ДЭҲЛИ МУҲАББАТ ВА ҒАЗАБ
Хазинанинг қулф-у калити Акбарнинг ихтиёрига ўтгандан бери Деҳлидаги Мирзо Ҳумоюн мақ- барасининг тархи қоғоздан ерга тушиб, улкан бир қурилиш тусини олди. Бу ишга катта-катта маблағлар ажратилгандан сўнг, меъмор мавлоно Миракнинг қўл остида ўнлаб сангтарошлар, муҳандислар, юзлаб коргарлар ишлай бошлади. Мақбарага керакли қизил тош узоқдаги тоғлардан ташиб келтириларди. Ҳўкиз ва туя қўшилган аравалар оғир тошларни вақтида етказиб улгуролмас, сангтарошлар гоҳо бекор туриб қолишарди. Ўй-хаёли мудом Ҳумоюн ва унинг мақбараси билан банд бўлган Ҳамида бегим Аграда турадиган Акбарга хат ёзиб аҳволни тушунтирди.
«Шукурки, ҳозир замон тинч, филхонангизда етти юз фил боқувда турибдир, бир қисмини юк ташишга ўргатиб бўлмасмикан?» деб сўради.
Шундан кейин Акбар бекор турган ҳарбий филларидан юзта ювошроғини Бҳишан Чанд бошлиқ филбонларга бериб, Аградан Деҳлига жўнатди.
Ҳарбий филлар кўпинча бекор турар, ҳар замонда бир бўладиган уруш олдидан уларга зўр хўраклар берилар, ширин сувга маст ва дарғазаб қилувчи гиёҳларнинг шарбати қўшилар, шуни ичгандан сўнг, улар отлиқни ҳам, пиёдани ҳам хартуми билан уриб, оёғи билан янчиб кетаверар эди. Меҳнатга ўргатилган филлар юк ташиб чарчаганидан ювош бўлиб қолар, уларга шакарқамиш каби енгил хўраклар, осойишта тутувчи емишлар берилар эди. Бир-икки ой шу тарзда боқилган Фавждор ҳам ювош бўлиб қолганини ва юк ташишга ўргана бошлаганини Акбар Деҳлига келганда ўз кўзи билан кўрди.
Арабистонларга бориб ҳаж қилиб келган Бека бегим Ҳамида бонуга Синай тоғи этагида
191


эшитган бир ривоятини айтиб берди:
— Бора-бора уруш йўқолар эмиш-у одамлар қиличдан ҳам омоч ясар эмишлар!
— Кошки ўша замонларни биз ҳам кўрсак, Ҳожи бегим! — деди Ҳамида бону.
Бир вақтлар кундош бўлган бу икки аёл ҳозир иноқ бўлиб қолишган. Энди уларнинг бир- бирларидан қизғанадиган эрлари йўқ. Мана бу мақбара қурилишидаги ишлар эса икковига ҳам етиб ортади.
Ҳожи бегим боғ меъморчилигини яхши билар, мақбара атрофидаги ўттиз жариблик* ички- ташқи боғнинг йўлкалари, гулзор ва дарахтзорлари унинг назорати остида қилинмоқда эди. Мирзо Ҳумоюн мақбарасининг ички-ташқи боғ ўртасига қурилаётгани ва бу боғнинг ўзи меъморчилик асаридек махсус лойиҳа асосида бунёд этилаётгани — Деҳли ва Аграда ҳали тажрибадан ўтказилмаган янгилик эди. Мавлоно Мирак ҳам, бегимлар ҳам бундай мақбараларни Ҳирот ва Машҳадда ўз кўзлари билан кўришган, Самарқанддаги Амир темур мақбараси шу тарзда қурилганини билишар эди. Энди улар Мовароуннаҳр ва Эрон меъморчилигининг шу анъанасини Ҳиндистон шароитига тадбиқ этмоқда эдилар. Қийинчилик шунда эдики, Самарқанд ва Ҳирот обидаларига безак тарзида ишлатиладиган рангдор ко- шинларни бу ерда ишлатиб бўлмасди — Ҳиндистоннинг иссиқ иқлими ва сернам ёмғир фасли кошинларни тез ишдан чиқарарди. Шунинг учун мақбарага ишлатиладиган барча зийнатлар тошдан йўнилиб, мармарга сайқал ва зеб бериб қилинмоқда эди. Мирзо Ҳумоюн мақбараси ўзининг бўй-басти ва барча иши сангтарошликка асосланганлиги билан Ҳирот ва Самарқанд обидаларига нисбатан ҳам такрори йўқ бир янгилик бўлиши керак эди.
Жума кунлари қурилишда иш тўхтар, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолар эди. Фақат аҳён-аҳёнда Ҳумоюн қабрини зиёрат қилишга келганларнинг тиловатлари мунгли оҳанг билан атрофга таралар эди.
Муслималик одатига биноан бегимлар Ҳумоюн қабрига эрталаб офтоб чиқмасдан келишар, бундай пайтда бошқа зиёратчилар деярли бўлмас эди. Бу жума ҳожи бегим иситмалаб зиёратга келолмади-ю, Ҳамида бегим тонг пайти, ёлғиз ўзи келди.
Муваққат мармар сағанинг атрофи ўралган ва усти яхшилаб ёпилган. Ичкари нимқоронғи. Бегим икки шохали шамдоннинг шамларини ёқиб, қабрнинг бош томонига қўяётганда кимдир пичирлаб тиловат қилаётганини эшитди. Орқасига ўгирилар экан, қабрнинг оёқ томонига чўкка тушган соқоли узун мўйсафидни кўрди. Бегим бошига кўтариб қўйган ҳарир пардани тез юзига тушириб чўнқайди ва тиловат тугаганда мўйсафидга қўшилиб юзига фотиҳа тортди.
Мўйсафид ҳассасига таяниб ўрнидан турди-да, титроқ товуш билан:
— Ҳазрат бегим, кечикиб бўлса ҳам, сизга ҳамдардлик билдиргани келдим! — деди.
Овози, кўзлари беҳад таниш, аммо бўлиқ оқ соқол бекитиб турган юзи бегона, туркий сўзларни ҳиндча талаффуз билан айтиши ҳам кимнидир эслатади. Лекин катта оқ салласи ва эгнидаги малла хирқаси шайхларникига ўхшайди.
