ЖИЛАҚАРАҒАЙ ДОВОНИ
ЖИЛАҚАРАҒАЙ ДОВОНИ
Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Юқорида айтилганича Шодмон ҳожим қишлоғи Кичик Кеменга келганимизда, кутишиб турган қирғизлар бизни қарши олдилар. Яйловдан қайтган қалин эл оралаб, тун бўйи юрганимизча тонгга яқин бир ерга келиб тушдик. Бироз ухлаб эс олган сўнггида, у ердан отланиб кун бўйи юрганимизча, ахир пешин кезида қалин қарағай ичида тикилган бир қирғизнинг уйига келдик. Бу эса бизни кутиб турган Назарқул деган сафар йўлдошимизнинг уйи экан. Бизни бу ерга қўндириб, ўзи орқада қолмиш уйларни кўчириб келмоқчи бўлиб, уч тўрт йигитлар билан тун қатор қилиб кетди. Эртаси қуёш кўтарилган кезда эдиким, бирор юз оилалик қирғизлар бола чақалари билан енгил юкларини олган, бошқа мол чорваларини, тикилган уйларини қолдириб, ёлғизгина уюрлари билан йилқиларини ҳайдашган ҳолда етиб келдилар. Хитой ерларида пул бўлғудек нарсалар билан ҳуржин халашлари тўлдирилмиш эди. Кўпчилиги бола чақа, хотин қизлардан тўпланган эди. Қандай ҳам бўлса, сафар суннатига мувофиқ Назарқулни сафар амири қилиб, ўзим бошлиқ олти одамни унга кенгашчи сайлаган сўнггида, олди орқамизга мер ган йигитлардан соқчилар белгилаб, йўлга тушдик.
Ичимизда икки беш отар, уч тўрт барданка, қолгани ов милтиқлари бўлиб, йигирмадан ошиқроқ қуролимиз бор эди. Шу юрганимизча Кўкқуйруқ ўзанини бўйлаб ўлтириб, орада уч қўниб, Чуй дарёсининг боши Оқсув, Челак деган икки ошув айрилишига етдик. Бу юрган еримиз йўлсиз бўлиб, бўри юрмаган тоғу тош оралаб юришга тўғри келганликдан, тоғ сафарларида кўп юриб кўзи пишган етук йўлбошчи керак эди, бахтимизга қарши, ваъдалашган қоловуз (йўлбошчи) кишимиз келмай қолди. Келаётган йўлимизда биз билан қочган қирғизларнинг қўрада ётган қўйлари, эгасиз қолган молтоварлари, ускуналарига кўзимиз тушди. Инсон турмушига коммунистларнинг зулми шундайин ҳароблик келтирганини кўриб, кўнглимиз вайрон бўлганликдан кўз ёшларимизни артиб улгиролмадик.
Қочган хабаримиз эл ичига тарқалгач, бизни қўлга тушириш учун олдимиздан чегара соқчиларини тўстириб, ортимиздан қирғиз коммунист отрядларини юбормиш эдилар. Биз қочқунлар уч кун ўзан бўйлаб юрганимизча, Оқсув ошуви остига келганимизда кетимиздан юборилган қирғиз коммунистлар аскарларининг қораси йироқдан кўриниб қолди. Орамизда бир оз отишувлар бўлиб, шу кечани соқлик билан ўтказдик. Етган еримиз улуғ тоғларга тақалган, ўнг қўлимиз Челак довони эди. Лекин бу довонларни ошиб, йўлларини кўрган бошчимиз бўлмағанликдан қайси бирига киришимизни билмай орсор (ҳайронликда) қолганимиз устига, қувғинчи тўсқинчилар олди орқамиздан ўрамиш эди. «Икки йўл келиб, қайси бирига киришни билмай қолган киши ўнг қўлига юрсин», деган Расулуллоҳ сўзини маслаҳат бердим эрса, бошқа сабаблар чиқиб бунга юришга тўғри келмади. Охири, сўл қўлдаги Челак довонидан ошиб олсак, қозоқ ерига тушиб, булардан қутулиб кетишимизни ўйлаб, шунга киришни тўхтам қилдик.
