Тўртинчи боб
Тўртинчи боб
— Султонмурот, сенга нима бўлди? — Султонмурот Инкамол опани шундоққина партаси
олдига келгандагина пайқади.
— Ўзим. Ҳеч нима, — гўё ўзини оқламоқчидай ўрнидан турди.
Синф ҳамон совуқ ва жимжит эди. Болаларнинг одатдаги йўталлари аралаш ҳиринг-ҳиринг
кулгани эшитилди.
— Гоҳ беҳудадан беҳудага йўталинг тутади, гоҳ берилган саволни эшитмай қоласан, — деб
қўйди норозилик билан Инкамол опа совукдан елкалари қунишиб. — Бор, яхшиси, похол олиб
келиб, печкага ўт ёқ.
Султонмурот шуни кутиб тургандек, дарҳол ишга киришди. Ахир бунақа топшириқ дарс
пайтида доим бўлавермайди-да. Навбатчилар танаффус пайти похол олиб келиб печкани ёқиб
қўйишади-ю, аммо дарс вақтида бунақаси камдан-кам бўлади.
У отилиб ташқарига чикди. Юзига қор аралаш шамол урилди. Эҳ, Сейлон эмасда бу ер!
Ҳовли этагидаги похол сақланадиган омбор томон чопиб кетаётиб, отдан тушаётган колхоз
раиси Тиналиевни кўриб қолди. У фронтдан ярадор бўлиб қайтган. Ёш бўлишига қарамай, бир
томонга қийшайиб юради. Бир неча қовурғаси йўқмиш. Парашютдан ташлайдиган
десантчилардан экан. Урушгача агроном бўлган, дейишади. Аммо буни Султонмурот негадир
эслолмайди. Урушдан олдин ҳамма нарса худди бир дунёга ўхшайди, шунинг учунми, урушдан
бурунги ҳаётнинг бўлганлигига ишонмайсан ҳам...
Султонмурот бир қучоқ похол кўтариб, эшикни оёғи билан туртиб очганча синфга кириб
келди. Болалар бирдан жонланиб, шивир-шивир бошлашди.
— Тинчланинг, алаҳсиманглар! — улардан талаб қилди Инкамол опа. — Султонмурот,
шовқин кўтармай ишингни қилавер.
Печка ичида похол кули учқунлаб турарди. Ўша учқунга бир тутам похол солиб тутатди.
Яна қайта-қайта похол тутамидан ташларкан, печка гувиллаб ёниб кетди. Похол ташлаб
туришга улгурсанг бўлгани. Синф хонаси жонланиб қолди.
У орқасига ўгирилиб қарагиси, кимгадир афтини бужмайтириб кулдиргиси ва, айниқса, орқа
партада ўтирган Онатойга мушт ўқталиб пўписа қилгиси келарди. Кўряпсизми, у синфда энг
каттаси, ўн беш ярим ёшда, уришқоқ, бунинг устига, Мирзагулга тегажаклик ҳам қилади. Қани
энди, унга тилини кўрсата олса эди. Ма сенга, ма, деб! Аммо бундай қилиш мумкин эмас,
муаллималари қаттиққўл. Ҳа, уни ортиқча хафа қилишни хоҳламайди. Нимагадир кейинги
пайтларда унинг ёлғиз ўғлидан хат йўқ. Ўғли командир, артиллериячи. У билан жуда
фахрланади. Қандайдир хунук воқеа содир бўлиб, эри урушдан олдин қайгадир ғойиб бўлган.
Одамлар ҳам бу ҳакда ҳеч нарса гапиришмайди. Шунинг учун ҳам у овулга келиб ўқитувчилик
қиляптида. Ўғли Жамбулдаги педагогика билим юртида ўқиб юриб, ўша ердан фронтга кетди.
Деразадан отлиқ почтальонни кўриши билан Инкамол опа болалардан бирини тўғри дарсдан
чиқариб хатга чоптирарди. У эса югуриб ҳовлига чиқади-ю, агар хат бўлса ўзида йўқ шод
қайтади. Ҳатто келгуси сафар муаллиманинг хатини олиб келиш учун навбат белгиланган.
Хат келган кунлари байрам бўлиб кетади! Инкамол опа турган жойидаёқ хатга тезгина кўз
югуртириб чиқиб, қоғоздан бош кўтарганида синфда гўё бошқа муаллима пайдо бўлиб
қолгандай бўлади. Тутам-тутам оқ аралашган сочларини рўмоли остига чиройли қилиб
бостириб олган муаллиманинг шундай қувончга тўлганида хотиржам туриш, унинг кўзларида
ёш кўринганида юрагинг ачишмаслиги мумкин эмас.
— Ҳаммаларингга салом, болалар, каттакон салом! Оғаларинг соғ-саломат экан. Жанг
қиляпти, — дейди у суюнаётганини бутун синфдан яширолмасдан қалтироқ овозини босиб.
Барча унга талпиниб, гўё бу қувончни баҳам кўрадигандай чеҳраларига табассум ёйилади.
Бироқ бир озгинадан сўнг ўзи шундай дейди: — Энди, болалар, машғулотимизни давом
эттирамиз.
