20 - БОБ
қўйлар йўталишар, қўзичоқлар маърашарди. Энди билса қўйхонада ётган экан. Ҳовлида тонг ёришиб келмоқда. Нега уйғонди? Нима учун? Уйғонмагани маъқул эди. Биргина ўлимдан бошқа илож қолмади, ўзини ўлдириши керак.
...Шундан сўнг у ариқдан ҳовучлаб сув ичди. Сув ниҳоятда совуқ бўлиб, юзи юпқагина музлаган эди. Қалтироқ бармоқлари орасидан сув шилдираб оқиб тушар, у бўлса яна ҳовучини сувга тўлдириб, сипқориб ичарди. Бир оз нафасини ростлаб ўзига келди, фақат шундагина у ўзини ўлдириш ҳақидаги фикри аҳмоқона фикр эканлигини тушуниб етди. Инсонга бир марта бериладиган ҳаётдан қандай қилиб ўзини маҳрум этиш мумкин?! Сегизбоевлар шунга арзийдими? Йўқ, ҳали Танабой яшашни хоҳлайди, ҳали у тоғни талқон қилади...
Уйига қайтиб келиб милтиқ ва патронтошни секингина бекитиб қўйди ва шу куни кечгача ишлади. Хотини билан қизчалари ва сақмончи аёллар билан ширин муомалада бўлмоқчи эди-ю, лекин хотинлар бирон нарсани сезиб қолишмасин деб ўзини қўлга олди. Хотинлар эса, гўё ҳеч нарса рўй бермагандай, ҳамма иш жойида экандай, ўз ишлари билан машғул эдилар. Танабой уларнинг бу қилиғидан ғоят хурсанд эди ва лом-мим демасдан ишни давом эттираверарди. У яйловга чиқиб, қўйларни ҳайдаб келишга ёрдам берди. Кечқурун ҳаво айний бошлади. Қор ёки ёмғир ёғиши аниқ эди. Чор- атрофдаги тоғларни туман қоплаб, кўк юзини қалин булутлар чулғаб олган эди. Яна қўзичоқларни совуқдан асраш ҳақида бош қотириш керак. Яна қирғин бошланмасин учун қўйхонани тозалаб, остига сомон сочиш лозим эди. Танабой диққат бўлар, лекин ўтган воқеаларни имкон қадар унутишга, умидсизликка тушмасликка ҳаракат қиларди.
Ҳаво қоронғилашганда қўрада бир отлиқ пайдо бўлди. Жайдар уни қарши олди. Улар алланималар ҳақида гаплашишарди. Бу вақт Танабой қўйхонада иш билан банд эди.
– Бир дақиқага бу ёққа чиқ, – хотини уни чақирди, – бир одам келибди. – Танабой хотинининг овозидан қандайдир кўнгилсиз воқеа
154
рўй берганини сезди.
Ҳовлига чиқиб, отлиқ билан кўришди. У одам қўшни овулнинг
чўпони экан.
– Э, Айтбой, сенмисан? Отдан туш. Қаерлардан сўраймиз?
– Овулдан келаётирман. Бир иш билан борган эдим.
Айтишларича, Чоро қаттиқ касал экан. Сен албатта олдига борармишсан. Шундай деб тайинладилар.
«Яна Чоро». Унутилган ғам-аламлар яна қайтадан янгиланади. Танабой унинг дийдорини кўришни истамасди.
– Нима, мен дўхтирмидим? У ҳамиша касал. Усиз ҳам ташвишим бошимдан ошиб ётибди. Кўриб турибсан-ку, ҳавонинг авзойи ҳам бузилиб келяпти.
– Борасизми, бормайсизми, бу ёғини ўзингиз биласиз. Менга тайинлаган гапларини келиб айтдим. Хайр, вақтим зиқ, кеч тушиб қолди.
Айтбой отини йўлга бурди-ю, лекин яна жиловини тортиб деди:
– Танака, яна бир ўйлаб кўр. Аҳволи ёмон. Ўғлини ўқишдан чақиртирибдилар. Вокзалга кутиб олгани кетишибди.
– Хабар келтирганинг учун раҳмат. Аммо мен бормайман.
– Боради, – уялиб-қизариб гапга аралашди Жайдар, – ташвиш тортманг, боради у.
