АГРА ҲОКИМИЯТ ТАЛОТУМЛАРИ
Eгасини йиқитиб кетадиган асов отлар бўлади. Лекин филбонга хартуми билан чанг соладиган, уни йиқитиб, оёғи билан топтаб ташлайдиган маст филлар отлардан юз чандон даҳшатлироқ бўлишини Акбар Ҳиндистонга келгандан кейин кўрди.
Бу қудратли жониворлар беғубор болалар ва ёш ўспиринлар билан яхши чиқишар эди. Акбар ўн ёшида Бҳирада биринчи марта филга миниб кўрганда худди юриб кетаётган баланд қоятошнинг устида ўлтиргандай сесканган эди. Отасининг қадрдон филбони Лаъл Чанд уни аввал ювош филларга миндириб ўргатди. Филнинг супрадай кенг қулоқлари остига тиззани тиқиб маҳкам ўлтириш, анкуш деб аталадиган темир таёқча билан уни хиллалаб бошқариш ва филбонликка оид бошқа нозик ишлар, муомалаларни бажо келтиришни Акбар ўн уч ёшида билиб олди. Филлар ширинликни яхши кўрар, шакарқамиш ерди. Акбар Панжобнинг Манкот деган жойидаги катта филхонада бу жониворлар яхши кўрадиган емишлардан пиширилган гуруч, бодом ва асал қўшилган гажаражлардан едирган. Дилшанкар, Дамудор, Жҳалпа деган филлар билан жуда иноқ бўлиб олган эди. Бу зийрак жониворлар яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам унутмас экан. Бҳай деган бир филбон Акбарнинг Дамудор учун берган гажаражини охуридан олиб, бошқа филга берган экан. Бир кун Дамудор маст бўлиб, занжирини узиб кетди. Бҳай қаршисидан чиқиб уни тўхтатмоқчи бўлганда хартуми билан уриб йиқитди. Шунинг устига Акбар фил яхши кўрадиган ширин емиш олиб келиб қолди. Дамудор уни таниди. Акбар қўлида анкуш билан:
— Дамудор, тўхта, Дамудор! — деб, филга илиқ гапирди. — Мен сенга гажараж олиб келдим! Ол, егин, Дамудор!
Фил маст бўлганда овқатга унча қарамайди. Аммо Акбарнинг аввалги яхшиликлари Дамудорнинг ёдидан чиқмаган эди. Акбар унинг олдинги ўнг оёғини силаб:
— Дамудор, оёғингни тут! — деди. Фил оёғини тутиб бермаса унга миниб бўлмас эди. Дамудор хартумини кескин силкитиб наъра тортди. Ҳозир унинг бутун вужуди хуружга келган пайтда устига ҳеч кимни миндиргиси келмас эди. Лекин Акбар уни силаб-сийпаб яна илиқ гапирди. Ҳиндчалаб:
— Билле! — деди. — Дамудор! Билле!*
Ниҳоят, Дамудор ўнг оёғини тиззасидан букди-да, кенг, доира шакл қора товонини Акбарга тутди. Акбар шу товонга оёғини қўйди-да, қўлини юқорига чўзиб, филнинг қалин қулоғидан тутганича, унинг бўйнига чиқди. Акбар уни ўрмонга сайрга олиб борди, дарёда чўмилтирди. Филнинг ховурини босиб, яна филхонага қайтариб олиб келди.
171


Шундан кейин филбонлар Акбарнинг маҳаватлик* истеъдоди ва журъатига тан бердилар. Лаъл Чанд унга фил уриштиришни ҳам ўргата бошлади.
Ҳарбий филларни жангга тайёрлаш учун уларни маст қилиб, махсус бир майдонда уриштириб кўриш одати Ҳиндистонда қадимдан бор эди. Филлар уришаётганда унинг устида маҳавати бўлади. Катта майдон ўртасида тупроқдан кўтарма қилинади. Икки фил кўтарманинг икки томонидан келиб, аввал бир-бирини хартуми ва тиши билан ура бошлайди. Уларнинг улкан оёқлари остида тупроқ кўтарма нураб, қулаб тушади. Маҳаватларнинг ҳар бири ўз филига буйруқ бериб, йўл-йўриқлар кўрсатиб туради. Филлар гоҳо бир-бирига шундай қаттиқ уриладики, маҳават бўшроқ ўлтирган бўлса, хасдай учиб кетади. Ғазабнок фил ўз рақибини енгиш учун аввал унинг устидаги маҳаватини йиқитишга, уни хартуми билан уриб туширишга ҳаракат қилади. Чунки маҳавати уриб туширилган фил енгилган ҳисобланади. Катта баландликдан йиқилган маҳават эса бирон жойи синиб майиб бўлади, гоҳо уришаётган филларнинг оёғи тагида топталиб, ўлиб кетади.
Шунинг учун филини уриштиришга олиб чиқадиган филбон худди ўлимга кетаётган одамдай уйидаги яқинларидан ва филхонадаги ҳамкасбларидан рози-ризолик сўраб, ҳамма билан хайрлашиб майдонга чиқади.
Ўсмирлик оловлиги туфайли Акбар мана шу хатарли фил уришига биринчи марта маҳават бўлиб қатнашганда ўн тўрт ёшда эди.
Байрамхон фил уришида Акбарга бирон кор-ҳол бўлишига хавотирланиб, аввал унга рухсат бермади.
— Тождору шаҳзодаларга, ҳатто, чавгон ўйнаш мумкин эмас, — деди Байрамхон. — Чунки мухолиф томон қасддан гўй ва чавгончўп билан уриб, тождорга шикаст етказиши мумкин. Фил уриштириш эса чавгондан минг ҳисса хатарлироқ!
Лекин Акбар маст филларни қандай дадиллик ва усталик билан мина олишини оталиғи ҳам кўрди. Акбар Дамудор номли ўша зўр филни мастлиги тарқагандан сўнг Байрамхонга инъом қилди. Бундан мамнун бўлган оталиқ, ниҳоят, Акбарнинг маҳават бўлиб фил уриштиришига ҳам рухсат берди.
