— Қайси маснавий экан, ҳазратим? Бирор сатрини эслатинг.
«Якталаб-у, яқдил-у, якхўй бўл, Борча халойиқ била якрўй бўл»
— Бул ҳам ҳазрат отамнинг маснавийларига ўхшаб кетадир, — деди Ҳиндол.
— Ҳа,— давом этди Ҳумоюн. — Қуйидаги тўрт сатрини Комрон мен кабиларга бағишлаб ёзган деб ўйладим:
Eй, ўзини жоҳ ила маст айлаган, Ҳимматин ул пояда паст айлаган. Ҳиммат эмас улки, жаҳон олғасен Ҳиммат эрур буки, борин солғасен*.
Комрон акаси билан хафалашиб юрганда бу сатрларни унга қарши қаратгани рост эди. Лекин ҳозир у шеърдаги кинояни ўзига олди:
— Бу сатрларда мен ўзимга мурожаат этмишмен, ҳазратим! Ёдингизда бўлса жаннатмакон отам бир қанча маснавийларни ўзларига қарата битган эдилар. Секрида май ичишдан тавба қилганда ўзларига мурожаат этиб айтган маснавийларини эсланг:*
— Ўзингизга мурожаат этганингиз — бизга ҳам мурожаат қилганингиз эмасму, амирзодам? — деди Ҳумоюн кулимсираб. — Ахир биз ҳаммамиз бир хон авлодиданмиз.
— Бу рост, аммо мен аввалги даъволаримдан воз кечиб, ўзлигимдан фориғбол бўлдим. Ҳиммат — барини олишда эмас, баридан воз кечишда эканини энди астойдил ҳис этдим.
— Бу ҳис сизга ҳам таниш бўлса керак, ҳазратим?— деб Ҳиндол Ҳумоюнга Аграни эслатди. — Ўшанда сиз ҳатто тахтингизни, бутун ҳазинангизни саққо йигит Низомга бериб қўйган экансиз. Афсуски, биз ўшанда ёшлик қилиб бу юксак ҳимматнинг қадрига етмаган эканмиз.
— Энди қадрига етдингизми, ахир? — кулиб сўради Ҳумоюн. Бу саволга ҳар учала ини тасдиқ жавоб бердилар.
— Ундоқ бўлса, тўртталамиз бу кеча мана шу саропарда ичида бирга ухлагаймиз. Дамни олиб, эртага Кобулга ҳазрат отамнинг қабрини зиёрат қилгани боргаймиз.
Ҳумоюн атайлаб бек-у аъёнларни орага қўшмасликка ҳаракат қилар, чунки уларнинг Комронга боғлиқ гина-кудуратлари кўп — Бопусхон қамал пайтида бирининг акасини ўлдиртирган, бирининг синглисини беномус қилган, лекин одамлар буни Комрондан кўрар эди.
Тўрт оғайни қўриқчи йигитлари билан Кобул кўчаларини тўлдириб ўтдилар, минглаб одамларнинг эътибори остида баланд тепалик устидаги Бобур мақбарасига кўтарилдилар. Оталари ҳаётлигида тоғдаги чашмалардан бу ергача ариқ қаздириб, сув олиб келган ва тўртта чинор эктирган эди. Йигирма йил ичида улар юқорига бўй чўзиб, катта дарахтларга айланган. Бу хушҳаво жойга шимолдан — Амударё ва Сирдарё томондан эсган шамоллар Бобур туғилиб ўсган жойларнинг эзг-у исини олиб келарди. Жанубдан эсган шамоллар эса Бобур Кобул дарёси бўйида ва Жамна қиргоқларида барпо этган боғларнинг муаттар ҳидини келтириб тургандай бўларди.
Оталарининг васиятига биноан, унинг хоки Аградан ҳинд тупроғи билан бирга келтирилиб қабр ичига солинган эди. Қабр устидаги олтинранг мармар эса Самарқанднинг Ғозғонидан туяларга ортиб келинган ва Кобулда тарашланиб, сайқал олган эди. Тўрт ўғил мақбара ичига чуқур сукут билан кириб, қабр тошининг икки ёнига ва оёқ томонига чўк тушиб ўлтирдилар ва тиловат қилдилар. Ҳумоюн отасининг ўлмас руҳини тирик ҳис қилиб, унга ҳаётлигидагидек мурожаат этди:
— Ҳазрат отажон, шукур, мана, барча ўғилларингиз соғ, омон. Ҳузурингизга бирга келиш орзусида эдик. Бугун шу орзуга етдик. — У иниларига юзланди: — Падари бузрукворнинг
127


руҳлари олдида аҳд қилайлик, Комрон, Аскарий, Ҳиндол — барчамиз минбаъд аҳилликни ҳеч бузмайлик! Ҳеч бир кимса орамизга нифоқ сололмасин. Омин!
— Омин!
Ҳиндол акасининг сўзларидан қаттиқ таъсирланиб, кўзига ёш олди.
Комрон эса босиқлик билан:
— Омин! — деди-ю, ичида ҳиндолни «ҳали ҳам бола» деб қўйди. Аскарий ҳам Комрондек босиқ. У Ҳумоюндан кўра Комронни тезроқ тушунади. Ҳумоюннинг одам эришиб бўлмайдиган нарсаларга ишониши ва интилиши, ҳозиргидай оталарининг қабри олдида тирик одамга сўзлагандек гапиришлари Комрон билан Аскарийга китобий бир хаёлпарастликдек туюлади. Аграда Ҳумоюнниг олий табақани «аҳли давлат», «аҳли саодат», «аҳли мурод» каби қисмларга бўлганлари, бутун жамиятга эса табиатдаги чор унсур асосида тартиб бермоқчи бўлганларини, эшкакчи Низомни подшо қилиб кўтарганлари ҳозир Комроннинг эсига тушиб кулгисини келтирди.
