Биринчи қисм: ҲУМОЮН
АГРА
ҲАМИДА БОНУ АРОСАТДА
Ҳижрий 935-йилда* Аграга кўчиб келган Хонзода бегим ўн йилдан бери Ҳиндистонда истиқомат қилаётган бўлса ҳам, ҳанузгача бу ердаги йил фаслларининг ғаройиблигига ўрганолмайди. Унинг назарида, Агранинг кузи ва қиши йўқ, баҳори билан ёзи эса йил бўйи давом этади. Кеч кузда, бегимнинг ёшлиги ўтган Фарғона водийсида, дарахтлар баргини дув тўкадиган хазонрезлик пайтида Агранинг ям-яшил хурмозорлари худди ёздагидек мева бериб туради. Қишда, Самарқанднинг мовий гумбазлари оппоқ қор билан безанадиган пайтда Жамна бўйларида донли экинлар бошоқ тортади, токлар эса гулга киради. Хут ойининг охирида Тошкентда қиш қировлари энди тугайдиган кезда Ҳиндистоннинг жанубида эртаки узумлар пишади. Наврўз кирганда эса бозорга янги қовун чиқади ва ҳинд далаларида арпа ўрими бошланади.
Аградаги Зарафшон боғида баланд гулмоҳур дарахтлари бор. Бу дарахтлар наврўз арафасида бутун баргларини бирдан тўкади-ю, новдаларидаги шиғил ғунчалар бирваракайига очилади. Шунда япроқсиз новдаларнинг ҳаммаси йирик-йирик қизил гуллар билан қопланади. Улкан гулмоҳур дарахтлари қип-қизил гулханларга ўхшаб кўзни ёндиради. Шунинг учун бу ажойиб дарахтни оловли моҳур ҳам дейишади.
Мана шу гулмоҳурлар ёнидаги тиллакори толорда* ёши олтмишлардан ошган, сочлари оқариб, жуссаси кичик бўлиб қолган Хонзода бегим хомуш бир қиёфа билан ёлғиз ўлтирибди.
Боғ жуда ораста, йўлкаларга олтинранг қумлар солинган, мармар ариқлардан тиниқ сувлар жилдираб оқади. Чорчаманларда мамлакатнинг энг ноёб гуллари муаттар ҳид таратиб очилиб турибди. Лекин бу ҳаммаси Хонзода бегимга жуда омонат туюлади. Иниси Бобур қонли жангларда барпо этиб кетган улкан давлат ҳанузгача ҳинд ерига теран илдиз отолган эмас. Фотиҳлик қиличининг яралари тезда тузалмас экан. Мамлакатнинг турли ўлкаларида Ҳумоюн ва унинг иниларига қарши кетма-кет исёнлар бўлмоқда. Шу хатарли вазиятда оға-инилар иноқ бўлиш ўрнига бир-бирлари билан чаплашиб, ҳокимият талашадилар. Хонзода бегим уларни муросага келтиролмай қийналади. Ҳозир боғда ўлтирган пайтида ҳам, бутун хаёли оға-
1


иниларнинг низоларидан бери келмайди.
Бегимнинг паришон назари тушиб турган кўкаламзор майдонда эса бир тўп отлиқ қизлар чавгон* ўйнамоқда. Улар Хонзода бегимдай машҳур кайвони ўйинга қараб турганидан руҳланиб, жон-жаҳдлари билан чавгон тўпини мухолифлар дарвозасига киритишга интиладилар.
Бир тараф дарвоза бўз отлиқ қизлар ҳимоясида. Қора отлиқларга иккинчи дарвоза берилган. Ўйинчиларни фарқ қилиш осон бўлиши учун бўз отлиқ қизлар сариқ рангли чолвор ва нимча кийишган. Қора отлиқлар эса қизил кийимда.
Ҳиндол мирзонинг ёшгина хотини Султоним бегим майдон атрофида саман отини йўрттириб, ўйинга ҳакамлик қилади. Унинг қўлида заргарлар булбулга ўхшатиб чиройли қилиб ясаган олтин ҳуштак. Қоидани бузганлар шу ҳуштак билан огоҳлантирилади.
Бир пайт тўп бўз отлиқларнинг дарвозасига киритилди-ю, ўйиннинг шиддати ошиб кетди. Хонзода бегим чавгончўпларнинг бир-бирига шақ-шуқ урилаётганини, бўз отлиқлар жуда қаттиқ ҳужумга ўтганини кўрганда, «бирон кор-ҳол бўлмасин тағин», деб беихтиёр хавотирланди. Бу хавотирлик энди унинг эътиборини ўйинга тортди.
Тапир-тупур от чопаётганлар — бўй етган хушрўй қизлар. Уларнинг орасида Гулбадан бегим ҳам бор. Қизларнинг ҳеч бири Хонзода бегимнинг кўзи олдида мағлуб бўлиб, уялиб қолишни истамайди, ҳаммаси тўпни бошқалардан тортиб олишга интилади. Шунда отлари бир-бирига урилиб, айқашиб кетади, гоҳо бирон от урилиш зарбидан гандираклаб йиқилгудек бўлади. Бу қалтис ҳолатлар Хонзода бегимни изтиробга сола бошлади.
Ахир бу қизлар энг нуфузли бек-у аъёнларнинг оиласидан. Агар биронтасининг юз-кўзига чавгончўп тегиб ярадор қилса, чандиқ қолдирса ёки биронтаси отдан йиқилиб, туёқ тагида эзилса мутаассиб шайхлар яна фисқ-у фасодни кўпайтиради. Улар қизларнинг доим парда ичида — уй асираси бўлиб ўлтиришини талаб қиладилар. Лекин парда ичида хонанишин бўлиб беҳаракат яшайдиган аёллар нотавон ва мўрт бўлишини, бақувват насл беролмаслигини Хонзода бегим яхши билади. Бегим билан бирга бу ерларга келган эл-улуснинг қизлари эса қадимдан отлиқ юриб ўрганганлар. Ҳозир ҳам Хонзода бегим биладиган аёлларнинг бир ерда муқим турадиганлари оз. Эрлар қатори аёллар ҳам ҳали Хуросонда, ҳали Кобулда яшайдилар, ҳали Бадахшонга кетиб, ҳали Аграга келадилар. Бу узоқ ўлкалар орасида икки-уч ойлик йўлларни кўпгина қизлар отлиқ босиб ўтади. Тақдир тақозоси шундоқ бўлгач, ота-боболар удуми бўйича қизларни ҳам ёшлигидан чавандозликка ўргатиш, улар орасида ҳам пойгалар, мусобақалар ўтказиш жоиз эмасми? Албатта, қизларни отдан йиқилиш-у майиб бўлишдан ҳам эҳтиёт қилиш керак!
