ҚАЗВИН
ЕР ТАГИДАН ЎТГАН ТОҒ
давоми..
— Кўҳинур... Қазвинда.
— Бир кўрмоқ истарам...
— Бажонидил. Қазвинга қайтсак, ҳузурингизга элтгаймен.
Ичида эса «майли, бош омон бўлса олмос топилгай» деб, Кўҳинур билан ўзича хайрлашиб ҳам қўйди.
____________
***
Қазвиннинг Чилсутун қасри ичида Нигорхона деб аталадиган ва камдан кам одам кира оладиган нафосат макони бор эди. Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари чизган, ҳар бири юз минг олтин тангага ҳам сотилмайдиган ноёб расмлар мана шу Нигорхонада сақланарди. Беҳзоднинг ўзи бундан олти йил аввал вафот этган, у асос солган Нигорхона ишларига ҳозир Султон Муҳаммад исмли машҳур наққош ва рассом мутасадди қилиб тайинланган эди. Таҳмасп болалигидан расм чизишни яхши кўрар, отаси Шоҳ Исмоил уни етти-саккиз ёшида Камолиддин Беҳзодга шогирдликка берган эди. Нигорхонанинг деворларига нақшланган расмлар орасида Таҳмаспнинг мусаффо болалик кўзи билан кўрган ов манзарасини акс эттирувчи сурати ҳам бор эди.
Бугун пешин намозидан сўнг шоҳ Таҳмасп, унинг синглиси Шоҳзода Султоним, Ҳумоюн ва Ҳамида бону — тўртовлари шу Нигорхонани яна бир томоша қилгани келдилар. Уларга пешвоз чиққан санъаткорлар орасида асли термизлик бўлган Мир мусаввир ва унинг ўғли Мирсаид Али ҳам бор эди. Ҳумоюн аввал келганда улар билан узоқ суҳбатлашган, чизган суратларини кўриб, истеъдодларига қойил бўлган: «Агар тангрим бизни муродга етказса, сизларни Кобулга ёки Аграга таклиф этгаймен, борурмисизлар?» — деб сўраган эди. Шунда ҳар икки мусаввир боришга тайёр эканларини, аммо шоҳ рухсат бермаслигини айтган эдилар. Ҳумоюн шоҳдан рухсатни ўзи олмоқчи бўлган ва бунинг учун қулай фурсатни кутиб юрган эди.
Бугун Ҳумоюн бошқа ноёб расмлар қатори Таҳмасп чизган ов манзараларини ҳам кўриб, ундаги бўёқларнинг тиниқлигини, тасвирлардан ёш қалбнинг соф бир ҳарорати сезилиб туришини шоҳнинг ўзига жуда ёқадиган қилиб айтди. Ҳамида бону ҳам Нигорхонадаги ажойиб расмлардан олган завқини Таҳмаспнинг ўзи чизган суратга қўшиб гапирди. Шоҳ бу мақтовлардан яйраб, эриб турганда Ҳумоюн бир четда одоб сақлаб қўл қовуштириб турган Мир Саид Алини кўрсатди-да:
— Ҳазрат шаҳаншоҳ, сизнинг Нигорхонангиз бебаҳо гавҳарлар билан тўлмишдир, — деди. — Мир мусаввир асли термизлик экан. Агар изожат берсангиз, мен уни ўғли билан Кобулга олиб кетсам. Токи сизнинг тарбиянгиз билан орттирган санъатларини бошқа мамлакатларга ҳам тарқатсалар. Бу билан сизнинг шуҳратингиз бутун оламга ёйилажакдир.
Шоҳ Мир Саид Алига қошини чимириб қаради, сўнг Ҳумоюнга юзланиб мийиғида кулди.
— Бизим бу мусаввирлар гавҳар яратурлар. Ҳар бир суратини гавҳар янглиғ ўнг туман секкага* ҳам бермаюрлар.
— Аммо биз буларнинг харажатлари учун шоҳ ҳазратларига минг туман* тўлашга ҳам тайёрмиз.
— Яхши, сиз аввал Кобулга қайтинг, сўнгра ўйлаб кўрюрмиз, — деди Таҳмасп.
Кобул йўлида ҳали қанча тўсиқлар борлиги, аввал Қандаҳорга бориб, Акбарни қутқариш кераклиги Ҳумоюннинг эсига тушди. У шу бугун шоҳ билан ўзининг орасидаги чигал тугунларни узил-кесил ечиб олмоқчи эди. Ҳумоюннинг маслаҳати билан Ҳамида бону кеча оқшом Шоҳзода
100
Султонимга учрашган ва энди сирлиги қолмаган туморни ва ундаги Кўҳинур олмосини, ўғрилар телпагидан топилган лаълларни унга кўрсатган, сўнг бўлган воқеани бир-бир айтиб берган эди. Равшан кўка билан Хўжа Ғозилар Валидбек эшик оғасининг воситачилигида шоҳ хизматига олинганини эшитган Шоҳзода Султоним:
— Ваҳ, бу хато ўлмишдир, — деб астойдил куюнди, разил ўғриларни Мирзо Ҳумоюн шоҳга айтиб жазо бердирмаганидан таажжубланди. Ҳамида бону Ҳумоюннинг меҳмонда юрганда бундай жанжаллардан андиша қилишини айтди:
— Шаҳаншоҳ ҳазратлари Кўҳинур олмосини кўрмоқчи эканлар, — деди Ҳамида. — Марҳамат, қаерга десалар биз Мирзо ҳазратлари билан олиб бориб кўрсатгаймиз. Агар ёқтирсалар тақдим этгаймиз. Шу ҳақда ҳазрат оғангиз билан гапиришиб, бизга жавобини айтингиз.
Шоҳзода Султоним бугун эрталаб Таҳмаспга бу гапларнинг ҳаммасини батафсил сўзлаб берди. Шундан кейин шоҳ булар билан Нигорхонада учрашадиган бўлиб одам юборди.
Ҳозир бу ердаги нодир суратларни гавҳарга қиёслаб мақтаганларида Ҳамида бону қўлидаги кисага солиб юрган олтин қутичани ва ундаги Кўҳинурни маъюс бир туйғу билан кўз олдидан ўтказди. Чунки Ҳумоюн Кўҳинурни қурбон қилиб бўлса ҳам шоҳ билан орани яхшиламоқчи ва тезроқ Қандаҳорга бориб Акбарни қутқармоқчи эди.
