Бешинчи боб
Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди... Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил —
кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ҳафталардан
кейин улар отхонадаги бошқа отлар ичида кўзга ташланиб турадиган бўлиб қолишди.
Тўйғазилган, суторилган, ювиб-тараб қўйилган Оқсой отлари кучга тўлиб бораётган
мускуллари, тетик кўринишлари ва зийрак чимирилган қулоқлари билан кўзни қувонтириб,
десант охури бўйлаб бир қатор тизилишиб туришарди. Уларнинг ҳар бири яна ўзига хос
қилиқларини қилиб, олдинги алфозга қайтган эдилар. Унутиб қўйилган одатлари яна пайдо
бўлганди. Отлар ўзларининг янги хўжайинларига кўникиб қолишган эди. Таниш овоз ва қадам
товушларини эшитишлари билан ўтирилиб қараб, эркаланганча, секин, гўё пичирлашаётгандай
кишнаб қўйишар, юмшоқ лабларини қимтиб суйкаланишарди. Болалар ҳам отларнинг остига
шўнғиб, хўжайинлардек қичқиришга ўрганиб қолишди: «Қани, оёғингни торт! Тўхта дейман,
каллаварам, ҳозир! Қаранг-а, турткилаб эркалик ҳам қилади маккор! Овора бўласан, менинг
қўлимга қараган биргина сен эмассан».
Дастлабки кунларда отлар сувлоққа сув ичгани базўр боришарди, кейинчалик, айниқса,
дарёдан қайтишда ўйноқлайдиган бўлиб қолишди. Уларнинг ҳар бири ўзининг жанговар отини
— Султонмурот Чоп-дорни, Онатой Оқтўриқни, Эркинбек Оқпайпоқни, Эргаш Олтинтуёқни ва
Қуббатқул Ипакёлни миниб олишарди-да, уларнинг ҳаммасини биргаликда дарёга ҳайдашарди.
Қишда сувлоқ қулай бўлиши, унга тушар жой тийғаноқ бўлмаслиги керак. Бир нечта от сув
ичишга тушиши айниқса зарур. Шунинг учун олдиндан қирғоқларда отнинг туёғини тутиб
турадиган жой ҳозирлаш, хавотирли ерларга похол тўшаб қўйиш лозим. Қаттиқ совуқларда эса
музни тешишга тўғри келарди. Султонмурот бу ерда ҳам ким қайси кун сувлоқни ҳозирлаши
ҳақида қатъий навбатчилик ўрнатди.
Отлар болалар назорати остида муздай оқар сувдан шошилмай, турткилашмай ичишарди.
Сув бу ерда муз остидан чиқиб саёз тошлоқ бўйлаб оқар ва яна муз остига сизиб кетарди. Муз
остида ҳам қулқиллаб, жилдираб, овоз чиқариб оқарди.
Отлар гўё қулоқ тутгандек сув ичишдан тўхтар, йилт этган қуёш нурларида ўзларини тоблаб
олгач, яна сувни симиришарди. Сув ичиб бўлишгач, шошилмай йўлга чиқишар, отхонага
қайтишда ўйноқлашиб, пишқириб, кишнаб, думларини силкитиб дам олдинга, дам орқага
сапчишар, оёқларини кўтариб тик туришарди. Болалар атрофда от чопиб, гижинглатиб шовқин
солишарди.
Орадан кўп вақт ўтмай одамлар десант отларини завқланиб томоша қиладиган бўлиб
қолишди. Гўё улар ўша эски қирчанғи отлар эмас, қайтадан туғилгандай эди. Кексалар назарэътибордан қолдирмай бу хусусда шундай хулоса чиқаришарди: агар у меҳнаткаш, меҳрибон
одамнинг қўлида бўлса, дўнёда отдан вафодори бўлмайди. Сен унга зиғирча яхшилик қилсанг,
юз ҳисса қилиб қайтаради. Сўнгра кексалар қадимда аломат бедовлар бўлганлиги ҳақидаги
ривоятларни сўзлай кетишади.
Фақат раис Тиналиевдан мақтов олиш қийин. У талабчан, тикандек қаттиқ нигоҳи билан
отларни, ҳаммадан аввал десантчиларнинг ўзларини бир-бир кўздан кечириб чиқади. Ҳамма
нарсани ипидан игнасигача текширар, плуглар қалай, абзаллар тайёрми дер, ҳатто кимнинг
шимининг тиззаси йиртиқ бўлса — нега йиртиқ, онасининг қўли тегмаса, ўзи қўлига игна олиб
тикиб олиши шунчалик қийинми, дея ижикилаб сўрарди. Отнинг жабдуқлари-чи, қачон ахир

тайёр бўлади жабдуқлар, деб қистовга олиб қоларди. Оқсойга отхонани кўчириб кетолмайсан,
тунлари чўлга совуқ тушади. У вақт зиқлигини, Оқсойда ҳозир бугунги ишни эртага қўйиб
бўлмаслигини тинмай таъкидларди. Гоҳо бақириб сўкишга қадар бориб етар, аравакашлар
плугли отга, айниқса, Оқсойга кетадиган отларга сақланаётган бедани ўз вақтида етказиб
беролмаганлари учун Чекиш бригадирга қаттиқ дашном берарди.
Бўлаётган воқеалардан у қадар севинмаётган кишилар ҳам бор: булар — оналар. Ҳали
униси, ҳали буниси келиб, бу қандай кўргилик, умримиз бино бўлиб қулоқ эшитмаган десантни
ўйлаб топишибди, эрларимизнинг урушдалиги етмасмиди, энди ўғилларимиз ҳам аскар бўлиши
қолганмиди, на уйга ёрдами тегади уларнинг, на дийдорига тўйиб гаплашиб ўтириш бор. Куну
тун отхонадан бери келишмайди... Хуллас, гапирса гап кўп.
