У тўхтамай кетаверди.
– Тўхта, дейман! – Танабой унинг енгидан ушлаб олди. У эса қўлини тортиб олиб юришда давом этди.
– Бунга йўл қўймайман, кетишга ҳаққинг йўқ! – Танабой унинг елкасидан буриб тортди ва ногоҳ кўз ўнги хиралашиб атрофдаги оппоқ тепалар гир айланаётгандай туюлди. Кутилмаганда жағига келиб тушган мушт уни оёқдан қулатган эди. У гир айланган бошини кўтарганда Бектой аллақачон тепалик ортида ғойиб бўлган эди. Унинг орқасидан занжир ҳалқалари сингари ёлғиз оёқ излари қорайиб қолган эди.
– Соб бўлди бу йигит, кетди, – деб инграрди Танабой кафтларини ерга тираб қаддини ердан кўтараркан. Ўрнидан турди. Қўллари қор аралаш лойга ботган эди. Нафасини ростлаб олди. Бектойнинг қўйларини тўплаб, бошини қуйи солганича, ўз отари томон ҳайдаб кетди.
XVII
Овулдан чиққан икки отлиқ тоғ томон йўл олган эди. Уларнинг бири саман отда, иккинчиси тўриқ отда. Отларнинг думи қаттиқ тугиб қўйилган, афтидан, улар олисга кетишаётган эди. Қор аралаш лой парчалари туёқ остидан шалоплаб отилиб чиқиб, сачраб кетарди.
Гулсари таранг жиловни тортиб гижинглаганча шахдам қадам ташлаб борарди. Хўжайини соғайгунча у қантариқда дам олволган эди. Бироқ ҳозир ҳам унинг устида хўжайини эмас, балки чарм пальто устидан кийган брезент плашининг барларини очиб юборган аллақандай нотаниш киши ўтирар эди. Унинг кийимларидан бир оз краска ва резинка ҳиди келиб турарди. Чоро бўлак отда, унинг ёнида борарди. Йўрғани у тумандан келган ўртоққа берган эди. Гулсари унга ким мингани билан иши йўқ эди. Йилқидан, аввалги хўжайинидан ажратиб олганларидан буён унга кўп кишилар минган эди. Ҳар хил одамлар – яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам, эгарда қулай ва ноқулай ўтирганлар ҳам бор эди. Олифталарнинг ҳам қўлига тушди. Улар отга мингандан кейин суюлиб кетишар эди! Улар жон-жаҳдлари
130


билан отни чоптириб бирдан жиловини тортиб тўхтатар, олдинги оёқлари билан тикка турғизар ва яна уриб ҳайдар ва яна жиловини зарб билан тортганча таққа тўхтатар эдилар. Нима қилаётганини ўзлари билмасдилар, фақат ҳамма унинг Гулсарида кетаётганини кўришса бас. Ҳамма-ҳаммасига кўникиб қолган эди Гулсари. Уни отхонада сақлаб зериктириб қўймасалар бўлгани. У ҳамон аввалги ҳавас, аввалги иштиёқ: югуриш, югуриш ва яна югуриш иштиёқи билан яшарди. У кимни олиб боряпти, бунинг унга аҳамияти йўқ. Бунинг от устида бораётган киши учун фарқи бор эди. Саман йўрғани бериб қўйишибдими, демак, уни ҳурмат қиладилар, ундан ҳайиқадилар. Кучли ва чиройли от эди Гулсари. Унга минган киши тинч, роҳат қилиб борарди.
