УМАРҚУТ, ҚАНДАҲОР АКБАР ВА ЕТТИ ОНА
УМАРҚУТ, ҚАНДАҲОР АКБАР ВА ЕТТИ ОНА
Майдалаб ёғаётган илиқ ёмғир саҳро иссиқларида қақраб кетган танларга роҳат берарди. Агра ва Гужарат томонларда ҳафталаб тинмайдиган ёмғирларнинг бир чети яшил воҳага жойлашган Умарқутга ҳам етиб келмоқда эди. Ғарбдаги Араб денгизи унча узоқ эмас, жанубдаги Аравалли тоғларидан оқиб келадиган сойлар Умарқут атрофларида тиниқ кўллар пайдо қилган. Уларда ўсган олтинранг нилуфарларни жимир-жимир тўлқинлар майин тебратиб турибди. Шаҳарнинг хурмозорлари, зайтунзорлари, кадхил деб аталадиган нон дарахатлари ёмғир сувига қониб яшнаб кет-ган.
Умарқут рожаси Вирсал Прасадга Ҳумоюндай иттифоқдош жуда керак эди. Синд ҳокими шоҳ Ҳусайн арғун Прасаднинг кекса отасини ўлдирган, Жун дарёси бўйидаги ерларидан анчасини тортиб олган эди. Ҳумоюнни ҳам Бҳаккардан қувган шоҳ Ҳусайн ҳозир уларнинг умумий душманига айланган эди. Шунинг учун Вирсал Прасад Ҳумоюнни илиқ қарши олди, Умарқут қалъаси ичидаги катта бир боғни икки қаватлик жимжимадор кўшки билан Ҳумоюн ва Ҳамида бонунинг ихтиёрига берди.
Боғда анбули деган ҳинд хурмоси, баланд серсоя маҳвалар, меваси шафтоли билан норинжнинг таъмини эслатадиган манго дарахти, ҳиди одамга ғалати тетиклик берадиган жосун ва канир гуллари ораста қилиб ўстирилган эди.
Боғ эгаси Вирсал Прасад қирқ ёшларга кирган, қоп-қора мўйловини узун қилиб, ёноқларига бураб ўстирган, елкаси кенг, бўйдор киши эди. Овози ҳам йўғон, кучли, фақат таажжубки, шундай полвонтахлит эркак бўйнига йирик-йирик марварид доналаридан узун маржон тақиб олган, қулоғида ҳам олмос сирға йилтирар эди. Бу ерларда ҳукмдор эркакларнинг қимматбаҳо тақинчоқлар тақиши жоиз эканини ҳумоюн биларди. У Рана Вирсалга олтин, дур ва лаъл билан зийнатланган ханжарни камари билан тақдим қилди. Совғадан мамнун бўлган Вирсал:
— Бу ерда сиз ҳеч нарсадан хавотир олманг, — деди. — Шерхон уч юз мил нарида. Орада Ажмир, Мевор, Жаудхир бор. Аммо рожа Мал Дева аҳмоқлик қилибдики, Шерхонга ён босиб, сизни унга тутиб бермоқчи бўлибди. Шерхон ҳали унинг ўзини туттириб бошини кесдиргай. — Шерхон Райзин* қалъасини ҳам олган эмишми, маҳарожа?*
— Ололмас эди. Қалъа ҳокими Пуран Мал тўрт ойгача Шерхонга дарвозани очдирмаган. Агар Пуран Мални алдашмаса, Райзин ҳали таслим бўлмас эди. Ахир Гвалиор қалъасини Шерхон икки йил деганда зўрға олди-ку!
— Пуран Мални ким алдабдир?
— Шерхон сиз билан ёлғон сулҳ тузгани каби Пуран Малга ҳам элчи юбориб, ярашишни таклиф қилибдир. «Райзин қалъасини топширсанг, сенга Ганга бўйидаги Банорасни бергаймен, моли жонинг омон бўлур», деб авраб, ахийри ишонтирибдир. Бечора Пуран Мал қалъани унга топшириб, хайлхонаси билан ташқарига чиққанда Шерхоннинг одамлари ваъдани бузиб ҳужум қилибдир. Пуран Малнинг ўзини ўлдирибди, аёлларини асир қилиб, мол-мулкини талаб кетибдир.
— Дунё ғалати экан-да! — деди Ҳумоюн оғир тин олиб. — Ёмонлик қайтгай, дейишади. Лекин баъзи одамлар ёмонлик қилганлари сари ишлари тараққий топгай. Шерхон ҳам ёмонлик ёқадиган тоифадан эканми? Рохтас қалъасини ҳам Кришна Ройнинг яхшилигига ёмонлик қилиб эгаллаган эди. Ҳийла-ю найранг ишлатган сари қудрати ошиб бормоқда.
— Э, ҳазрати олийлари, макр-у ҳийлага асосланган қудрат узоқ умр кўрмагай.
— Ким билсин, маҳарожа? Шерхоннинг ислоҳотларидан раият мамнун эмиш. Унинг ақлига, тадбиркорлигига тан берганлар кўп. Канауждаги жангда Шерхоннинг ҳарбий жиҳатдан устун келганига мен ҳам тан бердим.
74
Рана Вирсал Ҳумоюннинг бу аччиқ ҳақиқатни қийналиб айтганини сезди-ю, унга тасалли бергиси келди.
— Шерхоннинг ҳарбий устунлиги ҳозир яна ҳам ўсган. Лекин ҳарбий устунлик — пулга ёлланадиган қўшин селдай тез кўпайиб, яна селдай тез тугаши мумкин. Маънавий устунлик — ҳар қандай шароитда ҳам мард, танти, инсофли бўла олиш қобилияти. Бу устунлик дарё суви каби булоқлардан, қор сувларидан, ирмоқлардан йиғилиб, кўпаяди. Ишонаменки, Шерхондаги селдай муваққат устунликдан кўра, сиздаги маънавий устунлик дарёдай узоқ умр кўргусидир. Рана Вирсал форс тилини яхши билар, лекин Ҳумоюн унинг ҳурмати учун кўпроқ ҳиндча тилда гаплашар ва мезбоннинг яхшиликларини қандай қилиб қайтаришни ўйлар эди.
