ҲАМИДА БОНУ АРОСАТДА
давоми..
истайди. Чунки у пайғамбар авлоди саналувчи саидлардан, осмондаги арши аълога яқин турган уламолар пешвоси.
Аммо Ҳумоюн отаси Бобурдан ибрат олиб дин пешволарига бўй бермайди, улардан юқорироқ туриш учун «Қонуни Ҳумоюний» деган янги низом ҳам ўйлаб чиқарди. Тарихчи Хондамир ёзиб чиққан бу қонунга биноан Ҳумоюннинг қўл остидаги одамлар табиий мавжудотдаги осмон, ер ва уларнинг оралиги тимсолида уч қисмга бўлиб чиқилди. Биринчи тоифа — аҳли давлат, унга подшо, вазир, бек ва аъёнлар киради. Иккинчи тоифа — аҳли саодат, яъни дин пешволари, уламолар, шоирлар, олимлар. Учинчи тоифа — аҳли мурод, яъни аслзода аёллар, созандалар, хонандаар, мусаввирлар ва бошқа санъаткорлар.
Шайхулислом Саид Халил иккинчи ўринга тушиб қолганидан қаттиқ норози. «Аҳли саодат» дегани нимаси? Ҳатто ҳинд браҳманлари ҳам осмонга нисбат берилган энг олий табақа ҳисобланмайдими? Аҳли давлат осмон бўлади-ю, аҳли дин пастда муаллақ қоладими? Дин пешволарини шоир-у олимлар билан бир тоифага қўшганлари ҳам Саид Халилга ҳурматсизлик бўлиб туюлди. Ахир даҳриёна китоб ёзадиган шоир-у олимлар қаёқда-ю, илоҳий оламга яқин турган саидлар қаёқда?
Шайхулислом бу фикрларини Хондамирга айтиб, у билан кўп мунозара қилди. Бу мунозарада Байрамхон Хондамирнинг тарафини олган эди, Саид Халил уни динсизликда айблади. Уламолар мажлисида Байрамхоннинг ушбу рубоийсини ўқиб берди:
Не дин ғамидин даме парешондурмен, Не куфр ҳужумидин ҳаросондурмен. Бутхона-ю масжид манга яксон кўринур Гўёки не кофир-у не мусулмондурмен.
Бу шеърни эшитган қози-ю садрлар, муҳтасибларнинг сочи тикка бўлиб кетди. Байрамхон мусулмонлиг-у масжиддан юз ўгирса кофирлик бундан ортиқ бўладими?!
Қозилар бошлиғи бўлган Садри аъзам Байрамхонни тошбўрон қилиб ўлдиришни талаб қилди. Дин пешволарининг ўз зиндонлари ва жазо берувчи муҳтасиблари бор эди.
— Байрамхон ҳиндларнинг даҳрий шоири Кабир сингари куфр йўлига кирмишдир! — деб Саид Халил Ҳумоюнга бориб арз қилди. — Кабир ҳам масжидни бутхонага қўшиб инкор этгани маълумингиздир! Исёнкор мажусийларнинг бҳақти таълимоти подшо ҳокимияти учун ҳам хатарли!
Саид Халил Байрамхонни ҳеч бўлмаса Низомнинг даҳрийликда айбланган отаси каби зиндонга ташлашга интила бошлади.
Байрамхон ўн тўрт йилдан бери Ҳумоюнга содиқ хизмат қилиб келаётган жанговар беклардан эди. Подшо унинг табъи назми баландлигини, шеъриятда Навоий ва Бобурга эргашишини биларди. У дарғазаб бўлиб келган Саид Халилга шуни айтиб:
— Тақсир, Байрамхон Аллоҳга сажда қилувчи чин мусулмон, фақат Байрамхон бу рубоийни мажозий маънода битмишдир, — деди. — Бундай кайфиятлар улуғ шоирларда ҳам бўлган. Жаннатмакон отамнинг худди шу мазмундаги рубоийси бор. балки ўқигандирсиз?
Ҳумоюн давлатида Бобур хотираси муқаддас ҳисобланар, бунга шайхулислом ҳам шак келтиролмас эди. Ҳумоюн отасининг Байрамхонникига ўхшаш рубоийларидан ўқиб бергач, Саид Халил сал ҳовуридан тушди.
— Аммо биз Байрамхондек шаккок одам билан бир тоифада бўлишни истамагаймиз! — деди. — Уни «аҳли саодат» тоифасидан чиқармоқ зарур!
Ҳумоюн бунисига рози бўлди. Махсус фармон билан Байрамхонни соҳибихтиёр беклар қаторига киритди-ю, «аҳли давлат» деб аталадиган биринчи тоифага қўшди.
Мана ҳозир наврўз сайлида Байрамхон ҳам вазири аъзам Турдибек Туркистонийнинг ёнида, энг олдинги сафда бормоқа. Бу ҳаммаси Саид Халилнинг ярасига туз сепгандай бўляпти. Хондамир
15
бундан тўрт йил аввал вафот этганда шайхулислом унинг таҳририда чиққан низомни бекор қилишга яна бир уринди. Аммо Ҳумоюн ўз номига нисбат берилган қонунни бутун коинот-у табиатга боғлаб ҳимоя қиларди:
— Тақсир, мен жамиятдаги сунъийликлар-у бетартибликлардан безор бўлганим учун давлат ишини табиий бир асосга қурмоқчимен. Ер-у кўкдаги уйғунлик билан собитликка соҳибқирон Амир Темур ҳам имон келтирган эканлар. Ўшал бобокалонимиз кашф қилган қонун-қоидаларни «тузуклар» деб атаган эканлар. Шу тузуклар мазмуни авлоддан авлодга ўтиб, бизга ҳам етиб келди. Тарихни ўрганишда раҳматлик Хондамир бизга кўмак берди. Амир Темур осмоннинг ўн икки буржидаги собита юлдузларни яхши кўрар эканлар. Ҳамал, Жавзо, Асад... бу юлдузлар- нинг ҳар бири ўз ўрнида шундай собит тургани учун қуёш йилнинг ўн икки ойида уларнинг ёнидан аниқ соат-у дақиқасида ўтар экан. Бир дақиқа олдин ҳам эмас, кеч ҳам эмас, тўғрими? — Буниси тўғри.
