ҚИЛИЧ ВА ҚАЛҚОН
Оқшом учовлари жам бўлишди. Улар бир кўчада улғайишиб, бир синфда ўқиган бўлсаларда, интилишлари турлича эди. Жаҳонгир биофизикани, Султон археологияни, Тўлқин
ёзувчиликни танлади. Кексайиш палласига ҳам улар турлича қадам қўйдилар. Султон кўпроқ
юрганиданми, ё очиқ ҳавода кўп ишлаганиданми дўстларига қараганда бақувват кўринарди.
Қотма жуссаси, ҳаракати, қарашидаги тетиклик ва яширин шиддат уни анча ёш кўрсатарди.
Фақат оқарган чакка сочларию қисиқ кўзлар четидаги ажин умрнинг кўп қисми ортда
қолганидан дарак бериб турарди.
Жаҳонгир ёшлигида ҳам жиккак эди. Қаригач, яна кичрайгандай бўлиб қолди. Тўлқин эса
дўстларининг акси, сочлари қирқни қораламаёқ тўкилиб битди. У ҳаддан зиёд семирган,
кичикроқ қалам гўштдор бармоқлари орасида кўринмай кетарди.
Илгари ойда икки марта учрашишни одат қилишганди. Кейин бир марта, сўнг икки-уч ойда
бир кўришадиган бўлишди. Умр ўтган сайин иш камайиш ўрнига кўпайиб, учрашув ва
зиёфатларга вақт етишмай қолди.
Мана бугун ҳам икки ойлик танаффусдан сўнг Жаҳонгирнинг тажрибаси баҳона бўлиб
йиғилишди. Аввалига чой ичиб, ўтган-кетган гапларни эслашди. Тўлқин янги ёзмоқчи
бўлаётган асарини гапириб берди.
— Бу ишингни тезроқ тугат. Жаҳонгир сенга етти ухлаб тушингга кирмаган бир мавзу топиб
қўйган, — деди Султон.
— Демак, менсиз учрашибсанлар-да?
— Ҳа, кеча Жаҳонгирнинг тажрибахонасига борган эдим. Уни табриклашинг мумкин.
Тўлқин ўрнидан туриб қучоқ очди.
— Нега боядан бери индамай ўтирибсан! — деб дўстини бағрига олди. — Мана энди
ваъдангнинг устидан чиқасан. Янгиликни ўзим эълон қиламан.

6
— Қайси ваъда?
— Ие, элалломангнинг қурилишини, иш усулини синовдан ўтгач тушунтираман,
демаганмидинг?
— Дегандим. Сени шунинг учун таклиф қилдим. Ундан ташқари, бир маслаҳатли иш ҳам бор.
Майли, уни кейинроқ айтаман. Бўлмаса эшит: содда қилиб айтганда, элаллома
радиотўлқинларни қабул қилиб олувчи асбобга ўхшайди. Улар орасида асосан иккита фарқ
бор: аввало, элаллома улардан бир неча юз баробар сезгир, иккиламчи ва энг муҳими,
элаллома биотўлқинларни қабул қилишга мўлжалланган. Биоток, биотўлқин, биомайдон Ерда
ҳаёт бошлангандан бери мавжуд. Одам гапиради. Овоз ҳаво зарраларини маълум масофада
тебратгач, уни қулоқ қабул қилиб олади. Бу жараён радиостантсияга ва у ажратган
радиотўлқинга ўхшамайдими? Биотўлқинда эса, кучли радиостантсия ролини бош мия
бажаради. Ҳар бир кишининг мияси маълум миқдорда тўлқин ажратади. Менимча, шу
тўлқиннинг кучи ўша одамнинг буюклигини ё иқтидор даражасини белгилайди. Миядан тўлқин
ажралади, деганимга телепатия ҳам асос бўлиши мумкин. Бошқа бир кишининг фикрини ўқиш,
ёки фикран буйруқ бериб, унинг ҳаракатларини бошқариш шу тўлқин орқали амалга
оширилади.
