СEКРИ, БИАНА ҚЎЗҒОЛОН
Ўн беш-йигирма йилда бир бўладиган қурғоқчилик Деҳли ва Агра атрофларидаги ёзги экинларни қовжиратиб қўйган. Саратон кирган бўлса ҳам, ҳар йили шу пайтда ёғадиган ёмғирлар ҳамон бошланган эмас. Тар саҳросидан эсган оловли гармселлар ҳаммаёқни жизғинак қилиб куйдиради. Ерлар сувсизликдан ва иссиқдан тарс-тарс ёрилиб кетган. Бозорларда пулга нон топиб бўлмайди. Очарчилик ва қаҳатчилик бошланган.
Низомнинг ўрмон четидаги кулбаси Секри кўлига яқин. Лекин бу йил кўлда ҳам сув оз. Кўл сатҳи пасайиб, сув Низомлар турган жойдан узоқлашиб кетди. Унинг биттагина сигири, икки бигҳ* ери бор. Ўсмир ўғиллари сигирга ўрмондан ўт ўриб келишади. Лекин ерга пол қилиб экилган шоли сувсизликдан бошоқ тортмай қуриб қолди. Фақат ўнтача хурмо ва банан дарахтларини Низом хотини ва болалари билан кўлдан челаклаб сув ташиб суғориб, шуларнинг меваси билан жон сақлашмоқда. Кўпдан бери нон юзини кўришган эмас. Уйда бир халтагина гуруч қолган, онда-сонда суюқ ош пишириб ейишади. У ҳам тугаса, очарчилик балоси уларни
141


ҳам ўз исканжасига олиши аниқ.
Қани энди Низом орзу қилган халқпарвар давлат бўлса-ю, шундай оғир, табиий офатлар пайтида эл-юртнинг мушкулини осон қилса! Шерхоннинг ўлганига ўн йилдан ошди, унинг авлодлари ҳамон мамлакатни парчалаб, ўзаро урушларда халқни абгор қилмоқда. Шерхондан кейин подшо бўлган унинг ўғли Исломшоҳ интиҳосиз талон-торожлари билан ўзининг афғон юртдошарини ҳам жонидан тўйдирди. Афғонларнинг ниёзи қабиласидан чиққан забардаст йигит Абдулла Ниёзий Агранинг яқинидаги Биана шаҳрида халқ қўзғолонига бош бўлди. Қўзғолончилар Исломшоҳнинг порахўр амалдорларини шаҳардан қувиб юбордилар. Абдулла Ниёзийнинг олти юздан ортиқ қуролланган йигитлари орасида афғонлар, ҳиндлар, бошқа халқ вакиллари ҳам бор. Ҳинди-ю муслим деб дин-у миллат айириш йўқ. Исёнчиларнинг бири косиб, бири деҳқон, бири ўтинчи, лекин ҳаммалари адолатга ташна. Қадимги ривоятлар бўйича, улар халқ орасидан туғма бир адолатпарвар Маҳдий* чиқишига ишонадилар. Ёши энди қирқларга борган, истараси иссиқ, ўзи довюрак, нутқи таъсирли Абдулла Ниёзий уларга ана шу Маҳдийнинг элчиси бўлиб кўринади.
Абдулла Ниёзий Низомнинг кўп йиллик қадрдони. Шерхон даврида Низом ўзининг исмини яшириб, Салим деган иккинчи ном билан танилгандан бери улар яқиндан таниш. Низомнинг бошига тушган кўргиликлар туфайли соч-соқоли эрта оқаран. Касалликдан тузалган бўлса ҳам, узун оқ соқоли борлиги ва ҳассага суяниб юргани учун ёшлар уни — «Салим ота» деб аташади. Абдулла Ниёзий ундан Кабир шеърларини ва бҳақти таълимотини ўрганган. Шунинг учун Ниёзий Салим отани Бианага олиб бориб, исёнчиларга «Менинг устозим!» деб танитди. Исломшоҳдай шафқатсиз тождордан тап тортмай Биана ҳокимини қувиб юборган бу жасур одамлар Салим отага афсоналарда улуғланадиган қаҳрамонлардай кўринди. Ҳалол меҳнати билан кун кўрадиган халқ қачондир бир вақт золим ҳукмдорларни йўқотишига орзуманд бўлган Салим ота Бианада шу орзуси ушалаётганидан руҳи кўтарилиб юрди.