Эртаси саҳарлаб остидан бир дарё суви тошиб чиқаётган улуғ тоғ бели устига чиқиб, шу ерга уч тўрт қуроллик қирғиз болаларидан қўйдик, ўзимиз кўпчилик қўш қулонларимиз (кўчгандаги юкимиз ва йилқиларимиз) билан бел (тоғ бағридан ўтиб) ошиб, ёлғизтуёқ кийиклар изи орқали юрганимизча булутга тиралган тўрт тоғ орасидаги сув ғазнаси (омбори) Кўккўл деган жойга тушдик. У ердан ўтиб, кўк муз оқ қордан бошқа ҳеч нарса кўринмаган, бош оёғи булутлар билан ўралган Челак довони остига келиб қўндик. Куз ҳавоси совуқ, қаттиқ қор учқунлаб турарди. Қор ўрталарида кўриниб қолган қора тошлар орасида боши чиқиб турган бир турлик ўсимликлардан бошқа ўтин топилмайдиган шундай қисмчилик жойларда қирғиз хотинлари ош овқат тайёр қилишди. Буларнинг эпчиллиги мени ҳайратда қолдирди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар ким эрса бир нарсага боғланиб яратилганликдан ул нарса унга осонлашади, ҳар ишни ўз эгасига топширингларким, ишинглар
39
енгиллашади», деган ҳикматлик сўзларининг сирларини шунда тушунган эдим. Айниқса, ўз дўстларимиздан Абиш, Ҳайдарали уларнинг хотинлари Ойша, Ойқон бу эр хотинларнинг бу каби оғир йўллар, машаққатлик сафарларда менга кўрсатган ҳурматлари, қилган хизматларини эскариб, ҳаётим борича уларга раҳматлар айтиб дуо қилурман. Аллоҳ уларни раҳмат қилиб, жойлари жаннатда бўлсин! Қандағ ҳам бўлса, шу кечани қор-музлар орасидаги қора тошлар устида тонг оттирдик. Эртаси ойна устига тушган ёғду каби, қор муз устида ялтираб турган қуёш кўтарилди. Йўл билган, юз кўрган йўлбошчи кишимиз бўлмагач, энди нима қилишимиз керак?
Хотин болалардан бошқа қариёш демай бутун эр кишилар баримиз отланиб, тоққа тирмашдик. Минг машаққат билан тоғ тепасига чиқиб қарасак, мўлжали уч чақирим келгудай, тоғ тескайини қор муз қопламиш эди. Мана шу ерда бирор юз киши яёв, отлиқ бўлиб, биздан илгари қочган кишилар йўл солган бўлсалар, шулар изидан юриб ўтармиз, деган умид билан шу куни эртадан кечгача йўл излаб из қидирдик. Бироқ бахтимизга қарши туёқ ёки оёқ изи тушган бирор нишон тополмагач, кечки совуққа қолиб, бўрон чопқунга учрамайлик деб, ночорлик билан ор-тимизга қайтдик.
Худо ўнглаб, Кўккўл бели устига уч тўрт қуроллик қоровул қўйиб ўтган эдик, йўқ эрса орқамиздан қувиб келаётганлар изимизга тушиб устимиздан босар эканлар. Из қувиб келганлар бел устига чиққанда бизнинг қоровулларимиздан қаршилик кўриб, кетига қайтмиш эдилар. Шу билан икки қўниб муз тоғлар орасида йўл тополмай, овора бўлган сўнггида яна орқамизга қайтиб келдик. От уловларимиз чарчаб, ўзимиз қийналганимиздан бел устида бир икки кун эрув (дам олиш, ҳордиқ чиқариш) қилиб, шу орада икки кишини ер чорлаб (атрофни билиб келиш, разведка қилиш) келиш учун Оқсув довони томонга юбордик. Кетган кишиларимиз иккинчи куни тинчлик хабарини келтиргач, бу йўлнинг икки кунлик олислиги бўлса ҳам, бошқа иложи бўлмаганликдан шунга киришга мажбур бўлдик.