Радиостантсия ишдан тўхташи билан тўлқин сўнмайди. Радиоприёмник қабул қила
олмайдиган даражада кучсизланиб, маълум муддат фазода юради. Баъзи тўлқинлар йиллаб
йўқолмаслиги мумкин. Одам ҳам шундай. Мия фаолиятини тўхтатгач, биомайдон бутунлай
йўқолмайди. Лекин шу ерда бир масала устида аниқ хулосага келолмаяпман. Мен сўзимнинг
аввалида тўлқиннинг кучи одамнинг буюклигини белгилайди, дедим. Агар шу фаразим тўғри
чиқса, буюкларнинг руҳий дунёсини тезроқ тиклаш мумкин бўлади. Булоқбошидаги
қабристондан иккита тоштобут чиққан экан. Кеча очиб кўрдим. Жасадлар яхши сақланган.
— Тажриба бошласанг мен бехабар қолмай, — Тўлқин анчадан бери ушлаб ўтирган
сигаретасини лабига қистириб гугурт қидирди. Султон ёнидан ёққич олиб, унга тутди:
— Агар истасанг, тажрибада бевосита иштирок этишинг мумкин.
— Қандай қилиб? Мен техникани яхши билмайман-ку?
— Билишинг шарт эмас. Кичик бир оператсия ва миянгга ўрнатилган икки жуфт электрод
етарли.
Тўлқин, ҳазиллашаяпсанми, дегандай, Султонга қараб қолди. Кейин Жаҳонгирга юзланди:
— Бу нима деяпти? Мияга электрод қўйиш тақиқланган-ку!
— Зарур пайтларда рухсат олиш мумкин.
Тўлқин эндигина ёндирган сигаретасини кулдонга қўйди.
— Бу гапинг менга тўғри келмайди. Мияга электрод қўйиш кашф қилинганидаёқ мен унга
қарши чиққанман. Бу ғайриинсоний кашфиёт деганман, эсингдами?
— Кашфиёт сен ўйлагандай ғаразли эмасди. Тараққиётга, хусусан фанга хизмат қиладиган
фойдали томонлари ҳам бор эди.
— Бўлса бордир. Лекин мен фикримдан ҳалигача қайтганим йўқ. Шунинг учун таклифингни
қабул қила олмайман. Ҳар ҳолда бу гап сендан чиққан. Жаҳонгир бундай ишга қўл урмайди.
— Агар мажбур бўлса-чи?
— Чин айтяпсанми? — деди Тўлқин ҳайратини яширмай. Лекин жавоб кутмай қўшиб қўйди.
— У ҳолда... тажриба учун зарур бўлсам...
— Мен фақат ёзувчилигингни назарда тутиб тажрибани мантиқан хулосалашга ёрдаминг
тегармикин, деб ўйловдим. Агар ўзингда хоҳиш туғилса, таклифни қабул қилишинг мумкин.
— У ҳолда мени фақат кузатувчи ва шарҳловчи мухбир сифатида қабул қил.
Улар тажриба хусусида бўлак гапирмадилар.
Меҳмонлар кетишгач, Жаҳонгир ўзида ҳорғинлик сезди. Хонасига кириб, ечинмай ётди. Бир
оздан сўнг эшик аста чертилиб, хонага ўғли Жамшид кирди.

7
— Дада, кечирасиз, мен тасодифан суҳбатларингизни эшитиб қолдим. Тажрибангизда
миясига электрод ўрнатилган одамдан фойдаланмоқчимисиз?
— Ҳали бир фикрга келмадим. Нима эди?
— Электродни менга ўрнатсангиз...
