ДАҲШАТЛИ КУНЛАР
Яна ўз сўзимизга келайлик. Қизил сеҳрчилар қўли билан ёндирилган фитна ўтлари яна шуларнинг қурол кучлари орқали сўндирилиб, 1934 йили ўзлари тилаганларича Шинг Дубан ҳукумати қурилди. Или вилоятига волий қилиб Шинг Дубан ўз қайнотаси Чусилинг деган бир қари хитойни Ғулжага юборди. Тўқмоқдан борган бойлардан, асли Кошғарлик Олмосбек ўғли Турдохунбекни унга ўринбосар қилди. Лекин, Шинг Дубан ҳукумати ҳар томондан совет сиёсатига боғланганлиқдан бутун ишлари совет консули маслаҳати билангина юргазилмоқда эди. Чунки, японлар Манчжурияни босиб олгач, Шарқий Туркистон томонга кўз солиш хавфи туғилди. Шунга кўра, Шарқий Туркистон ўлкасига япон аскарларини ўтказмаслик учун, Шин Шишо қисмоғига совет томонидан 20 минг чамали аскар қўйилмиш эди. Бутун Шарқий Туркистон, Ғарбий Туркистонга ўхшаб ҳар ёқлама совет сиёсатига ўралган ҳолда иқтисодий ишларини ўз қўлларига олган бўлса ҳам, хитой ҳукуматига японга қарши иттифоқдош бўлганлигидан қоғоз устида бу ўлка Жунггунинг айрилмас бир қисми ҳисобланар эди.
Шундай қилиб, Шарқий Туркистон Уйғуристон тупроғи Чанқайши хитой ҳукуматига қараган бўлса ҳам, остиртдан совет Русияси ҳар томонлама ўз таъсири остига олиш учун қаттиқ кириша бошлади. Айниқса, бу ўлканинг иқтисодий ишлари бутунлай Советга боғлиқ бўлгани учун, тижорат ишлари тўсқинликка учраб, бу соҳада кўпчилик кишилар касбдан ажраб, ишсиз қолишга тўғри келди. Маълумдирки, қанчалик халқаро иқтисодий қисмчилик кўпаяр экан, шунчалик булар ҳалокат тузоғига яқинлашадилар.
Эшитар қулоққа ёқимлик олти шиорни олдига отиб, советнинг найранги билан бутун халқни турлик ўйинға ўйнатқали турди. Бунинг устига японларга қарши орқа сафимизни мустаҳкамлаб хитой Чанқайши ҳукуматига ёрдам берамиз деган баҳона билан бойлардан кўплаб солиқ ола бошладилар. Шундай қилиб халқни турлик йўллар билан ўйнатиб, 1937 йилга етгач, ўз режасига мувофиқ бирданига
74


иш ўзгариб, қиш совуғи январ ойида Ғулжа шаҳридан биринчи навбатда Турдохунбой бошлиқ 30 дан ортиқ киши ҳеч қандай сабабсиз қамоққа олинди. Шундоқки, олдинроқ совет консули тузган режа орқалик керакли кишилар Ғулжа волийси Чусилинг томонидан мажлисга чақирилдилар. Кечаси соат 12 ларда мажлисдан қайтиб келаётганда тайёрлаб қўйилган тўрт нафар қуроллик хитой аскари уларнинг олдидан чиқа келиб, Турдохунбойнинг машинасини тўхтатади. Унинг қишлик кийимини ечинтириб, бир қават кўйлаги билан ўзини ёлғиз қоронғи подвалга қамаб қўяди. Бошқа қўлга олинганларнинг аҳволи бу ишдан очиқ маълумдир.