Умарқутнинг жанубида Гужарат, шимолида Синд ва шимоли шарқда Ражастхон жойлашган. Атрофдаги бу вилоятларнинг ҳаммасига нисбатан бир неча баробар кичик бўлган Умарқут — ўзича бир мустақил давлат, қўшини ҳам ўзига яраша оз, Шоҳ Ҳусайн арғун Жун дарёси бўйидаги Умарқутга қарашли жойларни босиб олиб, ўз мулкига айлантирганига бир йил бўлди. Аммо босиб олинган қишлоқлардаги ражпутлар шоҳ Ҳусайн қўйиб кетган золим амалдорлардан безор бўлган, Рана Вирсалга вакиллар юбориб, Умарқутга қайтадан қўшилиш истагини билдиришмоқда. Рананинг ўзи ҳам отамерос ерларни босқинчилардан озод қилиш ниятида икки мингдан ортиқ қўшин тўплаган.
Ҳумоюн Рана Вирсалнинг шоҳ Ҳусайнга қарши юриш қилиш нияти борлигини эшитди-ю, «биз ҳам ёрдамга борсакмикан?» деб беклари билан маслаҳат қилди.
Бироқ Ҳумоюннинг мингга яқин навкарлари саҳродан ўтиб келгунча жуда абгор бўлган, кўпла- рининг от-улови йўқ, кийимлари тўзиган. Умарқутда егулик нарсалар арзон, бир рупийга иккита қўй берар, аммо улов қиммат, яхши отни юз рупийга ҳам олиш қийин. Ҳумоюн хазинасида қолган олтинларини чамалаб кўрса, муҳтож навкарларга от олиб бериш ва маош тўлашга етмайди. Хуфиялар унга Турдибекда икки сандиқ олтин борлигини айтишди. «Сизнинг хизматингизда юриб шунча бойлик орттирган, сиз унинг олтинини мусодара қилиб, навкарларга улашишга ҳақлисиз», деганлар ҳам бўлди.
Лекин Ҳумоюн ўнг беш йилдан бери ўз хизматида юрган Турдибек Туркистонийга ёмонлик қи- лишни истамас эди. Турдибек дағалроқ ва мумсикроқ бўлса ҳам, шунча йилдан бери садоқат сақлаб келар, Тар саҳросидан ўтиш азобини ҳам бирга кечирган эди. Шунинг учун Ҳумоюн уни хиргоҳга чақириб икки юз минг рупий олтин қарз сўради.
Турдибек тезда жавоб бермай, ажин тушган пешонасини ишқади, сийраккина чўққи соқолини эзғилади.
— Ҳазратим, ахир хазинангиз бор-ку.
— Хазинага кон битсинми, бек. Аградан чиққанимиздан бери даромад йўқ. Нуқул сарфладик. Навкарларга дурустроқ маош тўлашим керак. От қиммат. Яхши кунлар келса қарзингизни ортиғи билан қайтаргаймен.
— Ортиғи билан? Яъни, қанча ортиғи билан қайтарурсиз?
Ҳумоюн Турдибекни ҳазил қиляпти деб, кўзларига қаради, йўқ, бекнинг қалин қовоқлари орасидан қараб турган қўнғиртоб кўзлари ҳам, сийрак мўйлови тагида қимтилиб турган лаби ҳам жиддий эди.
— Хўп, ўзингиз қанча ортиғи билан олишга розисиз?
— Ўнга ўнг икки.
Ҳумоюн икки юз минг рупийни икки юз-у қирқ минг қилиб қайтаришини ўйлаганда судхўрлар эсига тушди. Лекин ҳали у бунча пулни қайтарадиган бўлгунча бир йил ўтадими, беш йилми — ким билади? Турдибек ҳам ана шуни ўйлаб баланд нарх қўйган эди.
— Начора? Майли, насиб қилса ўнни ўн икки қилиб қайтаргаймен...
Шу тарзда қарз олинган пулнинг юз минги Ҳумоюн билан саҳро азобини бошдан кечирган барча одамларга маош тарзида улашилди. Ўзларига от ва ҳарбий анжомлар олган бек-у навкарлар хотинлари ва қизларига тақинчоқлар ҳам совға қилишди. Чунки Умарқутга Араб
75
денгизи яқин бўлгани учун унинг бозоларида денгиздан олинган дурлар, садафлар ва маржонлар жуда арзон эди.
Мезон киргач, ёз иссиқлари тугаб, ҳаво ҳам жуда латиф бўлиб қолди. Одамлар дамини олгач, Ҳумоюн Рана Вирсал билан учрашиб:
— Ота ерларингизни қайтиб олишингизда биз сизга ёрдам бермоқчимиз, — деди. — Барча бек- у навкарларимиз сизнинг қўшинингиз билан бирга юриш қилишга тайёр.
Рана Вирсал Ҳамида бонунинг оғироёқ эканини билар, хотинидан «меҳмон бегимнинг ой-куни яқин эмиш», деб эшитган эди. Шунинг учун Вирсал Ҳумоюннинг гапидан хиёл таажжубга тушиб:
—Бегимни... қолдириб кетгаймисиз? — деди.
— Ҳа, юзга яқин одам бегимнинг хизматида бўлгай, маҳарожа, биз сизнинг оилангизга худди ўз оиламизга ишонган каби ишонурмиз.
бу гапдан таъсирланган Рана Вирсал:
— Ундоқ бўлса, мен ҳам сизга ўз қўшинимни ишониб топширгаймен. Менинг икки минг ражпут йигитларимга иним Судхир Прасад бошлиқ. Сиз эса ҳам ўз аскарларингизга, ҳам бизнинг қўшинга бош саркарда бўлинг.
— Ишончингиздан миннатдормен, маҳарожа!
Шу қарор бўйича ҳарбий юришга жўнашдан олдин Ҳумоюн Ҳамида бону билан боғда хайрлашди. Бодом гулларини эслатадиган беш барглик хушбўй канир гуллари ёнида Ҳамида маъюсланиб кўзига ёш олди:
— Оғир пайтда мени ташлаб кетмоқдасиз...
— Мен ота-боболаримиздан қолган удумга биноан кетмоқдамен, Ҳамида! Эсингизда бордир, туркий улусда онанинг ой-куни яқинлашса ота бирон ёққа ирим қилиб кетмоғи керак. То чақалоқнинг чилласи чиқмагунча мен узоқроқда юрсам сизга ҳам, болага ҳам яхшилик тилаган бўлур эканмен.
