АГРА
НИЗОМ ТАҚДИРИНИНГ ТEБРАНИШЛАРИ
Ҳумоюн дарё ўпқонларидан омон чиққан бўлса ҳам, Ганга бўйидаги мағлубиятнинг ёмон оқибатлари янада даҳшатлироқ ўпқонлар ва гирдобларга айланиб, уни ўз қаърига торта бошлади. Ганга ва Карамнасада сувга чўкиб ўлганларнинг сони етти мингдан ортиқ, Шерхон аскарлари билан жанг қилиб ҳалок бўлганлар ва асир тушганлар эса беш мингга яқин. Маломат устига қўшилган бахтсизлик туфайли Ҳумоюннинг хотинлари Бека бегим ва Чанд биби, Қизи Ақиқа бегим, ишонган саркардаси Байрамхон ҳам Шерхон томонидан асир олинган эди.
Бу шум хабарлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган сари Ҳумоюннинг эл орасидаги обрўси тушиб кетди. Сувга ғарқ бўлиб ўлган марҳумлардан ҳар бирининг отаси, онаси, яқин қариндошлари бор. Улар лоақал ўз жигарбандларининг жасадларини тополмаганидан, тошқин дарёлар кўп ўликларни беном-у нишон йўқотиб юборганидан жизғанак бўлиб куяр эдилар.
42


Аччиқ алам ва мусибат ичида қовурилган азадорлар Ҳумоюндан ихлоси қайтиб қичқиришарди: — Ҳумоюн эпласа подшолик қилсин-да!
— Даф бўлсин бундай ношуд саркарда!
— Келгинди темурийзодадан тўйдик!
— Йўқолсин Ҳумоюн!
— Даф бўлсин!!
— Кетсин юртига, келгинди!!!
Агра атрофида ғулу кўтарган оломоннинг аччиқ гапларини Ганга бўйидан қайтаётган Ҳумоюннинг ўзи ҳам эшитди. Кундуз куни пойтахт аҳолисига кўринишга юзи чидамагани учун Аградаги Ҳашт Биҳишт боғига кечаси қоронғида кириб келди.
Бу ерда уни Хонзода бегим, Гулбадан ва бошқа яқинлари кутиб турган эдилар. Хонзода бегим қоронғида Ҳумоюннинг ўзини кўриб улгурмасидан ширадор овозини эшитди-ю, юраги ҳаприқиб кетди. Ҳумоюннинг овози отаси Бобурникига шу қадар ўхшар эдики, бегим нохосдан унинг товушини эшитса иниси тирилиб келаётгандай ҳаяжонга тушар эди. Ҳозир ҳам то Ҳумоюн бек-у мулозимлардан ажралиб, айвонда мунтазир турган аёллар олдига келгунча бегим ўз юрагининг гурсиллаб урганини эшитиб турди.
Ҳумоюн илгаригидан ҳийла озғин ва хипча кўринди. Ярадор ўнг елкаси ҳали тузалмаган, тўнининг бир енги бўш. У аёлларга чап елкасини тутиб кўришди. Бошига касаба рўмол ўраган, иягига лачак тутган синглиси Гулбаданни тезда танимади.
— Ие, Гулбадан сенмидинг? — деб у билан кейин кўришди. — Илгари тоқида юрар эдинг. Энди лачак тутадиган бўлибсан! Зўрға танидим!
Ҳумоюн ўзини тетик кўрсатиш учун шу гапларни айтди-ю, кейин Хонзода бегим билан хонайи хосда ёлғиз қолганда лаблари пир-пир учиб ўпкаси тўлиб гапирди:
— Хатолик ўзимдан ўтди, ҳазрат амма! Ўзим ношудлик қилдим! Қанча вақтим кайф-у сафо билан ўтди! Шон-шуҳратнниг кетидан қувиб, пешонамга Кўҳинур олмосини тақиб юрганларим!.. Худо бандасини жазоламоқчи бўлса аввал уни ҳовлиқтириб ақлини олар экан. Мен ҳам ақлимни йўқотиб қўйганимни энди билмоқдамен!
Ҳумоюн ҳамма дардини айтиб кўнглини бўшатсин учун Хонзода бегим унинг сўзини бўлмай тоқат билан жим тинглади. У бутун айбни бошқаларга тўнкаб, ўзини оппоқ қилиб кўрсатадиган майда одамлардан эмаслиги бегимга зимдан тасалли берди.
— Ҳумоюнжон, отангиз ҳам қанчалик оғир мағлубиятларни бошдан кечирганини бир эсланг. Сиз-ку шу вақтгача фақат ғалаба завқини суриб юрдингиз. Мағлубият қандай бўлишини энди кўрмоқдасиз. Лекин Самарқандда Шайбонийхон бизни беш ой қамал қилганда не балоларни бошдан кечирмадик!
Хонзода бегим хон асоратида ўтган умрини эслаб оғир «уҳ» тортди. Шу «уҳ» билан у гўё Ҳумоюннинг дард-у ғамини ўзига олгандай бўлди. Олтмиш икки яшар Хонзода бегим шунча азобларни сабр-бардош билан енгиб ўтган бўлса, Ҳумоюн ҳам яна яхши кунларга етишиши мумкиндир. Шу ўй билан Ҳумоюн ўзини хиёл босиб олганда Хонзода бегим унинг юзига оналарча меҳр билан термулди:
— Юз шукурки, барча фалокатлардан омон чиқибсиз.
Ҳумоюн дарёдан тирик чиққандаги нурли туйғу ҳозир яна кўнглини ёритиб қайтиб келди.
— Одам ҳаётнинг қадрини ўлим билан олишганда биларкан, амма! Ҳаёт-мамот олдида шоҳ-у гадо баробар деганлари рост экан. Тож-у тахт, олтин-кумуш, обрў-еътибор ҳаммаси бутунлай ўз аҳамиятини йўқотаркан. Ўша сувчи йигит Низом... ундаги ҳалоллик, поклик, беғаразлик, фидойилик бизнинг ҳеч биримизда йўқ!
Хонзода бегим Низомнинг таърифини эшитган сари уни кўргиси келиб:
— Ўзи сиз билан бирга келдими? — деди.
