мустақил давлат, унинг ўз подшоси бор. Ҳиндистонга ноиб керак бўлса, уни Фарангистон қироли эмас, биз ўзимиз тайинлагаймиз!
— Бу сўзларингизни қирол ҳазратларига албатта етказгаймиз. Биз сизнинг мустақиллигингизни ҳурмат қилурмиз!
— Аммо баъзи фарангилар бизнинг ички ишларимизга аралашмоқдалар... Ҳатто бизга қарши суиқасд қилган бир телбанинг уйидан фаранги тўфанги топилди... Ҳозир бизда ҳам тўфанг-у замбараклар кўп. Огоҳлантириб қўймоқчимизки, яна шундай ишлар такрор бўлса, бизнинг замбараклар сизларга қарши отилмоғи ҳам мумкин!
Акбарнинг айтганини қила оладиган одам эканини биладиган Гоа ҳокими ташвишга тушиб:
— Биз сиз билан тинч-тотув яшашни истаймиз, ҳазрати олийлари! — деди. — Агар суиқасдга қатнашган одам Гоада бўлса уни тутиб беришга тайёрмиз!..
Акбар вазир Жамилга ишора қилди. Вазир Жамил қўйнидан қоғоз олиб, Пўлат васвас ва баъзи гувоҳларнинг айтишича, ўша тўфангни Алваро Пакавира деган кекса одам Деҳлига олиб боргани ҳақида ахборот берди.
Гоа ҳокими ёнидаги мулозимларидан ниманидир сўради-да, тез Акбарга юзланди:
— Алваро Пакавира яқинда пўртана пайтида денгизга чўкиб ҳалок бўлмишдир... Агар ҳазрати олийларига ёмонлик қилган бўлса, унга қасос қайтгани шу! минбаъд биз Ҳиндистон билан фақат яхши алоқалар қилиш ниятидамиз. Дин-у миллат айирмасдан борди-келди қилайлик! Агар сиз ҳазрати олийлари, лозим кўрсангиз, бизга элчилар юборинг. Биз элчиларингизни ўз кемаларимизда Португалияга, ўз қиролимиз ҳузурига олиб боришга, сўнг қайтариб олиб келишга тайёрмиз.
Бу гаплар Акбарни хиёл юмшатди. У Португалияга элчи юборадиган бўлиб Гоа ҳокими билан хайрлашди. Сурат бандарига кемада қайтар экан, ёнида турган Қиличхон Андижоний унга турк денгизчиси Сейди Али Раисни эслатди:
— Жаннати отангиз бу турк лашкарбошиси билан Деҳлида Пуран қалъада қандай сўзлашганлари ёдингизда борми? Ўшанда отангиз «турк подшолари билан ҳамкорликда фарангиларни Гоадан қувгаймиз» деб ният қилган эдилар-а!
— Ҳа, ҳа, Сейди Али Раис Сулаймоний деган энг буюк замбарагини Сурат бандарига яшириб кетганини айтган эди... Эҳтимол, ҳали тургандир?
— Орадан йигирма йил ўтди. Балки йўқолиб кетгандир?
— Аммо излаб кўрмоқ керак, жаноб Қиличхон! Бу вазифа сизга юкланур!
Сейди Али раис Сурат бандарининг одам кам борадиган чет бир жёига, эски турк кемасининг ичига бекитиб кетган замбарак ҳали турган экан. Қиличхон Андижоний бошлиқ юздан ортиқ навкарлар уни топиб, қирғоққа олиб чиқдилар. Замбаракнинг сув теккан жойлари занглаган экан, уни тозалаб, ёғладилар ва ўн ғилдираклик улкан аробага ортдилар. Бу аробани ўттиз иккита ҳўкизга торттириб, Аҳмадобод орқали Фатҳпур Секрига жўнатдилар.
— Бу замбарак ҳам бизнинг турк подшоси билан ҳамкорлик қилишимизга, ҳам фарангиларни Гоа оролидан қувишимизга хизмат қилгай! — деди Акбар. — Жаноб Қиличхон! Сиз Туркияга биздан элчи бўлиб боргайсиз! Денгиз кемалари қурмоғимиз керак. Турк кемасозлари келсинлар!..
Лекин Акбар бу ниятини амалга оширишга улгурмасдан Аҳмадободдан шум хабарлар келди. Музаффаршоҳ Акбар қўйдирган қўриқчиларни ўлдириб қочибди, бир гуруҳ темурийзода мирзолар унинг тарафини олиб исён кўтарибди.