Жаҳонгир ўрнидан турди. Ўғлининг тўсатдан бу фикрга келишига тушунолмади. Жамшид
ёшлигидан отасининг касбига қизиқарди. Аммо иккинчи курсда бионикага ҳаваси ортиб, шу
соҳага ўтиб кетди. Энди муҳим бир янгилик устида иш олиб бораётган эди. Жаҳонгир ўғлининг
илмга берилганидан хурсанд, лекин унинг мустақил сўқмоқ излашидаги ҳаракатидан қониқмас
эди. «Фанда менинг этагимни тутма, ўз йўлингдан бор. Чинордан барг узаман демай, чинор
бўлишга ҳаракат қил», дерди. Жамшид бу ўгитларга амал қилар, лекин бари бир, оз бўлса-да,
отасига суянарди. Жаҳонгир ўғлининг ҳозирги фикридан ҳам шуни уқди.
— Сабаб? — деди ўғлига.
— Тажрибангизга қатнашсам... балки илмий ишимга туртки бўлар.
— Бунинг илмий ишингга ҳеч алоқаси йўқ-ку?
— Биламан, алоқаси йўқ. Аммо тезлашишига ёрдам берармикин... Ахир бу жасоратга боғлиқ
нарса...
— Илмий ишни тезлатишга шошилма. Пухтароқ қилишни ўйла. Жасорат ҳақидаги гапингни
мен бошқа эшитмай. Қуруқ жасорат билан олим бўлишни хаёл қилсанг, бошқа иш билан
шуғуллан.
Жамшид аламидан оқариб кетди.
— Дада, сиз...
— Хўш?
— Сиз мени ўйламаяпсиз. Вақт кетяпти. Тенгдошларим аллақачан диссертатсияларини
ёқлаб бўлишган.
— Демак, улар сенга нисбатан қобилиятлироқдир? Буни ўйлаб кўрмадингми?
— Ўйлаб кўрдим. Лекин... илмий иш, кашфиёт бир жойда тўхтаб қолмайди-ку? Даража
олингандан кейин ҳам давом эттириш мумкин-ку? Бир оғиз сўзингиз билан...
Жаҳонгир қовоғини уйиб, тескари қаради.
— Менда бўлак гапинг йўқми? — деди гапини кесиб. Жамшид жавоб бермай чиқиб кетди.
Жаҳонгир бир неча дақиқа ҳаракатсиз туриб қолди. Йўқ, у ўғлининг гапларига
аччиқланмади. Жамшид мактабни битирганидан сўнг бу хилдаги ёрдамни кўп сўраган, ҳар
сафар ҳам рад жавобини олган эди. Энг аввал дорилфунунга кириш пайтида ёрдам сўради.
«Манзилга қадар аравангни мустақил тортишга кўзинг етса кир, бўлмаса ҳаётда яшашнинг
осонроқ йўллари кўп, ўшалардан бирини танла», деган жавобни эшитса ҳам ўқиш истагидан
воз кечмади.
Ўқиб юрган кезлари талабаларнинг илмий жамиятида биониканинг келажаги хусусида
маъруза қилди. Биринчи даражали мукофотни олишга яккаю ягона номзод бўлиб турганида,
бошқа бир толиба унга нисбатан устунроқ даражада маъруза қилдию мукофотни олиб кетди.
Жамшид ўшанда ҳам отасидан ёрдам кутган эди. Бу сафар ўзи айтишга ботинмай, онасини
ўртага қўйганди. Эр-хотин ёлғиз ўғилнинг тақдири хусусида ўзларича турли фикрда
бўлганликлари учун, иккинчи марта сен-менга боришди. Шундай бўлса-да, Жаҳонгир ўғли ва
хотинига билдирмай ҳайъат аъзолари билан учрашган, ҳар икки маъруза билан танишган эди.
Толибанинг маърузасидаги фикрлар, шубҳасиз аъло эди. Қиз фотосинтезга асосланиб, қуёш
нуридан кийим ва озуқа олиш йўллари ҳақида бир қанча фаразларни илгари сурганди.