Ана шундагина дарснинг энг ажойиб, энг яхши онлари бошланади: унинг сўзлари таъсир
кучини оширади, фикрлари фикр туғдиради, у нима ҳақда гапирса, тушунтирса, исбот қилса,
ҳаммаси ўқувчиларнинг аклу юрагига жо бўлаверади. Унинг илҳоми жўшади-ю, бутун синф
сеҳрлангандек жим ўтиради...
Кейинги кунларда унга нимадир тинчлик бермасди, безовта қиларди... Шунинг учун бўлса
керак, синфга илмий мудир ҳамроҳлигида колхоз раиси Тиналиев кириб келганда Инкамол опа
астагина доска томон чекинди. Сўнг болаларга юзланиб истар-истамас деди:
— Ўринларингдан туринглар, болалар. Султонмурот, сен жойингга бор.
Султонмурот печка оғзини бекитиб, дарҳол ўз жойига йўналди. Келганлар саломлашдилар.
— Салом! — дея жавоб берди уларга бутун синф. Ўртага сергаклантирувчи жимлик чўкди.
Ҳатто ҳеч ким йўталмади ҳам.
— Бирор воқеа юз бердими? — дея сўради Инкамол опа бўғилиб.
— Ҳеч қанақа ҳодиса юз бергани йўқ, Инкамол опа, — дея уни дарҳол тинчлантирди
Тиналиев. — Мен бошқа иш юзасидан келган эдим. Болаларга гапим бор. Дарс пайтида
кирганим учун кечиринг, ижозат берган эдилар, — деди у кекса илмий мудир томонга ишора
қиларкан.
— Ҳа, муҳим гап бор, — деб таъкидлади илмий мудир ҳам, — ўтиринглар, болалар.
Синф дув этиб ўтирди.
Тиналиев яқингинада — кузда фронтдан келганидан бери раислик қилаётган бўлсада, уни
ҳамма биларди, ўзи ҳам бу ерда ўтирганларнинг деярли барчасини танийди. Демак, танишиш
учун келмаган. Бўлма-са, нега келади? Еттинчи синф ўқувчилари — овулда кўзга кўриниб
қолганлардан ҳисобланади. Уларнинг ҳар қайсиси билан қишлоқнинг ҳар бир жойида, уйда ҳам,
идорада ҳам, йўлда ҳам гаплашиш мумкин. Аммо раиснинг биринчи марта болаларга муҳим гап
айтиш учун атайлаб мактабга келиши эди. Нима демоқчи, қанақа янгилик бор экан? Ёзнинг
йўриғи бошқа, ҳаммалари колхозда ишлашарди, лекин ҳозир қандай гап бўлиши мумкин?
— Гап бундай, — деб сўз бошлади Тиналиев болаларнинг сергак юзларига диққат билан
боқиб. У бир томонга қийшайиб тургани кўзга ташланмаслиги учун қаддини тик тутишга
ҳаракат қиларди. — Мактабингиз совуқ, аммо сизларга похолдан бошқа нарса билан ёрдам
беришга ожизман. Похол бўлса, ҳаммага маълумки, гур этиб ёнади-ю, ўчади. Илгарилари
мактабни иситишга бериладиган таппини аввалига тоғдан орқалаб тушиб, кейин араваларга
ортиб келинарди. Ўтган йили бу иш билан шуғулланишга одам ҳам, вақт ҳам бўлмади. Ҳамма
фронтда, биласизлар. Мен икки тонна кўмирни яшириб қўйганман. Лекин бу кўмир
темирчиларга керак. Кўмирни ҳам, темирни ҳам чайқовчилардан сотиб олдим. Пайти келиб
улар билан ҳисоблашармиз. Ҳозир эса шароит оғир. Утган йили икки юз гектар ерга кузги
буғдой сеполмай қолдик, улгуролмадик. Ҳеч ким айбдор эмас. Уруш... Бироқ ҳамма жойда,
ҳамма колхоз-совхозлар бизга ўхшаб ҳосилни вақтида йиғиштиролмаса, уруғликни сепиб
улгуролмаса, ишни тугаллай олмаса, унда душманни қандай енгамиз? Уларни енгиш учун нон
ҳам, снаряд ҳам керак. Шу туфайли олдингизга келдим, болалар, ораларингизда баъзи
бировларингизга ўқишни вақтинча қўя туришларингизга тўғри келади. Ҳозир дам ғанимат,
уловни баҳорги шудгорга тайёрлаш керак, от-уловларимизга эса қараб қўрқиб кетасан —
рамақижон. Эгар-жабдуқни шай қилиш керак, улар ҳам илма-тешик бўлиб кетган, плугларни,
сеялкаларни ремонт қилиш зарур, бари қор тагида ётибди... Бу гапларни айтаётганимнинг
сабаби нима дерсизлар. Кузда эколмай қолган ерларимизга лалми экайлик дейман. Буни қандай
бўлмасин, фронтча қилиб айтганда, сўзсиз бажариш керак! Бу эса пландан ташқари, ўз кучимиз
билан қўшимча икки юз гектар майдонни ҳайдаб, баҳори ғалла экиш деган сўз. Икки юз гектар!!
Тушуняпсизларми? Аммо қани ўша куч, кимга суянайлик? Биз яна шундай қилишга қарор
қилдик: ўзимизда борларидан, баҳорги мавсумга тайёрланаётганлардан ташқари, қўшимча
равишда, икки тишли плугчилар бригадаси тузамиз. Ўйлаб, чамалаб кўрдик. Бу ишга хотинқизларни жўнатолмас эканмиз. Ораси узоқ, Оқсойда. Одам йўқ. Ахийри, сиз ўқувчилардан
ёрдам сўрашга қарор қилдик...
