Яхши кийинган одам ялангоёқ юришдан қийналиб товонига тошлар ва тиканлар қадалиб келаётганда Акбар қаршисидан чиқиб қолди. Ялангоёқ киши йиғлаб туриб:
— Ҳазратим, адолат қилинг! Арзимни тингланг! Ҳазратим! — деб мурожаат қилди. Акбарнинг ишораси билан қўриқчилар ялангоёқ кишига йўл бердилар. Акбар бугун от минган эди. У от устида туриб яланг оёқ кишининг арзини эшитди-да:
— Қани, юринг, ўша читабонни бизга кўрсатинг!— деди.
Читабон тортиб олган этигини аллақачон оёғига кийган, эски этиги қафас олдида турар эди. Акбардан қўрқиб, ҳалиги одамнинг этигини дарров ечиб бера бошлади. Бўлажак қайнотаси Бҳари Малнинг олдида қаттиқ хижолат чекаётган Акбар:
— Бу читабон бизнинг хизматимиздаги барча одамлар шаънига доғ тушурмишдир! — деди ва чап томонда турган бекка мурожаат қилди: — Жаноб Чиғатойхон, ҳукмимизни жарчилар Жайпур аҳолисига эълон қилсинлар! Махсус фармон ёзиб, барча вилоятларга юбортиринг, токи бутун мамлакат огоҳ бўлсин. Бизнинг хизматимизда юриб аҳолига зулм ўтказадиган, зўравонлик билан унинг кийим ёки буюмларини тортиб оладиган кимсалар шафқатсиз жазо олурлар! Мана бу читабон майдонга олиб чиқилсин, бировнинг этигини тортиб олиб кийган оёғи кесиб ташлансин!
Ўша куни бу фармон халойиқнинг кўзи олдида амалга оширилди. Халқ Акбарни адолати ва қатъияти учун мақтай бошлади.
***
Бу мақтовлар, албатта, Жодҳа Байнинг қулоғига ҳам етиб борди. Ҳозир ҳамманинг тилида шу қизнинг номи. Жодҳа Байни бир кўришга, икки оғиз сўзини эшитишга муштоқ ихлосмандлари кўпайиб кетди.
Лекин ота-оналари Жодҳа Байни чет кўзлардан йироқда тутишар ва никоҳ тўйига тайёрлашар эди. Куёв томондан беш юз одам келган, улар ҳаммаси рожа Бхари Малнинг қасрига сиғмайди. Акбар Санганир деган кўкаламзор, хушманзара жойни ўзига қароргоҳ қилиб танлади. Мавкабнинг юкларини ва чодирларини бир неча юз туялар, филлар ва хачирлар кўтариб келмоқда эди. Махсус одамлар тоғ этакларидаги кўкаламзорга уч юзта ранг-баранг чодир тикдилар. Улар орасида энг ҳашаматлилари Акбар учун, унинг онаси, энагалари ва бошқа яқинлари учун ўрнатилди. Бўлажак келин-куёв учун меҳтарлар* икки қаватли кўшкни эслатадиган болохонадор чодир қуришди. Бу чодирнинг ўтов керагаларига ўхшаган йиғма ёғочлари энг қаттиқ маҳва дарахтидан ясалган. Унинг синчга ўхшаган йўғон хариларини филлар кўтариб келиб, хартумлари билан тиклаб берадилар. Икки ошиёнли, зинапояли бинонинг ёғоч қовурғалари бир-бирига маҳкам уланиб, яхлит ва мустаҳкам «қути»га айлангандан сўнг, устига чодирнинг қалин ва гўзал пуштиранг матоси тортилди.
Одам бўйи келадиган ва «дамома» деб аталадиган улкан ноғоралар чалинди, уларга қўш карнайлар, қўш сурнайлар жўр бўлди-ю, тўй шодиёнаси бошланди. Режа бўйича тўй бир ҳафта давом этиши, шу орада келин томон ҳам, куёв томон ҳам барча орзу-ҳавасларини амалга ошириб улгуришлари керак эди. Ҳаво очиқ, кунлар бахмалдай майин, айни тўй-томошалар ўтказадиган пайт эди.
Ҳамида бегим мана шундай бахмал мавсумда Синд вилоятининг Потҳур деган жойида чодирлар ичида Ҳумоюн билан ўтказган унутилмас дамларини эслар, Акбар — ўшандаги оловли муҳаббатнинг маҳсули эканини ўйлар, энди шу ўғли севиб қолган ҳинд қизи ҳам табиат бағрига ўрнатилган чодирда ҳақиқий бахт топишини истарди.
Бироқ куёв-келиннинг икки динга мансублиги ва никоҳни икки жойда, икки хил ўқитиш муаммоси онани ташвишга солмоқда эди. Ҳиндча никоҳ уқийдиган пурахитлар*қиз томонда бор, аммо икки динни баробар кўрадиган садр ёки шайх топиш қийин. Саройдаги шайхулислом Ансорий ёки садрлар судури Абдунаби икки динли никоҳга рози бўлишмади. Улар, ҳатто,
202


Қуръону пайғамбарни тан оладиган шиалар билан келишолмайди-ю, кофир саналадиган браҳман ва коҳинлар билан қандай тил топишади?
Ҳамида бегим ўйлаб-ўйлаб, Салим отани чақиришга қарор берди. Саройга бормаса, Санганирга келиши мумкин-ку. Секри бу ерга унча узоқ эмас, отда бир кунлик йўл. Бегим Салим отага мактуб ёзиб, Чиғатойхон Тошкандийдан бериб юборди.
«тақсир, ёшлик пайтимизда сизнинг отангиз ҳам Жамна бўйида тўй қилиб, тўнғич ўғлини ҳинд қизига уйлантирмоқчи бўлганини айтиб берган эдингиз. Ўшанда мусулмон мутаассиблари ҳам, жоҳил браҳманлар ҳам бунга қарши чиқиб, тўйини бузганлари, отангизни зиндонга ташлаганлари ёдингизда бордир. Йиллар ўтиб, замонлар ўзгарди. Ўғлимиз Акбаршоҳга мен каби оқ сут берган ҳинд энага Рупа биби ҳозир менинг ёнимда. Ўшанда отангиз амалга оширолмаган ҳинд-мусулмон тўйини энди биз ўтказмоқчимиз. Шунга сизнинг иштирокингиз ва кўмагингиз зарур бўлиб қолди. Биз ўрмон ичида, табиат бағрида турибмиз. Бу ер — подшоҳ саройи эмас. Шунинг учун, албатта, ташриф буюрарсиз деб умид қилурмен.