Бобур мақбарасидан нарироқда Хонзода бегимнинг қабри устига қўйилган одам бўйидан баландроқ оқ мармарга Ҳумоюн шикаста ҳарфлар билан дил сўзларини ўйдириб ёздирган эди. Ҳозир у укаларини аммасининг қабри олдига бошлаб келди-да:
— Бу улуғ аёл умр бўйи отамизга-ю бизга ўзини фидо қилиб яшади, — деди. — Ҳаётининг охирги дақиқаларигача тўртовимизни бирга кўриш орзусида бўлди. — Ҳумоюн аммасининг руҳига ҳам худди тирик пайтидагидек мурожаат этди: — Ҳазрат аммажон, арвоҳингиз шод бўлсин, сиз орзу қилган кунларга етишдик. Улуғ руҳингиз бизга ҳамиша мадад берсин! Омин! Комрон бу гал юзига истар-истамас фотиҳа тортди, акасининг бу гаплари, унинг назарида, улкан подшога ярашмайдиган бачканаликдай туюларди.
Ҳумоюн эрталаб бу ёққа келаётиб, мақбара этагига кўчат олиб чиқишни ва чуқурчалар қазиб қўйишни буюрган эди. Пастдаги ариқ бўйида Турдибек у айтган ишларни тахт қилиб, тўрт оғайнини кутиб турган эди. Ҳумоюн хилхонадан чиқиб буни кўрди-ю, иниларига:
— Ҳозир илк баҳор, айни ниҳол ўтқазадиган пайт,— деди. — Юринглар, отамиз қаздирган ариқ бўйига биз ҳам кўчат экайлик, ҳозирги масъуд дамлардан хотира бўлиб қолсин.
Ҳумоюн чинор кўчатини чуқурчага солиб, ўзи тупроқ тортмоқчи бўлган эди, навкари кетмонни бермади:
— Ҳазратим, сиз тутиб турсангиз бас!
Аммо Ҳумоюн бунга кўнмай кетмонни тортиб олди-да, кўчат тагига ўзи тупроқ ташлай бошлади. Умрида қилмаган бу ишга унинг қўли келишмаётганини кўрган Комрон акасининг кулги бўлишидан озорланиб:
— Бас, ҳазратим! — деди. Комроннинг ҳокимона ишораси билан навкар тез кетмонни Ҳумоюннинг қўлидан олди.
Комроннинг ўзи эса кўчатни тутиб турди, аммо кетмонсопга қўл теккизмади. Аслзодаларга хос назокат билан тарбия кўриб ўсган Комрон, «авомга ўзингни тенг тутсанг, дарҳол тепангга чиқгай», деган эътиқодда эди. Ҳумоюн эса беғубор оддий одамларга яқин бўлишни яхши кўрар, ўғли Акбарнинг тўйида у ҳатто Имомқули деган навкари билан кураш тушган эди.
Тўрт оғайни фақат ўзлари қолганда унча билинмайдиган бундай фарқлар улар жамият орасига кирган сари кўзга яққол ташланади ва бирини биридан узоқлаштира бошлайди. Кўпчилик Ҳумоюндан мамнун. Оға-инининг олишувларидан безор бўлганлар, «хайрият, энди тинчидик», деб қувонади, «Ҳумоюн инилари қилган ёмонликларни юзларига солмай, ҳурматларини жойига қўйиб, ёнида эъзозлаб олиб юрибдир, бағрикенглик бундан ортиқ бўлғайми?» деган мақтовлар Комроннинг қулоғига ҳам чалинади. Ҳозир бу ярашиш нуқул Ҳумоюннинг обрўсини ошираётгандай, Комрон эса Кобулдаги аввалги нуфузини йўқотиб, пастлаб кетаётгандай туюлади-ю, кун сайин қаттиқ ботади. Айниқса, қамал пайтда ундан жабр кўрган одамларнинг кўзларидаги кудурат Комронга тикандай санчилади, қариндош аёллар билан кўришганда Ҳамида бону унга кўзлари тўла мусибат билан шундай тикилдики, Комроннинг кўнгли
128


аллақандай бўлиб кетди. У Ҳумоюннинг қамал пайтида зиндонда жон берган қизи — икки ёшли Жаҳон Султон бегимнинг ўлими учун жавобгар эканини мунгли онанинг нигоҳидан сезганда, бу кўзларнинг ўткир дарди гўё найза бўлиб отилди-ю, Комроннинг дилига қадалди. Эшик даричаларига ғишт қаланиб, қамоқхонага айлантирилган қоронғи уйда сингиллари гулбадан ҳам бир неча ой зиндон азобини тортган, энди у ҳам Комрондан кўрган азобларини унута олмас эди... Ҳумоюнга садоқатли беклардан бир қанчаси Бопусхон томонидан аёвсиз ўлдирилган, баъзиларининг хотинлари бозорда халойиқнинг олдида беномус қилинган, уларнинг тирик қолган оға-инилари буни ҳам Комрондан кўришарди. «Сен фармон бергансен, қасдини сендан олмоғимиз керак!» дегилари келиб, Комронга интиқом тўла кўзлар билан тикилишарди. Ҳумоюн қасоскорларнинг ҳовурини босиш учун Бопусхонни ҳибс қилдирди. Афзалбек Синдга борганда Шерхоннинг ўғли Исломшоҳ томонга ўтиб кетган, Қорачахон кечаси дарвозани яшириқча очиб бергандан бери ҳумоюн хизматида юрар эди. Лекин бек-у аъёнлар орасида Қорачахоннинг эътибори йўқ, солиқ йиғувчи маҳкамада учинчи даражали бир лавозимдаги ишлар, ҳеч ким уни писанд қилмас эди. Бундан аламзада бўлиб юрган Қорачахон пайтини топиб Комроннинг қароргоҳига келди, тиз чўкиб, ундан узр сўради.
— Мен ҳали ҳам сизни валинеъматим деб тан олурмен! — деб шивирлади. — Оҳ, қани ўша давр-у давронларимиз? Агар мен сизга керак бўлсам, чорланг, ернинг остидан бўлса ҳам ҳузурингизга етиб келурмен!
— Фитна-ю шўриш энди бас! — деб Комрон унга ён бермади. Чунки ҳозир Комрон қароргоҳ қилган Боғи Наврўзийда Ҳумоюнга гап етказадиган хуфиялар бўлиши мумкин эди. — Яхшилик йўлидан юрсангиз, бир кун яна учрашгаймиз. Унутмаганингиз учун ташаккур!
Бу ташаккур — унинг Қорачахонни кечиргани эди. Ҳар қалай, Комронни Ҳумоюндан баланд қўйиб эъзозлайдиган одам ҳам борлиги Комроннинг дилига таскин берди. У Қорачахондан Саид Халилни сўради.
