СКВАЙР
Сквайр Файф Саркнинг энг биринчи кишиси эди, шунинг учун тикка туришни ёқтирмасди. Унинг елкалари кенг, боши, шубҳасиз, катта бўлиб, фақат оёқлари калта эди, оёқлар катта


78

оғирликни кўтариб юрганликлари учун лапангларди.
Худди шунинг учун Буюк Сквайр стол ортида ўтирар, уни бошқа ҳолатда қизи, шахсий хизматкори, то вафотига қадар, хотинидан бўлак ҳеч ким кўрмаган эди.
Сквайр ўзини бошқаларга фақат шу алфозда кўрсатарди. Унинг юзида бирон-бир ифода сезилмас, калта-калта бармоқли катта ва кучли қўллари сирти силлиқ, усти бўм-бўш — на қоғоз, на эшитиш асбоби, на бир безак қўйилган стол қиррасини оҳиста ушлаб турарди.
У ўзининг рангпар, балиқ гўштидек оппоқ юзли котибига фақат механик ёрдамчилар ва флориналик хизматчиларга нисбатан ишлатиладиган махсус, ҳиссиз оҳангда сўз қотди:
— Хўш, таклифларимнинг ҳаммаси қабул қилиндими? Котиб ҳам худди шундек ҳиссизлик билан жавоб берди:
— Сквайр Борт айтдики, аввалги ишлар юзасидан олган мажбуриятлари уни соат учдан олдинроқ келишга имкон бермас экан.
— Сиз унга қандай жавоб қилдингиз?
— Бу мақсадга асло мувофиқ келмайди, дедим.
— Натижа қандай бўлди?
— У ўз вақтида шу ерда бўлади, жаноб. Бошқалар эса сўзсиз
розилик билдиришди.
Файф жилмайди. Буюк Сквайрлар ўз мустақилликларини жуда эъзозлайдилар.
У кута бошлади. Хона катта — жой ҳаммага етарди. Ушоқдеккина радиоактив нурланиш учқунчасига эга бўлган, минг йилдан бери тўхтамаган катта вақт ўлчагич — хронометр совуққонлик билан аниқ вақтни кўрсатиб турарди.
Минг йил ичида у нималарни кўрмади. У ўзининг биринчи дақиқаларини санаётганда, Сарк — шаҳарлари инсон қўли билан қурилган, эски сайёралар орасида ўзининг шубҳали алоқалари мавжудлиги билан ажралиб турган янги ошиён эди. Вақт


79

ўлчагич ўша пайтларда ғиштдан қурилган эски бинонинг деворида осиғлиқ турарди, у ғиштлар аллақачон уваланиб, тупроққа қоришиб кетган. Бу орада Саркнинг аскарлари беш- олтита қўшни сайёраларни босиб олди, бир қанча вақт улар устидан ҳукмронлик қилдилар. Беш юз йил аввал, у тинч даврни ўлчаётган вақтда, Сарк ўзига энг яқин сайёра бўлган Флоринада ҳисобсиз бойлик мавжудлигинн кашф қилди. Сўнгра иккита муваффақиятли уруш рўй берди ва тантанали равишда ғалаба сулҳига қўл қўйилди. Сарк ўзининг бошқа мустамлакаларидан воз кечиб, бор чангалини Флоринага ботирди, натижада у шунчалик буюк кучга айландики, ҳатто Трантор ҳам бас келолмай қолди.
Флорина барча давлатларга, шунингдек, Транторга ҳам керак эди. Ўтган бир неча юз йилликлар мобайнида Флорина — коинотдан турли очкўз қўллар интилаётган ёқимли ўлжа эди. Уни биринчи бўлиб Сарк чангаллади. Сарк бу ўлжани қўлдан чиқаришдан кўра, Бутун Галактика Урушини бошлашга тайёр эди.
Трантор буни биларди!
Вақт ўлчагичнинг бир текисдаги унсиз мақоми Сквайрнинг онгида худди шу нақаротни қайтараётгандек эди.
Вақт —2.23 эди.
***
Бир йилча аввал ҳам бу бошлиқларнинг учрашуви бўлиб ўтганди. Ўшанда, Сайёра юзасидаги қитъаларга эгалик қилаётган Сквайрлар ҳозиргидек уч ўлчамли тасвирда учрашгандилар.
Сквайр Руненинг ҳақиқий вужуди ҳозирги пайтда сайёра шари юзасининг қарама-қарши томонидаги тун қаърига чўккан ягона қитъада эди. Файфнинг катта хонасида унинг тасвирини


