СИНД ҚУВҒИНДА КEЛГАН БАХТ
Панжобни оралаб ўтган бешта дарё Мултондан жануброқда бир-бирига қўшилади-ю, Митанқут деган жойда ҳаммаси бирваракай Синд дарёсига қуйилади. Олти дарё бир ўзанга йиғилиб ақлни шоширадиган даражадаги улкан сувга айланган Бҳаккар атрофларида катта-катта кемалар сузиб юради. Қирғоқларда қатор бўлиб ўсган хурмо дарахтларининг йирик-йирик барглари дарё шамолида яшил алвонлардай ҳилпираб туради. Қишнинг чаён номи билан аталган ақраб* ойи аллақачон кирган бўлса ҳам, Синд ўлкаси баҳордагидек кўм-кўк. Ёмғир фасли тугагандан сўнг сернам тупроққа экилган арпа ва буғдойлар майсаси тиззага келиб қолган. Боғларда лимулар ва норинжлар олтиндай товланиб пишган. Тинкани қуритадиган иссиқлар ва кўз очирмайдиган ёмғирлар тугаб, бу ерларнинг осмони очиқ ва ҳавоси салқин бўладиган оромбахш фасли энди бошланган.
57


Уч ойдан бери Синд бўйларида гоҳ Сиёҳван шаҳрига бориб, гоҳ ундан Бҳаккарга қайтиб, ором билмай юрган Ҳумоюн атрофидаги табиат гўзалликларини кўзи билан кўрса ҳам, лекин дили билан ҳис қилолмайди. Ҳозир унинг кўнглига гўзаллик сиғмайди. Хонумонидан айрилиб, Аградан қувилгани ва Синд ўлкасида саргардон бўлиб юргани унга бутун умрининг энг қора кунлари бўлиб туюлади, вужудини аччиқ мағлубиятлар алами ва оғир йўқотишлар армони банд қилиб туради.
Лекин иниси Ҳиндол мирзонинг қароргоҳида Ҳамида бону деган қизни кўргандан бери унинг кайфиятида ғалати бир ўзгариш юз берди. Ҳумоюн кўҳлик қизларни кўп кўрган. Бироқ Ҳамида бонунинг чиройли суратидан ташқари, кишини сеҳрлаб оладиган тенгсиз бир сийрати бор эди. Ҳумоюн буни даставвал қизнинг кўзларидан сезди.
Ҳумоюн Ҳиндол мирзонинг дарё бўйидаги қароргоҳига келганда уни инисидан ташқари келинлари Султоним ва ўгай она Дилдор оғача ҳам кутиб олишди. Шу аёлларнинг ёнида турган Ҳамида бону ўнг қўлини кўксига қўйганича Ҳумоюнга бош эгиб салом берди. Шу аснода кўз кўзга тушди-ю, қизнинг нигоҳидаги латиф бир ҳарорат Ҳумоюннинг дилига беҳад илиқ туюлди. У қизнинг юзига кулимсираб тикилди-ю:
— Мен сизни аввал қаердадир кўрганмен, — деди.
— Эҳтимол, Аграда... Наврўз куни...
— Ҳа, Жамнада, кема сайрида... Ҳазрат аммам таништирган эдилар!..
Ҳумоюн узоқ ўтмишга айланган ёруғ кунларни эслаб оғир тин олди. Ўшандан бери у Шер- хондан яна иккинчи марта мағлуб бўлиб, хонумонидан айрилди, қувғинга учраб, чет ўлкаларга қочиб келди.
Ҳамида бону Ҳумоюнга ҳамдардлик билдирган каби:
— Ўша масъуд кунларингиз яна қайтиб келсин, ҳазратим! — деди.
Шу тилак айтилган пайтда Ҳамиданинг кўзларидан тушган илиқ нур йигитнинг кўнглидаги армон-у аламлар соясини улоқтириб ташлагандай бўлди. Ҳумоюннинг дили бирдан ёришиб, қизга ўтли назар ташлади:
— Илоҳо сўзингизга фаришталар омин десин, синглим!
Ҳиндол мирзо Ҳамида бону билан акасининг гапи яна чўзилса меъёр бузилишини сезиб бетоқат бўлди:
— Қани, ҳазратим, — деб Ҳумоюнни тўрга таклиф қилди.
Ҳамида бону қўлини кўксига қўйиб орқага тисарилди. Қиз бола эркаклар даврасида ўтиролмайди, ҳозир кетади. Ҳумоюн эса у билан шундай ширин бошланган гапни яна давом эттиришни истайди. Қиздаги ҳамдардлик, зийраклик ва яна аллақандай сеҳр-у жозиба Ҳумоюннинг дил яраларига малҳам бўладигандек туюларди.
Бироқ иффат пардаси ичида юрган муслима қиз билан номаҳрам эркакнинг меъёрдан ортиқ гаплашиши урф-у одатга хилоф эканини дили сезиб турарди. Ҳумоюн тўрга қараб ўтганда Ҳамида бону Султоним бегим билан ўнгдаги пуштиранг мовут чодирга кириб кетди.
Ҳумоюн уни яна кўргиси келар, кўзлари беихтиёр пуштиранг чодир томонга кетиб қоларди. Аммо Ҳамида бону чодирдан қайтиб чиқмади. Ҳумоюн инисидан унинг отини, ота-онасининг кимлигини сўраб олди. Пойгакроқда ўлтирган Хўжа Муаззам исмли ўрта яшар бек:
— Ҳамида бону бизга жиянлар, — деб изоҳ берди.
Ҳумоюннинг Хўжа Муаззамга ҳурмати ошгандек бўлиб, уни юқорироққа — ўзининг яқинидаги бўш жойга таклиф қилди. Хўжа Муаззам Ҳиндол мирзонинг бекларидан эди, шунинг учун ўз валинеъматидан рухсат олди-ю, кейин Ҳумоюн кўрсатган жойга ўтди.