— Ёки ўн икки йиллик мучал ҳисоби нотўғрими?
— Тўғри, тўғри!
— Шунинг ҳаммасини ҳисобга олиб, Соҳибқирон бобокалонимиз «ўн икки рақамида олий ҳикмат бор» дер эканлар. Ўз давлатларини ўн икки тамойил асосида бошқарганлар. Қўл остидаги барча одамларни ўн икки табақага бўлиб идора этганлар. Маълумингизки, биз ҳам барча одамларимизни ўн икки табақага тақсим этдик. Мақсад — табиатдаги тартиб-у аниқликни, мувозанат-у собитликни жамиятимизга ҳам тадбиқ этмоқдир!..
«Тадбиқ этгани шуми?!» деган аччиқ эътирозни Саид Халил ҳозир наврўз намойишида бораётиб ўз кўнглидан ўтказди. Ҳумоюн катта бобосидан ибрат олиб тартиб берган ўн икки табақани бошқариш жуда қийин бўлди. Шундан сўнг ҳар уч табақани бир соҳага бирлаштириб, тўртта вазорат ташкил қилди. Буни ҳам табиатдаги тўрт унсур — олов, ҳаво, тупроқ, сув каби «аносири арбаага монанд» деб таърифлади. Биринчи вазорат бошлиғини «саркори оташ» деб атади. Унга барча тўп-у тўпхоналар, қурол-яроғ ва ҳарбий ишлар қарайди. «Саркори ҳавойи» деб аталган вазир сарой таъминотига, ошхона, сайисхона*, кийим-кечак ишларига мутасадди. «Саркори оби» — ариқ қазиш ва суғориш ишларини бошқаради, шарбат, чоғир ва бошқа ичимликлар тайёрлайди. «Саркори хоки» (яъни, тупроқбоши) — зироат, деҳқончилик ва иморатсозлик каби соҳаларга жавобгар. Ҳумоюннинг фармонига биноан, бу тўрт вазоратнинг одамлари кийинишда ҳам бир-бирларидан фарқ қилишлари лозим, токи бир қарашда уларнинг қайси соҳадан эканлигини ажратиш мумкин бўлсин. Унинг ўзи эса ҳафтанинг маълум кунида осмондаги бирон сайёранинг рангига ва қиладиган ишининг мазмунига мос кийинишга ҳаракат қиларди. Нури кўкиш Зуҳра юдузига нисбат берилган душанба кунида Ҳумоюннинг кийимида мовий ва яшил ранглар устун бўларди. Сешанба куни Ҳумоюн учун қизғиш нурли Миррих юлдузининг куни. Сешанбада унинг қабулига амири ғазаб номини олган ҳибсхона бошлиғи ва жаллодлар саркори оғир жиноят қилган айбдорларни олиб киради. Ҳумоюн уларнинг энг ашаддийларини қатл эттиради.
Табиатга қиёсан жорий этилган «Қонуни Ҳумоюнийни» «шоирона дид билан қилинган кашфиёт» деб мақтаб юрганлар оз эмас. Айниқса, осмон тимсолида биринчи ўринга қўйилган аҳли давлат вакили Байрамхон янгича тартибдан жуда мамнун. Аммо Саид Халил каби руҳонийларнинг алами чексиз. Ахир осмон илоҳиёт макони эмасми? Илоҳиёт илми билан шуғулланувчи уламолар, саидлар осмон рамзи бўлган олий табақага киришлари керак эдику. Хондамир «олий кашфиёт!» деб мақтаган «Қонуни Ҳумоюний» Саид Халил бошлиқ руҳонийларга шайтоний бир ўйиндай, қуруқ хаёлпарастликдай туюлади. Саркори ҳавойи эмиш! Осмонда тутқич бермай юрадиган ҳавога ким сарколик қила олади? Миррих юлдузи қаёқда-ю, подшо киядиган кийимнинг ранги қаёқда?!
Бу тажанг ўйлар таъсирида шайхулислом Лахўрдаги Комрон мирзони ва шарқдаги Шерхонни илиқ бир хайрихоҳлик билан эслади. Комрон акаси Ҳумоюнни писанд қилмаслиги Саид Халилга кўпдан маълум. Комрон пок мусулмончиликни маҳкам тутади. Ҳумоюнга ўхшаб, мажусийларга
16
ён босмайди. Байрамхон каби даҳрийларни тўрга чиқармайди. Комроннинг мана шу хусусиятини билган Саид Халил орага ишончли одамларни қўйиб, у билан аллақачон махфий алоқа ўрнатган. Ҳумоюн узоқ вилоятларга кетганда Комрон мирзога шошилинич хуфия юбориб, Лахўрни тезроқ эгаллашга ундаган диний пешво — Саид Халил. Комрон унинг айтганини қилди-ю, Кобулга Панжобни қўшиб олиб, акасидан зўрроқ бўлди. Энди агар шарқда Шерхон бош кўтаргани рост бўлса, Ҳумоюн отда бир ойлик йўл бўлган Бихарга қўшин тортиб кетиши аниқ. Ўшанда Саид Халил Комрон мирзога яна битта яширин мактуб ёзиб, «Аграни эгаллаш пайти келди», дейди. Шунда Комрон мирзор Ҳиндистон тахтига чиқса, Саид Халилдан умрбод қарздор бўлади, унинг чизган чизиғидан чиқмайди.
«Қонуни Ҳумоюний» ҳам ва бугун Саид Халилнинг аламини келтираётган бошқа нарсалар ҳам бир зарба билан нест-нобуд бўлади.
Фил миниб бораётган подшо одамларга жуда қудратли кўринса ҳам, аслида унинг ҳокимияти ичдан зил кетиб заифлашиб қолганини, Ҳумоюн тахтдан ағдарилиши муқаррарлигини Саид Халил зимдан сезади ва бу ҳодисани қўлидан келганича тезлаштиради.
