ВАТАН АҲЛЛАРИГА ДЕГАНЛАРИМ
Тарихнинг айтишича, шу Ватанимиз Ўзбекистон ўлкасини шарқдан, шимолдан чиққан бало селлари қоплаб, неча мартаба ҳароб қилинганлиги маълумдир. Шунинг учун бизнинг илгари порлоқ маданиятимиз вайронликка учраб, наслларимиз ҳам табиий ўсишдан тўхталганлиги кўз олдимизда туради. Чунки бизга чегарадош Хитой халқи сўнгги ҳисоб бўйича етти юз миллионга етган ҳолда биз Туркистон халқи буларга замондош бўлсак ҳам, нега буларнинг юздан бирича бўлиб, шу кунга довур ўн миллионга ета олмадик? Бунинг сабабларини ҳар ёқлама текшириб кўрилганда турлича бўлиб чиқиши кўнгилга келади.
Лекин ўтган улуг файласуфларнинг айтишларича ҳамда тарихий тажрибаларнинг кўрсатишича, қайси бир миллат ўз миллий давлатидан ажраб, унинг ҳукумати йўқолар экан, ҳукумат эгаси бўлган келгиндилар ҳисобига йил сайин насллари озайиб бориб, энг сўнггида бутунлай ютилиб кетиши тажрибада кўрилмишдур. Ўз ҳокимиятидан ажради демак инқирозга юз тутди демакдир. Шу сабаблик дунёдаги онглик, маданий миллатлар ўз ҳокимиятларини сақлаш учун неча миллионлаб қурбон беришга тайёрдирлар. Ҳолбуки, ҳар бир миллатга Иймон исломини сақлаш Куръон ҳукмича қандай фарз бўлса, шу ўхшаш ўзлигини ва ўз миллатини сақлаш ундан ҳам фарзроқдир. Чунки пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қайси бир киши ўз отасини ташлаб, бошқа бировнинг боласиман деса ёки бир миллат тили, дини, расм одати бошқача иккинчи бир миллатга ютилса, мана шундай ишга норозилик билдириб, уларга лаънат ўқидилар. Миллий ҳиссини йўқотиб, ўз миллатидан ажраш Қуръон ҳукми бўйича ҳаромдир.
Ер усти учмоҳи (жаннати) бўлгудек, жаннат каби ноз неъматлик, яйловлари кўп, оқар сувлари мўл, бог бўстонлик гўзал Ватанимиз Ўзбекистон ўлкаси атрофимиздаги очкўз ганимлар томонидан ҳар вақт ҳужум остида бўлиб турганлиги машҳур тарих китобларида ёзилмишдир. Хозирги кунимиздан 780
21


йилларча аввал дунёга даҳшат солган ўрта аср йиртқичлари, қуюндек қоплаган Чингиз аскарининг биринчи зарбаси биз Туркистон улусининг устига тушган эди. Ер юзи инсонлари учун яхшилик кутилган йигирманчи асрда чиққан большевикларнинг биринчи навбатдаги огир зарбаларига яна биз Туркистон мусулмонлари учрадик. Чунки, юқорида айтилганича, бу маданият даврининг тотлиқ емишларидан фойдаланиб, дунё инсонлари ўз ҳуқуқларига бутунлай эга бўлдилар. Ва ҳам бу орқалик илм, маданият, ҳунар-саноат ер юзига тарқалиб, Африка чўлларигача кира бошлади. Бизлардан бошқа ҳар ердаги озу кўп миллатлар эса Ватан босқинчила-ридан қутулиб, ўз эрклик миллий ҳукуматларини қуриб олдилар.
Биз бўлсак, ҳақиқатда болъшевиклар ҳукумати қурилган кундан бошлаб ёлгиз миллий, диний, ватаний ҳақларимиз эмас, балки инсоний ҳуқуқларимиздан ҳам бутунлай ажраган сўнггида эрксиз ҳайвонлар қаторида ишламоққа мажбур бўлдик. Бир миллатнинг ўз^ ҳуқуқлари бутунлай ўз қўлига топширилмагач, Ўзбекистон оти қогоз устида ёзилиши билан ёки бошқаларнинг юкини кўтарган, аравасини тортган эшак отлардек бирмунча ўзбек номидаги виждонсиз, қуруқ ҳайкалларни ўз мақсадларини қўлга келтириш учун ўриндиқ устига ўлтиргизиб қўйиш билан у миллат қандай озодликка чиқдик дея олади? Балки, бундай миллатлар шу каби хиёнат пардалари остида бутун ҳиссиётларидан ажраган ҳолда ем бўлиб ютилиб, охири инқироз чуқурига юзтубан йиқилиб ҳалок бўлишлари шубҳасиздир.