Акбар Жҳалпа деган жанговар филни миниб майдонга чиқди. Лакна деган иккинчи маст филни Лаъл Чанд минди. Байрамхон рақиб томонга атайлаб Акбарни яхши кўрадиган ва уни эҳтиёт қиладиган маҳаватни қўйган эди. Филлар бир-бирларини тишлари ва хартумлари билан уриб бир ярим соат олишдилар, аммо маҳаватларини йиқитолмадилар. Шунинг учун олишув дуранг билан тугади.
Шундан кейинги тўрт йил давомида Акбар яна анча маст филларни минди ва уларнинг аёвсиз жангларига ҳам қатнашди. У Аградаги кескин зиддиятлардан ва оталиғи билан икковининг орасини бузаётган бек-у аъёнларнинг фисқ-у фасодларидан таъби кир, кўнгли ғаш бўлган пайтларда фил миниб кўнгил ёзар эди.
_______________
***
Акбар Манкотда юрганда Байрамхон уч кун тўй бериб, Салима бегимга уйланган эди. Шундан бери икки орада пайдо бўлган дилсиёҳлик тобора кучайиб кетяпти. Турдибек ўлдирилгандан буён Байрамхонни ёмон кўрадиган Моҳим энага хони хононни Акбарга нуқул ёмонлайди:
— Ҳокимият оталиғингизни ховлиқтириб қўйди! Хони хонон илгари бундақа эмас эди. Ҳозир унвонига ҳам қаноат қилмай, ўзи подшо бўлмоқчи эмиш! Салима бегимдан ўғил кўрса «бу ҳам Бобур авлодидан» деб, ўзиникини тахтга чиқармоқчи-да! Сизни тахтдан четлатмоқчи оталиғингиз, амирзодам, эҳтиёт бўлинг!
172


Акбар Байрамхоннинг бунчаликка боришига ишонмаса ҳам, аммо энди ундан жуда эҳтиёт бўлиб юрар, дилида оталиғига қарши норозиликлар тобора кўпайиб борар, бу туйғулар ҳаммаси бир кун эмас, бир кун оловланиб портлаб кетиши мумкинлигини сезар эди. Байрамхон Салима бегимга уйланганига, мана, икки йил бўлди, аммо ҳалигача ундан фарзанд кўргани йўқ. Саройда бўлаётган миш-мишларни Акбар кўкалдоши Адҳамдан эшитди:
— Салима бегим Байрамхондан фарзанд кўришни истамас эмиш. «Мени ўз холимга қўйинг, Нозия биби сизга мунтазир, боринг», деб эшикни ичидан қулфлаб олармиш. Байрамхон зўравонлик қилишга журъат этмасмиш. Салима бегим ўзини бир нарса қилиб қўйишидан қўрқармиш! Кекса одам, кўрпасига қараб оёқ узатса бўлмасмиди?!
Акбар саройда Байрамхонни кўрганда унинг нимадандир эзилиб, ич-етини еб юрганини сезарди. Хуфиялар ҳар хил иғволарни унинг қулоғига ҳам етказиб борсалар керак. Байрамхон бир кун Акбарни холи топиб, янги ёзган ғазалидан бир неча байтини ўқиб берди:
Ҳар сўзки ғаразгў деса, эй ёр, инонма, Арбоби ғараз сўзига зинҳор инонма.
Ҳар дам санга юз сўз мени маҳрумдин айтиб. Ҳар сўзда анинг юз ғарази бор, инонма.
Ҳар неча жафо кўрса вафо тарки қилурму Байрамки, билур ўзни вафодор, инонма.
Акбар оталиғининг бу ҳароратли байтлар билан нима демоқчи эканини тушунди.
— Хонбобо, мен ҳам жафо кўрсам-да, ҳали тарки вафо қилган эмасмен, — деди. — Лекин... ўн саккизга кирдим, подшо деган номим бор. Одамлар менга арз-у дод қилурлар.
— Сизга не хусусда арз қилмоқдалар, амирзодам?
— Шайх Гадойи садрлар судури бўлмоқчи эмиш. У одам шиа мазҳабидан. Саройдаги кўпчилик бек-у аъёнлар эса суннийлар. Суннийпараст руҳонийлар ҳам дод-фарёд кўтаргай.
— Амирзодам, сиз нечун бу дод-фарёдларга қулоқ солмоқдасиз? Ахир бу суннийпарастлар мудом торлик қилурлар! Ҳиндистон эса жуда кенг мамлакат. Кўпчилик халқи — ғайридин. Шерхон шуни ҳисобга олиб, ҳиндларга бағрикенглик қилди-ю, кўп ютуқларга эришди. Мен ҳам ҳозир давлат идораларига энг истеъдодли ҳиндларни ишга олмоқдамен. Тодар Мал деган бир ҳинди ҳисоб-китоб ишига беҳад уста. Ўзи оддий халқ орасидан чиққан фозил йигит. Солиқ ишларини яхши йўлга қўймоқда. Суннийпарастларингизнинг бошлиғи шайхулислом Ансорий шу ҳиндини саройда кўриб қолиб: «Бу мажусийни ким олий даргоҳга киритди?» деб жанжал кўтарди. Шунда шайх Гадойи менинг тарафимни олди. Бу шайх Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ерли халқнинг тилини ҳам, дилини ҳам, урф-одатини ҳам яхши билур. Ўзи адолатли, раҳмдил одам.
Акбарнинг дилидан эса: «Бу шайх шунчалик адолатли-ю раҳмдил одам бўлса, Салима бегимни макр-у ҳийла билан отасидан катта қарияга никоҳлаб берармиди?» деган фикр ўтди.
