ЗУЛМХОНА
Бу йўлдан (Шарқий Туркистонга ўтолмасдан) қайтиб келгач, ҳозирча, душман қўлига тушмаган бўлсак ҳам, кўз тутқан умидларимиз бўшқа (бўшлиққа, йўққа, бекорга) кетганликдан ўз ватанимиз душман қафасидай кўринмиш эди. Шундай бўлса ҳам, бошқа чора тополмагач, ҳеч кимга туйдирмай, қирқ кунча шу ерда турдим. Сўнгра Сўқулуқдаги тунгон шогирдларимиз хабар топишиб, ёширинча мени олиб кетдилар. Тунгон халқининг бизга кўрсатган яхшиликлари кўп эди. Бунга қарши улар учун Аллохдан яхшилик сўрашдан бошқа ҳеч нарса қилолмадим. Булар ичида ўз оиламда турганимдан ортиқроқ бўлиб, икки-уч ой ўтказганимдан кейин қаёқдан англамишдир совет давлатининг уч ҳарфлик ГПУ жаллодлари марҳум Олимхон тўра акамизни чақириб: «Укангиз Алихонтўра чегарадан ўтолмай қайтиб келиб, Сўқулуқ тунгонлари ичида ёшириниб ётган эмиш. Биздан киши қочиб қутулолмайди. Сиз бориб бирга олиб келинг, унга яхшилик қиламиз», деб юбормишдир. Келмасга чоралари йўқ, келиб кўришган сўнггида яна қочиб қутулишим мумкин бўлса ҳам, акамни аяганимдан нима бўлса ҳам, ўзим кўрай деб биргаликда Пишпекга келдим.
Эртаси куни кўзимизга жаллодхонадек кўринган идораларига мажбурий равишда кириб кўришганим сўнггида, ўзларидан ҳеч кутулмас даражада юмшоқ муомала кўрсатган бўлишиб, мени тузоққа тушурмоқчи бўлдилар. Шу идора маккорларидан бири бизнинг сафаримизда бўлган воқеаларни бошдан оёқ қолдирмай сўзлаб беришни мендан сўради. Мен ҳам «Ан нажоту фиссидқи», яъни «нажот чинликда» деган ҳадисга мувофиқ, бир ойлик сафар ичида уйдан чиққан кунимиздан бошлаб ўтган ишларни гапириб бердим. Шундоқ бўлса ҳам оғиздаги сўзимга қаноат қилмай, шуларни бир икки кун ичида ёзиб келтиришимни топшириб, менга рухсат қилди. Унинг деган кунидан қолдирмай, айтган сўзларимнинг барини ёзиб келтирганим сўнггида, уйга бориб оилам олдида 15 кун дам олиб, қайтиб келишга буюрди.
Бироқ мени ўз хизматларига кўндирмоқчи бўлиб, қирғизлар қишлоғи Чийқўрғон деган ердаги кишилар устидан ёширин маълумот тўплаб келтиришимни менга топширдилар. Энди бу малъунларнинг топшириқларини бажарганимда, ўзим ишонган муқаддас Қуръон ҳукмига қарши ишлашга тўғри келар эди. Шунга кўра бу йўлда ҳар қандай оғирчиликлар бўлар экан, ислом ҳурматини сақлаш учун, бу золим ваҳшийлар топшириқларининг бирортасини ҳам ўринлатмасдан (бажармасдан) қайтиб келдим. Эртаси куни у билан кўришганимда
хизмати бажарилмаганини англаши билан, у кофирнинг туси ўзгариб, ғазаби қўзғалган бўлса ҳам, худо сақлаб, бошқаларга қиладурғон уруш-қийнаш одатларини менга қилишга журъат этмади. Шу билан аҳвол ўзгарганича иккинчи бўлимга чиқиб, бизнинг устимиздан зулм қарорини юрғизиш кенгашини ўтказиб, бир ой вақт ўтгандан сўнгра, уч қават бинонинг энг остқи қаватида, ер устидан тўрт метрча чуқурликда бўлган, ёлғиз ётоқ камерага мени тушириб қамаб қўйдилар.
Чирқиллаган қиш кунининг чилла совуғида, ости усти муздай ялтираб ётган ер ости зиндонига киргач, ўзимни ҳаёт оламидан бошқа бир дунёда тургандай бўлиб сездим. Бу каби даҳшатлик ўринга қиш чилласи рамазон ойида, рўза оғиз кирган эдим. Шу кундан бошлаб турма қозонидан ош ичмасга шарт боғлаб, оғиз очарда, саҳарда қуруқ нон, қайноқ сувга қаноат қилдим. Ўт кўрмай, иссиқ ичмай, рўза тутиб, ёлғиз ётар уйда шу каби қийинчиликлар билан 13 кун ўтказганим сўнггида, ленинградлик бир рус йигитини кечаси менинг устимга киргизиб қамадилар.