Хонзода бегим шуни ўйлаб, ўйинни ҳаяжон билан кузатгани сари қизлар хавф-хатарни унутиб, тўдага дадил ташланишар, қамчи ўрнига чавгончўп билан отлари сағрисига уриб, мухолиф томонга ҳамла қилишарди.
Бўз отлиқ қизлардан Ҳамида дегани ўйинчилар ғиж-биж бўлиб турган тўдага ўқдай ёриб кирди- ю жиловни қўйиб юборди. Чавгончўпни икки қўллаб тутганича, узангига оёғини тиради-да, улоқчилардек пастга энгашди. Бу қиз қоплон каби чаққонлик билан тўпни чавгончўпга илинтириб тўдадан олиб чиққанда, Хонзода бегимнинг завқи келиб «о!» деб юборди. Нариги дарвоза ҳимоясиз қолган эди. Ҳамида «гўй» деб аталадиган тўпни ўша томонга чир-пирак қилиб олиб ўтди. Унинг оти ҳам шамолдай учмоқда эди. Қора отлиқлар қувиб етганича бўлмай, Ҳамида бону тўпни дарвозага шундай чапдастлик билан уриб киритдики, буни кўрган Хонзода бегим:
— Балли, шерқиз! — деб қарсак чалди.
Отини буриб орқага қайтаётган Ҳамида бону Хонзода бегимнинг сўзини эшитмаган бўлса ҳам, унинг қарсак чалганини кўриб, ўзида йўқ суюнди.
Тиллакори толорда ўлтирган бегимнинг жуссаси кичкина кўринса ҳам, Ҳамида бону учун аёл зоти орасида ундан салобатлиси ва қудратлиси йўқ. Султоним бегим Ҳамидага яқин келиб:
2


— Эшитдингизми? — деди. — Ҳазрат онам сизга «шерқиз!» деб таҳсин айтдилар.
— Чинданми, а?
— Мен ҳам эшитдим! — деди бўз отлиқ Гулбадан бегим.
Ҳамида бону ҳаяжон ичида отини толор томонга бурди-да, қўлини кўксига қўйиб, Хонзода бегимга қуллуқ қилди.
Бу кайвони бегимнинг бошидан қандай даҳшатли фожиалар кечганини Ҳамида яхши билади. Ўттиз тўрт ёшида бева қолган ва ёлғиз ўғли Хуррамшоҳдан жудо бўлган Хонзода бегим кейинчалик Султонимни фарзандликка олган. Султоним аслида андижонлик меъмор, мавлоно Фазлиддиннинг жиян авлодидан эди. Қизча икки яшарлигида ота-онаси вабога учраб ўлиб кетишган, мавлоно уларга жуда қаттиқ куйган эди. Воқеадан хабар топган Хонзода бегим мав- лононинг ҳурмати учун икки яшар Султонимни ўзига қиз қилиб олди, унга бутун меҳрини бериб, ўн тўрт йил тарбиялади. Бултур жияни Ҳиндол мирзонинг Султонимга кўнгли борлигини сезиб, Ҳумоюннинг маслаҳати билан уларнинг тўйларини ўтказди. Бу тўй шунчалик катта бўлдики, унга борган мўтабар бегимларга обу ошдан ташқари кумуш баркашларда бир сиқимдан олтин тангалар тортилди. Ҳар бир бегим сиқимига сиққанича олтин олганини, бошқа ёшроқ қизлар орасига олтин-кумуш тангалар сочқи тарзида сочилганини Ҳамида бону ўз кўзи билан кўрган. Оёғи тагига келиб тушган битта олтин тангани у ҳам яхши ният билан эсдаликка олиб қўйган.
Уни тўйда энг ҳайрон қолдирган нарса шу эдики, давлат бошлиғи бўлган Мирзо Ҳумоюн ўша куни тўйхонанинг баланд жойига қўйилган ҳашаматли шоҳсупада Хонзода бегимни ўз ёнига ўтқазиб, уни подшога тенглаштириб эъзозлади. Бу воқеани кўрган кексалар: «Мусулмон подшоларининг камдан ками аёл зотининг ҳурматини бу даражада баланд кўтарган», деб ҳали ҳам айтиб юрадилар.
Ҳамида бону учун шундай бир қўл етмас баландликда юрган Хонзода бегим энди унинг чавгон ўйнашига қизиқиши, яна «шерқиз!» деб таҳсин айтиши кутилмаган бир бахт бўлиб туюлди. Бу бахтдан Ҳамиданинг вужудига янги кучлар қуюлиб кела бошлади. У ҳар тўп урганда билагида шернинг ку-чини сезгандай бўлар, тагидаги бўз оти ҳам майдон бўйлаб ўқдай учарди. Толорда ўлтирган Хонзода бегим Ҳамида бону билан ўзининг орасида алоҳида бир эъзоз ва қизиқиш кучайиб бораётганини сезиб турарди. Ҳамида унинг эътиборидан руҳланиб яхши ўйнагани сари Хонзода бегимнинг дили ҳам яйрамоқда эди. Бояги оғир ўйлар, вужудини бўшаштирган кексалик чарчоқликлари эсидан чиқиб, уларнинг ўрнини ёруғ бир завқ эгалламоқда эди...
Ҳамида бону мухолифлари дарвозасига иккинчи марта тўп киритганда Хонзода бегим бу қизга бутунлай маҳлиё бўлиб қолди. Ҳозир бўз от устида Ҳамида эмас, ёшликдаги Хонзода бегим ўлтиргандай туюлди. Бегимнинг кўзи олдида ўн олти яшар қизлик пайтлари гавдаланди. Узоқларда қолиб кетган Андижон, Қорадарё бўйидаги чорбоғ, ўн бир ёшлик ўспирин иниси Бобур мирзо... ва унинг мулозимлари билан чавгон ўйнаган чавандоз кийимидаги гўзал қиз Хонзода... Бу ҳаммаси булутлар орасидан ярқ этиб кўринган офтоб бўлиб бегимнинг қалбини ёшлик нурларига тўлдирди...