Ихлосмандингиз Ҳамида бону бегим».
Бу мактубни олиб жўнаган Чиғатойхон уч кун бедарак кетди. Тўй охирлаб бормоқда. Эртага
кечаси никоҳ ўқитилиши керак. Бегим кейин билса, Салим ота отга минишни истамабди. Чиғатойхон унинг пиёда юришига мосланиб, бир кунлик йўлни уч кунда зўрға босиб ўтибди. У навкарини олдинроқ юбориб, бу воқеадан Акбарни ва бегимни хабардор қилди. Салим отанинг Деҳлидаги Ҳумоюн қабрига ҳам ҳаж қилганда пиёда борганини Акбар онасидан эшитган эди. Мўйсафиднинг ҳурмати учун Акбар ҳам қароргоҳ четигача пиёда бориб, Салим отага пешвоз чиқди. Уни фарзандларча эҳтиром билан кутиб олди-да, олдиндан тайёрлаб қўйилган меҳроблик чодирга олиб кирди. Салим отани тўрга ўтказиб, ўзи пастроққа чўкка тушди:
— Тақсир мен сизнинг таърифингизни Сирҳиндда Абдулла Ниёзийдан эшитган эдим.
— Ҳа, Абдулла Ниёзий Биана халқини Исломшоҳ зулмига қарши кўтарган жуда жасоратли одам эди.
— У киши сизнинг тўғрингизда ҳам худди шундай фикрда эканлар. Кейин, ҳазрат, онам менга кўп воқеаларни айтиб бердилар. Отамизга унутилмас яхшиликлар қилган экансиз. Мен сизни маънавий отамдек азиз билурмен.
Сўнгги сўзлардан кўзлари ялтираб кетган Салим ота Акбарга:
— Э, ўғлим! — деб мурожаат қилди. — Яратганнинг олдида шоҳ-у дарвеш — барчамиз баробар инсон фарзандимиз. Мен икки йил Арабистонда бўлдим, қанча халқларни кўрдим. Ҳамма жойда ҳам инсон— шу инсон, бани башар асли ўзи бир. Қанча тождорларни кўрдик. Шерхон нечоғли қудратли, ақлли, найрангни кўп ишлатиб, авлодларини ёмонликка ўргатди, оқибатда, бари халқнинг қаҳрига учраб йўқ бўлиб кетди. Бугун келганимнинг сабаби — сиздан умидим катта. Ота-боболарингизнинг нек ишларини давом эткизиб, эл-улуснинг олқишини олгайсиз.
— Муташаккирмен, тақсир.
Дастурхон ёзилиб, тўй зиёфати ейилгач, пешин намозига таҳорат олдилар. Намозга Салим ота олдинга туриб имомлик қилди. Намоздан сўнг ота ташқарига чиқмоқчи бўлди. Шунда Акбар унга шогирд каби хизмат қилиб ковушини оёғи тагига тўғрилаб, жуфтлаб қўйди. Аммо Акбарнинг тенгдоши ва кўкалдоши Адҳамхон шайх Салимнинг ялангоёқ эшкакчилар орасидан чиққан камбағал йигит бўлганини Моҳим бибидан эшитган эди, шунинг учун чолни писанд қилмай, киноя билан тиржайиб кулди. Ўзи бечораҳол оиладан чиққан бу йигит камбағал ўтмишини эслатадиган одамларни суймайди. Адҳамхон олий табақанинг энг бой аслзодалари қаторида шайхулислом Ансорийга қўл бериб, мурид бўлган.
Акбар тиржайган кўкалдошига «ҳаддингдан ошма!» дегандек тикилди. Бироқ Адҳамхон тап тортмай кўзини Акбарнинг кўзига қадади: «Шу исқирт чолга кавуш тўғрилаб бериб, бизни ҳам ерга урдингиз, ахир биз сизга таъзим қилиб, юкуниб юрибмиз!» демоқчи бўлди. Акбар Адҳамхоннинг нақадар талтайиб, калондимоғ бўлиб бораётганини шунда баралла пайқади.
203


Келинни олиб келиш учун бораётганларида Адҳамхон унинг ўнг томонида энг яқин куёв жўраси бўлиб бормоқчи бўлди. Бироқ Акбар ўнг ёнига иккинчи кўкалдоши Азизни олди. Адҳамхон орқа қаторда қолиб, қовоғи бирдан осилиб кетди.
_____________
***
Улкан бир тоғ қояси устига қурилган рожа Бхари Малнинг қалъасида бир ҳафтадан бери маъюс куйлар янграйди, қизлар давра бўлиб, туғилган даргоҳ билан хайрлашув қийинлиги ҳақида ашула айтадилар. Азалий удум шундай: куёв томонда нақоралар севинч билан «така-тум» қилади, карнайлар қувнаб «ҳа-ху»лайди, чунки оилага янги бир одам — гўзал келин қўшилади. Аммо қиз ўстирган ота-она жигарпорасини узатади. Қиз бу даргоҳдан йиғлаб чиқиб кетмаса ота-онанинг кўнгли жойига тушмайди. Шунинг учун қиз узатадиган хонадонда тўй куни юракни эзувчи хайрлашув куйлари чалинади.
Бироқ Акбар карнай-сурнай чалдириб, ўз одамлари билан Бҳари Малнинг қалъасига кириб келганда қувноқ тўс-тўполон бошланди. Ҳинд одатига биноан, Акбар қиз турадиган ҳовлига қилич тақиб отлиқ кириб борди. Унинг ёнида куёв жўраларидан ташқари, Рупа энага ҳам бор. Ҳиндча расм-русмларни Акбар ва унинг одамларига Рупа энага ўргатиб турибди.