Ярим тунда ҳеч нарсадан хабарсиз ётган оиласи устига бостириб кириб, йирқичларча даҳшат солиб, хотин, қиз, келинларининг бўйн бошларидаги бутун зийнат асбобларини талаб олиб, ўзларини эски кийгиз тўшаклари билан қаршисидаги қақшаб, музлаб ётган Ахтамбойнинг қуруқ қўросига шу қаҳратон қишда ҳайдаб чиқаришади. Энг ачинарлиси шу эдики, Турд-хунбойнинг 20 ёшдан ўтган Нуртой ва 20 га ҳали етмаган Аҳмадбек деган икки гуноҳсиз ўспирин ўғлини, ётган ерларидан шундай совуқда кўйлакчан ҳайдаб олиб бориб подвалга қамаганлар. Шу қамалганидан сўнг бир неча ой вақт ўтган бўлса ҳам, булар ҳақида ҳеч қандай хабар топиш имконияти йўқ эди. Ўзларидан хабар олиш буёқда турсин, ноз неъмат вақтида бирга бўлган, энг яқин кўрган ошно оғайниларининг ҳеч қайсилари, уларнинг оч яланғоч қолган оилалари ҳолидан хабар олишга ҳам журъат қилолмадилар.
Биринчи навбатда қамалган кишиларнинг қўра жой, мол-мулк, уй-рўзғор, жонлиқ жонсиз барча нарсалари олиниб, бола чақалари кўчага ҳайдаб чиқарилди. Турдохунбой иниси Қурбонтой қори, қулоғи йўқ ҳисобидан гаранг бўлгани учун, давлат шериги бўлса ҳам, қўра жой ўз олдига бўлиб бошқа ўлтирғанлиги учун унга тегмаган эдилар. Вақтида селдек келган, қайтарида юз ўгириб қуюндек кетаётқан давлатни қўли билан тўсмоқчи бўлиб, қўй десак унамай, чет ёқада қолган мол дунёларидан қисиб қимтиб ёширинча олиб қолмоқчи бўлиб эди, Хитой бирдан ушлаб, қўра жой билан борлиқ нарсаларини ёғу қилиб, ўзини қамаб қўйди. Бечора синглиси Тошхон хитой амалдорларининг бўсағасига бош уриб қатнайвериши натижасида 70 кун деганда Қурбонтой қори бўшаниб чиқди.
Б а й т:
Давлат бошдан кетарда кенг кийиминг тор бўлур, Қўй деганға кўнмаган орачиға зор бўлур.
Аллоҳнинг амрини қилиб, наҳийдан қайтмаган кишиларни балодан ким қутқара олғусидир. Хдлол касб билан мусулмон молини дунёлик, охиратлик офатларидан омон сақлаш учун Аллоҳ таоло закотини темир қўрғонни қурмиш керак эди. Дунёга кўнгли билан қаттиқ берилганликдан, Қуръон ҳукмига, пайғамбар сўзига гумон келтириб, закотсиз, хайр эҳсонсиз йиғган, қўрғон ташқарисида қолган қора мол дунёларининг ит қушларга ем бўлишидан ким сақлай олади? Қуръоннинг айтишича, ҳеч вақт Аллоҳ таоло мўмин қулларига ато қилган ҳалол ризқларини ҳаромхўр кофирларга едириши мумкун эмасдур.
Яна ўз сўзимизга келайлик. «Давлатим бошимда бўлгач, ёр жўраларим қошимда» дегандек, қуввати ўчган, давлати қочган кунларда ҳар кимнинг ўэ оиласи, айниқса, ота онаси ёки ғаразсиз дўсти бўлмаса, булардан бошқалари душман томонига ўтиб кетадилар. Шунга кўра, Турдохунбой оиласидан хабар олишга шунча кўп ёр дўстлари бўла туриб, бирортаси ҳам ярамади. Буни кўргач, ўзим ҳар қанча ташвиш ичида турган бўлсам ҳам чидаб туролмай, ярим қўй эти, бир тандир кулча ёптириб, марҳум аёлимизни киргизиб эдим, эшикдан кириши ҳамон катта кичик бола чақалари: «Ҳай, бу дунёда бизни ҳам йўқловчи кишимиз бор экан», деб, йиғи сиғи билан энг ачинарлик оғир бир ҳолда, қарши олибдилар.