Ўтмишдаги Ўзбекистон ўлкасида минг йиллар давом этган мустақил давлатимиздан 1865 йили чор Русиясининг босқинчилиги натижасида ажраган бўлсак ҳам, бошқа ишларимиз ўз қўлимизда эди. Бунинг устига Бухоро, Хива ҳукуматлари 1920 йил ўрталаригача сақланиб қолмиш эдилар. Бутун шароит қўлларида бўлатуриб, онгсизлик офати, сиёсат кўрлигидан юзларча йиллаб кутилмоқда бўлган бу каби қулай фурсатни бекорга қўлдан чиқардилар. Йўқ эса бу икки ўлка бирлашиб, унинг устига халқ бойлиги ва ер бойлиги қўшилар экан, Ватанимиз Туркистонда миллий ва маданий кучлик бир давлат қуриш қобуси келмиш эди. Бироқ бахтимизга қарши бизда мудофаа қуввати йўқлигидан ўз еримизда гариб бўлиб, ўз меросимизга эга бўлолмадик.
Энди бу ўриндаги мудофаа қуввати нимадан иборат эканлигини ўқувчиларга билдириб ўтишимиз лозим бўлади. Босқинчиларга қарши қўйилган мудофаа қуввати эрса шу ҳозирги замонавий илмфан, қурол жабдуққа эга бўлишдан бошқа нарса эмасдир. Ялиниб ёлвориб булардан шафқат марҳамат тиламак шайтондан инсоф-тавфиқ умид этмак кабидир. Шунга кўра, Ватан болалари олдимиздаги келажак кунларни эскариб, замонавий илм ўқишга чин кўнгиллари билан киришиб, ҳалол мерос ўз Ватанларини эгаллаш учун мудофаа қуввати тайёрлашга тиш тирноқлари билан ёпишсинлар.
Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Кошғар сафаридан келганим сўнггида марҳум отамиз Шокирхонтўра ҳожи насиҳатларича ёзда деҳқончилик қилиб, қишда тунгонлар аро диний хизматда умр ўтказдим. «Ҳар оқил одам ўз замонасига яхши тушуниши ва шунга қараб иш қилиши керак», деган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳи васалламнинг ҳикматлик сўзларидан илҳомлангач, замонамизда янгидан чиқа бошлаган коммунизм асосларини чуқур текшириб, ҳаммадан илгарироқ унга яхши тушундим. Бу маслак бутун дунё бўйича борлиқ динларга, айниқса ислом динига ўт билан сув, тун билан кун каби қарама қарши эканлигини аниқ билдим. Шундай бўлса ҳам чин сўзлаб, тўғри тушунишга ўрганганим учун бошланғич даврининг алдов сиёсатларини чин чоғлаб (билиб, ўйлаб, тушуниб), унга ишонмиш эдим. Шундоқки, тахминан 1921 йили Ульянов Ленин тилидан тубандагилар ёзилмиш эди: «Агар Ўрта Осиё мусулмонлари ўз турмушимиз учун Қуръон ҳукми етарлидур, Қуръон раҳбарлиги остида яшовни истаймиз десалар биз буни, албатта, қабул қилишимиз керак».