Ноёб суратларни кўриб, қалблари нафосат завқидан майинлашган ҳолда Нигорхона тўридаги муҳташам хонайи хосга кирдилар.
Шоҳнинг кўнгли юмшаб турган мана шу аснода Ҳумоюн Ҳамида бонуга «олмосни беринг» дегандай ишора қилди. Ҳамида қўлидаги кисадан олтин қутичани олиб, чап қўли кўксида, эрига одоб билан узатди. Ҳумоюн қутичани очди-да:
— Олампаноҳ, Кўҳинурни эслатган эдингиз, марҳамат, — деб шоҳга тутди.
Таҳмасп олтин қутича ичида чиндан ҳам нур тоғига ўхшаб жилоланиб турган олмосни кўрди- да, қалбида кучли бир туйғу мавж урганини сезди. Бу — гўзаллик туйғуси эди. Таҳмаспнинг болаликдаги рассомлик истеъдоди кейинчалик ривож топмай қолган, ўнг ёшида отаси ўлиб, тож-у тахт жанжаллари бошига тушгач, интиҳосиз уруш-юрушларда қўли нафис мўйқаламни тутишдан чиқиб қолган эди. Аммо унинг ёш қалбида шоир отаси ва улуғ мусаввир Беҳзод уйғотиб кетган гўзаллик туйғуси ҳали ҳам сўнмаган эди. У ўз туғишганлари орасида энг соф ва гўзал инсон деб билган синглиси Шоҳзода Султонимни бунчалик яқин олиб юришининг боиси ҳам — дилида яшаб келаётган ўша гўзаллик туйғуси, покликка ва нафосатга бўлган ташналик эди.
Ҳозир минг турли жилва билан ёниб турган Кўҳинур олмоси унга табиат яратган энг ноёб гўзалликлардан бири бўлиб кўринди. Ҳаётда кичкина бир зарраси ҳам жуда кам учрайдиган олмос софлиги ва мустаҳкамлиги Кўҳинурда тоғдай ёмби бўлиб бир жойга йиғилганлиги — табиатнинг мустасно бир мўжизаси эканини Таҳмасп юракдан ҳис қилган сари завқи ошиб борарди.
Аммо у ўз завқини айтмас, Ҳумоюн билан Ҳамида бону олдида Кўҳинурни мақташдан ўзини тийиб турар эди. Чунки агар у мақтаса Ҳумоюн Кўҳинурни ҳозир унга тақдим этиши керак — иккови ҳам тан оладиган одат шу эди.
Таҳмасп завқли бир ҳаяжон билан синглисига қаради:
— Самойинурни вер-чи.
Садаф қутичадаги Самойинур Шоҳзода Султонимда экан, уни олиб акасига берди. Таҳмасп икки олмосни икки қўлида ёнма-ён тутиб бир-бирига солиштирди.
Катталик жиҳатидан Кўҳинур хиёл улканроқ. Аммо гўзалликка келганда Самойинурнинг осмон гумбазини эслатувчи шакли ва унда беҳисоб юлдузлардай чақнаб турган олмос қирраларининг жилваси Таҳмаспга яна бир бетакрор мўжизадек туюлди. Нариги икки иғвогар Кўҳинурни бундан беқиёс катта деб ёлғон гапирганларини шоҳ энди ўз кўзи билан кўриб турибди. У икки олмосни баробар тутган ҳолда:
— Бу ноёб мўжизаларнинг ватани ўлмиш Ҳиндистон чиндан-да буюк мамлакатдир, — деди.—
101
Кўҳинур...
Шоҳзода Султоним акасига хавотирланиб кўз ташлади. Ҳозир у Кўҳинурни мақтай бошласа, тамом, ҳар икки олмос ҳам Таҳмаспники бўлади. Лекин мардлик ва адолатни яхши кўрадиган Шоҳзода Султоним ўз акасидан ифтихор қилишни истар, ундан олижаноб бир саховат кутар эди. Агар бусиз ҳам мусофирликда қийналиб юрган Ҳумоюн билан Ҳамида бонудан Кўҳинур ҳам олинса ноинсофлик бўлишини куюнчак қиз ич-ичидан сезиб, изтироб чекмоқда эди. Ҳозир шу топда ноинсофлик билан олижанобликнинг орасида гўё биргина қадам масофа бор. Наҳотки акаси олижанобликка томон шу биргина қадамни қўя олмаса?
Синглисининг кўнглидан ўтаётган изтиробли саволни Таҳмасп унинг жавдираб турган кўзларидан сезди. Ҳумоюн билан Ҳамида эса тақдирга тан берган каби осойишта. Улар яхши истиқбол учун Кўҳинурни қурбон қилишга тайёр туришибди. Шоир отасидаги мардлик ва тантилик Таҳмаспда ҳам борлигини Ҳамида бону билан Ҳумоюн билиб қўйишлари керак! Шоҳ «Кўҳинур» деб, бир тутилиб олгач, гапни бошқа ёққа бурди:
— Кўҳинур — ер остинан топилмиш бир тоғ. Бизим Албрус тизма дағи Кўҳиқафнинг* шимолида ер остинан чиқиб, икки бошли буюк Элбрус чўққисига айланган экан. Ривоятни билюрсиз: бу икки Элбрус орасидаги тоғлар ер остидан ўтюрмиш. Мен хаёл эдирамки*, Ҳумоюн ҳазратларининг Ҳиндистондан кетиши, мусофиротда, қувғинда юриши — тоғнинг ер остига тушиши янгиликдир. Аммо тоғ — ер остида ҳам буюкдир. Ман буни ҳазрат Ҳумоюн овда ботирлик кўрсатганда кўрмишам. Ҳозир Кўҳинурни меним элима вериб, чох саховат кўрсатмоқчи бўлганларида мен ер остидаги тоғнинг буюклигини яна бир бор ҳис этмишам. Истарамки, шу тоғ яна ер юзига чиқсин. Ҳумоюн ҳазратлари ила Ҳамида бегим икковларининг ҳинд элидаги мартабалари яна тиклансин. Шу тилак билан Кўҳинурни ўзингизга қайтиб беражакман. Бизга Самойинурни тақдим этмишсиз. Биз буни энг юксак самовий нур ўрнида қабул қилдик. Кўҳинур эса ўзингизга ва авлодларингизга насиб этсин!
