ҚОЧҚОҚ
ҚОЧҚОҚ
Мирли Теренс фазо бекатини тарк этгач, ниҳоят Пастки
87
Шаҳарга тушиб олди. У нейротаёқни маҳкам ушлаб, назоратчиларга хос такаббурлик ва ўзига ишонч билан қадам ташларди. Кўчалар бўм-бўш. Маҳаллий халқ кулбаларга яшириниб олган. Бу қайтага яхши. Уни ҳеч ким безовта қилмайди. Ҳеч ким уни флориналикларга хос оқ юзига тузукроқ назар ташлаш учун тўхтатмайди. Сабаби, у қопқора, кумуш тугмали хос кийимда.
Бироқ энди назоратчилик қиёфасидан чиқиш зарур.
Шу дамдан бошлаб, у Флоринанинг ҳеч бир ерида бехавотир юра олмайди. Назоратчининг жонига қасд қилиш — буюк жиноят, ҳатто эллик йилдан кейин ҳам, агар шу вақтгача омон- эсон қолса, қидирув ишлари кенг кўламда давом этаберади. Демак, Флоринани тарк этиши керак.
Қандай қилиб?
У шундай таваккал қилиши керакки, ақли-ҳуши жойида одам бундай қила олмасин...
У яна Юқори Шаҳарга йўналди. Резидент чиққан лифтнинг эшиклари ёпилар экан, у назоратчилар бўлинмаси айни шу кўчага қараб келаётганини пайқади. Демак, кенг кўламли қидирув бошланибди.
У Юқори Шаҳарнинг ташқари кўчасига чиқди. Бу ерда уни — Мирлин Теренсни беркитиб туриши мумкин бўлган устунлар, темир-бетон қотишма йўқ эди.
Бирон-бир назоратчи кўринмас, ёнидан ўтаётган сквайрлар унга парво қилишмасди. У Юқори Шаҳар бино, кўчаларининг жойлашиши тўғрисида мавҳум тасаввурга эга эди. Шу атрофда истироҳат боғи бўлиши керак. Энг оддийси —дуч келган кимсадан йўлни сўраш, кейингиси баландроқ бинога кўтарилиб пастга қараб кўриш эди. Биринчиси асло мумкин эмас. Назоратчига кўрсатмаларнинг зарурияти йўқ. Иккинчиси ҳаддан ташқари хавфли. Бино ичида назоратчи тез кўзга ташланади.
Қачонлардир унинг кўзи Юқори Шаҳар харитасига тушиб
88
қолганди. У ўша билими бўйича тахминан йўл танлади. Бу тўғри бўлиб чиқди. Теренс тез орада истироҳат боғига етди.
Флорина иқлимининг мўътадиллиги туфайли истироҳат боғи доимо яшил либосда эди. У ерда ўтлоқлар, дарахтзорлар, қоятошлар ичига кириб кетган ғорлар ҳамда тилла балиқлар сузиб юрадиган кичкина ҳовузча билан болалар чўмиладиган каттароқ ҳовуз мавжуд эди. Кечалари, то ёмғир ёғгунга қадар ранг-баранг нурлар жилва сочиб ўйнар, одамлар рақсга тушишар, уч ўлчамли кино томоша қилишар, дарахтзор ичидаги сўқмоқларда эса ёшлар жуфт-жуфт бўлиб сайр этишарди.
Теренс ярим соатча сандирақлаб юрди. Унга ҳеч ким эътибор қилмас, бирор киши назар ташламасди. Агар эртага манави ёнидан ўтаётган сквайрлардан “Сиз кеча истироҳат боғида назоратчини кўрдингизми?” деб сўрашса, уларнинг кўзлари ҳайратдан чақчаяди. Бу савол, улардан сўқмоқдан сакраб ўтган чигирткани пайқадингизми деб сўраш билан баробар.
Шу пайт унинг назари ўзи излаётган кимсага тушди.
Сквайр! У бир чеккада у ёқ-бу ёққа юрар, оғзидаги сигара тутунини тез-тез ичига тортарди. Сквайр чекиб бўлиб, сигара қолдиғини қоя ёриғига тиқди, қолдиқ бир нафасдан кейин лов этиб ёнди-ю, кулга айланди. У соатига қаради. Теренс ундан кўзини узиб атрофни кузатди. Ҳеч ким йўқ. Айни муддао!
У сквайрга тез яқинлашар экан, нейтротаёқни чиқарди. Сквайр буни кўришга ҳам улгурмади. Таёқ оҳиста визиллади ва сквайр шу ондаёқ қотди-қолди-да, ерга қулади.