***
Шайх Гадойи садрлар судури қилиб тайинлангандан сўнг барча қозиларни янгилади, масжидларнинг вақфларини ҳам суннийпараст руҳонийлардан тортиб олиб, ўзига ёққан бошқа мазҳабдаги шайх ва уламоларга бера бошлади. Шайх Ансорий бошлиқ суннийпарастлар худди инига чўп тиқилган арилардай вижиллаб, шайх Гадойига қарши қўзғалдилар. Уларга Байрам- хондан норози бўлиб юрган бек-у аъёнлар қўшилди.
Акбар кимнинг гапига ишонишини билмай, интиҳосиз низолардан тўйиб кетганда Деҳлига, онаси ва энагаси Моҳим бибининг ёнига борарди. Лекин Деҳлида Байрамхонга душман бўлиб қолганлар Аградагидан ҳам кўп. Моҳим энаганинг иниси Шаҳобиддин Ҳамида бегимнинг
173


тавсияси билан Деҳли шаҳрига кутвал қилиб тайинланган эди. Бу одам жияни Адҳамхон орқали Пирмуҳаммад атка билан тил бириктирган, ҳаммалари бирлашиб, Байрамхон билан шайх Гадойини юксак лавозимларидан четлатиш фикрига тушган. Лекин Акбар уларнинг гапига кирса ички уруш бошланиши ва қон тўкилиши мумкинлигини билади, ўз атрофидаги беклардан ҳеч бири бу улкан давлатни Байрамхончалик уддалаб бошқара олмаслигини сезади. Шунинг учун у Деҳлидаги зиддиятлардан ҳам ўзини четга олиб, яна Аграга қайтади. Бундан бир ойча бурун Акбар Аградаги Зарафшон боғининг тиллакори шийпонида ўлтирганида Пирмуҳаммад атка ҳовлиқиб келди-ю:
— Амирзодам, сиз ҳокимиятни ўз илкингизга олмоғингиз керак! — деди. — Аградаги Қиличхон Андижоний, Калпидаги Алиқулихон ўзбеклар ҳам сизга содиқ. Шайх Ансорий фатво беришга тайёр. Кўпчилик дин аҳлининг шайх Гадойини кўрарга кўзи йўқ.
Бу гапларга шийпон орқасидаги дарахтлар панасида туриб гўё гулларнинг тагини чуқалаб юмшатаётган серсоқол боғбон зимдан қулоқ солмоқда эди. Кобулда Саид Халил қилтомоқ бўлиб ўлиб кетгандан сўнг Комрон билан Бҳаккарга қочган Афзалбек шу эди. Комрон Ҳумоюн билан ярашганда Афзалбек жазодан қочиб, Панжобга келди. Исломшоҳ хизматига ўтиш учун ўзига Муборизхон деган афғонча янги ном қўйди. Бобурийларга оид кўп сирларни Исломшоҳга айтиб бериб, беш-олти йил унинг хизматида юрган Афзалбек ҳокимият яна ўзгарганда Байрам- хон ҳузурига келди.
Байрамхон уни аввал Афзалбек бўлиб юрган пайтларида танимас, бирда-ярим кўрган бўлса ҳам унутиб юборган эди. Муборизхон — Афзалбек — ўзи ҳам йигирма йилдан бери жуда ўзгариб кетган, узун мош-гуруч соқолли кекса одамга айланган, лекин хуфиялик ишида маҳорати янада ошган эди. Шунинг учун Байрамхон уни Зарафшон боғига боғбон тайинлаган, айни вақтда, Акбарни йўлдан урмоқчи бўлган бек-у аъёнларнинг сўзларидан оталиқни огоҳ қилиб турувчи хуфия қилиб қўйган эди. Муборизхон ҳозир қулоғини динг қилиб, Акбарнинг жавобини кутди. — Оталиғим бизга кўп яхшиликлар қилган, — деди Акбар, — мен унинг юзига оёқ қўёлмагаймен!
— Аммо оталиғингиз сизга шунча ёмонликлар қилса майлими? Салима бегим унинг даргоҳида бебахт... Нажотни ҳамон сиздан кутмоқда! Деҳлида отангизга улкан мақбара қурмоқчи эдингиз. Қурилиш ҳалигача бошлангани йўқ. Оталиғингиз каттароқ маблағ бермайдир!
— Ҳатто шахсий харажатларимга ҳам пулни кам бериб, мени жуда қисиб қўйганлиги рост! — деди Акбар алам билан.
— Аммо Байрамхон ўзи ҳаммадан бой! Қандаҳордай улкан вилоят унинг жогири. Ҳар йили лак- лак олтин танга даромад олмоқда! Атрофига шайх Гадойи, Валибек, Шоҳқули маҳрамга ўхшаган қизилбошларни йиғиб олган. Уларга энг катта лавозимлар-у жогирларни берган. Ҳар бири сиз-у биздан бой! Қачонгача бу бедодликка чидагайсиз, амирзодам? Ахир сиз подшосиз! Хазина сизники, барча вилоятларда сизнинг номингиз хутбага қўшиб ўқилмоқда. Аммо хазинага сизнинг муҳрингиз билан қоғоз олиб борилса пул берилмайдир! «Фақат вакили салтанат Байрамхоннинг имзоси-ю ижозати билан пул берилсин!» деган фармон бор. Хазиначи бу фармонни бузса, жазо олгай! Ахир бу адолатсизлик эмасми? Бу фармонни қачон бекор қи- лурсиз? Ҳамма жойда сизнинг муҳрингиз билан иш олиб борилмоғи керак-ку! Буюринг, содиқ бек-у аъёнларингиз буни жорий этсинлар!