Ҳиндол мирзо билан Ҳумоюн орасидаги эски келишмовчиликлар ҳозир бартараф бўлган, чунки энди талашадиган тож-у тахт йўқ. Ҳиндол мирзо Амир Баҳлулни бекор қатл эттирганини кейин билган, ёшлик хатолари учун акасидан узр сўраган, Ҳумоюн ҳам уни кечирган эди. Бултур Шерхон шимоли шарқ томонда Аграга таҳдид солиб қўшин тортиб келганда Комрон мирзо яна Ҳумоюнга қўшилгиси келмай, ўн беш минг қўшин билан Панжобга қайтиб кетди. Ҳиндол мирзо
58


эса Ҳумоюннинг ёнида қолиб, Канауж деган жойда Шерхон билан бўлган урушда қатнашди. Бу гал Шерхон ортиқча ҳийла ишлатмасдан юзма-юз, дадил олишди-ю, Ҳумоюнни яна тор-мор қилди, Байрамхон Шерхонга асир тушди. Ҳиндол мирзо акасининг мағлубиятига ўзини шерик ҳисоблаб, оғир қувғин кунларида ҳам унинг ёнидан кетмай юрибди. Нарёқда Комрон билан Аскарий бир тараф бўлиб, Ҳиндол билан Ҳумоюнни на Кобулга, на Бадахшонга ва на Ғазни томонларга яқин келтирмасликнинг ҳаракатини қилишяпти.
Қандаҳор ҳокими Қорачахон Комрон мирзо билан аразлашиб қолган, буни эшитган Ҳиндол унга ишончли бекларидан бирини юбориб, иттифоқ таклиф қилди.
— Агар Қорачахон Қандаҳорга таклиф қилса борурмисиз? — деб сўради Ҳумоюн инисидан.
— Сиз буюрсангиз борурмен. Балки бирга кетгаймиз?
Ҳумоюн ўйланиб туриб бош чайқади:
— Мен Гужарат томондан хабар кутмоқдамен. Байрамхон Шерхон асоратидан қочиб Гужаратга борган экан.
— Тирик эканми, а?
— Ҳа, чопари келди. Шерхон уни ўз хизматига олмоқчи экан. Байрамхон бир сўзли одам-да. Мардлик қилибдир, «мен Ҳумоюн мирзога садоқат ваъда қилганмен, сўзимдан қайтолмаймен», дебдир. Шерхон уни узоқ вақт ҳибсда тутибдир. Ўлдирмоқчи бўлган экан, гужаратлик бир одам ёрдам бериб қочирибдир. Гужарат рожалари Шерхонга қарши биргалашиб жанг қилиш учун биз билан иттифоқ тузмоқчи эканлар. Мен рози бўлиб Байрамхонга одам юбордим.
— Унда Қандаҳор Комрон мирзога қолурму? — сўради Ҳиндол.
— Нечун? Агар Қорачахон астойдил таклиф қилса сиз борганингиз маъқул. Қандаҳор бизнинг Эрон билан борди-келди қиладиган энг муҳим қалъаларимиздан. Уни иликдан чиқармаслигимиз керак.
Ҳиндол мирзонинг кўнгли тилаган гап ҳам шу эди. Давлат ишларида ҳозир у акаси билан ҳамфикр эди-ю, бироқ Ҳумоюн ҳозир Ҳамида бонуга ҳаддан ортиқ қизиқиб қолгани ва Хўжа Муаззамни ёнига таклиф қилгани Ҳиндол мирзони хавотирга солиб қўйди. Чунки Ҳиндол ҳали ҳам Ҳамидадан кўнгил узган эмас. Тўғри, қиз унга мутлақо рўйхушлик бермай юрибди. Лекин Ҳиндол мирзо Қандаҳорга борса, ўша ерда ўзига мустақил ҳоким бўлади, акалари узоқда қолади, ҳеч ким унинг оилавий ишига аралашолмайдиган ва раъйини қайтаролмайдиган пайт келади. Ҳумоюннинг ўзи йигирма ёшидаёқ икки хотинлик бўлиб олган эди-ку, Ҳиндол ундан камми?
Ҳумоюн яна Ҳамида бону ҳақида сўз очганда Ҳиндол акасидан ранжигандай бўлиб:
— Бу қиз бизнинг даргоҳда ўсган, — деди. — Бизга сингил бўлса, сизга фарзанддек, ҳазратим. Ҳиндол бу сўзлар билан акасининг хотинлари Бека бегим ва Меважонни эсига солмоқчи бўлди. Ҳумоюн бултур жуда катта товон тўлаб, Бека бегимни Шершоҳнинг асоратидан қутқариб олган эди. Лекин бека бегим анча вақт душман қароргоҳида, номаҳрам эл орасида бўлгани сабабли руҳонийлар унга астойдил бир покланишни маслаҳат бердилар. Бека бегим Маккайи Мадинага бориб келишни ихтиёр қилди. Ҳумоюн уни ишончли одамлари билан ҳажга жўнатганига уч ой бўлди, ҳалигача қайтишгани йўқ. Қизчалари Ақиқа асирликда ҳалок бўлди. Ҳарам аҳлидан Чанд бибини Шершоҳ ўзининг ҳинд саркардаларидан бирига никоҳлаб берди. Меважон билан эса Ҳумоюн ажрашган. Ҳозир унинг ёлғизликдан қийналиб юрган пайти.
Бугун Ҳамидани кўргандан бери Ҳумоюн қуёш нурларининг кўм-кўк япроқларда қандай чиройли жилваланишини қайтадан ҳис қила бошлади, енгил шабада боғ четидан ёқимли гул ҳидини олиб келганини сезди, дарё бўйида булбул сайраётганини эшитди.
Қулоғи алланарсадан битиб қолган одам ҳеч нарсани эшитолмай гарангсиб юргани каби, Ҳумоюн ҳам кетма-кет келган мағлубиятлардан эсанкираб, атрофидаги ҳаётнинг гўзалликларини сезмайдиган бўлиб қолганини энди фаҳмлади. Ахир у хонумонидан айрилиб, Аградан қувилган бўлса ҳам, атрофда ҳаёт давом этяпти-ку. Қорли тоғлар, жўшқин дарёлар, чаманзор боғлар ҳаммаси ўз ўрнида турибди-ку. Мана шу чодирлардан бирида ҳозир Ҳамида
59


бону деган қиз бор. Ҳумоюннинг қалбида сўниб қолган гўзаллик туйғусини шу қиз бирдан уйғотиб юборди. Бу қизни Ҳумоюн нима қилиб бўлса ҳам яна учратади.