Баджаҳл ва тунд, армиядан кийиб келган кулранг шинелини ечмай, кулранг қулоқчинда
доим дийдираб юрувчи, ташвишдан юзлари жиддий, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга
қийшайиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қараманг, елкасига дала сумкасини осиб юрадиган
раис Тиналиев ана шундай деди...
Раис Тиналиев география харитаси осиғлиқ мактаб доскаси ёнида турганча одамлару бутун
замин-у денгизларни, жумладан, Цейлон, Ява, Суматра, Австралия сингари ёғ ичиб, яланғоч
ётадиган ажойиб-ғаройиб иссиқ ўлкаларни ҳам сиғдира олган ўша харита олдида туриб ана шу
алфозда сўзлар эди.
Иситишдан кўра ивирсиғи ортиқ похол ёқиб илитилаётган мактабда раис Тиналиев ана шу
алфозда сўзлар эди. У узоқ Оқсойдаги юзлаб гектар қўшимча ерларга фронт учун баҳори ғалла
экиш ҳақида гапираркан, унинг оғзидан ҳовур чиқиб турарди...
Ҳа, раис Тиналиев ана пгундай деди...
Ташқарида ҳамон қор бўралаб, тирқишлардан ғўриллаганча совуқ ел кирар, симёғочга
қантариб қўйилган, ҳурпайган отнинг шамолда депсиниб, бошини панага олишга интилаётгани
Султонмуротга кўриниб турар эди. Шамол отнинг ёлларини тўзғитар, ингичка думини бир ёнга
итқитар эди. От бечора совқотган бўлса керак...
Ҳа, бу ер Сейлон эмас...
— Яхши кунда мен сизларни ўқишдан қолдирармидим, — деди Тиналиев. — Бошқа илож
йўқ. Ўзларинг ҳам тушунишларинг керак. Урушдан кейин, балки омон бўлсам, мен ўзим
сизларни мактабга бошлаб келиб, ўқишни давом эттиришларингни илтимос қиламан. Ҳозир эса
аҳвол мана шунақа...
Кейин илмий мудир сўзлади. Сўнгра яна Тиналиев гапирди. Охири синф жонланиб кетиб,
болалар қўл кўтариб: «Мен бораман, ишлашга мен ҳам бораман», — деб чуғурлаша
бошлаганларида Тиналиев дарҳол аниқлик киритди:
— Кимда-ким раисга, ҳар қандай ўқувчи ҳам бўлаверади, деб ўйласа, адашади. Кимки ёмон
ўқиган бўлса, у ёмон ишлайди. Иккинчидан, яхши ўқийдиган ўқувчининг кейинчалик етиб
олиши осон бўлади. Мана сен, Султонмурот, синфдагиларнинг энг каттасига ўхшайсан...
Болалар шовқин кўтаришди:
— Ичимизда энг каттамиз Онатой. Яқинда ўн олтига киради!
— Мен ҳозир ёшини айтаётганим йўқ. Бўй-басти ҳақида гапиряпман. Муҳими, бу ҳам эмас.
Мана сен, Султонмурот, — деб яна унга юзланди раис. — Сен ўтган йили полизда ер
ҳайдагансан-а, шундайми?
— Ҳа, — дея жавоб қайтарди Султонмурот ўрнидан туриб. — Орол кўчасида ер
ҳайдаганман.
— Икки тишли, тўрт от қўшилган плугдами?
— Ҳа, икки тишли, тўрт от қўшилганида, лекин мен фақат ёрдам берганман, холос. У
Сартбойнинг плуги эди, уни ўша кунлари армияга олишган, экин пайти эса ўтиб кетаётган эди.
Чекиш оқсоқол кўмаклашишни илтимос қилди.
— Биламан. Шунинг учун ҳам гапни сендан бошладимда, — деди раис.
Ҳамма ялт этиб Султонмуротга қаради. У Мирзагулнинг ҳам тикилиб турганини кўрди.
Мирзагул унга бошқаларга қараганда ўзгача нигоҳ ташлади. Гап ўзи ҳақида бораётгандек,
қизариб кетди. Бундан Султонмурот ўнғайсизланиб, юраги дукиллаб ура бошлади.
— Мен ҳам полизда ер ҳайдаганман! — дея ўтирган жойидан бақирди Онатой.
— Мен ҳам, — дея қўшиб қўйди Эркинбек. Яна кетма-кет овозлар эшитилди.
Тиналиев болаларнинг жим бўлишларини илтимос қилди.
— Келинглар, болалар, навбат билан гапирайлик. Бу ерда муҳим иш ҳақида гап кетяпти.
Гапни ўқишдан бошлайлик. Сенинг ўқишинг қалай? — дея у яна Султонмуротга юзланди.
— Унчалик эмас, — деди Султонмурот.
— Нимаси унчалик эмас?
— Унчалик ёмон эмас.
— Яхши ҳам эмас, — деб қўйди шу пайтгача жим ўтирган Инкамол опа. — Мен унга сен
бундан кўра яхшироқ, юз марта яхшироқ ўқишинг мумкин, деб доим айтаман. У жуда
қобилиятли. Лекин ҳамма бало шундаки, калласи бўлмағур хаёллар билан банд бўлаверади.