— бу удумни мен ҳам олурмен. Лекин яна уруш хавфи...
— Уруш эмас... Рана Вирсалнинг ота ерларидан босқинчиларни қувмоқчимиз, холос. Ора узоқ эмас, чопар бир кунда боргай.
— Бўлмаса хабар юбориб туринг.
— Хўп. Сиздан ҳам хушхабар кутгаймен!..
Ҳумоюн ваъдасига амал қилиб, уч кун ўтгач, Турдибекни Умарқутга юборди. У келтирган хабарга биноан, Ҳумоюн билан Рана Вирсалнинг бирлашган қўшини шоҳ Ҳусайн арғуннинг Жун дарёси бўйиаги қўшинини енгиб, етмиш мил нарига улоқтириб ташлабди. Ўнлаб қишлоқлар истилочилар зулмидан қутилиб, яна Умарқутга қайта қўшилибди.
Бу хушхабар бутун шаҳарда катта шодиёнага сабаб бўлди. Рана Вирсал гулшодалар билан безатилган филга миниб Ҳумоюнга миннатдорчилик айтиш учун Жун дарёси бўйига кетди. Унинг хотини Умарқутдаги бева-бечораларга хайр-у эҳсон улашди. Шаҳарнинг барча ибодатхоналарида браҳманлар улуғ яздон Шива ва ражпутларга ҳомий маъбуда Кали ҳайкаллари пойида садақалар қилишди, муқаддас гурунчга сарёғ қўшиб тайёрланган таомларни, ширинликларни қавмларга едиришди.
Мана шундай шодиёналар давом этаётган куни пешинда, Ҳамида бонуни тўлғоқ тута бошлади. Ҳумоюн унинг ихтиёрига ташлаб кетган одамлар орасида тажрибали доя хотин ҳам бор. Бу озода, эпчил, ўрта яшар аёл Моҳим бибининг ўтган ойда туғилган ва Адҳам деб от қўйилган ўғлига, Жажжи бибининг Азиз деб аталган ўғлига доялик қилган, ҳамма уни «қўли енгил» деб мақтар эди.
Лекин Ҳамида бонуга келганда бу доянинг эпчиллиги иш бермай қўйди. Ҳамида бону беш соат қийналди. Сабабини кейин билишса, бола фавқулодда йирик экан. Доя эса бошқа ёмон хаёлларга бориб ваҳимага тушди. Ҳамида бону зўриқиб кўзлари хонасидан отилиб чиққудай бўлар, «ёрдам беринглар», деб зорланар эди...
76
Кеч кириб, қоронғи тушди. Сокин осмонда тўлин ой кўринди. Ҳамида бону эса ҳамон қийноқда. Маслаҳат сўрайлик дейишса, Ҳумоюн йўқ. Ҳамиданинг онаси ёрдам сўраб Рана Вирсалнинг хотинига борди. Ўттиз ёшлардаги бу гўзал аёлнинг ўзи ҳам тўлғоқ азобини бошдан кечирган, эмизикли қизчаси энди икки ойлик бўлган эди. У ўзига доялик қилган эллик яшар чаққон бир аёлни чақиртирди-ю, Ҳамида бонунинг онасига қўшиб юборди.
Ташқарида изтироб чекиб ўлтирган Хўжа Муаззам:
— Мусулмон подшосининг фарзандига ғайридин доялик қилса гап-сўз бўлғай! — деб аввал бу дояни ичкарига киргизмади.
— Буларни ҳам худо биздек инсон қилиб яратган!— деди қизнинг отаси Мирбобо Дўст. — Ҳозир дин-у миллат айирадиган пайт эмас, Ҳамида билан боланинг ҳаёти хавф остида.
Шу пайт ичкаридан муслима доя саросима бўлиб чиқди.
— Бўлмаяпти, айланай хўжам! Чаппа келмасин деб қўрқамен!
Шундан кейин Хўжа Муаззам ҳам ён берди-ю, ҳинд доясига:
— Марҳамат, тезроқ киринг! — деди.
Ювиниб, тоза кийиниб келган ҳинд аёли Ҳамида бонуга ўнг томондан яқинлашди-да, ўз тилида қандайдир дуони пичирлаб ўқиди. Унинг озғин қорамтир қўлларида бирон сеҳри бор эканми, беш-олти дақиқа урингандан кейин тўсатдан чақалоқ ингаси эшитилди.
Ҳамида бонунинг юмуқ кўзлари чарақлаб очилди. Назарида, шифт ва деворлар лопиллаб юриб кетаётгандай кўринди. Ўзининг танаси эса пардай енгил бўлиб қолди. Бироқ бош кўтариб болага қарашга мажоли йўқ. Ўғилми, қизми? Доялар шуни айтгунча ўтган бир лаҳза Ҳамида бонуга бениҳоя узоқ туюлди. Наҳот қиз бўлса? Шунинг учун айтгилари келмаяптими?
— Ўғил! — дея хитоб қилди биринчи доя. — Муборак бўлсин, бегим! Полвон ўғил туғдингиз! Нечун бу қадар қийин бўлди десам, жуда дўлвор экан!
— Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим! — деб биринчи доя боланинг киндигини кесди.
Иккинчи доя эса:
— Калимайики жай!* — деб, чақалоқнинг кесилган киндиги учини яхшилаб тугиб қўйди. Ҳамида бону гоҳ ўғлига интиқ Ҳумоюннинг чаппор уриб қувонишини кўз олдига келтирар, гоҳ Жамна устида Низомнинг қайиғида қалқиб сузиб бораётган бўлар, унинг: «Муслим-у ҳинди ҳаммаси бир инсон, фақат браҳман-у муллолар уларни бир-биридан айирурлар», деган сўзлари қулоғига қайта эшитилиб кетар эди.
Инсон ҳаётининг энг масъулиятли дамларида кишилар ўзларининг дин-у миллатини ҳам унутиб бир-бирларига одамийлик қўлини чўзишини Ҳамида бонуга ҳозиргина доялик қилган икки аёлнинг иноқлиги айтиб турарди.
Ҳамида сал ўзига келганда айвондан тўлин ойнинг нури тушди. Сутдай ойдин кечада нақоралар қувонч билан така-тум қилар, сурнай навоси янграр, Умарқут қалъасидаги меҳмон-у мезбонлар янги туғилган бола шарафига хурсандчилик қилишарди.