— Ҳамида бону хонадонингизда ўсган бўлса жуда соз! — деди у иниси Ҳиндолга. — Эртага ҳаммаларингиз биз турган Самандар боғига ташриф буюринглар. Сиз Султоним бегим билан ҳазрат онангизни бирга олиб боринг. Хўжа Муаззам жиянлари ҳамида бону билан борсинлар. Томоша қилиб, ёзилиб келурсизлар.
Ҳиндол мирзо бу таклифни рад этолмади...
_____________
***
Ҳумоюн турган боғ дарёнинг ўртасидаги хушҳаво оролда эди. У кема билан ўз қароргоҳига сузиб ўтди-да, Жавҳар офтобачи бошлиқ хизматкорларига буюриб, эртаси куни Ҳиндол мирзонинг келишига махсус дастурхон тузатди, боғ йўлкаларини ораста қилиб супуртирди ва майин қум тўшаттирди. У мана шу йўлкалардами ёки сув бўйидаги нақшин толордами Ҳамида бону билан икки оғиз холи гаплашиш умидида эди.
Бироқ, Ҳиндол мирзонинг ўзи, онаси, хотини, бошқа яқин кишилари кемага тушиб келишганда уларнинг орасида Ҳамида бону йўқ эди.
— Хўжа муаззам сиздан узр сўради, — деди Ҳиндол. — Жияни келолмас экан.
Ҳумоюннинг кўнгли ғаш бўлди, лекин дастурхонга овқат тортилиб, қуюқ-суюқ тугагунча бу тўғрида гап очмади.
Султоним бегим канизи билан боғни томоша қилгани кетгач, катта танобий уйда Ҳумоюн иниси Ҳиндол ва унинг кайвони онаси Дилдор бегим учовлари қолди.
— Кечаги қизни нечун бирга олиб келмадингиз?— деб Ҳумоюн инисидан сўради.
— Билмадим... Мен юр деб қистасам, важ кўрсатди.
— Қанақа важ?
— Подшоларни бир марта кўриш етарли эмиш. Иккинчи марта кўрса номаҳрамлик бўлармиш. — Ундоқ бўлса маҳрам қилиб олгаймиз!
Ҳумоюннинг нияти бу даражада жиддий эканидан Ҳиндол изтиробга тушди:
— Ҳазратим, бу қиз ҳам Меважонга ўхшаб беш-ўн ойдан кейин назардан қолса... умри хайф кетгай!..
Ҳумоюн куюниб уҳ тортди-да:
— Мунча толеим паст экан! — деди. — Хотин жўнидан ҳам омадим келмай юрганини ҳазрат аммам фаҳмлар эдилар. Афсуски, ҳозир у киши Кобулдалар. Бултур Жамна бўйида аммам Ҳамидани менга кўрсатганда дуруст эътибор бермаган эканмен. У пайтда ўзим ҳам ҳовлиқиб осмонда юрган эдим, чамаси. Мана энди ерга қулаб кўзим очилди. — Ҳумоюн Дилдор оғачага юзланди. — Ҳазрат бегим, сиз Ҳиндолга қандай она бўлсангиз, менга ҳам шундайсиз. Дардимни сизларга айтмасам, кимга айтай? Мен қачондан бери оқила-ю фозила бир танмаҳрамга зор бўлиб юрибмен. Сиздан илтимос, бегим, Мирбобо Дўст билан гаплашиб беринг, шу қизини биздан дариғ тутмасин!
— Аммо қизнинг ўзи бунга кўнмаса-чи? — деди Ҳиндол мирзо лаби асабий пирпираб. — Мен Ҳамидани кичиклигидан билурмен. Жуда бир сўзли қиз. Мана бугун келмади-ку. Йўқ деса ҳеч ким уни кўндиролмагай!
Дилдор оғача ҳам Ҳиндолнинг ёнини олди:
— Ҳазратим, ҳозир аҳволимиз илгаригидай эмас... Аграда ҳукмфармо бўлган пайтларингизда ҳар бир истагингиз тез амалга ошарди. Сиз қайси қизни хоҳласангиз ҳеч ким йўқ деёлмас эди. Қизнинг кўнглига ҳам қаралмас эди. Аммо ҳозир...
Ҳумоюн хижолат тортиб:
60


— Рост, мен илгари... кўп нарсага осон етишиб ёмон ўрганганмен, — деди. — Энди бу одатни тарк этмоғим керак.
— Тўғри-да, деб Ҳиндол акасининг сўнгги гапини маъқул кўрди: — Отдан тушган одам эгардан ҳам тушмоғи лозим.
Шу билан у акасини Ҳамида бону билан қайта учрашиш фикридан қайтармоқчи эди. Лекин Ҳумоюн яна Дилдор бегимга юзланди:
— Мен аввал қизнинг ўзи билан сўзлашиб, кўнглини билай. Шунга кўмак берсангиз бас... — Хўп, бунисига мен рози, — деди Дилдор бегим.— Эртага ўзингиз боринг.
Eртаси куни пешин намозидан сўнг Ҳумоюн яна кема билан дарёдан ўтиб, Ҳиндол мирзонинг қароргоҳига борди ва Дилдор бегим турадиган каттакон қизил чодирни қидириб топди. Бегим уни чодир ичида ёлғиз қолдирди-да, ўзи Ҳамида бонуни чақириб келишга кетди.
Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтгандан кейин Дилдор оғача ўнғайсиз бир аҳволда ёлғиз қайтиб келди:
— Ҳамида келмади, — деди.
— Нечун? Сабабини айтдими?
— Очиқ айтмайдир. Аллақачон бўйи етган. У тенгилар эр қилиб болалик ҳам бўлди. «Сен ҳам кимгадир маҳрам бўлишинг керак-ку», десам... «Мен илкимни чўзсам, бўйнига етадиган одамга маҳрам бўлиш орзусидамен», дейдир. Сиз унинг учун жуда баландда эмишсиз, илкини чўзса этагингизга ҳам етмас эмиш.
Бундай гапларни унча-мунча қиз айта олмайди, Ҳамида бону чиндан ҳам ақли расолардан эканини Ҳумоюн шу жавобидан сезди. Аммо сўнгги гапнинг мағзини чақолмай, Дилдор оғачадан сўради:
— Камтарлик қилганими бу? Мени интизор қилиб қўйиб, яна ўзини бунча паст олганида қандай маъно борикин?