Султонмуротга ҳаммадан кўра оғир, ахир командир-да. Ҳаммаси учун у жавоб бериши
керак. Ҳаммасидан ҳам оналар олдида жавоб бериш оғирроқ. Онаси қўлини ювиб, қўлтиғига
урди, ҳорғин: «Фақат отанг урушдан тирик қайтса бўлгани, нима қилса ўзи қилади. Тўйиб
кетдим. Мен кўз юмгач, эсинг жойига тушади-ю, аммо унда кеч бўлади...» — дерди. Онасига
жуда қийинлигини Султонмурот билади, лекин қўлидан нимаям келарди, унинг ўрнида ҳар
қандай одам ҳам ҳеч нарса қилолмасди. Десантчиларнинг ҳар бирининг қўлида тўрттадан от ва
отдан ташқари қанчадан қанча юмушлари бор. Ем бер, суғор, тагини тозала, ем-хашак тайёрла,
яна ем бер, гўнгини тозалаб ташқарига олиб чиқ ва қайта шу ишларни такрорлайвериш...
Отларнинг яғринларини ювиш, яраларини даволашнинг ўзи шундай машаққатки... Участка
ветфельдшерининг ҳар хил суртиладиган қуюқ-суюқ дориларни қолдириб кетганини айтмаса,
умуман, ўзларининг даволашларига тўғри келади. Ҳар куни дориларни суртиб туриш керак,
бўлмаса даволаб бўлармиди. Боқишга-ку, амаллайсан-а, аммо яранинг устига бўйинча осиб
қўёлмайсан-ку. Шу-да. Бирорта соғ от йўқ, ҳаммасининг яғринларини яра-чақа босиб кетган,
оёқлари шикастланган эди. Уни даволаётганингни ҳайвон тушунмайди, қани тинч турса-чи!
Отларнинг танаси эт олиб, оёққа туриб олганларидан кейин совитиш керак бўларди. Ҳар бир
отни ҳар куни бир ярим соатча йўрттириш керак, акс ҳолда, бригадир Чекиш айтганидай,
«плугга қўшганда терлайди-ю, суроби тўғри бўлади-қолади».
Иттифоқо, кўнгилсиз ҳодиса юз берди...
Бир куни бешовлон ўз «жанговар» тулпорларини совитиб келишга отланишди. Султонмурот
Чопдорида, Онатой Оқтўриғида, Эркинбек Оқпайпоғида, Эргаш Олтинтуёғида, Қуббатқул
Ипакёлида эдилар. Аввалига одат бўйича отларни йўрттириб боришди. Отхона атрофидан,
кейин кўчадан юриб қишлоқ четига чиқишди ва қор қопланган дала бўйлаб йўртиб кетишди.
Қуёш чарақлаб, қорлар жимирлар, жилвакор осмон баҳор нурларига йўғрилганди. Тоғлар
оппоқ, шундай сокин ва ёруғ эдикй, агар ўша оқ чўққида пашша учса эшитиладигандай ва
кўринадигандай туюларди. Қиш даврини суриб бўлган, қуёш аста-секин қиздира бошларди.
Отлар шитоб билан чопиб боришарди. Улар ҳам увушган оёкдарининг чигилини ёзишга ва
елдек учишга жуда зориққан эдилар. Болалар жиловни бўшатишиб тезроқ, тобора тезроқ от
сургилари келарди. Шундоқ чоптиришни истардиларки... Олдинда Султонмурот бормоқда эди.
Онатой орқадан уни шоширарди:
— Бўл тезроқ, бунча имилламасанг!
Бироқ Султонмурот командир сифатида тезликни оширишга унчалик рўйхуш бермади.
Совитиш — бу пойгада чопиш эмас сенга. Бу — отларни машқ қилдириш, кейин плутга қўшган
пайтда тортишга қийналмаслиги учун қилинадиган тадбир. Десант бўлган болалар шундай
боришарди. Даладан бурилиб энди ортга қайтмоқчи эдилар, тепалик ортидан қий-чув эшитилди.
Болалар мактабдан қайтмоқда эдилар. Десантчиларни кўришлари билан бақириб-чақириб,
қўлларини силкита бошлашди. Уларга жавобан десантчилар ҳам қичқиришар, қўл силкишарди.
Синфдошлари, еттинчидагилар ҳамда бошқа синф ўқувчилари дарсдан қайтмоқда эдилар. Тўда
сурон кўтариб келишарди. Тўда ичида Султонмурот Мирзагулни дарров таниди. Уни қандай

тополганини ўзиям билмайди-ю, бир парча шол рўмол остидаги йилт этиб кўринган юзи, нозик
жуссаси, рафтори ва овозидан бу Мирзагул эканлигини ҳис қилди. Қиз ҳам уни таниди шекилли
— бошқаларга қўшилишиб нималарнидир қичқириб, сумкасини ўйнатиб, тепаликдан тушиб
кела бошлади. Ҳатто «Султонмуро-от!» — деб чақиргандай ҳам бўлди. Қўлларини ёзиб унга
томон югуриб интилаётгани хотирини ярқ этиб, жонлантириб юборди ҳамда шу кунларда қизни
ўйлаб юрганини ва соғинганини шу лаҳзада сезди. Шунда қандайдир бир тўлқин уни ўз
оғушига олиб, аллақаёқларга гирдикапалак қилиб учириб кетаётгандай ҳис қилди...
Нимадир бўлди-ю, шу заҳоти улар беихтиёр тўдалашиб ўша томонга, синфдошлари тушиб
келаётган тепалик сари йўртиб кетишди. Бир зумда далани ортда қолдиришиб, нишабликдан
ғойиб бўлишди. Улар тепалик ёнбағри бўйлаб саф тортишиб, отларини гижинглатиб,
ҳайратланган болаларнинг ёнидан ўтиб, отхона томон ўтиб кетишлари ҳам мумкин эди-ку.