— Ҳа, ҳозир ота-онасини кўргани кетди. Икки ҳафтадан бери ёнимдан қўймай, ички бекларим қаторида олиб юрибмен. Бойликка қизиқмайдир. Ўзи ҳиндлардан, муслим-у мажусийни
43


баробар кўрадир. Кабир деган бҳақтий шоирга ихлосманд экан. Жалолиддин Румий, Саъдий шеърларини ҳам ёд билур.
— Форсий тилда-я?
— Ҳа, туркийни ҳам ўрганибдир. Туғма истеъдоди бор экан. Зеҳни, ақл-у фаросати мени ҳайратга солди. Ўзи унча кўп мактаб кўрган эмас, фақат тўрт йил таҳсил олган, аммо хати- саводи ўткир. Ҳазрат отамнинг туркий шеърларидан қарийб уч юз байтини менга ёд айтиб берди. Муҳофазасининг зўрлигини шундан билдим. Қарангки, оғир пайтда иниларимни ёрдамга чақирдим, учовидан бирортаси Ганга бўйига бормади. Шунча балолардан омон қайтдим, чиқиб бирортаси кутиб олмади! Мен гуноҳ қилган бўлсам, жазосини тортдим! Энди инилар ҳам тортсин!
— Сиз иниларингизга жазо бермоқчимисиз?
— Иниларим нуқул тахт талашурлар. Ухласалар тушларига подшо бўлиш киргай! Бироқ мен тож-у тахтни иниларимга эмас, ҳинд йигити Низомга бермоқчимен! Шояд ўшанда ҳинд эли бизнинг хатоларимизни кечирса!..
— Вой, бу қандоқ мумкин, Ҳумоюнжон? — Хонзода бегим ҳанг-у манг бўлиб қолди.
— Иниларим шу қадар оқибатсизлик қилганда бегона бир йигит жонини минг хатарга солиб мени қутқарган бўлса, мен уни бошимга кўтариб эъзозласам арзимагайми?
— Лекин сиз унга тож-у тахтни бермоқчисиз-ку! Ахир бобурийлар сулоласи шу билан тугаса... буни айтишга ҳам тил бормайдир!..
— Бунисидан қўрқманг, ҳазрат амма. Мен ёмон хатолар қилдим, отамнинг тожу тахтига ўзимни номуносиб сезмоқдамен! Қалби тоза Низом тахтга чиқиб, уни менга поклаб бергусидир! Ахир жаннатмакон отам ҳам камтар деҳқонлардан чиққан Тоҳирни ҳалол-у поклиги учун ўзига беҳад яқин олар эди-ку. Умрларининг охирида бир гўшада фақат шу Тоҳир билан бирга туришни истаганлари ёдингиздами? Бунинг сабабини мен энди фаҳмламоқдамен.
— Руҳий ларзалар ҳаддидан ошиб, сизни тушкунликка солмишдир, Ҳумоюнжон! Бу қарорингизда шошилманг. Низомни тахтга чиқаришдан олдин Шерхонга қарши куч тўпланг.
— Мамлакат халқи биздан бегонасираса, мен кучни қайдан тўплагаймен, аммажон? Балки ҳиндлар биздан безиб Шерхонга ёрдам бергани учун мағлуб бўлгандирмен? Балки Низомни менга тақдир ўзи ёрдамга юборгандир? Энди мен ҳалол йигитни астойдил эъзозласам, шу билан тагжой ҳиндларнинг кўнглини олурмен, ишончини қозонурмен, кейин улар менга мадад берурлар!
Ҳумоюннинг далиллари кўп, қарори қатъий эканини сезган Хонзода бегим:
— Ахир сиз Низомга... подшолик удумларини ўргатмоғингиз учун фурсат керакдир? — деб сўради.
— Албатта. Давлатни бошқариш осон эмас.
— Унгача мен Комрон мирзо билан бир учрашай. Нечун сизни кўришга чиқмади? Сабабини билайлик. Орада бирон ғубор бўлса тарқатайлик.
— Орадаги ғубор менга маълум. Ҳозир Комрон мирзо мендан ўзини қудратлироқ деб билур. Мен абгор бўлдим. Комрон эса Кобул-у Бадахшон, Қандахор-у Панжобнинг ҳаммасига ҳукмрон бўлиб олди. Энди ўзини подшо эълон қилиб, номига хутба ўқитиши қолди, холос!
— Комрон унчаликка бормас. Наҳотки жаннатмакон оталарингизнинг васиятларини унутса? Хонзода бегим шу ўй билан эртаси куни соябон аравада Комрон мирзо турадиган Гулафшон боғига йўл олди.
***
Комрон мирзонинг иситмаси бор, нам ҳавода қийналиб нафас олар ва ичкарида ўлтиргиси келмас эди. У Хонзода бегимни ҳам гулзорлар орасидаги нақшин толорда қабул қилди. Дастурхонга ҳиндистоннинг норинжи ва хурмосидан ташқари Турондан келтирилган сояки майиз, лавзина ва баргаклар ҳам қўйилган. Хонзода бегим Комрон билан сўрашар экан, унинг
44


йирик гавдаси отасиникига ўхшаб кетишини хаёлидан ўтказди. Тўрт оғайни ичида энг гавдаси йириги, кўриниши салобатлиси ва овози жарангдори Комрон мирзо. У туркий тилнинг нозик товланишларини Ҳумоюндан яхшироқ билади, нотиқлиги ҳам Бобур мирзони эслатади. Тўрт оғайнининг ҳар бирида оталарининг қайсидир хислати ва фазилати бор, лекин нега улар якдил бўлиб бирлашолмайди? Хонзода бегим ана шуни тушунишга интилиб, Комрон мирзонинг гапларига камоли диққат билан қулоқ солди.
— Оғамизнинг мағлубияти ҳаммамиз учун ҳам оғир кулфат бўлди, ҳазрат бегим. Айниқса, хотинлари билан қизларининг асирга тушгани биз инилар учун ҳам мисли кўрилмаган маломат. — Шундай кўргиликлар тақдирда бор экан-да, Комронжон. Ҳумоюн ўзини ўзи айблаб, ич-етини еб ўлтирибдир.
— Ҳатто отамизнинг тахтига ўзларини номуносиб билиб, бошқа одамни подшо қилмоқчи эмишлар, ростми?