— Тушунмадингизми, ҳазратим? Ахир подшолар ўз ҳарамларига нисбатан қўл етмас баландликда юргайлар-ку. Биз ҳам умр бўйи худо раҳматли отангизнинг дийдорларига зор бўлиб яшаганмиз. Доим давлат ташвиши-ю уруш-юришлар билан банд эдилар. Улардан бўшаб ҳарамга йўллари тушганда бир эмас, тўрт хотин ёлғиз эрни бир-бирларидан қизғанишадир. Ана шундай хотинларнинг бири бўлиб яшаш илик чўзганда этагига ҳам етмайдиган одамга маҳрам бўлиш деган маънони билдирмайдими, ҳазратим? Ҳамиданинг онаси ҳам «гулдай қизимни хотин устига бермагаймен», деб оёқ тираб турибдир.
Ҳумоюннинг овози алам билан титраб эшитилди:
— Аммо суймаган ҳарамим билан туриш мен учун жаҳаннам эмасми, бегим? Менга бу ҳарамнинг не кераги бор? Ҳаммасидан воз кечгаймен! Ҳамида илкини чўзса етадиган хокисор йигитга айланмоқ учун неки зарур бўлса қилай! Мен дунёга келиб соф муҳаббат нақадар улуғ неъмат эканини энди билмоқдамен. Ҳозир дилим нурдай ёруғ туйғуларга тўлиб турибди. Бу туйғулар пок бўлгани учун сизга ҳам тортинмай сўзламоқдамен, ҳазрат бегим! Мени тегирмон тошидай эзиб ётган мағлубият аламлари, тож-у тахт армонлари — ҳаммаси ҳозир хаёлимдан узоқлашди, худди кечиб ўтилган ботқоқликдек орқада қолди! Олдинда эса дунёнинг барча қувончларини ўзида жам этган бир истиқбол турибдилар. Бу — Ҳамида бону. Не қилиб бўлса ҳам мен бу қизни яна кўрмоғим керак. Меҳримни рад этса ҳам майли, фақат сабабини ўзи айтсин!
Ҳумоюннинг эҳтиросга тўлиб айтган бу сўзлари Дилдор бегимга қаттиқ таъсир қилди. Бегим келини Султонимни ёрдамга чақиришга ва икковлашиб Ҳамидани Ҳумоюн билан албатта учраштиришга сўз берди.
***
Чоршанба куни Султоним ва Дилдор бегим Самандар боғига Ҳамида бонуни чошгоҳ пайти бошлаб бормоқчи эканликларини хабар қилдилар.
61


Ҳумоюн уларни икки томонига серсоя санобар дарахтлари ўтказилган йўлка охирида, заррин нақшлар билан безатилган шийпонда кутиб олди.
таъзим-у тавозелардан кейин Дилдор оғача ва Султоним бегим шийпондан ўнг томонга бурилган йўлка билан дарё бўйига қараб кетдилар, Ҳумоюн билан Ҳамида бону атрофини яшил чирмовуқлар пана қилиб турган шийпонда яккама-якка қолишди.
Ҳамида бону нафармон гулли парчадан қабо кийган. Бошидаги баланд тоқиси четидан елкасига тушган икки ўрим узун сочлари қабосининг этагигача етган. Юзига тутилган оқ ҳарир парда уни янада сеҳрли кўрсатади.
Ҳумоюн қувончини яширолмай:
— Сизни қайта кўрганим учун тангрига шукурлар айтурмен! — деди. — Шу кейинги бир ҳафта мен учун бир йилдек узун туюлди. Мен сизга дилимни очиб сўзлай. Умримда ҳеч бир қизни бунчалик интизор бўлиб кутмаганмен. Ҳамида бону, сиздан ўтинамен, ростини айтинг, мендан не гуноҳ ўтдики, дийдорингизга бу қадар номуносиб кўрдингиз?..
Ҳамида бону чўғдай ёниб турган кўзларини ердан олиб, Ҳумоюннинг юзига қисқа бир назар ташлади.
— Сиздан гуноҳ ўтган эмас...
— Бўлмаса орамизда не монелик бор? Айтинг, мен билай...
— Монелик ҳам эмас... Сиз эъзозлаган пок бир кишининг хотираси... Балки ҳали тирикдир? Ёки тангри раҳматига боргани ростми? Шуни билолмай доғдамен...
— Ким дедингиз? Ким?
— Сизга Чаусада яхшиликлар қилган йигит... инингиз бизни Алварга олиб кетиб қолган эдилар. Биз йўғимизда сиз уни тахтга чиқарган экансиз...
— Низомми?
— Ҳа...
Карамнасадаги ҳалокатли ўпқонлар, кейин Аграда бўлган курашлар, Низомнинг бир кечада дом-дараксиз йўқолгани, Ҳумоюн қанча суриштириб, ҳеч нарсани аниқлай олмаганлиги хотирасига бирдан босиб келди-да, хаёлини бошқа ёққа буриб юборди:
— Мен уни авлиёдай эъзозлаб юрдим-у тўсатдан йўқотиб қўйдим. Агар шу йигит ёнимда бўлса, эҳтимол, кейинги фалокатларга учрамасмидим? Сиз ҳам уни билармидингиз, Ҳамида бону?
— Зарафшон боғида турганда кўрган эдим. Кичкина қизалоқ пайтларимда канизим билан иккимизни қайиғига солиб айлантирган эди.
Ҳамида бону Низом билан ўтган масъуд дамларини ҳозир жуда маъюс бўлиб эслади-да:
— Мени бир ўй эзадир, ҳазратим, — деди. — Мен ўзим билмаган ҳолда эҳтимол... унинг ўлимига ёки... йўқолишига сабаб бўлгандурмен?
— Йўғ-е, нечун сиз сабаб бўлурсиз?
Ҳамида бонунинг қўлида кўзмунчоқлар ва кашталар билан безатилган чиройли атлас киса* бор эди. у кисани секин очиб, ичидан сарғайиб, ҳилвираб қолган бир парча қоғозни авайлаб олди. — ўн кундан бери ҳузурингизга келолмаганимнинг сабаби мана шу мактуб. Буни сиздан яширсам дилим куйди. Айтай десам... Мени ҳаёсиз деб ўйлашингиздан қўрқдим. Агар бу мактубда хотирангизга малол келадиган бирон гап бўлса мени ҳам, уни ҳам кечиринг. Аввал шу илтимосимни қабул қилсангиз, кейин мактубни беришга журъат этгаймен.
