ГАНГА КЎРГИЛИК
Ҳумоюн оёқ қўйган ер ичига ўпирилиб тушиб, тубсиз ўнгирга айланди. У оёғини тортиб олиб, орқага тисарилди. Қорайиб турган ўнгир лабида қандайдир дарахтнинг илдизи кўринди. Ҳумоюн тубсиз жарга йиқилай деганда шу дарахтдан икки қўллаб тутиб қолди. Бир пайт дарахт ҳам илдизи билан суғурилиб чиқа бошлади. Ҳумоюн жарга қулаб тушишини сезганда қичқириб, босинқираб уйғонди-ю: «Алҳамдулилло, туш экан!» деб хиёл енгил тортди. Лекин ташқарида довул кўтарилганини, тепасидаги чодирни шамол йиқитиб кетгудек қаттиқ силкитаётганини сезди, жала қуйиб, момақалдироқ устма-уст гумбурлаётганини эшитди-да, яна юраги ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетди.
Ганга бўйларида ёмғир фасли бошланган, ҳаво илиқ бўлса ҳам дим, ҳамма нарса намиқиб кетган. Хос чодир эшигига осилган кимхоб парда Ҳумоюннинг қўлига майин ва салқин тегди. Уни бир томонга суриб ташқарига кўз югуртирди.
Қоронғида ҳеч нарса кўринмади, фақат яшин чақнаганда Ганганинг қирғоқларига тошиб чиққан оқиш тўлқинлари таҳдидли ялтираб кўзга ташланди. Дарахтлар довулдан ерга теккудай эгилади, уларнинг қаттиқ шовуллаши орасидан момақалдироқнинг қасир-қусури хийла паст эшитилади.
Ҳумоюннинг чодири турган баландликдан гангага келиб қўшиладиган яна бир дарё — Карамнаса ҳам кўринади. Одатда суви унча кўп бўлмайдиган бу дарё ёмғир фасли бошлангандан бери бўтана селларга тўлиб ваҳимали тусга кирган. Қўшиндаги филбон ва кемачи ҳиндлар Карамнаса дарёсидан жуда қўрқадилар, унга қўл-оёқларини теккизмасликка тиришадилар. Ҳиндларнинг эътиқоди бўйича, Карамнасанинг суви теккан одам бир умр қилган тоат-ибодатидан айрилиб, касофатнинг тагида қолиб кетармиш. Шунинг учун тақводор ҳиндилар Карамнасанинг нариги қирғоғига ўтмоқчи бўлсалар, ирим қиладилар — унинг ўзидан эмас, Гангага қуйилган жойининг нарёғидан кема билан айланиб ўтадилар.
Бу ҳодисани бундан ўн йил олдин мана шу Карамнаса бўйида отаси Бобур ҳам кўрганини ва ўз эсдаликларида ёзиб қолдирганини Ҳумоюн билади. Бунақа иримларга ишонмайдиган Бобур мирзо ҳозир Ҳумоюн турган жойни қўшинига қароргоҳ қилиб танлаб, бир ҳафта турган ва шу атрофдаги ёвларини енгиб, Аграга ғалаба билан қайтган эди.
Шунинг учун Ҳумоюн тақводорларнинг иримидан кўра отасининг тажрибасига кўпроқ таянди. Уч тарафи дарё билан тўсилган баланд тепаликлар уни душманларидан асрайдигандек кўринди. Беклар ҳам «фақат қароргоҳнинг жануби шарқ томонига соқчилар қўйилса кечалари тинч ухлаш мумкин...» дейишди.
Лекин ҳозир ёмғир челаклаб қуяётган ва довул чодирларни йиқитгудек бўлаётган пайтда Ҳумоюн тушида кўрган даҳшатли воқеани эслади-ю, яшин ёруғида ялт этиб чақнаган тошқин дарёлар ҳалқаси бирдан унинг ваҳмини келтирди. Уч томондан тошиб чиқаётган дарёлар уни тўртинчи тарафдан бостириб келадиган ёвларга тузоқ бўлиб тутиб берадигандек туюлди. Ё алҳазар! У нега ўз оёғи билан бу дарёлар орасига кириб қолди? Отаси бу ерни қароргоҳ қилган пайтларда ҳаво қуруқ, дарёларда сув оз, бу атрофда Шерхондай хатарли ёв йўқ эди-ку.
28


Ёши ўттиш бирга кирган Ҳумоюн ўсмирлик йилларидан бери жуда кўп таҳликали жангларни кўрди, турли-туман ёвлар билан олишиб, ҳали бирор марта енгилгани йўқ. Лекин Шерхонга келганда унинг шижоати ҳам, жангларда орттирган тажрибаси ҳам иш бермай қўйяпти. Вақт ўтган сари Шерхоннинг қудрати ортиб, Ҳумоюннинг иши орқага кетаётгандай бўляпти. Ҳумоюн тўшаги турган жойга қайтиб, қоронғида ёстиқни қўли билан пайпаслаб топди. Ёстиққа қайта бош қўяр экан, ташқарида хуруж қилаётган шамол, жала ва момақалдироқ шовқини орасидан Шерхон унинг кўзига кўриниб кетгандай бўлди.
Қошлари қалин, кўзлари кўкиш, қирра бурун, калта қирқилган соқоли ва қайрилма мўйлови ўзига жуда ярашган дуркун гавдали Шерхоннинг қарашларида бургутни эслатадиган бир ифода бор. Ҳумоюн уни биринчи марта бундан ўн уч йил бурун Жамна бўйидаги зиёфатда кўрган эди. Бобур мирзо Секридаги ғалабаси шарафига жуда катта ош берган, унга ҳамма беклар ўз сипоҳилари билан таклиф қилинган эди. Жунаид барлос деган амир ўз хизматига ўтган афғон сипоҳилари қаторида Шерхонни ҳам бу зиёфатга олиб келган эди. Бобур Шерхонни биринчи кўришдаёқ «ҳокимият талашадиган сиёқи бор» деган, Ҳумоюн буни эшитган эди.
