ИЗҚУВАР
Тўрт Буюк Сквайр — ҳаммалари Сквайр Файфга турлича нигоҳ билан қарадилар. Борт жаҳл аралаш, Руне кулимсираб, Балле афсусланиб, Стин эса чўчинқираган ҳолда.
Биринчи бўлиб Руне гап бошлади:
— Давлатга хиёнат! Сиз бизни бу ифода билан қўрқитмоқчимисиз? Аниқроқ айтинг! Кимга хиёнат қилинибди? Бортгами? Менгами? Ким қандай хиёнатга йўл қўйибди? Бутун Сарк ҳаққи, Файф, бундай мажлислар менинг ҳаловатимни, уйқумни бузяпти!


99

— Мендаги маълумотлар бир умрга сизни уйқунгизни қочириб қўйиши мумкин, — жавоб берди Файф. — Мен бирор кимсага нисбатан бўлган хиёнатни эмас, Руне, Саркка қилинган хиёнатни кўзда тутяпман.
— Саркка хиёнат? — деди Борт. — Сарк дегани нима, у ахир, биз эмасми?
— Уни нима десангиз, денг. Оддий саркликлар ишонувчи бирор сўз билан атанг.
— Мен тушунолмаяпман, - иҳради Стин. — Сиз ҳаммангиз бир-бирингазга гап бермаслик пайидасиз. Етар, бас! Бу сафсатабозликни йиғиштирайлик.
— Мен Стиннинг таклифига қўшиламан, — деди Балле. Файф сўз қотди:
— Мен сизга бор гапни айтишни истайман. Сиз Флоринада
рўй берган тартибсизликлар тўғрисида эшитган бўлсангиз керак. Демак...
Кутилмаганда коинот тадқиқига оид китоблар талаб қилинган. Кейин катта ёшли назоратчига ҳужум қилинган. Унинг бош суяги пачоқланиб, икки соат ўтгач, вафот этган. Жиноятчилар изига тушилгач, улар Трантор жосусининг хилватгоҳи олдида ғойиб бўлишган. Сўнгра яна бир назоратчи ўлдирилган, қотил унинг кийимини эгаллаб қочган, бир неча соат ўтгач, ўз навбатида Трантор жосуси ҳам йўқ қилинган.
— Агар энг охирги ахборотни эшитмоқчи бўлсангиз, — деди Файф нутқини тугатишга тараддудланар экан, — бу арзимас хабарларга мана буни ҳам қўшиб қўйинг: бир неча соат илгари Флоринадаги истироҳат боғида жасад, аниқроғи, жасад қолдиқлари топилган.
Менда суяклар тузилишини тадқиқ қилган тиббиёт ходимларининг илмий хулосаси бор. Суяклар назоратчининг ҳам эмас, флориналикники ҳам эмас. Улар сарклик кишиники.
Стин қичқириб юборди: “Йўғ-е!”. Балле хиралашиб қолган


100

кўзларини катта-катта очди; Руненинг ўз қиёфаси жойлашган тўғри тўрт бурчакли ҳажмга қандайдир жилва бағишлаб турган тилла тишлари лаблари ортига беркинди. Борт эса қотиб қолганга ўхшарди.
— Давом этаман, — деди Файф. — Саркликни ўлдирган одам, у ерда қолган кулни ўша саркликнинг ёндирилган кийим- кечаклари қолдиғи ва қотилликни ўз жонига қасд қилиш ёхуд қандайдир душманлик натижаси деб ўйлашсин, деган умидда бўлган. Кул таркибини тадқиқ қилиш, саркликларнинг киртдан тикилган кийимининг назоратчиларнинг целлюлитдан иборат махсус кийимидан фарқлаб бериши мумкинлигини қотил билмаган.
Демак, Юқори шаҳарнинг қаеридадир сарклик кийимидаги Резидент беркиниб ётибди. Бу флориналик назоратчи қиёфасида узоқ юриш хавф-хатардан ҳоли этмаслигини сезиб, сквайр қиёфасига кирган. Бу ишни ўзи амалга ошира олиши мумкин бўлган ягона усул билан бажарган.
— У қўлга тушганми? — хириллади Борт.
— Йўқ, ҳали ушланмаган.
— Нега? Сарк ҳаққи, нега?
— У қўлга тушади, — деди бефарқлик билан Файф. — Ҳозир
бизнинг муҳимроқ ишларимиз бор. Унинг жинояти бошқа муаммолар олдида ҳолва.
— Мақсадга ўтинг! — талаб қилди Рик.
— Сабр таги — сариқ олтин. Аввало айтинг-чи, ўтган йили коинот тадқиқотчисининг йўқолгани эсингиздами? Бу ҳодисалар бир-бирига боғлиқ. Ҳамма иш Флорина кутубхонасидан коинот тадқиқига оид китобларни сўрашдан бошланганди-ку!.. Мен кутубхонадаги можарода қатнашган уч кишини тасвирлашдан бошламоқчиман, сўзларимни бўлмай туришингизни илтимос қиламан.
Биринчиси — Резидент. Учликнинг энг хавфлиси. Саркдаги


