди. Оташдорни чақиртириб, «Фавждорнинг маҳаватига айтинглар, дадилроқ жанг қилсин!» деб буюрди. Аммо буйруқ ҳам кор қилмади — маҳаватлар ўз жонларини хатарга қўйгилари келмаётгани сезилиб турарди. Шундан сўнг Акбар элчиларнинг олдида рожа Бирбални қолдиради-да, ўзи филлар жанг қилаётган майдонга тушиб борди. Унинг ишораси билан оташдорлар ёниб турган оловни икки фил орасига кўтариб кириб, олишувни тўхтатдилар. Фавждор маҳавати билан Акбар турган жойга чақиртирилди. Ҳар икки филга маст қиладиган ширин ичимлик берилди. Шундан кейин Фавждорга Акбарнинг ўзи минди. Кайфи ошган филлар энди ўлар-қоларига қрамай жанг қила бошлади. Икки орадаги тупроқ кўтарма бирпасда пайҳон бўлиб ерга қоришиб кетди. Акбар Фавждорни анкуш билан хиллалаб, рақиб филнинг ёнбошига ўтказдирди. Биқинидан берилган зарба қарши томонни қаттиқ силкитиб, маҳаватни ерга йиқитиши керак эди. Лекин рақиб фил Акбар ўйлаганидан зўрроқ эканми, зарбага бардош берди, маҳавати ҳам филнинг қулоқлари остига тиззасини тиқиб йиқилмай қолди.
Акбар филларнинг икки юз йил умр кўришини билар, улардаги йигитлик қудрати етмиш-саксон ёшгача сақланиб қолади деб ўйларди. Байрамхоннинг фили Зўравор билан Фавждор олишганига ўн саккиз йил бўлди. Наҳотки шу йиллар ичида Фавждор кучдан қолган бўлса? Акбар унинг зарбаси аввалгидай эмаслигини энди сезди. Дамудор деб аталадиган қаршидаги филнинг айни кучга тўлган даври экан, орқадан шундай қаттиқ зарба бердики, Фавждорнинг олд оёқлари букилиб, чўккалаб қолди. Акбар унинг боши оша ерга қулаб тушадигандай бўлди. Одамлар: «Ваҳ!» деб юбордилар. Аёллар қаторида жангни томоша қилаётган Ҳамида бегим дод солиб юбормаслик учун оғзини кафти билан бекитди, лекин ўрнидан туриб кетганини ўзи билмади.
Бу орада Акбар ўзини хиёл ўнглаб, Фавждорни бир амаллаб тикка турғазди. Дамудорни бошқараётган маҳават подшо оиласидан балога қолмаслик учун иккинчи зарбадан филини тутиб қолди. Акбар Фавждорни орқага буриб яна ҳамлага ўтди. Лекин шу орада жанг вақти тугади-ю, олишув дуранг деб эълон қилинди. Ранги хиёл ўчган Акбар ҳансираб элчилар олдига қайтиб келди. Жанг манзарасидан ҳаяжонга тушган элчилар Акбарнинг олдида таъзим қилишиб:
— Довюраклигингизга тан бердик, ҳазратим! — дейишди.
Кечқурун Акбар онасидан хабар олишга борганда Ҳамида бегим кўзига ёш олиб дардини айтди: — Шоҳ ўғлим, наҳотки элчиларнинг икки оғиз таҳсини учун ўз жонингизни шунчалик хатарга қўйсангиз? Таваккалчилик ҳам эви билан-да, ахир. Шу қадар ўйламай иш қилиш тўғрими, айланай болам?!
— Мен бу ишни ўйлаб қилдим, онажон. Абдуллахон биз билан беллашмоқчи эмиш, Кобул-у Бадахшонни тортиб олмоқчи эмиш. Элчилари ўз кўз билан кўрган олишувни бориб хонга айтиб берсинлар. Мен билан олишув қанақа бўлишини хон кўз олдига келтирсин. Эҳтимол, бугунги фил жанги Абдуллахон билан бўладиган қонли урушнинг олдини олишга ёрдам берса! Мен ана шу мақсадда майдонга тушдим.
— Лекин сиз майдондан омон чиққунингизгача мен ўлиб бўлдим! Бизни ҳам ўйланг-да, жон болам!
— Хўп, онажон! — деб Акбар минбаъд жонини хатарга қўймасликка сўз беради. Лекин бошқа кутилмаган жойдан яна онани безовта қиладиган бирон хатар чиқади.