Аммо у пайтларда Шерхон ҳали ўттиз-қирқта йигитга бош бўлган кичик сипоҳилардан эди. Унинг Сасарамда отасидан қолган ер-мулки бор экан. Бироқ отаси ўлгандан сўнг ўгай она ва инилари Шерхонни бу мулкдан маҳрум қилмоқчи бўладилар. Шерхон ота мулкини ўгай иниларидан тортиб олиш учун Бобурдан ҳимоя сўрайди. Банорасдан шарқдаги Ғозипур деган жойда у Бобур ҳузурига қимматбаҳо совғалар билан арзадошт кўтариб киради*. Бобур унинг марказий ҳокимиятдан узоқроқда, чет вилоят бўлган Сасарамда заминдор бой бўлиб юришини афзал кўради, ота мулкини унга хатлаб беради.
Ўшанда қирқ ёшда бўлган Шерхон ҳисоб-китобни ва хўжалик юритишни яхши билар, Сасарамдаги бетартиблик ва порахўрликни ёмон кўрарди. У шайх Саъдийнинг кўп шеърларини ёд биладиган ўқимишли киши эди. Сасарамдаги деҳқонларнинг ерини ўлчаш, ҳосилини бехато ҳисоблашда ва солиқчиларнинг бебошлигини йўқотишда кўпгина янги тадбирларни амалга оширди. Хайрихоҳлари уни «Шерхони одил» деб атайдиган бўлдилар. Бу орада Бобур вафот этди-ю, марҳум Иброҳим Лодининг иниси Маҳмуд Лоди қасоскор афғонларни атрофига тўплаб, Ҳумоюнга қарши исён кўтарди. Маҳмуд Лоди Бихар ва Сасарамни ҳам ўзига мажбуран қўшиб, Ҳумоюнга қарши урушга бошлаб борди.
Шерхон бу урушдан мутлақо манфаатдор эмас эди. Лодилар афғон бўлсалар ҳам, сур қабиласи уларга бўйсунишни истамайди. Иброҳим Лодидан кўрган жабр-у зулмлари Шерхоннинг эсидан чиққан эмас. Шунинг учун Далахруа деган жойда Маҳмуд Лоди Ҳумоюн билан юзма-юз туриб жангга киришган пайтда Шерхон усталик билан ўзини четга олди-ю, барча навкаларини уруш майдонидан олиб чиқиб кетди. Лодилар бу жангда Ҳумоюндан енгилдилар ва кейинчалик Шерхонни хиёнатда айбладилар. Шерхон эса Ҳумоюнга хат ёзиб, бир вақтлар Бобур подшо Сасарамдаги ота мулкини унга олиб бергани ҳурматига шундай қилганини билдирди. Аслида эса Маҳмудхон билан Ҳумоюн бир-бирини банд қилиб турган пайтдан фойдаланиб Ганга бўйидаги энг муҳим ҳарбий қалъа— Чунорни ишғол қилиш ниятида эди.
Чунор илгари Тожхон исмли афғон ҳокимининг қўлида эди. Шерхон беш йил бурун Тожхонга ҳам сипоҳий бўлиб хизмат қилган, ўша пайтда унинг гўзал хотини Лод Малика билан танишган эди. Тожхон оилавий низолар гирдобида ҳалок бўлгандан кейин Шерхон Лод Маликага махфий одам юборди, уни кўпдан яхши кўришини ва унга уйланиш орзусида эканини билдирди. Шерхоннинг аёлларни мафтун қиладиган баҳодирона жозибаси Лод Маликанинг ёдидан чиқмаган экан. Орада турган махфий одам Шерхонга ижобий жавоб келтирди. Далахруада Маҳмуд Лоди Ҳумоюн билан ҳаёт-мамот жангини қилаётган пайтда Лод Малика Чунор дарвозасини уруш майдонидан яширинчи чиқиб келган Шерхонга очиб берди. Шерхон Лод Маликага уйлангач, унинг ёрдамида Чунорга Тожхон томонидан беркитилган яширин хазинани ҳам қўлга туширди. Бу хазинадан 150 ман* олтин, 7 ман марварид, яна талай жавоҳиротлар топилди. Шерхон бир кунда қўлга киритган бойликнинг баҳоси тўққиз юз минг рупий эди.
29


Шерхон бу бойликларни босиб ётадиган зиқна одам эмас, унинг мақсади мустақил ҳукмдор бўлиш. Шерхон Чунор қалъасида қўлга киритган олтинларга минглаб янги навкарлар ёллади, қурол-яроғлар сотиб олди. Лодилар ва бобурийлардан норози бўлган қанчадан қанча ёлланма аскарлар Шерхон томонига ўта бошлади. Айниқса, у Чунор қалъасини эгаллагандан кейин Ҳумоюн шарқдаги Бихар ва Банголадан узилиб қолди. Йўлни очиш учун у Чунорга қўшин тортиб келди ва Шерхонни қамал қилди. У пайтда Ҳумоюннинг қўшини Шерхонникидан икки баробар кўп эди. Замбараклар ва тўфанглар қалъа ҳимоячилари устига шундай ўқ ёғдиришдики, Шерхон шиддатли ҳужумларга туриш беролмай қолди. Орадан икки ой ўтгач, Шерхоннинг элчиси ичкаридан оқ байроқ кўтариб чиқди ва Ҳумоюннинг ҳузурига келиб, шафқат сўради. Ҳумоюн рақиби билан юзма-юз туриб сўзлашмоқчи бўлди-ю, элчига: «Шавқат керак бўлса Шерхоннинг ўзи ҳузуримизга келсин!» деди. Жанг тўхтатилган, лекин Шерхон Ҳумоюн ҳузурига келса ҳибсга олинишидан ҳадиксираб, ўзининг ўрнига йигирма саккиз яшар ўғли, жанговар саркарда Қутбхонни юборди. Қутбхон Ҳумоюн олдида ер ўпиб, садоқат изҳор қилди. «Отам бошлиқ сурлар минбаъд сизга қарши бош кўтармаслиги учун мана, мен кафилмен, барча навкарларим билан сизга тоабад хизмат қилурмен», деди. Ҳумоюн Қутбхонни уч юз навкари билан ўз ихтиёрида қолдирди. Шерхон эса оиласи, кўч-кўрони ва одамларини Чунордан олиб чиқиб Бихар вилоятидаги ўз мулкига жўнади.
