ХОТИМА
Кундаликнинг сўнгги жумласига нуқта қўйган Жаҳонгирнинг бутун чарчоқлари ўз-ўзидан
тарқагандай бўлди. Ташқарига чиқди. Шийпондаги биллиард столи атрофига тўпланган
одамлар орасидан Аҳмад Зокировни топди.
— Қимизхўрликка бормаймизми? — деди уни четга тортиб.
— Аммо кўнглимдаги гапни айтдингиз. Мен ҳозир кийиниб чиқаман.
Орадан ўн дақиқа ўтмай улар сафарга ҳозир бўлишди. Оромгоҳ дарвозасига
яқинлашишганда Жаҳонгирнинг кўзи тоғаваччасига тушиб тўхтаб қолди. Таъби тирриқ бўлди.
Шу дамда уни кўришга сира тоқати йўқ эди. Энди нима қилиш керак? Орқасига қайтай деса,
ҳамроҳидан истиҳола қилади. Гап чувалашади. Ундан ташқари Акбар деганлари қариндош-уруғ
у ёқда турсин, бутун шаҳарга истаган иғвосини тарқатиши мумкин. Олдинга юраверай деса...

65
«Ке, нима бўлса бўлди. Бир оғиз сўз айтаман, тамом! Шунга ҳам ўзимни қийнаб юраманми...»
Жаҳонгир шу қарорга келиб йўлида давом этди. Дарвозага яқинлашгач... кўнгли ёришди.
Мўйловли киши Акбар эмас, фақат сиртдан ўхшар экан. Унинг вужудига қайтган енгил руҳ
ғайратини оширди.
Улар икки довонни ошиб ўтишгач, дарахтзорлар орасида зўрға кўзга чалинадиган сўқмоқ
бўйлаб ўнг томонга юришди. Шу сўқмоқ сара қимизи билан донг таратган чўпон ўтовига олиб
боради.
Чўққилар ортида момиқ булутлар кўринди. Тоғ худди чилим чекиб тутун бурқситаётганга
ўхшайди. Узоқдан шаршаранинг овози келяпти. Пастда телба дарё буралиб оқяпти. Бир оз
юриб, ирмоқ бўйига чиқишди. Сув баҳайбат тошларга бош урганча, майдаларининг юзини
силаб, катта дарёга қўшилиш учун ошиқади. «Шошса-шошмаса сувнинг йўли бир, — деб
ўйлади Жаҳонгир ирмоққа қараб борар экан.— Инсоннинг ҳаёти ҳам шунга ўхшайди. Одам
қанча шошмасин, юрагига тугган ишларнинг барчасини тўла битира олмайди. Инсон ҳам
ҳаётда орқасига қайтиш ҳуқуқидан маҳрум. Одам буни билса ҳам ўзини билмаганга солади.
Хатога йўл қўйсам, кейин тузатаман, дейди. Масала оппа-осонга ўхшайди. Бироқ, хатони
тузатиш учун кетган умр ҳисобга олинмайди. Агар одамлар умр бўйи биронта хатога йўл
қўймай яшасалар нима бўларди?.. Нима бўлишига ақлим етмайди. У ҳолда балки ҳаёт
зерикарли бўлиб қолар...»
Сўқмоқ чапга бурилиб, ирмоқ ўнг томонда қолди. Тепаликда одамларнинг қораси кўринди.
Бир оз юришгач, кичик сайҳонликда бир тўп ёш йигит-қизларга кўзлари тушди. Йигитларнинг
бири беш қаричлар чамаси келадиган жонсиз илонни ушлаб олган, қолганлари ерга
тикилганча ниманидир томоша қилишарди. Улар ўзларига яқинлашган икки йўловчини
сезишмади. Ёшларнинг диққатини тортган нарса — узунлиги жимжилоқдай, йўғонлиги
қаламдай келадиган, ерда типирчилаб ётган иккита илон боласи эди.
— Бу урғочиси бўлса керак, — деди ўлик илон ушлаб турган йигит.
— Эркаги ҳам бордир?
— Балки шу атрофда юргандир...
— Илонлар қасоскор бўлади, дейишади.
— Қўрқманглар, бу илон заҳарли эмас, — ёшлар овоз келган томонга қарашди. Аҳмад
Зокиров эса сўзини давом эттирди. — Буни ўлдириб чакки қилибсиз.
— Биз заҳарли деб ўйлабмиз.