Акбарнинг довюраклиги Абулфазл билан Бирбалга жуда ёқади. Уларнинг фикрича, Акбарнинг шуҳрати ва обрўси давлат манфаатларига хизмат қилади. Агар унинг шундай зўр обрўси бўлмаса, қўл остидаги одамлари Секридаги янги пойтахтни қисқа вақт ичида бунёд қилишга ёки икки юзта дарё кемасини қуришга бу қадар жон-жаҳдлари билан киришармиди?
Абулфазл билан Бирбал Акбарнинг шу улкан обрўсидан фойдаланиб, энди шайх Ансорийнинг диний истибдодини йўқотмоқчи бўлади. Гужарат юришидан олдин режаси чизилган эътиқод
249


уйи Биҳардаги ғалабадан кейин қуриб битирилди. Акбар руҳонийларни мунозараларга жалб қилиш учун бинони «Ибодатхона» деб атади. Ҳамида бегим бу ибодатхонани кириб кўрган эмас, аммо уни марҳум Салим отанинг маслакдоши бўлган Абдулла Ниёзийнинг ҳужраси ўрнига қурганларидан мамнун. Абдулла Ниёзийнинг ҳужраси эвазига Секри ўрмони четидан Акбар унга уй қурдириб, деҳқончилик учун ер ҳам ажратгани онасига жуда маъқул бўлди. Чунки Абдулла Ниёзий ҳам Салим ота каби адолатпарвар одам эканлигини бегим яхши билади. Ибодатхонада Акбар имон-у эътиқод мунозаралари ўтказганда Ансорийга ўхшаган тамагир дин пешволари шайх Муборак билан Абдулла Ниёзийга бас келолмасликлари аниқ. Бианадаги халқ ҳаракатига қатнашган маҳдийлар дин-у миллат айирмас эдилар. Акбар уларнинг шу бағри кенглигини маъқул кўриб, ибдатхонадаги мунозараларга ҳинд браҳманларини ҳам, оташпарастлар вакилини ҳам таклиф қила бошлади. Абдулла Ансорий ва унинг тарафдорлари чекка-чеккада пичирлашиб: «Ибодатхона Бианадаги исёнчилар илкига ўтди, маҳдийлар Акбаршоҳни ҳам диндан чиқаришмоқда!» деган ваҳимали гаплар тарқатдилар.
Маҳдийлар эса Акбарни «минг йилда бир келдаиган улуғ раҳбар!» деб кўтар-кўтар қилишади. Селдай ёпирилиб келаётган бу қарама-қарши фикрлар таъсирида Акбарнинг ўзи ҳам ғалати бўлиб юрибди. Кейинги пайтда чоғир ичмайди, гўштлик овқат емайди, ҳеч ким билан очилиб гаплашмайди. Ҳозир узоқ Бҳира ўрмонларига кетган. Яна фил миниб, йўлбарс овига чиқмаса эди...
Ҳамида бегим Бҳирадан хабар кутиб юрган пайтда Абулфазл келиб қолди. Унинг маъюс қарашлари онани яна безовта қилди:
— Акбаржон саломатмилар?
— Шукур... Лекин озиб кетдилар. Уйқулари ёмон.
— Табиблари бор эди-ку. Бҳим Надҳ ўша ердами?
— Табибларни қабул қилмай қўйганлар. Куни билан ўрмонда ёлғиз юрадилар, тоғ тепасида соатлаб ўй суриб ўлтирадилар. Ёнларига чақирмаганларидан сўнг, биз боришга журъат этолмагаймиз.
— Рожа Бирбал ўша ердамилар?
— Ҳа, рожа Бирбал билан ҳам очилиб сўзлашмай қўйдилар. Пойтахтга қайтайлик, десак истамадилар.
— Ов билан кўнгиллари ёзилар эди-ку.
— Биз ҳам шуни ўйлиб, овга тайёрлик кўрдик. Шергир филлари тахт қилинди. Махсус одамлар ўрмон ичидаги йўлбарсларнинг атрофини ўраб, очиқ жойга ҳайдаб чиқди. Кийик овлайдиган читалар ҳам қафасда буйруқ кутиб турган эди. Бирдан ҳазратим «жониворларга жабр қилиб не топдик!» дедилар-у йўлбарсларни ўрмонга қайта киритиб юборишни буюрдилар. Қафасдаги читаларни ҳам узоқроққа олиб бориб, қўйиб юборишга амр бердилар. Овни ман қилиб махсус фармон чиқардилар.
— Йўлбарс ови ман этилса менинг дилимдаги иш бўлибдир, — деди Ҳамида бегим.
