КОБУЛ, БҲИРА КУЙГАН КЎЗЛАР
Бу ҳодисалар хабари Кобулга жавзо ойида етиб борди. Кунлар исиб, Кобул атрофидаги тоғларнинг қори эриган сари фақат дарёлардагина эмас, булоқларда ҳам сув кўпайиб кетди. Шоҳи Кобул тоғининг этакларидан чиқадиган чашмалар суви Гулкина мавзеидан нарига ўтиб, баланд тепалик устига жойлашган аркнинг ён-веридаги майсазорларга ҳам жилдираб етиб келди.
Қишда Қандаҳордан олиб келинган Акбар энагалари билан шу аркда қаттиқ назорат остида сақланар эди. Дарё бўйидаги Боғи Наврўзийда турадиган Хонзода бегим Акбарни ўз даргоҳига олиб кетмоқчи бўлди, аммо Комрон мирзо рухсат бермади.
113


— Аркда соқчилар кўп, бу ер бола учун бехатарроқ, — деб важ кўрсатди.
Лекин аркда Афзалбек ва Қорачахонга ўхшаган Ҳумоюннинг ғанимлари бор, улар болага зимдан ёмонлик қилишлари мумкин. Хонзода бегим икки ярим яшар Акбарни қучоғига босиб, қулоғига шивирлади: — Ану амакиларнинг илкидан ҳеч нарса олмагин, энг ширин нарсани берса ҳам емагин, хўпми, жоним?
Акбарнинг онасиникига ўхшаш йирик-йирик кўзлари катта амманинг юзига ҳайрат билан тикилади. Катталар орасидаги мураккаб муносабатларга ҳали унинг ақли етмайди. Лекин аркка келиб-кетиб турадиган кўзлари совуқ бек-у аъёнлардан боланинг ўзи ҳам бегонасирайди. баъзилари ясама такаллуфлар қилиб, уни гапга солмоқчи бўлса, бола қовоғини уйиб индамай тураверади. Гоҳо аммаси Гулбадан бегим икки ёшли ўғилчаси Саодатёрни етаклаб келади. Акбар улар билан бийрон тилда гаплашади, Саодатёр билан ўйнаб кулади. Айниқса, Хонзода бегим келганда:
— Момо келди, моможон! — деб, чопқиллаб пешвоз чиқади.
Моҳим энага унга гап ўргатди:
— Ҳазрат бегимни момо деманг, ҳазрат амма денг!
— Йўқ, амма — мана! — деб Акбар Гулбаданни кўрсатди.
Ёши олтмиш еттига кирган Хонзода бегим сўнгги йилларда янада кичрайиб, енгилгина бўлиб қолган. Худди вазни йўқ фариштадай. Ўзи ҳам кўпинча енгил оқ ипак кийим кияди. Лекин бошидаги оқ касаба рўмолидан ҳам сочи оқроқ кўринади. У Акбарни бағрига босиб:
— Момо деган тилингдан ўзим ўргилай! — деб эркалатди. — Майли, мен сенга момо бўлақолай. Раҳматли бобонг Бобур мирзонинг икки-уч яшарлиги эсимга тушмоқда. Мен, беш ёш катта эгачиси, унинг бешигини тебратганман. Эсимда бор, кичиклигида қўлчалари, оёқчалари ҳам Акбарникидек тўла-тўла, миқти эди.
Хонзода бегим Акбарда Ҳумоюндан ҳам, Ҳамида бонудан ҳам ўтган жозиба борлигини кўрди-ю, уларни эслаб юраги эзилди. Ёш гўдак онасини уч-тўрт ой кўрмаса кейин уни таний олмай қолади. Шуни биладиган Хонзода бегим:
— Акбаржон, ота-онанг эсингда борми? — деб сўради. — Ҳозир кириб келсалар таний оласенми?
Бешикда қолган ўн бир ойлик бола бир ярим йилдан бери кўрмаган ота-онасини кўз олдига келтирмоқчи бўлиб уринди, лекин келтира олмади. Маъюс бош чайқаб:
— Йўқ, — деди.
Шундай шўх бола ота-онаси тўғрисида гап чиқса, тирик етимдек маъюс бўлиб қолишини кўрган Моҳим энага кўзига ёш олиб, шивирлаб ҳасрат қилди:
— Ҳазрат бегим, баҳор ўтди, болаларимизни боғроғларга сайрга олиб чиқолмадик. Бизни қўриқлаш баҳонасида ҳибсда сақламоқдалар. Аркка сув мешда ташиб келинади, кўкаламзори йўқ. Девордан шундай пастга қарасангиз, майсазорда булоқ сувлари оқиб турибдир. Биз ҳаммасидан маҳруммиз.
Хонзода бегим боя келаётганда Комрон мирзонинг тўрт яшар ўғли Иброҳим тарбиячилари-ю қўриқчилари билан аркнинг этагидаги кўкаламзорда нақора чалиб, копток тепиб ўйнаб юрганини кўрган эди. Комроннинг ўғли шундай яйраб эркин юрганда Акбарни ҳибсдагидай тутишлари Хонзода бегимга чидаб бўлмас бир адолатсизлик бўлиб туюлди.
— Юринглар, биз ҳам майсазорларга чиқайлик! — деб, Акбарни қўлидан олди. Моҳим энага ва Жажжи энага ўз ўғилчаларини етакладилар. Арк дарвозахонасида турган қуролли қўриқчилар. — Рухсати олий бўлмаса Акбар мирзони чиқаришга ҳаққимиз йўқ, — дедилар.
Хонзода бегим Комроннинг ҳозир аркда йўқлигини билар эди.
— Ҳазратим менга рухсат берганлар, — деди қўриқчига. — Бутун масъулиятини мен ўз зиммамга олурмен. Очинг дарвозани!
Жуссаи кичкина бу нуроний кампир мамлакатнинг энг мўтабар кайвониси эканини қўриқчилар ҳам билар эдилар. Улар бегимнинг маликаларга хос қатъият билан берган буйруғини
114


бажаришга мажбур бўлдилар.
Тиниқ булоқ суви йилтираб оқаётган ариқ бўйида, анвойи дала гуллари очилиб ётган кенг майсазорда Акбар ва унинг икки кўкалдоши яйраб қувлашиб, роса ўйнадилар. Хонзода бегим билан энагалар сув бўйида катта бир ёнғоқ дарахтининг соясида гаплашиб ўлтиришди. Шу пайт болалар чаладиган кичкина нақоранинг товуши эшитилди.
