ФАТҲОБОД, ГУЖАРАТ ИККИ СУИҚАСД
Бундан қирқ беш йил муқаддам Секрининг Боғи Фатҳида Бобур Хондамир билан сув ичган булоқ ҳали ҳам ер остидан тоза қумлар билан бирга қайнаб чиқиб турибди. Унинг тиниқ суви баландга бўй чўзган санобар ва нинб* дарахтлари орасидан шилдираб оқмоқда.
Суиқасддан ярадор бўлган Акбарни кечки пайт тахтиравонда шу боққа кўтариб келдилар...
Бу ҳодиса куппа-кундуз куни Деҳли кўчасида юз берди. Акбар отасининг мақбарасини зиёрат қилиб қайтаётган эди. Ёнида элликтача отлиқ йигити ҳам бор эди. Зиёратга борганда у зирҳли кийим киймас, эгнида енгил оқ сўфи делагай* бор эди.
Катта кўчадан ўтаётганларида Акбар Моҳим энага қурдирган қизлар мадрасасининг икки ошиёнлик биносини таниди-ю, отининг жиловини тортди. Марҳуманинг хотираси учун шу ерда бир лаҳза тўхтаб ўтгиси келди. Мадраса томонга энди юзланган пайтда иккинчи қаватнинг айвонида кескин бир ҳаракат сезилди. Йўғон устун панасига яширинган барваста одам ёй ўқини Акбарнинг чап кўкрагига тўғрилаб отди. Ўқни жуда кучли қўллар отгани шувиллаб келаётган шарпасидан ҳам сезилди. Жангларда кўп юриб, бу шарпадаги ажал хатарини тез илғашга ўрганган Акбар дарҳол отнинг ёли устига эгилди. Аммо паналашга улгурмади. Кўкракка мўлжаллаб отилган ўқ у эгилаётганда чап елкага шундай қаттиқ санчилдики, Акбар ҳушидан кетиб, эгардан ерга йиқилиб тушди. Ёнидаги Жалолхон қўрчи отидан сакраб тушиб, уни елкасидан суяб турғиза бошлади. Сижоатхон деган соқчи ўнтача йигити билан ўқ отган одамни тутиб келиш учун югуриб кетишди. Айвонда бир кўринган соқол-мўйлови ўсиқ девсурат йигит қизлар сабоқ тинглаб ўлтирган хоналарга кириб яширинмоқчи бўлди. Акбарнинг соқчилари қий-чув кўтариб йўлакка қочиб чиққан қизлар ва отинойилар орасидан:
— Пўшт, пўшт! — деб ўтишиб, ўқ отган одамни қувиб кетишди.
Бу орада Акбар сал ўзига келди-ю, елкасига санчилиб турган ўқнинг жизиллатиб оғриётганини, илиқ қон баданига сизиб оқаётганини сезди. Жалолхон:
— Ўқ заҳарланган бўлиши мумкин! — деди-ю, уни суғуриб ташламоқчи бўлиб бир тортди. Лекин ўқ елка суяги билан эт орасига жуда чуқур кирган эди, бир тортганда чиқмади. Акбар оғриқ зарбидан иҳраб, ранги оқариб кетганини кўрган Жалолхон ўқни яна қаттиқроқ тортишга журъат этолмади. Шунда Акбарнинг ўзи чап елкасига олд томондан санчилиб турган ўқни ўнг қўли билан шарт суғуриб олиб ташлади. Кўзи яна тиниб, қон қаттиқроқ оқа бошлаганини сезмади.
Хуржунда доим қонни тўхтатадиган дори, ярани боғлайдиган тоза мато ва малҳам олиб юрадиган Рафиқ маҳрам Жалолхонга ёрдамга етиб келди. Икковлашиб, Акбарнинг ярасини боғладилар ва қўлтиғидан суяб, сув бўйига, соя жойга олиб ўтдилар.
Қизлар мадрасасига кириб кетган йигитлар ўқ отган давангидай баҳайбат одамни тутиб, қўлларини боғлаб судраб чиқдилар. Унинг кетидан иккита навкар қўлидан тутиб олиб
228


келаётган мадраса қоровули:
— Мени қўйворинг, бу Пўлат васвасни мен киргизганим йўқ! — деб жавради. — Касофати ўзига урсин! Иккинчи ошиёнга яшириқча чиққан! Мен кўрсам уни мадрасага киргизармидим? Номаҳрам девона айвонга осмондан тушганми? Навзан биллоҳ, бехабармен!
Кўзлари қутурган ҳўкизнинг кўзларига ўхшаб қонталаш бўлиб турган Пўлат васвас Акбарнинг тирик қолганини кўриб:
— Сендек диндан қайтган даҳрий подшони ўлдириш ҳам оз! — деб бақирди. — Сен нуқул кофирларга ён босдинг, қанча мўмин-мусулмонни ўлдирдинг! Адҳамхон, Алиқулихон, Баҳодирхон менинг қадрдонларим эди. Пайғамбар авлодидан бўлган қанча сайид-у хўжаларни қувғин қилдинг! Ўзингга ўхшаган даҳрий чол Салим Чештига сиғиндинг! Мени ҳам ўлдирмоқчи бўлиб юрганингни эшитдим. Осмондан ваҳий келди! Шунинг учун аввал ўзингни ўлдирмоқчимен! Водариғ, душманим ҳамон тирик!
Жалолхон Пўлат васваснинг кекирдагига бир уриб, овозини ўчирди. Акбар Жалолхонга:
— Буни тирик сақламоқ керак! — деди. — Вазир Жамилга элтиб топширинг. Кетида кимлар турганини аниқласин.
Пўлат васваснинг бошига қоп кийдириб, оёғини ҳам боғлашди, уни навкаралардан бири отига ўнгариб қалъага олиб кетди. Акбарнинг елкасидан бошланган оғриқ бутун баданига тарқаб, иситмаси кўтарила бошлади. Отини келтирганларида узангига оёқ қўёлмай гандираклади. Қўлларини қимирлатса елкасидаги оғриқ чидаб бўлмас даражада зўрайиб кетарди. Лекин ёмон овозалар кўпаймаслиги учун у тишини-тишига қўйиб мулозимлари ёрдамида отга минди-ю, минг азоб билан Пуран қалъага етиб борди.