— Лекин бошқа бир хавотирлик пайдо бўлди, бегим. Одамдан бегонасирайдилар. Мудом, ўзлари ёлғиз. Мусоҳаба-ю мурокаба*. Ҳушлари жойида эмасми? Ҳеч кимни қабул қилмай қўйдилар. Давлат ишларини эслатсак, уришиб берадилар. Подшо одамга бир нарса деб бўлмаса!... Ўйлаб-ўйлаб, ахийри сизга маслаҳатга келдим. Ҳазратиимга фақат сизнинг ҳаддингиз сиғиб, тўғри йўл кўрсатмоғингиз мумкин...
— Акбар мени чорладими?
— Йўқ, билдирмай келдим. Билсалар, рухсат бермас эдилар.
— Мавлоно, сиз билан отангиз шайх Муборак ҳам Акбарни ҳаддан ортиқ улуғлайвериб шу кўйга солдиларингиз. Мана, оқибати!
— Осий бандамиз, ҳазрат бегим. Бизни афву этинг.
— Аммо келганингиз яхши бўлибдир. Мен тезроқ Бҳирага борай. Дилим сезган эди-я!..
Ҳамида бегим ўзининг тунги бетобликларини ҳам унутди, Фатҳпурдан отда ўн кунлик йўл
250


бўлган узоқ Бҳирага шошилинч жўнаб кетди.
Ҳаруда деган ҳинд лочини тоғ тепасида турган Акбарнинг ёнгинасидан учиб ўтди. Лочиннинг елкаси тўқ қизғиш, қорни ва бўйни оқ. Сариқ рангли панжаси билан қора бир илонни чангаллаб олган. Илон ейдиган бу лочин ўз овини думидан чангаллаб осмонда чирпирак қилиб учиради. Заҳарли илон тез учишдан кўзи тиниб, бошини кўтариб ололмайди, лочинни чақишга илож тополмай қолади. Ҳаруда эса илонни осмоннинг юксак бир жойидан ерга ташлаб юбориб ўлдиради.
Мана шу одати учун ҳиндлар Ҳарудани муқаддас қуш деб эъзозлашади. Ривоятларга биноан, гўзаллик ва зафар маъбудаси Лакшми Ҳаруданинг қанотлари устида ўлтиради. Илгари Акбарнинг хаёлида афсонани воқеликдан ажратиб турадиган аниқ чегара бор эди. Энди шу чегара йўқолган, уни гўё сел олиб кетган. Шу сабабли ҳозир ёнидан учиб ўтган Ҳаруданинг қизғиш қанотлари устида ҳаво тўлқинига ўхшаш ҳарир бир нарсани кўргандай бўлди-ю, «Лакш- ми шу эканми?» деб ўйлади.
Кечалари унинг тушига тўрт қўли, бешта юзи бор Шива кириб чиқади. Ғазаб бобида ҳеч ким Шивага бас келолмайди. Икки кўзидан ташқари пешонасида учинчи яширин нигоҳи ҳам бор. Астойдил ғазаби келганда шу учинчи кўзи бирдан очилади-ю, олов сочади. Шива тикилиб қараганда одам ёки бошқа жонзот шу кўзнинг оловидан куйиб кул бўлади. Шиванинг ёқаси ўрнида ўрам-ўрам илонлар. Одамларнинг бош суякларини ипга тизиб, бўйнига маржон қилиб тақиб юради. Пўлат гурзисининг учига ҳам одамнинг бош суяги қопланган. Чунки у гуноҳкор- ларга жазо берувчидир.
Акбарнинг тасаввуридаги воқелик билан ғайритабиий ва илоҳий нарсаларнинг чегарасини бузиб ўтган сел уни ердан узиб олиб осмонга чиқариб юборган улуғлашларнинг оқибати эканини ҳозир ўзи ҳам сезмайди. Фақат уни «доҳий!» «маҳдий!» деганлари сари ўзини аланечук ёлғиз, ҳаммадан узилган бекас одамдай сезади.
Унинг руҳи безовта, сабабини гўё Жалолиддин Румий айтиб кетган: «Тананг — от, руҳинг — унинг сувориси. Шуни билки, от емиши суворига озиқ бўлмагай!»
Илгари Акбар кўпроқ танасини парваришлар эди, энди билса нуқул отни боқиб, суворини оч қолдирган экан. Ҳозир аксини қилиб, ейиш-ичишдан ўзини чеклади-ю, маънавий озиқ берадиган илм-у асрорга, сўфийлар ва ҳинд донишмандлари таълимотига қайта-қайта шўнғиб, ўзига керакли маънавий гавҳарни излашга тушди.