Хонзода бегимга гўё ёшлигини қайтиб берган бу қиз ким экан? Бегим унинг Гулбадан ва Султоним билан бирга юрганини илгарилари ҳам кўрган, лекин кўпда эътибор бермаган эди. Энди у билан яқиндан танишгиси келди-ю ўйин тугагандан кейин канизини юбориб, Ҳамида бонуни толорга чақиртирди.
3

Кечки дим ҳавога ўйиннинг тафти қўшилиб, Ҳамида бону бўғриқиб кетган, қора қошларининг устида тер мунчоқлари йилтирар эди. Подшо даражасида машҳур бўлган Хонзода бегимнинг олдига чолвор кийиб, терлаб-пишиб бориш Ҳамида бонуга жоиз эмасдек туюлди. У канизга: — Бир лаҳза муҳлат беринг, кийимларимни алмаштириб келай! — деди.
— Йўқ, ҳазрат бегим сизни шу кийимда таклиф қилдилар! Ўзлари ҳам ёшликларида чавгон ўйнаганлар. Кўп андиша қилманг, юринг!
Ҳамида канизга эргашиб толор томон борар экан, ипак дурра билан танғиб чамбар қилинган икки ўрим узун сочларини елкасига туширди. Дурранинг учи билан қоши устидаги тер резаларини артди.
У толор зинапоясидан кўтарилаётганда Хонзода бегим ўрнидан туриб, унга томон юрди. Ҳамида бону уч-тўрт қадам нарида тўхтаб келинлардай эгилиб таъзим қилди. Хонзода бегим унга кулимсираб яқинлашди-да, қўл берди. Одатга биноан, Ҳамида бону унинг қўлини икки қўллаб олди-ю, бир тиззасини ерга тираб, байроқни ўпгандек ихлос билан ўпди. Қиз бошини эгган пайтда йўғон қора сочарининг бири елкасидан сирғалиб кўкрагига тушди.
Хонзода бегим иккинчи қўли билан уни белидан қучиб секин тикка турғизди ва зарбоф кўрпачага таклиф қилди.
Шу орада Султоним бегим ҳам толорга чиқиб келди. Бегимлар тўрга ўтиб ўтирганларидан сўнг Ҳамида бону оёқларини тақими остига олиб, одоб билан чўккалади. Шунда узун сочларининг жингалак қилинган учлари кўрпача устига тушди. Қиз ҳар қимирлаганда сочларининг учи зарбоф кўрпачани супураётгандай бўлар ва Хонзода бегимга алоҳида бир завқ берар эди. У Ҳамидани ғалаба билан муборакбод қилгандан кейин, кимнинг қизи эканини ва Аграга қаерлардан келганини сўрай бошлади.
Ҳамиданинг отаси фақиҳ* Мирбобо Дўст асли тошкентлик эди, Шайбонийхон қирғинларида Хуросоннинг Жом шаҳрига келиб қолган ва шу ерлик қизга уйланган эди. Кейинчалик у Бобур мирзодан паноҳ истаб Жомдан Кобулга кўчиб боради. Бобурнинг суюкли хотини Моҳим бегим ҳам жомлик бўлгани учун Ҳамиданинг онаси ҳамшаҳарига орқа қилиб аввал унинг ҳузурига киради. Кейин Моҳим бегимнинг тавсияси билан Мирбобо Дўстни Бобур қабул қилади. Бобур унга фикҳ илмидан саволлар берганда, Мирбобо Дўст арабча-форсча битилган қонун- қоидалардан ташқари, туркий тилда ёзилган «Мубаййин»дан ҳам кўп мисоллар келтирди. Бобурнинг бу шеърий китобини у бошданоёқ ёд билар эди. Мирбобо Дўст болаларга фақат қо- нуншуносликдан эмас, тарих, мантиқ ва адабиётдан ҳам яхши дарс бериши мумкинлигини сезган Бобур уни кичик ўғли Ҳиндол мирзога муаллим қилиб тайинлади, шундан бери бу оиланинг бутун тақдири Ҳиндол мирзога боғлиқ бўлиб қолди. Ҳиндол Бадахшонга борганда булар ҳам боришди, Аграга келганда булар ҳам бирга келишди. Шу узоқ йўлларда Ҳамида кичиклигидан от минишга ўрганди ва чавандозликни машқ қилди. Ҳозир Мирбобо Дўст Ҳиндол мирзонинг қонуншунослик бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлайди. Маоши дуруст бўлса ҳам, икки ўғил, бир қизни бекзодалар каби кийинтиришга, беш-олтита от, уч-тўртта хизматкор асрашга етмайди. Шунинг учун Ҳамиданинг онаси Ҳиндол мирзонинг ҳарамида қиссахон бўлиб хизмат қилади. Султоним бегимга машҳур достонлар ва ҳикоятлардан ўқиб беради-ю, бунинг эвазига дурустгина инъом ва улуфа олади. Ҳамиданинг ўзи ҳам Султоним бегимнинг тенгдош надималари қаторида юради.
Хонзода бегим бу тафсилотларни Султонимдан ва Ҳамиданинг ўзидан эшитган сари бир нарсадан таажжубланиб қўйди. Бутун борлиғидан латофат ёғилиб турган шундай қиз ўз даргоҳларида юрган экан-у ҳалигача нечун унга дурустроқ бир эътибор беришмабди?
Хонзода бегим чавгонни яхши ўйнайдиган бошқа чавандоз қизларга латофат етишмаслигини, баъзилари эркакшода бўлишини билади. Ҳамида бону чолвор кийиб ўлтирган бўлса ҳам, чавандозлик кийимлари унинг ингичка белини, бўлиқ кўкракларини, новдадай эгилувчан ёш танининг кучга тўлиқ нафосатини беҳад гўзал қилиб кўрсатади. Йўғон соч ўримларининг нозик
4


бўйин ортида тўлғаниб туриши Хонзода бегимга завқ берди:
— Ҳамида бону, сизни кўриб бир байт шеър ёдимга тушди. Айтайми? — Айтинг, ҳазрат бегим, жон қулоғим билан эшитгаймен!