Комрон мирзо наврўз байрамида ўғлига совға қилган иккита ноксимон нақоранинг юзига тортилган чарми қизил рангда. Ёнларига нуқрадан чиройли безаклар қилинган. Нақора чўпларига олтин суви югуртирилган. Нақорани бир хизматкор йигитча икки қўли билан тутиб, орқаси билан юриб келмоқда. Тўрт яшар Иброҳим мирзо нақорачўпларни чалакам-чатти уриб, бирон куйга ўхшамайдиган хунук товушлар чиқармоқда.
Акбар амакибаччаси Иброҳимни аркда ҳам кўп кўрган. Бегонасирамай унинг олдига чопиб борди. Чиройли нақорачаларга ҳаваси келиб:
— Менга чўпини беринг, мен ҳам бир чалай! — деди.
Лекин подшонинг ўғли ҳисобланадиган ва атрофидагилардан кўп хушомадлар кўриб димоқ пайдо қилган эркатой Иброҳим:
— Нари тур, сен чалолмайсен! — деди.
Уч яшар Адҳам кўка гапга аралашди:
— Акбар сиздан яхши чалгай. Беринг, кўрсатсин!
— Йўқ, буни менга ҳазрат отам совға қилган!
— Қайтариб олурсиз! — деди Акбар. — Бир чалиб кўрай!
Иброҳим мирзо унамагач, Акбар нақорачўпга чанг солиб, уни тортиб олмоқчи бўлди. Иброҳим бермади. Шу тортишувнинг устига Комрон мирзо беш-олтита отлиқ одамлари билан келиб қолди.
— Бу не можаро? — деб ўшқирди. — Буларни ким арқдан чиқарди?
Хонзода бегим дарахт соясидан туриб отлиқлар томонга юрди:
— Ҳазратим, мен буларни олиб чиқдим. Баҳор ўтиб, кўкаламзорга чиқмаган эканлар.
Комрон сал шахтидан тушди-да, аммасига салом берди. Ҳар қалай, у ҳам бу кекса кайвонидан ҳайиқиб ўрганган эди. Лекин отдан тушиб кўришишга бўйни ёр бермади. Шерхон ўлгани, Ҳумоюннинг ишлари юришиб, Қандаҳорни эгаллагани Комронни жуда безовта қилиб қўйган. Унинг олтин юганли оқ оти ҳам ўзи каби сабрсизланиб, гижинглаб турибди. Комрон юганни тортиб, орқада от ўйнатиб турган вазири аъзам Бопусхон ва Кобул шаҳрининг ҳокими Қорачахонга юзланди. Нақора ҳам байроқ каби энг мартабали ҳокимларга берилишини назарда тутиб:
— Бу Акбар бола ҳалитдан нақора талашмоқдаку! — деди.
Бопусхон хахолаб кулди-ю:
— Ҳазратим лутф қилдилар! — деди.
Ювош отда сокин турган Кобулнинг ҳозирги шайхулисломи Саид Халил ҳам Комроннинг сўзини ёқтириб:
— Ҳа, ҳазрати олийлари туяга миниб узоқни кўрдилар! — деди.
Кичкина Акбар бу гапларни унча тушунмаса ҳам, отлиқлардан бегонасираб, қўлчаларини нақорачўпдан тортди. Комрон унга қараб:
— Сенга нақора керакми? — деди. — Шуни чалмоқчимисен? Айт, бола!
Акбар тасдиқ маъносида бош ирғади. Комрон бу болани аркдан берухсат олиб чиққан кекса аммасига қаттиқ гап айтолмаган бўлса ҳам, аммо Акбарнинг адабини бериб қўйгиси келди. Ўғли Иброҳим мирзо унга Акбардан хийла бақувват кўринди. Иброҳим Акбардан бир ярим ёш ката, йиқитиши аниқ.
— Қани, бўлмаса, икковинг кураш тушинглар! — деди Комрон Акбар билан Иброҳимга. — Ким йиқитса, нақора ўшаники!
Иброҳим нақорачўпни хизматкорига бериб, Акбарга томон хезланиб келди. Акбар кичик бўлса
115


ҳам, кўкалдошлари билан олишиб ўрганган эди. Икки боланинг ҳам белларида белбоқчалари бор. Олишув бошланди. Митти полвонларнинг курашига отлиқлар кулиб қараб туришибди. Комрон мирзо жиддий, Хонзода бегим билан Моҳим энага хавотирда. Иброҳимнинг ёши катталиги қўл келди. Акбар қаттиқ гандираклади, оёғи ўтлоқда тойилиб чўк тушди. Иброҳим аркда ҳам алоҳида эъзозда юрар, кўп тантиқликлар қилиб, Акбарни етим боладай турткилар эди. Наҳотки Акбар ундан йиқилиб, шундай чиройли нақорадан маҳрум бўлса?! Йўқ! Бола Хонзода бегим билан Моҳим энаганинг мўлтираб турган кўзларидан мадад олгандай тез қаддини тиклади, бутун кучини йиғди-ю, Иброҳимни даст кўтариб, ўтлоқ ерга ағдариб урди ва устидан босиб тушди. Акбарнинг тагида ётган Иброҳим:
— Бас, қўйвор! — деб йиғлаб юборди.
Комронга бу ёмон бир истиқболнинг аломатидек туюлди. Унинг ғазабидан қўрққан Моҳим энага чопиб бориб, болаларни ажратди-да, Иброҳимни турғизиб, устини қоқа бошлади.
Комрон ўз ўғлини жеркиб:
— Э, атала полвон, нечун йиғлайсен? — деди. — Бас! Нақорани энди Акбарга бер!
Аммо Бопусхон орага тушди:
— Ҳазратим, сиз кўрмадингизми, Акбар тўғаноқ солди-ку? Бўлмаса Иброҳим мирзо уни йиқитар эди!
Атрофидагиларнниг бундай хушомадларига ўрганиб қолган Комрон мирзо дарров ёлғон гапга ишонгиси келиб:
— Мен кўрмабмен, — деди-да, Саид Халилга савол назари билан қаради.