Бу ерда табиблар оғриқни босадиган дорилар бериб, уни даволашга тушдилар. Ҳар уч-тўрт соатда вазир Жамил келиб, Пўлат васваснинг тергови қандай бораётганини айтиб турди:
— Ҳазратим, бу девона кимларнинг қутқусига учиб шу аблаҳликни қилганини айтиб беролмади. Гаплари пойма-пой. Ким илкига ўқ-ёй бергани ҳам эсида йўқ.
— Қани ўша ўқ-ёй? Қуролни тафтиш қилдингизми?
Вазир Жамил Акбарга отилган ёй ўқини ва камонни келтириб кўрсатди:
— Ҳайриятки, ёй ўқига заҳар сурмаган эканлар, буни текшириб аниқладик, — деди.
Акбар соғ қўли билан камонни айлантириб кўрди. Унинг кўзга ташланадиган жойлари кумуш ва садаф билан зийнатланган, камоннинг ўзи энг қаттиқ ирғай ёғочидан қилинган эди.
— Ирғай Мовароуннаҳр тоғларида кўп ўсгай, — деди Акбар. — Камонни туронлик усталар ясаган бўлмасин?
Вазир Жамил камоннинг ички томонида ёғочга ўйиб ёзилган бир ёзув кўрди:
— Сиз ҳақсиз, ҳазратим! «Амали усто олим Шоший» деб ёзилмишдир. Об-бо, аблаҳлар-ей! Жаҳонга машҳур камони шошийни Пўлат васваснинг илкига ким тутқизган экан?
Жароҳат оғриғидан иситмаси кўтарила бошлаган Акбар вазир Жамилга шиддат қилиб деди:
— Буни сиз аниқламоғингиз керак! Васвас қаерларда турган, кимлар билан учрашган?.. Боринг, энг моҳир тафтишчиларни ишга солинг!
— Бош устига, ҳазратим! — деб вазир Жамил орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Акбар садаф ва кумушлари нафис жило бериб товланаётган камони шошийнинг қизғиш ирғай сопига тикилганича оғир ўйга толди.
Боболар юрти Мовароуннаҳрни у тушида кўрганми ёки гўдаклигида Хонзода бегим уни Кобулдан Фарғона водийсига, Тошкент ва Самарқандга олиб бориб келганмиди — буни аниқ билмайди. Лекин бобосининг китобида тасвирланган Ўшнинг лолалари, Андижоннинг нашватиси, Марғилоннинг катта дона анорлари, Исфара бодомзорлари худди болаликда кўрилган унутилмас ажойиботлардек хотирасида аниқ гавдаланади. Акбар Самарқанд-у Тошкентларни соғингандай юраги ўша томонларга қараб талпинган пайтлар бўлади.
Ҳиндистон билан Турон орасида қатнаб турган савдо карвонлари Мовароуннаҳрнинг ширин- шакар меваларидан келтириб туради. Акбар Аграда яшаб Фарғонанинг ширин қовунларидан,
229


Самарқанднинг нақш олмаларидан еб кўрган, уларнинг тенгсиз мазаларидан кўп ҳузур қилган. Мана ҳозир эса бобо юртида ясалган камони шошийнинг аччиқ жароҳатидан азоб тортмоқда. Зеб берган камони ёвуз одамларнинг қўлига тушишини уста Олим Шоший қаёқдан билсин? Наҳотки шайбонийзодалар Туронда туриб, Аградаги Акбарга ўқ отган бўлсалар?
Ҳозир Бухоро тахтида шайбон уруғининг энг бақувват вакили Абдуллахон ўлтирибди. У Акбар билан муроса йўлини тутиб, икки қайта элчилар, мактублар ва қимматбаҳо совғалар юборди. Абдуллахон сўнгги мактубида Эрон шоҳи Таҳмаспнинг вафот этганлиги, сафавийлар орасида ички кураш ва парокандалик бошланганини ёзган, уларга қарши иттифоқ тузишни ва Эронни биргаликда фатҳ этиб, шиалар давлатини йўқотишни таклиф қилган эди. Акбар отасига яхшиликлар қилган сафавийлар билан урушишни истамас, шиа-сунний адоватини ёмон кўрарди, шунинг учун Абдуллахонга ёзган жавоб мактубида ҳозир Ҳиндистоннинг ички ишлари ва Кобул-у Бадахшон чегараларини мустаҳкамлаш билан банд эканини, Эрон фавтҳига хоҳиши йўқлигини маълум қилган эди. Абдуллахонга шу керак эди — у ўзининг энг нуфузли қўшниси бўлган Акбарнинг олдидан бир ўтиб қўйгандан кейин, ўғли Абдумўминни ёнига олиб, Хуросонга юриш қилди, Ҳирот, Астробод, ҳатто Машҳадни ҳам сафавийлардан тортиб олиб, ўз давлатининг бир қисмига айлантирди. Абдуллахон давлати шу тарзда кенгайиб бораверса, бир кун эмас бир кун Кобул-у Бадахшонга тажовуз қилиши ҳам мумкин. Аммо Акбар — унниг жанубга келадиган йўлларини бекитиб турган кучли бир тўсиқ. Шайбонийзодалдар бу тўсиқни Пўлат васваснинг қўли билан қулатиб ўтишга уринган бўлсалар ажаб эмас...
Акбарнинг ўйи шу жойга етганда вазир Жамил латтага ўроғлиқ узун бир нарсани терговчига кўтартириб кириб келди.
— Ҳазратим, Пўлат васвас Моҳим энага мадрасаси яқинида эгаси кўчиб кетган, ташландиқ бир хароба уйда турар экан. Уйнинг омборхонасига эски лаш-лушлар орасига мана шу фаранги тўфанг бекитиб қўйилган экан. Ўқлари алоҳида жойда турибдир. Васваснинг касали қўзигандан кейин буларни тополмаганми... Ҳайриятки... тўфангни ишлатмабдир...