Бу сафар йўрғага колхозга вакил қилиб юборилган туман прокурори Сегизбоев минган эди. Унга колхоз парторги ҳамроҳ бўлиб борар эди – бу катта ҳурмат. Парторг оғиз очмасди, эҳтимол чўчиётгандир: қўзилатиш ёмон аҳволда. Жуда ёмон эди. Шундай экан оғиз очмагани, чўчигани маъқул. Қуруқ сўзлар билан гапга аралашишдан нима фойда. Пастки лавозимдаги киши юқори лавозимли кишидан ҳайиқмоғи керак. Акс ҳолда ҳеч қандай тартиб- интизомнинг бўлиши мумкин эмас. Шундайлари ҳам бўладики, улар итоатларидаги кишиларни ўзлари билан тенг кўриб муомала қилишади, кейин шу кишиларнинг ўзидан панд ейишади, ҳасратларидан чанг чиқади. Ҳокимият – катта иш, масъулиятли иш, уни бошқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Сегизбоев эгар устида йўрғанинг бир текисда қадам ташлашига монанд тебраниб, шуларни ўйлаб борарди, унинг кайфиятини ёмон деб ҳам бўлмасди, лекин ҳар ҳолда чўпонларни текширишга юборилаётган экан, у ерда эҳтимол кўнгилсиз аҳволга дуч келиши мумкин, буни билар эди. Қиш билан баҳор тўқнаш келиб, бир-бирига ён бергиси келмасди, бу тўқнашувда ҳаммадан кўп қўйлар талофат кўришарди, қўзичоқлар нобуд бўларди, ҳолдан тойган совлиқлар қириларди, уларни сақлаб қолиш мумкин эмасди. Ҳар йили аҳвол шу. Бундан ҳамма хабардор. Модомики, уни вакил қилиб юборишган экан, демак, у кимнидир жавобгарликка тортиши керак. Тумандаги
131


қўйларнинг катта қисми қирилиб кетиши ҳатто унга қўл келишини ичида билиб турарди. Ахир чорвачиликдаги оғир аҳволга тушиб қолганига у, туман прокурори, райком бюросининг аъзоси жавобгар эмас. Биринчи секретарь жавоб бериши керак. Ҳали янги, туманга яқиндагина келган, бошқаларнинг азобини ҳам у чексин. Сегизбоев бўлса, четдан қараб туради, у ёқдан юқоридаги ўртоқлар ҳам кўришсин, четдан янги секретарь юбориб хато қилиб қўйишмадимикин. Буларни ўйларкан хуноби ошарди, уни сайламаганларига ҳеч чидай олмасди. Прокурор бўлиб ишлаётганига озмунча вақт бўлдими. У ўзининг нималарга қодир эканлигини неча бор исботлаб кўрсатди. Ҳечқиси йўқ, унинг дўстлари бор, бирон нима бўладиган бўлса ҳимоя қилишади. Вақт етди, энди у партиявий ишга ўтиши керак, прокурорлик стулида узоқ ўтириб қолди... Йўрға яхши, лой демай, шилта демай, кема сингари тебраниб сузиб борарди. Парторгнинг оти терлаб-пишиб кетган эди, ҳолбуки йўрға эндигина тер чиқара бошлаганди...
Чоро бўлса ўз ўйлари билан банд. Унинг ранг-рўйи бир ҳолатда, сўлғин юзи заъфарон, кўзлари киртайиб қолган. Юрак касалидан неча йиллардан бери азоб чекади. Вақт ўтган сари касали оғирлашиб борар, фикрлари мунгли эди. Ҳа, Танабой ҳақ эди. Раис бақирарди- чақирарди, лекин бундан нима фойда. Кўпинча туманда қолиб кетар, доимо қандайдир иш билан банд бўларди. Партия мажлисига унинг масаласини қўйиш керак эди, туманда бўлса орқага силтаб кутиб туришни тавсия қилишади. Нимани кутиш керак? Гўё Алданов ўз истаги билан кетмоқчи, дейишарди, эхтимол, шунинг учундир? Тезроқ кетганда маъқул бўларди. Чорога ҳам кетиш вақти етган эди. Ундан нима фойда? Доимо касал. Шомансур каникулга келган эди, у ҳам кетишни маслаҳат берди. Кетиш мумкина, виждон-чи? Шомансур ақлли бола, энди кўп нарсалар ҳақида отасидан кўра яхшироқ муҳокама юрита олар эди. Қишлоқ хўжалигини қандай бошқариш ва ҳоказо, ҳаммасига ақли етарди. Уларга яхши таълим беришяпти, вақт келиб, улар ҳам таълим бераётган профессорларга етиб қолишар. Бироқ, ҳали гап нима бўлади, нима қўяди – ўлиб кетадими! Аммо ўз ғам-аламларидан бош олиб кетолмайди. Ўзингдан қочиб қутула
132


олмайсан. Ҳа, одамлар нима дейишади? Ваъда берди, ишонтирди, колхозни қарзга ботириб, мушкул аҳволга солиб қўйди. Ўзи бўлса энди четга чиқиб олиб тинчгина яшаяпти, дейишади. Йўқ, унга тинчлик йўқ, бўлмайди ҳам, яхшиси охиригача туриб бериши керак. Ёрдамга келишар, шунча узоқ вақт ёрдамсиз қолдиришмас – фақат тезроқ келишса, келганда ҳам манавига ўхшамай чинакам, ҳақиқий ёрдам келса. Иш барбод қилинганлиги учун суд қиламиз, дейди. Суд қилсанг қилавер! Ҳукм чиқариш билан ишни тузата олармидинг. Ана келяпти, қовоғи солиқ, гўё тоғдагиларнинг бариси жиноятчилару, фақат унинг ўзигина колхоз иши учун курашади, унга буларнинг ҳаммаси бир пул, фақат хўжа кўрсингагина келиб-кетади. Аммо айтиб кўрчи.
