ПАНИПАТ, ДЭҲЛИ ТЎФОНДА ҚОЛГАН ЁШЛИК
Деҳлидан уч юз мил узоқда — Панжобнинг шимоли шарқидаги Каланурда юрган Акбар отасининг ўлими ҳақидаги хабарни орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг эшитди. Мусибатли воқеанинг тафсилотларини чопар Назирқул сўзлаб берганда ўша зинапоянинг кулранг тошлари унинг бошига ҳам урилгандай вужуди карахт бўлиб қолди, бир қанча вақт ҳатто кўзига ёш келмади.
Байрамхон дарҳол бек-у аъёнларни тўплаб, Акбарни отасининг ўрнига тахтга чиқариш ҳаракатига тушди. Тахт ҳам шитоб билан ёғочдан ясалди ва наридан бери безатилди. Валиаҳд Акбар шу ёғоч тахт устига чиқиб ўлтираётганда отасининг кутубхона шийпони устида дил ёриб айтган гаплари бирдан эсига тушди, «баланд пояларга кўтарилганингда менинг бу сўзларимни эслаб қўйгин», деган васияти қулоғи тагида қайта жаранглагандай бўлди-ю, кўзларига бирдан ёш қуюлиб келди.
аъёнлар Акбарга қуюқ таъзим қилиб, тож-у тахт билан муборакбод этаёганда унинг кўзларидан ёш оқаётгани баъзиларни ҳайратга солди, баъзи беклар «ҳали бу бола-ку!» дегандек киши билмас лаб буриб қўйишди.
Унинг аҳволини тушуниб турган Байрамхон кечаси Акбар билан яккама-якка гаплашди:
— Амирзодам, мардона турадиган энг таҳликали кунлар бошланмоқда. Илгари ҳазратимдан ҳайиқиб Деҳлига яқин келолмай юрган Одилшоҳ билан Ҳему ҳозир эллик минг қўшин билан Деҳли устига бостириб бормоқда эмиш.
— Деҳли ҳокими... Турдибек бундан хабардормикин?
— Мен ҳозир чопар Назирқулига буюрдим. Йўл ҳозирлигини кўрсин-у саҳар палла Деҳлига жўнасин. Мана, сизнинг номингиздан Турдибекка юбориладиган фармойиш. Пуран қалъада заҳира етарли, дарвозаларни бекитсин, Деҳлини зинҳор Одилшоҳ билан Ҳемуга топширмасин. — Биз бу ердан ёрдамга етиб боргумиздир! — деди Акбар. — Ахир ҳазрат отамнинг Деҳлидаги қабрлари ёғийлар оёғи остида қолмаслиги керак!
— Яхши сўз айтдингиз. Бу сўзларни фармойишга ҳам ёздиргаймиз. Мана бу жойига муҳр босинг.
Акбарнинг муҳри босилган фармойишни саҳар палла йўлга чиққан чопар Деҳлига олиб жўнади. Унинг кетидан Байрамхон ҳам Каланурда бор қўшинни йиғиб, жанубга юриш бошлади.
Чопар бир ҳафтада ўтадиган йўлни катта қўшин ўн беш кунда босиб ўтиши мумкин.
Панипатга етганларида қаршиларидан бир неча минг кишилик қўшин чиқиб келди. Байрамхон чиғдовулларни* юбориб — бу Деҳлидан келаётган Турдибекнинг лашкари эканини аниқлади-ю, ҳанг-манг бўлиб ёнидаги Акбарга қаради:
— Наҳотки пойтахтни ёғийга топшириб келган бўлса?!
Улар отларини елдириб Турдибекка пешвоз чиқдилар.
Ранг-қути ўчган Турдибек Акбарга яқин келиб отдан тушди, жиловни рикобдорига бериб, ёш подшонинг қаршисида юкунди, сўнг унинг узангисини ўпиб йиғлаб юборди:
— Амирзодам, Худо сизга қувват берсин! Ҳазратимдан айрилиб қолдик! — Турдибек фақат бу мусибатдангина эмас, Деҳлини душманга топшириб келаётганидан ҳам куюниб, елкалари силкиниб ҳўнграб гапирди: — Суянган тоғимиз энди йўқ! Деҳли ҳам иликдан кетди!
Отасини эслаб кўзи ёшланган Акбар сўнгги гапдан озорланиб сўради:
— Фарамойиш етиб бормадими?
158


— Сизнинг олий фармойишингиз етиб борганда биз шаҳарни ташлаб чиқмоқда эдик. бек-у аъёнлар машварат қилиб шундай қарорга келдикки, Одилшоҳ билан Ҳемунинг эллик минг қўшинига биз ёлғиз бас келолмагаймиз. Ундан кўра тезроқ сизнинг ҳузурингизга келиб, асосий кучлар билан бирлашмоққа қарор қилдик.
— Нотўғри қарор қилибсиз, жаноб Турдибек! — деди Байрамхон бирдан қизишиб. — Сиз амирзодам юборган фармойиш бўйича Деҳли қалъасини ичдан бекитмоғингиз керак эди! Биз боргунча пойтахт иликдан чиқмаслиги лозим эди! Деҳлини қайта олгунча ҳазратим қанча сарсон-у саргардонликларни бошдан кечирган эдилар! Сиз ёш подшонинг буйруғини бажармаганингиз учун...
«Жазо олмоғингиз керак!» деган сўзларга йўл бермаслик учун Турдибек Байрамхоннинг гапини шарт кесди:
— Жаноби хони хонон, мен ўттиз йилдан берли шу олий хонадонга содиқ хизмат қилиб келмоқдамен. Секридаги жангда жасорат кўрсатганим учун Бобур ҳазратлари менга мана бу мурасса ханжарни инъом этганлар! — Турдибек белгидаги сопига ва қинига қимматбаҳо тошлар билан зеб берилган ханжарни кўрсатди-ю, Байрамхонга сўз навбати бермай, овозини кўтариб давом этди: — Мен Ҳумоюн ҳазратлари билан Ганга бўйларида, Тар саҳросида, Қазвинда бирга юриб, неча ўлимлардан қолганмен, неча марта ҳазратимнинг иноятларига сазовор бўлганмен. — Турдибек Акбарга юзланди. — Амирзодам, отангизнинг бошларига энг оғир кунлар тушганда, бошқалар юз ўгириб ташлаб кетганда мен ҳамиша ёнларида бўлганмен! — Буни мен билурмен! — деди Акбар ва ачиниб сўради: — Аммо нечун отамнинг қабрларини ёғийлар оёғи остига ташлаб келдингиз?
