СЭКРИ БАЛОГАРДОН
СЭКРИ БАЛОГАРДОН
Сабзаранг тўтиқушлар дарахтдан дарахтга чуғурлаб учиб ўтади. Қорни оқ, усти қўнғир маймунлар шохларга осилиб ўйнайди. Бўлиқ ўт-ўланларни қимирлатиб, чипор илон ўрмалаб ўтади. Қаердандир узоқдан овчилар чалган нафир* товуши ва филнинг наъра тортгани эшитилади.
Ўрмон ичи серсоя, салқин. Кесиб кетилган дарахтлардан бирининг кундасида Акбар ўйга чўмиб ёлғиз ўлтирибди. Ҳозир ҳеч кимни кўргиси, ҳеч ким билан гаплашгиси келмайди. Суянган одамлари бирин-кетин ҳалок бўлгандан бери минг отлиқ араванинг бутун оғирлиги унинг зиммасига тушган, саройнинг оғир муҳитида энг яхши ҳислари сўнаётгандай, дилини қандайдир карахтлик чулғаб олаётгандай туюлади. Бугун у Секри ўрмонларига овга чиққан эди. Лекин ов қилгиси ҳам келмади, соқчиларни адаштириб мана шу кимсасиз жойни топиб паналади.
У ҳозир ўрмондаги бирон жониворни ўлдиришдан кўра қалбидаги яхши ҳисларни тирилтиришга кўпроқ эҳтиёж сезади. Лекин соатлар ўтади, вужудидаги карахтлик ва руҳидаги сўниклик ҳеч тарқамайди. Бир пайт орқа томондаги сўқмоқдан кимдир ўтларни шитирлатиб оҳиста юриб келаётганини эшитди. «Шу ерда ҳам тинч қўйишмайди-я», дегандай норози бўлиб орқага ўгирилди. Оқ ридо кийган нуроний мўйсафид ҳассасига суяниб сўқмоқдан унга қараб келмоқда эди. Акбар Салим отани таниди-ю, беихтиёр ўрнидан турди.
Санганирдаги никоҳдан бери Акбар уни кўрмаган, лекин унинг суҳбатини олишга иштиёқманд пайтлари бўлган эди. Шунинг учун Акбар унга пешвоз чиқди. Салим ота кўришаётиб:
— Биз томонларга хуш келибсиз! — деди.
— Уйингиз шу ердами, Салим ота?
— Ҳа, ўрмон четида кулбам бор... Ҳазрат онангиз сизни «бормоқчи» деган эдилар. Етти йилдан бери мунтазирмен.
— Нечун етти йил?
— Жайпурдаги тўйга етти йил бўлди-ку.
Акбар вақтнинг тез ўтганидан таажжубланди. Кечагидай ёдида турибди: Санганирда Салим ота никоҳ ўқигани учун Акбар унга икки юз минг ру-пий инъом берди. Чунки подшоларнинг никоҳи учун катта инъом бериш азалий одат эди. Ҳумоюн Ҳамида бонуга уйланганда, қувғинда юрганига қарамай, Абдулбақо деган одамга никоҳ ўқигани учун икки юз минг рупий берганини Акбар онасидан эшитган эди. Лекин Салим ота бу инъомни қабул қилмади:
— Бойлик имонни бузгай. Менинг устози калоним Фаридиддин Чештига Элтутмиш деган подшо тўртта қишлоқни ўн икки минг бигҳ* ери билан инъом қилганда узр сўраб олмаган эканлар. Подшолар давлат харажатлари учун маблағ йиғиб, хазина сақлашлари, албатта, жоиз. Аммо умрини ҳақ йўлига бағишлайдиган сўфийлар бойлиг-у мартаба тамаида бўлмаслиги керак. Олов ўтинни қандай тез еб битирса, тама-ю бойлик сўфийнинг имонини шундай еб битиргай...
214
маъзур тутинг, мен икки юз минг рупийни ололмагаймен.
— Эҳтимол, бу инъомни бева-бечораларга хайр-у эҳсон қилиб тарқатурсиз? — сўради Акбар.
— Ҳазратим, агар бева-бечоралар хурсанд бўлсин десангиз, уларни адолатсиз солиқлардан озод қилинг.
— Қайси солиқ адолатсиз экан, Салим ота?
— Жизя мусулмонлардан олинмайдир. Уни фақат ғайридинлар тўлашга мажбур. Сиз ҳинд қизига уйландингиз, унинг имон-у эътиқодини эҳтиром этмоқдасиз. Бунинг учун сизга минг ташаккур. Аммо сизнинг қайнатангиз Бҳари Мал, бошқа ҳинд қариндошларингиз каби жизя солиғини тўлашга мажбур. Бу — адолатданми?
— Ахир жизя — шариатда бор эмиш-ку?
— Э, шариатда йўл кўп! Уни истаган томонга буриб манфаат кўувчи тамагир руҳонийлар бор. Ҳиндистонда тўққиз асрдан бери ўнлаб мусулмон подшолари ўтган, лекин бирортаси шу адолатсиз солиқни бекор қилишга журъат этмаган. Умидим борки, энди шунга сиз журъат этурсиз! Фақир-у бечораларга қилган хайр-у эҳсониниз ҳам, менга берган улуғ инъомингиз ҳам шу бўлғай!
Акбар ўшанда бу сўзларга жавоб тополмай лол бўлиб қолган, Салим ота эса икки юз минг рупий инъомни олмасдан, дастурхондан фақат иккита нон олиб белига туккан ва Секрига пиёда қайтиб кетган эди.
Муслим-у ҳиндни бир-бирига қарши қўймасдан олиқ-солиқ бобида уларни баробар кўришни Акбарнинг ўзи ҳам жуда истарди. Акбар тажриба учун жизяни бир йилга бекор қилди. Шунда дин пешволари Ганга бўйида ҳокимлик қиладиган Алиқулихон ва Баҳодирхонларни Акбарга қарши қўзғатдилар. Жизядан катта даромад оладиган бу беклар Акбарни «диндан чиққан даҳрий!» деб эълон қилдилар. Хутбани Акбарнинг Кобулдаги иниси Муҳаммад Ҳаким номига ўқита бошладилар.