Пирмуҳаммад атка айтган бу ишни жорий этиш — давлат тўнтариши ясашдай мушкул ва хатарли эди. Байрамхоннинг феъли маълум. Атрофидагилар ҳеч балодан қайтмайдиган шафқатсиз одамлар. Улар Турдибекни чодирда қандай ўлдирганлари Акбарнинг кўз олдига келди. Узоқ жимликдан сўнг Акбар:
— Ҳали шошмайлик, — деди. — Мен ўйлаб кўрмоғим керак. ***

174


Ўша куни кечаси Муборизхон — Афзалбек бу гапларни оқизмай-томизмай Ҳашт Биҳишт боғидаги Байрамхонга етказиб борди. Байрамхон аввал бир оловланди, кейин мулоҳаза қилиб кўриб, Акбарнинг вазминлигига тан берди. У оталиғига Салима бегим ҳақида ҳам ҳалигача бирор оғиз сўз айтгани йўқ. Салима бегим Акбарга қариндош, кўришиб, гаплашаман деса, ҳеч ким тақиқлай олмайди. Лекин икки орадаги ишкалликни баттар қўзғамаслик учун Акбар Байрамхоннинг ҳарамидаги аммабаччасидан атайлаб ўзини узоқ олиб юрибди. Байрамхон гоҳо бу йигитдаги бардошга ҳайрон қолади. «Қонида бор шекилли-да»,— деб ўйлайди. Бобур ҳам шу ёшда термизлик Боқи Чағониёнийнинг аввалги яхшилигини унутолмай, унинг қанча гуноҳларини кечиргани, Ҳумоюн ўз инилари билан муносабатда қанчалик бардошли бўлгани Байрамхоннинг хаёлидан ўтади.
Аммо Акбарни Байрамхонга қарши қўзғатмоқчи бўлган Пирмуҳаммад атка жазосини олмоғи керак!
Eртаси куни Байрамхон уни ўз девони хосига чақиртирди. Нозирул мулук Пирмуҳаммад эрталабдан Байрамхоннинг авзойи ёмонлигини одамлардан эшитган ва ўзини касалга солиб, уйига бориб ётган эди. Унинг касали ёлғонлигини фош қилиш учун Байрамхон уч-тўрт яқин мулозимлари билан отланиб тўғри Пирмуҳаммаднинг уйига йўл олди. Ҳовли дарвозаси олдида турган қоровул:
— Берухсат киргизманг деб буюрган эдилар, — деди-да, дарвозани очмади: — Мен ҳозир ичкарига кириб, рухсат сўраб чиқгаймен!
Қоровул Байрамхонни танимаслиги мумкин эмас эди. Давлат бошлиғини бекик дарвоза олдида куттириб қўйиш Байрамхон билан бирга келган шайх Гадойи ва Шоҳқули маҳрам томонидан учига чиққан одобсизлик деб баҳоланди. Байрамхон қоровулнинг қайтиб чиқишини кутиб турмасдан отининг жиловини орқага бурди. Саройга қайтгач, Валибек унинг номидан Пирмуҳаммадга қисқа бир хат ёзиб юборди:
«Сен жаноби хони хононнинг ҳузурига келганингда юпун кийинган бир муллоча эдинг. Хони хононнинг тавсияси билан атка бўлдинг. Бу улуғ зот сени нозирул мулук лавозимига кўтардилар. Энди сен бунинг ҳаммасини унутдингми? Билиб қўй, бизнинг қаршимизда сенинг бир пиёла сувчалик ҳолинг бор, вакили салтанат чимчилоғи билан бир урсалар тўкилиб, сочилиб кетгайсен. Агар жонингдан умидинг бўлса тезроқ ақлингни йиғиб, тавба қилгани келгайсен!»
Пирмуҳаммад хат келтирган кишига: «Eртага эрталаб боргаймен», деб жавоб берди. Кечки пайт Акбарнинг номига мактуб ёзиб, воқеани баён қилди:
«Амирзодам, боғда, сўзлашган гапларимизни кимдир оталиғингизга етказганга ўхшайдир. Мен қочмасам қасд олғайлар. Валибек ёзган хатни ўқиб кўринг. муҳрларни хони хононга қайтариб юбормоқдамен. Менинг лавозимим унинг одамларидан яна бирортасига керак, чамаси. Аммо Сизга ҳамиша содиқмен, қачон чорласангиз хузурингизга етиб келгаймен». Пирмуҳаммаднинг нозирликдан ташқари, панжҳазора* деган ҳарбий унвони ва беш минг навкари бор эди. Кечаси қоронғида у энг содиқ кишиларидан мингтачасини йиғди-ю, Аградан яшириқча чиқиб, Гужарат томонга қочди.
Бу орада Байрамхоннинг яқинлари уни оталиққа қарши фитнада айблаб, ҳибс қилиш ҳақидаги буйруққа қўл қўйдирган эдилар. Тун ярмидан ошганда қамаш учун келган одамлар уни тополмадилар, сўнг мол-у мулкини мусодара қилдилар. Ўзи топилмагани учун оила аъзоларини Биана қалъасига элтиб ҳибс қилдилар.
Байрамхоннинг ёнида катта лавозимга кўз тикиб юрганлардан бири эронлик Ҳожи Муҳаммад Сейистони эди. Икки кун ўтмасдан Байрамхон бу одамни Пирмуҳаммаднинг ўрнига ички ишлар нозири* қилиб тайин этди. Аграда Акбар суянадиган сирдош нозирул мулук энди йўқ, унинг ўрнини Байрамхоннинг яна бир ашаддий тарафдори эгаллади.
Акбар Пирмуҳаммаднинг оила аъзолари, жумладан, хотини Ҳакима биби ҳибсга олинганини
175


эшитиб, Байрамхоннинг ҳузурига кирди:
— Хонбобо, Ҳакима биби ҳам менга оқ сут берган энага! Унда айб йўқ! Ҳибсдан бўшатмоқ керак.
— Амирзодам, Пирмуҳаммад аткангиз менга қарши фитна уюштирганидан сиз хабардормидингиз?
— Мен уни бу ёмон йўлдан қайтарган эдим.
— Аммо у қайтмабдир. Айби бўйнига қўйилишини сезиб қочибдир. Оиласи эса бу ишда унга ёрдам берибдир.