— Миннатдормен, тақсир, — деди Ҳамида бегим ҳам ўрнидан кўтарилиб.
— Ҳумоюн ҳазратлари билан... оға-ини тутинган эдик, — сўзида давом этди мўйсафид. — Қабрларини зиёрат қилгани ҳар йили келурмен. Аммо сизни биринчи учратишим...
Ҳамида бегим бирдан Жамна бўйида ўтган қизалоқ пайтини, Низом эшкакчининг қайиғини, унинг ўтли кўзларини ва ширали товушини эслади-ю, вужуди ларзага келиб сўради:
— Сиз?.. Низом?.. Соҳиб Низом...
— Ҳа, бахтсизликка учраб Салим номини олган Низом — мен!
— Наҳотки? Кўзларимга ишонмаймен! — деб Ҳамида бегим Низом томонга талпинди. Йигирма уч йилда одам шунчалик ўзгарар эканми? Ҳали элликка кирмаган Низом — ҳасса суянган оппоқ соқолли қария!
— Оғир жароҳатлар мени тез қаритди, бегим. Синмаган жойим қолмаган эди. Ҳали ҳам... Сиз билан... ҳазрат икковларингиз... Синд вилоятида қувғинда юрган пайтларингизда менга мадад бердиларингиз.. Бўлмаса аллақачон ўлиб кетардим.
192


— Ҳайриятки, яна кўришишга муяссар бўлдик. Сизга айтадиган қанча гапларим дилимда қолган. Мен учун сиз поклик тимсоли эдингиз, соҳиб Низом!.. Ҳазратим ҳам сизни авлиёдек софдил йигит деб улуғлар эдилар.
— Авлиё эмас, осий бандамен, — деди Низом. — Учаламиз бир вақтлар мактуб орқали хабарлашган эдик, ҳозир ҳам бу ерда учаламиз... ҳазрат Ҳумоюннинг руҳлари мен учун тирик. Инсоннинг поклиги — дилидаги эътиқоди бўлур. Кийим тоза бўлмаса ҳам, дил пок бўлса, бундай дилни муқаддас билиб, унга сиғинмоқ мумкин. Мен ҳам Жамнада бирга сузиб юрган пайтларимда сизнинг сиймонгизда самовий бир нур кўрганмен. Бу нур ўшанда кўзларимга кириб макон қурган эди, ҳалигача кўзларимни юмганимда қорачигим орасида сиз кўрингандай бўлурсиз, Ҳамида бегим.
Ҳумоюннинг қабри ёнида айтилаётган бу сўзлардан Ҳамида бону ўнғайсизлана бошлади. Буни пайқаган Низом:
— Кексайганда изҳори дил қилмоқда деб ўйламанг, бегим, — деди. — Сиз ҳам, Мирзо Ҳумоюн ҳам мен кўрган инсонлар орасида энг соҳибдил сиймолардирсиз. Икковларингиз ҳам менга беҳад азиз бўлганларингиз учун Секридан шу ергача пиёда юриб зиёратга келдим.
Мўйсафид одам юз милдан ортиқ масофани пиёда юриб ўтиши Ҳамида бегимни ҳанг-у манг қилиб қўйди:
— Ахир... билганимизда от юборар эдик-ку, соҳиб Низом!
— Отлиқ юриш менинг ҳозирги эътиқодимга хилоф, менинг фақирпарвар устозларим Кабир ҳам, Мўйиниддин Чешти ҳам доим пиёда юрганлар. Камбағалликда умр ўтказганлар. Шайх Саъдий айтганки:
Саъдиё, чун давлату фармондиҳи Нестию ҳақпарасти хуштараст*.
— Давлат-у ҳокимият талотумларидан мен ҳам жуда тўйганмен, — деди Ҳамида бегим. — Синд- у Қандаҳорда, Қазвин-у Кобулда, Деҳлий-у Аграда.. бошимизга не балолар ёғилмади!.. Соҳиб Низом, сиз Карамнаса ўпқонларидан ҳазратимни қутқариб чиққанингизни ўғлимиз Акбаршоҳ ҳам эшитганлар. Нечун олти йилдан бери саройга келмадингиз?
— Бегим, мен энди подшоҳ саройига зинҳор қадам босмагаймен.
— Ё биздан кўнглингиз қолганми?
— Сиздан эмас, мутлоқ ҳокимият деган аждаҳодан юрак олдириб қўйганмен. Мирзо Ҳумоюн Панжобга қайтган пайтларида жуда кўргим келди. Шайх Муборак деган кишидан мактуб ёзиб юбордим. Аммо уни ҳазратимнинг ҳузурига киргизмабдилар. Бианада халқ ҳаракатига иштирок этгани учун шайхулислом Ансорий «даҳрий» деб ўлимга буюрибдир. Бечора шайх Муборак ҳамон қочиб юрибдир. Ансорий эса иззат-икромда. Шундан ҳам билдимки, сарой тўла ғараз, иғво, чақимчилик, адолатсизлик! Ўша аждаҳо бусиз яшай олмаслигини мен ўзим бир неча кун подшо бўлганимда кўрдим. Байрамхонни бу аждаҳо қандай ямлаб, ютганини сиз ҳам кўргандирсиз? Бу аждаҳо одамни алдаб, ҳовлиқтириб, жар ёқасига қандай олиб борганини сезмай қолар экансиз.
— Ҳа, ғаламис манфаатпарастлар кўп. Мен мудом ўғлимдан хавотирланиб яшаймен... Эҳтимол, сизни алдаб, мактубингизни душманларингизга элтиб берган хоин ҳали ҳам саройда юргандир. Сиз уни кўрсангиз танирмидингиз?
— Афзалбек деган хушмўйлов илонни мен умрбод унутмагаймен. Адҳамхон Секри томонларга борганда унинг ёнида юрган серсоқол бир бекни кўрдим. Қош-кўзи ўша Афзалбекни эслатди. Яқинда адҳамхон билан Моҳим энага унга подшодан жогир олиб берганмиш, мингбоши лавозимига кўтарганмиш.
— Оти ҳали ҳам Афзалбек эканми?