— Ҳатто заҳарлигини ҳам ўлдирмаслик керак. Табиатда ҳар нарсанинг ўрни, вазифаси бор.
Бирор жой бўшаб қолса, унинг ўрнини бошқа ҳеч нарса тўлдира олмайди. Болаларини дарахт
панасига олиб қўйинглар.— Аҳмад Зокиров шундай деб, ҳамроҳига юринг, дегандай ишора
қилди.
— Табиатни фақат китоблардан ўқиб билишади-да,— деди Жаҳонгир ёшлардан
узоқлашишгач.
— Шу китобларни чуқурроқ ўрганишса ҳам кошки эди. Табиатда неча минг хил ўсимлик,
неча минг хил ҳашорату жонивор бор. Ўйлаб кўрилса, буларнинг ҳаммаси инсон учун хизмат
қилади. Инсоният уларнинг қанчасидан айрилди. Бу — қанча дори, қанча малҳамдан бебаҳра
қолди, деган гап.
— Қўриқхоналар вужудга келиб, қирғиннинг йўли тўсилармикин?
— Ўсимлик билан жонзотларни фақат жоҳил одамлардан эмас, табиатнинг ўзидан ҳам ҳимоя
қилиш керак.
— Қуёшу юлдузлардаги ўзгаришлар буларга ҳам таъсир кўрсатади, денг?
— Бўлмасам-чи? Энг оддийси, ҳаво паст келса дарахтларга шира тушадими? Ёғиннинг кўп
бўлиши осмон жисмларидаги ўзгаришга боғлиқми? Э, Жаҳонгир Алиевич, ҳали қиладиган
ишларимиз кўп. Бир муаммога жавоб топсангиз, иккитаси кўндаланг бўлиб туради.

66
— Аҳмад Зокирович, табиатдаги ўзгаришларнинг фарматсевтикага таъсири шу топгача
синаб кўрилганми?
— Масалан, қайси ўзгариш?
— Айтайлик, қуёш, ой тутилишининг дори ёки малҳам тайёрлаш жараёнига таъсири
бўлмасми- кин?
— Шундай фараз бор. Аммо бу оғир масала. Нега фарматсевтикага қизиқиб қолдингиз?
— Ўзим, шунчаки...
Жаҳонгир бу саволни беришни аслида оромгоҳда ўйлаган, маврид келишини пойлаётган
эди. Уни Шамсибек бошлаган тажрибанинг ниҳояси қизиқтирар эди. Гелиобиолог саволга қисқа
жавоб қилгач, Жаҳонгир гапни бошқа томонга буришга мажбур бўлди. Улар то чўпон ўтовига
боргунларига қадар илмда муаммолар хусусида сўз очмадилар.
Бегона одамларнинг яқинлашганини сезган ит бир ҳурдию тинди. Афтидан у қимиз истаб
келувчиларга кўникиб қолган, ўзининг сергак турганини сездириб қўйиш учунгина вовилларди.
Жаҳонгирдан уч-тўрт ёш катта бўлган, аммо кўриниши бақувват чўпон ўтовида бир қимиз
ичган одамни хотирида яхши сақлар, кейинги сафар келганида илиқроқ кутиб оларди. Лекин
бу гал нима учундир одатини канда қилди. Чўпон чордана қурган меҳмонлар ёнига сирланган
тоғорада қимиз ва чўмич келтириб қўйиб, ўзи ҳам ўтирди.
— Хафа кўринасизми? — деб сўради Жаҳонгир қимизни шопира туриб.
— Бугун ниҳоятда хунобим ошди, ука, — деди чўпон кигиз қалпоғини тиззасига олиб. —
Бола-чақам катта бўлди, энди роҳатини кўраман, деган вақтингда ташвишдан қутулолмай
қоларкансан.
— Болалар хафа қилдими?
— Энди тушунмайди-да, нима дейсиз, ўзи-ку хафа қилиш нияти йўқ, лекин ўжар. Кенжам
бултур мактабни битириб, шаҳарда ўқийман, деди. Ҳавасманд бўлсанг боравер, дедим. Борди.
Лекин ўн беш кундан кейин икки қўлини бурнига тиқиб қайтиб келди. Адабини егандир десам,
яна ўқийман, дейди. Бу дайди юришида одам бўлмайди, деб қўрқаман. Қўлига китоб олганини
кўрмайман. Ахир китобга қайишса, шаҳарда ўқийди-да!