Панжобдаги мутаассисблар ҳам Алиқулихонга қўшилиб, Акбарнинг итоатидан чиқиш хавфи туғилди. Шундан сўнг Акбар жизяни қайта тиклашга мажбур бўлди. Алиқулихон бари бир унинг ҳокимиятини тан олмади, Ганга бўйида Акбарга қарши қилич кўтариб жангга чиқди. Бу жангда унинг ўзи ҳам, иниси Баҳодирхон ҳам ҳалок бўлдилар.
Акбар бунинг ҳаммасини Салим отага айтиб берди-да:
— Солиқ бобидаги ислоҳот бизни икки ўт орасида қолдирди! — деди. — Амир-у беклар исёнини бартараф қилишга улгурмасимдан деҳқонлар ғулу кўтардилар. Ҳатто шу Агра атрофларида ҳам қароқчилар куррурий*ларни ўлдириб, пулларини талаб кетмишлар!
— Бу ҳодисадан менинг хабарим бор, — деди Салим ота. — Куррурийлар солиқ йиғиш ҳуқуқини сиздан сотиб олгандан сўнг инсофни унутганлар. Деҳқонлардан солиқни уч ҳисса ортиқ йиғиб, бир ҳиссасини давлатга берсалар, икки ҳиссасини ўзлари олмишлар, судхўрлардан баттар бойиб кетмишлар.
— Нафсини тиймаган куррурийларни биз жазога тортдик. Аммо қароқчилар уларнинг пулларини ғорат қилган экан...
— Эшитдим, сиз ўзингиз жанговар филни миниб ғулу кўтарганларга қарши қўшин тортмишсиз. Лекин куррурийлар адолатсизликдан безор бўлиб исён кўтарган деҳқонларни сизга «қароқчи» қилиб кўрсатган экан. Бу деҳқонлар куррурийларни ғорат қилган эмас, икки-уч ҳисса ортиқ ундирилган солиқ ҳақини қайтариб олган!
— Шу ростми, Салим ота?
— Ростки, мана, тепамизда яратганнинг ўзи гувоҳ. Мен кўрган нарсамни айтмоқдамен. Ҳолбуки амалдорлар воқеани сизга бутунлай тескари ту-шунтирибдир.
Акбар исён кўтарган «қароқчиларнинг» қишлоғига бостириб борган пайтини, ўзи минган зўр фил томига похол ёпилган кулбаларни оёғи билан уриб йиқитганини, шунда бамбук ходалари орасидан қароқчилар эмас, аёллар ва болалар чинқириб чиққанини эслади-ю, хижолат чекиб деди:
215
— Хом сут эмган банда... алданган эканмиз. Куррурийлардан бутунлай воз кечдик. Солиқ маҳкамаларига бошқа инсофли одамларни қўймоқдамиз.
— Хайрли бўлсин! Бироқ нечун маъюс кўринурсиз?
— Мени эзиб юрган ташвишлар тоғнинг тошларидай кўп. Қайси бирини айтай?
— Лекин зафарларингиз ҳам кўп-ку. Нечун улардан қувонмайсиз? Читорда катта жасорат кўрсатибсиз. Овозаси Секрига ҳам келди...
_____________
***
Акбар Деҳлининг ғарби жанубида уч юз эллик мил узоқликда жойлашган Читор қалъасини эслади. Мевар вилоятининг маркази бўлган бу қалъа тоғ тепасига жуда мустаҳкам қилиб қурилган эди. Бир вақтлар Ҳумоюн итоатида бўлган бу вилоятни Акбар тинч йўл билан яна марказий давлатга қўшмоқчи бўлди ва қайниси Ман Синхни Читор саркардаси Жаймалнинг ол- дига юборди.
Аммо Ман Синх Читор қалъасига борганда Жаймал унинг олдига келиб гаплашишни ҳам ўзига муносиб кўрмади. Ман Синх қалъа ичидаги бир хо-нада уч соат бетоқат бўиб кутди-ю, ахийри натижасиз қайтиб кетди. У кетаётиб орқасига қараса, Жаймал келиб одамларига қаттиқ-қаттиқ гапиряпти:
— Хоин Ман Синх ўлтирган хона унинг нафасидан ҳаром бўлди! Энди бу хонага муқаддас Ганга сувидан сепиб, уни покланглар!
Ҳиндча имон-у эътиқодини пок тутадиган Ман Синх учун бу гаплар мисли кўрилмаган бир ҳақорат эди.
Читор тўрт ойгача Акбарга дарвоза очмади. Қалъа ҳимоясини ўша Жаймал бошқармоқда эди. Акбар унга мактуб йўллади:
«Жаймал Ратхорни ботир йигит ва фил жангига уста деб эшитдик. Шу гап рост бўлса фил миниб майдонга чиқсин. Мен у билан яккама-якка фил жанги қилмоқчимен. Икковимиздан қай биримиз ғолиб чиқсак, ўшанинг қўшини зафарга эришган ҳисоблангай. Уруш ортиқча талафотсиз тугагай».
Лекин Жаймал Акбарнинг бу таклифини қабул қилмади— у дарвозани очиб, қалъадан чиқса алдаб қўлга туширишлари мумкин деб ўйлади. Шундан кейин Акбар яна қалъа деворлари тагидан нақб қазишни буюрди. Бирдан етти-саккиз минг одам қазиган нақбга борут қўйиб портлатсалар, мустаҳкам девор ҳам қулаши мумкин эди. Бундан хавотирга тушган қалъа ҳимоячилари тўп-тўп бўлиб девор устига чиқдилар-да, пастда нақб қазиётганларнинг устига оғир тошларни, ёниб турган ходаларни ота бошладилар. «Тўра» деб аталадиган катта қалқонлар Акбарнинг одамларини тепадан ўқлар ва тош-пошлардан ҳимоя қилар, янги-янги кучлар шу қалқон тагида девор тагига етиб бориб, уни мўри-малахдай кемириб, нақб қазир эди.