— Ўзи асли шу боғда битилган. Раҳматли иним Бобурнинг газалидан:
Гул жамолин ёпқон ул гулнинг икки райҳонидур. Ғунча сирин очқон ул икки лаби хандонидур.
Ҳамида бонунинг кўзларида юлдузлар чарақлаб ёнгандай бўлди. Лаблари табассум билан очилиб, унинг ички сирини — бу шеърни яхши билишини ва ёқтиришини сездириб қўйди. — Ғазалнинг давомини сиз айта қолинг! — деди Хонзода бегим.
Ҳамида иболи кўзларини ерга тикиб:
— Муболаға қилсам маъзур тутинг, ҳазрат бегим,— деди.
Сўнг арузнинг нафис қоидаларини ўрнига келтирган ҳолда ўша ғазалдан икки сатр айтди: Сел эмасдур ер юзин туткон кўзимнинг ёшидур,
Раъд эмасдур* кўкка чирмошқон кўнгул афғонидур.
Хонзода бегим хандон уриб кулди-ю:
— Бу сўзлар сиз учун чиндан ҳам муболаға!— деди. — Ер юзин тутқон кўз ёшларидин тангрим сизни асрасин!
Хонзода бегим ўз кўнглида эса: «Нечун Ҳумоюн ҳалигача бу қизни кўрмабдир?» деб тааж- жубланиб қўйди. Чунки бир вақтлар Бобурни қийнаб, фиғонини кўкка чирмаштирган қуюнлар ҳозир Ҳумоюннинг атрофида айланиб юрибди. Бобурнинг-ку Моҳим бегимдек доно хотини бор эди, оила орқали келадиган кўп балоларга шу садоқатли аёл балогардон бўлар, фарзандларини ҳам отага ихлосманд қилиб тарбиялаган эди. Ҳумоюннинг эса хотин жўнидан ҳеч бахти очилмаяпти. Уни ўн саккиз ёшидаёқ тоғаси Ёдгорбекнинг Бека бегим деган қизига уйлантиришган эди. Киборлар жамиятида ўсган бу қизда нафис бир чирой бор-у, аммо оналик уқуви йўқми ёки яқин қариндошлар оила қурса насли касалманд ва заиф бўлади, деганлари рост эканми? Бека бегимдан бир эмас, икки ўғил туғилди-ю, ёшлигидаёқ ўлиб кетди. Шоҳлик удумига биноан Ҳумоюннинг меросхўр ўғли бўлиши керак. Уни яна икки марта уйлантирдилар. Ҳумоюннинг ўзи ҳам ёр танлашда адашяптими, хуллас, уч хотинидан биронтаси унга муносиб бўлиб чиқмади. Ҳумоюн ўттизга кирди. Ҳамон ўғилга зор, хотинларидан эса кўнгли яримта. Амир-у умаролари уни май базмларига тортади. Ўтган куни кечки пайт Ҳумоюн Хонзода бегимни кўргани келганда анча кайфи бор эди. Кайфнинг дадиллиги билан аммасига ичини ёриб ҳасрат қилди:
— Толеъим йўқ экан! Мамлакат тўла қиз, тангри менинг пешонамга бирорта оқила-ю фозиласини битмагани ғалати!
Хонзода бегим Ҳамида бонунинг сеҳрига берилиб, унинг ғазал ўқишидан завқ қилаётган пайтда Ҳумоюннинг шу ҳасрати ёдига тушди-ю, икковини ёнма-ён қўйиб тасаввур этди. Ҳумоюн ҳам кўҳлик йигит, жангларда ботирлик кўрсатиб донғи кетган, уни куёв қилиш орзусида юрган султон-у вазирлар кўп. Уларнинг подшога қайнота бўлгилари келиб юрганда Мирбобо Дўстдай оддий мулозимга йўл бўлсин! Бундан ташқари, Ҳамиданинг ўзи уч хотинлик Ҳумоюнга тегишни истармикин? Балки унинг бошқа бирон кўнгил берган йигити бордир? Хонзода бегим шеър баҳсини давом эттириб, Ҳофиздан, Деҳлавийдан, Навоийдан гоҳ форсий, гоҳ туркий тилда байтлар келтирар экан, буларнинг кўпи Ҳамида бонуга таниш эканини, қиз жуда фаросатли ва билимли бўлишдан ташқари, ишқий ғазалларга алоҳида майли борлигини сезди. Сўнг ярим ҳазил, ярим чин оҳангда сўради:
— Сизга атаб шеър битган ошиқ йигитлар ҳам бордир, Ҳамида бону?
Ҳамида ийманиб бош эгди-ю, ерга кўз тикди.
5


Шунда Султоним бегим Ҳамидага ошиқ бўлиб шеърий мактублар ёзган бир бекзоданинг тарихини онасига айтиб берди. Жунаид барлос номли улкан амирнинг ўғли бўлган бу бекзода Ҳамидага совчи ҳам юборди. Лекин Ҳамида уни хушламас эди, охири Ҳиндол мирзодан ҳимоя сўради. Кичиклигидан ўз даргоҳида ўсган Ҳамидани авайлаб юрадиган Ҳиндол мирзо бекзоданинг отаси билан гаплашиб, бошқа мактуб ҳам ёзмайдиган, совчи ҳам юбормайдиган қилди.
Хонзода бегим Ҳамиданинг тутган йўлини маъқуллаб:
— Шошмаганингиз ҳам маъқул, — деди. — Иншоолло, шерқизга муносиб арслон йигит учраб қолгай.