— Бечора қилтомоқ бўлиб қолди, — деди Қорачахон. — Икки ойдан бери томоғидан овқат ўтмай қоқсуяк бўлиб ётибдир. Билмадим, неча кунлиги бор...
Комрон Саид Халилни кўргани борди. Бир вақтлар ерни босайми-босмайми деб кеккайиб юрадиган Саид Халил ҳозир одам кўрса сесканадиган кўкиш-сариқ мурдага ўхшарди. Лаблари қимирлаганда худди ўлик ётган одам гапириб юборгандай Комроннинг эти жимирлади.
— Сиз... — деб пичирлади Саид Халил Комронга...— Сиз тахтни олинг! Оғонгиз... номуносиб!.. Бир томонда — Ҳумоюнни Комрондан юз чандон баланд қўйиб мақтаётган бек-у аъёнлар, иккинчи томонда озчилик бўлса ҳам, ҳар қалай, Комронни отасининг тахтига энг муносиб деб биладиган эски қадрдонлар... Комронга бу икки муҳит — қайчининг икки тиғидек туюлар, Кобулда юрганда руҳи шу тиғлар орасида қолиб қиймаланаётгандай азоб тортар эди.
Бу, эҳтимол, она сути билан кирган ғайришуурий бир туйғудир. Чунки Комроннинг онаси Гулруҳ бегим кундоши Моҳим қувонганда эзилар, аксинча, Моҳимнинг бошига фарзанд доғими ёки бошқа бирон кулфат тушса ўзини ундан бахтиёрроқ сезиб, дили таскин топарди.
Комрон ҳам Ҳумоюннниг обрўси ортганидан қувонолмас, балки руҳи тушар эди. Акасининг маънавий ғалабаси унга ўзининг маънавий мағлубиятидек туюларди. Унинг кўзини куйдириб, рақобат ҳиссини хуружга келтираётган нарсалар кўпайган сари кечалари ухлай олмай чиқди-ю, синиққан юз билан Ҳумоюнга мурожаат қилди:
— Мен бу жамиятдан узоқроққа кетай, ҳазратим. Улуғ мурувватларингизни тоабад унутмагаймен. Энди... тинч бир гўша бўлса, ижод қилсам...
Ўша кезларда Ҳумоюннинг қаламравидаги энг узоқ ўлка — шайбонийзодалар давлати билан чегарадош бўлган Кўлоб эди. Комрон Кўлобга, Аскарий эса унга қўшни Толиқонга тайин бўлди ва тез кунда ўз вилоятларига жўнаб кетди.
Кобулда Ҳиндол билан қолган Ҳумоюн энди Ҳиндистонга қандай қилиб қайтиш йўлларини ўйлар эди. Бу йўллар Ҳумоюн учун ҳали ҳам берк. Шерхоннинг ўғиллари орасида энг ғайратлиси бўлган Исломшоҳ ўзига қарши бош кўтарган кучли саркардалар — Ҳавасхон ва
129


Ҳайбатхонларни енгиб, Гвалиор қалъасига ҳибс қилган. У Панжобда зўр давлат тузиб, қўшинини юз мингга етказган. Ҳумоюнда ҳали Исломшоҳга бас келадиган куч йўқ. Деҳли, Агра, ҳатто узоқ Биҳар ва Банголадан Кобулга, Ҳумоюн саройига эски қадрдонларидан хат-хабарлар, вакиллар келиб турибди. Ўша ёқларда бир-бири билан ҳокимият талашиб, эл-улуснинг бошига беҳисоб бахтсизликлар келтираётган Аҳмадхон ва Одилхон сурларнинг зулмидан безор бўлган одамлар Ҳумоюнни тезроқ Ҳиндистонга қайтишга ва ўз тарафдорларини бу балолардан қутқаришга ундайдилар. Ҳумоюннинг ўзидаги энг зўр истак ҳам шу. Аммо ёши қирқдан ошиб, мулоҳазакор бўлиб қолган Ҳумоюн ҳали Ҳиндга қайтиши учун фурсат етилмаганини, тарих қозони яна узоқ қайнаши кераклигини сезади. Исломшоҳ минг уринса ҳам тўхтатолмайдиган ички бир нураш худди тоғ ёнбағрининг аста-секин кўчишига ўхшаб, Шерхон тузган давлатни ичдан емиб бормоқда. Буни Ҳумоюн Ҳиндистонга махфий тарзда бориб келаётган ўз мушрифларининг ахборотидан билиб турибди. Бу ички нураш ўз ишини қилиб бўлгунча Ҳумоюн шошмасдан куч тўплайди ва қулай вазиятни сабр-бардош билан кутади.
____________
***
Баҳор сувларидан лойқаланиб оқаётган Кобул дарёсининг шовуллаши Ўрта* боғдан баралла эшитилиб туради. Чорчаманлари ва мармар кўшклари Бобур томонидан режалаштирилган бу марказий боғнинг номини ҳам унинг ўзи қўйиб кетган. Бу боғнинг қизғиш қум тўшалган ораста йўлкаларида кўкалдошлари билан чопиб ўйнаб юрган олти яшар Акбар:
— Адҳам, Азиз, келинглар «Байрамхон» ўйнаймиз, — деб қолди.
Бу ўйнинни уч ўртоқдан бошқа ҳеч ким билмайди. Отасининг беклари орасида Акбарга энг ёқадигани Байрамхон. Отасидан ҳам бу одам тўғрисида кўп ғаройиб ҳикоялар эшитган. Байрамхон ҳозир Қандаҳорда, Кобулга кам келади. Лекин ҳар келганда Акбарга фил суягидан ва сандал дарахтидан ясалган ғалати ўйинчоқлар совға қилади. Бир марта мана шу боғда у Акбарга ва кўкалдошларига қиличбозликдан сабоқ ҳам берди. Ўшанда Акбар ўз отасининг икки қўллаб қилич чопишини, Элбрус тоғида ов пайтида Ёқуб Шерафкан билан бўлган хатарли жангда чап қўл билан қилич уриб қандай ғолиб чиқанини айтиб берди.
