ҚАЗВИН
ЕР ТАГИДАН ЎТГАН ТОҒ
Қорли Элбрус* тизма тоғи Ҳазар* денгизининг жанубидан, Сафедруд деб аталадиган оқиш сувли дарёдан бошланади-ю, Мозандарон ва Гургонни айланиб ўтиб, Туркман элининг чегарасигача юзлаб чақирим масофага чўзилади. Ҳазар денгизининг сернам ҳавоси Мозандарон ўрмонларига тез-тез ёмғир олиб келади, Элбрус тизмасининг шимол томонига ёққан қалин қорлар узоқ сақланади. Аммо қуюқ булутлар баланд тоғлардан ошиб ўтолмагани учун Элбрус тизмасининг жанубий этакларида жойлашган Қазвинда қуруқ ва илиқ кунлар кўп бўлади.
Қишнинг офтобли кунларида шоҳ Таҳмасп Элбрус тоғининг кунгай этакларида ов қилиб юрган эди, Мирзо Ҳумоюндан шошилинч элчи келганини эшитиб, уни арчазор ўрмон орасидаги хушманзара ялангликда ўзининг ҳаворанг кимхоб чодирида қабул қилди.
Байрамхон Ҳилмон дарёси бўйидаги Хуросон-у Машҳад орқали Қазвингача бўлган бир ойлик йўлни қаҳратон қиш фаслида йигирма кунда босиб ўтган, қаттиқ чарчаганидан оёқ устида зўрға турар эди. У шоҳга таъзим қилиб юкунганда боши айланиб гандираклаб кетди. Буни кўрган Таҳмасп унга чап томонидан — уч қадамча жойни кўрсатди-да:
— Кечинг!* — деди.
Шоҳнинг соқолсиз ияги, узун мўйлови, девдай йирик гавдаси баҳайбат кўринса ҳам, йирик- йирик кўзлари Байрамхонга кутилмаган бир илиқлик билан боққандай туюлди.
Бугун ов ўнгидан келган, шоҳ ўз қўли билан отган архарлар* чодир ташқарисида қор устида ётар, уларнинг қоп-қора беозор кўзлари ва майин юнглари Таҳмаспда овчилик сурури билан бирга ўрмонда яйраб юрган шу тирик жонворларнинг абадий сўнган ҳаётларига нисбатан
88


озгина ачиниш ҳисси ҳам уйғотмоқда эди.
У Ҳумоюннинг «олампаноҳ» деб бошланадиган мактубини ўқиганда ва унинг бошига тушган мушкул савдолар тафсилотини Байрамхондан эшит-ганда:
— Чох афсус! — деди. — Бизим Ҳиндистондаги суянган дағимиз Мирзо Ҳумоюн эди. Онинг ўзидан ҳам хатолар ўтмишки, тож-у тахтидан айрилмишдир.
Таҳмасп Ҳумоюннинг бир вақтлар кайф-у сафога берилганини, Аграда гоҳо ҳафталаб базмлар ўтказганини, сахийликда ҳамма подшолардан ўзгиси келиб, қайси бир маросимда ўн икки минг кишига сарупо кийгизганини эшитган эди. Иниси Комрон Кобул-у Ғазнига қаноат қилмай Панжобни ҳам забт этганда Ҳумоюн уни дарҳол қувиб юбормаганини, юмшоқлик қилиб шундай тажовузни кечирганини шоҳ Таҳмасп унинг яна бир катта хатоси деб ҳисобларди. Таҳмаспнинг ўзи ҳозир Ширвонда ҳокимлик қилаётган иниси Алқас мирзога ҳам, Қазвиндаги иккинчи иниси Баҳром мирзога ҳам бунчалик эрк бермас, агар яқинлари бирон тажовузга йўл қўйса, аёвсиз жазоларди. Буни биладиган Байрамхон:
— Ҳазрат шаҳаншоҳ, — деди. — Мирзо Ҳумоюн ўшанда Комронга катта эрк берганларидан ҳозир пушаймонлар. Ул зотга сиздек шоҳ ҳазратларининг иниларингиз билан муносабатдаги қатъиятингиз ҳам ибрат бўлмоғи мумкин. Ул ҳазрат сизнинг улуғ ҳукмдорлик тажрибаларингизни ўрганмоқ учун ҳам ҳузурингизга келмоқчилар.
Туркман тили озарбайжончага яқин бўлгани учун Байрамхон талаффузини шоҳнинг она тилига иложи борича яқин қилиб сўзларди. Таҳмасп унга тикилиб:
— Туркманнинг қорақоюнли уруғи бизим қардашимиздир, — деди. — Сизнинг баҳорлу уруғингиз Ҳамадон атрофларида биз билан инақ яшаюр. Сиз нечун суннийлар ҳизматига гетдингиз?
— Олампаноҳ, тақдирга чора йўқдир, — деб Байрамхон ўзининг Бадахшонда туғилганини, отаси Сайфалибек Бобурнинг инояти билан Ғазни вилоятида ҳоким бўлганини, онаси Негина хоним ҳам Ҳумоюннинг онаси Моҳим бегимдан кўп яхшиликлар кўрганини, у бунинг ҳаммасига болаликдан гувоҳ бўлиб ўсгани учун ўн олти ёшидан бери шу хонадонга садоқат сақлаб юрганини айтиб берди.
Ҳумоюн билан Шерхоннинг ганга бўйидаги жангларидан хабардор Таҳмасп:
— Сиз Шерхонга асир тушмишсиз? — деб сўради.
— Ҳа, подшоҳимизни қуршовдан чиқардим-у ўзим иликка тушдим.
Байрамхон Шерхон хизматига ўтмагани учун ўлимга ҳукм этилганини, сўнг яқин дўсти Абулқосим Жалойир иккаласи асирликдан қандай қочганини бир-бир айтиб берди. Байрамхоннинг шоирлик истеъдоди воқеаларни лўнда ва таъсирли қилиб айта олишида ҳам сезилар, Таҳмасп унинг ҳикоясига берилиб қулоқ солар эди.