Ҳусайн Бойқаро авлодидан бўлган бу мирзолар аввал ҳам ўз қариндошлари Акбарга бахиллиги келиб, нуқул унинг душманларига ёрдам бериб юришарди. Самбхалдан қочган ва Пўлат васвасни ишга солиб Акбарга ўқ оттирган Шарафиддин мирзо ҳам шуларнинг ёнига кирган эди. Мирзолар ёрдамида Аҳмадобод ёнидаги жогиридан қочган Музаффаршоҳ Боринж қалъасини ғафлат уйқуси пайтида ишғол қилиб, Акбарга содиқ бўлган Қутбиддинни қатл эттиради. Гужарат вилоятининг хазинасига неча йиллар давомида йиғилган ўн курур* рупий олтинни
239


Акбар Қутбиддинга ишониб топширган эди. Музаффаршоҳ шундай катта бойликни ўзлаштиргач, ўзини яна қудратли сезиб, бир талай аскар ёллайди. Сўнг Аҳмадобод қалъасида ҳоким бўлган Азиз кўкага қарши уруш бошлайди. Мирзолар эса ундан беридаги Сарналда Акбарнинг Аҳмадободга қайтадиган йўлини тўсиб турган эмишлар.
Акбар бу хунук хабарларни эшитганда Музаффаршоҳни кечириб катта хатога йўл қўйгани учун ўзидан ҳам қаттиқ койинди. Қариндош бўла туриб, елкадан пичоқ урган темурий мирзоларга қарши дилида қўзғалган чексиз қаҳр-у ғазаб уни қуюндай учириб, денгиз бўйидан Сарнал томонга олиб кетди.
Суратдан Сарналгача отда ўн кунлик йўл эди. Акбарнинг денгиз бўйида юрганини эшитган мирзолар уни ҳали-бери қайтиб келолмайди, деб бехавотир юрган эдилар. Акбар Ҳайрон деган чопқир ироқ отида уч кун ўтмай Сарналга етиб борди. У беҳад тез йўл юргани учун қўшинининг асосий қисми Маҳендра дарёсидан нарида қолиб кетди. Акбар дарёдан биринчи бўлиб ўтиб, Сарнал қалъасига элликтача одами билан етиб келганда, дарвозалар очиқ турган экан. Акбар асосий кучларининг етиб келишини кутадиган бўлса, мирзолар хабар топиб, қалъа дарвозаларини бекитиб олишади. Кейин уруш ва қамал бир неча ойга чўзилиб кетиши мумкин. Акбар ўнг ёнида турган Бҳагван Дасга қаради:
— Таваккал қилайликми?
— Майли! — деди Бҳагван Дас ҳам тап тортмай.
Акбар бор одамини учга бўлди-да, ўнг қанотга Зайниддин кўкалдошни, чап қанотга Ман Синхни тайинлади. Ўн олти ёшга кириб, жангларга қатнашиб юрган Абдураҳим отаси Байрамхондай пишиқ, довюрак йигит бўлган эди. Акбар билан ўн кунлик йўлни уч кунда босиб ўта олган энг дов йигитларнинг бири ҳам Абдураҳим эди... Акбар уни ва Бҳагван Дасни ўзи билан марказда қолдирди. Сўнг ҳаммалари қилич яланғочлаб Сарнал қалъасининг очиқ дарвозасидан от қўйиб кирдилар.
Қалъа ичида мирзоларнинг тўрт минг аскари бор эди. Лекин Акбарнинг кутилмаган ҳамласи уларни эсанкиратиб қўйди. Сафланишга ва тўпланишга улгурмаган юзлаб навкарлар қалъанинг тор кўчаларида тиқилишиб, ўзларига ўзлари халақит бера бошладилар. Тўполонда ёв аскари қайси, ўзлариники қаёқда — ажратиш осон эмас. Шундай бўлса ҳам, Музаффар Ҳусайн мирзо бошлиқ юзтача отлиқлар Акбарнинг йўлини тўсиб чиқди. Нариги кўчадан чиққан Иброҳим Ҳусайн мирзонинг навкарлари чап қанотдаги Ман Синхга ҳамла қилди. масъуд Ҳусайн мирзо Зайниддин кўка билан олиша бошлади.
Акбарнинг эгнида зирҳли кийим, бошида дубулға. Қаршидан отилаётган ёй ўқларидан бири кўкрагидаги чоройнага «тарс» этиб тегиб, сирпаниб кетди. Яна бир ўқ тиззасини ёпиб турган темир зонупўшга қарсиллаб урилди. Акбар бошини елкасига тортиб хиёл эгилди-да, қилич яланғочлаган ҳолда ўқ отаётган навкарга ташланди. Лекин шу орада Бҳагван Дас бу навкарни қиличи билан чопиб, отдан йиқитди. Ён томондан Зайниддин кўканинг:
— Акбар ҳазратларига қаранг! — деган хитоби эшитилди. Бу унинг: «Акбарни қўриқланг!» дегани эди.
Амир Темурнинг олтин сопли қиличини яланғочлаб, от чоптириб келаётган акбарни ёв навкарлари энди кўрдилар. Бҳагван Дас ва Зайниддин кўканинг зарбаларидан йиқилиб тушаётган ёвлар ҳам уларга Акбарнинг қиличидан ағанаб кетаётгандай туюлди. Мирзолар томонидан отилган ёй ўқлари Акбарнинг зирҳли кийимига тегиб, сапчиб кетаётгани ёвларига уни ўқ ўтмайдиган назаркарда қилиб кўрсатарди.