Қўзғолончилар сафи кенгайиб, уч минг кишига етганда улар Биана шаҳри четидан алоҳида бир жойни қароргоҳ қилиб, каттакон жамоа бўлиб яшай бошладилар. Кўпчилик одатдаги меҳнатини қилиб, топганининг бир қисмини оиласига беради, қолганини жамоанинг умумий дастурхонига қўяди. Қуролли йигитлар Бианада иложи борича яхши муомала билан тартиб ўрнатишга интилади, фақат муомалага кўнмайдиган ашаддий бузуқиларни ҳибсга солади ёки шаҳардан бадарға қилади. Улар ҳатто бозордаги нарх-навони ҳам тергаб, нафси катта савдогарларни инсоф билан нарх қўйишга мажбур қилдилар.
бианада янгича тартиб ўрнатаётган Абдулла Ниёзий бошлиқ халқ ҳаракатининг овозаси ғарбдаги Гужаратгача, шарқдаги Бихаргача бориб етди. «Биана маҳдийлари халқни Исломшоҳ зулмидан қутқармоқчи эмиш, дунёда адолат ўрнатар эмиш!» деган гаплар эл-юрт орасида тобора кенг тарқала бошлади.
Шерхон авлодларининг ўзаро урушлари ва шафқатсизликлари баъзи бир шайхларнинг ҳам жонига теккан эди. Абдулла Ниёзий ва Салим оталар Бианада золим амалдорларни йўқотиб, адолатли иш олиб бораётганлари аълойи деган кекса шайхнинг исёнчилар томонига ўтишига сабаб бўлди. Шайх аълойи ўз ихтиёридаги вақф ерларнинг даромадини маҳдийлар ҳаракатига инъом қилди. Унинг хонақоси энди исёнчилар адолат ҳақида тарғибот юргизадиган жойга айланди.
Шайх аълойининг муридлари орасида Исломшоҳ қувғин қилган амирлар ва бошқа бадавлат одамлар ҳам бор эди. Энди агар Исломшоҳга қарши турган шу кучлар ҳаммаси халқ ҳаракатининг гирдобига тортилса подшо ҳокимияти хавф остида қолиши аниқ. Кобулдаги Ҳумоюннинг ишлари ўнгланиб, қўшини йил сайин зўрайиб бораётгани Исломшоҳнинг хаво- тирини ошириб юрган эди. Шунинг устига ичкаридан ҳам ўт чиқса — тамом! Исломшоҳ бу хатарнинг олдини олиш учун Бианага ўз вазирини юбориб, шайх аълойини саройга таклиф қилди:
— Тақсиримиз келиб, янги эътиқодларини бизга баён қилсинлар, маъқул бўлса биз ҳам
142


маҳдийларга қўшилайлик!
Подшонинг бу гаплари тагида киноя борлигини сезган Салим ота аълойига шивирлади:
— Борманг, саройни мен билурмен, вазирнинг гапидан риёнинг ҳиди келиб турибдир!
Шайх аълойи Исломшоҳ юборган вазирга қараб:
— Агар онҳазрат бизнинг эътиқодимизга қизиқсалар, балки ўзлари Бианага ташриф буюрурлар? — деб сўради.
Вазирнинг юзи бирдан тундлашди, қовоғи уюлиб:
— Тақсир, онҳазрат ёлғиз ташриф буюрмагайлар,— деди. — Подшо бу ерга келсалар, юз минг қўшинлари билан келгайлар. Сиз уларга бас келгаймисиз?!
Бу таҳдидли сўзлар шайхнинг кайфини учириб юборди. У қон тўкилишини ва юз минг қўшин Бианани оёқости қилишини кўз олдига келтириб:
— Балодан ҳазар! — деди. — Майли, мен ўзим саройга бора қолай.
Олтмиш беш ёшли нуроний мўйсафид маҳдийлар одати бўйича пиёда йўлга тушди. Кийимлари оддий бўздан, оёғида деҳқонлар киядиган арзон шиппак. Лекин ўзи мағрур. Подшо ва аъёнлар қаршисида ғоз туриб:
— Ассалому алайкум! — деди. — Олампаноҳ, мендан таъзим-у тавозе кутманг. Биз, маҳдийлар, бир осмон остидаги барча одамларни, шоҳ-у дарвишлигидан қатъий назар, баробар деб билурмиз. Биз инсонни бойлиги-ю мартабасига қараб эмас, ҳалол меҳнати-ю чин одамийлигига қараб қадрлагаймиз. Эшитишимга қараганда, сизнинг мингдан ортиқ филингиз, ўттиз минг отингиз, юз минг қўйингиз бор экан. Ростми?
— Рост бўлса-чи? — истеҳзо билан сўради Исломшоҳ.