Ясатилган келинчак бир тўп дугоналари билан гулшодалар кўтариб, уйдан Акбарга пешвоз чиқдилар. Қизлар ёр-ёрни эслатувчи қўшиқни айтишиб қўлларидаги гулшодаларни Акбар минган отнинг бўйнига осдилар. Ҳайрон исмли бу от хушбўй гулшодалар ва гўзал қизлар орасида чиндан ҳам таажжубга тушгандай кўзларини катта-катта очиб турарди. Ниҳоят, келинни отнинг гулга кўмилган бўйни остидан олиб ўтдилар.
Бундай юксак эҳтиромдан сўнг куёв отдан тушди. Жодҳа Бай унга таъзим билан яқинлашди-ю, энг сара гуллардан қилинган ва «сваямвар»* деб аталадиган катта гулшодани Акбарнинг бўйнига осди. Шундан сўнг келин-куёв гулшодалардан тизим-тизим қилиб ясалган ва махсус меҳроб ўрнатилган гулчодирга кирдилар. «Йўллари оқ бўлсин» деган ниятда гулчодирнинг четига ун ва гуруч сепиб қўйилган. Меҳроб қаршисида иккита сербезак курси турибди. Келин- куёв шу курсиларга ёнма-ён ўтирдилар. Келиннинг ёнидан унинг ота-онаси ва бошқа яқинлари жой олишди. Куёвнинг ёнига Рупа энага ва кўкалдошлари ўлтиришди. Пурохит деб аталадиган ҳинд муллаларининг бири келин томонда, иккинчиси куёв томонда туриб, «мантр»лар деб аталадиган дуоларини ўқидилар.
Акбар никоҳ пайтида айтиш керак бўлган гапларини Рупа энага ёрдамида ўрганиб келган эди. Пурохит ундан ҳиндчалаб:
— Рани Жодҳа Байни никоҳингизга оласизми? — деб сўради.
Акбар ҳам ҳиндчалаб:
— Мен муқаддас олов, осмон ва ер гувоҳлигида ҳинд қизи рани Жодҳа Байни чин дилдан хоҳлаб ўз никоҳимга олгаймен! — деди.
Пурохит ўша савол билан қизга мурожаат қилди. Акбарнинг гапи Жодҳа Байга анча далда берган эди.
— Мен, — деб сўз бошлади қиз, — олий тангрилар гувоҳлигида муслим йигитнинг никоҳига ўз хоҳишим билан ўтмоқдамен. Унинг уйини ўз уйим деб билурмен. Барча келинлик хизматларини сидқидилдан адо этгаймен.
Қоидага биноан, бу сўзлардан кейин пурохитларнинг бири йигитнинг қўлидан, иккинчиси қизнинг қўлидан олди-да, икки панжани бирлаштирди. Акбар қизнинг майин қўлчаси тафтини ўз кафтида ҳис қилди. Пурохитлар Акбарнинг елкасидаги шоҳи фўтанинг учини қизнинг эгнидаги зарбоф сарининг учига секин боғлаб қўйдилар.
204


Сал нарида муқаддас олов ёниб турибди, хушбўй ҳид берувчи гиёҳлар тутатилмоқда. Қўллари чирмашган, фўта ва сарилари бир-бирига боғланан келин-куёвни пурохитлар олов атрофидан етти марта айлантириб ўтказдилар. Бу айланишлар билан меҳр-у оқибат, поклик, болажонлик, ота-онага эҳтиром, садоқат, одоб каби оилавий ҳаётнинг еттита энг муҳим талабига риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.
Никоҳ маросимининг охирида қизнинг отаси фотиҳа бериши керак эди. Одатга биноан, Бҳари Мал ўзининг ва уруғининг номини айтиб сўз бошлади.
— Мен, рожа Бҳари Мал, ўттиз олтита ражпут қабилалари қаторига кирадиган Калваҳа уруғининг бошлиғимен. Тарихдан маълумки, бизнинг энг қадимги аждодларимиз арийлар бўлган. Уларни Ҳиндистонга шимолдан, Мовароуннаҳр-у Хуросон томонлардан келган оташпарастлар деб эшитганмен. Ҳазрат подшо, сизнинг аждодларингиз ҳам шимолдан келганлар, қадим замонда улар ҳам оташпараст бўлганлар. Айтмоқчименки, бугун мана бу муқаддас олов гувоҳлигида бизга куёв бўлаётганингиз тасодиф эмасдир. Эҳтимол, тақдир тақозоси шундай бўлгандирки, минг йиллар олдин бир-бирларидан ажрашиб, турли мамлакатларга уруғ каби сочилиб кетган авлодлар энди сизларнинг тимсолингизда яна топишмоқдадирлар. Мен ўз қизимни сизга инъом қилурмен. Билурсизки, инъом қайтиб олинмайди. Қизим бу даргоҳга энди фақат меҳмон бўлиб келмоғи мумкин!
Акбар кафтига тафти уриб турган нафис қўлчани меҳр ва ташналик билан қисиб қўйди. Келинни тахтиравонга ўтқазиб, карнай-сурнай садоси остида қароргоҳга олиб қайтганларида тун ярмидан ошган, лекин ҳамма уйғоқ, машъала ва гулханлар ёқилган эди. Уларнинг ёруғида келин-куёвни Ҳамида бегим ва бошқа яқинлари кутиб олиб, улкан саропарда ичига бошлаб кирдилар.
Ҳумоюн жорий қилган анъана бўйича, келин-куёв аввал «Давлат уйи» деб аталадиган биринчи хонага кирдилар. Бу ерда уларни вазир-у амирлар таъзим билан қарши олиб, муборакбод қилдилар ва қимматбаҳо совғаларини топширдилар. Саропарда ичидаги иккинчи муҳташам чодир «Саодат уйи» деб аталар эди. Бу уйда куёв-келинни янги малла тўн кийган, оқ салла ўраган Салим ота кутиб олди ва икковларини қаршисига ўтқазиб тилак айтди.
— Илоҳим бахтли бўлинглар, оқибатли фарзандлар кўринглар, эл-юртнинг олқишини олиб, узоқ яшанглар!
Мусулмонча никоҳ ҳам ўқилгандан сўнг келин-куёв саропарда тўридаги икки ошиёнли «мурод уйига» йўл олдилар. Акбар бу уйда қиз билан яккама-якка қоладиган дамларни толиқиб кутмоқда эди. Лекин одатга биноан, бу уйнинг биринчи қаватига дастурхон ёзилган, янгалар келин-куёв учун энг нодир таомлар тайёрлашган эди.