— Акбарнинг ўзи! Қўлида Амир Темурнинг қиличи!
— Акбар!.. — деган сўзлар ёв навкарлари орасида худди «бало-қазо келяпти, жонинг борида қочиб қол!» деган бир ваҳимали оҳангда тарқалди. Сон жиҳатидан қирқ баробар кўп бўлган ёвлар мана шу ваҳимага берилиб, тирақайлаб қоча бошлади. Акбар улардан бирортасига қилич теккизолгани йўқ. Фақат унинг ўзи олдинги сафда ўқ ёмғири остида ҳужум қилиб келаётгани учун ёнидаги бек ва навкарлари ўлган-қолганларига қарамай душманлар устига ташланмоқда
240


эдилар. Марказдаги Бҳагван Дас Акбарга найза отмоқчи бўлган мирзолардан бирининг қўлига қилич урди. Даснинг бутун хаёли Акбар ҳимояси билан банд бўлиб, ўнг ёнида жанг қилаётган ўғли Бҳупатни ҳам унутган эди. Мирзолар томонидан отилган бир ўқ ўн етти ёшли Бҳупатнинг бўйнига қадалди. У отдан йиқилаётганда Абдураҳим келиб тутиб қолди ва бехатар жойга олиб чиқди.
Қочиб бораётган ёв аскарлари ҳужум қилиб келаётганлар билан аралашиб кетгани учун мирзоларга душман беҳад кўп бўлиб кўринди. Бу орада Акбарнинг асосий кучлари ҳам дарёдан ўтишга улгурган ва Сарналга кира бошлаган эди. Энди Акбарга бас келиб бўлмаслигини сезган мирзолар қалъанинг нариги четидаги дарвозалардан тумтарақай бўлиб қочиб чиқдилар. Иброҳим мирзо шимолдаги Мултонга қараб қочган эди. Уни тутиб, бошини кесиб келтирдилар. Музаффар Ҳусайн билан Шарафиддин мирзолар жанубдаги Дакан подшосининг ҳузурига қочиб бориб жон сақладилар.
Дакан тождорининг мустақил ҳукмронлик қилиши учун Акбардан кўра Музаффар Ҳусайн бехатарроқ эди. Мирзолар унинг ёрдамида ўн минг қўшин тўпладилар ва бир йил ўтгач, яна Гужарат чегарасига бостириб кирдилар. Музаффаршоҳ ўз тарафдорлари билан қўшилди. Ўттиз мингга етган мўри-малахдай даҳшатли қўшин Гужаратда ҳоким бўлган Азиз кўканинг атрофини ўраб Аҳмадободга бостириб кела бошлади.
____________
*Ўн курур—юзмиллион.
***
Аллақачон Фатҳободга қайтиб, бу ердаги қурилиш ишларига киришиб кетган Акбар Азиз кўканинг қамалда қолганини саратон ойида эшитди. Ёмғир фасли авжида, йўллар балчиқ бўлишига қарамай у ўн минг аскарни Бҳагван Дас бошчилигида Гужаратга ёрдамга жўнатди. Адулфазл ҳам бу қўшин билан бирга кетди.
Акбарнинг ўзи асад ойида ҳам пойтахтда юрар, мирзолар буни Секридаги хуфияларининг ахборотидан билиб турар эдилар. Бҳагван Дас бошлиқ қўшин ёмғирли кунларда қайналиб бир ойда ҳам Аҳмадободга яқинлаша олган эмас эди.
Сунбула кириб, осмонда ёмғир булутлари камая бошлагандан кейин акбар беш юзта сараланган бек-у навкари билан кечаси Фатҳободдан Гужаратга йўл олди. У душманларини яна ғафлатда қолдириб, тўсатдан бостириб бормоқчи эди. Шунинг учун чопарлар тезлигида йўл юра бошлади. Энг тезюрар от ва туялар олдиндан танланган ва йўллардаги махсус жойларда тайёрлаб турилган эди.
Секри билан Аҳмадобод оралиғидаги йўл салкам саккиз юз мил. От ва туяларни минг қистаб ҳайдаганда ҳам Ҳиндистон иссиқларида етмиш-саксон мил йўл босиб бўлмас эди. Лекин Акбар чопарлар каби от ва туяларни ҳар куни бир неча марта алмаштириб, шамолдай учиб бора бошлади. Кундуз энг иссиқ пайтида беш юз одам ҳаммаси соя жой топиб ухлаб олар, сўнг кечаси билан то саҳар паллагача йўл юришар эди. Акбарнинг ўзи тўққиз кун давомида бу тезликка бардош бериб келаётгани учун кўпчилик йигитлари ҳам «чарчадим» деб айта олмас эди.