***
Ташқаридан қараганда катта ҳашамат ва силлиқлик билан ўтаётган наврўз намойишининг ичи қалтироқ эканини, ясан-тусан мавкаб ботиний зиддиятга тўлиб бораётганини Ҳумоюн ҳам сезади. У яширин зиддиятлар заҳрини беғубор одамларнинг олқиши билан кесмоқчи бўлди-да, шиғовулга яна танга сочишни буюрди. Шиғовул сиқимини тангага тўлдириб, ширадор, йўғон овоз билан одамларга мурожаат қилди:
— Халойиқ, огоҳ бўлинг! Бугун илон йили тугаб, от йили кирди! От — инсонга вафодор жонивордир! Бу йилги наврўз ҳаммангиз учун хайрли бўлсин! Шу улуғ айёмда ким қандай яхши ният қилса илоҳим муродига етсин! — деб шиғовул халойиқ устига сиқимидаги тангаларни сочди.
Билмайдиган одам фил миниб бораётган Ҳумоюнни: «Ҳеч нарсадан камчилиги йўқ, беармон йигит», деб ўйлайди. Лекин ҳозир унинг хиёбон четида ўғилчасини кўтариб турган ўша оддий йигитга ҳаваси келди. Қани, толе унга ҳам шундай ўғил берса! Бундан беш йил олдин ўғил кўриш орзусида у иккинчи хотин олди. Оддий ясовулнинг қизи бўлган Меважон исмли бу чиройли жувон ўша йили ҳомиладор бўлди. Моҳим бегим ҳали ҳаёт эди, бўлажак неварасига атаб кўйлакчалар тикдирди. Лекин Меважон ўн ойда ҳам, ўн бир ойда ҳам туғмай, қорни қаппайиб юраверди. Кейин билсалар, шунчаки... елбўғоз экан. Ҳумоюн буни ҳам тақдирнинг аччиқ бир кинояси деб билиб, жуда қаттиқ изтироб чекди. Худди ўша йили иниси Комроннинг хотини қўчқордай ўғил туғди. Ҳозир бу бола каттагина бўлиб қолган. Ҳумоюн уни ҳар кўрганда кўзлари ҳавас билан ёнади...
Шиғовул хуржундан яна танга олди:
— Халойиқ, Ҳумоюн ҳазратлари наврўз айёмида қилган барча яхши ниятларига етсинлар! Янги йил ҳазратимга қўчқордай ўғил ато этсин! Омин!
Сочқининг кетидан югуриб танга талашаётганлар, албатта, дуога қулоқ ҳам солишгани йўқ. Лекин хиёбон четида Ҳумоюнга жим қараб турган бояги чол яна юзига фотиҳа тортди. Шу пайт Ҳумоюннинг кўзи хиёбон четидан отлиқ бораётган қизларга тушди. Улар юзларига оқ ҳарир парда ёпганлари учун қош-кўзлари унга аниқ кўринмайди. Лекин толма беллари ва фотиҳага кўтарилган нозик қўллари йигитга жуда сеҳрли туюлди.
Чавкар от минган Ҳамида бону Ҳумоюннинг тикилиб қараганини энди сезди. Бир пайт шамол қизнинг юзидаги ҳарир пардани кўтарди-ю, бир лаҳза кўз кўзга тушди.
Шундай гўзал қиз Ҳумоюнга ўғил тилаб қўлини юзига сургани йигитга беҳад ёқимли туюлди.
17
Бу орада мавкаб дарё бўйидаги подшо боғига яқинлашди. Ҳумоюн бошлиқ аҳли давлат боғнинг улкан дарвозасидан ичкарига кира бошлади. Дарвоза олдида узун найза тутган қўриқчи йигитлар хиёбон четларидан томоша қилиб келаётган халойиқнинг йўлини тўсдилар. Боққа фақат махсус рухсати бор одамларгина кириши мумкин. Бу рухсатномалар турли хил ёй ўқи шаклида тарқатилган. Мавкаб кетидан боғ дарвозасига яқинлашган Гулбадан бегим отининг эгари қошидаги соқдондан олтин учли ёй ўқини олиб соқчиларга кўрсатди. Улар бусиз ҳам подшонинг синглисини таниб қолган эдилар. Бегим билан отлиқ келаётган Ҳамида бонуга ва Султоним бегимга енгил таъзим билан йўл бердилар. Боғ ичига кирганларни шиғовул тартиб билан турли йўлкаларга йўналтириб турибди.
Ҳумоюн минган фил боғ тўридаги икки қаватли кўшк томонга бурилди. Ҳамидалар эса Жамна четида лангар ташлаб турган шоҳона кемаларга томон йўл олдилар.
Бу кемаларни ҳайдайдиган эшкакчилар орасида Низом ҳам бўлиши керак. Ҳали кема сайрида Хонзода бегим уни Ҳумоюн билан таништирса-ю, буни Низом ҳам кўрса... Ҳамида шуни ўйлаган сари кўнгли безовта бўларди.
***
Фил баланд шоҳсупага ёнини бериб тўхтагач, Ҳумоюн унинг устидан тушди-да, кўшкнинг иккинчи қаватидаги қабулхонага кирди.
Бугун байрам бўлса ҳам, давлат иши танаффус билмайди. У кема сайрига чиқишдан олдин кечиктириб бўлмайдиган фавқулодда ишлар бўйича кўрсатмалар бермоғи керак. Гилам устида тикка турган кўйича Турдибекдан сўради:
— Шарқдан не хабар бор?
— Ҳазратим, Шерхон Чунорга ҳужум бошлабдир, қалъа ичидагилар қамалда қолмишлар. Ҳозир келган ахборотга қараганда, бизникиларнинг аҳволи танг. Тезда ёрдамга етиб бормасак, қалъа иликдан чиқиши мумкин.
Отда Чуноргача ўн беш кунлик йўл. Ҳумоюн ўзи бор қўшинини бошлаб бормаса бошқа ҳеч бир бек Шерхонга бас келолмайди. Бир йилда бир келадиган наврўз кунини ҳам хотиржам ўтказиб бўлмаслиги Ҳумоюнга жуда малол келди:
— Чунордагилар ваҳима қилмасин! — деб кесиб-кесиб гапирди: — Қалъа деворлари мустаҳкам! бултур биз бу қалъани қамал қилганда Шерхон уч ойгача дарвоза очтирмаган эди! Наҳотки бизникилар бир ойга ҳам бардош беролмасалар? Қалъа бошлиғига ҳозироқ махсус чопар билан фармойиш юборинг! Ҳимояда қаттиқ турсинлар. Биз бир ойга қолмай етиб боргай-миз!