Эл яйловдан кўчган кези, йўллар жимжит, иссиқ совуқ орасида ҳаво очиқ бўлиб, тинчлик билан Оқсув довонини ошиб, келишган кенг бир яйловга тушдик. Бу ерга киргач қирга, теварак тўрт томонга кўз солдим эрса, ўтмишдаги эркинлик қўйнида кун кечирган ўрозлик ўғуз уриғи Эдиқут эли у тоғдан бу тоғга, у сойдан бу сойга ер танлаб, кўчиб юрганлари эсимга тушиб хаёл денгизига чўмдим. Кенг юзлик саболарда (ёғоч тоғораларда, идишларда) кўпириб ётган қимизни қизил кўкарларга (ёғоч бокалларга) қуйиб ичганлари, қўй қўзи этлари кўнгилларига теккач, қулун (бия боласи) сўйиб ейишга киришган кунлари кўз олдимга келиб, ҳайронликда қолдим. Бир оз бўлса ҳам эркинлик оламига чиққандек бўлиб, ҳордиқ чиқариш учун бу ўринда икки кун эрув қилиб тўхтагандан сўнгра, Тойсоврун, Бойсоврун деган яйловлардан ҳали эл кўчмаган экан, кечалаб тун қорон-ғусида у ердан ўтиб, Жилақарағай довони остидаги қалин қарағайзор ичига кириб қўндик.
Бизнинг бу юрган ерларимиз Туркистон бешиги, Ўғузхон пойтахти аталган Иссиқкўл ўлкасининг шимол томонидаги Тян-Шан тоғларининг тармоқлари эди. Бу ерга келиш олдида ёға бошлаган қор, ёмғир тун бўйи тўхтамай ёққан бўлса ҳам, ҳар туп қарағай бир қирғиз ўтовидек бўлиб, тубига тушган мусофир меҳмонларни қор ёмғир ҳужумларидан ўз оиласидек асрамиш эди. Эртаси ҳаво очилиб кун кўтарилгач, бу ердан кўчиб шимол томонга қараб, тоғдан тоғга оша от тортиб юрганимизча, боши кўринмай туман билан чирмалган, бир улуғ тоғ тубига етдик. Шу ерга келганимизда ҳаво бузилиб қор ура бошлаб, ёлғизоёқ келаётган йўлимиз юзи ёпилиб, қаёқка юришимизни билолмай тўхталиб қолдик. Қирғиз йигитлари эса яёвлаб, тоғ юзига тирмашиб, йўл излашгани турдилар. Борган сайин қор ёғиши қаттиқлашганликдан кўз қоплаган буроша (бўрон, қаттиқ шамол) бўлиб, йўл излашган йигитларимиз бир бирларини кўролмай қолишди. Бунинг устига ёлғизоёқ йўл устида узундан узун туриб қолганимиздан, отларимизнинг бели толиб ёта бошлади. Қарасак, кун тушдан оғиб боради. Агар шу ўрталарда кечалаб қолар эканмиз, ўзимиз ва от уловимиз учун қаттиқ қийинчиликлар туғилишини ўйлаб, сафарда орқага юриш яхши бўлмаса ҳам, бошқа иложи топилмагач, ночор кери (орқага) қайтишга мажбур бўлдик. Босган изимизга қайтиб, қорбўрон ичида олти соат чамаси юрганимиз сўнггида кўз қорайиб, гугум тушгандан кейин ҳориб-чарчаб, зўрға эрталабки кўчган қалин қарағай остига кириб омон қолдик.
Бу каби кўрилмаган улуғ довон йўлларини ошиб ўтишга етук йўлбошчи лозим экан. Шундай одамни топиб келтириш учун шу ерлик элга алоқалик бир кишини уларга кечалаб юбордик. Эртаси куни ҳаво очиқ бўлиб, кўзгудек кўринган булутга тиралган буюк қор тоғларини ялтиратган ҳолда қуёш кўтарилмиш эди. Шу чоғда қоловуз ҳам етиб келгани учун баримиз суюнганимизча унга эргашиб йўлга тушдик. Кечаги адашган жойларимиздан олиб ўтиб, от тиззасига келган қор ичида кўрам тошлар оралаган ҳолда синчиклаб юриб, йўл топган йўлбошчимиз қирғиз чолга офаринлар айтиб, уни бек олқишлар эдик. Шундай қилиб, Жилақарағай довонидаги қор тоғларини омонлик билан ошиб, у томони
40
Челак, Толғор яйловларига тушиб, икки кун эрув қилдик.