Акбар тўнғиз ўқи солиб отиладиган қувури йўғон фаранги тўфангни кўриб беихтиёр эти жунжикди. Тўфангнинг ёнида чарм халтачага солинган картеч ўқлар ҳам бор эди. Пўлат васвас бу тўфангдан ўқ отса Акбар тирик қолиши гумон эди...
— Васвас тўфанг отишни ўрганган эканми? — сўради Акбар.
— Ҳа, Адҳамхонга навкар бўлганда ўрганган экан.
— Тўфангни унга ким берганини айтдими?
— Бир кекса фарангининг номини айтди. Алварми... Пакварми... Қўшниларидан суриштирсак, Гоа оролида турадиган савдогар фаранги Пўлат васваснинг олдига бир-икки марта келиб кетган экан.
Ҳумоюн тирик пайтида Алваро Пакавира деган фаранги Гоадан тўфанг кўтариб келганини, кейин Шерхон томонга ўтиб, унинг фитналарига қатнашганини ўғлига айтиб берган эди. Акбар буни ёшлик хотирасининг кучи билан дарҳол эслади-ю:
— Фарангини қидиртиринг, — деб буюрди вазир Жамилга. — Калаванинг учи балки ўшанинг илкидадир!
Вазир Жамил шу кетганича Деҳли карвонсаройларини қидиртириб, биронта фарангини тополмади. Фарангилар билан савдо сотиқ қиладиган дўкондорлар Пакавира деган кекса савдогар бундан бир ой олдин Гоага қайтиб кетганини айтдилар.
Eнди Акбарнинг хаёли Гужарат ва унинг жанубий қирғоқларини эгаллаб олган фарангиларга кетди. Улар Акбар тузаётган кучли давлатдан манфаатдор эмас. Ҳиндистонни парча-парча қилиб, унинг бир вилоятини бошқаси билан уруштириб, ҳаммасини заифлаштириб, сўнг мамлакатга ўзлари хўжайин бўлишни кўпдан бери орзу қилишади. Гужаратдаги Музаффаршоҳни Акбарга қарши гиж-гижлаб юрганлар ҳам мана шу фарангилар. Улар Гоа оролини босиб олганларига олтмиш йил бўлганини, шундан бери бутун Ҳиндистонни ўзла- риники қилиш ниятида эканини Акбар билади. У икки йилдан бери Гужарат юришига
230


тайёргарлик кўрар экан, Музаффаршоҳни енггандан сўнг Гоадаги истилочиларни ҳам денгиз ортига қувиб юбормоқчи эканини машваратларда бек-у аъёнларига айтган. Эҳтимол, шу аъёнлардан қайси бири унинг бу ниятини фарангиларнинг қулоқларига етказгандир. Деҳли-ю Аграда уларнинг хуфиялари ҳам юрганини мана бу тўфанг кўрсатиб турибди. Улар Акбарнинг Гужарат ва Гоа оролига юриш бошлашини кутиб ўлтирмасдан, уни Пўлат васваснинг қўли билан олдинроқ маҳв қилишга интилган бўлсалар керак.
— Фарангилар Пўлат васвас билан қандай тил топишган? — сўради Акбар вазир Жамилдан. — Орада турган воситачиларни топмоқ керак!
— Васвасдан шуни сўрасак, Адҳамхонни айтди. Ҳолбуки, Адҳамхоннинг ўлганига ўн йил бўлди. — Ўқ-ёйни ким берганини айтмадими?
— Осмондан тангри юборган эмиш! Лекин васвас бир вақтлар Шарафиддин мирзонинг хизматида бўлганини айтди.
Акбарнинг хаёли яна Гужарат томонга кетди. Чунки Шарафиддин мирзо Самбҳал вилоятида ҳоким бўлганда кўп золимликлар қилгани учун Акбар уни лавозимидан маҳрум қилган эди. Ота уруғи машҳур Хўжа Аҳрор авлодидан тарқаган, она томондан самарқандлик темурийзода Султон Маҳмудга чатишган. Шарафиддин Мирзо Акбардан аразлаб Гужарат томонларга кетиб қолган. Акбарнинг янгича сиёсатидан норози бўлган бошқа мирзолар — Ҳусайн Бойқаро авлодлари ҳам Гужарат тождори Музаффаршоҳ томонига ўтиб кетган. Улар ўша ёқларда Акбарга қарши иғволар қилиб юрганларини хуфиялар айтиб келган эди. Балки энди улар Акбарнинг Деҳлидаги яширин душманлари билан тил бириктиргандир? Сўнг ўзларини панага олиб, Пўлат васвасни ишга солгандирлар? Акбар шу тахминни айтгандан кейин вазир Жамил Пўлат васвасни биладиган одамларни излаб топиб, унга юзлаштирди. Лекин эси кирди-чиқди бўлиб қолган Пўлат васвас танишларининг қайсиси билан қаерда учрашганини хотирлай олмас, уни жиноятга олиб келган занжирнинг кўп ҳалқалари ёдидан тушиб қолган эди.
— «Подшо сизни ўлдиртиргай» деган гапни кимдан эшитдингиз? — деган саволга:
— Осмондан ваҳий келди, — деб жавоб берарди.
Пўлат васвас Убайдулла маҳдум деган мулланинг хизматида ҳам бўлган, бу одам унинг касалини даволашга уринган эди. Терговчи шуни аниқлагач, васвасга Убайдулла маҳдум ҳақида савол бера бошлади:
— Ҳазратимни «даҳрий» деб айблаган одам Убайдулла маҳдуммиди?
— Йўқ, ундан каттароғи.
— Шайх Ансорийми?
— Мен уни билмаймен. Тангрининг ўзи билан сўзлашганмен. Подшони осмон «даҳрий» деган. — Убайдулла маҳдум билан охирги марта қачон кўришган эдингиз?
— Беш йил... йўқ, бир йил... эсимда йўқ! Подшонгиз бузуқ! Уни Салим Чешти йўлдан урган. Бианадаги исёнчилар Акбарни айнитган...
— Салим ота пок одам эди.
— Пок бўлса нечун Сакина бонуга кўз олайтирган?
— Қайси Сакина бонуга?