— Бош устига ҳазрати олийлари!
Турдибек таъзим қилиб орқаси билан юриб эшикдан чиққач, Ҳумоюн шоҳнишинга ўтиб ўлтирди. Аркони давлат одатдагидай унинг ўнгу сўлига тизилгандан кейин шиғовул бошқа мамлакатлардан келган элчиларни бошлаб кирди.
Биринчи бўлиб кирган Эрон вакиллаи тахтга яқин энг мўтабар ўринга ўтказилди. Ҳумоюн отасининг шоҳ Исмоил билан бошланган ҳамкорлигини унинг ўғли Тахмасп билан давом эттирмоқда эди. Бухородан келган шайбонийзодалар элчиси Эрон вакилларини кўрарга кўзлари йўқ. Аммо Ҳумоюн улар билан ҳам савдо-сотиқ қилади, мамлакат ичи шундай пароканда ва нотинч бўлиб турганда шимолий чегараларда яна уруш чиқиб кетмасин учун шайбонийзодалар юборган элчиларнинг кўнглини олишга интилади. Шунинг учун Бухоро элчиси подшонинг чап томонидаги мўтабар жойлардан бирига таклиф этилди. Ҳумоюн Эрон ва Турон элчиларини бугунги дарё сайлига ўзи билан бир кемага ўтказиб олиб борадиган бўлган. Кемага энг нуфузли аъёнлар ҳам чиқиши керак, жой эса ҳисобли. Бунинг устига узоқ Португалиядан совға-салом билан келган Алваро Пакавира ҳам бугун Ҳумоюннинг ҳузурига киришга рухсат сўраган. Ҳумоюн европа мамлакатларини бир-биридан кўпда фарқ қилмас, уларнинг ҳаммасини Фарангистон деб атар эди. Шиғовулга:
— Фарангистон элчисини чорланг! — деб буюрди.
18
Шими тиззасидан пастга тушмайдиган, қимматбаҳо шоҳи пайпоқлари болдирига ёпишиб, оёғи шилдинглаб кўринадиган, чиройли қора мўйловлари ўзига ярашган Алваро Пакавира қора шляпасини ўнг қўлига олди-да, ўша қўлини шляпа билан пастга сермаб, таъзим қилди. Орқароқда Пакавиранинг мулозими силлиқ қизғиш ёғочдан жимжимали қилиб ясалган узун бир ғилофни кўтариб турибди. Пакавира форсий сўзларни португалча оҳангда талаффуз этиб деди: — Бугунги наврўз айёмида биз Ҳиндистоннинг улуғ ҳукмдори Ҳумоюн ҳазратларига Португалия устолари олтин-у кумушлар билан безаган жанговар бир қурол келтирдик! — Пакавира ғилофдан картеч солиб отиладиган йўғон қувурли милтиқ олди: — Бунинг қўндоғига Ҳинд уммонининг садафлари қадалган, қувури испан кумуши билан безатилган. Тепкиси эса Португалиянинг соф олтинидан ясалган!
Бек-у аъёнлар бирдан жонланиб, Пакавиранинг қўлидаги қуролга қизиқиб кўз югуртирдилар. Бундан дадилланган Пакавира совғасини подшога ўз қўли билан топширмоқчи бўлиб, шоҳнишинга қараб ўта бошлади. Шунда Ҳумоюн ўнг томонда турган Байрамхонга имо қилди. Байрамхон беклар сафидан чиқиб, меҳмоннинг йўлини тўсди. Пакавира милтиқни икки қўллаб Байрамхонга топширди-да, орқаси билан юриб, аввалги жойига чекинди.
Байрамхон Ҳумоюннинг ишораси билан милтиқни унинг оёғи тагига кўндаланг қилиб ётқизиб қўйди.
Ҳумоюн элчига қараб:
— Жаноб Пакавира, — деди. — Биз Фарангистон устоларининг меҳнатларини эъзозлаймиз, наврўз куни бизни йўқлаганингиз учун ҳам мамнунмиз. Бироқ... бу тўфангнинг ўқини кимга бергансиз?
— Ҳазрати олийлари, ўқ-дору солинган қутиларимиз кемада қолган. Бу муҳташам кўшкка ўқ- дори кўтариб киришдан тортиндик. Агар сиз хоҳиш билдирсангиз, исталганча ўқ-дори келтириб беришга тайёрмиз!
— Тўфанг-у ўқ-дори бобида фарангилар баҳодиршоҳга ҳам кўп саховат кўрсатган эдилар. Гужаротдаги жангларда Баҳодиршоҳнинг одамлари бизнинг не-не бек-у навкарларимизни фаранги тўфанглардан отиб ўлдирганлари ҳали ёдимиздан чиққан эмас!
— Ҳазрати олийлари, Баҳодиршоҳ бизга ҳам душман бўлиб чиқди. Унга Сурат бандарида* испан савдогарлари тўфанг сотганлар! Ўқ-дорини ҳам Баҳодиршоҳ ўшалардан сотиб олмишдир. — Жаноб Пакавира, Ҳиндистонга қачон келгансиз?.. Уч йил? Уч йилдан буён қаерда истиқомат қилмоқдасиз?
— Кўпроқ Гоа оролида.
— Баҳодиршоҳ Гоа оролида яшаган фарангилар билан иттифоқ тузган эмасмиди?
— Аммо Баҳодиршоҳ кейин бу иттифоқни бузди, бизга ҳам хиёнат қилди. Шундан сўнг бизнинг одамларимиз уни ўлдирдилар. Биз энди сиз билан ҳамкорлик қилиш орзусидамиз, ҳазрати олийлари!
Ҳумоюн кинояли жилмайди:
— Худо кўрсатмасин, агар биз ҳам Баҳодиршоҳга ўхшаб жангда енгилсак, сизлар кейин унинг кунини бизнинг бошимизга ҳам солгаймисиз?
— Алҳазар! — деб қўйди Саид Халил.