Бу сир хуфиялар орқали аллақачон Комроннинг қулоғига етиб келганидан Хонзода бегим ҳайратга тушди.
— Амирзодам, одам оғир кайфият билан ҳар нарса дейиши мумкин. Ҳар қалай, Ҳумоюн сизнинг улуғ оғангиз, шунча фалокатлардан кейин даргоҳига бориб кўнгил сўрасангиз яхши бўлармиди?
— Кечадан бери тобим йўқ, иситмам кўтарилган.
Хонзода бегим Комроннинг кўзи ялтираб, лаблари қуруқшаб турганига энди эътибор берди.
— Худо шифо берсин. Сизга не бўлди?
— Агра ҳавоси менга ёқмади. Жигарим шишган. Табиблар муолажа буюрган. Сал ўзимга келсам, акамиздан албатта хабар олмоқчимен. Ҳозирча сиздан илтимос шулки, оғамизга айтинг, ялангоёқ саққони тахтга чиқариш фикридан қайтсинлар. Бу биз учун яна бир маломат бўлғай. Ахир бобурдай подшоҳнинг яна учта ўғли турганда унинг тахтига қаёқдаги эшкакчи ҳиндини чиқариш — отамизнинг хотирасига-ю бизнинг ҳаммамизга беҳурматлик бўлмагайми? — Саққо жуда пок, авлиёсифат йигит эмиш, Ҳумоюн унинг яхшилигига жавобан шу ишни қилиб, ўз гуноҳларидан покланмоқчи.
— Оғамиз чиндан ҳам кўп гуноҳлар қилган, агар ўзларини астойдил покламоқчи бўлсалар, Маккатуллога ҳажга борсинлар!
Подшони тахтдан тушириб ҳажга жўнатиш — уни ўлимга буюришнинг пардали бир тури саналади, чунки ҳаж йўлида ҳимоясиз қолган тождорни ўлдирадиган қасоскорлар албатта топилади. Комроннинг ўз акасига шундай қисматни раво кўраётганлиги — унинг кўнглидаги ўгайлик адовати қанчалик шафқатсиз тус олганини Хонзода бегимга ошкор қилиб қўйди.
— Амирзодам, Ҳумоюн бундай қисматга ҳеч ҳам лойиқ эмас! Тепамизда отангизнинг арвоҳлари чирқираб қолмасин, Ҳумоюнни ҳалокат чоҳига итарувчи одамлар бўлса, сиз оғангизни улардан ҳимоя қилмоғингиз керак!
— Ҳимоя бундан ортиқ бўлурми, ҳазрат бегим? Ҳозир Аграни, унинг атрофларини бизнинг ўнг беш минг қўшинимиз қўриқлаб турибдир. Акамизнинг беш мингтагина навкари қолган. Агар биз бўлмасак, Шерхон Аграга ҳам қўшин тортиб келарди, ҳалигача уни босиб ҳам оларди!
— Бу гапингиз рост, амирзодам. Шерхондай хатарли душман қаршисида оға-ини якдил, яктан бўлинглар. Подшо оғангиз атрофига йиғилинглар!
— Подшо бўлишни оғамиз эплолмадилар-ку. Буни ўзлари ҳам тан олганлари бежиз эмасдир?
— Энди, ҳар қалай, жаннатмакон оталарингиз Ҳумоюнни ворис тайинлаганлар.
— Раҳматли отам бизга атаб ёзган рубоийларини унутган бўлсангиз мен эслатайми?
Давлат билан шод-у шодмон бўлғайсен, Шавкат билан машҳури жаҳон бўлғайсен! Кўнглингдагидек даҳр аро ком суриб,
Бу даҳр боринча Комрон бўлғайсен.
45


Комрон шеър ўқиганда худди отасининг ўзи бўлди-қолди. Ўша сеҳрли оҳанг, нафосат ва жўшқинликка тўла шоирона руҳ. Ижодда отасига энг яқин турган ўғил — Комрон эканига Хонзода бегим ҳозир яна бир марта ишонди. Аммо ҳаётда-чи? Сўз бир хил-у иш бошқа хил бўлмаса Комрон бошига кулфат тушган акасига нисбатан шунчалик шафқатсиз бўла олармиди? Ҳажга кетсин эмиш-а! Акасини кеткизиб, ўзи тезроқ тахтга чиқмоқчи-да...
Хонзода бегим шу ўй билан Комроннинг ҳузуридан чиқар экан, Ҳумоюн иниларидаги рақобат балосидан қутулиш учун ҳам мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси бўлган ҳиндларга суяниш зарурлигини ич-ичидан ҳис қилди. Нарёқдан Шерхон қиличини яланғочлаб келяпти. Ким шу вазиятда Ҳумоюннинг жонига ора киради? Фақат Низом каби ҳалол ва фидойи одамлар! Зора Низом тахтга чиққандан кейин бутун ҳинд улуси Ҳумоюнга астойдил ён босса-ю унинг мушкулларини осон қилса! Энди Хонзода бегим учун ҳам ягона нажот йўли шу бўлиб кўринди.
***
Низом фақат эртаклардагина бўладиган, одам ишониб-ишонмайдиган ғалати кунларни бошидан кечирмоқда эди. Кеманинг пастки қаватида ўнг олтита эшкакчининг орасида сиқилиб ўтириб ишлашга ўрганган йигит энди подшо саройининг юқориги қаватида олти хонали ҳашаматли жойда яшайди. Ўнлаб хизматкорлар унинг ҳар бир истагини оғзидан чиқар-чиқмас адо этишади. Ётадиган бўлса махсус тўшакчилар, унга гул атри сепилган пуштиранг ипак чойшаблар ёйиб, юмшоқ парқу тўшак солиб беришади. Эрталаб турган заҳоти бошқа хизматкорлар унинг қўлига сув қуйиб ювинтиришади, парча ва зарбоф кийимларни кийдиришади. Айвонда ҳам, боғ йўлкаларида ҳам уни новча, бақувват соқчи йигитлар суиқасдлардан қўриқлаб юришади. Овқат емоқчи бўлса сарой баковули, бовурчиси, чашнагири ва ошпазлари истаган таомини муҳайё қилишади. Илгари Низом умрида бир марта татиб кўришга ҳавасманд бўлган кийик кабоблар, бедана дўлмалар, каклик паловлар ҳозир истаган пайтида тайёр бўлади. Ҳамма хоҳишлари осонгина амалга ошгани сари истакнинг ўзи камайиб боради. Овқатдан кўзи тўйиб қолгани учунми, унинг илгариги иштаҳалари энди йўқ, кўпроқ аччиқ қалампирли нарсаларни ейди.