— Агар рост бўлса, сиз ўзингиз каби минглаб одамларнинг ҳаққига жабр қилган бўлурсиз! Тахтнинг ўнг томонида ўлтирган шайхулислом Абдулла Ансорий:
— Бу не густоҳлик?! — деб Аълойига ўшқирди. — Подшолар эл-улусдан солиқ олишлари, давлат манфаатлари учун мол йиғишлари шаръийдир!
Абдулла Ансорий эллик ёшлардаги юзлари таранг, қорасоқол, сергўшт одам эди. Аълойи унга юзланди:
— Тақсир, шу давлатнинг фуқаролари бўлган минг-минг деҳқонлар, косиблар табиий офат туфайли очдан ўлмоқда! Бундай пайтда ўттиз минг ҳарбий от ейдиган арпаларни эл-юртга улашилса савоб бўлмасмиди? Юз минг қўйдан бир қисмини очларга эҳсон қилиш шаръий эмасми?
Исломшоҳнинг хасислигини биладиган бек-у боёнларнинг баъзиси, «подшомиз ўлса ҳам бундай қилмагай!» деб бир-бирлари билан маъноли кўз уриштириб олдилар, Анбдулла Ансорий эса:
— Астағфурулло! — деб шайх Аълойининг сўзини кесди: — аъло ҳазрат масжидларга катта ионалар қилмоқдалар, минг-минг бигҳ ерларни вақфга бермоқдалар! Саховат бундан ортиқ бўлгайми?
— Аммо бу саховат фақат сиз каби пешволарнинг бойлигини орттирмоқда, холос! — деб Аълойи энди шайхулисломнинг ўзини фош қила бошлади: — Тақсир, муқаддас китобларда барча хайр-у эҳсонлар муҳтожларга берилсин дейилган, вақфлардан тушадиган даромад ҳам мискин бечораларнинг ҳаққидир. Лекин ҳозир барча хайр-у эҳсонлар, барча ионалар масжид вақфлари орқали сизнинг ихтиёрингизга ўтмоқда. Ахир бу учига чиққан адолатсизлик эмасми? — Бас! — деб Исломшоҳ Аълойининг сўзини кесди ва уни олиб чиқиб кетишни буюрди.
Ўша кун оқшом Абдулла Ансорий бошлиқ уламолар тўпланиб, куфр йўлига ўтган шайх Аълойини тошбўрон қилиб ўлдириш ҳақида фатво чиқардилар.
Аммо Исломшоҳ Аълойини ўлдиртирса, қўзғолон янада авж олиб кетиши мумкинлигини, бу шайхнинг ваъзлари ҳатто саройдаги айрим бек-у аъёнларга ҳам таъсир қилганини биларди. Шунинг учун:
— Бу маҳмадона чолни менинг қаламравимдан чиқариб юборинглар, жанубдаги Даканга кетсин! — деб буйруқ берди.
143


Махсус одамлар Аълойини соябон аравага солиб, жанубга олиб кетаётганларида Нарбада деган жойда яна унинг тарафдорлари топилди. Нарбадалик амир Бихархоннинг акасини Исломшоҳ ноҳақ ўлдиртирган. Шундан бери улар хундор душманга айланган. Энди Аълойи Исломшоҳга қарши айтган ўткир ваъзлар таъсирида Бихархон ҳам мингга яқин бек-у амири билан маҳдийлар таълимотига хайрихоҳлик билдирди ва Аълойига қўл бериб, мурид бўлди.
Бу хабар Исломшоҳга етиб боргандан кейин «Шайх Аълойини кечирдик, Даканга сургун қилиш ҳақидаги фармон бекор бўлди, пойтахтга қайтсин!» деб одам юборди.
Ўша йили очарчилик туфайли ўлат тарқаган эди. Узоқ йўлларда шайх Аълойига ўлат юққан экан. Бирдан иситмаси кўтарилиб, бўйнида данакдай шиш пайдо бўлди. Агар бу шиш баданида кўпайса ўлиши муқаррар эди. Нарбадалик моҳир ҳинд жарроҳи Аълойининг бўйнидаги шишни кесиб олиб ташлади. Ихлосмандлари унга энг яхши дор-у дармонлар топиб бердилар. Шайх Аълойи бир ҳафтада тузалишга юз тутди. Ҳали унча дармонга кирмасидан Исломшоҳ юборган одамлар уни яна соябон аравага солиб, ўша пайтда пойтахт бўлган Лахўрга олиб келдилар. Аълойининг гаплари одамларга жуда кучли таъсир қилишини амалда кўрган Исломшоҳ:
— Мен сизни ўзимга диний пешво қилиб олмоқчимен! — деди. — Маҳдийлардан энди воз кечинг! Қулоғимга бир оғиз «кечдим» десаниз бас.