— Оти бошқа, эслаб қололмадим.
193


— Кошки хоинларни фош қилишда сиз ҳам Акбаржонга ёрдам берсангиз, соҳиб! Унга мудом сиздай беғараз кишилар етишмайдир.
— Ёмонларнинг бирини йўқотсангиз, бошқа ундан уддабуронроғи келур. Мутлақ ҳокимият бор жойда ҳиёнат ҳам, алдамчилик ҳам, адолатсизлик ҳам бўлмай иложи йўқ, бегим!
Низомнинг гапида жон борлигини ўз аччиқ тажрибасидан ҳам биладиган Ҳамида бегим дилтанг бўлиб сўради:
— Наҳотки бу балоларнинг ҳеч бир балогардони бўлмаса?
— Балогардони бор. Барча шаҳар-у қишлоқларни ким қурган? Барча кийимликлар-у егуликлар кимнинг меҳнати билан барпо бўлмоқда? Мана бу мақбарани ким тикламоқда? Барча саройлар, тож-у тахтларни ким елкасида тутиб турибдир? Халқ! Эл-улуснинг фақат кичик бир қисми подшо қўшинида навкар бўлиб, жангларда унга балогардонлик қилур. Аммо бошқа қисмлари амалдор-у мансабдорларнинг оёғи остида эзилиб ётибдир. Уларни жабр-у зулмдан қутқарадиган одил раҳбар бўлса эди, халқ ҳам бундай раҳбарга балогардон бўлмоғи мумкин эди.
— Акбарнинг энг зўр орзуси — одил бўлишдир. Лекин унинг донишманд бир раҳнамоси йўқ. Сиз...
— Мен ҳам ожиз бир одаммен, бегим. Раҳнамолик қўлимдан келмагай. Лекин бутун халқ бир ҳақиқат атрофига бирлашиб, якдил бўлса, энг қудратли кучга айлангай. Устозимиз Мўйиниддин Чешти айтганлар: «Инсон, сен ҳақни осмондан эмас, ўз дилингдан изла». Кабир айтган... Низом Кабирнинг шеърини ҳиндча айтиб, форсчага таржима қилмоқчи эди, Ҳамида бегим:
— Тушундим! — деди.
— Сиз ҳиндича ўрганмишсиз?
— Ҳа, бемалол сўзлашурмен! — деди бегим ҳиндчалаб.
— Ундай бўлса энди бизнинг дилимизга йўл топишингиз осонроқ бўлгай.
— Акбаржон ҳам ҳиндийчани сувдек билур. Фақат унинг атрофида... одамни бузадиган ёмонлар кўп.
— Бироқ асил одам ёмонлар орасида ҳам ўз фазилатларини йўқотмаслиги мумкин экан. Кабирнинг бир шеърида «Хушбўй сандал дарахтига заҳарли илон ўралиб олса ҳам бу дарахт муаттар ҳидинги йўқотмагай» дейилади. Бегим, ҳозир сиз билан гаплашганим сари ана шу олижаноб сандал дарахтини қайта-қайта эсламоқдамен... Мен эшитдимки, подшоҳ ўғлингиз Умарқутда туғилганда сиз бир ҳинд аёлини ҳам энагаликка таклиф этган экансиз. Ростми?
— Рост. Рожа Вирсалнинг қариндоши Рупарани Акбаржонга оқ сут берган энагаларнинг бири. — Бунинг қанчалик улуғ маъноси борлигини ҳали ўзингиз ҳам сезмасангиз керак. Кабирнинг ҳам бир онаси ҳинд, бир онаси муслима бўлган, ҳаётида, қалбида, шеърларида ҳинди билан мусулмон яктан-у якдил бўлиб бирлашган. Кабир ўлганда ҳиндлар уни ўз одатлари бўйича оловда куйдириб кулини Гангага сочмоқчи бўлганлар. Мусулмонлар эса, «йўқ, Кабир бизники» дейишиб, уни ўз одатлари бўйича ерга дафн этмоқчи бўлурлар. Икки томон мунозара қилиб, унинг жасади ўраб қўйилган пардани кўтарсалар, Кабир йўқ. Унинг жасади ўрнида бир даста гул ётган эмиш. Ҳиндлар билан мусулмонлар бу гулларни тенг бўлиб олишибдир... Бу ривоятнинг маъносини ўзингиз тушунарсиз, бегим. Тилагим шулки, ўғлингиз Акбар ҳам икки томонни баробар кўрса, ҳам муслимлар, ҳам ҳиндлар дилига Кабир каби йўл топа олса... Ана ўшанда бутун халқнинг қудрати унга келган балоларга балогардон бўлғай. Агар ўғлингиз халқнинг дилига чуқур маънавий илдиз отолмаса, навбатдаги довуллар уни ҳам суғуриб олиб кетмоғи мумкин. Отасининг бошига тушган қувғинлар Акбарнинг бошига тушмасин деб мен шу гапни айтмоқдамен!
Ҳамида бегим ўзини қийнаб юрган энг мушкул маънавий жумбоқларга шу донишманд мўйсафид ёрдамида жавоб топиши мумкинлигини, ёшликдаги меҳр энди беғараз, соф бир маънавий яқинликка айланаётганини сезди.
— Саройга келмасангиз... балки... Акбаржон ўзлари борарлар... Сизни қаердан қидириб
194


топсин?
— Мен бир фақир одаммен, бегим. Подшо мени қидириб боришига кўзим етмайдир. Аммо сизга айтмоғим мумкин. Секридан ўн чақирим берида ўрмон четида кулбам бор, озгина еримда деҳқончилик билан рўзғор тебратурмиз. Шерхон даврида номимни ўзгартириб яшириниб юрганимдан хабардорсиз. Беш йил дарвеш бўлдим. Салим Чешти деган ном билан танилдим. Ҳозир кўпчилик мени шу ном билан атайди. Низом деган аввалги номим энди унутилган. Одамлар олдида шайх Салим деб аташингиз маъқулроқ бўлгай.
Муслима аёл билан бегона эркакнинг соф ниятда учрашиб гаплашиши учун пир ва мурид муносабатлари қулайроқ бўлишини Ҳамида бегим ҳам сезди.