Султонмуротнинг режаси ҳам шундай эди. Шу пайт Онатой олдинга отилиб чикди. Унинг
Оқтўриғи учқур от эди.
— Қаёққа, тўхта! Чоптирма! — огоҳлантирди уни Султонмурот, аммо Онатой ҳатто
пинагини ҳам бузмади.
«У Мирзагул олдида ўзини кўрсатмоқчи!» — деган фикр ярқ этиб Султонмуротнинг
миясига урилди. Унинг жаҳли чиқиб, чидаёлмай, жўшиб кетди ва Чопдорнинг жиловини
бўшатиб, ҳой-ҳойлаб, отнинг ёлига ёпишиб олганча Онатойни қува кетди. Онатой бўлса яна
отга устма-уст қамчи босди. Улар пойга чопгандай, ким ўзарга, ким биринчи бўлиб қизга етиб
боришга, ким ўзининг абжирлиги ва устунлигини кўрсатишга ошиққандай қувишиб кетишди.
Эҳ, шундай ажойиб пойга чопдилар-а! Отаси бекорга Чопдорда ажойиб тулпор хислатлари бор
демаган экан, у ҳақиқий бедовлигини кўрсатмоқда эди. Онатойга қуюндай етиб олган
Султонмурот тантана қиларди! Уларнинг беллашувини кузатиб тўхтаб қолган синфдошлари
тўдасига аста назар соларкан, улар орасида қизга кўзи тушди, аслидаям уни кўрмоқчи эди-да.
Ахир шу қизни деб бу беллашувда қатнашмадими. Ғалаба қозонди ҳам! Онатойни қувиб ўтгач,
қизга яқинроқ бориш учун тепаликка йўналди. Чопдорнинг бошини, яхшиямки, сал тепаликка
бургани, омади бор экан, бўлмаса бу ҳангома нима билан тугашини ким биларди. Чунки сўнгги
дақиқаларда Онатой етиб, уни қувиб ўтаётганида рақибига бир нарса бўлгандай бўлди. Бирдан
ҳамма қичқириб юборди. Султонмурот жиловни тортиб, орқасига ўгирилса, Онатой йўқ. У
шиддат билан чопиб бораётган отини базўр тўхтатиб орқага қайрилди-ю, Онатойнинг Оқтўриғи
қорда из қолдирганча суриб тепаликдан юмалаганини, Онатойнинг ўзи эса бир четга отилиб
кетганини кўрди. Болалар гавдасини аранг қордан кўтариб тураётган Онатой томон югуриб
кетишди.
Султонмуротнинг кайфи учиб кетди. Етиб келиб Онатойнинг қонга беланган қўлларини
кўргач, яна ваҳима босди. Бир лаҳза кўзлари Мирзагулнинг нигоҳлари билан тўқнашди. Қўрқиб
оқариб кетган бўлишига қарамай у жуда гўзал эди... Онатой ўзини ўнглаб олиб, пастда, қор
уюмида типирчилаб ётган оти томон югурди. От тизгинга ўралиб қолган эди. Бу орада орқада
қолган десантчилар ҳам етиб келишди. Ҳаммалари отни оёққа туришга кўмаклашиб юборишди.
Шундагина Султонмуротнинг қулоғига товушлар чалиниб, ҳамма нарса жойида шекилли, дея
ўзига келди. Ботирларнинг Мирзагул бекач олдида ўзларини кўрсатишга уринишлари ана
шундай кўнгилсизлик билан тугади. Қизнинг кўзларига қарашга уларнинг юраклари дов
бермасди. Отхонага қайтар вақт бўлгани учун чурқ этмай, апил-тапил йўлга отландилар. Фақат
овулга етай деб қолганларида Эргаш Онатойнинг Оқтўриғи оқсаётганини сезиб қолди.
— Тўхта! — қичқирди у. — Нима, отингни оқсаётганини билмаяпсанми?
— Оқсаётганини? — ғўлдиради Онатой.
— Ҳа-да! Оқсаганда қандай!
— Қани, олдинга ўт-чи, — буюрди Султонмурот. — Кўрайликчи, олдинга ўт.
Ҳақиқатан, Оқтўриқ олдинги ўнг оёғини зўрға босарди. Пайпаслашиб қарашса, отнинг

тўпиғи шиша бошлаганини кўришди. Жуда ёмон иш бўлди-да. Энди нима қилишни
билишмасди. Отларни плугга роса тайёрлашиб-тайёрлашиб, охирида ҳаммаси чиппакка чиқди.
Қор билан қопланган тепаликда ким от чопади, ахир ҳар қадамда отлар сирпаниб пастга
юмалашлари мумкин эди-ку. Шундай бўлди ҳам. Хайриятки, ўзлари омон қолишди.
— Ҳаммасига сен айбдорсан! — деди жаҳл билан Онатой қизариб-бўзариб. — Қувишни
биринчи сен бошлаб бердинг.
— Орқангдан: «Тўхта, қаёққа?» — деб бақирмадимми?
— Бўлмаса нега қувлаб ўтмоқчи бўлдинг?
— Ўзинг отни нега чоптириб кетдинг? Бақиришиб, талашиб, сал бўлмаса муштлашиб кетай
дейишди. Лекин эсларини йиғиб олдилар. Бу от совитишдан сўнг отхонага оқсоқ отни жимгина,
ҳорғин етаклаб кириб келишди. Отларни, оқсоқланаётган Оқтўриқни ҳам шовқин-суронсиз
охурларига боғладилару, энди нима қилишларини билмай туриб қолдилар. Таҳлика остида ҳеч
биридан бир фикр чиқмай чурқ этмай туришарди. Бу қилмишлари учун жавоб бериш
кераклигини яхши билишарди. Болалар Онатойга юзланиб: секин, нима бўлганини
отбоқарларга айтиб кўр. Оқтўриқ оқсоқланиб қолди, нима қилайлик, деб сўрагин, дейишди. У
кўнмади:
— Нега энди мен борар эканман? Мен айбдор эмасман. Бизнинг командиримиз бор. Ўзи
бориб айтаверсин.