Руҳ, ақл, қалб, кўнгил — булар табиатдаги чор унсурга ўхшайди, инсондаги бутун маънавий дунё шу тўртовидан таркиб топишини Акбар энди биляпти. Араб, форс, ҳинд, юнон — турфа тилли файласуфлар ҳаммаси руҳ билан тананинг, кўнгил билан ақлнинг орасидаги зиддиятлардан дод деб ўтганлар. Акбарнинг ўзи ҳам ҳозир шу ички зиддиятлардан қутулолмай азоб тортиб юрибди. Орқага ўгирилиб қараса, қанча зафарларга эришгани, қанча катта давлат-у обрўга эга бўлгани уни қаноатга ва мамнунликка ундайди. Аммо дилига разм солса, ўзидан ҳам, атрофидаги ҳаётдан ҳам кўнгли тўлмайди. Ҳали амалга ошмаган истак-орзулари беҳад кўп. Уларга қачон етишади?
Шунда гўё Абдулҳамид Ғаззолий деган файласуф уни огоҳлантиради: «Икки биқининг орасидаги кўнглинг — сенинг ашаддий душманингдир».
Ҳинд файласуфлари ҳам кўнгилни унинг ташқи манбаларидан узиш кераклигини, ҳеч ким йўқ бир ўрмонда ўз қалбига қулоқ солиб, дилдаги муқаддас туйғуларга берилиб яшашни маслаҳат берадилар.
Акбар шу мақсадда Ҳимолай тоғи этакларидаги ўрмонзор Бҳирага келиб яшамоқда. Бу ерга у билан бирга келган беш юздан ортиқ бег-у мулозимлар, қўриқчи ва хизматкорлар Бҳиранинг Боғи Сафосидаги кўл атрофларига чодир тикиб олишган. Бир вақтлар Комрон мирзо кўр қилинган Боғи Сафога Акбар ўн яшарлигида биринчи марта отаси билан келган эди. Шундан бери ўтган ўн йилликлар уни не кўйларга солмади! Мана, ҳозир ёши ўттиз саккизга борди,
251


лекин ҳали ҳам ўзини жуда нокомил сезади, хаёлини яхлит бир муқаддас туйғу атрофига йиға олмайди. Унинг истаги шуки, танаси руҳига сўзсиз итоат этса, юраги нафсдан покланса, у ўзидан ҳам, оламдан ҳам мамнун ва ризо бўлса. Сўфийлар буни «орифлик» дейди, ҳинд фақирлари «самадҳи» деб атайди, лекин икковининг моҳиятида ҳам комил инсонликка интилиш бор.
Акбар табиатдаги покликни, гўзаллик ва мувозанатни кўриб ҳаваси келади. Нега унинг дилида табиатдаги уйғунлик йўқ? Бу саволга жавобан яна Румийнинг хитоби эшитилади:
«Кўзни юмгил, кўзга айлансин дилинг!»
Акбар кўзи олдида турган табиатдан ҳам улуғроқ, ундан ҳам абадийроқ мутлақ ҳақиқатни қалб кўзи билан кўришга ва руҳини унга қўшиб юборишга интилади. Лекин бунга ҳеч муваффақ бўлолмайди.
Тақдир унга шунча куч-қувватни, истеъдодни, қудратли давлатни нима учун берган?
Бу саволга Ажмирдан Акбар бир вақтлар зиёратга борган Муъйиниддин Чешти мақбарасидан Бҳирага келган мўйсафид Муртазо Аҳмадхон ўзича жавоб берди. У шеърни куйга ўхшатиб айтадиган хушовоз қавволлар билан бирга Акбарни улуғлаб ашула айтди, сўнг Акбарнинг қаршисида тиз чўкиб, унга сажда қила бошлади:
— Сиз минг йилда бир келадиган доҳий! Дунёда адолат ўрнатиш учун Худо томонидан юборилган маҳдийсиз!
Зўр эътиқод ва ишонч билан айтилган бу сўзлар Акбарга шундай таъсир қилдики, унинг кўзларидан ёш оқа бошлади. У кўз ёшини артмасдан ўрнидан туриб кетди-да, ўрмонда анча вақт ёлғиз айланиб юрди.
Балки муртазо Аҳмадхон ҳақдир? Унга аён бўлмаса камоли ишонч ва эътиқод билан шундай дермиди? Лекин Акбарнинг амалий ишда аниқ далилларга таяниб ўрганган ақли бу гапга бовар қилмайди.
