19 - БОБ
мумкинми?
– Йўқ, ҳожати йўқ, – жиркангандай юзини буруштирди
Қашқатоев. – Шу ҳам етади. Ўтиринг.
Кейин овозга қўйишди.
– Битта таклиф киритилди. Ўртоқ Бакасов партия аъзолари
сафидан ўчирилсин. Ким қўшилади?
– Бир дақиқа, ўртоқ Қашқатоев, – яна ирғиб ўрнидан турди
Каримбеков. – Ўртоқ бюро аъзолари, биз бу билан оғир хатога йўл қўяётганимиз йўқми? Бошқа таклиф бор. Бакасовнинг шахсий делосига ёзиб қўйиш шарти билан, қаттиқ хайфсан бериш билан чегаралансин. Шу билан бирга бюро аъзоси Сегизбоевга ҳам коммунист Бакасовнинг инсонлик шаънини таҳқирлагани, райкомнинг вакили сифатидаги қўллаган ярамас, иш услуби учун ҳайфсан эълон қилинсин.
– Демагогия, – бақирди Сегизбоев.
– Тинчланинглар, ўртоқлар, – деди Қашқатоев. – Сизлар райкомнинг бюросида ўтирибсизлар, уйларингда эмас, тартибга риоя қилишингизни сўрайман. – Бу ёғи энди райкомнинг биринчи секретарига боғлиқ эди. У масалани Сегизбоев мўлжаллаган томонга буриб юборди. – Бакасовни жиноий жавобгарликка тортишни менимча кераги йўқ. Лекин у партия сафида қолишга лойиқ эмас. Бу масалада ўртоқ Сегизбоев бутунлай ҳақли. Овозга қўяман. Бакасовни партиядан ўчирилсин, деган ўртоқлар қўл кўтарсин.
Бюро аъзолари етти киши эди. Учтаси ўчирилсин, деб қўл кўтарди, учтаси қарши. Фақат Қашқатоевнинг ўзи қолди. У бир оз кечикиб, ўчирилсин деб қўл кўтарди. Танабой ҳеч нарсани кўрмади. У ўз масаласининг ҳал қилинганлигини фақат Қашқатоевнинг секретарь аёлга айтган сўзларидан кейингина эшитди.
– Протоколга ёзиб қўйинг. Райком бюросининг қарори билан ўртоқ Бакасов Танабой партия сафидан ўчирилди.
«Тамом!» – деди ичида Танабой, мурдадай совиб.
– Мен Сегизбоевга ҳайфсан берилишини талаб қиламан, – деди бўш келмасдан Каримбеков.
Буни овозга қўймаса ҳам бўларди. Лекин Қашқатоев овозга қўйиш
146
керак, деган қарорга келди. Бунда ўзининг яширин мақсади ҳам бор эди.
– Ким ўртоқ Каримбековнинг таклифига қўшилса қўл кўтаришларингизни сўрайман. – Яна уч киши уни ёқлаб, уч киши қарши қўл кўтаради. Яна Қашқатоев тўртинчи бўлиб қўл кўтариб Сегизбоевни ҳайфсандан қутқариб қолди. «Лекин у буни билармикан, бу хизматнинг қадрига етармикан? Ким билади буни... Маккор, қув».
Одамлар кетишга тайёрланиб, ўринларидан қўзғалишди. Танабой энди ҳамма нарса тамом бўлди деб ўйлади ва индамай ўрнидан турди, ҳеч кимга қарамай эшик томон юра бошлади.
– Бакасов, қаёққа? – Тўхтатди уни Қашқатоев. – Партия билетингизни қолдириб кетинг.
– Қолдириб кетай? – Нима ҳодиса бўлганини Танабой энди тушунган эди.
– Ҳа. Столга қўйинг. Энди сиз партия аъзоси эмассиз ва уни олиб юришга ҳаққингиз йўқ.