Қиш кунининг совиғи, ётоқ тўшак етишмаслиги, бунинг устига кўндаланг ётсак оёқ узалмайди, узунига ётганда икки киши сиғмайди, қиш чилласи бўлиб, оёқ совуққа чидамайди. Бу даҳшатли аҳволни
44


кўргач, ўзи ҳам қийинчилик кўрмаган бой боласи бўлиши керак, ачинган кўзи билан менга қараган ҳолда: «Бу азобхонада турганингга неча кун бўлди?», деб мендан сўради. «13 кун бўлди», деганимда бошини чайқаб, менга ичи оғриганини билдирди. Шу билан қиш куни узун кечалари совуғига чидамай, ярим тунгача камера ичида икковимиз навбатлашиб юриб турдик. Бунга ўхшаган хўрлик азобини кўрганига чидаёлмаган бўлса керак, чой ўраган бир парча қоғозга хат ёзиб, қоровул аскарга топширди. Менга қараб: «Бундай оғир аҳволда турганимиздан ўлганимиз яхши. Мен очдан ўлишга розилик билдириб, ариза бердим», деди. Бир икки соат ўтар ўтмас камерага комендант бурутини (мўйловини) шоптай (тикка) қилиб, «Ким очлик билдирган киши?», деб ҳайбат билан устимизга кириб келди. «Мен эдим» деб ўрнидан тургач, шу ўхшаш кишиларга аталган ёлғиз ётоқ уйга уни чиқармоқчи бўлди. Менинг ётқанимга ҳам 13 кун бўлмиш эди. Бундай оғир ўринда 10 кундан ортиқ ушламаслигини эшитган эдим. Шунга кўра, совуқ қаттиқлигидан тан соғлиғим бузила бошлади. Шуни кўрсатиб: «Мени кўпчиликка қўшсанглар», деб комендантдан илтимос қилдим. «Юқоридаги сени қамаган кишилар билан сўзлашиб, сўнгра жавобини бераман», деди. Шу билан бир кечалик йўлдошимни олиб чиқиб кетдилар. Оз бўлса ҳам ғамхўрлик кўрсатган қайғудошимдан ажраб, яна совуқ хонада ёлғиз қолдим. «Ҳа, энди, бир баҳона сўз айтиб чиқиб кетган киши мени қайдан эсласин», деб ўйлаган бўлсам ҳам, хиёл ўтмай келиб, кўпчилик ичи саккизинчи камерага чиқазиб қўйди. Қарасам, 6у ер кўзимга бошқа бир олам кўриниб, муз хонадан мўнчага (ҳаммомга) киргандай бўлиб қолдим. Бу камерада менга йўлдош бўлғудек бир қирғиз, икки рус бўлиб, Тўқмоқлик бўлганликлари учун мени яхши танир эканлар. Улар билан сўзлашиб ўлтирдик. Шу куни ифтор вақти оғиз очаримда, топганимни олдимга қўйиб, қайноқ чой, юмшоқ нон келтиргач, «Ҳай, дунёда бундай жойни ҳам кўрар кунимиз ҳам бор эканку», деб шу ғурбатда роҳатланган бўлиб ўлтирдик. Бир неча кун ўтгандан сўнг мени ён қўшни камерага кўчирдилар. Қарасам, бу ерда ўзимнинг сафар йўлдошларимдан тўрт қирғиз ўлтиришган экан. Бир бирларимизга кўзимиз тушгач, туғишган қардошларча қувониб кўришдик. Чунки булар қор, музлик тоғлар, тошлар орасида қочиб юрган кунларимиздаги қайғу қардошларимиз эди.
Б а й т:
Зоти яхши унутмас ҳеч қачон, Қайғулик кунлардаги йўлдошларин.
Бизнинг сафардош эканлигимизни бу золимлар билмаган эдилар. Шунинг учун булар билан бирор ойча бирга туришиб, рўза кунларини ўтказдик. Бошқа ҳамсафарларимиздан кўзга кўринганларини қолдирмай, қамоққа олмиш эканлар.
Сўнгра, Отбоши Норин, Қўчқор, Жумғол томонлардаги қирғизлардан бойманап баҳонаси билан, кўзга кўринарли кишиларни қўймай, қамағали турди. Кўп бўлса, олти етти кишилик камерага йигирмадан ошиғроқ одам киргизди. Булар ичида умр бўйи бозор кўрмаган, улуғ тоғлар устида юриб мол боқишдан бошқани билмаган, ёшлари саксондан ўтган, бир неча қирғиз чоллари бўлғанларидек, 16 ёшлик бир қирғиз боласи ҳам бор эди. Тоғ тошларда от чопиб юрган ўйин боласи бирданига бундай даҳшатлик кунга қолишдан қаттиқ таъсирланиб, сочига оқ тушиб қолмишдир. Одам кўплиги, жой торлигидан кечаси икки тарафлама ётишга мажбур бўламиз. Оёқларимиз толиққанида узатиб юборур бўлсак, бир бирларимизнинг кўкрагимиз, қўлтиқларимизга кирганидан уйқимиз қочади. Бу ўриннинг қийинчилигини кўриб, аччиғини татимаган кишилар қайдин билсунлар бунинг азобини! «У дунёдаги яхши ёмон ишларнинг нусхаси, бу дунёда ҳам бор», деган сўзлар диний китобларимизда ёзилмишдир. Шунга кўра, оқил одамлар бундаги турлик ёмон муомалаларни, ёмон ахлоқсиз кишиларни кўргач, у дунёда бандалар учун тайёрланган Томуғ (дўзах) азобини эскариб, ибрат олишлари керакдир.
Б а й т:
Оқил одам ҳар ишдан ибрат олур, Қайси ҳол ичра турса фойдаланур.
Турма тартиби бўйича ҳар куни камерани супуриш, параш кўтариш каби хизматларни навбати билан бир одам бажариб туриши лозимдир. Кекса, қари одамларнинг кезиги (ўрни, навбати) келганда уларнинг хизматларини кўпинча ўзим қилиб турдим. Одам боласи ҳар ишга чидаёлса ҳам, бекорчиликга чидаёлмайди. Шунинг учун пайғамбаримиз: «Бекорчи, соғлом йигитларни Аллоҳ душман тутади, ишчан қариларни дўст кўради. Бузуқчилик, фитна фасод ишлар кўпинча бекорчилардан чиқади», дедилар. Айниқса, тоғ тош, далатуздан (текислик, пастлик жой) келган қирғиз қозоқлар диний этиқодлари бўш, ўзлари очиқ ҳаво, кенг далаларда униб ўсганлиги учун бундай оғирчиликларни кўп кўрмаган, турма машаққатларига чидами йўқ бўладилар. Шу сабабдан вақтлик бўлса ҳам, орти нима бўлишига қарамай, имконият борича қутулиш чорасига киришадилар.