Таҳмасп олтин қутичани Ҳумоюнга қайтариб бераётганда Шоҳзода Султоним акасининг бу ишидан таъсирланиб, уни елкасидан қучди-да, қулоғига шивирлади:
— Жоним сизга қурбон, ҳазрат оғажон!
Ҳумоюн билан Ҳамида ҳам Таҳмаспнинг шоир отаси каби ажойиб ўхшатишлар қилишга ва фалсафий фикрлар айтишга қодирлигини энди пайқадилар.
Олтин қутича Ҳамида бонунинг кисасидан қайта жой олди. Таҳмасп уларни кузатиб қўяётганда, шоир отасининг Хатойи деган тахаллуси бўлганини, унинг ўзи ҳам баъзан ёмон одамларга ишониб хато қилишини, аммо бугун шу хатосини тўғрилаяжагини айтди. Ҳумоюн кетгач, Таҳмасп ўзининг Чилсутун қасрига қайтди-да, хонайи хосга Валидбекни чақиртирди. Эшик оғага бирдан ғазаб қилиб:
— Сен ҳанси каззоб ўғриларни меним даргоҳима бошлаб келмишсан? — деди.
Равшан кўка билан Хўжа Ғозининг ўғирлик қилганларини, аёл кишининг туморини титкилаганларини Таҳмасп аввал ҳам эшитган, аммо чандон эътибор бермаган эди. Лекин энди шоҳ уларни бу ўғирликлари ва иғвогарликлари учун шафқатсиз жазога буюрди. Равшан кўканинг ўғирлик қилган ўнг қўли билагидан қирқиб ташланди. Сассиқ иғволар тарқатган Хўжа Ғозининг бурни кесилди-ю, абадий манқа бўлиб қолди.
____________
Eнг зўр истаги — тезроқ жанубга йўл олиш, Қандаҳордаги Акбарга етишиб, ундан нари Ҳин-
102
дистонга қайтиш бўлган Ҳумоюн нуқул шу истакка қарши боришга, асл мақсадидан тобора узоқлашиб, янада шимолроққа кетишга мажбур бўлмоқда эди. Бир йилдан ортиқ олиб борилган музокаралар кеч кузда ниҳоясига етди, шоҳ Таҳмасп ўзининг тўққиз яшар ўғли Муродни, саркардаси Будағхонни ўнг икки минг аскар билан Ҳумоюнга қўшиб Қандаҳорга юборадиган бўлди. Лекин бу қўшинни ҳали бир жойга йиғиш ва Ҳумоюн раҳбарлигида ҳарбий юришга тайёрлаш керак эди. Қазвин атрофларида шоҳнинг ўз қўл остидаги ўнг беш-йигирма минг аскар бор, уларни боқишдан ташқари от-уловларини ем-хашак билан таъминлаш осон эмас, куз тугаб, қиш яқинлашмоқда. Қиш ўчоғи эса тор. Шу сабабларга кўра Ҳумоюн ва унинг одамлари шоҳ вакили Будағхон билан бирга Қазвиндан шимолдаги кенг жойларга — ҳазар денгизи бўйларига бориб қўшин тўплаши, сўнг ўша ёқларда Қандаҳор юришига тайёрлик кўриши мақсадга мувофиқ топилди.
Улар Элбрус тоғидан ва Мозандарон ўрмонларидан ўтиб, денгиз бўйларига келгунларича совуқ тушиб қолди. Ҳамида бону Қандаҳорда кийган иссиқ самур пўстинни яна сандиқдан олди.
У ҳам Ҳумоюн ҳам денгизни умрларида биринчи марта кўрмоқда эдилар. Қирғоққа муттасил урилиб турган долға тўлқинлар қаттиқ шамол турганда атрофга сув зарраларини учирарди. Ҳумоюн денгиз билан ўрмон оралиғидаги кенг бир саҳнни қароргоҳ учун танлади-да, чодир ва ўтовлар ўрнатилгунча Ҳамида бонуни кемага солиб, денгизда сайр қилдирди. Ҳавонинг қовоғи солиқ, денгиз нотинч, катта-катта тўлқинлар маст туядай кўпириб, кемани у ёқдан бу ёққа улоқтирар эди. Қирғоқдан узоқлашганлари сари тўлқинлар йириклашиб борар, уч томон кўз илғамас кенглик, ҳаммаси ҳаракатланиб кўпириб ётган сув.
Ҳумоюн денгизнинг шимол четига етгунча кема салкам бир ой сузиши кераклигини, шу бир ойлик йўлнинг ҳаммаси яхлит, интиҳосиз сув эканини айтганда Ҳамиданинг ваҳми келди. Кеманинг чайқалиши ҳам кучайиб кетгандан сўнг унинг боши айлана бошлади.
Ҳозир яна унинг бўйида бўлган, уч ойдан сўнг янги фарзанд туғилиши керак. Лекин мусофирликда оғир руҳий азоблар ичида мудом Акбардан хавотир бўлиб яшаётган Ҳамида бону ўзини жуда нохуш ва беҳол сезар, иккинчи бола касалманд туғилмаса деб қўрқарди. Ҳумоюнда ҳам Синд бўйларида Акбар пайдо бўлган пайтлардаги ички кўтаринкилик йўқ, у Қазвиндаги мураккаб ва муте ҳаётнинг руҳий қийноқларини бирпасга унутгиси келиб гоҳо афюн истеъмол қиларди. Ҳамида унинг афён кайфидан ўзини қушдай енгил сезиб, хандон уриб кулган пайтларини, эртасига эса ланж бўлиб, бўшашиб ўлтирганларини кўрар, «Шундай кунларда бўлган боланинг умри қандай кечаркин?» деб баттар безовталанарди. У Ҳумоюндан илтимослар қилиб, афюнни иккинчи истеъмол қилмасликка сўз оларди. Лекин орадан ўн беш- йигирма кун ўтиб Ҳумоюннинг бошига яна биронта чигал ва мураккаб мушкулот тушар, кечалари ухлай олмай қийналар, ахири ҳакимидан мошдай қора афюн сўраб олиб, уни гулобга қўшиб, эзиб ичар ва шу билан хиёл тинчир эди.