Ўнғайсиз аҳволда қолган Пакавира шляпасини у қўлидан бунисига олди-ю:
— Ҳазрати олийлари, сиз енгилмас баҳодирлардансиз,— деди. Биз ишонамизки, сизга қарши бош кўтарган Шерхон ҳам Баҳодиршоҳ каби мағлуб бўлгай. Сиз унинг устидан ғалаба қозонишингиз учун қанча тўфанг, қанча ўқ-дори керак бўлса биз сотишга тайёрмиз.
Ҳумоюн ҳозир қамал азобидан қийналаётган Чунор қалъасидаги одамларини кўз олдига келтирди-ю, юзи тундлашди. Денгиз орқали Бангола ва Даккага сузиб борган фарангилар Шерхонга мана шунақа қувури йўғон тўфанглар ва мушкет ўқлар сотаётганини ҳумоюн мушрифлар* юборган ах-боротларда ўқиган эди. Қамалдагиларни тутдай тўкаётган бу хатарли ўқлар ҳозир унинг оёғи тагида ётган олтин тепкили тўфангдан ҳам отилиши мумкин. Денгиз
19
бўйларидаги вилоятларнинг рожа ва маҳарожалари ҳам фаранги қуроллар сотиб олаётгани маълум.
— Сиз фарангилар, қурол сотиб сармоя орттириш билан қаноат қилсаларингиз кошки эди! — Ҳумоюн элчига кўзини қадаб гапирди: — Бироқ Бангола орқали Шерхонга қурол етказиб бераётганлар бизнинг салтанатимизни эгаллаш илинжидадир!
— Ҳазрати олийлари, Дакка орқали қурол-яроғ сотаётганлар биз эмас, балки инглизлардир! Инглиз савдогарлари бизга ашаддий рақибдирлар! Биз, португалияликлар, сизга фақат яхшилик истаймиз!
— Шахсан сиз тўғрингизда ёмон сўз айтмоқчи эмасмен, жаноб Пакавира! Сиз ҳозир биз учун ҳурматли меҳмонсиз. Аммо ҳиндистонга келган бошқа фарангилар мамлакатнинг бир ўлкасини иккинчисига қарши уруштириш ҳаракатидалар. Биз улар сотаётган қуроллар билан бир- биримизни қириб ташласак, кейин Ҳиндистон уларнинг тасарруфига ўтиши осон бўлғай! Аммо бундай шум ният билан қурол сотган фарангилар билсинларки, улар олиб келган тўфанглар ахийри ўзларига қарши отилғусидир!
Алваро Пакавира бу гаплардан талвасага тушиб, қора шляпасини яна бир марта пастга сермаганича таъзим бажо келтирди:
— Ҳазрати олийлари, фарангилар орасида шум ниятлилалир ҳам йўқ эмас, сиз буни доноларча пайқабдурсиз. Аммо биз сиз томонингизда туриб ана ўша шум ниятлилар билан жанг қилишга тайёрмиз! Чунки сизнинг пайғамбарингиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръони шарифда бизнинг муқаддас китобимиз Инжилни эҳтиром билан тилга олмишдир. буни давлатингизнинг диний пешволаридан Саид Халил жаноблари ҳам тасдиқлашлари мумкин.
Пакавира Саид Халил томонга олазарак бўлиб қараб қўйди. Саиднинг қўли узун енги ичидан кўринмас, аммо бармоқлари билан тасбеҳ ўгириб ўлтиргани енг учидан чиқиб турган йирик марварид доналарининг секин силжиётганидан билинар эди. Бу марварид тасбеҳ уч кун бурун Саид Халилга Пакавира томонидан инъом этилганини Ҳумоюн хуфияларнинг кечаги ах- боротида ўқиган, «тақсиримнинг қимматбаҳо жавоҳирларга ўчлигини фарангилар ҳам билиб қолибдир-да», деб ўзича ажабланган эди. Ҳозир эса Ҳумоюн Саид Халилга Пакавира тушунмайдиган туркий тилда савол берди:
— Тақсир, ғайридинлар илкидан олинган инъом сиздек табаррук зотга жоизмикин?
Ҳумоюн Саид Халилнинг қўлидаги марварид тасбеҳга маъноли қилиб қаради. Саид Халил сири фош бўлишидан чўчиб, тасбеҳни дарҳол енг ичига яширди-ю, томоқ қириб:
— Ҳазратим, насоралар* ғайридин бўлсалар ҳам, бир ҳолда, бизга мажусийлардан кўра яқинроқдир, — деди.
— Сабаб?
— Сабабки, мажусийлар ўнлаб худоларнинг ҳайкалларини ясаб, уларнинг ҳаммасига сиғингайлар. Қайси улуснинг худоси кўп бўлса, ундай улусда якдиллик бўлмагай, мамлакат ҳамиша парокандаликдан азоб тортқай. Аммо насоралар ҳам биз каби бир худога сажда қилурлар. Исо алайҳиссаломга сиғинурлар. Муҳаммад алайҳиссалом ўз умматларига мурожаат этиб дейдиларки, «Исо ва Мусо пайғамбарлардан ажралманглар, имонда доим бирга бўлинг- лар».
Пакавира форсий тилда бу гапларни эшитганда қаддини тиклаб, кўкрак кериб, атрофига ғолибона назар ташлай бошлади. У энг мўтабар элчилар қаторида шоҳнишинга яқин ўнг томондан жой кўрсатилишини ва бугунги дарё сайрига подшо билан бир кемага чиқишни мўлжаллаб турибди.
— Тақсирим, — деди Ҳумоюн шайхулисломга. — Меҳмон имон жиҳатдан самимий бўлса, биздан ҳам самимий эҳтиром кўргай. Нек ният билан келган бўлса, биз ҳам унга яхшилик қилайлик. Жаноб Турдибек, фарангистонлик меҳмонга кимхоб тўн инъом этилсин.
— Бош устига, ҳазратим!
Кимхоб тўн Пакавиранинг елкасига ташлангач, Ҳумоюн сўзида давом этди:
20
— Боғда хизмат қилувчи мулозимларга буюринг, тиллакори толорда жаноб Пакавира учун махсус дастурхон ёзиб, наврўз неъматларидан зиёфат берсинлар!