Танабой партбилетини олиш учун қўйнига қўл солди. Орага чўккан жимликда у анча ивирсиди. Унинг партбилети фуфайкаси, костюми остидаги чарм сумкачада бўлиб, буни Жайдар тикиб берган эди. Бу сумкачани Танабой қайиш ўтказиб елкасига тақиб юрарди. Хуллас, у сумкачани олди. Қўйнидан кўксига тегиб, баданининг илиқ ҳид уриб қолган партия билетини олди ва Қашқатоевнинг совуқ, ярқироқ столи устига қўйди. Ҳатто ўзи ҳам совуққа қотгандек жунжикиб кетди. Яна ҳеч кимга қарамасдан сумкачасини қўйнига солиб кетмоқчи бўлди.
– Ўртоқ Бакасов, – орқадан Каримбековнинг овози эшитилди. Унинг юраги ачигани билиниб турарди.
– Ўзингиз нима дейсиз? Ахир сиз бу ерда ҳеч гап айтмадингиз-ку. Эҳтимол сизга қийин бўлгандир. Биз ўйлаймизки, юзингизга эшик ёпилгани йўқ, эртами, кечми яна партия сафига қайтишингиз мумкин. Айтинг-чи, ҳозир нима ҳақида ўйлаяпсиз?!
Танабой ноқулай аҳволга тушиб, ҳали ҳам қандай бўлмасин ўз елкасига тушган ғам юкини енгиллатишга ҳаракат қилаётган нотаниш йигитга алам билан қайрилиб қаради.
147
– Мен нима ҳам дердим. Бу ерда ҳаммасини гапириб бўлмайди, – деди ғамгин. – Фақат бир нарсани айтишим мумкин. Агар қўл кўтарган бўлсам ҳам, ёмон гаплар айтган бўлсам ҳам, ҳеч айбдор эмасман. Буни мен сизларга тушунтира олмайман. Гапнинг бори шу.
Орага оғир жимлик чўкди.
– Ҳм, демак, сен партиядан хафа бўляпсанми? – жаҳли чиқиб деди Қашқатоев. – Лекин ўзинг биласан, ўртоқ. Партия сенга маслаҳат бериб тўғри йўлга солди, сени суддан асраб қолди. Сен бўлсанг бундан рози эмассан, қайтага хафа бўляпсан. Демак, сен ҳақиқатан ҳам партия аъзоси деган номга муносиб эмассан. Бундан кейин сенга эшик очиқ бўлиши даргумон.
Танабой райкомдан бамайлихотир кўринишда чиқди. Ҳаддан зиёд хотиржам кўринарди. Бу ёмон аломат эди. Ҳаво илиқ, қуёш чарақлаб турарди. Кеч кирмоқда. Одамлар ўз ишлари билан ўтиб кетаётган эдилар. Клуб олдидаги майдонда болалар югуриб ўйнашарди. Танабой буларга қараган сари ўз-ўзидан юраги эзиларди. Бу ердан тезроқ жўнаш керак, тоққа, ўз уйига. Бундан ҳам ёмонроқ ҳодиса юз бермасдан жўнаб қолиш керак.
От боғлайдиган ғов олдида унинг оти билан ёнма-ён Гулсари турарди. Танабой яқинлашиши билан катта, узун, бақувват от бир оёғини қўйиб, иккинчи оёғини босди, қора, осойишта кўзлари ишонч билан унга тикилиб турди. Танабой паншаха билан унинг бошига қандай урганини йўрға аллақачон унутган эди. Шунинг учун ҳам у от- да.
– Эсингдан чиқар, Гулсари, хафа бўлма, – шивирлади йўрғага Танабой. –Менинг қайғум оғир. Жуда оғир. – Отнинг бўйнидан қучоқлаб хўрсинди, ўтиб турган одамлардан уялганидан ўзини зўрға йиғидан тийди.
Отига миниб уйга жўнади. Александровка тепалигидан ўтгандан кейин Чоро унга етиб олди. Орқадан елиб келаётган йўрғанинг таниш туёқ товушларини эшитиши билан Танабой зарда билан лабини қимтиб, ўшшайди. Қайрилиб ҳам қарамади. Аламидан унинг кўнгли ғаш, кўз олди қоронғи эди. Энди Чоро бутунлай бошқа, аввалгига сира ўхшамасди. Мана бугун Қашқатоев бир бақириб бериши билан у
148
худди интизомли ўқувчидек итоаткорона ўрнига ўтириб қолди. Кейин нима бўлади? Одамлар унга ишонишади, у бўлса тўғри гапни айтишдан қўрқади. Ҳар гапида ўзини эҳтиёт қилиб гапиради. Буни унга ким ўргатди? Майли, Танабой қолоқ одам, оддий колхозчи бўлсин, аммо у саводли, ҳамма нарсани билади, бутун умр раҳбар бўлиб юради-ку. Буларнинг ҳаммаси Сегизбоевлар ва Қашқатоевлар айтганидек эмас эканлигини наҳотки Чоро пайқамаса! Уларнинг сўзлари сирти ялтироқ, аслида эса ёлғон ва сафсатадан иборат эканлигини наҳотки билмаса. У кимни алдаяпти, нима мақсадда?