Денгизда нохуш чайқалиб бораётган кема бунинг ҳаммасини Ҳамиданинг ёдига туширди-ю, боши баттар айланиб, пешонасидан совуқ тер чиқди. Ҳумоюн унинг ранги оқариб кетганини кўрди ва кемани қирғоққа қайтаришни буюрди.
Қирғоқдан анча наридаги қароргоҳда аёллар учун шамолпана жойга катта саропарда ўрнатилган, унинг ичига чодирлар тикилган эди. Денгиз сайридан беҳол бўлиб қайтган Ҳамида бонуни канизи тўрдаги ўтовга олиб кириб анор шарбати ичирди ва иссиқ жой қилиб ётқизди. Ҳумоюн атроф яхши кўринадиган баланд бир жойга саккиз бурчакли оқ ўтов тикдириб, уни ўзига қабулхона — боргоҳ қилган эди. У кема сайридан шу ўтовга қайтганда Байрамхон барра пўстин ва қулоқчин кийган қўнғир соқолли бир кишини унинг олдига бошлаб келди.
— Ҳазратим, — деди Байрамхон, — Аграда сизга қарчиғай совға қилган московиялик меҳмон ёдингиздами?
Ҳумоюн бундан беш йил олдин кўрган Матвей Калитинни дарров таниди ва саломлашиб, боргоҳга таклиф қилди. Матвей Семёновичнинг ёнида ўн саккиз ёшлардаги барваста йигит ҳам бор эди.
103
— Ўғлим Аким! — деб уни Ҳумоюнга таништирди. Ота-бола иккови ҳам мезбоннинг ҳурмати учун бошларидан қулоқчинларини олдилар. Уларнинг гардиш қилиб кесилган ўсиқ қўнғир сочлари бир-бирлариникига жуда ўхшар, фақат Матвейнинг сочларида оқи кўпайиб қолган эди. — Сизни бу жойларга қандай шамол учирмиш? — сўради Ҳумоюн.
— Каспий шамоли! — деб Матвей денгиз томонни кўрсатди. У Ҳазар денгизини Каспий деб ўрганган эди. — Бу денгизни шимол томонида бизнинг ватанимиз Россия бор. Аградан ҳазрат отангиз Москвага элчи қилиб юборган Хўжа Ҳусайнни бизнинг одамлар ҳалигача Бобурин деб атаб, эслаб юрадилар. У яшаган хутор каттагина қишлоққа айланиб бабурино номини олган. Бу ерда Хўжа Ҳусайн кўринмайдир. Боши омонми?
Ҳумоюн оғир уҳ тортди:
— Хўжа Ҳусайн бошқа кўп жасур кишиларимиз қатори Шерхон билан бўлган жангларда тангри раҳматига борди...
Матвей Семёновичнинг овози мусибатдан титраб:
— Сарство ему небесное!* — деди-да, бир чўқиниб қўйди. Оғир хўрсиниб, Хўжа Ҳусайндан кўрган яхшиликларини эслаб кетди: — Ўшанда мени зиндондан чиқариб ўйига олиб борди, парваришлаб дармонга киргизди! «Шерхон бостириб келмасдан тезроқ жўнанг» деб, барча кам-у кўстимни тўғрилаб, ватанимга кузатиб қўйган эди.
Матвей Семёнович Москвага қайтиб боргунча яна кўп хавф-хатарлар ва машаққатларни бошдан кечирди. Лекин у Хўжа Ҳусайн ёрдамида Ҳиндистондан олиб кетган парчалар, нодир матолар, марваридлар, мушк-у анбарларни Москва зодагонлари катта пулларга сотиб олишди. Матвей Семёнович белини анча бақувват қилгач, Новгороддан бутун бир кемани ўнтача одами билан уч ойга ёллади-ю, унга Каспийнинг жанубий қирғоғида яхши қадрланадиган мўйналар, асаллар, зиғирпоядан тўқилган чиройли матоларни ортиб Мозандаронга келди. Бу ердан эса ипак ва ип газламалар, майиз, қанд, новвот каби Московияда тансиқ бўлган ширинликлар олиб кетмоқчи.
— Московияга ҳозир ким подшо? — деб сўради ундан Ҳумоюн.
— Иван Тўртинчи*.
Сизнинг отангиздан элчи бўлиб борган Хўжа Ҳусайн унинг отаси Василий Учинчи билан учрашган эди. У вафот этди.
— Подшоларинг биз томонларга элчи юбормоқчи эмасмикин?
Матвей Семёнович бош чайқади:
— Подшомиз ҳали ёш, энди ўнг тўртга кирди. Ҳозир мамлакат ичидаги ташвишлар ҳам унга етиб ортади.
— Қандай ташвиш?
— Тарқоқ вилоятларни Москва атрофига бирлаштириш осонми! Боярлар ҳаммаси ўзича бир подшо бўлгиси келгай. Лекин Иван Тўртинчи ёш бўлса ҳам қаҳри ёмон деб эшитдим! Итоат этмаганларни аямай қийратар эмиш. Бошқалари буни кўриб, ёш подшонинг олдида титраб турармиш. Ҳозир бизнинг мамлакат Московия эмас, кўп вилоятлар бирлашиб, Россия номини олди.
— Сизларда ҳам ички парокандалигу вилоятларни бир марказ атрофига бирлаштириш муаммоси бор экан-да, — деди Ҳумоюн таассуф билан.
— Аммо бизда тамға солиғи йўқ, — деди Матвей. — Лекин бу ерда тамға солиғи жуда баланд экан.
— Қанча?
— Мусулмон бўлсангиз сотган молларингизнинг йигирмадан бирини олурлар. Бизга ўхшаган бошқа диндагилар молининг ўндан бирини тамға солиғига тўлашга мажбур. Шоҳ Таҳмасп сизни жуда ҳурмат қилурлар, деб эшитдим. Бир оғиз айтсангиз, ҳазратим, бизни шу солиқдан озод этсалар.
Ҳумоюн ўйланиб қолди. Матвей Калитин унинг олдига бир чеккаси шу адолатсиз солиқдан
104
ҳимоя истаб келган эди.
— Жаноб Матвей, бу ерда биз ҳам сиз каби мусофирмиз. Шоҳнинг ички ишларига аралашолмасмиз. Агар Ҳиндистон бизга насиб этса, яна боринг, ўшанда бажонидил...