45


Мана шу ҳолдан фойдаланиб, халқ ичидаги ўнг-сўлини пайқайдиган, кўзга кўринарли кишиларнинг кўпларини бу маккорлар ўзларига жосус қилиб, бурунларидан боғламиш эдилар. «Душман қўли билан илон бошини янчи, ўлса ҳам сенинг фойданг, чақса ҳам сенинг фойданг», деган мақол сўзи буларнинг шиорлари эди. Бу виждонсизларнинг баъзи бир қўрқоқлари ўз ҳимоялари учун бошқалар устидан ноҳақ сўзлар келтириб, кўп одамларнинг ёстиғи қуришига сабаб бўлдилар. Ёлғиз шаҳар, қишлоқ, маҳалла кўйларида эмас, балки ҳар бир оилада ҳам, жосуслик балоси бошланмиш эди. Бундан чиқаётган фитна фасод ишлар, ҳар томонлама халққа бўлаётган жабр зулмлар кўплигининг ҳадди ҳисоби йўқ эди. Шунинг учун бу Туркистон халқларидан, айниқса, кўпчилиги мазлум мусулмонлардан ер ости, ер устидаги бутун турмаларини тўлдирмиш эдилар.
Бу каби ҳеч бир даврда кўрилмаган ваҳшатли даҳшатли азоблар совет ҳокимияти қурилган кунидан бошлабоқ давом этмоқда эди. Шундай қилиб, ортиғи билан 6 киши сиғарлик камерада 20 чоғли киши энг оғир аҳволда бир ойдан ошиқроқ ётдик. Сўнгра турма одати бўйича камера алмаштириш иши бошланиб, мани тўққизинчи уйга кўчирди. Қарасак, бундаги кўпчилик илгаригига қараганда неча баробар ортиқроқ эди. Шу жойга чиққан кунимиздан бошлаб, Тўқмоқ, Пишпекка қараганда узоқ яқиндаги қирғизларнинг бой манапларини қолдирмай келтириб, бизнинг устимизга қамадилар. Булар ичида Саяқ уруғидан ёши саксондан ошган туркман оқсоқоли бошлиқ, ёшлари етаёзган Кукумбой, Қурмон деганлар бўлиб ва ҳам шулар қаторида ҳар уруғ қирғизларидан исми чиққан, атоқлик манаплари кўп эди. Булар эса, ер ости камераларида кўпчилик билан беш ўн кун ёткандан кейиноқ, ҳавонинг бузуқлигига чидаёлмай ишигали турди. Охири булардан юқорғи саксон ёшлик туркман оқсоқол бошлиқ қанча кўп кишилар шу ғариблик турма азобида вафот топдилар. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!
Шунча кўп қирғизлар ичида саксон тўрт ёшлик бир чол киши қутулиб кетди. Бу эса Отбоши Норин томонидан келган, мол боқишдан бошқани билмаган, худо яратганича қолган, бир мўмин эди. Ундан ким сўз сўраса, ўз тилича айтиб «Барм ишти сўпом иле билетқу», деб қўяр эди. Бу сўзига мендан бошқа ким қулоқ солсин! Бир куни яна шу юқорғи сўзини гапирганида «сўпом» дегани нима дегани экан, «субуҳона» дегани бўлмасин, деб ўйланиб қолдим. Ҳар куни эрта кеч турма одатича икки вақт ҳаво янгилаш учун бутун қамокдагиларни турма саҳнига чиқарадилар. Чиқариш вақти бўлиб, эшиклар шарақлаб очилиши билан, тор қўрода қамалиб ётган ҳайвонлар каби, ўзларини эшикка уриб, ташқарига чиқишга интиладилар. Бошқа нима қилиш керак, бир нафас бўлса ҳам камера сассиқлигидан қутулиб, қуёш юзини кўриш, соф тоза ҳавода ўлтириб, бошқа камерадан чиққан мунгдошларимиз билан кўришиш биз учун энг керакли нарса ҳисобланур эди. Чунки, ортиғи билан 15 кишилик ўринга 50 кишини қамагандилар. Ҳамманинг юраги ғам қайғу билан тўлган, бунинг устига турма тозалиғи ночор, баъзи одамларнинг тан саломатлиги яхши кутилмаган. Шу хил сабабларга кўра сассиқчилик, иф- лосчилик қўпганликдан ҳаммани бит босган эди.
Шундай қилиб, камерадагилар шошилинч билан чиқаётганларида ҳар киши ўзи билан бўлиб, ёлғиз қолаётганини кўргач бояги «сўпом»чи чол: «Ҳай балдар, мендағи қудайдин жариғин кўрайин, мени таштамангдар», деб қаттиқ қичқирди. Қарасам, шунча кўп қирғизлардан бирорта одам унга қайрилиб қарамагач, мен келиб қўлтиқлаб ташқарига олиб чикдим. «Сўпом»нинг ҳурмати учун бошқа кунлари ҳам «сўпом»чига қўлимдан келган ёрдамимни аямадим. Шу билан уч тўрт кун ўтгач, бунинг ҳам соғлиғи бузилиб, саломатлиги йўқола бошлади. Қўл оёғи тулумдай (дум-думалоқ) бўлиб ишигани тургач, ўз оёғи билан ташқарига чиқолмай қолди. Бир куни камерада навбатчилик гали менга келмиш эди, қарасам, камерани супураётганимда чолим йиғини бошлаб: «Айланайин сўпом, мени ташлаб қўйдингми», деб қайғулик кўзларидан ёш тўкиб, шу сўзни икки-уч қайтарди. Шунда аниқ билдим, унинг «сўпом» дегани «субҳон» дегани экан.
Орадан 10 минут ўтар ўтмай, юқорида ўтирган жаллодлар бошлиғидан бирови тездан туша келиб, қўлидаги қоғозга қараб, ҳаммани текшириб бўлғач, югурганича юқорига чиқиб кетди. Хиёл ўтмай яна қайтиб тушиб, ҳаммамизни қайта бошдан сўрағали турди. Кимнинг фалокати ариб, иқболи очилди экан дейишиб, мендан бошқа ҳаммалари жалдирашган ҳолда қарашиб турардилар. Менинг кўнглимда эса, бу чолнинг бояги қилган худога ноласи, отган ўқдек етган бўлиши керак эди. Шунинг учун «Кимни истайсиз, оти нима?», деб ундан тортинмай сўра-дим. Бошқалар эса, жаллод олдига келган ўлим кишисидек термилган ҳолда қараб турардилар. Ҳалиги одамни истаган экан. «Сўпом»чи чол шундай қилиб бўшаниб чиқиб кетди.