Қутбхон ва унинг навкарлари Ҳумоюн аскарлари билан икки йил бирга хизмат қилди, Гужарат ва Чампанирда Баҳодиршоҳ билан бўлган жангларда жасорат кўрсатиб, инъомлар олди. Шерхон ҳам бу орада Бихарда тинчгина юрди. Ҳумоюн бурноғи йили Чампанирдан Аграга қайтгандан кейин Қутбхон ота-онасини кўриб келиш учун ундан рухсат олди-ю, Бихарга кетганича қайтиб келмади. Орадан беш-олти ой ўтгач, Шерхон ўғли билан яна Банголага қўшин тортиб боргани ва Чунорни қамал қилаётгани маълум бўлди. Ҳумоюн Қутбхонга жавоб бериб хато қилганини, ҳозир у отаси Шерхон билан энг хатарли душманга айланганини кейин билди. Қутбхон икки йил Ҳумоюн аскарлари сафида юриб, унинг барча заиф томонларини ва ички зиддиятларини билиб олган. Энди ота-бола бирлашиб, Ҳумоюннинг энг бўш жойларини топиб, зарба бермоқдалар.
Шерхон ўз ишига шунчалик пишиқ эканки, Ҳумоюнни Аградан мумкин қадар узоқларга олиб кетиб, ҳамма жойда бирон балога гирифтор қиляпти. Ҳумоюн бу гал Чунор қалъасини олти ой қамал қилиб, катта талафотлар билан олди. Бу орада Шерхон Банголани эгаллади. Ҳумоюн уни таъқиб этиб Банголага борса, Шерхон бу вилоятда бор хазиналарни шип-шийдам қилиб, ундан Гаурига ўтибди. Ҳумоюн ёз иссиқларида машаққат чекиб Гаурига борса, Шерхон у ердаги хазинани ҳам талаб, қўлига илинган бойликларни йиғиб, Рохтас деган тоғ қалъасига қочиб кетибди.
Ганганинг жанубидаги бу қалъа асли Кришан Рой деган ҳинд рожасининг мулки эди. Шерхон ўз қўшинида хизмат қилаётган нуфузли ражпут саркардаларидан бирини орага қўйиб, Кришан Ройдан аввал фақат ўз хотинлари ва болалари учун бошпана сўради.
— Ҳумоюн биздан ота юртимиз Бихарни тортиб олди, аёлларимиз хонумонсиз жанг майдонида қолди, бу шафқатсиз темурийзода бизни енгса эрта-индин Рохтасга ҳам қўшин тортиб боргай, сиз хотин-болаларимизга қалъадан жой берсангиз, биз душманнинг Рохтасга борадиган йўлини тўсгаймиз, — деди.
Кришан Рой бу гапга ишонди ва аёл кийимидаги отлиғ-у пиёда бир минг икки юз кишилик оломонни Рохтас қалъасининг дарвозаларидан ичкарига киргизди. Аёллар билан бирга кўч ортган юзлаб соябон аравалар ҳам келмоқда эди. Улар ҳам ичкарига кириб олади. Шунда маълум бўладики, аёл кийимидаги «бошпанасиз бечоралар»нинг кўпчилиги — Шерхоннинг қуролли навкарлари экан. Соябон аравалардаги кўчлар орасидан қуролли йигитлар сакраб- сакраб тушдилар-у ғафлатда қолган Кришан Ройни ўраб олдилар. Шерхоннинг ўзи йўқ, бу ҳарбий ҳийлани амалга оширган унинг ўғли Жалолхон Кришан Ройга шундай деди:
— Рохтасни биз жанг билан ҳам олишимиз мумкин эди, ундан ҳам каттароқ Чунор қалъасини
30


олганимиз сизга маълум, лекин қон тўкилмасин дедик, сизнинг мол-у жонингизга тегмаймиз, нимани истасангиз бир кун ичида олиб чиқиб кетинг, сизнинг водийда бошқа мулкингиз бор, бизга эса Рохтас жуда керак!
Кришан Рой Рохтасни ташлаб кетишга мажбур бўлади. Шерхон Чунор ва Гаурда ўлжа олган барча олтин-у кумушларини шу қалъага келтириб бекитади. Хотин-у бола-чақаларини ҳам Рохтасга жойлаб, ўзи тоғ этакларида янги жанглар учун куч тўплай бошлайди.
Рохтасдаги воқеани Гаурда туриб эшитган Ҳумоюн Шерхоннинг Мовароуннаҳрда шунақа ҳий- ла-ю найрангларни кўп ишлатган Шайбонийхонга ўхшаб кетадиган айёрлиги борлигини хаёлидан ўтказди. Назарида, Шерхон энди Рохтасни қўриқлаб ётадиганга ўхшарди. Ҳумоюн уни таъқиб қилиб Рохтасга бормоқчи эмас, чунки Банголада тартиб ўрнатиш ва Гаурда давлат ишларини изга солиш ундан жуда кўп вақт талаб қилди. Ҳумоюн Гаурда тўққиз ой қолиб кетди. Ёмғир фасли тугаб, кузги салқинлар ва қуёшли қуруқ кунлар бошлангандан сўнг бу ернинг ҳавоси унга бениҳоя латиф туюлди. Ҳумоюн Гаурда давлат ишларини изга солиб, янги боғларнинг тархини чиздирди, шаҳарнинг энг хушҳаво жойларига кўчатлар экдирди, кайфи чоғ пайтларда гаурга «Жаннатобод» деган ном берди. Лекин сал ўтмай Аградан келган шум хабарлар Ҳумоюнни дўзах азобига сола бошлади.
Ҳумоюндан аразлаб кетган Зоҳидбек, шайхулислом Саид Халил ва бошқа фитначи беклар билан Аграда тил бириктириб, Ҳиндол мирзонинг қаноти остига киради-ю, Ҳумоюн пойтахтга ҳоким тайинлаб келган Амир Баҳлулни ўлдиришади. Улар ўн саккиз ёшли Ҳиндол мирзони Агра тахтига чиқармоқчи бўладилар. Бу гапдан Лахўрдаги Комрон мирзо хабар топиб, дарҳол Аграга қўшин тортиб келади. «Мен турганда сен тахт даъвосини қилма!» деб укасига дўқ уради.
Ҳали Ҳумоюн тирик пайтда укалари Аграни талашишгача бориб етгани Ҳумоюнга вазиятнинг нақадар оғирлашганини, Гаурда тўққиз ой туриб қолгани катта бир хатолик бўлганини кўрсатди. У аскарининг озроқ бир қисмини Бангола ҳимояси учун қолдирдида, асосий қўшин билан Ганганинг шимолий қирғоғи бўйлаб Аграга йўл олди.