— Тақдир сизни қўлласину яхши ниятингизга тезроқ етинг, Мирзо ҳазратлари. Аммо Матвей Калитин Ҳиндистонга қайтиб боролмаса керак.
— Нечун?
— Ёш кетиб қолди. Мана, соч-соқоллар оқарди. Икки орадаги йўл азобларига энди соғлиғим бардош беролмагай. Аммо Ҳиндистонда кўрган ажойиботларимни, сиз билан Хўжа Ҳусайн қилган одамгарчиликларни умрбод унутмасмен. Агар сиз бўлмасангиз, жоҳил Саид Халил мени зиндонда чиритиб юборган бўларди. Бунинг ҳаммасини мана бу ёшларга, — деб Матвей Семёнович ўғли Акимга ишора қилди,— сўзлаб тамом қилолмасмен. Истайменки, икки орада борди-келди бўлиб турсин. Мен бўлмасам, ўғлим келгусида Ҳиндистонга сизни сўроқлаб боргай. Шунинг учун форсий, туркий тилларни ўрганмоқда.
Ҳумоюн Акимга қизиқиб бир кўз ташлаб олди. У ички бозорларда харидорларни алдаб бой бўладиган савдогарларни ёмон кўрарди. Аммо карвонлар ва кемаларда узоқ йўлларнинг юз хил машаққатларини енгиб, қитъадан қитъага нодир буюмлар билан бирга кўп янгиликларни ҳам олиб борадиган Матвей Калитинга ўхшаш тижорат кишиларини ҳурмат қиларди. Шунинг учун у адолат истаб келган Матвейга қўлидан келган ёрдамни бергиси келди. Матвей Аграга совға қилиб элтган иссиқ самур пўстин бултур Қандаҳор совуқларида Ҳамидага жуда асқатгани, қорли Элбрус тоғидан ҳам бегим шу пўстинга ўраниб ўтганини эслади.
Ҳумоюн қўйин чўнтагидан ичи қат-қат қилиб тикилган чарм халтача олди. Халтачанинг бир қатида иккита ёқут турган эди. Шуларнинг йирикроғини кафтига қўйди-да, Матвей Семёновичга узатди.
— Олинг, мендан эсдалик. Балки тамға солиғининг ҳиссаси шу ёқутдан чиқар.
Матвей Семёнович ял-ял ёнаётган қип-қизил, йирик ёқутни таъзим билан олар экан, унинг қиймати жуда баланд эканини сезди. Нафақат тамға солиғининг ҳиссаси, балки ўзи кемага ортиб келган барча молларининг берадиган фойдасидан ҳам бу ёқутнинг нархи баландроқ эканини унинг тажрибали кўзлари дарҳол пайқади.
— Бу совғангиз мен учун бебаҳодир, — деди у Ҳумоюнга. — Мен буни авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдиргайман. Мана, ўғлим, Аким ҳам, унинг фарзандлари ҳам буни бизга ким инъом қилганини эслаб юрсинлар.
Ҳумоюн бу гапларни маъқул кўриб, бош ирғади:
— Жаноб Матвей, фарангистонлик Пакавир Шерхон томонига ўтиб,бизга тўғаноқ берганда, сиз холис туриб бизга кўмак берган эдингиз. Менинг эзгу тилагим шулки, сиз мансуб бўлган халқ билан бизнинг элимиз ораси ҳамиша шу ёқутдай беғубор турсин. Муносабатларимиз доим лаълнинг қирмизи чўғидек ёниб турсин!
Улар қадрдонлардек илиқ хайрлашдилар. Ота-бола денгиз бўйидаги кемаларига томон қайтар эканлар, Ҳазар денгизининг қишки совуқ тўлқинлари уларнинг бошлари оша кўкка сапчигудай кўринар ва жўшиб, кўпириб ётарди. Ҳумоюн кемада бирпас сайр қилиб, бу тўлқинлар орасида қандай беҳаловат бўлганини эслади. Шимолдан келган азамат ота-бола ҳафталар, ойлар давомида гоҳ хатарли тўфонлар, гоҳ денгиз қароқчилари билан олишиб, серғазаб Ҳазар денгизининг бу бошидан нариги бошига сузиб ўтишлари учун қанчалик куч ва журъат кераклигини ўйлади-ю, уларга ич-ичидан қойил бўлиб қўйди.
_____________
* «Осмон шоҳлиги унга насиб қилсин», яъни жойи жаннатдан бўлсин! * И в а н ИВ — Кейинчалик Иван Грозний номи билан машҳур бўлган.
***
105
Икки орада шиа-сунний жанжаллари чиқмасин учун Будағхон бошлиқ қизилбош аскарлари алоҳида қароргоҳга тўпланмоқда эди. Ҳумоюннинг қароргоҳидаги қўшин ҳам кун сайин кўпайиб борарди. Байрамхон Ҳазар бўйидаги сунний мазҳаблик туркман қабилаларидан беш- олти юз бек-у навкарни Ҳумоюн хизматига тортди. Шу орада Турдибек Туркистоний Хуросонга бориб Ҳумоюнга яна бир талай тарафдорлар топиб келди.
— Ҳазратим, ҳатто ўзбекнинг машҳур Шайбон уруғидан бўлган Алиқулихон номли бек ҳам иниси билан сизга анча мойил, — деди Турдибек. — Ўзи билан сўзлашмоқчи бўлсангиз, одам юборай, қабулингизга келсин.
— Шайбон уруғидан бўлса, Хуросонда не қилур?— таажжубланиб сўради Ҳумоюн.
— Уларни Бухородаги уруғдошлари сиғдирмагандан кейин, Хуросоннинг Жом шаҳрига келиб қолган экан. Турондаги шайбонийзодаларга адоватлари чексиз. Сизнинг Самарқанд-у Бухорони улардан тортиб олишингизни истайдир. «Агар Мовароуннаҳрга қайтмоқчи бўлсалар, биз хизматларига киргаймиз», дейдир.