Биринчи навбатда қўлга олинган бу кишиларнинг мол мулки, қўра-жойлари бутунлай ёрғу бўлиб, оилалари учун бошпана бўлғудек жой қолмагач, уларни Ғулжа шаҳри атрофига тарқатиб юбормиш эди. Булар билан энг сўнгги алоқамиз шу бўлиб, кейинги кунларда эса, бизга ўхшаш кишиларнинг барчаси ўз ташвиши билан бўлиб, бошқани унутмиш эдилар. Чунки бу жаллодлар қайси йўл билан бўлса ҳам, икки кишининг бирини исковичлик хизматига боғлаб, халқ ичига кўп бузуқлик солди. «Пўчоқ пулга иймонларини сотадурлар», деган Қулхўжа Аҳмад султоним сўзлари шу кунлари амалда кўрилмиш эди.
Жаннат мисоллик, уруғ аймоғлик, суюкли она Ватанимиздан ажраган ҳолда омон олғудек жой излаб келмиш эдик. Қизил сеҳрчилар шум қадамлари етиши биланоқ бу ерлардан ҳам хайр баракат йўқолиб, тинчлик, омонлик бутунлай кўтарилди. Бу воқеа бўлмасдан илгари шарқий ички Хитой, жанубий Ҳиндистон йўллари очиқ турган бўлса ҳам, иш бошланиши билан орт атроф йўллар бутунлай тўсилмиш эди. Бизга ўхшаш сиёсий қочоқлар учун олам қоронғу бўлди.
Бой ўғли қушининг шум кўзи кечаси очилгандек, 6у қонхўр жаллодларнинг кўзлари ҳам кечада, айниқса ярим тундан ўтганда очилур эди. Кўп кишилар ўз уйида ётолмай, агар ётса кўнгли тинчиб
75


ухлаёлмай, бола-чақалари билан юрак ўйноқи бўлган ҳолда кун ўтказмокда эдилар. Яна бу инсон ваҳшийлари ноҳақ, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларни зулм остида даҳшат ваҳшат билан кечалаб босқонларига қаноат қилмай, ушлаган кишиларининг қўл оёқларига оғир занжир кишанлар солиш, буларнинг суйган одатлари эди.
Мана қаранг, XX асрда инсонлар ҳуқуқининг оёқ ости қилинишини! Биринчи навбатда ушланган кишилар сўнггида зулм ҳаддан ташқари ошди. Оғир кунлар, қўрқинчли тунлар билан уч тўрт ойлик қиш ўтиб, кўклам кунлари еткач, яна янгидан янги қўрқинчли ишлар, совуқ хабарлар эшитилгали турди. Шундоқки, иккинчи навбатда қамоққа олинадиган кишилар тизими ичида менинг ҳам борлиғим маълум бўлмиш эди. Шунга кўра ҳар бир кечаси биз учун тонг отмайдиган узундан узун, ғам қайғу тунлари бўлиб, неча хил қўрқинчли хаёл уйқуси остида ағанаб ётиб тонг оттирмоқда эдик. Чунки ҳар кеча эрталаб турганимизда палони палонилар бу босқинчилар томонидан ҳибсга олинган хабари эшитилмоқда эди.
Шу ҳол билан 6 10 кунлар ўтган сўнггида, бир кеча ярим тун вақтида, кўча эшиги тақиллағали турди. Ўғлимни чақириб: «Асилхон, оч эшикни!», деган ўзбеклар оқсоқоли Шароп шангюнинг (раис, маҳалла раиси) довуши эшитилди. «Ҳозир, очқични топай», деган баҳона билан ўғлим югурганича келиб, менга хабар берди. Ўзим ҳам тайёрланиб турган эдим. Ташқарига чиқсам ҳаво ўзгариб, қаттиқ бўрон ёмғири бўлиб турган экан. Душманга таслим бўлиш учун таваккал қилиб олдига чиқай деб бир икки қадам босган эдим, ўғлим Асилхон: «Жон дада, золим жаллодлар олдига чиқиш ақлдан эмас, қўлларида занжир кишанлари шалдираб турибди» дегач, қочиш ҳам пайғамбаримиздан қолган эмасму хаёли билан, тун қоронғуси, қаттиқ бўрон ёмғиридан фойдаланиб, ўғлим Асилхон оёғимдан даст кўтаргач, эгиз том оша қўшни қўрасига ўзимни ташладим.