— Илтимосингизни бажонидил қабул қилгаймен!
Шундан кейин Ҳамида бону Низомнинг мактубини Ҳумоюнга берди. Мактубда Низом Ҳумоюнни «танти сиймо эканлар» деб мақтагани унга ёқимли туюлса ҳам, аммо Ҳамида бонуни «Офтобим» деб муҳаббат изҳор қилгани, Жамна бўйидаги ўша соҳилда яна бир учрашишга чорлагани ва тўйдан гап очган жойлари тўсатдан рашкини келтирди. Ҳумоюн Низомни авлиё деб юрса, бунақа шайтонлиги ҳам бор экан-ку! Алвардан Ҳиндол мирзони тезроқ чақиртиргиси келиб сабрсизлангани бежиз эмас экан-да!
Ҳумоюн хатнинг охирига етган сари авзойи ўзгариб, қошлари чимирилгани Ҳамида бонуни
62


хавотир қилди. Наҳотки Ҳумоюн Низомнинг тақдири нима бўлганини, бу хат кимларнинг қўлига тушиб, Ҳамида бонуга қандай етиб келганини суриштириб билмасдан олдин икки ёшнинг орасида бўлиб ўтган болаларча мусаффо меҳрга рашк қилса?
Ҳумоюн хатни ўқиб бўлиб бошини кўтарганда Ҳамида куюниб гапирди:
— Кошки бу хат ўша пайтда менинг илкимга бориб теккан бўлса! Нобакорлар буни ҳам ўғирлаган эканлар.
— Нечук? Бу хатни сизга ким берди?
— Отам...
— А?
Ҳамида бону воқеанинг тафсилотларини ҳикоя қилар экан, Ҳумоюн Низомнинг мана шу хат туфайли ашаддий душманлари қўлига қандай тушиб қолганини энди тахмин қила бошлади. Бу хат Алварга борган эмас, ҳамма ёвузлик Агранинг ўзида қилинган. Ҳамида бонулар Алвардан Аграга қайтгунларича Низом йўқолиб бўлган. Ҳумоюн уни бир ой қидиртириб, ҳеч қаердан топдиролмагач, дарёга чўкиб кетган, деган фикрга келган эди. Шунгача Низомнинг хатини яшириб юрган ғаламислар энди у ўлдига чиққанидан сўнг Ҳамида бонунинг ҳам адабини бериб қўйгилари келади. Низомнинг подшолик муҳри босилган мактубини кечаси қоронғида нотаниш бир киши Мирбобо Дўстнинг қўлига тутқизади, «қизингни тийиб ол!» деб ғўлдирайди-ю, ғойиб бўлади. Мирбобо Дўст қўлдан қўлга ўтиб эзғиланган бу хатни ўқиб, ундаги муҳаббат изҳоридан, айниқса, қизининг дарё соҳилида бегона йигит билан учрашганидан дарғазаб бўлади. Ҳамида бонуни қийин-қийноқларга солади. «Дадажон, ўлиб кетган бўлса арвоҳини ранжитманг, менда гуноҳ йўқ, у ҳам болаларча, соф муомалада бўлган» деб, Ҳамида бону отасига йиғлаб изоҳ беради. Кейин онаси орага тушади. Мирбобо Дўст хатни йиртиб ташламоқчи бўлганда, хотини, «ўлган одамнинг хотираси увол бўлмасин, менга беринг!» деб ялиниб, хатни ундан олади-ю, сандиқ тубига яширади. Аминат ёрдамида мактуб ахийри Ҳамиданинг қўлига тегади.
Ҳамида бону бу воқеаларни айтиб берар экан, кўзларида, ёш йилтиради. Ҳумоюн буни кўрганда бояги қизғанчиқ туйғулари энди ўзига ҳам жуда ноўрин ва уятли туюлди. Низомнинг бошига ёмон бир фалокат тушганлиги, уни Ҳамида билан учраштириш баҳонасида дарё бўйига олиб бориб ўлдириб юборганлари Ҳумоюнни энди ларзага солди. Ахир Низомнинг тақдири учун, аввало, Ҳумоюн жавобгар эмасмиди? Тажрибасиз ёш йигитга ҳокимиятни берган у эди- ку? Яхшилик қиламан деб, уни саройдаги ёмон муҳитнинг қурбонига айлантирганидан қандай бехабар қолди?
— Илоҳим Низом тирик бўлсин, — деди Ҳумоюн.— У бўлмаганда мен ўзим ҳозир тирик юрмас эдим.
— Балки тирикдир?... Қандоқ билиш мумкин? Унинг хотираси сиз билан менинг орамда тирик бир дарёдек оқиб турибдир. Шунча кундан бери ҳузурингизга келолмаганим — ана шу дарёни босиб ўтолмаганим сабабли эди, ҳазратим.
Ҳамида бонунинг қанчалик гўзал қалби борлигини Ҳумоюн унинг мана шу сўзларидан сезди. Ҳозир унинг ўзи учун ҳам Низомнинг хотираси муқаддас бир дарё бўлиб туюлди. Энди у ҳам бу дарёни оёқости қилиб босиб ўтолмаслигини, Ҳамида бону турган нариги қирғоққа бошқа бир йўл топиши кераклигини ҳис қилди. Балки бу йўл жуда узоқлардан айланиб келар ва ундан жуда катта сабр-бардош талаб қилар. Лекин Ҳамида бонунинг висолига тезроқ етишмоқчи бўлиб сабрсизланганлари ҳозир унинг ўзига енгилтаклик ва бачканалик бўлиб кўринди. Икковлари ҳам Низом хотираси олдида қарздор эканмилар, энди бу қарзни узишлари керак. Лоақал Низомнинг тақдири нима бўлганини аниқламай туриб, бир-бирларига астойдил кўнгил қўя олмайдилар. Ҳумоюн Ҳамида бонуга Низомнинг хатини қайтариб берар экан:
— Балки жавоб ёзарсиз, Ҳамида бону? — деди. — Агра томонларга яшириқча бориб келаётган одамларимиз бор. Тайинлаб бериб юборгаймиз. Низомнинг ота-онасига Секридан каттагина жогир берган эдик. Низомнинг тақдири қандай бўлганини улар бултурдан бери сўроқлаб
63


билган бўлсалар керак. Бизнинг Аградан чиқиб кетганимизга ҳам етти ой бўлди. Кўнглим сезиб турибдир, одам юборсак, бирон хабарини топиб келгай.