— Хўп, мен сизни минбаъд ўзимнинг маънавий раҳнамом деб билурмен!
Салим ота Ҳамида бегимга яқин келди. Икковларининг орасида Ҳумоюннинг мармар қабри турибди. Раҳнамога қўл бериш одатига биноан, Ҳамида бегим Салим отага нафис панжасини чўзди. Бегим эрининг руҳи гувоҳлигида тузаётган бу маънавий иттифоқ беғараз, пок бир имон иши эканини сезган Салим ота мармар қабр оша қўлини узатиб, Ҳамида бегимнинг бармоқларини секин кафтига олди-да, кўзларига сурди.
Улар яна учрашадиган бўлиб хайрлашдилар. Салим ота ҳассасини қўлтиғига олиб, вазмин, аммо мустаҳкам одимлар билан узоқлашар экан, Ҳамида бегим унинг ҳали элликка ҳам кирмаганини яна бир эслади. Кўринишдан нуроний мўйсафид бўлса ҳам, меҳнатда пишган танаси чайир эканини сезди ва Секригача пиёда бора олишига ишонди. Энг муҳими, бу одам бегимнинг дилига улкан бир чироқ ёқиб кетгандай бўлди.
____________
* Ж а р и б — бир минг икки юз квадрат метрга тенг.
* Таржимаси: Саъдиё, бо-ю бадавлат ва мансабдор бўлгандан кўра, йўқчиликка кўниб, ҳақпараст бўлиш афзалдир.
***
Акбар ақлини таниб Ҳиндистонга қайтгандан бери бу мамлакатдаги ғаройиботлар унда битмас- туганмас бир ҳайрат уйғотарди. Болалигида баҳайбат филлар уни лол қолдирган, заҳарли илонларни най навосига рақс қилдирадиган морбозлар яна бир таажжубга солганди. Ерга тириклай кўмиб қўйилган, ўн кун ётиб ҳам ўлмайдиган, кавлаб олинганда тирилиб юриб кетадиган фақирлар (ёглар) Ҳиндистоннинг сеҳр-у жодуси кўплигига уни яна бир ишонтирган эди.
Акбар ўн уч ёшида филбонлар орасида маҳаватликни машқ қилиб юрган пайтида ҳинд тилини ўрганган, урдуча ҳам бемалол гапира оларди. Филбонларнинг суюкли қаҳрамонлари Рама ва унинг гўзал севгилиси Сити Акбарнинг дилидан доимий жой олган эди. У Рамадай қаҳрамонликлар кўрсатишни ва ўз Ситисини топиб, унга етишишни орзу қилган пайтлари кўп бўлган. Ҳозир йигирма ёшга кирган пайтида ҳам, ажойиб ҳинд қизларини учратса, уларнинг ноз-у карашма билан рақс қилишларини кўрса, нафосатга тўла қўшиқларини эшитса, ёшликдаги ўша орзулари қалбига туртиб-туртиб қўйгандай бўлади.
Салима бегим унинг бу орзусига ҳалақит бермас, кўп азоб тортган бечора жувон Акбарнинг бағрида гулдай очилиб яшар, эрига бағишлаб ўтли шеърлар ёзар, ташқаридан қараганда, иккови бир-бирига астойдил меҳр қўйиб ҳаёт кечираётганга ўхшар эди. Аммо аслида уларни Салиманинг муҳаббати иноқ тутиб турарди. Акбарнинг унга уйланишида муҳаббатдан кўра раҳм-шафқат устун келганини Ҳамида бегим ҳам сезди.
— Шоҳ ўғлим, сиз бевага уйланиб, мени доғда қолдирдингиз. Мен ҳали мамлакатнинг энг гўзал қизларидан келин тушириб, катта тўйлар қилгим бор.
— Бир вақтлар ўзингиз кундош азобини бошдан кечиргансиз, онажон. Энди буни Салимага қандай раво кўрурсиз?
— Мен раво кўрмаганимда ҳам, сиз подшоҳсиз. Подшоҳларнинг эса хотини битта бўлмагай.
195


Буни Салима ҳам билгай.
... Бугун кечаси Акбар ҳобгохда шу чигал муаммо ҳақида ўйланиб ўлтирганда, Салима унинг кўнглидан ўтган нарсаларни сезгандай бўлиб:
— Ҳазратим, — деди. — Сиз менинг олдимдаги бурчингизни ҳам, оталиғингиз буюрган васиятни ҳам мардона адо этдингиз. Энди мен ҳам шунга яраша инсоф қилмоғим керак. Агар бирон қизга... кўнгил қўйсангиз... ҳаққингиз бор... мен розилик берурмен!
Акбар гапни ҳазилга бурди:
— Балки ўзингиз... совчиликка ҳам борурсиз?
Салима бегим бу ҳазилни ўзига қаттиқ олиб, кўзлари бирдан ёшланди:
— Мен учун беҳад оғир дардни ҳазилга йўйманг! Онангизнинг дилларида мен туфайли армон қолмасин. Мен у кишининг яхшиликларини ҳам қайтармоқчимен!
Акбар Салимани белидан қучиб, юз-кўзидан ўпди:
— Ҳеч азоб тортмасдан, фақат роҳат-фароғатда яшайдиган эркакларда нафсга, ғурурга берилиш кучли. Шафқат-у қаноат машаққат чеккан аёлларда кўпроқ бўлурмикин?
— Биз, аёллар ҳам, фаришта эмасмиз, ҳазратим. Илкимизга ҳокимлик тизгини тегса ўзимиздан кетишимиз ҳеч гап эмас. «Одамни синамоқчи бўлсангиз, унга мансаб бериб кўринг», деган нақл эшитганмен. Ҳозир сизга энг содиқ аёллардан Моҳим энаганинг бошига ана шундай бир синов тушмишдир.
Моҳим энага ҳақида марҳум Байрамхон ҳам ташвиш-тараддуд тўла сўзлар айтиб кетгани Акбар- нинг ёдига тушди.
— Салима сиз Моҳим энагада... бирон ўзгариш сезмоқдамисиз?
— Ҳа, ўзгариш катта.