Бу йигитлардан бири — Акбарнинг тутинган ўғли, энди ўн еттига кирган Абдураҳим эди. Акбар уни ўзининг энг содиқ кўкалдоши Азизнинг синглиси Моҳ бонуга уйлантирган, Жажжи энага энди Абдураҳимга она ўрнида эди. Абдураҳим Аҳмадободда қамалда қолган қайнота- қайнонасини тезроқ қутқариш учун ҳам тун-у кун йўл юришнинг барча машаққатларига бардош бериб келмоқда эди.
Акбар ва унинг беш юз йигити Секридан Гужаратга тўққиз кунда етиб борди, бир кеча- кундузда саксон-тўқсон мил йўл босган пайтлари бўлди.*
241


Гужаратга ҳали Акбарнинг Секридан йўлга чиққани ҳақидаги маълумот ҳам келиб улгурмаган эди. Сабармати дарёсидан наридаги жойларни эгаллаб олган мирзоларга хабар келтираётган хуфиялар ярим йўлда қолиб кетишган эди. Гужаратда тўсатдан пайдо бўлган Акбар Бҳагван Даснинг бир ярим ой олдин йўлга чиққан қўшинига етиб бориб, уни ҳам ўз ихтиёрига ўтказди. Мирзолар дарё бўйидаги соя-салқин жойларни қароргоҳ қилиб бамайлихотир ўлтирганларида Сабарматининг нариги қирғоғида бирдан Акбар қўшини пайдо бўлди ва дарёдан ўта бошлади. Мирзолар шоша-пиша ўттиз минг қўшинни саф қилиб, Сабармати томон йўл олдилар. Бу орада Акбар тўртта йигити билан Сабарматидан биринчи бўлиб сузиб ўтган эди. Бош саркарда ўзини сувга дадил ташлаганини кўрган бек-у навкарлар ҳам унинг кетидан ўзларини сувга отдилар. Уч мингтача аскар ўтиб бўлгач, Акбар қолганларини кутиб ўлтирмай ҳужумни бошлади.
Унинг тагида — бир вақтлари аммаси Гулбадан бегим инъом этган Ҳайрон исмли ўша ироқ оти. Сувдан ўтиш осон бўлсин учун Акбар отнинг устидаги оғир зирҳли кежимни олиб ташлаган эди. Жанг қизиғида зирҳли кежимни қайта ёптиришга улгурмади, ёв томонни ваҳимага солиш учун ҳам ўзи олдинги сафда от чоптириб бора бошлади. Лекин мирзоларнинг қўшини сон жиҳатидан беҳад кўп эди. Ўқлар дўлдай ёғила бошлади. Акбарга теккан беш-олтита ўқни унинг қўлидаги қалқони ва эгнидаги зирҳли кийимлари қайтарди. Фақат тагидаги Ҳайрон биқинидан ўқ еб, гандираклаб тўхтади.
Пиёладай катта-катта кўзларида доимий бир ҳайрат қотиб қолгандай кўринадиган бу от Акбарга ўн йилдан ортиқ хизмат қилди. Не-не узоқ масофалардан уни қушдай учириб ўтказди. Отнинг ҳайрон қоларли кучи ва ҳайратга тўла кузлари бор эди, шунинг учун Акбар унга Ҳайрон деб ном қўйган эди.
Ҳозир зирҳли кежим ёпилмагани учун ўқ еган Ҳайроннинг биқинидан тизиллаб қон отилмоқда. Агар у яна бир неча қадам қўйса, йиқилиши муқаррар. Жонивор от Акбар билан йиқилмаслик учун оёқларини кериб тўхтаб турарди.
Буни сезган Акбар орқада келаётган отбегига:
— Роҳворни* беринг! Тез! — деб қичқирди.
Бош саркарданинг отдан йиқилганини ёвлари кўрмаслиги керак эди. Отбеги зирҳли кежим ёпилган ва узоқ йўлда яхши юрадиган саман бедов Роҳворни дарҳол етаклаб келиб, Акбарга тўғрилади. Акбар эгардан сакраб ўтгунча садоқатли Ҳайрон оёқларини ерга маҳкам тираб, йиқилмай турди. Эгаси бошқа отга миниб узоқлаша бошлагандан сўнг ярадор от гурсиллаб йиқилди.
Музаффар Ҳусайн мирзо узоқдаги бир тепалик устида отлиқ туриб, жангни бошқармоқда. Акбар шу тепаликка яқинлашганда Ман Синх бир неча юз ражпут йигитлари билан тепаликни отлиқ айланиб ўтишга улгурди. Қуршовда қолаётганини сезган Музаффар Ҳусайн мирзо қўриқчи йигитлари билан тепадан пастга отилди, аммо қуршовни ёриб ўтгунча бўлмай, Ман Синх унга узоқдан найза отиб, отдан йиқитди. Найза Музаффар Ҳусайннинг пўлат совутини кесиб ўтолмаган бўлса ҳам, ўнг кўкрагини яралаган эди. Ман Синхнинг йигитлари унинг қўлини боғлаб, Акбарнинг олдига олиб кетдилар.