Қаттиқ бўрон, шамол аралаш ёмғир уриб турганликдан ҳар қандай шарпа бўлса ҳам, уқулғудек (билингудек, кўрингудек) эмас эди. Шундан фойдаланиб, қўрадан қўрага том оша тушиб, кўча бошидаги том устига уйилган бир ўрам ҳашак остига кириб ёшириндим. Орада 5 6 ҳовли бўлиб, ўзим узоқда турган бўлсам ҳам, икки ора очиқлик эди. Шунга кўра ўз қўрамизда бўлаётган ишларни йироқдан бўлса ҳам пайқаб турдим. Бош оёқ уйларимизни, қўни қўшниларимизни қолдирмай, 1 2 соат онтар-тўнтар қилишиб мени топишолмагач, Асилхонни олиб жўнадилар. Бу золимлар кетганларича, уй ичи оилаларимизга ваҳшийларча кўрсатган даҳшатларига қаралса, буларни: «Икки оёқли йиртқичлар», дейишлик хато айтилмаган бўлади.
Булар кетиб тонг саҳар яқинлашганча тарновдан қуйгандек тўхтамай ёмғир ёғмокда эди. Эгни бошим сиқиб олғудек бўлиб сувга чиланиб қолдим ва ҳам тонг отмасдан илгарироқ бу жойдан бошқа бир ўринга йўткалиб ёширинишим ҳаммадан зарур эди. Шунинг учун кўчамиздаги ўз дўстларимиздан кошғарлик Аюбохун уста қўрасига тушиб, минг ҳижолатлик билан секингина ўзи ётган уй эшигини тақиллатиб эдим, довушимдан таниди бўлғай, тура келиб эшикни очиб, мусулмонга ярашган ахлоқ билан мени яхши қаршилади. Бу воқеа 1937 йили март ойида бўлмиш эди. Шу орадан 33 йил ўтиб, бу китобни ёзмоқдаман. Агар минг йил ўтса ҳам, бу яхшилик ҳеч вақт унутилмай доимий сақланғусидир. Аллоҳ уни раҳмат қилсин!
Ҳўл кийимларим қуритилиб бўлғач, эрта намоз азони айтилгач, катта салла, узун чопон билан Аюбохун уйидан «Бисмиллоҳ» деб масжидга кетаётган бўлиб эшик олдимиздан ўтаётганимизда қарасам, дарвозамиз олдида икки нафар хитой чериги турмиш экандур. Шу ўтганимизча Аюбохун уста бошлаб олиб, марҳум Усмон қорим уйига етказди. Кўча эшиги очилмаган, ҳали бомдот вақти бўлмаган эди. Девордан ошиб тушиб, менинг хабаримни онглатгач, югурганича чиқа келиб, кўнгил кўтаргич сўзлар билан дўстлиғини билдириб, ўйлагандан ортиқроқ ҳурмат билан мени кутиб олди. Аллоҳ улуғ ажрлар берсин у кишига!
Бу кишининг уйида туришимиз эҳтиёт юзасидан тўғри келмаганликдан, ўзидан йироқроқ орқа кўчасида куёв ўғли қўрасида туришимизни маслаҳат кўрдилар. Мана шу жойда 10 кун чамали тургандан кейин, бир кун ҳукумат жосусларидан бўлган виждонсиз ватан хоини Шароп шангю Усмон қоримга келиб менинг тўғримда сўз сўрабдур. У кетгандан кейин эҳтиёт юзасидан ўрин янгилаш лозим бўлиб қолди. Қоримнинг боғи орқасида неча йиллик ташланди, эски, бузулган хумдони бор экан, шошилинчда жой тополмагач, шунинг ичига тушиб, тўққиз соат ёшириниб ётдим. Шу куни кечқурун бу жойдан йўткалиб, дарё бўйига яқин бир хилват ер топиб, бир неча кунлик азиз умримни у жойда ўтказдим.