Ҳар бир мусулмон одамга Аллоҳ фарз килган иймон тақлидий эмас, балки ҳақиқий иймон эканлигини аниқ билишлари керак. Ҳақиқий иймонлик одамлар ҳақ йўлда чидамлиқ билан турадилар, ҳар ишга
46


ҳаққоният кўзи билан қарайдилар ва шу йўлда ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Динсиз даҳрийлар даврида ўз кўзимиз билан кўриб ўтган тажрибаларимиз ҳам, тақлидий юзаки мусулмонларнинг ҳеч ишга ярамаслигини кўрсатди. Бундай одамлар жонларига эмас, балки турмушларига озгина зарар етгудек бир иш бўлиб қолиш эҳтимоли бўлар экан, бунга қарши диний ва миллий ҳиссиётларини бутунлай қурбон қилиб юборишдан тортинмайдилар. Бу дунё шайтонларига қарши туролмаган тақлидий иймон, охират шайтони, малъун иблисга қандай бардош беролади? Шунга кўра, ҳар икки олам давлатини қўлга келтириш учун юзаки эмас, ҳақиқий иймонга эга бўлишлик, ҳар бир мусулмонга Аллоҳ тарафидан буюрилган фарздир.
Дунё яралгандан бошлаб, ҳеч бир даврда ҳозирги замонамиздек ер юзини қоплаган улуг офатлик балолар халқ бошига тушган эмасдир. Чунки, инсон наси яратилгандан бери, ҳеч бир замонда худога ишонмаган динсизлар қўлига ҳукумат ўтмаган эди. Энди эса, бутун дунёнинг тенг ярим халқи ҳеч нарсага ишонмайдиган даҳрийлар ҳукмига ўтди. Буларнинг энг ёмон кўрган нарсалари худога ишонмоқ ва худо қонуни бўлган ҳақиқий инсоний қонунларга бўйсунмоқдир. Шунинг учун коммунистлар ҳокимиятни қўлга олган биринчи кунидан бошлабоқ, диний мактаб ва мадрасаларни бутунлай йўқотдилар. Шундан бери биринчи синф болаларидан бошлаб, энг олий юқори даражага еткунча динга қарши ташвиқот дарслари узулмай ўқитилиб келинмоқда. Ўз мақсадларига эришмоқ ва бошқаларни руслаштириш учун чиқарган байналмилал қонуни Крзогистон, Қиргизистон, Ўзбекистон ва умумий Ўрта Осиё халқлари устида юзда юз бажарилмоқдадир.
Бунинг бирдан бир сабаби эса, Масков маккорлари ўз давлатини мустаҳкамлаш учун бу ўлкаларнинг, айниқса, Ўзбекистоннинг нақадар буюк аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунишидур. Советга қарашлик бутун ўлкалар давлат таркибида гавда мисоли бўлсалар, улар олдида Ўзбекистон ҳаёт берувчи жон ҳукмида бўлиб ҳисобланади. Бизнинг бу Ватанимиздан нималар чиқмайди? Бу бойликлар қаёққа кетаётганлиги ҳаммага маълум эди. Бирни бериб, мингни оладилар, шунга кўра ўтган чор ҳукумати давридан бошлабоқ Туркистон ўлкасини доимий равишда қўлдан чиқармаслик, балки, имконият топилар экан, бу ўлкаларни тўла мустамлака қилиш сиёсати бошланмиш эди.
Биринчи дунё уруши чиқиши билан олам сиёсати ўзгарди. Ўша замон подшоҳлари тахтларидан ажрагач, Русияда коммунистлар фирқаси шлаба қозондилар. Бунинг натижасида совет ҳукумати қурилиб, унга қарашли бутун ўлкаларда динсизлик, худосизлик бошланди. Энди бу аждарҳодан қутулиш учун қандай чора қўлланилиши керак деган масаланинг вақти ўтканлигидан бу ҳақда фикр юритиб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқдир.
Бироқ пайғамбаримизнинг гойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳам ҳозирги жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуг воқеалар бўлиши шубҳасиздир. Мана шу каби буюк воқеалар бўлар экан, дунё бўйича умумий ўзгаришлар бўлмай қолиши мумкин эмас. Шу ўзгаришлар натижасида мустабид тузумнинг темир қўргонлари тор мор қилиниб, асрлар бўйи золимлар асорати остида ётган бечора ватан аҳллари ўзларининг ҳалол мерослари она ватанлари бўлган Туркистон ўлкасига шунда, албатта, эга бўладилар.
Лекин бу муборак кунга еткунчалик бу аждарҳодан қутулиш эмас, балки унга ютилиб кетишдан сақ- ланиш чораларини имконият борича қилиб туришимиз лозимдир. Йўқ эса бутун дунёни титратган Темур каби шон-шавкатпли ҳоқонлар мамлакати бўлган улуг Туркистон ўлкаларини бу ялмогизлар ютиб сингдириб кетишлари кўп узоқ эмас. Чунки, Оврупо давлатлари томонидан асрлардан бери бутун дунё бўйича қўлланиб келинган мустамлакачилик сиёсати, иккинчи дунё уруши тугаши билан ўзгариб, ҳар миллат ўз ватанла-рига эга бўлиб, ўз ҳукуматларини қўлга олдилар. Ўша кундан бошлаб, ёлгиз Англия давлати Осиё, Африкадаги мустамлакаларидан 30 дан ортиқ мамлакат ҳалқига озодлик бериб, яна янги усулда ҳукуматларини қуриб ўзларига топширди.
Энди бутун оламда мустамлакачилик йўқолиб, озодлик даври бошланганига қарамай, совет империяси бир томондан ўз қўли остидаги ўн олти ўлкалик халққа тил учида қогоз устида озодлик берган бўлиб, иккинчи томондан, шармандаларча мустамлакачиликдан ҳам ёмонроқ сиёсат қўллаб, бутун халқни, айниқса, Туркистон халқини қул қилиб, ҳайвондек ишлатмоқдадир.
