тарафдан белкураклар билан тупроқни суриб тушира бошлашди. Бирпасда гўр тўлиб, устида янги бир қабр ҳосил бўлди.
Кечир, Чоро!..
Фотиҳадан сўнг Шомансур Танабойни бир чеккага чақириб:
– Сизда ишим бор, Танака, гаплашиб олишимиз керак, – деди. Улар ҳовли орқали одамлар орасидан – тутаб ётган самоварлар ва
гулханлар олдидан ўтиб, боққа чиқишди. Ариқ лабидан юриб полизнинг нариги ёғидаги янги йиқитилган дарахт танасига бориб ўтиришди. Улар бир оз жим ўтиришди, ҳар бири ўзича хаёл сурарди. «Инсон ҳаёти шу экан-да, – ўйларди Танабой. – Кечагина бола бўлган Шомансур бугун ажабтовур йигит бўлиб қопти. Ғам-ғусса уни яна улғайтириб қўйибди. Энди у Чоронинг ўрнига ўринбосар бўлиб қолди. Энди бир-биримиз билан тенг одамлардек гаплашамиз. Шундай ҳам бўлиши керак. Ўғиллар оталарининг ўрнини эгаллайди. Ўғиллар отанинг ишини давом эттиришади. Илоҳим, отасидек бўлсин. Лекин бизлардан илгарилаб кетишсин, ақл-фаросатда, ишбиларманликда биздан юксак кўтарилишсин, халққа хизмат қилиб ўзлари ҳам бахтли бўлишсин. Биз – оталар: биздан ўзиб кетсинлар, биздан кўра яхшироқ ишлаб, яхшироқ яшасинлар деган умидда фарзанд ўстирамиз... Ҳа, бизнинг умидимиз шу».
– Шомансур, сен энди оила бошлиғисан, – кексалардек соқолини силаб деди Танабой. – Энди сен Чоронинг ўрнини босасан. Мен эса сенинг гапларингга қулоқ соламан.
– Танака, мен отамнинг васиятини сизга айтишим керак, – деди Шомансур.
Танабой бир сесканиб тушди, ўғлининг гапириши ва овозидан отасининг сўз оҳанги эшитилди, ўша йигит Чоронинг руҳиятини ҳис этди. Чоронинг ёшлик йилларини Шомансур билмасди, Танабой эса уни биларди ва эсда яхши сақлаб қолган эди. Танишлари тирик экан, инсон ўлмайди, деб бекорга айтишмаган экан.
– Қулоғим сенда, ўғлим.
– Мен отамни кўз юммасдан олдин кўришга муяссар бўлдим, Танака. Кеча тунда ўлимидан бир соат илгари етиб келишга улгурдим. Охирги нафасга қадар эс-ҳуши ўзида эди. Кўзлари, Танака,
162


сизга интизор эди. «Танабой қани? Келмадими?» деб ҳадеб сўрарди. Биз эса сизни йўлда, ҳозир етиб келади, деб тасалли берардик. Афтидан сизга нимадир айтмоқчи эди, лекин муяссар бўла олмади.
– Ҳа, Шомансур. Бизнинг бир-биримиз билан кўришишимиз жуда зарур эди. Бир умрга дилимда армон бўлиб қолди. Бунга мен айбдорман. Эртароқ етиб келолмадим.
– Отам менга бир нарсани тайинлади. Ўғлим, Танакангга айтгин, кечирим сўрайман, гина-кудурат сақлаб юрмасин, менинг партия билетимни унинг ўзи туман партия комитетига олиб бориб топширсин. Менинг билетимни Танабойнинг ўзи, ўз қўли билан элтиб топширсин, яна унутмагин, албатта унга етказгин. Шундан сўнг ҳушидан кетди. Қийналди. Жон бераётганда ҳам кимнидир кутаётгандай қаради. Йиғи аралаш алланималарни уқтирди, аммо биз англай олмадик.
Танабой индамай ўтирар, ҳиқ-ҳиқ йиғлаб, соқолини силарди. Чоро кетди. Ҳа, Танабойнинг дилини яримта қилиб, ҳаётининг бир қисмини олиб кетди.