— Убайдулла маҳдумнинг жуфти ҳалоли. Уни Салим Чешти билан Биана маҳдийлари айнитган! Терговчи Убайдулла маҳдумни топдириб, гувоҳликка чақирди. Унинг тўртинчи хотини — ўн саккиз ёшли Сакина бону Салим Чештига эмас, Акбарга арзга борган экан. Унгача Салим ота оламдан ўтган, лекин васваснинг хаёлида ҳамма нарса аралашиб кетган эди.
Убайдулла маҳдум катта хотинларининг чақувига ишониб, Сакина бонуни қаттиқ калтаклаган экан. Акбар бу гўзал жувоннинг калтак зарбидан кўкарган юзига қараб, унга раҳми келди-ю, муншиси Ашрафхонга буйруқ берди:
— Убайдулла маҳдумни менинг номимдан огоҳлантиринг, агар бу мунгликка яна жабр қилса, қозикалонга айтиб, никоҳидан чиқартиргаймиз! Маҳдумнинг ўзини Банголага бадарға қилдиргаймиз!
231


Акбарнинг бу таҳдидидан сўнг Убайдулла маҳдум Сакина бонуга яхши муомала қиладиган бўл- ган, жувон тинчиб қолган эди. Лекин уйдаги гап кўчага чиққани ва Убайдулла маҳдумнинг ёш хотини Акбар билан кўришиб, гаплашганининг ўзи саройда турли миш-мишларга сабаб бўлган эди. Охирида бу миш-мишларни кимдир Пўлат васвасга тескари қилиб етказган ва унинг жинини атайлаб қўзғатган эди. Лекин ким шундай қилган? Васвасни Акбарга қарши қайраб солганлар кимлар? Пўлат васвас буни аниқ айтиб беролмас, сўз тополмай қолганда «осмондан ваҳий келди», «тангрим ўзи айтди» деб ёлғон важ кўрсатарди.
Акбар табибларга буюриб:
— Васвасни даволаб кўринглар, балки тузалганда ҳақиқатни топиш осон бўлгай? — деди-да, ўзи Деҳлидан Фатҳободга кетди.
Орадан икки ҳафта ўтганда хабар келдики, табиблар васвасни даволаб, ақлини сал жойига келтиргандан сўнг, у қилган ишининг бутун даҳшатини энди сезади, бошини ҳибсхонанинг тош деворига бор оғирлиги билан уради-ю, икки кун беҳуш ётиб жон беради.
Акбар буни Секрида туриб эшитди, «балки ғанимлар ўз жиноятларини бекитиш учун уни шу тарзда ўлдиргандирлар?» деган тахмин хаёлидан ўтди.
Душман ўнта бўлса, гумон мингта. Елкасидаги жароҳат уч ойда тузалган бўлса ҳам, унинг аччиқ оғриқлари Акбарнинг эсидан чиқмайди. Ташқи душманларининг бир чети Туронда бўлса, бир чети узоқ Фарангистонда турганлиги, улар ичкаридаги қора кучлар билан тил бириктириб, Акбарнинг жонига қасд қилишлари мумкинлиги хаёлидан нари кетмайди. Уйқусиз тунларда ички-ташқи душманларнинг қайсисидан қандай сақланиш ҳақида ўйланарди.
_____________
* Н и н б — акасникига ўхшаш барглари ва шохлари тўп бўлиб, тепаси соябонга ўхшаб турадиган баланд дарахт. * Д э л а г а й — яктакка ўхшаш кийим астарсиз тўн.
***
Шу орада Аградан Секрига шайхулислом Абдулла Ансорий бир гуруҳ салласи катта дин пешволари билан Акбарни кўришга келди.
Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам, ҳали жуда тетик бўлган Ансорийнинг учи киндигига тушадиган узун оқ соқоли бор. Ёнида салобатли қозикалон Муҳаммад Яздий, жиккак имом Абдуқодир Бадавни ва яна шунга ўхшаган беш-олтита уламолар Акбарга узоқ умрлар тилашди. Акбар кўкалдоши Азиз кўка билан бирга Абдулла Ансорийни янги пойтахт бўйлаб олиб ўтишди ва битган биноларни кўрсатишди.
Барча вилоят амирлари минг-минг одамлари ва от-уловлари билан ишлаётганликлари учун муҳташам иморатлар жуда тез қад кўтарган эди. Акбарнинг тоғ устидаги саройи, кўлга қараган салқин ёнбағирдаги рани Жодҳа Бай кўшки ва Салима бегимлар учун қурилган икки ошиёнлик гўзал иморатлар аллақачон пардоздан чиққан эди.
Ансорий бунинг ҳаммасини кўкларга кўтариб мақтади-да, кейин тагдор қилиб сўради:
— Ҳазратим, бу пойтахтдан шайхулислом учун ҳам ўрин берилгайми?
— Юринг, тақсир, сиз учун махсус жой танлайлик,— деди Акбар ва уни атайлаб Салим ота мақбараси олдига бошлаб келди.
Ансорий бир вақтлар ўлимга буюрган ғоявий душманининг яхлит садаф билан зийнатланган оқ мармар мақбарасини кўрганда ичидан зил кетди, овози титраб, зўрға тиловат қилди. Акбар унга тикилиб туриб:
— Тақсир, хабарингиз бор, — деди. — Яширин ғанимларим мана шу мақбарани қурганим учун мени даҳрийликда айбладилар. Пўлат телбани ишга солиб ҳатто ўлдирмоқчи бўлдилар!.. Акбар «Ўша яширин душманлар орасида сизнинг ҳам одамларингиз бўлса бирор куни қўлга тушиб қолар», демоқчи эди. Шайх Ансорий буни пайқади-ю, сири фош бўлишидан қўрқиб,
232


дарҳол дуо-ю фотиҳага қўл очди:
— Пўлат васвас гўрида тўнғиз қўпсин! Парвардигори олам барча ғанимларингизни васваснинг кўйига солсин! Сиз янги пойтахтда узоқ умр кўринг, ҳамиша зафар ёрингиз бўлсин!