Бегимнинг кўпни кўрган тажрибали кўзлари Ҳамидага умид билан тикилмоқда эди. Хонзода бегим узоқ умри давомида Шайбонийхон-у шоҳ Исмоилдан тортиб темурий тождорларгача қанча-қанчасининг оилавий ҳаётларини яқиндан кўрди, не-не машҳур маликаларнинг тож-у тахт балоларига бардош беролмай шикаст еганларига гувоҳ бўлди. Ҳамиданинг ҳуснига яраша ақли ҳам етук, вужудидан куч ёғилиб турибди. Ҳумоюннинг ички ва ташқи зиддиятларга тўлган машаққатли ҳаётига балки шу қизнинг бардоши етар? Балки улар орзу қилган ўғилни шу қиз туғиб берар? Хонзода бегим уларни қандай қилиб бир-бирига яқинлаштирса экан? Наврўз кунларида Ҳумоюн кема сайрига аёлларни ҳам таклиф қилган. Хонзода бегим Султонимга юзланди:
— Қизим, бугун чавгон ўйнаган дугоналаринг билан машқни давом эттиринглар. Мирзо Ҳумоюнни кема сайридан сўнг шу боққа таклиф этгаймиз. Ҳамидалар қандай чавгон ўйнашини ҳазрат бир кўрсинлар. У киши бундай томошага жуда ишқибозлар.
Ҳамида подшонинг кўзи олдида от чопиб ўйнашини тасаввур қилди-ю, бирдан ваҳми келди:
— Ҳазрат бегим, мен қўрқамен!
Хонзода бегим кулди:
— Бунча қўрқманг, эртага сиз ҳам биз билан кема сайрига борурсиз. Ҳазратимни яқиндан кўрсангиз ваҳимангиз босилиб қолгай. Кейин яхши отларга миниб машқ қилгайсиз.
Хонзода бегим канизига томон ўгирилиб:
— Отбегига айтинг, чавкарни олтин анжомлари билан олиб келсин! — деб буюрди.
Султоним онасига ҳайрон бўлиб тикилди. Хонзода бегим Ироқдан келтирилган чавкар отни ўзи учун икки минг рупийга сотиб олган эди. Бу пулга оддий отлардан ўнтасини беради. Наҳотки энди уни Ҳамидага инъом этса? Хонзода бегим қизининг кўзларидаги ҳайратнинг сабабини сезди-ю:
— Менинг бошқа отларим бор, — деди, сўнг жиловдор етаклаб келган чавкар отни олтин анжомлари билан бирга Ҳамида бонуга инъом қилди.
***
Бу воқеа оғиздан оғизга ўтиб, Ҳамиданинг ота-онасига ҳам маълум бўлди, Қизларига Хонзода бегимнинг назари тушгани, эрта-индин Ҳамидани Ҳумоюн мирзо саройига таклиф этмоқчи бўлишаётгани уларга толенинг кулиб боқишидек туюлди. Чеварликдан хабари бор она бугундан бошлаб Ҳамида учун қимматбаҳо атлас-у муслинлардан янги кийимлар тикишга тушди. Лекин бу ишлардан қизнинг ўзи безовта бўларди. Ахир Ҳамида Ҳумоюннинг гўзал хотини Бека бегимни, олти яшар қизчаси Ақиқани кўрган. Оилали, фарзандли йигитга хомтама бўлиш... Йўқ, йўқ, Ҳамида буни ўзига мутлақо раво кўрмайди! Ҳамида ихлос қўйган шундай улуғ Хонзода бегим наҳотки уни кундошлик азобига лойиқ деб билса? «Балки кўнгил берган йигитингиз бордир?» деб сўради-я. Ҳамида уялиб «йўқ» дегани учун энди ўзидан ҳам норози бўлди. «Бор» дея қолса осонроқ қутулмасмиди? Аммо «ким?» деб сўрасалар қандай жавоб
6


беради? Эшкакчи йигит Низомга кўнгли борлиги... Ростми? Буни ҳали ўзи ҳам аниқ билмайди- ку, қандай айтади? Аросатда қолгандай изтироб чекаётган Ҳамида бону боғнинг нариги четидан лимиллаб оқиб ўтаётган Жамна дарёсининг соҳилига қараб кетди.
Боғнинг узоқ бурчагида дарё ўзани қўлтиққа ўхшаб ичкарига ёриб кирган хилват жой бор. Оқим бу ерда жуда сокин, сув таги майин қумлоқ, унча чуқур ҳам эмас. Ҳамида бу ерга етти яшар қизалоқ пайтларидан бери кўп келади. Соҳилни бир томондан баланд дарахтлар, иккинчи томондан боғ девори пана қилиб туради. Девор ортида кемачи бир одамнинг кичкина ҳовлиси ва икки эшкаклик қайиғи бор. Ёмғир фасли тугаб, қуруқ ва иссиқ ойлар бошланганда Жамнада сув камайиб, қирғоқ четлари милкдай очилиб қолади. Шунда боғ девори тугаган жойдан қўшни ҳовлига кириб чиқса бўладиган йўлак пайдо бўлади.
Кемачининг болалари Зарафшон боғига ўтишга журъат этолмайдилар. Шунинг учун Ҳамида саккиз яшар қизча эканида ҳалиги йўлакдан ўзи ўтиб борган, кемачининг Низом деган каттагина ўғли уни қайиғига чиқариб дарёда сайр қилдирган эди. Ҳамидани онаси «ҳали бола- ку» деб унча қаттиқ тергамас эди. Ўн етти ёшли Низом подшо боғида турадиган Ҳамидага ўзининг қанчалик чапдаст эканини кўрсатиб қўйгиси келди.
— Бонуча, сизга балиқ тутиб берайми? — деб кўйлагини ечди-ю, қайиқдан сувга шўнғиди. Жамнанинг қорамтил суви шишадек тиниқ эди. Ҳамида Низомнинг сув тагида балиқ қувиб кўзи очиқ ҳолда сузишини кўрди-ю, ҳайрон қолди. Низом соҳил четидаги қўлтиққа қамаб тутган бир балиқ унинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетди. Аммо бошқа бир балиқни тутган заҳоти икки қўллаб қайиққа қараб отди. Унинг қўлларидан сачраган сув зарралари Ҳамидага ҳам тегди. Каттагина балиқ қизчанинг оёғи остига тушиб, патирлаб ўйнай бошлади.
Низомнинг сувда бу қадар яхши сузишини кўриб, Ҳамиданинг унга ҳаваси келди. У сузишни билмас эди. Буни эшитган Низом қайиғини уйлари олдидаги қозиққа яқин келтириб боғлади- да, дарё четидан қулай жой танлаб, Ҳамидани сузишга ўргата бошлади.