Менинг бу каби энг оғир кунларимда вафодорлик қилиб, дўстлик ҳақини ўтаган эрларнинг энг биринчиси тўқмоқлик Абдураҳмон эди. Ўғли Абдуқодир бошлиқ катта кичик бутун оиласи билан менинг ёрдамимда бўлдилар. Иккинчиси, отушлик савдогарлардан менга жонфидо ихлослик бўлган Матниёз
76


эди. Бу қаҳрамон Олтой ва Монғулияда Ғулжа йилқиси пул экан деган баҳона билан, атайлаб мен учун юз йилқи олиб, Монғулияга ҳайдамоқчи бўлди. Бундан мақсади эса, мени ҳам хизматчи йилқичилар қаторига қўшиб олиб, Монғулияга етгач, у кунлари Манжурияда турган японларга ўтказвормоқчи эди. Чин кўнгли билан биз учун бу ишга киришган бўлса ҳам, бу иш тўғри келмагач, йўлимиз бошқа ёққа бурилди.
Ё Раббим, бу бандаларингнинг бизга қилган яхшиликларига яраша ҳеч қандай иш қилолмадим. Ўзинг билурсан, сенинг йўлингда ҳар кимга яхшилик қилиш, ҳар кимга фойда етказиш менинг энг суюб тилаган мақсадим эди. Энди мен қилолмаган бўлсам, эй улуғ Тангрим, мен учун буларга икки дунё яхшиликларини сен ўзинг бергин! Омин.
Дунёда қочгандан, ёширингандан оғир иш йўқ экан. Шундай бўлса ҳам бошга тушгандан кейин чора йўқ. Овчидан қочган тулкидек у тешикдан бу тешикка йўткалиб юриб, икки ой ўтказдим. Шу орада марҳум ўғлим Ғаппорхон, ваъда бўйича сафар жамолғаси билан икки от тайёрлаган ҳолда Кунасдан келди. Хитой ҳукумати мени биринчи босган кечаси қўлга тушуролмагач, 18 ёшлик ўғлим Асилхонни олиб кетганлиги юқорида айтилмиш эди.
«Бунинг яқин кишилари кимлар?», деб Хитой ҳукумати томонидан сўралганида, баъзи бир мунофиқлар: «Бунинг яқинлари бошқалардан кўра тунгонлардан кўпроқ», деб хеч нарсадан хабари йўқ Сўқулуқ тунгони дўстларимиздан марҳум Ёнг шангю билан боласи Хошимни кўрсатган экан. Буларни идорага келтириб, Хитой ваҳшийлари одатларича уриб сўкиб биз учун кўп азоб бермиш эдилар. Билмаган, кўрмаган ишлари ҳақида сўроқ бериб буларни қийнагани билан фойда чиқмаслигини билгач, ҳаммаларини бўшатиб юборган хабари бизга етиб, хафалигимиз анча кўтарилмиш эди. Сўнгра, ёширин ҳолда кечалаб, уй оиламизни кўришга бориб, уларга оталиқ насиҳат ва сиҳатларимизни ўтаган сўнггида, қайтиб Абдураҳмон уйига келдим. Бу ерда бизни узатиш учун Ёсин халфатим бошлиқ сирдош ёру дўстларимиздан кутишиб ўлтирған одамлар билан ҳажга кетаётқандек қучоқлашиб, йиғлашиб, хўшлашган сўнггида, ярим тунда ота бола Тўпадўнг билан Ғулжадан чиқиб, Нилқи йўли орқалик Кунаска қараб жўнадик.