Бунга ҳам қаноат қилмасдан ерлик халқни ютиб сингдириш, ватанларини эса руслантириш қастига тушди. Турли баҳоналар билан Русиядан сел оққандек кишиларни келтириб, ватанимизнинг энг гўзал жойларини булар билан тўлдиришга киришди. Қиргизистон, Крзогистон ўлкаларидаги ерлик мусулмонлар устида,
агар сиёсат шу ҳозирги кетишича давом этса, кўп узоқламаёқ бу икки турк уруги ўз тилларидан ва ҳам ватанларидан ажраган ҳолда, ҳаммадан илгари руслашиб, ютилишга тайёр бўлиб қолдилар. Чунки
47


иккинчи дунё уруши тўхтаган кунидан бошлаб, ҳозирги тарих 1968 йилга давр бу икки ўлкада ерлик халқларга кўра рус забонларнинг сони тез кўпайганлиги шуни исботлайди. Шунинг учун ҳозир қутулиш мумкин бўлмаганликдан, унинг вақти келгунча ўзимизни ютилишдан сақлашимиз керак. Қайси йўл билан бўлса ҳам ўзини сақлаган миллат, вақти келганда сабабларни тўлиқлаб, чидамлик билан ишга киришар экан, албатта, мақсадни қўлга келтира олади.
Энди душманга ютилишдан сақланишнинг энг кучлик қуроли эса, шу икки нарсадан иборат: биринчиси диний ихлос, иккинчиси миллий ҳисдир. Қайси миллат бу ҳисларга ҳалал еткизмай яхши сақлар эканлар, ундай миллат душман томонидан ютилиб кетилиши мумкин эмасдир. Коммунистлар ҳукyмати динга қарши эллик йиллик кураши давомида Ўзбекистон мусулмонларини, айниқса, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўз динларидан анчагина йироқлаштириб, диний ҳиссиётларини йўқота олди. Лекин буларнинг миллий ҳиссиётлари ҳар қанча тортишувлар остида бўлса ҳам, шу кунларгача озми кўпми сақланиб келмоқдадир. Энди бу ҳиссиётимизни доимий равишда сақлаб қолишимиз учун, керакликзарур тилларни ўзлаштирганимиз устига, ўз она тилимизга қаттиқ аҳамият бериб, миллий адабиётимизни юқори кўтариб, илм ва маданият тиллари даражасига етказишимиз лозим. Мана шундагина бизлар олдимизда огиз очиб тайёрланиб ётган қизил аждарҳонинг ютишидан ўзимизни сақлай оламиз. Тил-адабиётимиз қанчалик ўсиб, тараққий топар экан, илм маърифат ҳам шунчалик кенгаяверади.
У ҳолда қуруқ отлиқ Ўзбекистон бўлмай,. тилимиз қаторга киргач, адабиётимиз соҳаси кенгайиб унинг обрўйи ошган сайин, миллатимиз ҳурмати кўтарилади. Бу эса миллий ҳиссиётимизни сақлаб қолиш учун энг кучлик қуроллардан бўлиб ҳисобланади. Шунга кўра диний ҳисдан ажраганлари устига миллий ҳисларидан ҳам ажрамоқ, XX аср маданият аждарҳоси огзига тушиб ютилди демакдир. Шунинг учун ёш қари демай ватанпарвар, миллатсевар ўзбек олимлари ўзларининг келажак авлодлари олдидаги энг муқаддас вазифаси деб билиб, бу хизматни эсларидан сира чиқармасинлар!
Бир миллат ўз ҳаётий ҳуқуқларини керакли шароити билан қўлга келтириши учун, у миллатнинг олий ҳиммат ўгиллари фидойиларча мол-жонини аямай, бу йўлда ҳар қанча .қийинчилик чиқар экан унга қарши кўкрак кериб, чидамлиқ билан иш олиб борар эканлар, ана шундагина ҳақиқатни юзага чиқариб, ўз мақсадларига эриша оладилар. Ҳиммати ўзидан ошмаган олимларнинг бутун қилган ҳаракатлари ҳайвонларча қорин тўйгазишгагина богланган бўлиб, улар иродасиз, инсон суратлик жанивор лардир. Ўз тилларини унитиб, муқаддас динларини ҳаммадан илгари ташлаган ҳолда, улар илон огзига келган қуёндек ютилишга яқин турадилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Киши қайси халқ тилини ўрганиб, илмини олса, унинг тузогига тушмай, зиён заҳматдан ўзини қутқара олади», дедилар. Бундай бўлгач, тил ўрганиб, ўқув ўқитувдан кутилган бизнинг биринчи мақсадимиз: бутун дунёга танилган Ватанимиз Турон Туркистон тарихини қоралашлардан сақлаб ва ҳам келажакдаги авлод наслларимизни селдек келаётган босқинчиларга ютилишидан қутқаришдир. Агар шундай қилинмас экан, иймонликлар худо олдида жавобга тортилиб, бошқалар эса, сўнгги авлод болаларимиз тилида туганмас лаънатга қоладилар.
Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Золимлар томонидан ноҳақ олинган шунча кўп қирғизлардан ёлғиз «сўпочи чолдан бошқа ҳеч ким қутилолмади. Айниқса, бетобликга учраган ёши улуғ кишилардан ҳеч ким қолмади. Бунинг устига ўзларига қарши гумон қилиб, ер ости камераларида сақланмиш мазлумлардан қоронғу тунлари, олдиндан қазиб тайёрлаб қўйилган чуқурларнинг лабига келтириб, отилгаn чопилганлар ҳам оз эмас эди. Шу каби оғир кунлар бошга тушганида яхши ёмон кўзга кўриниб, дўст душман шунда ажрайди. Эр керакким, шундай оғирчилик кунлари торчилик ерларида кишиликни йўқотмай ўзини тута билсин.
Б а й т:
Яхшилик кунларда барча дўст бўлур, Қора кун тушганда кимдир ожиз ўлур.