— Абулқосим ўзи Жалойир деган ўзбек уруғидан, мазҳаби сунний, аммо кўриниши менга ўхшар эди. Ёшимиз ҳам тенг, ўзимиз ўнг беш йиллик қадрдон эдик. Читордаги бир жангда мен уни нақд ўлимдан олиб қолган эдим. «Ўша яхшилигингни қайтаришим керак», деб юрарди. Икковимиз Шерхондан қочиб Гужарат томонга бораётганимизда Шерхоннинг одамлари кетимиздан қувиб етиб келди. Юздан ортиқ қуролли аскарга икковимиз бас келолмаслигимиз аниқ. Шерхон фармон берган экан: «Байрамхонни тутган жойларингда қатл этинглар, ҳибсга олинмасин, яна қочгай», деган экан. Афғонлар Абулқосим икковимизни ўраб олиб: «Байрамхон ким? Олдинга чиқсин», — деди. Мен Абулқосим билан қучоқлашиб хайрлашдим-да, олдинга чиқдим: «Байрамхон мен!»— дедим. Шунда Абулқосим мендан ҳам олдинроққа чиқиб «йўқ, бу менинг навкарим, Байрамхон мен!» — деди. Мен эътироз қилиб ўзимнинг Байрамхон эканимни исботламоқчи бўлдим. Афғонлар кимга ишонишларини билмай ҳайрон. Икковимиз бир- биримизга ўхшашмиз. Мен эътироз қилаверганимдан сўнг, Абулқосим юзимга бир тарсаки урди-ю: «Сен менинг итоатимдасен, жим тур, ҳали Байрамхон бўлишингга кўп йил бор!» — деди. Мен шапатидан карахт бўлиб жим қолдим. Шундан сўнг афғонлар шапати еганим бежиз эмаслигига — менинг навкар эканимга ишонишди. Абулқосим Жалойирни бир четга олиб чиқиб
89


кетиб, бошини кесдилар-у Шерхонга кўрсатиш учун олиб кетдилар.
Байрамхон ўша воқеани яна қайта бошдан кечиргандек овози титраб давом этди:
— Олампаноҳ, сиз-у бизнинг қорақоюнлу уруғимиз, барлос-у ўзбеклар — баримиз чиндан ҳам қонқардош эканимизни мен ўшанда дил-дилимдан ҳис қилдим. Ғарбда турк султонлари, Туронда шайбонийзодалар энг жоҳил кучларни қўзғатиб, мазҳаб урушини бошламаса эди, минг-минг одам беҳуда қурбон бўлмас эди. Бобур саройида ҳам, Ҳумоюн даргоҳида ҳам жаҳолат эмас, маърифат устун эди. Абулқосим Жалойир ана шу маърифат нуридан баҳраманд бўлиб ўсган йигит эди.
Байрамхон шу сўзлардан кейин қўйнига қўл солиб, садафи ялтираган қутича чиқарди:
— Мирзо Ҳумоюн сизга совға этиб Ҳиндистоннинг буюк олмосини юбордилар.
Шоҳ Таҳмасп қутичани очди-ю, қора бахмал ичида минг хил жилва билан нурланаётган йирик олмосни кўриб кўзи қувончдан ялтираб кетди.
— Соғ ўл! — деди Байрамхонга.
Шоҳ эшик оға Валидбекни чақириб, Байрамхон билан йигитларига махсус чодирлар тикдиришни ва зиёфатлар беришни буюрди.
Ёлғиз қолганда олмосни қутичадан олиб салмоқлаб кўрди. Бундай йирик олмос ҳалигача шоҳнинг қўлига тушмаган эди. Олмосни у синглисига кўрсатгиси келди-ю, икки чодир наридан Шоҳзода Султонимни чақиртирди.
Сафавийлар хонадонида мўтабар аёлларни эъзозлаб овга, ҳатто урушга ҳам бирга олиб бориш одати бор, бу уларнинг эътиқодлари билан ҳам боғлиқ эди. Улар сиғинадиган тўртинчи халиф — ҳазрати Али суюкли хотини Биби Фотимани урушга ҳам бирга олиб боргани тарихдан маълум. Бехатар жойда — Алининг орқасида оқ соқолли бир мўйсафид Биби Фотима минган оқ туянинг жиловидан тутиб тураркан. Тепаликдан жангни кузатиб турадиган Биби Фотима Алига узоқдан туриб руҳий мадад бераркан.
Таҳмаспнинг отаси Шоҳ Исмоил ҳам ўз жангларига севимли хотини Тожли бегимни бирга олиб борарди. Табриздан нари Чолдора деган жойда бўлган қаттиқ жангда Тожли бегим аввал бехатар тепаликда туриб шоҳнинг жангини кузатган. Кейин Шоҳ Исмоил мағлуб бўлаётганини кўрган Тожли бегим йигитча кийиниб жангга кирган, аммо иш чаппасидан кетиб асир тушган. Шоҳ Исмоил турк султонига юз минг туман* товон бермоқчи бўлган. Лекин турк султони Тожли бегимни бунча олтин эвазига ҳам қайтариб бермаган. Шоҳ Исмоил умрининг охиригача суюкли хотинини эслаб, соғиниб ўтган.
Бу аччиқ сабоқдан сўнг шоҳ Таҳмасп жангларга хотинларини олиб бормайдиган бўлди. Фақат ҳазрати Али анъанасини унутмаслик учун овларга синглиси Шоҳзода Султонимни бирга олиб борар, у тепада томоша қилиб турганда, отининг жиловидан нуроний бир мўйсафид тутиб турарди. Йигирма ёшли Шоҳзода Султоним чодирга кириб таъзим қилди-да, Таҳмаспнинг овдаги жасоратини, архарларга ҳақиқий шер каби ҳамла қилганини шавқ-завқ билан сўзлай бошлади. Синглисининг мана шу серзавқлиги, ширин-сўзлиги доим шоҳнинг димоғини чоғ қилар, шунинг учун уни кўпинча ўзи билан олиб юрарди. Таҳмасп синглисини яна бир қувонтиргиси келиб Ҳумоюн бериб юборган олмосни унга кўрсатди-да:
— Буюк ҳинд олмоси, — деди.
Ҳумоюндан элчи келганини эшитган Шоҳзода Султоним олмоснинг афсонавий гўзал товланишидан ҳаяжонга тушиб:
— Кўҳинур будир? — деб сўради.
Шоҳ Таҳмасп Кўҳинурнинг овозасини эшитган, аммо Байрамхондан буни аниқ сўраб олмаган эди. Синглисининг шаштини қайтармаслик учун:
— Ҳа, Кўҳинур энди бизнинг тожимизни безаюр!— деди.