Акбар бу тўполонни атайлаб кўтартирган эди. У қалъа деворига баробар турган сунъий тепалик устида шох-шаббалар ва тошлар панасида ўлтириб, Жаймалнинг қалъа девори устига чиқишини пойлай бошлади. Пастда ҳужум кучайиб кетгач, Жаймал ҳимоячиларга бошчилик қилиш учун девор тепасида пайдо бўлди. Аммо ора хийла узоқ, Акбар Жаймалнинг фақат суратини кўрган, уни таниб олиши осон эмас. Лекин табиат Акбарга фавқулодда ўткир кўз берган. У кундуз куни осмоннинг қуёшдан узоқроқ турган қисмларига тикилиб қараса, милт- милт қилиб турган юлдузларни кўради. Ҳозир у қалъа деворида турган Жаймалнинг овозини
216
эшитмаса ҳам, ҳимоячиларга буйруқ берганда лаблари қандай қимирлаганигача кўрди-да, «Новак» деб аталадиган каттакон ёйга ўқ жойлади.
Новакни фақат билагида кучи кўп йигитларгина ота олар, унинг ўқи оддий ёйникидан узоқроққа борар ва қаттиқроқ тегарди. Девор устидаги Жаймал ҳам новакдан пастга кетма-кет ўқ отиб, Акбарнинг йигитларидан уч-тўрттасини қулатди. У новакка яна ўқ ўрнатаётган пайтда Акбар кўтарма устидан отган ўқ Жаймалнинг чап кўкрагига шундай куч билан санчилдики, ярмигача ботиб кетди. Жаймал девордан йиқилиб кетадиган бўлганда уни ёнидагилар тутиб қолдилар. У ўша куни жон берди.
Бу ҳодиса жанг тақдирини ҳал қилди. Саркардасидан айрилган читорликлар ғалабадан умидини уздилар. Аёллар жавҳар одати бўйича ёв қўлига тирик тушмаслик учун ёппасига ўзларини ёниб турган гулханга ташлаб, куйиб ҳалок бўлдилар. Тирик қолган йигитлар эса Патта деган довюрак ражпут бошчилигида арғувон рангли кийим* кийишиб, қалъа дарвозаларини очдилар-у Акбар томонга ҳамла қилдилар. Нақд ўлимни бўйинларига олиб жанг қилган ражпутлардан бири-нинг новакдан отган ўқи Акбарнинг бошидаги дубулғага тегиб ўтди. Бирдан Акбар уч ёшдалигида Кобул аркида тўп ўқига нишон бўлиб турган пайтидаги даҳшатли туйғулар қуюни қайтиб келди-ю, уни чирмаб айлантира бошлади. Читорда гўзал аёлларнинг жавҳат ўтида куйиб ўлганлиги ҳам унинг ғазабини авжига чиқарди. Кобулда тепасидан учиб ўтган тўп ўқи қулоғига эшитилиб кетганда ўзини билмай қоладиган Акбар:
— Жоҳилларни асир олманглар! — деб қичқирди. Шунда гўё қулоғи тўп ўқидан битиб қолгандай, ўз овози ўзига эшитилмади: — Қатлиом қилинсин! Читорда қатлиом!!
— Қатлиом! — деган фармон сафлар бўйлаб тарқалди.
Читор аҳолиси орасида бегуноҳ чоллар, аёллар, болалар бор эди. Уларнинг қатлиом қилина бошлаганидан даҳшатга тушган Ман Синх жанг майдонидан Акбар турган тепаликка от чоптириб борди. Қатлиом ҳақидаги фармонни бекор этишни ўзининг ражпут жангчилари номидан қатъий илтимос қилди. Акбар бу фармон туфайли бутун ҳинд элини ўзидан бездириб қўйиши мумкинлигини энди сезди. Ҳушини йиғиштириб, қатлиомни тўхтатиш ҳақида янги фармон берди. Аммо бу фармон барча жангчиларга етиб боргунча қанча бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. Уларнинг кўчаларда қалашиб ётган жасадлари ҳалигача Акбарнинг кўз олдидан кетмайди.
Уни мерганлиги ва Жаймални отиб ғалаба келтиргани учун мақтайдиганлар кўп. Лекин Акбар Читорда беҳуда тўкилган қонлар учун ўзини айбдор сезади. Бу қалъанинг мард ҳимоячилари Жаймал ва Паттага ич-ичидан тан бергани учун ҳинд ҳайкалтарошларига буюртма бериб, уларнинг мармар ҳайкалларини ясатди.
Бу орада Аграда янги Лаъл Қалъа қуриб битирилган эди. Фил устида ўлтирган Жаймал ва Паттанинг ҳайкаллари Акбарнинг буйруғи билан қалъа дарвозасининг икки томонига ўрнатилди. Қалъа ичида Жодҳа Бай учун ҳиндча ибодатхона қурилганидан норози бўлиб юрган мутаассиблар энди қалъага кираверишда кўзга ташланиб турадиган ҳайкалларни кўриб «будпарастлик бизга макруҳ!» дейишар ва юзларини буриштириб ўтишарди. «Подшомиз ғурурга берилди, ўз ғалабасини кўз-кўз қилмоқ учун мажусийларга ҳайкал ўрнатди», деб, Акбарни чекка-чеккада ёмонлаб юрган беклар ҳам бор эди. Хуфиялар подшога ҳамма гапни етказиб келишарди. Унинг қабулига келган сипоҳилар ва мулозимлар ҳам бир-бирларининг устидан шунча кўп чақимчилик қилишар, бир-бирлари ҳақида шундай ёмон маълумотлар беришар эдики, гоҳо Акбарнинг одам зотидан ихлоси қайтиб кетарди. Ҳеч кимни кўргиси ва ҳеч ким билан сўзлашгиси келмай қолар эди.
Ҳозир шу ўрмонда нуроний чол Салим отага дилини ёриб:
— Одам нечун бундай яратилган? — деди Акбар. — Марҳум энагам берган бу саволга ҳамон жавоб тополмаймен... Фақат бошқалар эмас, ўзим ҳам... ғазаб устида шафқатсиз ишлар қилиб, кейин бундан изтироб чекиб юрурмен... Читорда қанча бегуноҳ қонлар тўкилди. Виждон азобини босмоқ учун ҳалок бўлганларнинг иккитасига ҳайкал қўйдирсам... одамлар шундан ҳам
217
айб топмоқдалар.