Осмондан ҳам бирон ишора бўлса эди, Акбар ўзининг ўжар ақл-у идрокини сўзсиз ишонтирган бўларди. У ёлғиз ўзи тоғ тепаларига чиқади, уйқусиз тунларда шам ёруғида ўй суриб ўлтиради. Тепадан бирон гумбурлаш ёки ҳайқириш эшитилса, «тангридан ваҳий келдимикин?» деб, вужудини титроқ босади, руҳида зилзила қўзғалади. Лекин яхшироқ қулоқ солса, узоқда ё момақалдироқ гумбурлаган ёки ўрмонда йиртқичлар бўкирган бўлиб чиқади.
Муртазо Аҳмадхондан ташқари шайх Муборак ҳам Акбарнинг маҳдийлигини исбот этишга ҳаракат қилмоқда. Ахир ҳижрий мингинчи йил яқинлашяпти. Шайх Муборак мусулмон оламида Акбардан қудратлироқ подшо йўқ деб ҳисоблайди. Унингча, маҳдийликка муносиб бошқа одам йўқ. Шунинг учун шайх Муборак Акбарнинг тезроқ маҳдий деб эълон қилинишини, шу тарзда абдулла Ансорий бошлиқ руҳонийлар ҳокимияти йўқотилишини истайди. Акбар маҳдий бўлганда кийиши керак бўлган улуғвор самовий кийимларга шайх Муборак буюртмалар берган. Буни эшитган Акбарнинг руҳи осмонга талпинади, аммо танаси ҳамон ердан кўтарила олмайди. Хаёлида воқелик билан илоҳиёт бир-бирига қоришиб кетган пайтларда уч кўзли тангри Шива Нанди номли ҳўкизига миниб, қаршисидан ўтгандай бўлади. Бирдан хушёр тортиб қараса, Боғи Сафода ёлғиз ўлтирганини кўради. На Шива бор, на Нанди. Шунда «ақлдан озмаяпманмикин?» деган ўй этини жунжиктириб ўтади.
_____________
*Қувваи баҳрия—ҳарбийфлот.
* М у с о ҳ а б а — худтаҳлил, ўз-ўзини кузатиб анализ қилиш. Мурокаба — ўз-ўзини чеклаш, қаноатга ўрганиш.
***
Кеч кириб, ўрмон дарахтлари Боғи Сафодаги кўлга узун-узун соя ташлаб турган пайтда Акбар хаёл суриб булоқ бўйида ўлтирган эди. Саккиз йигит Боғи Сафога кўтариб кирган заррин
252


тахтиравон булоқдан пастроқда тўхтади. Кутилмаганда ундан Ҳамида бегим чиқиб келди. Акбар: «Бу ҳам рўё бўлса керак!» деб чўчиб ўрнидан турди:
— Сиз?.. Ҳазрат онам?
— Ҳа, бу мен, мунглиқ онангиз!..
— А... Э... Сизни ким чорлади?
— Дилим чорлади!
Акбар онасидан ҳам бегонасирагандек анча берида тўхтаб турибди. Ҳамида бегим орадаги масофани дадил босиб ўтди-да, Акбарни бағрига босиб, йиғлаб юборди:
— Акбаржон, онангиз сизга керак бўлмаганда кўзингизга кўринмай йўқ бўлиб кетгай! Аммо бо- шингизга мушкулот тушганда ернинг тагидан бўлса ҳам етиб келгаймен!
Она бағрида Акбар бир лаҳза беғубор болалик даврига қайтгандай бўлди. Кўнгли юмшаб:
— Хуш келибсиз! — деди ва онасини икки ошиёнли кўшкка бошлаб кирди. Бегим йўлда чанқаган эди. Акбар гулоб чақирди.
— Сув кичикдан, аввал ўзингиз ичинг, болам!
Акбар лиму шарбатининг лаззатини анча кундан бери энди қайтадан сезди. Бовурчилар Ҳамида бегим учун дастурхон ёзиб, энг сархил ширинликлар ва сабзавотдан қилинган таомлар келтира бошладилар. Бегим тўрт йилдан бери гўшт емас, буни бовурчилар билар эди. Акбар ҳам Бҳирага келгандан бери гўшт емай қўйгани она-болани маънавий маслакдош қилгандай туюлди. Хуштаъм сабзавотлардан пиширилган анвойи овқатларни эса Ҳамида бегим атайлаб иштаҳа билан ер, унинг таъсирида Акбар ҳам лаганга тез-тез қўл чўзаётганини ўзи сезмасди. Киндик қони орқали ўтган гўдаклик туйғулари акбарни аслига қайтараётгандай, воқелик билан хаёлий рўёнинг орасидаги чегара туман орасидан секин чиқиб келаётгандай бўларди. Лекин ойлар давомида унга сингдирилган маҳдийлик афсуни ҳали осонликча тарқайдиганга ўхша- масди. Она-бола суҳбатлашиб ўлтирганларида Акбар бир неча марта жим қолиб осмонга қулоқ солди. У тангридан илоҳий нидо келишига астойдил ишониб юрганини Ҳамида бегим энди сезди.