Шоҳзода Султоним акасини бу улуғ обрў билан муборакбод қилди ва бошига оғир кун тушган пайтда ҳам шунчалик саховат кўрсатган Ҳумоюнга кўмак беришни шоҳдан ўтиниб сўради. Таҳмасп яна Валидбекни чақиртирди. У келгунча қутичани ёпиб, қўйин чўнтагига солиб қўйди.
90


Синглиси буни ҳозирча сир тутиш кераклигини шундан сезди.
Валидбек таъзим қилиб кирганда:
— Жаноб эшик оғаси, — деди. — Ҳинд подшоси Мирзо Ҳумоюн биздан паноҳ сўраб Хуросон чегарасига келмишдир. Уни қабул этиб, ўз саховатимизни кўрсатсак не деюрсиз?
— Шаҳаншоҳ биза не фармон берсалар адо этишга ҳозирмиз. Аммо қулингизда бир андеша вардир.
— Не андеша? Сўзланг!
— Хуросон яқинларгача темурийлар мулки саналарди. Ҳумоюн шоҳ Таҳмасп ёрдамида қаддини тиклагач, Хуросон-у Ҳиротни сафавийлар давлатидан ажратиб олиш ҳаракатига тушмасмикин? Валидбекнинг бу андишаси шоҳни ўйлантириб қўйди. Шу пайт Шоҳзода Султоним акасидан сўзлаш учун рухсат олди-да, ўз фикрини айта бошлади. Унингча, Ҳумоюннинг Хуросонда қолиши мумкин эмас. Чунки шимолда шайбонийзодалар, шарқда ва ғарбда уни қувғин қилган инилари турибди. Бунинг устига яна сафавийлар билан ёвлашиб, Хуросонни талашса тўрт томонидан ўт кетиб, дарҳол ёниб кетишини билади. Шоҳзода Султоним шоҳ оғасига маъноли кўз ташлаб, бояги ноёб олмосни эслатмоқчи бўлди. Шоҳ шундай буюк совғани қабул қилиб олгандан кейин, Ҳумоюн элчисига қай тил билан рад жавоби беради? Ҳолбуки, Шоҳзода Султоним ўз суюкли акаси Таҳмаспни саховат ва мардликда Ҳумоюндан ҳам баландда кўришни истайди!
Синглиси айтган мантиқли гаплардан ташқари, гўзал қизнинг бу истаги ҳам йигирма тўққиз ёшли Таҳмаспга Валидбекнинг андишасидан кўра кучлироқ таъсир қилди.
Шундай машҳур бобурий ва унинг саркардаси Байрамхон Ҳиндистондай жойдан келиб сафавийлардан паноҳ топса, бу — шоҳнинг обрўсини янада оширмайдими?
Афсуски, Ҳумоюннинг одами жуда кам қолган экан... Аммо унинг атрофидаги навкарларни истаганича кўпайтириш шоҳ Таҳмаспнинг қўлидан келади-ку. Агар шоҳнинг буйруғи билан Ҳумоюнни Сейистонда минг одам кутиб олса, Ҳиротга келганда уни яна икки-уч минг бек-у навкар кузатиб борса ёмон бўладими? Биринчидан, шоҳнинг бу икки-уч минг бек-у навкари Хуросондаги фитначи суннийларни Ҳумоюнга яқин келтирмайди. Иккинчидан, Ҳумоюнни кузатиб ва қўриқлаб юрадиган шоҳнинг икки-уч минг бек-у навкари мирзонинг ўзини ҳам садоқат чегарасидан чиқмасликка мажбур қилади.
Таҳмасп бу фикрларни ўртага ташлар экан Шоҳзода Султоним ўз оғасининг ақлига тан бериб: — Чўх доно тадбир, — деди.
Сиёсат учун шундай қилиш зарурлигини Валидбек эшик оғаси ҳам энди тушуна бошлади. Ҳумоюннинг озгина одами ёнига шоҳдан икки-уч минг аскар қўшилиб, Хуросон-у Машҳад орқали Қазвинга қараб тантана билан ўтса, бунинг овозаси, албатта, ғарбдаги ва шарқдаги душманларга ҳам етиб боради.
Шоҳ Таҳмасп муншини чақириб, сейистон бегларбеги Аҳмадбек шомлуга ва Ҳирот ҳокими Шоҳқулибек Қорасултонлар номига Ҳумоюнни зўр тантаналар билан кутиб олиш ҳақида фармонлар ёздирди. Шоҳзода Султоним бу фармонлардаги рақамларни эшитган сари ҳайратга тушмоқда эди: Таҳмаспнинг фармонига биноан, Ҳумоюн ва унинг одамлари учун шоҳ хазинасидан ажратилиши керак бўлган явмилхарж — (кундалик харажат) икки туман, яъни йигирма минг табризий белгиланди. Сейистон ва Ҳирот ҳокимларига Ҳумоюнни ўнг олти фарсаҳ* нарига бориб кутиб олиш, унга ўнг иккита шоҳона чодир тикиб бериш, юзта эгарлоғлик от тақдим қилиш, ўзига, хотинига ва яқинларига зар қўшиб тикилган духобалардан саруполар инъом қилиш топширилди.
_____________ 91


*Бир туман—ўнмингтабризий. *Бир фарсаҳ—6—7чақирим.
***
Агар Ҳамида бегимнинг кўнгли Қандаҳорда қолган Акбарнинг хаёли билан мудом банд бўлмаса эди, Хуросон ва Эронда уларни меҳмондўстлик билан кутиб олганларидан яйраб, қувониб юриши мумкин эди. ҳирот, Сабзавор, Машҳад, Нишопур шаҳарларининг минг-минглаб одамлари меҳмонларга пешвоз чиқишар, зиёфат пайтларида юзлаб чинни лаганларга ошлар сузилар, ҳар куни уларга қимматбаҳо сарполар кийдиришар, шоирлар Таҳмасп билан Мирзо Ҳумоюнни осмондаги иккита қўш юлдузга ўхшатиб таърифлашарди. Шиа-сунний урушларидан беҳисоб жабр кўрган ва подшоларнинг ўзаро адоватларидан безор бўлган ўқимишли, зиёли одамлар энди икки ҳукмдорнинг бир-бирига иноқ муносабатда бўлаётганини яхшилик аломати деб билардилар. Базмларда энг хушовоз хонандалар бу иноқликка бағишланган шеърларни латиф куйларга солиб ашула қилиб айтишарди.