Низомнинг кўнгли тилаган ҳамма нарсани муҳайё қилиш ҳақида Мирзо Ҳумоюн сарой аҳлига қатъий буйруқ берган. Лекин Низом ўз кўнглидаги энг кучли истакни ҳеч кимга айтолмайди. Ҳамида бону Ҳиндол мирзонинг буйруғи билан Алварга олиб кетилганини келган куни кечаси онасидан эшитгандан бери қандай қилиб қизни Аграга қайтариш ҳақида ўйлайди-ю, ўйининг охирига етолмайди. Иниси Ҳиндол мирзони фақат Ҳумоюн чақириб олиши мумкин. Бироқ Низом ҳамида бонунинг дийдорига муштоқ эканини унга қандай айтади? Низом ҳали Ҳамида бону билан аҳд-у паймон қилмаган бўлса, қизнинг унга қанчалик майли борлигини аниқ билмаса... Ҳозир Низом иззат-икромда юрган пайтида Ҳамида бонуни бир кўрса эди, дилини унга дадил очган бўларди, қизнинг ризолигини олиб, кейин орага одам қўярди. Ана ўшанда Ҳумоюнга ҳам тортинмай дил ёрган бўларди.
Низомни ёнидан қўймай, унга подшолик удумларини ўргатиб юрган Ҳумоюн бу йигитнинг гоҳо ўйчан ва паришон бўлиб қолишини сезди.
— Бирон қизга ошиқмисиз? — деб ҳазил ҳам қилди.— Айтинг, совчи юборайлик.
Низом сири очилишидан хавотирланиб энтикди. Бирдан таваккал қилиб:
— Қизни Алварга олиб кетибдилар, — деди. — Отаси Ҳиндол мирзонинг хизматида эди.
— Отаси ким?
— Ҳамида бонуни Хонзода бегим Ҳумоюнга муносиб кўрган пайтлари Низомнинг эсига тушди. У изтироб ичида:
— Ҳазратим, ижозат беринг, — деди. — Мен қизни... кўриб, ризолигини олмагунча... кимлигини айтмай турай.
Ҳумоюн Низомдаги бу ҳолатни одоб ва камтарлик нишонаси деб билди-ю:
46


— Ихтиёрингиз, — деди. — Аммо инимиз Ҳиндол мени ҳам доғда қолдирди. Аграда биз йўқ пайтда кўп ишларни чалкаштириб кетибдир. Калаванинг учинчи топишда ўзи ёрдам бермоғи керак. Бугун эрталаб Ҳиндолнинг онаси Дилдор оғачани Алварга махсус одамлар билан жўнатдим. «Келсин, гуноҳидан кечгаймен», дедим. Бир ҳафтада ичида Ҳиндол барча одамлари билан Аграга қайтиб келмоғи керак.
Низом қувонч ва ҳаяжон ичида ўрнидан туриб Ҳумоюнга таъзим билан миннатдорчилик билдирди.
Низом ҳар ишда Ҳумоюннинг кўнглига қараб ўрганган эди. Бироқ Ҳумоюн уни яқин кунларда тахтга чиқариш ҳаракатига тушганда Низом аввал ҳайиқди. Наҳангдай каттадаҳан бек-у аъёнларни идора этиш осонми? Аммо Ҳумоюн доим унинг ёнида бўлмоқчи, ҳамма ишни бамаслаҳат амалга оширмоқчи эди. У Низомни қўярда-қўймай ахийри тахтга чиқишга кўндирди.
Душанба куни Низомга Зуҳра юлдузининг рангига мос ҳаворанг ва яшил туслардаги шоҳона либослар кийдирилди. Дасторпеч унинг бошига катта гавҳар қадалган подшолик салласини қўндираётганда Ҳумоюн Низомга овозини пасайтириб деди:
— Бу гавҳар бир вақтлар раҳматли отам Бобур ҳазратларининг саллаларида порлаб турган эди. Ҳазрат Низомиддин, сизга энди ўшал улуғ сиймонинг руҳлари мадад берсин!
Низом ўзиниг «ҳазрат Низомиддин» эканига ишонгиси келмай атрофига бир қараб олди. Шу дақиқалардан бошлаб у гўё икки одамга айланди. Бири ҳамма эгилиб таъзим қиладиган ҳазрат Низомиддин-у, иккинчиси унинг соясидай гоҳ эсга тушиб, гоҳ унутилиб турган аввалги Низом сувчи.
Девонимга барча амирлар, вилоят ҳокимлари, ҳамма аркони давлат тўпланди. Ҳолиса* ерлардан олинган даромадлар, жогирлардан тушган, шаҳар-у қишлоқлардан солиқчилар йиққан курур-курур тангалар тахт қаршисидаги кенг саҳнга — танобий гиламлар устига хирмон каби уйилди. Умрида олтин-у кумуш пулларнинг бундай катта уюмини кўрмаган баъзи одамлар- нинг кўзлари қамашиб кетди.
Ҳазрат Низомиддин тахтга чиқиб ўлтиргач, Ҳумоюн олтин ва кумуш уюмлари олдига келди-да, шу ердан туриб янги подшога таъзим қилди:
— Ҳазратим, биз сафарда эканимизда содиқ одамларимиз бутун вилоятлардан йиғиб тайёрлаб қўйган мана шу бир йиллик давлат даромадларини сизга топширишга ижозат бергайсиз! Вилоятлардан ҳар йили йиғиладиган давлат даромадлари қанчалик кўп бўлишини Низом энди кўрмоқда эди. Жимир-жимир йилтираб турган тангаларнинг ҳар бири деҳқон-у косиблардан қанча зўравонликлар билан олиқ-солиқ тарзида ундириб олинганикин? Эшкакчи Низом бу тангалар йилтирашида жабрдийда бечораларнинг кўз ёшларини кўргандай бўлди. Аммо ҳазрат Низомиддин беш-олти туяга юк бўладиган шунча олтин ва кумушнинг ўз ихтиёрига ўтганидан мағрур.