101

хизмати бўйича ишончли ва идрокли кимса деган фикр уйғотган. Афсуски, у ўз истеъдодини бизга қарши ишлатибди. Тўрт кишининг ўлимига, шубҳасиз, у айбдор. Бу иш ҳар қандай кимса учун юқори натижа.
Иккинчи шахс — аёл киши. У оддий меҳнаткаш, чиройли эмас ва саводсизроқ. Бироқ, унинг ота-онаси, агар эсингизда бўлса, бундан йигирма йил илгари осонлик билан бостирилган кулгили деҳқонлар фитнасини уюштирган “Кирт диллари” уюшмасининг аъзоси бўлганлар. Энди, эса энг ғаройиб ҳисобланувчи учинчи кишига ўтаман.
Биз фақат унинг охирги ўн ярим ой мобайнидаги ҳаёти тўғрисида маълумотгагина эгамиз. У Флорина пайтахти яқинидаги қишлоқдан ғирт телба ҳолида топиб олинган. Бу пайтда, у на юришни, на гапиришни, ҳаттоки на овқат ейишни билмас эди. Унинг коинот тадқиқотчиси йўқолгандан сўнг бир неча ҳафта ўтгач пайдо бўлганига диққат қилинг. Ва бир неча ой давомида гапиришга ва ҳатто кирт фабрикасида ишлашга ўрганиб олганига ҳам эътибор беринг. Қайси телба бундай тез эс- ҳушини йиғиб олади? Бунинг сабаби битта — у руҳият зонди таъсирига учратилган.
Бу ишни фақат Саркда ёки Флоринадаги Юқори шаҳарда бажариш мумкин. Тадқиқотнинг тўлиқ бўлиши учун Юқори шаҳардаги барча табобатхоналар текшириб чиқилган. Шундан сўнг одамларимиздан бири ушбу телба пайдо бўлгандан кейин вафот этган барча докторларнинг ёзувларини қараб чиқиш ҳам лозим, деган фикрга келган. Мен бу кимсанинг юқорироқ лавозимга кўтарилишига ёрдам бераман. Натижада, табобатхоналарнинг бирида телба ҳақидаги ёзувларни топдик. У олти ой илгари соғлиғини текширтириш учун олиб келинган. Уни учликдаги иккинчи киши — аёл олиб келган. Бу хуфиёна қилинган бўлса керак. Доктор телбани текшириб, унинг руҳият зонди таъсирида эканлигини аниқлаган.