— Вазият бизни шунга мажбур қилди! Бошқа илож йўқ эди, амирзодам! Лекин Деҳли ёнидаги Туғлоқободда Ҳему билан дадил жанг қилдик. Биз беш минг киши эдик. Ҳемунинг эллик минг қўшинига, мингта жанговар филига бас келолмадик, икки минг киши талафот бўлди, қолган уч минг одамни омон сақлаб, ҳузурингизга олиб келдим.
Байрамхоннинг қаҳри келиб хитоб қилди:
— Сиз Деҳли қалъасидан чиқмаслигингиз лозим эди! Туғлоқободдаги жанг ҳам сизнинг хатойингиз! Икки минг кишининг қони ҳам сизнинг бўйнингизга тушадир!
Акбар ёши отасидан катта икки мўтабар бекнинг бу жанжалини қандай босишини билмас эди. — Амирзодам, адолат қилинг! — деб Турдибек яна Акбарга юзланди. — Мен ёғийни ўз кўзим билан кўриб келмоқдамен. Байрамхон жаноблари ҳали унинг қандай бир даҳшат эканини кўрмай туриб мени айбламоқдалар! Ахир бу Ҳему деган балойи азимга Иброҳим сур қирқ минг қўшин билан бас келолмай енгилди-ку! Амирзодам, биз сизни ҳам бу улкан хатардан эҳтиёт қилмоғимиз керак. Яхшироқ тайёргарлик кўрмасдан туриб Ҳемуни енгиб бўлмағай! Иложи бўлса, Панжоб-у Кобулдан, Қандаҳор-у Ғазнидан янги аскарий кучлар йиғиб келмоқ лозим!
— Қўрққанга қўша кўрингай! — деб Байрамхон унинг сўзини кесди. — Сиз бу ваҳима гаплар билан қўшиннинг кайфиятини ҳам бузмоқчимисиз, жаноб Турдибек? Сизнинг гапингизга кирсак, яна Ҳиндистонни бой бериб, Қандаҳор-у Кобулга қайтиб кетгаймизми?
— Йўқ! — деди Акбар ва икки бекнинг тортишувини ўзи ҳал қилолмаслигини сезиб, Байрамхондан илтимос қилди: — Хонбобо, дурустроқ бир жойдан қароргоҳга ўрин танлайлик. Тўхтаб, кечқурун бекларни машваратга чорлайлик.
Турдибек отига қайта миниб, Акбарнинг орқароғида бора бошлади. Оталиқ ҳуқуқи бўйича Байрамхон ёш подшоҳнинг ўнг томонида юрарди. Турдибек Ҳумоюннинг яқин маслаҳатчиси бўлгани учун қароргоҳга ўрин танлашда Акбарга ҳам маслаҳат беришга интилиб, Жамна бўйидаги кўкалам адирларни кўрсатди:
— Сув яқин, атрофи очиқ, бағри кенг жой, — деди.
Акбар Байрамхонга савол назари билан қаради. Диди ҳам, феъли ҳам Турдибекникидан бошқача бўлган Байрамхон:
— Панипат яқинида Бобур ҳазратлари бундан ўттиз йил олдин қароргоҳ қилган жой бор, —
159


деди. — Ҳозир биз учун ҳам энг қулай макон ўша жой бўлғай...
Икки бек яна баҳслашмаслиги учун Акбар дарҳол Байрамхоннинг гапига қўшилди:
— Ҳазрат бобом танлаган жой биз учун ҳам табаррукдир.
Бир томони дарё, иккинчи томони қўшин ўтолмайдиган ўрмон бўлган бу паст-баланд кўкаламзор адирлар қароргоҳ учун чиндан ҳам қулай эди. Чодир ва ўтовлар ўрнатилгунча Акбар билан Байрамхон қароргоҳ атрофларини айланиб кўрдилар. Иброҳим Лодининг юз минг қўшини ўшанда Деҳли томондан қандай таҳдид солиб чиқиб келганини Байрамхон Акбарга айтиб берди. Ҳарбий филларга қарши қазилган ва усти шох-шабба билан бекитиб қўйилган катта-катта чуқурлар бор эди. Ўттиз йилда уларнинг анчаси тупроққа тўлиб, саёзлашиб қолган, ичлари ва атрофларида ўт-ўланлар ўсиб ётар эди.
— Зарур бўлса бу чуқурларни қайтадан қазитмоқ мумкин, — деди Байрамхон. — Амирзодам, энди Деҳлига боришдан кўра ёғийни мана шундай ўзимизга қулай бир жойда пойлаганимиз маъқул.
Ўрмон ичидан қушларнинг сайраши ва маймунларнинг қий-чув қилганлари эшитилиб турарди. Чап томондаги Жамнада қайиқлар ва кемалар осойишта сузиб кетяпти. Олам шундай осуда кўринар, табиат улуғвор бир вазминлик билан атрофни ўраб турар, аммо Байрамхон билан Акбарнинг диллари безовта. Ҳумоюннинг ўлими билан бошланган хавф-хатарлар тобора кўпайиб боряпти. Ҳимолай тоғларининг этакларидаги Манкетда пайт пойлаб, куч йиғиб ётган эски ёвлари Искандаршоҳ яна Лахўрни қайтиб олиш ҳаракатига тушди.
Жанубдан Одилшоҳ ва Ҳемудай зўр ёв бостириб келса, булар икки қудратли душман орасидан қандай чиқиб кетишаркин?