Жодҳа Бай Акбар билан бир дастурхондан овқат ейишга журъат этмай, ўзини четга тортди. Ҳинд одобига биноан, келин-куёвни ўзидан беқиёс даражада юқори қўяди, хотин ҳам эрни илоҳий бир юксакликда кўради. Шунинг учун куёв билан бир дастурхондан овқат ейиш — келинчак учун одобсизлик саналади. Жодҳа Бай ҳам Акбар овқат еб бўлгунча дастурхонга яқин келмоқчи эмас, бир четда одоб сақлаб турмоқчи эди. Акбар аввал ҳам эшитган бу одатлар эркак зотининг обрўсини афсонавий бир юксакликка кўтаришини, келин ўз куёвини Худо ўрнида кўришини Жодҳа Байнинг ҳозирги одобида юракдан ҳис қилди-ю, қаллиғига меҳри тобланиб шивирлади:
— Мен сизнинг хонадонингизда ҳиндча одатларга риоя қилдим-ку. Энди сиз бу ерда туркий одат бўйича мен билан бирга таом ейишингиз керак. Қани, олинг.
Акбар бедана кабоб солинган олтин лаганни қаллиғига яқин сурди. Аммо Жодҳа Бай болаликдан онгига сингган одатни буза олмади. Акбарнинг олдида овқат чайнашдан уялди. Янгалар келин-куёвга асал қўшилган чой келтирдилар. Акбар ўзи ичган асал чойдан Жодҳа Байга ҳам озгина ичирди.
Қиз ота-онаси билан хайрлашганда қаттиқ йиғлаган, ҳозир ҳам хомуш кўринарди. Акбар ҳазил билан унинг кўнглини ёзмоқчи бўлди:
205


— Рани Жодҳа Бай, саройда шахмат ўйнаганимиз ёдингиздами? — Ҳа.
— Ўшанда сиз менинг фарзинимни... ютиб олган эдингиз-а? Жодҳа Бай энди жилмайди:
— Бекор қилган эканмен.
— Нечун?
— Қасос қайтди. Мана, фарзининиз ўрнига сиз мени ютиб олдингиз.
Қизнинг ширин жавоби Акбардаги бахт туйғусини янада ошириб тоширгандай бўлди. У бирдан қайнотаси айтган сўзларни эслади: барча бани башар битта Одам ато ва Момо Ҳаводан тарқаган бўлса, минг йиллар аввал, оташпарастлик даврларида, Жодҳа Байнинг арий боболари билан бобурийларнинг узоқ аждодлари қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб яшаганларига нега ишониш мумкин эмас? Келин-куёвни олов атрофидан айлантириш одати туркий халқларда ҳам бор-ку.
Ниҳоят «мурод уйи»нинг хобгоҳида икковлари ёлғиз қолдилар, Акбар севгилисини минг йил соғиниб кутган йигитнинг қалб кучи ва эҳтироси билан Жодҳа Байни бағрига олди. Икки ёш дил бир-бирининг тафтидан эриб, қалблари дарёдай туташиб оқа бошлади.
_____________
* С в а я м в а р — «ўз дилидагини танлаш» деган маънони билдиради. Ривоятга биноан, қадимда қизлар йигитлардан қайси бирини ёқтирса шу гулчамбарни унинг бўйнига солган.
***
Ҳиндлар орасида минг йиллардан буён ахлоқ-одоб низоми ҳисобланадиган ва муқаддас саналиб ижро этиладиган Ману* қонунлари Жодҳа Байнинг қон-қонига кичиклигидан сингдирилган эди. Унинг эътиқоди бўйича, аёл киши умрида фақат бир марта эр қилиши мумкин. Агар эри ўлса, беванинг бошқа эрга тегиши мумкин эмас. Бева ё эрининг жасади билан бирга оловда ёниб ҳалок бўлиши керак ёки қолган бутун умрини эрига аза тутиб, кунига фақат бир маҳалгина овқат ейиши, то ўлгунча мотам кийимида хор, забун аҳволда яшаши керак. Ману ҳинд аёлига эрининг хаётини ўз ҳаётидан ҳам ортиқроқ эъзозлашни ва уни ўз тангриси ўрнида кўришни буюрган. Фақат шу буйруқни сўзсиз бажарган аёлларгина ҳинд тангрилари Брахма, Шива, Вишнуларнинг марҳаматига сазовор бўлишига Жодҳа Бай сўзсиз ишониб ўрганган.
Аёлларга нисбатан шафқатсиз Ману ҳиндларнинг олий табақасига мансуб эркакларга тўрттадан хотин олиш ҳуқуқини берган. Лекин бадавлат ҳукмдорлар юз, икки юзтагача хотин олсалар ҳам ҳинд дини бунга қарши чиқмас эди. Жодҳа Байнинг отаси ўн еттита хотин олган, улар ҳаммаси эрларини тангри ўрнида эъзозлашга тиришар ва ҳарамда муроса билан яшар эдилар. Буни отасининг уйида кўриб ўсган Жодҳа Бай Акбарнинг бошқа хотинлари борлигига ҳам тез кўникди. Жодҳа Байнинг гўзал жисми ва қалби каби, унинг ахлоқ-одоби ва эрни бу қадар эъзозлаши ҳам Акбарни ўзига маҳлиё қилди. Келинчак ҳар куни уч маҳал ибодатдан олдин оёқдан юзгача яхшилаб ювинар ва олий тангрилари ҳузурига гўдакдай пок бўлиб боради. Ҳиндистоннинг иссиқ иқлимида таҳорат ўрнига бутун танани уч маҳал ювиб, поклаш, ғуслни албатта оёқдан бошлаш, охирида юзни ювиб, оғизни хушбўй дори гиёҳлар қўшилган сув билан чайиш одамни нечоғли тетик ва латиф қилишини Акбар Жодҳа Бай орқали яқиндан билди. Жодҳа Байдаги жозиба унинг гўзал ҳуснидангина эмас, ахлоқ ва одобидан ҳам келиб чиқишини сезган Акбар ёш хотинининг имон-у эътиқодини асраб-авайлашга ҳаракат қиларди. Жодҳа Бай Санганирга ҳар куни ибодатхонага борарди, чунки у илоҳий деб ишонган ҳинд тангриларининг ҳайкаллари фақат ибодатхонага қўйилар, уларга уйда сиғиниш мумкин эмас. Шунинг учун Деҳлининг Пуран қалъасидаги жажжи бир бино Жодҳа Бай ва унинг ҳинд канизаклари учун ибодатхона қилиб берилди.