Орада Патна ва Банорас бор. Аграгача қирқ кунлик йўл. Шерхон ишғол қилган Рохтас қалъаси дарёдан анча узоқдаги тоғларда эди. Ҳумоюн Аграга шошилинч қайтаётганидан хабар топган Шерхон тоғдан тушиб келиб, дарёнинг жануб қирғоғидан уни таъқиб этиб бора бошлади. Сўнгги бир йил ичида кучлар нисбати Шерхон фойдасига ўзгарган, Ҳумоюн чекиниб борарди. Шерхон орқадан гўё писиб, ҳамла учун пайт пойлаб келар эди. Ҳумоюн Патнага етганда Аграга юборган чопари қайтиб келди. Ҳиндол мирзо ҳаяжонли мактуб ёзиб: «Ҳазрат оғажон, менинг ҳақимдаги ёмон овозаларга зинҳор инонманг, — дебди. — Инингизнинг барча ҳаракатлари сизнинг Аградаги ҳокимиятингизни сақлаб қолишга қаратилгандир. Кўрнамак Амир Баҳлул порахўр экан. Шерхоннинг одамларидан ҳамён-ҳамён олтин олиб, сизнинг қурол- яроғларингизни ғанимингизга яшириқча сотар экан. Биз аравадаги тахталар тагига яширилган совутларни, қалқонларни, тиғларни топиб олдик, Амир Баҳлул айби очилганидан қўрқиб Шерхон томонга қочиб кетаётганда ўқ тегиб ўлди. Мен Аграда эканмен, оғамиз Комрон мирзо ҳам сизнинг тож-у тахтингизга дахл қилолмагай. Тезроқ етиб келинг. Йўлингизга интизор содиқ инингиз Мирзо Ҳиндол бинни Бобур подишоҳ».
Ҳумоюн кимга ишонишини билмай қолди. Шерхоннинг ўзи аградан шундай узоқларда юрганда наҳотки унинг махфий одамлари Амир Баҳлулдай бадавлат кутвални олтинга сотиб ололган бўлса? Ёки фитначилар Ҳиндолни алдаб, Амир Баҳлулни ёлғондан порахўр қилиб кўрсатишганми? Узоқдан туриб буни аниқлаб бўлмас эди.
Ҳумоюн барча одамлари билан Чауса яқинида Ганганинг ўнг қирғоғига ўтгунча Шерхон аскарлари қорасини кўрсатмади. Ҳумоюн Карамнаса ва Ганга оралиғидаги тепаликларни қароргоҳ қилиб, қўшинини жойлаштиргандан кейингина жануби шарқдаги очиқ саҳнда бирдан Шерхоннинг қўшини пайдо бўлди. Бу орада ёмғир фасли бошланиб, дарёларда сув кўпайиб кетди. Энди уч томондаги дарёлар ҳалқасидан осонликча чиқиб кетиб бўлмайди, тўртинчи томонини эса ёв лашкари бекитиб олди. Ҳумоюн одамларини ҳаёт-мамот жангига шайлаб, энг
31


сара аскарларини, ҳарбий филларини Шерхон турган томонга жойлаштирди ва унинг ҳужумини кутди. Шу вақтгача мудом Ҳумоюн ҳужумда эди. Энди у ҳужум қилиш навбатини шерхонга бергандек бўлиб бир ҳафта кутди, бир ой, бир ярим ой кутди. Аммо Шерхон ҳужум қилмади. Чунки вақт Шерхоннинг фойдасига ишламоқда эди. Ҳумоюн қароргоҳида ўн мингдан ортиқ одамларни ва улардан икки баробар кўп от-уловни боқиш учун ғамланган захиралар тугаб бормоқда. Дарёлар захидан ва ёмғир фаслининг рутубатидан касалга учраб сафдан чиқаётган навкарлар сони эса тобора кўпайиб кетяпти. Атрофдан келадиган ёрдамнинг йўлини тошқин дарёлар ва Шерхон қўшини тўсиб турибди.
Шерхон икки ой деганда ҳам ҳужумга ўтмагач, Ҳумоюн орага одам қўйиб: «Биздан не тилаги бор, айтсин», деди. Шерхон ўтган куни Ҳумоюн қароргоҳига ўз элчисини юбориб, ундан Чунор қалъасини ва Бихар вилоятини сўради. Бихар ҳозир ҳимоясиз қолган, Ҳумоюн ўз қўшинини Аграга олиб кетгач, бу вилоятни Шерхон яна ишғол қилиши шубҳасиз. Аммо шарқий вилоятларнниг қулф-калити бўлган Чунорни Шерхонга жангсиз топширишни ўйлаганда Ҳумоюннинг бутун вужуди зирқираб кетди. Ахир бу қалъани олгунча олти ой жанг қилиб, озмунча талафот берилдими?
Ҳумоюн Шерхон элчисига аниқ жавоб бермади, ўйлашиб, кенгашиб, ундан сўнг ўз қарорини махсус одамлар орқали маълум қиладиган бўлди. Кечаги машваратда кўпчилик беклар Чунорни Шерхонга қайтариб беришга қарши чиқдилар. Шунча азоб тортиб қўлга киритган энг муҳим жойлари Чунор бўлса-ю, уни ҳам Шерхонга жангсиз топшириб кетсалар, Аграга қайси юз билан қайтишади? Одамлар уларнинг устидан кулишмайдими?
— Нодонлар кулгисига эътибор бермаслигимиз керак, жаноблар! — деди Байрамхон. — Ҳозир вазият биздан қурбон талаб қилмоқда. Биз мана бу дарёлар сиртмоғидан эсон-омон чиқиб, Аграга қайтсак, у ердаги ихтилофлар бартараф бўлса, кейин Чунорни яна қайтариб олишимиз ҳеч гап эмас!
Ҳумоюн Байрамхоннинг бу фикрига қўшилмади, кўпчилик беклар подшонинг тарафини олди. Бироқ ҳозир шариллаб қуяётган ёмғир тагида, довул кўтариб кетгудек бўлаётган чодирда уйқусизликдан қийналиб, гоҳ у ёнбошига, гоҳ бу ёнбошига ағдарилар экан, Байрамхон билан эрталаб яна бир гаплашгиси келди.