Музаффар Ҳусайн мирзонинг отдан йиқилгани ва асир тушгани яшин тезлигида ёв қўшинлари орасида овоза бўлди. Музаффаршоҳ эҳтиёткорлик қилиб орқароқда турган эди, дарҳол ўзининг одамларини айириб олиб, Патан томонга қочди. Шарафиддин мирзо ҳам унинг кетидан тирақайлаб қочишга тушди.
Жанг тугагандан сўнг дарё бўйидаги серсоя амалбед дарахтларининг тагида Акбар учун гилам ва зарбоф кўрпачалар тўшаб, шоҳнишин қилинди. Унинг чап ёнида Абдулфазл ва рожа Бирбал ўлтирган пайтда қирқ беш ёшлардаги барваста, шертахлит Музаффар Ҳусайн мирзони олиб келдилар. Бирбал уни тутган одамларга таҳсин айтгиси келиб, соқчи йигитдан:
— Амирзодани ким тутди? — деб сўради.
Ман Синх орқароқда камтарона бош эгиб, жим турибди. Қўли боғлоғлиқ Музаффар Ҳусайн мирзо шу ҳинд йигитига асир тушганини айтишдан ор қилди шекилли:
242


— Мени туз тутди! — деди ва тиз чўкиб Акбарга мурожаат қилди: — Ҳазратим, биз Шайбонийхон даврида Ҳуросондан қувилдик, дарбадар бўлиб юрганимизда жаннатмакон Бобур бобонгиз бизни Ҳиндга чақирдилар, «сизлар ҳам темурийлардансиз, султон суягини хор қилмас» деб, бошпана бердилар, улуфа-ю жогир ажратдилар. Биз буни унутмаслигимиз керак эди. Лекин хом сут эмган банда эканмиз, Музаффаршоҳнинг қутқусига учиб, кўрнамаклик қилдик. Бошим эгик, афву сўраймен! Агар қонимдан кечсангиз, минбаъд то ўлгунча садоқат сақлагаймен!
Бу гаплар Акбарни анча юмшатди. Унинг буйруғи билан Музаффар Ҳусайннинг қўлини ечдилар ва подшонинг чап ёнига — Бирбалдан пастроққа ўтказдилар. Акбар унинг лаблари қуруқшаб турганини кўрди-ю, шарбат сўради. Олтин жомда келтирилган норинж шарбатидан аввал ўзи ичди-да, кейин Музаффар Ҳусайнга берди.
Бҳагван Дас ва Ман Синхлар Акбарнинг бу ишидан норози бўлиб қовоқ солиб турар эдилар. Сарналдаги жангда мана шу мирзонинг дастидан ҳалок бўлган Бҳупат — Акбарнинг қайниси эди-ку! Наҳотки унинг қотили шунчалик илтифотга лойиқ бўлса? Акбар қайноғасининг кўнглидан ўтаётган бу гапни сезгандай бўлиб, Бҳагван Дас билан Ман Синхни ўзининг ўнг ёнига таклиф қилди.
— Сизни туз тутгани рост, Мирзо жаноблари, — деб Акбар Музаффар Ҳусайнга сўз қотди: — Сиз менга қандай қариндош бўлсангиз, рожа Бҳагван Дас ҳам ҳозир шундай қариндошдир. Лекин қариндошлар ҳам ҳар хил бўларкан. Сиз каби мирзолар, темурийлар хонадонидан чиқиб, умр бўйи шу хонадонга иснод-у офат келтириб яшамоқдасиз. Аммо рожа Бҳагван Дас ғайридин бўлса ҳам шу хонадонга сизлардан юз баробар содиқроқ хизмат қилмоқда. Сиз менга қарши тажовуз қилганингизда рожа Бҳагван Дас бизни шу тажовуздан ҳимоя қила туриб, суюкли ўғлини қурбон берди. ўн етти ёшли Бҳупатнинг қони сизнинг бўйнингиздадир, жаноб Мирзо! Ҳар икки томон ҳам қариндошларим бўлгани учун, мен адолатни ҳимоя, қилмоқчимен. Ўтган гал Музаффаршоҳ бош эгиб садоқат изҳор қилганда унга амният бериб панд едик. Бугун ҳам ўша Музаффаршоҳ қанча одамларимизнинг қонини тўкиб, яна қочиб, қутулиб кетди. Энди бу хатони такрорлашга ҳаққимиз йўқ. Маҳарожа, — деб Акбар Бҳагван Дасга юзланди: — Музаффар Ҳусайн мирзони сизнинг ихтиёрингизга топширгаймиз. Неки қилсангиз биз розимиз! Ўлим хавфидан қалт-қалт титраётган Музаффар Ҳусайн мирзони Бҳагван Даснинг иккита йигити қўлидан тутиб олиб кетди. Бҳагван Дас уни ўрмон ичига олиб кириб чуқур қаздирди-да, ўша ерда бошини кестирди.