— Ўғлингиз шу ердами? Балки чиндан ҳам ўқишга ихлоси баланддир? — деди Аҳмад.
— Бе, ихлос қайда? Ўртоқларига ҳавас қилади. Ҳали справка олгани идорага кетувди.
Сизлар олим одамсизлар, бир насиҳат қилиб қўйинглар.
— Насиҳат қилсак қизиқ бўладию, — деди Жаҳонгир кулиб.
— Нега?
— Олим бўла туриб ёш йигитчага ўқима, десак кулмайдими? Сизга бир йигитча келиб чўпон
бўламан, деса йўлдан қайтармассиз?
— Энди ука, бизнинг йўриғимиз бошқа. Қимиздан ичинг, ҳадеб шопираверманг. Гапнинг
пўсткалласини айтсам, ўша йигит жониворларнинг тилини билмаса, тошингни тер, деявераман.
Сизам айтовринг. На у ёқлик, на бу ёқлик бўлмайдиган шогирдларни нима қиласиз? Ҳайрон
бўляпсиз-а? Йўқ, ўғлимни ерга урмоқчи эмасман, яхши бола, лекин олим бўладиган сиёқи йўқ.
— Хўп, насиҳат десангиз, қочмаймиз. Аммо бир синаб кўрайлик. Балки олим бўладиган
қобилияти бордир.
— Қани эди...
— Илгарилари одамлар болаларига пул сарфлаб, мажбур қилиб ўқитишар экан, эндиги
аҳволни қаранг,— деди Жаҳонгир ҳамроҳига қараб. Аҳмад Зокиров жавобга оғиз очишга
жуфтлашга улгурмай, гапни чўпон илиб кетди:
— Қайси пайтларни айтяпсиз?
— Масалан... — Жаҳонгирнинг кўз олдига Абдулваҳоб келди. — Масалан, бундан олти юз
йил олдин.
— Э, отам замонидаги гапми. У пайтларда мадрасани битирган одам олимликка чоғи
келмаса, бизга ўхшаган оми халқнинг миясини ачитиб юраверган. Энди институтни битирса-ю,

67
калла ўрнида ошқовоқ бўлса. Келиб менга ақл ўргатадими? Бурноғи йили шунақаларини
кўрганман. Сизга ўхшаган бир домла сочи ўсган болаларни олиб келибди. Менинг отаримда
«амалий сабоқ» олишармиш. «Неча йил ўқишди бу болалар», десам, домласи, «беш йил. Бу
йил ўқишни тугатишади», дейди. «Уч-тўрт ойдан кейин менга ўхшаган чўпонларга ақл ўргатар
экан-да, қани, бир синаб кўрай», дедим. Кўнишди. Бир йигитдан «Қўйнинг ёшини қандай
билиш мумкин?» деб сўрадим. «Шахсий дафтарчасидан», деди. «Агар дафтарча йўқолган
бўлса-чи, менга ўхшаган бетартиб чўпон дафтарча сақлайдими?» дедим-да, икки ёшли қўйни
кўрсатдим. У қўйнинг оғзини очиб кўриб «қари экан, юқори жағида тиш қолмабди», дейди...
Аҳмад Зокиров чўпоннинг бу гапларини эшитиб кулиб юборди.
— Оббо, азамат, тоза боплабди-ку, — деди у ўзини кулгидан тўхтатолмай.
Жаҳонгир бу кулгининг маъносига тушунмай сўради:
— Нима, қўйнинг юқори жағида умуман тиш бўлмайдими?
— Сиз ҳам тузуксиз-ку, Жаҳонгир Алиевич!
— Энди бу кишининг йўриғи бошқа. Шаҳарда ўсган. Бўлак илмга ўқиган. Менга келган
билағонларни қаранг. Шулар ўқиб нима каромат кўрсатади? Менинг ўғлим ҳам шу кўйга тушса
нима қиламан? Уятдан ерга кириб кетмайманми? Боланинг олган илми дастурхонга қўйишга
яроқли яхлит нонга ўхшаса, тўрвадаги бурдаланган қаттиқ-қуруқ нон бўлмаса, дейман-да...
Қимиздан ичинглар. Оғримаган бошларингизни оғритавермай отардан хабар олиб келай. —
Чўпон шундай деб ўрнидан турди. Шу кетганича икки соатдан сўнг қайтди. Меҳмонлар унинг
ўғлини кутиб бир оз мизғиб ҳам олишди.