Атрофда ҳеч ким пайдо бўлмади. Теренс кўзлари чақчайиб, қотиб қолган жасадни яқин орадаги ғорнинг ичига олиб кирди- да, бир амаллаб ечинтирди. У ўзининг тер шимган, чанг юққан кийимини ечиб ташлади ва Сквайрнинг уст-бошини кийиб олди. Унинг танаси умрида биринчи марта кирт матосини ҳис қилди.
Теренс уст-бошдан ташқари қалпоқчани ҳам кийди. Бу нарса
89
ҳозирги вақтда ёшлар ичида расмдан чиқиб қолаёзганди, лекин баъзи бирлар, бахтига мана бу сквайр ҳам, ҳамон бош яланг юришга ўрганишмаганди. Теренснинг сочлари оқ бўлгани учун қалпоқча билан уларни беркитиш шарт эди. Акс ҳолда флориналик эканлиги сезилиб қоларди.
Кейин у тўппонча қувватини энг юқори қийматга тўғрилади- да, учини сквайрга йўналтирди. Бир оздан сўнг жасаддан фақат бир ҳовуч кул қолди – бу иш қидирувни мушкуллаштиради.
У назоратчи кийимини ҳам ёқди, кул ичидан қорайиб қолган кумуш ҳалқалар ва тугмаларни териб олди. Бу ҳам қидирувни мушкуллаштиради.
У истироҳот боғидан чиқди-да, яна ярим соатча сандирақлаб юрди.
Хўш, энди нима қилиш керак?
У ўртасида кичкинагина фаввора отилиб турган ҳовуз олдида тўхтади. Майда зарраларга парчаланиб тушаётган сувда ранго-ранг камалак жилоланарди. У ботаётган қуёшга орқасини ўтирганча панжарага суяниб турар экан, қорайиб кетган кумуш тугмаларни оҳиста, битталаб ҳовузга ташлади. Кейин Пастки Шаҳар ҳақида ўй сура бошлади ва қалбида пайдо бўлаётган афсус-надоматлар йўқолдилар.
Теренс ўз ҳаракатларининг табиийроқ чиқишига интилар экан, эгнидаги кийим чўнтакларини титкилаб чиқди. Ясси калитлар шодаси, майда пуллар ва шахсий гувоҳнома чиқди. (Ё Сарк, бу нарса ҳатто сквайрларда ҳам бор экан! Бироқ, улар уни дуч келган назоратчига кўрсатишлари шарт эмас.)
Теренснинг янги номи Алстэр Димон экан. Балки бу ном керак бўлмас. Димонни шахсан танувчи кимсани учратиб қолиш эҳтимоли жуда кам, лекин бу нарсани эътибордан четда қолдириш мумкин эмас.
Ёши 29 да экан. Ғордаги қилган ишидан Теренснинг қалби ғашланди, бироқ бу узоққа чўзилмади. Сквайр — бу сквайр.
90
Уларнинг буйруғи билан қанчадан-қанча 29 ёшли флориналиклар ҳалок бўлмаган дейсиз?! Ким бунинг ҳисобини билади?!
У чўнтак титкилашда давом этди. Бу гал яхта-кема ҳайдовчиси гувоҳномаси топилди. Ҳамма бадавлат саркликларнинг яхталари бор, барчалари уни бошқаришни биладилар. Бу ҳозир расм бўлган... Кейин бир нечта сарк қоғоз пули чиқди. Керак бўлиб қолиши мумкин.
У новвойхонада овқатлангандан бери туз тотмаганини эслади. Шу заҳотиёқ унда ажойиб фикр уйғонди: яхта-кема жойида турибди, эгаси эса асфаласофилинга кетган. Демак, яхта ўзиники! 29-ангар, 9-бекатда турар экан. Жуда соз...
Айтгандай, 9-бекат қаерда экан? Теренс бу ҳақда умуман ҳеч нарса билмасди.
У ҳовуз атрофидаги панжарага бошини қўйди. Нима қилсин? Нима қилиш керак?
Тепасида жаранглаган товуш уни сескантириб юборди. — Кечирасиз, — деди кимдир, — мазангиз қочдими?
Теренс бошини кўтарди. Гапираётган қари сквайр экан. У ичига хушбўй барглар ўралган узун папирос чекар, қўлидаги тилла билагузугидан эса ярқ этиб чақнаётган қандайдир катта яшил тош осилиб турарди.
— Мен дам оляпман, — деди Резидент. — Айланиб юриб, вақт ўтганини ҳам сезмай қолибман. Мажлисга кечикмасам бўлди ҳали.