Алваро Пакавира елкасидаги кимхоб тўндан терга ботиб кўшкдан ташқарига чиқар экан, дарёда чайқалиб турган кемаларга энди аламли назар ташлади. Унинг бу ерга келишдан мақсади — бир амаллаб Ҳумоюннинг пинжига кириш, подшо кемасида энг нуфузли аъёнлар билан бирга сайр қилиш, улардан танишлар орттириб, порага учадиганларини қўлга олиш эди. Лекин Ҳумоюн унга мана бу оғир тўнни кийдирди-ю, рухсат бериб юборди. Энди Пакавира ҳувиллаган боғда бир ўзи кема сайрига муносиб кўрилмаган учинчи даражали мулозимлар орасида ейдиган зиёфати томоғидан ўтадими? Ҳумоюн унинг ниятларини йўққа чиқариб, устидан кулиш учун атайлаб шундай қилди, чамаси. Аммо ким кимнинг устидан кулишини Алваро Пакавира ҳали унга кўрсатиб қўяди! У Ҳумоюндан иш чиқмаслиги мумкинлигини олдиндан ҳисобга олиб, энг ишончли одамларидан бирини ўтган ҳафта Шерхоннинг ҳузурига жўнатган. Энди бугундан қолмай ўзи ҳам Шерхон томонга йўл олади. Наврўз баҳонасида Ҳумоюн кайф-сафо қилиб, бепарво юраверсин. Алваро Пакавира унинг саройида кўрганларини, оға-инилар ва подшо билан руҳонийлар орасидаги зиддиятларни Шерхонга батафсил айтиб беради. Саид Халилдан қандай фойдаланишнинг йўлларини тушунтиради. Пакавира Ҳумоюннинг барча душманларини Шерхон атрофига йиғиб, бу темурийзодани тахтдан ағдармагунча бугунги аламидан фориғ бўлмайди!
Ичкарида қолган Саид Халил ҳам Пакавирага ўхшаб, подшонинг масхарасидан адоват туйғусига тўлиб ўтирибди. Шунинг устига Ҳумоюн Саид Халилнинг ашаддий рақиби Хўжа Ҳусайнни ўз ҳузурига чорлади.
Узоқ шимолга элчи бўлиб кетганича тўққиз йилдан бери дом-дараксиз йўқолган бу одам ҳали ҳам тирик эканми? Шиғовул эллик ёшлардаги мош-гу-руч соқолли, барваста ва озғин Хўжа Ҳусайнни эшикдан бошлаб кирганда Саид Халил уни таниб, юраги шиғ этиб кетди. Бу ўша — Бобурга жуда ёқиб қолган ва унинг ёрдамида энг олий диний мансабни Саид Халилдан тортиб олмоқчи бўлган Хўжа Ҳусайн! У пайтларда соч-соқоли қоп-қора, қирқ ёшли норғул қори эди. Энди юзлари, пеҳшона ва чаккалари кексалик ажинлари билан қопланибди. Аммо қадам олиши ҳали ҳам тетик. Ўшанда Саид Халил бу хатарли рақибдан қутулиш учун уни ғайридинлар яшайдиган узоқ московияга* элчи қилиб жўнатишга астойдил интилган эди. Унга қўл келган далил Хўжа Ҳусайннинг хоразмлик бўлгани ва йигитлик пайтларида Дашти Қипчоқ орқали Московияга бориб келгани эди. Шайх Ҳусайннинг ўзи ҳам Бобурга шимолдаги қорли чўллар, ғаройиб ўрмонлар, қалин муз остидан оқадиган дарёлар, қиш бўйи чана ва чанғида юрадиган одамлар ҳақида мароқли ҳикоялар айтиб берган эди. Табиатан сайёҳ бўлган ва янги ўлкаларни кашф этишга жуда қизиқадиган Бобур Московияга элчи юбориб, ҳамкорлик қилиш ва икки орада карвон йўли очишни ихтиёр қилди. Саид Халил элчиликка энг муносиб одам қилиб Хўжа Ҳусайнни кўрсатди.
Хўжа Ҳусайннинг ўзи ҳам ҳинд иссиқларидан қийналиб юрар, салқин ўлкаларга саёҳат қилишни истар, Московияга бориб келишда туғилиб ўсган юрти Хоразмни яна бир кўришга иштиёқманд эди. Бобур элчиликка ундан муносиброқ одам топа олмай, ҳижрий 937* йилда Хўжа Ҳусайнни Московия подшосига аталган мактуб ва совға-саломлар билан Аградан жўнатиб юборди. Ўша йили кеч кузда Бобурнинг ўзи бедаво касалга учраб вафот этди. Хўжа Ҳусайн эса ўша кетганича қайтиб келмади.
Саид Халил ундан бутунлай қутулдик деб юрганда бугун яна Хўжа Ҳусайн қаёқдан пайдо бўлиб қолди? Ҳумоюн ҳам унга алоҳида эҳтиром кўрсатиб ўрнидан турди ва қўл берди. Одатга биноан, Хўжа Ҳусайн подшоҳнинг қўлини тавоф қилиб ўпди-ю, бирдан кўзига ёш олди:
— Ҳазратим, сизни кўрадиган кун ҳам бор экан!
— Мавлоно, нечун бунчалик ҳаял қилдингиз? Тўққиз йил бўлдими?
— Бутун тўққиз йилим сарсон-у саргардонликда ўтди, амирзодам! Боришда Эрон-у Кавказ орқали кетсам бўлар экан. Туғилган юртимнинг меҳри тортди-ю, Мурғоб дарёсидан ўтиб,
21
Хоразм орқали боражак бўлдим. Лекин Марида шайбонийзода султонларнинг илкига тушиб қолдим. Бобуршоҳнинг номини эшитса тўнларини тескари киядиган жоҳиллар бор-будимни мусодара қилиб, ўзимни зиндонга ташладилар. Энди тирик қутулмасман деб ўйлаган эдим. Хайриятки, хоразмлик қариндошларим хабар топиб кафилга олдилар. Хоразмдан Московияга карвон қатнови тўхтаб қолибдир. шунинг учун Хуросонга қайтиб келиб, Мозандарон орқали Кавказга бордим. Ҳамма жойда юрт нотинч, ўзаро урушлар, қароқчилар... Ҳазар денгизидан Идил* орқали Московия мамлакатига етиб боргунимча уч йил ўтди. Қимматбаҳо савғолардан айрилиб абгор бўлдим. Фақат Бобур ҳазратлари ёзган мактубни жон ўрнига асраган эдим, алқисса, Московия подшосига элтиб топширдим.