— Шунинг устига Турдибек бугунгидек бебошлик қилаверса, ҳар нарсада менга қарши сўзлаб, биринчиликни талашса, қўшинда ички парокандалик бошлангай, амирзодам! — деди Байрамхон Акбар билан ўрмон четида яккама-якка турганда. — Мен бу одамнинг бадфеъллигини азалдан билурмен. Мудом ўтмишдаги хизматларини пеш қилур. Хизмати, садоқати йўқ эмас. Аммо феъли ёмон, мумсик одам. Умарқутда отангиз Турдибекдан икки лак олтин қарз сўраган эканлар. Шунда Турдибек судхўрга ўхшаб юзга юз йигирма рупий қайтариш шарти билан қарз берган. Отангиз унинг шу икки лак олтинини тўрт йилдан сўнг Қандаҳорда уч лак қилиб қайтарганларини кўрганмен. Отангиз раҳматли ҳалол бўлгилари келиб, юмшоқлик қилар эдилар. Турдибек унга сайин ўзини катта олиб, калондимоғликка ўрганган эди. Аммо ҳозир вазият таҳликали, юмшоқлик қилсак, ички парокандалик авжлангай, ташқи душманлар олдида заифлашиб ҳалок бўлгаймиз. Шунинг учун сиздан ҳам қатъият лозим.
— Хонбобо, отам ўрнида энди сиз қолдингиз. Ҳозир менинг сиздан бошқа раҳнамом йўқ... Турдибек билан бирон... муроса йўлини топайлик.
— Муроса?! — ранжиб сўради Байрамхон. — Амирзодам, унга жазо бермоқ лозим!
Соқоли оппоқ Турдибекка жазо бериш Акбарга беҳад мушкул туюлди. Турдибекнинг жияни Моҳим Акбарни эмизган энагаларидан бири. Турдибекнинг бошқа нуфузли қариндошлари кўп, унга жазо берилса ҳаммаси аразлаб кетиши мумкин.
— Аммо улар: «Кобулга қайтмоғимиз керак, ҳазратимнинг ўлими туфайли Ҳиндистонни бой бердик» деяётган эмишлар. Лекин амирзодам, сизнинг киндик қонингиз ҳинд тупроғига тўкилган. Энди бу тупроққа отангиз қўйилди. Шу икки сабабдан Ҳиндистон сиз учун муқаддас ватандир. Бу ватанни ташлаб кетмоқчи бўлганларга қатъий зарба берилмоғи лозим. Бу ишни мен қилай. Сиз дарё бўйларини сайр қилинг. Балки овда кўнглингиз таскин топар?
Акбарнинг ўзи ҳам ёши улуғ бекларнинг бугунгидақа баҳс-у жанжалларига аралашишни истамас эди. Шунинг учун кўкалдошлари ва қўриқчи йигитлари билан отланиб ўрмонга сайр қилгани кетди.
Кечки пайт сайрдан қароргоҳга қайтса, Турдибек қариндошлари билан турадиган чодирлар орасидан йиғи-сиғи товушлари эшитиляпти.
Акбар ўша чодирларга шитоб билан яқинлашганда Моҳим энага ёшли кўзлар билан унинг
160


қаршисига чопиб чиқди.
— Амирзодам, мен сизга оқ сут берган эдим! Наҳотки тағойимни сиз ўлимга буюрган бўлсангиз?!
Акбар «ўлим» сўзидан чўчиб тушди:
— Турдибекни? Мен буюрган эмасмен! Не бўлди?
— Золим Байрамхон... чодирда... Турдибек тағойимни ўлдириб қўйди!
Акбарнинг ишонгиси келмай:
— Йўғ-е! — деди. — Ҳибс қилгандир?
У отининг бошини қўйиб, ўз хиргоҳи томон шошилди. Акбар тезроқ хонбобога учраб, фалокатнинг олдини олгиси келар эди. У хиргоҳ олдида ранглари оқарган Байрамхонни кўрди- ю:
— Хонбобо, Турдибек тирикми? — деб сўради.
Юз берган бахтсизликдан ўзи ҳам изтироб чекаётган Байрамхон паст товуш билан:
— Амирзодам, ичкарига кирайлик, — деди ва Акбарга йўл бериб, унинг кетидан хиргоҳга кирди: — Ишонинг, мен уни сиздан бемаслаҳат ўлимга ҳукм этган эмасмен. Деҳлини ёғийга ташлаб келгани учун ҳибс қилдирмоқчи бўлдим. Чодирга чақириб: «Қуролни топширинг!» десам: «Ҳали сен рофизий кексайганимда мени хор қилмоқчимисан?!» деб сўкинди-ю, белидаги ханжарини суғуриб менга ташланди. Жамол деган йигитим ёнимда турган эди. Турдибекни қўлидан тутиб қолмоқчи бўлди, лекин Турдибек уни итариб ташлади. Менинг биқинимга тиғ санчмоқчи бўлганда қўриқчи йигитим унинг кўкрагига ханжар урди...
— Ўлдими?.. Наҳотки!.. Ахир... Хонбобо!.. Отамнинг ўлими бизга озмиди?
— Ўзи ҳужум қилмаса ҳеч ким уни ўлдирмас эди!..
— Энагамнинг тоғаси... уруғ-аймоғи кўп! Ҳаммаси энди ёвлашгай. Ташқарида ёғий, ичкарида бу!..
Ўспирин Акбарнинг шунча нарсаларга ақли етаётганидан хиёл таажжубланган Байрамхон:
— Рост, — деди, — бўш келсак, ички уруш бошланмоғи мумкин. Ё сиз мен томонда мардона туриб, бор кучларни бир иродага бўйсундиргайсиз. Ё энага-ю бошқаларнинг кўнглига қараб, ҳаммани ўз ҳолига қўйиб бергайсиз, истаган одам оталиғингизни яна «рофизий» деб сўккай, ички интизом йўқолгай, кейин ташқи душман ҳам бизни осонгина енггай. Шу икки йўлдан бирини танламоғингиз керак!
Байрамхоннинг қатъият билан ёнган кўзлари Акбарнинг ёдига бултур Сирҳинддаги шиддатли жанг пайтларини эслатди.