Аммо юракни эзувчи бу гўзал куйлар ҳам эмизикли боласининг дийдорини қўмсаб юрган Ҳами- данинг соғинч туйғуларини баттар қўзғатарди. Ҳамида бону беш-ўн кунда Қандаҳорга қайтармиз, деган умид билан йўлга чиққанди. Лекин орадан ҳафталар, ойлар ўтар, улар эса Қандаҳордан кун сайин узоқлашиб, Ҳазор денгизи ва Элбрус тизма тоғлари томонга кетиб борардилар.
Бу орада Қандаҳордан беш-олти юз бек-у навкарлар қочиб келиб Ҳумоюн аскарлари сафига қўшилди. Акбар билан қолган Моҳим энага қочиб келган одамлардан Ҳамида бонуга мактуб юборди.
«Ҳазрат бегим, тангримга шукур, хавотирланадиган пайтлар энди ўтди, — деб ёзган эди Моҳим. — Шоҳ Таҳмасп сизларни катта иззат-икром билан кутиб олганининг овозаси Қандаҳорга ҳам етиб келди. Мирзо Аскарий ҳам Бобур мирзонинг ўғиллари-ку, ахир, у кишида ҳам оталаридан ўтган одамгарчиликлар бор экан. Ҳозир саксонга яқин одамни Акбаржон билан бизнинг хизматимизга бериб қўйдилар. Айниқса хотинлари Салтанат бегим жуда оқкўнгил аёл эканлар, Акбарни худди ўз фарзандларидек яхши кўриб қолдилар. Акбаржоннинг тили чиқиб, битта-иккита сўз айтадиган бўлиб қолди. Энг аввал Жажжи энагани «Жижи» деб атайдиган бўлди. Кейин мени «Маҳам» деб чақиришга ўрганди. Гавдаси йирик, вазни оғир бўлгани учун бир ёш-у уч ой деганда юра бошлади. Ҳазрат оталари шу ерда бўлганларида ўғилларининг юриб кетганини айтиб суюнчи олардик. Ноилож, бу хушхабарни Мирзо Аскарийга етказдик. У киши мамнун бўлиб бизга ота ўрнида суюнчи бердилар. Туркий улуснинг удумини билурсиз, йўлга кирган болага кўз тегмасин, деб юмшоқ бир нарса билан оёғига уриб йиқитадилар. Акбаржон қўлчаларини олдинга қилиб пилдираб юриб келаётганда Мирзо Аскарий бошларидан саллаларини олдилар-у унинг оёқчаларига салла билан урдилар. Бола юмшоқ салла устига йиқилиб тушди, лекин йиғламади, бунинг ўйинлигини сезиб кулди, «яна!» деб талаб қилди. Мирзо Аскарий яна икки марта уни саллалари билан шундай уриб йиқитдилар. «Иншоолло, катта бўлганда елкаси ер кўрмагай, ҳеч бир олишувда енгилмагай!» деб тилак билдирдилар». Мактубнинг шу ерига етганда Ҳамида бону ич-ичидан бу тилакка қўшилди-ю, «Мирзо Аскарийда ҳам ҳамият бор экан-ку!» деган ўйни кўнглидан ўтказди. Кечаси хобгоҳда бу хатни Ҳумоюн ҳам ўқиб, анча мамнун бўлди.
— Аскарий дуруст, аммо Комрон шу ерда ҳам бизга ўгайлик заҳарини сочиш ҳаракатида эмиш, — деди. — Саид Халилнинг Султон Муҳаммад деган жоҳил муриди бор. Ўша одам бизга ғанимлик мақомида бўлган яна уч-тўрт киши билан Кобулдан Маккага ҳажга бориш баҳонасида Қазвинга келиб тушибдир. Шоҳ Таҳмасп ҳузурига кириб, Мирзо Комрондан қимматбаҳо совғалар топширибдур. Улар шоҳни бизга қарши қўзғатиш учун ҳали кўп иғволар қилса керак. Шунинг учун сиз ҳам ҳушёр юринг, бегим. Меҳмондамиз, бизни қўриқлаш учун ёки хизматимизни қилиш учун қўйилган юзлаб одамлар орасида шоҳнинг хуфиялари бор,
92


ўзимизникиларнинг ҳам ёмонлари йўқ эмас. Мезбонларга малол келадиган бирон сўз ёки ҳаракат биздан содир бўлмаслиги керак.
Ҳамида бону бусиз ҳам ҳар бир сўзни ўйлаб гапирадиган, мезбонлар орасида одоб, тавозе қоидаларини жойига қўядиган бўлиб қолган эди-ю, фақат Ҳумоюн Қандаҳорда берган тумор гоҳ-гоҳ эсига тушиб оғир масъулият туйғуси уни безовта қиларди. Ҳилманд дарёси бўйида тўхтаганларида кечаси Ҳумоюн туморни ундан сўраб олиб, тикилган жойининг бир четини сўккан ва гумбаз шаклли йирик олмосни олиб, садаф қутичага солган, «Буни Байрамхон биздан шоҳ Таҳмаспга совға қилиб элтгай», деган эди. Олмос қирраларидаги беҳисоб нурлар жилваси осмондаги ғуж-ғуж юлдузларни эслатар, ўзи ҳам гумбаз шаклига ўхшагани учун Ҳумоюн уни «Самойинур» деб атар эди. Туморнинг алоҳида бир қатида Кўҳинур турибди, бошқа қатларида ўнтача йирик ёқутлар бор, шунинг учун салмоғи анча оғир туюлади. Ҳамида бону бу туморчада улкан хазинага баробар келадиган бойлик борлигини билгани учун уни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқар, кеча-ю кундуз ёнидан қўймай асрарди. Гоҳо Ҳумоюнга ҳазиломуз шивирлаб:
— Мен ҳам хазиначингизмен, ҳам уни кўтариб юрадиган карвонингизмен, улуфани* кўпроқ тўланг,— дерди.
— Мол-у жоним бари сизга улуфа, — деб жавоб берарди Ҳумоюн.