Ҳумоюн ўйланиб қолди. Ҳиндистонда Шерхоннинг ҳокимияти тобора мустаҳкам бўлиб бормоқда. Панжоб ва Аградан маълумот юбориб турган хуфиялар Шерхоннинг қўшини юз йигирма мингга етиб, ҳеч ким бас келолмайдиган қудратга эга бўлганини хабар қилдилар. Мовароуннаҳрда эса шайбонийзодаларнинг ҳокимияти парча-парча бўлиб заифлашиб бормоқда. Самарқанд Бухоро хонига итоат этмайди. Фарғона водийсида мустақил хонлик пайдо бўлмоқда. Тошкент ҳам Бухоро хонлигидан ажралиб чиққан. Ҳаммаси бир-бири билан қирпичоқ бўлиб урушмоқда. Илм-у санъат орқага кетган. Жоҳил шайбонийзодалар ҳатто Навоийни «Темурийлар шоири» деб айблаб, шеърларини тақиқ этганлар. Қадимий маданият марказлари бўлган Эрон-у Хуросон билан алоқа узилган, шиа-сунний адовати авжида.
Ҳумоюн уч ёшида Самарқандга бир мартагина борган, Тошкент ва Фарғонани умрида кўрмаган. Лекин ота-боболарининг ватани уни ўзига тортади. У Қандаҳор ва Кобулни қайтариб олгани билан Шерхон ҳали-бери уни Ҳиндистонга йўлатмаслиги мумкин. Балки Кобул эгаллангандан сўнг Ҳумоюн ота юртига қайтар?
Шу ўй билан у Алиқулихонни ўз ҳузурига таклиф қилди. Ўттиз беш ёшлардаги, қисиқ кўзли, барваста Алиқулихон ўзига ўхшаб кетадиган ўттиз ёшлардаги укаси Баҳодирхонни ҳам бошлаб келди. Ака-ука иккови ҳам Навоий ва Бобур шеърларидан юзлаб сатр ёд билар эканлар. Алиқулихон Султон тахаллуси билан, Баҳодирхон эса Ғазали номи билан шеър ёзар эканлар. Суҳбат давомида буни билгани сари, Ҳумоюннинг уларга қизиқиши ортиб борди.
— Ҳазратим, мен Шайбон улусидан бўлсам ҳам руҳан Шайбонийхонга эмас, сизнинг шоир отангизга кўпроқ яқинлик сезурмен, — деди Алиқулихон. — Мирзо Бобур учун ватандан айрилиш қандай оғир кўргилик бўлса, Мовароуннаҳрдан Бобурнинг кетиб қолиши биз учун ҳам улкан йўқотишдир. У кишининг ортларидан қанча истеъдодли, фозил кишилар ватандан кетдилар. Мовароуннаҳр шу туфайли ҳам маънавий инқирозга учради. Отангиз-ку, қайтиб келолмадилар. Балки энди сиз ўша фозиллар-у истеъдодларни Мовароуннаҳрга яна қайтариб олиб борурсиз? Шу билан ватанимизнинг Улуғбеклар-у Навоийлар давридаги маънавий юксалишлари янгидан бошланса... Орзуимиз ана шу!
— Мен учун ҳам бу — улуғ бир орзудир! — деди Ҳумоюн.
Алиқулихон ва Баҳодирхонларга яна Искандархон номли тошкентлик бек ҳам қўшилди. Бу учовининг икки мингдан ортиқ навкари бор эди, ҳаммаси бирлашиб, Қандаҳорни қайтиб олишда Ҳумоюнга кўмак берадиган бўлдилар.
Ҳазар бўйида тайёрланаётган бу ҳарбий юриш қанча сир тутилса ҳам, хуфиялар унинг дарагини аллақачон Комрон билан Аскарийнинг қулоғига етказган эдилар. Аскарий Ҳумоюн билан шоҳ Таҳмаспнинг бирлашган қўшинига бас келолмаслигини билиб, Комрондан ёрдам сўради. Бироқ Комрон Кобулни ҳимоясиз ташлаб кетолмаслигини айтиб инисига мактуб ёзди. «Акбарни энагалари билан дарҳол Кобулга жўнатинг! — деб буюрди Аскарийга. — Акбар—
106
Ҳумоюннинг жони. Агар оғамиз Қандаҳорда сизни қизилбошларга қурбон қилмоқчи бўлса, Кобулда ёлғиз ўғли ҳам тирик қолмағай. Биз буни унга маълум қилгаймиз».
Итоатга ўрганган Аскарий кечаси эл ухлаганда Моҳим биби ва Жажжи энагаларни оёққа тургизди. Уларнинг Акбардан ташқари ўз фарзандлари ҳам бор, Адҳам ва Азиз кўкалар ҳам ҳали уч ёшга кирмаган мурғак болалар. Уч бола бевақт уйғотилганидан ғашлик қилиб йиғлайди. Моҳим энага Аскарийнинг оёғига йиқилиб:
— Болаларга раҳм қилинг, қиш чилласида ҳайф бўлишмасин! — дейди.
Жажжи энага Аскарийнинг хотини Салтанат бегимга ялинади. Лекин Аскарий Комроннинг буйруғини бажармай иложи йўқлигини айтади.
— Ахир бу болалар от минолмаса! — деб куюнади Моҳим энага. — Тойғоқ йўлларда буларни ўнгариб юриб бўлмаса! Кобул бир ҳафталик йўл! Қандоқ етказиб боргаймиз?
Салтанат Аскарий билан гаплашиб, туяларга атрофи иссиқ кигизлар билан ўралган кажавалар ўрнатишни буюрди. Болаларни иссиқ кийинтириб, оналари билан шу кажаваларга ўтқазишди. Йиғлаб-сиқтаб Қандаҳордан тун ярмида йўлга чиқдилар. Эртаси куни оқшом бир қишлоқда тунашга тўхтаганларида Ҳумоюннинг шу атрофларда яшириниб юрган хуфияси Йўлчибек Моҳим энага билан учрашди. Кечаси болалар ухлаганда Моҳим энага Ҳамида бонунинг номига мактуб ёзди.
— Бегим қаерда бўлсалар ҳам, шу мактубни етказиб беринг, — деб Йўлчибекдан илтимос қилди.