Кечаси Акбар сома деган гиёҳнинг сувидан тайёрланган шарбат ичди.
— Сома ҳиндларда муқаддас гиёҳ ҳисоблангай,— деб онасига тушунтирди. — Кечаси ойдинда тоғдан териб тушарлар. Олтин узук тақилган бармоқлар билан эзиб, шарбатини элакдан сузиб поклагайлар. Бир-икки кун тургандан кейин етилиб, енгил кайф бергай. Аммо бу илоҳий кайф саналур.
Ҳамида бегим сомадан бир пиёла ичиб ётган эди, кечаси билан ухлай олмади. Браҳманлар соманинг кайфи билан туни бўйи ҳиндча дуолар ўқиб, ухламай чиқишлари эсига тушди-ю, Акбарни қийнаб юрган уйқусизликларга сома ҳам сабаб бўлаётганини пайқади. Эртаси куни Акбарга туркий ичимлик бўлган қимизни эслатди:
— Кобулда ўсмир пайтингизда қимиз ичганларингиз ёдингиздами? Аждодларимиз орқали қонимизга сингган одат...
— Ҳинд иссиқларида қимиз оғирлик қилгай.
— Аммо Бҳира салқин экан. Бир томони тоғ, бир томони дарё.
Онасининг қимизга кўнгли кетаётганини сезган Акбар бовурчини чақирди:
— Чиғатойхон Тошкандий қимизхўр эди. Бориб айтинг, биз учун топдирсин.
Қип-қизил кади тўла қимиз ўша куни топиб келинди. Ҳамида бону сарёғда пиширилган бақувват овқатлар буюрди-ю, аввал ўзи бир коса қимиз ичди, кейин қўярда-қўймай Акбарга ҳам ичирди. Муздай булоқ сувига кадиси билан қўйиб совутилган қимиз чанқоқни шундай яхши босдики, Акбарнинг танаси яйраб, бирдан иштаҳаси очилганини сезди. Она-бола гўшт емасликларини биладиган бовурчи уларга туркийча қаймоқ торпиқ пишириб келди. Акбар шарбатчига ишора қилиб, ўзига ва онасига яна бир косадан қимиз қуйдирди. Уни ичгандан кейин вужудига майин бир мудроқ тарқаб, дунё ғамлари хаёлидан узоқлаша бошлади. Ҳар куни ётар маҳалда ичадиган сома ичимлигини бугун онаси илтимос қилиб ичирмади. Унинг ўрнига
253


ҳам яна бир коса қимиз берди.
Акбар хуфтон кеч бир уйқуга кетганча, эртаси куни офтоб чиққанга қадар қотиб ухлади. Сўнгги кунларда у ҳеч кимни қабул қилмай қўйгани учун давлат ишлари тўхтаб қолган, подшонинг қабулига киролмай хит бўлиб юрган одамлар кўп эди. Акбарнинг ўй-хаёлини бузмаслик учун мулозимлар ҳам оёқ учида юрардилар. Бутун қароргоҳ мудроқ босгандай бўшашган эди. Акбар эрталаб ухлаб ётган пайтда Абулфазл билан рожа Бирбал Ҳамида бегимнинг ҳузурига келдилар.
— Яхши ухлаётган бўлсалар, бу — соғайиш аломати! — суюниб деди Абулфазл. — Шояд бугун бизни ҳам қабул қилсалар. Навбат кутиб турган шошилинч ишлар кўп.
Ҳамида бегим бош чайқади:
— Мавлоно, ҳали сабр қилинг. Гужаратдаги мастликлари бир кунда тарқаган экан. «Маҳдий», «доҳий» деб, ойлар давомида афсун қилдиларингиз. Бунинг кайфи тарқалиши учун анча вақт керакка ўхшайдир.
— Шукурки, ҳазратим сиз билан иноқлар.
— Менга хос ҳакимни чақириб берингизлар, — деди Ҳамида бегим. — Бамаслаҳат даво қилайлик.