Бу ер Ғулжа шаҳрининг тўппа тўғри шарқ томонида бўлиб, тескай йўли орқалик 4-5 кунлик йўл бўлса ҳам, биз кунгай Боғати ёлғизоёқ йўли билан кун тунлаб юриб Кўктол тўғрисига келдик. Шу ерда бизни Тўқмоқдан қирғизлар билан биринчи мартаба қочиб чиққанимиздаги йўлдошларимиздан Ҳайдарали деган оғайнимиз кутиб олмоқчи бўлган. У киши эса ўғлим Ғаппорхонга берган ваъдаси бўйича, Тян-Шан тармоқларидан бўлган Қўйошув тоғларининг қарағайлигида бизни кутиб ётган қирғиз Турғунбой уйига бошлаб бормоқчи экан.
Мўлжалланган ерга келмагач, «Бирор ҳодиса бўлмаса келиши керак эди, энди ўзим бориб хабар олиб келай», деб ўғлим Ғаппорхон унинг уйига қараб кетди. Бориб қараса, катта фожиалик воқеа устидан чиқмишдур. Шундоқки, бу киши икки аёллик бўлса ҳам, узун йиллардан бери бола кўрмай юриб, ахири кўп тилов эмидемилар ўтказган сўнггида топган, 5 6 ёшлик бўлиб тўй қилишга етган бир ўғли бор эди. Ғаппорхоннинг боришидан олдин илон чақиб, у болани ўлдирмиш экан. Қон йиғлаб ўлтирган кишиларга бошқа сўз сиғмагач, борар жойимиз йўлларини сўраб, мўлжаллаб олиб қайтмишдур. Бундай оғир ҳол устида кетаётганимизда тўсатдан 6у ҳодисанинг бўлиши биз учун энг оғир сезилмиш эди. Шундай бўлса ҳам, ўғлим Ғаппорхон: «Борар жойимизни белгилаб олдим, адашмай топиб борурмиз» дегач, у ердан қўзғалиб йўлга тушдик.
Кечалаб юрганимизча Оролтепа сирти билан тун ярмида Кунас дарёси бўйига келдик. Қоронғу тунда ҳайқириб оқаётган сувни кечиб ўтиш анчагина қўрқинлик бўлса ҳам, худо ёрдами билан эсономон ўтдик. Узун тун бўйи от устидан тушмаганликдан ҳориб-чарчаган ҳолда, тоғ этагига тушиб, бироз бўлса ҳам ухлаб олдик. Лекин, тоғ ичида ёлғизоёқ йўлларда юриб кўнмаган киши йўлбошчиси бўлмаса, излаган жойини мўлжал билан топиб бориши кўп қийин ишдур. Шунга кўра эрталабдан юрганимизча нимадурки белгиланган ерларни пайқамай қолиб, шу куни кечга давр тоғтош ичида йўл тополмай адашиб юрдик. Булутга тиралган улуғ тоғлардан бошқа ҳеч нарса кўзга кўринмас эди. Шу адашганимизча, кундузни кечага улаштириб ҳуфтон вақти киргач, ёғду йўқолиб оламни қоронғулик қоплади. Қалин чўплар ичида кўзла-римиз қоровланиб, юрар йўлимиз йўқолгач, тўғри келган бир ерни топиб, тушишга мажбур бўлдик. Бироз ўлтирганимиз сўнггида яна чидаёлмай кўнгилга ваҳима келдики, бу ер Хитой қоровулхонасига яқин бўлса, эрталаб черикларини чорлаб чиққанларида фалокат босиб бизга йўлиқишиб қолмасин, мен буни пайқаб келишим керак деб, Ғаппорхон отланиб кетди.
Худо хоҳласа бало йўқ дегандек, бироз юрганидан кейин йироққан чироқ ёруғини кўргач қозоқ овули бўлғайму, булардан йўл сўрайман деб, бориб қарайди. Бир уй лиқ тўлиқ ярақ жабдуқлик, ухлаб
77


ётган хитой қоровуллари Доғут, Тойошув довон йўлини тўсиб ётган қалмоқ аскарлари экандур. Худо сақлашини кўрингки, қўйилган қоровуллари, боққан бўридай соқчи итлари, ётганларича қотиб ухлаб қолмиш эдилар. Бу каби даҳшатлик ваҳшийлар балосидан қутулиб келиб, воқеани айтиши билан дарҳол орқага қай-тиб, йўлга тушдик.