— Рост, инсон зоти даҳшатли зиддиятлар исканжасига тушиб қолмишдир. Ташқи оламда унга адолатсиз муҳит, шафқатсиз замона азоб берур. Ичида эса ушалмайдиган орзулар, турли истак-интилишлар, нафс-у ғурур хуруж қилур. Агар инсон зоти шу ички-ташқи зиддиятлар исканжасидан қутулса оламда ундан қудратли, ундан доно, ундан мукаммал жонзод то- пилмагай.
— Бу исканжадан қутулиш мумкинмикин ўзи, Салим ота?
— Фақат инсони комилнинг қутулмоғи мумкин.
— Инсони комил — ривоятлардагина бор. Ҳаётда мен ҳеч кўрмадим.
— Инсони комил — мутлақ ҳақиқат каби юксак эътиқоддир. Қалбига шу эътиқодни жойлаган одам ташқи оламдан ҳам, ўз дилидан ҳам нуқсон-у иллатларни баҳоли қудрат йўқотиб боргай. Такомил йўли — ботиний дунё орқали ўтгай. Ҳар биримизнинг ичимизда нафс, обрўпарастлик, бошқа ўжар истаклар борки, улар гоҳо ташқи душмандан ҳам хатарлироқ бўлур. Уларни енгиш — ўрмондаги арслонни енгишдан ҳам каттароқ матонат талаб қилгай. Агар ташқи душманни енгсангиз-у ичингиздаги нафс, ғазаб, шаҳват каби балоларни енголмасангиз, улар ғолиб келиб, сизга ёмон ишларни қилдирса, нариги катта ғалабангиз татимагай. Ўзингиздан ўзингиз енгилиб, таъбингиз кир бўлиб юрганингиз — ёмон бир мағлубият эмасми?
Салим ота Акбарнинг вужудини карахт қилиб турган совуқ музни ўзининг ҳароратли нафаси билан эритаётгандай бўлди. Акбар шу ҳароратга дилини янада яқинроқ тутгиси келиб:
— Рост! — деди. — Ташқи зафарларим ичидан кутилмаган дилсиёҳликлар чиқиб келмоқда, мен уларга қарши чора тополмай лолмен!
Салим ота Акбарнинг очиқроқ сўзлашини кутиб, юзига тикилганча жим турди. Лекин Акбар охири ҳарамга бориб тақаладиган ўта чигал дилсиёҳликлар ҳақида қандай сўз очишни билмай бир лаҳза сукут қилди.
Унинг ҳинд улуси билан янгича сиёсат юргизаётгани фақат давлат ишига эмас, шахсий ҳаётига ҳам кутилмаган ўзгаришлар олиб кирмоқда эди. Читорнинг олинишида Акбарнинг ўзи жасорат кўрсатгани, Жаймал билан Паттанинг қаҳрамонлигига тан бериб, уларга Аграда ҳайкал қўйдиргани, саройда Бҳагван Дас, Тодар Мал каби ҳиндларга юксак лавозимлар бергани, Жодҳа Бай учун қалъа ичида махсус ибодатхона қурдиргани бутун мамлакатда овоза бўлган, ҳали марказий давлатга бўйсунмаган ражпут рожаларининг унга муносабати ўзгара бошлаган эди. Читордаги жанг Акбарнинг бошқа ражпут қўрғонларини олишга ҳам кучи етишини кўрсатди. Беҳуда қон тўкилмасин учун Акбар гоҳ Бҳагван Дасни, гоҳ Ман Синхни душманлик руҳида юрган ражпут қўрғонларига элчи қилиб юборар эди. Бунди вилоятидаги энг мустаҳкам қўрғон — Рантхамбхор қамал қилинган пайтда эса Акбарнинг ўзи навкар кийимини кийиб, элчи Ман Синхнинг ёнида оқ байроқ кўтарганча қалъага кирди. Қалъа ҳимоячиларининг бошлиғи Суржан Рао аввал Акбарни танимади. Ман Синхни жеркиб:
— Сенлар ражпут ғурурини ерга букдиларинг, Жайпурни урушсиз топширдиларинг, муслимлар қанча камситсалар ҳам бўйин эгиб туришларинг уят эмасми?— деди.
— Биз қайси камситишларга бўйин эгибмиз, махарожа? — деб сўради Ман Синх.
— Жизя солиғи олиш — камситиш эмасми? Ражпут саркардаси девониомга қурол тақиб кириши мумкин эмас. Демак, подшо сенга ишонмайди. Бу — камситиш эмасми? Ражпут қизлари саройга тортиқ тарзида юборилиши керак. Подшо уни қонуний қилиб никоҳига олмаса! Фақат вақтинчалик жория... Камситиш бундан ортиқ бўлурми?
Акбар мағрур эл бўлган ражпутларнинг бу гина-кудуратларини навкар кийимида туриб ўз қулоғи билан эшитгандан сўнг:
— Маҳарожа, — деди Суржонга, — сиз ҳақсиз, бу камситишлар бартараф этилмоғи керак. Шу шарт билан сулҳ тузишга розимисиз?
Суржон Раонинг атрофидаги мулозимлардан бири Деҳлида Акбарни кўрган экан, уни таниб қолиб:
218
— Маҳарожа, бу сўзларни сизга Акбарнинг ўзи айтмоқда! — деди.
Eлчи Ман Синх ҳам оқ байроқ кўтариб кирган навкарнинг Акбар эканини энди айтди. Суржон Раонинг одамларидан бири:
— Дарҳол тутмоқ керак, ғалаба бизники бўлғай!— деди.
Аммо Акбар Суржон Раога қараб:
— Мен сизнинг мард, олижаноб саркарда эканлигингизга ишонганим учун ҳузурингизга ўзим келдим,— деди. — Бизда «Eлчига ўлим йўқ» деган мақол бор!
Суржон Рао Акбарнинг довюраклигига тан берди-ю:
— Ражпутлар ҳам оқ байроқ кўтариб келган кишига тажовуз қилмайдиган мард улусдир! — деди.