Яна баҳслашдилар, яна муштлашиб кетишларига сал қолди. Ҳаммадан ҳам Онатойнинг
ўзини айбдор ҳисобламаётганлиги Султонмуротга алам қилиб кетди.
— Хотин экансан! — деди тутақиб. — Сен фақат оғиздагина ботирсан! Сал нарсага четда
писиб турмоқчимисан! Қўрқади деб ўйлаяпсанми? Бўлар иш бўлдими — ўзим бориб айтаман
ҳаммасини.
— Боравер! Шунинг учун ҳам командирсан-да, — бўш келмади Онатой.
Султонмурот ўзини қўлга олиб, ҳаммасини қандай бўлса шундайлигича отбоқарга айтиб
беришга жазм қилди. Отбоқар ҳовлиқиб югуриб бориб қоқинган отни кўздан кечира бошлади.
Тўс-тўполон кўтарилди. Нақ шудгор қилиш олдидан отдан айрилиш ҳазилми ахир. Шу заҳоти
Чекиш бригадир келиб дағдаға қила кетди. Буни ким бўлса ҳам етказишга улгурибди-да.
Отбоқар бу вақтда Оқтўриқнинг оёғини кўздан кечириб, шикастланганми ёки суяги синганми,
аниқлаётган эди. Шу пайт орқадан от туёғининг дўпир-дўпири эшитилди. Бошларини ўгириб
қарашса, от устида Чекиш бригадир турибди. У индамай отдан тушди. Яқин келиб ҳайбат билан
тутақиб сўради:
— Нима бўлди?
— Пайи чўзилганми ёки суяги дарз кетганмикин, шуни билмай турибмиз, оқсоқол.
— Билишмасмиш! — бақирди Чекиш жаҳлдан бўзариб. — Ҳаммангни ҳозироқ трибуналга
ҳайдайман! Жой-жойингда отиб ташлайман!
Чекиш қамчисини ўйнатиб қўшчилар томон отилди. Болалар ҳар томонга тумтарақай қочиб
қолишди. Чекиш уларни қува кетди. Ҳеч кимни тутолмай, баттар бўғилиб, бўзариб қамчисини
силтаб дўқ қила бошлади:
— Плугга қўшиладиган отларни биз кимларга ишониб ўтирибмиз? Булар душман экан-ку!
Фашистлар! Битта қўймай отиш керак! Қанча меҳнат, қанча емни елга совурди булар! Энди
шудгор нима бўлади?
У отхонани бошга кўтариб қичқирар, сўкинаркан, Султонмуротга тўқнаш келиб қолди.
Болалар қочиб кетишганда ҳам Султонмурот жойидан жилмаганди. Қўрқувдан ранги қув ўчиб,
жавоб беришдан бош тортолмай бригадирга термилди.
— Ҳа, ҳали бу сенмисан! Қилар ишни қилиб қўйиб, яна менга қараб турибсанми! — Чекиш
чол ўзини тутолмай десантчилар командирининг елкасига қамчи тортиб юборди. Бироқ яна
қамчисини кўтарди-ю, негадир урмай пишқира кетди:

— Қоч, итвачча! Қоч, дейман! Йўқол кўзимдан! Йўқса, боплаб савалайман!
Султонмурот орқага чекиниб, беихтиёр қўллари билан юзини тўсиб, жавдираган кўзларини
бригадирдан узмай турарди. У чўғдай қамчи елкасини ўйиб ўтишини кутарди. Бунга чидаш,
бардош бериш, қочмаслик учун бор кучини тўплаб турар эди...
— Ҳа, майли! — деди кутилмаганда Чекиш йигитчанинг ўжарлигидан ҳайратланиб. —
Қолганини отанг урушдан қайтгач оласан. Бу қилмишларинг учун сени отангнинг олдида ҳам
савалайман!
Султонмуротдан садо чиқмади. Чекиш эса ҳеч жаҳлидан, ҳовридан тушмай қамчисини
ўйнатиб, депсинарди:
— Қоч десанг қаққайиб туради! Ахир ўзинг ўйла, ҳеч замонда сени тута олармидим!
Сизларни қувиб нима қилдим! Йўлига қочмайсанми, менга ҳам енгил бўларди! Урай десам
эгнинг юпун, эгнингни десам, ўзинг ҳам қоқсуяксан, қамчи билан солиб бўлмаса. Урадиган
ҳолинг бўлса ҳам майли эди! Бўлар иш бўлди. Кўнглингга олма. Отанг қайтгач, биргалашиб мен
чолнинг адабини берарсизлар. Қани энди кўрсат-чи, нима қилиб қўйдиларинг...
Ўша куни мана шундай ҳодиса рўй берган эди. Султонмурот қилмишига яраша оладиганини
олди. Бригадир ҳам қамчи билан саваламай нима қилсин. Қанча меҳнат, ҳаракат зое кетди.
Нимага ҳам ярарди чўлоқ от? Гўштгами? Бироқ заҳматкаш жониворни сўйишга кимнинг қўли
борарди? Чекиш ва бошқа биладиган одамларнинг айтишича, отнинг қаттиқ
шикастланмаганлигигина бирдан-бир тасалли эди... Онатойнинг Оқтўриғини бир чолнинг
ҳузурига олиб бордилар. У йилқиларни даволарди. Беда, пичан оборишиб, у ерда навбатчилик
қила бошлашди. Омадлари келиб, беш кунлардан кейин Оқтўриқ илгариги ҳолига қайта
бошлади ва уни отхонага олиб келдилар.