Мусулмонларга ёқимлик бундай яхши сўз Ленин тилидан айтилиб, газетада босилганлигидан таъсирланиб, булар ҳақида ўйлаган фикрларим бир оз ўзгара бошлади. Шунинг учун бошқага қарамай, Тўқмоқ жомеъ масжидида ҳар жума энг ози билан минглаб халқ ичида ваъз мажлиси очиб динсизликка қарши кураш бошладим. Юқориги Ленин сўзидан фойдаланмоқчи бўлиб бошлаган бу ишимни 3 4 йил узлуксиз давом этмиш эдим. Бу ишдан кўзлаган мақсадим эса, Иброҳим халилуллоҳни куйдириш учун ёндирилган Намруднинг' улуғ оловини ўчирмоқчи бўлиб, тумшуғида сув ташиган қалдирғоч каби, илоҳий қонун деб ўзим ишонган Ислом динига кўнглимдаги садоқатимни билдириш эди. Шунга кўра кўнгилдан чиққан сўз юракка етар дегандай, маним бу диний ваъзларим халқ кўнглига тўлиқ таъсир қилаётганлигини кўргач, темир қўллиқ сиёсий идоралар мени ўзларининг ўнгланмас душмани ҳисобладилар. Ана шу кундан бошлабоқ айтган сўзларим кундан кунга текшириш остиға олинди. Охири 22 йили ГПУ (Главное политическое управление - Бош сиёсий бошқарма, чекистлар идорасининг ўша вақтдаги номи) жаллодлари томонидан қўлга олиниб, ҳозирги Қирғизистон маркази Пишпек шаҳрининг ер ости қамоқхонасида ётдим. Бу каби даҳшатлик ишни биринчи кўриб, бундайин ваҳшийлик ўринга
22


дастлаб кирганлигимдан, 6у жойда кўп ётмаган бўлсам ҳам, бу зулм зарбасидан кўнглимнинг ички ташқи ҳиссиёти яхшигина яраланмиш эди. Юқориги Ленин томонидан айтилиб, газетада ёзилган сўзлар бари ёлғон бўлиб, алдов тузоғи эканлиги кейин билинди.
Илгари ўтган пайғамбарлардан Юсуф алайҳиссалом Фиръавн вазирининг хотини Зулайҳо бошлиқ қилинган фитналар остида бир ривоятда 7 йил, иккинчи ривоятда 12 йил зиндонда қолмиш эдилар. Сўнгра Миср подшоҳи Фиръавн кўрган тушининг таъбирини ҳеч ким чиқаролмай турганида уни Юсуф алайҳиссалом йўйиб: 7 йил тўқчилик, 7 йил очарчилик бўлишидан хабар бериб, агар вазирлик хизмати ўзига топширилар экан, бунга яхши чоралар кўриб, халқни бу балодан сақлай олишини билдирмишдир. Шу
баҳона зиндондан қутулиб чиқар чоғида эшиги устига уч оғиз сўз ёзиб қолдирмиш эди. «Бу жой тирикларнинг қабридур, душманларни суюндирур, дўстлар синалғусидур».
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу имконият борича мусулмонларни қамоқ қилмасга буюрмиш эди. Шунинг учун Ислом шариатида бу жазонинг уч йилдан ортиқ бўлишига кўпинча йўл қўйилмайдир. Чунки бундан узайиб кетар экан, инсонлар ҳар то-монлама зарарланиши, айниқса оилавий турмушлари вайронликка учраб, ҳароб бўлиши шубҳасиздир. Агар бир киши мен бу дунёда турмайман деб қасам ичган бўлиб зиндонбанд бўлса, шариат бўйича унинг қасами бузилмайди. Бу эса, зиндон ичи шариат олдида дунё еридан эмаслигини кўрсатади. Ислом қонуни ҳукмида бутун дунё давлати ноҳақ тўкилган бир кишининг қонига арзимайди. Ҳозирги динсизлар ҳокимияти олдида эса киши ўлими эшак ўлимича ҳам қадри қолмаганлигини кўриб турамиз. Ўзларича сиёсий жиноят ҳисоблаган бир оғиз сўзни амалга ошириш бу ёкда турсин, оғзидан чиқар чиқмас жавобга тортилиб, жаллодлар қўлида йўқотилган кишилар ҳисобсиздирлар.
Шундай қилиб мени қамашдан буларнинг мақсадлари қўрқитиб бошқалар каби мажбурий хизмат топшириш эди, чунки у даврда халқ кўзига кўринарли обрўйлик кишилар ҳақида шундай сиёсат қўллаб икки ёқлама фойдаланмоқчи бўлишарди. Улар деганларини қилдириб, қилмаганлар учун белгиланган оғир жазоларни амалга оширар эдилар. Шундай бўлса ҳам меҳрибон Тангри ёрдами билан бир ой тўлмай туриб, турмадан бўшаниб чиқишим билан улар ўйлаганлари-дек ўз ишимни юмшатиб, орқага чекиниш ўрнига яна ҳам қаттиқроқ киришдим. Шунга кўра дунёни босаётган бало селига тўқнашиб, 30 йилларгача динсизликка қарши ҳар вақт ташвиқот юргизиб келдим. Тажрибасизлик натижаси бўлса керак, ўз кўнглимда «ҳеч бир мусулмон дунёлик шахсий фойдаси учун охиратини бузиб ўз динига хиёнат қилмайди», деб ўйлар эканман. Кейин маълум бўлдики, бундай одамлар миллат ичида қўл билан саналғудек топилишига ҳам ишонолмай қолдим.