Отаси Байрамхондай довюрак жангчи бўлиб етишган Абдураҳим бугун ғулда шижоат билан жанг қилганини Акбар кўрган ва шимолга қочган Шарафиддин мирзони тирик тутиб келишни унга буюрган эди. Икки юз навкар билан қувғинчи бўлиб кетган Абдураҳим кун оққанда қўли боғлоқлик Шарафиддин мирзони олдига солиб ҳайдаб келди. Акбар Абдураҳимни тарбиялаб, отаси даражасига етказишни кўпдан бери кўнглига тугиб юрарди. Бугун унинг жасоратига тан бергандан сўнг:
— Вазир Жамил! — деди, — махсус фармон ёздиринг, Абдураҳимга хони хонон унвони берилсин! Раҳматли Байрамхоннинг қанча улуфаси, қандай имтиёзлари бўлса, ҳаммаси Абдураҳим учун тайин этилсин!
Шундан сўнг Акбар Шарафиддин мирзони қаршисига тикка қилиб қўйиб:
— Бир вақтлар сизга ҳам катта иноятлар қилинган эди, — деди. — Ҳаммасини унутиб, хиёнат йўлига ўтганингиз учун, мана ахийри шу аҳволга тушдингиз. Ахир сиз Хўжа Аҳрори Вали авлодиданмен, деб мақтанар эдингиз-ку! Аҳрорий деган тахаллусингиз бор эди. Нечун сиз Пўлат васваснинг илки билан бизга қарши ўқ оттирдингиз! Ўзингиз подшо бўлгингиз келганмиди, а?!
— Ҳазратим, бошқа гуноҳларим кўп. Аммо Пўлат васваснинг суиқасдидан фақир мутлақо бехабар эдим. Бу васвас термизлик Саид Абулмалининг одами эди!
— Абулмали Кобулда аллақачон ясоққа етди. Энди навбат сизники. Жаноби мирғазаб, ўз
243


хиёнатлари билан бутун аждодларига иснод келтирган бу кимса қутурган филнинг оёғи тагига ташлансин!
Илоннинг ёғини ялаган Шарафиддин мирзонинг маҳоватликдан ҳам хабари бор эди, филларга ёқадиган сўзларни билар эди. У соқчиларнинг ўзаро гапидан жазо учун ажратилган филнинг номи Суман эканини эшитиб қолди. Қўли орқасига боғланган ҳолда пастаккина тахта орқасида тиз чўкиб ўлтирганда маст фил бўкириб келиб уни оёғи билан тахта устига босиб, янчиб ташлаши керак эди. Лекин фил яқинлашаётганда Шарафиддин мирзо ота-боболаридан мерос қолган жозибали товуш билан шивирлаб:
— Суман, шафқат қил! Суман! Суман! Жоним! Суман! — деб худога илтижо қилгандай филга сажда қилиб ялина бошлади. Зийрак жонивор бўлган фил ўз отини шундай таъсирли бир тарзда айтиб, бош эгган одамни босиб ўлдиргиси келмай бир наъра тортди-ю, орқага қайтди. Филбон уни қайтариб келиб, яна босишни буюрди. Лекин Шарафиддин мирзо бор кучини кўзларига тўплаб, чумчуқни авраган илондай филнинг кўзларига тикилиб яна сажда қилди ва ялина бошлади. Фил яна уни босгиси келмай бўкириб орқага қайтди. Бу ҳол уч марта такрорлангач, Акбар Шарафиддин мирзонинг қонидан кечди-ю, уни мамлакатнинг шарқий чек- касидаги Банголага сургун қилди. Шарафиддин мирзо ўша жойда ҳам кўп бузғунчиликлар қилди, баччабозликка ўрганди. Охирида Маҳмуд деган баччаси овқатига заҳар қўшиб бериб ўлдирди.
Асир олинган мирзолардан бири — ўн саккиз ёшли кўҳлик йигит масъуд Ҳусайн эди. У Мултонда қўлга тушган, қочиб кетмаслиги учун жарроҳ уни вақтинча кўр қилиб, кўзининг жиякларини махсус ип билан тикиб қўйган эди. Уни шу ҳолда Акбарнинг олдига ҳайдаб келдилар.
масъуд мирзонинг шертахлит гавдаси Акбарга Беҳзод чизган суратдаги Ҳусайн Бойқарони эслатди. Лекин у анча вақтдан бери кўзи тикилган ҳолда юриб, кўр-басирлардай аянчли аҳволга тушган. Акбарга юзини қия тутиб, осмонга қараган ҳолда:
— Ҳазрати олийлари, қатл эттирсангиз ҳам майли, фақат кўзимни очдиринг! — деди. — Дунёни сўнгги марта кўриб ўлсам армоним қолмагай!