— Йўқ, аълоҳазрат, мен қариганимда имонимдан воз кечолмагаймен! Ундан кўра сиз халққа жабр-зулм қилишдан воз кечинг!
Исломшоҳнинг бирдан ғазаби келиб, кўзлари косасидан ўйноқлаб чиқди:
— Мирғазаб! Дарра келтиринг! Уринг бу сассиқ чолни!
Мирғазаб Аълойининг бўз тўнини ечиб, елкасини яланғочлади. Яқиндагина ўлатдан зўрға тузалган кекса одамнинг танаси озғин, қовурғалари бўртиб турар эди. Оғир дарра подшонинг кўзи олдида зарб билан тўрт марта урилгач, Аълойи ҳушидан кетиб йиқилди ва жон берди. Унинг ўлимини халқдан сир тутишди. «Аълойи номаълум томонга қочиб кетибди!» — деган овоза тарқатишди. Исломшоҳ фурсатдан фойдаланиб, Абдулла Ниёзийни ҳам бир ёқли қилмоқчи бўлди-ю, Бианага катта қўшин юборди. Уч минг исёнчи шаҳар четидаги кўкаламзор бир жойда истиқомат қилар, атрофида девор ёки истеҳком ҳам йўқ. Подшонинг ўттиз минг қўшини қароргоҳни тўрт тарафдан ўраб олди. Абдулла Ниёзий подшо саройига яхшиликча бормаса, бу қўшин қароргоҳга бостириб кириши ва Ниёзийни зўрлаб олиб кетиши керак эди. Агар исёнчилар қурол ишлатса, қўшин уларни қириб ташлаши мумкин эди. Абдулла Ниёзий бегуноҳ одамларнинг қонига зомин бўлмаслик учун подшо қўшини билан саройга борадиган бўлди. Салим ота ва бошқа яқинлари у билан қучоқлашиб хайрлашдилар.
— Кўришолмасак рози бўлинглар! — деганда Абдулла Ниёзийнинг кўзларига ёш қалқиб чиқди. Подшо аскарларига йўлда пистирмадан туриб ҳужум қилишни ва Ниёзийни қутқариб олиб кетишни истаган ботир йигитлар бор эди. Лекин охир-оқибатда улар ҳам Исломшоҳнинг беадад қўшини дастидан ҳалок бўлиши муқаррар эди. Беҳуда қурбонлар беришни ёмон кўрадиган Салим ота таваккалчи йигитларни бу қалтис ниятларидан зўрға қайтарди.
Абдулла Ниёзийни Исломшоҳнинг тахти олдига олиб келдилар. Тахт устида зарбоф кийимларга ўраниб савлат тўкиб ўлтирган Исломшоҳ қирқ ёшдан энди ошган бўлса ҳам, юзи сарғайиб шишинқираган, кўзининг оқи ҳам сарғиш кўринадиган касалманд одам эди. У Абдулла Ниёзийнинг бақувват гавдаси ва соғлом юзига ғаши келиб тикилди-да:
— Суянган тоғинг шайх Аълойи эди — қулади! — деди. — Сен биз билан ватандош афғон экансен, саройга олай, маҳдийларинг билан алоқани уз!
— Ҳазрат подшо! Сиз Аълойининг фақат танасини маҳв қилдингиз. Аммо унинг руҳи тирик! Бу руҳ халқдан куч олиб, золимларнинг жазосини бергусидир!
— Жазо?! Сен менга жазо бермоқчимисен?!
— Мен эмас, ҳаёт жазо бергай! — деб Абдулла Ниёзий Исломшоҳнинг ички касалликлардан салқиган юзига ва шишган қовоқларига маъноли кўз ташлади.— Отангиз Шерхонга қасос қандай қайтганини унутманг! Бегуноҳ ўлдирилган мўйсафиднинг уволи сизни ҳам урмай
144


қўймагай!
— Э, уволи ҳозир сени ургай! Мирғазаб, дарра уринг бу катта даҳан аҳмоққа! Ўлгунича калтакланг!..
Абдулла Ниёзийни ҳушидан кетгунча калтаклашиб, кечаси ўрмон четидаги йўл бўйига келтириб ташлашди. Саройдагилар уни «ўлди» деб ўйлашган эди. Лекин қирқ ёшли бақувват Ниёзий ҳали тирик, гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд бўлиб ётган эди. Исёнчилар уни шу аҳволда топиб олиб, Салим отанинг олдига кўтариб келдилар. Бундай оғир жароҳатни қандай тузатишни ўз аччиқ тажрибаси орқали яхши биладиган Салим ота ҳинд табиблари ёрдамида Абдулла Ниёзийни ўлим чангалидан қутқариб олди. Аммо калтак зарбидан бадани ҳилвираб, ички аъзолари ҳам лат еган Абдулла Ниёзий узоқ вақт тўшакдан туролмай ётди.