Бу яширин хазинани махфий сақлаш осон эмас. Айниқса сафарда, меҳмонда ҳар хил кутилмаган ҳолатлар бўлади. Садоқатли канизи Аминат Қандаҳорда қолгандан бери Ҳамида бонуга белуж аёл Ойша биби билан Равшан кўканинг хотини қарашиб юрарди. Равшан кўка Комрон мирзо билан бир онани эмган ва кўп йил унинг хизматида бўлган бек эди. Қўли эгрилиги учун Комрон уни жазоламоқчи бўлганда Синд бўйида Ҳумоюн томонга қочиб ўтган эди. Мана шу Равшан кўканинг хотини янги олинган канизлар орқали Ҳамида бонунинг жуда эҳтиёт билан сақлайдиган вазни оғир тумори борлигини, бегим ҳатто бош ювганда, кийим алмаштирганда ҳам бу туморни ҳеч кимга бермаслигини эшитиб қолди. Бу сир Равшанбекнинг Хўжа Ғози деган қадрдонига ҳам маълум бўлди. Улар туморни хотинлар ёрдамида қўлга тушириш учун пайт пойлай бошладилар.
Ҳамида бону Моҳим энаганинг сўнгги хатини ўқиган куни ўғилчасининг тилга киргани ва юриб кетгани ҳақидаги тафсилотлар бутун хаёлини шундай қамраб олдики, бошини ювиш учун ғуслхонага кирганда туморни кийимлари билан бошқа хонада унутиб қолдирди. Ювиниб, тараниб, канизи ёрдамида кийинаётганда тумор кўзига ташланди-ю, дарҳол қўлига олиб қаради. Вазни анча енгиллашиб қолганини сезиб юраги шиғ этиб кетди. Бу ерга ким кириб чиққанини каниз ҳам билмай қолган, ўғрилар туморни сўкиб, бешта йирик-йирик бадахшон лаълини олишган, уни бошқа рангдаги ип билан кўклаб тикиб қўйишга ҳам улгуришган эди. Фақат Кўҳинурни олишга журъат этишолмаган эди — бундай катта олмосга харидор топиш амримаҳол, уни сотгунча қўлга тушиб қолиш ҳеч гап эмас эди.
Ҳамида бону ич-етини еб, бир неча кунгача дардини кимга айтишини билмай юрди. Ҳали ҳам ҳарам учун жавобгар бек — тоғаси Хўжа Муаззам эди. Ҳамида бону уч кун ўтгач, тоғасига воқеани айтиб берди:
— Ҳозирча, ҳазратимга билдирмай туринг, — деди Хўжа Муаззам. — Агар бегона ўғри кирса туморни паққос олиб кета қоларди. Бу разил ишни ўзимизникилар қилган. Биз Анбар Нозир билан ўзимиз тафтиш ўтказгаймиз.
Бу орада Хўжа Ғози билан Равшан кўка Қазвин бозорларидан энг қимматбаҳо тўбичоқ отлар ва буюмлар сотиб олгани маълум бўлди. Тафтишга уста Анбар Нозир от сотган савдогарлар ҳузурига борди:
— Бу одамлар катта қарзни тўлайдиган бадавлат кишилар эмас, нечун қуруқ ваъдаларига ишониб, қимматбаҳо отларни бериб юбордингиз? — деди.
Савдогар бепарво туриб:
— Сиз уларни билмас экансиз, — деди. — Қўлларида шундай жавоҳирлари борки, бир эмас, юзта отга етгай. Менга иккита лаълни кўрсатишди. Шундай бебаҳо лаълки, уни сотиб олишга
93


анча-мунча заргарнинг пули етмагай. Бадавлат бир харидор топсалар, отимнинг пулини ортиғи билан келтириб беришгай.
Шундан кейин Анбар Нозир Хўжа Ғозининг хизматкорини яширинча сўроқ қилди. Хўжа Ғози бир нарсани телпаги ичига тикиб олганини, кечаси шу телпагини халтага солиб, ёстиғи тагига қўйиб ётишини аниқлади. Ниҳоят, бир кун Хўжа Ғози ҳумоюннинг қабулига кирганда Хўжа Муаззам ҳам рухсат сўраб кирди. Подшонинг кўзи олдида Муаззам Хўжа Ғозининг телпагини бошидан ҳазиллашган каби юлқиб олди. Иккита хўжа ғижиллашиб қолди. Бироқ кўп ўтмай телпак қатига тикиб қўйилган қимматбаҳо лаъллар топилди-ю, Ҳумоюн уни таниди.
— Буни ким ўғирлади? — деб қаҳр билан сўраганда Хўжа Ғозининг семиз гавдаси дир-дир қалтирай бошлади. У бутун айбни Равшан кўкага тўнкади.
Қолган учта лаъл Равшан кўкадан топилди. Бошқа вақт бўлганда Ҳумоюн ўғриларни аёвсиз жазолаган бўларди. Лекин мусофир юртда беҳуда шов-шув кўтарилишидан ийманди-ю, уларни уришиб, сўкиб уч-тўрт кун хонаки ҳибсда сақлади.
Юртдошлари олдида бош кўтариб юролмай қолган Хўжа Ғози билан Равшан кўка ҳибсдан бўшаганларидан сўнг Ҳумоюнни суймайдиган эшикоға Валидбекнинг олдига ҳимоя сўраб бордилар. Улар Валидбекнинг бошда Ҳумоюнга қарши бўлганини, «бу темурийзода Хуросонни биздан ажратиб олгай» деб хавфсираганини билар эдилар. Энди улар Валидбекнинг ҳақлигини кўрсатадиган турли гапларни ва Ҳумоюннинг ички ишларини шоҳга маълум қилмоқчи бўл- дилар. Валидбек орага тушиб уларни ахийри шоҳнинг ҳузурига олиб кирди.
Шоҳ Таҳмасп аввал Равшан кўкани, сўнг Хўжа Ғозини яккама-якка қабул қилди.
Кобулдан келган Комрон элчиси Султон Муҳаммад Ҳумоюннинг нияти ёмонлигини, Қандаҳор олингунча шоҳга ёлғон ваъдалар бериб, кейин бу вилоятни ўзиники қилиб олишини айтган эди. Хўжа Ғози билан Равшан кўка бу ҳақда Ҳумоюндан қандай гап эшитган бўлсалар ёнига ўзларидан қўшиб-чатиб, шоҳнинг юрагига ғулғула солдилар:
— Олампаноҳ, Ҳумоюннинг ёлғонга усталигини сизга берган инъомларидан ҳам билмоқ мумкин, — деди Равшан кўка. — У киши сизга Байрамхон орқали Кўҳинур олмосини ҳадя қилгани ёлғон. Кўҳинур олмоси хотинининг туморчасида яшириғлиқ турибдир. Биз буни ўз кўзимиз билан кўрдик, ҳазрати шаҳаншоҳ!