— масъуд мирзо, олдин бир саволга жавоб беринг. Сиз оғаларингиз ёнида бизга адоват руҳида иш тутиб, бирон хулосага келдингизми?
— Ҳазратим, биз ёмонлик қилдик. Ёмонлик — бу қутурган ит экан. маълумки, ит қутурса эгасини қопгай. Ёмонлик ҳам ахийри бир кун ўз эгасининг бошига етаркан! Оғаларим шу сабабдан ҳалок бўлдилар. Агар менга имкон берсангиз, яхшилик ўз эгасига шараф келтиришини баҳоли қудрат исбот этишга интилган бўлардим.
— Майли, биз сизга шу имконни бериб кўрайлик!
Акбарнинг буйруғи билан масъуд Ҳусайн мирзонинг кўзидан тикиш олиб ташланди. У маълум муддат даволаниб, кўзини тузатгач, Акбар уни Панжобга, Ҳусайнқулихон ихтиёрига ишга юборди.
____________
* Т ў қ с о н м и л — 144 километр. Ҳинд тарихчиларининг ёзишларича, Акбардан олдин ўтган саркардалардан ҳеч бири Секри билан Гужарат оралиғидаги бу масофани шундай катта тезликда босиб ўтмаган экан.
* Р о ҳ в о р — йўл танувчи, йўл бошловчи деганидир.
***
Гужаратдаги ғалаба шарафига Фатҳободда етмиш газ юксакликдаги машҳур баланд Дарвоза қурила бошланди. Акбарнинг Сарналда ва Сабармати дарёси бўйида кўрсатган шахсий жасорати, қирқ кунлик йўлни тўққиз кунда босиб ўтганлари оғиздан оғизга ўтиб, уни енгилмас ботир деб ишонадиганлар кўпайди. Шоир Фаёзий Акбарнинг Гужарат жангидаги жасоратига катта бир шеърий достон бағишлади. Акбар билан бирга жангда қатнашган бек-у навкарлар
244


унинг зирҳли кийимига тегиб сирпаниб кетган ўқларни кўрган эдилар. Улар «бош саркардамизга дуо кетган экан, уни ўқ олмагай!» дейишиб, Акбарни назаркарда даражасига кў- тардилар.
Ғалабадан сўнг зиёфатлар, ичкилик базмлари кўп бўлди. Бир кун Акбар Ман Синх билан май ичиб ўлтирганларида ражпутча қиличбозлик ҳақида гап кетди. Абулфазл билан Бирбал ҳам даврада бор эди.
Ман Синх ражпутларнинг ёшликдан қилич ўйнаб ўсишлари, ҳатто қилични суюкли ёрга қиёс қилиб ашула айтишларини сўзлаб берди. баъзи чапдаст ражпут йигитлари қиличнинг сопини деворнинг ёриғига қистириб, тиғини кўкрагига тўғрилайди-да, чопиб бориб ўзини қиличга уради. Лекин узоқ машқлар давомида қилични баданига эмас эгнидаги кийимининг қўлтиғига шундай аниқ санчадики, қиличнинг учи биқини ортидан кийимни тешиб чиқади, аммо бу унинг кўкрагини тешиб чиққандай кўринади. Акбар бунинг қандай қилинишини кўргиси келди. Ман Синх йигитларидан бирини чақириб, шу ўйинни намойиш қилдирди. Кайфи баланд Акбар:
— Буни мен ҳам қила олгаймен! — деб белидаги олтин қиличини суғурди-да, ражпут йигитига берди: — Обор, деворга маҳкам ўрнат!
Ман Синх Акбарни бу ниятидан қайтармоқчи бўлди. Лекин Акбар уни уришиб берди:
— Сен кимсен ўзинг?! Қилич ўйнашни фақат ражпутлар билурми?.. биз-чи?
Акбар ўрнидан турганда кайфнинг зўридан гавдаси чайқалиб кетди. Сопи деворга маҳкам қистирилган олтин қилич Акбарнинг кўкрагига тўғриланган ҳолда найзадай таҳдидли йилтираб турибди.
Ман Синх майдан бўшаган олтин кўзачани қўлида тутган ҳолда Акбарнинг олдини тўсди:
— Ҳазратим, кайф борида бу ўйин жуда хатарли!
— Нари тур! — деб Акбар уни итариб ташлади. Ҳозир у ўзининг қилич кесмайдиган, ўқ ўтмайдиган назаркарда ботир эканига тамоман ишонмоқда эди. Акбар гандираклаб бориб чап кўкрагини қиличга тўғрилаганича унга томон ташланди. Қилич унинг чап кўкрагига санчиладиган пайтда Ман Синх қилични қўлидаги май кўзачаси билан уриб туширди. Сопи девордан суғурилиб, ерга учиб тушган қиличнинг бир жойи Акбарнинг бош бармоғини, яна бир жойи Ман Синхнинг кўрсаткич бармоғини кесиб кетди. Қайнисининг иши маст Акбарга одобсизлик бўлиб кўринди. У ғазаб билан Ман Синхни ерга йиқитиб ура бошлади. Лекин Абулфазл билан рожа Бирбал югуриб келиб, Ман Синхни ундан ажратиб олдилар, Акбарни минг таваллолар билан хобгоҳига олиб бориб ётқиздилар.