— Атканинг қочишига сизнинг номингиздан ёзилган мана бу мактуб сабаб бўлмишдир! — деб Акбар Валибекнинг Пирмуҳаммадга дўқ қилиб ёзган ҳақоратомуз хатини оталиғига кўрсатди: — Хонбобо, атрофингиздаги баъзи жаноблар сизга эркалик қилиб, ҳаддидан ошиб кетмоқдалар. Сиз менга «Инонма» радифлик ғазалингизни ўқиб берган эдингиз. «Ғаразгўйларга инонманг» деган гапни энди мен ҳам сизга айтмоқчимен!
— Аммо сиз менга инонасизми, амирзодам? Пирмуҳаммад мени давлат тепасидан ағдармоқчи бўлди. Хотини ҳам бу ишда унга ҳамкор. Шунинг учун ҳибс қилинди. Бунга инонмасангиз, демак, менга инонмайсиз!
— Энагам менга онам ўрнида. Икковингизга ҳам инониб ўрганганмен!
— Аммо ҳокимиятнинг барча тизгинларини битта одам ўз илкида тутиб турмаса, давлатни бошқариб бўлмагай, амирзодам! Сиз ҳали бу минг ғилдиракли улкан аравани бошқариш қанчалик қийинлигини тасаввур этолмайсиз. Ҳокимият ўзи нима? Соддароқ қилиб айтганда, минглаб асов отлар қўшилган улкан арава! Минг ғилдирак ҳаммаси тинимсиз ҳаракатда, минг отнинг тизгинларини кимдир тўғри йўлга солиб турмоғи лозим. Сал бехабар қолсангиз, отларнинг бир қисми аравани бошқа ёққа олиб қочиб кетгай, ботқоққа ботқизиб қўйғай, ҳатто жарга ағдаргай. Орага бошқа одамлар суқулса-ю, тизгинларнинг бир қисмини бу ёққа бурса, бир қисмини у ёққа бурса, арава сарсон бўлиб, жарга қулаб тушмагайми?
Байрамхон Акбарнинг кўзларига синовчан назар билан тикилди:
— Агар сиз шу минг ғилдиракли аравани мендан яхшироқ бошқаргаймен десангиз, агар минглаб асов отларнинг тизгинларини илкингизда мендан яхшироқ тутиб тура олсангиз, марҳамат, мен ҳаммасини сизга топширгаймен! Давлат ишлари мени беҳад чарчатди. Бир умрга етадиган мол-мулким бор. Бошқа не керак? Дам олай, ашъор ёзай. Жанг-у жадалларда қонлар тўкиб, гуноҳлар қилганмен. Шу гуноҳлардан покланмоқ учун ҳажга бориб келай. Олинг, барча тизгинларни, ҳокимиятни ўзингиз бошқаринг!
Акбар оталиғи айтган баҳайбат аравани ва унга қўшилган минглаб асов отларни ўзича тасаввур этди-ю, эти жунжикди. Бу аравани оталиғидан яхшироқ ҳайдашга у ҳали тайёр эмас эди. Мабодо, таваккал қилиб: «Беринг жиловни!» деса, Пирмуҳаммад аткаси каби қувғинга учраши ҳеч гап эмас, чунки Байрамхон давлат тепасидан кетса, унга суяниб турган шайх Гадойи, Ҳожи Муҳаммад Сейистоний, Валибек, Шоҳқулибек каби ўнлаб яқинлари барча лавозимла-ри-ю имтиёзларидан ажралиши муқаррар. Шунинг учун Байрамхон истаса-истамаса, унинг атрофидагилар давлат тепасига бошқа одамни келтирмасликка интилади. Мабодо, Акбар келадиган бўлса, уни аравадан ағдариб ташлайди-ю, бошқа итоаткорроқ, ёшроқ бобу- рийзодани хўжакўрсинга подшо қилиб кўтаради.
Байрамхоннинг кўзлари тагига яширинган киноя ҳам, «қани, ҳокимият талашиб кўр-чи, не аҳволга тушаркинсен!» деяётганга ўхшарди.
Яқиндагина онаси Акбарга Деҳлидан махфий хат ёзиб, уни огоҳлантирган эди: «Агар сиз оталиғингизга қарши бош кўтарсангиз, Байрамхоннинг тарафдорлари сизни қувиб, ўрнингизга Комрон мирзонинг ўғли Абулқосимни тахтга чиқармоқчи эмиш. Ахир унинг отаси ҳам подшо бўлган-ку! Тинч юринг, Акбаржон. Агар Деҳлига келсангиз, Абулқосимни бирга олиб жўнанг. Бу мактубни ёндиринг. Сизни соғинган онангиз».
Абулқосим ҳали ўн икки ёшга тўлмаган ўспирин. Байрамхон унга яна беш-ўн йил оталиқ
176


бўлиши мумкин. Унгача Салима бегим ўғил туғиб берар. Акбар эса ўн саккизга кириб, ҳокимият тизгинини қўлга оладиган ёшга етиб қоляпти...
Оталиғининг синовчан назари олдида бу нарсаларни хаёлдан ўтказишнинг ўзи Акбарни даҳшатга келтирди.
— Хонбобо, мен сиз билан ҳокимият талашмайдирмен! — деди. — Сиз айтган минг отлиқ аравани бошқариш қанчалик қийинлигини менга ҳазрат отам айтганлар, ҳазрат бобом китобларида ёзиб кетганлар. Майли, барча тизгинлар сизнинг илкингизда турсин. Фақат, менинг илтимосимни ҳам рад этманг. Ҳакима энагам туҳматга учраб, ҳибсда ётмасин. Бўша- тинг!
Қочиб кетган Пирмуҳаммадга нафрати чексиз бўлган Байрамхон:
— Ҳаммасини қаттиқ тафтиш қилиб, айбларини бўйинларига қўйгаймиз! — деди.
Демак, ҳибсдагиларни айбига иқрор қилиш учун қанча қийноқларга ҳам солишлари мумкин...
______________
*Бэш минг боши дэгани—генералунвонигатўғрикелади. * Н о з и р — министр.