Азон палла подшонинг хиргоҳига чақирилган Байрамхон эшик олдида таъзим қилиб юкунди. Ҳумоюн унга ўнг ёнидан жой кўрсатди. Байрамхоннинг ўсиқ қора соқоли ва буғдойранг юзига тикилиб:
— Бугун туни билан ухлай олмай тўлғониб чиқдим, — деди. — Ёмон тушлар... Сиз айтган қурбонлик... Чунор... бағримдан бир парча этни юлиб олиб ғанимга бергандек оғир... Мабодо биз Чунорни топширсак, Шерхон қаноат қилармикин? Бангола билан Гаурни тинч қўярмикин? Агар шу ҳақда битим тузсак, Шерхон сўзида турармикин?
— Ҳазратим, — деди Байрамхон. — Агар фақирга ваколат берсангиз, Шерхоннинг олдига Қуръонни қўйиб сўз олмоғим мумкин. Ахир у ҳам мусулмон-ку!
— Шерхон Банголага тегмаса, майли, Чунорни берайлик. Биздан вакил бўлиб боринг.
Ҳумоюн ўз қароргоҳидаги энг нуфузли уламолардан бўлган ва Шерхон бир вақтлар назр- ниёзлар бериб, фотиҳасини олган Хўжа Ҳусайнни Байрамхоннинг ёнига қўшиб элчиликка юборди.
___________
Тушга яқин ёмғир тинди-ю, булутлар орасидан кўм-кўк осмон ва иссиқ ёз офтоби кўринди. Ганга ҳали ҳам узоқларда ёғаётган жала сувларига тўлиб, лойқаланиб оқаётган бўлса-да, ер
32

аста-секин қурий бошлади.
Байрамхон Ганга жанубидаги кенг текислик орқали шерхоннинг қароргоҳи томон отлиқ борар экан, ёмғирдан кейинги ҳавода бўлиқ ўт-ўланлар ва ранг-баранг дала гуллари қанчалик қулф уриб, яшнаб турганини, осмон тўла қушлар нақадар яйраб учаётганини кўрди-ю, ўзича бир хўрсиниб олди. Ҳинд ери ёз иссиқларига қўшилиб келадиган илиқ ёмғирларга тўйиб, ҳамма тирик жонни, барча гиёҳларни бирваракайига уйғотадиган ва жуда тез ривожга киритадиган мана шу пашкол* фаслида Байрамхон уйдами, боғдами тинчгина ўлтириб китоб ўқишни ёки шеър ёзишни қўмсайди. Ҳинд элининг азалий одати бежиз эмаски, ёмғир фаслида саёҳатга чиқилмайди. Чунки одам ҳам, от-улов ҳам бу фаслда қаёққа қадам қўймасин, ривожга кирган бирорта тирик жонни ёки гиёҳни босиб олади. Тирик жонни босиб, нобуд қилган одамнинг ҳажи қандай қабул бўлсин? ўн минглаб қўшин билан ҳарбий юришга чиққан саркардаларнинг шундай фаслда уруш бошлашини қандай баҳолаш мумкин? Шерхон ҳам кўп китоб ўқиган билимли одам, Байрамхон унга туғилиб ўсган мамлакатининг пашкол фаслига оид удумларини албатта эслатади, ҳозир урушадиган пайт эмаслигини, сулҳ тузилиши кераклигини бошқа далиллар билан ҳам исбот этади...
Минглаб чодирлар тикилган кенг текисликда Шерхоннинг ҳашаматли шомиёнаси учун баланд бир тепалик танланган экан. Байрамхон ва Хўжа Ҳусайн қароргоҳ четида отларидан тушдилар, махсус мулозим уларни Шерхоннинг шомиёнасига анча беридан пиёда бошлаб борди. Байрамхон ичкарига кираверишда барваста ва хушқомат соқчи йигитларни кўрди. Чодирнинг сирти ёмғир ўтказмайдиган пишиқ қизил мовутдан тикилган, ичи эса сидирға сариқ атласдан қавилган эди. Шерхон шомиёна тўридаги баланд шаҳнишинда чордана қуриб сокин ўлтирибди. Кийимлари безаксиз одми ипакдан, кичкина салласига ҳам гавҳар ёки бошқа тошлар қадалмаган, аммо бургутникига ўхшаш кўз қарашлари ва мағрур ўлтириши Байрамхонда ҳайиқишга ўхшаган бир туйғу уйғотди. Байрамхон унга таъзим қилиб, Ҳумоюннинг муҳри босилган мактубни топширди. Шерхон мактубни ўқиб бўлгунча элчилар унинг ишораси билан пастдаги кимхоб кўрпачаларга чўкка тушиб ўлтирдилар. Шерхон ўлтирган шаҳнишин бир газча баландда эди. У Байрамхонга юқоридан туриб кинояли сўз қотди:
— Подшойингиз Чунор эвазига Банголани талаб қилмоқда-ку!
— Давлатпаноҳ, — деди Байрамхон қўлини кўксига қўяркан. — Бангола тўққиз йилдан бери Ҳумоюн ҳазратларининг қаламравидадир.
— Аммо бизнинг афғон қавмларимиз Банголада юз йиллардан бери яшаб келмоқда. Улар бизга қариндош, кўплари билан қуда-анда бўлганмиз. Энди сизларни деб орани узайликми?
— Давлатпаноҳ, қариндошчилик, қуда-андачилик бемалол давом этаверсин. Фақат Банголага бу йилгидек қўшин тортилмаса, хазиналар таланмаса, қон тўкилмаса бас...
— Сизлар Чунорни олти ой қамал қилиб озмунча қон тўкдиларингизми? Банголада биз ана шунинг қасдини олдик!
— Биз бутун қасоскорлик ҳақида эмас, сулҳ ҳақида сўзлашгани келдик, давлатпаноҳ. Айниқса, ҳозир пашкол кунларида фақат инсон эмас, бутун табиат ҳам урушсиз тинч яшамоққа алоҳида бир эҳтиёж сезадир. Сиз маърифатли саркардасиз, «Чунор берилса сулҳ тузгаймиз», деб одам юборган экансиз. Шунга жавобан Ҳумоюн ҳазратлари бизни вакил қилиб жўнатдилар.