Ҳамида енгил ҳарир кўйлакчаси билан сувга кирди. Низом уни белидан, қўлларидан тутиб, сув юзига кўндаланг ётқизди-да, оёқ-қўлларини қандай ҳаракатлантиришни тушунтирди. Кейин аста қўйиб юборди. Ҳамида бир-икки қадам сузар-сузмас чокиб кета бошлади. низом энгашиб уни дарҳол сувдан чиқариб олди. Шунда қизча беихтиёр унинг бўйнига қўлини солиб нафасини ростлади. Бир вақт хаёлини йиғиштириб қараса, Низомнинг бағрида уни бўйнидан қучоқлаб турибди. Ийманиб кулди-да, унинг қўлидан сирғалиб чиқди. Низом ҳам кулиб турар, лекин бўталоқникига ўхшаган ювош кўзлари шундай самимий ва беғараз боқар эдики, Ҳамида то сузишни ўргангунча ундан бирор марта сесканмади ва бирорта ножўя қилиғини сезмади. Дили пок бу сувчи йигит унга тобора жозибали кўринадиган бўлди.
Шундан кейин улар уч-тўрт йил кўришолмадилар. Чунки Ҳиндол мирзога аградан уч юз мил* гарби-жанубдаги Меват вилояти мулк қилиб берилди. Ўша жойда қўрғон ва боғ қилиб,оиласини, ўзига қарашли одамлари қатори Ҳамидаларни ҳам кўчириб кетди. Исёнкор ражпутлар вилояти бўлган Меват жуда нотинч, уруш, юришлар кўп бўлар, Ҳамида ва унинг ота-онаси Аграда осуда ўтказган дамларини соғиниб эслашарди. Айниқса боғ четидаги сокин қўлтиқ ва қайиқ сайри Ҳамиданинг ёдига кўп тушар, Аграга қайтадиган кунларни у доим орзиқиб кутарди.
Аграда Ҳиндол мирзога отасидан қолган тўрт боғнинг биттаси — мана шу Зарафшон берилган эди. Орадан бир неча йил ўтиб, Ҳиндол мирзо ва унинг одамлари бу боққа яна қайтиб келганларида ҳамида бонунинг бўйи етиб қолган, унда балоғат белгилари пайдо бўлгандан бери онаси кўчага ёпинчиқсиз чиқармас, боғ сайрига ҳам, чавгон ўйинига ҳам ёлғиз юбормас эди.
Мана ҳозир ҳам у боғнинг узоқ бурчагидаги хилват соҳилга канизаги Аминат билан бирга келди. Қошлари ингичка, сочлари қизғиш Аминат асли черкас қизи эди. Эрон шоҳининг навкарлари билан бўлган жангларда асир олинган ва қул бозорида сотилган бу жабрдийда жувон беш йилдан бери Ҳамидага каниз бўлиб хизмат қилади. Уни Низом ҳам таниб қолган.
7


Чунки сўнгги йилларда Ҳамида дарё соҳилига доим канизи билан бирга келадиган бўлди. Ҳамида энди Низомнинг кўзи олдида чўмилишдан уялади. Ёши йигирма бешга кириб, хийла босиқ ва сипо йигит бўлиб қолган Низом ҳам Ҳамида бонудаги бу ўзгаришларни маъқул кўрган каби бош ирғаб, кулимсирайди, унга салом берганда икки кафтини пешонаси устига жуфтлаб, енгил бир таъзим бажо келтиради, шу билан киборлар жамиятига мансуб бўлган қизни ўзидан хийла баланд қўйгандек бўлади.
Аминат унинг қайиғига биринчи марта чиққанда: «Eшкакчи йигит дурустроқ пешкаш олиш умидида бизни астойдил сайр қилдирмоқчи», деб ўйлади. Йигитнинг тиниқ, қорамтир юзида камтаргина бир жилмайиш бор, ўзи беозор ва ювош кўринади. Фақат тимқора кўзларидан, кучли бир оловнинг тапти уриб туради. Бақувват қўллари эшкаклар орқали бутун қайиқни ўзига бўйсундириб, уч кишини сув юзида қушдай учириб боради.
Қайиқ тор бўлгани учун Аминат орқада, Ҳамида эса тумшуқ томонда Низом билан юзма-юз ўлтирибди. Икковининг кўзи кўзига тушгани сари Ҳамида бонуда нафис бир ҳаяжон кучайиб бораётгани Аминатни таажжубга солди. Қиз гўё мана шу учрашувни кўпдан бери кутиб юрган эди-ю, энди висолга етишганидан қувониб, ҳусн-у жамоли очилиб бормоқда эди. Ҳамиданинг қанчалик кўҳлик қиз бўлиб етилганини, унинг юз-кўзида, қадди-қоматида қанчалик сеҳр-у жозиба борлигини Аминат ҳозир биринчи марта яққол ҳис қилди. Ҳамиданинг қизлик латофати гўё бир ғунча ҳолида эди-ю, эшкакчи йигитнинг дийдори шу ғунчани бирдан гуллатиб очиб юбордими? Бу йигитда нима каромат бор ўзи?
Дарё сокин оқаётган жойда Низом эшкак эшишдан тўхтаб, паст, майин товуш билан ашула бошлади.
Низом азбаройи Ҳамидага меҳри тушганидан унинг туркий тилини ўрганган, ҳозир шу тилдаги ўзига ёққан шеърларни ҳиндча куйларга солиб айтар эди. Унинг овози одамни ром эта оладиган даражада дилбар ва кучли. Оғир қайиқни қушдай енгил учираётган йигитлик куч- қудрати унинг овозида ҳам сезилиб туради.
Ҳамида унинг қўшиғини эшитган сари ғалати бир сеҳр-у жоду таъсирига берилиб, ўз ихтиёрини йигитнинг қўлига топширадиган ҳолатга тушмоқда эди.
Аминат бирдан Хонзода бегимни эслади. Ҳумоюнга муносиб кўрилган Ҳамидадек қиз келиб- келиб шу эшкакчига кўнгил берадими?