XVIII
Ғира-шира туман ичра улкан тоғлар қад кўтариб туради. Улар қуёш нурини кўрмай қовоқ солганча хўмрайиб, баҳайбат паҳлавонлар сингари юксакликдан тумтаяди. Баҳор ҳавоси рутубатли, намгарчилик, туман.
Танабой ўз қўйхонасида жон олиб, жон беради, кун совуқ. Бирданига бир неча совлиқ қўзилаган, қўзичоқларни қўйишга жой йўқ, дод деб борадиган жой йўқ. Қўй-қўзилар маърашади, туртинишади. Барчаси ейиш-ичишни истайди, пашша сингари қирилади. Бу ёқда яна бели шикастланиб хотини ётади. Турмоқчи бўларди-ю, қаддини ростлай олмасди. Майли, нима бўлса шу бўлар. Пичоқ бориб суякка қадалди.
Ҳамон хаёлидан Бектой кетмасди, бефойда ғазаб Танабойни руҳан эзиб, изтиробга солаётган эди. Бош олиб ётиб қолганлиги учун эмас (ўша ёқдан даф бўлсин), бошқаларнинг инига тухум қўйиб кетган какку қуш сингари ўз отарини унга ташлаб кетганлиги учун ҳам эмас, пировардида, биронтасини юбориб, унинг қўйларини олиб кетишлари ҳам мумкин эди. Бу муттаҳамнинг авра-астарини очиб ташлай олмагани, бир гап билан уни уялтириб ерга киргизиб юбормагани унга алам қиларди. Гўдак! Мишиғини эплай олмаган гўдак! Танабой
133


бўлса кекса коммунист, бутун ҳаётини колхоз ишига сарфлаган киши унга боплаб жавоб қайтариш учун сўз тополмаса! Чўпонлик таёғини улоқтирганича кетди бу она сути оғзидан кетмаган мишиқи. Танабой шундай воқеа юз беради деб ўйлаганмиди? Унинг жонажон иши устидан биров кулади деб ўйлаганмиди?
«Бас!» ўзини тўхтатди у ва бир дақиқадан сўнг яна ўша фикр кўнглини буза бошлади.
Мана, яна битта совлиқ қўзилади, эгизак туғибди, қандай чиройли қўзичоқлар. Аммо уларни қаерга жойлаштирамиз? Қўйларнинг елини ҳам шалвираб ётибди, ҳа, уларда қаёқдан ҳам сут бўлсин? Демак, булари ҳам нобуд бўлади? Эҳ, фалокат! Ана, аллақачон у ерда совуқда қўй-қўзилар ўлиб ётибди. Танабой ўлимтик қўзичоқларни йиғиб олиб чиқариб ташлашга кетди. Ҳаллослаганича олдига қизчаси югуриб келди.
– Ота, бошлиқлар келишяпти.
– Майли келишаверсин, – тўнғиллаб қўйди Танабой. – Сен бор қизим, ойингга қара.
Танабой қўйхонадан чиқиб, икки отлиққа кўзи тушди. «О! Гулсари! – қувониб кетди у. Қалбидаги эски тор бир овоз чиқариб қўйди. – Кўришмаганимизга қанча вақт бўлди! Унинг юришига қара, ҳамон ўшандоғ!..» Уларнинг бири Чоро. Йўрға отда келаётган чарм пальтоли кишини эса танимади. Тумандан биронтаси бўлса керак.