Искандаршоҳнинг ўнг қанотидаги отлиқларини орқага қайтариш ва чекинаётган филларига топтатиш зарур бўлди. Бош саркарда Байрамхон бу мушкул ишни хосса тобинда* турган амир Музаффар Лоханига ва унинг қўл остидаги икки минг афғон йигитига топширди. Амир Музаффар ёвнинг ўнг қанотидаги кучлари икки баробар кўп эканини кўрди. Уларни орқага қайтаришига кўзи етмади. Ортдан чекиниб келаётган филлар топтаб ташлашидан қўрқди ва Байрамхоннинг буйруғини бажаришдан бош тортди. Баҳслашиб ўлтирадиган пайт эмас эди. Агар ёвнинг ўнг қанотига вақтида зарба берилмаса Искандаршоҳ ғолиб келиши мумкин эди. Бундай пайтда бош саркарданинг буйруғини бажаришдан бош тортиш хиёнат ҳисобланарди. Байрамхон амир Музаффарга шуни айтиб, буйруқни яна бир такрорлади, аммо ўжар афғон амири Музаффархон буйруқни бажариб бўлмаслигини айтди. Байрамхон ёнидаги туркман йигитларига буюриб, Музаффарнинг қўлини боғлатдирди, сўнг саф-саф турган йигитларининг кўзи олдида буйруқни бажаришдан бош тортгани, шу билан душманга ёрдам бергани учун бошини шарт кестирди.
Афғон амирлари орасида Музаффарни ёмон кўрадиган, у билан доим мунозара қиладиган бошқа бир довюрак бек бор эди. Байрамхон дарҳол ўшани икки минг отлиққа саркарда этиб тайинлади-ю, топшириқни зудлик билан бажаришга фармон берди.
Байрамхон билан ҳазиллашиб бўлмаслигини, унинг буйруғидан бўйин товлаш нима билан
161


тугашини ўз кўзлари билан кўрган афғон йигитлари ёвнинг ўнг қанотига жон-жаҳдлари билан ҳамла қилдилар. Бу ҳамла Байрамхон кутгандай яхши натижа берди, ёвнинг пиёдалари ўз отлиқлари ва филлари орасига тушиб қолиб, оёқости бўлди. Искандаршоҳнинг ҳарбий филлари чекиниш пайтида ўз пиёдаларининг анчасини топтаб ташлади. Охирида бу филлардан тўрт юзтаси ўлжа олинди. Жанг тугагандан кейин Музаффар Лоҳанининг ўғиллари ва қариндошлари Байрамхоннинг устидан Ҳумоюнга шикоят қилдилар. Ҳумоюн Байрамхоннинг қизиққонлигидан хафа бўлди, «ҳибс қилиш мумкин эди-ку!»деб койинди. Лекин бўлар иш бўлган, Байрамхон катта зафар келтирган эди. Ҳумоюн уни кечирди, Музаффар Лоханининг яқинлари эса аразлашиб, Гужарат томонга кетиб қолишди. Улар ўзларини Байрамхоннинг хундор душманлари деб эълон қилганларини Акбар эшитган эди. Энди бунинг устига Турдибекнинг яқинлари Байрамхон билан ёвлашса...
— Хонбобо, сиз мени қанотингиз остида олиб юрибсиз. Мен буни унутмаймен. Маслаҳат беринг, не қилай?
Байрамхон хиргоҳ тўрида мўтабар жойда турган «Бобурнома»ни кўрсатди:
— Улуғ бобонгизнинг китобидан мадад сўранг. Оталари ўлганда бобонгиз ҳам ёш — ҳали ўн иккига тўлмаган эканлар. Устозлари андижонлик Хўжа Абдулланинг оқилона ўгитлари билан ёғийлар ҳалқасидан омон чиққан эканлар.
Акбар кечаси алламаҳалгача «Бобурномани» варақлади...
Узоқ Сирдарё бўйида, Акбар ҳали кўрмаган Андижон-у Ахсида ёш Бобурнинг Самарқанд-у Тош- кент томондан бостириб келган душман қўшинлари орасида қолгани қайси бир жиҳатлари билан Акбарнинг ҳозирги аҳволини эслата бошлади. Бобоси ҳам ўз ёшига номуносиб мураккаб зиддиятларга дуч келган, лекин уларнинг орасидан йўл топиб ўтиб, мана шу Панипатда ўз қўшинидан саккиз баробар кўп ёвларни енгиб чиққан экан.
Акбар Байрамхонни бобосинниг устози Хўжа Абдулла ўрнида кўрди...
Eртаси куни Турдибек ўрмон ичидаги баланд бир ялангликка дафн этилганда Акбар марҳумнинг қариндошлари ёнида туриб, унинг тобутини кўтаришди, кейин Моҳим энагасининг чодирига кириб, ундан кўнгил сўраб чиқди. Турдибек оладиган каттагина улуфа энди унинг оиласига нафақа тарзида умрбод бериб турилиши кўпчилик олдида эълон қилинди.
Акбарнинг бу ишлари Турдибекнинг баъзи қариндошларини сал юмшатган бўлса, баъзилари, аксинча, баттар ҳаво бойлаб, Байрамхонни қотилликда айблай бошлашди. Пирмуҳаммад деган бек машваратда яна Байрамхонни айбламоқчи бўлганда, Акбар унинг сўзини кесди:
— Жаноби Пирмуҳаммад, биз Турдибекнинг аввалги хизматларини тан олурмиз! Аммо Турдибек Деҳлини бой бергани устига яна оталиғимизни ҳақорат қилибдир, тиғ яланғочлабдир. Оқибатда, ўзи ҳалок бўлмишдир. Мусибат чекдик, дафн этдик. Энди бас! Хонбобо биз учун ҳазрат отамиздек азиз-у мўтабардирлар.
Акбар ўз ёшига ярашмайдиган бу жиддий сўзларни кечаси билан хаёлида ўйлаб пишитиб келган эди. Ҳаёт уни ёшига номуносиб мураккаб ишкалликларга дуч келтиргани сари Байрамхондан бошқа суянадиган тоғи қолмаганини сезарди.
— Жаноб беклар, кимки оталиғимизнинг шаънига ёмон сўз айтса, бизга қарши чиққан каби жазоланур. Ёғий яқин. Шу вазиятда кимки хонбобонинг буйруғини бажармаса, бизнинг буйруғимиздан бош тортган ҳисобланур. Саркашлик — ёғийга ёрдам берур, бизга хиёнат бўлур. Хоин эса аёвсиз ёсоққа* етказилур.