Унинг чиндан ҳам подшо бўлганига бек-у аъёнларни Ҳумоюннинг таъзимидан ҳам ортиқ ишонтираётган нарса — гилам устидаги олтин-у кумуш уюмлари эди. Кўзни ёндирадиган бунчалик кўп бойлик бирваракайига Низомиддин ҳазратларининг ихтиёрига ўтганлиги бек-у аъёнларга яшин тезлигида таъсир қилди. Зари борнинг зўри бор, деб бежиз айтмаганлар. Боя киноя билан қийшайган лаблар энди дарҳол тўғриланди, кўзларда жиддий эътибор, қизиқиш, ҳатто ҳайиқиш пайдо бўлди.
Тахтга ястаниб чордана қуриб олган ҳазрат Низомиддин ўзини подшо деб тан олган ўнлаб кўзларнинг ҳайиқишидан ғурури ортиб, виқор туйғусидан юраги ҳаприқа бошлади. Шунда аввалги Низом унинг қулоғига секин шипшигандай бўлди: «Ўзингизни босинг, ҳазрат. Мирзо Ҳумоюн сизга тайинлаган мушкул ишларни унутманг. Бу бекларнинг ҳар бири яланғочланган қиличга ўхшаб турибдир. Хато қилсангиз бошингизни кесгай!» Ҳазрат Низомиддин буни қуруқ ваҳима деб ўйлайди: «Eнди мен шу олтин хирмонининг кучи билан энг зўравон бекларни ҳам ўз измимга бўйсундиргаймен!» дейди. Низом уни огоҳлантиради: «Мунча катта кетманг, бойлик
47


— қўлнинг кири, холос. Ахир бу олтин хирмони деҳқон-у косибларнинг насибасидан узиб олиб ясалган-ку. Золим солиқчилар бу тангаларни ундириб келгунча қанчадан қанча зулм ўтказган. Фақир эшкакчи бўлган пайтингизда ўзингиз ҳам қандай адолатсизликларни бошдан кечирганингизни эсланг!».
Бу ички овоздан ҳазрат Низомиддин хиёл ҳушёр тортди-да, қўл қовуштириб буйруқ кутаётган Турдибекка юзланди.
— Жаноб вазир! — янги подшонинг овози ҳаяжондан титраб эшитилди. — Ганга бўйида Чаусада ҳалок бўлган бек-у навкарларнинг етим-у есирлари биздан кўмак кутмоқдалар. Мана шу ерга уюлган тангалардан... — ҳазрат Низомиддин Ҳумоюн билан олдиндан келишиб олган фармойишларни, айниқса, рақамларни бехато айтиш учун бир лаҳза тўхтаб олди. Ҳар қалай, хотирасининг ўткирлиги иш берди. Рақамни аниқ эслади: — Шу пуллардан бир юз-у йигирма минг рупийси ҳалок бўлганларнинг етим-у есирларига рўйхат бўйича расамади билан улашилсин!
— Бош устига, ҳазратим!
Хазиначи ва сармунши подшонинг оғзидан чиқаётган ҳар бир фармойиш ва рақамни махсус дафтарга ёзиб олмоқда эди.
баъзи бек-у аъёнлар «бу олтин хирмонидан бизга ҳам капсан тегса керак!» деган умид билан кўзларини лўқ қилиб туришибди. Одат бўйича, улар янги тахтга чиққан подшодан инъомлар олиб ўрганишган.
— Жаноб хазиначи! — деди ҳазрат Низомиддин. — Катта баркашлардан бирини олтинга, яна бирини кумушга тўлатдириб, мана шу давра бўйлаб айлантиринг. Ҳар бир бек-у мулозим ўнг кафтига сиққанича олтин-у, чап кафтига сиққанича кумуш олсин!
Бир вақтлар эшкакчи Низомни назар-писанд қилмай оёғи билан кўрсатиб юрган бек-у аъёнлар энди у инъом қилган баркашдаги тангаларга ҳирс билан чангал солишди. Сўнг янги подшонинг инъомидан мамнун бўлиб, унга астойдил эгилиб таъзим қилишди.
Ҳазрат Низомиддин подшолик завқидан яйрайди. «Қани энди ҳозир ёнимда Ҳумоюн эмас, Ҳамида бону юрган бўлса!» деган истак қайта-қайта кўнглидан ўтади. Низомнинг ҳазратга айланган пайтдаги обрў-еътибори-ю бойликларини кўрган Ҳамида ундан ифтихор қилиши мумкин эмасмиди? Севган қизинг сендан ифтихор қилганини кўрсанг, энг катта бахт шу бўлмасми?
Бироқ, Низом ҳозир бу бахтдан маҳрум. У Ҳиндол мирзонинг одамлари яна бир ҳафта-ўн кунда Аграга қайтишини сабр-тоқат билан кутиши керак. Аммо ҳазрат Низомиддин сабрсизроқ. У бугун тахтга чиққандан бери ўзини ҳамма ишга қодир сезади, қўлини қаёққа чўзса етадигандай туюлади. Инъом ва эҳсонлардан ортиб қолган олтин-у кумушлар яна бир аравага юк бўладиган даражада кўп. Шунча бойликка эга бўлган одам наҳотки Ҳамида бонунинг дийдорига етишолмай ўртаниб юрса? Дилдор оғача олтмишларга кирган аёл, тез йўл юролмайди, Алварга етиб боргунча қанча вақт ўтади! Ҳиндол мирзо яна куч йиғиштириб қайтиб келгунча... э-ҳе, ким бор-у ким йўқ!
Ундан кўра Низом ўзи Алварга жўнагани яхши эмасми? Аммо ҳозир у — подшо, бир ёққа борадиган бўлса навкар-у қўшин билан жўнаши керак. Ҳамида бонуни кўриш учун қўшин тортиб дағдаға қилиб борса, Ҳиндол мирзо билан уруш қиладими? Буни ўйлашнинг ўзи кулгили.