— Ҳа-а, — деди раис ўйчанлик билан. — Мен умид қилган эдимки... Ҳа, майли. Сенинг
отанг фронтда. Унинг учун ош-нон етказиб берадиган пайтинг келди. Сенинг ўқишинг-чи,
Онатой?
— Меники ҳам шунақа, — деди Онатой хўмрайиб ўрнидан тураркан.
— Бундан чиқди, бир-бирларингиздан қолишмас экансиз-да, — деди кулиб Тиналиев, бир оз
индамай тургач, пгундай деди: — Мактабга яна қайтганларингда ўқишнинг қадр-қимматини
чуқурроқ тушуниб оласизлар. Биламан, ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган. Сал нарса бўлса, бор-е,
ишлайман, дердик. Фақат ишлаш учунгина яшайдими одам? Сен нима деб ўйлайсан, Онатой?
Онатой нималардир деб изоҳ бермоқчи бўлди-ю, аммо кейин ростига кўчиб қўя қолди:
— Билмадим.
— Мен ҳам кўп гапни билмайман, — деди Тиналиев, — бироқ уруш бўлмаганда ўқишга
борардим, яна ўқиган бўлардим...
Синфдаги болалар ошкора кулиб юборишди. Кулгилида, кап-катта одам, колхоз раиси
бўлса-ю, яна ўқимоқчи эмиш. Уларнинг эса ўқиш жонларига теккан.
— Бунинг нимаси кулгили? — деб жилмайди Тиналиев. — Ҳа, болалар, мен ўқишни жуда
хоҳлардим. Буни сизлар ҳам кейинроқ тушуниб оласизлар.
Шунда кимдир пайтдан фойдаланиб унинг сўзини бўлди:
— Раис амаки, самолётдан сакраганингиз ростми? Тиналиев бош ирғади.
Бола тағин савол ташлади:
— Вой-бўй! Қўрқмадингизми? Мен бир марта тамаки омборининг томидан пичан ғарамига
сакраганимда тиззаларим қалтираб кетган!
— Ҳа, сакраганман. Фақат парашут билан, — деб тушунтирди Тиналиев. — Бу гумбазга
ўхшаган нарса, тепангда худди ўтовга ўхшаб очилади...
— Биламиз, биламиз, — дея чувиллашди болалар.
— Ана шундай, биз десантчилар эдик. Парашут билан сакраш вазифамиз эди.
— Десант нима дегани? — деди яна кимдир.
— Десантми? Бу кўчма, жанговар отряд. Энг муҳими, махсус топшириқларни амалга
ошириш учун юбориладиган отряд. Билдиларингми, тушунарлими?
Синфга жимлик чўкди.
— Десант бир нечта ва бир неча минг одамлардан тузилиши мумкин, — дея давом этди
Тиналиев, — Муҳими, десант душманнинг орқа томонига ўтиб олади-да, мустақил ҳаракат
қилади. Агар унча тушунмаган бўлсаларинг, бошқа бирон кун гапириб берарман. Ҳозир эса
ишга ўтайлик. Онатой, сен ўтир, нега тик турибсан? Сенинг отанг ҳам фронтда жанг қиляпти.
— Меники ҳам!
— Менинг отам ҳам!
— Меники ҳам! Тиналиев қўлини кўтарди:
— Мен ҳаммасини биламан, болалар. Эртадан кечгача фақат колхоз иши билан овора, деб
ўйламанглар. Ҳаммасидан хабарим бор: кимлар армияда-ю, кимлар госпиталда эканлигини
биламан. Сизларни ҳам яхши биламан. Шунинг учун сизларнинг олдингизга келдим. Гап шу.
Онатой, отангга нон етказиб беришга сен ҳам борасан. Сен ҳам бир йилчами, кўпроқми
мактабни қўя туришингга тўғри келади.
— Мен ҳам! Мен ҳам! Мен ҳам! — деб баъзи болалар ўринларидан сапчиб тура
бошладилар. Негаки бунақа пайтда ҳар ким ҳам ботир бўлиб кетади. Буёкда мактабга
қатнашдан қутулади. От ҳайдайсан, холос. Бундан ортиқ яна нима керак?
— Йўқ, шошманглар! — деб уларни тинчитди раис. — Бунақаси кетмайди. Фақат плутда
ишлаганлар боради. Мана сен, Эркинбек. Сен ҳам ер ҳайдаганмисан? Мен биламан, отанг
Москва остонасида ҳалок бўлган. Кўпгина оталаримиз, акаларимиз ҳалок бўлганлар. Сендан
ҳам илтимос, Эркинбек, бизга ёрдам бер. Ўқиш ўрнига сенинг ҳам ер ҳайдашингга тўғри
келади. Бошқа чорамиз йўқ. Онангга бўлса ўзим тушунтираман...
Кейин раис яна икки кишининг — Эргаш билан Қуббатқулнинг исмини айтди. Эртага
эрталаб ҳаммалари отхонада, бригадирларнинг эрталабки иш тақсимотида ҳозир бўлишларини
тайинлади.