– Сўзларинг учун раҳмат, Шомансур, барака топ. Отангга ҳам раҳмат, – деди ниҳоят Танабой ўзини қўлга олиб. – Лакин менинг кўнглимни бир нарса ғаш қилмоқда. Сен мени партиядан чиқарганларини биласанми?
– Биламан!
– Партиядан ҳайдалган бўлатуриб Чоронинг партия билетини қандай қилиб райкомга элтаман. Бундай қилишга ҳаққим йўқ-ку!
– Билмадим, Танака. Ўзингиз биласиз. Мен отамнинг васиятини бажармоғим лозим. Мен сиздан яна ўтиниб сўрайман, отамнинг сўзини ерда қолдирманг.
– Мен жон-дилим билан бажарар эдим. Аммо бошимга мусибат тушган. Ўзинг элтиб топширсанг дуруст бўлмасмикан-а, Шомансур?!
– Йўқ, бўлмайди. Отам сўраган нарсасини ўзи яхши билган. Модомики, у сизга ишонибди, нега энди мен ишонмас эканман? Туман партия комитетига бориб айтинг, Чоро Саёқовнинг васияти шундай экан, денг.
Ҳали тонг отганича йўқ эди, Танабой каллайи саҳарлаб туриб
163


овулдан чиқди. У ўша учқур отга миниб олганди, ҳа, ўша яхши ва ёмон кунларида садоқатли ҳамдами Гулсарининг устида ўтирарди. Саман йўл четидаги музлаб қолган ерни оёқлари билан эзиб-сачратиб елиб борарди. У бу сафар ўзининг собиқ хўжайини, марҳум коммунист дўсти Чоро Саёқовнинг махсус топшириғи билан туманга бораётган Танабойни элтарди.
Олдинда, чексиз саҳро этагидан аста-секин тонг ёришиб келарди. Субҳ оғушидан туғилган шафақ ғира-шира уфқни тобора нурафшон этарди...
Йўрға от ўша шафақ томон, ҳануз фалак этагида ёлғиз ўзи ёғду сочаётган юлдуз томон интиларди. Унинг танҳо ўзи дўпир-дўпир йўрғалаб, кимсасиз ёлғиз оёқ дашт йўлларига жон киритиб борарди, Танабой кўпдан бери саман йўрғани минмаган эди. Гулсари одатдагидай жуда ҳам тез ва текис йўрғалаб борар эди. Шамол отнинг ёлини тараб, ёл Танабойнинг юзларига уриларди. Ҳа, Гулсари кучга тўлган ажойиб от эди.
Танабой йўлда хаёл суриб борди, ўй-хаёлларининг бошига етолмади: Нега Чоро ўлими олдидан ўз партбилетини райкомга элтиб топширишни унга – партиядан чиқарилган Танабойга васият қилди? Чоронинг бундан мақсади нима эди? Ёки уни синамоқчи бўлдимикан? Ё эҳтимол, бу билан Танабойнинг партиядан ҳайдалишига асло рози эмаслигини билдирмоқчими? Энди бу муаммони асло еча олмайсан. Чоро энди ҳеч қачон ҳеч нарса дея олмайди. Ҳа, бу дунёда «ҳеч қачон» каби даҳшатли сўзлар мавжуд. Шу билан гап тамом...
Яна аллақандай фикрлар унинг миясини чулғаб олди, Бутунлай хаёлидан чиқариб ташламоқчи бўлган нарсалар яна жонлана бошлади. Йўқ, ҳали «тамом» дейишга эрта.
Чоронинг васияти ёдида. У дўстининг билети билан районга боради, дўсти ҳақида нимаики билса, ҳаммасини тўкиб-сочади, халқ учун, Танабойнинг ўзи учун Чоронинг қилган яхшиликларини бирма- бир айтиб беради. Ўзи ҳақида ҳам гапириб беради, зероки, дўсти билан у бир қўлнинг эту тирноғидек эдилар.