102

Шу ерда қизиқ бир ҳолат бор. Доктор Юқори ва Пастки шаҳарларда ҳам табобатхона очганларнинг бири эди. Бу ҳаёлпараст маҳаллий аҳоли ҳам биринчи даражали тиббий ёрдамга лойиқ деб ҳисоблаган. У ҳаддан ташқари пишиқ-пухта бўлгани учун иккала табобатхонага, қайтараман, иккала табобатхонага келувчилар ҳақидаги маълумотларни, уларнинг флориналик ёхуд сарклик бўлишларидан қатъий назар, эринмай ёзиб борган. Хуллас, бояги айтган одамимиз бир табобатхонадаги ёзувларни иккинчи табобатхонадаги нусхалари билан солиштирган. Натижа қандай дейсизми? Анави телба ҳақидаги ёзувнинг нусхаси топилмаган! Бу ёзув Юқори Шаҳар табобатхонасидагина мавжуд бўлган. Пасткида-чи? Ўша одам флориналик эди, чунки уни флориналик аёл олиб келган, у соғлиғини Пастки шаҳарда текширтирган — буларнинг барчаси дафтарга битилган. Энди савол туғилади: бу ёзувнинг у ердаги нусхаси қаерда?
Бунга фақат биргина жавоб берилиши мумкин. Кимдир унинг бошқа нусхаси борлигини билмай туриб йўқ қилган. Бу ҳақда кейинроқ сўз очаман...
Телба ҳақида хавфсизлик хизматига маълум қилиш даркорлиги тўғрисидаги ёзув докторнинг қоғозларида қайд этилган. Тўғри тадбир мўлжалланган, чунки руҳият зондининг қўлланилиши ё жиноятчиликка, ё бузуқликка ишора. Лекин, ахборот тегишли жойга етказилмай қолган. Бир ҳафта ўтар-ўтмас бахтсиз ҳодиса туфайли ўша доктор ҳалок бўлган. Бу ўта детектив воқеа, шундай эмасми?
Энди бу ҳодисага бошқа томондан назар ташлайлик. Яъни, телбани унутайлик-да, коинот тадқиқотчисини эслайлик. Ёдингизда бўлса, тадқиқотчи ҳақидаги илк хабар, унинг кемасининг сайёрага қўнишга тайёрланаётганлиги тўғрисидаги ахборотнинг Транспорт Бюросига юборилиши билан боғлиқ эди. Кейинроқ, унинг бундан аввалги юборган хабари ҳам


103

мавжудлиги аниқланганди.
Ўшанда коинот тадқиқотчиси ҳадеганда қўнабермади. Яқин фазода излари ҳам топилмади. Бунинг устига, унинг юборган хабари йўқолган. ЮКТБ бизни бу хабарни беркитишда айблади. Хавфсизлик хизматимиз эса бу хабарни ташвиқот мақсадида атайин тўқиб чиқарилган уйдирма, деб ҳисоблади. Ҳозирги пайтда, мен иккала томоннинг ноҳақлигига амин бўляпман. Ҳақиқатда ҳам, хабар юборилган, лекин у Сарк ҳукуматига етиб келмагаи.
Тасаввур қилайлик, бирон-бир кимса, унга ҳозирча Икс деб ном берайлик, Транспорт бюроси дафтарларини ўқиш имкониятига эга. Ўша Икс маълум вақтда коинот тадқиқотчисининг ахборотномасидан воқиф бўлади. Шундан сўнг, у тадқиқотчи кемасига махфий субрадиохабар юбориб, уни унча кўзга илинмас шахсий фазо бекатига йўналтиради. Икс коинот тадқиқотчисини ўша ерда кутиб олади. Телба тадқиқотчи шу заҳотиёқ дилидаги гапларни тўкиб сола бошлайди. Унинг сўзлари қанчалик бетайин, телбанамо, томдан тараша тушгандек бўлмасин, Икс улардан ўзининг ташвиқот мақсадларида фойдаланиш мумкинлигини англайди. У ўзининг дўқ-пўписали мактубларини бизга — Буюк Сквайрларга жўнатади. Илгари мен Транторга тўнкаган айб-мақсадлар уники билан мос тушади. Агар биз у билан келиша олмасак, у Флоринада ҳалокат ҳақида миш-миш тарқатиб, бутун ишлаб чиқаришни издан чиқаришни ва бизни таслим этишни ният қилган.
Икс коинот тадқиқотчисини ўлдириши мумкин эди, бироқ, менимча, тадқиқотчи унга ахборот манбаи сифатида кейинроқ ҳам керак эди, чунки у коинот тадқиқи бўйича ҳеч вақони тушунмас, ўз дўқ-пўписасини усиз асослай олмасди, ёки мабодо енгилган тақдирда, тадқиқотчи эвазига қутулиб кетишни ўйлаб қўйганди. Хуллас, нияти қандай бўлишидан қатъий назар, у руҳият зондини ишлатади. Бундан сўнг, унинг ихтиёрида ўжар