Ҳамида бону Низомга ёзадиган хатининг қўлдан қўлга ўтиб юришини ўйлаб иккиланди.
— Ҳазратим, хат яна... бегоналар илкига тушишидан қўрқамен... Юрак олдириб қўйганимни билурсиз. Балки ўзингиз менинг номимдан ҳам... битиб юборарсиз?
— Майли, Низомга мен ҳам мактуб ёзай. Аммо сиз қўрқманг. Мактубингизни энг ишончли бир одамга бергаймиз. Сурғучлаб бекитгайсиз. Ҳеч ким очмагай. Ахир мактубга жавоб ёзиш — сиз- нинг бурчингиз. Тўғрими?
Ҳамида бону Ҳумоюннинг сўзларига ишонган каби бош ирғаб:
— Миннатдормен! — деди.
Ҳумоюн уни кўшкка бошлаб борди. Ҳамида бону гап-сўзлардан қўрқмай ичкарига дадил кирди. Ҳумоюн Жавҳар офтобачини чақириб пастки айвонга миз ва қоғоз-қалам олиб келишни буюрди. Ҳамида бонуни шу айвонга бошлаб кириб, қоғоз, сиёҳ ва қалам турган миз олдига ўтқазди-да, ўзи хонайи хосга чиқди ва Жавҳар офтобачига яна бир топшириқ берди:
— Филбон Лаъл Чандни чорланг! Тез!
То Лаъл Чанд келгунча Ҳумоюн ҳам миз ёнига келиб мактуб ёза бошлади:
«Менга туғушқонимдек азиз ва муҳтарам Низомиддин!
Худодан илтижо қилурменким, бу хат Сизнинг илкингизга бориб етсин. Бизнинг бошимизга тушган кейинги кулфатлардан хабарингиз бордир. Шулар туфайли Синдда армон-у алам ичида юрганимда бир сабаб билан Ҳамида бонуга ёзган мактубингиздан хабар топдим. Аралашишим лозим бўлмаган бу нозик муаммога фақат Сизни қидириб топиш ниятидагина аралашмоқдамен. Бунинг учун мени маъзур тутинг. Мактубингиздаги розлардан хижолат чекманг, чунки бу бораларда мен сизни ўзимдан юз чандон мусаффороқ ва маъсумроқ деб билурмен. Мен то умрим борича сиздан қарздормен ва кўнглингиз тилаган қандай иш илкимдан келса қилишга тайёрман. Агар даргоҳимизга қайтишни ихтиёр қилсангиз, бош устига, тақдирда неки бўлса бирга баҳам кўргаймиз...»
Айвонда ўлтириб хат ёзаётган Ҳамида бону эса ҳар икки сўздан сўнг бир тўхтаб қолар, Ҳумоюн ҳам шу бинода ўлтирганлиги хаёлидан нари кетмас, низом ҳаётми-йўқми, бундан қатъи назар, икки йигит уни икки ўт орасига ташлаётгандай қийнар эди. Бугунги ҳаяжонли гаплардан сўнг Ҳумоюн унга сирдошроқ туюлар, шунинг учун қиз Низомга:
«Қадрдон оғам ўрнидасиз, — деб ёзмоқда эди.— Орамиз нурдай пок. Фақат менга ёзган мактубингиз туфайли бошингизга оғир кунлар тушмадимикин деган изтиробдамен». Ҳамида бону мактубни қачон ва кимдан олганини баён қилди: «Сизнинг ёғий илкига тушишингизга мен ҳам сабабчи бўлганим учун руҳий азобдамен, — деб давом этди. — Илоҳим ҳаёт бўлинг». Ҳамида бону қисқагина мактубини тугатиб, ўрнидан турганда Ҳумоюннинг муншиси айвонга таъзим қилиб кирди. Ҳамида боя хат ёзганда кўтариб қўйган ҳарир пардани яна юзига туширди. Муншининг қўлидаги сопол идишда хиёл буғланиб турган иссиқ сурғич бор эди.
— Мактубни ёзиб бўлдингизми, бону? — сўради мунши. — Ҳазратим менга сурғучлашни буюр- дилар.
Ҳумоюн Ҳамидани алоҳида жойда ёлғиз қолдириб, истаганича эркин мактуб ёзишга имкон бергани ва мактубини ҳеч ким ўқиёлмайдиган қилиб дарҳол сурғучлатгани қизнинг унга бўлган эҳтиромини янада оширди. Ҳамидани кўпдан бери эзиб юрган ички дард энди оғир тошдай дилидан кўчиб гўё қоғозга тушди ва шу билан руҳига катта бир енгиллик берди.
Бу орада Ҳумоюн ҳам мактубини ёзиб бўлган экан, мунши уни ҳам сурғучлади. Шу орада Жавҳар офтобачи филбон Лаъл Чандни бошлаб келди. Ҳумоюн ҳар иккала мактубни муншининг қўлидан олдида, Ҳамида бонуни ўзининг хонайи хосига бошлаб кирди. Сўнг Лаъл Чанднинг бир ўзини чақиртирди.
_____________
* К и с а — халтача, бугунги тилда — сумка. Кейинчалик киса — кийимга тикиладиган кисса номини олган.
64


***
Бундан ўнг тўрт йил аввал Ғозихоннинг қутқуси билан Бобур аскарларини ўрмонда адаштириб ҳалок қилмоқчи бўлган Лаъл Кумар кейинчалик Лаъл Чанд номи билан Ҳумоюн хизматига кирган эди. Гужаратда Баҳодиршоҳ билан бўлган жангларда Лаъл Чанд минган жанговар фил душман филларининг бирини ўмрови билан уриб ва икки оёқлаб тепиб қулатганини, иккинчисини тишлари билан уриб қочирганини Ҳумоюн ўзи кўрган эди. Шундан бери Лаъл Чандни ўзига хос филбон қилиб олган, Ганга бўйида Чаусада ҳам бу одам унинг Шерхон асоратидан қочиб қутулишига ёрдам берган эди. Лаъл Чанднинг табиб акаси Байжу ўғил- қизлари ва неваралари билан Агра атрофларида истиқомат қиларди. Саккиз ойдан бери Ҳумоюн билан бирга мусофиротда юрган Лаъл Чанд жигарбандларини жуда соғинган, улардан хабар олиб келиш учун «ҳали шошманг, вақти-соати келганда сизни ўзим чақиртиргаймен», деган эди.