***
Акбар оталиқ билан бу ҳақда бошқа баҳслашиб ўлтирмади-ю, таъби тирриқ бўлиб саройдан чиқди ва филхона томонга бурилди. Бу ердан маст филнинг наъраси эшитилмоқда эди. Филбонлар бошлиғи Лаъл Чанд олтмиш ёшларга бориб, анча қариб қолган, бугун уйига кетган, унинг ўрнида йигирма ёшли ўғли Бҳишан Чанд ишлаб турар эди.
Жангларда олдинги сафда борадиган Фавждор* исмли улкан фил занжирни узгудай бўлиб силкиниб, шовқин соларди. Акбар унинг маст бўлганини сезди. Бҳишан Чанд Фавждорнинг емишига мастликни тарқатадиган дори гиёҳдан қўшиб берди. Аммо фил бу гиёҳнинг ҳидини ёмон кўрарди, емишга қарамади. Шундан сўнг маҳават фил чанқаганда ичадиган сувга ширинлик билан ўша дори гиёҳдан аралаштирди-ю, ёғоч челакка солиб, филнинг олдига олиб борди. Аммо филбон унга иккинчи марта ёмон кўрган гиёҳини олиб келгани учун Фавждорнинг ғазаби қўзиди. Мастлигида эгасини ҳам аямайдиган Фавждор хартуми билан филбон кўтариб келган челакни шундай қаттиқ урдики, челак бир томонга учиб кетди, Бҳишан Чанд иккинчи томонга сирғалиб йиқилди. Челакдаги ширин сув ерга тўкилиб, филбоннинг устига сачради. Бҳишан Чанд филнинг оёғи тагида қолишдан қўрқиб, четга эмаклаб қочди.
Акбар Фавждорнинг занжирдан бўшамоқчи бўлиб талпинаётганини, ўрмонда, дарё бўйида эркин юрган пайтларини қўмсаётганини сезди. Унинг ўзи ҳам ҳозир саройдаги зиддиятлар занжиридан қутулишни истарди. Бҳишанга қараб:
— Мен Фавждорни миниб сайр қилиб келсамчи? — деди.
— Йўқ, йўқ, амирзодам! Бунга яқин борманг! Фавждор жангларда одам ўлдириб ўрганган шафқатсиз фил! Бўшатсак, сизни йиқитиб қочиб кетгай! Мен сизга сайр учун бошқа фил бергаймен.
Аммо Акбар ҳозир маст филни мингиси келар, ўткир хавф-хатар туйғуси билан қалбидаги дилсиёҳликлар ғуборини тарқатгиси келарди. Шунинг учун Бҳишан Чанднинг гапига қулоқ солмай, Фавждорнинг орқа томонига ўтди. Фил орқа оёғидан занжирбанд қилинган, териси қалин бўлса ҳам, ҳадеб силтанаверганидан, оёғи анча шилинган эди. Акбар қўлидаги темир таёқча билан, филнинг номини айтиб, унга иложи борича мулойим гапириб яқинлашди. Акбар илгари Фавждорга уч-тўрт марта минган, унга хуштаъм емишлар берган эди. Ҳозир шу филнинг эсига тушди. Акбар занжирни ечгач, фил анча енгиллик сезиб, унга томон ўгирилди. Акбар яқин бориб, унинг устундай оёқларини силаб-сийпади:
— Қани, Фавждор, оёғингни бер! Билле! Фавждор.
Фавждор наъра тортиб норозилик билдирса ҳам, ахийри, ўнг оёғини букиб, Акбарнинг юқори
177


чиқишига имкон берди. Акбар тиззаларини филнинг қулоқлари тагига тиқиб, унинг гардани яқинига маҳкам ўлтириб олгач:
— Юр! — деб буйруқ берди. — Мел! Юр!
Фавждор бусиз ҳам филхонадан ташқарига отилиб чиқди. Доим кўзга ташланмасликка тиришиб, Акбарни қўриқлаб юрадиган икки девқомат йигит унинг ҳаёти учун жавобгар эдилар. Акбар минган фил наъра тортиб, лўкиллаганича дарё бўйидаги қалин дарахтзорга қараб чопиб кетди. Қўриқчилар отланиб унинг кетидан тушдилар. Акбар қўлидаги темир таёқча билан филнинг гарданига уриб, уни йўлга солмоқчи бўлди. Лекин Фавждор энди унга итоат этмас эди. Йўлида учраган буталарни босиб-янчиб, дарахтларнинг шохларини қарсиллатиб синдириб ўтаётганда Акбар унинг боши устига эгилиб, қулоқларига қўллари билан ёпишар, шундай қилмаса, шохларга илиниб, ерга чалпак бўлиб йиқилиши мумкин эди.
Отлиқлар дарахтзор орасидан ўтолмай қолиб кетди. Бир вақт Фавждор дарё бўйидан чиқди. Ҳут ойи. Жамнада сув озайиб, ўрталарида қумлоқ оролчалар пайдо бўлиб қолган. Маст фил ўзини дарёга ташлади. Унинг устида ўлтирган Акбар шу филнинг ўзидай улкан хатарни ҳис қилган сари қалбида ҳаёт-мамот туйғуси кучайиб борди. Уни қийнаган сарой зиддиятлари ха- ёлидан узоқлашиб кетди. Дарё суви юзига, қўлларига алланечук ёқимли тегди. У оғзининг тахир бўлиб кетганини, лаблари қуруқшаб, тили оғзида яхши айланмай қолганини энди сезди. Фил бўйнигача сувга ботиб, Жамнанинг қорамтир сувида суза бошлади. Акбарнинг оёқлари, шоҳона этиги сув ичида кўринмай кетди. Дарё салқини уни анча ўзига келтирди. Бир қўлини сувга солди-да, панжасини чайқаб, кафтида сув олиб ичди. Шу пайт орқадан Лакна деган филни миниб Бҳишан Чанд етиб келди ва Акбарнинг кетидан дарёга тушди. Фавждор яхши сузар эди, кўп ўтмай дарё ўртасидаги четлари қумлоқ, ўртаси дарахтзор оролга етиб борди. Аммо қирғоққа чиққиси келмай, саёзроқ жойда тўхтадида, хартумига сув олиб, сағрисига сепа бошлади.