104

коинот тадқиқотчиси эмас, беозоргина телба пайдо бўлади. Маълум муддат ўтгач, унинг эс-ҳуши жойига келиши мумкин эди.
Хўш, кейин-чи? Шундай қилиш керак эдики, бутун йил бўйи лавозимли кишиларнинг битта-яримтаси уни кўриб қолмасин. Шунинг учун, у даҳоларча оддий йўл танлайди. У ўз асирини Флоринага олиб ўтади, коинот тадқиқотчиси у ерда кирт фабрикасида ишловчи эси ярим ишчига айланади.
Менимча, ўтган йил давомида Икс ёки унинг ишончли вакили, коинот тадқиқотчиси "ташланган" жойга бориб унинг соғлиғи ва хавфсизлигидан хабар олиб турган. Ана шундай сафарларнинг бирида, у телбани докторга кўрсатилганини билиб қолади, тиббиёт вакили эса албатта бу ҳақда юқорига хабар қилиш зарурлигини англайди Шунинг учун, ўша доктор ҳалок бўлади, касаллик варақаси Пастки Шаҳар табобатхонасидан йўқолади. Бу Икснинг биринчи хатоси эди, у яна қаердадир бу ёзувларнннг нусхаси мавжуд бўлиши эҳтимоли борлигини ўйлаб ҳам кўрмаганди.
Шундай вақтда Икс яна бир хатога йўл қўяди. Телбанинг эс- ҳуши тезликда қайта бошлайди, маҳаллий Резидент эса унинг гаплари шунчаки валдираш эмаслигини дарҳол англайди. Балки, телбани докторга кўрсатган қиз, унинг руҳият зонди таъсирига дучор этилганлигини Резидентга айтгандир. Бу фақат гумон.
Бор-йўқ воқеа мана шундан иборат.
Файф кучли қўлларини бирлаштириб тингловчилардан жавоб кутди.
— Менинг фикри ожизимча, — деди Балле оҳиста, — сиз бир йил илгаригидек, куракда турмайдиган воқеани тўқиб чиқардингиз. Гапларингизнинг ўндан тўққизи гумон.
— Ҳаммаси уйдирма! — деди кескин Борт.
— Икс деганингиз ким? — сўради Стин. — Сиз унинг кимлигини аниқламагунингизча, гапларингиз асоссиздир. — У


105

эснар экан, бармоқлари билан оғзини тўсди.
— Ҳар ҳолда, орангиздаги бир киши гап нимада эканлигини
яхши билади! — қичкирди Файф. — Гап Икс шахси ҳақида кетяпти. Агар менинг мулоҳазам тўғри бўлса, Икс — ушбу хислатларга эга шахс. Энг аввало Икс — кузатув бўлими билан боғланган киши. У — товламачиликни кенг миқёсда уюштира олувчи шахс. У — коинот тадқиқотчисини Саркдан Флоринага бирон-бир қийинчиликсиз жўната олувчи кимса.
У — докторни “бахтсиз тасодиф”га учрата олган кимса. У — дуч келган оддий киши эмас. Демак, у Буюк Сквайр бўлиши керак. Шундай эмасми?
Борт ўрнидан туриб кетди. Стин жазавага тушиб кулди. Руненинг ёғ босган кўзлари ёна бошладилар. Балле эса оҳиста бош чайқади.
— Коинот ҳаққи, Файф, кимни айблаяпсиз? — чийиллади Борт.
— Ҳозирча ҳеч кимни, — Файф пинагини бузмасди, — алоҳида олганда ҳеч кимни. Келинг, ўйлаб кўрайлик. Биз беш кишимиз. Икснинг қилган ишини Саркда ҳеч ким бажара олмайди. Бу фақат бизнинг қўлимиздан келади. Бу фикрни исботлаш шарт эмас. Лекин беш кишининг қайси бири айбдор? Энг аввало, мен эмасман.
— Биз сизнинг сўзларингизга бирон-бир исботсиз ишонишимиз керак, шундайми? — заҳарҳанда қилди Руне.
— Сиз менинг сўзимга ишонишингиз шарт эмас, — эътироз билдирди Файф. — Айтилган ишлардан фақат менинг манфаатдорлигим йўқ. Икс кирт саноатини ўз назоратига олмоқчи. Менда бундай назорат бор. Флорина ерларининг учдан бири қонунан меники. Завод, фабрикаларим, фазовий кемаларим қўшилмаси шунчалик кучлики, агар истасам ҳаммангизни кирт саноатидан сиқиб чиқара оламан. Бунинг учун товламачилик, дўқ-пўписа қилишим зарур эмас. Бошқаларда эса