Чоро чопавериб қизиб кетган йўрғани жиловидан тортиб етиб олганида, ёнма-ён кетаётганларида ҳам Танабой унга ўгирилиб қарамади.
– Мен бирга қайтамиз деб ўйлаган эдим, Танабой – деди у нафасини ростлаб. – Қарасам, сен жўнаб қолибсан...
– Сенга нима? – деди ҳамон унга қарамай Танабой. – Ўз йўлингга кетавер.
– Кел, гаплашиб олайлик. Юз ўгирма, Танабой. Дўстона, коммунистларча гапиришамиз, – гап бошлади Чоро ва гапи оғзида қолди.
– Мен сенга дўст эмасман, бунинг устига энди коммунист ҳам эмасман. Ҳа, сен ҳам кўпдан бери коммунист эмассан. Тилёғламалик қиляпсан.
– Сен буни жиддий гапиряпсанми? – сўради Чоро, паст овоз билан.
– Албатта, жиддий. Сўз танлашни ҳам ўрганганим йўқ. Нимани, қаерда ва қандай гапиришни ҳам билмайман. Хайр бўлмаса, сен тўғрига кетасан, мен эса бу ёққа буриламан. – Танабой отни йўлдан четга бурди, қайрилмасдан ва дўстининг юзига бирон марта ҳам қарамасдан отни тўғри дала орқали тоққа ҳайдаб кетди.
У Чоронинг мурдага ўхшаб оқариб кетганини, қўлини чўзиб буни тўхтатишни истаганини ва кейин томирлари тортишиб, кўкрагини ушлаганча, йўрғанинг ёлига ётиб олганини, оғзини каппа-каппа очиб нафас олаётганини кўрмади.
– Аҳволим чатоқ, – пичирлади Чоро, чидаб бўлмас оғриқдан
149
ғужанак бўлиб, – вой, аҳволим ёмон! – хирилларди у кўкариб, нафаси қисилиб. – Тезроқ, овулга, Гулсари, тезроқ, овулга.
Йўрға қоронғи, кимсасиз даштда овул сари учиб борарди, устидаги одамнинг овози отни чўчитарди, овозида аллақандай қўрқинчли, ваҳимали нарса бор эди. Чопиб бораётиб Гулсари қўрқувдан пишқирар ва қулоқларини чимирарди. Одам эса эгар устида азоб чекар, ғужанак бўлиб, титраган қўллари ва тишлари билан отнинг ёлига маҳкам ёпишиб олган эди. Тизгин чопиб бораётган Гулсарининг бўйнида осилиб борарди.
XX
Кеч пайти эди, Танабой ҳали йўлда тоққа кетаётганида, овул кўчаларидан бир отлиқ чопиб ўтди, безовталанган итлар ҳурий бошлади.
– Ҳой, бу ҳовлида ким бор? Бу ёққа чиқ! – чақирди у ҳовли эгасини. – Идорага, партия мажлисига.
– Нима гап ўзи? Нега мунча шошилинч?
– Билмадим, – жавоб берди хабарчи. – Чоро чақиряпти. Тезроқ келишсин деди.
Чоронинг ўзи эса шу маҳал идорада ўтирган эди. Елкаларини стол четига қўйиб ҳансираб нафас олар, панжаси билан кўйлаги остидан кўкрагини қаттиқ ғижимларди. Оғриқ азобидан инграр, лабларини тишларди. Кўкариб кетган юзларидан совуқ тер чиқди. Қовоқлари кўкарган, кўзлари ичига тушиб кетганди. Баъзан у ҳушидан кетиб, назарида яна қоронғи даштликда йўрға устида келаётгандай эди, Танабойни чақиришни истарди-ю, у ништардай ботадиган сўзларни айтиб, орқасига ҳам қарамай кетарди. Танабойнинг сўзлари унинг юрак-бағрини ёндириб, ўртар эди...