Акбарнинг бу гаплари асосида махсус қадаға* чиқарилди ва қароргоҳдаги ўнг беш минг бек-у навкарларнинг ҳаммасига ўқиб эшиттирилди.
Шундан кейин Байрамхондан норози бўлиб юрганлар ҳам аламларини ичларига ютиб, унинг иродасига бўйсунишга мажбур бўлдилар.
Бу орада Одилшоҳ ва Ҳему Акбарнинг қўшинидан уч баробар катта лашкар билан Деҳли томондан яқинлашиб келиб қолди. Ҳему фил жангига жуда моҳир эди, унинг мингдан ортиқ ҳарбий филлари жангга кирганда ер ларзага келарди.
162


Умрида кўрган энг хатарли жангги энди бўлишини сезган Акбар тонг отмасдан уйғониб кетди. Таҳорат олиб намоз ўқиди, жойнамоз устида ўлтириб Аллоҳ-у таолодан нажот сўради. Сўнг сандиқни секин очиб, унинг тубида ипак матога авайлаб ўралганича турган сеҳрли қилични олди. Соҳибқирон Амир Темурнинг бу қиличини отаси Деҳлида унга инъом қилганда айтган сўзлари қулоғига қайта эшитилиб кетгандай бўлди. Акбар қилични қинидан аста суғуриб, олмос ҳарфлар билан битилган «Рости-русти» деган ёзувини ихлос билан ўпар экан, ота- боболари руҳига доим содиқ эканини, улар қуриб кетган улуғ давлатни сақлаб қолиш учун жонини ҳам аямаслигини дил-дилидан ҳис қилди.
Ғўс ноғоралар таҳдид солиб гумбурлай бошлади. Бурғу деб аталадиган овози ўткир карнайнинг таҳликали чинқириғи остида ўнг беш минг қўшин, тўрт юз ҳарбий фил кенг майдонда сафланди.
Оқ от минган, зерҳли кийим кийган Акбар белига Соҳибқирон бобосининг қиличини тақиб чиқди. Байрамхон узоқдан кўзга ташланадиган чавкар отда. Акбар билан иккови сафларни кўздан кечирдилар. Сўнг барча сафлар яхши кўринадиган баландликда отларини тўхтатдилар. — Қадрдон бек-у навкарлар! — деб Байрамхон баланд, жарангдор товуш билан сафларга мурожаат қилди, шеър ўқиганда бўладиган бир жўшқинлик билан сўзларни дона-дона талаффуз қилиб сўзлай бошлади: — Биз сиз билан кўп жангларни кўрганмиз. Бултур Сирҳинд яқинида ўзимиздан тўрт баробар катта қўшинини енгиб чиққанмиз. Одилшоҳ билан Ҳемуни енгилмас ботирлар деб ваҳима қилувчилар бор. Аммо мен уларнинг икковини ҳам яхши билурмен. Одилшоҳнинг асли оти Муборизхон. Мен уни Шерхон даргоҳида асир бўлиб юрганимда кўрганмен. Юзи, қилиқлари менга чиябўрини эслатарди. Кейинги қилган ишлари унинг чиябўридан ҳам баттарроқ эканини кўрсатди. Тахт Исломшоҳнинг ўсмир ўғли Феруз- шоҳники эди. Лекин унинг ноинсоф амакиси Муборизхон бу норасида йигитни бўғиб ўлдириб, унинг ўрнига тахтга чиқди. Яна уялмасдан «Одилшоҳ» деган янги ном олди. Оғзи қон бўри беозор оҳунинг терисини ёпиниб, Одилшоҳга айланганига қаранг!
Сафларда кулгу товушлари эшитилди. Жангчиларнинг руҳи кўтарилаётганидан илҳомланган Байрамхоннинг овози янада кучли жаранглади:
— Мен Ҳемуни ҳам кўрганмен. Бу пулдор одам очарчилик пайтида бозорларда бор донларни сотиб олиб омборга босади, пулга буғдой топилмай қолади, қаҳатчилик бошланади. Ана шунда Ҳему омборларидаги донларини ўнг баробар ортиқча нархда сотиб, беҳисоб бойлик орттиради. Бу бойликлар уни Одилшоҳдай қотил билан ҳамтовоқ қилади. Минг-минг одамларни очдан ўлдириб қотиллик билан даврон сураётган бу иккови худонинг ғазабига муносиб эмасми? Қани, сизлар, ражпут жангчилари айтинглар-чи? — деб Байрамхон филбон Лаъл Чандга юзланди.
— Сиз ҳақсиз, Жаноби Хони хонон! — деди фил устида ўлтирган Лаъл Чанд. — Ҳему менга юртдош бўлса ҳам, бугун мен унга қарши жангга чиқмоқчимен. Унинг Одилшоҳдай номард одамга хизмат қилиши бежиз эмас. Бу ноинсоф савдогар туфайли бошланган қаҳатчиликда минг-минг одамлар очдан ўлмоқда. Ана шу бегуноҳ ўлганларнинг қарғиши ургай Ҳемуни! Жаннатмакон Ҳумоюн подшоҳ ҳаётлигида Панжоб-у Деҳлининг аҳолисига шимолдан дон ташитиб, юз минглаб одамларни очлик чангалидан қутқарган эдилар. Агар ғалаба Акбаршоҳга насиб этса, оталарининг шу хайрли ишларини давом эттиргайлар деб умид қилурмиз!
— Омин, шу умидингиз рўёбга чиқсин! — деди Акбар.
Барча сафлардан:
— Омин Аллоҳу акбар!
— ...Аллоҳу акбар! — деган товушлар кетма-кет гулдурос солиб янгради.
Байрамхон бир вақтлар Бобур Панипатда яхши тадбиқ этган тўлғама усулини ишлатмоқчи эди. Фақат Ҳему Иброҳим Лодининг ўшандаги аччиқ тажрибасидан сабоқ олса, йўлни бошқа ёқдан солиб, ён томонлардан ўтиши мумкинлиги уни хавотирлантирди.