206


Шу сабабли Жодҳа Бай билан бирга Акбар саройига браҳман ва пурахитлар ҳам кириб келдилар. Жодҳа Бай учун ажратилган ибодатгоҳда шулар хўжайин бўлиб олиб, Шива, Дурга ва бошқа тангриларнинг ҳайкалларини ўрнатдилар. Ҳарамда Жодҳа Бай учун ажратилган хоналар ҳам Санганирдан қизнинг сепи билан келган хонаки маъбудаларнинг ҳайкалчалари билан тўлди. Ҳинд келинчак учун очилган сўқмоқдан унинг қариндошлари ҳам саройга кириб келдилар. Синглисини биринчи марта Деҳлига, тўйга олиб келиб, Акбар билан таништирган Бҳагван Дасга амири дуҳазори* деган катта мансаб берилди. У ўзининг ражпут йигитларидан икки минг отлиқни Акбар хизматига олиб келди. Бу отлиқларнинг маошини Акбар ўз хазинасидан тўлай бошлади. Бҳагван Даснинг ўн тўққиз ёшли девқомат ўғли Ман Синхни Акбар хос мулозимлари қаторига қўшди.
Будпарастликдан балодан қўрққандай ҳазар қиладиган тақводор уламо ва садрлар бундан қанчалик норози бўлиши Акбарга маълум эди. «Подшомиз кофирларни эркалатиб, бошимизга чиқармоқда!» деган гаплар ҳали ҳозир ичкариларда шивир-шивир нолиш тарзида айтилаётган бўлса ҳам, ҳуфиялар орқали Акбарга етиб кела бошлади. Шайхулислом Абдулла Ансорий ўзига қўл берган Адҳам кўкалдош ва Баҳодирхонлар билан зиёфатларда бирга бўларди. Уларга охир замон яқинлашаётгани тўғрисида таҳликали каро-матлар қилар:
— Яъжуз-маъжуз деганлари — саройга ёпирилиб кириб келаётган мана шу мажусийлардир! — дерди. — подшомиз қайноғаси Бҳагван Дасдан баттар яна бир мажусий рожани саройга олиб келибдир. Ашула айтадиган қизиқчи рожа Бирбал подшомизни ўзига ром қилиб олаётган эмиш. Наҳотки, бизнинг ботир бекларимиз динимизнинг поклиги учун жон койитмасалар? Мусул- монободни сақлаб қоладиган мард ғозийлар қани?
«Мана, мен!» деб, юрак ютиб майдонга чиқадиган ва Акбар билан олиша оладиган беклар саройда деярли йўқ эди. Фақат Моҳим энаганинг даврида хони аъзам унвонини олган Адҳамхон ёшликда Акбар билан «тепишиб» катта бўлгани учун ундан ҳайиқмас эди.
Ансорий билан Адҳамхон Байрамхонга қарши бирга курашган эдилар, уни Патанда яшириқча ўлдириш маслаҳатини бирга қилган эдилар. Адҳамхон ўша кезда Ансорийнинг сирдош муридига айланган эди. Иккови ёлғиз қолганларида Адҳамхон пирига мақтаниб ҳам қўярди:
— Подшомиз ҳозир жуда ҳаво бойлаб кетди. Аммо беш-олти яшарлигимизда биз у билан «Байрамхон» ўйнар эдик. Байрамхон бўлгиси келган бола ўйин қоидаси бўйича шапати ейиши керак эди. Ўшанда мен Акбарнинг юзига аямай шапати урганмен. Кўзлари ёшланиб кетса ҳам «ғинг деёлмаган!
— Ботирсиз! — деб Ансорий Адҳамхонни мақтаб кетди. — Ҳозир бутун мамлакатда сиздан дадил, сиздан нуфузли амир йўқ. Онангиз Моҳим биби саройда маликалардан ҳам баланд мартабага эришдилар. Имони пок муслимларнинг суянан тоғи она-бола икковингиз бўлиб қолдингиз. Байрамхон қувилганда мен сизни унинг ўрнига вакили салтанат бўлурсиз деб умид қилган эдим.
Ўзи ҳам буни жуда истаб юрган Адҳамхон армон қилиб деди:
— Начора? Мени «ёш» дейишиб, Мунимхонни қўйдилар.
— Аммо ҳали ҳам кеч эмас, жаноби хони аъзам. Сиз ёш бўлсангиз ҳам Мунимхондан юз чандон донороқсиз. Муниомхон подшоҳни кофирларнинг ихтиёрига бериб қўймоқда. Рожа Бирбал ҳам Мунимхоннинг бўшлиги туфайли подшоҳнинг пинжига кириб, мусоҳиб* бўлиб олибдир. Қўйиб берсак, ҳадемай бу рожа «вакили салтанат» бўлмоғи мумкин.
Адҳамхон билан рожа Бирбал саройда қаттиқ тўқнашиб қолган. Ансорий буни биларди. У атайлаб адҳамхоннинг дил ярасига туз сепиш учун:
— Жаноби хони аъзам, рожа Бирбал саройда ҳаддидан ошиб, сиздай буюк бекка ҳам тил теккизгани ростми? — деб сўради.
Адҳамхон бу нохуш ҳодисани эслаганда юзи бирдан буришиб:
— Саройда эмас, дарё бўйида, — деди.
Акбар, Адҳамхон, Бирбал ва яна бир қанча мулозимлар Жамна бўйида бузоқлар ўтлаб юрган
207


жойдан пиёда сайр қилиб ўтаётганларида, гап айланиб кўкалдошларга келди. Адҳамхон ўзининг кўкалдошлигидан ортиқ даражада керилиб юришини рожа Бирбал ҳам сезган эди. Акбар ундан:
— Соҳиб Бирбал, сизнинг ҳам кўкалдошингиз бўлганми? — деб сўради.