Хўжа Ҳусайн бир уҳ тортди-ю, бошини хам қилиб давом этди:
— Московия тахтига улуғ кинияз* Василий Иоаннович деган киши ўлтирган экан. Менинг хароб аҳволимни кўриб Ҳиндистон подшосининг элчиси эканимга унча инонмади.
— Мактубни ўқиса муҳридан ҳам билиши мумкин эди-ку? — ҳайрон бўлиб сўради Ҳумоюн.
— Не тил билан айтай, амирзодам, мактубнинг муҳр босилган жойи ҳам уч йил давомида ҳилвираб таниб бўлмас аҳволга тушган эди. Московия подшоси эса Бобур ҳазратларининг Ҳиндистонга подшо бўлганларидан мутлақо бехабар экан. Икки орадаги масофалар шунчалик узоқ, борди-келди йўқ. Ҳиндистондан Московияга борган биринчи одам мен эканман. Шоҳона совғаларимни йўлда қароқчиларга олдириб қўйганим учун Эрондан майда-чуйда мол олган эдим. Улар Ҳиндистон моли ўрнига ўтмади. Алқисса, Московия подшоси айтдики, эҳтимол, сен бир сайёҳдирсан, Бобур — подшоми ёки подшонинг хизматидаги одамми — бизга маълум эмас, шунинг учун биз унга ўз элчимизни юбора олмаймиз, аммо Ҳиндистон билан Московия орасида сен каби сайёҳлар бориб-келиб турсалар, биз унга тарафдормиз.*
Саид Халил Хўжа Ҳусайннинг элчиликни эплай олмаганидан қувонгандай лабини буриб:
— Ана холос! — деб қўйди.
Бу сўзлардаги истеҳзони сезган Хўжа Ҳусайн Ҳумоюндан ҳимоя истаб гапирди:
— Лекин мен Московиядан натижасиз қайтганим йўқ, ҳазратим! Московия халқи орасида бизнинг элларни кўрган одамлар ҳам бор экан. Улар менинг элчи бўлиб борганимга ишондилар. Подшоларидан кўрмаган иззат-икромни мана бу Матвей Калитинга ўхшаш яхши рус кишиларидан кўрдим!
Хўжа Ҳусайн шундай деб орқасига ўгирилди ва қўлқопли ўнг қўлига чиройли қарчиғайни қўндириб турган қўнғирсоқол одамни кўрсатди.
Хўжа Ҳусайн шимол совуқларида шамоллаб, элчилиги натижа бермаганидан эзилиб касал бўлиб ётганда мана шу одам уни сўроқлаб келади. Савдо карвонлари билан саёҳат қилишни яхши кўрадиган Матвей Калитин бундан юз йиллар олдин Ҳиндистонга келиб кетган Афанасий Никитиннинг ихлосманди эди. Унинг қўлида Афанасий Никитиннинг Ҳиндистон сафари ҳақидаги кундалик дафтаридан кўчирилган қўлёзма китоб бор эди. Матвей Семёнович бу китобни қайта-қайта ўқиган, унда учрайдиган баъзи туркийча ва форсий ибораларни тушунмаса ҳам, Афанасий Никитин қаламга олган юртлар тасвирига ниҳоятда қизиқиб юрар эди. Карвон бекатида касал бўлиб ётган Хўжа Ҳусайн ҳиндистонлик эканини эшитган Матвей уни ўзининг уйига олиб кетади, унга айиқ ўтидан тайёрланган дорилар ичириб даволайди. Хўжа Ҳусайн Матвей Семёнович Калитиннинг юрти Муромда уч йил қолиб кетади. У билан хизматкорига муромликлар ўрмон четидан ёғоч уй қуриб берадилар, уни «Бабурин посол», яъни «Бобурнинг элчиси» деб ҳурмат қиладилар. Бора-бора Хўжа Ҳусайн руслар орасида Бабурин деган фамилия билан танилади. У хизматкори билан ўрмон четида турадиган жойга «Бабуринский хутор» деган ном берилади. Матвей Семёнович билан Хўжа Ҳусайн бир- бирларининг тилларини ўрганишади. Дарё йўли билан Новгород орқали Қозон хонлигига бориб, тижорат қилишади ва Ҳиндистон сафари учун маблағ йиғишади. Кўп хавф-у хатарларни бошдан кечириб, ниҳоят, аграга келишади.
Ҳумоюн бу гапларни эшитгандан сўнг Хўжа Ҳусайннинг ҳамроҳи бўлган қўнғирсоқол барваста
22
Матвей Семёновичга қизиқиб қаради. Калитин чарм қўлқоп кийган, қўлидаги бўз қарчиғайнинг кўзлари юпқа чарм ниқоб билан тўсиб қўйилган. Ён эшикдан подшо қушчиси ҳам ўнг қўлига қўлқоп кийиб чиқди. У қарчиғайни меҳмоннинг қўлидан секин олиб, ўз қўлига қўндирар экан, жим ўтирган қуш қанотларини ёйиб, қаттиқ бир талпинди. Шунда унинг ўткир тирноқлари қушчининг қўлқопли қўлини шахт билан чангаллади. Ҳумоюн қўлқоп чармига тиғдай ботган тирноқларга қараб, Московия қарчиғайининг забардаст эканини пайқади.
Матвей Калитиннинг кетидан келаётган хизматкор йигитнинг қўлида яхшилаб тахланган ва мўйнаси олтиндай товланаётган самур* пўстин бор эди. Совға қабул қиладиган ясовул уни хизматкорнинг қўлидан олиб, ичкарига кириб кетди.
Қўли бўшаганидан енгил тортган Матвей Семёнович бошидан картузини олиб, подшога таъзим қилар экан, унинг ўсиқ, қўнғир сочлари пешонасига осилиб тушди.