Шундоқ қийинчилик билан Пишпек ер ости турмасида ётқанимда менга жон куйдириб, вафодорлик билан хизмат кўрсатувчилар Сўқулуқ тунгонларидан Довудҳожи, Маъсудҳожи, Маъсудохун бошлиқ шогирдларим эди. Бу тарих ёзилган кунлари қарасам ул вокеадан 38 йил ўтмишдир. Ҳозирги 1968 йил тарихида эса, ўша садоқатлик дўст шогирдларимиздан икки уч кишигина қолиб, бошқалари фоний дунёдан ўтиб, марҳум бўлмишдирлар. Биз учун мол жонини аямаган, худо учун дўст тутинган, вафолик шогирдларимиз эдилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!
Ўша вақт турма тартиби бўйича ҳар ўн кунда бир йўли емак олишга рухсат берур эди. Шу куни бўлганида уч тўрт ердан овқат келгани устига, бирови оз деганда ўн кишига етарлик қилиб киргизур
48


эдилар. Айниқса, тунгонларнинг манти, манпар, суюқош каби бошқаларникидан ортиқча лаззатли таомлари кўпдир. Шунга кўра бутун камерадагилар шу куннинг келишини кутиб туришарди. Айниқса, ички Русиядан қочиб келган руслар ичида соқоли кўксига тушган христиан руҳонийларидан бир поп бор эдиким, унга шунча кўп руслар ичидан биронтаси ҳам яхши кўз билан қарамас эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган эканлар: «Уч турлик кишиларга раҳм қилмоқ керак бирови шулки, аввалда, бир қавмнинг ҳурматлик кишиларидан эди, сўнгра хорликка тушиб қолди. Иккинчиси бир киши бой эди, давлати қўлидан кетиб, чағай бўлиб қолди. Учинчиси шундай олимдирки, замонасида унинг илмини тақдирлайдиган одамлар, олимлар йўқ бўлиб, соф жоҳиллар ичида қолди. Мана шундай одамларга раҳим қилинглар»,дейдилар. Шунинг учун келган ош овқатларни етганича камера аҳлларига тарқатганимда ҳаммадан илгари ўша попга берар эдим.
Ерлик немислардан ўқимишлик инженер бир йигит ҳам бор эди. Шунча кўпчилик ичида бошқага қарамай, мен билангина сўзлашар эди. Унинг айтишича, Париж дорилфунунини битириб, бошқа Оврупо тилларидан ҳам икки уч хил тил билган ҳолда, олий маълумотга эга бўлмиш экандур. Эрта кеч ташқарига чиққанимизда қўлтиқлашиб юрар, камерага кирганимизча мендан ажрамас эди. Бир куни менга қараб: «Ҳай дўстим, бу йиртқичлардан қутилсак киши гўштини ейдиган ер бўлса ҳам борар эдик, бу ваҳшийлар қадамлари етмаган пок жойларда икковимиз шу каби қўлтиқлашиб юрар бўлсак, бу каби виждон азобидан қутулиб, энг улуғ давлатга эришган бўлур эдик»,деб оҳ тортарди. Бунинг бу сўзидан қаттиқ таъсирланган бўлишим керакким, орадан шунча давр, 38 йил ўтган бўлса ҳам кўнглимдан кўтарилгани йўқдир.
Шундай қилиб, 1931 йили бутун қишни шу каби ер ости камера азобида ўтказдик. Ўлимдан сургундан қолганларимиз зўрға ёзга улашиб чиққач, қурилиш ишлари бошланиб кетди. Ҳафта ўн кунда бир марта ташқаридан келган ҳалол овқатга қаноат қилиб, турманинг ҳаром таомларидан тотинмай, қуруқ нончой билангина турдим. Бунинг устига кеча кундузлаб ер ости бузуқ ҳавода ётганимиздан бўлиши керак, кундан кунга кучсизланиб, соғлиғим ночорлашишга бошлади. Шунга кўра иш сўраб, ташқарига чиқишга ариза бериб эдим, худо ўнглаб, ишга рухсат қилдилар.
Баҳор кунлари қоронғу камералардан ташқари чиқиб, очиқ қуёш, соф ҳаво, кенг майдонда тургач, ўзимни янгидан ҳаёт топиб, бошқа бир оламга келгандай сезар эдим. «Ва ин тауддув нематоллоҳ ла туҳсувхо», яни «Сизларга берган Аллоҳнинг неъматларини санаб тугатолмайсизлар», деган оятни ўқиган бўлсак ҳам, бунинг асли маъносини шундагина тушундим. Шундоқким, инсоннинг ҳар бир нафасида икки неъмат бордир. У ҳам бўлса тоза ҳавонинг кириши, бузуқ ҳавонинг чиқишидир. Бундай бўлгач, бошқа неъматларнинг ҳисобига қандай етгали бўлғай? Шу билан қурилиш ишларида бир қанча вақт хизмат қилиб юрдим. Хизматга чиқиш ярим қутулишдай бўлиб, эшитган оғайнилар деярлик ҳар куни йўқлаб туришдилар. Айниқса, уйғур Иброҳимохун новвой, ўлган бўлса худо раҳмат қилсин, унинг ҳафталик бир сават ёғлиқ кулчаси билан, бир чора (идиш, тоғора) мантиси, ё бир тавоқда палов оши узулмай келиб турди.
Бир куни кечқурун хизматдан қайтиб келганимда турмадагилардан бир киши қўлимни ушлаб туриб, «Сенинг палони немис дўстинг суд бўлиб, узоқ ерга 10 йилга сургун бўлмишдир. Менга топширдиким, «Ўзбек дўстимнинг қўлини тутқан ҳолда, менинг ёлқунлиқ саломимни еткур. Душман кўлида узоқ сафарга кетдим», демиш экан ва яна: «Қайғулик кўнглим остидан ўрин олган унинг муҳаббатини умр бўйи сақлашга ваъда бераман», демиш эди. Мен ҳам 6у воқеадан 37 йил кейин, яъни 1968 йили унинг сўзини эскариб, тарих юзида қолдиришим билан муҳаббат аҳли ким бўлса ҳам, менинг олдимда нақадар улуғ ҳурматга эга эканлигини очиқ кўрсатдим.
Б а й т:
Муҳаббатдан кўнгуллар нурға тўлғай, Саккиз жаннат онингдин ҳосил ўлғай.