Шу ерга келганимизда отақли қоловузлардан қирғиз Қўйчи ботир қочоқларга ёрдам етказиш учун
Ғулжадан чиқиб, олдимизда икки кунлик Қудурғу деган ерга келган хабарини англадик. Бу киши эса беш-ўн қуроллик йигитлари билан йўл тополмай юрган қочқунларни Ғулжа томонига ўтказиб, шу касб орқалик фойдаланиб юрган қора ботирлардан экан. «Қоракўл шаҳар соқчилари хабар топмай туриб, чегарадан ўтишимиз керак, кечикканнинг хатари кўп, тезлик билан етказиб келинглар», деб қуроллик икки йигитни бизга юбормиш эди. Йўлда қўшилган қирғиз йўлдошларимизнинг орқада келаётганларини кутишга тўғри келганликдан шу ерда икки кун туришга мажбур бўлдик. Шунга кўра Қўйчи ботирдан биз боргунимизча кутиб туришни ўтиниб сўраб, тортуқ йўсинида унга бир семиз бия юбордик. Қудурғу тоғи бетида тўп қарағай тагида бизни кутиб олишга қаттиқ ваъда беришиб, бия етаклаган ҳолда бу икки йигит бизга хўш айтиб қайтди. Шу билан икки тун ўтказиб улар ортидан биз ҳам йўлга тушдик.
Раҳмсиз, кучлик душманлар чангалига тушишдан қўрқиб, улуғ тоғларга сиғинган йиғинди бир тўда мазлум ожизлар қаторида ўзимнинг кетаётганимни кўриб, бу хунук манзарадан қаттиқ таъсирланмиш эдим. Бир даврларда бутун дунёни найзаси учида ўйнатган турк ўғлонлари, бугунки кунда бургутдан қочган тулкига ўхшаб қолдилар. Қочар жойини, кирар тешигини тoполмайдилар. Бурун нега ундай эканмиз? Энди нега бундай бўлдик? Мана бунинг сабабларини текшириб, аниқлаб билганимиздан кейин, унинг чорасига киришмоғимиз керак. Бизнинг ишончимиз 6у дунё, у дунё бўлиб, охират кунига иймон келтирамиз.
Энди шуни билмоқ лозимдирким, бу дунё ишларини Аллоҳ таоло бутунлай сабабга богламишдир. У дунё ишлари бўлса, Қуръоннинг айтишича, сабабсиз, худо қудрати билангина пайдо бўлур. Ҳаёт оламидаги дунё ишлари заррадан Қуёшгача, барча нарсаларнинг бўлиши ва бўлмаслиги бари сабабга боглиқир. Таваккал қилиш, яъни, Аллоҳга топширишни эрса, инсон тоқатидан ташқари, қўлидан келмайдиган ишлардагина шариат буюради. Шундоқки, деҳқон ерни танлаб ҳайдайди, бутун шароитларини бажарган сўнггида тупроққа уруг кўмади. Аммо тупроқ ичидан уни ундириб чиқариш унинг иши эмас. Бу тўгрида таваккал қилиб туришдан бошқа чораси йўқдир. Бизнинг бу сўзимиз ҳаммага тушунарлик бўлганликдан, дунё ишларини мусулмонлар, албатта, шунга таққос қилишлари лозимдир. Пайғамбаримиз айтдилар: «Мусулмонлар дунёда яхшилик кўрсалар Аллоҳга ҳамд айтсин. Агар ёмонлик кўрар эканлар, ўзларидан кўрсин, қилмишлари уларга қайтарилмишдир».
