АГРА ҲОКИМИЯТ ТАЛОТУМЛАРИ
давоми..
бек-у аъёнлар чоршанба куни Жамна бўйидаги махсус майдонга ёпирилиб келдилар. Филлар уришадиган майдоннинг атрофига томошабинлар учун бехатар жойлар қилинган, орага филлар ўтолмайдиган бақувват ёғоч тўсиқлар ўрнатилган эди. Майдон пастда. Унинг саҳни яхши кўринадиган баланд жойларга нақшин шийпонлар ўрнатилган. Жануб томондаги шийпонни Байрамхон ўз одамлари билан эгаллади. Шимол томондаги толорда Акбар кўкалдошлари Адҳам, Азиз ва яқин ички беклари билан ўлтиришибди. Майдоннинг ўнг-у сўлида— ёғоч тўсиқ ортида ҳакамлар ва оташдорлар* туришибди. Пиёда томошабинлардан ташқари, майдон атрофларида отлиқ турган томошабинлар ҳам анчагина бор — эгар устидан майдон яхшироқ кўринади.
Филбонлар худди ўлимга кетаётган одамлардай яқинларидан рози-ризолик сўраб хайрлашдилар. Акбар жанг олдидан махсус ширин ичимлик билан маст қилинган Фавждорни силаб-сийпаб қулоғига шивирлади:
— Кучингни кўрсат, жонивор! Илоҳим енггин-у енгилмагин!
Фил нимадандир норозидек наъра тортди, аммо Бҳишан Чандга ўнг оёғини тутиб, елкасига чиқишига ёрдам берди.
Унинг қаршисидан чиққан Зўравор чиндан ҳам жуда баҳайбат фил эди. Икки орадаги тупроқ уюми қулатилгач, Зўравор Фавждорга ташланди. Шунда унинг бўйи икки қарич баланд, гавдаси ҳам шунга яраша улкан эканлиги кўзга ташланди. У Фавждорни тиши билан уриб, уч- тўрт қадам нарига улоқтириб юборди. Бҳишан Чанд қаттиқ чайқалиб, йиқилишига сал қолди. Аммо Фавждор чаққонроқ эди, рақибининг орқасига айланиб ўтди. Зўравор унга томон ўгирилаётганида биқинига тишлари билан шундай урдики, қоядай зўр Зўравор оғриқдан дармонсизланиб гандираклаб кетди. Бҳишан шу пайтдан фойдаланиб, Фавждорга:
— Че! Ўнгдан ўт! Че! — деб навбатдаги зарбани қандай беришни ўргатди.
Фавждор рақибининг ўзини ўнглашига имкон бермай, олд оёқларига кўтарилди-ю, уни ўнг томондан бор кучи билан тепди. Филбон Гулмуҳаммад тепиш зарби билан ўрнидан қўзғалиб, Зўраворнинг пешонаси уситига оғиб тушди. Шунда Фавждор хартуми билан филбонни бир урди-ю, ерга қулатди.
Маҳаватсиз қолган Зўравор орқага чекинди. Гулмуҳаммад баланд фил устидан ерга чалқанча тушиб, ҳушидан кетди. Фавждор уни босиб, янчиб ташлаши мумкин эди. Шу пайт оташдорлар машъала ёқиб майдонга чопиб кирдилар. Филлар ҳар қанча ғазабнок бўлса ҳам, оловдан қўрқар эдилар. Оташдорлар уларни бир-бирларидан ажратиб, майдон четига чиқишга мажбур қилдилар. Гулмуҳаммаднинг бели синган, боши, қўли қимирлар, аммо ўрнидан тура олмас эди. Хизматкорлар кириб уни кўтариб чиқаётганда Акбарнинг атрофидаги кўкалдошлари ва беклари:
— Муборак бўлсин, амирзодам! — дейишди.
— Сиз енгдингиз!
Филбони йиқилиб тушган томон ютқизган ҳисобланарди. Байрамхон, «ютқизсам оқибати ёмон бўлгай-ку!» деган ўйни аввалроқ хаёлига келтирмаганидан, энди афсус қилди. Чунки унинг атрофидаги бек-у аъёнлар бир лаҳза ҳанг-манг бўлиб жим туриб қолдилар. Нарёқдагилар Акбарни табриклаётгани баралла эшитилди. Акбар эса филбонидан миннатдор бўлиб:
— Тасанно, Бҳишан! — дерди. — Бҳишан Чандга бош-оёқ сарупо, бир ҳамён олтин ҳадя қилинсин! Ҳали бу ботир маҳаватга жогир ҳам инъом этгаймиз!
Кўпчиликнинг олдида мағлуб бўлганлари Байрамхоннинг ўзидан ҳам кўра, унинг ёнида ўлтирган Валибек, Шоҳқулибек, шайх Гадойиларга оғир ботди. Улар барча мартабалари ва имтиёзларидан айрилиб қолишлари мумкинлигини аниқ сезишди-ю, оловланиб кетишди:
— Ғирромлик бўлди, жаноби вакил! — деди Шоҳқули маҳрам. Бу гапни бошқалар илиб кетишди:
— Рост, кофир филбон ғирромлик қилмаганда Зўравор енгилмас эди.
— Фил қочгани йўқ!
181
— Гулмуҳаммадни майиб қилди, ноинсоф!
Шайх Гадойи Байрамхонга юзланди:
— Мажусий филбон муслим Гулмуҳаммадни майиб қилиб кетавергайми, жаноби вакил? Бу иши учун мажусий яна мукофот ҳам олса... Эртага барча кофир-у мажусийлар муслимларга қарши бош кўтармагайми?
— Ғирром мажусийни жазолаш лозим! — деди Шоҳқулибек.
— Ўлдириш лозим! — деди Валибек.