Шайх Ансорийнинг тилёғлама гаплари дилидаги адоватни яширишнинг бир воситаси эди. Риёкорликда меъёрни ҳам унутиб, Акбарнинг ғанимлари қаторида ўзини ҳам қарғаётганини сезмас эди.
Акбар ўқ еб тортган азобларининг аламига уни яна бир боплагиси келди-ю, Салим ота мақбарасидан анча нарида ҳинд услубида қурилиб битай деб қолган икки ошиёнлик чиройли иморатни кўрсатди:
— Мана буни рожа Бирбал учун қурдирдик.
Ансорийнинг рожа Бирбални ҳам кўрарга кўзи йўқ. Шуни биладиган Акбар:
— Сиз учун худди мана шу ердан ҳовли-жой ажратмоғим мумкин, — деди.
Рожа билан қўшни бўлиш ва Салим ота мақбараси ёнида яшаш Абдулла Ансорий учун доимий қийноққа айланиб кетиши муқаррар эди.
— Ҳазратим, нарироқда мадраса қурилган экан. Бизга ўша томондан жой кўрсатсангиз.
— Майли-ю, лекин мадраса ҳам Салим ота номига қурилган. Унга шайх Муборакни бош мударрис қилмоқчимиз.
Шайх Ансорийнинг яна кайфи учди:
— Қайси шайх Муборак?
— Сиз уни ҳам «даҳрий» деб ўлимга буюрган экансиз. Аммо биз кўкалдошимиз Азиз кўка ёрдамида тафтиш қилиб билдик. Шайх Муборак ўта диёнатли, билими зўр, қалби пок аллома экан. Гужаратдан чақириб олдик.
— Лекин у халқни подшога қарши қўзғатган исёнчи-ку!
— Қайси подшога қарши қўзғатган? Исломшоҳга қаршими? Сиз ўзингиз ҳам Исломшоҳга қарши бориб, бизнинг ҳазрат отамизга яширин маълумотлар юбориб тургансиз-ку, тақсир?
— Бу рост!..
— Қани, юринг, агар шайх Муборакка яқин бўлай десангиз, сизга мадраса ёнидан уй солдирайлик.
— Мени маъзур тутинг, ҳазратим! Ҳозирча Аграда турганим маъқулга ўхшайдир. Ўша ердаги уй-жойим яхши. Кекса одамнинг кўчиши қийин...
Янги пойтахтга янгича сиёсат тарафдорларини йиғиш ниятида бўлган акбар шайх Ансорийни, «кўчиб келинг, бошқа жой кўрсатай», деб қистамади. Бундан алами келган Ансорий оро берилган соқолининг учини асабий эзғилади-да:
— Ҳазратим, янги пойтахатнинг масжиди жомеъси қаерга қурилмоқда? — деб сўради. — Ахир жума кунлари хутба ўқимоқ керак-ку!
«Агар биз номингизни хутбага қўшиб ўқимасак, сизнинг подшолигингизни ҳеч ким тан олмагай!» демоқчи эди шайх Ансорий. Акбар унинг очиқ айтилмаган бу таҳдидини гап оҳангидан пайқади.
Ансорийнинг диний ҳокимияти ҳали жуда кучли. У билан бирга келган уламолардан ташқари, юзлаб қуролли муҳтасиблар, шайхулисломга мурид бўлган бек-у аъёнлар, масжидда унинг ортида туриб намоз ўқийдиган минглаб қавмлар дин пешволарини илоҳиёт вакиллари деб биладилар, уларга ҳайиқиб қарайдилар ва кўр-кўрона эргашадилар. Акбар Ансорийнинг диний ҳокимиятини тан олмаса, имом-у уламолар авом халқни унга қарши қўзғатиб ғулу кўтаришлари мумкин. Ансорийнинг тагдор саволига жавобан:
— Тақсир, масжиди жомени сарой ёнига қурмоқдамиз, — деди ва шу билан унга беихтиёр ён бергандай бўлди.
Акбарни Ансорийга боғлаб турган эскича эътиқод иплари ҳозир унга ўргимчакнинг ёпишқоқ тўридек нохуш туюлди. Бу тўрни ёриб чиқиб кетиш учун Акбар ўз атрофига янгича имон-у эътиқод тарафдорларини йиғмоғи ва уларга суянмоғи керак...
233


***
Калта қора соқолида жингаласи бор, юз-кўзи арабларникидай хиёл жигарранг тус бериб товланган, лаблари қалин Абдулфазл Акбарнинг кутубхонасида одоб билан чўкка тушиб ўлтирибди. Хонтахта устида уюм-уюм китоблар: бири арабча, бири форсча, бири қадимги санскрит тилида, яна бири туркийча. Акбар йигирма уч ёшли Абулфазлнинг турфа тилли бу китобларни яхши билишини, бирини бирига қиёслаб, бемалол таҳлил қилишини кўрди-ю, таажжуб билан сўради:
— Аслингиз қайси улусдан?
— Бобокалонимиз араб эканлар, — деди Абулфазл.— Беш аср бурун Ҳиндистонга келиб қолганлар. Оналаримиз — ҳинд аёллари. Ҳинд-араб қони беш аср аралашиб, ахийри биз пайдо бўлганмиз.
Абулфазлнинг акаси Фаёзий ҳам истеъдодли шоир эди. Кўп йил қувғинда юриб ўғилларини шунчалик билимли ва маърифатли қилиб тарбиялаган шайх Муборакка Акбар ўзича яна бир қойил бўлиб қўйди.
— Раҳматли Салим ота сизларга жон куйдиргани бежиз эмас экан, — деди. — У киши айтар эдики, узоқ қонларнинг аралаш ишидан турфа дарахтларнинг пайванди каби ноёб мевалар берғай.
— Иншоолло, бу ҳикматли фикр шаҳзода Салим қиёфасида янада мукаммал амалга ошгай, — деди Абулфазл Акбарнинг ҳинд аёлидан кўрган ўғлини алоҳида эҳтиром билан тилга олиб.
Бу йигитнинг билимига яраша ақли ва фаросати ҳам ўткир эканини сезган Акбар:
— Салим отани кўрганмидингиз? — деб сўради.