Оят, ҳадис, худо, пайғамбар сўзи мазмунича тўхталган ҳукм шулки, исломият шароитларини 6утун бажариш шарти билан дунё ишларида моддий, маънавий томондан замонавий асбобларини тўлиқлаб қўлга келтириш мусулмонлар учун фарздир. Агар бу ишни юзага чиқариш учун юз шарти бўлар экан, шулардан тўқсон тўққизини бажариб, бирига келганда узрсиз уни қолдирса, шариат олдида хиёнат қилган бўлиб, шу ишда жиноятчи ҳисобланади. Чунки, ҳаёт оламига қурган Аллоҳ қонунини бузиб, яхши сақламаган бўлади. Қайси нарсанинг салбий, ижобий бўлиши бўлмаслиги сабаблари тўлиқланар экан, кимнинг қўлидан бўлса ҳам, у нарсанинг юзага чиқиши аниқланмишдир. Биз мусулмонларга ҳам шундай ишониш лозимдир. Чунки, бир ишнинг пайдо бўлиши учун, унинг сабаблари тўлиқ қўлга келар экан, уни юзага чиқариш Аллоҳнинг ҳаёт оламига қўйган қонунидир. Қуръон тилида буни «одатилло, суннатилло», яъни «Аллоҳ одати, Аллоҳ йўли» деб айтилади.
Пашамбарлардан бошлаб бутун дунёда яшайдирганлар шу қонунга бўйсунишга мажбурдирлар. Бунга мисол Уҳуд урушида шу қонун яхши сақланмаган эди. Бир зумда аҳвол ўзгариб, иш мўминлар зиёнига айланди. Бунга тушунмаган бир неча кишилар: «Муҳаммадни Худо юборган бўлса эди, биз шундай кунга қолармидик, ўзининг тиши синиб, боши ёрилди, йўлдошларидан қанча кишилар душманлари қўлида ўлдирилди», деб хато фикрга кетдилар. Ҳақиқатда эса бу ишга ўзлари сабабчи бўлмиш эдилар. Худо Қуръонда кўрсатган уруш қонунларини бузиб, Расулуллоҳ буйруқларини бажармагач, зафар булардан юз ўгирмиш эди. Бу қонун дунё борича давом этажакдир.
Энди, биз мусулмонлар, айниқса, икки Туркистон туркий халқлари: барча ўзбек, уйгурлар ҳаёт оламида қурилган Аллоҳ одатига яхши тушуниб, динимиз, Қуръонимиз буйругини амалга оширолмадик. Шунинг учун ҳозирги ҳаётимизда душманлар қўлида эрк ихтиёримиздан бутунлай ажралиб, бурнимиз ерга ишқаланган ҳолда ҳайвондек ишлаб, қуллардек қийналиб, кун кечирмоқдамиз. Яна шундай бўлса ҳам, келажакда кўзда тутилган умидлар асоси кўриниб, уйгониш туйгуси ўқимишлик ёшларимиз орасида сезила бошланмишдир. Фикр уйгониши ортидан иш ўзга-риш натижа бериши бурундан бери сиёсат оламида бўлиб келган ишдир. Тарих саҳифаларида бундай ҳолларни кўп учратамиз.
Кофирлик ёмонми, билмаслик тушунмаслик ёмонми? Бу саволга дунёнинг энг улуглари пашамбарлардан бошлаб, барча билимлик донишмандлар: «Билмаслик ва тушунмаслик куфрдан ҳам
41
ёмонроқ», деб жавоб бермишдурлар. Чунки, ўз замонига тушунмаган мусулмонлар шариат олдида ислом асосларини билмаган бўладилар.
Ўз миллий ҳукуматидан ажраган инсонлар, ўз ва-танида турган бўлсалар ҳам, биз Туркистон халқи каби бутун ҳуқуқларидан ажраб, хор зорлиққа қолишлари шубҳасиздир. Биз эса ўз меросимиз она ватанимизга эга бўлолмай мол-бошларимиздан, динимиздан борлиқ нарсаларимиздан бутунлай ажрамоқдамиз.
XX аср маданияти орқалик дунё бўйича илм тарқалиб, бунинг натижасида Оврупо аждарҳоларининг мустамлакаларида қулчиликда яшаётган инсонлар озодликка чиқиб, ўз миллий ҳукуматларига эга бўлдилар ва бўлмоқдалар. Шу билан баробар иккинчи томондан ўзларини «меҳнатчилар гамхўри» деб пардалаган коммунист қизил аждарҳолар тушунилмас, бузуқ тузулмалари остида бутун халқни қутулмас қулчиликка солиб, ҳайвонларча ишлатмоқдадирлар. Айниқса, биз икки Туркистон ўзбек уйгур мусулмонлари икки аждарҳо огзига тақашиб, ютилиш олдида турибмиз. Энди иш шундайин фожиалик ҳолга етганда бундан қутулиш учун қандайча чоралар кўришимиз мумкин ва қандайча чоралар кўришимиз керак! Чунки, ҳаёт оламидаги бутун ишлар сабабга боглиқ эканлигини, қачон бир ишнинг сабаби топилар экан, уни юзага чиқариш, Қуръон ҳукмича, Аллоҳнинг бузилмас одати эканлигини аниқ билдик. Бундай бўлшч, бу фурсатни ҳам ганимат билиб, ютилиб кетмасдан болдирроқ (олдинроқ, илгарироқ), ундан қутулиш чорала-рига киришимиз лозимдир.
Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан, ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир кўмирлари кўп бўлгандек, олтин олмослари ҳам оз эмасдир. Энди эса келажак кунларда биз учун яхши шароит лар тугилиб, қобуси келар экан, тог боскандек устимизда босиб ётган босқинчилар қўлидан ватанимиз Туркистонни, албатта, қутқара оламиз. Чунки, бизлар ҳозирги ҳолда тог тагига тушган чумолидек ожизликда ётган бўлсак ҳам, бунга қарши кўз олдимизда тогларни қўморгидек (ағдаргудек, кўчириб, юлиб ташлагудек), даҳшатлик куч қувватлар фурсат кутиб турибдилар. Агар шундоқ кунлар тўгри келар экан, сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади.
Энди мақсадга етмоқ учун давлатимиз қўлимиздан кетган бўлса ҳам, миллатимизни ютилишдан сақлаб қолиш керак. Бунинг бирдан бир чораси эса, диний ва ҳам миллий ҳисларимиздан ажрамаслик эди. Бироқ бу ҳийлагар босқинчилар ўзларининг зулм-истибдод ҳокимиятлари остида диний миллий ҳисларимизни йўқо тиш учун, тиш-тирноқлари билан қаттиқ киришганликлари натижасида, Туркистон халқининг диний ҳислари кўнгилларидан кўтарилиб қолди. Нечук кўтарилмагайким, дин илми, дин тарбияти биринчи навбатдаёқ мактаб мадрасалардан чиқарилиб ташлаб, ўқув ўқитув ишлари бутунлай динсизлик асосига қурилмиш эди. Шундан бери 50 йил ўтди. Совет ҳукумати коммунистик истибдод остида диний миллий ҳисларини бутунлай халқ кўнглидан чиқариш учун, моддий ва маънавий кучлари билан динга қарши бутун чораларини кўрмоқда. Бунинг таъсири орқалик ҳозирги ёшларимизнинг дин ҳақидаги тушунчалари ўзгариб, диний ҳислари йўқолиши бошланди. Унинг устига байналмилал пардаси остида ёшириниб олиб, миллатчилик йўқ деса ҳам, бошқаларни ютиш қонунини амалга ошириш билан бизни ютмоқчи бўладилар. Энди бу ёлмогизларга ютилишдан ўзимизни қутилтириш учун, диний, миллий ҳисларимизни сақлаб, замонавий фан илмларини эгаллашдан бошқа чора топилиши мумкин эмасдир.
Хулоса шулдирки, миллий ҳокимиятимиздан ҳозирча ажраб турган бўлсак ҳам, миллий ҳиссиётимиздан ажрамай, уни сақлай олсак, келажакда душманларга ютилишдан ўзимизни қутқара оламиз. Энди бу мақсадга етиш учун қўйилган масалаларнинг энг биринчи шарти тил масаласидир. Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чогда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақлангусидир. Агар бундай бўлмай балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чогда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб, ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуг хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади. Бундай бўлди демак, улуг Туркистон улуси Турон насли босқинчилар тилагича, қурбон бўлган ҳолда инқирозга учраб, Аллоҳ сақласин, тарих саҳифаларидаги шон-шарафлик ном нишонлари ўчирилади демакдир.
«Хонлигингдан ажрасанг даги, улусингдан ажрама», деган эскидан қолган мақол энг ҳикматли сўздир. Чунки, бизнинг ишимиз ва биз ўхшаш бошқаларнинг ҳам ишлари шу ҳозирда талашиб-тортишиб
42
ётган дунё сиёсатига боглиқдир. Шунга давр тил адабиётимиздан адашмай, миллий ҳиссиётимиздан ажрамаган ҳолда, замонавий илмларни эгаллашимиз келажакда кўз тутилган улуг мақсадларимизнинг биринчи шартидур.
Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Шундай қилиб, тоғдан тоққа, довондан довонга оша икки кун юрганимизча, бизни кутиб олишга мўлжал қилишган тоғга етиб келдик. Қарасак, биз ваъдалашган кишилардан бу ерда ҳеч кимни кўролмадик. Бу ишдан ўйланиб гумонга тушгач, соғлик билан олға томон юриб, кун туш вақтида Қудурғу тоғига етиб келдик. Бизни кутиб турмоқчи бўлган Қўйчи ботирнинг ёширинган жойи тўп қарағай, қаршимиздаги тоғ бетида кўриниб турмоқда эди. Кўз тутган еримиздан ҳеч ким кўринмай, жим-жит бўлганлиги учун ҳайрон қолиб турганимизда, бирданига уч отлиқ киши тоғ чўққисидан чиқдилар. Бизнинг кишиларимиз бўлсалар керак деб, Ҳизрни кўргандек баримиз қувнашган ҳолда чувқон (бақириш) солишиб, ёғлиқларимизни (қўл рўмоли) айлантириб уларни чорлагани турдик. Бизга қарши улар ҳам дўстлик белгиси билдириб, жавоб қайтарган бўлдилар. Биз пастда, улар тоғ устида икки ўрта узоқроқ бўлиб, товуш етар лик эмас эди. Орадан бирор соат ўтар ўтмас тоғдан тушиб, тўп қарағай ичига кирганларича, икки уч соат кутдик, у ердан чиқмадилар. Бу ишдан гумон олиб, бизга қўрқинчлик тушгач, буни пайқаб келиш учун икки кишини юбордик. Булар ёширинча бориб қарасалар, бизни тутишга Қоракўл шаҳридан юборилган ўттизча аскар бўлиб ётмиш эканлар. Буни кўриб шошилинч билан қайтиб келаётганларида йўлда улар томонидан ўлдирилган Қўйчи ботирнинг икки йигитини кўрмиш эдилар.
Шу билан ишнинг қандай эканлиги бизга маълум бўлғач, дарҳол қуролли кишиларимизни тоғ бетидаги ёширин ўринларга жойлаб, шу куни бир-бирларимизни пойлашиб ётдик. Кеч яқинлашган сайин, ҳаво бузилиб, қор ёғиб, тун қоронғулиги бости. Биз келаётган ёлғизоёқ йўлимизни душман тўсиб турғонликдан, отишиб-чопишиб бўлса ҳам, шулар олдидан ўтишимиз ёки орқамизга қайтишимиз керак, бундан бошқа чорамиз йўқ эди. Кўпчилик йўлдошларимиз қўшқулон, хотин болалик бўлганликлари учун, душман олдидан кесиб ўтишга журъат қилолмадилар. Бунинг устига қор қаттиқ ёғиб, олди-орқа йўлимиз бутунлай йўқолди. Улуғ тоғлар оралаб йўлбошчисиз ёлғизоёқ йўл билан қўрқинч остида келаётиб, ҳар томондан душман билан ўралган ҳолда, бу каби оғир кунга қолишимиз бизни энг қаттиқ даҳшатга туширмиш эди. Ахири, ўзаро кенгашгандан сўнгра, олдимиздаги душман қўлига тушмаслик чорасини ўйлаб, орқамизга қайтдик. Кўз кўрмас қоронғу кечаси, минг турлик машаққат билан тоғдан тоғга ошиб ўлтириб, тонгга яқин бир сой ичига келиб тушдик. Шу кеча ҳар қанча машаққат тортган бўлсак ҳам, ҳозирча раҳмсиз душман қўлидан қутилган ҳисоб бўлдик.