Шундан кейин Бунди вилоятидаги уруш — ярашга айланди. Акбар Суржон Рао қўйган шартларни қабул қилди. «Ражпутлар ҳам девониомга қурол тақиб кириши, қалъа дарвозаси олдигача нақора чалдириб бориши, жизя солиғини тўламаслиги, отларига подшонинг тамға- сини босмаслиги (куйдириб босиладиган темир тамғадан отнинг сағрисида ёмон доғ қолар эди) мумкин» деган янги қонун жорий этилди. Суржон Рао иккита ўғлини бир неча минг ражпут йигитлари билан Акбар хизматига юборди.
Бунди вилояти шу шартлар асосида Акбар давлатига ихтиёрий равишда қўшилгандан кейин ғарбда Жайсалмир, Биканир, Жоудхпур, жануби шарқда Қаланжар каби ражпут вилоятлари ҳам марказий давлатга қўшилиш ҳақида жиддий ўйлай бошладилар. Икки орада турган воситачилар юқоридаги шартлардан ташқари ражпут рожаларига Акбарнинг номидан сўз бердиларки, агар улар подшони куёвликка муносиб кўрсалар, саройга юборадиган қизлари Жодҳа Бай каби қонуний никоҳдан ўтади, ҳиндча расм-русмларига бемалол риоя қилиб, иззат- икромда яшайди.
Биканур рожаси Каҳана Рао Акбарнинг қаламравига ихтиёрий равишда ўтди-ю, ўзининг гўзал қизини Акбарга никоҳлаб бермоқчи эканини айтди. Махсус карвон Бҳагван Дас бошчилигида Аградан Биканурга бориб, бу қизга подшонинг совға-саломларини етказди, сўнг уни сепи ва қариндошлари билан пойтахтга олиб қайтди. Қалъада бу қиз ҳам Жодҳа Бай каби Акбарнинг никоҳига ўтди, сарой аҳли уни қонуний маликалардан бири деб тан олди. Шерхонни беш ой овора қилиб таслим бўлмаган ва уни ўлдириб тинчиган Қаланжар ҳам энди Акбар давлатига ихтиёрий равишда қўшилди ва унинг харамига яна бир кўҳлик қизни келин қилиб юборди. Янги қўшилаётган вилоятларнинг рожалари билан алоқани мустаҳкамлаш учун уларга қон- қариндош бўлиш жуда зарур, янги сиёсат буни тақозо қилади. Аммо шариат бўйича Акбар тўрттадан ортиқ хотин олиши мумкин эмас. Лекин баъзи рожа ва маҳарожаларнинг ўнлаб хотинлари бор, ҳинд дини бунга алланечук йўл топиб беради. Жайсалмир ва бошқа вилоятларнинг рожалари Акбарни ҳам ўзлари каби кўп хотин олишга ҳақли деб ҳисоблаб, унинг саройига янги-янги қизларни сеплари билан келин қилиб юбормоқчи бўлишди. Уларнинг шаҳдини қайтариш мумкин эмас. Акбар Жайпурга ёки Қаланжарга куёв бўлган экан, нега Рантхамбхорга ёки Жоудхпурга* куёв бўлмаслиги керак? Яна тағин бу вилоятларнинг рожалари Акбарнинг дилини забт этиш учун бири биридан жозибали, бири биридан ақлли қизларини саройга юборишга интилишмоқда. Бунинг ҳаммасидан хабардор бўлган Акбар қозикалон Хўжа Ёқубни ҳузурига чақириб, шариатдан бирон йўл топиб беришни сўради.
— Ҳазратим, тўрт хотиндан кейингиси фақат жория бўлмоғи мумкин, — деди Ансорийнинг тарафдори Хўжа Ёқуб.
— Лекин мутъа деган никоҳ ҳам бор эмиш-ку!
— Мутъа — шиалар ўйлаб топган никоҳ. Сиз пок сунний мазҳаблик тождорсиз.
Акбар қозикалоннинг семиз юзига нохуш тикилиб:
— Тақсир, сиз йўлни тор олмоқдасиз, — деди ва эртаси куни қозикалонни ёмон кўрадиган мулла Жалолиддин деган қозини девони хосга чақиртирди.
Мулла Жалолиддин Хўжа Ёқубнинг рақиби эди. Акбарга яхши кўриниш учун қалин бир диний
219
китобни варақлади-да, мамнуният билан:
— Топдим! — деди. — Мана, ҳазратим Расулуллоҳ* даврида мутъа никоҳи шаръий бўлган. Кейинги халифалардан Усмон уни бекор қилмишдир. Аммо халифадан кўра Расулуллоҳ баландроқ, унинг даврида неки шаръий саналган бўлса, ҳазратим учун ҳам бу ҳалолдир.
Шу тарзда мулла Жалолиддин Хўжа Ёқубдан билимдонроқ эканини исбот қилди-ю, унинг ўрнига қозикалон бўлиб олди. Ҳар сафар мутъа никоҳини ўқиганда подшо унга ҳамён-ҳамён олтин ҳам инъом қилиб турди. Хўжа Ёқубнинг лавозимидан тушиши эса шайх Ансорийни хафа қилди ва унинг Акбарга бўлган яширин адоватини янада кучайтирди.
Шариат ҳам қонуний йўл топиб бергандан сўнг, Акбар ҳар йили ўз давлатига ихтиёрий равишда қўшилаётган бир талай маҳарожа ва раоларга куёв бўлди.
Дин ҳам, ота-оналар ҳам, сарой муҳити ҳам буни қонуний ҳисоблайди, янги қариндошлар эса мартаба орттирганларидан мамнун.
Пароканда ўлкаларни қариндошлик йўли билан ҳам бирлаштириш мақсадида янги-янги рожа ва роаларга куёв бўлган Акбар авваллари ўзининг йигитлик кучи ва жозибасидан ғуруланиб, хотинлари уни талашишидан «толеим баланд экан» деб шукуҳи ортиб юрди. Лекин вақт ўтиши билан бу ширин ҳаётнинг тагида аччиқ оғуси борлиги сезилди. Шунча хотин битта эрга кўз тикиб, кундошлик азобида қовурилиб яшаши оғир дилсиёҳликларга сабаб бўлди, ҳомиладор Жодҳа Бай касал бўлиб қолди. Унинг чала туғилган эгизак ўғилчалари бир ой ҳам умр кўрмай вафот этди. Салима бегим қиз туққан эди, у ҳам турмади. Акбарга меҳр қўйган бу ёш оналар энди ундан оқибат кўрмаганлари учун шундай ўртаниб йиғлашади, фарзанд доғида шундай куйишадики, Акбарнинг капалакдай гулдан гулга ўтиб олган лаззатлари энди заҳарга айланиб, бурнидан чиққандай бўлади. Шундай хотинлари бўла туриб, ҳалигача биронта фарзанди йўқлиги уни тегирмон тошидай эзади.