Умуман бу ҳафта оғир ўтди, уйда эса онасининг тоби қочиб қолди. Аввалига ўзини ёмон ҳис
қила бошлади-ю, кейин иссиғи кўтарилиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Султонмурот онаси,
укаларига қараб уйда қолишига тўғри келди. У ана шундагина уйлари бўм-бўш, ҳувиллаб
қолганини пайқади. Отаси армияга кетганидаги ўнтача қўйларидан бирортаям қолмади:
иккитасини ўзларига сўйишди, қолганларини ҳарбий заёмга сотишиб, бошқа солиқларга тўлаб
юборишди. Яхшиямки, ҳали елини тўлишиб қолган, яқин-орада туғиши керак бўлган
сигирлари, яна бир томонда Ажимуротнинг эшаги Қораёл бор. Бор-йўқ мол-ҳоллари мана шу.
Ўшаларни боқишга ҳам ҳеч вақо йўқ. Сарой томидаги ғарамда қуруқ маккажўхори пояси
сақланарди. Ҳисоблаб кўрди, агар қиш чўзилмаса сигирнинг туғишига базўр етаркан, аммо қиш
чўзилса, нималар бўлишини ким билади. Эшак ўзига ўзи емак топмоғи керак эди. У ҳовли
атрофидаги янтоқ ва бурганларни еб юрарди. Ўтин-чўпга келганда аҳвол жуда чатоқ, таппи
тутаёзган, шох-шабба яна бир неча кунга етарли қолган. Кейин нима бўлади? Итлари Оқтош
ҳам саёқ бўлиб кетибди. Султонмурот маъюсланиб қолди. Ўз-ўзидан хижолат тортарди. Куну
тун отхонада Оқсой десантини тайёрлаш билан машғул бўлиб, хўжаликлари қаровсиз
қолганини ҳам пайқамабди. Отаси борлигида ҳечам шундай бўлармиди? Отаси пичан йиғса
бутун қиш ва баҳорга етарди. Ўтинни ҳам ғамлаб ташларди. Нимасини айтасиз — отаси
борлигида ҳаётлари бутунлай бошқача, хотиржам, саранжом-саришта, ораста эди. Фақат
уйларидагина эмас, ҳамма ерда, балким бутун дунёда бошқача эди. Ҳозир ҳовлиларидан файз
кетган. Худди куз пайти яп-роқларсиз қолган дарахтлар каби ҳовлида нимадир етишмай
турарди. Ўтов ўз ўрнида, кўчалар, уйлар ўша-ўшаю, барибир отаси борлигидаги файз йўқ.
Ҳатто ҳовли орқасидаги кўчадан ўтиб турадиган арава ғилдиракларининг тақир-туқур овози
ҳам, илгаригидек, отаси шу йўлларда, худди шу араваларни ҳайдаган вақтидаги сингари
мароқли эмас эди.
Жамбулга борган одамларнинг айтишича, шаҳарда шундай қимматчилик, очарчилик ва тўстўполон эмишки, тезроқ уйга қайтгинг келармиш. Демак, шаҳар ҳам ўша отаси билан
борганларидай эмас, бутунлай ўзгарган.

Нега шундай экан-а? Демак, отаси йўклиги учун шундай бўлибди-да... У ҳозир қаерда, ҳоли
не кечди экан? Охирги хат бир ярим ойлар чамаси олдин келганди. Қаердадир йўлда бирон ерда
ушланиб қоляпти, деб тасалли берарди у онасига. Онаси уҳ тортарди. Фронтдан жўнатилган
хат, эҳтимол, ушланиб қолиши ҳам мумкин. Балким хат ёзишга ҳеч кимнинг вақти ҳам йўкдир
ҳозир? Ҳамма гап ана шунда, бироқ Чуй каналидан хат келмаслиги бошқаю, фронтдан хат
келмаслиги бошқа. Мана, онаси ҳам, ҳаммалари ҳам шу ҳақда ўйлайдилар.
Аввалги кун тонг маҳалида ит ҳуриб, кейин жимиб қолди. Эркаланиб ғингшидию, бир оздан
сўнг дераза тақиллади. Онаси сесканиб, касал бўлишига қарамай тўшакдан туриб кетди.
Султонмурот ҳам дераза томон отилди. Ташқарида кимдир турарди. Биринчи бўлиб уни онаси
таниди.
— Тоғанг Нурғози келди, — деди у ўғлига, — бор, кутиб ол. — Ўзи бўлса кўнгли айнаб,
тиши тишига тегмай кўрпага кирди.
Онасининг акаси, Нурғози тоғаси тоғда яшар ва умр бўйи қўшни совхозда чўпонлик
қиларди. Бир куни ёши ўтиб қолган бўлса-да, уни ҳам армияга чақиришди. Аммо Жамбулдан
уни ва яна бир неча чўпонни уйига қайтаришди. Отарларда ҳеч ким қолмаган эди. Подани
кимсасиз ташлаб кетиб бўлмайди-ку. Яхшиям Нурғози тоғалари бор экан, онда-сонда бўлсада,
улардан хабар олиб турарди. Мана бу сафар ҳам кечаси қўйларни қўрага қамаб, синглисини
касал деб эшитиб, тоғдан тушиб келибди. У оз фурсатга келиб, нима гаплигини билгач, тезроқ
уйга қайтмоқчи эди.
Шамолда қорайиб, лўлига ўхшаб қолган, тулкитери тумоқ, кигиз қўнжли этиклари
тиззасидан юқорисигача, баҳайбат, чайир тоғаси аёз билан бирга қўй ҳидини анқитиб кириб
келди. Шу заҳотиёқ уйда ғала-ғовур кўтарилди. Эгнидан пўстинини ечиб синглисини ёнига
чўккалади-да, унинг иссиқ қўлини ўзининг залворли кафтига олиб, индамай томир уришини
эшитди.