Ҳозирги маданият оламида миллатнинг ўз хуқуқини сақлаш шарафи унинг қурол кучигагина богланмишдир. Шунинг учун тўлиқ мудофаа кучига эга бўлмаган миллатлар инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажраб, ҳайвонлар қаторида хўрлик билан яшамоққа мажбурдирлар. Айниқса динсизлик оламининг маркази ҳисобланган бир давлатга чегарадош бўлган миллат, ўз ҳуқуқига эга бўлиши учун ҳам моддий, ҳам маънавий куч қувватини, яъни замонавий қурол, замонавий илмни қўлга келтиришидан бошқа чораси йўқдир.
Энди бу ўринда шу кунги Оврупо маданияти устида тўхталиб, Ватан болаларига бу ҳақда энг муҳим тушунчалар бериб ўтамиз. Шуни билишлари керакки, маданият демак нимадан иборат бўлиб, қандай бўлиши керак. Мана бу сўзнинг ҳақиқати билан жавобига ким тушунар экан, асл тузук маданиятни зиёндош, бузуқ маданиятдан ажрата олади. Агар маданият деб кўринишда ободон, ҳақиқатда ҳароб, шу динсизлар, одоб-ахлоқсизлар маданиятини айтадиган бўлсак, улуг хато қилган бўламиз. Чунки дунёдаги борлиқ нарсалар инсон турмушига ёрдам етказиш учун яратилмишдир. Бузуқ маданиятда эса, аксинча, инсонлар ул нарсалар учун қурбон қилинади. Маданият тараққиётининг илгари-кейин чиқара-ётган бутун янгиликлари инсон ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилиши лозимдир. Хаёт оламида энг улуг, олий даражалик яратилган нарса шубҳасиз шу инсондир. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини энг юқори даражада сақлаш ҳақиқий маданиятнинг айрилмас бир тармогидир.
Маълумдирки, дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизганиб сақлайдиган беш нарсаси бордир. Биринчи жони, кейингилари дини, моли, оиласи, она Ватанидир. Мана бу беш нарсани сақлаш учун онглик инсонлар қандай жонбозлик қиладилар! Дунёнинг ҳар бир ерида тўкилган ва тўкилаётган инсон қонлари кўз олдимизда кўриниб туради. Бу фожианинг бирдан бир сабаби шу юқорида айтилган нарсадан бошқа эмасдир. Шундай бўлгач қараймиз: маданият қаерда, қайси миллатда бўлсин, шу юқорида айтилган инсоният ҳақларини сақлаш учун ҳукумат қўлида адолат қуроли бўлиб турар экан, ана шу чогдагина бутун халқ ҳақиқий маданиятга эришиб, тинчлик билан роҳатда турмуш кечира
23


оладилар. Бунинг натижасида инсоният хусусияти бўлган ҳар кимнинг эрк ихтиёри ўз қўлида сақланади. Ер юзининг қайси ўлкасида бўлишни ким тилар экан, ҳеч қандай тўсқинлик кўрмайди. Агар маданият шу юқорида айтилганича фойдалик бўлса, Шарқ файласуфи Форобийнинг айтишича, бундай маданиятни «Маданияти Исломия» ёки «Фозила» дейдилар. Мана шундагина бутун маданий тараққиётни ёлгиз инсон фойдаси учун ишлатиш мумкиндир.