— Бўлган, ҳазрат подшо.
— Ким?
— Ҳазратим, айтсам одобсизлик бўлғай!..
Рожа Бирбалнинг қизиқчиликларини ёқтирадиган Акбар:
— Айтаверинг, сиз учун одобсизлик саналмагай! — деб уни қўймади.
Рожа бирбал ўтлаб юрган ювош бир бузоқни етаклаб келди:
— Онамнинг сути етмагани учун болалигимда сигир соғиб беришган. Шу сабабли менинг кўкал- дошим — мана шу бузоқ!
Акбар хахолаб кулди. Лекин Адҳамхон бу гапни ўзига олиб, «рожа мени бузоққа тенглаштирди!» деб аччиғи келди. Ансорий ҳозир унинг ўша эски аламини янгилай бошлади: — Рожа мажусий бўлгани учун сигир-у бузоқни муқаддас билур. Аммо сиз-у биз учун онанинг оқ сути наҳотки... Шундай латифага муносиб кўрилса!
Адҳамхон белидаги ханжарнинг сопини ғазаб билан ғижимлаб:
— Тангри ҳақи, мен бу рожадан қасд олмоғим керак! — деди.
— Жаноби хони замон, биттасини йўқ қилсангиз, бошқалари қолур. Биз мажусийларнинг ҳаммасини саройдан даф этмоғимиз керак.
— Қандай қилиб, тақсир?
— Кўп ишларга Мунимхоннинг бўшлиги сабаб бўлмоқда. Уни биратўла даф этадиган доно йўл топмоғимиз лозим!
— Менга ўша доно йўлни кўрсатинг-да, пийрим!
— Бу йўл — Мунимхонни кетказиб, ўрнига сизни вакили салтанат қилиб кўтаришдир.
Ўзи ҳам шу юксак лавозим орзусида юрган Адҳамхон сувга ташланган балиқдай яйраб:
— Миннатдормен, пийрим! — деди. — Аммо подшо бунга кўнмасачи?
— Кўплашиб ҳаракат қилсак, подшо ҳам кўнгай. Ахир сиз унинг бирга ўсган энг қадрдон тенгдошисиз. Онанизга подшонинг ишончи баланд. Пайтини топиб айтсинлар. Мен ҳам барча уламолар номидан сизни тавсия этай. Ўзингиз ҳам бўш келманг, тарафдорларингизни ишга солинг.
— Доно маслаҳат бердингиз, пийрим! — деб Адҳамхон энгашди-да, Ансорийнинг этагини ўпди. Шу маслаҳат бўйича Адҳамхонни Мунимхоннинг ўрнига вакили салтанат қилиб кўтариш ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат Акбардан сир тутилди. Чунки шайх Ансорий Адҳамхонни Акбарнинг янги сиёсатига ва саройда ғайридинларнинг кўпайишига қарши ғов қилиб кўтармоқчи бўлгани мутлақо сезилмаслиги керак эди.
Деҳли вилоятининг ҳокими Шаҳобиддин ҳам жияни Адҳамхон томонга ўтди. Энг ифлос фитналарда қатнашиб мансабдор бўлган Афзалбек — Муборизхон ўз ҳомийси Адҳамхонни вакили салтанат қилиб кўтариш учун яна ҳар қандай қотилликка тайёр эди. Чунки у Адҳамхоннинг юксалишига ёрдам берса, ўзининг мартабаси янада ошишига, келажакда бирор вилоятнинг ҳокими бўлишига ишонарди.
Моҳим энага ҳали ҳам Акбарга меҳрибон, унинг ҳинд энагаси Рупа бибини ва ёш хотини Жодҳа Байни қўлидан келганича эъзозлайди. Шу билан бирга у яхши кўрган ўғли Адҳамхоннинг мартабаси янада ошишини ва унинг вакили салтанат бўлишини истайди. Мана шу истак энагани беихтиёр яширин кураш гирдобига тортди. Энага оқибати ёмон бўлишини тасаввур этмасдан ва Акбарнинг янги сиёсатига қарши боришни ўйламасдан, «фақат ўғлимни Муним- хоннинг ўрнига вакили салтанат қилсам бас, орзуим ушалгай» деган ниятда Махдумул Мулук билан тил бириктирди.
Саройда катта нуфузга эга бўлган Моҳим энага бош қўшгандан сўнг яширин гуруҳ катта кучга
208


айланди. Адҳамхон гоҳо ширакайф бўлиб юрар, Мунимхонга «жон керак бўлса ўринни бўшат!» дегандек тахдидлар қилар эди. Юмшоқ табиат Мунимхон Байрамхондай одамни маҳв этган бу гуруҳдан қўрқар, Моҳим энага билан Адҳамхоннинг қовоғига қараб турар эди. Хасталаниб юзи сарғайиб қолган Мунимхон ахийри Акбарнинг ҳузурига кириб илтимос қилди:
— Ҳазратим, менга енгилроқ иш беринг, майли вакили салтанатликка Адҳамхон ўтсинлар! — деди.
— Бироқ, Адҳамхон хони аъзамлик унвонини ҳам кўтаролмай ҳовлиқиб қолмоқда. Вакили салтанатликни у эплай олмагай.
— Моҳим энага ёрдам берсалар, балки эпларлар?
— Сизга бу фикрни... энагам бердиларми?
— Ҳа, у кишининг ниятлари шу.
— Лекин шайх Ансорий Адҳамхонни менинг янги сиёсатимга қарши қайраб юрибдир. Булар ражпутларни саройдан қувмоқчилар. Наҳотки энагам буни билмаса?
— Энагангиз ўғлининг мартабаси ошишини жуда истайдир. Она-да!
Акбар Мунимхоннинг Моҳим энага ва Адҳамхон тазйиқига бардош бера олмаслигини сезди. Ҳеч кимга билдирмай, Кобулга махфий мактуб юборди-ю, Шамсиддин аткани пойтахтга чақиртирди.
Бу орада жанубий вилоят бўлган Малвада Шерхон сур авлодларидан бўлган Бўз Баҳодирга қарши юриш бошланди. Акбар Адҳамхонга катта ишонч билдирган бўлди-да, ўн минг қўшинга уни саркарда қилиб, Малвага жўнатди.