Ундан ажраган сўнггида уч тўрт ойлаб ўз одатим бўйича ишчанлик билан турлик хизматларда бўлдим. Қамалган кунимдан бошлаб, бирор марта бўлсин мени сўроққа чақирмадилар. Бирга қамалган сафар йўлдошларимни уриб сўкиб, турли қийновлар билан сўраган бўлсалар ҳам, илгари кейин Аллоҳ мени бундай ишлардан асрамиш эди. Лекин ишнинг қаттиғлигидан ҳафтада бир кун дам олишдан бошқа кунларда иш вақти 12 соатдан кам эмас эди. Шундай оғир меҳнатлар остида 4 5 ой ишлатган сўнггида бирданига бизни сиёсий идора қарамоғидан катта турмага кўчирмоқчи бўлди. Бизни ишга чақиришган кундан бошлаб, қўра ичига тикилган кийгиз ўтовларда ётардик. Яна шуларни ўзимизга кўчиргизиб, турма қўрасига тиктиргач, бизни камерага киргизмасдан уларни ётоқхона қилиб бердилар. Бу ернинг қийинчилик аҳволини кўрганимиздан кейин илгари кўрган меҳнат машаққатларимиз биз учун
49


роҳат кўрилмиш эди. Чунки, пайғамбаримиз айтишларича: «Кимга бир мусибат етса, унга сабр қилмоқ керак, ундан ёмонроғи бўлмагани учун шукр килиш лозимдир». Шу билан 6у жойда ҳам ишга бориб келиб юриб, бир икки ой ўтказган бўлсак ҳам, одам кўплигидан кўп қийинчилик остида туриб эдик.
Шу орада бизнинг устимиздан ҳукм чиқардилар. Шундоқки, ҳамсафарлардан мен билан бошлиғимиз Назирқулга 10 йилдан, яна бировимизга етти йил, қолганлар эса бўшатилмиш эди. Бўшаганлар суюнишган, қолганлари, айниқса, бизга ўхшаб оғир кесилганлар ичида йиғлаганлар ҳам бор эди. Кесим (жазо, ҳукм қарори) қоғозини қўлимизга бергач, ўқитиб қарасак, жазони ижро қилиш иши Тошкентдаги конқлагер ихтиёрига топширилмишдир. У ерда эса қирқ беш мингдан ортиқ одам борлиғини онгламиш эдик. Келган мазлумлар ҳар қандай йироқ сургунга кетар эканлар, шу лагер орқалиқгина юборилар экан. Сибирнинг энг йироқ, энг совуқ ерлари Славка ва Архангельск каби жойларига ҳукм бўлган кишилар ҳам шу ўриндан узатилур экан. Бу жойларнинг ҳайбати қулоққа кўп киравергач, инсончилик кўнглимга турлик хаёллар келиб, бундан қутулиш чорасига киришдим. Тоқатдан ташқари ишлардан қочиш пайғамбарлар суннати бўлса ҳам, қутулиб кетиш қийин бўлганликдан узоқ ўйланиб қолдим. Ўз ўзимга: «Менинг нима гуноҳим учун ўн йил бердилар», дер эдим.
ТАЪҚИБ ВА ШАРҚИЙ ТУРКИСТОНГА ЎТИШ
Ҳаёт оламида яшаган ҳар қандай одам унинг оғир юкларини кўтариб, аччиқ-чучигини татимасдан чораси йўқдир. Қуръоннинг айтишича: «Неъматга шукр қилиб, меҳнатга сабр қилмоқ ва унинг қутулиш чорасига киришмоқ лозимдир». Турма тартиби бўйича ҳукм бўлган кишиларни ташқи ишга чиқармай жўнар вақти бўлгунча камерада сақлар эдилар. Эрталаб тургач хизмат кийимларимни кийган ҳолда қараб турган эдим. Ишчилар йўқлама тизим хатини ўқиганда, худо ўнглаб, отим чиқиб қолди. «Тайёрман», деб қаторга ўтдим. Одатга қараганда мени камерага қамаб қўйиб, Тошкент конқлагерига жўнатишлари керак эди. Йўқ, ундай бўлмай, ишчилар ичида турма темир қопқасидан ташқари чиқдим. Одатдаги иш устига келгач, қарасам, самовар қайнаб чой ичар вақти бўлмиш эди. Мана шу чоғда нима бўлиб атрофга қўйган қоровуллар кўринмай қолишди. Мен ҳам вақтни ғанимат билиб, мўлжаллаб кўйган ўрама тиканлик сим остидан чаққонлик билан ўтиб, кўздан ғойиб бўлдим.
Бироқ, қандай қилишимни, қаерга бориб кимнинг уйига сиғинишимни билолмай, киши кам кўчаларда бироз кезганимдан сўнг, қадрдон тунгон оғайниларимдан Хиёхалпа эшигига бориб, чақириб эдим, югириб чиқа келди. Мени турмадан қутулиб чиқди деб гумон қилган бўлиши керак, йиғлаган ҳолда «Муборак бўлсин» деб қучоқлашиб кўришаётганда, қочиб чиққанимни қулоғига шивирлаб қуйиб эдим: «Қўрқманг, худо қутқаргани шу!», деб кўнглимга анча қувват берди. Бунинг қилган кишилиги унутарлик эмас эди. Ўлиб кетмиш экан. Аллоҳ уни раҳмат қилсин!
Эҳтиёт юзасидан том чодири ичида босилган беда ўртасидан бир кишилик жой қилиб, кечга довур мени шу ерда сақлади. Сўнгра, ўз маслаҳатим билан оқшом қоронғуси аралаш, тунгон маҳалласида тунгонлардан Исҳоза отлиқ яна бир ишонимлик дўстим бор эди, шунинг уйига келдим. Бу эса иймон ихлослик, синовдан ўтган мард киши бўлғанликдан, жон фидолик кўрсатиб, дўстлик ҳақини бажармиш эди. Киши ҳайрон қолғудек соқлик-сергаклик билан мени уйида уч кунгача кутиб, яхши сақлади. Шунгачалик тинч турган бўлсак ҳам изловчилар чиқа бошлагач, шу куни шом вақти билан Пишпекдан кун ботишга яқин, қирқ чақиримча бўлган тунгон қишлоғи Сўқулуққа қараб жўнадик. Мендан хабар олгани кетаётган Могар, Момоза деган шогирдларимиз йўлда йўлиқишиб, биргаликда уйларига бордик.