— Ҳа, ота бизга ҳомий эдилар. Қувғин бўлиб қочиб юрганимизда бир қанча вақт бошпана бердилар. Ўшанда у киши менга бутун ҳаётимни етти фазилат асосига қуришни ўргатган эдилар...
— Масалан, қайси фазилатлар?
— Биринчиси: яхшиликка муҳаббат. Иккинчиси: инсонга мурувват. Учинчиси: ҳақ йўлдаги ботирлик. Чунки ўғри, босқинчиларнинг ҳам ботири бор. Биз фақат ҳалол яшайдиган кишининг ботирлигини фазилат деб билурмиз. Тўртинчиси: одамга куч-қудрат берувчи илм-у маърифат. Бешинчиси: барча сўз-у ишдаги самимият. Олтинчиси: хулқ-у атвордаги инсоф-у диёнат. Еттинчиси: инсонни камолотга етказувчи маънавият.
— Афсуски, ҳаётда бу фазилатларни соф ҳолда топиб бўлмагай! — деди Акбар. — Яхший-у ёмон, ҳақ-у ноҳақ мудом аралашиб кетгай. Одамлар неча минг йиллардан бери яхшини ёмондан, эгрини тўғридан бехато ажратиш йўлини излайдилар. Нечун бу йўллар ҳанузгача топилмайдир?
— Ҳазратим, бу йўллар кафтдаги чизиқлардай муқим турганда, одамзод уларни аллақачон топган бўларди. Лекин биз «йўллар» деб айтадиган нарсалар, аслида, оқиб турган дарёлардир. Яхши-ю ёмон, ҳалол-у ҳаром — дарё сувидай муттасил ҳаракатда бўлгандан кейин ноилож аралашиб кетадир. Ҳаракатдаги дарёнинг яхши хосиятини ёмон лойқалардан ажратиш бениҳоя мушкул.
— Балки бу умуман мумкин эмасдир? Мен янги пойтахтда янги бир инсоний муҳит, адолатли бир жамият барпо қилиш орзусидамен. Балки бу рўёбга чиқмайдиган бир хаёлотдир?
Акбар дилини очиб сўзлаётганидан руҳи кўтарилган Абулфазл Арастудан Ибн Сино-ю, Навоийгача барча улуғ одамлар адолат ахийри бир кун ғалаба қилишига ишониб яшаганларини айтди. Шу ишонч бўлмаса, яшашнинг маъноси қолармикин?
— Рост, — деди Акбар, — биз не учун дунёга келдик? Уни бир озгина бўлса ҳам ободроқ, адолатлироқ қилиб кетмасак яшашнинг не маъноси бор?
— Ҳазратим, қадимий китобларда ривоят борки, ҳар минг йилда янги бир доҳий туғилиб, барча
234


адолатсизликларни бартараф қилгай.
Абулфазл сўзининг тасдиғи учун мез устида турган китобларни бир-бир очиб, гоҳ санскрит тилида, гоҳ қадимги форс-паҳлавий тилида мисоллар келтира бошлади:
— Мана, ҳиндларнинг муқаддас китобида айтилмишдир: Офтоб тангриси Вишну таносиҳ* қонуни бўйича дунёга чўпон бўлиб қайтиб келгай, барча адолатсизликларни йўқотиб, яхшилардан адолатли жамият тузгай. Насораларда ривоят борки, янги бир маҳдий Мессия, яъни Масиҳо қиёфасида келиб дунёда адолат ўрнатармиш.
Акбар оташпарастларнинг «Авесто»сида ҳам шунга ўхшаш ривоят борлигини эслади: Зорастр авлодидан Саушъянт деган доҳий пайдо бўларкан, ёмонликни йўқотаркан-у дунёни покларкан. Турли халқларнинг эътиқодлари бу қадар ўхшаш бўлса, диний адоватлар қаёқдан чиқиб келмоқда?
Улар биргалашиб шу саволга жавоб излай бошладилар. Абулфазл Акбардан тўққиз ёш кичик бўлса ҳам, тарихни яхши билганлиги ва беҳад кўп китоб ўқиганлиги туфайли иккови тенгдош ва маслакдошлардек берилиб суҳбатлашар эдилар. Абулфазлнинг фикрича, ҳамма бало — руҳонийларнинг тамагирлиги-ю фотиҳларнинг диний хурофот ёрдамида босқинчилик сиёсатини амалга оширишида. Гоҳ ғазот-у жиҳот, гоҳ салб юришлари, гоҳ ҳинд-муслим қирғинлари — бари ғаразли мақсадларга хизмат қилган. Бидъат-у хурофот бир халқни иккинчисига ёмон кўрсатмоқчи бўлса, албатта, унинг урф-у одатларини, имон-у эътиқодини бузиб талқин қилади.
— Ҳазратим, жоҳиллар шу йўл билан... «Фақат биз яхши, бошқалар ёмон» деб, ўзларини устун кўрсатиб, хурофий ҳокимиятларини ўрнатурлар. Улар учун ҳақиқат керак эмас. Хурофот-у бидъат мудом тахминий гапга, ривоятга, миш-мишга асосланиб иш кўрур. Кўпчилик руҳонийлар бошқа халқларнинг имон-у эътиқоди нелигини билмайдир, билишдан ҳам чўчийдир. Гўё бошқа динларга қизиқса, муслимлик эътиқоди бўшашиб кетармиш. Шунинг учун бошқа тилдаги нодир китобларни «макруҳ» санаб, иликларига ҳам олмайдиган уламолар кўп. Ҳолбуки, яхшини ёмондан фарқ қилмоқ учун уларни ўрганиб чиқмоқ керак. Фақир шу эътиқод асосида дунёдаги бешта асосий динларнинг тарихини қиёсан ўргандим-у фарқларидан ташқари ўхшаш жойлари кўплигидан ҳайратга тушдим.
Абулфазл «Инжил»ни очди:
— Мана, Одам Ато билан Момо Ҳаво ҳақидаги ривоят насораларда ҳам бор. Фақат улар Одам Атони Адам дейдилар. Момо Ҳавони Ева дейдилар. Яна бир нарсага эътибор беринг, ҳазратим: фотиҳа ўқилгач, муслимлар «омин» дейдилар, насоралар «амин» дейдилар, юнонлар «амн» дейдилар, ҳиндлар «оувмм» дейдилар.