Жамшид эса жониворларда мавжуд бўлган эхолокатсия тўғрисидаги умумий фикрлари билан
чекланганди. Ҳайъат Жаҳонгирнинг обрўйини инобатга олиб, мукофотни Жамшидга бериши
ҳам мумкин эди. Лекин Жаҳонгир бунга йўл қўёлмасди. Унинг ўзи ҳозирги даражасига
мустақил, ҳеч кимга орқа қилмай эришган, ўғлининг ҳам шундай бўлишини истарди. Хотини

8
ўғлининг тақдири хусусида гап очса, «тер тўксин, енгил ютуққа ўрганмасин», деб гапга нуқта
қўярди.
У ўғлининг тиришиб ўқиётганини билса ҳам, талабни янада қаттиқроқ қўяверарди. Қайси
бир йили дорилфунун уни махсус фан бўйича дарс ўтишга таклиф этди. Тасодиф уни
Жамшиднинг курсига рўпара қилди. Имтиҳон пайтида аълочи талаба бўлмиш ўғлига тўрт баҳо
қўйганида барча ҳайратда қолди. Жамшид индамади. Лекин унинг учун ҳам онаси гапирди.
Оқибатида Жамшид уч кишилик комиссияга имтиҳонни қайта топширди. Аъло баҳо олди. Ана
шунда у «отамдан ёрдам сўрамайман», деб қарор қилган эди. Лекин ўқишини битиргач,
отасига яна рўпара бўлди:
— Мени дорилфунунда олиб қолишмоқчи, — деди.
— Жуда яхши. Табриклайман, — деди Жаҳонгир.
— У ерда қолиш истагим йўқ.
— Нега?
— Мен илмий-текшириш институтининг аспирантурасига кирмоқчиман.
— Нима мақсадда?
Шунда Жамшид отасига қалин дафтар берди. Дафтардан унинг бионикага оид фараз ва
тахминлари, энг муҳими — эхолокатсияга асосланган янги машина яратиш фикри жамланган
эди. Жаҳонгир дафтарни ўқиб чиққач, ўғлига оқ йўл тилади.
Мана, икки йилдан бери Жамшид аспирантурада. Уларнинг институтлари ёнма-ён
жойлашган. Иш пайтида деярли кўришмайдилар. Лекин Жаҳонгир ўғлига сездирмаган ҳолда
унинг ишидан ҳамиша бохабар бўлиб турарди. Дарҳақиқат, Жамшиднинг иши секин силжияпти.
Наилож, муаммо мураккаб, уни осонликча ҳал этиш мумкин эмас. Лекин ўғли шошиляпти.
Жаҳонгир буни бугунги суҳбатсиз ҳам англаб юрарди. Шошқалоқликнинг боисини изларди.
Барча фикрлари уни «шуҳратпарастлик» деган тушунчага олиб келарди. У ўғлида ғалаба
нашидасидан маст бўлиб юриш, шуҳрат либосига ўралиш фикрлари борлигини кўп йил бурун
пайқаган эди. Шуҳрат кетидан қувишнинг ёмон натижа билан тугашини Жаҳонгир билади.
Унинг кўп истеъдодли тенгдошлари мана шунинг қурбони бўлишди. Билимларини
такомиллаштириш ўрнига обрў талашиш билан ўралашиб, оқибатда фан оламидаги
келажакларидан маҳрум бўлдилар.
Жаҳонгир мана шуларни ўйлаб, диққати ошди. Кўнглидаги ғашликни уйқу билан қувмоқчи
бўлди. Аммо уйқуси ҳам ўчган эди. Ошхонага кириб қаҳва қайнатди. Ўғлининг хонасидаги
чироқ ўчмаган, афтидан у ҳам уйғоқ эди...
Eрталабга яқин кўзи илинган экан, ўғли уйғотди:
— Дада, нонушта тайёрладим.