Байрамхоннинг бу ҳикояси Акбарга шундай таъсир қилдики, у ҳам ўнг қўлини белбоқчаси билан ёнбошига боғлатиб қўйиб, бўйига яраша ёғоч қиличини чап қўли билан ишлатишга ўрганди. Ҳали қўли қотмаган ёш бола учун чап қўлини ҳам ўнг қўлидай яхши ишлатишга ўргатиш унча қийин эмас эди. Шундан кейин тенгдош-кўкалдошлари орасида Акбар ёғоч қилични ҳаммадан яхши чопадиган бўлди. Байрамхонга ихлоси ортиб, уни:
— Хонбобо! — деб улуғлади.
Соқоли Ҳумоюнникидан оқишроқ ва бўлиқроқ, ёши ҳам каттароқ бўлган Байрамхон боланинг топағонлигидан завқ қилиб кулди:
— Шаҳзодага бобо бўлиш ҳам катта шараф! Майли, мени хонбобо дейверинг.
Шундан кейин Адҳам билан Азиз ҳам Байрамхонни «хонбобо» деб атайдиган бўлдилар ва ундан ўз саргузаштларини айтиб беришини илтимос қилдиллар. Шоирликда сўз таъсирини ошириб ўрганган Байрамхон оғзаки ҳикояни ҳам жуда мароқли қилиб айтар эди. Айниқса, унинг Шерхонга қандай асир тушгани, сўнг Абулқосим Жалойир уни қандай қутқаргани болалар дилига гўё нақшланиб қолди. Байрамхон Қандаҳорга қайтиб кетгандан сўнг, уч ўртоқ унинг шу ҳикояси асосида бир ўйин ўйлаб чиқардилар. Адҳам Шерхон бўлиб ёғоч қилич тақди. Акбар — Байрамхон бўлди. Азиз — Абулқосим. Шерхон — Адҳам уларнинг икковини тутиб
130

олди-да:
— Ким Байрамхон? — деб ўшқирди. — Чиқ олдинга, ҳозир бошингни кесгаймен!
Шунда Акбар:
— Мен Байрамхон, — деб олдинга чиқди. Аммо Азиз Абулқосим бўлиб, ундан олдинроққа ўтди- да:
— Бу Байрамхон эмас, — деди. — Мен Байрамхон! Бу менинг навкарим!
— Йўқ, мен Байрамхонмен! — деб Акбар яна олдинга чиқди.
Шу пайт қоидага биноан Азиз Акбарнинг юзига бир шапати уриши:
— Жим тур, сен навкарсен, Байрамхон — мен! — дейиши керак эди. Аммо Акбарнинг шаҳзодалигини доим эсда тутиш, ҳатто ўйинда ҳам унга қаттиқ тегмаслик кераклиги Азизнинг қулоғига ота-онаси томонидан қайта-қайта қуйилган эди. Акбар уч ёшида тўп ўқига нишон қилиб қўйилгандан бери қаттиқ жаҳли чиқса ўзини билмай қолар, ранги оқариб тўполон кўтарар эди. Шунинг учун Азиз унга шапати уролмади.
— Йўқ, мен Абулқосим бўлмагаймен! — деди.— адҳам, сен бўл. Қилични менга бер! Мен — Шерхон.
Икки кўкалдош ўрин алмаштиришгандан сўнг ўйин бошидан бошланди. Шапати уриладиган жойига етганда Адҳам Абулқосим бўлиб:
— Мен — Байрамхон, сен жим тур! — деди-ю, Акбарнинг юзига тарсаки туширди. Умрида бундай тарсаки емаган боланинг кўзларида оғриқдан ёш ҳалқаланди. Адҳам унинг қулоғига шивирлади:
— Мен сиз учун жон бермоқчимен, хайр, дўстим!
Сўнг у Шерхон — Азизнинг олдига бориб, унинг ёғоч қиличига бўйнини тутди. Ўйин яна бир такрорланганида энди Адҳам Байрамхон бўлди, Акбар эса Абулқосим қиёфасига кириб, ундан шапатининг қасдини олди. Байрамхон бўлиш қийин эди. Адҳам шапати оғриғига чидамай уришиб кетди.
Шунда ичкаридан Ҳамида бону чиқди-ю уларни яраштириб қўйди.
— Энди ўйин бас, Акбаржон юринг, мен сизга дутор чалиб берай.
Ҳамида бону илгаридан дуторни яхши чалар, сўнгги йилларда кўнглининг чигалини танбур ва сато чалиб ёзадиган бўлган эди. Акбарга дуторнинг товушидан ҳам кўра сатонинг нафис ва чўзиқ оҳанглари кўпроқ ёқарди. Шунинг учун кўшкка кирганда:
— Ҳазрат аяжон, дутор эмас, сато чалиб беринг,— деб илтимос қилди. Она-бола уч йилдан бери бирга юриб, аввалги айрилиқлар дардини унутган, бир-бирининг дийдорига қонган шу кунларда Ҳамида бонунинг қалби бошқа бир мунг билан маъюсланиб юрарди. Сўнгги пайтда у ҳумоюн билан кам кўришар, доим унинг дийдорига зор бўлиб юрарди. Мана шу соғинч мунги сегоҳнинг маъюс оҳангларига йўғрилиб, сатони гўё йиғлата бошлади. Онасининг қалбида тўпланиб қолган мунгни сатодан эшитган сари Акбарнинг, негадир ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келди. Аяжонига не бўлган? Бунча мунг унинг дилига қаёқдан йиғилган? Бола билмайди. Аммо янгроқ сато буни гўё билгандай Ҳамиданинг дард-у аламларини гўзал ва маъюс оҳангларга солиб куйлайди.
Ҳамидани ўртаб юрган ғам — бевақт ўлган икки фарзандининг доғигина эмас. Суюклиси Ҳумоюн, подшоҳлик анъаналарига берилиб, унинг устига яна бир хотин олгани Ҳамидани дўзах азобига солди.
Ҳамида икки йил бурун бўлган бу ҳодисани ҳеч унутолмайди. Ўшанда Бадахшон юриши ва Кобул қамали чўзилиб кетиб, Ҳумоюн Ҳамида бону билан бир йилча кўришолмади. Бу орада беклар ҳумоюнни катта бир вилоятнинг ҳокими билан яраштириш учун, шу ҳокимнинг Норчучук исмли қизини унга олиб бермоқчи бўлишди. Одатга биноан, Ҳумоюн бу қизни никоҳига олишдан олдин катта хотинларидан розилик олмоғи керак эди. Хўжа Муаззам Бадах- шондан Кобулга келиб, жиянидан розилик сўраганда Ҳамида ўртаниб йиғлади:
— Тоғам бўлатуриб сиз ҳам менинг юрагимга тиғ ургаймисиз?