Доим Комроннинг заифликларини зўрлик аломати деб кўрсатадиган ва унинг мақтовга ўчлигидан фойдаланиб мартабаси ошадиган Саид Халил ҳам худди тўғаноқни ўзи кўргандек гапирди:
— Астағфирулло! Шундай кичик бола ғирромликка ўрганганини қаранг!
Унинг гапини Қорачахон маъқуллади:
— Қандаҳорни ғирромлик билан олган отасига тортибдир-да!
Атрофдан кетма-кет ёғилган бу гаплар Комроннинг Ҳумоюндан яхшироқ эканини, шу сабабли Иброҳим ҳам Акбардан баландроқ туришини яна бир марта исбот этгандай бўлди. Шу билан хижолати босилган Комрон мирзо аммасининг кўзи олдида бир тантилик қилгиси келди.
— Майли, нақорани ану болачага бер! — деб Акбарни кўрсатди. Сўнг ўғлига тасалли берди: — Садақа ҳам керак. Сенга бундан яхшироғини олиб бергаймен. Юр, отга мингаш!
Хизматкор йигит нақорани Акбарга зуғум билан тутқизди-да, Иброҳим мирзони эркалатиб қўлига олди ва отасининг орқасига мингаштирди.
Икки ярим яшар Акбар тўғаноқ нима, ғирромлик қанақа бўлишини билмаса ҳам, отлиқларнинг кўзларидаги нафратни, гапларидаги дашном ва кинояларни сезиб, ҳайрат билан қотиб турибди. Қўлидаги нақора ҳам энди унинг кўзига кўринмайди. Нега уни жеркишди? Ахир у йиқитди-ку!
Боланинг шу оғир изтиробини сезган Хонзода бегим тез бориб Акбарни бағрига босди:
— Бўйгинангдан момонг айлансин, митти полвоним! Кичик бўлсанг ҳам ютдинг! Бу нақора садақа эмас, соврин! Ҳалолинг бўлсин! Чал!
Бу гаплардан Комрон мирзонниг ранги бўзариб кетди. Қорачахон ҳомийсига ён босиб, Акбарга нафрат билан тикилди-да:
— Ҳозирча чалиб туринг, ғирромликнинг жазосини ҳазратим кейин берурлар! — деди.
Хонзода бегим Комронга икки қўлини чўзиб деди:
— Адолат қилинг! Ахир сиз ҳақгўй шоирнинг ўғлисиз! Ўзингиз ҳам ҳақиқатни улуғлаб латиф шеърлар битгансиз. Ёнингиздаги жаноблар сал инсоф қилишсин! Бу маъсум бола ғирромликни қаёқдан билгай. Оқни қора қилиб кўрсатиш шу даражада бўлурми?!
Eнди Қорачахон ва Саид Халиллар Комрондан ҳимоя кутиб, унга кўз тикдилар.
— Бегим, от устидан кўп нарса аниқроқ кўрингай,— деди комрон. — Сизнинг кўзингиз
116


тўғоноққа тушмаган бўлиши мумкин. Аммо ёнимдаги жаноблар — менинг суянган тоғларимдир. Булар кўзгу бўлиб, менга ҳақиқатни кўрсатурлар. Мен бу кўзгуга қарасам, кўнглим кўтарилур. Сиз менинг кўзгумга тош отманг, бегим!
— Аммо, — деди Хонзода бегим, — Қорачахон жаноблари бегуноҳ болани жазоламоқчи бўлиб таҳдид қилганлари — кўзгуга тош отиш эмасдирми? Жаноблар билиб қўйсинларки, ану тепалик устида ҳазрати Бобурнинг қабрлари турибдир. Инимнинг улуғ руҳи бу болани ҳимоя қилгай! Агар Акбарга зиён етказсалар, отангиз қабрларида тикка тургай!
Комрон сабрсизланиб ўйноқлаётган отининг юганини асабий тортиб, уни сал тинчлантирди, орқада қийналаётган ўғилчасини эгарнниг олдига олиб, чап қўлига кўтарди:
— Ҳазрат бегим, Акбарга ҳеч ким зиён етказган эмас! Кўриб турибсиз, тўрт ойдан бери биз буни ўз ўғлимиздек асраб юрибмиз!
Моҳим энага бу орада Акбарни отлиқлардан узоқроққа етаклаб олиб кетди. Кўкалдошлари чиройли нақорани ўраб олиб тамоша қила бошладилар. Лекин катталар орасида асабий гаплар бўлаётганидан ҳайиққан болачалар нақорани чалгилари келса ҳам, бунга ботинолмай жим турардилар.
— Энг ёмон хавф-у хатар Аскарийнинг бошига тушган! — деб қизишиб давом этди Комрон. — Сиз адолатли амма бўлсангиз, аскарийни қутқаришга ёрдам беринг! Қизилбошлар Қандаҳорни олиб, Аскарийнинг хазинасини талабдилар, ҳарамини беномус қилибдилар!
Отлиқлар қаршисида ёлғиз турган Хонзода бегимнинг жуссаси кичик, ўзи нимжон кўринса ҳам, кўзлари шерникидай ёниб турар, сўзлари ўқдай чиқар эди:
— Бундай туҳматларни иним Бобур мирзо шоҳ Исмоил билан иттифоқ тузган пайтда ҳам кўп эшитганмиз! Ҳаммасининг ёлғонлиги кейин билингай!
— Аммо Мирзо Ҳумоюн Қандаҳорни қизилбошлар ёрдамида олгани ёлғон эмас-ку! — деди Бопусхон. — Бу ҳақда ҳазратим ажиб маснавий ёзмишлар. Бир ўқишдаёқ менга ёд бўлиб қолди:
Чиқди Хуросон саридин ўғривор Келди хом таъма айлабон Қандахор, Жамъ бўлуб бир неча бадном анга Куфр ўтининг шуъласини тез этиб Зулм-у ситам тиғини хунрез этиб...
— Офарин, ҳазратим!
— Боплабдилар! Бобур ҳазратларидан мерос олган шеърий истеъдодлари роса камолга етибдир!
— Аммо бундай ўткир шеърни мен Бобур ҳазратларининг девонларида ҳам кўрганим йўқ! — деб Бопусхон Комронни яна бир даража баланд кўтарди.
Қорачахон дарҳол бу гапни маъқуллади:
— Устоздан ўтган шогирдга тасанно!