Ҳозир ўрмонда танҳо ўзи ғамга ботиб ўлтирганининг бир сабаби шу эканини у Салим отага айтиб берди:
— Ёшим йигирма еттига кирди, ҳамон ўғилга зормен. Бу не бадбахтликки, бир эмас икки ўғилни тупроққа топширдим! Мудом жанг-у жадалларда, хавф-у хатар ичида юрибмен. Куним битса ота-боболар меросини кимга топшириб кетгаймен?
Салим ота тасалли беришга шошилмай сукут сақлади. У сўнгги марта Деҳлида Ҳамида бегим билан кўришганда, бегим ҳам невараси йўқлигидан кўп армон қилган. Акбарнинг ҳарами катта бўлиб кетганини, бўйида бўлган келинлари ҳам кундошлик дўзахида ҳомилани асраб қололмаётганини куюниб сўзлаган эди.
— Эҳтимол, ирсият ҳам сабабчидир, — деди Салим ота. — Ҳазрат отангизнинг ҳам биринчи ўғиллари турмаган. Кейин сиз туғулганингизда отангиз... Ўттиз тўрт ёшда бўлганмилар?
— Наҳотки, ирсият мени ҳам ўша ёшгача ўғилга зор қилса?
— Сиз бобонгизга тортган бўлишингиз мумкин.
— Лекин отам туғилганда бобом йигирма беш ёшда бўлганлар. Мен бу ёшдан ўтдим.
— Шоҳ ўғлим, агар сизга оғир ботмаса, дилим сезган аччиқ бир ҳақиқатни айтай.
— Майли, оғир ботса ҳам айтинг!
— Ирсият — ноёб бир гавҳардир. У авлоддан авлодга бутун ҳолида ўтсагина яшаб кета олгай. Агар йирик гавҳарни майдалаб кукун қилиб сочсангиз, унинг гавҳарлиги қолмагай.
Акбар Салим отанинг нима демоқчилигини фаҳмлаб, юзи хижолатдан бир қизарди. Лекин дилига қадалиб турган заҳарли тиканларни Салим ота бехато топгани уни қойил қилди. Бу тиканларга биров тегинса дили озорланади, аммо уларни суғуриб олиб ташламагунча вужудидаги карахтлик, руҳидаги сўниклик йўқолмайди. Қалби озор чекса ҳам, бу тиканларни фақат Салим отанинг қўли билангина олиб ташлаши мумкинлигини сезган Акбар:
— Сўзингиз ҳақ, давом этинг, ота! — деди.
— Табиат ҳамма жонзотлардан ўзига муносиб насл яратгай. Йигирма-ўттизта эчкига битта така. Ундан ҳам кўп совлиққа битта қўчқор. Лекин эчкидан улоқ туғулгай, совлиқдан — қўзи.
220
Улардан арслон туғулмагай! Сиз эса инсонсиз. Инсонлардаги жуфтлик арслонларга ўхшашдир. Ўрмонда арслонларни кўргансиз. Ота шер она шерга қанчалик меҳрибон, қанчалик содиқ! Ана шу туфайли ирсият гавҳари бир нуқтага жам бўлиб, авлоддан авлодга бутун ўтгай, сўнг ота- онасига муносиб шерлар туғулгай. Сизнинг ота-онангиз Синд ўлкасида, Тар саҳросида бир- бирларига шерларчла меҳр-у оқибат кўрсатганлари учун сиз ҳам шербаччадай соғлом, кўҳлик, довюрак бўлиб туғулгансиз.
Акбар ўзининг суйиб уйланган хотини Жодҳа Бай шу кунларда яна ҳомиладор бўлганини эслади.
— Салим ота, сиз айтган шерликни менинг ҳам қилгим бор. Фақат... қандай қилиб Жодҳа байни кундошлар муҳитидан қутқаришим мумкин? Уни қаерга олиб кетай? Маслаҳат беринг!
Салим ота ҳассасига таяниб ўрнидан турди:
— Қани, юринг, аввал мен сизга ўз кулбамни кўрсатай.
________________
* Арғувон рангли кийимни жангда шаҳид бўлишни бўйнига олган ражпутлар кийган. *Рантхамбхор, Жоудхпур—Ражпутанаўлкасидагивилоятлар.
* Р а с у л у л л о ҳ — Аллоҳнинг элчиси, яъни Муҳаммад пайғамбар.
***
Тор сўқмоқ уларни ўрмон четидаги ялангликда турган мўжазгина деҳқонча уй олдига бошлаб чиқди. Ҳовлида қора қўтос сигир кавшаниб турибди. Ўнг томондаги текис бошоқ тортган буғдой даласи шабададан майин тўлқинланади. Тўғрида суви кўм-кўк каттакон кўл товланиб кўринди...
Уй ичи озода, аммо жиҳозлар камбағалона. Бўйра устига шолча ташланган. Салим ота Акбарни тўрга ўтказиб, дастурхонга тўртта буғдой нон қўйди. Хотини сопол косада қўтоснинг қатиғидан келтирди. Акбар қатиқни косанинг лабидан хўплаб ичар экан, бу унга беҳад ширин туюлди. У токчадаги китобларга қизиқиб қаради.
Салим ота Жалолиддин Румийнинг «Маснавий ва маънавий»сини, Фаридиддин Атторнинг «Кулиёти»ни, Хусрав Деҳлавийнинг «Хамса»сини, Навоийнинг «Чордевон»ини унга бир-бир олиб кўрсатди.
— Мен йиққан ягона бойлик мана шу китобларимдир, — деди.