131


— Илож қанча, жиянжоним! Ҳумоюн ҳазратлари йигит ёшидалар, ҳали элликка кирганлари йўқ. Бир йилдан ортиқ ҳарамсиз юрмоқ подшолар учун мумкин бўлмаган ҳол. Зино йўлига кирмаслик учун ҳалол-у покиза бир никоҳга зарурат...
— Биз бир умр ҳалол-у покиза юрибмиз-ку, мулла тоға? Нечун у киши бир йилда зино йўлига киргайлар?
— Сиз-у биз подшо эмасмиз, бегим, нечунлигини билолмасмиз. Шариат ўзи тўрт хотинга йўл бериб қўйган бўлса не илож? Подшони куёв қилишга ҳавасмандлар кўп. Ота-боболардан қолган удум... Балки ҳали Акбарингиз ҳам шундоқ қилгай. Тождорларнинг азалий одати шу бўлса биз не қилайлик, жиянжон! Менинг ҳам сизга дилим куйиб, эзилиб юрибмен!
— Менга қайишсангиз, бориб айтинг! Ҳали энди йигирма бирга кирдим. Наҳотки шу ёшда қари кампирга айлансам-у устимга хотин олсалар? Мен ризо эмасмен!
— Мен... бундай гапни бориб айтолмагаймен... Назардан қолсам, кейин бошқа беклар мени тепкилаб ташлагай. Чунки бизга душманлик мақомида бўлган катта бир вилоятнинг ҳокими энди сулҳ йўлига ўтиб, ҳазратимга қизини бермоқчи. Агар бу никоҳ бузилса, сулҳ ҳам яна урушга айлангай, қанча бегуноҳ қонлар тўкилгай. Наҳотки сиз тоғойингизнинг забун бўлишини истайсиз? Яна уруш бўлишини, беҳуда қонлар тўкилишини истасангиз, майли, рози бўлманг! Ҳамида бону Синд вилоятида Ҳумоюнга қирқ кунгача рўйхушлик бермай юрган пайтларини эслади-ю:
— Ўзимдан ҳам ўтган! — деди. — Ўшанда кўнмаслигим керак эди. Илкимни чўзсам, этагига ҳам етмаслигини ўшанда сезган эдим!
— Аммо ҳали ҳазратимнинг сизга меҳрлари чексиз...
— Меҳрдан гапирманг! — деб Ҳамида тоғасини жеркиб ташлади. — Ҳаммаларингиз бирсиз! Бо- ринг айтинг, уйланаверсинлар! Аммо иккинчи менинг ёнимга келмасинлар! Бас!
Ҳумоюн ўн етти ёшли Бадахшон гўзали Норчучук бегимга уйланиб, Кобулга қайтгунча Комрон Синддан ўғринча келиб шаҳарни олди. Қамал даҳшатларида икки ёшли қизалоғи Жаҳон Султондан ажралган Ҳамида бону кейин Ҳумоюн хотинини озод қилганда ҳам бошқалар қатори қувона олмади. Чунки Ҳумоюннинг ёнида янги хотини Норчучук бегим ҳам Кобулга кириб келди, уни дарё бўйидаги Боғи Бинафшага жойлаштирдилар. Бир йил ўтмай Норчучук бегим Ҳумоюнга ўғил туғиб берди, отини Муҳаммад Ҳаким қўйишди. Шуни эшитган куни Ҳамида бону Акбарни бағрига босиб кўзига ёш олди:
— Болажоним, худо сенга ҳам ўгай ини берди!
Акбар онасининг бундан нега изтироб чекаётганини тушунмади:
— Ини... ёмонми, аяжон? Мен уни ўйнатамен-ку.
— Сен ўйнатадиган ининг Қандаҳор йўлида ўлмаганда ҳозир тўрт яшар бўлур эди! Амакинг Комрон эсингда борми? Сени аркда тўпнинг ўқига рўбарў қилгани ёдингдами? Ўгайлик ана шундай бўлур, болам!
Ўшанда Комрон мирзо уни қандай шафқатсиз ўлимнинг тиғига тўғрилаб қўйганини бола ҳали ҳам онаси тушунганчалик фаҳмлаган эмас, лекин барибир ўша дамлар эсига тушса, яқиндан кўрган тўпларининг даҳшат солиб отилиши кўз олдига келади-ю, уни беихтиёр сескантириб юборади. Шу хотира таъсирида бола Комрон амакисини ғайришуурий бир туйғу билан ёмон кўради, уни учратса ётсираб, ўзини олиб қочади...
...Сатодан чиқаётган мунгли куйлар пастда шовуллаётган Кобул дарёсининг овозини босиб кетгудай бўлар ва боғ йўлкаларига, гуллаган беҳи ва олмалар орасига секин таралар эди. Ҳамида бону Ҳумоюнни ҳали ҳам яхши кўрар, уни соғиниб яшар, мана шу соғинч ҳозир маъюс ва ёруғ куйга айланиб сатони янгратарди.
Ҳумоюн ҳукумат ишлари билан банд бўлганда ўз давлатхонасига яқин бўлган Боғи Дилкушода тунаб қолади. Ҳамида бону эса уни «яна Боғи Бинафшага, Норчучук бегимнинг хобгоҳига кетган» деб изтироб чекади. Кобулнинг Боғи Йўнғичқасида Ҳумоюннинг катта хотини Бека бегим ўз яқинлари билан туради. Ҳаждан қайтгандан бери Ҳожи бегим номини олган бу
132


тақводор аёл Ҳумоюннинг назаридан қолган, Ҳамиданинг унга рашки келмайди. Аммо Ҳумоюн энди ўн саккизга кирган Норчучук бегимнинг олдида тунаган кунлари Ҳамида бону Ўрта боғда тиканга ағанагандай қийналиб чиқади.
Шу ички азоб таъсирида у гоҳо Ҳумоюндан аразлайди. Одатда, Ҳумоюн Ўрта боққа келиб тунайдиган бўлса кундуз одам юбориб хабар қилади. Боғда шунга яраша тайёргарлик кўрилади.