Шерхон Ҳумоюннинг мактубига яна бир кўз югуртирди-ю:
— Беҳуда қон тўкилишини биз ҳам истамаймиз! — деди. — Чунор бизга берилса подшоҳингиз қўйган шарт қабул қилингай.
Бу гаплар давомида Хўжа Ҳусайн қўйнидан унча катта бўлмаган зарҳал муқовали бир китоб олди. Бу — мўжаз ҳарфлар билан кўчирилган Қуръон эди. Хўжа Ҳусайн уни кўзига суриб ўпди- ю, ўрнидан туриб Шерхонга узатди:
— Давлатпаноҳ, сиз айтган доно гапларга мана шу Каломи Аллоҳ гувоҳ бўлсин, олинг!
Шерхон бирдан сергакланди:
— Тақсир, сиз бу... Қуръонни ўртага қўйиб, бизга қасам ичдирмоқчимисиз? — деди.
33


Шерхоннинг кўзлари таҳдидли чақнаганидан қўрқиб кетган Хўжа Ҳусайн:
— Зинҳор бундай ният хаёлимизга келган эмас, давлатпаноҳ! — деди. — Сизга нек мақсад йўлида Қуръони шариф мададкор бўлсин деб... савғо тарзида олиб келдик.
— Ундай бўлса биз савғони қабул қилгаймиз! — Шерхон Қуръонни Хўжанинг қўлидан олиб, наридан бери кўзига сурган бўлди-да, мулозимига узатди: — Бу шариф китобни бизнинг масжидимизга элтиб, ўзига муносиб меҳробга қўйинг.
Бундан кейинги музокара Чунорнинг Шерхонга қай тартибда топширилиши ҳақида кетди. Ҳумоюн қўшини Карамнаса дарёсидан ва Банорасдан нарига ўтгунча Шерхон ҳозирги қароргоҳидан қўзғалмай туришга сўз берди. Ҳумоюн Чунорга чопар юбориб, ундаги қўриқчи аскарларини ва қурол-яроғларини чиқартиргунча бир ҳафта ўтади. Бу муҳлат тугагандан кейин Шерхон бориб қалъани эгаллайди. Ҳумоюн ва Шерхон минбаъд бир-бирлари билан тинч-тотув яшаш ҳақидаги битимга Чунорда имзо қўядилар.
Байрамхон музокарани тугатиб кетаётганда:
— Давлатпаноҳ, сиз-у биз ер-у осмон гувоҳлигида сулҳ тузиб, унга содиқ қолиш мажбуриятини олдик,— деди. — Подшоҳимиз ҳузурига шу хулоса билан қайтсак розимисиз?
Шерхоннинг кўзлари Байрамхонга «сен ким бўлибсенки, мендан содиқлик талаб қилурсен?» — дегандек совуқ истеҳзо билан тикилди, аммо унинг истар-истамас жилмайган лабларидан:
— Хулосангиз маъқул, — деган сўзлар эшитилди.
***
Eлчилар кетгач, Шерхон кеча Аградан келган Алваро Пакавирани ўз ҳузурига чақиртирди. Пакавира йўлларда Ҳумоюн қўйган одамларнинг қўлига тушиб қолмаслик учун, ҳинд савдогари кийимида келган эди. Шерхон уни шаҳнишиндан тушиб қарши олди, ўзига яқин ўтқазиб паст товуш билан сўради:
— Аградан Ҳумоюнга ёрдам келмаслиги аниқми?
— Аниқ, давлатпаноҳ. Комрон сизга қарши чиқмагай. У акасининг сиз билан жанг қилиб мағлуб бўлишини кутмоқда. Шундан сўнг у тож-у тахтни эгаллаш умидида.
— Бу бизга маълум. Ҳиндол-чи?
— Буниси Ҳумоюнга садоқат сақламоқчи экан.
Аммо сиз юборган махфий мактуб ёрдамида биз унинг садоқатини адоватга айлантирдик.
— Қандай қилиб? — ишонқирамай сўради Шерхон.
Шундан кейин Пакавира воқеанинг тафсилотларини сўзлай бошлади. Ҳумоюн Аграга кутвал қилиб тайинлаган Амир Баҳлул порага сотилмайдиган, подшога садоқат билан хизмат қиладиган виждонли одам эди. Шерхоннинг Аградаги хуфиялари масжиди жомеда Саид Халил билан алоқа ўрнатиб, Баҳлулни қандай даф қилишнинг режасини туздилар.
Баҳлул ҳам асли ҳиндистонлик афғонлардан, Шерхон уни танийди. Лекин Баҳлул афғон улусини атрофига тўплаётган Шерхонга ён босмасдан, Ҳумоюнга содиқ хизмат қилиб юрибди. Бунинг учун Шерхон уни туҳматга қолдириб йўқ қилмоқчи бўлди. Шерхон юборган махфий одам Амир Баҳлулнинг номига ёзилган мактуб келтирган эди. Шерхон ўз қўли билан имзо чеккан ва муҳрини босган бу мактубда Амир баҳлулга ўтган ойда Ганга бўйига юборган қуроляроғлари учун миннатдорчилик билдирилган, жуда кўп йигитлар Ҳумоюндан айнаб, Шерхонга келиб қўшилаётгани айтилган, шунинг учун совут-қалқонлардан ва қурол- яроғлардан иложи борича мўл юборилиши илтимос қилинган эди. Шерхоннинг мактуби ишонарли бўлиши учун уни оддий ҳарфлар билан эмас, илми сиёҳдан* хабардор одамларгина тушунадиган махфий белгилар билан битишган эди.
Фарангистонда бундай ўта нозик ишларни кўп қилиб тажриба орттирган Алваро Пакавира
34


Шерхон мактубини Амир Баҳлулнинг ишонган мулозимларидан бирининг чўнтагига яшириқча солдиради. Кечаси бу мулозим Амир Баҳлул ҳузурига тунги соқчиликка кетаётган пайтда Саид Халилнинг одамлари уни Ҳиндолга тутиб берадилар. Айни вақтда Амир Баҳлулнинг рухсати билан шарққа тахта ортиб кетаётган араваларга Шерхоннинг хуфиялари бир талай қилич- қалқон ва найзаларни яшириб қўйдилар. Ҳалиги мулозим Ҳиндол мирзога тутиб берилган соатларда бу аравалар ҳам қўлга туширилади.