Бианадаги халқ ҳаракати жасур бошлиқларидан айрилгач, исёнчилар жамоаси тарқаб кетди. Лекин икки йил давомида бу жамоа қилган адолатли ишлар ва одамларнинг дилида уйғотган исёнкор туйғулар гўё бир тутантириқ бўлди-ю, бутун мамлакатда Исломшоҳга қарши қаратилган нафрат оловини ёндирди. Бу нафрат кутилмаган жойлардан Исломшоҳ даргоҳига ҳам йўл топиб кирар, саройдаги истеъдодли шоирлар ва фозил кишилар кўзидан подшога аталган қарғиш ёғилиб тургандай бўларди. Бу ҳаммаси ташқи алғов-далғовлар азобига қўшилиб. Исломшоҳ узоқ умр кўра олмади. У қирқ бешга бормай вафот этди.
Шундан кейин Шерхон авлодларининг хонадони тўрт томонидан ўт кетган уйнинг аҳволига тушди. Исломшоҳдан сўнг тахтга чиққан унинг ўнг икки яшар ўғли Ферузни ўзининг туғишган амакиси Муборизхон заҳарлаб ўлдирди. Бу қотил амаки ўзига Одилшоҳ деб ном қўйиб Аграда тахтга ўтиргандан сўнг, бошқа қариндошлар бирваракай исён кўтардилар. Шерхоннинг қиз неварасига уйланган Аҳмадхон сур Лахўрда ўзини мустақил подшо эълон қилиб, Искандаршоҳ номи билан тахтга чиқди. Чунор қалъасидаги иккинчи куёв — Иброҳим сур Аграга ҳужум қилиб, уни Одилшоҳдан тортиб олди. Бироқ Искандаршоҳ ҳам Аграга даъвогар эди. У Лахўрдан Аграга қўшин тортиб келди. Икки куёв пойтахт Аграни талашиб, қонли жанглар қилаётган пайтда Ҳумоюн ўттиз минг аскар билан Кобулдан чиқиб Ҳинд дарёсидан ўтди-ю, бир ҳафта ичида Лахўрни жангсиз эгаллади.
Салим ота кўпдан бери Ҳумоюннинг йўлига кўз тутиб юрар эди. Шуни биладиган Абдулла Ниёзий Панжобдан яқинда қайтган шайх Муборак деган кишини Салим отанинг кулбасига бошлаб келди.
Аждодлари араб бўлган шайх Муборак ҳам Бианадаги халқ ҳаракатига иштирок этган, кейин қувғинга учраб, Бхира томонларга кетиб қолган эди. У Салим отадан суюнчи сўрагиси келиб: — Тақсир, Ҳумоюн сиз таъриф қилганингиздек соҳибдил одамга ўхшайдир, — деди. — Бхирадан то Лахўргача мен унинг амалга оширган тадбирларини зимдан кузатиб келдим. Ҳиндистонда очарчилик бошланганидан хабардор экан, кўп жойларда очларга ош-нон улашишни буюрди. Лекин бу билан иш битмаслиги аниқ эди. Қандаҳор-у Пешовар томонларда дон арзон экан. Ҳумоюн кемаларда, карвонларда дон ташитиб келиб, бозорларни жонлантириб юборди. Тужжорларнинг ўзлари фойда кетидан қувиб, шимолдан Панжобга тинмай дон ташиб келмоқда!
— Кошки Аграларда ҳам шундай қилинса! — деб, қилт этиб ютинди Абдулла Ниёзий. У беморликдан тузалгандан кейин Секрига кўчиб келган, тоғ этагида кичкина бир кулбада ночоргина ҳаёт кечирар эди. Шайх Муборак келтирган хушхабар Салим отани қувонтириб юборди. У маслакдош дўстлари олдига дастурхон ёзиб, банан ва хурмо қўйдирди.
— Не қилайки, нон йўқ, — деди ва хотинига ширгуруч пиширишни буюрди. — Бугун борини еб турайлик. Эртага яна насиб қилгани бўлгай. Шояд-ки, буғдой ортган карвонларни Ҳумоюн биз томонларга ҳам бошлаб келса!