Уйда, ярим кечаси ётишга ҳозирланаётганларида Султонмурот колхоз раиси мактабга
келганини онасига гапириб берди. Онасига жимгина пешанасини силаб, ҳорғингина қулоқ
солди. У кун бўйи колхозда, фермада, кечқурун уйда болалари билан банд эди. Тентак
Ажимурот бўлса, беҳуда қувониб ўтирибди:
— Вой-бўй! ўқимас экансан! От қўшиб плугда ер ҳайдар экансан! Мен ҳам ер ҳайдайман!
— Дарсингни тайёрладингми? — сўради онаси.
— Ҳа, тайёрладим, — деди Ажимурот.
— Бор, ётиб ухла, унингни чиқарма! Тушундингми?
Катта ўғлига эса ҳеч нима демади.
Қизларини ўринларига ётқизиб, чироқни ўчириш олдидан маъюс тортиб, ўйланиб қолди.
Афтидан, Султонмуротни ухлаб ётибди деб ўйлади шекилли, бошини қўллари орасига олиб
йиғлаб юборди. Нозик елкалари титраб, унсиз узоқ йиғлади. Султонмуротнинг юраги эзилиб
кетди, ўрнидан туриб, қандайдир яхши гаплар айтиб онасини юпатгиси, овутгиси келди. Бироқ
безовта қилишга журъат этмади, майли, юрагини бўшатиб олсин. Ахир, онаси ҳозир отаси
ҳақида ҳам (у ёқда, урушда қандай аҳволда экан, деб), болалари ҳақида (улар тўртта), уйи ва ҳар
хил бошқа эҳтиёжлар ҳақида ўйлаяпти-да.
Аёл киши аёллигига боради. Ўқтин-ўқтин йиғлайди. Раис Тиналиев синфдан чиқиб
кетганидан сўнг муаллима Инкамол опанинг ҳам кўнгли жуда бузилиб кетди, ҳатто ўзини
йўқотиб қўйди. Аллақачон танаффусга қўнғироқ чалинган бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади. Синф
ҳам уни кутиб ўтирар, ҳеч ким ташқарига чиқмас, ҳамма муаллиманинг ўрнидан туриб, эшик
томон юришини кутар эди. Эшик олдига келганида Инкамол опа йиғлаб юборди. Ўзини
тутишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади. Кўзида ёш билан чиқиб кетди. У унутиб қолдирган
харитани ўқитувчилар хонасига олиб кирган Мирзагул ҳам кўзлари ёшга тўлиб қайтиб келди.
Ҳа, аёллар аёллигига боради. Ҳаммага ачинишади улар, шунинг учун кўп йиғлашади. Нима
қилибди, бир йил ўтар, икки йил ўтар, уруш тугаши билан яна ўқишни давом эттиришар...
Султонмурот мана шулар ҳақида ўйлар экан, ташқарида учқунлаб ёғаётган қор шивирига
қулоқ тутганча ухлаб қолди.
Эртасига ҳам яна ўшандай учқунлаб қор ёғди. Изғирин музлаган ер устини яларди. Булутлар
карвони осмонда вазмин сузарди. Отхонага етиб боргунча Султонмурот совқотиб кетди.
Раис Тиналиевнинг режалари Султонмуротнинг кеча ўйлаганидан мушкулроқ чиқиб қолди.
Аввалига раис ва озғин, сариқ соқол, ҳаммаларига тўрттадан нўхта тутқазган бригадир Чекиш
чол билан эски отхона олдидаги қўрага боришди. Қор босган қўрада аравага қўшиладиган отлар
бошларини эгиб, қуруқ охурлардаги нишхўрд хашакни чимдишарди. Маълумки, ёзда отлар
семиз бўлади, қишда эса эт ташлайди. Лекин буларнинг фақат териси-ю устухони қолган, холос.
Уларни ишлатиб-ишлатиб, қиш келиши билан оғилхонага қамаб қўйишибди. Боқадиган,
парвариш қиладиган одам йўқ. Ем-хашак танқис. Борини ҳам баҳорги ер ҳайдашга сақлаб
қўйишганди.
Болалар саросимада тўхтаб қолишди.
— Нега қаққайиб қолдиларинг? — деб бақирди Чекиш чол. — Бизга Манас тулпорларини
қўш қўллаб тутқазишади, деб ўйлаганмидинглар? Бир чеккадан танлайверинглар,
адашмайсизлар. Яна йигирма кундан кейин бу қирчанғиларнинг ҳар биттаси буқадай
ирғишлайдиган бўлиб қолади. Буларнинг зуваласи пишиқ — фақат ем беру парвариш қил!
Бошқаси билан ишларинг бўлмасин!
— Олинглар, болалар, ҳамма керакли нарсалар билан таъминлаймиз, — деб қўшиб қўйди
раис. — Бошланглар. Ҳар бирингга тўрттадан. Дуч келганини олаверинглар.
Шунда кутилмаган ҳол юз берди. Бу ташландиқ қўрадаги қаровсиз ориқ отлар орасида
отасининг Чопдор ва Чонтор деган отлари ҳам юрар эди. Султонмурот аввал Чопдорни, кейин
Чонторни таниб қолди. Уларнинг калладор, ҳурпайган, туртсанг йиқилгудеклигини кўриб
Султонмурот ҳам қувониб, ҳам қўрқиб кетди. Отаси билан шаҳарга тушганларини эслади.
Қандай отлар эди-я, булар отасининг қўлида эканлигида! Тетик, бардам, кучли. Энди бўлса...
— Ана, қаранг, ана, отамнинг отлари! — деб қичқирди Султонмурот раисга ва бригадирга
қараб. -, Мана, Чопдор, мана, Чонтор!
— Тўғри! Ҳақ гап! Улар Бекбойнинг отлари! — дея тасдиқлади Чекиш чол.
— Ундай бўлса, ола қол шуларни! Отангнинг отларини ола қол, — деб буюрди раис.
Султонмурот отасининг отлари ёнига яна иккита отни — Окдум ва Бурулни қўшиб олди.
Кейин қолганлар ҳам ўзларига от танладилар.
1943 йилнинг қишида уларни мактабдан ажратган муҳим иш ана шундай бошланди...
Иш ўйлагандан ҳам кўпроқ эди. Ҳар куни отхонага боришлари, кекса Парпи ва унинг оқсоқ
босқончисига ишлашларига зарур бўлган плугларни ремонт қилишга ёрдам бериш учун
темирчилик устахонасига чопишлари керак эди. Авваллари кераксиз деб ташлаб юборилган
ҳамма темир-терсакларни энди йиғишга ва тозалашга тўғри келди. Ҳатто ўз вазифасини ўтаб,
ўтмаслашиб қолган плуг тишларини ҳам қайтадан ишга мослаштирдилар. Темирчилар болға
билан уриб уларнинг дамини ўткирлаштирар, олов ва сувда обдан тоблар эдилар. Плут
тишларининг ҳаммасиниям чархлаб бўлмасди, бироқ агар уддасидан чиққудек бўлса,
Парпининг боши кўкка етарди. Шундай пайтлари у босқончисини устахона томига чиқариб,
отхонадаги болаларни чақиртирарди.
— Ҳой, қўшчилар! — чақирарди уларни томдан туриб оқсоқ босқончи. — Бу ёққа
чопинглар, уста ака чақиряпти!
Болалар чопиб келишар ва шунда Парпи чол ҳали иссиқ, салмоқли, қорамтир-кўкиш
тусдаги, янгитдан ўткирланган плуг тишини токчадан оларди.
— Ма, ол, — узатарди у ўткирланган янги тишни олиш навбати келган одамга, — ол,
қўлингга ушлаб кўр. Яхшилаб қара. Бор, плугингга солиб боқ. Эҳ! Чиройлилигини-чи! Худди
узукка кўз қўйгандек! Шудгор қилаётганингдами, худди Тошкент ойнасидай ярақлаб туради.
Бунақа тишларда юзларингни томоша қилиб юрасизлар! Балки бирорта қизга кўзгу ўрнида
совға қиларсизлар-а? Зап совға бўлади-да! Энди у ёққа, токчангга қўйиб қўй. Кейин далага олиб
борарсан. Ана шундай, кейинги сафар бошқа бирингга ясаб бераман. Ҳаммага ясаб бераман.
Ҳеч ким тишсиз қолмайди. Ҳаммага уч жуфтдан ясаб берарман. Фақат ўзимга янги тиш
қилолмайман. Сизларга тишларни етказиб берамиз. Ҳали сизлар, болалар, бизларни далада кўп
эслайсизлар. Ахир плугнинг энг муҳим қисми тишида! Бошқа барча қисмлар азбаройи тиш деб
қурилган. Тиш кучли бўлса, шудгор ҳам кучли бўлади. Тиш ўтмас бўлса, қўши ҳам ожиз. Мана
шунақа...
Ажойиб одам эди Парпи чол. Умр бўйи темирчилик қиларди. Мақтанишни яхши кўрарди-ю,
аммо ўз ишига пухта эди.
Эгар-жабдуқ устахонасига ҳам тез-тез бориб туришга тўрри келарди. Чекиш бригадир
абзалларни ҳозирлашга ёрдам қилинглар, деб тайинлар эди. Абзалсиз ҳеч қаёққа
боролмайсизлар. Плуглар ҳам, отлар ҳам бор дейлик, аммо абзалсиз ҳаммаси уч пул. Бу тўғри
гап. Шунга кўра уларнинг ҳар бири жон куйдириб, қўлларидан келганча ўз отларига эгаржабдуқларни тезроқ тайёрлаш учун саррочларга1 ёрдамлашарди.
Энг муҳим, энг асосий иш — отларни боқиб парвариш қилишдан иборат эди. Кун бўйи,
эрталабдан кечгача отхонада бўлиб, ишдан кеч қайтишарди. Уйга фақат тунда, отларнинг
сўнгги улушини, хашакни бериб бўлгач, қайтишарди. Жуда шошилиш керак эди!
Вақт жуда зиқ эди. Январнинг охири тугаб борарди. Уловни ишга солишга ўттиз, нари
борса, ўттиз беш кунча қолган эди. Отларни оёққа турғазишга ва шудгор бошлангунча
кучларини тиклашга улгуришадими-йўқми — буёғи энди уларга, плугчиларнинг ўзларига
1 Сарроч - эгар-жабдуқ устаси.
боғлиқ эди. От ухлаяпти, унинг олдидаги охурда доим, кечаси-ю кундузи ем туриши шарт,
жонивор шундай мавжудот...