Танабой индамади. Аммо Айтбой бир оз узоқлашгач, хотинига ўшқирди:
– Сен бу одатингни ташла. Нега менинг номимдан сен жавоб берасан? Нима қилишимни ўзим биламан. Бормайман дедимми, бормайман!
– Нима деяётганингни биляпсанми, Танабой?
– Ўйлаб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Етар энди. Андиша қила-қила партиядан ҳам чиқиб қолдим. Менинг энди ҳеч кимим йўқ. Мен касал бўлсам, бирон кимса кўргани келмасин. Бир ўзим пешонамдагини кўрарман! –деди ғазаб билан қўл силтаб ва қўйхона томон одимлаб кетди.
Лекин кўнгли ҳамон жойига тушмасди. Она қўйлар олдидан янги туғилган қўзичоқларни кўтариб, уларни бир бурчакка элтиб қўяр,
155
қўйлар орасида юриб бораётиб, маъраётган қўйларга «чу» деб, ўз- ўзича дўнғиллаб қўярди:
– Аллақачонлар кетганида бунчалик азоб тортмасди. Қачон қарасанг юрагини чангаллаб юради-ю, лекин эгардан тушмайди. Бошлиқ эмиш! Елкамнинг чуқури кўрсин сени. Хафа бўлсанг бўлавер, мен ҳам сендан хафаман. Ҳеч ким билан ишим йўқ...
Ҳовли қоронғи. Қор аста-секин ёға бошлади. Коинот шу даражада хомуш ва сокин эдики, ҳатто қор заррачаларининг ерга тушаётгани ҳам эшитиларди.
Танабой ўтовга кирмади, хотини билан гаплашишдан ўзини олиб қочиб юрди. Жайдар ҳам унинг олдига келмасди. «Ўша ерда ўтирсанг ўтиравер, – деб ўйлади Танабой. – Лекин мени боришга мажбур этолмайсан. Энди мен учун буларнинг ҳаммаси аҳамиятсиз. Мен билан Чоро мутлақо бегона кишилармиз. Унинг йўли бошқа, менинг йўлим бошқа. Олдин дўст бўлсак энди бегонамиз. Агар мен унинг дўсти бўлсам шу маҳалгача у қаерда эди? Йўқ, мен учун энди бу аҳамиятсиз...»
Охири Жайдар унинг олдига келди. У эрининг кишилик чакмони, янги этик, белбоғ, қўлқоп ва телпагини келтирганди.
– Кийимингни кий, – деди у.
– Бекорга уриняпсан. Ҳеч қаерга бормайман.
– Вақтни ўтказма, бирон ҳодиса содир бўлса, кейин ўзинг умр
бўйи пушаймон бўлиб юрасан.
– Пушаймон бўлмайман. Ҳеч қандай ҳодиса ҳам рўй бермайди.
Бир оз ётади-да, яна ишига чиқиб кетади. Биз уни энди кўрибмизми.
– Танабой, мен сендан ҳеч вақт бирон нарса илтимос қилмаган эдим. Мана энди сендан илтимос қиламан: алам-қайғуларингни менга
қолдиргин-у, ўзинг боргин, бир одамгарчилик қил!
– Йўқ! – қайсарлик билан бош чайқади Танабой. – Бормайман.
Энди мен учун буларнинг ҳаммаси барибир. Сен одоб ва одатни ўйлайсан. «Одамлар нима дейди» деб ўйлайсан энди. Менинг ҳеч нарса билан ишим йўқ.
– Эсингни йиғиб ол, Танабой. Мен бориб оловдан хабар олай, яна кигизга чўғ сачрамасин.
156
Жайдар эрининг уст-бошларини унинг олдида қолдириб кетди. Лекин Танабой ўрнидан қимирламади. Бир бурчакда хаёлга чўмиб ўтираверди, ўз қарорини бузишга журъат этолмади. Чорога айтган сўзларини ҳам хотирасидан чиқариб ташлай олмасди. Энди-чи: «Ассалому алайкум, бир кўриб кетай деб келдим, соғлигинг қалай? Бирон ёрдамим керак эмасми» деб борсинми? Йўқ-йўқ, у бундай қила олмайди, бунга одатланмаган.
Жайдар қайтиб келди:
– Ҳали кийимларингни киймадингми?