Йўқ, умрининг кўп қисми дон савдоси билан ўтган Ҳему ўтмишда бўлган жанг сабоқларидан мутлақо бехабар экан. У ҳам Иброҳим Лодига ўхшаб қўшинини тўғридан бошлаб келди. Ўзи
163


ҳаммага кўринадиган тепаликда улкан қора фил устида ўлтириб жангни бошқара бошлади. У Акбар ва Байрамхон турган тепаликни аллақачон мўлжалга олган, энг зўр ҳарбий филларини тўлқин-тўлқин қилиб, ана шу тепаликка томон жўната бошлади. Акбарнинг назарида, ёв филлари ер тагидан қайнаб чиқаётганга ўхшар, қанчаси замбарак ўқига учиб, чуқур хандоқларга қулаб йиқилса, ундан ҳам кўпроғи орқадан бало-қазодай бостириб келарди. Байрамхон билан Акбарнинг эндиги умиди тўлғамага ажратилган чавандозлардан ва Лаъл Чанд бошлиқ бўлган ўз филбонларидан эди. Акбар ҳимоясида турган уч юз замбарак ва тўрт юз ҳарбий фил Ҳему қўшинларининг шиддатли ҳужумини анча вақт тўхтатиб турди. Шу фурсатдан фойдаланган уч минг чавандоз Алиқулихон Ўзбек бошчилигида Ҳему қўшинининг икки қанотини айланиб ўтди. Бу қўшин сафида Қиличхон Андижоний, Чиғатойхон Тошкандий, Искандархон Қипчоқ, Абдуллахон Барлос каби энг ботир амир ва навкарлар Ҳему турган тепаликни қўриқлаётган аскарлар сафини орқа томондан ёриб ўтдилар. Уларнинг орасида элликта мерган бор эди. Шулар Ҳему турган жойга яқин бориб, унинг устига ўқ ёғдирдилар. Бу ўқлар Ҳемуни оғир ярадор қилди. Уни беҳуш аҳволда асир олдилар.
Буни нариги тепаликда туриб кўрган Одилшоҳ жон ҳолатда қочишга тушди. Саркардаларидан айрилган қўшин тўзғиб кетди.
Байрамхон отини Акбарнинг отига бақамти келтириб:
— Ғалаба муборак, амирзодам! — деди-да, Шаҳзодани бағрига босди.
Ўша куни Алиқулихонга мўтабар хони замон унвони берилди. Байрамхон эса барча вазир-у умаролардан баландроқ турадиган вакили салтанат мартабасига кўтарилди.
___________
Ҳинд водийларидан йил бўйи баҳор яшиллиги кетмагани каби йил бўйи дарахтлар тагидан заъфарон япроқлар ҳам аримайди. Барглар табиат қонуни бўйича янгиланиб боради, эскилари эса ой сайин сарғайиб аста-секин тўкилиб туради.
Қора кийган азадор Ҳамида бегим Акбарнинг қўлига суяниб Ҳумоюннинг қабри томон мажолсиз юриб боради. Ҳамал кириб, гулмоҳур дарахтлари яна барча япроқларини бирваракай тўккан-у баргсиз шохлари ғуж-ғуж қизил гуллар билан безанган. Аммо боши эгик Ҳамида бегимнинг кўзлари юқоридаги гулларга эмас, дарахт тагини босган хазонларга тушади. Дунёдаги энг суюкли кишисидан айрилгани, ўттиз икки ёшида бева қолгани унинг бутун вужудини сарғайган хазонга айлантириб қўйгандай туюлади. Қабр атрофидаги кўкаламзор майдон ҳам унинг кўзига қайғудан хазон бўлиб қовжираб тургандай кўринади. Бу қабрга тош қўйишга улгурганлари йўқ. Фақат Ҳумоюн ўзи ёқтирадиган Хусрав Деҳлавий ва Низомиддин авлиё мозори яқинидаги бағри кенг бир текисликнинг атрофини ўраб, ариқ қаздиришган, кўчатлар эктиришган ва бўлажак мақбара учун жой ҳозирлашган, холос.
Бу жудолик онасига нечоғли оғир тушишини Акбар биларди. У Кобулдан келаётган онасини кутиб олиш учун отда ўн кун йўл юриб, Ҳинд дарёсининг бўйигача борди. Кобул дарёси Ҳиндга келиб қуйиладиган Тхатга атрофларида Ҳамида бегимнинг дарёдан ўтишига ёрдамлашади. Пойтахт яна Аграга кўчган бўлса ҳам, Ҳамида бегим Акбар билан Деҳлининг Пуран қалъасига келиб тушди.
Байрамхон Аградаги саройда, Ҳумоюннинг девониоми ва хонайи хосида иш олиб бормоқда. Аградаги Зарафшон ва Ҳашт Биҳишт боғларига ўхшаш оромгоҳлар Деҳлида ҳали йўқ. Бунинг устига, Ҳамида бегим Деҳлининг Пуран қалъасида турганда кўзи нуқул кутубхона биносига ва
164


унинг ичидаги тош зиналарга тушар, бу ҳаммаси унинг дил яраларини тирнаб янгилар эди. Шунинг учун Акбар онасини Аграга олиб кетмоқчи бўлди:
— Энди сиз бу бехосият Пуран қалъада турманг, онажон.
Акбар тахтга чиққандан бери Ҳамида бегим уни «сиз»лаб гапирарди:
— Йўқ, ўғлим, отангизнинг қони тўкилган тош зиналар ҳам мен учун муқаддас, мен бу ердан ҳеч қаёққа кетмагаймен.
— Агра узоқ эмас-ку, тез-тез келиб қабрларини зиёрат қилиб тургаймиз.
Ҳамида бегим йиғлаб бош чайқади:
— Тирикликларида бирга яшагани қўймадилар, нуқул бизни айирдилар. Энди мен отангизнинг қабрларидан айрилмагаймен. Менинг абадий маконим ҳам у кишининг ёнларида бўлғай. Бу дунёда отангизни энди қайта кўролмагаймен. Кошки мен ҳам тезроқ жон берсам-у нариги дунёга бориб, отангизни яна кўрсам!
Бу гаплардан Акбарнинг ҳам кўнгли бузилиб, кўзларига ёш келди. Онасининг мусибатини енгиллатадиган бирон чора топмаса, ундан ҳам айрилиб қолиши мумкинлигини сезди. Интиҳосиз хотиралар ичидан Ҳамида бону Акбарга отасининг маънавий оламини кўрсатадиган энг ёрқинларини саралаб ҳикоя қилиб берарди. Тар саҳроси, Қандаҳор, Қазвин...