Ҳа, уларнинг ёшлик кезларида қандай бўлганликларини ва қандай ҳаёт йўлини босиб ўтганликларини ҳамма билиб қўйсин. Зораки,
164


одамлар Танабой билан Чорони ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам бир-биридан ажратиш инсофдан эмаслигини тушуниб етсалар. Фақат гапига қулоқ солсалар бас, кўнгил дардини изҳор этишга имкон берсалар бўлгани.
Танабой райком секретари қошига қандай кириб боришни, Чоронинг партия билетини унинг столи устига қўйиб барча бўлиб ўтган воқеаларни қандай айтиб беришини ўйлаб борарди. Ўз гуноҳини бўйнига олиб кечирим сўрайди, ўзини яна партия сафига қайтаришни илтимос қилади, чунки у партиясиз яшай олмайди, бусиз ўз ҳаётини ҳам тасаввур қила олмайди.
Бордию партиядан ўчган шахснинг партиявий ҳужжатни келтиришга нима ҳаққи бор, дейишса-чи. «Сен коммунистнинг партбилетига қўл тегизмаслигинг, бундай ишларга аралашмаслигинг керак эди. Сендан бошқа одам топиларди», дейишса-чи! Чоронинг сўнгги истаги шу эди-ку ахир! У ўлими олдидан шундай васият қилган эди. Буни ўғли Шомансур ҳам тасдиқлайди. «Ҳе, жон талвасада, беҳушликда одам нималарни гапирмайди дейсан». Унда Танабой нима деб жавоб беради...
Гулсари музлаб ётган йўлдан тасирлатиб чопиб борарди. Мана, у бепоён даштни орқада қолдириб, Александровка тепалигига чиқиб олди. Гулсари елиб борарди. Танабой туман марказига қандай етиб борганини билмай қолди.
Туман ташкилотларида иш куни эндигина бошланган эди. Танабой ҳеч қаерда тўхтамасдан жиққа терга ботган йўрғани тўғри райком биноси томон ҳайдади. Отни қозиқ-қа боғлади, уст-бошини қоқди ва юраги «дук-дук» уриб райком биносига кирди. Унга нима дер эканлар? Қандай қабул қилишар экан? Коридорда ҳеч ким кўринмасди. Ҳали кишилар овуллардан келиб улгурмаганди. Танабой Қашқатоевнинг қабулхонасига кирди.
Салом,– деди у секретарь қизга. – Салом!
– Ўртоқ Қашқатоев ўзларидами?
– Ҳа, ўзларида.

– Ундай бўлса, кириб у кишига айтинг, партия ташкилотимизнинг
165


секретари Чоро Саёқов вафот этди. У ўлими олдида партия билетини райкомга элтиб беришимни илтимос қилган эди, шуни келтирган эдим.
– Жуда яхши. Бир зум кутиб туринг.
Секретарь қиз Қашқатоев кабинетида узоқ туриб қолмаган бўлса- да, Танабойнинг тоқати тоқ бўлди, ўзини қўярга жой тополмади.
– Ўртоқ Қашқатоев банд эканлар, – деди секретарь қиз кабинетдан чиқиб эшикни жипслаб ёпар экан. – У киши Саёқовнинг партбилетини ҳисобга олиш секторига топширишингизни айтдилар. Ҳув ана, коридор билан борсангиз ўнг қўлда.
«Ҳисобга олиш сектори... Коридор билан борсангиз ўнг қўлда». Бу нима деган гап? – Танабой ҳеч нарсага тушуна олмасди. Шу пайт воқеани дарҳол тушунди-ю, руҳи бирдан тушиб кетди. Наҳотки шундай бўлса? Наҳотки бу шундай осонгина иш бўлса. У ўйлагандики...
– Менинг унга гапим бор. Илтимос, кириб айтсангиз, жуда зарур гапим бор.
Секретарь қиз истар-истамас кабинетга кирди ва қайтиб чиқиб, яна деди:
– У киши жуда ҳам банд. – Кейин хайрихоҳлик билан қўшиб қўйди: – Ахир сизнинг масалангиз ҳал этилган эди-ку?! У сизни қабул қилмайди, яхшиси қайта қолинг, – яна илова қилди паст овоз билан секретарь қиз.