— Тўрталаси ҳам ўхшаш! — ҳайрат билан хитоб қилди Акбар. — Агар турли улуслар бидъат-у хурофот таъсиридан қутулсалар-у ўзлари ҳақидаги чин ҳақиқатни билсалар, даҳшатли диний адоватлар ўз-ўзидан йўқолиб кетмасмиди?
— Мен ҳам нуқул ана шу ҳақда ўйлайман-у ҳеч ўйимнинг тагига етолмаймен! Чунки кўп жойда шайх Ансорийга ўхшаш хурофотчилар ҳокимият тепасига чиқиб олмишлар. Улар бошқача фикр юритадиганларни «даҳрий» эълон қилиб ўлимга буюрурлар, зиндонга ташлайдирлар. Ҳатто Улуғбекдек тождор алломани ўшалар ўлимга ҳукм қилиш ҳуқуқига эга бўлганини тарихдан билурсиз.
— Менга қарши суиқасд тайёрлаганлар ҳам шулар! — деди Акбар баданига санчилган ёй ўқининг аччиқ оғриғини ҳозир қайта ҳис қилгандай озорланиб.
— Фақат шарқда шундайми десам, ғарбда — Фарангистонда ҳам диний ҳокимият жуда шафқатсиз эмиш. Гужаратда юрганимда фаранги денгизчилар сўзлаб бердилар. Уларда биздагидан ҳам катта хурофий ҳокимият бор экан. «Инкивизитсия» дейиларкан. Даҳрий деб гумон қилинганларни минг қийноқларга солиб, сўроқ қилармишлар. Даҳрийлиги исбот этилса, устунга боғлаб қўйиб, тагидан ўт қўйиб, куйдирармишлар. маърифатли алломалар хурофотга зид бўлган янги фикр айтса бас, биздагига ўхшаб, уларни ҳам даҳрийликда айблашар экан-у
235


оловда куйдириб ўлдиришаркан. Ҳолбуки, имон-у эътиқодни ҳар бир киши дилига жойлагай. Инсон дилини бу тарзда идора этиб бўлғайми, ахир, ҳазратим? эътиқоди бошқача бўлган одамларни шарқда тошбўрон қилиб ўлдирадиган, ғарбда оловга ташлаб куйдирадиган жоҳиллар истибдоди қачондир бир вақт йўқотилмоғи керак!
Бу ҳокимиятдан кўп жабр кўрган Салим ота ҳам шу фикрни айтгани Акбарнинг эсига тушди. Энг яхши одамларга шунчалик зулм ўтказаётган ансорийларнинг ҳокимиятидан қандай қилиб қутулиш мумкин?
Мана шу фикр Акбарга беш-ўн кун тинчлик бермай юрди. У абулфазл билан яна кутубхонада учрашганда улкан гумбазли янги бинонинг қоғозга чизилган хомаки режасини кўрсатди.
— Жаноб Абулфазл, фараз қилингки, бу гумбаз — илоҳий осмон рамзи. Мамлакат халқларининг имон-у эътиқодларини худди тоғнинг турли ёнбағирлари каби шу яхлит гумбаз остига йиғсак не дейсиз?
— Қандай қилиб, ҳазратим? — тушунмади Абулфазл.
— Ҳинд эли муқаддас санайдиган китоблар бор. Сиз уларнинг энг қадимийси деб «Ригведани» айтдингизми? Бинонинг алоҳида бир қисмини шу китоб эгалласа... ҳиндларнинг имон- еътиқодига мос келурми?
— Шубҳасиз мос келур!
— Мамлакатимизда оташпарастлар бор. Уларнинг «Авесто»си қачон ёзилган?
— Бундан уч минг йил муқаддам.
— Демак, бинонинг иккинчи қисми «Авесто»га, учинчи қисми насораларнинг муқаддас китобларига берилса, тўртинчи қисми — муслимлар эътиқодига макон бўлса.
— Барча эътиқодлар бир гумбаз остида бирга, баробар!.. Ҳазратим, тарихда ҳали ҳеч ким қилишга журъат этмаган янги ишга бел боғлабсиз! Энг муҳими, турли эътиқод вакиллари бир даврага йиғилсалар, ҳақиқатни билишлари осонроқ бўлғай, хурофот-у бидъат чекингай.
— Охир-оқибатда ансорийларнинг хурофий ҳокимиятидан қутулиш мумкин бўлгай! — деб Акбар Абулфазлнинг фикрини давом эттирди. — Чунки бу ҳокимият диний адоватга асосланмишдир. Биз диний адоватни йўқотсак, ансорийнинг суянган устунлари қулагай, ўзи кераксиз бўлиб, четга чиқиб қолгай!
Абулфазл Акбарнинг режаси қанчалик узоқни кўзлаб чизилганини энди тушунди-ю, ҳаяжон билан ўрнидан туриб унга таъзим қилди:
— Ҳазратим, бу тўрт қисмлик обида — сизнинг улуғ бир меъморлик кашфиётингиз бўлғусидир! — Агар бу чиндан кашфиёт бўлса, уни мен сизнинг ёрдамингиз билан қилмишмен, мавлоно! — деди Акбар.
Ўша куни Абулфазлга мўтабар мавлонолик унвони берилди. Кейинроқу Акбарнинг энг ишонган сирдош вазири бўлиб қолди.
Бир гумбаз остидаги тўрт қисмлик бинони улар ўзаро суҳбатда «Eътиқодхона» деб аташарди. Лекин диндорларни чўчитмаслик учун расмий равишда унга «ибодатхона» деб ном бердилар. Янги бинога жой танлашда эса Акбар Бианадаги халқ қўзғолонига бошчилик қилган Абдулла Ниёзийнинг эски ҳужраси ўрнини маъқул кўрди.