Яқин одамлари бир-бирини ёмонлай бошласа Акбарга бу доим ёмон таъсир қиларди. Ҳозир ҳам унинг юзи тундлаша бошлаганини кўрган Салима:
— Балки бу — яхши ўзгаришдир, — деб гапни бурди.
— Менга онам қиладиган яхшиликларни шу аёл қилган, Салима. Кобул эсингиздами? Комрон амаким биз билан ўчакишиб, мени отам оттираётган замбаракнинг ўқига тўғрилаб қўйган эди- я! Ён-веримдан вашиллаб ўтган замбарак ўқларини эсласам, ҳали ҳам сочим тикка бўлиб кетадир. Ўшанда Моҳим энага чопиб келиб, ўз гавдаси билан мени тўсган эди-я! Қандаҳорда, қиш совуқларида энагам мени яна қанча ўлимлардан олиб қолган!..
— Ҳа, Моҳим энага ўшанда чеккан машаққатларининг роҳатини энди кўрмоқда. Бугун мам- лакатимизда ундан нуфузли аёл йўқ. бек-у аъёнлар Моҳим энагани сиздан кейинги иккинчи сиймо деб ҳисоблайдилар.
— Нечун? Онам ҳазратлари-чи?
— Онангиз ҳокимиятнинг роҳатидан кўра, азобини кўп кўриб, юрак олдириб қўйганлар. Ҳозир бутун эътиборлари мақбара қурилиши билан банд. Аммо Моҳим энага давлат ишларида ўзларини сувдаги балиқдек яхши сезадилар. Энага учун ҳокимият ҳали янги, тансиқ нарса, ўзлари тўйса ҳам, кўзлари тўймайдир.
Бу гапларда киноя борлигини сезган Акбар яна энагасини ҳимоя қила бошлади. Чунки Байрамхон воқеаларида ҳам барча хавф-хатарни ўз зиммасига олиб, Акбар томонда қатъий турган, унга энг кўп ёрдам берган ва оқилона йўллар кўрсатган одамларнинг бири Ҳамида бегим бўлса, бири Моҳим энага эди.
Оталиғи айтган минг отли араванинг барча тизгинларини Акбар ўз қўлига олгач, унинг имзосини кутаётган қоғозлар, ҳукм-у фармонига мунтазир муаммолар, инояти ёки жазосига, рухсати ёки эътиборига қараб турган одамлар шу қадар кўпайиб кетдики, ёш подшо уларнинг ҳаммасига вақт етказолмай қолди. Шундай пайтда яна энагаси ёрдамга келган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Акбар болалик пайтларидан бери энагага сўзсиз ишониб ўрганган. Ҳозир ҳам унинг қирмизи бўёқ суртиб босиладиган катта олтин муҳри кўпинча Моҳим энаганинг қўлида туради. Шу муҳр босилмагунча, хазина ҳеч кимга пул бермайди. Шу муҳр босилмаса, бек-у
196


аъёнлар янги мартабалар ва жогирлар ололмайди. Моҳим энага ҳаммани ўз қўлига қаратиб қўйгани учун унинг номи сарой аҳлининг тилида достон бўлди. Моҳим энагани: «Доно кайвони бўлмаса аёл боши билан Байрамхондай одамни енгиб чиқармиди!» деб муболаға қилувчилар кўп. Ҳозир Моҳим энага қаерга қўлини чўзса етади, истаган одамига катта мартабалар бера олади. Энаганинг ўғли Адҳамхон Жамна бўйидаги катта мулкнинг эгасига айланди. Адҳамхоннинг уч минг навкари бор, ҳар ой хазинадан йигирма минг рупий мояна олади. Моҳим энаганинг энг суюкли ўғли мана шу Адҳамхон. Сарой аҳли: «Моҳим энага Адҳамхонни Мунимхоннинг ўрнига бош вазир қилиб кўтармагунча тинчимагай», деб пичир-пичир сўзлашганлари Салима бегимнинг қулоғига ҳам чалинган.
Ҳозир хобгоҳда Салима Акбарга шунинг ҳаммасини айтиб берди-ю:
— Энагангизни эҳтиёт қилинг, ҳазратим, — деди. — Ночоргина ҳаёт кечириб юрган муштипар аёл эди. Селдай оқиб келаётган бойлиг-у обрў-еътибор бечорани бошқа ёққа оқизиб кетмасин. — Буни онамга ҳам айтинг, — деди Акбар. Учовлашиб, энагамнинг хатти-ҳаракатини яхши томонларга буриб турайлик.
Моҳим энага табиатан яхшиликка мойил аёл эди. Акбар унинг қизлар учун мактаб-мадраса очиш нияти борлигини биларди. Энага бойликларининг бир қисмини шу хайрли ишга сарфлаши учун Акбар:
— Истасангиз, қизлар мадрасасини Деҳлида очинг,— деб маслаҳат берди.
— Сиз ижозат берсангиз, бажонидил очгаймен!
Бу мадраса учун Моҳим энага Низомиддин авлиё мақбарасига яқин жойдан икки ошиёнлик улкан бир бинони боғ-ҳовлиси билан сотиб олди. Отинойилар дарс берадиган қизлар мадрасаси Деҳли учун жуда катта янгилик бўлди. Кўп подшо-ю маликалар қилмаган ишни Моҳим энага қилганлиги унинг эл-улус орасидаги шуҳратини яна бир даража оширди.
Моҳим энаганинг эндиги истаги — бир ҳафта улкан тўй бериб келин тушириш ва унга барча вилоятлардан олий меҳмонлар чақириш эди. У тўй тўғрисида энг аввал Ҳамида бегим ва Акбардан маслаҳат сўради:
— Далв ойида, салқин пайтда ўтказган маъқул, — деди Ҳамида бегим. Энага унинг бу таклифини қабул қилди.
— Унгача ҳали икки ой бор, барча вилоятлардан энг нуфузли одамларни таклиф этгаймиз, — деди энага.
— Ҳаммаси келса ҳовлингизга сиғармикин? — сўради Акбар.
— Ҳовлига сиғдириб бўлмас, — деди Моҳим энага. — Қалъада ўтказсак-чи, ҳазрат бегим? Ҳамида бегим Акбарни Салимага уйлнтирганда катта тўй қилолмаган эди. Энди подшо саройи жойлашган қалъада Моҳим энага шундай катта тўй бериши Акбарнинг обрўси учун яхши бўлармикин?