— Бўз Баҳодир саройида Рупмати деган машҳур хонанда қиз бор экан, шуни Аграга тирик олиб келинг!— деб буюрди.
Адҳамхон Малвада юрганда Шамсиддин атка Кобулдан етиб келди ва Мунимхоннинг ўрнига ва- кили салтанат қилиб тайин этилди. Шу орада Адҳамхон ҳам Бўз Баҳодирни енгиб, катта ўлжалар билан Малвадан қайтди.
Шамсиддин атка фақат Акбарнинг измига бўйсунар, Моҳим энага билан Адҳамхонни давлат ишларига аралаштирмасликка тиришарди. Акбар ўзининг қизил муҳрини энагасидан қайтариб олиб, Шамсиддин аткасига берган эди.
— Ахир Адҳамхон болаликдан бирга ўсган содиқ кўкалдошингиз-ку, ҳазратим! Вакили салтанат бўлса, сиз учун жонини бермас эдими?
Акбар Моҳим энагани алоҳида эҳтиром қилиб:
— Улуғ эна, сиз менга қандай яхшиликлар қилганингизни ҳеч вақт унутмагаймен, — деди. — Сизга доим фарзанддек оқибат кўрсатиш ҳаракатидамен.
— Рост, ҳазратим, менга қилган олий иноятларингиз учун оқ сутимдан мингдан минг розимен! — Раҳмат сизга, улуғ эна! Адҳам кўкалдошимга ҳам юксак хони аъзам унвони берилди, катта жогир ажратилди.
— Ўғлим сиздан кўрган яхшиликларни унутса кўр бўлгай! Мен унга айтганмен!
— Мен ҳам кўп... огоҳлантирдим. Лекин Адҳамхон катта давлат-у мартабадан ҳовлиқиб қолди. Шайх Ансорий мени «куфр йўлига кирди» деб иғво қилаётганидан хабарим бор. Адҳамхон эса унга қўл бериб мурид бўлди, ўша шайхнинг қутқусига учиб юрибдир.
Моҳим энганинг ўзи ҳам шайх Ансорийнинг гуруҳига қўшилиб, ўғлини вакили салтанат қилмоқчи эканидан наҳотки Акбар хабар топган бўлса? Бу одам ер тагида илон қимирласа билар экан-да! Лекин Моҳим энага сир бермасликка тиришди:
— Ҳазратим, ёмон одамларнинг гапига ишонманг! Адҳамхон сиз чизган чизиқдан чиқмаган! Сиз уни Малвага урушга юбордингиз. Сизга қарши бош кўтарган Бўз Баҳодирни енгиб келди! Шу билан Адҳамхон ўз садоқатини яна бир бор исбот қилмадими?
Акбар бош чайқади:
— Афсуски, Адҳамхон Малвада ўринсиз зўравонликлар қилиб, биз топширган нозик ишларни бузиб қўйди. Рупмати деган малвалик хонанда қизнинг таърифини сиз ҳам эшитган бўлсангиз
209


керак. Эл-улус орасида нақл тарқалганки, Рупмати қўшиқ айтганда, осмондаги ой ҳам, қуёш ҳам унга маҳлиё бўлиб тўхтаб қолур. Биз Адҳамхонга буюрган эдикки, Рупматини яхши муомала билан ўзингизга эл қилиб, пойтахтга бошлаб келинг, унинг санъатидан биз ҳам баҳраманд бўлайлик. Бироқ Адҳамхон Рупматини асир олиб, қўпол зўравонликлар қилмишдир. Эл суйган гўзал хонанда бу зўравонликка қарши заҳар ичибди-ю, ўзини ўзи ўлдирибдир. Эл- улус бу ўлимни Адҳамхон билан биздан кўриб, қаттиқ норозилик билдирмишдир.
— Аммо қизнинг ўзи Бўз Баҳодира маъшуқа экан. Унга садоқат сақлаб «жавҳар» одати бўйича ўзини ўлдирган бўлса, бунинг учун Адҳамхон айб-дорми?
— Мен Малвага ўзим бориб, ҳаммасини тафтиш қилиб келдим. Адҳамхон бошқа малваликларга ҳам зулм ўтказмишдир. Жабр-у зулмга қарши ғалаён бошланган экан. Адҳамхонни дарҳол Малвадан жўнатиб юбориб, тўполонни зўрға тинчитдик. Унинг ўрнига Пирмуҳаммад аткани ҳоким тайинлаб келган эдим, яна фалокат юз берибди. Аткамиз ёғийларни қувиб бориб, дарёдан ўтаётганда сувга ғарқ бўлиб кетибдир. Ахийри Абдуллахон ўзбекни Малвага ҳоким тайинлаб жўнатдик... Адҳамхон бошда яхши иш тут-ганда, шунча ҳалокатлар юз бермаслиги мумкин эди.
— Беайб — парвардигор, дейдилар, ҳазратим, Адҳамхондан ўтган жойи ҳам бордир. Ахир ҳали у ёш, тажрибаси оз.
— Шунинг учун кўпни кўрган тажрибали Шамсиддин атка бизга вакил бўлгани маъқул-да!
— Лекин кўкалдошингиз жуда ўксиниб юрибдир. Унинг кўнглини қандай кўтаришимни билмаймен.
— Кўкалдошим сал камтар бўлмоғи керак, улуғ эна! Мен ўзим Адҳамхон билан сўзлашгаймен. Сиз бу ишлар туфайли кўп койинманг. Давлат иши шафқатсиздир. Сиз эса мушфиқ онасиз. Амал талашишлардан узоқроқ юрганингиз маъқул. Шунча машаққатлар билан фарзанд ўстирдингиз, келинлар туширдингиз. Энди уйда ўлтириб шуларнинг роҳатини кўринг. Уйда зериксангиз, ўзингиз очган қизлар мадрасасига боринг. Ўқишни истайдиган қизлар кўп эмиш, эски бино кичиклик қилса, балки ҳовли тўрида янги бино қурдиргаймиз. Менинг онам ҳам мақбара қурилиши билан овуниб, давлат ташвишларини унутди. Оналаримиз энди фақат савоб ишларни қилсинлар, безовта, нотинч давлат юкини биз Шамсиддин атка билан кўтарайлик. Акбар майин гаплар билан энагасини давлат ишларидан четлатаётганини сезган Моҳим биби куюниб яна кўзига ёш олди:
— Майли, биз энди... кераксиз бўлиб... четга чиқайлик... Лекин Адҳамхон... шунча йиллик қадрдонингиз.