Йўлчибек мактубни қиш чилласида узоқлардан Ҳазар бўйига етказиб келди. У бевосита Ҳамида бонуга мурожаат қилишдан ийманиб, аввал Ҳумоюннинг ўзига учрашди-ю, эшитган-билган воқеаларини бир-бир айтиб берди. Ҳумоюн Қандаҳордан Кобулга борадиган паст-баланд йўллардан қишда ўтиш қанчалик машаққатли бўлишини биларди. Энагалар учта ёш болани бу йўллардан азоб-уқубат билан олиб ўтиб Кобулга борганларида уларни ким кутиб олади? Ҳумоюн энг аввал ўзининг ашаддий душманлари бўлган Саид Халил, Қорачахон ва Афзалбекларни кўз олдига келтирди. Бу ёвуз одамлар унинг мурғак ўғилчасига ҳар қандай ёмонликни қилишдан тап тортмайди. Ҳумоюн шуни ўйлаганда, эртагаёқ Кобулга қўшин тортгиси келди. Лекин қишда Кобулга фақат Қандаҳор томондан ўтиш мумкин. Шоҳ билан тузилган шартнома бўйича ҳам у аввал Қандаҳорга юриш қилиши шарт.
Ҳумоюн бу юришни хутнинг ўрталарида бошлашга қарор берди. У Ҳамидани ҳам йўлга тайёрлаши керак эди. Саропардага боришдан олдин хиргоҳда ёлғиз қолиб, Моҳим энагадан Йўлчибек келтирган мактубни қўлида бирпас айлантириб кўрди. Буни Ҳамидага бериб бўлармикин? Балки ичида Ҳумоюн ҳам билиши керак бўлган зарур гапи бордир? Ахийри сабри чидамай мактубни очди.
Ақлли Моҳим, воқеанинг энг ёмон тафсилотларини Йўлчибекдан оғзаки айтиб юборган, мактубга эса иложи борича таскин берадиган гапларни ёзган.
«Тангрига шукурки, Акбаржон кўкалдошлари орасида энг соғломи, Худо уни анча-мунча касалликларга ва машаққатларга бўй бермайдиган бақувват бола қилиб яратган экан. Қаттиқ совуқларда ҳам икки юзи қип-қизил бўлиб юрибдилар. Аммо дили жуда сезгир, атрофида ёмон одам пайдо бўлса ўзидан ўзи безовталанур. Йўлда чарчадик, кечаси тўхтаган жойимизда чироқни ўчириб ухлашга ётдик. Лекин Акбар ҳеч ухламади, ғашлик қилиб йиғлайверди. Совқотдимикан деб қарасам, йўқ, юзлари, қўл-оёқлари илиқ, нуқул йиғлайдир. «Ёйиқ, ёйиқ», — дейдир. Сўзига тушунмай ҳайрон бўлдим. Кейин билсам, «ёруғ» дегани экан, «ре»га тили келишмай чироғни сўраган экан. Чироғни қайта ёқиб қўйган эдим, тинчиб ухлаб қолди. Мен ҳозир шу қора чироғ ёруғида мактуб ёзмоқдамен. Атрофимизда Комроннинг ёвуз одамлари юрганини бола ҳам сезгани учун менинг юрагим таҳликада. Лекин сиз шунга ишонингки, мен тирик бўлсам, Акбарни жон ўрнида асрагаймен. Кобулда Хонзода бегим билан Гулбадан бегим борлар. Эсон-омон этиб борсак, мен улардан албатта ҳимоя сўрагаймен. Лекин сиз ҳам иложи борича тез етиб келинг, бутун нажотни биз ҳазратим икковингиздан кутгаймиз».
107
Ҳумоюн мактубни Ҳамидага ҳозирча кўрсатмади. Фақат Қандаҳордан Йўлчибек келганини ва «Акбар кўкалдошлари орасида энг соғломи», деб мақтаганини айтиб берди.
— Синд бўйида бизнинг оловли муҳаббатимиздан пайдо бўлган бола, худо хоҳласа, барча мушкулотларга бардош бергай! — деб Ҳамидага тасалли берди.
Доим ўғлига илҳақ бўлиб яшайдиган Ҳамида бону оғироёқ бўлса ҳам тезроқ Акбарга етиб бо- ришни истарди. Шунинг учун Ҳумоюннинг:
— Бир ой ичида йўлга чиқгаймиз, тайёрлик кўринг, — деган гапини қувониб қарши олди. Ҳумоюн хутнинг ўрталарида Элбрус тоғини шарқий томондан айланиб ўтиб, Хуросон орқали Қандаҳорга йўл олди.
ҚАЛАНЖАР ҚАСОСЛИ ДУНЁ
Худди ўша милодий 1545-йилнинг қишида Шерхон Ганганинг жанубидаги Қаланжар қалъасига ҳужум бошлади. Ҳазар денгизи бўйидан жанубга қараб келаётган Ҳумоюн билан Қаланжар орасида минглаб чақирим масофа бор. Аммо Шерхоннинг атроф мамлакатлардан маълумот юбориб турган хуфиялари Ҳумоюннинг тарафдорлари кўпайиб бораётганини, шоҳ Таҳмасп берган ўнг икки минг аскардан ташқари яна бир неча минг ўзбек, туркман жангчилари унинг қўшини сафида келаётганини хабар қ илдилар.
Шерхоннинг бир юз-у қирқ минг олтиғ-у пиёда қўшини, беш минг жанговар фили бор. Лекин Қандаҳорга яқин бўлган Синд ва Умарқутда Шерхонга бўйсунмасдан, Ҳумоюннинг қайтишига кўз тикиб турганлар кўп. Шимоли шарқдаги Кашмир вилоятида эса Ҳумоюннинг тоға авлодидан бўлмиш Мирзо Ҳайдар ҳукмронлик қилмоқда. Илож топилса у ҳам Ҳумоюнга ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Шерхон Қаланжар қалъасини эгалласа, кейин Панжобга келиб, Кашмирдан Ҳумоюн томонга чўзилиши мумкин бўлган ёрдам қўлини бутунлай кесади. Ана ундан кейин Шерхон бор кучини тўплаб, Синд ва Умарқутдаги душманларининг додини беради. У ўзидан олдин ҳеч бир подшо ўтказмаган катта ҳарбий ва молиявий ислоҳотларни бекорга ўтказаётгани йўқ.
Шерхон бу мамлакатни қийнаб юрган ҳинд-мусулмон диний низоларига чек қўймоқчи, ўзининг «Шершоҳи Одил» деган номини оқлайдиган улуғ ишлар қилиб, янги сулолага асос солмоқчи. Шунинг учун «ғайридин» деган тушунчаларга қарши бориб, давлат маҳкамаларига ҳам, ўз аскарлари сафига ҳам минг-минглаб ҳиндларни қабул қилди. Барча шаҳар-у қишлоқларда ҳисоб-китоб ишларини тартибга солувчи ва амалдорлар устидан қаттиқ назорат ўрнатиб, порахўрларнинг жазосини берувчи марказий маҳкамага ҳинд ражпутлари орасидан чиққан тадбиркор Тодар Мални бошлиқ қилиб қўйди.
Қаланжардаги ражпутлар Кират Синх бошчилигида қалъани маҳкам бекитиб, Шерхонга дарвоза очмаганларидан сўнг, у мана шу Тодар Мални орага қўйиб, қўрғондагиларни муросага чақириб кўрди. Қаршилик қилиш фойдасиз эканини, Шерхон Қаланжардан зўрроқ ражпут қўрғонларини забт этганини Тодар Мал қўрғон ҳимоячиларига куйиб-пишиб тушунтирди. Агар Қаланжар ҳимоячилари омон қолишни истасалар жангни тўхтатиб, Шерхон билан сулҳ тузсинлар. Шундан кейин Шерхон уларни авф-у этади, мол-у жонларига тегмайди. Қаланжар рожалари ва обрўли ражпутларига Деҳли атрофларидан яхши жогирлар беради.
Аммо Қаланжар қалъаси жуда мустаҳкам, унда ичадиган сув ҳам, захира ҳам етарли эди. Шер- хоннинг аввалги хийла-ю найрангларидан жабр кўрган читорлик, райзинлик ва биканурлик рожалар Қаланжар ҳокими Кират Синх атрофида жипслашган эди.
Тодар Мал Шерхоннинг хайрли ишлари ҳам кўплигини айта бошлаган эди, Кират Синх унинг сўзини кесди:
— Шерхон Райзин қалъасида сулҳ тузиб, Пуран Мални ўлдирганига не дейсан? Биз, ражпутлар, мард, содда одамлармиз. Шерхон рожа Мал Девага ўзини дўст кўрсатиб, хатлар ёзган эди,
108
охирида уни не кўйга солди?
Тодар Мал бу саволларга жавоб тополмай тутилиб қолди. Шерхон Ражпутана ҳокими рожа Мал Девага қарши қандай макр-у ҳийлалар ишлатгани унинг ҳам эсига туша бошлади.
Мал Дева машҳур саркарда Рана Санграм Синхнинг ўғли эди. У Ражпут вилоятларини бирлаштириб, Шерхонникидан ҳам улканроқ ва кучлироқ қўшин тўплаган эди. Жоудҳпурдан шарқдаги илк тўқнашувларда Шерхон бу зўр қўшинга бас келолмай икки ой йўлида тўхтаб қолди. Ана шу ойлар ичида у ёв қўшини орасига кириб олган ўз махфий одамларини ишга солди. Мал Деванинг қаттиққўллигидан, ҳадикчилигидан норози бўлиб юрган Биканир, Нагор рожалари бор эди. Хуфиялар Шерхонга уларнинг номларини билиб бердилар. Шерхон худди Деҳлидаги Амир Баҳлулга ёзган мактубига ўхшатиб, Мал Деванинг қўл остидаги саркардалардан Бирам Дев, Роа Калянларнинг номига махфий хат ёзиб юборади. Бу хатда Шерхон Мал Девадан норози бўлиб юрган бошқа уч-тўртта ражпут саркардаларининг номини ҳам илиқ сўзлар билан тилга олади. Бу рожалар Шерхонга ҳеч қандай мактуб юбормаган бўлсалар ҳам, Шерхон гўё улардан яширин мактуб олган-у, энди шунга жавоб бераётган киши бўлиб ёзади:
«Мал Дева нечоғлиқ золим ва қобилиятсиз ҳукмдор эканлиги махфий мактубларингизда келтирилган тафсилотлардан бизга аён бўлди. Иншоолло, унинг иллатлари ўзининг бошига еткусидир. Бизга хайрихоҳ бўлган бошқа ражпут саркардаларга ҳам қароримизни маълум қилинг. Биз зинҳор дин-у миллат айирмагаймиз. Сизлар билан биргаликда улуғ Ашока* давридагидек ягона ва қудратли ҳинд далватини барпо этмоқчимиз. Биз Мал Девани юзма-юз жангда ҳам енгишга қодирмиз. Аммо ортиқча қон тўкилмаслиги учун сизлар кўплашиб Мал Девани тутиб беринглар. Шундан сўнг ҳар бирингиз бизнинг энг улкан иноятларимизга сазовор бўлурсиз ва тилаган вилоятингизга ҳоким эталажаксиз».
Шерхоннинг ўз қўли билан ёзилган ва унинг ҳақиқий муҳри босилган бу мактубни Мал Деванинг махсус одамлари жосуснинг чўнтагидан топиб олишади. Бирам Девнинг яқин одами бўлган бу «жосус» аслида мактубнинг ўз чўнтагига қандай кириб қолганини мутлақо билмайди. Шерхоннинг хуфиялари бу ишни худди Аградаги каби усталик билан яшириқча қиладилар. Аммо хиёнатни кўп кўриб, ҳадикчи бўлиб қолган рожа Мал Дева бечора «жосус»нинг «мактубни чўнтагимга ким солиб кетганини билмайман», деган гапларига мутлақо ишонмайди. У Шерхон билан бир неча марта хат ёзишган эди. Ўша хатларни ҳозиргисига солиштириб кўриб, мактубни Шерхоннинг ўзи ёзганига ва ҳақиқий муҳрини босганига амин бўлгач, «жосус»нинг бошини кесдирди. Шерхоннинг мактубида номи кўрсатилган «хоин» саркардаларга қўшиннинг ярмидан кўпи итоат этади. Агар Мал Дева уларни туттираман деса ички уруш бошланиб кетиши мумкин. Бироқ Мал Дева Шерхон билан тил бириктирган саркардалар орасида қолса хиёнатнинг қурбони бўлиши ҳеч гап эмас. Унинг ҳадикчилиги ғолиб келади-ю, ўзига содиқ эллик минг одамни бир кечада қароргоҳдан кўчиради, Ражпутана юртининг пойтахти Жаудҳпурни ташлаб, Сивана де?