Келишимизда кўринмаган мўлжаллик белгиларимиз қайтишимизда от қашқасидек бўлиб олдимизда кўрина бошлади. Шундан мўлжал олиб тоғ тепасига қараб тортилган ёлғизоёқ йўлга тушганимизча, уч тўрт бел ошиб, туташ тоғлар орасида кетаётган эдик; йўлдошидан ажраган йўлборсдек, бир ҳайқириқ чикди. Буни эшитгач, ҳар икковлан тинглашиб (жим бўлиб маъносида) қулоқ солсак, иккинчи тоғ бетида аранг кўринган киши қораси томонидан «Ҳой, Ғаппорхон!» деб чин юракдан чиқарган қийқириқ довуши экандур. Бу товуш эгаси мўлжал бўйича ўтган куни кечгача бизнинг келиш йўлимизни тўсиб кутган экан. Биз адашиб бир кун кечикиб қолганлигимиздан ҳар турлик қўрқинчлик ишлар кўнглига келиб, бугун йўлда йўлиқишмасак Оролтепага бормоқчи бўлиб, йўлга чиқмишдур. Бу товуш эшитилиши билан Ғаппорхон ҳам тоғ устига чиқиб, ўзини кўрсатмиш эди. У орқасига қайтиб, биз томонга қараб юра бошлади. Яқинлашиб келганида кўзи менга тушгач, ўзини отдан ташлаб, йиғлаганича келиб мен билан кўришди.
Бу киши эса биздан бир-икки йил илгари руслар зулмига чидаёлмай Ғулжага қочиб ўтган Тўқмоқ қирғизларидан эди. Менинг бошимга шу каби зулм кунлари, қоронғу тунлари тушиб, ҳеч ерга сиғмай қочиб юрганимни эшитгач, кўп хафа бўлиб: «Менинг олдимга келсун, Юлдуз довони йўллари очилгунча мен ўзим у кишини сақлайман», деб ўғлим Ғаппорхонга ваъда бермиш экандур.
Бундан илгари кўришиб танишмаган бўлсак ҳам, бир юртлик ҳақини сақлаб, шундоқ оғир қўрқинчлик кунларимизда бизга бошпана бўлиб, улуғ хизмат қилмиш эди. Агар бу киши вафот бўлиб дунёдан ўтган бўлса, Аллоҳ у кишини раҳмат сувига чўмилдириб, жаннатдан даражали жойлар ато қилсин! Агар ҳаёт бўлса, охирги кунларигача Аллоҳнинг паноҳида бўлсин!
Б а й т:
Яхшилик қилғон кишини ҳеч унутмас Соғуний, То ҳаёти борича доим дуо қилғай они.
Шундай қилиб, бу дўстимиз Турғун оға билан йўл устида топишқан сўнггида, Қўйошув деган довонга яқин ерда, қалин қарағайлик тоғ ичида биз учун тайёрланган ёлғиз ўтовга келиб тушдик. Марҳум ўғлим Ғаппорхон мени шу жойга ўринлаштириб қўйгач, ўз тирикчилиги учун Оролтепага қайтиб кетди. Менинг бу турган жойим эса, ҳар тарафлама йигирма ўттиз чақиримлаб халқдан йироқ, эгиз тоғлар, қалин қарағайлар, ўрмонлар орасида бўлганликдан инсон йиртқичлари, золим ваҳшийлардан ўзимни қутилган ҳисоблаб, ҳуррият осмони остида оз бўлса ҳам озодлик лаззатини татиғандек бўлиб яшамокда эдим.