Тождорларни хуш кўрмайдиган Абдулла Ниёзий:
— Карвонлар ташиб келган буғдой фалон пул турса керак, — деди. — Сиз-у бизда олтин-кумуш йўқ. Ҳумоюнга умид боғлаб яна алданиб қолманг. Салим ота.
145


— Рост, миён* Абдулла, — деди Салим ота Ҳумоюнга яқин юриб бошдан кечирган фалокатларини эслаб кетди: — Шоҳлар билан бизнинг орамизда чуқур жарлар бор. Мен бу жарга бир марта қулаб, ўлишимга сал қолди.
Шайх Муборак бош чайқаб:
— Ҳар қалай, Ҳумоюн Исломшоҳдай золим эмас, — деди ва қўйнидан қатланган бир ёзув чиқарди: — Мана, Ҳумоюннинг афви умумий эълон қилиб чиқарган фармони.
Фармон оддий одамлар ҳам тушунадиган қилиб ёзилган эди. Салим ота уни шайх Муборакнинг қўлидан олиб овоз чиқариб ўқиди:
«Халойиқ! Кимки илгари Шерхон ва унинг авлодлари таъсирида бизга қарши иш қилган бўлса- ю, энди бу хато йўлдан қайтиб, биз билан ҳамкорликка юз тутса, ҳаммасига афви умумий бергаймиз, барча гуноҳларидан кечгаймиз, ҳар бирига муносиб иноятлар қилгаймиз. Барча бек-у навкарларга тайин этилдиким, биз ўз қадрдон элимиз бўлмиш Ҳиндистонга қайтдик, босқинчилик ва талончиликка мутлақо йўл қўйилмасин. Бу фармони олийга риоя қилмай, ҳинд деҳқонларининг сигирини ўғирлаб сўймоқчи бўлган Аҳмадхон исмли навкар ўн минг кишилик қўшин олдида қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб ўлдирилди. Иншоолло, бу жазо бошқалар учун ибрат бўлғусидир, фуқаронинг мол-у жонини омон сақлашга ёрдам бергусидир. Бизнинг эзгу ниятимиз — ўзаро урушларда, жабр-у зулм ичида абгор бўлган бу муаззам мамлакатни яна қайтадан якдил-у яктан, обод-у қудратли қилмоқдир. Илоҳим, шу улуғ мақсадларга етайлик!» Бу гаплар таъсирида Салим отанинг дилида яна илиқ туйғулар уйғонди. Ҳумоюн мавлоно Хондамир билан ҳамкор бўлиб янги қонунлар чиқаргани, табиатдаги уйғунлик ва мувозанатни жамиятга ҳам татбиқ этишга интилган хаёлидан бир-бир ўтди.
— Ҳумоюн сизга қадрдон бўлган экан! — деди шайх Муборак унга. — Энди у Деҳлига қайтаётган пайтда, сиз унга пешвоз чиқсангиз... Ҳумоюн қувғинда юрганда биз унинг душманлари бўлган Шерхон авлодлари билан қандай олишганларимизни сўзлаб берсангиз... Ахир Абдулла Ниёзий бош бўлган халқ ҳаракати Исломшоҳ ҳукмронлигини ичдан емирмаганда, Ҳумоюн Панжобни жангсиз ололмаган бўларди!
— Ҳа, унинг Ҳиндистонга қайтишига биз қандай кўмак берганимизни Ҳумоюн билмоғи керак, — деди Салим ота. — Лекин... унинг даргоҳида кўрган даҳшатларим хотиримдан нари кетган эмас... «Саройга иккинчи қадам босмагаймен!» — деб аҳд қилганмен.
Исломшоҳ саройида еган калтаклари Абдулла Ниёзийнинг ҳам эсига тушди-ю:
— Бормаганингиз маъқул, — деди.
Аммо шайх Муборак бошқа нарсадан хавотир бўлмоқда эди. Ҳумоюн афви умумий эълон қилинганидан фойдаланган баъзи маккор одамлар энди ал-дамчилик йўли билан Исломшоҳ давридаги юксак мартабаларини сақлаб қолишга интилмоқда эдилар.
— Исломшоҳ саройида шайхулислом бўлган Абдулла Ансорий ёдингизда борми? — деб сўради шайх Муборак Ниёзийдан.
— Аълойини ўлдиришга фатво берган илонми?