Танабой коридордан юриб, ўнгга бурилди: «Ҳисобга олиш сектори» деган ёзув. Эшикда дарча. Тиқиллатди. Дарча очилди.
– Сизга нима керак?
– Сизга билетни топширгани келдим. Парторгимиз Чоро Саёқов вафот этди. «Оқтош» колхозидан. – Танабой то камзули остидаги тасмали чарм халтачани олгунча ҳисобот секторининг мудири сабр билан кутиб турди. Танабой унда яқин кунларга қадар ўзининг партия билетини олиб юрган эди, бу сафар эса унда Чоронинг партия билетини олиб келди. Билетни дарчадан узатаркан: «Алвидо, Чоро!» – деди. У ведомостга Чоронинг партия билети номерини, фамилиясини, исмини, отасининг отини, партия сафига кирган йилини қандай
166


ёзаётганлигига қараб турди. Булар у ҳақдаги охирги хотира эди. Кейин ведомостни қўл қўйишга узатди.
– Бўлдими? – сўради Танабой. – Бўлди.
– Хайр.
– Хайр. – Дарча қаттиқ ёпилди.
Танабой кўчага чиқди. Йўрғанинг тизгинини еча бошлади.
– Тамом, Гулсари, – деди у отга, – вассалом. Толмас йўрға уни
орқага – овулга учириб олиб кетди.
Кенг баҳор дашти от туёғининг дупур-дупури остида шамол
билан бирга уни қаршилар эди. Фақат отнинг чопишигина Танабойни тинчлантириб, унинг дардига малҳам бўлди.
Шу куни кечқуруноқ Танабой ўз жойига, тоққа қайтиб келди.
Хотини уни жимгина кутиб олди. Отнинг жиловидан тутиб, эрининг қўлтиғидан ушлаб эгардан тушишга ёрдамлашди. Танабой ўгирилиб хотинининг кифтига ўзини ташлаб қучоқлади. Хотини ҳам уни қучоқлаб йиғларди.
– Чорони дафн этдик! У йўқ орамизда, Жайдар. Йўқ менинг дўстим! –деярди Танабой яна кўз ёшларига эрк бериб.
Кейин у ўтов олдидаги харсанг тошга жимгина ўтирди. Ўзи холи бўлишини истарди. Оппоқ қорли тоғнинг қиррали чўққиларидан секин кўтарилиб келаётган ойнинг чиқишини кўришни истарди. Хотини ўтовда болаларини ётқизаётган эди. Ўчоқда оловнинг чарсиллаб ёнаётганлиги эшитиларди. Кейин темир қўбизнинг юракни эзувчи оҳанги янгради. Гўё шамол алам билан инграётгандай, гўё бир одам далада йиғи аралаш ашула айтиб югураётгандай, атрофдаги ҳамма нарсалар эса нафасни ичига ютиб, сукут сақлаб тургандай ва фақат инсоний қайғу-ҳасрат нола чекаётгандай эди. Гўё у югурар ва ўзининг қайғу-алами билан қаерга бош уришни билмас, бу сокин ва кимсасиз ерда аламларини айтиб, кўнглини қандай бўшатишни билмас, унга ҳеч ким жавоб қилмасди. У ўзи йиғлар, ўзини ўзи тингларди. Танабой хотинининг «Кекса овчининг қўшиғи»ни айтаётганини англади...
Мен сени ўлдирдим, ўғлим Қорагул,
167


Ҳолимга йиғлар ким, ўғлим Қорагул. Тақдир жазолади, ўғлим Қорагул, Қисмат ўч олади, ўғлим Қорагул. Овчилик касбига, ўғлим Қорагул, Ўргатдим, оҳ, нега, ўғлим Қорагул. Қуш-ҳайвон қийратдинг, ўғлим Қорагул, Жониворни отдинг, ўғлим Қорагул?