Низом ҳонайи хосда ёлғиз ўлтириб узоқ хаёл сурди-ю, охири Ҳамида бонуга мактуб ёза бош- лади:
«Осмонимнинг танҳо офтоби Ҳамида бону!
Илгариги Низом бўлсам, сизга бундай мактуб ёзолмас эдим. Сиз шу вақтгача менинг илким етмайдиган юксакликда юрар эдингиз. Ҳозир тақдир мени ҳам олий бир юксакликка кўтарди. Балки эшитгандирсиз, Мирзо Ҳумоюн мени ўзларининг тахтларига муносиб кўрдилар... Қани эди, Жамна бўйидаги ўша соҳилда, Зарафшон боғининг четида яна учрашсак. Шу вақтгача
48


айтишга журъат этолмаган муҳаббатимни ошкор қилсам. Агар юлдузимиз бир-бирига тўғри келса-ю, сиз рози бўлсангиз, кейин тўй тайёрлигини бошласак. Мирзо Ҳумоюн бу ишда ҳам тантилик билан кўмак беришларига ишончим комил.
Сизни соғинган Низом».
Ҳазрат Низомиддиннинг номига махсус шоҳона муҳр ҳам ўйилган эди. Низом ҳали Ҳамида бону билан бирор марта мактуб ёзишган эмас, улар бир-бирларининг дастхатларини билмайди. Бу хатни Низом ўзи ёзганига қиз шубҳа қилмаслиги учун у имзоси ёнига подшолик муҳрини ҳам босди.
Eнди бу хатни Алварга ким етказади? Ҳазрат Низомиддин хазиначини чақиртириб, икки ҳамён тўла олтин тайёрлатди. Бу пулга уддабурон чопарлардан ёллаши мумкин. Лекин Ҳамида бонуга тааллуқли сирни ҳар кимга айтиб бўлмайди. Жуда ишончли одам бўлиши керак. Низом учун саройдаги энг ишончли одам Ҳумоюн эди. «Ҳазрат, сиз Мирзо Ҳумоюнга маслаҳат солинг», деди Низом. Аммо ҳазрат Низомиддин ҳамма нарсани Ҳумоюнга айтиб юрмасдан, баъзи бир нозик ниятларини ўзи амалга ошириши керак эмасми? Биронта муаммони ўзи мустақил ечса нима бўлипти? Қанча уддабурон беклар, навкарлар бор. Подшонинг махфий топшириқларини бажарувчи мушрифлар ундан буйруқ кутиб юрибди. Ҳумоюн Афзалбек деган девқомат бир мушрифни кўп таърифлаган, «осмондан юлдузни олиб кел, десангиз келтиргай, аммо тегирмондан бутун чиқур» деган эди. Ҳозир шу ҳазрат Низомиддиннинг эсига тушди. Бу йигит минглаб навкарлар чўкиб ўлган Карамнасадан соғ-саломат сузиб ўтган. Кейин Аграга келгунларича Ҳумоюнга ва унинг ёнида юрган Низомга кўп хизматлар қилган.
Ҳазрат Низомиддин хуфтон пайти хонайи хосга Афзалбекни чақиртирди. Икки букилиб таъзим қилган новча, серпай мушриф янги подшонинг синовчан назаридан хавотирга тушиб:
— Ҳазратим, буюринг, содиқ қулингизмен! — деди.
— Алварга... Неча кунда бориб келмоғингиз мумкин?
— Агар ёмхоналар чопқир отлардан берсалар, уч кунда, ҳазратим!
Ҳазрат Низомиддин мақсадга ўтишдан олдин бир оз иккиланди. Кетида соядек турган Низом «Eҳтиёт бўлинг, синамаган кишингизга сир берманг!» деб шивирлади. Аммо ҳазрат унга қулоқ солмади.
— Мен сизга буюрмоқчи бўлган ишни, — деб Афзалбекка қатъий тикилиб гап бошлади: — Иккимиздан бошқа ҳеч ким билмаслиги шарт!
— Ҳазратим, буюринг, то ўлгунимча сир сақлагаймен!
Ҳазрат Низомиддин олтин тўла ҳамённи унга узатди.
— Ёмхоналардан от ёллашга қанча пул кетса тортинмай сарфланг, — деди. — Бошқа харажатларга ҳам етгулик олтин олурсиз.
Афзалбек ҳамённи таъзим билан олди-ю, табаррук қилиб кўзига сурди ва тез қўйнига солди. Шундан сўнг ҳазрат Низомиддин Ҳамида бонуга ёзилган мактубини унга берди. Қиз Ҳиндол мирзонинг даргоҳида туришини, Аминат деган канизи борлигини айтди.
— Уқдим, хотиржам бўлинг, ҳазрат. Мен бу мактубнинг жавобини олиб келмоғим керакдур. Шундоқми?
— Агар жавоб ўрнига... қиз ўзи келмоқчи бўлса, соябон аравада канизи билан етказиб кела олурмисиз?
— Ҳиндол мирзонинг даргоҳидан қиз... ўғирлаш жуда хатарли.
«Қиз ўғирлаш» деган сўзлар ҳазрат Низомиддинни сергаклантирди.
Мирзоларнинг орияти ёмон, балога қолиши мумкин. У Афзалбекка соддадиллик билан изоҳ берди:
— Мен у қизга уйланмоқчимен, бошқа ёмон ниятим йўқ!
Афзалбек шу пайт подшо ўрнида аввалги содда эшкакчи Низомни кўргандай бўлди-ю, мийиғида кулимсираб бош ирғади:
— Ҳамма иш кўнглингиздагидек адо этилғай!
49


— Агар шу нозик ишларни бажо келтириб қайтсангиз, бизнинг энг ишонган одамимизга айланурсиз!