Бу ерга келгач, ёлғиз ўз шогирдларим эмас, балки бутун тунгон халқи менга қоровул бўлмиш эдилар. Менинг бу ерга келганимни ўз шогирдларимдан бошқа биров билмаган эди. Ҳукумат ичидаги хизматчилaри бўлса ҳам, менга ҳайрихоҳ бўлдилар. Шунинг учун неча қайта келган ҳукумат жосусларини бу ерга мени келмайди деб қаноатлантирмиш эдилар. Шундай бўлса ҳам илон чаққан киши арқон шаклидан чўчийди дегандек, ўзим ҳам имконият борича эҳтиёт йўлини тутдим. Шунга кўра бутун шогирдларим ташқаридан кўз қулоқ бўлиб турдилар кундузлари тирикчилик ишлари билан бўлишиб, кечаси эса зерикмаслигим учун мен билан бирга эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳақиқий дўстларни кўпайтиринглар, чунки булар яхшилик кунларида зийнат бўлурлар, бало тушганда бошпанодурлар».
Ҳар қанча соқлик билан бу ерда турган бўлсак ҳам, ишимиз кундан кунга қўрқинчлик эди. Агар бу йўли яна золимлар қўлига тушар эканман, у вақтда мен учун қандай жазолар қўллашлари маълум эди. Шунга кўра Солар тунгонларидан Юсуфқори деган бир шогирдим кўп қийинчиликлар билан
50


Тошкентдаги Хитой консулидан Исмоилохун номига ясама паспорт қилиб, менга келтириб берди. Бу келгинчалик Тўқмоқдаги оилам билан кўришиб, сафар ҳаракатларини бажариб турдим. Шу орада бизнинг қадрдон оғайниларимиздан ва ҳам қўш қудамиз, узун йиллар Тўқмокда турган, асли тошкентлик, Ғулжада вафот топган Шоҳидоят қори, бутун бойлигидан ажраган ҳолда, ҳеч ерга сиғмаганликдан қочиб, Суқўлуққа келмиш эди. Ўзимни билдирмай туриб, бошқалар орқалик ул кишига ёрдам етказиб турдим.
Биринчи ётган еримда беш олти кундан ортиқ турмаган бўлсам ҳам, иккинчи ўрин, атрофига беда босган қамиш чодир ичида 52 кун турдим. Сўнгра кўнглимга бир ташвиш тушгандай бўлиб, у жойдан учинчи жойга кўчмиш эдим. Худо сақламиш экан, мен кўчиб, эртаси куни бир милиқия билан икки киши келиб, том усти чодирларигача чиқиб, қарамиш эдилар.
Б а й т:
Кишини сақласа У Холиқи пок, Заҳар оғзинда бўлғай мисли тирёқ.
Бу иш бўлғандин сўнгра, бу жойдан ҳам тезроқ йўткалишимиз лозим кўриниб, Шарқий Туркистонга ўтиш нияти билан учинчи марта сафар жамолғасини қилишга киришдим. Ўз дўстларимиздан тунгон Ғёриёс мутавалли ҳам бизга ўхшаш қочоқлардан эди. У билан кўришиб ҳамсафар бўлишга ваъдалашдик. Йўлга чиқишга кун белгилашиб, шу кечаси барча аҳбоб, ёру дўстларимиз йиғилишиб келдилар, тариқат аҳллари одатларича хатим ўқиб, дуои фотиҳа ўтказган сўнггида, Аллоҳга таваккал қилиб, Сўқўлуқ устидан тўртинчи Чуй станқиясига қараб аравада йўлга чиқдик.
Эртаси Чуй сувидан кема орқалик у томонга ўтиб кетаётганимизда, қуроллик рус тўсқовуллари олдимиздан чиқиб, бизни текширгани турди, ҳуржин-халашларимизни ағдариб, барини кўриб бўлгач, йўлдошимдан паспорт сўради. Худо ўнглаб, ўз отига олган Хитой паспортини кўрсатган эди, бир нарса умидида ундан чатоқ чиқариб, бизни кўп қийнади. Бу ерда энг ҳайрон қоларлик иш шулки, йўлдошимни шул қадар узундан узун текширган ҳолда, негадир, мендан бир оғиз ҳам сўз сўрамай, охири шошилган кишидек отини минганича орқасига қарамай кетворди. Ортидан биз дағи йўлга тушиб, шу юрганимизча ҳуфтон вақтида Чуй станқиясига етдик. Беш олти соат ўтиб, Олмота поезди келгач, унга тушиб жўнадик. Сариўзак деган жойга келганимизда биз тушиб қолдик. Турксиб поезди эса, шимолий томон Сибирияга қараб бурилиб кетди.
Кеч куз вақти, совуқ қаттиқ бўлиб, қор бурошалаб ёғиб турган эди. Поездан тушган кишилар баримиз станқиядаги бир кичик уйга кириб ётдик. Кун совуқ, печкага ўт ёқилмаган эди. Қарасам, ҳар тарафдан жон қутқариб чиққан одамлар, кўплари бизга ўхшаш ўз элига сиғмаган, золимлар томонидан ноҳақ қувғунга олинган ҳақсизлар эди. Шу ерга келганимизда шундай сўз чиқдиким, олдимиздаги йўл усти манзилида ГПУ аскарлари йўловчиларни қаттиқ текширув остидагина ўтказар экан; агар бирорта шубҳалик одам топилиб қолгудек бўлса, уни йўлдан қайтарибгина эмас, балки қўлга олиб қамаб қўйишлари аниқ экан. Мана бу сўз чиққан сўнггида, Тошкентдан чиққан Хитой элчихона хизматчиларидан бошқа ҳамма кишилар қўрқувга тушиб, йўлдан қайтмоқчи бўлдилар. Қарасам, бечораларнинг қ