Шоҳнинг қошлари чимирилиб, мўйловларининг учи пастга осилиб қолди. Наҳотки ўша гумбазсимон гўзал олмос Кўҳинур бўлмаса? Шоҳ ўз синглисига: «Кўҳинур будир!» деб кўрсатган эди. Энди унинг гапи ёлғонга чиқадими? Бу гапни инилари ҳам эшитган, «Кўҳинур энди бизим оғамиз тожини безаюр», деб ифтихор қилишган эди. Бу ифтихорнинг таги пуч чиқса, Таҳмасп ўз яқинлари олдида қанчалик ноқулай аҳволда қолади!
Шоҳ Таҳмасп иккинчи бўлиб кирган Хўжа Ғозининг майда-чуйда иғволарини эшитгандан сўнг, Кўҳинур тўғрисида гап очди:
— Сиз ҳам Кўҳинурни кўрмишсиз?
— Ҳа, олампаноҳ, бегимнинг туморида кўрмишмен! — деди Хўжа Ғози. — Сизга Байрамхон келтирган олмос гумбазсимонми? Унга «Самойинур» деб ном берилган. Аммо у Кўҳинурдан икки баробар кичик! Фақир икковини ҳам кўрганмен...
Бошқа олмосни Кўҳинур деб хато қилгани Таҳмаспга энди жуда алам қилди. Ҳумоюн ундан паноҳ истаб келган пайтда ҳам ўзини шунчалик баланд олар эканки, энг буюк Кўҳинур олмосини хотинида қолдириб, бошқа кичикроғини шоҳга юборибди. Таҳмасп бундай калондимоғларнинг кўпини кўрган, кўпининг жазосини берган! Бу темурийзоданинг адабини бериб қўйиш ҳам унинг қўлидан келади!
Шоҳ ўз ўйини шу тарзда якунлади-ю, Валидбекни чақириб, Равшан кўка билан Хўжа Ғозига дурустроқ жой беришни ва улуфа тайинлашни буюрди. Шу кундан эътиборан бу иккови ҳам Таҳмасп хизматига ўтди.
____________ 94

***
Мусофирликда ҳам ўз юртдошларининг тирноғи тагидан кир кавлайдиган одамлар Ҳумоюннинг шоҳ Таҳмаспга боғлиқ бўлган мушкул ишларини янада мураккаблаштирди. Бошқа бир юрт ҳукмдорининг қовоғига қараб муте бўлиб яшашнинг қандай руҳий азоблари борлигини у биринчи бор Машҳадда қирқ кун шоҳнинг навбатдаги кўрсатмасини кутиб қолганда сезган эди. Уни бирга олиб юрган Жаъфар Султон Ҳумоюннинг шиа мазҳабига ўтишини ва ўнг иккита қирмизи йўл-йўли бор достор кийиб, имом Ризо масжидига зиёратга боришини маслаҳат берди. Бироқ Ҳумоюн отасининг Самарқандда шиа досторини бошига кийиб кўриниш бергани қандай ёмон оқибатларга олиб келганини унутган эмас. Шунинг учун Жаъфар Султонга:
— Жаноб бегларбеги, чин эътиқод досторда эмас, дилда бўлур, — деди.
Ўшанда шоҳ оиласининг энг маърифатли вакили бўлган Сом мирзо орага тушиб, Ҳумоюнни мазҳаб бобидаги ортиқча тазйиқлардан халос қилди.
Чунки ҳалол одамларни фақат сунний мазҳабига ўтмагани учунгина қувғин қиладиган ўта тажовузкор шиалар — мамлакатдаги кўп исёнлар ва алғов-далғовларга сабаб бўлган эди. Шоҳнинг ўзи ҳам ўта жоҳил мазҳабдошларига қарши фармонлар чиқаришга ва кураш эълон қилишга мажбур бўлган эди. Айниқса, Хуросонда ва янгидан қўшилган Ширвонда сафавийлар сунний аҳолини ўзларига эл қилиш учун мазҳаб жанжалларидан баланд турадиган сиёсат юргизишга интилишларди.
Охири мана шу сиёсат Ҳумоюрга ҳам қўл келди. Шоҳ Таҳмасп Ҳумоюнга ва унинг яқинларига мазҳаб борасида ортиқча тазйиқ ўтказмаслик ҳақида кўрсатма берди.
Ҳумоюн шоҳдан ҳарбий ёрдам сўраган, Қазвиндаги музокаралар Байрамхон ёрдамида дуруст бошланган, Таҳмасп каттагина кўмак ваъда қилган эди. Мана шу орада шоҳ томонига қочиб ўтган Равшан кўка билан Хўжа Ғозиларнинг иғвоси бошланди-ю, амал-тақал билан зўрға ечилаётган муаммолар баттар чигаллашиб кетди. Шоҳ музокараларни тўхтатди ва бир ойгача Ҳумоюнни қабул қилмади. Бу орада Ширвондан нохуш хабарлар келди.
Бундан беш-олти йил аввал шимолдаги Озарбайжон ерлари — Ҳазар денгизи бўйидаги Боку, Куранинг ўнг қирғоғидаги Шамахи, Муған дашти бари ширвоншоҳлар ҳукми остида эди. Шоҳ Таҳмасп ширвоншоҳларни енггандан сўнг шимолдаги озарбайжон ерлари жанубдаги вилоятлар билан бирлашди. Илгари Кура дарёсининг икки қирғоғи икки давлатга қарар ва уларнинг ўзаро адовати эл-улусга ташвиш келтирар эди. Энди ҳар икки қирғоқ бир давлат бўлиб бирлашгандан сўнг Кура устига қурилган машҳур Худофарин* кўприги жуда серқатнов бўлиб қолган, унинг иккала томонидаги озарбайжонликлар, ички урушлардан безор бўлган заҳматкаш ва зиёли одамлар тинч бир истиқболга умид боғлай бошлаган эди. Аммо аввалги ширвоншоҳларнинг тарафдорлари ҳали у ерда, ҳали бу ерда бош кўтаришарди. Ҳатто шоҳ Таҳмаспнинг иниси Алқас мирзо ҳам Ширвонга бегларбеги бўлиб боргандан сўнг ўзича мустақил давлат тузишга уриниб кўрган эди. Бундан хабар топган шоҳ Таҳмасп Қазвиндан Ширвонга ўн минг қўшин билан борди. То у инисини қаттиққўллик билан ўзига итоат эттириб, Худофарин кўприги орқали Қазвинга қайтиб келгунча Ҳумоюн унинг йўлига қараб кутиб ўлтирди.