80

ўраб турган тўғри тўрт бурчак шаклдаги фазо тиббий ёруғликка нисбатан совуқроқ нур билан ёритилганди.
Бу катта хонада ҳақиқий вужуди ёки тасвири билан Саркнинг барча эгалари йиғилганди. Руне — хўппа семиз, қип- қизил, устига-устак, кал эди. Балле эса сочлари оқ, юзларини ажин босган, қоқсуяк одам эди. Стиннинг упа-элик суртилган, бир оз қизартирилган юзларида кучдан қолган, бироқ ўзини бардам кўрсатишга уринаётган одамнинг жонсиз табассуми мунғайиб турар, Борт бўлса ўзининг икки кундан бери олинмаган соқоли ва ифлос тирноқлари билан саришталикка ёқтирмайдиган, тозаликка бефарқлик билан қарайдиган кимса тасаввурини берарди.
Бешовлон Буюк Сквайр эди.
Улар Саркдаги уч поғонали бошқарув кучларининг энг юқориси ҳисобланардилар. Пасткиси - Флоринанинг Фуқаролик Хизмати — энг мустаҳкам ҳисобланиб, Саркдаги айрим олийзот хонадонларнинг муваффақиятлари ёки инқирозлари унга таъсир ўтказмас эди. Аслини олганда айни шу Хизмат бошқарув ўқини мойлаб, ғилдирагини айлантирарди. Ундан юқорида, отамерос қолувчи Давлат Бошлиғи (ғоят безиён кимса) томонидан тайинланувчи Вазирлар ва департамент бошлиқлари турардилар. Уларнинг, шу хусусда Бошлиқнинг ҳам бор-йўқ хизмати фақат расмий қоғозларга ўз исм-шарифларини чекишдан иборат эди. Ва ниҳоят, мана булар — бешта қитъани ўзаро бўлишиб олган кишилар — сўнгги поғона эдилар. Улар кирт савдоси билан шуғулланувчи хонадонлар бошлиғи эдилар. Саркда амалга ўтириш ҳам, сиёсатни қандай юритиш ҳам фақат пулга боғлиқ эди. Улар пулдор одамлар эдилар. Беш кишининг ичида энг бадавлати Файф ҳисобланарди...
Ўтган галдаги учрашувда Сквайр Файф Галактикада бадавлатлик бўйича иккинчи ўринда турувчи сайёранинг (биринчиликни, ярим миллион оламлардан бож ва хирож олиб


81

турувчи Трантор эгалларди) ўзидан бошқа хўжайинларига шундай деганди:
— Мен жуда ғалати хабар олдим. Қарши бўлмасангиз, уни ўқиб бераман. — У ҳаяжонланиб, ўзининг майин овози билан ўқий бошлади: "Сиз — Саркнинг Буюк Сквайрисиз. Бойлигингиз ва амалингиз барчаникидан аъло. Бироқ бу амал ва бойликнинг таги омонат. Сиз, балки, бутун умр дунёдаги кирт етиштиришнинг ягона хўжайини бўлиб қоламан деб ўйлаётгандирсиз. Бироқ ўзингиздан сўраб кўринг: Флорина яна қанча яшайди? Эҳ! Чексизми?.. Йўқ! Флорина эртагаёқ ҳалок бўлиши мумкин. Бунга менинг дахлим йўқ, лекин у шундай рўй берадики, сиз бунинг на олдини ололасиз, на бирор чора топасиз. Флорина ҳалокати тўғрисида ўйлаб кўринг. Шунингдек, ўз бойлигингиз ва таъсирингизнинг йўқолиб бўлгани ҳақида ҳам фикр юритинг. Ҳали ўйлашга вақт бор, лекин кўп эмас.
Агар пайсалласангиз, мен бутун Галактикага бу ҳақда хабар қиламан, ва айниқса, бутун Флоринага унинг ҳалокати яқинлиги тўғрисидаги ҳақиқатни етказаман. Шундан сўнг сизда на кирт, на амал, на бойлик қолади. Бу нарсалар менда ҳам бўлмайди, лекин мен азоб чекмайман, чунки уларга ўрганмаганман.
Талабим шу: мулкингизнинг катта қисмини менга берасиз. Шундан сўнг, ўзингизда қолган мулкка бехавотир эгалик қилишингиз мумкин. Бу, ҳар ҳолда, ҳечдан кўра яхшироқ. Шундай қилсангиз, Флорина мангу яшайди, сиз эса жуда дабдабали бўлмаса ҳам, анча яхши ҳаёт кечирасиз".
— Аломат мактуб, — тугатди Сквайр Файф. — Имзо йўқ, оҳанги эса, эшитганингиздек, такаббурона ҳамда жуда ғайритабиий. Хўш, Сквайрлар, сиз бу хат тўғрисида нима дейсиз?
— Шуниси аниқки, бу хатни телбанамо одам ёзган. — Руненинг қип-қизил юзида норозилик ифодаланди. — У худди тарихий роман битишга ўрганаётган кишига ўхшайди.