Вақтлик бўлса ҳам шу фурсатдан фойдаланиб, тиббиёт хизматида ўтган кунларимда тўпланган тажрибаларимни жамлаб, умрим узулган сўнггида халқ учун, айниқса ўз авлодим учун эсдалик бўлармикин деган умид билан, очиқ туркий тилида бир китобча ёзиб, номини «Шифоул илал» (Касалликлар давоси) қўйдим. Агар шу китобчани ҳушёрроқ бир киши олдимиздан ўтказиб, тушунарлик таълим олар экан, ўзи ва бошқалар учун бундан фойда олиши аниқдур. Бунинг устига бу китобча кўзга кичик кўринса ҳам, тарихи улуғ воқеалик даҳшатлик кунларда ёзилғанлиқдан, авлодимиз учун эсдалик бўлиб ҳар оилада бундан бир нусха бўлиши албатта лозимдур.
Шу билан бош паноҳимиз Турғунбой уйида бирор ойдан ошиқроқ туриб, июн ойи охирлашиб келганда, тоғлардаги қорлар эриб, довон йўллари очилар вақти бўлгач, улуғ Юлдуз орқали Олтишаҳар сафарига чиқмоқчи бўлдим. Бироқ бу узун оғир сафаримда менга ёрдамчи йўлдош бўлғудек ҳеч кимса йўқ эди. Бу тўғрида маслаҳатлашиб, кенгашимиз шунга келиб тўлдиким, Турғунбой оға йўлбошчи бўлиб, улуғ Юлдузга мени етказмоқчи бўлди. Ундан у ёғига бўлса, Кучар шаҳридан келадиган савдогарлар эшакчиларига қўшилиб, ўзим кетмоқчи бўлдим. Сўз шунга тўхталгач, марҳум ўғлим Ғаппорхон отўлов тайёрлаб, сафар жамолғасини келтирди. 1937 йили июл ойиинг аввали пайшанба куни эрталаб қўшхонамиз Туғунбой оғанинг ёлғиз уйидан «Бисмиллоҳ» деб отланиб чиқдик.
Икки-уч чақирим йўл юрилгач сўнггида, ўғлим Ғаппорхон отидан тушиб узангимга кўзини суртиб, юзини қўлимга қўйиб йиғлаган ҳолда мендан розилик сўради. Хонтангри тармоқлари улуғ тоғлар орасида ота бола йиғлашган ҳолда бир биримиздан ажрадик. Ҳали меҳримга тўйиб қонмаган ёш болаларимнинг жалдираб қолаётганларини эскариб, улар учун ўз ўрнимда меҳр муҳаббат қилишга буюрдим. Ҳаёт оламида кераклик, дунё ва охиратда фойда зарарлик нарсаларни бироз баён қилиб, васият қилганим сўнггида ўғлим Ғаппорхон кўзи ёшланган, кўнгли мунгланган ҳолда орқага қайтди.
Биз икковлан бўлсак узоқдан ялтираб кўринган, муз қор ойналар билан чўққилари қопланган, улуғ
78


Тян-Шан тоғлари томрн қараб юзландик. Бироз юрганимиздан кейин қаршимиздаги Қўйошув довонини ошиб, Чопқи яйловидан тушдик. Буни кичик Юлдуз деб ҳам атайдилар. Бу яйловда илгари Тўрғовут қалмоқлари яшаб келган бўлсалар ҳам, бирор юз йиллардан бери қизай қозоқлари эгаллаб турадилар.
Бу ўринда ёзилган «Қўйошув» деган сўз бундан саккиз юз йил илгари, ҳозирги Жамбул Талас ўлкасида ўтган турк улусининг тупки уруғи қирғиз халқидан чиққан қаҳрамон Манас баҳодирни эскартади. Бу қаҳрамон Или Олмалиғ қалмоқлари устида чопул қилмоқчи бўлиб, қўшин тортқанида айтган сўзларини қирғиз достончилари тасвирлаб, тубандагича ирламишдурлар: Илининг боши уч орол кўрган жўра барсинби, Тойошув менен қўйошув ашқан жўра барсинби, деган сўзи халқ оғзида яқин 800 йил сақланиб келган.