— Худо раҳмати Деҳлида етти ошиёнлик бино қурдирмоқчи эдилар... Насиб қилмаган экан...
— Онажон, ўша бинони биз қурдирсак-чи? Отамнинг хотираларига муносиб улкан мақбара... етти ошиёнлик бинодай баланд бўлса.
Бу фикр Ҳамида бонунинг мусибат тўла қалбига таскин беришини Акбар сезди. Унинг китоблари сақланадиган сандиғи ичида Самарқанддаги Амир Темур, Ҳиротдаги Гавҳаршод бегим, Ғазнадаги Маҳмуд Ғазнавий, Машҳаддаги Имом Ризо ва бошқа энг машҳур мақбаралар тасвири тўпланган мураққас* бор эди. Акбар китобдорга буюриб, шу мураққасни топтирди-ю, онаси билан бирга уни варақлаб кўрди. Қўлига қоғоз, қалам олди. Мусаввирлик ва меъморликдан хабари бор, Хўжа Абдусамаддан олган сабоқлари ёдида. У Деҳлидаги Мирзо Ҳумоюн мақбарасини қандай тасаввур этишини онасига чизиб кўрсатди. Булутлар билан бўйлашадиган муҳташам гумбаз. Етти қават уй баландлигидаги пештоқлар... Акбар чизган расм ҳали жуда хом бўлса ҳам, Ҳамида бону унинг жўшқин ниятини чизиқлар ёрдамида кўз олдига келтира бошлади:
— Бино бунча улкан бўлса, атрофидаги боғи ҳам ўзига яраша катта бўлгани дуруст. Ичкари, ташқи ҳовлилари, сув жилдираб оқадиган ариқлари, қатор турган дарахтлари...
— Ҳаммаси бўлғай, онажон! Эртагаёқ Деҳлининг энг машҳур меъмори мирзо Миракни ҳузурингизга таклиф этгаймиз.
Акбар онасини ғам-ғуссадан алаҳситадиган шундай катта иш топилганидан мамнун эди. Эртаси куни она-бола ўлтирган қабулхонага мирзо Мирак таъзим қилиб кирди. Алғов-далғов замонларда қурилишлар таққа тўхтагани учун қўлёзмалар кўчириб, ҳаттотлик қилиб кун кўрадиган мирзо Мирак кўп ўлтириб ишлашдан елкалари букчайиб қолган қирқ беш ёшлардаги киши эди.
— Ҳазрат бегим, амирзодам, тангрим мени шундай кунга етказгани учун шукроналар айтурмен! Бу яхши ниятларингиз мени толе муждасидек шод қилди!
Меъмор Акбар чизган хомаки суратга кўз ташлар экан:
— Тасанно, амирзодам! — деди. — Фақат ижозат бўлса битта мулоҳазамни айтсам...
— Марҳамат, мавлоно.
— Бу расмда сиз мақбара деворини тўғри ер юзасидан кўтарибсиз. Самарқанд-у Ҳиротда шундай қилиш мумкин. Чунки у ёқларда ер ости сувлари унча яқин эмас. Амир Темур даҳмаси ҳам ер остига қурилган. Аммо Деҳлида ёмғирлар кўп бўлгай, ер ости сувлари юқори кўтарилиб, даҳмага кирмасин учун, уни баландроқ жойга ўрнатмоқ даркор. Ўшанда мақбара саҳни ердан беш-олти газ баланд тургай.
— Демак, мақбара бундан ҳам юксакроқ кўтарилгай, шундоқми? — сўради бегим.
165


— Айни шундай.
— Қанча баланд бўлса шунча яхши, — деди Акбар. — Деҳлининг энг улуғ обидаси шу бўлмоғи керак!
— Аммо харажати ҳам шунга яраша беҳад улкан бўлғай, амирзодам, — деди меъмор. Бутун давлат ишлари, шу жумладан, хазинанинг ихтиёри ҳам Байрамхонда эканини у яхши биларди: — Оталиқ жанобларининг бу режадан хабарлари борми?
Акбар ялт этиб онасига қаради, Байрамхон ҳамма ишда ўта талабчан бўлгани каби, сарф-у харажатларни ҳам қаттиқ тергаб турар, ҳатто, Акбар ва Ҳамида бонунинг кундалик сарфлари учун кетадиган маблағ ҳам хонбобонинг имзоси бўлмаса берилмас эди. Акбар Панипатда ҳаммани, ҳатто, ўзини ҳам оталиғининг иродасига бўйсундиргандан бери ҳануз ўша якка ҳокимлик давом этмоқда эди. Жоме масжидларида ҳар жума куни Акбарнинг номи хутбага қўшиб ўқилса ҳам, аслида, олий ҳукмрон Байрамхон эди.
— Жаноб меъмор, сиз аввал мақбаранинг тарҳини чизинг, — деди Акбар. — Уни қуриш учун тахминан қанча маблағ, қанча коргар-у ҳунарпеша кераклигини бизга ёзиб беринг.
— Бош устига, амирзодам! Аммо ҳисоб-китоб ишлари учун махсус одам ёлламасам, ўзим уддалай олмасмен. Хомаки тарҳини чизиш учун ҳам кўп вақт кетгай.
Акбар меъморнинг озғин юзи ва эскирган кийимларига қараб, унинг ўзи ҳам ёрдамга муҳтож эканини сезди. Ичкари хонага кириб, ўзининг шахсий харажатлари учун хазинадан олган бир ҳамён олтинни олиб чиқди-да, меъморга чошна* тарзида берди.
____________
***
Орадан анча вақт ўтиб, бўлажак мақбаранинг сарф-у харажатига оид ҳисоб-китоб тайёр бўлганда Байрамхон ўзи Аградан Деҳлига келиб қолди.
Унинг соқол-мўйлови силлиқ тарашланган, ёши эллик еттида бўлса ҳам йигитлардай башанг кийинган, кайфияти яхши эди. Байрамхон бурноғи йили Мевар ҳокими Жамолхон деган амирнинг ўн етти ёшли қизига уйланган, яқинда бу ёш хотиндан ўғил кўрган, унга Абдураҳим деб исм қўйган эди.