Пичан устида ётиб бир оз дам олгандан сўнг парторгни қўлтиғидан ушлаб отхонадан бу ёққа олиб келдилар. Отбоқарлар уни ҳовлисига олиб кетмоқчи бўлдилар, лекин у бунга кўнмади. Коммунистларни чақириб келишга одам юбориб, энди уларни ана келади, мана келади деб кутарди.
150
Қоровул аёл чироқни ёқиб, Чорони ҳоли қолдирди-да, даҳлиздаги печкага ўт қўйиш билан овора бўлди, у баъзан қия очилган эшикдан қараб уҳ тортиб, бошини чайқаб қўярди.
Чоро одамларни кутарди, вақт эса имиллаб ўтаётган эди. Унга ато қилинган ва кўпгина қисмини яшаб бўлгандан кейингина қадрига ета бошлаган бу ҳаёт энди ҳар дақиқа сайин аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб тамом бўлаётгандай эди. У кунлари ва йиллари қандай ўтганини пайқамай қолди. Ҳаш-паш дегунча улар меҳнат билан ўтиб кетди. Унинг кутган нарсасининг ҳаммаси рўёбга чиқмади; ҳамма нарса у истаганча бўлмади. Ҳаракат қилди, курашди, бироқ мушкулдан қутулиш учун, юриш бунчалик хатарли бўлмасин учун аллақаерларда чекинди, четлаб ўтди. Аммо уларни четлаб ўтолмади. Тўқнаш келиб қолишдан қўрқиб юрган куч уни боши берк кўчага сиқиб қўйган эди, энди чекиниш мумкин эмасди, йўл тамом бўлганди. Эҳ, агар у ўз хатосини эртароқ тушунгандами, ҳаёт кўзига тик қарашга ўзини вақтлироқ мажбур этгандами...
Ҳаёт аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб тугаб бораётганди. Одамлар тезроқ келақолса бўлмайдими! Мунча узоқ куттиришяпти!
«Фақат улгурсам бўлгани, – қўрқув аралаш ўйларди Чоро. – Ҳаммасини айтишга улгурсам бас! – Бу умидсиз, унсиз нидо билан сўниб тугалланаётган ҳаётини сақлаб турарди. Ўзини дадил тутишга ҳаракат қилиб, сўнгги жангга ҳозирланарди. – Ишнинг қандай содир бўлганлигини, бюронинг қандай ўтганлигини, Танабойнинг партиядан қандай чиқарганликларини ҳаммасини гапириб бераман. Билиб қўйишсин: мен райкомнинг бу қарорига қўшила олмайман. Билиб қўйишсин: мен Танабойнинг партиядан чиқарилишига рози эмасман. Алданов ҳақида қандай фикрда бўлсам, барини айтиб бераман. Майли, мендан кейин унинг маърузасини эшитишсин. Майли, коммунистлар ҳал қилишсин.
Мен ким эканлигимни батафсил сўзлаб бераман. Колхозимиз ҳақида, кишилар ҳақида гапираман... Фақат улгуриш керак, тезроқ келишса эди, тезроқ...»
Биринчи бўлиб хотини дори билан етиб келди. У жуда қўрқиб кетган эди, бир нарсалар деб йиғларди.
151
– Ақлинг жойидами ўзи? Наҳотки шу мажлислардан тўймаган бўлсанг. Юр уйга. Ранг-рўйингга қара, ҳеч бўлмаса ўзинг тўғрингда ўйлаб кўрсанг-чи.
Чоро эшитишни истамасди. Дорини ичатуриб қўл силтади. Тишлари стаканга урилиб, кўкрагига оқиб тушди.
– Ҳечқиси йўқ, энди ўзимни яхши сезяпман, – дерди у бир маромда нафас олишга ҳаракат қилиб. – Сен мени у ерда кутиб тур, кейин бошлаб олиб кетасан. Қўрқма, боравер.