«Ҳа, ниҳоят келишди», ўйлади у аламзадалик билан. Бу ерда унинг шикоят қилиши, ўз қисматини айтиб юрагини бўшатиб олиши мумкин эди, бироқ унинг бундай қилиши мумкин эмасди, у зорланмайди, майли улар уялишсин, улар қизаришсин. Шундай ҳам бўладими! «Ўл» деб ташлаб қўйиб, энди қораларини кўрсатишаётган бўлса...
Танабой уларнинг келишини кутиб турмай ҳаром ўлган қўзичоқларни қўйхона бурчагидаги уюмга олиб бориб ташлаш учун кетди. Шошилмасдан қайтиб келди. Улар бу орада қўрага киришган эди. Отлар оғир нафас оларди. Чоро гуноҳкор ва аянчли бир қиёфада кўринарди. Демак, дўсти олдида жавобгарлигини сезган. Йўрға от устидаги киши эса ғазабли, даҳшатли кўринарди. У ҳатто Танабой
134


билан саломлашмади ҳам. Дарҳол тутақиб кетди:
– Бу қандай ярамас иш! Қаерга борма шу аҳвол! Бу ерда нималар
бўлаётганини кўряпсанми! – ўшқирди у Чорога юзланиб. Сўнг Танабой томон ўгирилди. – Бу нима қилганинг, ўртоқ, – деди у қўли билан нобуд бўлган қўзичоқларни Танабой олиб бориб ташлаган томонга ишора қилиб, – чўпон, коммунист, қўйлар бўлса ўляпти.
– Улар, эҳтимол менинг коммунист эканлигимни билишмас, – ачитиб гапирди Танабой ва шу заҳотиёқ гўё унинг ичида бир нарса шартта узилгандай кўнгли вайрон, ҳамма нарса унга фарқсиз бўлиб, кўз ўнги қоронғилашди.
– Бу билан нима демоқчисан? – Сегизбоев қизариб кетди ва жим бўлиб қолди. – Социалистик мажбурият олганмисан? – Ниҳоят калаванинг учини топиб олди.
– Ҳа, олганман.
– У ерда нима дейилган эди.
– Эслай олмайман.
– Мана шунинг учун ҳам сенинг қўзичоқларипг ҳаром ўляпти! –
Сегизбоев қамчи дастаси билан яна ҳалиги томонни ишора қилди ва бирдан узангидан кўтарилиб, бу сурбет чўпоннинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлди.
Лекин у аввал Чорога ёпишиб кетди: – Сиз қаёққа қараяпсиз? Одамлар ҳатто ўз вазифаларини ҳам билмайдилар. Планни бузяптилар, молларни ўлдиряптилар! Сиз бу ерда нима иш билан шуғулланяпсиз! Ўз коммунистларингизни қандай тарбиялаяпсиз! Қанақа коммунист у? Мен сиздан сўраяпман?
Чоро бошини қуйи солиб жим турар, қўлида тизгинни ғижимларди.
– Бўлгани шу, – унинг учун бамайлихотир жавоб берди Танабой.
– Ҳа-ҳа, бўлгани шу. Сен зараркунандасан! Сен колхоз мулкини йўқ қилиб юборяпсан. Сен халқ душманисан. Сенинг ўрнинг партияда эмас, турмада. Сен мусобақа устидан куляпсан.
– Ҳа, турмада, менинг жойим турмада, – тасдиқлади Танабой боягидек осойишталик билан. Унинг қалбини тимдалаган алам, сабр косасини тўлдирган аччиқ ҳасратдан жилмайган лаблари пирпираб
135


учарди. – Хўш, яна нима демоқчисан? – учаётган лабларини қисиб Сегизбоевга тикилиб туриб олди.
– Нега сен бунақа гапиряпсан, Танабой? – аралашди Чоро, – нега? Очиқроқ тушунтирсанг-чи.