Бу орада Лакна билан Бҳишан уларга етиб олишди. Лакна мода фил эди, ҳозир унинг осуда, вазмин, ҳомиладорлик даври. Бултур Фавждор у билан кўп ўйнашган ва иккови қўшилишган эди. Яна икки йилдан сўнг* туғиладиган бўлажак филчанинг отаси Фавждор эди. Шунинг учун Бҳишан Фавждордорнинг хуружини босишда Лакна ёрдам берар деган умид билан шу мода филни миниб, Акбарга ёрдамга шошилган эди. Филлар ҳўл хартумларини бир-бирига яқинлаштириб искашди. Фавждор яна бир бўкириб қўйди, аммо товуши аввалгидай ғазабнок ва баланд эмас. Жинниларча югуриш, айниқса, салқин дарё бўйлаб сузиш унинг мастлигини бир қадар босган эди.
Бҳишан «подшога бирон шикаст етса мен балога қолурмен», деб қўрқиб ранги оппоқ оқариб кетган эди. Акбар ҳам ўзининг қўллари титраётганини энди сезди. Бҳишаннинг ранги ўзгариб кетганини кўриб:
— Сиз мунча қўрқдингиз, соҳиб? — деб кулди.
— Аҳволингиз жуда қўрқинчли эди-да, амирзодам! Кришна* сизни паноҳида асрасин!
— Мен ҳазрати Сулаймондан* мадад сўрадим. Хайриятки, икковимизнинг илтижомиз ҳам ижобат бўлди.
Акбарнинг бу сўзларидан Бҳишаннинг юзига қон югуриб, кўзлари мамнунлик билан чақнаб кетди. Акбар уни ўзига яқин олиб «икковимиз» дегани беҳад ёқимли эди. Жангларда одам ўлдириб ўрганган даҳшатли маст филни бугун Акбар каби миниб, ўрмон-у дарёларни оралаб чопишга анча-мунча маҳават журъат этмаган бўларди. Бҳишаннинг кўзи олдида Акбар Рамадай* довюрак йигит, айни вақтда, оддий бир филбон — маҳават бўлиб кўринди. Акбар шу ҳар икки жиҳати билан бу меҳнаткаш ҳинд йигитининг дилига беҳад яқин ва чин ихлосига муносиб туюлди.
— Фақат подшо бўлганингиз учун эмас, бугунги журъатингиз учун ҳам мен сизга умрбод содиқ қолгаймен! — деди Бҳишан.
Икки йигит дарё ўртасидаги оролчада анча вақт қолиб кетдилар. Кечки пайт қоринлари очиб,
178


дарёдан қайта сузиб ўтдилар-да, қирғоққа чиқдилар. Фавждор анча босилиб, гапга кирадиган бўлиб қолди. Акбар уни филхонага киргизиб юборди-ю, куни бўйи безовта бўлиб уни кутиб турган жиловдори ва қўриқчи йигитларига от келтиришни буюрди.
________________
* Ривоятларга крўа, ҳазрати Сулаймон барча ёввойи ҳайвонлар ҳомийси бўлган. * Р а м а — «Рамаяна» номли машҳур достон қаҳрамони.
***
Кийимларига лой теккан, юзи тирналган, аммо, кўнглининг чигалини ёзиб, руҳи тиниқлашган Акбар Саройга отлиқ қайтар экан, қалъа дарвозаси яқинида ичкаридан маҳрамлар билан отлиқ чиқиб келаётган Байрамхон дуч келиб қолди. Акбарнинг бугунги саргузашти аллақачон оталиғнинг қулоғига етиб борган чамаси, Байрамхон отининг жиловини тортиб, Акбарга тегишди:
— Амирзодам, бугун яна маҳаватлик қилибсиз-да!
Байрамхоннинг ёнида саман отини гижинглатиб турган узун мўйловли Шоҳқулибек ҳомийсининг ҳазилини маъқуллаб кулди-да:
— Балки амирзодам яна маҳават бўлиб фил уриштирмоқчидирлар? — деди.
Унинг отдан тушмай шундай такаббурона гап отиши Акбарнинг иззат-нафасига тегди. Чунки саройда қабул қилинган одат бўйича, мулозимнинг подшога от устида туриб гапириши одобсизлик саналарди.
— Жаноб Шоҳқулибек, — деди Акбар қовоғини уйиб, — сиз мен билан фил уруштирадиган даражага етиб қолдингизми?
Байрамхоннинг олдида Акбар илгари унинг мулозимларига бундай кескин жавоб бермас эди. Лекин бугун Акбарнинг ўзига ишончи ошган пайтда оталиғининг атрофидаги одамлар одобсизлик қилса аламини ичига ютиб кетавергиси келмади.
— Маст фил асабингизни чарчатган бўлса керак,— деди Байрамхон уни босиқ бўлишга ундаган каби. — Лекин, амирзодам, сизда филларни ўзига ром қиладиган ажиб бир меҳригиё бор. Манкотда ўн тўрт ёшда фил урушига қатнашганингиз ҳеч ёдимдан чиқмайдир.
— Ўша олишув дуранг бўлган эди-я! — деди Валибек. — Амирзодам, орадан тўрт йил ўтди. Мана, баҳодир йигит бўлдингиз. Энди фил билан майдонга тушсангиз енгиб чиқишингиз шубҳасиз!
Бу мулозим ҳам отдан тушмай гап қотгани, Байрамхон эса уларнинг одобсизлигини сезмаётгани акбарнинг нафсониятига янада қаттиқроқ тегди. Ҳолбуки, қаршисида турганларнинг ҳеч бири маст филга журъат қилиб яқин бора олмайди. Акбар ҳеч бўлмаса шу нуқтада ўзининг оталиғидан устун эканини кўрсатиб қўйгиси, унинг атрофидаги кеккайган мулозимларининг ҳам адабини бергиси келди. Байрамхонга юзланиб:
— Жаноби вакили салтанат рози бўлсалар, биз фил билан майдонга тушишга тайёрмиз! — деди.