Афзалбек янги подшонинг катта ишончидан руҳланиб, унга яна эгилиб таъзим қилди-ю, орқаси билан юриб чиқиб кетди. Аммо шу ёмғир фаслида лойларга ботиб беш кунлик йўлни уч кунда босиб ўтиш азобини ўйлаганда Афзалбекни ғам босди. У ҳам асли бечора бир косибнинг ўғли, саройга катта мартабалар орзусида ишга кирган, лекин олти йилдан бери ўзи истаган даражадаги нуфузли бек бўла олгани йўқ. Низом эса бир неча кун ичида оддий эшкакчидан ҳукмфармо шоҳга айланди. Афзалбекнинг мавқейи яқиндагина ялангоёқ юрган Низомникидан баланд эди. У махсус ишлар мушрифи сифатида подшо кемасида Низомга иш буюрса, Низом таъзим билан бажаришга мажбур эди. Мана энди Низом осмонда. Афзалбек ҳали ҳам аллақанақа пасқамликда юрибди-ю, Низом унинг тепасига чиқиб олиб иш буюряпти. Туриб- туриб, Афзалбекка мана шу жуда алам қилди. Агар у Низомнинг тахтда узоқ ўлтиришига ишонса эҳтимол, бу аламларга қарамай, унинг буйруғини бажарарди ва катта мукофотлар олиш имконини қўлдан бой бермаган бўларди. Лекин сарой ва унинг атрофида юрган миш-миш гапларга қараганда, Низомнинг тахтда ўлтириши жуда муваққат. Уни тезроқ йўқотиш ҳаракатида юрган замона зўрлари кўп. Ҳумоюннинг ўзи ҳам тахтини бошқа одам эгаллаганидан безовта бўлиб юрибди. Афзалбек Алварга бориб келгунча бу саққонинг кавушини тўғрилаб қўйишлари ҳеч гап эмас.*
Ундан кўра Афзалбек ана шу замона зўрларидан бири бўлган пири аъзам Саид Халилнинг дуосини олгани яхши эмасми? Ахир у Саид Халилга қўл бериб мурид бўлган, Ҳумоюн саройида кўрган-билганларини унга махфий равишда етказиб туришга сўз берган.
Афзалбек хуфтон намозидан кейин Саид Халилнинг шаҳар четидаги чорбоғига борди ва ҳазрат Низомиддиндан қандай нозик топшириқ олганини унга бир-бир сўзлаб берди.
— Боракалло, Афзалбек, боракалло! — деб Саид Халил ундан Низомнинг Ҳамида бонуга ёзган мактубини сўраб олди, кўзойнагини тақиб, мактубни чироқ ёруғига солиб ўқир экан: — Ҳў, муҳаббатинг бошингни есин, ҳароми! — деб Низомни қарғаб қўйди. — Номаҳрам йигит билан соҳилларда учрашиб юрган бу қайси беҳаё қиз экан?
— Мирбобо Дўст деганнинг қизи.
— Э, ўша Ҳиндолга дарс берган маҳмадона фақиҳ! Вақти келса унинг ҳам адабини бергаймиз. Бу ялангоёқ саққонинг тахтга чиққани авом халқни жуда қўзғатиб қўйди. Кўча-кўйда юз хил гап. Энди гўё камбағаллар даврон сурадиган пайт келганмиш. Золим бек-у амирлар ҳокимиятдан четлатилармиш. Саққонинг даҳрий отасини зиндонга ташлатганим учун мени ҳам шайхулислом лавозимидан бўшатишармиш. Аммо Низом деган ялангоёқ энди тумшуғидан илинадиган пайт келибдир. Боракалло!.. Алварга неча кунда бориб келурмен, деб сўз бердингиз?
— Уч кунда.
— Демак, уч кундан сўнг... бу саққони қопқонга қандай илинтиришни ўйлаб олмоғимиз керак.
___________
* Ҳумоюн Низом сувчини тахтга чиқаргани кўпчилик тарихий манбаларда, жумладан, Абулфазлнинг «Акбарнома»сида, Жавҳарийнинг «Ҳумоюннома»сида, Гулбадан бегимнинг эсдаликларида қайд этилган. Аммо унинг қанча вақт тахтда ўлтиргани турли манбаларда ҳар хил кўрсатилган. Гулбадан бегим Низомни икки кун подшо бўлган деса, баъзи ҳинд олимлари уни бир ярим ой тахтда ўлтирган, деб ёзадилар.
***
Eрталабдан туя миниб кўчаларга чиққан жарчилар янги подшо Низомиддин ҳазратларининг эл- юртга ош бериши ва очларга нон улашиши ҳақидаги хабарни бутун шаҳарга тарқатдилар. Қатор аравалар қоп-қоп унларни новвойхоналарга ташиб бердилар. Катта дошқозонларда палов пишгунча хушбўй иссиқ нонлар ҳам тандирлардан узилди. Янги подшо номидан бу ишга мутасадди қилиб тайинлаган одамлар тўп-тўп бўлиб келган минглаб кишиларга ош тортдилар,
50


сават-сават иссиқ нонларни мискин-у бечораларга улашдилар.
Кўпчиликнинг оғзида тўсатдан тахтга чиққан ҳинд йигити Низомнинг номи. Минг-минг одамлар бу ҳодисанинг тафсилотини ва Низомнинг қанақалигини билгиси келади. Уни умрида бир марта кўрган ёки у билан бирор оғиз гапиришган киши ҳам дарров одамларнинг эътиборини тортади. Айниқса, ҳунарманд косиблар, сувчилар, ўз меҳнати билан кун кўрадиган турли касб эгалари Низомнинг кечагина оддий эшкакчи бўлганини суриштириб билганлари сари кўнгиллари кўтарилади. Ош еб тарқашаётганларида:
— Илоҳим, тахтда кўпроқ ўлтирсин-у бизга ўхшаган заҳматкашларнинг жонига ора кирсин! — деб астойдил дуо қилишади.
Туш пайти Ҳашт Биҳишт боғидан отланиб чиққан ҳазрат Низомиддин Мирзо Ҳумоюн ва икки юз кишилик мавқаб-у қўриқчилар марказий хиёбондан ўтиб, қозихона ва ҳибсхона томон йўл олдилар. Одатдагидай, подшодан олдинда қўш нақора чалиниб, хос навкарлар йўл очиб борар эдилар. Одамлар ғужғон бўлиб, бир-бирини суриб, итариб, оқ отда ўтиб бораётган янги подшога кўз тикдилар. Дарёларда сузиб ўрганган Низом отда кам юрган, шунинг учун эгар унга ноқулай туюлар, от каттароқ қадам олганда елкаси ва боши силкиниб қўярди. У ҳали бошқа чавандозларга ўхшаб эгарга михлангандай маҳкам ўлтиришга одатланмаган, буни кўрган баъзи бек-у навкарлар ўзаро кўз уриштириб, зимдан лаб буришарди.