— Сиз мендан бойроқсиз, Салим ота! — деди Акбар. — Сиздаги маънавий бойликни мен ҳали ўз қалбимга зарралаб йиғолганим йўқ. Шунинг учун менга саховат кўрсатинг.
— Бажонидил, боримни сизга инъом этишга тайёрмен.
Акбар Салим отанинг уйидан ташқарига чиқди-ю, бу ердаги ҳавонинг тозалигидан, ўрмон, кўл, буғдойзор — ҳаммасининг гўзаллигидан, энг муҳими, отанинг қиёфасидаги софликдан қалби яйраётганини сезди. Руҳидаги карахтлик тарқаб кетган, олам кўзига болаликдагидай жозибали кўринар, дилида сўниб қолган чироқлар парпираб ёниб кетган, истиқболга ишонч, яхши ишлар қилиш иштиёқи яна уйғонган эди. Ўрмондаги табиат ҳам тирилтира олмаган ички кучларни шу табиат билан ҳамкор бўлган Салим отанинг маънавияти тирилтириб юборган эди.
— Салим ота, ҳеч кимга айтмаган сирларимни мен сизга айтдим. Энди ҳеч кимга ишониб топшира олмайдиган истиқболимни ҳам сизнинг паноҳингизга олиб келмоқчимен. Жодҳа Байнинг уч ойлик ҳомиласи бор. Уни ҳам фарзанд ўрнида кўрсангиз. Бугун менинг ўлик ҳисларимни қайта тирилтирган табиат-у маънавият шояд ундаги ҳаётий кучларни юзага чиқарса. Биз орзу қилган зурриёд зора сизнинг қанотингиз остида дунёга келса!..
Акбар хотинини Салим отанинг кулбаси ёнига кўчиртириб келмоқчи эканини сезган мўйсафид подшоҳ-у малика билан бирга қанча сипоҳи, қанча каниз-у хизматкор бу ерларга келишини, улар билан муомала қилиш қанчалик қийин бўлишини кўз олдига келтирди. Ўзи подшо бўлганда саройда яшаб кўрган ва унинг мураккаб муҳитидан юрак олдириб қўйган Салим ота
221
Акбарнинг ниятидан астойдил ташвишга тушди:
— Ҳазратим, маликаларга юзлаб одамлар хизмат қилурлар. Уларга кенг жой зарур. Бундан ўн мил нарида— Секри тоғи этагида Бобур бобонгиз қурдирган кўшк бор. Каттакон Боғи Фатҳга барча хизмат-кор-у соқчилар ҳам жой бўлурлар.
— Агар сиз ҳам Боғи Фатҳга бориб турсангиз, майли, Жодҳа Байни ўша ерда паноҳингизга топширгаймен.
— Лекин мени... маъзур тутинг. Шоҳлар кўшкига қайтиб қадам босмасликка аҳд қилганмен. Қариганимда бу аҳдимни бузолмагаймен.
— Аммо шоҳлар ҳам одам-ку, Салим ота Шоҳларга кўз тиккан балолар қанчалик кўплигини бошқалар билмаса ҳам сиз билурсиз.
— Балогардон — халқдир. Мен буни онангизга айтган эдим.
— Лекин шоҳ билан халқнинг орасини тўсиб турган ғовлар қанчалик кўп! Мен ҳали бу ғовлардан ошиб ўтолган эмасмен... Фақат сиз тақдир тақозоси билан ота-онам орқали дилимга яқин бўлиб қолдингиз. Ўзингиз ҳам подшо бўлиб кўрган экансиз. Бу қандай бир серозор, тиканларга тўлган иш эканини билурсиз. Бугун менинг дилимга қадалиб турган қанча тиканни сиз олиб ташладингиз. Салим ота, ишонинг, мен ўзим учун сиздан беғаразроқ балогардон тополганим йўқ! Шунинг учун Жодҳа Байни ҳам қанотингиз остига олиб келмоқчимен. Рухсат беринг, шу уйчангиз ёнига икковимиз учун чодир тикдирай. Балки ҳазрат онамлар ҳам бирга келурлар. Соқчилар, хизматкорлар ўрмон ичида, сизнинг кўзингизга ташланмайдиган узоқликда турурлар. Сиздаги осудалиг-у мусаффолик биз учун ноёб бир шифо. Бу софлиг-у сокинликни мен кўз қорачиғидай асрагаймен!
Ҳамида бегим ҳам ўғли ва келини билан бу ерларга келиши мумкинлиги Салим отага ёқимли туюлди. Ҳамиданинг дийдорига ёшлигида тўймай қолган Низом энди кексайиб Салим ота бўлганда бу тенгсиз аёл билан маънавий мулоқотда бўлишни жуда истарди. Шу ҳаммаси сабаб бўлиб, у Акбарнинг таклифига розилик берди.
***
Eрталаб офтоб чиққанда Салим отанинг кулбасидан тушган узун соялар кунботиш томондаги кимхоб чодирга тушди. Тонг пайти уйқудан қушдай енгил бўлиб турган Акбар ва Жодҳа Бай кўлнинг тиниқ сувида ювиниб, ўз чодирларига қайтмоқда эдилар. Акбар чодирга тушган уйча соясини Жодҳа Байга кўрсатиб:
— Биз учун бу — бахт қушининг соясидир! — деди.
Акбар билан илк никоҳ кечасини ҳам Санганирдаги чодирда кечирган Жодҳа Бай:
— Салим ота чиндан риши* эканлар! — деб шивирлади.