— Бу тўй ҳам ўзимизники, — деди Акбар. — Қалъада қилсак, фақат бек-у аъёнларни эмас, энг обрўли ҳинд рожаларини ҳам таклиф этгаймиз. Умарқутга ҳам таклиф юборгаймиз. Балки рожа Вирсал Прасад ҳам етиб келгай. Рупа энага тирик бўлса уни ҳам шу тўйга айтиб келтиргаймиз. — Кошки эди! — деб Ҳамида бегим Акбарнинг ниятини энди астойдил маъқуллади. Умарқутга борадиган чопарга таклифномани бегимнинг ўзи ёзди.
Акбарнинг мақсади — Моҳим энаганинг тўй ҳаракатларини ҳам хайрли томонга буриш ва мамлакатнинг муслим-у ҳинд аҳолисини бир-бирига яқинлаштириш эди.
Акбар Мунимхонга буюриб, Деҳли, Агра, Жайпур ва бошқа яқин вилоятлардаги нуфузли рожалар ва райларни саройга чақирди-ю, ҳиндлар билан ҳамкорлик қилиш, маданият, ободончилик ишларида ҳамжиҳат бўлиш борасида машварат ўтказди. У йиғилганларга отаси учун қурилаётган мақбарада, Агра қалъасини қайта тиклаш ва кенгайтиришда ҳинд ҳунарпешалари, меъморлари, коргарлари муслимлар билан қандай иноқ ишлаётганларини айтиб берди.
— Ишда ҳамкор бўлганимиз каби, тўйларни ҳам бирга ўтказмоғимиз керак, — деди. — Мен
197


муҳтарама Моҳим энага номидан бизга хайрихоҳ барча соҳиб-ихтиёр рожа-райларни тўйга таклиф қилурмен. Ҳозир даргоҳимизда оналар-у энагаларнинг мавқелари баланд, биз уларга фарзандларча оқибат кўрсатиш ҳаракатидамиз. Шунинг учун соҳиб рожа-ройлар тўйга аҳли аёллари билан келсалар биз уларни ўз опа-сингилларимиз қаторида эҳтиром қилгаймиз.
***
Тўй арафасида Умарқутдан Рупа энага ва унинг тоғаси Вирсал Прасад уч филга совға юклаб келаётганлари маълум бўлди. Излаб юрган одамлари топилганидан бениҳоя суюнган Ҳамида бегим меҳмонларга пешвоз чиқишни Акбардан илтимос қилди.
Акбарнинг буйруғи билан энг салобатли филлардан ўнтаси гулшодалар ва зарбоф ёпинчиқлар билан безатилди. Уларнинг елкаларига маҳдианбар* деб аталадиган ва мўтабар аёллар ўлтирадиган ҳашаматли шийпонсимон кажавалар ўрнатилди. Маҳдианбарларнинг бирига Ҳамида бегим, иккинчисига Моҳим энага, яна бошқаларига Жажжи энага билан Ҳакима энагалар чиқиб ўлтиришди. Акбарнинг ўзи олдинги филда худди юриб бораётган тахтга ўхшаш олтин маҳмилда ўлтирибди. Пирмуҳаммад атка бошлиқ мулозимлар ва юзга яқин қўриқчи навкарлар филларнинг ён-верида отлиқ келмоқда.
Шаҳар четида тантана билан кутиб олинган Рупа энага ва Вирсал Прасад Акбарни Ҳамида бегим ёрдамида зўрға танидилар. Чунки уни бир ойлик чақалоқлик пайтидан бери кўрмаган эдилар. Лекин йигирма йилдан бери кўришмаган оналар ва энагалар бир-бирлари билан йиғлаб кўришдилар.
Вирсал Прасад олтмишдан ошиб, узун мўйлови оппоқ оқарган мўйсафидга айланган эди.
Акбар чўғдай ясатилган филлардан бирига Вирсал Прасадни миндирди. Ўзи ва онаси олдинги филларга чиқдилар. Бошқа энагалар ҳам тантанали филлар карвонида азиз меҳмонларни шаҳар бўйлаб олиб ўтди-лар-у Пуран қалъанинг тўридаги энг яхши бир кўшкка жойлаштирдилар.
Акбар саройида «атка хайл»* деб аталадиган жуда эътиборли бир тоифа борлиги кўпчиликка маълум эди. Бу гуруҳга энагалар, бир онани эмган кўкалдошлар ва уларнинг оталари — аткалар кирар эди. Энди мана шу имтиёзли «атка-хайлга» Рупа энага билан Вирсал Прасад ҳам тантанали суратда киритилгани Деҳли ва унинг атрофида дув-дув гап бўлиб тарқалди. Чунки мусулмон подшоси Акбарнинг ғайридин ҳинд энагаси ҳам борлиги кўпчилик учун фавқулодда бир янгилик эди. Мутаассиб шайхлар Акбарнинг ҳинд энагага кўрсатган эҳтиромларини қоралашиб, чекка-чеккада сасиб: «Подшомиз куфр йўлига кирди, бунинг касофати ёмон бўлгай!» деган кароматларни қилишар эди.
Аммо Салим отага ўхшаган халқ вакиллари бу хушхабарни бир-бирларига қувониб етказдилар. Шу фавқулодда ҳодиса туфайли Моҳим энага қилаётган тўйнинг обрўси яна ҳам ошиб кетди, унга таклиф қилинган бек-у амирлардан ташқари, Деҳли ва унинг атрофидаги вилоятларнинг рожа ва райлари тўйга аҳли аёлларини ҳам олиб кела бошладилар.
Бир ҳафта давом этган бу тўй кунларида бутун Деҳли карнай-сурнай товушига, куй ва ашулалар жарангига, ясан-тусан одамларга, ранг-баранг безаклар ва гулшодаларга тўлиб кетди. Жамна бўйидаги очиқ сайлгоҳларда раққосалар, морбозлар, кўзбойлоғич сеҳргарлар, дорбозлар, лўлилар эртадан-кечгача томоша кўрсатардилар. Тўйга келган энг нуфузли амирлар, рожа ва райларни Пуран қалъада Моҳим энага билан Акбарнинг ўзи кутиб олмоқда эди.