– Оҳо! Ҳали сенга ҳам тушунтириш керакми? Сен нима учун бу ерга келдинг, Чоро? – бақирди Танабой. – Нега келдинг? Сендан сўраяпман? Менинг қўзиларимнинг ўлаётганини айтиш учунми? Буни ўзим ҳам биламан! Томоғимгача гўнгнинг ичида кўмилиб ўтирганимни айтиш учун келдингми? Буни ўзим ҳам биламан! Мен колхозни деб жонимни Жабборга берганим учун айбдорманми? Буни ўзим ҳам биламан.
– Танабой! Танабой! Эс-ҳушингни йиғиб ол! – Ранги ўчиб кетган Чоро сакраб эгардан тушди.
– Нари тур! – итариб юборди уни Танабой. – Мен ўз мажбуриятимга ҳам, бутун ҳаётимга ҳам тупурдим. Қоч! Менинг жойим турмада! Сен нима учун манави чарм пальтоли янги манапни бошлаб келдинг? Мени хўрлаш, менинг устимдан кулиш ёки масхара қилиш учунми? Мени қамаш учунми? Қани, аблаҳ, қама мени турмага! – Танабой бирор нарса олиш учун олазарак бўлиб турди, қўлига деворга суёғлиқ паншаха илиниши билан Сегизбоевга ташланди. – Қани, аблаҳ, кет бу ердан! Йўқол!
Жаҳли чиққанидан нима қилаётганини билмай паншахани силкита бошлади.
Қўрқиб кетган Сегизбоев йўрғанинг бошини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга тортар эди. Паншаха гангиб қолган отнинг бошига урилиб сакраб кетар, шарақлаб яна унинг бошига келиб тушар эди.
Нима учун Гулсари титраб бошини силкитаётганини, нега мунча сувлиқ унинг қизариб турган жағини йираётганини, нима учун унинг кўзлари хонасидан чиқиб кетай деяётганини ғазабланган Танабой тушунмасди.
– Қоч, Гулсари, нари тур! Мен мана шу чарм пальтоли манапни тутиб олай, – деб бақирарди Танабой гуноҳсиз йўрғанинг бошига устма-уст тушириб.
Шошилиб келган ёш сақмончи аёл унинг қўлига осилиб,
136


паншахани юлиб олишга уринди. Лекин Танабой уни итариб юборди. – Қочайлик! Орқага қочайлик! Ўлдириб қўяди! – деб отига миниб
олган Чоро Танабой билан Сегизбоевнинг ўртасига ўзини ташлади. Танабой паншаха билан унга ҳам ҳамла қилди. Иккаласи ҳам от қўйиб қўрадан қочиб қолишди. Отларнинг думига, узангисига
сапчиган ит ҳам ҳуриб, уларнинг орқасидан югурди.
Танабой бўлса қоқилиб-суқилиб уларнинг изидан чопар, қўлига
тушган кесакни улоқтирар ва ҳамон бақирарди:
– Менинг жойим турмада! Турмада! Йўқол! Йўқол бу ердан!
Менинг жойим турмада! Турмада!..
Кейин у орқага қайтди, нафаси бўғзига тиқилиб, ҳамон ўзича ғулдурарди: «Менинг жойим турмада, турмада!» Унинг ёнида ўз бурчини бажарганидан гердайиб кўппак ит чопиб борарди. У ўз хўжайинининг мақтовини кутарди, лекин хўжайин унга эътибор бермасди.
Қўрқувдан ранги ўчиб кетган Жайдар ҳассага суяниб оқсоқлаганича рўпарадан келарди.
– Нима қилиб қўйдинг! Нима қилиб қўйдинг? – Э, аттанг! Э, аттанг!
– Нимага ачиняпсан? Албатта, аттанг, дейсан. – Йўрғани бекордан-бекорга урганимга.
– Ақлинг жойидами ўзи? Нима қилиб қўйганингни биласанми?
– Биламан. Мен зараркунандаман. Халқ душманиман, – деди у нафаси сиқилиб. Кейин жим бўлиб қолди ва қўли билан юзини маҳкам бекитганича икки букилиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади.
– Ўзингни бос, ўзингни бос, – ялинарди хотини ўзи ҳам унга қўшилиб йиғларкан. Лекин Танабой ҳамон у ёқ-бу ёққа тебраниб йиғларди.
Ҳеч қачон Жайдар Танабойнинг йиғлаганини кўрмаганди...
XIX
Шу фавқулодда ҳодисанинг учинчи куни туман партия
137