82

Тўғрисини айтсам, Файф, қитъалар мухториятини бузиб, шундай бўлмағур нарса туфайли нега бизни безовта қилганингизни асло тушуна олмадим.
Файф калта бармоқларини мушт қилиб тугди.
— Мен сизларни бир телбанинг хатини ўқиб бериш учун йиғганим йўқ. Буни яхши англаётган бўлсангиз керак. Олдимизда жиддий муаммо туғилганга ўхшайди. Нега энди бу иш фақат менга тегишли бўлиши керак? Албатта, мен Сквайрларнинг энг бадавлатиман, бироқ мен кирт савдосининг фақат учдан бир қисмини бошқараман. Қолган қисми эса сизларники. Ушбу хабар битилган номани бир нусха ёзиш нима- ю, беш нусха тайёрлаш нима?!
— Кўп гап — эшакка юк, — ғўлдиради Борт. — Мен ҳам бу хатнинг бир нусхасини олдим ва ишончим комил, қолганларда ҳам бу мактуб мавжуд. Биласизми, мен ўзимдаги нусхани нима қилдим? Ташлаб юбордим. Қаерга? Ахлатга! Сизга ҳам шуни маслаҳат бераман. Бўпти. Тугата қолайлик. Мен чарчадим.
Унинг қўли алоқани узиш ва Файфнинг хонасидаги тасвирни ўчириш тугмасига чўзилди.
— Шошманг, Борт! — Файфнинг кескин товуши янгради. — Ўчирмай туринг. Гапим ҳали тугамади. Кўриладиган чора- тадбир ва чиқариладиган қарорлар маслаҳатида иштирок этмасликни истамасангиз керак. Ишончим комил, истамайсиз.
— Сквайр Борт, сабр қилиб турайлик-чи, — маслаҳатомуз, юмшоққина сўз қотди Руне, лекин унинг кичик, ёғ босган кўзлари асло мулойим эмасди. — Сквайр Файф арзимас нарсага бунчалар қаттиқ безовталанаётганига ғоят таажжубдаман.
— Хўш, — деди Балле қуруққина қилиб, — балки, Файф бизга нома битган дўстимизда Транторнинг Флоринага уюштиражак ҳужуми ҳақида маълумот берар, деб ўйлаётгандир.
— Фу, — жаҳл билан сўз қотди Файф. — У кимки, бу нарсадан хабардор бўлсин? Бизнинг хуфияларимиз ўз ишига


83

пишиқ, ишонаверинг. У биздан уруш талаб қилар экан, ҳужумни қандай қилиб тўхтатади? Йўқ. У Флоринанинг ҳалокати ҳақида сўз юритар экан, сиёсий инқироз эмас, табиий фалокат тўғрисида гапираётганга ўхшайди.
— Бу ғирт телбалик, - деди Стин.
— Ростданми? — эътироз билдирди Файф. — Демак, сиз охирги икки ҳафта мобайнидаги воқеалар мағзини чақолмабсиз!
— Қандай воқеалар? — сўради Борт.
— Бир коинот тадқиқотчиси йўқолган. Бундан ҳамманинг хабари бор. Сиз, унинг йўқолиб қолиши олдидан Саркдаги базага юборган хабарини ўқидингизми?
— Менга кўрсатишганди. Аҳамият бермадим.
— Бошқалар-чи? — Файф навбатма-навбат ўтирганларга нигоҳ ташлади. — Бир ҳафта илгариги хат-хабарларни эслай оласизми?
— Мен ўқидим, — деди Руне. — Менинг эсимда. Ҳақиқатан ҳам, хабарда ҳалокат ҳақида сўз юритилганди. Сиз шуни кўзда тутяпсизми?
— Менга қаранг, — чинқираёзди Стин, — у ерда турли нохуш шамалар кўп, маъно эса умуман йўқ. Бу ҳақда гаплашиш асло шарт эмас.
— Иложимиз йўқ, Стин, — деди Файф. — Биз бу ҳақда яна гаплашишимиз лозим. Коинот тадқиқотчиси Флоринанинг ҳалокати тўғрисида хабар қилган. У йўқолган заҳотиёқ, биз яна Флоринага хавф солинаётганлиги ҳақидаги мактубни олдик. Наҳотки, бу тасодиф бўлса?
— Сиз, коинот тадқиқотчиси дўқ-пўписали хатлар юборган демоқчимисиз? —шивирлади қария Балле.
— Эҳтимоли кам. Нега энди у аввалига ўз номини очиқ кўрсатди-ю, кейин яширди?
— Аввалига, — жавоб берди Балле, — у бизлар билан эмас, маҳаллий бошлиқлар билан мулоқотда бўлган.


84

— Шундай ҳам бўлсин. Бироқ, товламачи фақат ўз қурбони билангина музокарага киришади.
— Хўш, у ҳолда нима?
— У йўқолди. Коинот тадқиқотчисини софдил деб ҳисоблайлик. У юборган хавфли маълумотлар ярамас кимсаларнинг қўлига тушиб қолган, ана ўшалар бизга дўқ- пўписа қилиб, қўрқитмоқчи бўлишди.
— Хўш, улар ким?
Файф оромкурсига суяниб маъюслашди-да, сезилар-сезилмас сўз қотди.
— Сиз жиддий савол бераяпсизми? Бу ахир кундай равшанку. У — Трантор!
— Трантор!
— Нега ажабланасиз? Флоринага эга чиқишга бундан яхшироқ усул борми? Трантор ташқи сиёсатининг асосий мақсадларидан бири шу-ку. Бирон уруш-пурушсиз ниятга етиш, айни муддао эмасми? Агар биз ушбу пўписа таъсирига тушсак, Флоринадан ажраламиз. Улар бизга бирон нарса қолдиришга ваъда беришмоқда, бироқ уни қанча вақт асрашга қурбимиз етаркин? Бошқа томондан, хатга эътибор қилмадик дейлик, айни пайтда бундан бошқа иложимиз йўқ. У ҳолда, Трантор флориналиклар орасида қиёмат қойим яқинлиги тўғрисида миш- миш тарқатади. Натижа маълум — одамлар ваҳимага тушишади, бунинг орқасидан эса ҳалокат югуриб келади! Эртага қиёмат қойим бўлади, деб ишонган кимсани қайси куч ишлашга мажбур эта олади? Кирт терилмайди. Хирмонлар бўшайди. Трантор эса кун-уззукун Флоринада тўполон чиқишини пойлаяпти. Агар Сарк кирт етказиб туришни эплолмас экан, улар ўзларича тартиб деб атайдиган ҳолатни сақлаш учун бор кучларини ташлайдилар. Галактиканинг бошқа озод дунёлари эса кирт туфайли тил тишлаб тураберадилар. Айниқса, Трантор киртга бўлган яккаҳокимликни тугатишга, баҳони пасайтиришга қарор


85

қилса, лом-мим демайдилар. Кейинчалик, албатта ваъдалар унутилади, бироқ бу пайтда кеч бўлади. Ягона мантиқий хулоса шу: Трантор Флоринани эгаллаб олиши мумкин. Агар, улар бошқа йўлдан борсалар, яъни тўғридан-тўғри ҳужум уюштирсалар, Трантор тасарруфига ўтмаган бутун озод Галактика ўзларини келгусида сақлаш учун ҳам биз томонга ўтадилар.
— Бу нарсаларга коинот тадқиқотчисининг қандай алоқаси бор? — сўради Руне. — Агар тахминингиз тўғри бўлса, сиз буни очиқроқ тушунтиришингиз лозим.
— Тахминим тўғри. Коинот тадқиқотчилари одатда бетайин бўладилар, бу тадқиқотчи эса аҳмоқона хомхаёлини ўртага ташлаяпти. Трантор буни эълон қилолмайди, акс ҳолда Коинот Тадқиқоти Бюроси унинг дабдаласини чиқариши турган гап. Бироқ, агар улар тадқиқотчини ушлаб олиб, қандайдир тафсилотларни билиб олишган бўлса, бу нарса уларга — номутахассис кишиларга катта аҳамиятга молик ҳодисадек туюлган тахминни аниқлаш имконини беради. Улар ана шу уйдирмага ҳақиқат тўнини кийдириб, ундан фойдаланишади. Илмийнамо миш-мишлар тарқалгач, Бюронинг рад жавоблари бу ёлғонга қарши курашда етарли кучга эга бўлмай қолди. Лекин биз хавфдан ўз вақтида хабар топдик. Эплолсак, коинот тадқиқотчисини топамиз. Биз, барча ўзимиз билган Трантор жосусларини ўзларига сездирмай синчиклаб кузатиб боришимиз зарур. Шу йўл билан уларнинг мақсадларини аниқлаш мумкин. Флоринадаги сайёра ҳалокати тўғрисида пайдо бўлган ҳар қандай миш-мишни таг-туги билан қуритиш лозим. Биринчи шивир-шивирдаёқ биз кескин ҳаракат қилмоғимиз даркор. Ҳозирча, анавиларнинг кейинги юришини кузатамиз...
***


86

Бу суҳбат бир йил аввал бўлиб ўтганди. Улар тарқалишди, шундан сўнг Сквайр Файф ҳаётида ҳеч вақт дуч келмаган сирли, кутилмаган муваффақиятсизлик рўй берди.
Иккинчи юриш қилишмади. Ҳеч ким бошқа ҳеч қандай хат- хабар олмади. Коинот тадқиқотчиси топилмади, Трантор эса сохта қидиришларини давом эттира берарди. Флоринада қиёмат-қойим яқинлиги тўғрисидаги миш-мишлардан асар ҳам йўқ эди. Кирт терими ва қайта ишланиши ҳар доимдагидек бекаму-кўст борарди.
Файф яна мажлис чақирди. Сквайрлар ўз вақтида пайдо бўлдилар. Биринчи навбатда лаблари қимтилган, икки-уч кундан бери олинмаган соқолини бир чеккаси синган қалин тирноғи билан қашлаётган Борт етиб келди. Кейин, юзидаги упа-эликни ҳозиргина ювиб ташлаган, рангпар, касалвон Стин ўз ўрнини эгаллади. Сўнгра, вужудини чарчоқ ҳамда лоқайдлик қамраб, ияклари ичига ботган, ёстиққа суянган Балле косадаги сути билан бирга пайдо бўлди. Охирги навбатда, икки дақиқага кечикиб, нимадандир норози қиёфада лаблари нам Руне етиб келди. Файф сўз бошлади:
— Сквайрлар! Ўтган гал мен сирли ва узоқ келажакда рўй бериши мумкин бўлган хавф тўғрисида гапиргандим. Мен янглишган эканман. Хавф мавжуд, лекин у биздан узоқ эмас экан. У жуда, жуда ҳам яқин. Мен нима ҳақда сўзлаётганимдан ҳар бирингиз хабардорсиз. Қолганлар ҳам тез орада буни биладилар.
— Сиз нима тўғрисвда гапиряпсиз ўзи? — кескин сўради Борт.
— Давлат миқёсидаги хиёнат ҳақида!