Ҳозир подшо чақиртирганидан умидга тўлиб шоша-пиша етиб келган Лаъл Чанд қўлини жуфтлаб боши узра қўйганича таъзим қилди-да:
— Буюринг, ҳазратим! — деди.
— Соҳиб Чанд, сиз Аграга бориб келмоқчи эдингиз. Бироқ Аграда ҳозир Шершоҳ ҳукмрон. Йўллар хатарли...
— Хатарни энди кўрмоқдамизми, ҳазратим! Мен Лахўрга бориб юрмасдан, Ажмирга ўтиб, ундан аграга бормоқчимен. Савдогар қиёфасига кириб филимга бозоргир моллардан юклаймен.
— Саҳро орқали юрсангиз балки филдан кўра туя маъқулдир?
— Менинг филим саҳрода ҳам яхши юргай! Ҳозир салқин, туядан кўра филда тезроқ бориш мумкин.
— Тахминан неча кунда бориб қайтгайсиз?
— Бу ердан Аграгача Ажмир орқали салкам беш юз мил. Ҳар куни ўттиз-қирқ милдан юрганимда... нари-бериси билан... бир ойда келурмен.
Ҳумоюн елкасига олаётган юки бениҳоя оғир эканини бирдан сезиб қолгандай гавдаси майишиб:
— Ўҳ! — деди ва ёрдам кутгандай Ҳамида бонуга мўлтираб қаради. «Наҳотки бир ойгача филбоннинг йўлига қараб, бир-биримиз билан учрашолмай юргаймиз?» деган саволни қиз фаҳмлади. «Начора, бошқа илож йўқ!» демоқчи бўлиб, қиз жавоб қараш қилди. Ҳумоюн қизнинг сўз билан айтолмаган жавобини қатъиятли нигоҳидан пайқади. У Ҳамиданинг хоҳишига қарши боролмай оғир тин олди-да, яна филбонга юзланди.
— Сиз Низомни билар эдингиз. Бедарак кетгани бизни ҳалигача изтиробга солмоқда.
— Ўзи ҳам ажойиб йигит эди, — деб ачиниб эслади Лаъл Чанд.
— Сўнгги ойларда эҳтимол бир хабари чиққандир,— давом этди Ҳумоюн. — Секри томонда ота- оналари турса керак. Аввал уларни топинг. Агар улар орқали Низомни топсангиз, мана шу иккита мактубни илкига беринг-у бизга жавобини олиб келинг.
Лаъл Чанд мактубларни таъзим билан икки қўллаб олди:
— Буларни шундай махфий тутингки, сиз-у низомдан бошқа бирор одамнинг илки ҳам тегмасин, назари ҳам тушмасин!
Ёши қирқ бешларга бориб, узун соқол қўйган, лаблари ва ияги атрофидаги соқол-мўйлабининг бир қисми оқарган Лаъл Чанд кўпни кўрган тажрибали одам эди. Узоқ йўлда унга пул керак бўлишини биладиган Ҳумоюн хазиначини чақириб икки ҳамён олтин бердирди.
— Бири ўзингизга, — деди, — савдогар қиёфасида борсангиз пулсиз иш битиролмагайсиз. Иккинчи ҳамённи эса Низомга бергайсиз. Хазинада унинг кўп олтинлари қолган. Керак бўлса яна олиши мумкин.
— Мабодо, Низомни тополмасам-чи? — деб сўради Лаъл Чанд.
— У ҳолда мактубларни қайтиб олиб келгайсиз, токи сурғучлари бузилмаган бўлсин! — қатъий
65


қилиб деди Ҳумоюн.
— Жонимни гаровга қўйиб бўлса ҳам буйруғингизни бажаргаймен! — деди Лаъл Чанд ва орқаси билан юриб чиқиб кетди. Шундан сўнг Ҳамида бону Ҳумоюнга миннатдор кўзлари билан тикилди-да:
— Олижаноб иш қилдингиз, ҳазратим! — деди. — Энди менга ижозат беринг. Дилдор бегим кутиб қолдилар.
Ҳумоюн уни боққа кузатиб чиқди.
— Аградан хабар келгунча... хайр! — деди қиз.
— Ҳамида бону, Низомга оид гап орамизда қолгани дуруст.
Ҳамида бонуга бу таклиф маъқул тушди. Уйларига қайтаётганларида, Дилдор оғача унинг нима қарорга келганларини сўради. Ҳамида бону Ҳумоюндан бир ойга муҳлат сўраганини, ҳазрат шунга кўнганини айтди. Бошқа гапларни қиз ҳатто онасидан ҳам сир тутди.
***
Икковлари орасидаги бу сир Ҳамиданинг дилига тушган учқун бўлди-ю, илгари сокин турган туйғуларини аланга олдира бошлади. Ҳумоюн боғда ўзини қандай тутгани, шийпонда нималар дегани, кўшкка кирганда айтган гаплари — ҳаммаси Ҳамиданинг хотирасига минглаб суратлардек нақшланиб қолган эди. Энди қаерга бормасин, нима иш қилмасин, ана шу суратларнинг гоҳ униси, гоҳ буниси кўз олдидан беихтиёр ўтиб туради. Йигитнинг эҳтиросли овоз билан, «дунёда ҳеч бир қизни мен бунчалик интизор бўлиб кутмаган эдим», деган сўзлари қулоғига қайта-қайта эшитилади. Ҳар эшитилганда қизнинг дилини яйратиб, ўзидан ифтихор қиладиган даражадаги мамнуният бағишлайди, Ҳамида ўзини энг толейи баланд бир қиздек сезади. Лекин хатарли сафарга кетган филбон Лаъл Чанд эсига тушганда ва Ҳумоюннинг Бҳак- кардаги ишлари кун сайин чигаллашиб бораётганини эшитганда, «нечун Низомнинг мактубини ўртага солдим-у шунча ташвиш орттирдим?» деб ўзидан норози бўларди. Кўнгли мунча нозик бўлмаса нима қиларкин? Рост, Низом унутиб бўлмайдиган йигит эди, Ҳамида ҳозир ҳам унинг хотирасини беҳурмат қилиб босиб ўтолмаслигини сезади. Шу бир ой тезроқ ўта қолса экан, деб кун санайди-ю, ташқи оламда бўлаётган ва ўзларининг тақдирларига таъсир қиладиган воқеаларга ҳар қачонгидан ҳам ортиқ бир мароқ ва изтироб билан қулоқ солади.