Хос ҳаким Бҳим Надҳ Акбарга қувват берадиган таомларни кўпроқ едиришни маслаҳат берди. Шу маслаҳат бўйича Ҳамида бегим эрталабки ширчойга қувват берадиган қаймоқ ва сарёғни кўпроқ солдирди. Тушга бориб Акбар чанқай бошлаганда она-бола яна қимиз ичдилар, табибнинг буйруғи билан сабзавот шўрвага каклик гўштидан қўшиб пиширдилар ва сувини сузиб бердилар. Акбарнинг кайфияти яхшиланиб бораётганини кўрган Ҳамида бегим унга руҳ ва тананинг бирлиги ҳақида Салим ота айтган сўзларни эслатди:
— Инсон ҳам дарахт каби моддий илдизлардан озиқланаркан, шоҳ ўғлим! Қон билан таралувчи озиқ руҳга қувват бераркан.
— Лекин нафс билан кўнгил — руҳнинг душманидир, — деди Акбар.
— Кўнгил ҳам пок бўлса, руҳга зид келмагай. Ҳиндларнинг кўнгил ҳақидаги фикрлари эсингиздами? Карма — биздаги кўнгилга ўхшаб табиий эҳтиёжлар, майлларни келтириб чиқараркан. Бусиз яшаб бўлмас экан.
— Аммо жайнлар кўнгилни ёпишқоқ матога ўхшатурлар. Ҳаётнинг бутун кир-чирлари шу матога ёпишавергай.
Ҳамида бегим ҳам жайнлар таълимотидан хабардор эди. Жайнлар тирик жониворнинг гўштини ейишга шунинг учун қаршики, инсон ўлганда унинг жони бошқа бирон жондорга, гоҳо эчкига, қўйга, гоҳо илонга кўчиб ўтади. Жайнларнинг жониворларга раҳмдиллигидан ташқари биттадан ортиқ хотин олмасликлари, имон-у эътиқодлари бунга рухсат бермаслиги ҳам Ҳамида бегимга ёқади.
— Жайнлар кармани кир оладиган матога ўхшатганлари рост, — деди бегим. — Лекин уни тез- тез тозалаб туриш керак, дейдилар. Ахир кармасиз ҳаёт бўлурми? Ичиш, ейиш, уйланиш, фарзанд кўриш — ҳаммасида кўнгил иштирок этмай иложи йўқ.
— Лекин кўнгилни имон-у инсоф кўчасидан юргизиш мушкул.
— Нечун? Комил инсонларда руҳ ҳамиша кўнгилга етакчилик қилгай, ақл билан дил жуфт қанотлардек бирга парвоз этгай.
— Демак, мен ҳали камолотдан жуда узоқдамен,— деди Акбар. — Руҳим мудом осмонга талпинур. Аммо танамни руҳим кўтарилган юксакликка олиб чиқолмай, аро йўлда муаллақ қолурмен.
Акбар ўзининг руҳий ҳолатига тўғри баҳо бера бошлаганида Ҳамида бегим ичида «хайрият!» деб қўйди-ю, уни муаллақ ҳолатдан тезроқ ерга қайтариб туширгиси келди.
— Мен ўтган ҳафта тушимда Ҳумой қушни кўрибмен, — деди бегим. — Қанотлари бургутникидан ҳам баҳайбат. Боши-ю бўйни шертахлит. Одамникидай икки илки бор. Тоғ этагида одамлар тўпланган экан. Ҳумой қуш илкида каттакон бир китобни кўтариб ўтиб, тоғ
254


тепасига бориб қўнди. Одамлар унга қараб югурдилар. Ҳумой китобни ташлаб учиб кетди. Тоққа олдинроқ етиб борган тўрт-беш одам ҳалиги китобни «мен олай, мен олай!» деб талашиб қолдилар. Бир-бирига бермагандан кейин уни тўрт-беш бўлак қилиб бўлиб, турли томонга олиб кета бошладилар. Шунда сиз пайдо бўлдингиз. «Тўхтанглар, ахир, яхлит китобни парчалаб олиб кетиш гуноҳ-ку», деб уларни қайтаришга тушдингиз. Лекин уларнинг бирини қайтарсангиз, бошқаси тутқич бермайдир. Азбаройи ачинганимдан «оҳ!» тортиб, уйғониб кетибмен.
Акбар ўйланиб турди-ю:
— Яхши туш кўрибсиз, — деди. — Китоб — ҳақиқат рамзи. Одамлар ҳақиқатни парча-парча қилиб турли томонга олиб кетганлари рост. маънавият ҳам парчаланган. Ҳар ким илкидаги бир парча ҳақиқат-у маънавиятни маҳкам тутиб олган. Бошқаларнинг илкида ҳам ҳақиқат-у маънавият парчалари борлигини тан олмайдилар. «Фақат мен ҳақмен!» деб, бошқа халқларни камситадилар. Ўзаро урушлар, дин-у миллат айиришлар мудом шундан келиб чиқғай... Сиз тушингизда кўрган китобнинг парчаларини одамзод бир жойга йиғиб, яхлит ҳолига келтирмагунча, дунёда адолат ўрнатиб бўлмагай. Менинг орзуйим сочилиб кетган ўлкаларни бир давлат қилиб бирлаштиришгина эмас, балки парчаланиб кетган ҳақиқатни бир улуғ маҳзарга* йиғишдир.
— Илоҳим, бу орзуингизга етинг, шоҳ ўғлим. Туркий улусдан чиқиб, Ҳиндистонга фарзанд бўлдингиз. Энди билсам, бир улуснинг қобиғини ёриб чиққан одам фақат иккинчи бир халқнинг фарзанди бўлиш билан чекланиб қололмас экан. Уммонга қуйилган дарё бутун дунё кенгликларига чиқаркан. Шунга ўхшаб, сиз ҳам ўз улусингиз, ўз мамлакатингиз ташвишларидан куч орттириб, умумбашарий муаммоларни ечишга бел боғламоқдасиз. маънавият бобида аждодларингизнинг ҳеч бири бундай мушкул, бундай мураккаб мақсадларни ўз олдиларига қўймаган эдилар. Сизда улкан истеъдод-у ғайрат бор. Аммо мен тушимда «оҳ» тортиб уйғонганимга сабаб — «ёлғизлик қилдингиз, болам!». Китобни парчалаб, турли томонга қочганларнинг ҳаммасини одам бир ўзи нечук тутгай?
— Ёнимда ҳеч ким йўқмиди?
— Йўқ эди! Ахир, содиқ амирларингиз нечун кўринмайдилар? Азиз кўка, Ман Синх, рожа Бирбал, Абулфазл... Ҳар бири сиз учун жонини беришга тайёр-ку!
Акбар сўнгги пайтда узлатга чекингиси ва ёлғиз юргиси келиб, энг яқин кишиларидан узилиб қолгани нотўғри бўлганини энди сеза бошлади. Онаси уни янада ҳушёр торттириш учун Аграда бўлган бир фожиани айтиб берди:
— Сиз йўғингизда Аградаги садрлар судури Абдунаби яна диний низоларни аланга олдирди. Сиз-ку, масжидлар қатори ҳинд бутхоналари қуришга ҳам рухсат берган эдингиз. Лекин шайх Абдунаби бор тахтани масжид ёнига келтириб тахлатибдир. Бутхона учун тахта бердирмабдир. Бутхона қурилиши тўхтаб қолгандан кейин, келинимиз Жодҳа Байга қадрдон бўлган браҳман ўз қавмлари билан борибдир-да, ўша тахталарнинг бир қисмини садрлар судуридан берухсат олиб кетиб, бутхона қурилишига ишлатибдур. Мухтасиб буни билиб қолиб, браҳманни ҳибсга олибдир.
— Мен буни эшитган эдим, — деди Акбар. — Сафардан қайтгунимча браҳман ҳибсда сақлансин деган эдим.
— Аммо браҳман қочмоқчи бўлган эмиш. Ростми, ёлғонми, билмадик. «Сўроқ пайтида браҳман муслимларни ҳақорат қилди, кечаси қочмоқчи бўлди», деган баҳона билан садрлар судури уни қатл эттирибдир.
— Об-бо, жаллодлар-ей!
— Энг ёмон фожиа кейин бўлди. Браҳманнинг тўртта хотини бор экан. Шулардан учтаси «сати» қилиб, мурда билан ўзларини ёндирибдирлар. Буни Жодҳа Бай эшитиб қанча йиғлади! Аёлларнинг қариндошлари-ю браҳманнинг қавмлари бу адолатсизликдан қаҳр-у ғазабга тўлиб юрибдилар. Ахир шайх Абдунабидай жоҳилларга одамларни қатл эттирш ҳуқуқини ким берган?
255


— шариат берган, — деди Акбар. — Агар менинг даҳрийлигимга раият-у бариятни ишонтирсалар, шариатга суяниб мени ҳам қатл эттиришлари мумкин.
— Булар шариатни шунчалик суиистеъмол қиладиган бўлса, ўринларига шайх Муборакдек ҳалол одамларни қўйсангиз бўлмагайми?
Акбарнинг кўпдан бери кўнглига туккан истаги ҳам шу э?