Комрон мақтовдан ёғдай эриб илжайиб турар, ҳатто шоирликда отасидан ўзганлиги ҳақидаги сўзларга ҳам эътироз қилмас эди. Буни кўрган Хонзода бегим нима дейишини билмай лол туриб қолди. Шу пайт Ҳумоюннинг ўз укаси Комрондаги бу хислатни — мақтовга учиш одатини ойнага қараб алданишга қиёслаб форсча ёзган рубоийси бегимнинг ёдига тушди:
Дар ойина гарчи худнамойи бошад Пайваста зи хийштан жудойи бошад. Худро бамисоли ғайр дидан ажибаст Интавр ажиби ҳам кори Худойи бошад*.
117


Боя Комрон ўз атрофидаги хушомадгўйларини «булар менинг ойнам» деб айтгани бежиз эмас эди. Бу «ойна» Комронни ўзи истагандай ўзгартириб, фақат кўркам, жозибадор томонидан кўрсатишга ўрганган эди. Атрофидагилар сийратни суратдан айириб олиб, Комронни ўзи тўғрисидаги ҳақиқатдан бутунлай жудо қилишга интилишарди. Ана шундагина Комрон тўлиқ уларники бўларди. Улар Комронни Ҳумоюнга қарши қўйишдан манфаатдор эдилар. Чунки Бопусхон вазири аъзамлик унвонига, Саид Халил диний пешволик лавозимига, Қорачахон Кобул ҳокимлигига ака-укани уруштириб юриб эришган эдилар. Ҳозир уларнниг ҳар бирида хушҳаво боғ-роғлар, энг яхши жогирлар, энг катта бойликлар, имтиёзлар бор эди. Агар Ҳумоюн Кобулга қайтиб келса, Комрон тахтдан тушади-ю, Бопусхон ва Қорачахонлар барча мартаба-ю имтиёзларидан маҳрум бўладилар. Ҳумоюннинг Байрамхонга ўхшаган ўз яқинлари бор, улар Саид Халилга ҳам кун бермаслиги аниқ. Комрон-ку Бобурнинг ўғли сифатида яна бирон мартабага эришар, аммо ҳозир унинг атрофида турганлар Ҳумоюн қайтса ҳозирги давр-у давронларидан бутунлай маҳрум бўлишлари аниқ. Шунинг учун Комроннинг ўзидан ҳам кўра унинг атрофидаги аъёнлар ака-ука орасидаги ихтилофни иложи борича авж олдиришдан манфаатдор эдилар. Хонзода бегим қалбига қуюлиб келган бу аламли ўйларни Комронга қандай айтишни билмай бўғилиб гапирди:
— Ҳазратим, сиз ўз оғангиз билан бунчалик адоватга боришингиздан фақат ёвуз одамлар суюнурлар. Аммо менинг дилимда оға-ини адовати эт билан тирноқни ажратгандаги каби оғриқ қўзғайдир. Сизнинг отамерос шеърий истеъдодингиз бундай адоватга зинҳор хизмат қилмаслиги керак. Худо хоҳласа, сиз ҳали Ҳумоюн билан ярашурсиз. Ўшанда бу маснавийлар тилга олинса хотирингизга қанчалик малол келишини бир ўйланг!
Оқ от устида турган Комрон бир лаҳза жим қолди. Шу топда Комрон Хонзода бегимнинг кўзига отасидек савлатли ва хушбичим кўринди. Ўзи ҳам кучга тўлган ўтиз беш ёшли йигит, ҳамон чап қўлида кўтариб турган каттагина ўғлининг оғирлигини гўё сезмайди...
— Сиз малолни айтасиз, бегим, аммо ҳозир мирзо Аскарийнинг ҳаёти хавф остида, уни ким қутқаргай? — деди Комрон.
— Агар биз қўйиб берсак, Мирзо Ҳумоюн қизилбошларни Кобулга ҳам бошлаб келгай, — деб қўшимча қилди Қорачахон.
Саид Халил ёқасини ушлаб:
— Ё алҳазар! — деди. — Кобулни ҳам шиа мазҳабига ўтказмоқчи бўлиб қирғин бошласалар... адоватни ана ўшанда кўринг!
Хонзода бегим яна Комронга мурожаат қилди.
— Ҳазратим, бу ваҳималарга ишонманг! Ҳумоюн бунчаликка бормагай!
— Ҳазрат бегим, сиз бизга ишонмасангиз, балки Қандаҳорга бориб воқеани ўз кўзингиз билан кўриб келурсиз? — деди тўсатдан Комрон.
Хонзода бегим, «ҳозир жуда пишиб қолганмен, узоқ сафарга ярамагаймен», деб, ўзини бирпас қайтарди. Аммо Комронни ўзининг ҳақлигига ҳеч ишонтира олмагандан сўнг тўсатдан:
— Майли, мен Қандаҳорга борай! — деди. — Агар мирзо Аскарийнинг ҳаёти хавф остида бўлса, мен унга шафў бўлай. Агар Аскарийни қутқарсак, сиз Ҳумоюн билан ярашгаймисиз, ҳазратим? Бопусхон ҳам, Саид Халил ва Қорачахон ҳам Комронга: «Ярашиш хатарли!» дегандай безовта бўлиб қарашди.
— Мирзо Ҳумоюн шиалар хизматига ўтиб, жуда катта гуноҳ қилдилар, — деди Саид Халил. — Шу гуноҳларини ювмагунча ҳазратимнинг ярашмоқлари чорёри босафолар руҳига муносиб иш бўлмагай.
Комронга бу гап қўл келди. У салмоқлаб, вазмин гапирди:
— Оғамизнинг яна бир катта гуноҳи — ҳазрат отамиздан мерос қолган Ҳинддаги улкан давлатни бой берганлигидир. Шерхон оламдан ўтибдир. Энди мирзо Ҳумоюн Ҳиндистонга қайтиб, ўша давлатни тикласин, шиалар билан орани узиб, поклансин. Ана ундан сўнг, биз у билан ярашсак арзигай!