У қўполроқ қилиб қўл силкиди. Теренс саркча талаффузда сўзлашишни ўрнига қўярди — ҳар ҳолда улар билан жуда кўп мулоқотда бўлган, бироқ буни бўрттирмасликка интиларди. Етишмовчиликдан кўра бўрттириш кўзга яққолроқ ташланади.
У Теренсга ғалатироқ қарамаяптими? Балки кийими ёпишиб турмаётибдими? Резидент дарҳол сўз қотди:
— Тўхтанг! Назаримда адашиб қолгандекман. Ёрдам
91
беролмайсизми? Менга 9-бекат керак эди. Қарайлик-чи... У атрофга аланглади.
— Қаранг. Бу Реккет кўчаси. Сиз тўғри Триффис кўчасига тушиб, чапга қайилсангиз, бекатгача юриб боришингиз мумкин, — у беихтиёр қўли билан йўналишни кўрсатди.
Теренс жилмайди.
— Жуда тўғри. Мен хаёлпарастликни йиғиштириб, ўз фикрларимни жамлаб олишим лозим. Раҳмат, жаноб.
— Сиз менинг харитамни олишингиз мумкин.
— Катта раҳмат, керак эмас, — деди Теренс қўл силкиб ундан узоқлашар экан.
Сквайр унинг ортидан қараб қолди.
Балки, эртага, ғордаги куйдирилган жасад қолдиқлари топилиб, қидирув бошланганда, сквайр ҳозирги учрашувни албатта эслайди. У мана бундай дейиши мумкин: “У қандайдир ғалатироқ эди. Гаплари пойинтар-сойинтар, қаерда юрганини ўзи билмасди. Унинг Триффис кўчаси қаердалигини билмаслигига ҳам кафил бўла оламан”.
Бу эртага бўладиган гап.
У сквайр кўрсатган тарафга шахдам қадамлар билан юриб кетди. “Триффис кўчаси” деб ёзилган ялтироқ, зарғалдоқ рангда жилоланаётган бинога ёпиштирилган белгига етгач, чапга қайрилди.
9-бекат спорт кийимидаги, учли қалпоқча ва юқориси шишиб турадиган иштон кийган ёш-ялангга тўлган эди. Теренсга ҳамма унга тикилиб қараётгандек туюлар, бироқ аслида ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди. Атрофда эса унга номаълум турли атамаларга тўла гангур-гунгур суҳбатлар ҳукмрон эди.
— У 26-ангарни топиб, унга яқинлашишидан олдин бир қанча дақиқа кутиб турди. Унинг учун, ангар ичига кирганда, қўшни ангарда Алстэр Димонни танийдиган бирор кимса
92
бўлиши ва унинг Димон яхтасига чиқиб олган Теренсни кўриб қолиб, ҳайратга тушиши асло керак эмас эди.
Ниҳоят, у узун-узун яхталар чўзилиб турган ангарга кирди. Хўш, энди нима қилсин?
Охирги 12 соат ичида у уч кишини ўлдирди. У аввалига Флорина резидентлигидан назоратчиликка, сўнгра сквайрликка кўтарилди. Пастки Шаҳардан Юқорига, Юқоридан эса Фазо бекатига борди. Барча белгиларга қараганда, унинг яхтаси, Галактиканинг мана шу қисмидаги ҳар қандай сайёрага бехавотир элтувчи, ишончли кемаси бор.
Бироқ, бошқа муаммо ҳам бор. У яхта бошқаришни билмайди.
У жуда чарчаган ва ўлгудай оч эди. Бу ерга келишга келди, лекин энди нима қилсин? У фазо чегарасида турибди, бироқ у ёғига қандай ўтсин?
Ҳозирги дамда назоратчилар Пастки Шаҳарни тити-пити қилиб, Теренснинг у ерда йўқ эканлигига ишонч ҳосил қилишгандир. Флориналик ҳам журъат этиши мумкин экан, деган фикр уларнинг қовоқ каллаларига келгач, Юқорини қидиришга тушишади. Куйдирилган жасадни топишгач эса, қидирув янги йўналишга ўтади-назоратчилар сохта сквайрни излашни бошлашади. Ва уни топадилар. У боши берк кўчанинг энг охирига бориб, деворга орқаси билан суяниб олади-да, кута бошлайди. Унинг қўлидан фақат шу келади: кутиш, кутиш... то қуваётганларнинг товушлари баландроқ, яна баландроқ чиққунча ва исковичлар охир-оқибатда унга ташлангунларига қадар кутиш.
36 соат илгари ихтиёрида унинг бутун ҳаётидаги энг буюк имконият мавжуд эди. Энди бу имконият йўқ. Тез орада эса ҳаёти ҳам йўқлик гирдобига чўкиши мумкин.