Акбар билан Ҳамида бону хонбобони Пуран қалъанинг меҳмонхонасида кутиб олиб, олдига дастурхон ёздилар.
Ҳумоюннинг йил ошисини берганларидан сўнг Ҳамида бегим қора кийимларини ташлаган, ҳозир ҳаворанг қабо кийиб, бошига кўк ҳошияли оқ қасаба рўмол ўраган эди.
— Ўғил кўрибсиз, жаноби оталиқ, — деди Ҳамида бегим. — Муборак бўлсин!
— Қуллуқ, ҳазрат бегим. Бизга не хизматлар бор? Билгали келдим.
— Биз амирзодам иккаламиз ҳазратимнинг мақбараси учун тарҳ чиздирган эдик. Меъмор мирзо Мирак ҳозир қабулхонада. Сиз ҳам бир кўрсангиз.
— Бажонидил.
Мирзо Мирак Байрамхонга алоҳида, Акбар билан Ҳамида бегимга алоҳида таъзим бажо келтиргач, жилдга солинган лойиҳани миз устига қўйиб очди.
Рангли қилиб ишланган мақбара тарҳи бир қарашда Байрамхонга ҳам ёқди.
— Ҳазратимнинг улуғ хотираларига муносиб! — деди у. Бироқ меъмордан сарф-у харажати қанақа бўлишини сўраб билган сари қоши чимирилиб, авзойи ўзгара бошлади: — Жаноб меъмор, бу бинога давлатимизнинг бир йиллик даромади ҳам етмагай-ку! Хазинада бор маблағни қурилишга сарф қилсак, ўттиз минг қўшинга маошни қаёқдан тўлагаймиз? Қурол- яроғни қайси пулга олгаймиз?
166


— Оталиқ жаноблари, — деди Ҳамида бегим, — бу қурилиш бир йилда битмагай... Балки менинг қолган умрим шунга сарф бўлгай. Ҳар йилги давлат даромадларидан бир қисмини ажратсангиз бас...
Байрамхон бегимнинг мусибатли юзига назар ташлади-ю, сал юмшади:
— Хўп, мен рози! — деди. — Ҳозирча лойиҳа ишлари учун маблағ топиб бергаймен. Қурилишнинг ўзи учун келгуси йили даромадлардан бир қисмини ажратгаймиз.
***
Ҳамида бегим ҳаётининг энг катта муаммоси бўлиб турган мақбара қурилишига Байрамхоннинг розилигини олганидан мамнун ва мулойим бўлиб қолди. Байрамхон мана шу пайтдан фойдаланиб, дилидаги нозик гапларни унга айтишга чоғланди. Аммо ёш йигит Акбарнинг олдида сири очилишидан иймангандай тараддудга тушди.
— Ҳазрат бегим, — деб у ўнғайсизланиб гап бошлади, — кўнгил одамни не кўйларга солишини бошқалар билмаса ҳам сиз яхши билурсиз. Ёшликдаги бир дард менга умр бўйи азоб бериб юрганидан Ҳумоюн ҳазратлари хабардор эдилар. Дилимдаги армонни билганларидан сўнг, «ески хатони, албатта, тузатгаймиз, агар Ҳиндни худо қайта насиб этса, бизга қариндош бўлгайсиз», деган эдилар...
Акбар хонбобосини ҳеч қачон ҳозиргидай ўнғайсиз ва уятчан қиёфада кўрмаган эди. Унинг соқол-мўйловига ва ўсиқ қошларига тушган оқ толалар илгари ўз ёшига ярашган каби салобатли кўринарди. Бугун Акбар унинг соқол-мўйлови йигитларникидай қоп-қора эканини кўриб таажжубга тушди. Унинг Ҳамида бегимга айтаётган гаплари ҳам ғалати эди.
Лекин кўп нозик сирлардан хабардор Ҳамида бегим Байрамхоннинг нима демоқчилигини дарҳол фаҳмлади-ю, дили алғов-далғов бўла бошлади. Байрамхон подшоҳ оиласига қандай қилиб қариндош бўлмоқчилиги унга маълум...
Ҳумоюннинг жияни Салима султон бегим бўй етиб қолган, ота-онаси ўлиб кетгандан бери Ҳамида бегим уни она ўрнида тарбиялаб ўстирган. Бугун Байрамхон Деҳлининг Пуран қалъасига келганда ўн беш ёшли Салима бегимни узоқдан кўриб, юраги «жиғ» этиб кетди. Чунки Салима улғайган сари онаси Гулранг бегимга икки томчи сувдай ўхшайдиган гўзал қиз бўлиб бормоқда эди. Байрамхон йигит пайтида Гулранг бегимни қаттиқ севганлиги, қиз ҳам унга мойил бўлганлиги, лекин тақдирлари қўшилмай, иккови ҳам доғда қолганлари Ҳамида бегимга маълум эди. Қандаҳорда Хонзода бегим Байрамхоннинг Ҳумоюнга қилган яхшиликларидан беҳад мамнун бўлган пайтларида: «Яна битта қизим бўлса Байрамхонни ўзим куёв қилар эдим!» деган сўзлари ҳам бегимнинг ёдида қолган.
Кейинчалик Байрамхон Кобулда Салима бегимни онасига жуда ўхшаб қолган пайтида кўрди-ю, юрагида ҳали сўнмаган ўша ёшлик меҳри қайта аланга олгандай бўлди.
Ўрта боғда Акбар билан келин-куёв ўйнаб ўсган Салима ҳазрат тоғасининг энг ишонган дўсти Байрамхондан кўпда тортинмас эди. Байрамхоннинг катта хотинидан туғилган ўғиллари уйланган, ўзининг ўсиқ соқол-мўйловига оқ тушган. Шунинг учун Салима ҳам уни Акбарга ўхшаб: «Хонбобо», деб атар эди. Байрамхон Салимани Ўрта Боғдаги шийпонда ўн уч ёшида бир учратди-ю, гапга солди. Гулранг бегимга атаб ёзган шеърларидан Салимага ўқиб берди:
Eй пари пайкарки, умри жовидонимсен* менинг,
То тирикмен, с