Баҳлулга унинг мулозими кечаси олиб бораётган Шерхон мактуби илми сиёҳ ёрдамида ўқилгандан сўнг Мирзо Ҳиндол тахта тагига яшириб олиб кетилаётган қурол-яроғни ҳам кўрди- ю, асли афғон бўлган Амир Баҳлулнинг хиёнат йўлига ўтганига ишонди.
Ярим тунда Мирзо Ҳиндол ва Зоҳидбек ўз навкарлари билан Амир Баҳлул ухлаб ётган ҳовлисига бостириб бордилар. Унга Шерхон ёзган мактубни ва тахта ортган аравалар тагига яширинган қуролларни кўрсатдилар.
Амир Баҳлул бу қадар усталик билан тўқилган бўҳтондан қутулишнинг иложини тополмади.
— Туҳмат балосидан мени фақат Ҳумоюн ҳазратлари қутқаргайлар! — деди-ю, Аградан қочиб чиқди. Бу қочиш ҳам Ҳиндолнинг назарида Баҳлулнинг хоинлигини исбот қилгандай бўлди. У юборган қувғинчилар Баҳлулни тунги отишмада ўлдирдилар ва бошини кесиб қайтдилар...
Бир зарба билан ҳам Ҳумоюннинг энг садоқатли кутвали маҳв бўлгани, ҳам Ҳиндол билан акасининг дўстлиги адоватга айлангани Шерхонга алоҳида завқ ва мамнунлик бахш этди. У Алваро Пакавирага шукуҳли назар ташлаб:
— Балли, сиз бизга яхши хизмат қилибсиз, — деди.— Орзуйимиз амалга ошиб, Ҳиндистонда улуғ давлат тузсак, сизга зўр иноятлар қилгаймиз!
Шерхон хазиначини чақиртирди. У тадбиркор хуфиялардан олтинни аямас эди.
— Жаноб Пакавирага икки ман олтин мукофот берилсин!
Пакавира қувониб кетди: икки ман олтин — ҳазилакам бойлик эмас, бунга янги бир кема сотиб олиш мумкин! У Шерхонга сидқидилдан таъзим қила-қила, орқаси билан юриб чиқиб кетди. Шерхон шомиёнада ёлғиз қолиб, қўлини пешонасига қўйганча ўйга толди. Ҳумоюнга Аградан ёрдам келмаслиги энди аниқ. Шерхонга эса ҳатто узоқ Фарангистондан келган Пакавира ҳам шунчалик кўмак берди. Карамнаса дарёсининг касофатидан қўрққан кемачи ва эшкакчи ҳиндиларнинг беш-олтитаси тунги шамол-тўполонда Ганга орқали сузиб келиб, Шерхон ихтиёрига ўтди. Ҳумоюннинг аҳволи танг бўлгани учун ҳам бугунги вакилларини юборган. Агар Шерхон лашкарбошиларини чақириб, «Чунорни жангсиз ишғол қиламиз, шу шарт билан сулҳ туздим» деса, улар албатта, хурсанд бўлишади, лекин бу хурсандчилик узоқ давом этмайди. Ҳумоюн эртага Шерхоннинг сиртмоғидан омон қутулса, Аграга бориб ўзини тез ўнглайди. У кечиримли йигит, укалари билан ярашади. Юз амри иссиқ, Шерхондай хатарли ёв қаршисида оға-инилар бирлашиши мумкин. Бобурийлар иттифоқ бўлса уларга ҳеч ким бас келолмаслигини Шерхон Далахруада ва Гужаратда Маҳмудхон ва Баҳодиршоҳларнинг мағлубиятида кўрган. Шерхоннинг шунча вақт чекиниб, хазинасини тоғдаги Рохтасларга элтиб бекитиб юргани етар! Агар Шерхон бошига янгидан бало орттиришни истамаса фурсатни бой бермаслиги ва Ҳумоюнни дарёлар сиртмоғидан тирик чиқармаслиги керак!
Шерхон ўйинни шу тарзда якунлади-ю лашкарбошилардан тўрт кишини машваратга чақирди. Шерхоннинг ўғиллари Қутбхон билан Жалолхон ўнг томонга ўтиришди. Ражпутлар саркардаси Бикрамадит Гаур ва Шерхоннинг лашкарбошиси Ҳавасхон чап томондан жой олишди. Шерхон шомиёнадаги мулозимларни чиқариб юбориб, эшикнинг пардасини туширтирди. Қандилда липиллаб турган шамларнинг ёруғида ўғиллари ва саркардаларига бир-бир қараб олди-да:
— Менинг дунёда энг ишонган одамларим — тўртовларинг сенлар, — деди. — Биз ватанимизни келгиндилардан озод қилиб, мустақил давлат тузмоқчимиз. Бу орзу бизни рожа Бикрамадит Гаур билан оға-ини қилди. Улуғ мақсад йўлида биз дин-у миллат айирмаймиз. Чунки афғонлар ҳам ражпутлар каби асли арий қабилаларидан тарқалган. Биз ҳаммамиз Ҳиндистонда туғилиб ўсдик, ота-боболаримизнинг қабри ҳам шу заминда. Олдин келгиндилар зўр келди, биз чекиниб
35


юрдик. Аммо бизнинг ҳам омадимиз келадиган пайтни сабр-тоқат билан кутдик. Ўша пайт мана энди келди!
Душманнинг аҳволи танг. Чунорни бизга жангсиз беришга тайёр. Элчилар келиб сулҳ таклиф қилди. Мен уларни чўчитмаслик учун сулҳга рози бўлдим. Ҳумоюн бугундан куч йиғиштиришга буйруқ бергай. Энди бизнинг ҳужумимизни кутмагай, дарёлардан тезроқ ўтиб кетишга шошилгай.
— Душманни ғафлатда қолдириб босадиган пайт келибди-ку! — деди Ҳавасхон.
Қутбхон бу гапни ёқтирмай, Ҳавасхонга ўқрайиб қаради. У икки йил Ҳумоюн аскарлари сафида хизмат қилган, унинг тантиликларини кўп кўрган.
— Сулҳни ҳарбий ҳийлага айлантириб бостириб бориш... мардликка кирармикан? — деди Қутбхон отасига юзланиб.