106

манфаатдорлик бор. Масалан, Руненинг ихтиёрида фақат энг кичик қитъа мавжуд. Унинг ҳиссаси ҳамманикидан кам. Бу ҳол унга ёқмайди, мен яхши биламан. У менинг гапимни инкор қилолмайди. Балле тагли-тахтли зотлардан. Унинг аждодлари маълум давр Саркка ҳукмронлик қилишган. Бу нарсаларни у ёддан чиқармаган бўлиши керак. Бортга эса кенгаш пайтида доимо камчилик томонда қолиши ва натижада ўз ерларида истаганича қамчи ва тўппонча сиёсатини ўтказолмаслиги ёқмайди. Стин бўлса исрофгар, моддий томондан қийин аҳволда. Маблағ топиш зарурияти — кучли зарурият. Бор-йўқ манфаатдорлик — мана шулардан иборат. Кўролмаслик. Амалпарастлик. Очкўзлик. Обрўга интилиш. Хўш, қайси бирингиз шу ишга қўл урдингиз?
Балленинг кўзларида жаҳл учқунлари чақнади.
— Сиз биздан шубҳаланяпсизми? Кимданлигини аниқ айтинг?!
— Бу муҳим эмас. Бизнинг якдиллик билан ҳаракат қилишимиз лозимлиги айтилган биринчи мажлисимиз Иксни чўчитиб юборган. Икс мажлисда иштирок этган. Икс бизларнинг орамизда, у якдиллик билан ҳаракат қилиш ўзи учун мағлубият эканлигини англаган.
Биз якдил бўлишимиз лозим. Икснинг орамиздалигини ҳисобга олганда, бунинг биргина бехатар йўли бор. Биз қитъалар мухториятини тугатишимиз керак. Мухторият ҳозирги шароитда ортиқча дабдаба ва ҳатто даҳмазадир, чунки Икснинг найранглари фақат бизнинг иқтисодий тушкунлигимиз ёки ишларимизга Транторнинг аралашуви билан тугайди. Мен, ишонишим мумкин бўлган ягона одамман, шунинг учун, бугундан бошлаб бирлашган Саркнинг бошлиғиман. Розимисиз?
Улар ўринларидан туриб кетдилар, қўлларини пахса қилиб қичқира бошладилар. Бироқ, афсуски, жисмонан ҳеч нарса қила олмасдилар. Файф жилмайди. Уларнинг ҳар бири ўз қитъасида


107

эди. У ўз столи олдида ўтириб, оғизлари кўпикланаётганларни кузатиши мумкин эди.
— Сизнинг бошқа иложингиз йўқ. Биринчи мажлисимиздан бери ўтган йил давомида керакли тайёргарликни кўриб қўйганман. Сиз бу ерда, йиғилишда иштирок этаётган пайтингизда, менга содиқ ҳарбийлар барча кема қўшинмаларини эгаллаб олдилар.
— Хиёнат! - баб-баробар қичқиришди улар.
— Қитъалар мухториятига хиёнат, — эътироз билдирди Файф. — Саркка содиқликдир. Йигирма тўрт соатдан кейин мен Икснинг ким эканлигини аниқлайман. Боядан бери гапирилаётган коинот тадқиқотчиси менинг қўлимда.
Файф ҳиринглади.
— Қайси биримиз Икс эканмиз, деб ҳайрон бўляпсизми? Хотиржам бўлинг, ҳозир буни орамиздан кимдир билади. Бир кундан сўнг бошқалар ҳам бундан воқиф бўладилар. Жаноблар, эсингизда турсин: сизда куч йўқ. Ҳарбий кемалар фақат менга бўйсунадилар. Хайр, бўлмаса.
У хайрлашиш ишорасини қилди.