118


Гап шу билан тугади-ю, отлиқлар аркка қараб кетишди. Бадқовоқ амакилар узоқлашгандан сўнг Акбар билан икки кўкалдош уларнинг ғалвасини унутишди-ю, чиройли нақорани навбатма-навбат чалиб ўйнай бошлашди. Аммо Хонзода бегим Комронни ўраб олган доғули одамларни хаёлидан узоқлаштиролмай қийналарди. Нимасидир Бобурга ўхшайдиган кўҳлик йигит, ҳароратли шеърлар битадиган соҳиб истеъдод одамнинг шундай қаллоб муҳитга тушиб қолгани бегим учун катта бахтсизликдай туюларди. Кўпни кўрган Хонзода бегим назарида Комрон оқни қора қилиб кўрсата оладиган риёкорлар муҳитига гўё ҳукмфармо, атрофидагиларга сўзини ўтказадиган тождор. Аммо атрофидаги риёкорлар зоҳиран унга бўйсунсалар ҳам, ботинан уни ўзларининг мақтовларига асир, хушомадларига муте қилиб олганларини Комрон сезмайди. Шуни ўйлаганда Хонзода бегимнинг унга ҳатто раҳми келди. Фақат Аскарийни эмас, ҳали Комроннинг ўзини ҳм бу асоратдан кимдир қутқармаса, бутун умри ва отамерос истеъдоди ҳайф кетади. Комронни ҳақиқат йўлига қайтариш Хонзода бегимнинг қўлидан келмаслиги бугун яна бир бор билинди. Бу иш, эҳтимол, Ҳумоюннинг қўлидан келар. Хонзода бегим шунинг учун ҳам Қандаҳорга бориши ва оға-инини бир амаллаб яраштириши керак...
______________
* Таржимаси: Гарчи ойнада ўзингни кўрурсен
Вале ул кўрганинг ўзинг эмассен.
(яъни, сурат билан сийрат орасида фарқ, жудолик бор) Ўзингни ўзганинг ўрнида кўриш ажибдир
Аммо бу ажиблик ҳам Худонинг ишидир.
***
Баланд тоғлар орасидаги салқин Кобулдан Қандаҳорнинг жазирама иссиқларига кириб борган Хонзода бегим биринчи кун кўп беҳаловат бўлди. Хайриятки, Ҳумоюннинг қароргоҳи шаҳардан ташқаридаги серсув боғот жойда экан. Ҳумоюн аммасини бошига кўтаргудай эъзозлаб, айвони салқин шаршарага қараган энг хушҳаво уйни унга бўшаттириб берди. Ҳамида бону ҳам ўғли Акбарнинг хабарини олиб келган кайвонининг атрофида гирдикапалак бўлиб, меҳмондорчиликлар қилди.
Уларнинг кўришмаганларига беш йил бўлган эди. Бу орада Хонзода бегимнинг охирги тишлари ҳам тушиб кетган, ҳозир милки билан овқат чайнайдиган бўлиб қолган. Ҳамида бону ҳам илгаригидай эмас — юзида қандайдир беморлик ва маҳзунлик аломати бор, шу беш йилда ўн- ўн беш ёш улғайгандай кўринади.
— Ҳар қалай, сизларни бирга кўрганим учун тангримга шукроналар айтурмен, — деди Хонзода бегим.— Ҳамида бону, ҳў, Жамна бўйида сиз чавгон ўйнаб юрган кезларда қилган орзуларимиз ёдингиздами? Шу орзуйимга ҳам Худо етказди, ўғилчаларинг Акбаржонни бағримга босиб эркалатиш менга насиб бўлди.
Ҳамида кураш тушадиган, нақора чаладиган бўлиб қолган ўғилчаси ҳақидаги ҳикоядан ҳам қувониб, ҳам юраги эзилиб кўзига ёш олди. Ҳумоюн эса ўғлининг қандай ғолиб чиққанини эшитиб хандон уриб кулди:
— Яхшилик аломати бу. Демак, Комрон ҳам енгилгай!
— Ҳумоюнжон, — деди Хонзода бегим илтимоскорона товуш билан. — Маъсум болаларнинг кураши безарар. Аммо тож-у тахтли оға-иниларнниг адовати қанчалик бахтсизликлар келтиришини ўзингиз кўриб турибсиз. Энди Комрон билан олишишни эмас, ярашишни ўйланг, жоним болам!
Комрон қилган ёмонликлар Ҳумоюннинг эсига тушди-ю, бутун дард-у аламлари бирдан янгиланди.
— Аммажон, оға-ини адовати ҳақида машҳур «Юсуф-Зулайҳо» афсонаси бор. Лекин ўша афсонадаги Юсуфга ўгай оғалари қилган ёмонликлар ҳам менинг ўз иниларимдан кўраётган
119


жабр-у жафоларим олида бир ҳалво, холос! Инимиз Кобулга қаноат қилмай, Панжобни мендан тортиб олгани, Шерхон билан олишганимда нуқул пойимга болта ургани, Қандаҳорда бешикдаги боламизни чирқиратиб, бизни бегона юртга қувгани, Қазвинга жосусларни юбориб фитна қўзғатгани!.. Қайси бирини айтайки, юз ўлимлардан қолиб, Қандаҳорга қайтиб келсак, Акбар яна йўқ! Энг разил қароқчилардай болани ўғринча олиб кетибдир! Энди уни гаровда тутиб, бизга таҳдидлар қилиши қайси дарвозага сиғгай?! Агар ўгай инилар бошимизга шундай оғир кунларни солмаса эди, ҳозир иккинчи ўғилчамиз ҳам олти ойлик бўлар эди! Қизилбошлар билан ҳамкорлик қилиш, Қандаҳорни қайтиб олиш қурбонсиз бўлган эмас, аммажон!
Ҳамида бону ҳарбий юриш пайтида совуқ изғиринларда Сейистон йўлида бевақт туғилган ва икки кунгина яшаб қазо қилган кейинги ўғилчасини эслаб пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Унга ҳатто от қўйишга ҳам улгурмадилар... Шундан бери Ҳамиданинг ўзи ҳам касалманд бўлиб қолди, бир вақтлар чавгон ўйнаб юргандаги соғлиги энди йўқ.
Ҳумоюн ҳам қирқ ёшга кирмасдан соқол-мўйловига оқ тушган, юзлари уйқусизликдан қотган, кўзлари ичига ўпирилиб тушган.