Йигит Аминатнинг совуқ нигоҳини елкаси билан сезган каби унга ўгирилиб қаради. Кўзларида беғараз, тамасиз бир меҳр нурланиб турганини кўриб, Аминат беихтиёр ўнғайсизланди. Низом олий даргоҳларда юрган Ҳамида бонуга етишаман деб умид қилмайди, фақат бу қизнинг ноёб жозибасини муқаддас билиб, унга сажда қилгиси келади. У ўз дилидаги туйғуни Ҳамидага тушунтирмоқчи бўлиб:
— Мен бҳақтига* имон келтирганмен, — деди.
— Бҳақти ким ўзи? — сўради Ҳамида.
— Бу бировнинг исми эмас. Бизга ўхшаган фақир кишилар эътиқоди. Мен Маккаю Мадинага ҳажга бориб сиғинмаймен. Қаршимда турган чин инсоннинг дилига сиғинамен. Масжидда тамагир муллолар одамлардан хайр-у эҳсон ундириб бой бўлурлар. Бойлик бор жойда муқаддас нарса йўқ. Шунинг учун биз масжидга бормагаймиз. Биз учун муқаддас жой — яхши одамнинг дили.
Оддий бир ҳинд йигитдан бунақа ғалати гаплар чиқишини кутмаган Ҳамида таажжубга тушди: — Вой, масжиддан юз ўгирсангиз отангиз уришмайдими?
— Менга бҳақтини отам ўзлари ўргатганлар. Отам ҳам, бобом ҳам, — деб Низом овозини пасайтириб шивирлади, — Кабирга ихлос қўйиб қўл берганлар.
Ҳамида бону бу номни эшитиб, беихтиёр ваҳми келди. Чунки унинг билишича, Кабир даҳшатли бир жодугар кофир бўлган, эл-улусни йўлдан оздириб, диндан чиқарган, шунинг учун Искандар Лоди деган подшо Кабирнинг бўйнига тош боғлатиб, Ганг дарёсига чўктиришни буюрган. Лекин Кабир сув тагидан тирик чиққан. Подшо уни қутурган филнинг оёғи тагига ташлатиб
8


ўлдирмоқчи бўлганда у филни ҳам сеҳрлаб, ўлмай қолган.
Низом эртакнамо бу гапларни Ҳамидадан эшитиб майингина кулди:
— Кабирнинг дарёдан тирик чиққани ҳам, филнинг оёғи тагида ўлмагани ҳам рост. Бобом менга бунинг сирини айтиб берганлар. Кабирнинг жодуси унинг шеърларида экан. Шеърини куйга солиб айтса эшитган жонзот шундай таъсирланар эканки, Кабир*нинг иродасига қарши бирон иш қилолмай қоларкан.
— Бобонгиз Кабирни яқиндан билар эканмилар?
— Ҳа, отам ҳам билган. Бундан йигирма беш йил аввал мен туғилганда Кабир бизнинг уйга келган. Менга Низом деган отни шу одам қўйган экан.
— Тавба, кимга ишонишингизни билмайсиз! — деди Ҳамида ўйчан. — Отамлар менга: «Кабирни тилга олма, кофир бўласан», деб айтган эдилар.
— Отангизни жоҳил муҳтасиблар* адаштирган, — деди Низом. — Улар бизнинг бошимизга ҳам қанча кулфатларни солдилар. Кабирга қўл берган отам зиндонда ётибдилар.
Низом оғир тин олди-ю, бултур Ҳамидалар йўқ пайтда мана шу дарё бўйида бўлган қонли воқеаларни айтиб берди.
____________
* М и л — 1000 метр.
* Б ҳ а қ т и — ҳиндча ихлос демакдир. Инсон ўз такомилига ишонса ва комил одамларга ихлос қўйсагина ёмон иллатлардан халос бўла олади. «Ихлос — халос» деган ҳикмат бҳақтида шундай талқин этилади.
* К а б и р (1440—1518) — улуғ ҳинд шоири. Унинг шеърлари ҳозир ҳам халқ орасида жуда кенг тарқалган. Ривоятларга кўра, Кабир асли браҳман оиласида туғилган, чақалоқлигида онаси ташлаб кетгач, уни оддий бир мусулмон тўқувчи косиб оиласи тарбиялаб вояга етказади. Кабирнинг ўзи ҳам тўқувчи бўлган.
* М у ҳ т а с и б — диний ишлар назоратчиси. Қўлида дарра билан юриб, одамларнинг рўза тутиши-ю масжидга намозга келишини назорат қилган.
***
Низомнинг отаси ўзининг катта ўғлига ҳиндларнинг энг эзилган шудра* қавмидан чиққан эш- какчи дўстининг қизини олиб бермоқчи бўлади. Йигит билан қиз бир-бирларини яхши кўради. Ота-оналари учун уларнинг ҳар хил динда эканликлари аҳамиятсиз. Кабир таълимоти асосида улар мусулмон мулласини ҳам, ҳинд браҳманини ҳам тан олмайдилар. Улар «дину миллат айириш фақат тамагир руҳонийлар учунгина керак» дейишиб, тўй тайёрлигини бошлашади. Шу орада Низомларнинг маҳалласидаги масжидда кутилмаган бир тўполон бошланди. Кечаси аллакимлар масжиднинг меҳробига қора чўчқанинг ўлигини ташлаб кетадилар. Маҳалла имоми «бу ишни чўчқабоқар мажусийлар қилган» деб, қавмларини ҳиндиларга қарши гижгижлайди. Жоҳиллардан беш-ўнтаси кўчага чопиб чиқадилар-у ҳиндлар муқаддас ҳисоблайдиган ва кўчада бехавотир юрган говмиш сигирни ерга ағанатиб, бўйнига пичоқ тортадиар. «Масжид меҳробига чўчқанинг ўлигини ташлаб кетганларнинг жазоси будир!» дейишиб сигирнинг каттакон сон гўштини ҳинд ибодатхонасининг саждагоҳига осиб қўядилар. Шу тарзда ҳар икки томоннинг ҳам диний эътиқодлари қаттиқ ҳақоратланади-ю, қирғин бошланиб кетади. То шаҳар ҳокими — қутвал бундан хабар топиб, икки юз навкари билан етиб келгунча ва қирғинни тўхтатгунча икки томондан ўн етти киши ҳалок бўлади, етмиш-саксон одам яраланади. Жароҳатланганлар орасида Низомнинг отаси ҳам бор эди. У беҳуда қирғиннинг олдини олмоқчи бўлиб орага тушгани учун кимдир тош отиб бошини ёрган эди.