Тиналиевнинг ҳисоби бўйича февралнинг охири, ерлардан қор кетиши билан плуглар Оқсой
участкасига чиқиши керак эди. Қачонлардир, узоқ вақтлар муқаддам, одамлар Оқсойни
шудгорлаб уруғ сочишган. Аммо кейин негадир Оқсой далалари ташлаб кетилган. Балки Оқсой
узоқ ва кимсасиз бўлганидандир, балки у ерлар суғориладиган майдон бўлмагани, бунинг
устига, тепаликларда жойлашгани учундир. Бригадир Чекишнинг таъкидлашича, отаси унга
шундай деган экан: Оқсойга чиққан қўшчи ё ҳеч вақосиз қолиб хонавайрон бўлади, ё хирмонни
ташиб ололмай одам ёллайди. Биринчи шарти — вақтида экиб олиш. Иккинчиси— Оқсойдаги
ҳосил ёмғирга ҳам боғлиқ. Чекиш чол ана шундай дер эди.
«Деҳқон доим таваккал қилади, аммо доим умидвор бўлади», — дер эди Тиналиев. Тиналиев
шунга суянар ва бахтимизга ёмғир ёғиб, Оқсойнинг ғалла хирмони уйилиб қолади, деган умид
билан қўшчиларни ғайратлантирар эди...
Кунлар ўтди. Ҳафта охирига бориб отлар сезиларли даражада жонланиб, бир оз этга кириб,
ишлар юришиб қолди. Кунлар илий бошлади. Қиш гўё хаёл суриб, кетишга чоғланиб қолгандай
эди. Шунинг учун ҳам кундуз кунлари отларни офтобга, ташқаридаги охурларга олиб чиқишар
эди. Офтобда отлар яхшироқ қавзаниб, тезроқ эт олишарди. Йигирма бош Оқсой десанти девор
олдидаги узун охурлар бўйлаб тўртта-тўрттадан саф тортишганди. Раиснинг эрталабки
текширувида болалар ўз отларининг ёнида шай туришарди. Уларга Оқсой десанти деб Тиналиев
ном қўйганди. Шу-шу бригадирлар ҳам, аравакашлар-у отбоқарлар ҳам уларни айнан десантчи,
десантчилар, Оқсой отлари, Оқсой пичани, Оқсой плуглари деб атай бошлашди. Одамлар
отхона ёнидан ўтаётиб, десантнинг иши қандай кетаётганини билмоқ учун кўз ташлашарди.
Оқсой десантчилари ҳақида бутун овул гапирарди. Тиналиев Бекбойнинг ўғли Султонмуротни
десантчиларга командир қилиб тайинлаганини ҳам ҳамма биларди. Бу ишга, албатта, Онатой
қарши чиқди. У дарҳол баҳслаша бошлади:
— Нега энди Султонмурот командир бўларкан? Балки биз уни хоҳламасмиз!
Бу сўзлар Султонмуротни ёндириб юборди. Чидаб туролмай деди:
— Мен умуман командир бўлишни хохламайман! Хоҳласанг ўзинг бўлавер!
Болалардан Эркинбек ва Қуббатқул ҳам баҳсга аралашишди:
— Онатой, унга ҳасад қиляпсан! Сенга нима? Айтдиларми, бас, командир Султонмурот!
Эргаш эса Онатойнинг ёнини олди:
— Онатойнинг қаери кам? У бақувват! Фақат бўйи Султонмуротникидан сал пастроқ.
Мактабда синфкомни сайлагандик, келинглар, командирни ҳам танлаб сайлаймиз... Қачон
қарасанг — Султонмурот, Султонмурот!
Тиналиев уларни жимгина тинглаб турди, кейин эса жилмайиб қўйди ва бошини чайқаб,
бирдан жиддийлашиб жаҳли чиқди.
— Қани жим бўлинглар-чи! — буюрди у. — Бу ёққа келинглар. Сафланинглар. Мана
бундай, бир қатор бўлиб. Десантмисизлар, десантдай бўлинглар. Энди эса менга қулоқ
солинглар. Эсларингда бўлсин, командир сайланмайди. Командир юқоридаги бошлиқ
томонидан тайинланади.
— Ўша бошлиқнинг ўзини ким тайинлайди? — сўзини бўлди Эргаш.
— Яна ҳам юқорироқдаги бошлиқ! Орага жимлик чўкди.
— Гап бундай, болалар, — давом этди раис. — Уруш кетяпти, ҳарбийчасига яшашимизга
тўғри келади. Билиб қўйинглар, мен сизлар учун бошим билан жавоб бераман. Иккитангизнинг
отангиз ҳалок бўлган, учтангизнинғ оталарингиз фронтда. Мен сизлар учун тириклар ва
ўликлар олдида ҳам жавобгарман. Аммо мен бу жавобгарликни сизларга ишонганим учун
оляпман. Сизлар плугларингиз билан олисга, Оқсойга бориш олдида турибсизлар. Худди
алоҳида топшириқ олган парашутчилар десантидай анча куну тунни чўлда ёлғиз ўтказасиз.
Агар салга баҳслашадиган ва бақиришадиган бўлсангиз, қандай яшайсиз ва қандай ишлайсиз у
ерда?