Байрамхон ҳеч қандай ғирромлик бўлмаганини ўз кўзи билан кўрган бўлса ҳам, Акбарнинг Гул- муҳаммадга ачинмагани, уни майиб қилган Бҳишан Чандга эса мукофот бергани катта бир адолатсизликдек туюлди. Бҳишанни ўлимга буюриш ҳам ортиқча бир шафқатсизлик бўлишини оталиғ ҳар қалай сезди. Аммо бу филбоннинг адабини бериб қўймаса, Акбар ва унинг тарафдорлари жуда ҳовлиқиб кетадигандек кўринди. Байрамхон ҳали ҳам тожсиз подшо эканини кўрсатиб қўйгиси келди. Филбон Бҳишан Чанд Гулмуҳаммадни майиб қилганлиги учун Байрамхон уни ўртачароқ бир жазога — ўн беш дарра уришга буюрди.
Акбардан мукофот олган ғолиб филбоннинг Байрамхон томонидан жазога буюрилиши — икки орадаги зиддиятнинг қанчалик кескин тус олганини ошкор қилиб қўйди. Одамлар Акбарнинг орага тушишини ва оталиғидан шафқат сўрашини кутдилар. Аммо Акбар ҳозир оғиз очса, оталиғига: «Мен подшомен, бу адолатсизлигингиз учун ўзингизни жазога буюришга ҳақлимен!» деб юбориши мумкин.
Байрамхоннинг атрофидаги одамлар нақадар шафқатсиз эканини кўра-била бундай гапни айтиш — ёш боланинг ишини қилиш бўлар эди. Улар Акбарни ҳам бир кечада Турдибекка ўхшатиб ўлдириб юбориши ёки Пирмуҳаммад атканинг аҳволига солишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун Акбар ичидагини уларга сездирмай, зимдан тайёрлик кўриши керак. Ота-боболардан ўтган сабр-бардош унга яна иш берди. Акбар тишини тишига қўйиб индамади, оталиғига бирон оғиз сўз қотмади. Гўё бепарво юриб Зарафшон боғига қайтиб кетди. Фақат кеч кирганда Бҳишан Чанд ҳам боққа келиб, дарра зарбидан моматалоқ бўлиб кетган елкасини очиб кўрсатганда Акбарнинг ғазаби келди. Интиқомга тўла паст товуш билан:
— Улар сизни эмас, мени калтаклашди! — деди. — Бунинг қасоси қайтгусидир!
Акбар кечаси билан ухлай олмай тўлганиб, Байрамхонни ҳокимият тепасидан қандай кетказишни ўйлаб чиқди. Оталиғи унга доим: «Ёғийни ғафлатда қолдириб, шердай пусиб боришга ўрганинг!» деб таълим берарди.
Акбар ана шу ўгитга амал қилди-ю дилидаги ниятини Аградаги бирор кишига сездирмадаи. Унинг учун бехатарроқ жой — Деҳли эди. Энг ишонган кишилари ҳам ҳозир ўша ёқда. Акбар Байрамхонни ҳокимиятдан кетказиш ҳақидаги қарорини Деҳлига бориб эълон қилганда Аградагилар унинг ўрнига Комроннниг ўғлини тахтга чиқармаслиги учун Акбар Абулқосимни бирга олиб кетиши керак.
Наврўз яқин эди, Акбар ҳар байрамда онасидан хабар олиб турар эди. У оталиғига шуни осойишта туриб айтди, гўё ораларидан ҳеч бир хафалик ўтмагандай хайрлашишди. Абулқосим эса кўпдан бери Акбарга
— Мени Деҳлига бирга олиб кетинг, — деб илтимос қилиб юрар, буни Байрамхон билар эди. Шунинг учун Акбарнинг бу гал амакиваччасини бирга олиб кетаётганидан Байрамхон ортиқча бир шубҳага бормади. «Хайрият, филбонини жазолатганимга унча хафа бўлмабдир, попуги босилиб, дуруст бўлиб қолибдир», деган ўй билан Акбардан ўзича мамнун ҳам бўлди.
_____________
* О т а ш д о р — оловдор дегани. Фил жангини тўхтатиш керак бўлса оташдор майдонга киради.
***
182
Бироқ шундан кейинги воқеалар худди дарё тошиб, атрофини сув босгандагидай таҳликали тус олди. Тошқин гоҳо шундай секин бошланадики, қирғоқдан узоқда турган бинолар, боғлоқлик моллар тагига аввал озгина лойқа сув ўрмалаб келади. Бироқ сув сатҳи тўхтовсиз кўтарилиб боради. Тошқин уйларга ёпирилиб киради, лойқа сув ичида қолган қантариғлик отлар нўхтасини узгудай безовта бўлиб кишнайди. Бир вақт қарасангиз, тошқин авжига чиқиб, деворларни қулатади, одамлар ва молларни оқизади, катта-катта пичан ғарамларини лапанглатиб ўрнидан қўзғатади ва кўтариб олиб кетади.
Наврўз кунлари Байрамхоннинг хуфиялари Деҳлидан келтирган ахборотлар тошқин сувнинг аввал жимгина ўрмалаб келганига ўхшади. Акбар Кобулдан Мунимхон деган бегини, Бҳирадан Шамсиддин аткани чақиртирибди. Деҳли кутвали Шаҳобиддинга: «Давлатни ўзим бошқармоқчимен, оталиғим истеъфога чиқса майли», деган маънода мактуб юборибди. Ёш йигит, бу гапни Моҳим энага ва Ҳамида бегимлар таъсирида айтган бўлса керак, аммо ҳали давлатни бошқара оладиган даражада тажрибаси йўқлиги Байрамхонга маълум. Шунинг учун вакили салтанат бу гаплардан унча таҳлика-ю саросимага тушмади. Фақат барча вилоят ҳокимлари-ю пойтахтдаги аъёнларни ички кураш бошланганидан хабардор қилиб, махфий мактублар юборди: «Акбар мирзони сиз-у бизга қарши қўзғатаётган ғанимларимиз хуруж қилмоқда. Деҳлидан нохуш хабарлар олдик, навкар-у қурол-аслаҳани тайёр тутинг, майдонга чиқиш зарур бўлганда махсус фармон юборгаймиз, иншоолло, бизга қасд қилганлар паст бўлғай!»