Узоқ вақт диққат билан унинг нозик тўпиғини ушлаб, ўзининг қаттиқ, йўғон бармоқлари
билан томирини текширди. Ниманидир сезиб, ниманидир аниқлади. Бир оз хаёлга чўмиб,
йўталиб қўйди, сўнгра соқолини сийпалаб, хушнуд жилмайганча Султонмуротга деди:
— Ҳечқиси йўқ. Яхшигина шамоллаб, роса совуқ ўтибди. Билгандай гўшт, думба ёғи олиб
келувдим. Қалампир ва пиёз солиб иссиқ, ёғли шўрва ичиб, обдан терла, — маслаҳат берди
синглисига у. — Сен-чи, Султонмурот, эгардаги хуржунни олиб кел, нима бўлса ҳаммасини
уйга олиб кир. Хуржунни эса бўшатиб бер... Узоқ ўтириб қололмайман, қўйлар эгасиз қолган.
Онаси тоғаси билан у ёқ-бу ёкдан гаплашиб олгунларича Султонмурот олов ёқиб, чой
қайнатишга улгурди. Унгача кичкинтойлар ҳам уйғониб қолишди. Дарров тўшакдан туриб қипяланғоч дийдирашганларича ҳаммалари тоғаларига ташланишди. У гўдакларни ёнида турган
пўстинига ўраб олар, улар эса тиззасига, елкаларига ирғишлашарди. Айниқса, тоғанинг
эркатойи Ажимурот бўлса расмана гўдак бўлди-қолди. Учинчи синфда ўқиётганига қарамай у
қўзичоқдай эркаланарди. Тоғасининг тулкитери тумоғини бошига кийиб, қамчинини қўлига
олиб ўзи эса худди отга мингандай тоғасининг елкасига чиқиб олди.
— Уялмайсанми! Туш! — Султонмурот уни бир-икки турткилади, аммо бунга Нурғози
тоғанинг ўзи индамасди.
— Тегма унга, тегма, майли, ўйнайверсин.
Ана шундай қувноқ, сершовқин тонг отди. Ажимурот аллақачон мактабга бориши керак
бўлса ҳам ҳамон имилларди. Онаси бақириб-чақирса ҳам у тоғасининг атрофида гирдикапалак
бўлиб ивирсирди. Шундан сўнг тоғаси жиянини қистай бошлади. Базўр уни кийинишга
кўндиришди. Охири шунга бориб етдики, Султонмурот укасининг қўлларидан тутиб ташқарига
судраб чиқариб юборди. У бўлса эшикка тиралиб олиб, ташқарига чиқариб юборилганидан
бўкириб йиғлай бошлади. Шу кўйи бақириб йиғлаганча мактабга равона бўлди. Болакайга
ҳамманинг раҳми келиб кетди.

Нурғози тоғанинг ҳатто жаҳли ҳам чиқди.
— Бу нима қилганинг? — деди у Султонмуротни койиб.
— Йўқ, тоғажон, мен унга тегмадим.
— Нимага йиғлаяпти бўлмаса?
— Султонмуротинг унга теккани йўқ, — болишдан бош кўтариб гапга аралашди онаси. —
Йўқ. Нурғози ака, у отасини соғинганидан шундай қиляпти. Шунинг учун ҳам болалар сизга
ёпишгани-ёпишган. Тўйиб кетдик. Кутавериб кўзимиз тўрт бўлди. Икки энликкина хат келса
кошкийди. Мана, икки ой бўлдики, дом-дарак йўқ...
Нурғози тоғалари синглисини тинчита бошлади. Йиғламаслигини, болалари учун ўзини
эҳтиёт қилишини тайинларкан, одамларни ўлди деб ҳисоблашиб, ярим йилдан кейин улардан
хат олишганлари ҳақидаги ҳар хил воқеаларни гапириб берди. Уруш-урушлигини қилади-да...
Бу гал, Султонмурот бемор онаси ёнида ўтириб, ҳаётлари отасиз нақадар оғир кечаётганини
чуқур ҳис этди. Ажимуротга ўхшаб кичикроқ бўлганидами, соғинчидан бор овози билан
ҳўнграб йиғлаб оларди. Шу кўйи, йиғлаб-сиқтаб, боши оққан томонга жўнаган бўларди. Унинг
салгина бўлса-да, умидвор бўлгиси келарди. Тез орада қайтмаса ҳам майли, фақат отаси тирик
бўлса бас, ана ўшанда эркин нафас олиб, кутиб, чидаса бўлади. Энди у ўз муаллимаси Инкамол
опанинг аҳволига тушунди.
Бир куни опа отхонага келди. Районга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича
кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, кўзлари
тўла ғам-андуҳ, қийшайиб қолган дарвоза олдида турарди. Лекин орадан бир кун ўтиб қайтиб
келганида эса уни таниб бўлмас, кекса муаллима ўзгариб қолгандай, аслига қайтгандай эди.
Ҳатто пешанасидаги ажинлари ҳам текис бўлиб кетганди. Очиқ чеҳра билан ўқувчиларининг
ишлари билан қизиқди. Султонмурот уни ҳовлини айлантириб, десант отларини кўрсатди.
— Мана, Инкамол опа, охур олдида турган бизнинг тўрттала отимиз!
— Яхши отлар, парвариш қилингани шундоққина кўриниб турибди, — мақтаб қўйди
Инкамол опа.
— Илгари уларни бир кўрганингиздами, — сўзлай кетди Султонмурот. — Қоқсуяк,
ҳаммаёғи яғир ва яғринлари яра-чақа, йиринг босган, оёқлари эса оқсоқ эди. Энди бўлса, ўзимиз
ҳам таниёлмай қолганмиз. Инкамол опа, мана бу менинг Чопдорим. Бир кўринг қанақалигини!
Отамнинг оти. Мана буниси эса Оқпайпоқ, ана унисини Элтомон деб атаймиз...
Сўнгра муаллимага устахонада отларга уриш учун тахлаб қўйилган эгар-жабдуқларни
кўрсатди. Кейин плугларни кўришди. Ҳамма нарса тахт, шу топнинг ўзидаёқ отларни қўшиб,
ҳайдайверса бўладиган...