Турдибек Ҳумоюндан суюнчи олиш учун саҳар палла отланиб, Жун дарёси томонга шошилди. Умарқутда эса икки кун давомида Ҳумоюннинг номидан минглаб одамларга ош тортилди, ширинликлар улашилди. Учинчи куни Ҳумоюндан чопар келди. Чиллали аёл ва бола олдига фақат Моҳим биби билан Аминат кириб чиқишар эди. Ҳумоюннинг мактубини олиб кирган Моҳим биби суюниб хабар берди:
— Исми Жалолиддин Акбар бўлсин, дебдирлар! Сизга атаб шеър битибдирлар! Чопар айтиб берди, қувонганларидан барча навкарларга мушк улашибдирлар.
— Мушк? — таажжубланиб сўради Ҳамида.
— Ҳа, ўша пайтда барча одамларга улашадиган бошқа мўлроқ нарсалари йўқ экан.
— Рост, хазиналари бўш, Турдибекдан қарз олган эдилар...
Ҳамида бону ёстиққа ёнбошлаб, Ҳумоюннинг мактубини очди.
«Мен учун байрамлар байрами букун,
77
Ҳумоюн хуррамлар хуррами букун.
Дунёнинг барча давлат-у хазиналаридан ҳам аълороқ ўғил инъом этган суюкли ёрим Ҳамида бону! Аввалги йилларда шунча давронлар суриб букунгидек суюнганимни билмаймен. Илоҳим Акбарнинг умри узоқ бўлсин, бекилган йўлларимиз бари очилсин, дилдаги орзулар истаганимиздан ҳам зиёда бўлиб рўёбга чиқсин!»
Ҳамида бону бу тилакка қўшилиб:
— Илоҳи омин! — деди-да, юзига фотиҳа тортди, мактубни эса ўпиб, кўзларига сурди. Ота-оналарини ва бошқа ўнлаб одамларни шунчалик қувонтириб дунёга келган чақалоқнинг ўзи алланарсадан норозидек ғашлик қилиб кўп йиғларди. Ҳамида бону боласини бағрига олиб эмизгандан сўнг Акбар бир соат-ярим соат жим ётар, кейин яна инга-ингани бошлар эди. Она- болага гирдикапалак бўлиб хизмат қиладиган канизак Аминат, «йўргагида қаттиқ ботадиган нарса бормикан?» деб очиб кўрди. Йўргак жуда майин, беками кўст эди. Аминат Ҳамида бонуга қараб:
— Болангиз жуда гавдали, сутингиз етмаяптимикин? — деди.
Шу гапнинг устига келиб қолган Моҳим биби:
— Менинг сутим кўп, — деди. — Ҳазрат бегим, агар рухсат берсангиз мен ўғлингизни эмизиб кўрай.
Ҳамида бону оғил туққандан бери гўё бирдан мартабаси ошган, энди унга «ҳазрат бегим» деб мурожаат қилувчилар кўпайган эди. Бу нарса Ҳамида бонунинг кулгусини келтирар, ҳозир ҳам у Моҳим бибига кулиб боқди-да:
— Рухсат эмас, илтимос сиздан, Моҳим! — деди.
Моҳим озодаликни яхши кўрар эди. Ўз хонасига чиқиб, сийнасини совунлаб ювди. Ҳамида бегим оқ кийиниб ётгани учун чақалоқ бошқа онадан бегонасираши мумкин эди. Шунинг учун Моҳим биби ҳам оқ шоҳи кўйлагини ўтлиғ* билан дазмоллаб кийди. Бошидаги рўмолини ҳам дазмолдан чиқариб ўради, оғзига ияги аралаш тоза оқ лачак тутди. Бу тайёргарликлардан кейин гўдак яна ингалаб йиғлай бошлаганда уни секин бағрига олиб сийнасини берди.
Ажабки, чақалоқ бегонасирамай Моҳимни узоқ эмди ва икки соатча миқ этмай тинч ётди. Унинг очиқиб йиғлагани, Ҳамида бону саҳрода кўп қийналиб озиб қолгани учунми ё бошқа сабабданми, сути боласига озлик қилаётгани энди аниқ билинди.
Шу кундан бошлаб Моҳим биби «енага» деган унвон олди. Шаҳзодага энага бўлиш саройда жуда шарафли мартаба ҳисобланарди. Моҳимнинг бир ойлик чақалоғи Адҳам бугундан бошлаб Акбарнинг кўкалдошига айланди. Бир онани эмган кўкалдошлар эса тутинган оға-ини сифатида гоҳо умр бўйи подшо ва шаҳзодаларнинг яқин кишиларига айланадилар. Шунинг учун саройда Ҳамида бегимга синашта бўлган бошқа эмизикли оналардан яна бир нечаси Моҳим бибидек энага бўлиш истагини билдирдилар. Булардан бири Шамсиддин Муҳаммад деган афғон йигитининг хотини, яқинда ўғил туққан Жажжи биби эди. Бу аёл номига яраша мўжазгина, хушбичим, жажжи жувон эди, номини қисқартириб «Жижи» дейишарди.
Моҳим бибининг ўз чақалоғи Адҳам ҳам хўра, икки болага сути етмайди, шунинг учун Ҳамида бегим ора-орада ўз ўғлини Жажжи бибининг эмизишига ҳам рухсат берди. У бош энага қилиб Моҳим бибини тайинлади. Аввалги озодалик удумига биноан, Моҳим энага Жажжи бибига ҳам худди ўзидек дазмолланган оқ шоҳи кўйлак кийдириб, оғзига оқ ипак лачак туттирди ва боланинг олдига покиза қилиб киритди.
Чақалоқ бу онани ҳам бегонасирамай эмди. Унинг инга-ингаси янада камайиб кетди. Ўғлининг иштаҳаси ҳам полвонларча эканини сезиб дадилланган Ҳамида бегим кунлар ўтиши билан яна янги энагалар топтирди. Булардан бири Нуриддинбек кўкалдошнинг хотини Ҳакима, яна бири бадахшонлик тожик аёл Поянда биби бўлди. Моҳим биби буларнинг ҳар бирини оқ шоҳига кийинтириб, озода қилиб гўдакнинг олдига олиб кирар, бола ғашлик қилмай уларни ҳам ўз онасидай эмар эди. Буни эшитган бувиси юмшоқ туморча ичига ёмон кўздан асрайдиган
78
дуоларни ёздириб, кўзмунчоқ билан қўшиб тикди-да, Ҳамидага олиб кириб берди:
— Болангга тақиб қўй, ҳамма ёқасини ушлаб, ҳайрон бўлиб мақтайди, илоҳим кўз тегмасин! — деди.