Йўқ эса, ҳозирги устимиздаги маданият каби, буни қўлланувчилар хато кетганликларидан, ёлгиз жиноятчиларни эмас, балки бутун инсон оламини ҳалокат чуқурига тушуриши шубҳасиздир. Чунки шу кунлардаги динсизлар маданиятлари таъсири остида инсонларнинг ахлоқи бутунлай бузулганликдан, моддий, маънавий бўлсин ҳар ёқлама зиён кўраётганлари кўз олдимизда туради. Булар эса ўз маслакларини бошқаларга қабул қилдириш учун халқнинг тузалиш-бузулишлари, уларнинг ҳар қандай зиён заҳматга учрашлари билан ҳисоблашмайдилар. Балки, буткул қурол кучи ишлатиб, ҳар қандай мажбури-ят остида бўлса ҳам халқни ўз йўлларига киргиза олсалар, тилакларига етган бўладилар. Маданиятнинг илм, фазл, ҳунар, саноатларини инсонлар ҳожатини чиқариш, улар фойдаси учун ишлатиш эмас, балки ўзларининг кўрларча ушлаб ёпишган бузуқ йўлларига киргизиш қуроли қиладилар. Мана бундай маданиятга бузуқлар бошлиги бир фирқапалидлар эга бўлгач, булар қўлида бутун халқ эрк ихтиёридан ажраб энг тубанги ҳайвонлар қаторида яшамоққа мажбур бўладилар. Бу каби маданиятлар оқиллар, файласуфлар олдида «Золлата, фосиқа маданият», яъни «Кўрлар, адашганлар маданияти» деб аталади.
Бунинг очиқ кўринган нусхаси шу кунлари устимизда ҳукмрон бўлиб турган болъшевиклар келтирган шармандалар маданиятидир. Чунки 50 йилдан бери мустабидлар оёги остида эзилаётган 15 ёлгон жумҳурият халқлари, айниқса Ўзбекистон мусулмонлари миллий, диний, ватаний ҳуқуқларидан бутунлай ажрадилар. Ер яратилгандан бери ота-боболаридан қолган ҳалол мерослари гулгулистон, бог бўстонлик она Ватанларидан ҳайдаб чиқарилиб, кўз олдиларида келгинди босқинчиларга бўлиб берилмоқдадир. Мана буларнинг келтирган ифлос босқинчилар маданиятларидан биз Ўзбекистон мусулмонлари олган ҳосилотимиз ҳозирча шу даражага етди. Яна келажак кунлари устимиздан қандай режалар қурилиб, нима чоралар кўраётганларини замонга тушунган Ватан аҳллари яхши билсалар керак. Энди юқоридан бошлаб шу жойга келгунча ёзган сўзларимиз хозирча маданият тараққиётдан инсонлар учун қандай фойдаланиш кераклигини ажратиш учун ҳар қандай одамга тушунарлик бўлгандир, деб ўйлаймиз.
Даҳрийлар давлатининг бошланғич даври 1918 йилдан 1925 йил орасида бутун Ўзбекистон ўлкалари бўйича «босмачи»лар отида чиққан қўзғолончилар кўпаймиш эди. Буларнинг энг машҳурлари эса Хўқанддан Эргаш; Марғилондан Мадаминбек, Шерматбек; Аnдижон, Ўш, Ўзган томонлардан Холхўжа, Охунжон, Абдураззоқ; Намангандан Омон Полвон ва бошқалар эди. Буларнинг барилари қоронғи халқ ичидан чиққан қора ботирлардан бўлиб, «Ўрис кофирларни йўқотиб, Ислом очамиз», дейишдан бошқани билмас эдилар. Юқорида номлари ёзилмиш қўрбошилар қўл остиларида ёнар ўтдек ботир юракли жон фидо ўзбек йигитларидан оз деганда 10 мингдан ортиқ киши борлиги маълум эди. Афсуски, бу қаҳрамон болаларимизнинг онгларини очиб ишга солғудек, ҳар ишга ярамлик сиёсий раҳбар бўлғудек бирорта кишимизнинг йўқлигидан, ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олға қўйиб иш олиб боришолмаганликдан мамлакатимизнинг бахтсиз энг ботир ўғиллари ҳар ерларда душман қўллари билан отилиб чопилиб, бекорга йўқотилдилар.
Бу каби илгари кейин ўтган бутун дард ҳасрат, ғам қайғулик ишларимизнинг борлиқ сабаблари, ислом динига туб негизи билан тушунмасдан, замонавий илм ҳунарлардан қуруқ қолмишимиздир. Шунинг учун пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам «Нодонлик, тушунмаслик кўрликдан ёмонрокдир», дедилар. Қуръон ҳукмича, иймон исломни билиб олгандан кейин ҳар бир мусулмонга ўз замонаси илмини ўқиб тушуниши ва замонавий ҳунарларни ўрганиши биринчи заруратдир.