Бугун пешинда худди шундай хабар келди. Ҳамида бону Ҳумоюннинг дийдорига зор бўлса ҳам, бироқ унинг ўн кундан бери келмаганига, бу орада балки Норчучук бегим хобгоҳида тунаганига аччиқ қилиб, рад жавоби берди:
— Ҳазратим мени маъзур тутсинлар. Тобим йўқ. Хизматларида бўлолмагаймен. Бинафша боғига борақолсинлар.
Ҳарам бекаси ул-бул деб, уни аччиғидан туширмоқчи бўлди, лекин бир сўзли Ҳамида айтган гапида туриб олди.
Ҳозир у Акбарга сатода чалиб бераётган мунгли куйда мана шу аразнинг дарди ҳам гоҳ нола, гоҳ гиря шаклига кириб янграмоқда эди.
Кутилмаганда Ўрта боққа кириб келган Ҳумоюн хизматкорларни саросимага солиб қўйди. Улар иккинчи ошиёнда сато чалаётган Ҳамида бонуни чақириб тушмоқчи бўлдилар. Лекин Ҳумоюн рухсат бермади:
— Безовта қилманглар, ўзим чиқгаймен, — деди ва куй овози келаётган тиллакори болохонога секин кўтарилди. Эшик очиқ қолган эди. Ҳумоюн қадамини секин босиб бўсағага келганда ичкарида банорас кўрпача устида юзма-юз ўлтирган она-бола унга ён томондан кўринди. Улар куйга маҳлиё бўлиб, эшик олдида тўхтаган Ҳумоюннинг шарпасини пайқамадилар.
Ҳамиданинг бошида ҳаворанг дурра, икки ўрим узун сочларининг учи кўрпача устига тўшалиб ётибди. Ўнг қўлидаги камон муножот куйига монанд нафис ҳаракатлар қилади. Чап қўлининг бармоқлари пардаларни моҳирона босади. Энди йигирма икки ёшга кирган ва ҳусн-у жамоли етилиб, тенгсиз бир гўзалга айланган Ҳамиданинг юзларида Ҳумоюн ҳалигача кўрмаган соғинч, қўмсаш, ўксиниш мунги. Қаршисидаги Акбар гоҳ онасининг юзига, гоҳ унинг қўлларига қарайди, гўзал куй болани сеҳрлайди! Аммо онасининг ғамгин кўриниши болани ҳам беихтиёр маъюслантиради.
Ҳамида шу мунгли куй билан юрагини бўшатгандай бўлди. Муножотни чалиб тугатгач, Акбарга: — Энди бас-а? — деди.
Шу пайт Ҳумоюн:
— Ижозат беринг, бегим, — деди. — Бетоблигингизни эшитиб кўргани келдим...
Она-бола ўринларидан тез туриб, одатдагидай Ҳумоюнга таъзим қилдилар. Беш-олти кундан бери отасини кўрмаган Акбар унга қараб талпинди. Ҳумоюн чўк тушиб, бўйини ўғли баробарли паст қилди-да, унга қучоқ очди. Акбар чопиб бориб, отасининг бағрига отилди. Ачомлашганларидан сўнг Ҳумоюн қаддини ростлади-да, овозига расмийроқ тус берди:
— Амирзода, — деди ўғлига, — мавлоно Асомиддин сизга хат-савод ўргатмоқчи бўлса, расм чизиб ўлтирар эмишсиз.
Акбар беш ёшга етар-етмас муаллимлар унга сабоқ бера бошлаган, араб алифбосининг мураккаб қоидалари болани қийнар, у эркалик қилиб, кўп дарслардан қочиб кетар ва кўкалдошлари билан уруш-уруш ўйнарди. Кобулнинг энг таниқли мударриси мавлоно Асомиддин камоли жиддият билан унга ҳарф ўргатар:
— Мана бу «мим», бу эса «нун», орасига «ёй» қўйиб ёзсак, «мен» бўлур, — деса Акбар бу ҳарфлардан қуш ё бошқа бирон жонворнинг расмини ясар, нуқталарини кўзга, забарлари*ни қошга айлантириб юборар эди. Ҳозир у отасига ростини айтди:
— Менга мударрис эмас... ану... сурат чизадиган... Қазвиндан келган мулла амак... сабоқ берса бас-да.
Ҳумоюн Қазвин Нигорхонасида қилинган аҳдга биноан, Беҳзоднинг шогирдлари Хўжа
133


Абдусамад ва Мирсаид Али иккови учун шоҳ Таҳмаспга катта маблағ тўлаб, махсус одамлар воситасида мусаввирларни Кобулга кўчиртириб келтирган эди... Ҳозир Мирсаид Али Ҳумоюн кутубхонасининг китобдори қилиб тайинланган. Хўжа Абдусамад эса олти яшар Акбарга мусаввирликдан илк сабоқлар бермоқда эди.
— Амирзодамда туғма бир истеъдод бор, — деган эди кеча Хўжа Абдусамад Ҳумоюнга. — Рангларни яхши ҳис қилурлар. Мутаносиблик туйғуси кучли. Бинолар-у дарахтлар расмини яхшироқ чизурлар. Эҳтимолки, мусаввирликдан ҳам кўра меъморликка кўпроқ салоҳият намоён қилурлар. Аммо меъморлик истеъдодини камолга еткизиш учун ҳам хат-саводли бўлмоқлари, кўп китоблар мутолаа қилмоқлари зарур.
Ҳумоюн, ҳозир бу гапларни Акбарнинг қулоғига яхшилаб қуйди-да, минбаъд хат-саводга зўр бериш ҳақида ундан сўз олди, сўнг кўкалдошлари олдига қайтишга рухсат берди.
Ҳамида бону Ҳумоюннинг келишига одатдагидек тайёргарлик кўролмаганидан хижолат бўлиб: — маъзур тутинг, — деди. — Кутмаган эдик...
Унинг тани соғ эканини, фақат араз қилиб «бетобмен» деганини пайқаган Ҳумоюн бир оз товуши олиниб, ўпкалаб гапирди:
— Дийдор ҳам ғанимат, Ҳамида. Мен қирқдан ошдим, яна шунча умр кўришим гумон. Кўпи кетиб ози қолди.