— Қишлоқда қолганга ўхшайди, — деди чўпон хижолат бўлиб. — Мана шунақа парвойи
палак бола-да...
— Энди кейинги сафар келганда гаплашармиз.
— Эртага оромгоҳга тушириб юборайми?
— Майлингиз. Агар мен бўлмай қолсам, Аҳмад Зокировични топади.
Улар оромгоҳга оқшомда қайтишди. Жаҳонгирнинг кўзи эшик олдида турган уч кишига
тушди. Сал яқинлашиб, ўғлини, Султон билан Тўлқинни кўрди. Дўстлари қучоқ очиб сўрашиб,
тажрибанинг муваффақиятли якунлангани билан табриклашди. Жамшид отасини қандай
қутлашни билолмай, ҳайрон бўлиб турганида Жаҳонгирнинг ўзи уни қучоқлаб ўпди.
Тўртовлон унинг мўъжаз хонасида давра қуришди. Султон Булоқбошидаги экспедитсия
бошқа қимматли маълумот тўплай олмагани, Тўлқин эса элаллома тўғрисидаги мақоласига
мингга яқин хат олгани ҳақида гапирди. Уларнинг гапи адоқсиз эканини пайқаган Жаҳонгир:
«Тўхтанглар энди, ўғлим билан сўрашиб олай», деди. Кейин ўғлининг елкасига қўлини қўйиб
сўради:
— Хўш, қандай янгиликлар бор?
— Акбарали ака яна келдилар. Сизга тўн-дўппи, хуллас, бошдан-оёқ сарпо қилиб кептилар.
— Олиб қолдингми?
— Йўқ. Ўзлари қайтганларида олиб келасиз, дедим.
— Яхши қилибсан. Телеграммангни олгандим. Ишлар давом этяптими?
— Силжияпти...
— Хўш, ўзинг биз учун қандай хотиралар тўпладинг? — деди Тўлқин уларнинг сўзини бўлиб.
— Хотираларнинг ҳаммаси мана шу ерда, — Жаҳонгир кундаликни кўрсатди. — Шамсибек
исмли алломанинг кўрган-кечирганлари, эшитганларини тўлалигича ёзиб қўйдим. Афсуски,
элаллома Шамсибекнинг фақат ўзи иштирок этган воқеаларни тиклади. Унинг ўлими бир оз
мавҳум бўлиб қолди. Айниқса дафн маросими тўғрисида маълумот йўқ.
— Тўхта, тўхта. Нималар деяпсан?
Жаҳонгир кулиб юборди.
— Воқеани худди сенлар ҳам биладигандек гапириб ўтирибман. Аввал дафтарга кўз
югуртириб чиқинглар. Кейин гаплашамиз.

68
Барчалари тунни тоғ қўйнидаги оромгоҳда ўтказдилар. Тўлқин ухламай Жаҳонгирнинг
кундалигини ўқиб чиқди.
— Хўш, ўртоқ муҳаррир, «ёш ёзувчи»нинг ижодига қандай баҳо берасиз, — деди Султон
эрталаб нонуштага тўпланганларида.
— Ёмон эмас. Чидаса бўладиган, — деди Тўлқин дўстининг ҳазилига ҳазил билан жавоб
бериб. Кейин Жаҳонгирга қаради: — Шуларнинг ҳаммасига ўзинг гувоҳ бўлдингми? Элаллома
воқеани шундайлигича тиклай олдими?
— Деярли тиклаб берди. Баъзи ўринларда воқеанинг мантиқий давомини ўзим қўшдим.
Элаллома тиклаган воқеаларда мен биринчи шахс сифатида иштирок этдим. Ёзишда учинчи
шахс сифатида, четда туриб қоғозга туширдим.
— Нимага?
— Таҳлил учун шу усул маъқул бўлди. Ундан ташқари қандай ёзишни кўп ўйлашга фурсатим
ҳам йўқ эди. Эртага тажрибахонада хулосаларимни баён қиламан. Катта таҳлил бошлаймиз.
Кейин мияни электроддан халос этиб, янги ҳужумга шайланамиз.
— Бу энди эртанинг иши. Бугунги ишимиз ғалаба билан тугади. Энг муҳими шу! — Султон
шундай деб дўстларини қучди.
Бу дамда қуёш тоғ чўққисидан кўтарилган, олам нурга чўмиб борарди.