Инкамол опа жуда хурсанд бўлди. Хайрлашаётганда эса уларни ўқишдан қолдирганларида
ташвишланиб, норози бўлганини, бироқ ҳозир буларни кўриб кўнгли жойига тушганини тан
олди. Ҳозир, муҳими, ғалабаю одамларнинг тезроқ урушдан қайтишлари, қолган нарсаларнинг
ҳиссасини чиқариб оламиз, албатта чиқарамиз, деди у.
Маълум бўлишича, Инкамол опа агар яхши хабар чиқса ҳеч нима, ҳеч қандай пул
олмайдиган, бировларнинг қувончини ўзиники деб биладиган машҳур фолбин ҳузурида бўлган
экан. Фолбин шунинг учун ҳам доимо ростини гапираркан. Ўша фолбин опага уч марта фол
очиб, ўғлини тирик, дебди. Асир ҳам, ярадор ҳам эмас. Фақат шундай топшириқдаки, хат ёзиш
ман этилган. Рухсат олгач, мана кўрарсиз, хат устига хат келаверади, дебди... Бу гапларнинг
қанчаси рост, қанчаси ёлғонлигини ҳеч ким билмайди-ю, аммо бу воқеани одамларни районга
олиб бориб келган аравакаш отхонада сўзлаб берди.
Инкамол опанинг фолбинга борганини эшитган Султонмурот ўшанда дафъатан ҳайрон
бўлди-ю, унинг қўрқув аралаш ҳасратлари боисини энди тушуниб етди ва бир оз енгил тортгач,
онасига ҳам ўша башорат қилувчи аёлга бориб отасидан бирор хабар топишни маслаҳат
беришга қарор қилди.

Ҳа, буларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлашнинг ўзи оғир ва қўрқинчли эди. Аммо булоқ кўзидан
қайнаб чиқиб турган тиниқ сув оқими каби қуйилиб келаётган ёрқин ва қувончли туйғулар ҳам
бор эди. Булар унинг ҳақида, Мирзагул ҳақидаги ўйлар эди. У аслида бу туйғуларни чорлашга
уринмас, аммо улар ер остидан ниш урган майсалар мисол ўзидан-ўзи пайдо бўларди. Уларнинг
қувончли, мусаффолиги мана шунда эди, шунинг учун ҳам улардан айрилиб қолишни истамас,
бу ҳақда ўй-лашдан чарчамасди. У ҳақда ўйлар экан, ниманидир бажариши, ҳаракат қилиши ва
бу йўлда ҳеч қандай фалокатлардан, ҳеч қандай қийинчиликлардан чўчиш нималигини
билмасди. Лекин ҳаммасидан ҳам буларнинг барчасини қизнинг билишини истар эди.
Ўз қалбидан кечаётган туйғуларнинг барини нима деб аташни ўзи ҳам яхши билмасди.
Аммо бу — ўзи одамлардан эшитган, китоблардан ўқиган севги эканлигини ғира-шира тушуниб
етганди. Фронтга кетаётган йигитлар унга хатларини бирор қизга ёки ёш келинчакка бериб
қўйишини сўраб бир неча бор илтимос қилишган. У бундай махфий топшириқларни ғурур
билан бажарган. Бу ҳакда ҳеч қачон, ҳеч кимга лақиллаб ҳам юрмаган. Бунақа нарсалар ҳақида
лақиллаб юриш йигит кишининг иши эмас-ку! Ҳатто узоқ бир қариндоши шундай хат ёзиб
беришини илтимос қилган пайт ҳам бўлган. Жамонқул ҳали ёш, саводсиз эди, тоғларда қўйлар
кетидан юриб, ёшлигида ўқимаганди. Шунда бирдан армияга чақирилиб қолди. Йигитнинг
суюкли қизи билан хайрлашгиси келган, қоғозда бўлса ҳам ўз туйғуларини унга айтмоқчи
бўлган. Овулда қиз бола тўйгача йигит билан учрашиши мумкин бўлмагач, нима қилсин. Шунда
чаласавод Жамонқулнинг қариндош боладан ёрдам сўрашига тўғри келди. Жамонқул айтиб
турди, Султонмурот эса унинг сўзларини қоғозга туширди. Ўшанда бу ўй ҳам, Жамонқулнинг
сўз танлаб ҳаяжонланиши ҳам, хатни ёзиб тугатгунларича томоғига бир нарса туриб қолгандай
бўлгани ҳам Султонмуротга кулгили бўлиб туюлган эди. Ўшанда Султонмурот аввалига
ўжарлик қилиб ялинтирган, бир йил ўтмай ўзи ҳам бечора Жамонқулни ҳаяжонга солиб қўйган
ўша ҳиссиёт ўзининг ҳам бошига тушишини хаёлига келтирмаган ҳолда бечора ошикдан
совғага дастаси архар шохидан қилинган пичоқ олган эди. Жамонқулнинг тоғу тошда ёлғиз
юриб тўқиган шеърини ҳозир Султонмурот эслади ва ичида ўзича такрорлади:
О
сой, Кўксой, Сари
сой — кезмаган ер
олмади,
Аммо сенинг ўхшашинг еч
айдан топилмади...
Ногаҳон миясига бир фикр келди: у ҳам қизга хат ёзса бўлмайдими! Уялиб, қўрқиб ўтирмай
ҳаммасини тўкиб солиш, ўз ҳис-туйғуларини унга етказиш йўли топилгач, унда ҳозироқ ҳаракат
қилиш истаги, бошқаларга ҳам унинг ўзига яхши бўлганидай, унинг сингари бошқалар ҳам
ўзларини бахтиёр ҳисоблашлари учун аллақандай хайрли ишларни бажариш истаги туғилди.