Бу ҳужра янги сарой биноси тушган жойга яқин. Абдулла Ниёзийнинг ўзига Салим ота турган кўл бўйидан бошқа жой берилган. Абдулла Ниёзий ҳозир қуролли қўзғолон йўлидан қайтган, лекин маҳдийлар эътиқодидан воз кечган эмас. У ҳам шайх Муборак каби бутун нажотни одил подшодан излайди ва Акбарга умид билан қарайди.
Акбар эса ансорийларнинг диний истибдодига қарши курашда марҳум Салим отанинг шогирдлари бўлган маҳдийларга суянади. Шу сабаблар билан икки орадаги яқинлик тобора ўсиб боради...
______________
* Т а н о с и ҳ — руҳнинг янги шаклларда қайта туғилиши ҳақидаги фалсафа.
236


***
Ички ғанимларни бартараф қилиш йўллари шу тарзда белгилангач, Акбарнинг хаёлини ташқи душманлар кўпроқ банд қила бошлади. Уларнинг энг ашаддийлари ҳозир Гужарат ва Гоа томонларда эди. Улар ўша ёқлардан махфий одам юбориб, яна Пўлат васвасга ўхшаган одамларни Акбарга қарши зимдан ишга солаётган бўлишлари мумкин. Лекин Гужаратда Акбар юборган мушрифлар ҳам тинмай иш олиб бормоқдалар. Улар Гужаратдаги ички низолардан фойдаланиб, Музаффаршоҳнинг вазири Эътимодхон билан яширин алоқа ўрнатдилар. Акбарнинг номидан бу вазирга хатлар, совғалар элтиб топширдилар ва катта ваъдалар бердилар.
Ниҳоят, Эътимодхон Акбарга ён босиб, махфий жавоб ёзди:
«Ҳазрат шаҳаншоҳ! Бундан ўттиз йил бурун Гужарат сизнинг отангиз қаламравида эди. Ўшанда фақир Зафаршоҳлар сулоласига ён босиб, Гужаратнинг марказий давлатдан ажралиб чиқишига ёрдам берган эдим. Бу ишим хато бўлганини менга шу ўтган йиллар кўрсатди. Музаффаршоҳ Гужаратни хароб қилди. Денгиз қирғоқларидаги эллар фарангилар ихтиёрига ўтмоқда, илм- маърифат инқирозга юз тутди, диний адоват ва ички парокандалик Гужаратни беҳад заиф- лаштириб қўйди. Ҳолбуки, биз қудратли марказий давлат таркибида бўлганимизда бу аҳволга тушмас эдик. Сизнинг илм-у маърифатга кенг йўл берганингизни, диний адоватга қарши турганингизни, қандай ислоҳотлар ўтказганингизни ва катта қурилишлар қилаётганингизни Аграга, Деҳлига, Секрига бориб келган одамлардан эшитиб ҳавасимиз келур. Бизнинг истеъдодсиз жоҳил ҳукмдоримиз Музаффаршоҳ эл-улусни ўзидан бездирган, кўпчилик бек-у сипоҳилар ҳам ундан қутулишнинг йўлини изламоқдалар. Ҳатто мен уни бир вақтлар тахтга чиқарганимга энди минг пушаймонлар қилмоқдамен. Агар келсангиз, Аҳмадобод сизга пешкаш, маслаҳат билан дарвозаларни жангсиз очиб беришга тайёрмиз».
Акбар Гужарат юриши учун энди фурсат келганини сезди. Унинг хаёли Музаффаршоҳ қаноти остида қочиб юрган Шарафиддин мирзога ва Гоа оролидан Пўлат васвасга тўфанг юборган фарангиларга кетди. Ташқи ғанимлар билан курашда Акбар отасининг хатоларини такрорламасликка интилади. Янги давлат ҳам улкан дарахт каби мустаҳкам илдиз отмагунча уни суғуриб ташлаш осон бўлишини Ҳумоюннинг Ганга бўйидаги мағлубияти кўрсатган эди. Йигит пайтида тезкорликни яхши кўрган Ҳумоюн тахтга ўлтирганининг дастлабки уч-тўрт йили ичида шарққа ва ғарбга, жанубга ва шимолга кетма-кет юришлар қилиб, ўндан ортиқ вилоятларни забт этди. Лекин у Гужаратга юриш қилганда шарқда Бихор исён кўтариб, ихтиёридан чиқиб, мустақил бўлиб олди. Акбар ўша аччиқ сабоқларни эсда тутиб, давлатининг чегараларини шошмасдан, қадамма-қадам кенгайтириб бормоқда эди. ўн беш йил давомида Гужарат билан Агра оралиғидаги Биканир, Читор, Бунди, Малва каби вилоятларда ички парокандаликни тугатди, энг нуфузли рожа ва роалар билан қон-қариндош бўлди, отлиқ аскарларининг ярмини содиқ ражпутлардан ёллади. Ҳатто умр бўйи Бобур ва Ҳумоюнга қарши курашиб ўтган Рана Санграм Синхнинг невараси Удай Синх энди Акбарни тан олиб, у билан иттифоқ тузди. Унинг Эътимодхон билан маҳфий алоқа ўрнатганига ҳам икки йил бўлди. Энди Гужарат юриши учун вазият етилганини ўша ёқдан ахборот юбориб турган хуфияларнинг маълумотлари ҳам тасдиқлади.
Акбар ўн минг қўшин билан мезон ойида Аҳмадободга яқинлашди. Эътимодхон сўзида туриб, икки минг одам билан Акбар томонга ўтди. Музаффаршоҳ жанг қилишга юраги бетламай пойтахтни ташлаб қочди. Акбар Азиз кўкалдошни беш минг аскар билан қувғин қилиб юборди- да, ўзи Аҳмадободдаги подшо саройига кириб жойлашди.
Азиз кўка эртаси куни пешинда Музаффаршоҳни тутиб келтирди. Бу шоҳ қирқ ёшлардаги, семиз, қора одам экан, ўзи шунча йил ҳукмронлик қилган саройни энди Акбар эгаллаб олганини кўриб, юзлари аламдан кўкариб кетди. Бироқ жони ширин туюлиб, Акбар ўлтирган
237


тахт қаршисида таъзимга эгилди, ўнг қўлининг орқасини аввал ерга теккизиб, су