У байрамхоннинг: «Йўқ, подшолар бундай хатарли жангда ўзлари майдонга тушмасликлари керак», деб эътироз қилишини кутди. Аммо Байрамхон кулимсираб:
— Сиз энди йигит бўлдингиз, розилик бермай иложимиз йўқ, — деди.
Шоҳқули маҳрам яна гап қўшди:
— Жаноби вакил, Зўравор деган буюк филингиз куч йиғиб ётибдир. Гулмуҳаммад маҳават билан ўшани майдонга туширинг, — деб маслаҳат берди.
Байрамхон бу маслаҳатни дарҳол қабул қилгани ҳам Акбарни хиёл ҳайратга солди. Чунки
179


Зўравор деган фил жангдаги шафқатсизлиги билан донг чиқарган эди. Панипат жангида уни ўша Гулмуҳаммад деган филбон минганда Зўравор душман отлиқларини хартумига ўраб отган, пиёдаларни оёғи билан янчган, бунинг ҳаммасини байрамхон ҳам кўрган эди. Илгари ҳатто чавгон ўйинини шаҳзода ва подшолар учун ножойиз деб гапирадиган ва акбарни бундай хатарлардан эҳтиёт қилиб юрган оталиғи наҳотки энди уни Зўравордай одамкуш фил билан уриштириб қўйиб, ўзи жим томоша қилиб ўлтирса?
— Демак, сиздан Зўравон майдонга чиқиши аниқми? — қайтариб сўради Акбар.
— Аниқ, — деди Байрамхон. — Анчадан бери фил жангини кўрганимиз йўқ. Амирзодам, сиз ҳам энг зўр филингизни майдонга олиб чиқинг... Ғалабангизни ўзим бир кўрай.
Байрамхон «ғалабангиз» деган сўзни киноя билан айтганини Акбар сезди. Демак, оталиқ фил жангида ғолиб чиқишига ишонади. Бошқалар ҳам: «Аграда ҳозир Зўраворни енгадиган фил йўқ», деб ўйлашади. Аммо Акбар филни уларнинг кўпидан яхшироқ билади. Бугун у минган Фавждор кучи ошиб-тошганидан маст бўлгани маълум. Бироқ ота-боладай иноқ бўлган Акбар билан Байрамхон энди очиқчасига рақибга айланиб фил уриштиришса, оқибати қандоқ бўларкин?
Ҳиндистонда азалдан ҳокимият талашувчиларнинг фил уриштириши рамзий маънога эга. Рақиб подшолар энг зўр полвонларини ўртага тушириб кураш олдириши, қайси томоннинг полвони енгса, ўша томон ғолиб саналиши ривоятларда ҳам бор. Ҳиндистонда шу полвонлар ўрнига энг зўр филларни минган филбонлар майдонга чиқиб олишади.
— Сиз шуни истайсизми, жаноби вакили салтанат? — деб қайтариб сўради Акбар.
Илгари «хонбобо» деб мулойим гапирадиган Акбар энди довталаб бўлаётган каби шиддатли оҳанг билан «жаноби вакили салтанат!» дейиши Байрамхоннинг ҳам иззат-нафсини қўзғатди. Подшо йигитча ҳаво бойлаб кетаётганга ўхшайди. Байрамхон Зўраворни ишга солиб, уни кўпчиликнинг олдида боплаб бир енгиши керак. Ана унда ҳовури босилиб оталиғига яна сўзсиз итоат этадиган бўлади. Майли, ўзи маҳават бўлиб майдонга чиқсин. Зўравор уни йиқитса, кейин Байрамхон ҳам уни қайириб олади, чизган чизиғидан чиқмайдиган қилади. Мабодо Акбар Зўраворнинг оёғи тагида қолиб ҳалок бўлса... Байрамхон буни ҳам ўйлади... Яхши кўрган шогирди ўлса ичи ачиши, куйиниши аниқ. Лекин начора? Ҳаёт, муҳит Акбарни унга рақиб қилиб қўйди. Нарёқда Моҳим энага, Ҳамида бегим, Пирмуҳаммад атка — ҳаммаси Байрамхонга қарши, оталиқ буни хуфиялар орқали билиб турибди. Акбарнинг дили ўшалар томонда. Бу ҳам оздай, Салима бегим ҳалигача оталиққа кўнгил бермайди. Байрамхон унинг жисмини эгаллаган пайтда ҳам, бегимнинг дили Акбарда эканини сезиб ўртанади. Салима бегим Байрамхондан фарзанд кўришни истамаётгани рост. Бу ҳаммаси қанча гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Байрамхон ҳаммасидан биратўла қутулишни истайди. Шунинг учун у ҳам довталаб бўлиб:
— Майли, амирзодам, майдонга чиқинг! — деди.
Акбар Шоҳқулибек, Валибек, шайх Гадойиларнинг яширин ниятини энди сезди. Улар Акбарнинг маҳават бўлиб, майдонга тушишини ва Зўраворнинг оёғи тагида янгчилишини исташади. Оталиғи эса уларни бу ёмон ниятидан қайтармайди. Нега? Рақобат шу даражага етган бўлса, Акбар нега уларнинг истагига бўйсуниб, майдонга фил миниб кириши керак? Бугун маст фил устида жонини хатарга қўйгани озми?
— Ундай бўлса, — деб Акбар Байрамхонга тикилиб қаради, — биздан Фавждор майдонга чиқгай. Аввал уни маҳават Бҳишан Чанд минсин. Агар йиқилса, кейин мен ўзим миниб киргаймен. Кунини белгиланг!
Маҳаватнинг йиқилишига шубҳа қилмайдиган Байрамхон:
— Индин, чоршанбайи муродбахшада, пешин намозидан сўнг! — деди.
***
Акбар билан Байрамхон иккаласи қарама-қарши томонда туриб фил уриштиришини эшитган
180