У ҳарамнинг асабий муҳитида уйқусизликдан қийналиб, ранги ўчиб юрарди. Бир ҳафтадан бери шу чодирда Акбар билан туриб, қорача юзига яна қон югурди, оловли жозибаси қайта тикланиб, кўзларида юлдузлар чақнай бошлади. Акбар ҳам унинг ёнида барча ғам- ташвишларини унутиб, ўзини табиат бағрида яйраб юрган кийикдай хотиржам ва эркин сезади. Фақат гоҳида Жодҳа Бай бу масъуд кунларини омонат сезиб, қаҳри ёмон Шивадан ва унинг фалокат юборувчи хотини Дургадан қўрқа бошлади. Ўрмонда ибодатхона йўқ, Жодҳа Бай ҳомилани асровчи маъбудалар — Лакшми ва Шакти*нинг кумуш ҳайкалчаларини чодир бурчагига қўйиб уларга эрта-кеч сиғиниб туради. Салим ота чодирга келганда ҳайкалчаларни кўради-ю, Кабир тўғрисида сўз очади:
— Ҳиндлар ибодатхонага борурлар, мусулмонлар масжидга. Кабир эса улар руҳан бирлашган жойни излайдир. — Салим ота Жодҳа Бай билан Акбарни олдига ўтказиб, Кабирнинг ҳиндча шеърларидан ўқий бошлади. Жонли халқ тилида айтилган оловли шеърларнинг ҳар бир байти Жодҳа Байнинг қалбига завқ, қувонч, куч-қудрат олиб киргандай бўлди: — Қаранг, Кабир айта- дирки, имон-у ихлос — фақат одамнинг дилида яшасагина атрофини обод қилгай. Муттасил
222
ёмғир ёққан билан ибодатхонанинг тош ҳайкалида ёки масжиднинг ғишт деворида бирон нарса униб-ўсгайми? Шунинг учун Кабир инсон дилини ўзига саждагоҳ қилмишдир. «Eй, одам! — деди Кабир. — Муҳаббат билан шафқатни, неклик билан бахтни муллодан ёки браҳмандан тилаб овора бўлма, уларни сенга четдан ҳеч ким тайёр ҳолда беролмагай. Муҳаббат ҳам, шафқат ҳам, неклик билан бахт ҳам фақат ўз қалбинг иштирокида, ўз фазилатларинг-у меҳнатларинг туфайли юзага келгай!»
Жодҳа Бай Салим отани дунёнинг барча сир-у асроридан хабардор киши деб ишонгани учун ҳам, унинг айтган гапларидан беҳад қаттиқ таъсирланар ва илгариги қўрқувларидан қутулиб, ўзига ишончи ортиб борарди. Айниқса, ота ёд биладиган Кабир шеърларида ҳиндмуслим якдиллиги улуғланган сари Жодҳа Байнинг дили яйраб, кўнгли кўтариларди.
— Сизларга Кабирнинг улуғ руҳи мадад бергай! Чунки икковларинг икки халқдан чиққан якдил оила бўлиб, Кабирнинг орзусини ҳам амалга оширмоқдасизлар!
Кечаси чодирда Акбар Жодҳа Байни қучиб, эркалатар экан:
— Чиндан ҳам, биз — бир тандаги икки жонмиз! — деди.
Жодҳа Бай эса қалби тагида ўсаётган фарзандини икки дилнинг қўшилишидан пайдо бўлган учинчи бир жондек ҳис қиларди.
______________
***
Ўрмон ичида Акбарнинг қайниси Ман Синх бошчилик қилаётган қўриқчи аскарлар, мулозим ва хизматкорлар чодирдаги акбарларнинг тинчини бузмасликка интилишар, иложи борича кўзга ташланмай юришарди. Хизматкорлар овқат ва бошқа зарур нарсаларни кундуз секин олиб келиб беришар, барча хизматларни осойишта ва шовқинсиз қилишарди.
Акбар ҳар куни эрталаб нонуштадан сўнг ўрмон ичидаги хиргоҳга бориб, чопарларни қабул қилар, кечиктириб бўлмайдиган давлат ишлари бўйича фармойишлар берарди. Беклар ва аъёнлара эса Секридаги Боғи Фатҳга келишар, Акбар ўн мил йўлни отлиқ босиб ўтиб, шу боғдаги кўшкда қабул маросимлари ва машваратлар ўтказар, гоҳо ўша ерда ётиб ҳам қоларди. Акбар йўқ пайтда Жодҳа Байнинг чодирига Ҳамида бегим келиб турарди.
Бегим қирқ тўрт ёшга кириб, сочларида оқи кўпайиб қолган бўлса ҳам гавдаси ҳамон хипча, юз-кўзидан жозиба кетмаган. Деҳлида Ҳумоюн мақбараси олдида кўришганларида ўзини пирлардай вазмин тутган Салим ота энди мана бу ўрмонда яшнаб турган табиат бағрида бегимни холи кўрди-ю, юраги ҳаяжондан гурсиллаб ура бошлади.
У Низом бўлиб юрган йигит пайтидаги қудратли туйғулар Салим ота учун ер тагида яшириниб ётган зилзиладай хатарли туюларди. Агар бу зилзила уйғонса, Салим отанинг оғир хасталиклардан сўнг нураб турган танаси ер ости ларзаларига бардош беролмай тўкилиб тушиши ҳеч гап эмас.
Салим ота Ҳамида бегимни ўзининг тўпоригина кампири билан таништирди-да:
— Тақдиримиз шу экан! — деб оғир тин олди.
Ҳамида бегим Салим отани Деҳлида Ҳумоюн мақбараси олдида ўзига маънавий падар деб билиб, қўл бергани учун бу ерда ҳам унга:
— Салим ота, — деб мурожаат қилди, — келинимиз сизнинг паноҳингизда гулдай очилиб кетибдир. Кўриб сизга ихлосим ортди. Деҳлида мақбара қурилиши битса мен ҳам Секрига кўчиб келиш орзусидамен.
— Мақбарани ўн йилдан бери қурмоқдасиз, ҳали ҳам битмадими?
— Тошга гул солиб сайқал бериш тез бўлмас экан. Оғир юмушлар битган. Борсангиз кўрурсиз,
223
мақбара бениҳоя улкан бўлди. Саҳнини уч ошиёнлик уй баробарида баланд кўтардик. Гумбази Акбаржон чизган тарҳ асосида етти ошиёнлилк бинодай юксак бўлди. Деҳли тарихида ҳалигача бундай улуғ обида қурилмаган экан. Шунинг учун ўн йилда ҳам битиролмадик.
Ҳамида бегим ҳали ҳам Ҳумоюннинг хотираси билан банд эканини сезган Салим ота ўзини босиб деди:
— Бегим, умрингиз узоқ бўлғусидир, Акбардек фарзанд ўстириш камдан кам онага насиб бўладиган толедир.
— Акбар учун тангрига доим шук