– Жонимга тегаверма. Бормайман дедим-ку...
– Ўрнингдан тур! – Ғазаб билан бақирди Жайдар. Танабой худди
командирнинг буйруғини бажарган солдатдек ўрнидан сакраб турганини сезмай қолди. Жайдар яқин келиб фонарнинг хира шуъласида ғам чўккан ғазабли кўзларини эрига тикди. – Агар сен эркак бўлмасанг, инсон бўлмасанг, муштипар бир ожиза бўлсанг, сен учун мен бораман, сен эса лаб-лунжингни осилтириб ўтиравер! Ҳозироқ жўнайман. Бор, отни дарҳол эгарла.
Танабой хотинининг фармонига бўйсуниб, отни эгарлагани кетди. Эшикда майдалаб қор ёғаётган эди. Зулмат гўё гирдобдек чархпалаксимон товушсиз айланарди. Зим-зиё қоронғиликда ҳатто тоғлар ҳам кўринмасди. «Энди бу кўргилик ҳам бор экан! Шундай қоронғи кечада танҳо ўзи қаерга боради? – қоронғида от устига эгар ташлар экан, дилидан ўтказди у, – кошки гапга кирса. Айтганини қилмасдан қўймайди. Ўлдирсанг ҳам қайтмайди. Йўлда бирон ҳодиса юз берса нима бўлади? Ҳе, ўзидан кўрсин...»
Танабой отни эгарлади-ю, ўз-ўзидан уялиб кетди. «Ростдан ҳам одам эмасман. Мени хафа қилишди деб ақлимни еб қўйибман. Ранжиганимни ҳаммага намойиш этиб юрибман: мана кўринг, мен қандай ғамгин, аҳволим нақадар оғир деб жар солмоқдаман. Бечора хотинимни ҳам қийнаб юбордим. Унда нима гуноҳ? Нега уни бунчалик қийнайман? Бу ишим яхшиликка олиб бормайди. Мен ярамас одамман. Ҳайвонман, ҳа ҳайвон!»
Танабой иккиланиб қолди. Лекин ўз гапидан қайтиш ҳам осон эмас эди. У бошини қуйи солганича уйга қайтиб келди.
157
– Эгарладингми?
– Ҳа!
– Бўлмасам мин, – деди-да, Жайдар плашни узатди. Танабой
индамай кийина бошлади. У хотинининг биринчи бўлиб муросага келганидан хурсанд эди. Айни вақтда у хўжакўрсинга саркашлик қилиб:
– Эртага борсам-чи? – деди.
– Йўқ, ҳозир йўлга туш. Кейин кеч бўлади.
Тоғларни секин-аста тун зулмати қоплаб олаётган эди.
Лайлак қор секин-аста, бир маромда учиб тушаётганди. Танабой
қоп-қоронғи ёнбағирлар бўйлаб бир вақтлари тарк этган дўсти томон танҳо елиб борарди. Бошига, елкаларига, соқоли ва қўлларига қор учқунлари ёпишиб қоларди. Танабой эгарда қимирламай ўтирар, устидаги қорларни ҳам қоқмасди. Шу зайлда хаёл суриш қулай эди. У Чоро ҳақида, уларни бир-бирига узоқ йиллар дўст қилиб қўйган нарсалар ҳақида ўйларди. Чоро унга савод ўргатган пайтларини, кейин эса биргаликда комсомолга ва сўнгра партияга кирган кезларини ўйларди. Бир вақтлари Чоро билан канал қурилишида бирга ишлаганларини, кунлардан бирида Чоро Танабойнинг сурати билан у ҳақда кичик мақола босилган газетани ҳаммадан олдин олиб келиб, ҳаммадан олдин Танабойнинг қўлини сиқиб табриклаганини эслади.
Танабойнинг кўнгли борган сари юмшар ва қалбини аллақандай ногаҳоний ташвишли ҳис қамраб олар эди: «Ҳозир аҳволи қандай экан-а? Борди-ю, ҳақиқатда ҳам аҳволи оғир бўлса-чи? Нега ўғлини чақиртирди экан? Ёки унга бирон нарса демоқчимикан? Васият қилиб, видолашмоқчимикан?..»
Тонг ёришиб келмоқда. Ҳамон чарх уриб қор ёғарди.