— Адҳамхонга менинг қилча ҳам кудуратим йўқ. Фақат унинг ўзи амалпарастлик кўчасидан чиқмоғи керак. Бу кўча не-не одамларни адаштириб, маҳв қилиб юборганини ўзингиз билурсиз. — Уни бу кўчага судраган ёмон одамлар бор, ҳазратим. Адҳамни ўшаларнинг дастидан фақат сиз қутқармоғингиз мумкин!
— Хўп, сиз учун мен уни ёмонлар дастидан юлиб олишга уриниб кўрай. Аммо сиз ҳам Адҳам- хонга айтинг, ўзи улардан қутулишга интилмаса, четдан минг одам уринганда ҳам қутқаролмагай. Мен буни раҳматли амаким Комрон мирозонинг тақдирида кўрганмен.
Моҳим энага Акбарнинг бу гапларини ўғлига ўша куниёқ етказди. Бироқ энди Адҳамхон ўзининг Муборизхон каби сирдошлари билан орани узолмайдиган даражага етган, уларни бир- бирларига маҳкам боғлаб турган аввалги жиноятлари ҳам бор эди.
Адҳамхоннинг уч минг кишилик бек-у навкарлари орасида Афзалбекни эслатадиган одам борлигини Акбар бир йил бурун эшитган, бироқ тафтиш қилиб кўриш учун ҳалигача фурсати бўлмаган эди. Энди Адҳамхонни ёмон одамлар дастидан қутқаришни Моҳим энага ҳам илтимос қилгандан сўнг, Акбар Шамсиддин аткани ўз ҳузурига чақиртирди-да:
— Сиз отам бор пайтда хизмат қилган сипоҳиларни яхши билурсиз, — деди. — Адҳамнинг мансабдор сипоҳиларини бир-бир тафтишдан ўтказинг. Уларнинг орасида хоин Афзалбек бошқа ном билан юрган бўлиши мумкин.
210


Шамсиддин атка Афзалбекни Кобулда, Комрон мирзо хизматида кўрган эди. Адҳамхон билан Акбар у пайтда икки-уч яшар бола бўлганлиги сабабли уни унутиб юборган эдилар. Шамсиддин атка Адҳамхоннинг мансабдор сипоҳиларини саройга битта-битта чақириб суҳбатлашганда Муборизхоннинг овози ва кўзлари унга бирдан Афзалбекни эслатди. Бундай ғаламисларга шафқат қилмайдиган Шамсиддин атка Афзалбекни минг қийноқларга солиб тергов қилдирди. Ҳумоюнга ва Низомга қилган хиёнатларидан тортиб, Байрамхона айғоқчи бўлгани ва Акбарнинг устидан чақимчилик қилганларигача, ундан сўнг Адҳамхонга сотилиб, Патанда Байрамхоннинг бошига етганигача ҳаммасини бир-бир бўйнига қўйди. Терговчи унинг жиноятларини қоғозга ёзиб, ўзига имзо чектирди. Шамсиддин атка кечки пайт Акбарнинг хонайи хосига тергов қоғозини олиб кириб ўқиб берди.
Битта одамнинг йигирма беш йил давомида шунча ёвузликлар қилишга улгурганидан ақли танг қолган Акбар жаллодни чақирди-ю, ғазаб билан буюрди:
— Бу аблаҳнинг чақимчилик қилган тили, хоинлик қилган иликлари, Байрамхонни ўлимга бошлаб борган оёқлари бир-бир кесилсин, ундан сўнг бутун вужуди халойиқнинг кўзи олдида парчалаб ташлансин! Бу ҳукм бутун пойтахтга, барча вилоятларга эълон қилинсин, токи бошқа ёвузлар ҳам умрлари қандай тугашини билиб қўйсинлар!
Жаллод бу ҳукмни эртага жазо майдонида амалга ошириш учун тайёрлик кўргани кетди. Акбар ўзини сал босиб олгунча, Шамсиддин атка сукут қилиб турди. Сўнг унга тергов қоғозининг Адҳамга оид жойини кўрсатди.
— Шундай хоинни воситачи қилиб, Байрамхонни яшириқча ўлдиртирган одамлардан бири — Адҳамхон экан. Уни не қилайлик?
Акбар яқиндагина йиғлаб келган Моҳим энагани эслади. Ақли бовар қилмай:
— Наҳотки кўкалдошим шунчалик ёмон жиноят қилган бўлса?! — деди. — Эҳтимол, бу ғаламис Афзалбек энди Адҳамни бизга сотмоқчидир?
— Сотқин бўлгач, сотиши аниқ. Аммо унинг далили бор: Байрамхонни ўлдиришда қилган «холис» хизмати учун Афзалбек мансабдор бўлган, Адҳамхон онаси орқали ҳаракат қилиб, унга жогир бердирган.
— Ўша жогир ҳам менинг рухсатим билан берилган. Наҳотки мен шу қадар алданган бўлсам?! Болалигимизда Адҳамхон, Азиз — учаламиз доим хонбобога ҳавас қилар эдик... Байрамхон бўлгимиз келар эди. Шунақа ўйинимиз ҳам бор эди. Наҳотки ўша Адҳамхон ҳажга кетаётган қуролсиз Байрамхонни хоинларча ўлдиришга бош қўшган бўлса?!
— Ҳазратим, сиз мунча оташин бўлманг. Ҳаётда нелар учрамас! Ўғлим Азиз менга айтиб берган эди. Ўша ўйинлар пайтида ҳам Адҳамхон кўп ғирромлик қилар экан, ростми?
— Рост! Начора! Адҳамхонни шу бугун кечаси чақиртириб, Афзалбек билан юзлаштиринг. Агар жинояти рост чиқса, Адҳамхонни ҳам ҳибсга олинг. Қандай жазо беришни