— Ватанни келгиндилардан озод қилиш — дунёдаги энг катта мардликдир! — деди Шерхон ўғлига тик қараб. — Бобур билан унинг ўғиллари бизнинг озмунча ватандошларимизни қирдими? Фотиҳлар Панипатда қирқ минг кишини ўлдирдилар. Бажур қўрғонида уч минг киши қатлиом қилинганда уларнинг калласидан минора ясалмишдир! Ҳумоюн Панипатда икки юз кишини асир олганда сиёсат учун шу асирлардан юзтасини тўфанглардан отиб ўлдиришни буюрмишдир. У пайтда бизнинг одамлар тўфанг нималигини билмас эди. Шунинг учун тўфанг қаршисида бехавотир турганларни фотиҳлар шафқатсизларча отиб йиқитурлар. Ана ундан сўнг: «фотиҳларда илоҳий қурол бор эмиш, ҳинд худоси Шивага ўхшаб кўзидан олов пуркаб, узоқдаги одамни ўлдира олармиш!» деган овозалар тарқалмишдир. Халқни қўрқитиб бўйсундиришга қаратилган бу овозалар ҳарбий ҳийла эмасмиди?
— Ҳа, келгиндилар бизни зўравонлик билан ҳам қирган, ҳийла-ю найранг билан ҳам қирган! — деди Бикрамадит Гаур. — Энди шу кеча уларга қасос қайтмоғи керак!
— Бажурда қонхўрларча қатлиом қилинганлар учун ҳам, Панипатда ваҳшийларча отилган ҳарбий асирлар учун ҳам биз қасд олмоғимиз керак! — қатъий қўшимча қилди Шерхон. Қутбхон бу гапларга қўшилмай иложи қолмади.
— Ярим тунда секин йўлга чиқурмиз, — деди Шерхон. — Саҳар палла тонг ёриша бошлаганда босмоқ лозим...
Улар ким марказда, ким ўнг қанотда, ким чап қанотда ҳужум қилишининг аниқ режасини тузишга киришдилар.
____________
*Илми сиёҳ—шифркалити,яширинёзувсири.
***
Бошқа кунлари Шерхоннинг қўққисдан ҳужум қилишини кутиб сергак ётадиган Ҳумоюн кечаги сулҳ хабарини эшитгандан кейин хотири жам бўлиб, жуда қаттиқ уйқуга кетган эди. Тонг қоронғусида қароргоҳнинг шарқи жанубидан бошланган ва тўрт тарафга яшин тезлигида ёйилган жанг тўполони, филлар наъраси, одамларнниг қий-чуви, тиғларнинг шақ-шуқи, тўфангларнниг гумбурлаши уни маст уйқудан уйғотганда, «яна ёмон туш кўрдим шекилли», деб ўйлади. Лекин эшикдан югуриб кирган Жавҳар офтобачининг қўрқинчли важоҳати:
— Ҳазратим, ёғий босди! — деган сўзлари унинг бошига қуйилган совуқ сувдай вужудини сескантирди.
У сакраб туриб, этигига пайтавасиз оёқ тиқди. Жавҳар офтобачи қалтираб тутган тўнни кийиб, қиличини шоша-пиша тақди. Садоқатли офтобачи унинг кўкрагига пўлат чиройна, елкаси ва қўлига бошқа зирҳли нарсалар ҳам кийдирмоқчи эди, лекин бунга Ҳумоюннинг сабри чидамади. У дубулғани йўлакай бошига кийди-да, чодирдан ташқарига отилди. Ёмғир севалаб турган тонг ғира-ширасида қароргоҳнинг жануб четидаги чодирларни йиқитиб, одамларни босиб-янчиб, наъра тортиб келаётган юзлаб ҳарбий филлар Ҳумоюннинг кўзига ташланди.
36


— Менга от келтиринг! — қичқирди у. — Байрамхон қани? Устод Хонқули, замбаракларни ўқланг!
Ҳумоюнга оғир зирҳли кежим ёпилган саман отни келтирдилар. Узанги тезда оёғига илинмагач, отнинг бўйнигна қўлини солиб, эгарга сакраб минди. Шу пайт Байрамхон йигирматача навкар билан от чоптириб келди.
— Шерхон сулҳни бузиб номардлик қилди! Ҳазратимни ўртага олинглар! — буюрди байрамхон навкарларига.
Қароргоҳнинг ёв келган жануб четидаги юзлаб навкарлар сафланишга улгуролмай, тумтарақай бўлиб қоча бошлади. Селдай бостириб келаётган ёв отлиқлари уларни дарёлар томонга суриб кетди.
— Бизнинг ҳарбий филлар қани? — қичқирди Ҳумоюн. — Замбараклар нечун жим? Хонқулибек! — Ҳамма ғафлатда қолди! — деди Байрамхон, сўнг тўпхона ва филхоналар томонга от чоптириб кетди.
Ҳумоюннинг кўзи саропардага тушди. Унинг ичкарисидан болаларнинг қўрқиб йиғлаган товушлари эшитилди. Аёлларнинг аҳволи нима бўлади? Олти яшар қизчаси Ақиқа бегим, хотинлари Бека бегим, Чанд биби ҳаммаси ўша улкан сарпарда ортидаги чодирларда.
Ҳумоюн отининг бошини саропарда томонга бурди. Қўриқчи навкарлар уни уч томондан ўраб бора бошлади. Тепадан тушаётганда ёвнинг ҳарбий филларидан ўттиз-қирқтаси саропарда томонга чопиб келаётганини кўрди. Шу пайт уларнниг қаршисидан гумбурлаб тўфанглар отилди. Борут тутини орасидан яраланган филларнинг асабий бўкириги қулоққа чалинди. Қароргоҳ хийла катта майдонни эгаллаган, унга Ҳумоюннинг ўнг икки минг қўшини, шунга яраша от-улов ва тўпхоналари жойлашган. Шерхоннинг отлиқлари ва филлари жануб томондан ёриб киргунча марказда ва шимоли шарқда Ҳумоюн аскарларининг уч-тўрт минги отланиб, қуролланиб, душманнинг йўлини тўсиб чиқди. Хос навкарлар отган тўфанг ўқлари ёв филларига ва отлиқларига бориб тегаётганини кўрга