Нонуштадан сўнг Жамшид дастурхонни йиғиштиришга турди.
— Ўтира тур, — ўғли қайта ўтиргач, Жаҳонгир сўзини давом эттирди. — Мен кечаги
гапларингни ўйлаб кўрдим.
— Мен ҳам ўйладим.
— Қандай хулосага келдинг?
— Сиз истаган хулосага. Сиздан ёрдам сўрамаслигим керак эди.
— Гап бунда эмас. Сен илмга ўзингни буткул бағишламасанг, илм сенга ҳеч нима инъом
қилмайди. Сен буни унутмаслигинг керак. Шуҳратни ўйлаш — ўз йўлингга ўзинг ғов қўйдинг,
деган гап.
— Мен буларни тушунаман, дада. Лекин сиз кашфиётингиз билан ўралашиб атрофга бефарқ
қарайдиган бўлиб қолгансиз. Ҳозир илмларини эмас, мансаб ва даражаларини ҳам қилич, ҳам
қалқон қиладиганлар кўп.
— Илгари йўқ эди, деб ўйлайсанми? Сен бундайларнинг қилич-қалқонидан қўрқма. Бу
қилич-қалқон мўрт, болаларнинг ўйинчоғи каби сохта. Чинакам қилич-қалқон илмда бўлади.
Сен уни фақат ўзинг яратишинг лозим.

9
— Нима учун мен мақсадимга оғир сўқмоқдан боришим керак?
— Нима учун енгил йўлдан боришинг керак? Йўқ, ўғлим, калта ўйлабсан. Мен истаган
хулосага келмабсан. Сен даража ва унвон учун эмас, фанда янгилик яратиш учун кураш.
Даража ва унвон эгаси билан қабрга киради. Лекин кашфиёт ёруғ дунёда қолади. Шуни
унутма. Бу мавзуда бўлак баҳслашмайлик. Хаёлингни бўлмағур гаплар билан чалғитма.
...Улар автобусгача бирга кетишди. Кейин Жамшид институтга, Жаҳонгир эса академияга
йўл олди.
* * *
Жаҳонгирнинг миясига электрод ўрнатиб, элалломалар қатори тажрибада қатнашиши бир оз
қаршиликка учраса-да, ҳар ҳолда илмий кенгашда маъқулланди. Орадан ўн икки кун ўтгач,
ЮНЕСКОдан рухсат қоғози келди. Шундан сўнг у икки ҳафтани нейрохирургия клиникасида
ўтказди.
Мияга электрод ўрнатиш нейрофизиолог ва нейрохирурглар ҳамкорлигининг натижаси эди.
Нейрофизиологлар, руҳий тўлқинга асосланиб, мия бўлимларига, хусусан гипоталамус ва
гиппокампга кучсиз электр қуввати билан таъсир этиш мумкинлигини аниқлашгач,
нейрохирурглар мияга бир неча жуфт жажжи электрод ўрнатиш йўлини излай бошладилар.
Нейрохирурглар жониворларнинг миясига электрод ўрнатаётган дамлардаёқ дунё олимлари бу
иш юзасидан икки гуруҳга бўлинишди. Баъзилар электрод ўрнатишга мутлақ қарши, айримлар
эса бу тадқиқотга хайрихоҳ эдилар. Дастлабки тажрибалар муваффақиятли якунлангач,
фидойи бир киши топилиб, унинг миясига ўн икки жуфт жажжи электрод ўрнатилди-да, жаҳон
нейрохирургларининг анжуманида намойиш этилди. Электродлар миянинг маълум
бўлакчаларидан бирини қитиқлаб уйғотар, қолган қисмлардаги руҳий тўлқиннинг, яъни ҳисҳаяжоннинг уйғонишига эса йўл бермас эди.