Орадан йигирма кун ўтди, энагалардан бири тумовлаб ётиб қолди, бирининг боласи ичкетар бўлди. Моҳим биби боласи ёки ўзи сал хасталанган энагани Акбарга яқин келтирмас эди. Яна энага керак бўлаётганини эшитган мезбонлар Рупарани деган эмизикли боласи бор ёшгина ҳинд жувонини Ҳамида бонунинг ҳузурига юбордилар.
Ҳумоюн аёллар ва болаларга Хўжа Муаззамни жавобгар эшик оға қилиб тайинлаб кетган эди. Хўжа ўзи Ҳамиданинг олдига киролмаса ҳам Моҳим бибини воситачи қилиб бир талай хавотирли гап айтди:
— Бегим охирини ўйласинлар, худо хоҳласа, Акбар улғайиб валиаҳд бўлғай. Кейин руҳонийлар: «Мажусий онани эмган бола мусулмон подшосига валиаҳд бўлолмағай», деб монелик қилишлари мумкин. Ҳазратимдан берухсат ҳиндлардан энага олманглар! Балога қолмайлик яна!
Бу гапларни Моҳим бибидан эшитган Ҳамида бону:
— Тоғамга чиқиб айтинг, мезбонларнинг даргоҳида еган нон-у тузларининг ҳурматини унутмасинлар,— деди. Шоҳ Ҳусайндек мусулмон амири бизни қувғин қилганда Рана Вирсал жой берди. Рана дин-у миллат айирмади, биз нечун айирайлик? Ҳазратим энагалар ихтиёрини менга берганлар, «Акбар — бани башар фарзанди бўлсин», деб тилак билдирганлар. Хўжа тағойим бу ишга кўп аралашмасинлар, мезбонларнинг хотирига малол келадиган бирон гап айтмасинлар.
Хўжа Муаззам бу жавобларни Моҳимдан эшитгач:
— Начора, жиянимиз малика бўлгач, сўзларини рад қилолмагаймиз, — деди.
Ўша куни кечқурун ҳинд жувони Рупарани энагаларнинг оқ шоҳи кийимини кийиб, бир ойлик Акбарни бағрига олганда Хўжа Муаззам ташқи хонада чақалоқнинг чирқираб йиғлашини кутиб ўлтирди. «Бола зийрак бўлур, агар ғайридинни эмгиси келмай йиғласа дарҳол ичкарига одам киритиб, гўдакни тортиб олдиргаймен», деган ўйда эди. Лекин истараси иссиқ Рупаранидан она сутининг ҳиди келиб турар, бола унга эликиб, йиғлаш ўрнига беихтиёр жилмайиб қўяр, чақалоқнинг тили ва тишсиз милки кўриниб кетганда энага* ҳам ундан завқ олиб куларди. Умарқутга оналар ва кўкалдошлар шундай тотув яшаётган фараҳли кунларда етмиш мил наридаги Жун дарёси бўйида Ҳумоюн билан шоҳ Ҳусайн арғун орасидаги қонли адоват кучайиб борар ва бунинг хабари Ҳамида бонуга келиб турар эди. Шоҳ Ҳусайн дарё бўйидаги мунозарали ерларни қайтариб олиш мақсадида шимолдан саккиз минг кишилик қўшин тортиб келган, Рана Вирсал буни эшитиб, Жун яқинида яшайдиган ҳинд қабилалардан яна етти минг навкар ёллаган ва ҳаммасини Ҳумоюннинг ихтиёрига берган эди. Дарёнинг жануб қирғоғида — булар, нариги қирғоғида душманлар ҳал қилувчи жанг учун қулай пайт пойлаб турар эди. Ҳумоюн бу вазиятда қўшинни ташлаб Умарқутга кела олмас, Ҳамида бонуни соғинганини, Акбар деб атаган ўғлини ҳалигача кўролмай доғда юрганини айтиб, юракни эзувчи хатлар ёзар эди.
Боланинг чилласи чиққач, Ҳамида Ҳумоюнга жавоб хати ёзди:
«Сиз келолмасангиз ижозат беринг, ҳазратим, биз ўзимиз борайлик».
Орадан уч кун ўтгач, Шамсиддин қўрчибеги юзтача навкар, бир неча юз от-у туялар, соябон аравалар билан келди-да, Ҳамида бонуни ва Акбарни энага-ю кўкалдошлари билан Умарқутдан кўчириб олиб кетди.
____________ 79
энагалари ва кўкалдошларига катта ҳурмат билан қарагани кўпчилик тарихий манбаларда қайд этилган. Туркийча «енага», «кўка» сўзлари шу тарзда ҳинди, инглиз, форс, урду тилларига ҳам кирган.
***
Жун дарёсидан сув ичадиган ерларда хурмозор ва мангозорлардан ташқари пахта пайкаллари ҳам кўзга ташланар, кеч кузда теримлар тугаб, деҳқонлар ўтин учун ғўзапоя чопишар эди. Ҳумоюн Ҳамида бонуга пешвоз чиқиб, уни Жун дарёсидан етти мил берида улкан маҳва дарахтлари соя солиб турган бекатда кутиб олди. Йўргакдаги Акбарни қўлига олиб пешонасидан ўпар экан, боланинг тилла суви югуртирилгандек қизғиш сочи ва майин қош мўйлари, юз бичимидаги яна қандайдир белгилари унга кўпдан танишдек туюлди, бирдан раҳматли отаси эсига тушди-ю, қувончига яна бошқа туйғулар аралашиб, кўзига ёш келди.
— Умри узоқ бўлсин, онаси ҳам кўп яшасин! — деди.
Одамлар олдида Ҳамида бонуни қучиб ўпишдан тортинса ҳам, лекин кўзлари билан уни эркалаб бир лаҳза тикилиб турди:
— Ҳазрат бегим, мен сиздан тоабад миннатдормен!