— Ҳа, ўша Ансорий ҳам гўё кейин Исломшоҳдан айниган эмиш. Шайхулисломлик лавозимидан фойдаланиб, Исломшоҳнинг ички сирларини билар экан-у хуфиялар орқали Кобулдаги Ҳумоюнга етказиб турар экан. Исломшоҳ ўлиб, ички низо авжига чиққанда шайх Ансорий Ҳумоюнга: «Eнди келсангиз Ҳиндистон сизники бўлгай», деб бир жуфт этик юборибдир. Бу этикнинг рамзий маъноси ҳам подшога хушомаддан иборат экан, яъни: «Ота юртин-гиз Турон — бош бўлса, сиз ҳозир турган Кобул, — бел, биз эса сизга оёқ бўлиб, шу этикдек хизмат қи- лишга шаймиз!» дегани экан.
— Об-ба, хушомаднинг болохонадорлигини қаранг! — деди Ниёзий нафрат билан.
— Подшолар хушомадни яхши кўришини билурсиз, — деб сўзида давом этди шайх Муборак. — Панжоб жангсиз олинганда Абдулла Ансорий Лахўрдан бир кун йўл юриб, Ҳумоюнга пешвоз чиқибдир. Подшо у билан отдан тушиб кўришибдир. «Тақсир, этик юбориб қилган кароматингиз рост келди!» деб ташаккур айтибдир. Орадан уч кун ўтмай Лахўр уламолари
146


Абдулла Ансорийни Ҳумоюн саройига шайхулислом тайин этиб фатво эълон қилдилар. Подшолар ўзгарсалар ҳам, шайхулислом яна ўша Ансорий!
— Икки подшо орасида айғоқчилик қилиб юрган одамга шундай мартаба берилса-я! — ғаши келиб деди Салим ота.
— Подшоларга айғоқчилар, албатта, керак, буниси кўпдан маълум, — сўзида давом этди шайх Муборак. — Аммо бу Ансорий зулм тиғини Ислом-шоҳга қандай қайраб бериб турганини Ҳумоюн ҳали билмаса керак. Шундан фойдаланиб, маккор Ансорий биз каби тарафдоларини ҳам Ҳумоюнга ёмон кўрсатиши, орага нифоқ солиши мумкин. Ахир ҳамон адолат излаб юрган маҳдийлар ҳаракати халқ орасида ҳали тўхтаган эмас! Салим ота Ҳумоюнга ҳеч бўлмаса бир мактуб ёзиб, Бианадаги халқ ҳаракати қандай бўлганини, Ансорий ўшанда нелар қилганини ҳаққоний сўзлар билан баён қилишлари керак эмасми?
— Агар мен бу мактубни ёзсам, уни ким Ҳумоюнга етказиб бергай? Шоҳнинг қабулига кириш осон эмас.
— Ёзинг, мен элтиб беришга уриниб кўрай, — деди шайх Муборак.
Меҳмонлар ширгуручни еб тарқаганларидан сўнг, Салим ота ёлғиз қолиб қўлига қалам олди. Шунда Ҳамида бону ва ундан олган мактубини эс-лади. Ҳумоюннинг Акбар деган ўғли каттагина ўсмир бўлиб қолганини эшитган эди, шу ёдига тушиб, мактубни муборакбоддан бошлади. Кейин Ҳумоюн қувғинда юрган йилларда юз берган воқеаларни қисқача баён қилди. Шайх Ансорий ҳақидаги гапларни ҳам барча далиллари билан қоғозга туширгач, мактубни шундай тугатди:
«Ҳазратим, кўришмаганимизга ўнг олти йил бўлди. Бу орада сиз кўп довонлардан ошиб, аввалгидан юз чандон тажрибалироқ ва донороқ бўлиб қайтмоқдасиз, деган ишонч билан йўлингизга кўз тикмоқдамиз. Халқ адолатли раҳбарга бениҳоя ташна. Маҳдийлар ҳаракати ҳам ана шу ташналикдан келиб чиққан эди. Агар шу ташналикни қондирсангиз, эл-улус сизни барча балолардан асрайдиган балогардон бўлғусидир!»
Eртаси куни йўл тайёрлигини кўриб келган шайх Муборак бу мактубни тўнининг астарига тикиб, Панжобга йўл олди. Аммо у Лахўрга етиб борма-сидан, Ҳумоюн Деҳлига томон қўшин тортиб келаётгани маълум бўлди. Шерхон авлодларидан Искандаршоҳ Агра яқинида ўз рақиби иброҳим сурни енгган, унинг бир қисм аскарларини ўзига қўшиб олиб, лашкарини эллик мингга етказган эди. Энди Искандаршоҳ бу катта қўшин билан Сирҳинд яқинида Ҳумоюннинг йўлини тўсиб чиқди.