— ўнг икки минг қизилбош қўшини бир йилдан бери ёнимда худди учқун тушса портлайдиган борут омборига ўхшаб юрибдир, — деб у сўзида давом этди. — Мен ҳам Шерхонга ўхшаб портлаб кетмайин деб кеча-ю кундуз минг эҳтиёт билан иш олиб бормоқдамен.
— Не бўлса ҳам, қизилбошларни Кобулга бошлаб бора кўрманг, Ҳумоюнжон. Отангиз буларни Самарқандга бошлаб борганидан умр бўйи армон қилиб юрганини унутманг.
— Жаннатмакон отам менга ўз умрларини бахш этган эдилар. Энди билсам, умрларига қўшиб, ўз қисматларини ҳам берган эканлар! Ўша мағлубиятлар, ўша қувғинлар, ўша саргардонликлар менинг бошимга ҳам тушди! Кошки ўғлимиз Акбарга бу жабр-у жафолар дахл қилмаса! Йўқ, менинг оғир қисматимга бугун мурғак ўғлимиз ҳам шерик! Менинг бошимга тушган балолар Акбарнинг жонига ҳам таҳдид солмоқда.
— Бунчалик куюнманг, Ҳумоюнжон! Ҳазрат отангизнинг улуғ қисматлари бор! Иним Бобур улкан зафарларга ҳам муяссар бўлган эдилар! Ҳали сиз ҳам, ўғлингиз Акбаржон ҳам ҳазрат отангиз каби катта юксакликларга кўтарилурсиз!
— Шояд шундай бўлса! Аммо мени ҳозир қизилбошлар ташвишга солмоқда. Мен уларни Қанда- ҳордан тўғри Қазвинга қайтариб юбориш ҳаракатидамен. Бу эса жуда мушкул. Аксига олиб, фалокат юз берди. Шоҳ ўзининг тўққиз яшар ўғли Муродни Қандаҳорга ҳоким тайинлаган эди. Болани эҳтиёт қилиб асраш унинг аткаси Будагхонга топширилган эди. Будагхон жаҳли тез, дағал муомалали одам экан, яна шиа-сунний жанжаллари бошланди. Шунинг устига қалъада вабо тарқалди. Шаҳзода вабога учраб тўсатдан вафот этди. Хайрият, биз шаҳардан ташқарида алоҳида қароргоҳда турибмиз. Бўлмаса бизга ҳам вабо юқиши мумкин эди, шаҳзоданинг ўлимида ҳам бизни айбламоқлари мумкин эди.
Ҳумоюн вазият мураккаблигини, шоҳга воқеани чаппа қилиб етказувчилар борлигини ҳисобга олди-ю, унга таъзия билдириб хат ёзди, воқеанинг бутун тафсилотлари баён қилинган илиқ, дўстона мактубдан ташқари Аскарийнинг хазинасидан мусодара қилинган олтин-кумушларни уч туяга орттириб, бошқа совғаларни ҳам ёнига қўшиб, бир карвон юк қилди. Сўнг ҳаммасини Байрамхон ва унинг юзтача қўриқчи йигитига топширди-да, дарҳол Қазвинга юборди. Бир карвонга юк бўлган совғалар ва олтин-кумушлар Ҳумоюннинг укаси Аскарий учун тўлаган товони, айни вақтда, шоҳ берган қарзларнинг ортиғи билан қайтарилиши эди. Бундан мамнун бўлган шоҳ Таҳмасп Аскарийни Ҳумоюннинг ихтиёрида қолдиришга рози бўлди. Шаҳзода Муроднинг ўлими учун бутун жавобгарлик Будагхоннинг зиммасига тушди. Будагхон ўзига топширилган ишнинг уддасидан чиқа олмагани учун Қандаҳор ҳокимлигидан бекор қилинди. Шу фурсатдан фойдаланган Ҳумоюн шоҳ Таҳмасп ҳам ёқтирадиган, шиа-сунний низоларига бўй бермайдиган Байрамхонни Қандаҳорга ҳоким қилиб тайинлади. Байрамхон яна Қазвинга бориб, шоҳ Таҳмаспнинг бу қарорга розилигини олиб келган куни Ҳумоюн уни аммасининг олдига бошлаб кирди:
120


— Пойқадамингиз яхши келди, ҳазрат амма! Байрамхон шундай мушкул вазифаларни қойил қилиб уддалагани учун, унга даргоҳимизнинг энг юксак мартабаси — хони замон унвонини бердик.
— Қуллуқ бўлсин! — деб Хонзода бегим Байрамхонни ўрнидан туриб муборакбод қилди. Бу шоир йигит йигирма беш яшарлик пайтларида Бобур мирзонинг ўртанча қизи Гулранг бегимга ошиқ бўлиб юргани кайвонининг эсига тушди. Ҳозир Байрамхон басавлат ўрта яшар одам бўлса ҳам, Хонзода бегим уни йигит ўрнида кўриб деди: — Илоҳим, умрингиз узоқ бўлсин! Ҳумоюнга қилаётган ҳамма яхшиликларингиздан хабарим бор. Агар яна битта қизим бўлса, сизни жон деб куёв қилур эдим!
Бу гаплардан ҳамма бир кулиб олди. Кулаётганлар орасида Хонзода бегимни кўришга келган Салтанат бегим ҳам бор эди. «Қизилбошлар Аскарийнинг ҳарамини беномус қилганмиш», деган овозлар ҳақиқатан уйдирма гап бўлиб чиқди. Ҳумоюн Аскарийнинг хотини Салтанат бегимни, бошқа аёллар ва болаларни ўз ҳимоясига олган, қароргоҳда уларга алоҳида чодирлар тикдириб берган эди. Аммо Аскарийнинг ўзини Будагхон асир қилиб қазвинга юбормоқчи бўлгани рост эди. Ҳумоюн уни кафилликка олган, қўшин орасидаги алоҳида ўтовда атрофига соқчилар қўйиб ҳибсда сақламоқда эди. Бугун эрталаб Хонзода бегим ўзи уни бориб кўрди. Белида на қиличи, на камари ва на белбоғи бор, соқол-мўйлови ўсиб кетган, юзи синиққан Аскарий лаблари пир-пир учиб:
— Ўзимдан ўтган, амма, — деди. — Энди... оғаларимизга айтинг, адоватни бас қилсинлир. Шу икки оға ярашса биз ҳам тинчир эдик.