Душман қўшинларидан йигирма милча берида дарё бўйида чиройли бир боғ она-бола учун ораста қилиб қўйилган эди. Дарё сувининг бир қисми боғ ичидан оқиб ўтар экан, ойнадай тиниқ, кўлчалар ҳосил қилган. Шунинг учун бу ерга «Ойнабоғ» деб ном берилган эди.
Атрофи тиниқ кўл билан ўралган ва улар устидан чиройли кўприклар ўтказилган, кўкаламзор оролсимон жойга улкан саропарда тикилган эди. Ҳумоюн Ҳамида бонуни саропарда ичига бошлаб кирар экан, энагалар ва чақалоқлар учун ажратилган четки чодирларни кўрсатди. Саропарданинг бошқа четидаги учта чодир Ҳамида бону ва Ҳумоюн учун жиҳозланган эди. Потҳурда Ҳамида бону келинчаклик пайтида «мурод уйи» деб аталган пуштиранг мовут чодир ҳозир кўзига оловдай иссиқ кўринди. Ҳамиданинг илгариги чиройига ҳозир майин ва улуғвор бир оналик ҳусни ҳам қўшилган, юзидаги латофат, кўзларидаги жозиба ниҳоятда тиниқлашган. Ҳумоюн Акбарни эмизган етти онани Саодат уйи деб аталган чодирга йиғди-да, Ҳамида бонуга гавҳар кўзли узук тақди. Энагаларнинг ҳар бири марварид шодалари, бош-оёқ саруполар билан тақдирланди.
— Ўғлимиз етти онага фарзанд бўлибдир, — деди Ҳумоюн. — Иншоолло, ўзи ҳам етук бўлгай! Акбарнинг энагаларидан бири ҳинд, бири тожик, бири афғон, бири форс, қолганлари туркий улусдан. Мен Ҳамида бонудан миннатдорменки, асли битта Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқаган турли элларнинг оналарини бир олижаноб мақсад атрофига тўплабдир. Бунинг жуда улкан рамзий маъноси бор. Тилагим шуки, ўғлимиз Акбар шу оналар берган оқ сутнинг қарзини уларнинг элларига-ю бутун башариятга узсин!
Кечки пайт Ҳамида бону билан Ҳумоюн мурод уйида ёлғиз қолдилар. Одатдаги ўпишишлар ва эркалатишлардан Ҳумоюн ўзини бахтиёр сезарди-ю, аммо кўнглининг бир четидан «бу бахт жуда омонат, ҳушёр бўл, сенга қарши қилич қайраган ғанимлар атрофингни ўраб келмоқдалар», деган огоҳлантириш эшитилиб тургандай бўларди.
Гап фақат Жун дарёсининг нариги қирғоғида унга таҳдид солиб турган шоҳ Ҳусайнда эмас эди. Юз мил нарида шоҳ Ҳусайндан йирикроқ ва хатарлироқ ёв — рожа Мал Дева Ҳумоюнни қўлга тушириш ва Шерхонга топшириш фикрида юрарди. Шерхоннинг ўзи эса шимолда Панжобни, шарқда Ажмирни, жанубда Малвани ишғол қилиб, Ҳумоюннинг бу уч томонга борадиган барча йўлларини бекитган ва унинг атрофидаги ҳалқани тобора қисиб келмоқда эди. Ганга бўйида бир марта ғафлатда қолиб Бека бегимни ва қизчаси Ақиқани олдириб қўйган Ҳумоюн энди Акбар билан Ҳамидани бундай балолардан омон сақлаш ҳақида тун-у кун ўй сурарди.
Унинг одатдагидан ўйчанроқ бўлиб қолганини сезган Ҳамида бону:
— Биз Акбар билан не қилсак сизнинг мушкулингиз осон бўлғай, ҳазратим? — деб сўради.
— Узоқ йўлга чидаб берсаларинг, икковларингни бехатар жойларга олиб кетсам... кўнглим сал тинчирмиди?
80
— Узоқ йўлингиз қаер — Гужаратми?
Ҳумоюн оғир тин олиб бош чайқади — ҳозир у Гужаратдан ҳам умидини узган. Чунки Шерхон Малвани олиб, саксон минг қўшин билан Гужарат чегарасига яқинлашгач, Ҳумоюннинг у ердаги хайрихоҳлари таҳликага тушиб қолган эди. Улар Ҳумоюнга ён босиб, кейин Шерхоннинг ғазабига учрашдан қўрқишар эди. Байрамхон Ҳумоюнга чопар юбориб: «Зинҳор Гужаратга келманг, мен ўзим ҳузурингизга бориб жон сақламасам, бу ерда яна асоратга тушиб қоладиганга ўхшаймен», деб хат ёзган эди. Ҳумоюн уни бирга олиб келиш учун Хаданг эшик оғани ва филбон Лаъл Чандни жўнатганига икки кун бўлди.
— Байрамхон келса, Кобулгами ёки Қандаҳоргами кетишдан бошқа чора йўқ, — деб Ҳумоюн Ҳамида бонуга маъюс термулди.
— Наҳотки Ҳиндистонни бутунлай тарк этсак? — армон тўла товуш билан сўради Ҳамида бону. — Кечагина ҳинд аёли Рупарани Акбарни бағрига олиб сийнасини берганда менинг дилимда қанча ёруғ орзулар бор эди. Зора, бутун Ҳиндистон шу она тимсолида Акбарни ўз фарзандидек бағрига олса. Зора, ўғлимиз ҳам шу улуғ мамлакатга чин фарзандлик хизматини қилса. Наҳотки бу орзулар бари пуч чиқса, ҳазратим?
— Ноумид шайтон, Ҳамида бону! Шоядки, бу орзуларингиз келажакда рўёбга чиқса. Лекин Акбар ўша келажакка эсон-омон етиб бориши учун уни бехатар жойларга олиб кетмоғимиз керак.
Ҳамида бону Кобулдаги Комрон мирзони ва Қандаҳордаги Ҳиндол мирзони кўз олдига келтирди-ю, уларнинг ёнига боришдан юраги безиллади.
— Менинг Ҳинддан ҳеч кетким йўқ.