— Не қилай? Мен ёшлигимда сўлиб бормоқдамен! Таним соғ бўлса-да, кўнглим ўксик, руҳим пажмурда...
Ҳамиданинг кўзларида ёш ғилтиллаганини кўрган Ҳумоюн унинг олдида ҳамон гуноҳкор эканини эслаб ўнғайсизланди:
— Осий банда эканмиз, боболар анъанаси-ю давлат манфаатларига бўйсуниб қилган гуноҳимни кечиринг, Ҳамида бону!
— Ўғил кўрибсиз, муборак бўлсин...
Ҳумоюннинг Норчучук бегимдан кўрган ўғли Ҳамида бонуга қувонч эмас, алам келтирганини унинг овозидан сезган Ҳумоюн:
— Шоядки, бу ўғил сизга ҳам фарзандлик қилса,— деди. — Ҳиндол Дилдор оғачадан туғилганда менинг худо раҳмати онам уни мана шу боғда ўз фарзандидек тарбия қилган эди. — Энди мен ҳам шундоқ қилмоғим керакми?
— Йўқ, нечун? Сиз ҳали ёшсиз, яна қанча ўғиллар кўрмоғингиз мумкин. Мен... сизга... танадан коръа руҳ олийроқ эканини айтмоқчи эдим. Бу беш кунлик ўткинчи дунёда энг юксак садоқатнинг макони ҳам руҳдир. Ўлсак қуртларга ем бўлатурган танамиз тириклигида бизни нафс-у тама балоларига гирифтор қилур экан. Менинг ёшимда одам жисмоний яқинликдан кўра маънавий яқинликнинг беқиёс даражада афзал бўлишини фаҳмлар экан. Мен инилар ташвишидан фориғ бўлдим-у руҳимни бир яйратгим келди. Шунда дилим сизга қараб талпинди... Синд бўйлари, Тар саҳроси, Қандаҳор-у Қазвин — шунча йўлларни бирга босиб ўтдик, Ҳамида. Сиз ёнимда бўлмасангиз, ўша даҳшатларга мен бардош беролмас эдим. Бундай бетакрор давр кишининг ҳаётида фақат бир марта бўлғай. Наҳотки шундай муҳаббатни унутиб бўлса? Фақат танам ёки кўнглим эмас, бутун руҳим, бор маънавий оламим бу дунёда сиздан яқинроқ, сиздан суюклироқ ёр топгани йўқ, Ҳамида, ишонинг!..
Ҳумоюннинг бу гапларидангина эмас, иккови бирга ўтказган унутилмас кунлар хотирасидан ҳам дили хиёл ёришган Ҳамида кулумсираб ҳазил қилди:
— Балки келгусида суюклироқ ёр яна учраб қолар, ҳазратим?
— Суюклироқ деб, яна қайта ўзингизни учратсакчи?
— Кошки! — деб кулди Ҳамида.
Шу билан аразлар унутилди-ю, Ҳамида бону Ҳумоюнни ички хонага таклиф қилди. Алоҳида дид билан ясатилган бу танобий уйга аввал шарбатчи олтин кўзачада гулоб келтирди. Кейин бовурчилар бор санъатларини ишга солиб икки кишилик қуюқ-қуюқ зиёфат тайёрлашга киришди. Офтобачи аёл ғуслхонага илиқ сув олиб ўтди. Кўп ўтмай созандалар ҳам пайдо
134


бўлди, шўх, қувноқ куйлар янграй бошлади.
Бутун боғ тўйхонага айлангандай серҳаракат, қувноқ тус олди. Бу ҳолат боғ йўлкаларида кўкалдошлари билан чопиб юрган Акбарга ҳам таъсир қилди.
— «Ёр-ёр» ўйнаймиз! — деди у.
—Келин йўқ-ку.
Чарчаманлар орасида беш ёшли Салима Султон бегим кўринди. Унинг отаси мирзо Нуриддин жангда ҳалок бўлган, онаси Гулранг бегим бултур хасба*дан вафот этган, шундан сўнг уни Ҳамида бону ўз тарбиясига олган эди. Салиманинг мураббияси ичкарида иш билан банд. Акбар икки кўкалдоши билан қизчанинг олдига келди.
— Биз билан ўйнайсенми? — сўради Акбар.
Ўғил болалар илгари уни кўпда ўйинларига қўшишмас эди.Бугун қандай бўлиб бирга ўйнагани таклиф қилганларидан қувонган Салима олд тишлари тушиб, кемшик бўлиб қолган оғзини қия очиб кулумсиради:
— Майли. Не ўйин?
— Оқ рўмолинг борми? — сўради Акбар.
— Бор.
— Бошингга ёпиб чиқ.
Салима ўзидан ярим ёш катта бўлган Акбарнинг қаршисида алланечук ювош, итоаткор бўлиб қоларди. Унинг айтганини қилиб, ичкаридан оқ рўмол ёпиниб чиқди. Шунда Акбар:
— Келин-куёв ўйнаймиз, — еди. — салима, сен келин. Куёв ким бўлсин? Адҳамми?
Салима бош чайқади. Акбар Азизни кўрсатган эди, қизча яна бош чайқади. Шунда Азиз:
— Акбарми? — деб сўради.
Салима оҳуникидай чиройли кўзларини ерга қаратиб сукут сақлади. Бу унинг рози бўлгани эди. Азиз беҳи гулининг кичик бир шохчасини синдириб, Акбарнинг бежирим саллачасига жиға қилиб қадади. Келин-куёв ёнма-ён ерга қараб боғ йўлкасидан кела бошлашди. Икки кўкалдош уларнинг икки ёнида туриб ёр-ёр айтишди:
Келин келди, ёр-ёр-ей, келин келди! Куёв келди, ёр-ёр-ей, куёв келди!