Шершоҳ Панжобни олиб, энди жануби ғарб томонларга қўшин тортгани, унинг лашкари ҳозир саксон мингдан ҳам ошиб кетгани Ҳамида бонуга Ҳиндол мирзонинг қароргоҳида бўлаётган гап-сўзлардан маълум эди. Ҳумоюннинг эса бек-у навкарларидан анчаси қочган, яна бир қисми Комрон мирзо томонига ўтиб кетган, ҳозир Бҳаккарда тўрт мингга яқин одами қолган. Ҳумоюннинг атрофидаги адоват ҳалқаси сиқилиб келаётганини, Бҳаккардаги Самандар боғи оромбахш бўлса ҳам, лекин дарёнинг ўртасида жойлашганлиги учун қуршовда қолиши осонлигини Ҳамида бону ҳам сезиб хавотирланарди. Шунинг учун Ҳумоюн ўз қароргоҳини Бҳаккардан жануброққа — Потҳур деган жойга кўчирганда Ҳамидалар ҳам Ҳиндол мирзонинг одамлари қаторида дарҳол ўша мавзега йўл олдилар. Ёнидаги қум саҳросини қуруқ шабада эсиб турадиган, суғориладиган ерларида ҳурмолардан ташқари анорлар ҳам ўсадиган бу хушҳаво мавзеда Ҳумоюн далв* ойининг охирларигача туриб қолди. Ҳиндол мирзо акасига яқин жойга чодир тиккан, Ҳумоюннинг баландликда турган хиргоҳ ва боргоҳлари Ҳамидаларга яхши кўриниб турарди.
Филбон Лаъл Чанд қайтишига ваъда қилган бир ой тугаб бормоқда. Кун санаб юрган Ҳамида: «Филбон Бҳаккарга келса биз йўқмиз, тополмай сарсон бўлиб юрибдими?» деб изтироб чекади. Бироқ Потҳур Лаъл Чанд ўтиб келадиган Тар саҳросига Бҳаккардан кўра яқинроқ эди. Бу ерда тўрт минг одами билан Ҳумоюн келиб тушганлиги атроф қишлоқларда аллақачон овоза бўлган. Ана шу овозаларни йўлда келаётиб эшитган Лаъл Чанд Потҳурни тез топди. Ҳумоюннинг боргоҳи турган баландликка томон филини қистаб ҳайдаб ўтаётганда Ҳамида бону уни кўриб қолди.
66


Орадан бирор соат ўтар-ўтмас Ҳумоюннинг қароргоҳидан Моҳим биби деган ўттиз ёшлардаги жувон Ҳамида бонуни йўқлаб келди. Бу жувоннинг эри Надимбек Ҳумоюн билан бир онани эмган кўкалдош, оға-инидек бирга ўсиб энг яқин мулозимига айланган, Моҳим биби ҳам шу туфайли подшога яқин келиндек бўлиб қолган.
— Ҳазратим илтимос қилдилар, ҳозир бизникига борар экансиз.
— Нечун сизникига? — тушунмади Ҳамида бону.
— У кишининг ўзлари ҳам бизникига келмоқчилар.
Демак, Ҳумоюн иниси Ҳиндолнинг ғашлик қилишини сезиб, бу томонларга келмаган.
Ҳамида онасидан Моҳим бибиларникига бирров бориб келиш учун рухсат олди-да, Моҳим биби билан йўлга тушди. Ҳар бир қадамида: «Низом тирикмикин? Бу ёғи энди нима бўларкин?» деган саволлар хаёлидан ўтиб турарди. Моҳим бибиларнинг чўғдай ясатилган кенг ва ёруғ шомиёнаси тўрида Ҳумоюн уни кутиб ўтирган экан. Ҳамида бону эшикда кўриниши билан ўрнидан турди.
— Қадамингиз қутлуғ бўлсин, Ҳамида бону, бу ёққа марҳамат қилинг! — деб, ўнг томонига тўшалган зарбоф кўрпачани кўрсатди.
Ҳамида бону тортиниб Моҳим бибига ўгирилган эди, у ҳам:
— Ўтинг, ўтинг — деб, қизни ўша зарбоф кўрпачага ўтказди-да, — мен ҳозир! — деб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Икковлари қолганда Ҳумоюн Ҳамидага тўрт букланган бир варақ қоғозни берди:
— Лаъл Чанд олиб келган мактуб. Ўзингиз бир ўқинг!
Ҳамида бону оёқларини тақими остига йиғиб одоб билан ўлтирган куйича мактубни титроқ қўллар билан очди. Низомнинг дастхатини танигандай бўлди.
— Наҳотки? — деб аввал хатнинг тагидаги имзога қаради. «Низом» деган имзони кўргач, — хайрият, тирик экан! — деб энтикди.
Ҳумоюн ҳам яқин бир кишиси тирилиб келгандай қувониб гапирди:
— Сиз сабаб бўлдингиз-у, ҳақиқатни билдик, Ҳамида бону!
Ҳамида хатни синчиклаб ўқий бошлади:
«Унутилмас оғам мирзо Ҳумоюн!
Ўзингиз оғир кулфатларни бошдан кечириб юрган кунларингизда мени ёд этиб махсус одам юборганингиз мажруҳ дилимга малҳам бўлди. Сизнинг мактубингизни ҳам, Ҳамида бонунинг жавобини ҳам йиғлаб ўқидим. Тож-у тахт қандай бало эканки, ҳаммамизга шунча бахтсизликлар келтирди. минбаъд мен шоҳлик даргоҳларига қадам босмасликка аҳд қилдим...»
Низом Афзалбек деган мушрифга иш буюрганини, давлатни бошқаришда тажрибаси йўқ одамни саройдаги малъунлар қандай алдаб қўлга туширганларини, кечаси ўрмонда уни аёвсиз пичоқлаб, уриб, ўлдиргандан баттар қилганларин?