— Жаноб Матбий, — деди, — шунчалик узоқ йўллардан етказиб келган нодир совғаларингиз учун сизга ташаккур. Аммо биз учун бу совғалардан ҳам азизроқ инъомингиз — Хўжа Ҳусайнни омон сақлаганингиздир, у билан ҳамроҳ бўлиб келганингиздир!
Туркий тилни Хўжа Ҳусайн ёрдамида ўрганган Матвей Семёнович ҳали талаффузда бироз қийналар, айниқса, «ҳ» деёлмас эди:
— Газрати олийлари, Гўжа Гусейнни бизнинг Москвага юборганларингиз мен учун-да, буюк бир инам бўлди. Унинг шарофати билан ғарайиб мамлакатларни кўрдим.
— Биздан не тилагингиз бор? Айтинг.
— Мен тижорат иши билан келмишмен. Агра бозорида «сен насора» деб, бож-у хирождан ташқари, молимга тамға солиғи ҳам солдилар.
Ҳумоюн вазирга юзланди.
— Жаноб Турдибек, московиялик меҳмонга бизнинг номимиздан ёрлиқ беринг, унинг молларидан тамға солиғи олинмасин, қаламравимиздаги барча бозорлар, ҳамма ём бекатлари жаноб Матбийни бизда бор имтиёзлардан баҳраманд қилсинлар. Чунки Хўжа Ҳусайн уч йилда зўрға етиб борган узоқ Московиядан бу ерга нодир моллар олиб келишнинг ўзи бир жасоратдир.
— Ҳақ гап айтдингиз, ҳазратим,— деди Турдибек таъзимга бош эгиб. — Фармойишингизни бажонидил адо этгаймен! Токи жаннатмакон отангиз ният қилганларидек, Ҳиндистон билан Московия орасида савдо карвонлари қатнашига имкон кўпайсин!
— Ахир бу карвонлар фақат мол ташимагай, балки икки орага таниш-билишлик риштасини тортгай, — деди Ҳумоюн. — «Танимаганни сийламас» деган гапнинг ростлигини Хўжа Ҳусайннинг бошига тушган савдо ҳам кўрсатмишдир. Агар икки орада борди-келди бўлса эди, Московия подшоси бизнинг кимлигимизни лоақал карвон билан келиб-кетган ўз сайёҳларидан эшитиб билмоғи мумкин эди. Ана унда элчимизга муносабат ҳам бошқача бўлур эди... Жаноб Матбий, сиз насора динида бўлсангиз, Исо пайғамбарнинг умматимисиз?
— Айни шундай, газрати олийлари.
— Ундоқ бўлса... Саид Халил жаноблари боя насораларнинг имон жиҳатидан бизга яқинликлари ҳақида кўп мўтабар далиллар келтирган эди. Энди биз ана шу далиллар асосида жаноб Матбийни наврўз сайлига таклиф этгаймиз! — Ҳумоюн ўрнидан турди ва Хўжа Ҳусайнга қараб давом этди: — Мавлоно, сиз ҳам аҳли давлат билан бирга бизнинг кемага марҳамат қилинг. Сизнинг шундай узоқ элларга бориб келганингиз — тарихда қоладиган улуғ иш бўлибдир. Энди йўл азобларидан фориғ бўлиб, истироҳат қилинг!
Ҳумоюннинг Хўжа Ҳусайнга кўрсатган ҳар бир илтифоти Саид Халилнинг дилига гўё заҳарли тикан бўлиб қадалар ва бутун вужудида оғриқ қўзғатар эди. Ахир Хўжа Ҳусайн Саид Халилнинг ашаддий рақиби эканини кўпчилик билади. Хўжа Ҳусайн ҳам оқсуяк саидлардан, илоҳиёт илмидан ташқари дунёвий билимларни яхши ўрганган, қилич тақиб жанг қилиш ҳам, элчилик ҳам қўлидан келади. Шунинг учун Ҳумоюн уни Саид Халилнинг ўрнига шайхулислом қилиб кўтаришни жон-дилидан истаб турибди.
23
Лекин Саид Халил бунга йўл қўймайди! У диний ҳокимият подшо салтанатидан баланд туришини исбот этмоғи керак.
Саид Халил чора излаб атрофига қарар экан, кўшкда ўлтирганлардан нажот тополмаслигини сезди. Фақат Лахўрдаги Комрон мирзо ва Чунор қалъасини қамал қилаётган Шерхон Саид Халилни муродига етказмоғи мумкин. Ҳумоюн Саид Халил билан ўз муносабатларини шу даражада кескинлаштирдими, энди унинг жазосини Шерхон бермоғи лозим. Шерхон бундан ўнг йил бурун Бобур хизматига кирганда Саид Халилга қўл бериб мурид бўлган эди. Кейинги йилларда оралари узоқлашиб кетган бўлса ҳам, Шерхон ҳалигача уни унутмаган экан. Ўтган ҳафта Шерхоннинг савдогар қиёфасида Аграда юрган хуфияси Саид Халилни жоме масжидида холи топди. Унга Шерхон номидан олтин шамдон совға қилди, сўнг махфий мактуб топширди. Мактубда Шерхон Саид Халилни «пири бузруквор» деб улуғлаган, ўз юрти Бихарга таклиф этган ва энг олий диний пешволик лавозимини ваъда қилган эди. Саид Халил Аграда ҳам диний пешво бўлгани учун, пойтахтни ташлаб кетишга кўнгли бўлмаяпти. Энди агар Ҳумоюн унинг ўрнига Хўжа Ҳусайнни диний пешво қилиб кўтариш ҳаракатига тушса Саид Халил жим қараб турмайди. Дарҳол Шерхоннинг мактубига жавоб ёзиб, ўша хуфия орқали Бихарга жўнатади, Ҳумоюннинг заиф жойлари нимада эканини Шерхонга бир-бир маълум қилиб, унинг ғалабасига кўмаклашади.
Ҳумоюн кўшкдаги ишларини тугатгач, бек-у аъёнлар билан бирга боққа чиқди. Мавкаб дарё четида турган кемаларга қараб борар экан, Саид Халил бир четда мулозимлар тўпига қўшилиб кўзлари олазарак бўлиб турган Алваро Пакавирани кўрди. Кўз кўзга тушганда унинг Саид Халилга айтадиган гапи борлиги сез?