Болачалар бошқа ёр-ёрни билмаганлари учун нуқул шу икки гапни такрорлашарди. Кўшкнинг юқори қаватида висол завқидан бошқа ҳамма нарсани унутган Ҳумоюн ва Ҳамида бону болаларнинг бу ўйинидан бехабар. Лекин улар бугун яна янгидан келин-куёв бўлаётгандай шод-хуррам. Дастурхонга кетма-кет овқат ташиётган товоқчи* ташқарида болаларнинг ёр-ёрига қулоқ солиб турган шарбатчини кўрди-ю, унга маънодор кўз қисиб қўйди. Маъсум овоз билан ўйин қилиб айтилаётган «ё-ёр» Акбар ва Салимадан ҳам кўра, иккинчи қаватдаги ҳақиқий келин-куёвларга мос тушаётганини болаларнинг ўзлари пайқамасди, аммо товоқчи ва шарбатчилар буни сезганлари сари завқ қилиб кулишарди.
____________
Кулгилар кетидан келган мусибатли йиғилар Қорачахоннинг Комрон мирзога олиб борган шум хабари билан бошланди.
— Ҳумоюн мирзо Балх яқинида шайбонийзодалар билан жанг қилиб юриб ҳалок бўлдилар!.. Қорачахон Ҳумоюннинг қонга бўялган шоҳона жуббасини инисига кўрсатди.
135


Ҳумоюнни Балх юришига Алиқулихон ва Баҳодирхонлар кўндирган эдилар. Қандаҳорни олишда Ҳумоюнга катта ёрдам берган бу ўзбек султонлари энди унинг ёрдамида Бухоро ва Самарқандга қайтмоқчи эдилар. Балх олинса Мовароуннаҳрга йўл очилган бўларди.
— Хайрият, бу муҳорабага биз қатнашмаган эканмиз, — деди Комрон.
— Энди пуштипаноҳимиз ўзингизсиз, — деди Қорачахон. — Кобулни тезроқ эгалламоғингиз керак!
Мирзо Комрон шошилинч равишда Кўлобдан Кобулга жўнади, йўлакай Толиқондаги иниси Аскарийни ёнига қўшиб олди. Ҳумоюн Кобул қалъасига Қосим барлос деган ишончли одамини ҳоким қилиб кетган эди. Қосим барлос қонли жуббани кўргач:
— Балки ҳазратим фақат ярадор бўлгандирлар, ҳали соғайиб келиб қоларлар! — деди. — Ўғиллари мирзо Акбарни валиаҳд тайин этганлар. Кобул ихтиёрини бошқа ҳеч кимга бермагаймиз!
Комрон мирзонинг қаҳри келди. Қорачахон ҳам Қосим барлосни кўрарга кўзи йўқ эди. Кобулга катта қўшин билан кирган Комрон мирзо Қосим барлосни туттириб, ўлимга ҳукм қилди. Қосимбекнинг хотини адолат талаб қилиб аркка келган эди, Қорачахон уни бозорга олиб боришни ва халойиқнинг кўзи олдида беномус қиишни буюрди. Беномусликдан ўлимни афзал кўрган гўзал жувон йўлда Кобул дарёсининг баланд кўпригидан ўзини сувга отиб ҳалок бўлди. Қорачахон Қосим барлоснинг ўзини халойиқнинг кўзи олдида пора-пора қилиб қатл эттирди. Бунинг ҳаммасини саккиз ёшли Акбар ҳам кўрган, кўзларида даҳшат қотиб қолгандай, аркда бир нуқтага тикилиб жим ўлтирар эди. Комрон мирзо унга отасининг қонли жуббасини кўрсатди.
— Ҳазратимни худо раҳмат қилсин, маросимларини кейинроқ ўтказгаймиз, — деди. — Сиз валиаҳдсиз, давлат ишини мен сизнинг номингиздан бошқаргаймен.
Ҳамида бону турган Ўрта боғнинг атрофига юздан ортиқ қўриқчи қўйилган, кириш-чиқиш қатъий назорат остида эди. Аркдаги Акбар ҳам ҳеч ёққа чиқарилмай хонаки ҳибсда сақланар эди.
Яна қайтадан шаҳар ҳокими бўлиб олган Қорачахон кўнгли тилаганича айш қилиб бу гал узоқ- роқ даврон сурмоқчи эди.
лекин орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Қундуз томондан учиб чиқиб, Ўрта Боққа етиб қўнган алоқачи кабутар Ҳумоюннинг мактубини олиб келди. Фақат Ҳумоюн билан Ҳамида бонуга ўрганган бу кабутар бегона одамга тутқич бермас эди. Ҳамида бону айвонга келиб қўнган усти қизғиш, кўкраги оқ бу жониворни қўлига олди-ю, унинг қаноти остига найча қилиб беркитилган кичкина мактубни топди.
Ҳумоюн соғинчли саломлар айтгандан сўнг, Балх этагида шайбонийзодалар билан бўлган жангда бошидан ярадор бўлганини, ҳозир анча соғайиб қолганини ва тезда етиб келажагини айтган эди. «Комрон мирзо бизга кўмакка келмоқчи эди, бунинг ўрнига Кобулга борганмиш, аҳвол нечук? Ушбу кабутар билан тезда жавоб қайтаринг», деганди.
Ҳамида бону «ўлдига» чиққан Ҳумоюннинг тирик эканидан суюниб йиғлади, мактубни ўпди. Кабутарнинг қанотларини кўзига суриб, дон-у суви-га қаради. Кечаси ўлтириб Ҳумоюнга жавоб мактуби ёзди-да, аҳвол нечоғлиқ оғирлигини баён қилди, «Сиздан ўтинамен, бир иложини топингки, биз яна қамалда қолмайлик, — деди. — Шаҳар дарвозалари кундузлари очиқ. Назаримда, Комрон мирзо сизнинг ҳалок бўлганингизга ишонган. Шунинг учун билдирмай келсангиз, дарвозани бекитишга улгурмагай».
Кабутар бу мактубни Қундузга олиб кетди. Орадан ўн беш кунлар ўтгач, Ҳумоюн яшириқча юборган одамлар бозорга келган деҳқонлар кийимида қалъа ичига кириб олиб, энг аввал дарвозани эгалладилар. Қорачахон билан Комрон мирзога хабар етиб боргунча Ҳумоюннинг пистирмада турган тўрт минг аскари шаҳарга бостириб кирди. Саросимада қолган Комрон ва Аскарий ўз одамлари билан бошқа дарвозадан чиқиб қочдилар. Ҳумоюн иниларининг кетидан одам юбориб: «Агар менинг ўлимим ҳақидаги ёлғон овозага ишониб Кобулга келган
136


бўлсаларинг қайтинглар, ярашайл