Ниҳоят, сумбула кирган кунларда Таҳмасп уни ўзининг Чилсутун қасрида қабул қиладиган бўлди. Ўша вазир Валидбек Ҳумоюнни шоҳнинг хонайи хосига бошлаб кирди.
— Ҳазрати шаҳаншоҳ, Ширвондаги янги ғалабалар била сизни чин дилдан муборакбод этгали келдим, — деб гап бошлади Ҳумоюн.
Шоҳ авваллари Ҳумоюнни доим ўрнидан туриб қабул қилар ва ўнг ёнига ўтказар эди. Бу гал ўлтирган кўйича унга чап томонидан уч-тўрт қадам наридан жой кўрсатди. Ҳумоюн Таҳмаспдан олти ёш катта эди. Отасининг «катталар кўтаримли бўлгай» деган гапини яна бир эслади. Шоҳнинг камситишига аҳамият бермасликка тиришиб, майин кулимсиради-да, кўрсатилган жойга чўкка тушди.
95


— Олампаноҳ, биз сиздан кўп марҳамат кўрдик,— деди. — Энди ижозат берсангиз, юртимизга қайтсак...
— Ханси* юртингизга қайтажаксиз? — кинояомуз сўради шоҳ.
— Ҳозирча Қандаҳорга... Сиз ваъда қилган кўмак ила уни олсак, ўзингизга инъом этгаймиз. Биз ўғлимиз билан Ҳиндга қайтиш орзусидамиз.
— Ҳиндистон сизнинг юртдур? — деб шоҳ яна киноя қилиб сўради.
Ҳумоюн ичида, «тангрим, ўзинг бардош бер», деб, бу истеҳзога ҳам чидади.
— Ҳиндистон — биз фарзанди ўлдиғимиз юртдир,— деб Ҳумоюн битта сўзни атайлаб озарбайжонча айтди.
Шоҳ кўзларини қисиб Ҳумоюнга синовчан назар билан тикилди...
— Эрон буюкми ёки сизнинг Ҳиндистон буюкроқ?
Пойгакда ўлтирган Валидбек бирдан сергакланди, шоҳ «Eрон буюкроқ» деган гапни эшитса мамнун бўлишини Ҳумоюн ҳам сезди. Лекин бундай деса шоҳга очиқдан очиқ хушомад қилиб ёлғон гапирадигандай кўринди-ю, хиёл тараддудланди.
— Эроннинг... буюк маданияти, буюк тарихи бордир... шундай тарих, шундай маданият Ҳиндис- тондада вар. Аммо Ҳиндистоннинг аҳолиси кўпроқ, майдони ҳам буюкроқдир, олампаноҳ.
Бу гаплар шоҳнинг қулоғига: «Мен ҳам сендан буюкроқмен, шунинг учун энг улкан Кўҳинур олмосини ўзимда олиб қолганмен!» дегандек эшитилди. Шоҳнинг бирдан жаҳли чиқди. Унинг қизишган пайтда мантиқни тан олмайдиган одати бор эди.
— Сиз биздан буюкроқ ўлсангиз нечун Ҳиндистондан бура* паноҳ истаб келдингиз? Дасто- рингизга Кўҳинур олмосини таққанингиз учунгина биздан буюкроқ ўлмаяжаксиз!
Бу аччиқ изғирин қаёқдан эсаётганини Ҳумоюн Кўҳинур олмоси тилга олинганидан сўзди. Бу олмосни Ҳамида бонунинг туморида кўрган Равшан кўка билан Хўжа Ғозининг изғирини. Бу разил ўғриларни зиндонга ташлатиш ўрнига, уларга танбеҳ бериш билан чекланиб, ортиқча бир юмшоқлик қилгани учун Ҳумоюн яна ўзини койиди: «Қилган хатоингнинг жазоси мана шу, энди шоҳнинг барча танбеҳига чидайсен!».
Таҳмасп юрагида тўпланиб қолган гина-қудратларни айтиб, кўнглини сал бўшатгандан сўнг, Ҳумоюн секин бош кўтарди:
— Ҳазрат шаҳаншоҳ, тоғдан кўра само буюкроқдир. Шунинг учун мен сизга Кўҳинурни эмас, Самойинурни юборган эдим... Орага иғво уруғини сочган одамларни ёмонлашга эса менинг тилим бормайдир. Чунки не қилса ҳам улар менинг юртдошларим. Ҳозир биз сизнинг ихтиёрингиздаги меҳмонлармиз. Бизни бор қилишга ҳам, йўқ қилишга ҳам сиз, албатта, қодирсиз. Бир ўлим ҳамиша бошимизда бор. Мен ҳеч вақт ундан қўрқиб қочган эмасмен. Агар мендан айб ўтган бўлса, майли, буюринг!
Ҳумоюн Таҳмаспнинг кўзларига довталаб бўлган каби тик қаради. Шоҳ ҳам унинг кўзига кўзини қадаган ҳолда: «Ўлимдан қўрқмаслигингни кўрюрмиз!» дегиси келди, аммо бошқа гапни айтди: — Айб дейил*. Ов қилюрмиз! Чоршанба куни ўрмонда, Албрус доғинда. Сизи таклиф этюрмиз. Ҳозир Ҳумоюннинг кўнглига ов сиғмаса ҳам, лекин бу гапларнинг тагида бошқа маъно борлигини сезиб, шоҳнинг таклифини қабул қилди.