Раис Тиналиев отхонада, болалар сафи олдида туриб ана шу тахлитда сўзлар эди. Собиқ
парашутчи ҳамон ўша кулранг армия шинели, ўша кулранг ҳарбий қулоқчинида, чўзинчоқ
юзлари ташвишли, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга майишиб қолган, қовурғалари
майиб, қачон қарасанг, дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев болалар қаршисида тик
турар эди.
Бекбойнинг ўғлини командир қилиб тайинлаган раис Тиналиев Оқсой десанти сафи олдида
туриб ана шу алфозда сўзлар эди.
— Ҳаммаси учун сен жавоб берасан, — деди у, — одамлар учун ҳам, плуглар учун ҳам, отуловлару эгар-жабдуқлар учун ҳам. Оқсойдаги шудгорга ҳам сен жавоб берасан. Жавоб бермоқ
— бу топшириқни бажармоқ дегани. Эплолмасанг командир қилиб бошқа одамни тайинлайман.
Ҳозирча эса ҳеч қанақа ва ҳеч кимнинг эътирозини инобатга олмайман.
Раис Тиналиев ўша куни отхонада кичкинагина Оқсой десанти сафи оддида туриб, ана шу
тахлитда сўзларди.
Қўшчилар ихлос ва ҳайрат билан унинг юзига тикилиб, ҳар қандай буйруғини бажаришга
тайёр туришарди. У болаларнинг олдида худди Манасга ўхшаб ҳайбатли, пахмоқ соч, совутда,
улар бўлса унинг ёнида содиқ ботирларидай туришарди. Гўё қўлларида қалқон ва белларида
қиличлари бордай эди. Манас ўз умиди, ишларини ишониб топшириб қўйган ўша
азаматларнинг ўзлари кимлар эди?
Биринчи паҳлавон — Султонмурот. Майли, энг каттаси бўлмаса ҳам у ўн бешга кирган эди.
Аммо ақли ва ботирлиги учун командир қилиб у — Бекбойнинг ўғли Султонмурот тайинланган
эди. Унинг отаси эса оталарнинг ичида энг зиёди, бу пайт узоқ сафарда — катта урушда эди. У
ўзининг жанговар оти — Чопдорни Султонмуротга қолдирди. Султонмуротнинг кичик укаси
Ажимурот ҳам бор. Укасини у гоҳо жиғига текканига қарамай яхши кўрар эди. Султонмурот
яна гўзал Мирзагул бекачни ҳам пинҳона севарди. Мирзагул бекачнинг табассумидан гўзалроқ
табассум йўқ. Туркистон терагидай сарвқомат, юзлари оппоқ қордай, кўзлари эса зулмат тоғ
бағридаги гулхандай...
Иккинчиси — машҳур паҳлавон Онатой ботир эди. У отрядда энг каттаси, қарийб ўн олти
ёшга тўлиб қолганди. Бўйи оз-моз пастроқ бўлса ҳам, у ҳеч кимдан ҳеч нимада қолишмасди.
Аммо куч беллашганда ҳаммадан ўтарди. Унинг оти, ботирнинг ўз номига ўхшаш Оқтўриқ
камон ўқидай сапчирди! Онатойнинг отаси ҳам улкан урушда, узоқ сафарда эди. Онатой ҳам
ўша ой юзли Мирзагул бекачни пинҳона севар эди. Соҳибжамолнинг бўсасига интиқ эди...
Учинчи паҳлавон — ёқимтой йигитча Эркинбек ботир эди. Оиланинг тўнғичи. Ажойиб ва
садоқатли дўст. Гоҳо у маъюс уҳ тортиб, пинҳона йиғлаб ҳам оларди. Унинг отаси ўша узоқ
сафарда Москвани ҳимоя қила туриб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди. Эркинбекнинг жанговар
оти ботирга мос Оқпайпоқ — яъни, оқ пайпоқли тулпор, деб аталарди.
Тўртинчи паҳлавон — Эргаш ботир эди. У ҳам дўст, ҳам ўртоқ. Ўн беш ёшларда. Ўз
фикрларини айтишни яхши кўрар, баҳсларга аралашаверарди. Аммо ишда эса унга ишонса
бўларди. Унинг отаси ҳам жанг-у жадалда — узоқ сафарда. Эргашнинг оти ўзига уйқаш
Олтинтуёқ деб аталарди.
Бу ботирларнинг ичида бешинчиси — Қуббатқул ботир эди! У ҳам ўн беш ёшларда, у ҳам
оила тўнғичи. Қуббатқулнинг отаси ўша узоқ сафарда, ўша жанг-у жадалда, Белоруссия
ўрмонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Қуббатқул толиқишни билмайдиган меҳнаткаш. Қар
қандай ботир каби ўз оти Ипакёл тулпорини жуда севади.
Тиналиевнинг қаршисида мана шундай ботирлар туришарди. Уларнинг ортида ингичка
бўйинлари ва бошлари орқасида, от боғланадиган жойдаги узун охур ёнида икки тишли
плугларга қўшилган, Оқсой томон жўнаши керак бўлган йигирмата от турарди...
Қор кетиши билан улар Оқсойга, Оқсойга шудгор қилишга кетишади!
Оқсойга, ер селгиши билан Оқсойга қўш ҳайдашга боришади!
Аммо атрофда қор кетганича йўқ, ҳали у ерни қоплаб ётарди. Бироқ кунлар яқинлашиб,
ҳамма нарса ўша кунга шай турарди...