Ҳар тирик мавжудот, ўғлим Қорагул, Дастингдан ўлса наҳот, ўғлим Қорагул. Ёлғиз колдим оламда, ўғлим Қорагул, Ҳеч бир инсон шу дамда, ўғлим Қорагул. Йиғимга солмас қулоқ, ўғлим Қорагул,
Мен сени ўлдирдим, ўғлим Қорагул, Жонингга қасд қилди қўлим, Қорагул...
...Танабой ўтов олдида ўтириб, қадимий қирғиз марсиясини тинглар, хомуш турган қоп-қора тоғлар ортидан ойнинг секин-аста сузиб чиқаётганлигини, ўткир қиррали қорли чўққилар тепасида, бир- бировларининг устига қалашиб кетган қоялар тепасида унинг муаллақ туриб қолганлигини томоша қилар эди. Шунда у марҳум дўстидан кечирим сўраб яна илтижо қиларди.
Жайдар эса ўтов ичида қўбизда ҳамон улуғ овчи Қорагул ҳақидаги марсиясини чаларди:
Мен сени ўлдирдим, ўғлим Қорагул, Ҳолимга йиғлар ким, ўғлим Қорагул.
ХХIII
Тонг отиб қолганди. Гулхан ёнида, жон бераётган йўрға отнинг бош томонида ўтириб, кекса Танабой кейин бўлиб ўтган воқеаларни эслади.
Ўша кунлари у вилоят марказига борганлигини ҳеч ким билмаган эди. Бу унинг охирги марта уриниб кўриши эди. У тумандаги кенгашда нутқини эшитган обком секретарини кўргиси ва унга
168


ўзининг ҳамма қайғу-аламларини сўзлаб бергиси келарди. Бу одам уни тушунишига ва унга ёрдам беришига ишонарди. Чоро ҳам у ҳақда яхши гаплар айтган эди, бошқалар ҳам уни мақташарди. Обкомга келгандагина бу секретарни бошқа вилоятга ишга ўтказилганлигини билди у.
– Эшитмовдингизми ҳали? – Йўқ.
– Агар ишингиз жуда муҳим бўлса, мен янги секретаримизга айтаман, эҳтимол, у сизни қабул қилар, – таклиф қилди қабулхонадаги аёл.
– Йўқ, раҳмат, – рад этди Танабой. – Мен шундай, ўзимча, шахсий ишим билан келувдим. Мен ахир уни танирдим, у ҳам мени биларди. Бўлмаса уни безовта қилиб ўтирмасдим. Кечирасиз, хайр. – У дилида аввалги секретарни яхши билганлигига, у ҳам буни – чўпон Танабой Бакасовни шахсан таниганлигига ишонган ҳолда қабулхонадан чиқди. Нега танишмасин ахир? Улар бир-бирларини танишлари ва ҳурмат қилишлари мумкин эди, у бундан шубҳаланмасди, шунинг учун ҳам шундай деди.
Танабой кўчага чиқиб, автобус станцияси томон йўл олди. Пиво дўкони олдида икки ишчи машинага пиводан бўшаган бочкаларни ортаётган эди.
Кузовда турган шеригига бочкани ғилдиратиб чиқариб бераётган пастдаги ишчи ёнидан ўтиб бораётган Танабойга тасодифан кўзи тушиб қолди-ю, афт-башараси ўзгариб кетди. Бу – Бектой эди. У машина кузовига қия қилиб тираб қўйилган тахта устида бочкани ушлаб туриб Танабойга қисиқ кўзларини адоват билан тикканича, унинг нима дейишини кутиб турарди.
– Ҳей, нима бўлди сенга, ухлаб қолдингми, нима бало? – деб сўз отди Бектойга, машина устида турган шериги ғижиниб.
Бочка пастга думалаб тушиб борар, Бектой эса уни ушлаб, бочканинг оғирлигидан букчайиб, Танабойдан кўзини узмай қараб турарди. Лекин Танабой у билан саломлашмади. «Э-э, шу ердамидинг. Шу ерда экансан-да. Тузук, ишингни топибсан. Пиво корхонасига ўрнашибсан-да, – ўйлади Танабой ва тўхтамай ўтиб
169