______________
Ов учун Элбрус тоғининг хатарли учмалари кўп бўлган ва машҳур темир дарахтлари ўсадиган ўрмонзор ёнбағирлари танланди. Овга чиққан қизилбош беклари орасида Ёқуб Шерафкан номли паҳлавон йигит ҳам бор эди. У Мозандарон ўрмонларида йўлбарс билан олишиб, уни
96

енгган, терисини шилиб, шоҳга тақдим қилган эди. Таҳмасп унга Шерафкан деб ном берган, йўлбарс терисининг эни ярим қарич келадиган узун бир парчасини унинг ўзига эсдалик қилиб қайтарган эди. Ёқуб Шерафкан ҳозир овда ҳам ўша бир тилим йўлбарс терисини ўнг елкасига боғлаб, икки учини белидаги камарининг олдига ва орқасига маҳкам қистириб олган эди. Байрамхон уни узоқдан Ҳумоюнга кўрсатди-ю, қулоғига шивирлади:
— Хундор душманингиз ана ўша! Бундан йигирма беш йил олдин унинг амакиси Бобур ҳазратларидан қасд олмоқчи бўлганда, шоҳ Исмоил қўймаган экан.
— Буниси энди мендан кимнинг қасдини олмоқчи эмиш?
— Ўша отасининг қасди. Қаршида бегуноҳ аҳолини қатлиом қилган ашаддий шиалардан бири шу Ёқубнинг отаси экан. Кейин Ҳисорда сизнинг отангиз уни шу иши учун ўлимга буюрган экан. Бу ҳодисалар бўлган пайтда сиз ҳам, Ёқуб Шерафкан ҳам икки-уч яшар бола бўлгансизлар. Лекин буларда одат шундайки, қасд олинмагунча хундор душманлик авлоддан авлодга ўтавергай.
— Бу қасд — бизга қарши суиқасдга айланса-чи? Шоҳнинг бундан хабари бормикин? Байрамхон тасдиқ маъносида бош ирғади.
— Менга Сом мирзо яшириқча айтди. Орага тушган совуқликни Валидбек истифода қилмишдир. Агар шоҳ қатъий ман этса, Ёқуб унинг азиз меҳмонига тажовуз қила олмас эди. Бироқ ўзимизникилар орага нифоқ солдилар. Шундан кейин шоҳ кўрсатма берибдир: «Ёқуб паҳлавон кучини кўрсатса майли, аммо ўқ отилмасин, қурол ишлатилмасин», дебдир... Бу тоғда бузуқ зовлар, ўнгирлар кўп экан. Жуда эҳтиёт бўлгайсиз, ҳазратим. Ҳасанали эшик оға, мен, яна йигирма қўриқчи йигит сизнинг ҳимоянгизда собитмиз. Ёқуб Шерафканнинг ҳам йигирмадан ортиқ йигити бор. Сиз архар овлаганда, улар сизни овлашларини унутманг.
Бундай хатарли дамларда Ҳумоюн ўзининг бутун вужудида алоҳида бир сафарбарлик сезар, борлиғи кўзга ва қулоққа айланиб кетгандай, ҳар бир шарпани жуда тез илғарди. Бугун у тоғларда яхши юрадиган энг бақувват ва ҳушёр жийрон қашқа бадахшоний отини миниб чиққан эди. Ўзининг ёш йигитлик пайтида Бадаҳшонда, Помир тоғлари орасида от чоптириб орттирган барча тажрибаси ёдига тушмоқда эди. Архарлар тоғнинг баланд қоятошлари орасида бўлар, махсус одамлар уларни шоҳ Таҳмасп ва Ҳумоюн турган ёнбағирларга ҳайдаб тушишга ҳаракат қилишарди. Лекин бу чаққон жониворлар тошдан тошга сакраб, яна баланд учмалар томонга қочишарди. Ҳумоюн шоҳнинг олдида қўрқоқ кўринмаслик учун ўша учмалардан бирининг тепасига от чоптириб чиқди-ю, тўртта архардан бирини ёй ўқи билан уриб йиқитди. У билан кетма-кет чиқиб келган Байрамхон ва Ҳасанали ҳам биттадан архар отишди. Улар ов шавқига берилиб, ўзларининг кетидан писиб келаётган Шерафканни унутган эдилар. Қаршидаги тошлоқ ёнбағирда яна бир кийик Ҳумоюннинг кўзига ташланди. Тоғнинг мусаффо ҳавосида узоқлар ҳам яқин кўринади. Ҳумоюн, «пастдаги жилғадан ўтсам, нариги ёнбағирга бир лаҳзада етаман», деб ўйлади-ю, қизишиб терлаган отининг жиловини сой томонга бурди. Бироқ унга оддий жилға бўлиб кўринган пастдаги сой — уч терак бўйи келадиган учуримли тош жар экан, унинг тагидан оқаётган сувнинг фақат гувиллаши эшитилар, аммо ўзи кўринмас эди. Четларини қалин буталар ва темир дарахтлари пана қилиб турган тош жарни Ҳумоюн яқин борганда кўрди. Пастда қорайиб турган ўнгир унинг ваҳмини келтирди. Яқин орада от сакратиб ўтадиган жой йўқ, тош жардан пастга қулаган одам чилпарчин бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. От ҳам буни сезиб тўхтади. Ҳумоюн жарни айланиб ўтадиган жой бормикан деб, жиловни ўнгга бурди-ю, атрофга аланг-жаланг кўз югуртирди. Шу пайт алланарса шамолдай чийиллаб бошининг ёнидан учиб ўтди-ю, ёнидаги темир дарахтининг шоҳи қаттиқ силкиниб кетди. Шу заҳоти нимадир илондай шалоплаб ерга тушди. Бу — сиртмоқ эди. ўнг қадамча нарида бўз от миниб турган Ёқуб Шерафкан сиртмоқни Ҳумоюннинг бўйнига илинадиган қилиб ташлаган, аммо орадаги дарахт шохи халақит бергани учун арқон мўлжалга илинмай ерга тушган эди. Эллик қадамча нарида от чоптириб келаётган Байрамхон билан Ҳасаналининг йўлини бир талай қизилбош отлиқлар тўсиб олишди.
97


Шерафканнинг ўзи ва ўнтача қизилбошлар Ҳумоюнни уч томондан ўраб олишди. Фақат жар томон очиқ қолди. Улар Ҳумоюннинг отига орқадан қамчи уриб, уни уч томондан қисиб, тош жарга суриб бора бошладилар. Жонивор жийрон қашқа бошини орқага силтаб, тўрт оёғини ерга ҳар қанча тираса ҳам, жар томон нишаб бўлгани учун ортдан суриб келаётганларнинг залвори зўрлик қилди. Ҳумоюн ўнг томонида одам сийракроқ эканини, фақат битта қизилбош уни ўнгга бурилгани қўймай қисиб келаётганини кўрди. Жиловни қўйиб юборди, оёғини узангидан бўшатди-да,