Катта анжуман ўтаётган сарой саҳнасига чиққан киши миясига электрод ўрнатилган одамга
сира ўхшамас, барча каби сўзлар, фикрлар, кулар эди. Аммо махсус радиомарказ ишга тушиши
ҳамон у бутунлай ўзгарди. Дастлаб ҳайкал каби қотиб турди. Электродлар бошқарувчининг
буйруғини қабул этгач, у марказ ҳукмига итоаткорона бўйсуна бошлади. Ҳис қилиш, ўйлаш,
фикрлаш, қувониш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Радиомарказ ишини тўхтатгач, у яна аввалги
ҳолига қайтди.
Анжуман аҳлининг бир қисми бу кашфиётни табриклаган бўлса-да, орадан кўп ўтмай, қатор
тараққийпарвар давлатлар ва ниҳоят ЮНEСКО бундай тажрибани тақиқлаш тўғрисида қарор
қабул қилдилар. Одамни тирик роботга айлантириш, унинг эрки, ҳуқуқини поймол этиш ман
этилди. Бироқ, илмий изланишлар ва тажрибалар учун, зарур пайтда, маълум муддатга махсус
рухсат олиш мумкин, аммо ижозат вақти тугагандан сўнг мия электроддан холи қилиниши шарт
эди.
Миясига электрод ўрнатилгач, Жаҳонгир Тўлқин ўйлагандек тирик роботга айланмади.
Чунки Жаҳонгирдаги электродлар миянинг кичик бир бўлагигагина таъсир кўрсатар, уни ҳис
қилиш ҳуқуқидан маҳрум этолмас, энг муҳими фақат тажриба онлари ишга тушиб, бошқа
пайтда мия фаолиятига таъсир кўрсатиш кучини йўқотар эди.
Оператсия профессор кутганидан ҳам енгил ўтди. Шунинг учун тажрибани пайсалга солмай
бошлаб юборди. Янги тажриба тафсилотларини қайд қилувчи кундалик дафтарнинг
саҳифаларига илк сатрлар битилди:
«19... йил 16 апрел. ЎзФА Биофизика илмий-текшириш институти. Профессор Алиевнинг
тажрибахонаси.
Соат 12.10. профессор тажрибахонага тўғри нейрохирургия клиникасидан келди. Кутиб
турган ўғлини ҳам қабул қилмади. У ҳаддан зиёд ўйчан эди. Тиббий комиссия тажрибани

10
бошлашга рухсат берди. Профессорнинг юрак уриши мўътадил. Мияда оғриқ йўқ.
Профессорнинг кўрсатмаси билан тажриба аввал бир жасад устида олиб борилади.
Икки элаллома мурда турган ҳавосиз хонага қўйилган. Профессор қўшни хонага ётқизилди.
Мушакларига элалломадан келувчи ўн тўққизта сим уланди. Миясидаги икки электрод ҳам
мурданинг руҳий қиёфасини тикловчи элалломага уланган. Тажрибахона радиотўлқинларни
ўтказмайдиган парда билан муҳофаза қилинди.
Соат 12.45. Тажриба раҳбари, физика-математика фанлари номзоди Мансур Халиловнинг
рухсати билан элаллома ишга тушди.
Соат 20.20. Тажрибанинг биринчи босқичи тугади. Профессор ўзини яхши ҳис қиляпти.
Тажриба давомида элаллома узлуксиз ишлади. Тажриба хулосаси ҳали номаълум. Профессор
хулосаларни ўз кундалигига ёзиб боражагини айтди. Тажрибанинг иккинчи босқичи эртага
белгиланди».
Жаҳонгир яхши туш кўрган одамдай тиниқиб турди. Мушакларига ўрнатилган симлардан
халос бўлгач, мурдалар ва элаллома жойлашган хонага чиқди.
— Элаллома қандай ишлади? — деб сўради у шогирдидан.
— Ўзгариш йўққа ўхшайди...
— Ўхшайдими ё аниқми? — Жаҳонгир шундай деб, шаффоф пластмасса ойнакка яқинлашди.