Онасининг тезроқ соғайиб кетиши, отасини ўйлаб ҳадеб хавотирланавермаслиги учун, тезроқ
яна фермада ишлаши, уйлари саришта ва иссиқ бўлиши учун, ўғли кимнидир севиб қолганини,
унинг кўз ўнгида атроф аллақандай гўзаллашиб бораётганлигини бир оз сезиши учун ҳаммадан
олдин онасига ёрдамлашиши керак...
У уйда бўлган уч-тўрт куни мобайнида шунчалик кўп иш қилдики, йил давомида бунчалик
иш қилиб бўлмасди. Уй ва хўжаликка доир жамики ишларни тартибга солиб, саранжомсаришталади. Онасидан ҳам тез-тез ҳол-аҳвол сўраб турди:
— Яхшимисан! Бирон нарса керакмасми? Онаси унга жавобан ғамгин кулиб қўярди:
— Энди ўлим ҳам қўрқинчли бўлмай қолди. Ташвиш қилма, бирон нарса керак бўлса ўзим
айтаман...
Хатни бўлса у тунда, ҳамма ухлагандан кейин ёзди. Ҳеч ким ва ҳеч нима унга халақит
бермаса-да, жуда ҳаяжонланди. Аввал нимадан бошлашни ўйлаб олди. Ундай ёзиб ҳам кўрди,
бундай ҳам, барибир бўлмади. Ҳар гал бошқачароқ ва бундан бошқачароқ бошлаши керакдай
бўлиб туюлаверарди. Фикрлари худди пала-партиш отилаётган тошдан ҳосил бўлган сув

бетидаги пуфакчаларга ўхшаб тарқаб кетарди. Қалбида ардоқлаб юрган туйғуларини изҳор
қилгиси келар, аммо буларни қоғозга туширишга келганда гап қовушмай қоларди. Энг олдин
унга, Мирзагулга, унинг қанчалар гўзаллигини, овулдагиларнинг ҳаммасидан гўзаллигини ва
нафақат овулда, балки бутун оламда тенги йўқ эканлигини айтгиси келарди. Ўзи учун бир
синфда у билан ўтириш, унинг гўзаллигини томоша қилиб термилиш ва дунёда шу
термилишдан ёқимлироқ ҳеч нарса йўқлигини айтгиси келарди. Бироқ ҳаёт тақозоси билан у ўз
десанти туфайли эндиликда мактабга боролмас, қачон уларнинг мактабга қайтиши номаълум
бўлиб қолганди. Энди у қизни аҳён-аҳён учратар, шунинг учунми, жуда-жуда изтироб чекар ва
қаттиқ соғинар эди. Шундай соғинардики, ҳатто баъзида йиғлагиси келарди. Буни у доим тан
олгиси келмасди, эркак киши доим эркакларча иш тутиши керак, бироқ кўз ёшлари ҳақиқатан
гоҳо томоғига келиб қоларди. Танаффус пайтлари бекорга ва дабдурустдан, сал-пал
шилқимсифатликни эп кўрмай қизнинг олдига боролмаётганлигини ва унинг бекорга ўзини
олиб қочиб юрганини хатда тушунтириши керак эди. Унинг туйғуларида ҳеч қандай ёмон ният
бўлмаган. Сурбет Онатой ўзининг энг кучли ва довюрак эканлигини, десантчилар ичида энг
зўри эканлигини кўрсатиб қўйишни кўзлаганидаги ўша ким ўзарга қувишишни ҳам унга
тушунтириб беришни жуда истарди. Аммо ўшанда, қиз ўзи кўргандай, Онатой ҳеч нарса
қилолмади. Афсуски, Оқтўриғи шикастланди. Аммо ҳаммасидан унинг айтгиси келган муҳим
нарса — қандай қилиб синфдошлари тўдасидан қизни таниб қолгани ва уни узоқ пайтдан бери
қаттиқ севишини дарров тушунгани, яна қўлларини ёзиб ва нималар деб қичқириб тепалиқдан
тушиб келаётганида унинг қандай гўзал кўрингани эди. Қиз унга томон худди мусиқа
оҳангидай, шаршарадай, ўт ёлқинидай югурган эди...
Дераза токчасидаги лампаларни икки марта тузатиб қўйишга тўғри келди. Пилиги тугаб
борарди. Яхшиям онаси бошқа хонада ётар ва унинг охирги керосинни ёқиб тугатаётганини
билмас эди. Хат ҳамон нима деб ёзишни билмагани учун эмас, балки аксинча, ҳаммасини тўкиб
солиш истаги борлиги учун ҳам қовушмасди.
Ўтовдаги деразаларни аллақачон қоронғилик қоплаб, аллақачон итлар ҳуришни бас
қилганди. Манас қорли тизма тоғлари пойидаги водий аҳолисининг барчаси аллақачон
сукунатли февраль туни қўйнида уйқуга чўмганди. Дераза ташқарисида зим-зиё тун. Гўё унга
бутун оламда фақат улар — тун ва унинг ўзи Мирзагул ҳақидаги ўйлари билан якка қолгандай
туюлди.
Ниҳоят у ёзишга қарор қилди. Ўз хатини «Ошиқлик мактуби» деб номлаб, уни гўзаллик
ёғдуси уйдаги лампа ёғдуси ўрнини боса оладиган, овулда яшайдиган соҳибжамол М.га
бағишланганини ёзди. Кейин, бозорда минглаб кишилар учрашсаларда, фақат бир-бировларига
қўл узатишни лозим кўрганларигина саломлашишини ёзди. Буларни ҳаммасини у
Жамонқулнинг хатидан ёдлаб олганди. Кейин бутун ҳаётини сўнгги нафасигача қизга
бағишлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни тўкиб солди. Хат сўнгида
Жамонқулнинг шеърини эслади:
О
сой, Кўксой, Сари
сой — кезмаган ер
олмади,
Аммо сенинг ўхшашинг еч
айдан топилмади...