Ҳамида бегим тўйга келган кўҳлик қизлар орасидан Акбарга муносиб келин танламоқда эди. Тўйнинг учинчи куни Санганирдан келган бир қиз одамнинг ҳушини оладиган даражада гўзал эканлиги оғиздан-оғизга ўтиб, Ҳамида бегим билан Акбарнинг қулоғига етиб борди. Акбар бу қизни кўпчиликнинг орасида кўрганда худди оддий маржонлар орасида турган олмос донасини учратгандай юраги «жиғ» этди. Қизни бошқалардан ажратиб турган фарқ — фақат юзининг
198


гўзаллигида эмас, балки юлдузининг иссиқлигида, кишини дарҳол ўзига тортадиган алоҳида оҳанрабоси борлигида эди. Ўғлининг бу қизга назари тушганини сезган Ҳамида бегим Моҳим энагага шипшиди:
— Санганирлик қизни хонайи хосга бошлаб келинг.
Бу гўзал қиз тўйга қирқ ёшлардаги катта акаси — мардона қиёфали, хушмўйлов, новча Бҳагван Дас билан келган эди. Тўйбоши уларни подшонинг хонайи хосига бошлаб кирди.
Хона тўридан Акбар билан Ҳамида бегим уларга пешвоз чиқдилар. Ака-сингил кафтларини жуфтлаб бошлари устига қўйган ҳолда уларга таъзим қилдилар. Моҳим энага аввал Бҳагван Дасни таништирди:
— Рожа Бҳари Малнинг катта ўғли...
Акбар ҳиндчалаб қизнинг отини сўради. Акбарнинг тил билишидан кўзлари чақнаб кетган қиз: — Жодҳа Бай, — деб ўз отини айтди. Шунда қизнинг товуши ҳам Акбарга жуда сеҳрли туюлди. Қиз ортиқча тортинмасдан, ўзини аслзодаларга хос бир одоб ва эркинлик билан тутар эди. Ҳамида бегим ва Моҳим энага уларни яккама-якка қолдириш учун Бҳагван Дасни тўрдаги нақшин курси томон бошлаб кетдилар.
Акбар Жодҳа Байни хонанинг улардан узоқроқ бурчагида турган миз ёнига таклиф қилди. Миз устида тахтаси садаф билан безатилган, доналари фил суягидан ясалган чиройли шахмат турган эди. Қиз доналари жой-жойига териб, гўё ўйнаш учун тайёрлаб қўйилган шахматга қизиқиб қаради.
— Мумкинми? — деб оқ донали пиёдани қўлига олиб томоша қилди-да, кейин ўйнагиси келгандай уни икки катак олдинга сурди.
— Шахмат ўйнашни билурмисиз? — ҳайратланиб сўради Акбар. Қиз тасдиқ маъносида бош ирғади.
Шундан кейин Акбар ўртадаги қора донали пиёдани бир катак олдинга сурди. Қиз кулиб, аспни ўйинга чиқарди. Акбар фарзин ёнидаги филни юрди. Икковлари мизнинг икки томонига ўлтириб астойдил ўйнашга киришдилар.
Акбар ўйин баҳона қизнинг бутун вужудидан ёғилиб турган нафосат ва гўзалликдан завқ олади, унга қарайди-ю, аммо кўзи тўймайди. Жодҳа Байдан мушкка ҳам, анбарга ҳам ўхшайдиган аммо улардан ёқимлироқ гул ҳиди келиб туради. Пешана устидаги қалин ва майин қора сочлари устига капалакларни эслатадиган тилла баргак тақилган. Зар қўшиб тўқилган пуштиранг сарисининг тагидан кўкраклари бўртиб турибди. Сари тагидан кийилган калта енглик нимчаси белига етиб-етмай тугайди. Хипча бели ва қорнининг икки энлик жойида силлиқ бадани очиқ турибди. Аммо унинг бадани ҳам Акбарга нур билан йўғрилган юзи каби тиниқ ва мусаффо кўринди.
Жодҳа Бай ўзининг ҳусни билан одамларни маҳлиё қилишга гўё ўрганиб қолган. Акбар ўйинни унутиб, ҳуши бошқа ёққа кетиб қолаётганидан қиз завқланиб жилмайди-да:
— Фарзинингиз... — деди.
Ҳозир қиз ўз фили билан Акбарнинг ҳимоясиз қолган фарзинини олиб қўйиши мумкин эди. Акбар буни энди пайқаб бош чайқади:
— Рани Жодҳа Бай, сиз фақат менинг фарзинимни эмас, дилимни ҳам ютиб олмоқдасиз. Бунчалик товоно экансиз. Устозингиз ким?
— Устозим — билим. Фирдавсийнинг сўзлари эсингиздадир?
— Қайси сўзи?
...«Ҳар каски доно аст товоно бувад»*.
Жодҳа Бай форсий тилни ҳам яхши билиши Акбарнинг унга бўлган эъзоз-еътиборини яна бир даража оширди.
— Рани Жодҳа Бай, саройда қолсангиз... шу товонолигингиздан биз ҳам баҳраманд бўлсак... майлими?
Қиз энди жиддийлашди, алланарсадан хавотирлангандай бўлиб ўрнидан турди ва акаси
199


томонга қаради:
— Ҳазратим, эътиборингиздан беҳад миннатдормен! Аммо мен саройда қололмагаймен.
— Нечун?
— Менинг ихтиёрим ота-онамда. Ҳозир оғам билан уйга жўнаб кетгаймен.
— Аммо менинг сиздан ажрагим келмас!
— Ундоқ бўлса, энди ўзингиз Санганирга меҳмон бўлиб боринг. Биз бажонидил кутиб олгаймиз. Жодҳа Бай саройдан чўчир, бу ҳашаматли даргоҳ унга бегона ва хатарли туюларди. Шуни сезган Акбар қизни акаси олдига бошлаб келди. Хайрлашиб кетаётганда Бхагван Дас ҳам:
— Ҳазрат бегим, муҳтарама энага, агар подшо ҳазратлари билан бирга Санганирга ташриф буюрсаларингиз биз беҳад сарфароз бўлурмиз! — деди. — Отамиз Бҳари Мал ҳам сизларни меҳмон қилиш орзусидалар. Ҳинд энагангиз Рупарани юксак эъзоз билан кутиб олганларингиз онамизнинг қулоқларига ҳам бориб етган. Бутун хонадонимиз сизларга буюк ҳурмат-у умид билан қарайдир.
Ака-сингил жўнаб кетди-ю, Жодҳа Байнинг қиёфаси, гаплари, қилиқлари Акбарнинг дилига нақшланиб қолгандай бўлди. Бу қизни яна кўргиси келаверди, хаёллари эрта-ю кеч у билан банд бўлди.
Ўғлининг ҳолатини сезган Ҳамида бегим Санганирга Қиличбек Андижоний деган амирни махсус мактуб билан юбориб, Жодҳа Байни келинликка сўради. Рожа Бҳари Малнинг жавоби ижобий, ёш подшога қариндош бўлиш шарафи унинг дилига ёқиб тушган, фақат қизлари бўлажак куёвнинг Санганирга келишини ва тўйни ҳинд одатига биноан шу ерда бошланишини зарурий шарт қилиб қўйган эди.
____________
* М а ҳ д — бешик маъносини ҳам англатади. Онлар кўзда тутилади. Анбар — шийпоннинг бир тури. * Х а й л — оила, хонадон.
* Таржимаси: билимли, доно одам товоно, яъни қудратли ҳам бўлади.
***
Ҳамида бегим яна аросатда қолди. Саройда орзу-ҳавасли катта тўй қилай деса, мутаассиб шайхлар-у садрларнинг кўзи олдида браҳман чақириб, ҳиндча никоҳ ўқитиб бўлмайди. Аммо бегим Салим отага қўл бериб, бҳақтига эътиқод қўйгани учун қизни ўз динига содиқ қолишга ҳақли деб ҳисоблайди.
Умарқутдан келган Рупа энага ҳозир бундай нозик ишлар бўйича Ҳамида Бегимнинг яқин маслаҳатчисига айланган эди. Акбар, Моҳим энага — ҳаммалари кенгашиб, келин истайдиган ҳиндча никоҳни Жайпурда қила қолишни маъқул кўрдилар. Бу ҳодисага олий табақанинг эътиборини тортмаслик ва гап-сўзни кўпайтирмаслик учун: «Подшо Санганирга тўйга эмас, балки овга боргай» деб эълон қилдилар.
Кейинги пайтларда Акбар қўлга ўргатилган қоплонсимон жонивор — чита билан ов қилишни яхши кўрарди. Читабоқар овчилар читабонлар деб аталарди. Темир қафасда боқиладиган, бўйнига махсус тасма боғланган читаларни туя қўшилган катта араваларга ортиб, Деҳлидан юз милча жануби ғарбдаги Санганирга томон йўл олганларида ҳут ойи кириб, кунлар анча исиган, даладаги буғдойлар бошоқ тортиб қолган эди.
Беш юз аскар қўриқлаб бораётган мавкабда ясан-тусан филлар устидаги махдианбарларда Ҳамида бегим, Моҳим энага ва Рупа энагалар ҳам келмоқда эдилар. Олий меҳмонлар келаётганидан хабар топган рожа Бҳари Мал ўғли Бҳагван Дас ва бошқа яқинлари билан Акбарга вилоят чегарасида пешвоз чиқди. Акбар ва пешвоз чиққан мезбонлар Диоса деган қишлоққа яқинлашганларида, унинг аҳолиси ёв босишдан қўрқиб, тоғ томонга қоча бошлади. Фавждор деган филини миниб келаётган Акбар Бҳари Малдан:
200


— Нечун бундай бўлди? — деб сўради. — Биз яхши ният билан келаётганимизни айтмаган эдингизми?
— Ҳазратим, айтган эдим! Бироқ бу жойлар Самбхал вилоятига қарашли. Вилоят ҳокими мирзо шарафиддин жаноблари аҳолига нисбатан жуда шафқатсиз. Одамлар ундан юрак олдириб қўйганлари учун энди сиздан ҳам қочмоқдалар.
Акбар ўнг томонида бораётган Қиличхон Андижонийга буюрди:
— Шарафиддин мирзога одам юборинг, зудлик билан етиб келсин.
Кечки пайт мирзо Шарафиддин унга пешвоз чиқиб, отидан сакраб тушди-да, Акбар минган филнинг оёғи тагига чўккалаб юкунди.
— Жаноб Шарафиддин мирзо, сиз маҳаллий аҳолини биздан бездириб қўйибсиз...
— Ҳазратим, мендан гуноҳ ўтган бўлса кечиринг!
Акбар чап ёнида отлиқ турган Бҳари Малга юзланди:
— Қайси қариндошингизни бу бек гаровга олиб, ҳибсда сақламоқда?
— Акамнинг ўғли Жай Мал билан Раж Синх деган неварам ҳибс қилинган.
— Бегуноҳ одамларни гаровда сақлашга ким буйруқ берди, тақсир?
Шарафиддин мирзо ота томонидан машҳур Хўжа Аҳрор авлодларига бориб тақалар, она томонидан эса темурийларга қариндош эди. Акбар давлатида темурийлар мўтабарроқ бўлгани учун Шарафиддин «хўжа» унвонидан воз кечиб, «мирзо» унвонини афзал кўрган эди. Лекин Акбар ҳозир «тақсир» деб киноя қилиш билан ундан гўё мирзо унвонини тортиб оладигандек кўринди. Бундан қўрқиб қалтирай бошлаган Шарафиддинхўжа:
— Ҳазратим, мендан ўтган бўлса афву этгайсиз!— деди. — Яхши кўрган фарзандларини гаровда тутсам, бу ражпутлар исён кўтаролмагай, деган фикрда шу гапни қилганмен!
— Фикрингиз хатодир, тақсир. Бегуноҳ йигитларни шу бугуноқ ҳибсдан бўшатинг, иззат-икром билан уйларига жўнатинг!
— Бош устига, ҳазратим!
Шарафиддинхўжа шоша-пиша орқасига қайтди ва ўша куни гаровдаги икки йигитни бўшатибгина қолмай, ҳар бирига бош-оёқ сарупо кийдириб