Бу ҳодисаларни ўз кўзи билан кўрган Низом сигир-у чўчқа баҳонасида одамларни қирғин қилган жоҳил имом-у браҳманларни бутун вужуди билан ёмон кўриб қолди. Низомнинг отаси эса бундай диний адоватлардан баланд турган ва чин инсонликни илоҳиёт даражасига кўтариб улуғлаган Кабирга аввалгидан ҳам ортиқ ихлос қўйди. Ўзининг Кабир таълимотига содиқлигини ва диний низолардан баланд туришлигини эл-юрт олдида исбот этиш учун ҳинд қизи билан тўнғич ўғлининг тўйини албатта ўтказадиган бўлди. Ўша тўполон туфайли тўхтаб қолган тўй тайёрлиги кузнинг мезон ойида ниҳоясига етди. Низомларнинг дарё бўйидаги ҳовлилари гулшодалар билан безанди. Дастурхонларга ширинликлар, хурмолар, норинжлар, бошқа
9


анвойи мевалар қўйилди. Келин-куёв оқ, сариқ, пуштиранг гулшодалардан тўқилган махсус шомиёнага* кириб ўлтирдиар.
Уларга никоҳ ўқиш учун маҳалла имомини ҳам, ҳинд браҳманини ҳам чақиришмади, бҳақтига ихлос қўйган саксон ёшлик бир мўйсафид келиннинг қўлини куёвнинг қўлига тутқазди-ю, Жалолиддин Румий ва Кабир шеърларидан куйлади. Бу шеърларда «риёкор имом-у браҳманга ишонма, дилингдаги муқаддас туйғуларга ихлос қўй, инсон, илоҳиёт сенинг ўзингдадир» деган маъно бор эди. Бу маъно, албатта, тақводор шайхлар билан мутаассиб браҳманларни талвасага солиб қўйди. Ахир бутун халқ масжид-у ибодатхонага бормай қўйса на браҳманни, на муллани тан олмаса, хайри-еҳсонни ким беради? Руҳонийларнинг тирикчилиги қандай ўтади? Обрў- еътибори қаёқда қолади? Бу кетишда эл-улус подшога ҳам итоат этмай қўяди, ҳокимиятни тутиб турган диний мафкура вайрон бўлади!
Жоҳил шайхлар ва браҳманлар тўй арафасидаёқ шаҳар ҳокимига мурожаат қилиб, шошилинч чоралар кўриш кераклигига, масжид-у ибодатхонани ёмонлаб юрган даҳрийлар халқ орасида исён чиқариши ва янги қирғинларга сабаб бўлиши мумкинигига уни ишонтирган эдилар. Дарё бўйидаги тўй хурсандчилиги авжига чиққан пайтда бирдан эллик-олтмиш отлиқ навкар қамчи ўйнатиб, қилич яланғочлаб кириб келди. Кабирнинг исёнкор шеърларини куйга солиб айтаётган хонандаларни қамчи билан уриб ҳайдаб юбордилар. Келин-куёв кириб ўлтирган шомиёна гулшодалари қилич зарбаларидан тилка-пора бўлди. Навкарлар кетидан таёқ кўтариб кирган муҳтасиблар ғайридинга уйланмоқчи бўлган муслим йигитнинг никоҳини ҳаром деб эълон қилдилар. Низомнинг отаси бунга қарши эътироз қилган эди, унинг қўлларини орқасига боғлатиб, ҳибсга олиб кетдилар.
— Отам ҳали ҳам зиндонда ётибди, — оғир тин олиб ҳикоясини тугатди Низом. — Бултур мачитга ташлаб кетилган чўчқанинг ўлигини муҳтасиб ун-дан кўраётган эмиш. Туҳматни қаранг!
— Отангиз подшога арз қилсалар бўлмайдими? — куюниб сўради Ҳамида.
— Э, подшо осмонда, отам ер остидаги зиндонда! Икки орани порахўр амалдорлар билан алдамчи шайхлар тўсиб олмишлар. Подшо ўшаларнинг гапига ишонгай!
Йигит бу сўзларни айтганда унинг кўзларида исёнкорона бир ўт ёнганини Аминат ҳам кўрди-ю, ўз бошига тушган асиралик кулфатларини эслади. Низомга ҳамдардлик билдириб:
— Бу дунёда адолат ўзи йўқ! — деди. — Замона мудом зўрники!
Замона зўрларига яқин бўлган Ҳамида яккаланиб, ноқулай аҳволга туша бошлади. Низом буни сезди-ю, орага тушган ғуборни тарқатишга интилди:
— Худо хоҳласа, бир кун эмас, бир кун ҳақиқат юзага чиқиб қолгай. Мен подшонинг кемасида эшкакчимен. Пайтини топсам, кемада Ҳумоюн мирзога арз қилмоқчимен!
«Балки мен... ҳазратнинг иноятига сазовор бўлсам «Низомнинг бегуноҳ отасини ҳибсдан чиқартиринг» деб илтимос қилармидим?» деган ўй Ҳамиданинг кўнглидан ўтди. Лекин қиз бола бундай илтимосларни қилиши учун Ҳумоюнга қай даражада яқин бўлиши керак! Унга яқин бориш — Низомдан узоқлашиш эмасми? Бироқ Ҳамида бу йигитдан узоқлашгиси келмайди, кўнгил унга қараб талпинади. Етти яшар қизалоқ пайтида мана шу дарёнинг сокин қўлтиғида Низом уни сузишга ўргатгани ҳеч эсидан чиқмайди. Иккови сувда бирга сузган ўша дамлар завқи ҳозир дарё тўлқинлари орасидан унга кўз тикиб тургандай.
Низом қайиқни сокин қўлтиққа буриб келиб тўхтатганда Ҳамидага маъюс термулиб «яна қачон кўришамиз?» дегандек қаради.
— Наврўзда подшоҳимиз кема сайрига чиқармишларми? — сўради Ҳамида йигитдан.
— Ҳа, бизга фармон берилган. Наврўз куни подшоҳ кемасининг эшкаг