Ҳозир Байрамхон келтирган хушхабарлардан Ҳумоюннинг дили яйраб турган пайтда Хонзода бегим унга меҳри товланиб қаради-да:
— Ҳазратим, — деди, — худо раҳмати отангиз сизга атаб ёзган мактубларида битган эдиларки, «улуғлар кўтаримлик бўлғай». Сиз катта оғасиз, улуғсиз. Комрондан ўтган бўлса кечиринг. Ўғлингиз Акбар ҳам хавф-хатардан қутулсин.
— Оға-ини адовати ўзимнинг ҳам жонимга теккан, — деди Ҳумоюн. — Наҳотки тўрт оғайни бир дастурхон атрофига йиғилиб ўтиролмасак? Мен қачонлардан берли ҳазрат отамнинг қабрига зиёратга борганим йўқ. Бир марта учала инимни мақбараларига бошлаб борсам, «мана, отажон, тўрт «кўз тугал», деб, отамнинг улуғ руҳини шод этсам, деб, шунча орзу қилурмен. Комрон ҳеч бўй бермайдир. Ахир у ҳам шу отанинг фарзанди-ку. Бир марта менга ишониб, Кобул дарвозасини жангсиз очсин. Ҳиндол билан Аскарий ҳозир ёнимда, бирга олиб борай. Комрон ҳам ёнимга кириб, кўмак берсин. Ҳиндга қайтиб, отамнинг улуғ давлатини тиклайлик. Ана ундан кейин Кобул ҳам, Қандаҳор ҳам — ҳаммаси яна Комроннинг ихтиёрига ўтгай.
Юрак қаъридан чиққан бу сўзлар Хонзода бегимга шундай таъсир қилдики, кўзига ёш олиб:
— Муродингизга етинг, Ҳумоюнжон, мурувватли қалбингиз бор! — деди. — Мен бориб ҳамма гапларингизни Комронга айтгаймен! Яккама-якка ўлтириб сўзлашурмен!
Хонзода бегим тезроқ Кобулга қайтиб, бу янгиликларни Комронга етказмоқчи ва уни инсофга чақирмоқчи эди. Бироқ руҳини кўтариб, вужудини ҳаяжонга солаётган бу мураккаб вазифалар унинг юрагига катта юк бўлиб тушмоқда эди, гоҳи-гоҳида нафас олиши оғирлашиб, ўпкаси ғижиллаб қолар эди. Ҳумоюн аммасини ўзининг хос ҳакимига кўрсатган эди:
— Ҳазрат бегим, сизга ором керак, ҳозир узоқ сафарга чиқмаганингиз маъқул, — деди. Ҳумоюн ҳам аммасини олиб қолмоқчи бўлди. Лекин Хонзода бегим кўнмади.
— Салқин Кобулга етсам яхши бўлиб кетгаймен, оға-инини мен яраштирмасам, хонадонимизда буни қиладиган бошқа кайвони йўқ, — деб туриб олди. — Акбаржонга ҳам Кобулда мен керакмен. Йўлга чиқай!
Ҳамида бону фил суягидан ва хушбўй сандал дарахтидан ясалган ўйинчоқлар, жажжи этикчалар-у тўнлар ва кўйлакчаларни Акбарга атаб бериб юборди.
Хонзода бегим Кобулдан ўз канизи ва тўртта одами билан келган эди. Ҳумоюн улар ёнига йигирмата йигит қўшди, аммасини маҳофага ўтқазди. Йигитларига:
121


— Тахтиравон ҳам олинглар, — деб буюрди. — Маҳофа уринтириб қўйса, тахтиравон беозорроқ, кўтариб кетгайсизлар.
Хонзода бегимнинг руҳи қанчалик тетик бўлмасин, танаси йўл азобини кўтаролмайдиган бўлиб қолган эди. Буни ўзи ҳам сезар, лекин Кобулга бир амаллаб етиб олишига умид боғлаб борарди.
Уч кун ўтиб, тўртинчи куни маҳофада беҳаловат бўла бошлади. Юраги тўхтаб-тўхтаб урарди. Канизи буни йигитларга айтди. Шундан сўнг саккиз йигит уни тахтиравонга солиб қўлларида кўтариб бора бошладилар. Бошдан-оёқ оқ кийинган, озиб, енгилгина бўлиб қолган Хонзода бегим тахтиравон ичида худди ўзи йўқдай, фақат руҳи бордай сокин борарди. Кўз олдидан бутун ҳаёти, Фарғона водийсида бошланган ёшлиги, иниси Бобур билан Самарқанд қамалида тортган азоблари, Шайбонийхон ҳарамида ўн йил яшаб топган ўғилчаси Хуррам бир-бир ўта бошлади. Хонзода бегим туш кўрдими ёки алаҳсирадими, ўнг бир ёшли Хурамшоҳ туман ичидан кулимсираб чиқиб келди-ю, онасини қўлидан олди. Зум ўтмай туман осмондаги булутга айланди. Она-бола осомнда муаллақ туриб қолгандай бўлди. Хонзода бегим ер узоқларда қолиб кетганини кўриб, юраги шув этди, ўзи бола билан пастга учиб кетгандай бўлди, шу кетишда ҳушини йўқотди-ю, нафас олишдан тўхтади.
Унинг қандай жон берганини ҳеч ким сезмай қолди. Тахтиравон Кобулҳақ деган жойга етганда йигитлар уни ерга қўйиб, очиб қарасалар, Хонзода бегимнинг кўзлари абадий юмилган... Ўша йигитлар эртаси куни унинг тобутини кўтардилар.
***
Ҳумоюн Қандаҳорни тинчитиб Кобулга борганда, Комрон қалъа дарвозаларини очмади. Қамал бошланди. Ҳумоюн аркдан баландроқ бўлган Уқабайн тоғига замбарак ва тўфангларни ўрнатиб, оға-инининг орасини бузаётган Бопусхон ва Қорачахонни ўққа туттирди. Бу ўқлардан бири тасодифан Комроннинг тепасидан учиб ўтган эди. Акасига ўчакишган Комрон уч яшар Акбарни ичкаридан олиб чиқдирди-ю, ўқ келаётган томонга тўғрилаб, тикка турғизиб қўйди. Қандай даҳшатли хатарга рўбарў бўлганини билмайдиган мурғак бола Комроннинг буйруғига биноан арк ҳовлиси ўртасида анча вақт турди. Тўфанг ўқлари ёниверидан визиллаб ўтганда уларга қизиқиб қаради. Тўп ўқларидан бири боши устидан ошиб, арк деворига урилди-ю чанг кўтариб, тошларни синдириб тушди.