Танабой отини ҳайдаб елдириб кетди. Ҳадемай анави тепаликлар этагидаги пастқамликда овул кўринади. Чоронинг ҳоли нима кечди экан? Тезроқ етиб бориш керак.
Ногоҳ овул томондан тонг сукунати ичида алланечук мунгли нола қулоғига чалинди. Гўё кимнингдир фарёди эшитилиб яна жимиб қолди. Танабой отнинг жиловини тортиб, шамол келаётган ўша томон
158
қулоқ солиб турди. Ҳеч нарса эшитилмасди. Эҳтимол, унинг қулоғига шундай эшитилгандир.
От Танабойни тепаликка олиб чиқди. Пастликда, қор остида қолган полизлар ва яланғоч дарахтлар орасида кимсасиз овул кўчалари чўзилиб ётарди. Ҳали эрта бўлгани учун кўчаларда ҳеч ким кўринмасди. Фақат бир ҳовли олдида одамлар тўдаси қорайиб кўринар, отлар дарахтларга қантариб қўйилган эди. Бу Чоронинг ҳовлиси эди. Нега у ерда одамлар бунчалик кўп. Нима бўлди экан? Наҳотки...
Танабой узангида қоматини ростлаб, энтика-энтика муздек ҳаводан чуқур бир нафас олди-да, жимиб қолди. Ва шу заҳотиёқ отини пастликка қараб солди. Йўғ-э. Бундай бўлиши мумкин эмас. Кўнгли беҳузур бўла бошлади, гўё у ерда содир булган бирон воқеа учун ўзини гуноҳкор деб ҳис этар эди. Ягона дўсти абадий кўз юмиш олдида видолашмоқ учун чақирса-ю, у қайсарлик қилиб, ўжарлик қилиб, аразлаб юрса. Энди у нима деган одам бўлди. Нега хотини унинг юзига «туф» демади? Жон талвасасида ётган кишининг охирги илтимосига қулоқ солишдан ҳам шарафлироқ нарса борми бу дунёда?
Танабойнинг кўз ўнгида яна ўша Чоро йўрға саманда орқасидан етиб келган дашт йўли намоён бўлди. Ўшанда у Чорога нималар демаганди? Унинг бу гуноҳларини кечириб бўладими энди?
Танабой от устида ўз айби ва ор-номус юки остида эгилганича қорли кўчадан эс-ҳушидан айрилиб борарди.
У бирдан Чоро ҳовлиси рўпарасида бир гуруҳ отлиқларни кўрди. Улар овоз чиқармасдан тўпланишиб келишарди. Кутилмаганда улар эгарда тўлғанишиб бараварига дод-фарёд чека бошладилар.
– Ўй-бай, бовурим-ой! Ўй-бай, бовурим!
«Қозоқлар келишибди», – деди Танабой ва дўстидан жудо бўлганини энди билди. Дарёнинг нарёғидан келган қўшни қозоқлар Чоро учун энг яқин биродарлари ва қўшнилари учун бутун округда мўътабар бўлган, ўзларининг яқин дўстлари учун кўз ёши тўкар эдилар. «Раҳмат сизларга, дўстлар, – кўнглидан ўтказди Танабой. – Ота-боболаримиз давридан бери сизлар шодлигимизга ҳам, ғам- андуҳимизга ҳам шерик эдингиз, тўй-у улоқларни бирга ўтказар эдик.
159
Ҳа, дўстлар йиғланг, биз билан йиғланг!»
Уларга қўшилиб Танабойнинг ўзи ҳам бор овоз билан фарёд
чекиб бутун тонгги овулни ларзага келтирди:
– Чоро-оо! Чоро-о-о-о! Чоро-о-о-о!
У отини йўрттириб борар экан, эгар устида у ёқдан-бу ёққа
чайқалиб бу дунёдан кўз юмган дўсти хотираси учун зор-зор йиғлар эди...
Мана Чоронинг ҳовлиси. Гулсарини эшик олдига боғлаб қўйибдилар, унинг устида мотам ёпиғи. Сағрисига тушаётган қор учқунлари аста-секин эриб кетаётган эди. Гулсари энди эгасиз қолди. Қуруқ эгар билан турарди.