— Менинг кетким бор дейсизми, Ҳамида? Ҳиндистон эт бўлса, биз унда тирноқдек ўсдик. Тирноқни этдан ажратиб кўринг, оғриғига чидай олмайсиз! Мен икки йилдан бери Ҳинддан кетолмай саргадон бўлиб юрганим — тирноқни этдан ажратиб ололмаётганимдан. Бўлмаса бултур Бҳаккардан Кобулга ё Қандаҳорга кетайлик деганлар кўп эди. Ҳозир ҳам, агар сиз билан Акбардан хавотир олмасам, шу ерларда таваккал қилиб, шоҳ Ҳусайнлар билан олишиб юраверишим мумкин. Лекин вазият ёмон, қават-қават ғанимлар ҳалқаси атрофимизни ўраб келмоқда.
— Мен-ку, отлиқ юриб чиниққанмен. Ёз иссиқларида ҳам кетавергаймен. Лекин Акбар ҳали икки ойлик чақалоқ. Яна ўша жазирама саҳродан ўтадиган бўлсак, мурғак бола бардош беролмагай.
Панжоб Шерхоннинг қўлида, Ҳумоюн шимолдаги Кобулга ёки Қандаҳорга кетиш учун яна улкан Тар саҳроси орқали ўтишга мажбур.
— бўлмаса, ёз ўтгунча уч-тўрт ой таваккал қилиб шу ерда қолурмиз, — деди у, — Шерхон яқин ойларда бу томонларга қадам босолмас. Акбар сал кучга киргунча сиз шу Ойнабоқда бемалол туринг.
— Сиз-чи?
— Мен қўшин ичида — қароргоҳда бўлурмен. Илгари давлат-у мамлакатимни ёғийдан ҳимоя қилар эдим. Энди менинг энг катта давлатим — Акбар билан сиз. Бир ўғил-у етти онани мамлакатим каби ҳимоя қилғаймен!
Ҳумоюн саҳар пайти қирқ мил наридаги қўшин қароргоҳига кетганича узоқ вақт қайтиб келолмади. Фақат аҳён-аҳёнда: «Шоҳ Ҳусайн билан қаттиқ жанг бўлибди», «Равшанбек яраланибди», «Хаданг эшик оға ҳалок бўлибди», «Турдибек рожа Вирсал билан уришиб аразлашиб қолибди», деган хабарлар келиб турарди. Ҳумоюндан келган хатлар ҳам аҳвол тобора мураккаблашаётганидан, агар Байрамхон Гужаратдан келиб, унинг ёнига кирмаганда душман Ойнабоққа ҳам бостириб келиши мумкинлигидан далолат берарди. Ниҳоят, Акбар тўққиз ойлик бўлганда Ҳумоюн ўзи ойнабоққа келди-ю, кўч йиғиштириш ҳақида буйруқ берди.
***
81
Ҳумоюн оиласи ва мингтача одамлари билан Синд дарёсида уч кун сузди, Қандаҳорга борадиган карвон йўлига етганда юкларни кемалардан қирғоққа туширтирди ва туялар билан хачирларга орттирди. Ҳинддан узоқлашиб, шимолга қараб борар эканлар, ўнг ойлик Акбар соябонли кажавага маҳкамланган беланчакда нортуянинг бўйнига осилган қўнғироқнинг бир маромда жаранглашига қулоқ солиб ётиб ухлашга ўрганди.
Тоғу чўллардан ва яшил воҳалардан ўтиб, хушҳаво жойларда беш-ўн кун тўхтаб, Қандаҳор вилоятига яқинлашганлари сари чинорлар, тераклар, санобар дарахтлари тез-тез учрарди. Бозор расталарида хурмо билан бирга узум, нок, нақш олмалар кўзга ташланарди. Бу йил совуқ эрта тушган, кўп дарахтлар ақрабнинг бошларидаёқ баргини тўккан, боғлардаги анжир ва анорларни қор-қировлардан асраб, уюм-уюм тунроқ тагига кўмишган эди.
Ҳиндистон иссиқларида енгил кийиниб, очиқ-сочиқ юриб ўрганган одамлар қиши қаттиқ бўладиган Қандаҳор йўлида эрта тушган совуқлардан жуда қийналиб қолишди. Ҳумоюн жубба деб аталадиган авралик пўстинини елкасига олди. Ҳамида бону пахталик кимхоб тўн, жун рўмол ва маҳси кавуш кийди. Акбарнинг бешиги устига туя жунидан тўқилган қалин сақорлот говрапўш ёпилган бўлса ҳам, болани эмизган пайтларида шамоллаб қолди, бурни битиб, пихиллаб, кўп йиғлайдиган одат чиқарди.
Қандаҳорга ярим кунлик йўл қолганда Саримастунг деган қишлоқда тўхтадилар. Кўпчилик бек- у навкарлар одатдагидай ўтов ва чодирлар тикишиб, қишлоқ четига жойлашдилар. Ҳумоюннинг ўзи ва болалик аёллар қишлоқ калонтарининг* ички-ташқи ҳовлисига тушдилар. Уйлар илиқ, манқал деб аталадиган сандалига бозиллаган чўғ солдилар. Эркаклар ўлтирган ташқи уй меҳмонхонасига қуюқ-суюқ овқатлар тортилди. Уй эгаси — мош-гуруч соқолли озғин афғон дастурхонга омин қилингандан сўнг дари* тилида:
— Ҳазратим, холи қилинг, сизга айтадиган гапим бор,— деди.
Хонада Байрамхон билан Турдибек бор эди, Ҳумоюн уларга жавоб берди. Шундан кейин калонтар овозини пасайтириб:
— Сиздек олий меҳмон менинг кулбамга келиб тушганидан фақат сарфароз бўлмоғим мумкин эди,— деди. — Аммо ҳозир сизнинг бошингиз устига тўпланаётган хавф-хатарни ўйлаб безовта бўлмоқдамен.
— Яна қандай таҳлика, жаноб калонтар?
— Сиз Қандаҳорга инингиз Ҳиндол мирзодан паноҳ истаб бормоқдасиз, шундоқми?
— Тахминан шундоқ.
— Аммо Ҳиндол мирзо бундан бир ҳафта олдин Қандаҳор ҳокимлигидан бекор қилинганини билурмисиз?
— Йўғ-е! Сиз буни кимдан эшитдингиз?
— Мен кеча Қандаҳорда эдим. Ўғлим Мирзо Аскарийнинг даргоҳида сипоҳи. Комрон мирзонинг ўзи ҳам Қандаҳорга келганидан хабарингиз бордир?