Акбар отасининг ўқига нишон қилиб қўйилганидан хабар топган Моҳим энага ичкаридан дод солиб чиқиб, болани ўзиниг гавдаси билан тўсди. Ўқ келаётган томонга қараб қўлларини кўтарди, бор овози билан бақирди:
— Отманглар-о-о!! Отманглар! Акбар бу! Акбар-ар! Болага отмангла-ар!!
Ниҳоят, тоғдан ўқ отаётганлар бола билан турган аёлни кўрдилар. Моҳим энага жон ҳолатда қичқириб «Ак-к-ба-ар бу-у!» дегани Ҳумоюннинг қулоғига етганда қўрқувдан сочлари тикка бўлиб кетди. Қалъа томонга замбаракдан ҳам, тўфангдан ҳам ўқ отишни қатъиян тақиқлади. Акбар ўлим таҳликасини энагаси орқали сезди. Боя деворни чангитиб, тошни синдирган тўп ўқи энагага тегиши мумкинлиги болада қўрқувдан ҳам кучли бир кин ва жаҳл уйғотди. Моҳим уни ичкарига кўтариб кирганда боланниг ранги оқариб кетган эди. Моҳим уни ерга қўйиб, пиёлада сув олди. «Бола қўрққан» деб, сув ичирмоқи бўлди. Лекин Акбарнинг ҳуши жойида эмас, пиёлани уриб ерга тушириб юборди. Бирдан дод солиб йиғлади, аммо кўзлари намланмади. Дилидаги тошдай қаттиқ бир жаҳл туйғуси борлиғини исканжага олиб қийнар, бояги ўқларнинг визиллаши қулоғидан нари кетмас эди.
— Акбаржон, бас! Бас! Ўқлардан қутулдик! Йиғи бас!!. Бўлди болажоним! Бўлди!
Тўп ўқининг ваҳшати билан бирга боланинг қалбига ўрнашиб қолган ўкинч ва жаҳл ҳеч тарқамас, Акбар ўзини у ёқдан бу ёққа отиб йиғлар, қўлига тушган нарсани улоқтирарди. Боланинг йиғисини нариги уйдан эшитган Гулбадан бегим чопиб кириб келди. Моҳим билан икковлашиб, Акбарни кеч бўлганда зўрға юпатдилар. Бола уйқусида ҳам оғир хўрсиниб ётарди.
122


Буни кўриб Гулбадан бегим кўзига ёш олди. Эшик-деразани бекитиб, шам ёруғида Ҳумоюнга мактуб ёза бошлади:
«Ҳазрат оғажон, шукурким, Акбаржонни Худо бир асради. Лекин уч ойдан бери қамал азоби ҳаммани жонидан тўйдирди. Бопусхон билан Қорачахонларнинг зулмидан безор бўлганлар кечаси девордан ўзини ташлаб, обмўридан чиқиб, сиз томонга қочиб ўтмоқда экан. Бу ўтганлардан бири менинг мактубимни сизга етказар деб умид қиламен. Мен эшитдимким, Бопусхон билан Қорачахон боғ талашиб урушиб қолибдилар. Худо раҳматли аммам Хонзода бегимнинг яхши боғи, ҳовли-жойи меросхўрсиз қолган эди, шуни Қорачахон олмоқчи экан, вазир Бопусхон ундан олдин комрон мирзодан ижозат олиб, ўғлига хатлаб берибдир. Шу туфайли бу икки ит суяк талашиб уришиб қолдилар. Бопусхон вазирлигидан фойдаланиб, Қорачахонни доруғалик амалидан маҳрум қилди. Ҳозир Қорачахон мингтача аскарга саркарда. Чармгарон дарвозасини қўриқлаб турибдир. Куёвингизнинг иниси, менинг қайним Маҳдихўжа ҳам унинг аскарлари сафида. Бир кун мастликда Қорачахон Маҳдихўжага сизни мақтаган эмиш, Комронга хизматга ўтганидан энди афсус қилармиш, «ҳазрат Ҳумоюн гуноҳимни кечирмагай- да, бўлмаса ҳузурларига бош эгиб борар эдим», деган эмиш. Подшоларнинг биридан бошқасига қочиб ўтишга ўрганган бундай сотқинларни ўзларининг қуроллари билан енгиш мумкин эмасмикин? Ортиқча қон тўкилмайдиган бирон йўлини ўйлаб топармикинсиз, ҳазрат оғажон! Кўзларимиз йўлингизга тўрт бўлиб нажот кутмоқдамиз. Сизни соғиниб, йиғлаб мактуб ёзган синглингиз Гулбадан».
Ҳумоюн бу мактубни олгач, ўз аскарлари сафида хизматда бўлган куёви Хизрхўжахонни чодирга чақирди. Хизрхўжахон ботир йигит, одоб-ахлоқи Гулбаданга маъқул келган, ўзи эшонлар авлодидан эди-ю, лекин ёшлигида яхши таҳсил кўрмаган, саводи йўқ эди. Ҳумоюн берган хатни қўлида айлантириб кўрди, кўзига соғинч билан сурди.
— Тинчликмикин, ҳазратим? Ёшликда қунт билан савод ўрганмаганимдан энди доғдамен! Ҳумоюн мактубни унинг қўлидан олиб, ўқиб берди. Хизрхўжахон чақмоқ мўйловини мамнун силаб, баҳодирона кенг кўкрагини тўлдириб нафас олди:
— Синглингиз бизга нажот йўлини топиб берибдир, ҳазратим! Агар буюрсангиз мен Қорачахон билан алоқа ўрнатмоғим мумкин.
Ҳумоюн Қорачахон билан алоқа боғлашдан қанчалик жирканмасин, бошқа йўл йўқлигини сезди.
— Инингиз Маҳдихўжа Қорачахон билан Чармгарон дарвозасини қўриқлар экан, — деди Ҳумоюн.
— Ҳа, мен аввал инимни топгайман.
— Менинг Қорачахонга... макту?