Йигитнинг жасадига тикилиб қолди. — Янглишмаяпсанми?
— Балки менга шундай туюлгандир?
— Бўлиши мумкин. Сен элаллома тиклаган воқеалардан бехабарсан-ку... Ғаройиб оламга
кириб қолдим. «Арки Олийдан ўтганингиздан сўнг Сардуатик мавзеида бир-бирига рўбарў
мадраса ва хонақоҳни кўрасиз. Улар осмон ғашини ва Чин суратхонасининг рашкини келтирар
даражада баланд ва безаклари гўзал. Бинонинг мустаҳкамлиги билан устунларнинг
нозиклигини, нақшлар ва хушхат лавҳаларни на ёзув қалами, на баён рақами тасвирлашга
қодир...»
— Кечирасиз, домла, сўзларингизга тушунмадим. Айтганларингиз бирор асардан парча
эмасми?
— Йўқ, бу йигитнинг миясига ўрнашиб қолган гаплар. Самарқандга йўл олганида кимдандир
эшитган. Мен Регистондаги Шердор мадрасаси ўрнида илгари Улуғбек қурдирган хонақоҳ
бўлган, деб эшитган эдим. Шу хонақоҳни йигитнинг кўзи билан кўрдим. Элаллома ишга тушгач,
мени худди уйқу босгандай туюлди. Кейин кўз олдимда тушунарсиз қизил тасвирлар
гавдаланди. Сўнг катта карвон сафида отда кетаётгандай бўлдим. Қуёш нуридан елкам куйди.
Отдан анқиб турган тер ҳидини аниқ ҳис этдим. Мен ҳамма нарсани унутдим. Ўн бешинчи асрга
худди шу йигит бўлиб қайтганга ўхшаб қолдим. Йигитнинг гапларини гўё мен айтдим. Гўё
Самарқанд тупроғида ўзим юрдим, ажойиб нарсалардан ўзим таъсирландим, одамларнинг
гапларини ҳам ўзим эшитдим. Энг муҳими бу нарсаларнинг ҳаммаси хотирамда яхши сақланиб
қолди. Бундай бўлишини сира кутмаган эдим.
— Демак, элаллома йигитнинг руҳий дунёсини тўла тиклаб онгингизга йўналтира олибди-да?
— Тўла эмас. Айрим ерларда узилишлар бор. Назаримда йигитга унчалик таъсир этолмаган
оддий воқеаларни тиклашга элалломанинг қурби етмаган.
— Биомайдоннинг кучи кишининг таъсирланиш даражасига боғлиқ эмасмикин?
— Балки шундайдир. Тажрибанинг навбатдаги босқичлари ҳали олдимизга кўп муаммоларни
ташлайди шекилли.
— Тажриба таҳлилини қачон ўтказамиз?
— Ҳозирча бир нарса дейишим қийин. Барча ходимлар белгиланган ишларини вақтида
таҳлил этиб, хулосалаб туришсин. Мен кўрган, эшитганларимни ёзиб бораман. Элалломанинг
ишлаш жараёнини тикланган воқеаларга солиштириб таҳлил қиламиз. — Жаҳонгир шундай деб
эшик томон юрди. Тажрибахона йўлагида уни ўғли кутиб турган эди. Ота-бола уйгача пиёда

11
кетишди. Жаҳонгир тажриба пайтида кўрганларини ўғлига айтмади. Жамшид дадасининг гапни
бир-бирига уланмаган турли воқеаларга бураётганидан тажриба ҳақида сўз очиш нияти
йўқлигини сезди. Икковлон анҳор бўйидаги емакхонада овқатланишди. Жамшид бир айланиб
келаман, деб отаси билан хайрлашди. Жаҳонгир эса уйига йўл олди. Хонасига кириб қалин
дафтарни очди. Оқ саҳифада ҳуснихат билан ёзилган дастлабки сатрлар пайдо бўлди: