Чингиз Айтматов
ЭРТА ҚАЙТГАН ТУРНАЛАР
исса
Асил Рашидов таржимаси
Ўғлим Асарга
Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади, Лекин ҳеч бир
ўлкадан ўхшашинг топилмади...
ирғиз хал

ўшиғи
* * *
Иовга элтди чопар шумхабар: «Ўғлонлар кўксига санчилмиш
ханжар...»
«Иов» китобидан
* * *
Қайта-қайта даласини шудгор қилар қўшчилар,
Қайта-қайта сепадилар ерларига уруғ, дон,
Қайта-қайта ёмғир билан сийлар уларни осмон...
Умид билан ер ҳайдайди одамлар,
Умид билан уруғ сочар одамлар,
Умид билан денгиз кетар одамлар...
«Терагата», 527-536-бетлар.
адимги индистон адабиёти ёдгорликларидан
Биринчи боб
Совқотиб, дағал шол рўмолга ўраниб олган муаллима Инкамол опа география дарсида
Цейлон ҳақида, океаннинг Ҳиндистонга яқин қирғоқларида жойлашган ўша афсонавий орол
ҳақида ҳикоя қилар эди. Цейлон мактаб харитасида бепоён ерга нисбатан бир нуқтадай кўринар
эди. Яхшилаб тингласанг, нималар йўқ у ерда, маймунлару филлар ҳам, бананлар ҳам
(қандайдир мевалар), дунёда энг яхши чой ҳам ва турли-туман ёввойи мевалар, нотаниш
ўсимликлар ҳам бор. Ҳаммасидан ҳам уёқ доим шундай иссиқ бўлади-ки, йил бўйи бемалол
юраверасан: этик ҳам, қалпоқ ҳам, пайтава-ю пўстин ҳам керак эмас. Ўтинни-ку, умуман, кераги
йўқ. Шундай бўлгач, кўрай териб келиш учун далага боришнинг, бурнинг ерга тегай-тегай деб
шох-шабба, ўтин орқалаб келишнинг кераги ҳам йўқ. Мана яшаш деб шуни айтади-да. Маза
қилиб юравер, ҳоҳласанг офтобда исин, хоҳламасанг сояда ёт. Цейлонда кеча-ю кундуз ҳаво
иссиқ, шундай роҳатки, ёзнинг ниҳояси кўринмайди. Қанча хоҳласанг шунча чўмилавер, хоҳла
эрталабдан кечгача. Зериксанг туяқушларни қувла, туяқушларми, албатта бор у ерда. Уёкда

бўлмай қаерда бўлсин яна бу каттакон овсар қушлар. Цейлонда ақлли қушлар ҳам бор, масалан,
тўти. Агар хоҳласанг уни тутиб оласан-да, сайрашга, кулишга, ҳатто рақс тушишга ҳам
ўргатасан. Тўти шундай қушки, ҳамма нарса қўлидан келади. Айтишларича, шундай тўтилар
ҳам бор эканки, ҳатто ўқишни ҳам билармиш. Овулдагилардан кимдир ўқишни биладиган
тўтини Жамбул бозорида кўрган экан. Тумшуғига газета тутсанг шариллатиб ўқиб
ташлайверармиш...
Э-ҳе, нимасини айтасан, ажойиботларнинг ҳаммаси Цейлонда. Ҳеч нарсани хаёлингга
келтирмай бемалол яшайверасан. Муҳими, плантация эгасининг кўзига кўринмасанг бўлгани.
Қўлида қамчиси билан юради. Худди қулларидай цейлонликларнинг елкаларига қамчи билан
тушириб қолади. Золим! Қулоқ-чаккасига қарсиллатиб туширсанг-да, кўзларидан олов чиқиб
кетса. Қамчисини тортиб олиб, ўзини ишлашга мажбур қилсанг. Эксплуататорлар-у
капиталистлар эркалигини йиғиштириб қўйсин, бошқа гап йўқ: ўзинг учун ўзинг ишла, ўз
чориғингни ўзинг судра, вассалом! Ахир ўшалардан фашистлар келиб чиқади-да... Уруш ҳам
ўшаларнинг иши... Овулларидан қанча киши ҳалок бўлди-ю, онаси ҳар куни йиғлайди, ҳеч
нарса демайди-ю, йиғлайди, отасини ўлдириб қўйишларидан қўрқади. Қўшни хотинга эса, бир
фалокат бўлса, қаерга бораман тўрт болам билан, дейди...
Совуқ синф хонасида жунжиккан, болалар йўталининг тўхташини тоқат билан кутиб турган
Инкамол опа Цейлон, денгизлар ва иссиқ мамлакатлар ҳақидаги ҳикоясини яна давом эттирди.
Эшитаётганларига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай (жуда ажойиб таърифланар эдида ўша ўлкалар)
Султонмурот Цейлонда яшамаётганига ич-ичидан афсус қила бошлади. «Ана яшаш-у, ана сенга
ҳаёт!» — ўйлар эди у кўз қири билан дераза томонга қараб-қараб қўяркан. У буни
қойиллатарди. Гўё муаллиманинг сўзини тинглаётгандай бўларди-ю, ўзи эса деразадан кўз
узмасди. Аммо ташқарида ўзгариш йўқ эди. Ташқарида ёғингарчилик. Бўралаб қор ёғарди. Қор
учқунлари деразага урилиб шитирларди. Ойналар муз билан қопланган. Дераза ойналари хира.
Деразаларнинг замаскалари ҳар жой-ҳар жойидан кўчиб, сиёҳга беланган дераза токчасига
тушиб ётарди. «Цейлонда замасканинг кераги йўқ, — ўйларди у. — Кимга ҳам керак? Дераза у
ёқда турсин, уйларнинг нима кераги бор. Чайла қуриб олиб, тепасини япроқлар билан ёпиб
олгин-да, яшайвер...»
Деразадан ҳамиша шамол уриб турар, ҳатто ромларнинг тирқишларидан ҳуштак чалиб
ўтаётгани эшитиларди. Деразанинг ўнг ёнбоши айниқса совуқ эди. Чидашга тўғри келади.
Дераза ёнига уни Инкамол опанинг ўзи ўтқазиб қўйган. «Сен Султонмурот, — деган эди у, —
синфда энг бақувватсан. Совуққа чидай оласан». Авваллари совуқ тушгунга қадар, бу жойда
Мирзагул деган қиз ўтирарди, уни Султонмуротнинг жойига кўчирдилар. У ер унчалик совуқ
эмас. Шундай бўлса ҳам уни шу ерда, мана шу партада қолдирганлари яхши эди. Барибир
совуқни Султонмурот тўсиб турарди. Ўтиришарди-да ёнма-ён. Энди бўлса танаффус пайти
ёнига борсанг қизариб кетади. Бошқалар билан гаплашиб тураверади-ю, Султонмурот келиши
биланоқ қизариб қочиб қолади. Орқасидан қувиб юриши ноқулай. Кулгига қолади. Бу қизлар
ҳар хил уйдирмалар тўқишга жуда уста. Дарров ёзувлар пайдо бўлади: «Султонмурот —
Мирзагул — ошиқ-маъшуқ». Бир партада ўтиришганида-ку, ҳеч нарса бўлмасди...
Ташқарида гупиллаб қор ёғарди. Ҳаво очиқ кунлари синф хонасидан туриб қарасанг шундоқ
кўз олдингда тоғлар туради. Мактабнинг ўзи ҳам тепаликда, овулдан анча баландлиқда
жойлашган. Овул пастда, мактаб тепада. Шунинг учун бу ердан, мактабдан туриб атрофни
кузатиш осон. Узокдаги қорли тоғлар худди расмдагидай кўринади. Ҳозир эса қоронғида
уларнинг ғамнок туриши зўрға кўзга чалинади.
Қўл ҳам, оёқ ҳам увушиб қолади. Ҳатто белинггача совқотади. Эҳ, синф шундай совуқки.
Авваллари, урушдан олдин мактаб қуритилган қўй қийи билан иситиларди. Худди кўмирнинг
ўзи эди: зўр ёнарди. Энди бўлса похол олиб келишади. Похол печкада гур этиб ёнади-ю, ҳеч
қандай иссиқ бермайди. Бир-икки кун ўтгач, похол ҳам тугайди. Похолдан фақат кул қолади.
Чингиз Айтматов. Эрта қайтган турналар (қисса)
www.ziyouz.com kutubxonasi 3
Афсуски, Талас тоғлари табиати иссиқ ўлкаларникидай эмас. Табиати бошқача бўлганида
яшаш ҳам бошқачароқ бўлармиди. Ўз филлари бўларди. Худди буқаларни миниб юргандай
филларни миниб юришарди. Нима бўпти, қўрқиб ўтирмасди. Биринчи бўлиб ўзи қоқ калласига,
иккала қулоқлари орасига миниб оларди-да, худди дарсликдаги расмдагидай овул бўйлаб
айланиб юрарди. Одамлар ҳар томондан: «Қаранглар, югуринглар, Бекбойнинг ўғли
Султонмурот фил миниб юриб-ди!» — дейишарди. Ана ўшанда Мирзагул кўрарди-ю, ҳаваси
келиб афсусланарди балки... Ўзига зеб берганини қара-ю! Яқинига йўлаб бўлмайди. Аччиғи
чиқса маймун билан газета ўқийдиган тўти топади. Уларни фил устига, орқасига ўтирғизиб
қўяди. Жой етади, филнинг устига бутун синф болалари билан ўтирса ҳам бўлади. Рост! Буни у
биров айтмаса ҳам билади.
Тирик филни у ўз кўзи билан кўрган, буни ҳамма билади, тирик маймунни ва бошқа хил
йиртқичларни ҳам кўрган. Бу ҳақда овулда ҳамма билади, ўзи неча марта айтиб берган. Ҳа,
ўшанда омади келиб, уларни кўрган эди...
Урушгача, нақ урушдан бир йил олдин бўлиб ўтган эди унинг ҳаётидаги бу унутилмас
воқеа. Ўшанда ҳам ёз эди. Пичан ўришаётган эди. Отаси Бекбой ўша йили Жамбулдан шу
ердаги МТСнинг нефт омборига ёнилғи таширди. Ҳар бир колхоз ёнилғи ташиб келишга
транспорт ажратиши керак эди. Отаси ҳазиллашиб ўзини ўзи мақтаб қўярди: мен, дер эди,
оддий аравакаш эмасман, баҳоси йўқ аравакашман, мен учун, отларим ва аравам учун колхоз
ҳукуматдан ҳақ олади. Мен, дейди, колхоз ҳамёнига даромад келтираман. Шунинг учун
бухгалтер кўрган жойида отдан тушиб салом беради...
Отасининг араваси фақат керосин ташишга жиҳозланган эди. Кузовсиз, шундоқ тўрт
ғилдирак устида темир қисқичларга ўрнатилган иккита темир бочка-ю олд тарафда, энг
олдинда, аравакаш ўтирадиган жой. Араванинг бор-йўғи шу. Аравакашнинг жойига икки киши
ўтирса бўлади, аммо уч кишига торлик қилади. Лекин отлар шундай зўрки, улардан яхшисини
тополмайсан. Отасининг отлари ажойиб, бақувват эди.
Бурул ахта Чопдор билан тўриқ ахта Чонтор. Уларга урилган жабдуқ ҳам пишиқ, ўзи ҳам
лоп-лойиқ. Бўйинтуруқлари бойваччаларникидай ноёб, кўпдан қилинган абзаллари арава мойи
билан мойланган. Минг тортсанг ҳам узолмайсан. Бундай узоқ йўлда шундай бўлиши ҳам
керак-да. Отаси пишиқ, тартибли иш қилишга ўрганган. Доим отларни бир маромда
йўрттирарди. Чопдор билан Чонтор баъзан ёлларини силкитиб, бир маромда чопиб, худди
иккита балиқ баравар сузаётгандай сояланиб келардики, уларни томоша килиш гаштли эди.
Одамлар ғилдирак товушларини узокдан эшитибоқ: «Бекбой яна Жамбулга кетяпти», —
дейишарди. Бориш-келиш учун икки кун кетарди. Бекбой ортига қайтар экан, юзлаб километр
йўл босганга сира ўхшамас, одамлар ҳайрон қолишарди. «Бекбойнинг араваси худди рельсларда
юрадиган поезднинг ўзгинаси-я!» Улар бекорга ҳайратланмасдилар. Толиққан ёки сўлиғи
ўйнаган уловни арава ғилдиракларининг овозидан ҳам пайқаса бўлади. Ёнингдан ўтгунча
жонингни суғуриб олади. Бекбойнинг отлари эса доим енгил йўрғалайди. Балки шунинг учун
ҳам энг қийин сафарларни унинг зиммасига юклашгандир.
Шундай қилиб, ўтган йили энди ўқиш тугаб, таътил бошланганида отаси шундай деб қолди:
— Шаҳарга бирга олиб борайми? Султонмурот азбаройи қувонганидан нафаси бўғзига
тиқилай деди. Бўлмаса-чи. Отаси унинг шаҳарни кўришни кўпдан бери орзу қилиб юрганини
қаердан биддийкин? Ахир ҳали шаҳарда бирор марта ҳам бўлмаган. Қойил иш бўлди-да!
— Яна бу ҳақда мақтана кўрма, — жўрттага қўрқитиб қўйди отаси. — Бўлмаса укаларинг
шундай жанжал кўтаришадики, кейин бирор жойга бориб бўпсан.
Тўғри гап. Ажимурот, ундан уч ёш кичкина-ю, ҳеч нимада, ҳеч қачон акасига ён бергиси
келмайди. Эшакдай қайсар. Гоҳо отаси уйдалигида Ажимуротнинг дастидан унинг оддига ҳам
боролмайсан. Отасининг елкасидан тушмайди. Гўё ёлғиз унинг ўзи-ю, бошқалар ҳисобда йўқ.
Иккита сингиллари, улар ҳали кичкина эдилар ўша пайтлар, ҳатто ўшалар ҳам йиғи-сиғи билан

аранг ота меҳрига муяссар бўлишарди. Намунча бу кичиги отасига ёпишмаса, деб қўшнилар
ҳам ҳайрон эдилар. Орувхон момодан, баджаҳл, чўпдай, қалтироқ товушли аёлдан ҳамма
қўрқарди. Шу кампир бир эмас, неча марта қоқшол қўллари билан Ажимуротнинг қулоғини
бураб огоҳлантирган эди:
— Сен шумтаканинг отангга ёпишиб олганинг яхшилик аломати эмас! Ер юзида бир
фалокат рўй берадиганга ўхшайди! Бу қандай гапки, ўғил бола тип-тирик отасига тўймай юрса!
Бу қанақа бола, ўзи! Ҳой, одамлар, мана мени айтди дерсиз, бу бола бизларнинг бошимизга бир
балони ёғдиради!
Онаси ғудраниб, туфлаб қўйиб, Ажимуротнинг танглайини кўтариб қўярди-ю, аммо
Орувхон кампирга ботиниб бир сўз деёлмасди. Кампирдан ҳамма ҳайиқарди. Орувхон момо
бежиз айтмаган экан. Шундай бўдди ҳам. Ажимуротга қийин бўлди. У энди кап-катта, учинчи
синфда ўқийди, бировга билдирмайди, айниқса, онаси олдида ўзини тутади-ю, аммо ўзи ҳамон
йўл пойлайди, отасининг бугунми-эртами фронтдан қайтишига илҳақ бўлади. Ётиш олдидан
пичирлаб, худди катталардай, кечки дуосини ўқийди: «Э худо, э худо, ишқилиб, эртага отам
қайтиб келсин». Ҳар куни шу аҳвол. Қизиқ, ўзича, ухлаб турса ҳамма нарса ўзгаради-ю,
мўъжиза юз беради, деб ўйлайдими.
Агар отаси урушдан эсон-омон қайтиб келса, майли, уники, фақат Ажимуротники бўла
қолсин. Майли, у Ажимуротни қўлларидан, елкасидан туширмасин. Фақат келса бўлди.
Ишқилиб, нима бўлса ҳам у билан эсон-омон юз кўришсин. Унга, Султонмуротга ана шу
бахтнинг ўзи етарли. Отаси қайтса бўлгани.
Отаси Чуй каналидан қайтиб келганида уйларида содир бўлган ўша воқеанинг яна
такрорланишини у шундай хохлардики. У қурилишга бурноғи йили ёзда кетган эди, ўшанда ҳам
аравакаш бўлиб беш ойга кетган эди. Ёз бўйи ва кузи билан ўша ерда тупроқ ташиганди.
Стахановчи бўлган эди.
Уйга у намозшомда кириб келди. Тўсатдан ҳовлида ғилдирак товушлари эшитилди, отлар
пишқириб қолди. Болаларнинг ҳаммаси ҳовлига отилишди. Отаси! Қорайиб худди лўлига
ўхшаб қолган, озиб-тўзиб, соч-соқоли ўсиб кетганди. Усти боши ҳам, онаси кейин
таърифлаганича, дайдиларникига ўхшарди. Фақат этиклари яп-янги хромдан экан. Ажимурот
биринчи бўлиб югуриб бориб отасининг бўйнига осилади, ёпишиб олиб маҳкам қучоқлаб
олади-ю, сира қўйиб юбормайди, шу кўйи нуқул йиғлаб бир сўзни такрорлайди:
— Отажон, отажоним, отажон...
Отаси уни бағрига босаркан, ўзининг ҳам кўзларига ёш қалқийди. Қўшнилар чиқишади.
Икковига қараб улар ҳам йиғлашади. Онаси бўлса бирдан довдираб қолганидан айланибўргилиб юрар, Ажимуротни отасининг бағридан тортиб олмоқчи бўларди:
— Отангни қўйиб юбор энди! Етар, сен бир ўзинг эмассан-ку. Бошқалар ҳам кўришсин.
Қандай ақлсизсан-а, худойим-ей, қара, одамлар кўришмоқчи...
Унинг бўлса парвойи фалак...
Султонмуротнинг ичидан нимадир узилиб томоғига тўпдай қадалиб қолгандай туюдди. Оғзи
шўр бўлиб кетди. Тағин ҳеч қачон ва ҳеч нимага йиғламайман, дейди. У шу заҳотиёқ ўзини
қўлга олди. Тетикланди.
Дарс ҳамон давом этарди. Инкамол опа энди Ява, Борнео, Австралия ҳақида ҳикоя қиларди.
Яна ажойиб ўлкалар, мангу ёз. Тимсоҳлар, маймунлар, пальмалар ҳамда ҳар хил нотаниш
нарсалар. Кенгуру бўлса ғаройиботлар ғаройиби! Боласини қорнидаги халтасига солиб олиб,
югуриб юраверади. Ўйлаганини қаранг кенгурунинг, аниқроғи, табиатнинг...
У кенгуруни кўрмаган. Кўрмаганми, кўрмаган. Афсус. Лекин филни, маймунни ва бошқа
ҳайвонларни яқиндан томоша қилган. Қўл чўзсанг етадиган ердан..
Ўша куни, отаси уни ўзи билан шаҳарга олиб кетишини айтганида у еру кўкка сиғмай юрди.
Тоқатсизланганидан, қувонганидан тарс ёрилиб кетгудай бўлди, аммо гап шундаки, у бу ҳакда

бировга айтишга журъат қилолмасди. Агар Ажимурот билиб қолса, катта тўполон чиқарди: нега
Султонмуротга мумкину, менга мумкин эмас, нега отам уни ўзи билан олиб кетади-ю, мени
олиб кетмайди? Шунинг учун ҳам беҳад қувонч ва эртанги саёҳатни кутиш туйғулари укаси
олдида қандайдир айбдорлик ҳислари билан қўшилиб кетгандай эди. Нима бўлса-да, бўлажак
воқеа ҳақида укалари ва сингилларига айтиб юборишига озгина қолди. Жудаям айтгиси
келарди. Аммо отаси ва айниқса онаси бундай қилмасликни қайта-қайта уқтирарди. Майли,
кичкиналар у йўлдалигида билишсин. Шундай бўлгани яхши. У ана шу сирни саклаш учун
ўзини базўр тутиб қолди. Ўлиб қолай деди сир тутаман деб. Аммо ўша куни у шундай
серҳаракат, ҳаммага шундай сертакаллуф, шундай жонкуяр бўлиб қолдики, ҳеч қачон бундай
қилмаганди. Ҳамма ишни қилар, ҳаммасига улгурар эди. Бузоқни ҳам жойига элтиб арқонлаб
келди, томорқадаги картошкани ҳам чопди, кир юваётган онасига ҳам ёрдамлашди, энг кенжа
синглиси Алматой лойга йиқилиб тушганида уни ювинтирди ва яна бошқа ишларни ҳам
ўринлатди. Қисқаси, ўша куни у шундай сидқидилдан ишладики, ҳатто онаси ўзини тутиб
туролмай бошини чайқаганча пиқиллаб кулиб юборди.
— Мунчалик ўзгариб қолдинг? — деди табассумини аранг яшириб. — Қани энди доим
шундай бўлсанг, қанийди-а! Кўз тегмасин, ишқилиб! Балки сени шаҳарга юбормаслик
керакдир? Сен ажойиб ёрдамчим бўлиб қолибсан-ку.
Лекин буни онаси шунчаки айтган эди, холос. Ўзи эса хамир қориб йўлга нон ёпар ва ҳар
хил егулик ҳозирларди. Ёғни эритиб, уни ҳам йўлга ҳозирлаб шишага солиб қўйди.
Кечқурун бутун оила жам бўлишиб самовар атрофида иссиқ нон ва қаймоқ билан чой
ичишди. Жойни эса ҳовлига, ариқ бўйидаги олма дарахтининг остига солишган эди. Отаси
кичкинтойлар қуршовида ўтирарди — бир ёнбошида Ажимурот, бошқа ёнида қизалоқлари.
Онаси чой қуяр, Султонмурот эса пиёлаларни узатиб, самоварга кўмир ташлаб турарди. У
буларнинг ҳаммасини иштиёқ билан бажарарди. Ўзи эса мудом эртага шаҳарда бўлишни
ўйларди. Отаси бир-икки марта у тарафга кўз қисиб имо ҳам қилиб қўйди. Укаси олдида
озмунча муғамбирлик қиляптими ахир.
— Хўш, Ажике, — чой ҳўплаб туриб кичик ўғлига юзланди, — Қораёлингни ҳали ҳам
минишга ўргатмадингми?
— Йўқ, ота, — шикоят бошлади Ажимурот. — У жуда асов чиқиб қолди. Орқамдан худди
кучукдай эргашиб юради. Мен унга овқат бераман, суғораман, бир марта ҳатто мактабимизга
ҳам эргашиб борди. Дераза тагида туриб танаффусга чиқишимни кутганини бутун синфимиз
кўрди. Аммо ҳеч миндирмайди устига, дарров отиб юборади, шаталоқ отади...
— Уни минишга ўргатиш учун сенга ҳеч ким ёрдам қилмаяптими? — маслаҳат солгандай
бўлди отаси гўё ўзини иш билан банд қилиб кўрсатгандай.
— Мен уни ўргатиб бераман, Ажике, — шайланиб тургандай жавоб қилди Султонмурот. —
Албатта, ўзим ўргатиб бераман...
— Ур-ей! — деганча ўрнидан ирғиб турди укаси. — Кетдик!
— Қани, жойингга ўтир-чии! — Шаштини қайтарди онаси. — Тек ўтир. Одамларга ўхшаб
чой ичиб олинглар, кейин улгурарсизлар.
Гап Ажимуротнинг икки ёшли ёқимтой хўтиги устида борарди. Ўша йили баҳорда уни
болаларга тоғаси Нурғози инъом қилганди. Ёзгача хўтик ажабтовур ўсди, кучга тўлди.
Узунқулоқни эгарга, ишга ўргатиш учун минишга кўниктириш вақти келган эди. Ахир
хўжаликда эшак доимо, ҳали тегирмонга, ҳали ўтин-чўпга, ҳали майда-чуйда нарсаларга
дегандай керак бўлиб туради-да. Шунинг учун ҳам Нурғози тоғаси унга совға қилганди. Аммо
биринчи кунданоқ Ажимурот эшакни ўзиники қилиб олди. Ўжар, тўполончи бола эшакка
шундай ғамхўрлик қила бошладики, бирор кишини унинг яқинига ҳам йўлатмас эди. Сал
нарсага, хўтигимга тегманглар! Мен уни ўзим боқаман, ўзим суғораман, дерди. Бир марта ана
шу хусусда ака-ука уришиб қолишди. Онаси каттасини жазолади, чунки кичиги ундан мушт

еган эди-да. Ўшандан буён Султонмуротнинг алами ичида эди. Хўтикни минишга ўргатиш
пайти келганда у ўзини четга олди: модомики сеники экан, ўзинг ўргат минишга, мени тинч
қўй, ишим йўқ. Худди шундай ишларда устаси фаранг бўлганига қарамай, чап берди.
Болалигидан унинг кўзи пишиб, эпчил бўлиб қолганди. Асовларни итоат қилдиришни яхши
кўрар эди. Бу ҳам худди кураш — ким-кимни бўйсундиришдай гап. Қўшниларнинг барча
тойчоқларини, буқалари-ю хўтикларини ҳамиша у ўргатарди. Ёш ҳайвонларни одатда эпчил
болалардан бири ўргатади минишга. Катталарнинг вазни, оғирлиги, йўл қўймайди бунга.
Одамлар Султонмуротга одатда ҳурмат билан шундай илтимослар қилиб келишарди:
«Султонмуротжон, вақтинг бўлса бизнинг буқани ўргатиб берсанг». Ёки: «Султаке, азизим,
бизнинг ҳангининг бир ақлини киритиб қўй. Елкасига пашшани қўндирмайди, тишлаб ўзини
ҳар ёққа отгани-отган».
Бу ишда у ана шунақа таниқли бўлиб қолган эди, аммо ўз укасига йўқ дерди, бунинг устига,
бир-икки марта укаси ардоқли эшагидан йиқилиб пешонаси ғурра бўлганида кулиб мазах қилиб,
унинг жиғига тегди:
— У орқангдан худди итдай чопиб юради! Сен ҳали кунингаи кўрасан ундан!
Эҳ, укасини ранжитиб қандай номаъқулчилик қилган экан-а. Фақат отаси ишора қилгандан
кейингина тушуниб етди. У мана шунақа тентакнамо эди, укалари олдида ярашмаган
қилиқларни қилиб юрарди. Мана энди, шаҳарга борадиган бўлганида, укаси буни билмайди,
виждони шундай қийналдики, ҳатто шу заҳоти унинг олдига бориб кечирим сўрашга, нима деса
шуни бажаришга тайёр эди.
Чой ичиб бўлишгач, отаси билан томорқалари ортидаги ўтлоққа йўл олишди. Аввал
атрофдаги ҳамма тошларни териб олиб нариги ёққа ташлади. Кейин Қораёлни — Ажимурот ўз
эшагини тантанавор қилиб шундай атарди — жиловлашга олиб келишди. Отаси Қораёлни
қулоқларидан ушлаб турганида Султонмурот эпчиллик билан унга нўхта урди.
Кейин иштонини яхшилаб кўтариб олди. Ахир осон ишга бел боғламаган эди-да. Шу ернинг
ўзидаёқ цирк томошалари бошланди. Ажимуротнинг қўли остида эркин юрган Қораёл ёмон
қилиқ чиқариб олишга улгурган экан. Дарров шаталоқ отиб, орқа оёқларини кўтариб, ўзини ҳар
ёққа ота бошлади. Узунқулоқ чавандозни эгардан улоқтириш ҳавосини олган эди.
Аммо ҳеч нарса қилолмади. Султонмурот йиқилар, аммо дам ўтмай яна ўрнидан туриб олар,
қорни билан Қораёлни устига ётиб олиб, кейин яна бир ҳаракат билан унинг белига миниб
оларди. Эшак бўлса яна бўйсунмас, яна йиқилиш, яна миниш давом этаверарди.
Буларнинг ҳаммасини Султонмурот чапдастлик ва ҳатто қувонч билан бажарарди. Ҳамма
гап йиқилишни билишда! Нима учун одамлар отдан ёки туядан кўра эшакдан ёмон йиқиласан,
дейишади? Аксинча эмасми ахир. Сир шундаки, йиқилаётиб қўл билан тушишга улгуриш керак.
Отнинг баландлиги, туянинг ундан ҳам баландлиги йиқилаётган кишининг мўлжал олиб
улгуришига имкон беради. Эшакдан тажрибасиз чавандоз қопдек «гуп» этиб қулаганини ўзи
ҳам билмай қолади...
Буни Султонмурот ўз тажрибасидан биларди. Бунинг учун ташвиш қилишнинг ҳожати йўқ
эди. Шовқин солишиб, хурсандчилик қилишиб, қий-чув кўтаришди. Отаси қорнини ушлаб,
ичаги узилгудай куларди. Шовқин-суронни эшитиб болалар келиб қолишди. Уларнинг ичида
кимнингдир кучуги ҳам бор экан. У ҳам тўс-тўполонни кўриб, ўзини иштирок этиши керак деб
ҳисоблагандай вовуллаб, Қораёлнинг кетидан қува кетди. Эшак бўлса қўрққанидан шаталоқ
отди, Султонмурот эса ҳамманинг ҳавасини келтириб худди осоавиахимовчиларга ўхшаб
чавандозлигини кўрсата кетди. У чопиб бораётган Қораёлнинг устидан сакраб тушиб яна миниб
олар эди.
Урушдан олдин осоавиахимовчи — отлиқ аскарлар қишлоқ Совети олдидаги ўтлокда мана
шундай машқ қилишар эди. Овулларидаги йигитларнинг бари эса ишдан кейин машқ
қилишарди. От устида чопиб бораётиб новдаларни кесиб ташлашарди. От устидан йўл-йўлакай

ўзларини пастга отиб яна миниб олишарди. Уларни значоклар билан такдирлашарди. Бу
занжирли, винт билан бураб қўйииадиган жуда чиройли значоклар эди. Болаларнинг роса
ҳаваси келардида. Улар осоавиахимовчилар машқини томоша қилгани доимо чопқиллаб
келишарди. Ўша йигитлар ҳозир қаерда юрган эканлар-а? Отлардами ёки окоплар
ичидамиканлар? Отлиқ армия ҳозирги урушда керак бўлмайди, дейишяпти...
Султонмурот дераза ташқарисига қаради-ю, отлар қишда совқотишади, танкларга эса совуқ
ҳам писанд эмас, дея ўйлади. Лекин барибир отдан яхшиси йўқ!
... Роса томоша бўлган эдида ўшанда. Тез фурсатда Қораёл тинчиб қолди. Ўзидан нима талаб
қилишаётганини тушунди: одимлаб, йўрғалаб, даврани айланиб юра бошлади...
— Энди миниб ол, — укасини чақирди Султонмурот, — чу, де, ҳаммаси жойида!
Юзлари фахрдан ёнган Ажимурот, товони билан Қораёлни тепиб у ёқ-бу ёққа чоптира
бошлади — унинг қандай абжир акаси борлигини ҳамма кўриб турса-ю, мақтанмай бўладими!
Кеча ёруғ бўлиб, узоқ вақт қоронғилашмай турди. Улар уйга ҳориб-чарчаб, аммо мамнун
бўлиб қайтишди. Ажимурот онасига кўрсатиш учун Қораёлни миниб, ҳовлига кириб борди.
Шундан кейин у ҳеч нимадан шубҳаланмай дарров ухлаб қолди. Султонмурот эса сира
ухлаёлмасди. Эртага шаҳарда бўлишини, у ерда нималар кўришини-ю, ўзини нималар
кутаётганини ўйларди. Кўзи уйқуга кетаётиб, отасининг онаси билан паст товушда
суҳбатлашаётганини эшитиб қолди.
— Ўзимга қолса унисини ҳам олиб кетардим, иккалови бўлса яна қизиқроқ бўларди, — деди
отаси, — фақат жой йўқ-да, бу шайтон аравада. Энг олдинда, бочкаларнинг устида ўтирасан.
Йўл бўлса узоқ, болакай мудраб ғилдирак остига тушиб кетиши мумкин.
— Нималар деяпсан! — қўрқиб кетди онаси, — худо кўрсатмасин, бу ҳақда ўйлаб ўтирма,
кераги йўқ. Кейинроқ бир кун олиб борарсан. Сал катта бўлсин. Сен аввал унисига эҳтиёт бўл.
Катта бўлиб қолди дейсан, қаёқда ҳали...
Султонмуротни ширин уйқу элтган эди, ота-онасининг паст овоздаги суҳбатини тинглаш
ҳам марокди, эртага эрталаб, саҳар туриб отаси билан йўлга тушишини ўйлаш ундан мароқли
эди... Кўзи илинаётганда эса юраги орзиқиб, учиш шундай завқли эканлигини ҳис қиларди.
Қизиқ, у учишни қаердан ўрганди? Юрмоқ, чопмоқ ва сузмоқ одамларга хос-ку. У бўлса учиб
юрибди. Қушга ҳам ўхшаб эмас. Қушлар қанотларини силкитишади. У бўлса қўлларини ёзди-ю,
бармоқлари учини қимирлатди, холос. Учганда ҳам бир текис, эркин учди, қаердан ва қаерга
бориши номаълум, сокин ва «кулиб» турган бўшлиқда учиб юрарди... Унинг ё руҳи учарди, ёки
туш кўрарди.
— Тур, Султонмурот, йўлга тушамиз, — дея отаси елкасига қоқиб секингина қулоғига
шивирлаганида у қўққисдан уйғониб кетди.
Ўрнидан сакраб тураркан, бир лаҳза отасининг қулоғига тегиб турган дағал мўйлови, ўзига
қарата айтган сўзлари падари бузрукворига нисбатан қат-қат меҳр, миннатдорлик туйғуларини
жўш урдириб юборганлигини ҳис этди. У ўшандай бир кун келиб отасининг соқоллари юзига
тегишини, худди ўшандай «тур, Султонмурот, йўлга тушамиз», — деган сўзларини қўмсашини
ҳали билмас эди.
Аллақачон ўрнидан турган онаси ўғлига ювилган кўйлак бериб, отаси ўтган йили Чуй
каналидан олиб келган каттароқ кўк, худди бошлиқларникидай фуражкани бошига кийгизиб
қўйди. Асраб қўйилган ботинкаларни ҳам отаси каналдан олиб келганди.
— Қани, кийиб кўр-чи, қисмайдими? — деди онаси ботинкаларни тутиб.
— Йўқ, қисмаяпти, — деди Султонмурот оёғини сал-пал қисаётганига қарамай. — Ҳечқиси
йўқ, кенгайиб кетади ҳали.
Улар онаси билан хайрлашиб ҳовлидан чиқишганларида, керосин арава шақирлаб катта
тошлоқ ариқдан ўтганида Султонмуротнинг юраги қувончдан ҳаприқиб, отларнинг туёғидан
сачраётган муздек сув заррасидан этлари жимирлаб кетди ва тушида эмас, ўнгида, ростакамига

шаҳарга кетаётганини ҳис этди.
Ёзги субҳидам худди шаффоф шарбатдай қуюла бошлади. Қуёш ҳали узоқ-узоқларда, оппоқ
қорли тоғлар ортида эди. Бироқ у аста-секин яқинлашиб, кўтарилиб, ногоҳ тоғлар ортидан
ярқираб чиқишга ҳозирланар эди. Ҳозирча эса туни билан салқинлашиб қолган йўлда сукунат
ва соф ҳаво ҳоким. Афсус, уларни овулдан чиқиб кетаётганини болалардан ҳеч ким кўрмади-да.
Фақат чекка-чеккадан итларгина ғилдирак товушини эшитиб, мудроқ аралаш ҳуриб
қўйишарди...
Йўл адир бўйиаб борар, узоқдан бинафшаранг кўринишдаги унча баланд бўлмаган тизма
тоғлар қўйнига кириб борарди. Ўша ёқда, ўша узоқ тоғлар ортида Жамбул жойлашган. Улар
ўша ёққа кетишяпти. Тўйган отлар бир текисда дадил йўртиб борар, гўё эгар-жабдуқнинг ҳам,
бўйинтуруқ ҳам унга алоқаси йўқдай, одатдагича кишнашиб ва кўзлари устига тушиб турган
ёлларини селкиллатганча йўрғалаб боришарди. Йўл яхши таниш, бу йўллардан улар неча
марталаб ўтишган; хўжайинлари ўз ўрнида, жилов қўлида, ёнидаги болакай ҳам бегона эмас,
қадрдонлари, оғирлиги ҳам тушаётгани йўқ...
Улар шу маромда анчагина йўл босиб, дунёдаги барча аравалар сингари шақир-шуқур,
ғичир-ғичир овоз чиқариб боришарди. Қуёш шу топда ён томондан, тоғлар орасидаги
бўшлиқдан мўралай бошлади. Нур, ҳарорат, терга ботган отлар яғринига ҳаво тўлқинидай сокин
ва майин таралди: нур қўйнида Чопдор бедана тухумидай бурул тусга кирди. Чонтор эса тағин
ҳам тиниқлашиб, оқ-тўриқ рангга бўялди; нур, ҳарорат отанинг буғдойранг ёноғига ҳам қўниб,
қисиқ кўзлари атрофидаги қалин ажинларни чуқурлаштирганидан, жилов тутган қўллари эса
яна ҳам йирик ва чайир кўринарди; нур ва ҳарорат отларнинг туёқлари остига югурган оқимдай,
йўлга тўшалиб, тан ва кўзларга кўчди; нур, ҳарорат жумлайи жаҳонга ҳаёт ато эта бошлади...
Шу сафар тонгида Султонмурот қалбида илиқ, қувончли ва эзгу ҳислар ҳукмрон эди.
— Қалай, уйғондингми? — ҳазиллашди отаси.
— Аллақачон, — деди ўғил.
— Ундай бўлса, ушла буни, — дея жиловни унга тутқазди.
Султонмурот миннатдорлик билан жилмайиб қўйди, ахир у буни сабрсизлик билан
кутаётган эди-да. Ўзи сўраса ҳам бўлар эдику-я, аммо яхшиси отасининг ўзи қачон маъқул
кўрса шунда бергани яхши — унақа-бунақа иш эмас, бу катта йўлда юриш дегани. Отлар
тизгинни бошқа қўлга ўтганини сезиб, норози бўлгандек қулоқларини чимириб йўртиб
бораётиб — худди ҳукмронлик заифлашган айни пайтда ғалаён кўтаришга ва уришишга қарор
қилишгандай бир-бирларини тишлай бошлашди. Аммо Султонмурот дарҳол ўзини кўрсатиб
қўйди — жиловни силтаб тортганча қичқирди:
— Чу, жониворлар!
Агар бахт одамга бир марта насиб қилса, буни Султонмурот сафарда тўла ҳис қилди. Унинг
кайфияти бирор дақиқага ҳам бузилмади. Отаси ёнида ўтираркан, у ўзини ҳар нарсага қодир деб
ҳисобларди. Бу кайфият йўл бўйи уни тарк этмади. Шақир-шуқур керосин арава бошқа бировни
ҳатто ақлдан оздириб қўйиши мумкин эди, аммо унинг учун эса бу бахт-шодлик қўнғироғи эди.
Арава остидан кўтарилаётган чанг ҳам, ғилдираклар ғилдираб бораётган йўл ҳам, бир маромда
туёқ ташлаб бораётган отлар ҳам, қорамой ва тер ҳиди анқиб турган абзал ҳам, бош устида
сузиб юрган оппоқ парқу булутлар ҳам, атрофдаги шабнамга чўмилган сарғиш, кўм-кўк,
бинафшаранг дала чечаклари ҳам, йўллардаги кечиб ўтиладиган сойлару ариқчалар, дуч келган
отлиқлару аравалар ҳам гоҳ олдинга, гоҳ орқага енгил учиб, баъзида эса шундайгина отларнинг
тумшуғи тагидан учиб ўтаётган қалдирғочлар ҳам— ҳамма-ҳаммаси бахт ва гўзаллик рамзи эди.
Бироқ Султонмурот булар ҳақида ўйламасди, зотан бахт бор жойда у ҳакда ўйламайдилар.
Султонмурот дунёнинг худди шундай тузилганини, бундан яхшироқ бўлиши мумкин
эмаслигини ҳис қилди. Унинг отаси ҳам шундай яхшики, бундан яхшироқ бўлиши ҳам мумкин
эмас эди.

Ҳатто сариқ тўш, қора бош дала қушларининг йўл бўйидаги тикан ва буталар шохига қўниб
олиб, ўша бир оҳангда сайраши ҳам бежиз эмас эди. Ким учун сайраётганини ўзлари билишади.
Султонмурот уларни қанчалик яхши кўришини ҳам билишади. Бу қушларни сарайғирлар деб
аташади. Шундай деб аталишига сабаб улар бир умр ўзларининг сайроқ овози билан аллақандай
саман айғирни шоширар эмиш: «Чу, чу, сарайғир! Чу, чу, сарайғир!» Ғалати қушлар-да,
сарайғирлар. Бироқ улар ҳар тилда ҳар хил сайрар экан. Бир куни овулга киномеханик,
хушчақчақ рус йигит келиб қолди. Султонмурот унга парвона бўлиб қутиларга солинган
ленталарни ташишди, кечқурун эса бунинг учун у биринчи бўлиб динамо-машинасини
айлантириш бахтига муяссар бўлди. Динамо-машинада электр токи ҳосил қилинади, токдан эса
лампочкалар ёнади, лампочкадаги нур эса оппоқ экранга тушади, экранда эса жонли тасвирлар
акс этади.
Шунда ўша киномеханик унинг сайрашини эшитиб, сўраб қолди:
— Девор ортида сайраётган қушнинг номи нима?
— Бу сарайғир, — тушунтирди унга Султонмурот.
— У нима деб сайраяпти?
— Чу, чу, сарайғир!
— Бу нима дегани?
— Билмадим. Русчасига: «Но-о, но-о, жёлтий жеребец!» — дегани бўлса керак.
— Биринчидан, айғир сариқ бўлмайди. Ҳа, майли, аммо нима учун тинмай: «Чу, чу,
сарайғир!» — дейди.
Чунки бу қушнинг хаёлида худди сариқ айғирга миниб тўйга кетаётгандай туюлар экан,
юриб-юриб ҳеч манзилига етолмаётгандай бўларкан-да, у ҳадеб: «Чу, чу, сарайғир!» — деб
қичқирар экан.
— Мен бўлсам бошқача эшитган эдим. Айтишларича, сарайғир бозорда қарта ўйнаган ва уч
сўм ютиб олишига сал қолган. Шунинг учун ҳам: «Чут, чут три рубля не вьирал!» — деб сайрар
экан. Энди ўша уч сўмни ютиб олмагунича сайрашини қўймас экан.
— Қачон у ўша пулни ютиб олади?
— Ҳеч қачон. Худди, тўйга етиб боролмаганидай пулни ҳам ҳеч қачон ютолмайди.
— Ана холос...
Ҳақиқатан, кўринишдан оддийгина қушча-ю, аммо жуда машҳур экан.
Йўл бўйи сарайғирлар сайраб туришарди, Султонмурот уларга жилмайиб:
— Кетдик бирга, бозорга бориб уч сўмни ютиб оламиз! — дерди.
Улар эса тинмай сайрашарди. «Чу, чу, сарайғир!» Бошқа гал эса: «Чут, чут, три рубля не
виграл!» — деб жиғибийрон бўлиб сайрашарди.
Султонмурот шаҳарга жуда тез етишга ошиқарди. Қуёш энди шундоқ тоғлар устига келиб
қолган эди. Султонмурот отларни тезлатди:
— Чу, чу, сарайғир! — бу сўзларни у Чопдорга айтди. — Чу, чу, тўрайғир! — бунисини эса
Чонторга қарата айтди.
Отаси уни сал қайтарди:
— Қичаб ҳайдама. Отлар ўз маромини билади. Керагида чопади, керагида ўзини асрайди
ҳам.
— Уларнинг қайси бири яхши, ота, Чопдорми ё Чонторми?
— Иккаласи ҳам яхши отлар. Йўрғалаши ҳам, кучи ҳам баравар. Худди машинадай
ишлайди. Фақат парвариш қилиб, ўз вақтида ем-хашак бериб турсанг бўлди — ҳеч қачон доғда
қолдирмайди. Ишончли отлар. Ўтган йили Чуй каналида ботқоқликда ишладик. Аравалар юки
билан гупчагигача ботиб қолар эди. Гоҳо шундай ўтириб қолардики, баъзиларини ҳеч қаёққа
силжитиб бўлмасди. Дод деб юборгинг келарди. Қутқар, деб дарров чопиб келишарди. Илтимос
қилишарди. Йўқ, деб бўлармиди? Чонтор билан Чопдоримни олиб келиб аравага қўшардим. Биз

ҳайвон деймиз-у улар ақлли, уларни бекорга бошқа аравага қўшмасликларини, ёрдам
қилишлари кераклигини тушунади. Қамчини кўп ишлатмайман, фақат овоз чиқариб қўяман —
улар бўлса, ишқилиб абзаллари чидаса бўлди, тиззалаб бўлса ҳам аравани тортиб чиқаради
чуқурдан. У ерда, Чуй каналида, буларни ҳамма биларди: омадинг бор экан сени, Бекбой, деб
ҳавас қилишарди. Балки шундайдир, фақат отларга яхши қараш керак, ана шунда омад ҳам
келаверади.
Чопдор ва Чонтор ишбилармонлардай, ўша бир маромдаги йўрғасида борар, гўё гап улар
ҳакда эмасдай эди. Отлар қоринбоғлари-ю қулоқларигача терлаб-пишиб, ҳамон аввалгидай
ёлларини селкиллатишганларича йўл пашшаларини қўнишига имкон бермай боришарди.
— Ота, қайси бири катта, Чонторми ё Чопдорми? — отасидан сўрайди Султонмурот.
— Чонтор уч ёш катта. Чонторнинг кексайгани аста-секин билиниб қоляпти. Чопдор эса
айни кучга тўлган вақти. Бақувват, чопқир от. У билан улокда ҳам кўпларни доғда қолдириш
мумкин. Олдинлари бунақа отни йигитнинг қаноти, дейишарди.
Султонмурот Чопдор унга кўпроқ ёққани учун суюниб кетди. Ажойиб тусли — бурул,
майда холли. Ўзи ҳам бадфеъл эмас, чиройли, бақувват.
— Менга Чопдор кўпроқ ёқади, — деди у отасига. — Чонтор баджаҳл. Кўзини олайтиргани
олайтирган.
— Баджаҳл эмас, ақллику, — кулимсираб қўйди отаси. — У ишсиз қолиб
зериктиришларини ёқтирмайди. — У бир оз туриб яна қўшиб қўйди: — Иккаласи ҳам яхши.
Ўғли ҳам маъқуллади.
— Икковиям яхши, — такрорлади у отларни қистаркан.
Бир оздан сўнг отаси деди:
— Қани, жиндай тўхтатиб турчи, — тўхтат аравани.— Ўзи эса қулай фурсат кутиб ҳуштак
чалди. — Отларнинг сийгиси қистади, аммо айта олишмайди. Буни сезиш керак.
Ҳақиқатан иккала ахта ҳам йўлда шовқин солиб, оппоқ кўпик сачратиб сия бошладилар,
қалин, майда, упадай чанг бўлса кўпик бўлиб кўпчиб лойга ботди.
Кейин улар яна йўлга тушишди. Йўл борган сари илгарилар, тоғлар эса ортда қоларди.
Тез орада шаҳар четидаги боғлар кўриниб қолди. Кўчадарга жон кирди. Энди жиловни отаси
олди. Тўғри қилди. Энди Султонмуротга отларнинг ҳам, жиловнинг ҳам қизиғи қолмаганди.
Шаҳар бошланган эди. Шаҳар ҳар хил бўёқ ва ҳидлар анқиган, шовқин-суронга тўлиқ эди. Гўё
тўполон оқимига ташлаб юборади-ю, у оқим бўлса уни айлантириб-айлантириб тўлқинлар
домига тортиб кетгандай эди.
Ана ўшанда, ўша бахтиёр кунда ҳеч кимга насиб қилмаган омад насиб қилди унга:
отчопарда, Жамбулнинг каттакон мол бозорида сайёр ҳайвонот боғи очилган экан. Тасодифни
қаранг: одам умрида биринчи бор шаҳарда бўлса-ю, умрида кўрмаган ҳар хил ҳайвонлари бор
ҳайвонотхонага, бунинг устига, карусел ва яна қийшиқ-қинғир қилиб кўрсатадиган ойналар
аттракционига дуч келса-я.