Eртаси куни Акбарнинг кайфи тарқаганда Абулфазл билан рожа Бирбални хиргоҳига чақирди ва боғлаб қўйилган бош бармоғини кўрсатди:
— Не ҳодиса бўлди?
— Наҳотки ёдингизда бўлмаса, ҳазратим? — деди Абулфазл ва бўлган воқеаларни бир-бир айтиб берди.
Қилган ишлари Акбарнинг эсида йўқ. Фақат қилични қинидан суғургани ғира-шира ёдига тушди.
— Ростдан шундай бўлдими? — деб Бирбалдан сўради.
Бирбал «Гита» деган муқаддас китобни қўлига олиб, қасам ичди-да:
— Бир ўлимдан қолганингиз чин! — деди.
Акбар бўлган ҳодисадан энди даҳшатда келди. Шунча қонли жанглардан омон чиққан одам арзимаган бир қилич ўйинида ўлиб кетса... Қанчалик шармандали иш бўлар эди! Бошқалар унинг мастликдаги ғазабидан қўрқиб чурқ этолмаганда, шердай дадил иш қилган Ман Синх ҳақиқий жасорат кўрсатибди.
Яна уни бу яхшилиги учун ерга ағанатиб урганидан Акбар жуда ўсал бўлди.
— Кечаги базмда бор бек-у мулозимларни девониомга чорланг! — деб буюрди амир Жамилга. Кўпчилик қатори девониомга келган Ман Синх Акбар томонга қарай олмай, хижолат билан бошини солинтириб ўлтирар эди. Акбарнинг ранги ўчган, қовоғи шишган, овози шамоллаган
245


одамникидай дўриллаб чиқди:
— Жаноби давлатхоҳлар, ғалаба шарафига қилган базмимизнинг охири қандай дилсиёҳлик билан тугаганидан хабарларингиз бор. Биз ҳам осий банда эканмизки, шу даражада маст бўлибмиз. Мени «қилич кесмайдиган ботир» деб мақтаганлари ёлғон эканига, мана далил! — Акбар боғлаб қўйилган бош бармоғини кўрсатди. — Худо раҳмати устозим Салим ота: «Сув балосидан, ўт балосидан, шуҳрат балосидан асрасин!» деган эдилар. Кечаси биз шуҳрат балосининг қурбони бўлишимизга сал қолибдир. Деҳлида ташқи душман бизга қандай суиқасд қилган бўлса, кеча шуҳратдан ҳовлиқиб маст бўлишим ўз ичимдан чиқиб, ана шундай суиқасд қилмишдир. Хайриятки, рожа Ман Синх мени бу иккинчи суиқасддан қутқариб қолибдир. Маҳарожа, — деб Акбар Ман Синхга юзланди, — энг содиқ дўст қандай бўлишини сиз кеча амалда кўрсатибсиз. Мендан ўтган бўлса маъзур тутинг!
Ман Синх ўрнидан туриб қўл қовуштирди:
— Узрингиз менга сари тож бўлсин, ҳазратим!
Акбар унга олтин безакли сарупо кийдирди, сеҳазоралик мансабидан панжҳазоралик* мартабасига кўтарди, ўзига махсус байроқ ва нақора тақдим қилди.
Сўнг у ўзининг икки ёнида қўр тортиб ўлтирган кўкалдошлари Азиз билан Зайниддинга, мусоҳиблари рожа Бирбал ва Абулфазлга, қайноғаси Бҳагван Дасга бир-бир қараб олди-да, сўзини якунлади:
— Ҳали бизнинг ташқи ғанимларимиз ҳам, ички душманларимиз ҳам кўп. Қиладиган мушкул ишларимиз беҳисоб. Дилим сезиб турибдир: бизга қарши ҳар хил суиқасдлар яна кўп бўлғай. Агар биз бир-биримизга рожа Ман Синҳ каби фидойилик қилмасак, мақсадга етолмагаймиз! Абулфазл Ман Синхнинг кечаги аҳволини эслади-ю, Акбарга фидойилик қилиш қанчалик қийин эканини хаёлидан ўтказди. «Подшо билан шерга яқин бўлиш ҳамиша хатарлидир», деган ҳикматли гап бежиз айтилмаганини у энди астойдил сезмоқда эди.
_____________
* С э ҳ а з о р а — уч мингбоши. Панжҳазора — беш мингбоши, яъни армия генерали даражасидаги саркарда.