Танабой ўзини отининг ёлига ташлар, қаддини кўтариб, яна ташланар эди. Кишиларнинг юзини туман босгандек зўрға ажрата оларди. Ҳамма ёқда йиғи-сиғи. Ғала-ғовур ичида кимнингдир:
– Танабойни отдан тушириб, Чоронинг ўғли олдига олиб боринглар, – деганини ҳам эшитмасди.
Бир неча киши уни отдан туширишга ёрдамлашди, қўлтиғидан олиб, одамлар орасидан олиб ўтишди.
– Мени кечир, Чоро, мени кечир! – йиғларди Танабой.
Ҳовлида Чоронинг ўғли студент Шомансур уй деворига юзини қўйганича турарди. У ўгирилиб жиққа ёшга тўлган кўзларини Танабойга тикди. Улар йиғлаб қучоқлашиб кўришишди.
– Сен отангдан, мен дўстимдан жудо бўлдик! Мени кечир Чоро! Мени кечир! – энтикиб ҳўнграб йиғларди Танабой...
Сўнгра уларни ажратишди. Шу пайт Танабойнинг кўзи, ёнида турган хотинлар орасидаги Бибижонга тушди. У Танабойга қараб кўз ёшларини дув-дув тўкарди. Уни кўриш билан Танабой янада ҳўнграб йиғлаб юборди.
У Бибижоннинг яқинроқ келиб, тасалли беришини, кўз ёшларини артишини истарди. Аммо у яқин келмади. Жойида турганича йиғларди. Танабойни бошқалар овутмоқчи бўлишарди.
– Бас қил, Танабой, йиғидан наф йўқ, бўлди энди. Бундан унинг дард-алами ошиб, яна зор-зор йиғларди.
160
XXII
Пешиндан сўнг Чорони дафн этдилар. Қуёшнинг сўник гардиши ҳаракатсиз оқиш булутлар орасидан зўрға кўринарди. Ҳамон ҳаводан юмшоқ ҳўл қор парчалари учиб тушаётган эди. Кўмишга кетаётганлар кумушдек оппоқ далада тинч оқар қорамтир дарё каби оқиб бораётган эди. Бу дарё гўё бу ерда кутилмаганда пайдо бўлиб, биринчи дафъа ўзига йўл очиб бораётгандай эди. Олдинда бортлари очиқ машинада дафн этиладиган оппоқ наматга маҳкам ўраб қўйилган Чоронинг жасадини олиб кетаётган эдилар. Унинг ёнида хотини, бола-чақалари, қариндош-уруғлари ўтиришарди. Қолган бошқа отлиқлар эса машинага эргашиб борарди. Танабой ва Шомансур машина орқасидан пиёда боришарди. Танабой марҳум дўстининг оти – эгарлоғлиқ Гулсарини етаклаб олганди.
Овулдан чиқаверишда йўл юмшоқ қор билан қопланган эди. У от туёқлари остида топталиб, одамлар кетидан қора бир тасма сингари чўзилиб борарди. Бу йўл гўё Чоронинг сўнгги йўлини белгилаб бераётгандай, тепалик орқали қабристонга бурилди. Энди бу ерда Чоронинг йўли тугар эди.
Танабой отни жиловидан ушлаб етаклаб борар экан, унга қараб ўз ичида шундай деярди:
«Икковимиз Чоромиздан ажралдик, Гулсари. Энди у йўқ, энди уни топиб бўлмайди... Ўша куни мени нега чақирмадинг, мени йўлда тўхтатмадинг? Худо сенга тил бермаган-да. Мен инсон бўлсам ҳам сендан тубан эканман. Ўз дўстимни йўл ўртасида ташлаб кетдим, унга қайрилиб ҳам қарамадим, йўлимдан ҳам қайтмадим, ўйлаб ҳам кўрмадим. Чорони мен ўлдирдим, ҳа, сўз билан ўлдирдим, сўз билан...»
Танабой йўл бўйи то қабристонга бора-боргунча Чородан кечирим сўраб борди. Қабристонда, Шомансур билан биргаликда лаҳадга тушиб Чоронинг жасадини мангу ётоғига қўяётганда ҳам:
– Алвидо, Чоро! Мени кечир, эшитяпсанми, Чоро, мени кечир! – дер эди.
Аввал одамлар кафтларида сиқимлаб тупроқ ташлашди. Сўнг чор
161