Махфий девоннинг Муборак исмли бошлиғи Акбарга содиқ киши эди, Байрамхон ёздирган бунга ўхшаш хатлардан нусхалар кўчиртириб, деҳлига яшириқча юбориб турди. Оталиғнинг ҳар бир қадами Акбарга маълум эканини Байрамхон ҳамал ойининг бошларида Акбар Деҳлидан юборган мактубдан билди. Майин ипак қоғозга ёзилган бу мактуб Байрамхонга уйларни босиб йиқитадиган ва одамларни оқизиб кетадиган даҳшатли бир тошқиндай таъсир қилди. «Муҳтарам Байрамхон жанобларига» — деб бошланган биринчи сатрданоқ кучли тўфон Байрамхоннинг «оталиғ, вакили салтанат, хони хонон» деган юксак унвонларини чўктириб юборгандай туюлди.
«Сизнинг бобурийлар хонадонига қирқ йил давомида қилган буюк хизматларингиз оламга машҳурдир. Ҳазрат отам билан биз сизнинг яхшиликларингизни доим муносиб равишда тақдирлашга интилдик, даргоҳимизда энг юксак эъзозда бўлдингиз, кўнглингиз тилаган кўп нарсаларга эришдингиз, биз ёш бўлганимиз учун тўрт йилдан бери вакили салтанат лавозимида давлатни бошқардингиз».
Акбар «бунинг ҳаммаси энди ўтмишга айланди» дегн оҳанг билан ёзгани Байрамхонни ларзага келтирди. Наҳотки буни Акбар ўзи ёзган бўлса? Моҳим энагами? Ҳамида бегимми? Йўқ, мана, сатрлардан гўё Акбарнинг ўз овози эшитила бошлади, Байрамхон бу овозни таниди:
«Оталиғ лавозимида бизга берган тарбиянгиз, ўргатган сабоқларингиз умрбод ёдимиздан чиқмагай. «Бизнинг ҳаммамиз ҳақ олдида бўйин эгурмиз, адолатни отамиздан ҳам баланд қўймоғимиз керак», деган сўзларингиз хотиримга нақшланиб қолган. Мен шу эътиқодга таяниб иш қилмоқдамен. Минг афсуски, сўнгги пайтларда манфаатга берилган ғаразли одамлар сизни ўраб олди. Шоҳқулибек сизга энг яқин маҳрам бўлди, у билан Валибек иккови ўзларини подшодан ҳам баланд тутиб, биз билан от устида туриб обрў талашганда, бу одобсизликка чек қўймадингиз. Бошқаларга лак-лак инъомлар бериб саховат кўргаздингиз, бизнинг шахсий харажатларимиздан маблағни тежаб, муте қилиб қўйдингиз. Қайси бирини айтайки, ёмон одамларни эъзозлаб, бизга энг яқин кишиларни туҳмат билан жазолатдингиз».
Акбар ичига ютиб юрган барча аламларини энди бирдан тўкиб солган, тўғон очилганда сув қирғоқларини босгани каби, Байрамхоннинг вужудини ички туғён чулғаб олди. Акбар барча гина-кудуратларини айтиб бўлгач:
«Сўз кор қилмаслигига қайта-қайта амин бўлганимдан сўнг, ҳокимиятни ўз илкимга олишга
183
қатъий қарор бердим, — деган эди. — Бугундан эътиборан хазиначига фармон юборилдиким, бизнинг муҳримиз ва рухсатимизсиз ҳеч кимга бирон танга пул берилмасин, барча давлат маҳкамалари фақат бизнинг кўрсатмамиз билан иш олиб борсинлар.
Сиз менга давлат ишларидан чарчаганингизни, тинч бир гўшада дам олгингиз борлигини, ҳажга бормоқчи эканлигингизни айтган эдингиз. Энди бу ниятларингизни бемалол амалга оширмоғингиз мумкин. Сиз жаҳонда танилган бадавлат одамсиз, атрофингиздаги манфаатпарастлардан тезроқ холос бўлмоғингиз учун ҳажга боришингиз мақсадга мувофиқдир. Сизнинг бехатар ҳаж қилиб келишингиз учун зарур бўлган барча қўриқчилар тайин этилгусидир, ҳамма эҳтиёт чоралари кўрилгусидир. Фармон бердикким, сизнинг мол-у мул- кингизга ҳеч ким дахл қила кўрмасин. Қандаҳор ҳам жогирингиздир. Уй-жойингиз, хизматкорларингиз — ҳаммаси ўз ихтиёрингизда қолғай.
Агар бизга имкон берсангиз, сизни ҳамиша отамиз ўрнида эъзозлагаймиз, барча тажовузлардан ҳимоя қилгаймиз.
Сиз мени қатъиятга ўргатгансиз. Шогирдингиз ўз вазифасини адо этишга қатъий киришганда, бундан хафа бўлмассиз, балки ёрдам бергайсиз деган умиддамен»...
Бир пайт Ҳожи Муҳаммад Сейистоний саросима аҳволда Байрамхоннинг олдига кириб, ўзининг вазирлик лавозимидан бўшатилганини айтди ва Акбарнинг бу ҳақидаги махсус фармонини кўрсатди. Кўп ўтмай жума намозидан қайтган шайх Гадойи:
— Э-воҳ, бизни ҳам садрлар судури лавозимидан бекор қилдилар! — деб титраб-қалтираб хабар берди. — Суннийпарастлар мени «рофизий» деб тошбўрон қилишларига сал қолди. Шайх Ансорий суннийларни бизга қарши қўзғатиб, ўзи ғолиблардек тантна қилмоқда! Бу не бедодлик, жаноби Байрамхон?! Сизни Акбар вакили салтанат лавозимидан олиб ташлаганини Ансорий масжидда йигирма минг намозхонга эълон қилганда, душманларингиз: «О-о! Худога шукур!» деб юбордилар.
Шоҳқули маҳрам ҳам барча имтиёзларидан маҳрум этилганлиги ҳақида фармон олди-ю, уни йиртиб-йиртиб оёқлари билан тепкилади:
— Мана, мана, Акбарнинг фармони! Биз унинг ўзини тахтдан ағдаргаймиз! Ўрнига бошқа темурийзода топилгай!
Шоҳқули маҳрам Комроннинг ўғли Абулқосимни излай бошлади. Шунда Байрамхон Абулқосимни Акбар Деҳлига олиб кетганини эслади...
Зимдан пухта тайёрланган бу тўнтариш Байрамхонни эсанкиратиб қўйди. Селдай ёпирилиб келаётган ўзгаришларни таҳлил қиладиган аҳволда эмас, нуқул куйиб ёнади. Атрофидагилар эса бутун айбни Акбарга тўнкаб, оловга мой сепгандай исёнкор гаплар қилишади:
— Бу қутурган амирзоданинг жазосини бермоқ керак!
— Ҳажга ўзи борсин!
— Ахир ҳаж йўлида ўлдирилганлар озми?
Байрамхон барча яқинларига ва оила аъзоларига дарҳол кўч йиғиштиришни буюрди. Муҳташам кўшкларда, Ҳашт Биҳишт боғининг чаманзорлари орасида даврон суриб юрган мингдан ортиқ одам бугун худди уй-жойларини сув босаётгандай шитоб билан Аградан кўча бошладилар. Байрамхон Акбардан хат келтирган Адҳамхонни чақирди ва унга ўзининг қисқагина жавобини тутқазди:
«Амирзода! Мен ҳаж йўлида ҳалок бўлишни истамаймен. Отангиз Қандаҳорда эканида инилари уни ҳажга жўнатмоқчи бўлишганини онангиз Ҳамида бегим яхши эслатсалар керак. Сиз ўшанда бешикда эдингиз. Отангиз ҳажга боришнинг ўлим билан тугашини билгани учун ҳатто бешикдаги ёлғиз ўғлини ташлаб, Қазвинга кетган ва ўша ёқларда жон сақлаган эди. Уни ҳажга қувмоқчи бўлганлар — охир-оқибатда ўз қилмишларининг жазосини олганлари сизга маълум. Бу аччиқ сабоқни унутиб бўлмагай. Мен сизга меҳримни бердим, фарзандимдан зиёд кўрдим. Оқибат шу бўлдими?»
Байрамхон хатининг охирига аламли бир рубоийсини илова қилди:
184
«Аввал мени хизматингга маҳрам қидинг, Базминг аро ҳамзабону ҳамдам қилдинг, Охир яна илтифотни кам қилдинг Расвойи тамоми аҳли олам қилдинг».
***
Адҳамхон кўка бу жавобни деҳлига етказиб борганда Байрамхон Жамна ва Ганга оралиғидаги дуоба* йўллари билан Лахўрга қараб кетмоқда эди. Унинг одамлари:
— Сиз Лахўрга киришингиз билан Лахўрнинг бек-у навкарлари Акбарга қарши бош кўтарурлар! — деб ишонтирган эдилар. Савр ойининг исиқ кунларида салкам олтмиш ёшли Байрамхон ҳар куни отда эллик милдан* йўл босиб, тўрт кунда Сирҳиндга яқинлашди.
Бу орада Акбар ва Пирмуҳаммад аткалар Деҳлидан йўлга чиқишган экан. Лахўрга Деҳли яқинроқ бўлгани учун улар Сирҳиндга олдинроқ етишган ва Лахўрнинг йўлини тўсишга улгуришган эди. Бҳирадан Шамсиддин атка одами билан Акбарга келиб қўшилди. Шарқдаги Калпидан келган Алиқулихон жанубдаги Малвадан чақирилган Баҳодирхонлар ҳам Акбар томонига ўтганлиги маълум бўлди. Байрамхон яккаланиб қолди. «Панжобда ҳамма бизга қўшилиб исён қилгай!» деган кароматлар ёлғон чиқди.
Тўрт кун қаттиқ иссиқда шоша-пиша йўл юришдан хотинлар ва болалар уриниб, касалланиб қолишди. Бундан нарида хавф-хатар беҳисоб. Шунинг учун Байрамхон Салима бегимни, Нозия бибини, тўрт яшар Абдураҳим ва бошқа бола-чақаларини Сирҳиндда қолдирди-да, ўзи мингдан ортиқ содиқ кишилари билан жануби шарқдаги Биканирга йўл олди.
Орқадан Акбарнинг тўрт саркардаси бирлашиб, Байрамхонникидан уч баробар катта қўшин билан таъқиб этиб келмоқда. Шу орада чопарлар Байрамхонга Акбарнинг яна бир мактубини келтириб беришди.
«Бизнинг саройимиз ҳам, дилимиз ҳам сиз учун ҳамон очиқ, — деб бошланарди Акбарнинг мактуби.— Сиз замонанинг энг буюк донишманд сиймоси бўлганингиз учун биз сизни хонбобо деб улуғлар эдик. Ўша эҳтиромимиз ҳали ҳам йўқолган эмас. Кучлар нисбатини кўриб турибсиз. Агар сиз енгилсангиз, мен учун ҳам бу қора кун бўлғай. Чунки ота-боладай одамларнинг бир- бири билан жанг қилиб, қон тўкишини худо ҳам кечримагай, тарих ҳам. Очиқ айтай: мен сиз билан урушишни истамаймен. Биринчи бўлиб ўқ отмаслик ҳақида фармон берганмен. Сиздан илтимос, адоват йўлидан қайтинг. Бир вақтлар менинг ҳазрат отамни инилари билан яраш- тирган пайтларингизни эсланг. Оға-ини адоватига астойдил қарши турган масъуд дамларингизни менга сўзлаб берганларингиз ёдимда турибдир. Ҳажга боргингиз келмаса саройга қайтинг, биз сизни энг юксак эъзоз билан кутиб олгаймиз, барча унвонларингизни тиклагаймиз».
Бу мактуб таъсирида Байрамхоннинг Акбар билан ота-боладай яқин бўлган пайтлардаги илиқ туйғулари уйғонди. «Ўзим элчи бўлиб, ўринсиз адоватларни бартараф қилиб юрган эдим-ку, энди менга не бўлди?» деб дилидаги кудуратни босишга уринди.
Аммо бек-у аъёнларини машваратга чақириб, уларнинг фикрларини эшитган сари яна авзойи ўзгара бошлдаи.
— Биз таслим бўлсак, Пирмуҳаммад атка қасос олмагунча тинчимагай! — деди Валибек. — Акбарга билдирмай ўлдириб юбориш иликларидан келмагайми?
Шайх Гадойи сўз олди:
— Бу мактубни ҳам Пирмуҳаммадга ўхшаган айёр тулкилар ёзган! «Адоват йўлидан қайтинг» эмиш. «тарих ҳам, худо ҳам кечирмагай» эмиш! Ёш йигит отасидан катта Байрамхонга бундоқ ақл ўргатгани кулгили эмасми?
Яқин одамларининг бу гаплари ҳам Байрамхонга асосли туюлди. Акбар ўзи Ҳисор Феруз деган
185
жойда тургани маълум. У Байрамхон билан урушишни ўзига эп кўрмаётгани рост бўлиши мумкин. Лекин ҳозир Акбарнинг қўшинига Пирмуҳаммад атка бошчилик қилмоқда. Байрамхон Акбарга ёзган жавобида: «Сиз менга қарши турган тўғонларни очиб юбордингиз, энди бу тошқинни ўзингиз ҳам идора этолмагайсиз! — деди. — Мен Пирмуҳаммад атка кабиларга таслим бўлиб, хор-зорликда ўлгандан кўра жанг майдонида мардона ҳалок бўлишни афзал кўргаймен».
Акбар бу жавобни олгандан сўнг, олдинги сафга Пирмуҳаммадни эмас, Шамсиддин аткани қўйди ва «иложи борича урушманг!» деб фармон берди. Пхилаур деган жойда Шоҳқули маҳрам бошлиқ қизилбошлар Шамсиддин атканинг қўшинига тўсатдан ҳужум қилди. Шамсиддин атка Акбарнинг буйруғига бўйсуниб, ўқ отмади ва чекинди. Аммо «ёғий мағлуб бўлиб чекинди» деб руҳи кўтарилган Шоҳқули маҳрам ҳужумни янада кучайтирди. Гунакур деган жойда Шамсиддин аткага Пирмуҳаммад ва Алиқулихонлар ўз қўшинлари билан ёрдамга етиб келдилар. Улар Шоҳқулибекни уч томондан қуршаб олиб, қилич билан чопиб ташладилар. Байрамхон бошқа содиқ кишиларини қутқариш учун ёв отлиқларига қарши элликта маст филни жангга солди. Бироқ бу филларни миниб бораётган филбонлар орасида кекса Лаъл Чанднинг тарбиясини олган, унинг ўғли Бҳишанга дўст бўлган, шу туфайли Акбарга зимдан ён босадиган ҳинд маҳаватлари бор эди. Улар маст филларнинг йўл танламасдан ботқоқлик орқали ҳужумга бораётганини сезсалар ҳам, ўзларини сезмаганга солдилар. Олдинги филлар ботқоққа ботиб юролмай қолдилар. Орқадагилари бошқа ёққа бурилиб, то ботқоқликни айланиб ўтгунларича Пирмуҳаммад атка ва Алиқулихонлар Валибекни ҳам, Байрамхоннинг бошқа юзлаб бек-у навкарларини ҳам қириб ташладилар. Байрамхон қолган қутган озгина одами билан тоғ томонга чекинди ва қоятош устига қурилган Тилвор қалъасига кириб, унинг дарвозасини бекиттирди.
Қасоскор Пирмуҳаммад атка қалъани уч минг қўшин билан ўраб олди. Аграда бошланган сув тошқини гўё шу тоғларгача кўтарилиб келгандай бўлди. Қалъа ночор, заҳира йўқ, Байрамхоннинг элликтагина одами қолган. Пирмуҳаммад атка бошлиқ қўшин бу қалъага селдай ёпирилиб кириши ва Байрамхонни ҳалок этиши ёки асир олиб, қўлини орқасига боғлаб чиқиши муқаррар эди...
Бу даҳшали тошқинни бошлаган Акбар уни чиндан идора этолмай қолди-ю, узоқдан туриб, Бай- рамхонга яна ёрдам қўлини чўзди.
Оқ байроқ кўтарган элчи Акбарнинг қисқагина мактубини қалъага олиб кириб, Байрамхонга топширди. Хатнинг бошидаги:
«Хонбобо! — сўзи Байрамхонга масъуд кунларини эслатиб, вужудига нурли бир ҳарорат бергандай бўлди.— Ишонинг, хонадонимизга қилган аввалги яхшиликларингизни мен кейинги дилсиёҳликларнинг барчасидан баланд қўйгаймен. Сизнинг қонингизга ташна қасоскорлар борлиги рост. Менга имкон беринг, сизни уларнинг тажовузидан қутқарай. Не шартингиз бўлса, айтинг, фақат энди адоватни бас қилайлик, бошқа қон тўкилмасин. Бу фармон эмас, балки илтимос!»
Байрамхон Акбар чўзаётган қўлни бу гал қайтаролмади. Акбар уни фақат вақтинча қутқариши ва ҳимоя қилиб туриши мумкин, Байрамхон буни биларди. Аммо лашкарбоши бўлиб олган Пирмуҳаммад атка Байрамхонни йўқ қилмагунча тинчимаслиги аниқ эди. Жавоб хатида Байрамхон Акбарга фақат биттагина илтимосини айтди: «Пирмуҳаммад атка мендан иложи борича узоқда юрсин. Мунимхон, холисроқ одам келиб мени ҳузурингизга олиб борса, қайтишга розимен».
Орадан икки кун ўтгач, Тилвор қалъасини қамал қилиб ётган қўшин Акбарнинг фармони билан Аграга қайтарилди. Олтмиш яшар нуроний мўйсафид Мунимхон Байрамхонни Тилвордан олиб чиққанда сув тошқини гўё босилган, ҳаммаёқ тинчиб қолган эди.
______________
* Д у о б а — икки сув оралиғи.
*Эллик мил—саксонкилометргаяқин.
186
***
Бир вақтлар Ҳумоюннинг Комрон билан ярашган пайтини кўрган Акбар, саройга Байрамхон қайтадиган пайтда оёқ тагига чиройли пояндоз тўшатди. Байрамхон шу пояндоз олдига келиб отдан тушди-ю, Акбарнинг тахти қўйилган жойгача юз қадам масофани қирмизи пояндоз устидан юриб борди. Акбарга яқинлашганда бир тиззасини ерга қўйиб юкунмоқчи бўлди. Шунда Акбар унга пешвоз чиқиб, қўлидан олди-да, ўрнидан турғазди, унга қучоқ очиб:
— Хонбобо! — деди.
Бу қадар илиқ муносабатни кутмаган Байрамхон Акбарни бағрига олиб, юзини унинг елкасига босдида, йиғлаб юборди.
— Амирзодам!.. Ўша минг отлиқ арава.. мени олиб қочиб кетган экан... Кейин билдим...
— Ўтган ишга салавот! — деди Акбар ва атрофларини ўраб турган бек-у аъёнларига юзланди. — Жаноблар, бугундан эътиборан оталиғимизнинг хони хонон унвонлари қайта тикланди. Ҳаммангиз хони хонон жанобларини бизнинг маънавий отамиз ўрнида кўриб, муносиб равишда эъзозлагайсизлар!
Eртаси куни шу маънода махсус фармон ёзилиб, барча вилоятларга юборилди. Сўзда Байрамхоннинг аввалги мавқейи тикланди. Лекин амалда Байрамхоннинг рақиблари Акбарнинг пинжига кириб олишган.
Мавқейи баланд Пирмуҳаммад атка Байрамхон билан яккама-якка дуч келиб қолса аччиқ кино- ялар қилади:
— Хони хонон жаноблари бизни бир пиёла сув каби чимчилоқлари билан тўкиб-сочиб юбормоқчи эдилар... Лекин тақдир экан, акси бўлди!..
Байрамхонни ҳокимият ҳовлиқтирган пайтида чиндан катта кетиб айтган гаплари энди уни ўсал қилади-ю, атканинг бу кинояларига дафъатан, жавоб тополмайди. Аммо уйга қайтганда, дардини қоғозга тўкиб шеър ёзади:
Байрамхонга басе ғариблик кор этди, Ғурбат ани хор-у зор-у бемор этди.
Ё рабки, балоларга гирифтор ўлсун Ҳар кимки ани ғамга гирифтор этди.
Душманлари саройда яна унинг устидан кулмоқчи бўлганларида Байрамхон шу ўткир сатрларни уларга гўё найза қилиб отди. шеърий найза Байрамхонни хор-у зор қилиб аламдан чиқаётган Пирмуҳаммад атканинг қулоғига етганда унинг жони чиқиб кетди:
— Бу — қарғиш-ку! — деди атка ва шеърни яхшилаб кўчиртирди-да, Моҳим энагага элтиб кўрсатди: — Қаранг, биз Байрамхонни амалидан туширганимиз учун ҳаммамизни «балоларга гирифтор бўлинглар!» деб қарғабдир!
— Фақат бизни эмас, подшоҳни ҳам қарғаган! — деди Моҳим. — Ахир Байрамхонни ҳокимият тепасидан ағдариб ғамгин қилган энг улкан одам Акбаршоҳ эмасмилар?!
— Нақадар доносиз, Моҳим! Подшоҳимизни бу шеърдан ўзингиз огоҳ қилинг, оталиғининг чаёндай чақишини билиб қўйсинлар!
Моҳим энага ҳозир Акбарнинг энг ишонган кишиси бўлиб қолган эди. Байрамхоннинг шеъри саройда қанақа гап-сўзларга сабаб бўлаётганини Акбарга айтиб берди:
— Байрамхонга шунча яхшилик қилсангиз ҳам, қарғишини қўймайдилар! Илоҳим сиз-у бизга тилаган балолари ўзига урсин!
Акбар Моҳим энагага болалигидан ишониб ўрганган. Энаганинг шу изоҳи таъсирида Байрамхоннинг шеъри унга ҳам қарғишдай туюлди. Оталиғи ўзининг бошига ўзи кулфат келтирганини нега ўйламайди? Агар уйида Салима бегим ҳам Байрамхонни ғамга гирифтор
187
қилаётган бўлса, буни нега ўзидан кўрмай, бошқаларга ёмонлик тилайди?
Шу гаплар таъсирида Акбар билан Байрамхоннинг орасига яна совуқлик тушди. Байрамхонни ҳажга жўнатиш ҳақидаги гап қайта қўзғалди. Акбар бу гапга на «ҳа», на «йўқ» демас, лекин унинг сукути — ризолик аломати эканини кўпчилик сезади. Байрамхон фисқ-у фасодга тўлган саройдан кетмаса бўлмаслигини сезди-ю, одамларига кўч йиғиштиришни буюрди. Жўнашига бир кун қолганда Акбарнинг хонайи хосига кирди.
Акбар унинг ғамгин ва касалманд юзига қараб ўнғайсизланди.
— Наҳотки бизни бутунлай тарк этмоқчи бўлсангиз? Ахир биз... сизнинг кўмагингиздан... яхши маслаҳатингиздан умидвор эдик.
— Маслаҳатгўйларингиз етарли, амирзодам.
— Аммо бу ҳокимият... сиз айтган минг отлиқ арава... Мени шошириб қўймоқда!.. Уни олишдан ҳам бошқариш мушкул экан...
Акбар энди ёшликдагидек самимий гапиргани учун Байрамхон ҳам унга илиқ жавоб берди:
— Ота-боболарингизга умр бўйи азоб берган бу арава ҳали сизнинг бошингизга ҳам кўп кулфатларини солса керак. Маслаҳат шулки, тизгинларни мендан тортиб олдингиз, энди бошқаларга берманг. Мендек одамни ҳовлиқтирган ҳокимият Моҳим энагадек аёл кишини ёки Адҳамхондек йигитчани хато йўлларга олиб кириб кетиши ҳеч гап эмас. Аравани ҳайдайдиган одам унинг устида ўлтирса ҳам, «аравакаш», яъни аравани тортиб борувчи ҳисобланадур. Кеча-ю кундуз шу минг ғилдиракли аравани ўзингиз тортиб бораётгандек меҳнат қилмасангиз муродга етолмагайсиз. Ҳамма ишда танаффус бўлмоғи мумкин, аммо ҳокимият араваси кеча-ю кундуз тинимсиз юргай, сал бехабар қолсангиз манфаатпарастлар уни бошқа томонга буриб кетгайлар ёки ташқи ғанимлар ғафлат пайтида келиб тортиб олгайлар.
Акбар Байрамхоннинг сўзларида катта бир ҳақиқат борлигини дил-дилидан сезиб, оғир тин олди:
— Бу сўзларингизни ҳам, менга қилган барча яхшиликларингизни ҳам унутмагайменг, хонбобо. Мендан не талабингиз бор, буюринг, бажонидил адо этай!
Байрамхон бошини солинтириб бир лаҳза жим қолди. Акбарнинг дил ёриб гапиргани унга ҳам энг яширин дардини айтиш имконини берди:
— Сиз ёш бўлсангиз ҳам, ҳозир менга сирдошсиз. Ёшликда берган кўнгил унутилмас бир бало бўлур экан. Кексайганимда ёшлик оловини дилимда қайтадан ёндирмоқчи бўлдим. Лекин бу мумкин эмас экан... Ўзимни ҳам, Салима бегимни ҳам беҳуда азобларга қўйганимни кейинроқ фаҳмладим. Нозия биби — ўғлим Абдураҳимнинг онаси... Менга меҳри яхши... Уни бирга олиб кетгаймен. Салима бегим Аграда қолгай... Менинг душманларим нақадар кўплиги сизга маълум. Агар куним битса... умидим борки, Салима бегимни сиз ҳимоясиз қолдирмассиз...
Бўғиқ товуш билан васиятга ўхшатиб айтилган бу сўзлардан Акбарнинг эти жимирлаб кетди:
— Хонбобо, сизни тангрим ўзи асрасин! Мен сизга керагича қўриқчилар бергаймен, сафарингиз бехатар бўлиши учун барча чораларни кўргаймиз. Аммо албатта қайтиб келинг, биз сизни кутгаймиз!
Байрамхон бош чайқади:
— Энди қайтолмасам керак! Энди қолган умримни шоир бўлиб ўтказмоқчимен. Мен туркман элиданмен. Шу элга қайтсам, зора элдошларим мени ўзларининг шоирлари деб қабул қилсалар... энди... алвидо!
Улар маъюс видолашдилар.
***
Бир вақтлар Зарафшон боғида боғбон бўлган Муборизхон (аввалги Афзалбек) Акбар ва Пирмуҳаммаднинг гапларини Байрамхонга етказиб юриб унинг яқин одамига айланган эди. Бироқ Байрамхон енгилиб, Акбарга энг яқин одам — Адҳамхон ва унинг онаси Моҳим энага
188
бўлиб қолганини кўрган Муборизхон, ҳамон Байрамхоннинг хизматида юрган бўлса ҳам, энди унинг ички сирларини Адҳамхонга етказиб турди ва унинг содиқ хуфиясига айланди.
Адҳамхон келажакда Байрамхон каби вакили салтанат бўлиш орзусида эди. Бунинг учун аввал Байрамхонни, ундан сўнг Мунимхонни йўқ қилиш фикрига тушган. Муборизхон шу режаларни амалга оширишда унга астойдил хизмат қилса Адҳамхон уни ҳалигача ушалмай келаётган орзуларига етказиши, катта амал ва мулк инъом этиши мумкин.
Муборизхон Байрамхоннинг энг ишончли хизматкорлари қаторида сафарга бирга чиқди. Адҳамхон унга Аҳмадободдан наридаги Патан шаҳрининг кутвали Мусахон Пулодий билан яширин алоқа боғлашни буюрди. Патан Гужарат подшосига қарар, бу ерда Акбарнинг ҳукми ўтмас эди. Адҳамнинг ошнаси Мусахон эса Аграда Байрамхон билан чиқишолмай, порахўрликда айбланиб, тўрт йил бурун Патанга кетиб қолган, аммо Адҳамхон билан ҳалигача мактуб ёзишиб турар эди. Энди Адҳамхон билан Пирмуҳаммад атка Байрамхонни Патанда ўлдириш режасини шу Мусахон билан тил бириктириб туздилар. Муборизхон икки орада махфий воситачи вазифасини ўтади.
Режани бевосита амалга оширадиган қотиллар — бундан беш йил олдин Сирҳинддаги жангда буйруқни бажармагани учун Байрамхон томонидан қатл эттирилган Музаффар Лоҳанининг қариндошлари орасидан танланди. Байрамхон ҳажга борадиган мўйсафидлар каби оқ сўф* ридо кийган, қурол-яроғи йўқ. Унинг шуҳрати бутун Ҳиндистонга тарқаган, Ажмир ва Аҳмадобод орқали Патангача бўлган бир ойлик йўл давомида Байрамхонни яқиндан бир кўришга, унинг икки оғиз сўзини ёки бирон байт шеърини эшитишга иштиёқманд одамлар тўда- тўда бўлиб атрофини ўраб олишар эди.
Тўпланганлар орасида, албатта, унинг бошига тушган кулфатлар ва мағлубиятларни ҳам эшитган, «ҳокимиятдан қувилган катта амалдорнинг аҳволини бир кўриб қўяйлик!» деб совуқ синчковлик билан тикиладиган нохайрихоҳлар ҳам йўқ эмас. Байрамхон айниқса шуларни ёмон кўрарди. У шон-шуҳратнинг оғир юкидан ҳам безган, иложи бўганда ёлғиз сайр қилгиси, янги шеърлар ва достонлар ҳақида ўй сургиси келарди. Патан кутвали Мусахон Пўлодий эски хафагарчиликларни унутгандай бўлиб, Байрамхонни гўё илиқ қарши олди, унга шаҳар четидаги кўкаламзор ва хилват ўрмонзорларни кўрсатди.
Шимолий ўлкаларда қиш чилласи бошланган бўлса ҳам, Патанда ҳаво худди кўклам пайтидагидек, сўлим, ғарб томонда унча узоқ бўлмаган денгиздан сарин шабада эсиб турарди. Байрамхон мана шу гаштли ҳавода ўрмон ичида ёлғиз сайр қилишга чиқди. Жамол ва бошқа қўриқчи йигитларига жавоб бериб юборди. Байрамхоннинг ёнида фақат «садоқатли» Муборизхон қолди. У эса Музаффар Лоҳанининг ўғли Муборак билан яшириқча учрашиб тил бириктириб қўйган эди.
Сербарг жамн* ва амалбед* дарахтлари орасидан йигирма-ўттизта одам чиқиб кела бошлаганда Байрамхон: «Синчков томошабинлар шу ерда ҳам тинч қўйишмайди-я!» — деб хиёл ранжиди. Аммо атрофини ўраб келаётган одамларнинг важоҳати қўрқинчли эканини кўриб сесканиб кетди.
— Муборизхон! — деб ҳамроҳини чақирди.
Бироқ Муборизхон уни хундор душманларига тутиб бериб, ўзи аллақачон ғойиб бўлган эди. Байрамхон йигитлардан бирининг қўлида совуқ йилтираган икки учли ханжарни кўрди. «Жамудхар» деб аталадиган бу даҳшатли ханжарнинг сопи қайчиникига ўхшар, икки учи баданга санчилгач, ҳар икки дастаси бармоқлар билан қисилар ва аъзоларни қайчидай қирқиб, қиймалаб, одамни тил торттирмай ўлдирарди. Байрамхоннинг саросимали хаёлида Панипатдаги чодирда ўлдирилган Турдибек гавдаланди. Унинг ҳам биқинига мана шунақа икки тиғли ханжар санчилганда, бечора кўзлари косасидан чиққудек қийналиб, инграб жон берган эди.
Аммо ҳозир икки учли жамудхар баланд бўйли мўйловдор афғон йигити Муборак Лоханининг қўлида эди.
189
— Менинг отамни сен Сирҳиндда қилич билан чопдирган эдинг, қотил! — деб Муборак жамудхар тутган қўлини баланд кўтарди. — Энди қасос қайтгай!
Байрамхоннинг назарида, икки тиғ унинг икки кўзига санчиладигандек кўринди. Байрамхон қўллари билан юзини тўсди-да, кетига тисарилди. Орқадан бостириб келган йигитлар уни Муборак томонга қаттиқ итариб юбордилар. Байрамхон чирпирак бўлиб учиб, Муборакка елкаси билан урилди. Шу пайт икки тиғли ханжар унинг икки кураги остига ғарчиллаб санчилди...
Қон тўкиб қутурган қотиллар Байрамхоннинг хотини билан боласини ҳам ўлдирмоқчи ва бор- будини таламоқчи бўлдилар. Лекин Жамол бошлиқ туркман йигитлари Нозия биби билан Абдураҳимни Патандан соғ-саломат олиб чиқиб кетдилар. Байрамхонни қонга беланган кийими билан салласига ўраб Патанда шаҳидлардек дафн этдилар*.
Отасидан айрилиб Аграга йиғлаб қайтган Абдураҳимни Акбар қўлига кўтариб, бағрига босди: — Мендан ҳам хатолик ўтди, оталиғимни ҳажга юбормасам бўларди!.. Энди отангга узолмаган қарзларимни сенга узгаймен, Абдураҳимжон!
Акбар бугунги бош вазир Мунимхонга буюрди:
— Махсус фармон ёздиринг: Абдураҳимни мен фарзандликка олурмен. Подшоҳ ўғлига қандай кийим-у таом, қанча хизматкор-у улуфа лозим бўлса ҳаммаси тайин этилсин.
Ҳали Акбарнинг ўзи фарзанд кўрмаган ўн тўққиз ёшли йигит бўлгани учун у Абдураҳимни фарзандликка олгани баъзиларга эриш кўринди. Лекин унинг энг яқин кўкалдоши Азизхон Абдураҳимга бек атка қилиб тайин этилди. Гулафшон боғи соқчи ва хизматкорлари билан Абдураҳимнинг ихтиёрига берилди. Агранинг энг фозил одамлари Абдураҳимни шаҳзодалардай тарбиялаб парвариш қила бошладилар.
Байрамхонга аза тутиб қора кийган уч хотинидан бири Салима бегим бўлди. Акбар оталиғининг Аградаги уйига фотиҳага борганда ичкари ҳовлига кириб Салима бегимдан кўнгил сўради. Ҳамида бегим Салиманинг олдида ўтирган экан. Ёш бева юм-юм йиғлаб деди:
— У киши ўлгунча мен ўлсам бўлмасдими? Кошки бизда ҳам сати* одати жоиз бўлса, мен ҳам ўша оловда куйиб кул бўлганим яхши эди!
Eнди ўн саккиз ёшга кирган жувоннинг бунчалик куйиниши Ҳамида бегимни таажжубга солди: — Вой, Салимажон, сизга не бўлди? Ҳали гулдай ёшлигингиз турибдир...
— Очилмай сўлган гул энди кимга керак, ҳазрат бегим?! Бахтим қора бўлмаса шу кунлар бошимга тушармиди?!
Акбар Салиманинг нега бундай деяётганини тушуниб турарди. У энди ўзини Акбарга номуносиб сезиб шунчалик куюнмоқда эди. Лекин Акбарга у ҳали ҳам аввалгидай гўзал кўринар, унинг дардини Акбар дил-дилидан сезгани сари кўнгли бузилиб, томоғига ёш тиқилиб келарди.
— Салима, — деб Акбар овози олиниб гапирди, — мен сизни ўшанда ҳимоя қила олмадим... Ўзимни ҳалигача гуноҳкор сезурмен... Вақти келгай, бу гуноҳимни албатта ювгаймен.. Тупроғимиз бир жойдан олинган, толеимиз ҳам бир бўлғай!..
Бу гаплар Салима бегимга тасалли берди, аммо Ҳамида бегимни ўйлантириб қўйди. Наҳотки Акбар шу бевани олмоқчи бўлса?
Байрамхоннинг йигирмаси, қирқи ва бошқа маросимлари ўтгач, Салима азадорлик кийимларини ечди. У Ҳашт Биҳишт боғида кузги гуллар қийғос очилган пайтларда бодом гулли қабо кийиб юрганини Акбар кўрди-ю, онасининг олдига борди. Томоқ қириб, ийманиб гап бошлади:
?