Шайх Муборак бир-бирига қараб юмалаётган тоғдай зўр тошларнинг орасида қолиб, янчилиб кетмаслик учун ўзини четга олиб, Калонурга кетди ва жанглар тугашини кутди. Орадан бир ойча вақт ўтгач, Искандаршоҳ Панжобнинг Махчивара деган жойида Ҳумоюннинг лашкарбошиси Байрамхондан енгилиб, Ҳимолай тоғлари томонга қочгани маълум бўлди. Бундан беҳад суюнган шайх Муборак Ҳумоюннинг ҳузурига йўл олди.
Аммо Жамна бўяб Деҳли томонга кетиб бораётган Ҳумоюннинг ҳозир муқим турадиган жойи йўқ, қароргоҳларининг ўрни ўзгариб туради. Қаландар кийимида юрган шайх Муборак, ниҳоят, унинг ўрмон четида ов қилиш учун икки-уч кун тўхтаганидан фойдаланди-да мавкаб жойлашган қароргоҳга яқинлашди. Қўриқчилар бошлиғига:
— Ҳазрат олийларига халқнинг номидан ёзилган бир мактуб топширмоқчимен, — деб арз қилди.
Давлат бошлиғига арз-у дод қилиб келувчилар жуда кўп бўлганлиги учун, уларни аввал синчиклаб текширишар ва ўнтадан биттасини подшонинг ҳузурига киргизишар эди. Шайх Муборакни ҳам қўрчибеги саволга тутиб, тафтиш қилаётган пайтида катта оқ саллали Абдулла Ансоний иккита уламо билан уларнинг ёнидан ўта бошлади. Шайх Муборак салласи катталарга юзини кўрсатмасликка тиришиб, орқа ўгириб турди. Лекин қўрчибеги уламолардан бирини чақириб:
— Тақсир, бери келинг, бу одам ҳам шайхлардан экан, — деди. — Қандайдир маҳдийлар
147


номидан подшога мактуб олиб келганмиш. Кўриб беринг-чи, ҳазратимнинг эътиборларига арзийдиган гапмикин?
Ансорийнинг ишораси билан ёшроқ бир имом қўрчибегининг олдига келди, хайриятки, Абдулла Ансорий орқа ўгириб турган шайх Муборакни та-нимади. Ёш имон яқин келиб шайх Муборакнинг юзига тикилди-ю:
— Қани, ҳазратимнинг номларига ёзилган мактубни бир кўрайлик-чи! — деди.
Шайх Муборакнинг ичи қўрқувдан музлаб кетди. Мактубда Ансорийга қарши ёзилган сўзларни мана бу имом ўқиса шайх Муборакни тинч қўймайди. Дин пешволарининг ўз қуролли одам- лари— муҳтасиблари бор. Ансорий «даҳрий» деб фатво берса бас, муҳтасиблар шайх Муборакни ҳибсга олишга ҳам, ўлдиришга ҳам қодир. Шайх Муборак мактубни олиб бермоқчи бўлиб, қўйнига қўл солди. Лекин бўш чиқди... Қўлидаги қаландар халтасини титкилади, ҳатто уни қўрчибегига очиб кўрсатди. Белидаги фўтасини ечиб, эски тўнининг барларини силкитди. Мактуб йўқ! У астар остига тикилган жойида «қилт» этмай тургани шайх Муборакнинг жонига ора кирди:
— Мактубни кеча ётган жойимда унутиб қолдирибмен! Мени маъзур тутинг! Ижозат бўлса, ҳозир бориб олиб келай!
Қўрчибегининг жаҳли чиқди:
— Э, бор, жўна! Сенсиз ҳам подшонинг қабулига кирмоқчи бўлганлар беҳисоб!
Шайх Муборак бир балодан қутулганига шукур қилиб, Ҳумоюннинг қароргоҳига иккинчи марта қадам босмади. Салим отанинг мактубини эса ўзига қайтариб олиб келиб берди. Бўлган воқеани ҳикоя қилгач:
— Подшолар билан бизнинг орамизда ўтиш мушкул бўлган баланд ғовлар борлиги рост экан! — деди. — Энди сизга омад берсин-у ўзингиз Ҳумоюнни бирор жойда холи учратиб, ҳақиқатни унга айтинг.
Бундай омад қачон келишини Салим ота ҳам билмас эди.
______________
*Икки бигҳ—яримгектарданкўпроқ.
* М а ҳ д и й — аслида «туғма» деган маънони билдиради. Руҳонийлар бу сўзга илоҳий тус бериб, «ғойибдан келадиган одил пешво Маҳдий», дейишган. * М и ё н — «домла», «мавлоно» деганга ўхшаш сўз. Фозил кишига нисбатан айтилади.