Кўчада кишиларнинг оёқ товуши эшитилиши билан Чоро стол ёнида қаддини ростлади, ўзининг сўнгги бурчи деб ҳисоблаган нарсаларни адо этиш учун оғриққа бардош бериб, бор кучини тўплади:
– Нима ҳодиса юз берди? Сенга нима бўлди, Чоро? – сўрашарди ундан.
– Ҳеч нима. Ҳозир айтаман, ҳаммаси келишсин, – жавоб берди у. Умр аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб, тугаб бораётганди. Коммунистлар тўпланишганда парторг Чоро Саёқов столдан
туриб, бошидан телпагини олди ва партия мажлисини очиқ деб эълон қилди...
XXI
Танабой уйига тунда етиб келди. Жайдар ҳовлига фонарь кўтариб чиқди. Кутавериб кўзлари тўрт бўлганди. У эрига кўзи тушиши биланоқ аллақандай мусибат юз берганини англади. Танабой жимгина отининг сувлиғини чиқарди, эгарини олиб қўйди. Жайдар эса чироқни тутиб турарди. Танабой лом-мим демасди. Унинг бу сукути тобора даҳшатлироқ бўлиб туюларди. Бечора Жайдар бўлса уни хурсанд қилмоқчи эди: тумандан бир оз хашак, сомон ва арпа уни келтиришганди. Ҳаво ҳам анча исиб, қўзиларни яйловга чиқардилар, улар энди майсаларни чимтиб емоқдалар.
– Бектойнинг отарини олиб кетишди, янги чўпон юборишди, – деди у.
– Э, Худо урсин, ўша чўпонингни ҳам, Бектой-у отарингни ҳам.
152
– Чарчадингми?
– Нега чарчар эканман? Партиядан ҳайдашди!
– Секинроқ, сақмончилар эшитиб қолишади.
– Эшитса нима? Нега яширар эканман. Дайди итдек ҳайдаб
юборишди. Шундай қилишлари керак эди. Сени ҳам шундай қилиш керак. Биздақангиларга бу ҳам оз. Нега туриб қолдинг? Мунча анграясан?
– Бориб дам олгин.
– Буни ўзим ҳам биламан.
Танабой қўйхона томон кетди. Қўйларни кўздан кечирди. Сўнг
қўрага чиқиб, қоронғида тентираб юрди-да, яна қўйхонага қайтиб келди. Ўзини қўярга жой тополмасди. У овқатланишдан ҳам, гапиришдан ҳам бош тортган эди. Бир бурчакдаги сомон устига ўзини ташлаб қимир этмай ётди. Тирикчилик, кундалик ташвиш, ҳадиксирашлар энди бир пул эди. Унинг кўнглига қил сиғмасди. Яшашни ҳам, ўйлашни ҳам, атрофдаги бирон нарсани кўришни ҳам истамасди.
Танабой у ёққа ағанарди, бу ёққа ағанарди, ҳамма нарсани эсдан чиқариб ухламоқчи бўларди. Бироқ ҳамма нарсани унутиб бўлармиди? У яна ўтган ишларни эслади. Бектойнинг қай тарзда отарни ташлаб кетганлиги, оппоқ қорда унинг қора излари қолганлиги, Бектойнинг сўзига жавобан оғиз оча олмаганлигини бирма-бир эсга олди, яна Сегизбоевнинг йўрға устидан туриб бақириб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан уни сўккани, турмага соламан деб дўқ ургани, туман партия комитетининг бюросида Танабойни зарарли шахс ва халқ душмани деб атаганларини хаёлдан ўтказди. Шу билан ҳамма нарса, унинг бутун ҳаёти тугагандай эди. Яна бирон бир жарга йиқилиб тушиб бўйни синмагунча паншахани ушлаб, қоронғи тун қаърига қараб чопиш, додлаш, фарёд чекишни истарди.
Кўзи уйқуга кетаркан, у бундай ҳаётдан кўра ўлим афзал деб ўйларди. Ҳа, ҳа, ўлим афзал!
...Боши оғриб уйқудан турди. Бир неча дақиқа ўзининг қаердалигини, нима бўлганлигини англай олмади. Ён-атрофида
153