Лекин йўл четларига тизилиб турган халойиқ, Низомга ҳайрат аралаш завқ билан тикилади. Навкарликка одам ёллайдиган тавочилар пайтдан фойдаланиб тарғибот юргизадилар. Шарқда Шерхон Аграни босиб олишга тайёргарлик кўраётганини, янги подшога ботир ҳимоячилар кераклигини айтадилар. Илгари аскарий хизматдан ўзини четга оладиган йигитлар ҳам энди кўчадан ўтиб бораётган Низом билан Ҳумоюннинг бир-бирига қилган яхшиликларини эшитганлари сари уларга яқин бўлгилари ва Аграни бирга ҳимоя қилгилари келади. Шу сабабли тавочиларнинг навкарликка одам ёллаши аввалгига нисбатан анча енгил бўлиб боради.
Низом билан Ҳумоюннинг зиндонлар ва ҳибсхоналардаги одамлардан хабар олишга бораётганлари адлия амалдорларини безовта қилади. Аммо ҳазрат Низомиддин оталари ётган зиндонларни кўришга хоҳиш билдиргандан кейин ҳеч ким унинг сўзини қайтара олмади.
Тош деворли баланд қўрғон ҳовлисида ёмғир кўлмаклари совуқ йилтирайди. Зиндонлар ҳовли ўртасидаги тепаликнинг ёнбағирларидан қазилган. Агар зиндонлар текис ердан қазилса деворларига тош-у ғишт қалангани билан ёмғир фаслида сувга тўлиб қолар ва одам яшаши мумкин бўлмас эди. Шунинг учун уларнинг ўраси сув тўпланмайдиган тепалик ёнбағрига ўйиб ишланган, маҳбусларга ҳар замонда нон-у сув бериб туриладиган темир панжаралар ҳам тепага қараб очилади. Унинг устидаги шийпонча томи ёғин-сочин тушмайдиган қилиб ёпиб қўйилади. Лекин тепаликнинг пастида фақат зиндонбонлар кирадиган ва жуда кам очиладиган мустаҳкам темир эшик ҳам бор. Белига қиличдан ташқари қатор калитлар осиб олган зиндонбеги подшонинг буйруғи билан ана шу темир эшикни очди. Деворларига ғишт қаланган нимқоронғи йўлак кўринди. Давтий деб аталадиган чироғбон кирувчиларнинг йўлини ёритди. Низом, Ҳумоюн, Турдибек ва Хўжа Ҳусайн ичкарига қадам қўйдилар. Подшонинг таклифига биноан мавкаб билан бирга келган Саид Халил тисарилиб ҳовлида қолмоқчи эди, Низом унга ўгирилиб:
— Тақсир, сиз киринг, — деди. — Ўзингиз зиндонга ташлатган одамлардан бир хабар олайлик. Ранги қўрқувдан оқарган Саид Халил:
— Ҳазратим, тобим йўқроқ, — деди.
— Тақсирни суяб олинглар, — деб ҳазрат Низомиддин хос навкарларга буюрди.
Барваста навкарлар Саид Халилни икки тирсагидан ушлаб олдилар. Яна битта чироғбон давтий пайдо бўлди ва йўлакни ёритиб олдинда борди.
Йўлакнинг бир томонида зиндонларга кириладиган эшиклар кўринди. Зиндонбеги уларнинг қулфини ҳам очди. Эшик йўлакка қараб очилди-ю, ичкаридан аввал қўланса ҳид чиқди, кейин
51


занжирларнинг шақирлаши ва одамларнинг ғовури эшитилди. Давтий чироқни эшикка яқин тутди. Низом эшик ичкарисига ўрнатилган бақувват темир панжарани энди кўрди. Маҳбуслардан уч-тўрттаси панжара олдига келди. Улардан бири Ҳумоюнни таниб:
— Подшо-ку! — деди. Қолганлар ҳам панжара томонга ёпирилди ва ҳамма бирдан унга арзини айта бошлади. Зиндонбеги:
— Жим! Тартиб билан сўзланглар! — деб шовқинни босди.
Низом отаси билан зиндонда бир йил ётган ва унга қадрдон бўлиб қолган учта одамнинг номини ёзиб келган эди. Отаси унга: «Шу одамлар ноҳақ қамалган, мен бўлган воқеани батафсил эшитганмен, гуноҳлари йўқлигига кафилмен!» — деган эди. Низом салласининг қатидан ўша қоғозни олди-да, унда ёзилган номлардан бирини айтиб, ҳиндчалаб сўради:
— Секрилик Муни Дас борми?
— Бор! Муни Дас мен бўламен, соҳиб!
Оқ оралаган ўсиқ соқоли оғзини бекитиб турган занжирбанд маҳбус темир панжарани чангаллаб, Низомга томон интилди:
— Адолат қилинг, соҳиб! Солиқчилар мени ноҳақ қаматган. Олтита болам бор. Олган ҳосилимнинг учдан бирини давлатга берганмен!
Қўлида очиқ дафтар билан турган қозикалон Муни Даснинг номи ёзилган варақни чироқ ёруғига тутиб ўқиди:
— Хирож билан жузяни* тўламаган! Мунсиф* билан уришиб, уни ҳақорат қилган, шунинг учун қамалган.
— Мунсиф мендан жузя солиғини икки қайта олмоқчи бўлди! Болаларим оч қолмасин деб иккинчи мартасида тўламадим! Мунсиф мени калтаклади, аччиқ устида мен ҳам уни «золимсен!» деганим рост.
— Шиқдор-у мунсифлар орасида золимлар кўп, соҳиб! — деб ичкаридан яна бир маҳбус гап қотди.— Биздан олган олиқ-солиғининг ярмини ҳам давлатга бермагай, кўпини ўзи олиб қолгай! Солиқчилар бойиб кетган!
— Сизнинг исмингиз недур? — деб сўради Низом бу гапларни айтган маҳбусдан.
— Исмим Назир. Ажмирликмен, соҳиб! Мен ҳам золим солиқчилар туҳмати билан зиндонга тушганмен!
Низом қўлидаги қоғ