Агар бу ваҳшийлар қўлига тушар эканмиз, хотин болалар билан бир қаторда бирортамизни қолдиpмай, отиб чопиб йўқотиб юбориш, буларнинг одатлари эди. Худо сақлаб, шу туни қалин қор ёққанликдан эрталаб изимизни топишолмай, бошқа йўл билан ўтиб кетган деб гумон қилиб, кетларига қайтган эканлар. Шу баҳона бўлиб уларнинг ноҳақ зулмларидан бизларни худо қутқармиш эди. Иккинчи куни эса, у сойдан кўчиб, Челак довони туюғидаги қалин қарағай ичига кириб, омон олмоқчи бўлиб кетаётганимизда, Иссиқкўл бўйидаги қирғизларнинг оқсоқолларидан бир неча кишилар оқ байроқ кўтаришиб олдимизда кўриндилар. Қарасак, булар бизни йўлдан қайтариш учун бйр қанча алдов ёлғон ваъдалар билан ҳукумат томонидан юборилмиш кишилар экан. Қочоқлар ичидаги чоғайларга (камбағалларга) тарқатиш учун бир мунча тайинланган нарсалар ҳам бор. Буларнинг сирти тотлиқ, ичи заҳар сўзларига беш олти одамдан бошқа кўпчилиги алданиб, қайтишга мойил бўлдилар.
Шу билан келган йўлимизни қолдириб, Суттибулоқ ошуви орқалик иккинчи йўл билан, отларимиз ориқлаган, ўзимиз хориб чарчаган ҳолда, Иссиқкўл усти Бойсоврун яйловига қайтиб келдик. Бу ерда саяқ уруғи қирғизлардан ота қадрдонларимиз кўп эди. Ҳар қайсилари бизни чақириб, зиёфат қилгани туришди. Танимиз соғ бўлса ҳам, кўнглимиз тинчсиз бўлғанликдан, емак ичмагимиз ўзимизга татимас эди. Шу ерда уч тўрт кун турганимиз сўнггида, қирғиз йўлдошларимиз ҳар қайсилари ўз эл-юртларига тарқалиб кетдилар. Булар ичида кўзга кўринган беш олти киши бошимизга тоғ ағдарилгандек, нима қилишимизни билмай ҳайронликда қолдик.
Ахири, маслаҳат билан Тўқмоққа қайтмоқчи бўлганимизда ўзим йўлдошларимдан ажраб, фалон жойда топишайлик деб, уларни кечалаб йўлга солдим. Бу ер билан Тўқмоқнинг оралиғи икки юз чақиримча бор эди. Сўнгра қадрдон қирғизлардан бир йўлбошчи олиб, кўл бўйлаб ёлғизоёқ, ёширин йўл билан уч кун юрганимизда Иссиқкўлдан 30 чақиримча йироқликдаги Майдонтол деган қалин тўқай ичидаги Ирисбек қирғизнинг уйига келиб тушдик. Бу киши эрса, худо раҳмат қилсин, бизнинг энг ишонимлик дўстларимиздан бўлиб, бунинг қўлида 200 дан ортиқроқ тул қўйимиз бор эди. Мусулмончиликка ихлослик, хиёнати йўқ, бизга муҳаббатлик яхши киши эди. Биздан илгари кўришган
43
йўлдошларимиздан бўлган воқеани эшитгач, келишимиз учун тайёргарлик кўриб, ҳеч кимга туйдирмай, қалин тўқай ичида ёлғиз уй тикиб, бизни кутиб ётмоқда экан. Бу ерда уч тўрт кун ётиб ҳордиқ олғанимиз сўнггида, киши йўқ тоғ йўллари орқали юрганимизча, орада бир қўниб, эртаси тонгга яқин Тўқмоққа келдик.
1930 йили сентябр ойининг ўн бешларида шу хатарлик сафарга чиқиб, 20 кундан ошиқроқ тоғу тош, қору музлар орасида меҳнат машаққатларга қолиб, ахири қазодан қочиб қутулиш имконияти йўқлигидан, тақдирга бўйинсунишдан бошқа чора тополмадик. Бу раҳмсиз золимлар зулмидан қочиб, суюмлик она Ватанимизни ташлаб ва ҳам бутун ҳаётимиз ҳосили ўз оиламиздан ажраб, ҳасратлик кўзларимиздан қон ёшларимизни оқизган ҳолда кетган бўлсак ҳам, олдимиздаги эркин озодлик оламига чиқиш умиди билан улуғ тоғлар устида анчагина кўнглимиз очилиб, руҳимиз кўтарилмиш эди.