Ҳумоюн буни аммаси Хонзода бегимнинг уч ҳафта бурун ёзиб юборган хатидан билган эди. Йўлда эканида қайта-қайта ўқиган ўша мактуби ҳозир сўзма-сўз хотиридан ўтди:
«Ҳумоюнжон, мен сизни жонимдан азиз кўриб, илтимосингиз билан Кобулдан Қандаҳорга бордим. Ҳар учала инингизни бир жойга йиғиб, ҳазрат отангизнинг васиятларини эслатдим, китобларини очиб кўрсатдим. Сизни валиаҳд тайинлаганларида, «олти ҳисса Ҳумоюнга бўлса, беш ҳисса Комронга бўлсин, ҳамиша бу қоидани маръий* тутиб, мундин тажовуз қилманглар», деб ёзганларини ўқиб бердим. Сиз отангизнинг бу васиятига доим амал қилганингизни, Аградалигингизда Комронга Кобул-у Ғазнидан ташқари Панжобни ҳам берганингизни айтдим. Ўша пайтда Мирзо Комрон: «Отамиз менга беш ҳисса буюрганлар, оғамизнинг мулки олти ҳиссадан ҳам ортиқ!» деб ғавғо қилган эди. Мана энди Сизда ўшал олти ҳиссанинг биттаси ҳам қолмади, Комрон мирзо эса Бадахшон-у, Кобул-у, Ғазнига қаноат қилмай, Қандаҳорни ҳам ўз ҳукмига бўйсундирмоқчи бўлди. Ҳиндол мирзога: «Қандаҳорда хутбани менинг номимга ўқит!»
82
деб буюрди. Менинг илтижоларим, олтмиш олти ёшимда тоғ йўлларида азоб тортиб Ғазни орқали Қандаҳорга шу адолатсизликнинг олдини олай деб келганларим кор қилмади.
Не тил билан айтайки, Комрон мирзони сиз-у бизга адоват сақлаб юрган энг ёмон одамлар ўз таъсирига олмишдир. Сизнинг саройингиздан порахўрлик қилиб қувилган Бопусхон ҳозир Комроннинг соҳибихтиёр вазири. Амир Баҳлулга туҳмат қилиб уни қатл эттирган, кейин ўзи зиндонга тушган Саид Халил Аградан келиб, Комрон мирзонинг саройида диний пешво бўлиб олмишдир. Бечора Низомга хиёнат қилиб унинг ғанимлари олдида обрў орттирган Афзалбек ҳам ҳозир Комроннинг ишонган амирларидан бири. Қандаҳордаги Қорачахон ҳам шу кунларда Ҳиндол мирзодан айниб, Бопусхон-у Саид Халиллар томонига ўтиб олган. Булар ҳаммаси Комрон мирзони ҳар қадамда улуғлаб, «Сиз Бобур мирзонинг энг соҳиб истеъдод ўғлисиз, подшоликка фақат сиз муносибсиз», деган гапларга уни астойдил ишонтириб қўйганлар. Шу боисдан менинг куйиб-ёниб айтган барча гапларим тош-га урилган тиғдай ҳайф кетди. Ҳиндол инингиз: «Подшо оғамиз тирик турганда хутбани Комрон мирзонинг номига ўқитиш мумкин эмас!» деб оёқ тираб турибдир. Зора сиз тезроқ етиб келсангиз-у бу талаш-тор-тишларни бартараф қилсангиз. Кўзим тириклигида сизнинг иниларингиз билан иноқ, иттифоқ бўлганингизни кўрсам дунёдан беармон кетардим».
Ҳумоюн бу хатни олганига икки ҳафта бўлди. шундан бери уни энг қаттиқ хавотирга солиб юрган янгилик — Саид Халил ва Афзалбекдай ашаддий душманлари Комрон мирзонинг пинжига кириб, унинг ишончли одамларига айланиб олганлиги эди. Айниқса, Саид Халил Ҳумоюндан зиндон қасдини олиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслиги аниқ. Ҳумоюн болалиги ўтган Кобулга боришга, отасининг қабрини зиёрат қилиб, унинг руҳидан мадад сўрашга қанчалик иштиёқманд бўлмасин, аммасининг хатини ўқигандан сўнг у ёқларга қадам босмасликка қарор берди. У Қандаҳорга ҳам хавотир бўлиб, эҳтиёт билан яқинлашмоқда, лекин ҳар қалай, Ҳиндол мирзо шу ерда бўлса ёрдам қўлини чўзар деган умидда эди.
— Ҳиндол мирзо ҳозир Қандаҳордами?! — сўради у калонтарнинг сўзидан изтиробга тушиб.
— Йўқ. У киши илгарилари Қандаҳорнинг ёзги иссиқларидан шикоят қилган эканлар. Ёзда бу ерларнинг жазирамаси чиндан ҳам қаттиқ бўлур, Комрон мирзо иниларига шуни эслатибдирлар. «Майли, сизга салқин жой берай, Ғазнига ҳоким бўлинг, мирзо Аскарий Қандаҳорга келсин», дебдилар. Ҳиндол мирзо бу гапнинг ёлғонлигидан бехабар, Комрон мирзонинг таклифига рози бўлибдилар. Қандаҳордан куч ортиб Ғазнига борсалар, дарвозалар берк. Ичкаридан бир одам чиқиб, Комрон мирзонинг янги фармонини Ҳиндолга кўрсатибдилар. Бу фармонга биноан Ҳиндол мирзо Ғазнига эмас, Ҳайбар довонидан наридаги нотинч Сайфий* жойларга — Ламғанот билан Тангиҳога ҳоким тайинланибдир.
— О ноинсоф-ей! — ғазаб билан деди Ҳумоюн. — Комроннинг ўзи ҳали Қандаҳордамикин?
— Йўқ, ўтган жума намозида Саид Халил келиб хутбани Комрон мирзонинг номига ўқигандан кейин Кобулга қайтиб кетди.
— Хонзода бегим-чи?
— У киши ҳам йиғлаб-йиғлаб Кобулга жўнадилар.
— Демак, Қандаҳор ихтиёри ҳозир Мирзо Аскарийда?
— Ҳа, — калонтар шивирлаб давом этди. — Менга ўғлим айтди. Комрон мирзо махфий фармон бериб кетибдирлар. Сизни туттириб, ҳибс қилишмоқчи эмиш. Хундор душманлари?